ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР:
Хупка
Пистолетти
Жандарм
Графиня Гвендолин Букельбург – Мараскино
Граф Луитпольд Букельбург – Мараскино
Жеймс – хизматкор
П. хоним
Буюк княгиня Анастасия М.
Лорд Р.
Шоу
Электр компанияси агенти
Пауль, дайди
Гортензия, ёши ўтган фоҳиша
Якоб, Гортензиянинг қаллиғи
Мижоз №23687
Журналист
Котиба
Садақалар учун ликопчали киши
Зобит
Чол
Овоз кучайтиргич
Овозлар
Визалар бўлимидаги кишилар
БИРИНЧИ КЎРИНИШ
Хунка ва Пистолетти йўлда қўшиқ айтиб кетмоқда
Битди иссиқ ёз куни,
Кузак ҳам бўлди тамом.
Қиш ҳам келди, о, унинг
Изғирини кўп ёмон.
Энди тонглар отмас шан,
Кўчада аёз кезар.
Сен нимани излайсан,
Эй беватан биродар?
Борлиқда қор сурони,
Ичкари – меҳмон ўнг-сўл:
Янги йил дастурхони
Тўкин ҳамда майлар мўл.
Уларга сен ҳеч қачон
Бўлолмайсан баробар.
Саломин йўллар бу он
Зоғлар сенга, биродар.
Зарурат бўлса такрор
Мулкни тақсим айларга,
Тиллодандир – неки бор
Насиб этгай бойларга.
Дарбадарда пул-чақа
Нима қилсин – йўқ тақир.
Дунё ўзи шунақа
Бўлса нетгунг сен, ахир?*
Йўлкўрсатгич: Санкт-Ульрих об-дер-Тристинг 25,6 км, Мария Вердерн 5 км. Хупка ва Пистолетти ёнидан автомобиллар учиб ўтмоқда. Дайдилар қўл кўтариб машина
тўхтатишмоқчи. Бирорта ҳам автомобиль тўхтамайди.
Х у п к а. Ҳа, бирор жойдан бошпана топиш керак. Мана энди қишки хонадон ҳақидаги масала кўндаланг бўлади. Шу ҳам ҳаво бўлдими? Жин урсин.
П и с т о л е т т и. Балки, бирга касалхонага борармиз. У ерда Мария Вердерн деган аёл бор. Маслаҳат беришганди… совуқдан ўлмаймиз.
Х у п к а. Менга бу тўғри келмайди. Мен касал одамман. Яхшиси мен қамоқхонада қишни ўтказаман. Honni soit qui mal y pense*.
П и с т о л е т т и. Бунга неча ой беришаркин-а?
Х у п к а. Ҳеч қанча. Бу жиноят эмас, бу французча усул.
П и с т о л е т т и. Кейин сен бир-иккита ойнани синдирасан ёки…
Х у п к а. Азизим Пистолетти, бу менга тўғри келмайди, менинг ҳужжатларим йўқ ахир, бунинг устига, қандайдир қочқин ўғрига қуйиб қўйгандек ўхшайман. Мен у эмаслигимни исботлашгунча, баҳор келади.
П и с т о л е т т и. Йўқ бўлса йўқ-да, нима ҳам дердим. Бу – дунёқараш масаласи. Менга айтишларича, ўша касалхонада қандайдир Торопижингер исмли доктор бор экан, агар ўзингни ростакам пиёнисталикка солсанг, ўшанинг қўлига тушасан. Доктор эса ҳар куни ичкиликбозликдан даволанувчи мижозларининг олдига келади-да, улар билан мусобақа ўйнайди. Агар беморнинг кўзига докторга қараганда кўпроқ оқ сичқонлар кўринса, мукофотни қўлга киритади – ўшанча томчи сливовица. Доктор зиёли бўлса ҳам, доим тўлайди. Томи кетганга ўхшайди. Менга бу ҳақида гапириб берган йигитнинг омади келмади: докторга қараганда 12 миллионта сичқонни кўп кўрганига доктор ишонмапти. Албатта, уни ўша заҳотиёқ ҳайдаб юборишди. Биз эса бунақа майнавозчиликни кўрсатмасак ҳам бўлаверади.
Х у п к а. Ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак.
П и с т о л е т т и. Мен ҳам шуни айтаман-да.
Х у п к а. Эътиборинг учун, Санкт-Ульрихдаги қамоқхона – бу тоифадаги барча бошпаналарга нисбатан энг зўри. Бристоль меҳмонхонасининг ўзи. Ҳаттоки ҳожатхоналари ҳам бор. Sapienti sat*.
П и с т о л е т т и. Мен нима деяпман? Лекин танлашимиз керак: турмами ёки касалхонами. Иккаласи кўплик қилади.
Х у п к а. Адолатли фикр. Бугун фақат Диоген бўлиб яшаб қолиш мумкин. Ҳа майли, дўстим, ҳов анави йўлкўрсатгичда учрашамиз.
П и с т о л е т т и. Қачон?
Х у п к а. Жонимиз омон бўлса, кўрамиз. Нима бўлгандаям, баҳорда икковимизнинг қўлимиз бир вақтда қичиб қолади.
П и с т о л е т т и. Дил яқин-да. Омон бўл, Хупка.
Х у п к а. Хайр, Писто (Пистолетти кетади.)
Автомобиллар йўлда қўл кўтариб турган Хупканинг олдидан учиб ўтмоқдалар.
Х у п к а. Fi donc*. Мени ҳибсга оладиган энг яқин жандармгача ҳали камида тўрт соат юриш керак. Доим шундай: керак бўлганда, ҳеч қаердан тополмайсан.
Ж а н д а р м (тўсатдан пайдо бўлади). Ассалому алайкум…
Х у п к а (ажабланади). Воажаб. Ҳақиқий lupus ex machine*. Сизнинг қўлингизга тушганимдан бағоят хурсандман.
Ж а н д а р м. Илтимос, ҳужжатларингизни кўрсатсангиз.
Х у п к а. Намунча одобли бўлмаса, этим жимирлаб кетяпти.
Ж а н д а р м. Балки, ҳужжатларингиз ёнингизда йўқдир?
Х у п к а. Топдингиз, Шерлок! Кетдик Скотланд Ярдга!
Ж а н д а р м. Бечора. Ҳужжатларингизни йўқотиб қўйган бўлсангиз керак-а:
Х у п к а (ўзини йўқотиб қўяди). Нима? Нимани?
Ж а н д а р м. Бунинг ажабланарли жойи йўқ деяпман.
Х у п к а. Аммо… Ҳа, албатта… ахир, ҳужжатларсиз дунёга келмагандурман… демак, мен уларни йўлда йўқотдим, лекин сиз… сиз…
Ж а н д а р м. Сизга, табиийки, янги ҳужжат беришим керак. Бўлмасам, ҳокимиятнинг нима кераги бор? Биз сиз ҳақингизда сўровнома юборамиз.
Х у п к а. Айтинг-чи, сиз гўдак Исо эмасмисиз?
Ж а н д а р м (кулади). Унчалик эмас. Мен – оддий қишлоқ жандармиман. Гап шундаки, кеча тунда, роппа-роса соат 10 дан 25 дақиқа ўтганда, менинг суюкли рафиқам менга учта соппа-соғ эгизакларни совға қилди.
Х у п к а. Вақтида берилган совға – мустаҳкам дўстлик омили. Ҳа майли, менга қаранг, мени ҳеч кимга ўхшатмаяпсизми? Айтмоқчиманки, қидирув ҳақида эълонни эслайсизми? Мен бирорта киссовур-ўғрига ўхшамайманми?
Ж а н д а р м. Нималар деяпсиз. Кўзларингиз сизнинг ҳалол одамлигингизни айтиб турибди.
Х у п к а. Бўлмасам, қулоқ солинг: ташқи қиёфа кўпинча алдамчи бўлади. Гапимга ишонаверинг. Сиз қочқин жиноятчини қўлга туширдингиз. Мени ҳибсга олинг!
Ж а н д а р м. Ҳеч қачон!
Кўзларингга боқиб турган дам,
Ҳужжат сўрамам сендан!
Х у п к а. Жин урсин! Сиз мени ҳибсга олишингиз керак! Солиқларни нимага тўлашяпти? Бунинг устига, мен учун 10 000 франк мукофот белгиланган.
Ж а н д а р м.Эй бадкирдор бойлик, эй манфур танга,
Нафратим сенгадир, нафратим сенга!
Х у п к а. Менинг жиғимга тегманг! Ўзингиздан кўринг: сизни хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳақорат қилишдан бошқа иложим қолмади.
Ж а н д а р м. Э, ўртоқ, бироз кўпроқ ичганга ўхшайсиз. Ўзингизни тутолмаяпсиз. Йўқчилик сизни қийнаб қўйибди-да. Лекин менинг даъвоим йўқ. Спиртли ичимликлардан ва суюқоёқ аёллардан нари юрсангиз бўлгани. Сиз, сиз… (Кетади.)
Х у п к а. Сиз, Сиз? Шунақа ҳам бўлар экан! Мен дайди билан «сиз”лаб гаплашадиган дунёдаги ягона жандарм билан танишдим. Ҳарҳолда, бу ҳам ёмон эмас. Лекин нимаси яхши? Масала мана қаерда. Дунёнинг бирорта бурчагида қандайдир махсус чегара – воқелик салтанати ва эртак салтанати ўртасида чегара бормикан? Агар мен ҳеч нарсадан шубҳаланмай мана шу чегара бўйлаб юрган бўлсам-чи? (Йўлдаги чанг устидан чизиқ тортади.) Айтайлик, бу чегара мана шу ердан ўтса-чи, агар мен бу чегарадан, Пистолетти сингари, чап томон кетсам-чи… унда мен буткул шамоллаган, ҳужжатлари йўқ оддий дайдилигимча қоламан. Агар ўнгга, Санкт-Ульрих томон кетсам, йигирма қадам юрмасимдан орқамдам кетворган “пиккард” машинаси тўхтайди (автомобиль тормози товуши эшитилади) ва ундан кўзойнак таққан, қўлида тўппонча ушлаган миллионер аёл чиқади (Гвендолин пайдо бўлади, қўлида тўппонча) ва тоза Голливуд тилида менга мурожаат қилади…
Г в е н д о л и н. Хэлло, Лондонгача олиб кетайми?
Х у п к а. Мен эса зиғирча ҳам ҳайрон бўлмасдан, кетворган эркак каби, унга ҳазил аралаш жавоб бераман: хэлло, хоним, қуролингизни йўқотинг! Бу жажжигина буюмча бундай ҳавода шамоллаб қолиши мумкин.
Г в е н д о л и н. Бунинг иложи йўқ. Қулоғингиз шакли сизнинг камбағал ва гуноҳга ботиб кетганингиздан далолат бериб турибди. Сиз менга ташланасиз. Лекин буни кечирса бўлади. Биз ҳаммамиз гуноҳкор бандамиз. Ким биринчи тош отади?
Х у п к а. Марҳаматингиз учун Thank you – Соф американча жавоб бераман. Аммо сиз бироз адашдингиз. Мен гангстер эмасман. Мен йўловчиман. Менинг исмим Килиан Хупка.
Г в е н д о л и н. Мен эса Графиня Гвендолин Букельбург-Мараскино, биринчи турмушимда – Кэш бўлганман. Нимага сиз доим менга орқа ўгириб турибсиз?
Х у п к а. Нима? (Унинг томонига қайрилади.) Кўзларимга ишонмайман! Бу қандай уйғунлик? How do you do?*
Г в е н д о л и н Мен shopping*га боргандим.
Х у п к а. Немисча: мен бирор нарса сотиб олиш учун боргандим, дегани.
Г в е н д о л и н. Унчалик эмас. Мен фақат сотиб олмоқчи эдим.
Х у п к а.. Тузукроқ нарса тополмадингизми? Албатта. Реклама кўнглингиз нимани истаса, ҳаммасини ҳозиру нозир қилади, матоҳни бориб кўраман десанг, ҳаммаси бир пулга қиммат.
Г в е н д о л и н. Мутлақо тўғри…
Х у п к а. …мулозамат билан жавоб беради. Мен эса худди шундай қилиб: хоним, сиз нима сотиб олмоқчи эдингиз дейман?
Г в е н д о л и н. Бирорта расмийроқ буюм.
Х у п к а. Нима? Ҳа, тантанали қабул учун либос.
Г в е н д о л и н. Йўқ. Мен давлатни қидираётган эдим. Масалан, монархия ёки қандайдир республиками? Мен бу ерда бир неча шарқий Европа мамлакатларини чамалаб кўрдим.
Х у п к а. Мен димоғдорлик билан: хўш, нархи тўғри келмадими? – дейман. У бундан ҳам катта димоғ билан жавоб беради.
Г в е н д о л и н. Улар замонавий эмас экан. Эскирган маркалар.
Х у п к а. Буни қаранг-а. Умуман олганда, давлатни сизга нима кераги бор?
Г в е н д о л и н. Эримга керак. Граф Букельбург-Мараскинодан мен дворянлик номини олганман, бу ном император Андреас Кал даврига бориб тақалади. Никоҳ шартномасида айтилишича, мен унинг ўрнига 88-туғилган кунига унга давлат совға қилишим керак. Қирқ йил олдин у қандайдир Европа мамлакатининг давлат котиби бўлган. Бу лавозимда бир ҳафта давомида кетма-кет бир неча дипломатик ютуқларни қўлга киритган. Уни ҳайдаб юборишмагунича. Ўшандан бери ўзини қўярга жой тополмайди.
Х у п к а. Тушунарли. Энг зўр ташқи ишлар вазири ҳам давлатсиз бир пулга қиммат.
Г в е н д о л и н. Графнинг режалари жуда ката. Лекин бироз сабр қилиш керак. Бугуноқ бирорта муносиб давлат топишим керак.
Х у п к а. Менда зўр фикр бор. Шошилмаслик керак. Қидирув ишларингизни тўхтатиб туринг. Мени эрингиз олдига сотиб олаётган давлатингизнинг 1-сон фуқароси ва савдо намунаси сифатида олиб борасиз. Ҳозирча шунинг ўзи кифоя.
Г в е н д о л и н. Яхши. Сезган бўлсангиз, ўзим ҳам шундай қилмоқчи эдим. (Тўппончага ишора қилади.) Ватанингизга муҳаббатингиз қандай?
Х у п к а. Қадрли дўстим. Мен ватанга муҳаббат билан туғилганман. Ўзимникигами, бировникигами, фарқи йўқ. Мени қандай фуқаро бўлишимни кўриб, ўзингиз ҳам ҳайратга тушасиз. Мен ҳалол, тежамкор инсонман. Ҳукуматга қарши чиқишга ўрганмаганман, сира ҳам.
Г в е н д о л и н. Жуда яхши.
Х у п к а. Жуда яхши! Жуда яхши. (Маъюс такрорлайди.) Кейин у мени ўзининг “паккарди”га бир итаради-да, биз Лондон томон йўл оламиз. Худди Америка киносидагидек. Эҳ, Худойим, бундай бўлиши мумкин эмас…
Г в е н д о л и н. Хўш, борасизми мен билан, йўқми?
