Юрий Казаков. Оқ қоғоз билан юзма-юз

Чин маънодаги карвонсаройга айланиб қолган, денгизчи ва сайёҳлар билан тўлиб-тош­ган кўҳна, деворлари яғир меҳмонхонанинг эски қанотидаги хонада ўтирардим. Бўлмада турли халта-хуржунлар, ашқол-дашқоллар очилиб-сочилиб ётар, тамаки қутилари, устара, қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва ҳоказолар ҳар жойда қалашган эди. Бунинг устига, адабиёт ҳақида беҳуда ва оғирдан оғир баҳс бўлган, ҳозир дераза ёнида ҳорғин ўтирар эдим. Аллақачон қош қорайиб, сокин тун чўккан ва у менинг руҳимга худди заҳар каби тобора ёйилиб борарди. Гарчи хунобим ошиб турган бўлса-да, эртага бир кемача тиклаб, Янги Ерга ва ундан нари Кар денгизи томонларга боришимиз ҳақидаги фикрдан ичим яйрарди.

Мен ҳамон деразадан олис-олисларга, томларнинг тепасига, уфқдаги енгил қизғиш булутларга тикилиб ўтирардим. Томлар орасидан Двина дарёси унда-бунда ялт-ялт кўзга ташланарди. Бандаргоҳ остонасида турган маҳобатли ўрмончи кемалар эса қорайиб кўринар, улардан ғира-шира ёруғлик тараларди. Гоҳ-гоҳида пишиллаб буғ кўтарилар, ишлаётган улкан мурватлар бўғиқ гуриллар, шатакчи кемалар итлардай ув тортар, сафарга отланаётган кемалар эса кучли ва ғамгин занг чалар эди.

Пастда аллақачон уловлар сийрак­лаб қолган, трамвайнинг тарақа-туруғи умуман камайган эди. Айни дамда остки қаватдаги ресторан вағир-вуғурга тўлган, оркестрнинг илҳоми бевақт қўзиб, ғижжаклар додлар, ноғоралар устига тинимсиз мушт ёғилар эди. Кечқурунги созандалар гуруҳи одатда нафақахўрлардан иборат бўларди. Рес­торан ойналари ҳовли томонга қарагани сабабли овозлар менинг хонамга яхшигина етиб келарди. Ана, рестораннинг ҳамишаҳозир, ўзгармас қоровули Вася тоға айш-ишратга ўрганган уч-тўртта олчоқ-муттаҳамни ичкарига қўймади. Бу пайтда менинг қадрдон ва бахтиёр бир дўстим ресторанда ошналари – румин циркчилари билан испанча ва эскимосчада суҳбатлашиб ўтирарди. Мен эса ёлғиз эдим. Боягина пастки қаватда маҳаллий бир билимдон билан адабиёт тўғрисида қурган баҳсимиз ёдимга тушди ва ёзувчи жасорати ҳақида ўйлай бошладим.

Ёзувчи мардонавор бўлиши керак, деб ўйладим мен. Чунки унинг ҳаёти қийинчиликлар билан кечади. У оппоқ қоғоз билан юзма-юз қолган чоғлари ҳамма-ҳамма нарса унга қарши чиқади. Унгача ёзилган мил­ён-милён китоблар бош кўтариб келади. Ахир, сенгача ҳамма гап айтиб бўлинган бўлса, энди қўлга қалам олишнинг нима кераги бор? Буни ўйлашнинг ўзи даҳшат! Ёзувчининг ёвлари орасида бош оғриғи ва баъзан қўзғалиб қоладиган ўзига ишонмаслик ҳисси ҳам бор. Бунинг устига, ишлаётган пайтингда қўнғироқ қиладиган ёки йўқлаб келадиган турли одамлар, турфа ташвиш­лару югур-­югурлар, гўё муҳимдай кўринадиган ишлар… Аслида, ёзувчи учун олдида турган ижодий ишдан кўра аҳамиятлироғи йўқ. Унга ҳатто қуёш ҳам халал беради: уйдан чиқишга, умуман, бирор жойга бориб, ҳордиқ чиқаришга, атроф-муҳитни кўриш, бирор яхши воқеани бошдан кечиришга чорлаб туради. Ишга қўл бормай, юрак тисарилиб турган дамларда ёмғир ҳам ваҳиманинг уясига айланади, ишдан тамоман совитади.

