Пирмуҳаммад Қандаҳор яқинида яшовчи Кокар қабиласидан бўлиб, тахминан 1708 мелодий (1120 ҳ.) йилда Жўб деган ерда туғилган. У Аҳмадшоҳ Дуронийнинг замондоши ва сарой шоири бўлган. Аҳмадшоҳнинг ўғли шаҳзода Сулаймонга устозлик ҳам қилган. Унинг 1780-1781 йилларгача яшагани бизга маълум. Чунки Пирмуҳаммад Кокар ўз девонини ҳачон тугатгани ҳақида: “Бир минг бир юз тўқсон олти йил ҳижрийдан ўтган эдиким, мен ишқ девонини паштў тилида иншо қилдим” — деб ёзади.
Бу девонни унинг шогирдларидан Иброҳимхон 1203 ҳижрий (1788 мелодий) йилида кўчиради. Пирмуҳаммад бундан илгари вафот этган эди.
Пирмуҳаммад Кокар “Маърифат ул-афғони” номли асарини ёзиб паштў тили грамматикасининг биринчи автори бўлиб қолди.
1942 йили Кобулда Пирмуҳаммад Кокарнинг девони нашр қилинди. Девоннинг кўп қисми ғазаллардан иборат бўлиб, хотимасида рубоийлар, тўртликлар (мурабба), еттиликлар (мусабба), ўнликлар (муашшар), бешликлар (мухаммас) ҳам келтирилган.
ҒАЗАЛЛАР
Икки лабинг, айт, шахду шаккар эмасму, жоно,
Ҳуснинг боғида тотли самар эмасму, жоно?
Кўнглим безанур нозли табассум қилар эрсанг,
Тишлармидир ул, дурри гуҳар эмасму жоно?
Бу боғда асир сарв-санобар қоматингга,
Ой юзларинг ҳам нурли қамар эмасму, жоно?
Бир лутфинг ила менга қиё боқмасанг, эй ёр,
Айт, бунча ситам жабру зарар эмасму, жоно?
Ғамзанг била нозинг домига тушди бу кўнгил,
Бу ишваларинг жонга хатар эмасму, жоно?
Жабринг тиғидан ингради бечора юраклар,
Меҳр ўрнига бу зулму шарар эмасму, жоно?
Бошлардан учиб ақлу хирад, оҳ урадирман,
Шаҳло кўзим, оҳим — бу хабар эмасму, жоно?
Ёқут безагинг Пири Муҳаммадни ёқибдир,
Жон оташи бир сеҳру ҳунар эмасму, жоно?
* * *
Ердан бир бўса олмоқ қилган эрдим ихтиёр,
Ғунча янглиғ лабларин мендан яширди ул нигор.
Ишқ-ошиқлик сиримни қанча изҳор этмайин
Дилбарим ҳоли паришонимни билмай қилди зор.
Шўхи бепарво тўшаклар узра ором уйқуда,
Худди оҳудай кутарким, келса деб фасли баҳор.
Сарғайибдир бу кўнгил гулзори ҳажр заҳридин,
То висолин топмагунча, топмагум ҳаргиз қарор.
Мушкул ишдир ёр жамоли партавин қилмоқ унут,
Кўз юмиб, манзил-маъво бўлганда ҳам кўйи мозор.
Орзуимдир, оҳ билаклар бошга бўлса болишим,
Васли нури завҳидан бўлсам умрбод бахтиёр.
Сен каби, Пири Муҳаммад, ошиқи зор қайдадир,
Илтифот этгайми бир кун шўху золим, ишвакор?
Жуманиёз Жабборов таржималари