Х у п к а. Ҳалиям шу ердамисиз?
Г в е н д о л и н. Албатта. Сизни кутиб турибман!
Х у п к а. “Албатта” деганингиз нимаси? Менга тушунтириброқ айта оласизми? Сиз ҳақиқатан ҳам бормисиз? Эй, муқаддас Непомук! Мени чимчилаб олинг! Яхшилаб чимчиланг. Вой. Лекин бу ҳеч нарсани ҳали исботламайди. Менга бир доллар беринг-чи… Келишдикми?
Гвендолин унга доллар узатади.
Х у п к а (тангани тишлаб кўради). Ростакам доллар! Тушга ўхшамайди! Жуда зўр-ку! Бу туш эмас.
Г в е н д о л и н. Хўш? Мотор совиб қоляпти, ахир!
Х у п к а (парда ортидан бақиради). Писто! Писто! Мен ҳақимда ёмон фикрга бора кўрма. Мен фуқаро бўлиб ёлландим.
Чироқ ўчади.
ИККИНЧИ КЎРИНИШ
Жеймс, хизматкор. Графнинг овози.
Г р а ф. Жеймс?
Ж е й м с. Эшитаман, олий ҳазратлари!
Парда кўтарилади. Саҳнада – графнинг уйи.
Г р а ф. Табрик хатларини менга ўқиб беринг!
Ж е й м с. Жоним билан, олий ҳазратлари! (Ўқийди.) Ботир юнкерга 90- йилда Оденвальддаги унутилмас тўнғиз овидан эсдалик сифатида! Вильгельм.
Г р а ф. Қаранг-а, бу чол ҳали мени унутмабди-да! Ахир, у яна мансаб курсисига ўтирди!
Ж е й м с. Олий ҳазрат бироз чалкашдилар. Мансаб курсисига ўтирган бошқа одам.
Г р а ф. Бўлиши мумкин. Давом этаверинг.
Ж е й м с. Бу дунё биз, ёшларга тегишли. 120 гача. Ллойд Жорж. Рокфеллер.
Г р а ф. Нақадар ажойиб! Худди шу тарзда давом этинг.
Ж е й м с. Узр, жаноб, қандайдир одам қабул қилишингизни сўраяпти.
Г р а ф. Ким экан у?
Ж е й м с. Ижозат берсангиз, шубҳали кимса, олий ҳазрат, агар у жонингизга қасд қилмоқчи бўлган анархист бўлиб чиқса, мен ҳечам ҳайрон бўлмайман.
Г р а ф. Жудаям соз. Кирсин.
Хупка пайдо бўлади.
Ж е й м с (баланд овозда). Хупка (Сездирмасдан Хупкага мушт кўрсатади-да, чиқиб кетади.)
Х у п к а. Менинг исмим Хупка, Килиан Хупка.
Г р а ф. Ажойиб. Хўп, кейин-чи?
Х у п к а. Мен бироз қийин аҳволга тушиб қолдим, жаноб. Мен бўйнимга ҳаворанг тасмача осиб, ўзимни 88 та шағам билан безаб олишим керак эди.
Г р а ф. Ажойиб.
Х у п к а. Менинг исмим Хупка. Лекин ҳозир мен байрам торти ролини ўйнаяпман.
Г р а ф. Ажойиб. Аммо мен ақлдан озганга ўхшайман. Газеталарнинг ёзишича, мен 88 ёшимни буткул жисмоний ва ақлан тетик ҳолда қаршилаяпман. Лекин ҳозир газеталар қип-қизил ёлғон ёзадиган бўлган…
Х у п к а. Хафа бўлманг, жаноб! Сиз ҳозир ҳаммасини тушуниб оласиз. Мени сизга биринчи фуқаро сифатида тортиқ қилишди.
Г р а ф. Ажойиб, ажо… Эй, худо! Наҳотки мени ташқи ишлар вазири этиб тайинлашган бўлса? Ниҳоят, халқ менинг қобилиятларимдан баҳраманд бўлармикин?
Х у п к а. Contraire*, олий ҳазрат! Сиз совғага халқни оласиз. Лекин халқни сизга сал кейинроқ беришади. Мен фақат газакман. L’etat c’est moi!
Г р а ф. Халқ! Давлат!
Х у п к а. Ҳукмдор! Агар сизга шу керак бўлса, биз сизни мўйсафид шоҳ сифатида тахтга ўтқазамиз.
Г р а ф (тантанавор ҳолатда). Мен даъватга бўйсунаман!
Х у п к а. Шарафлар бўлсин!
Г р а ф (қотиб қолган нигоҳ билан). Бисмаркни ким заҳарлаганини биласизми?
Х у п к а. Ҳа. Ҳеч ким.
Г р а ф. Ёлғон. Вегетарианчилардан бири заҳарлаган. Сабабини биласизми?
Х у п к а. Чунки бу ҳақиқат.
Г р а ф. Чунки Бисмарк протестант бўлган! Мен ҳужжатлар билан шуни исботладимки, Тильзит келишуви давридан бери вегетарианчилар ва протестантлар дунёга ҳокимлик қилиш учун урушиб келмоқда. Марказий Европа давлатлари урушда мағлуб бўлганига ким айбдор?
Х у п к а (чўчиб). Мен. Ўшанда мен ясси товонликдан азият чекиб юргандим.
Г р а ф. Ёлғон. Фагот ўйини ишқибозлари айбдор. Ллойд Жорж фаготда ўйнашни яхши кўрарди. Полковник Редль фагот ўйнарди, Германия штаби фаготчиларга тўлиб-тошиб ётганди. Нима учун президент Вильсон ҳаётида бирор марта ҳам фаготга яқинлашмаганини биласизми?
Х у п к а. Йўқ.
Г р а ф. Ўзини фош этмаслик учун.
Х у п к а. Маккорликни қаранг-а. Аммо қарзни узиш вақти келди.
Г р а ф. Чамамда, сиз ақлда ҳам, мантиқда ҳам, сезгирликда ҳам қолишмайдиганга ўхшайсиз. Қулоқ солинг! Менинг бутун дунёни тўғри қайта қуриш режам қуйидагича: авваламбор, мен Миллатлар Лигасидан чиқаман. Бу билан воқеликни мулоҳаза қилиш сиёсати учун йўл очилади. Кейин энг муҳим масала – Данциг масаласини ҳал қиламиз. Кўряпсизми, ҳеч қийинчилиги йўқ. Польша Шарқий Европадаги йўлак орқали Ўрта ер денгизига йўл очади.
Х у п к а. Халқлар бунга нима дейди?
Г р а ф. Газеталар нимани ёзса, шуни дейди. Албатта, Италия ҳукуматига бу ёқмайди. Мен буни ҳам ҳисобга олганман. Товон сифатида унга Родос ва Мальта оролларини берамиз.
Х у п к а. Нақадар ақлли фикр! Hic Rhodos, hic Malta. Оролдагилар бунга нима дейди?
Г р а ф. Нима дейишга рухсат берилган бўлса, ўшани дейди. Бунга қарши Англия ҳукумати шов-шув кўтаради. Бундай ишларда ниҳоятда нозик сезгирлик керак. Британия империяси унинг ўрнига кемаларнинг Суэц канали орқали сузиб ўтиш ҳуқуқини олади.
Х у п к а. Тушундим. Мисрликлар Маньчжурияни, французлар – Голландия Ҳиндистонини оладилар. Голландияликлар эса Шлезвиг-Гольштейнни, данияликлар Куба оролини, америкаликлар Люксембургдаги озод портни, люксембургликлар – Постдам майдонидаги аэродромни, руслар эса бошларига мушт оладилар.
Г р а ф. Ҳа, бутун цивилизация дунёсидан.
Х у п к а. Сиз халқаро аҳволни жуда яхши таҳлил қилдингиз. Колумб айтганидек, Эврика!
Г р а ф. Мен бутун дунёда тинчликни сақлаб қолишнинг ягона йўлини топдим.
Х у п к а. Лекин шубҳам борки, халқлар…
Г р а ф. Намунча халқлар деяверасиз! Халқлар ички ишлар вазирлигига тегишли. Ташқи сиёсат учун халқнинг нима алоқаси бор?
Г в е н д о л и н (тушкун ҳолатда киради). Луитпольд! Ҳаммаси тамом!
Г р а ф (қўлидан ўпади). Гвендолин, раҳмат сенга. Ўн йилдан бери менинг соям Европа сиёсати пардаси ортида қолиб кетаётганди. Бугундан бошлаб эса…
Г в е н д о л и н. Ҳаммаси тугади, Sweetheart! Ҳаммаси барбод бўлди!
Г р а ф. …ўзимнинг дипломатик ақл-фаросатимни…
Г в е н д о л и н. Мен дунёдаги энг бебахт аёлман. Бошқа чидолмайман! (Йиғлайди.)
Г р а ф….ишга солиш имкониятига эга бўляпман. Сенга бирор гап бўлдими, бошқачасан? Ёки менинг сезгирлигим панд беряптими?
Г в е н д о л и н….Телеграмма! (Кўз ёшини артиб телеграммани узатади.)
Х у п к а. Мутлақо бегона шахс сифатида менга ижозат бергайсиз… (Телеграммани олиб, ўқийди.) “Қора жума. Акцияларингиз кеча 22, бугун 26 ноль бутун ноль. Гвендолин-билдингдаги акциядорлик жамияти ёнғин қарида. Рузвельтга нисбатан эътироз билдирилмоқда. Умид йўқ. Нима қиламиз?
Г в е н д о л и н (йиғлайди). У бир неча кундан бери столимда ётган экан. Луитпольд, нимага уни очмадинг?
Г р а ф. Атайин очмадим, азизам. Ҳар қандай қоғоз камида икки ҳафта ётиши керак, етилиши учун.
Х у п к а. Ишонтириб айтаманки, бу гал у етилди.
Г в е н д о л и н. Мен хонавайрон бўлдим, Луитпольд. Ҳисобимда 10 000 доллардан кўп пул қолмади. Мен қашшоқман энди.
Г р а ф. Ҳеч нарсани тушунмаяпман.
Г в е н д о л и н. Сен ташқи ишлар вазирлигидан воз кечишинг керак.
Г р а ф. Мен бу ишларда умуман ҳеч нарсани тушунмайман.
Х у п к а. Бу ҳам фагот чалган бўлса керак.
Г р а ф (ўтиради). Тушундим. Европа барбод бўлди.
Г в е н д о л и н. Мен эса сенга давлат совға қилмоқчи эдим. Бечорагинам Луитпольд!
Г р а ф (жиддий). Учта илғаб бўлмас ҳуфиёна кучлар менинг юрагимга найза санчяпти. Мен – жаҳон сиёсатининг буюк шажарасиман, улар эса менинг илдизимни кесишга уриняпти.
Х у п к а. Шошманг, ҳазрати олийлари! Бутунлай ақлдан озишга шошилманг.
Г в е н д о л и н. Хупка, маошингизни олинг-да, кетаверинг. Мен сизни фуқароликдан озод этаман.
Х у п к а. Тўхтанг! Тўхтанг! Ҳазрати олийлари, ахир ўзингиз ташқи сиёсат учун халқнинг кераги йўқ демаганмидингиз? Халқ керак бўлмаса, ҳудуднинг ҳам ҳожати йўқ. Демак, ҳудудсиз давлатни хаёл қилса бўлаверади, тўғрими?
Г в е н д о л и н. Умуман ҳеч нарсани тушунмаяпман.
Г р а ф. Албатта, албатта!
Х у п к а (ҳаяжонланиб). Ҳечқиси йўқ. Давлат учун муносиб ном топсак бўлгани. Ўзини ҳурмат қилувчи ҳар қандай давлат қандайдир рестораннинг номини олган. Келинг, ном излаб кўрамиз! Cafй de France: Франция бор. Cafй de L’Europe: Европа ҳам бор. Энг зўр номларни эгаллаб бўлишибди. Херренхоф Республикаси? Унчалик халқчил эмас. Гаделе князлиги? Ҳаддан зиёд антиқа. Эркин федератив штатлар. Бўладими? Жиддий давлатни бундай деб номлаб бўлмайди… Астория… Топдим! Астория Қироллиги!
УЧИНЧИ КЎРИНИШ
Астория элчихонаси салони. Буюк княгиня Анастасия М., П.хоним, лорд Р., Ж.Б.Шоу, Гвендолин, Жеймс.
Г в е н д о л и н.
Зиёфат тугади – бирам ғаройиб!
Мени ҳаяжонлар чулғайди яна, –
Кўнглимга нур тарар дўстлар ажойиб
Руҳим юксалтирар дуркун тантана.
Мискин юрагимда жўш уриб ҳислар,
Масрур даврангизда бўлдим бахтга ёр!
М е ҳ м о н л а р.
Қўйинг, қўйсангиз-чи, юракдан бизлар
Ташаккур айтамиз, ташаккур минг бор!
Ж е й м с. Ишонтириб айтаманки, бизнинг зиёфат Лондондаги бу мавсумнинг энг дабдабали воқеаларидан бирига айланади.
Г в е н д о л и н.
Теграмга боқаман – кўзларим тинар,
Бошим айланади боққаним сари,
Руҳимга ҳар кимдан бир шуъла инар –
Бизнесмену ноёб сиймодир бари.
Энди сизлар билан юрагим изми,
Сизга чин ихлосим қиламан изҳор!
М е ҳ м о н л а р.
Қўйинг, қўйсангиз-чи! Аксинча, бизнинг
Ҳурматимиз сизга юксалди минг бор!
Ж е й м с. Ташриф буюрганлар ичида мамлакатимиздаги энг қадимий нишон эгасининг гўзал рафиқаси П.хонимни кўряпмиз .
П. х о н и м. Мен ўз либосларимни фақат Паулетти Грюнцвейгдан оламан.
Х и з м а т к о р. Буюк княгиня Анастасия М. айни пайтда – қувғинда. Айтишларича, у ўзининг тенги йўқ гўзаллигини буюк давлатларнинг қашшоқ идораларида намойиш қилмоқда.
А н а с т а с и я (маънисиз хохолай бошлайди). Ха-ха-ха-ха-ха! (Жиддий тус олиб.) Эътибор қилинг: Буюк княгиня Анастасия. Топиш қийин эмас: Нельсон кўчаси, 7а уй.
Х и з м а т к о р. Лорд Р., газета концерни бошлиғи. Сўнгги уруш якунларини кўриб чиқиш бўйича ғояларни қўллаб-қувватлаш борасидаги буюк саъй-ҳаракатлари билан танилган.
Л о р д Р. Диққат, давлатнинг енгилган умматлари! Тушкунликка тушманг! Лорд Р.га ишонинг! Ғалабага шубҳа йўқ! Мижозлардан кўплаб ёзма ташаккурномалар бор!
Ж е й м с. Ж.Б.Шоу, бизнинг машҳур сурбетларимиздан бири.
Ш о у. Европанинг йигирма тўрт соатлик умри қолди. Бизнинг меросхўрларимиз готтентотлар бўлади. Ким эрта турса, худо ўшанга барака беради.
М е ҳ м о н л а р.
О, қандай ўткир, аниқ,
Аччиқ ҳамда ёқимли!