Ёзувчининг теварагидаги жумла олам қайноқ ҳаёт ичида тинимсиз ҳаракатланади, елиб-югуради, бутун дунё қаергадир шошади. У эса бу оламга гўё ёшлигидаёқ асир тушган, у бошқаларга қўшилиб яшаши зарур. Бундай бўладиган бўлса, унинг ёлғиз қолишига қанақа эҳтиёж бор? Жуда катта эҳтиёж бор. Чунки ижод жараёнида унинг атрофида ҳеч ким – на онаси, на хотини, на болалари – ҳеч ким бўлмаслиги керак. У фақат қаҳрамонлари, сўз-иборалари ва завқу шавқи билан бирга бўлиши зарур.

Ёзувчи ишга киришар экан, унга қарши ҳаддан ташқари кўп “душман” қуролланади, ҳамма нарса уни чорлайди, унга ўзини эслатади. У эса ўзигагина хос, ўзи ўйлаб топган дунёда яшаши шарт. Ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаган, бироқ ҳаётда бордай туюладиган қаҳрамонларини ўз яқинларидай билиши, улар ҳақида қайғуриши керак. Дераза ёки девор ортига, қаерларгадир тикилиб ўтирар экан, у ҳеч нарсани кўрмайди. Фақат поёнсиз кунларни, ортда қолган ва олдда турган саҳифаларни, ўзининг омадсизлигию чекинишларини кўради, холос. Бу унга жудаям оғир ва аламли. Унга ҳеч ким ёрдам бера олмайди, чунки у тамоман ёлғиз.

Ҳамма гап ана шунда, унга ҳеч ким кўмакчи бўлолмайди, унинг учун бирор зот қўлига қалам ёки машинка олиб бирор нарса қораламайди, қандай ёзиш кераклигини кўрсатиб бермайди. У бу ишни ўзи ёлғиз бажариши керак. Агар буни эплай олмас экан, ҳар қандай чираниш бекор – у ёзувчи эмас. Соғмисан-касалмисан, ишингни тўғри танладингми-йўқми, сабр косанг чуқурми-саёз – булар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ана шу ҳолатда ўзингни йўқотмаслик катта жасорат бўлади. Агар сен ёмон ёзган бўлсанг, сени ҳеч нарса – унвонинг ҳам, мукофотларинг ҳам, олдинги муваффақиятларинг ҳам қутқара олмайди. Унвонинг баъзида ёмон ёзган нарсангни чоп этишга кўмаклашиши мумкин, дўст-ошноларинг ёзганингни мақтаб, кўнглингни кўтаришга уринади, қаламҳақи ҳам оласан. Лекин буларнинг баридан қатъи назар, сен ёзувчи эмассан…

Барини яна қайтадан бошлаш учун сабр-тоқатли, матонатли бўлиш зарур. Ишга киришган чоғинг бирдан истеъдодинг қаёққадир йўқолиб, биринчи жумладаёқ тилингга тушов тушса, бунга мардонавор чидаш бермоғинг керак. Истеъдод баъзида узоқ вақтга кетиб қолади, лекин сен чидамли бўлсанг, албатта қайтади.

Ҳақиқий ёзувчи кунига ўн соат тер тўкади. Ишлар юришмай қолган ҳолатлар эса кўп бўлади. Кунлар кетидан кунлар ўтиб боради. У ҳеч нарса ёза олмайди ва, шу билан бирга, бу ишдан воз ҳам кеча олмайди. Алам-ғазаб билан, деярли кўзда ёш билан ўзи шундоқ ҳам саноқли бўлган кунлар шувиллаб ўтаётганини, беҳуда соврилаётганини ҳис этиб яшайди.

