Израэл Кафу Хо 1912 йили Ганада туғилган. Инглиз ва эва тилида ижод қилади.
ЧАҚАЛОҚ
Хотин, бу чақалоқ европаликдай:
Унга ёқмаяпти бизларнинг овқат.
Кафтданмас, сув ичар идишдан фақат.
Чақалоқ инжиқдир европаликдай:
Тилин тушунмасак, кўтарар ғавғо,
Бизнинг тилимизда сўзламас асло.
Гўё европалик – бизнинг чақалоқ:
Ота-онасини тобе қилгандир,
Ўзидан ўзгани билмас, бақалоқ.
Териси нозик, лек қора бўлади,
Салгина тирналса, яра бўлади.
Нозикдир
Милт этган чироқ пиликдай—
Боламиз гўёки европаликдай…
ДУО
Ўтардим бир кулол уйи ёнидан —
У офтоб сўрарди Яратганидан.
Деҳқон чайласига келганда яқин,
Эшитдим – сўрарди ёмғиру чақин.
Балиқчи шамол деб кўкка ёзғирар,
Елкасида чивин… сокинлик сўрар.
Ўзига омадни сўрар ҳар инсон —
Нимадир сўрайди дўст ҳам, ғаним ҳам.
Тепада ўлтирар ўйланиб, ҳайрон –
Кимнинг дуосини эшитсин Эгам?
Карим Баҳриев таржимаси