Г в е н д о л и н.
Сўзингиз мисли шамшир,
Юракларга солар из,
Ахлоқ учун даъватдир!
Таъзим-ла бош эгамиз!
Ш о у.
Қўйсангиз-чи! Қўйсангиз-чи!
Биз бошимиз эгамиз!
Ҳ а м м а б и р г а. Эгамиз! Эгамиз! Эгади! Ҳамма эгади!
Х у п к а (киради. Эгнида башанг фрак, кўкрагига орденлар тақиб олган). Ladies and gentlemen, girls and boys. Сизларни кўмирчининг ғарибона кулбасида кўриб турганимиздан бениҳоя хурсандмиз.
Ҳ а м м а (Гвендолиндан ташқари). Эҳ, жаноб маслаҳатчи! (Атрофини ўраб оладилар.)
П. х о н и м. Ҳазрати олийлари граф ҳали Форин Офисдан қайтмадиларми? Нимага бунчалик кечикяптилар?
Х у п к а. Биласизми, мен расмиятчиликка риоя қилишим керак. Аммо сиз менга ёқиб қолдингиз, шунинг учун ишончли манбалардан баъзи бир далилларни сизга айтишим мумкин. Умуман олганда, гап Давра суҳбати борасида кетяпти.
Л о р д Р (Шоуга мурожаат қилади). Қуп-қуруқ сафсата, кўриниб турибдики, бу Хупка – уччига чиққан дипломат.
Х у п к а. Тарихда биринчи дипломат Одамота бўлган.
П. х о н и м. Нақадар фалсафий сўзлар!
А н а с т а с и я . Ха-ха-ха-ха! Момоҳаво ҳақида нима дея оласиз?
Ш о у (топқирлик билан). Момоҳаво унинг хотини бўлган!
А н а с т а с и я . Тан оламан – енгилдим.
Л о р д Р. Барибир сиз – Европадаги энг ақлли аёлсиз. (Гвендолинга). Дарвоқе, графиня, сизнинг ажойиб ватанингиз қайси юртларда жойлашган?
Г в е н д о л и н. Нима дедингиз? Кечирасиз, нима ҳақида гапиряпсиз?
П. х о н и м. Милорд, шуни ҳам билмайсизми? Астория Тиролда жойлашган. Пойтахти Рейнгард деб аталади.
Л о р д Р. Миледи Австрияни назарда тутяпти. Унинг пойтахти…
Ш о у. Лорд Р. – географияни биладиган ягона инглиз фуқароси. География унинг мафкурасидир. Мен географияни бекор қилишни таклиф қиламан. Бу урушларнинг олдини олишнинг энг ягона воситаси бўларди.
Г в е н д о л и н. Намунча гапларингиз тагдор бўлмаса! Хонимлар ва жаноблар! Малайя салонига марҳамат қилинг. Астория жаз-дастаси Вена наволарини ижро этади.
П. х о н и м. O, lovely!
Анастасиядан бошқа ҳамма салонни тарк этади.
А н а с т а с и я (тўрли рўмолчасини ғижимлайди, пешонасини тириштиради, чап парда томон кетаётгандек бўлади-да, яна саҳна ўртасига қайтади, кўзларини қисади, сирли шивирлайди). Яхши. (Улуғвор тарзда ўнг парда томон юради. Шу пайт салонга қайтаётган Хупка билан тўқнашади.)
Х у п к а. Кечирасиз.
А н а с т а с и я (фитна уюштираётгандек). Ҳечқиси йўқ! (Унга ёввойи нигоҳ ташлайди.) Сизга Чайковский ёқадими?
Х у п к а. Озгина ром билан кичик бўлак лимон қўшса, ундан мазали нарса йўқ (Бар олдига бориб ўтиради.)
А н а с т а с и я . Ха-ха-ха-ха-ха! (Кетади.)
Х у п к а. Бу ҳам ғаламислик қиляпти. Осон бўлмайди, шекилли. (Ичади.)
Г в е н д о л и н (киради, асабийлашиб, Хупкага мурожаат қилади). Кўп ичманг. Ҳар қандай эҳтиётсиз сўз давлатимизга хавф солиши мумкин.
Х у п к а. Кошкийди, ҳаммаси шунчалик осон бўлса. Бу жиҳатдан Астория бошқа замонавий давлатлардан қолишмайди. Менимча,турфа бахтсизликка етаклайдиган яна минглаб сабаблар бор. Бизнинг ватанда энг шубҳалиси – хорижий сайёҳларни киритмаётганимиз.
Г в е н д о л и н. Сиз қандай йўл билан бўлса ҳам Асторияга кирмоқчи бўлган анави жирканч сайёҳни айтяпсизми?
Х у п к а (қовоғини уйиб). Фотоаппарати бор унинг.
Г в е н д о л и н. Уни жавобини бериб бўлдим. Унга: – Астория, бу тоғли ўлка, унда йўл йўқ, ҳаттоки энг бақувват сайёҳлар ҳам у ерда қоқилиб, белини синдирадилар, – деб тушунтирдим.
Х у п к а. Сиз нишонга тўғри урибсиз. Мен ҳам унга Астория – бу балчиқ жой, у ерда юқумли касаллик тарқатадиган пашшалар ғужғон ўйнаяпти деб неча бор айтдим. Шуниси ачинарлики, унга қанчалик заҳарли илонлар ва цеце пашшаси ҳақида кўп гапирсам, унинг кўзлари борган сари чақнаб кетяпти. Охир-оқибат шу маълум бўлдики, хотини унга бефаволик қилган экан, мана энди у ўлиб кетадиган жой қидириб юрибди.
Г в е н д о л и н. Хупка. Қитъани танлаб бўлдингизми?
Х у п к а. Йўқ ҳали. Лекин буни тезроқ ҳал қилиш керак.
Г в е н д о л и н. Келажак мен учун зулматдек қоронғу.
Х у п к а. Шундайми? Сиз қоронғулик ҳақида ҳам биласизми?
Г в е н д о л и н. Қандай қоронғулик ҳақида гапиряпсиз?
Х у п к а. Ўн беш дақиқадан сўнг бутун элчихона биносида чироқни ўчириб қўйишади, чунки сиз электр ҳақини тўламагансиз.
Г в е н д о л и н. Қандай кўргулик!
Х у п к а. Бу сизнинг айбингиз! Охирги 10 000 долларни ақл билан сарфлашингиз керак эди. Лекин бу Британия империяси билан жанжаллашиб қолганимиз олдида ҳеч гап эмас.
Г в е н д о л и н. Қандай қилиб?
Х у п к а. Мен нима ҳам қила олардим? Лорд Игрек менга Англия қироли пойтахтимизга ташриф буюрмоқчи экани ҳақида расмий хабар берди.
Г в е н д о л и н. Сиз нима дедингиз?
Х у п к а. Ташаккур дедим. Афсуски, бунинг иложи йўқ, дедим яна.
Г в е н д о л и н. Нима учун?
Х у п к а (елка қисиб). Чунки бизда ҳаммаси навбат билан бўлиши керак.
Г в е н д о л и н. Сиз империяни ҳақорат қилдингиз.
Г р а ф (киради, тантанали тарзда). Жаноб маслаҳатчи, ташаккуримни қабул қилинг!
Х у п к а. Арзимайди.
Г в е н д о л и н. Луитпольд, сени ҳибсга олишмадими?
Г р а ф. Аккредитациялашди, азизим. Бизнинг чаққон Хупка Форин Офис машинасини ҳаракатга келтирди.
Х у п к а. Шошма, шошма! Чаққон Хупканинг нима алоқаси бор?
Г р а ф. У империяни ҳақорат қилди. Бунга биринчилардан бўлиб Франция жавоб қайтарди ва бизнинг давлатимизни тан олишдан бош тортди. Ундан кейин Германия сўз олиб, муносиб равишда бизни тан олиши ҳақида баёнот берди, бунинг натижасида Кичик Антанта мамлакатлари бизни эътироф этмаган бўлсалар, Италия ўша заҳоти тан олди, Австрия ва Венгрия ҳам унга қўшилди, айни пайтда Америка рад этган бўлса, унга норозилик тариқасида Япония бизни қўллади, шундан сўнг Англия ҳаммасини тарозига солиб, бизни тан олди.
Х у п к а. Энди биз бу ғалвадан чиқиб кетгунимизча ўн йил ўтади.
Г р а ф (ғурур билан). Камида ўн йил! Мана буни мен дипломатия деб атайман. Асториянинг Ғарб ва Шарқ ўртасидаги бастион сифатидаги ўрни менинг зиммамга умумевропа даражасидаги юксак вазифа юклайди. Энди мен орденлар топширишим керак (Тантанавор чиқиб кетади.)
Х у п к а. Астория Шарқ ва Ғарб ўртасидалигини бу содда чол қаердан била қолди?
Г в е н д о л и н. Бу ҳақда у менга бугун эрталаб нонушта пайтида айтиб берди. Фақат декадент мамлакатларгина Шарқ ва Ғарб ўртасида жойлашмаган.
Олдинги меҳмонлар хушчақчақ кайфиятда қайтадилар. Уларнинг қўлида глобус бор.
Г в е н д о л и н. Қойил! Нақадар ажойиб глобус! Юмалоққина…
П. х о н и м. Биласизми, графиня, ҳозиргина биз учун мухтарам бўлган Жи-Би-Эс нима деганини айтайми?
Ш о у. Мен Астория йўқ деб айтдим.
Сукунат.
Г в е н д о л и н. Қойил!
Х у п к а. Муқаддас Непомук, бутун умидимиз сендан!
Ш о у. Шу билан бирга, мен Англия ва Америка ҳам йўқ, дедим.
П. х о н и м. Ҳа, тасаввур қиляпсизми? Бу у айтган энг ажойиб сафсата бўлса керак.
Л о р д Р. Биз глобусни олиб, унинг ёрдамида устозга Англия ва Америка борлигини исботлаб бердик.
Ш о у. География сиёсий далил бўлиши мумкин, лекин у исбот ўрнига ўта олмайди.
П. х о н и м. Жуда қизиқ!
Л о р д Р. Бироқ Астория қироллигини топа олмадик. Ҳаттоки кулгингиз келади.
Х у п к а. Ха-ха-ха-ха! (Ҳамма унга ва Гвендолинга тикилиб қолади. Хупка ароқнинг таъсиридан гандираклаб туради.) Бунинг қийин жойи йўқ. Тинч океани бўйлаб тўғри борасиз-да, учта республикадан ўнгга буриласиз. Тўртинчи нефть конининг орқасига ўтасиз, Рио-Супероксиднинг чап қўлтиғи бўйича кесиб ўтасиз…
Л о р д Р. Булар қаерда жойлашган?
Х у п к а. Агар сиз уларнинг қаердалигини билмасангиз, қолганини мен қандай тушунтира олайин?
П. х о н и м. Глобусдан кўрсатинг.
Х у п к а. Яхшиси, мен қайтадан тушунтираман. Astoria divisa est in tres partes. Quarum unam appellant cis secundam trans terriam etcetera cum granzia ad infinitum. Corriere della sera. Caveant consules. Astoria ipsa lucus a non lucendo. Arpes nous cum grano salis. Jedze Polska ne sginila. Astoria quasi una fantasia quo usque tandem ceterum cenceo Carthaginem esse delendam. Vive Empereur!
П. х о н и м. У асторияча тилда гапиряпти.
Ш о у. Астория ва ўзбек тиллари – келажак тилларидир.
Х у п к а (глобусдан чалғитишга ҳаракат қилиб). Астория тунлари! Уларда балалайка торлари акулаларнинг наъраси билан алмашинади; тоғлик баҳодирлар асфальт ойнасида акс этадилар, ҳадиксираган гну-антилопалар эса тўйиб сув ичгани шошадилар; шудгорланган далалардан буғ кўтарилади, Тинч океани тўлқинлари эса Колумб ва викингларни хумор қилади! O, girls and boys! Яхшиси, викинглар ҳақида гаплашайлик. Викинглар…
П. х о н и м. Сизнинг илоҳий мамлакатингиз бизни ғоят завқлантирмоқда. Хўш, қаерда экан у?
Х у п к а (глобусни айлантириб). Ер шунчалик тез айланиб турганда мен уни қандай кўрсатаман?
Ш о у. Ер айланмайди. Бу Галилейнинг хурофоти!
Ҳ а м м а. Мутлақо тўғри!
Г р а ф киради, қўлида орденлар.
Х у п к а (тушкун). Ҳазрати олийлари! (Ҳиқичоқ тутади.)
Г в е н д о л и н (жаҳл билан). Ўзингизни қўлга олинг!
Х у п к а. Ҳазрати олийлари! (Ҳиқичоқ тутади.)
П. х о н и м (секин). Этишяпсизми? Бу асторияча саломлашиш… (Ҳамма бу хабарни бир-бирига узатади.)
Ҳ а м м а. Ҳазрати олийлари. (Ҳиқичоқ тутиб.)
Граф таажжубда, жавобан ҳиқичоқ тутади.
Л о р д Р. Бу ерда нимадир бор. Астория қаерда жойлашганлигини айтасизми-йўқми?
Г р а ф (унга яқинлашиб). Лорд Р., сиз доим Астория чегараларини қайта кўриб чиқиш тарафдори бўлгансиз. Бу буюк вазифани давом эттиришингизни сўраб, сизни Астория Рунаси орденининг Буюк Вазири этиб тайинлайман.
Л о р д Р. Асторияга сўнгги ташрифим мени зудлик билан унинг чегараларининг яхлитлигини тиклаш заруратини кўрсатди.
Ш о у. Шунга қарамай, мен Европа руҳининг эркин танқиди номидан айтаманки… Қани Аст….
Г р а ф. Сизга, азиз устозим, асторияча фикрлаш ва яшаш тарзини бутун дунёга оммалаштирганингиз учун III даражали Астория Бобри Орденини топшираман ва ҳар қандай бож тўловларидан озод этаман!
Ш о у. Асторияга сўнгги ташрифимда унинг дунёдаги энг илғор мамлакат эканига ишонч ҳосил қилдим.
П. х о н и м. Айтинг-чи, азизим, ҳарҳолда…
Г р а ф. Сизга, П.хоним, II даражали Хоч билан бирга асториялик фахрийларимиз ва етимларимиз ҳақида қайғуриш вазифасини топшираман. Сиз доим етимчаларнинг меҳрибон онаси бўлгансиз.
П. х о н и м. Сизнинг ажойиб мамлакатингизда ижтимоий масалаларга жуда катта эътибор берилади.
А н а с т а с и я . Қойил, лекин қани…
Г р а ф. Буюк княгиня! Большевизмнинг олий даражали қурбони сифатида сизга Асториянинг фахрий фуқаролигини ва 30 000 фунт миқдорида йиллик нафақа белгилайман.
А н а с т а с и я . Мен сизнинг оддийгина, илоҳий мамлакатингизни биламан ва яхши кўраман! Ох, мен сабр-бардошли асториялик деҳқонни нақадар яхши кўраман! Яшасин она-Астория!
Х у п к а (орденлар тарқатиб бўлингандан кейин Астория шаънига санолар айтади ва қадаҳ кўтаради. У бутунлай маст ҳолда глобусни айлантиради). girls and boys! Лаънати Асторияни ҳеч тополмаяпман-да.