Ниҳоят, асарига сўнгги нуқтани қўяди. Энди у бўм-бўш. Гўё энди у бош­қа бирор сатр ҳам ёзмайдигандай. У, дейлик, “Мана, ишимни қилиб қўйдим, столимда бир боғлам бўлиб қораламам турибди. Бунақасини ҳозиргача ҳеч ким ёзмаган. Майли, менгача Толстой ва Чехов ҳам қалам тебратган, лекин бу асарни мен ёздим. Бу бошқача нарса. Балки меники уларникидан кўра мундайроқдир, лекин бу ўзига хос асар. Устига устак, ёзганимнинг яхши-ёмонлиги ҳақида хулоса қилишга ҳали эрта. Қани, қўлидан келса, бошқалар ҳам шунга ўхшаш бирор нарса ёзиб кўрсин”, деб ўйлаши мумкин.

Иш битганда ёзувчининг хаёлига шундай гаплар келиши эҳтимолга яқин. У асарига сўнгги нуқтани қўйдими, демак, ўзини ўзи енгди. Бу жудаям қисқа ва ўта мароқли кун бўлади. Чунки у яқин орада янги бир ишга киришади, ҳозир эса ана шу қисқагина завқ лаззатини тотиб қолишга уринади.

Чунки у, дейлик, баҳор ўтиб кетганини бирдан сезиб қолади. Апрель бошида кунботарда қора булутлар тўпланган ва ўша томондан кучли илиқ шамол эсиб, қорларни илма-текшик қилиб эритиб юборгандан буён қанча вақт ўтиб кетибди-я! Музлар эриб битибди, сойлар қурибди, кўк­лам майсалари қовжирабди, бошоқлар тўлишиб, сап-сариқ рангга кирибди – бутун бир аср сувдай оқиб ўтибди. У эса ҳаммасини бой берибди, буларнинг бирортасини кўролмабди. Шу давр ичида жаҳонда нималар бўлмади, одамларнинг ҳаётида қандай ўзгаришлар юз бермади. У эса фақат ишлади, қаршисида янги ва янги қоғозларгина пайдо бўлди, дунёни ўз қаҳрамонларидагина кўрди. Ўтган вақтни энди унга ҳеч ким қайтариб бермайди, у умрнинг бу бўлагидан мангуга жудо бўлди.

Бундан сўнг ёзувчи асарини журналга беради. Энг яхши ҳолатни олиб кўрайлик. Унинг ёзганларини бирданига, мамнуният билан олиб қолишди. Ёзувчига қўнғироқ қилишади ёки телеграмма жўнатишади. Бошқа журналга бериб қўймасин деб оғиз кўпиртириб мақташади. Ёзувчи завқу шавқ билан, тўлиб-тошиб таҳририятга боради. Уни кўрганидан ҳамма хурсанд, у ҳам хурсанд. Жудаям ажо­йиб одамлар, ажойиб чеҳралар. “Қадрдон, – деб гап бошлайди таҳририятдагилар. – Ёзганларингизни берамиз, албатта берамиз. Ўн иккинчи сонда кетади!”. Ўн иккинчи сон дегани декабрда чиқади. Қишда. Ҳозир эса ёз…

Ёзувчига ҳамма мамнун боқади, табассум қилади, қўлини сиқиб, елкасига қоқиб ҳам қўяди. Ҳаммада ғаройиб бир ишонч бордай, гўё ёзувчи яна беш юз йил яшайди. Гўё бу олти ой олти кундай тез ўтади-кетади.

Ёзувчи учун ғалати, оғир бир давр бошланади. У вақт тезроқ ўтишини истайди. Ёз тезроқ оёқлайқолсайди. Ҳали бу ёқда куз ҳам бор. Э-э… Декабрь, унга декабр керак. Декабрьни кутавериб ёзувчининг тинкаси қурийди.

У яна ишга киришади, худди олдинги сафаргидай иши бирда юришади, бирда оқсайди. Вақтнинг учқур тулпори эса тинмай елади, йил ўтиб, яна апрель келади. Энди ишга танқидчилик аралашади.