Ҳ а м м а. Қанақасига тополмайсиз?! (Хонанинг бошқа бурчагида турган Хупканинг қўлидаги глобусга ишора қилишади.) Мана турибди-ку!!!
Х у п к а. Ҳа-я…
Электр компанияси агенти пайдо бўлади. Гвендолин у билан эшик олдида тўқнашади.
А г е н т. Агар хоним электр ҳақини ҳозироқ тўламасалар, мен чироқни узиб қўяман.
Г в е н д о л и н. Қулоқ солинг менга. Биз Япония билан махфий иттифоқ туздик.
А г е н т. Бўлмаса Япония сизнинг қарзингизни тўласин.
Г в е н д о л и н (Хупкани кўкрагини безаб турган орденни юлиб олади). Мен сизга тантанали тарзда I даражали Боғич орденни топшираман.
А г е н т. Омон бўлинг! Энди мен электрни узаман.
Х у п к а (агентнинг ёнига югуриб келади). Бироз сабр қилинг! (Лорд Р.га яқинлашади.) Узр, милорд, мамлакатимизнинг дўсти сифатида менга озгина қарз беролмайсизми?
Л о р д Р. Сизга қанча керак, жаноб маслаҳатчи?
Х у п к а (қоғозга қарайди). Роппа-роса 35.
Л о р д Р. Билсам бўладими, қандай харажатлар учун?
Х у п к а. Электр жиҳозлари учун.
Л о р д Р. Шундайми? Ҳарбий мудофаа учун денг? Нима учун ёрдам сўраб Д.га мурожаат этмаганингиздан таажжубдаман.
Х у п к а. Д.тасодифан ўзи билан пул олмаган экан. Биласиз-ку. Ойликдан олдин ҳамманинг чўнтаги қурийди.
Л о р д Р (ўйланиб қолади). Чакки эмас. Мен бу ишга ўз сармоямни тикаман – ҳеч бўлмаганда Рокфеллернинг асабига тегиш учун…
Х у п к а (таслим бўлмасдан). Яшанг! Бир унинг асабига тегайлик!
Л о р д Р(Хупка билан қўл ташлашади). Келишдик!
Х у п к а (бошқа қўлини чўзади). Раҳмат.
Л о р д Р. Арзимайди.
Х у п к а. Эй, Ҳазрати олийлари…
Л о р д Р. Арзимайди, дедим-ку.
Х у п к а. Пул-чи?
Л о р д Р (кулади). Жаноб маслаҳатчи. Сиз жудаям зўр ҳазилкаш экансиз. Ха-ха-ха-ха – ўттиз беш миллион доллар – мен бунча пулни ёнимда олиб юрмайман.
Х у п к а (базўр кулишга ҳаракат қилади, кулгиси йўталга айланади). Ха-ха-ха-ха.
Л о р д Р. Ёки сиз Астория валютасида олмоқчимисиз?
Х у п к а. Ҳа… кус-кусларда.
Л о р д Р. Кус-кусингизнинг курси қандай?
Х у п к а (ўзини зўрға тутиб). Қиммати ошган кус-кус 15 кусга тенг, ёки 75 ус, ёки 30 кукуруз… (Агентга ташланади.) Мен сизга кус-кусда тўлайман.
А г е н т. Мен эса электрни узаман.
Х у п к а. Нима ҳам қилардик. Ўчираверинг.
Г в е н д о л и н. Хупка, нималар деяпсиз?
Х у п к а. Менга қаранг, бизда энди давлат қурилиши шакли, давлат ордени ва махфий ҳарбий иттифоқлар бор, миллий табрик ва инфляция бор. Албатта, ҳали кўп нарсалар етишмайди. Лекин ишлар жойидан жилди-ку, секин-аста яхшиланиб бораверади.
А г е н т. Ёруғликсиз.
Г в е н д о л и н (Хупкага). Тушуниб турибман. Энди биз ҳеч нарсадан қўрқмасак ҳам бўлаверади. (Агентга.) Чироқни ўчираверинг. Қисқа туташув юз берди деб қўя қоламиз. Тўхтанг! Яна нимадир етишмаяпти! Миллий гимн керак! Анъаналаримизнинг муқаддас навоси! Хупка. Қоронғу тушмасдан тез миллий гимн ёзинг.
Хупка баланд овозда увиллаб юборади. Бошқалар унга жўр бўладилар.
Бир зумда чироқ ўчади.
ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ
Астория элчихонаси дарвозаси олдида Пауль ва Пистолетти ухлаб ётишибди.
Пауль совуқдан уйғонади.
П а у л ь. Совуқ.
П и с т о л е т т и (уйғонади). Сенга ҳеч нарса ёқмайди. Ё шамоллайсан, ёки қуёшда куясан. Ҳаммаси бир одамга кўплик қилади.
П а у л ь. Бизни бу ердан ҳайдаб чиқаришмаганида эди…
П и с т о л е т т и. Нима, барча Лондон қаҳвахоналарининг хўжайинлари бизга ўхшаган дайдиларни қучоқ очиб кутиб олади, деб ўйлаганмидинг?
П а у л ь. Ҳа, шундай деб ўйлагандим.
П и с т о л е т т и. Хўш, бундай фикр сенга қаёқдан келганди?
П а у л ь. Мен Британия миллатининг ғурури ҳақида эшитгандим.
П и с т о л е т т и. Демак, сен шунга лойиқсан (Яна ухлашга тараддудланади.)
П а у л ь (паузадан сўнг). Совуқ.
П и с т о л е т т и. Мана энди кайфинг ҳам учиб кетди. Маст одамнинг молдан фарқи йўқ. Инсоний қадр-қимматингдан хурсанд бўлиб юравер.
П а у л ь (совуқдан титраб). Мен шундоғам хурсандман. Фақат одамга ўхшаб тузукроқ жойда, у-бу нарсани еб-ичиб ўтирсам эди…
П и с т о л е т т и (ўтиради, мулойим овозда). Ҳозирги ёшларда мантиқ деган нарса йўқ. Бундай шароитда сен яна ичволиб, молга айланиб қолардинг ва демак, яна инсоний қадр-қимматингни йўқотардинг.
П а у л ь. Қадр-қимматимни йўқотсам-да, барибир бахтли ҳис этардим.
П и с т о л е т т и. Мен ҳам шуни айтаман-да. Ё бахтни ҳис этиш, ё одам – ҳаммаси бирга берилмайди.
П а у л ь. Мен бунга ишонмайман.
П и с т о л е т т и. Тўхтаб тур, ишонмай қаерга борардинг. Аввал атрофингга яхшилаб қара.
П а у л ь. Мен ҳам худди шундай қилмоқчиман. Қаердадир ер юзида…
П и с т о л е т т и. “Қаердадир ер юзида…” Мен ҳам биринчи марта дайдиликка юзланганимда, шу ашулани хиргойи қилардим. Эҳ, қани энди ёшлик билса, қарилик эса уддалай олса. Одамга ҳаммаси бирга…
П а у л ь. Сен яна “ёки-ёки” демоқчимисан? Мен эса “Қаердадир, ер юзида!..” дейман.
П и с т о л е т т и. Хўш, йигитча қаерда?
П а у л ь (хўрсиниб). Қаерда? (Ой шуълси Астория элчихонаси эшиги олдидаги тахтачага тушади.) Асторияда, масалан.
П и с т о л е т т и (қизиқсиниб). Асторияда? Бу яна нима дегани?
П а у л ь. Қандайдир давлат. Қаердадир жойлашган давлат.
П и с т о л е т т и. Бунақасини энди эшитишим.
П а у л ь.. Мен ҳам. Шунинг учун ҳам айтяпман-да.
П и с т о л е т т и. Шунақа дегин. Аҳмоқ қиляпсанми? Ё ақлдан озгансан, ёки ҳеч қандай умид йўқ – бир одамга ҳаммаси кўплик қилади.
П а у л ь. (секин). Овозингни ўчир, Пистолетти. Асторияда қишда бошпанасизлар совқотмаслиги учун йўлакларни иситишади. Боғлардаги дарахтларда Ҳиндистоннинг ўзидан келтирилган бананлар осилиб турибди. Асторияда одамлар ғамдан эмас, балки бахтдан сархуш бўладилар. Ахир Асторияда ҳамма нарса бепул. Ҳаттоки пул ҳам. Қизлар эса ёзги кўйлакда юришади…
Элчихона номи ёзилган пештахта яна зулматда йўқолади.
Ўйлашимча, бу сени умуман қизиқтирмаяпти. Ухлаб қолдингми?
П и с т о л е т т и (сапчиб туради). Ким ухлаяпти, мишиқи? Бунақа сафсатани эшитиб ухлаб бўларканми? Ҳақиқатан ҳам шунақа бўлиши мумкинлигига мени ишонтирмоқчимисан? Бир парча ерда бахт шунча бисёр бўладими?
П а у л ь (қатъий). Бўлиши керак. Бошқа жойларда бахт ва қашшоқлик қанча кўп бўлса, Асторияда шунчалик роҳат-фароғат кўп. Ўз-ўзидан равшан бу. Ахир дунёда ҳамма нарса мувозанатда бўлиши керак-ку.
П и с т о л е т т и (секин). Нимагаям сен аҳмоқни ўзим билан олдим? (Кескин.) Дунёда мувозанат деган нарса пуч нарса.
П а у л ь. Бор гап. Йўқса яшашдан не ҳожат?
П и с т о л е т т и. Не ҳожат? Қулоқ сол. Мен ҳозир ўрнимдан туриб, муюлишнинг орқасидаги бозорга бораман, маҳсулотни ташиш-тушириш бўйича бизларга иш борми, деб сўрайман. Имкониятимиз: 1:100 000. Агар биз ўлиб кетсак, имкониятимиз нолга тенг бўлади. Энди тириклар ва ўликлар ўртасидаги фарқни илғадингми?
П а у л ь. Менимча, бу фарқ жудаям кам. (Яна бинонинг соясида ётади.)
Пистолетти кетади. – Пауза. – Гортензия ва Роза пайдо бўлади.
Г о р т е н з и я. Менга қара, Роза, яна олдингдан мижоз ўтиб кетди, сен эса уни тўхтатишга уринмадинг ҳам.
Р о з а. Фрау Гортензия, шуям мижозми, бу оддий эркак-ку.
Г о р т е н з и я. Майдани тежамасанг, бир гулден ҳам ишлаб тополмайсан. Қанчалик гердайсанг, йиқилиш шунчалик аламли бўлади.
Р о з а. Биласизми, фрау Гортензия, менга иш ўргатиб, ўз ҳудудингизда ишлашга рухсат берганингиздан жудаям миннатдорман. Фақат, менда бирор-бир лаёқат йўққа ўхшайди.
Г о р т е н з и я. Лаёқатинг борку-я, лекин сенда қатъият етишмайди.
Р о з а. Балки шундайдир. Пулни ҳам узоқ ушлаб туролмайман.
Г о р т е н з и я. Ҳамма ёшларнинг бошида қуруқ шамолдан бошқа нарса йўқ.
Р о з а. Ҳамма гап шунда-да, суюқоёқлик қилиш мен учун ярашмаяпти. Мен шунчалик одоблиманки, баъзан ўйлаган ўйларимдан ижирғаниб кетаман. Шунинг учун бошқа нарсаларни ўйлайман-да, ёмон ўйларни ўйламасликка ҳаракат қиламан.
Г о р т е н з и я (ғамхўр онага ўхшаб). Хўш, қизалоқ, нима ҳақида ўйлаябсан?
Ой шуъласи яна элчихона лавҳасига тушади.
Р о з а. Ўша мамлакат ҳақида. Астория тўғрисида.
Г о р т е н з и я. Бу бизнинг юмуш билан боғлиқ эмасми?
Р о з а. Асторияда ҳеч ким бундай ишлар билан шуғулланмайди. Шуғулланишса ҳам, севги-муҳаббат раъйига кўра шуғулланишади. Ёки умуман бу иш содир бўлмайди. У ерда ҳаттоки бадавлат хонимлар ҳам севги билан турмушга чиқадилар. Асторияда аёллар ғам-аламдан эмас, балки бахтиёрлигидан фарзанд кўрадилар. Кейин, уларнинг ҳаммаси қишлоқда, кичкина уйчаларда яшашади. Ҳар бир уй олдида – боғча, унда – шиша шарли дарахтлар, ўтлар орасида – жажжи одамчалар шаклчалари ва каптарлар бор, гулзорда гуллар очилиб ётади. У ерда яна кийик, буғу бемалол сайр қилиб юришади. Яна, арғимчоқлар бор. Бундан ташқари, у ердаги тартиб-қоидага кўра, эркак киши ўз севгилиси учун ҳали ҳеч ким айтмаган ширин сўз ўйлаб топсагина, унга уйлана олади.
Г о р т е н з и я (ҳаяжонланиб). Бунақа тартиблар бўлмаган гап. Ҳеч қаерда йўқ!
Р о з а. Қаердадир шундай бўлиши керак. Буларнинг ҳаммаси нимага менинг хаёлимга келиб қолди? Агар биз ниманидир ўйлаётган бўлсак, булар калламизга қаердандир келиши керак-ку. Биз, балки, Астория ҳақида қачонлардир эшитиб, кейин яна унутган бўлсак керак. Қачондир биз буларнинг ҳаммасини эслашимиз керак. Ҳаётимиз ҳам азбаройи шу орзу туфайли давом этган. Сизнингча, биз яна нима учун яшаяпмиз?
Шуъла яна йўқолади.
П а у л ь (бино соясида). Фарқни сезиш учун.
Г о р т е н з и я. Мана кўрдингми, мижоз ҳам пайдо бўлди. Ўзингни яхши тут, тил топиш, насяга ишлама. Қуруқ расмиятчиликка вақт кетказма. Вақт – пул дегани, қизалоғим (Кетади.)
Р о з а. Яхши, фрау Гортензия (Ийманиб Паулга яқинлашади.) Мен билан борасанми?
П а у л ь (кулиб). Даб-дурустданми? Салом қани?
Р о з а (тортиниб). Ассалому алайкум.
П а у л ь. Салом! (Кулади.) Мана шундан бошлаш керак. Тажрибанг ҳали йўққа ўхшайди.
Р о з а. Фрау Гортензия, доим, мен ҳаётни биламан, деб айтадилар. Лекин мен бунақа ҳаётда яшашни хоҳламасдим.
П а у л ь. Истамасанг, яшама. Совқотяпсанми? Ухлагим келяпти. Ўтир олдимга.
Р о з а (итоаткорона ўтиради). Мен билан борасанми?
П а у л ь. Балки борарман. Узоқ жойга бир ўзинг қандай борасан?
Р о з а. Узоққа?
Ой шуъласи пештахтани ёритади.
П а у л ь. Бу мамлакат ўзига зидлар рўпарасида жойлашган. Бундан у янада гўзал. Тасаввур қилгин: биз океандан сузиб ўтаётганда кучли бўрон бошланди…
Р о з а. Биз океандан сузганда бўрон…
П а у л ь. Мана ниҳоят, биз янги ватанимиз қирғоқларидамиз.
Саҳна ўзгаради, антиқа тропик манзараси, пальмалар ва фабрика қувурлари.
Ёруғ кун. Пауль ва Роза пальма соясида ўтиришибди.
Р о з а. Бу ерда қуёш жудаям улканлигини кўряпсанми? Тегирмон ғилдирагига ўхшайди.
П а у л ь. Бу муҳитда шунақа. Эҳтиёт бўл, қуёшда куйиб қолмагин (Тепадан банан тушади.) Банан ейсанми? Бананлар етилиб, ўзи узилиб тушади.
Р о з а. Ростдан-а? Қара, дўстинг келяпти.
П и с т о л е т т и пайдо бўлади. Бошида катта сомон шляпа, қўлида турфа мевалар солинган сават.
П а у л ь. Салом, Писто.
П и с т о л е т т и. Жин урсин, иссиқни қара. Бозорда қўлимга нималарнидир тиқиштиришди (Саватни ерга қўяди.) Салқин тушиши билан ишга борамиз.
Р о з а. Нима дедингиз? Сизга иш беришдими?
П а у л ь. Шундай дейлик. Бозорда ишлаймиз.
П и с т о л е т т и (кулади). Ха-ха-ха-ха! Бозорда? Ха-ха-ха-ха! Бутунлай ақлдан озибсан, йигитча, агар сени бозор чорлаётган бўлса. Сенчилангар эмасмидинг?
П а у л ь (кулади). Шундай ҳам дейлик. Писто, мен бироз ўйнамоқчийдим, мазах қилмоқчийдим. Мен металл заводида ишлайман. “Пистолетти-строй” фирмасида.
П и с т о л е т т и (камтарона). Майли, майли! Индамай қўя қол.
Қўнғироқ овози эшитилади.
Р о з а. Эшитяпсизми, кимнингдир тўйи бўляпти.
Гортензия ва Якоб никоҳ либосларида пайдо бўлади.
Р о з а. Ё, парвардигор, фрау Гортензия қаллиғи Якоб билан.
Я к о б. Эҳ, Розахон. Мен олдин жазман эдим.
Г о р т е н з и я. Нақ ўттиз уч йил давомида. Энди у қимор ўйнашни йиғиштирди, чекмайди, ичмайди, жанжаллашишни ҳам ташлади, бошқа қайлиғини ҳам унутди, учинчисини ҳам. Жамғарма банкларидаги сейфларни ҳам ўз ҳолига қўйди. Ахир булар унинг энг асосий кўнгилочар эрмаги эди.
Я к о б. Нима ҳам қилардик. Вазият ўзгарди. Роза, сиз ҳам ўзингизга бирор эркакни топишингиз керак.
Р о з а. Жазман демоқчимисиз?
Я к о б. Йўқ, қизалоқ, эр демоқчиман.
Гортензия ва Якоб, виқор билан саҳнани айланиб, чиқиб кетадилар.
П и с т о л е т т и. Нишонга аниқ урди. Фақат ишга кеч қолманг, ҳурматли уста! (Саватни олиб кетади).
П а у л ь. Мени уста этиб тайинлашди. Энди биз ўз ҳаётимизни йўлга қўйишимиз мумкин.
Р о з а. Осмоннинг мовийлигини қара. Ҳақиқий мовий ранг шу бўлса керак.
П а у л ь. Ҳамма ер энди бизники. Далалар, пальмалар, уйлар, фабрикалар.
Р о з а. Қуёш ҳам. Тегирмон тошидек катта қуёш! Бу ҳақиқий… ҳақиқий ҳузур-ҳаловат. (Паулни ўпади.) Азизим, менга дўстингнинг саватидан бирорта грейпфрут олиб бер.
Пауль бошини кўтаради, қуёш йўқолиб, саҳна яна эски ҳолатига қайтганини кўради. Розанинг кўзлари юмилган, шунинг учун у ҳали буни кўрмади.
Р о з а (уйқусираб). Берақолсанг-чи, илтимос. Нима бўлди?
П а у л ь. Ҳеч нарса. Яна бироз сабр қил. Яна озгина ухла. Тушинг бироз чўзилсин.
Осмон кул рангга бўялади.
Р о з а. Осмон яна кул ранг тус олишидан қўрқиб турибман.
П а у л ь. Ҳечам бундай тусга кирмайди.
Роза бошини унинг елкасига қўйиб ухлаб ётибди. Пауль “Осмон кулранг бўлганда”
қўшиғини айтади:
Юлдузлар сўнди изсиз,
Қуёш ҳали боқмади.
Осмон юзини шу кез.
Тунд булутлар қоплади.
Уйғотар эл бу маҳал
Ғурбатга чулғаниб чўнг –
Ибодат қилиб аввал,
Бир-бирин қирарлар сўнг.
Эй, сен-чи, ялангоёқ
Аҳволингга бир қара.
Қиш забтида ҳамма ёқ,
Ҳасратингга йўқ чора,
Ёришгайдир кун, бироқ
Тарқагайми дилдан мунг,–
Очликдан танда титроқ,
Ўз тўдангга қўшилгунг.
Ҳар тонг ўқиб, варақлаб
Туш китобин пайдар-пай –
Ўз оламин яратар
Бамисоли даҳодай.
Вужудинг қийнаб, очлик
Қила бошлар тантана.
Етар. Қўй орзуга чек,
Жандарм кутар, ана!
П и с т о л е т т и (саҳна ортидан). Пауль! Пауль!
Пауль ва Роза сапчиб турадилар. Саҳнага газета ушлаб Пистолетти югуриб киради.
П и с т о л е т т и. Мана, ўқи!
П а у л ь (тутилиб, ўқийди). Лондондаги Халқаро иқтисодий анжуманда ҳамманинг эътиборини тортган воқеа содир бўлди. Ишсизлик муаммоси бўйича баҳс-мунозара бошланганда…
П и с т о л е т т и (қўлидан газетани юлиб олади). … минбарга Астория элчихонаси маслаҳатчиси Хупка кўтарилиб, тантанавор тарзда эълон қилди… (Ўқишни тўхтатади.) Хупка? Хупка? Мен уни танийман, ахир.
П а у л ь. Давом эт.
П и с т о л е т т и. … тантанавор эълон қилди: “Астория фуқаролари ичида шу пайтга қадар бирорта ҳам ишсиз йўқ”. (Катта пауза. Ҳаммаси элчихона дарвозасига тикилиб қолади. Кейин Пистолетти ўзини қўлга олиб, ўқишда давом этади.) “Асторияда бирорта ҳам бемор, бирорта ҳам оч одам йўқ. Болалар ўлими ноль бутун нолни ташкил этади”.
Пистолетти газета ўқиётган пайтда саҳнага Я к о б н и судраб Г о р т е н з и я кириб келади. Ҳамма диққат билан қулоқ солиб турибди. Узоқ сукут. Ҳамманинг кўзи дарвозада. Кейин, буйруқ бўйича, ҳаммаси дарвоза томон югуради.
Ҳ а м м а. Очинг! Очинг! Очинг!
Дарвоза олдидаги эшик очилади. Жуда башанг кийинган Хупка пайдо бўлади. У бир дақиқага ҳайратланиб тикилиб қолади, кейин орқасига тисарилиб, одамлар орасидан ўтиб кетмоқчи бўлади. Пистолетти уни таниб қолади.
П и с т о л е т т и. Хупка. Дўстим!
Х у п к а (ижирғаниб). Мен сизни танимайман.
П и с т о л е т т и. Ҳа, жаноб Хупка бўлиб қолибсан-ку? Жаноб Хупка?
Х у п к а (саросимага тушиб). Сизга нима керак?
Ҳ а м м а (Хупка томон интилиб). Асторияга кириш визаси!
Хупка чўчиб парда орқасига беркинади. Пистолетти “Номус тўғрисида қўшиқ”ни куйлайди:
Емоқни истасанг, бас,
Нонингга сариёғ суркаб,
Ҳаёт ҳақида эмас,
Табиатдан очгин гап.
Доим роҳатинг кўзла
Аросатда қолмасдан,
Кўнглинг майлини ўйла,
Сен – одамсан, молмассан.
Ярашмас сенга ғамлар,
Мунглантирма юракни,
Ҳамма оқил одамлар
Орзуларлар юксакни.
Бойликка йўқ чек ҳеч бир,
Ул чегара қайда бор?
Фақат номус муҳимдир,
Фақат муҳим виждон-ор.
Софлигинг қилар сармаст,
Ёруғлашар сенда нур.
Дўкондан кийинибмас,
Чиқасан адил, мағрур.
Агар сенинг устингга
Ағдарсалар мағзава,
Либосинг доғ бўлса-да,
Номусинг қолар тоза.
Ўйинчилар ўртаниб,
Енгмоққа шошар доим.
Ўйнар улар қартани,
Виждонда туриб қоим.
Яшасанг, о, сабр-ла,
Яшасанг сурур билан!
Шунда ётгунг қабрда
Покиза ғурур билан!
БЕШИНЧИ КЎРИНИШ
Туширилган парда ортидан бир неча марта: “Навбатдаги кирсин” деган сўзлар эшитилиб турибди. Парда кўтарилганда саҳнада визалар бериш бўлимининг қабулхонаси кўринади. Хизмат хонаси ташрифчилар хонасидан баланд девор билан ажратилган. Унда учта ойнача бор. Лекин фақат биттаси – 1- ойна очиқ, унинг ортида Хупка қабул қиляпти. Деворда плакатлар: “Астория нефть заёмларига ёзилинг!”, “Асторияликлар, фақат Астория солиқларини тўланг!”, “Гўзал Асторияга борманг!”
Хупка ҳолдан тойган.
Х у п к а. Фахрий фуқаро 23687-рақамни таклиф қиламан. Тиқилманг.
Ойначада ташрифчи кўринади. Кўкрагида 23687- рақам.
23687-м и ж о з. Жаноб маслаҳатчи, сиздан бениҳоя миннатдорман. Кечаги кунгача менинг фуқаролигим йўқ эди. Сизга ҳужжатларимдан маълумки, ватаним мени фуқароликдан маҳрум қилди, ваҳоланки олим сифатда, мен бор кучим ва қувватим билан унга хизмат қилгандим. Янги ватанимда Астория фани учун хизмат қиламан… Нега куласиз?
Х у п к а. Нега куляпман? Бунинг 23687 та сабаби бор, профессор. Биринчидан, бутунлай гангиб қолганимдан.
М и з о ж (базўр илжаяди). Шундай денг! Чарчадингизми? Бўлмаса, қуруқ расмиятчиликни тезроқ бажарамиз… (Унга паспортини чўзади.)
Х у п к а. Албатта, профессор, тезроқ бажарамиз. Арзимас нарса етишмаяпти, 1934 йилда қаерда яшаганингиз ҳақида маълумотнома йўқ.
М и з о ж (кулади). Лекин, жаноб маслаҳатчи, мен 1934 йилда қаерда яшаганимни бутун дунё билади. Бу ҳақда ҳамма газеталар ёзган.
Х у п к а. Амалдорлар газета ўқимайди. Улар фақат маълумотномаларни ўқийдилар. Кейинги фахрий фуқаро кирсин!
М и з о ж . Аммо, жаноб маслаҳатчи, мен…
Г о р т е н з и я (олдинга интилади, 23687-га қараб). Айтилди-ку, кейингиси деб. Ҳали бу ерда кўп турасизми? Мен соат бешдан бери навбат кутаман…
Қаршилик кўрсатаётган 23687-ни ойнача ёнидан судраб олиб кетишади.
Х у п к а. Бунақалар билан иш осонроқ кечади.
Г о р т е н з и я. Жаноб маслаҳатчи, бу гал ҳаммасини олиб келдим. Ҳаммасини. Мана, харид қиладиган дўконнинг эгаси олган эмдорилар ҳақида маълумотнома. Мана бу менинг энг катта жиянимнинг никоҳ гувоҳларининг никоҳ гувоҳномалари. Мана бу эса менинг барча 592 та қаллиғимнинг яхши хулқ-атвори тўғрисидаги 592 та ёзма шаҳодатномалар.
Х у п к а. Сизнинг уйингизда уч йил давомида сақич эритувчи яшаб, полицияда бу ҳақда рўйхатдан ўтмаган.
Г о р т е н з и я. Бундай бўлиши мумкин эмас! Мана, полициянинг рўйхати ҳақида маълумотнома, мана бу эса, сақич эритувчининг ўлими ҳақида гувоҳнома.
Х у п к а. Етарли. Солиқлардан бўнак ҳисобига 1 фунт ва нефть заёми учун 1 фунт тўлайсиз.
Г о р т е н з и я. Нима дедингиз? Заём ихтиёрий деб айтмаганмидингиз?
Х у п к а. Хато ўтибди. Мажбурийлигини кейин билиб қолдик.
О в о з л а р. Ўтинг, ўтинг тезроқ. Ким навбатни тўхтатиб турибди?
Г о р т е н з и я (ойначага ёпишиб олади). Илтимос, жаноб маслаҳатчи! Мана менинг сўнгги жамғармаларим, жаноб маслаҳатчи!
Х у п к а. Яхши. Асторияча гаплаша оласизми?
Г о р т е н з и я (довдираб қолади). Билмасам…
Х у п к а. Кейинги фахрий фуқаро кирсин.
Қаршилик кўрсатаётган Гортензияни ойнача ёнидан итариб чиқаришади.
Х у п к а. Албатта! (Ўзига.) Асторияча. Ажойиб фикр.
Р о з а. Илтимос, жаноб маслаҳатчи, мен уч ҳафтадан бери ҳар куни шу ерга келаман, жаноб маслаҳатчи, менга виза керак.
Х у п к а. Ҳечқиси йўқ, қизалоқ. Сиз асторияча тилини биласизми?
Р о з а (қувониб). Ҳа. Биламан.
Х у п к а. Нима-а-а?
Р о з а. Яхшигина гапираман. Studio applikado pane consulario. Tres semenas studio lungus satorica! Tante voluntes imigratione en Astoria. Soy pur piccolo girl. Sed enough pinke-pinke foer piccolo Toussaint Langenscheidt. Бошловчилар учун астория тили. (Китоб кўрсатади.)
Х у п к а. Қойил! Ҳа. Қизалоқ, менинг биттагина жуда мураккаб оҳангжамам қолди, бу ердан ҳеч ким ўтиб кетмаслиги учун.
Р о з а. Тушунмаяпман, жаноб маслаҳатчи!
Х у п к а. Ҳозир тушунасан. (Расмий оҳангда.) Виза учун 250 фунт тўлашингиз керак.
Р о з а. Икки юз эллик… фунт?
О в о з л а р. Ўтинг, ўтинг! Энди менинг навбатим!
Р о з а. Қаердан оламан… (Йиғлайди.)
Х у п к а. Йиғламанг! (Бақиради.) Йиғламанг!!! (Ойначани тарақлатиб ёпади, беҳол стулга ўтиради, қулоқларини беркитади.)
О в о з л а р (ҳаммаси баравар, секин, лекин жуда талабчан оҳангда). Жаноб маслаҳатчи! Жаноб маслаҳатчи!