Ёзувчилар танқидни тўғридан тўғри қабул қилади. Айрим ёзувчилар ўзлари ҳақида нима дейишаётгани билан қизиқмайди, деган гап мутлақо хато. Бундай пайтда бардош ёзувчига ҳар қачонгидан ҳам кўра зарурроқ. Танбеҳлару адолатсизликларга чидашнинг ўзи бўладими! Ғазабланмаслик керак, устингдан дўл ёғдиришаётган пайтда ишингдан қўлни ювиб қўлтиққа урмаслик керак. Агар мақташса, мақтовга учмаслик даркор. Мақтов қўрқинчли нарса, у ёзувчида ўзи ҳақида аслидагидан кўра ижобий, қаноатли фикрлар пайдо қилади. Энди у ўзига ўргатиш ўрнига бировларга ўргатишни бошлайди. Ахир, ёзувчи янги асарини қай даражада қойилмақом ёзган бўлмасин, бундан ҳам яхши ёзиш имконига эга. Бунинг учун ундан мардонавор бўлиш ва ўзини тарбиялашда давом этиш талаб этилади.

Лекин энг хавфли нарса мақтов ва олқишлар ҳам эмас. Энг қўрқинчлиси ­– сен ҳақингда ҳамма сукут сақласа. Бирор китобинг чиқса, унинг чинакам асар эканини билиб турсанг-у, бу ҳақда биров лом-мим демаса. Худди ана шу дамда матонатли бўлиш зарур!

Адабий ҳақиқатнинг илдизи ҳамиша ҳаёт ҳақиқатига бориб тақалади. Ёзувчи ўзининг матонат фазилатига учувчилар, денгизчилар, ишчилар – пешона тери билан ҳаётимизни гуллатаётган одамларнинг, яъни бўлажак қаҳрамонларининг матонатини ҳам бирлаштириши керак. Ахир, у турфа хил одамлар ҳақида, деярли ҳамма ҳақида ёзади. Демак, у бу одамлар билан бирга нафас олиши, улар ҳис қилган нарсани ҳис қила билиши шарт. Маълум бир муддат давомида у геолог, ўрмончи, ишчи, овчи, тракторчи бўлиб “яшаш”и зарур. Ёзувчи пайти келганда балиқ овчилари билан ов кемасининг умумий хонасида бирга ўтиради, бошқа бир гуруҳга қўшилиб эса тайга ўрмонларида кезади, қутб авиацияси учувчилари билан бирга самога кўтарилади ёки Буюк Шимол йўлларидан кемаларни олиб ўтади.

Ёзувчи Ер юзида ёвузлик яшаётгани, одамларни йўқ қилиш, оддийгина эркинликлардан жудо этиш, уларни эзиш, очлик, мутаассиблик ва аҳмоқоналиклар, урушлар ва ваҳшийлик мавжуд эканини ёдида тутмоғи зарур. У қўлидан келганича буларга қарши турмоғи керак. Унинг ёлғон, мунофиқлик ва жиноятлардан кўра баланд­роқ овози жасоратнинг алоҳида бир шаклидир.

Ёзувчи, ва ниҳоят, жангчи аскар бўлиши даркор. Чунки унинг жасорати, агар олишувдан омон чиқса, яна столга ўтириб, оқ қоғоз билан бирга бир чиқишга етмоғи зарур.

Ёзувчининг матонати юксак даражада бўлиши керак. Ва бу фазилат унинг доимий йўлдоши бўлмоғи даркор. Чунки ижод бир кун ё икки кунлик эмас, бутун умрлик юмушдир. Ҳаммаси ҳар сафар янгидан бошланади ва янада қийинроқ кечади.

Ёзувчида ирода етишмас экан, унинг адо бўлгани шу. Ҳатто истеъдодли бўлса ҳам, йўқолади, йитади. У энди ҳасадчига айланади. Ўзининг касбдош дўстларини ҳақоратлашни бошлайди. Ғазабга минади, уни фалон-фалон ўринларда эсга олишмагани, мукофот беришмагани ҳақида ўйлай бошлайди… Бундан сўнг у ёзувчиликнинг чинакам бахтини ҳеч қачон ҳис қилмайди. Ёзувчининг эса ҳақиқий бахт-қувончи бор.

Ижодий жараёнда ишлар юришиб кетган вақтлар ҳам бўлади. Фикрлар осон-равон қоғозга тушади, кеча чираниб қилолмаган ишингни бугун жонингни койитмай уддалашинг мумкин. Машинка худди пулемёт каби тасира-тусир ишлайди, бир томонда қоралама варақлар устма-уст тахланаверади. Бундай пайтларда ёзувчи ўзида куч-қувват ва самимиятни яққол сезади.