Б о ш қ а о в о з. Менинг ишим нима бўлади?
Б о ш қ а о в о з. Мен 23690 фахрий фуқароман.
Б о ш қ а о в о з. Мен 23692-чи.
Б о ш қ а о в о з. Мен 23700-чи.
Б о ш қ а о в о з. Биз ҳаммасини олиб келдик, жаноб маслаҳатчи!
Б о ш қ а о в о з. (талабчан оҳангда). Қонун қонундай бўлиши керак, жаноб маслаҳатчи.
Х у п к а (туради). Ҳаммаси тўғри. Қонун қонундай ўрнида бўлиши керак. Мен сизлардан қутулишим керак, ҳурматли дўстлар! Аммо тартиб-қоида асосида. (Тахтачани олади.) “Ҳамма маълумотлар 2- ойначада”. (Уни 1- ойна тепасига осиб қўяди.) Мана. Энди сиз 2- ойнага мурожаат қилсангиз (Тахтачани олади.) “Барча маълумотлар 3-ойнада”. Учинчи ойнада эса (Яна тахтачани олади.) “Барча маълумотлар 1- ойнада” (Уччала тахтачаларни тегишли ойначаларнинг тепасига осади.) Мана шунақа, азизларим. Сиз чунонам бир-бирингизни тепалаб олдинга интиляпсизларки, шунга қарамасдан 1-ойнага етиб келгунингизча кўп кунлар ўтиб кетади. Унгача 1-ойнага нимага мурожаат қилганингизни унутиб юборасиз ва аввал 2-, кейин 3- ойнага мурожаат қилаверасиз. Бу усул менинг янги буюк ихтироим бўлади. Фақат бундай ноёб кашфиётимни қандай аташни билмай турибман.
Шу пайт кимдир 1-ойначадаги тахтачани юлиб олади. Пауль пайдо бўлади.
П а у л ь. Қандай разиллик!
Х у п к а. Нима дедингиз, яхши йигит?
П а у л ь. Пасткашлик.
Х у п к а. Миннатдорман, сиз жуда тўғри ном топдингиз.
П а у л ь. Сиз – разил, бир пулга қиммат одам экансиз, ҳаммамизни лақиллатиб юрибсиз.
Х у п к а. Яна бир бор ташаккур. Менга бу ҳақда очиғини айтадиган вақт келганди ўзи.
П а у л ь. Биз кир-чир, оч-яланғочларни, ҳаёт муттасил бир ердан бошқа ерга ҳайдайди.
Х у п к а. Сиз менда энг қимматли хотираларимни уйғотдингиз – сизга ёрдамим керакмасми, мабода?
П а у л ь. Асло. Мен ўзимга тегишли бўлган нарсани талаб қиламан: мен Асторияга боришим керак.
Х у п к а. Агар мен сизга шу ерда, элчихонада хизматкор лавозимини таклиф қилсам, бунга қандай қарайсиз? Дугонангизни эса, агар у сизда бўлса, оқсоч қилиб оламиз.
П а у л ь (завқланиб). Жанобларнинг хизматкори, шундайми?
Х у п к а. Ялтироқ кийим-бош бераман… яна бир гап. Сиз доимий иш ўрнига ўттизта ёш, бақувват ва истараси иссиқ одамларни қидириб топасиз. Ойига 15 фунтдан тўлайман. Бепул кийим-бошни қўшган ҳолда.
П а у л ь. Шунча хизматкорни нима қиласиз, жаноб?
Х у п к а. Сиз бу ерда солиқларни сидқидилдан тўлаб, нефть заёмларини сотиб олганингиздан бери, жаноблар нефть билан шуғулланиб, хўжаликни кенгайтиришди. Яна илтимослар борми?
П а у л ь. Ҳа, кимга мурожаат қилишим керак?
Х у п к а. Хизматкорлар учун йўлакдаги катта хизматкор Жеймсга. Яна гапингиз борми?
П а у л ь. Ҳа… хизматкорлар кийими зар билан тикилганми?
Х у п к а. Фақат зар билан. Яна нима дейсиз?
П а у л ь. Ҳеч нарса. Катта раҳмат, жаноб маслаҳатчи!
Х у п к а. Бошқа ҳеч қандай илтимослар бўлмайдими? Яхшилаб ўйлаб кўринг.
П а у л ь (ўйланиб қолади, кутилмаганда, кайфияти кўтарилиб, қаддини ростлайди). Сизни ҳайит билан табриклашга ижозат бергайсиз! (Кетади).
Х у п к а. Раҳмат. Бошқа ҳеч қандай истакларингиз йўқлигидан бахтиёрман. Асторияга буюк саёҳат нима бўлади? Одамларнинг сотқинлигидан ҳеч қачон шубҳа қилмаганман. Аммо уларни шунчалик осон сотиб олиш мумкинлигини билмаган эканман.
«Одамларнинг сотқинлиги» тўғрисида қўшиқ куйлайди:
Мансабдорлар бунча ҳаддан ошмаса!
Осмон қадар ўсиб кетди нарх-наво.
Бозорлар кўпириб қайнайди роса,
Биржалар – бамисли баҳорий ҳаво.
Фақат битта молнинг нархи ўзгармас,
Барчасидан кўра доим турар паст.
У-ла савдо қилган форс ҳамда юнон
Ҳа, топдингиз уни: у – инсон.
Нархи ўн фунт стерлинг ҳар донасига,
Бироқ бунда ҳисоб фақат бош билан.
Шуниси тайинки, эгаси сизга
Уринтирмай уни етказар илдам.
Аммо бўлинг фақат шубҳадан холи,
Ёғилиб кетгайдир қўлингизга пул.
Чириб кетмайди у мева мисоли,
Тангрининг беназир неъматидир ул.
Бундайин зот билан бозор лиқ тўла,
Демак у жуда ҳам қимматмас, арзон.
Жисми аъло эмас, руҳи ҳам пўла,
Улгуржига олса бўлар ҳар қачон.
К е л у в ч и л а р:
Алдадинг бизни осон,
Умидимиз бўлди ер.
Ваъда қилдинг бизга нон,
Қани у нон, жавоб бер!
Бу корингдан энди кеч:
Инсон сотилмагай ҳеч!
Қўшиқнинг сўнгги байти янграётганда саҳна ортида ғала-ғовур ҳаракат юзага келади. Қабулхонадагиларнинг шовқини кучаяди, одамлар тарақ-туруқ қилиб тўсиқларни
ура бошлайди. Айримлари йиқилиб кетай дейди. Хизматкор Жеймс пайдо бўлади.
Ж е й м с (худди ўзига ўхшаб махсус кийимбош кийган бир нечта хизматкорга бошчилик қилади. Улар орасида – Пауль ва Пистолетти. Воқеалар шиддат билан давом этади). Қўрқманг, жаноб маслаҳатчи! (Ҳуштак чалади. Хизматкорлар гуруҳини уларнинг бошчиси ҳарбийча қадам билан бошлаб кетади.)
П а у л ь. Яна кимнинг илтимоси бор? (Кетади.)
Саҳна ортида тўхтовсиз ҳуштаклар эшитилади, ташрифчиларнинг қўшиғи тинади.
Х у п к а. Тўхтанг! Мен бунақа бўлишини истамагандим, эшитяпсизми? Орқага. Менинг айбим йўқ! Орқага! (Беҳол стулга ўтиради.) Қандай тартибсизлик!
Бир неча сониягина давом этган шовқин дарров тинади. Яна Жеймс пайдо бўлади.
Ж е й м с. Тартибсизлик? Ижозат берсангиз айтаманки, умуман бунинг акси.
Х у п к а. Акси?
Ж е й м с. Тинчлик ва осойишталик. Ушбу тарихий вақтда бирмунча ғайриоддий тарзда пайдо бўлган Астория нимага даъво қилган бўлса, ўшанга айланди.
Х у п к а. Хўш, нимага айланди?
Ж е й м с. Давлатга айланди, жаноб маслаҳатчи.
ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ
Саҳнада тўкин дастурхоннинг бир қисми кўриниб турибди, давоми парда ортида.
А н а с т а с и я (унинг машҳур кулгиси парда кўтарилмасидан янграйди). Ха-ха-ха-ха! Маслаҳатчи дадамиз бугун аломат кўринадилар!
Х у п к а (базўр илжайиб, баланд овозда). Ҳаммангизни жин урсин. Ҳа, мен бугун жуда қувноқман! Эй, менга қаранг, мен кумушранг ниначиман, шампан ва аёлларни олиб келинг!
Г в е н д о л и н (ўнг томонида ўтирган, парда ортидан кўринмаётган ҳамроҳига). Ҳа, милорд, у оддий деҳқон бўлиб, Асторияда маккажўхори етиштирарди, шунинг учун у шунақа қувноқ. Ким ҳам унга таъна қилиши мумкин? Бугун байрам, бизнинг нефть қазиб чиқарувчи акциядорлик жамиятимиз биринчи марта кўчмас мулк тақсимлаяпти…
Умумий шивир-шивир.
Г р а ф (туради). Хонимлар ва жаноблар! Осмондан ёғилмоқда… ёки шоирона айтганда, байрам қадаҳлари. (Қарсаклар.) Худди шундай. Асториянинг тўкин-сочинлик байрами қадаҳлари, бу – гўшт емайдиганларнинг шукуҳидан баландроқ янграйди. Нефть – иқтисодиётимизнинг таянчи. Мен синчиклаб экспертларимизнинг ёзма хулосасини текширдим. Ажойиб, ҳа, ҳаммаси зўр! Бизнинг нефть умуман ҳидсиз. Бундан ташқари, бизнинг нефть дунё бўйича энг арзони. (Қарсаклар.)
А н а с т а с и я (Хупкага). Шу ростми?
Х у п к а. Ҳа-да, йўқ нарсанинг ҳиди ҳам бўлмайди ва уни ташиш ҳам бехатар. Харидорларга ҳам, экспертларнинг хулосаси каби, арзонга тушади.
Г в е н д о л и н (асабийлашиб). Хупка!
А н а с т а с и я . Жин урсин. Бу ярамас доим тагдор қилиб гапиради!
Дафтарчасини беркитади.
Г р а ф. Олий ҳазрат Седлачек VIII ҳукумати, мен уни сизга таништираман, ўзининг нефть сиёсати билан жаҳонда тилга тушди. Агар шу пайтгача гербимиз уч оёқли арслон бўлган бўлиб, унинг оёқлари шамоллар атиргулининг учта томонини билдирган бўлса, бугунги кундан бошлаб гербга тўкин-сочинлик байрами қадаҳини қўшамиз, ундан бензин дарёдек оқиб турибди. Бундан ташқари…
Г в е н д о л и н. Бўлди, азизим.
Г р а ф (қадаҳни кўтаради). Gentlemen – The King!
Ҳ а м м а. Виват.
Г в е н д о л и н. Жаноблар! Сизга таништириш бахтига муяссар бўлиб турган Олий ҳазратлари ҳукуматининг пухта ўйланган қонунчилиги туфайли, Астория халқи, заёмга имзо чекиш пайтида мурувват кўрсатиб, Акциядорлик жамиятимизга муайян таъсир кўрсатиш имконини берадиган маблағларни давлатга топширди. Хориждаги 80 000 та асторияликларнинг ҳар бири ўз ҳиссасини қўшди. Албатта, Астория қироллигининг кенг ҳудудларида яшовчи барча аҳоли ўз бурчини сўзсиз бажарди.
А н а с т а с и я (Хупкага). Сўзсиз?
Х у п к а. Фақат кар ва соқовлар кўмилган қабристондагидек сўзсиз.
Г в е н д о л и н (Хупкага ғазабнок назар ташлайди). Ҳукуматимиз ўз халқидан миннатдор бўлишни билади. Ҳаммангизга маълум, нефть қудуқларини қазиш билан шуғулланаётган бечора ишчиларнинг меҳнати қанчалик машаққатли, ҳаммангиз биласиз, бунда кийим-бошни қанчалик кир қилиш мумкинлигини. Бизда эса ундай эмас. Бизнинг нефть энг тоза усулда олинади. (Қарсаклар).
А н а с т а с и я (Хупкага). Бу шунд-а-а-й-й-й-м-м-и?
Х у п к а. Менга қаранг, биржа муғамбирликларидан ҳам тоза нарса бўлиши мумкинми?
Г в е н д о л и н. Яшасин нефть қазиб чиқарувчи Астория-акциядорлик жамияти қироллиги!
Ҳ а м м а. Виват!
А н а с т а с и я (Хупкага маъноли назар ташлаб). Бу айёр-муғамбир жумбоқли гаплари билан бошимни айлантириб ташлади. Уни гапга солиш керак. (Хупкага мурожаат қилади). Бугун ажойиб ҳаво, шундайми?
Шу пайт Пистолетти пайдо бўлади ва Жеймс билан бирга дастурхон атрофидаги меҳмонларга хизмат қилади. Хупка Пистолеттига тикилиб қолади. У Анастасиянинг саволини жавобсиз қолдиради. Унинг ўрнига суҳбатга Гвендолин қўшилади.
Г в е н д о л и н. Гапингизга бутунлай қўшиламан, ёмғир челаклаб қуйяпти.
Г р а ф. Қойил! Оппоқ қор кўчаларни тўшакдек қопламоқда!
Х у п к а (ўзига келиб). Йўқол, йўқол, арвоҳ!
П и с т о л е т т и чиқиб кетади.
А н а с т а с и я. Нима бўлди, асториялик қушчам менинг?
Х у п к а. Умиди? Ё умасмиди? Ақлдан озяпман. У бўлиши мумкин эмас.
Г в е н д о л и н. Ким у?
Х у п к а. Ким? Менинг одам қиёфасидаги нопок виждоним. Буларнинг ҳаммаси сафсата. Менинг нопок виждоним ҳозир Муқаддас Ульрих касалхонасида бир бўлак сариёғ учун оқ сичқонлар билан мусобақалашиб ётибди.
Г в е н д о л и н (ўнгдаги ҳамроҳига). У бугун бироз кўпроқ ичган, милорд.
А н а с т а с и я. Тўнғизга ўхшаб ичиб олган! Оғажон, менинг қалбим керакми сенга? Ёки иссиқ баданимми?
П и с т о л е т т и пайдо бўлади ва индамасдан меҳмонларга хизмат кўрсатади.
Х у п к а (титраб кетади, кўзини юмиб олади). Униси ҳам, буниси ҳам. Фақат мана бу нусхани бошқа кўрмасам!
А н а с т а с и я. Мен сенга отамни ҳам икки ярим тийинга сотиб юбораман.
Х у п к а. Жин урсин отангни!
Бир неча сониядан кейин П и с т о л е т т и кетади.
Х у п к а (секин кўзини очади). Анави хизматкорнинг арвоҳи йўқолдими?
Г в е н д о л и н. Хупка! Ўзингизни қўлга оласизми-йўқми? Сиз ишратхонада эмассиз. (Ўнг томондаги ҳамроҳига.) Бироқ об-ҳаво, милорд, кеча яхши эди…
Г р а ф. Ажойиб қуёш тутилиши бўлди…
Х у п к а. Биламан, у қайтади. Ахир бу пасткашликларда менинг айбим йўқ-ку! Бу майнавозчиликда, ёлғонда менинг айбим нима? Мен бунчалик бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим (Графнинг енгидан ушлаб олади.) Мен буни истамагандим.