Энг гўзал, энг шоҳона сатрларни битганда эса каломнинг илоҳийлигини ҳис этади. Бундай ҳолат ҳатто даҳоларда ҳам камдан кам юзага келади. Бироқ у фақат матонатли ёзувчилардагина кузатилади. Бу машаққатлару ўтган умр учун, ўзидан қониқмаслик ва ноумидликка тоқат учун берилган мукофотдир. Мана шундай нурли лаҳзаларда ёзувчи ўзидан бошқа нарса эмас, худди ана шу саҳифалар қолишини сезади.

Ижодкор ҳақиқатни ёзиш эҳтиёжини сезган пайтда унинг яккаю ягона нажот йўли фақат ҳақиқат бўлади. Албатта, сенинг ҳақиқатинг бирданига, сўзсиз қабул қилинмайди. Аммо сен сон-саноқсиз нотаниш одамлар учун ҳам шундай ёзишинг керак. Чунки сен алал-оқибат ўшалар учун ёзасан. Ахир, сен ё муҳаррир, ё танқидчи, ё пул учун ёзмайсан. Гарчи пул ҳамма қатори сенга ҳам зарур бўлса-да, кўзлаган асл мақсадинг бошқа. Пулни бошқа касб-ҳунар қилиб топиш мумкин, бунинг учун ёзувчиликдан фойдаланиш шарт эмас. Сен сўзнинг илоҳийлиги ва ҳақиқатни ёдингда тутган ҳолда ёзасан. Ёзаркансан, адабиёт бу инсониятнинг ўзини ўзи англаши, сенинг тимсолингда ўзини ифодалаши эканини ўйлайсан. Буни сен ҳамиша ёдда тутишинг ва елкангга шундай шарафли вазифа тушганидан ҳамиша бахтиёр бўлишинг, фахрланишинг керак.

Тўсатдан соатга кўзинг тушган пайтлар икки ёки уч бўлганини кўрасан. Ярим тун. Ҳамма ширин уйқуда. Улкан борлиқ бағрида ҳозир кимлардир ухлаяпти, кимлардир бир-бирига муҳаббат изҳор қиляпти ва улар учун севгиларидан бошқа ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ, кимлардир эса бир-бирини йўқ қилиш пайида, қайлардадир бомба ортган самолётлар кўкка кўтарилди, қайлардадир мириқиб рақс тушишяпти, қайсидир радиостанцияларнинг сухандонлари бўлса, ёлғон учун ёки одамларни тинчлантириш учун, ваҳима ва шов-шувлар ёки ўйин-кулги учун, умидсизлик ёки умид бағишлаш учун электр энергиясини сарфлаб ётибди. Сен эса мадоринг қуриб, тамом ёлғизликда ўтирибсан. Кўзингга уйқу келмайди, олам ва одам ҳақида ўй сурасан. Ер юзидаги барча одамлар ниҳоят бахтли ва эркин бўлишини, тенгсизлик йўқолиб, урушлар, ирқчилик, қашшоқлик барҳам топишини орзу қиласан. Ҳамма ўз манглай тери билан ҳалол нон топишини истайсан.

Лекин асосий саодат бошқа нарсада – тун бағрида ухламай ўйга чўмган биргина сен эмассан. Сен билан бирга бошқа ёзувчилар ҳам, сенинг сўздош дўстларинг ҳам уйқудан воз кечган. Сизларнинг умумниятингиз, маслагингиз битта – дунё бундан яхшироқ, инсон инсонийроқ бўлишини хоҳлайсиз.

Сенда дунёни ўзинг истаган ҳолга келтириш қудрати йўқ. Лекин сенинг ўз ҳақиқатинг, ўз сўзинг бор. Ва сен уч карра матонатли бўлишинг шарт. Чунки бахтсизликларинг, омадсизликларинг, муваффақиятсизликларингга қарамай, одамларга қувонч улашишинг ва ҳаёт бундан яхшироқ бўлиши кераклиги ҳақида тўхтамай гапиришинг зарур.

1966

Русчадан Ориф Толиб таржимаси

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 11-сон