Г р а ф (қотиб қолган нигоҳда). Қандайдир нодон менга яна қилтаноғи кўп балиқ берди. Лекин мен – тинчликсеварман.
Х у п к а. Сизга яхши. Чунки ақлдан озгансиз.
Г в е н д о л и н. Хупка. Ҳозироқ тилингизни тийинг ва қадаҳ сўзини айтинг.
Г р а ф (Гвендолинга суяниб, қадаҳни чертади) . Сўз лорд Кравонийга.
Х у п к а. Қадаҳ сўзи…
П и с т о л е т т и киради.
Х у п к а (тушкун ҳолатда кўзларини юмиб олади ва бор кучи билан бақиради). Girls and boys! Хушхабарга диққат қилинг. Кеча қиролимиз Олий хазратлари Седлачек VIII Асторийский Ольяпотриданинг меросхўр шаҳзодаси Ионас Амандус билан тантанали никоҳдан ўтди. Бу никоҳ шу кунга қадар ўн иккита бақувват болакайни дунёга келтирдики, улар араб сонлари билан рақамланадилар. Шу билан бир вақтда ортимда битлиқи воқеликдан бу ерга қандайдир тарзда келиб қолган менинг нопок виждоним турибди. Бу виждон бошимга тартар соусли таом билан туширмоқчи. Аммо бу адолатсизликнинг ўзгинаси. Менинг айбим йўқ. Мен фақат сеҳрли сўзни айтдим, холос. Girls and boys! Бу сўз – давлатдир. Ҳаммаси мана шундан кейин бошланди. Мен ҳеч қачон ўзим чақирган арвоҳлардан қутулолмайман энди! Бу ўзимга ҳам керак эмас. Куф-суф мендан! Қоч! Йўқолларинг ҳамманг!
Хупканинг сўзларидан атрофдагилар таажжубланиб шивир-шивирга тушдилар. Хупка ваъзхонлиги охирида курсиларнинг шовқин билан тарақлаши ва “Shocking!”* деган бақириқлар эшитилади.
Г в е н д о л и н (ўнг томондаги ҳамроҳига). Аммо, милорд! Жаноблар! У умуман бошқа нарсани айтяпти. Кетманг, милорд!
Томошабин нигоҳидан четда қолган милорднинг ортидан кетади.
П и с т о л е т т и ҳам кетади.
Г р а ф. Меҳмонлар кетишяптими ёки менинг кўзларим алдаяптими? (Кетади.)
Х у п к а (кўзини очади). Манави қўрқоқ итлар мени ёлғиз қолдиришди.
А н а с т а с и я сирли кўринишда парда ортидан пайдо бўлади.
Кутилмаган ҳаракатдан Хупка сесканиб кетади.
А н а с т а с и я. Бу бор-йўғи менман. Мен сен биланман, Хупка амакигинам!
Х у п к а. Худога шукур, ҳеч бўлмаса битта одам қолганига.
А н а с т а с и я. Мен сендан сирларингни юрагингдан суғуриб олишимни истамасанг, мендан қурол сотиб оларсан-а, балки? Ажойиб замбараклар, зўр тўппончалар. Миллатлар Лигаси бу борада ҳеч нарса сезмайди.
Х у п к а. Йўқ, йўқ. Замбараклар ҳақида гапирмайлик.
А н а с т а с и я. Бўлмасам, муҳаббат ҳақида гапирамиз. Асторияликлар шевасида. (Ҳиқичоқ тутади.) Хупка! Oh nos femina amadeus mannlicher triumfadores. Nostros sweetheart quasi Albatros non stopflug en amore.
Х у п к а. Илтимос, бас қилинг. Бўлмаса мен бутунлай ақлдан озаман.
А н а с т а с и я (соатга қарайди. Тўсатдан умуман бошқача овозда). Манави тўполон-жанжалдан ақлдан озмай бўладими, ахир?!
Х у п к а. Анастасия, одамга ўхшаб гапирсангиз-чи!
А н а с т а с и я. Шу дақиқадан бошлаб ўн икки яримгача мен, худога шукур, яна Аннерлман. Ҳозир тунги танаффусдаман. Сизнингча, мен айғоқчи бўлсам, ортиқча вақт учун текинга ишлашим керакми? Албатта, менинг бошлиғимга бу жудаям ёқиб тушади. (Урчуқларни олиб тўқишга тушади.) Мен эса унга жавобан “Бекорларни айтибсан!” дейман.
Х у п к а. Бекорларни айтибсан! Этим жимирлашиб кетяпти, анчадан бери бунақа бўлмаганди. Фройляйн Аннерль, сиз бир неча ҳафтадан бери мен билан одамга ўхшаб гаплашаётган биринчи инсонсиз. Яратганга шукур!
Анастасия туради.
Х у п к а (чўчиб). Қаерга?
А н а с т а с и я. Қаҳвахонага, учрашувим бор, йигитим мени сельтер билан меҳмон қилмоқчи. Кечирасиз-ку, лекин мен бир кунда саккиз соат дипломатлар билан ишлаганимдан кейин, тушлик танаффусда дурустроқ одамлар билан ўтиришга ҳаққим бордир? Майда хизматчи бўлсам ҳам.
Кетади. Хупка бир ўзи қолади. Эшик олдида П и с т о л е т т и пайдо бўлади.
Х у п к а. Сичқонни ини минг танга. (Кетмоқчи бўлади.)
П и с т о л е т т и. Милорд бирор нарсани истайдиларми?
Х у п к а. Мен… мен сизни танимайман.
П и с т о л е т т и. Хотирангиз учун манавилар жудаям оғирлик қиляпти (Хупканинг кўкрагидан орденларни ечади.) Жаноб маслаҳатчи эътироз билдирмайдиларми?
Х у п к а. Биласизми, сиз ўзингиз нима хоҳлаётганингизни англамаяпсиз. Бизнинг давлатимизда ҳаммаси зўр… Графнинг ҳам ғамини ейишган, менинг ҳам ғамимни ейишган, нефтнинг ҳам…
П и с т о л е т т и. Қимматли хотирангизни ҳалиям нимадир эзиб турибдими. (Хупканинг галстугини ечади.) Жаноб Хупка эътироз билдирмайдиларми?
Х у п к а. Эпчил хизматкорларнинг ҳам ғамини ейишган!
П и с т о л е т т и. Элчихона бошлиғининг қимматли боши ҳалиям бўшамадими? (Цилиндрни ечади.)
Х у п к а. Қолганларга келсак…
П и с т о л е т т и. Ҳа, қолганларга келсак. Ниҳоят эсладик.
Х у п к а. Менга қара, Писто!
П и с т о л е т т и. Буни қара-я! Мени танияпсизми? Яхши, яхши.
Х у п к а. Писто! Нимага сизлаяпсан мени? Касалхонадан қандай чиқдинг? Бу кийим-бошни қаердан олдинг?
П и с т о л е т т и. Мана шуларни киймасдан, азизим, сенинг олдинга яқинлашиб бўлмасди. Касалхонадан эса чиқиб кетганимнинг сабаби – қимор, бечора дайдининг қимордан тийилиши жудаям қийин.
Х у п к а. Тушунмаяпман.
П и с т о л е т т и. Шунинг учун ҳам “сиз”лаб гаплашяпмиз.
Х у п к а. Писто, наҳотки мен учун бирорта таскин сўз тополмасанг?
П и с т о л е т т и. Топилади! Жуда ҳам сўз топилади. Нимага сен ва сенинг шерикларинг бизни Асторияга қўймаяпсанлар?
Х у п к а. Нимага дейсанми? (Ўйланиб қолади. Кутилмаганда ажойиб фикр келади.) Ҳа-я, нимага?
Сездирмасдан Гвендолин пайдо бўлади. Уни фақат Пистолетти кўради.
Х у п к а (завқ-шавқланиб). Мана энди нефть туфайли пулимиз ошиб-тошиб кетгандан кейин бирорта мамлакатни – бир парча ерни ва ўрмонларни сотиб олиб, ҳаммангизни ўша ерга жойлаштириб, сизлар учун фабрикалар қуришимиз, сизларга омочлар ва ер совға қилишимиз мумкин… Ҳа-ҳа, ер! (Пистолеттини қучоқламоқчи бўлади. Аммо Пистолетти уни итариб ташлайди. Хупка Гвендолинни кўради, ҳиссиётлар таъсирида қўлидан ўпмоқчи бўлади.) Графиня, мен нимани назарда тутаётганимни тушуняпсизми?
Г в е н д о л и н (уни итаради). Ҳа, жудаям яхши тушуняпман. Сиз оммавий жанжал уюштиришнинг устаси экансиз! Бўйинбоғсиз хизматкорлар ва қўзғолончилар билан махфий музокаралар олиб боряпсиз! Сизнинг ўрнингиз бу ерда эмас, балки ялангоёқлар орасида!
П и с т о л е т т и. Ялангоёқлар номидан мен қатъий эътироз билдираман!
Х у п к а. Мен нима деганимни наҳотки тушунмадингиз? Шу пайтгача Асторияда ҳеч қандай ерлар йўқ эди!
П и с т о л е т т и. Ерлар йўқ… Ажойиб ва ғаройиб!
Г в е н д о л и н. Сиз учун ер сотиб олишимни истаяпсиз, шундайми? Кейин қандайдир муҳандис Асторияда нефть йўқлигини исбот қилсинми?
П и с т о л е т т и. Нефть йўқ… Бориб турган хаёлпарастлик!
Х у п к а. Биласизми, графиня, ҳозир… Ахир ўзингиз ўшанда йўлда мамлакат сотиб олмоқчи эканингизни айтгандингиз… энди сиз биржа соҳиби бўлиб олдингиз. Бизнинг ҳам аҳволимизга тушунишга ҳаракат қилинг! (Гвендолин кулади.)
П и с т о л е т т и. Биржа эгаси бизнинг аҳволимизни тушунармиш? Мана буниси уччига чиққан хаёлпарастлик! (Гвендолин кулади.)
Х у п к а (беҳол нигоҳини Пистолеттидан Гвендолинга кўчиради). Мен… ҳеч нарсани тушунолмай қоляпман… Писто, нимага мен ҳеч нарсани тушунмаяпман?
П и с т о л е т т и. Сизга манави тик турган ёқа халал беряпти. Ижозат берсангиз… (Ёқасини тортиб олади.)
Г в е н д о л и н (кулади). Йўқ, азизим Хупка…
Х у п к а. Йўқ? Бўлмасам, Асториянгизга тупурдим. Шуни билиб қўйингки, бугун мен ҳаммасини фош қиламан.
П и с т о л е т т и. Хупка! Дўстим!
Х у п к а. Писто, оғайни!
Хизматкор Жеймс пайдо бўлади.
Г в е н д о л и н. Жеймс. Манавиларни ҳибсга олинг!
Х у п к а (Пистолетти билан бирга деразадан сакраб тушади). Астория йўқ. Бу ҳақида энди ҳамма билиб олади!
Г в е н д о л и н. Жеймс…Жеймс. Сиз доим менинг энг яхши хизматкорим бўлгансиз… Сиз менга ёрдам беришингиз керак!
Ж е й м с. Хизматингизга тайёрман, графиня хоним… аммо…
Г в е н д о л и н. Нима аммо…?
Ж е й м с. Хизматингизни бажонудил бажараман, лекин сиз менга бутун ҳокимиятга беришингизни талаб қиламан!
ЕТТИНЧИ КЎРИНИШ
Қаҳвахонада Журналист ва котиба.
Ж у р н а л и с т. Ёзинг, хоним, махсус мухбиримиз Асториядан хабар беради!
К о т и б а. Нимани хабар беради? Ҳеч бўлмаса бир неча кунга Асторияга бориб келсак бўлармиди.
Ж у р н а л и с т. Ақлдан оздингизми? Сизнингча, Тинч океани сувларидан олтинчи қитъа сузиб чиқиши керакми? Умуман олганда, бу шинам қаҳвахонадан мени ҳеч ким судраб чиқара олмайди!
К о т и б а. Бўлмаса, нимани ёзаман?
Ж у р н а л и с т. Бирор нарсани ўйлаб топамиз-да. Ёзинг: узун пичоқ ва болта ёрдамида Асториянинг ўтиб бўлмас чангалзорларидан ўзимизга йўл очмоқдамиз..
К о т и б а. Бирам бу ернинг ҳавоси ёмон экан…
Ж у р н а л и с т. Ахборот учун ташаккур. Ёзинг: бу минтақанинг нам ҳавоси ўпкаларимизни тешиб юборяпти.
К о т и б а. Официант, озгина қаҳва келтиринг, илтимос!
Ж у р н а л и с т. Раҳмат. Қаршимизда қора танли одамхўр пайдо бўлди…
К о т и б а. Кўпиксиз бўлсин!
Ж у р н а л и с т. Қандай шафқатсизлик! Душманлар уни ваҳшийларча қийнайдилар. Унинг лабларидан кўпик чиқа бошлади.
К о т и б а. Сув келтиринг, илтимос!
Ж у р н а л и с т. Ҳамроҳларим ва мен ташналикдан азоб чекяпмиз. Азобларимизни енгиллатиш учун бир қултум ҳам сувимиз йўқ. Айтинг-чи, хоним, нима сабабдан доктор Герстингер бирдан гердайиб кетди?
К о т и б а. Хабарингиз йўқми? Ахир уни Асториянинг мухбирлик бўлимининг расмий раҳбари ва Астория миллий газетаси Европа нашрининг бош муҳаррири этиб тайинлашди-ку!
Ж у р н а л и с т. Нима? Буларнинг ҳаммаси бор гапми?
К о т и б а. Кечадан бери.
Ж у р н а л и с т. Қойил, қойил! Агар расмий мухбирлар бор бўлса, демак, ҳеч нарса ёзишнинг ҳам кераги йўқ. Сиз бўшсиз.
Хупка пайдо бўлади.
Х у п к а. Жаноб муҳаррир…
Ж у р н а л и с т. Бу нусха ким бўлди? Қачондан бери бу қаҳвахонага бегоналар кирадиган бўлиб қолишган?
К о т и б а. Элчихона маслаҳатчиси Хупка. Кечаги кундан бери истеъфода. (Кетади.)
Х у п к а. Жаноб муҳаррир, битта ўта муҳим хабарни эълон қилишингизни сўрайман.
Ж у р н а л и с т. Ўта муҳим дейсизми? Бу хавфли бўлса керак. Лекин, мен тайёрман, душанба кунги сонда сиз бутун бир саҳифани пуллик хабарлар билан эгаллашингиз мумкин…
Х у п к а. Кечирасиз, гап эълонлар ҳақида эмас, Асториянинг йўқлиги ҳақида!
Ж у р н а л и с т. Бундай очиқ ёлғон учун учта эълон билан ҳисоб-китоб қилишингизга тўғри келади.
Х у п к а. Лекин бу чин ҳақиқат.
Ж у р н а л и с т. Ҳақиқат? Бу эса янада қимматроқ туради. Сизнинг кармонингиз, ҳурматли жаноб, буни кўтаролмайди. Ўртача ҳажмдаги ёлғонга келиша қолайлик. Бу сизга ҳар бири учтадан устунни эгаллайдиган иккита эълонга тушади, холос.
Х у п к а. Аммо ҳозир ҳеч қанақа эълон ҳақида сўз бўлиши ҳам мумкин эмас!
Ж у р н а л и с т. Ҳозир деганингиз нимаси? Эълонлар ҳақида доим сўз бораверади. (Кетади.)
Х у п к а. Жаноб муҳаррир, ахир Астория йўқ деяпман!
О в о з к у ч а й т и р г и ч. Асториянинг қудрати ва Астория руҳи бугун бутун дунёни забт этмоқда. Бу йилги умумжаҳон кўргазмасида Асториянинг нефть қазиб олиш бўйича акциядорлик жамияти павильони ҳамманинг эътиборини ўзига тортди. (Хупка бу сўзларни эшитиб, нафрати тобора ошиб боради.) Астория нефтидан олинган чиқиндилардан сунъий озиқ-овқат ишлаб чиқарилмоқдаки, улар паст нархларда бўлгани сабаб яқин орада хорижда яшаётган асторияликлар учун озиқ-овқат муаммосини ечишга ёрдам беради.
Х у п к а. Ахир, Астория мавжуд бўлмаган-ку!
П и ё д а (қўлида хайрия учун ликопча ушлаган одам). Хориждаги асторияликлар сони икки миллиондан ошиб кетди. Ёрдам Беринг! Севимли ватанимиз соҳилларига қадам босгунимизча, ҳозирги қийин пайтда бизни қўллаб туринг.
Х у п к а. Оғайни, бу мамлакатнинг қаердалигини биласанми ўзинг?
П и ё д а. Йўқ!
Х у п к а. Сени у ерга олиб боришадими?
П и ё д а (дағдаға оҳангида). Йўқ!
Х у п к а. Нимага ҳалигача Асторияга ишониб юрибсан?
П и ё д а. Чунки шундан бошқа менинг ҳеч нарсам йўқ.
Х у п к а. Сиз у ерга ҳеч қачон боролмайсиз! Ҳеч қачон!
П и ё д а. Ҳе, саними, тўнғиз! (Хупкага мушт туширади. Кетади.)
О в о з к у ч а й т и р г и ч. Сахий хайриялар эвазига Астория қироллиги шундай қуролланишга эришдики,…
Х у п к а. Наҳотки бирор-бир давлат бунга чек қўёлмаса?
З о б и т киради.
З о б и т. Чек қўяди! Бизнинг буюк давлатимиз чек қўяди!
Х у п к а. Давлатингиз Асторияга энг асосий душман сифатида қарайдими?
З о б и т. Бир неча асрлардан бери…
Х у п к а…. Сиз мавжуд бўлмаган мамлакатга қарши қуролланяпсиз. Астория йўқ, унинг ҳеч қандай ҳудуди ҳам йўқ!
З о б и т (афсусланиб). Бўлмасам, бомбаларимизни қаерга ташлаймиз? Лаънати. Биз ютқазар эканмиз-да. Афсуски, бизнинг ҳудудимиз бор. Мен ҳозироқ вазирлар маҳкамасига таклиф киритаман: зарба учун энг очиқ нишонларни: соборлар ва музейларни ер юзидан йўқ қилиш ҳақида…
З о б и т кетади. Ч о л пайдо бўлади.
Х у п к а. Кимсиз?
Ч о л. Мен – Древлингман, халқларнинг тенг ҳуқуқлилиги учун курашаман.
Х у п к а. Астория халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан борми?
Ч о л. Нега бўлмас экан? Тушунарли қилиб айтадиган бўлсам, давлат армиядан, полициядан, амалдорлардан ва ҳоказолардан тузилган. Асторияда буларнинг ҳаммаси бор.
Х у п к а. Аммо, кечирасиз… мен доим давлат – бу далалар, боғу-чаманлар, фабрикалар, уйлар, музейлар деб ўйлагандим…
Ч о л. Соддалар шундай деб ўйлайди. Сиз айтганларнинг ҳаммаси ватан тушунчасига тегишли. Бу эса тамоман бошқа нарса.
Х у п к а. Демак, сизнингча, давлат билан ватан умуман бошқа-бошқа нарсалар эканда?
Ч о л. Кўриб турганингиздек, дўстим. (Кетади).
О в о з к у ч а й т и р г и ч. Бугунги кундан бошлаб радиостанциямиз тингловчиларнинг кўплаб истакларини ҳисобга олиб, “Астория тили. Таълимни давом эттираётганлар учун курс” деб номланган эшиттиришни бошлайди. Курсни асториялик деҳқонлар ҳаёти тўғрисидаги “Астория руҳига қарши гуноҳ” деб номланган романи учун давлат адабиёт мукофоти совриндори устоз Плюарио олиб боради. Маълумки, устоз ўз юртининг адабий ҳаёти вакили сифатида яқинда…
Х у п к а. (сухандон сўзлари таралиб турган овоз кучайтиргичга қараб). Аммо… Сизда ватан нима қилсин. Сиз ватан нималигини билмайсиз-ку! Сиз сиғинаётган нарса… бу… (Алам билан.) Улар мени эшитишмаяпти. Ҳаммаси бефойда.
Овоз кучайтиргич жим бўлади. А н а с т а с и я пайдо бўлади.
А н а с т а с и я. Шунақа, шекилли. Шунча саъй-ҳаракат бефойда кетса-я. Менга ўхшаб,узлатга кетинг.
Х у п к а. Фройляйн Анна! Бу ерда нимани излаяпсиз?
А н а с т а с и я. Ҳали унчалик қаримаган, фикр юритиши кенг, ўзига ўхшаш ёлғиз, ҳеч вақоси йўқ аёл билан руҳий бирликни ҳис қилишни истайдиган нафақадаги мусиқачини қидиряпман. Кичкинагина “Осойишта бурчакдаги бахт” парранда фермасини очиш учун.
Х у п к а. Астория-чи?
А н а с т а с и я. Астория шундайлигича қолаверсин! Ишонаверинг, жаноб Хупка, бу ёлғон фош бўлса, унинг кетидан ундан ҳам катта ёлғон пайдо бўлади. Қишлоқдаги уйча… мевали боғ… қушлар сайроғи… мана сизга ягона ва ҳақиқий Астория! Ҳовлидаги оппоқ товуқлар. Сизга ёқадими?
Х у п к а. Ёққанда ҳам қандоқ, фройляйн Анна.
А н а с т а с и я. Мен-чи? Мен сизга умуман ёқмайманми?
Х у п к а. Жуда ҳам ёқасиз, фройляйн Анна.
А н а с т а с и я. Лақиллаб юришни йиғиштирсангиз бўларди энди!
Х у п к а. Шуни айтаман-да! Ахир мен ҳам ўз уйим бўлишини хоҳлайман. Шунинг учун бир парча ерни, ватанни қидиряпман.
А н а с т а с и я. Хўш, нима учун “Осойишта бурчакдаги бахт” фермасида паррандачилик билан шуғулланишни истамаяпсиз бўлмаса?
Х у п к а. Эх, фройляйн Анна, гап паррандаларда эмас-да.
А н а с т а с и я. О! Сизга ўхшаган одамлар менга ёқади.
Х у п к а. Мен айтмоқчиманки…
А н а с т а с и я. Ақлингизни йиғиштириб олинг, Килиан.
Х у п к а. Килиан? Сен Килиан дедингми? (Қизариб.) О, менинг оқ қушчам…
П а у л ь киради.
Х у п к а. (Паулни кўриб, кутилмаганда). Йўқ! Истамайман!
А н а с т а с и я. Нимани истамайсан?
Х у п к а. Ақлимни йиғиб олишни. Манави йигитчага бир қаранг. У ақлли иш қилмоқчи бўлди, лекин унинг интилишлари…
П а у л ь. Ҳайвонлик бўлиб чиқди.
Х у п к а. Сиз иккинчи марта менинг фикрларимни ўқияпсиз, йигитча.
А н а с т а с и я. Кимсиз?
П а у л ь (тўлқинланиб). Мен – оддий хизматкорман, марҳамати ўзига ўткир пичоқдек санчиладиган, чўнтагидаги ўттизта танга қўлини оловдек қиздирадиган сотқин одам. Мен…
А н а с т а с и я…. тентак малай. Кетдик, Килиан.
П а у л ь. Қулоқ солинг, Хупка! Ярим соатдан кейин Астория элчихонаси боғида Астория давлатига ажойиб ёдгорликнинг очилиши маросими бўлади. Тантанали нутқ жаҳоннинг барча радиостанциялари орқали берилади. Эшитяпсизми?
А н а с т а с и я. Юрсангиз-чи мен билан!
П а у л ь. Йўқ. Қулоқ солинг! Мен сизга ичкарига киришга ёрдам бераман. Саҳнага чиқиб оласиз-да, Жеймсни итариб ташлайсиз ва… ва…
Х у п к а (ёришиб). …Ва мен уларни фош қилиб ташлайман. Дўстим, кел, қучай сени! Озодлик ишига хизмат қилиб, барча гуноҳларингни ювасан.
А н а с т а с и я. Аммо, жаноблар, ақлингизни йиғиб олинг, фурсат бой берилган, ахир.
Пистолетти киради.
П и с т о л е т т и. Аксинча, оғайни. Ҳали жуда эрта!
Х у п к а (заҳархандалик билан). Жуда кеч… жуда эрта…, ҳм, агар қўрқаётган бўлсанг, фройляйн Аннерль билан парранда боққани кетавер.
П а у л ь. Мутлақо тўғри. Ҳа-ҳа-ҳа-ҳа!
П и с т о л е т т и. Сен Асторияни бош кўтарган хизматкор ёрдамида йўқ қилмоқчимисан? Бошингни ишлатиб кўрсанг-чи, оғайни!
Х у п к а. Биз жуда кўпдан бери оғайни эдик.
П а у л ь. Ҳой, товуқбоқар!
Х у п к а. Биз бир-бирингизга жуда мос экансиз. (Анастасияга қараб.) Унинг исми Ипполит, маълумотингиз учун.
А н а с т а с и я. Менга бу ном ёқмаяпти.
П а у л ь. Сиз тез орада унга ўрганиб қоласизлар. “Жуда кеч” хоним ва жаноб “Жуда эрта”.
П и с т о л е т т и. Ақлдан озибсан, Хупка. Бутунлай ақлдан озибсан. Яхшилаб бу ҳақда ўйлаб кўр!
Х у п к а. Сен билан гап сотиб ўтиргандан нима фойда? Кетдик, дўстим!
П а у л ь. Битта нина билан пуфак пақ этиб ёрилади.
Х у п к а. Сен билан елкама-елка туриб асримизни тартибга чақираман! (Иккови кетади.)
П и с т о л е т т и. Бу тартиб бошингга бало бўлади!
А н а с т а с и я. Афсус. У товуқ боқишни зўр эплаган бўларди.
П и с т о л е т т и. Фройляйн Аннерль, гап товуқларда эмас. Гап, ўз дўстларини – бечора дайдиларни қийин вақтда ташлаб кетиш мумкин эмаслигига тушуниб етгунча тақдирдан жуда кўп марта дакки еган одам ҳақида.
А н а с т а с и я. Дакки? Шундай кўркам йигит-а.
П и с т о л е т т и. Нима ҳам қила олардик? Ё силлиқ башара, ё бой тажриба – ҳаммасига бирданига эришиб бўлмайди. (Саҳна ортидан шовқин эшитилади.).Эшитяпсизми шовқинни?
А н а с т а с и я. Ҳа. Ёдгорликнинг очилиш тантанаси бошланяпти.
САККИЗИНЧИ КЎРИНИШ
Ёдгорликнинг очилиши. Мато билан ўралган ёдгорлик. Фахрий ўринда:
Гвендолин, граф, Жеймс.
Г р а ф. Халқим менинг! Айнан мана шу тарихий вақтда ўз нутқимни бошлашдан олдин мен уни қуйидаги сўзлар билан якунлайман: шуҳрат – бу содиқликнинг тўкин дастурхони! (Қарсаклар. Граф минбардан тушади.)
Г в е н д о л и н. Азиз дўстлар! Бу дунё жаҳаннамида азоб чекаётган, гуноҳга ботган оға-инилар! Ҳаммангизга маълумки, мен сиёсат билан шуғулланмайман. Мен оддий тадбиркорман, мени фақат рақамлар қизиқтиради. Мен фақат сизнинг моддий фаровонлигингиз учун қайғураман. Бугунги шонли кунда сизларга маъруза ўқишга арзимайман. Бундай шарафли вазифа бизнинг буюк Жеймсга насиб қилган. Сўз халқдан чиққан камтарин Жеймсга. (Ҳиқичоқ тутади). Жеймс!
Ж е й м с. Асториялик жаноблар ва хонимлар! Бу…бу….бу….бу….
О м м а. Бу…бу…бу…
Ж е й м с (ишора билан оммани тўхтатади). Буюк кун келди. Ва ме…ме…ме..ме…
О м м а (мадҳия куйи остида). Ме…ме…ме…ме…
Ж е й м с (қўли билан ишора қилади). Мен нима учунлигини тушунтириш вазифасини ўз зиммамга оламан. Шундай қилиб, бугун хизматкорлар ва хизматкорликка номзодларнинг ихтиёрий уюшмасига кирмаган охирги асториялик вафот этди. Унга бе…бе…бе…бе…
О м м а. Бе…бе…бе…бе…бе…
Ж е й м с. … бехосдан бошига ғишт тушиб кетди. Худо раҳмат қилсин. Шу вақтдан бошлаб Астория хорижининг аҳли бутунлай ихтиёрий хизматкорлар ва хизматкорликка номзодлардан иборат. Мен ра…ра…ра…ра…
О м м а. Ура-ра-ра.
Ж е й м с. Мен раҳмат деб шуни айтмоқчиманки, сиз билан, уюшмамиз аъзолари билан бирга мана шу юрагимга яқин самимий тадбирда иштирок этаётганимдан жуда хурсандман. Асторияликлар! Бир неча ойлар давомида жаҳон фитнасининг ёвуз кучлари: фаготистлар, вандаллар ва вегетарианлар Асториянинг ўз ҳудуди йўқ, деган сафсатани тарқатишаётган эди. Бу қуп-қуруқ ёл…ёл…ёл….ёлғон…
О м м а. Қандай юзсизлик!
Ж е й м с. …ҳақиқатга мос келади. (Давомли қарсаклар.) Асториянинг ҳудуди йўқ. Асториянинг нимаси бор? Унда дунёдаги энг зўр амалдорлар, энг кучли армия бор. Асторияга яна нима керак? Яна ҳам зўр амалдорлар идораси ва янада яхши армия керак. Кейин-чи? Балки, буғдой далалари керакдир? Кулгили эмасми? Ҳар бир замонавий киши шуни биладики, буғдойдан кўра самолётлар зарурроқ. Турар жойлар-чи? Эркакларимизнинг кўпчилиги дўстона мамлакатлар казармаларида, аёлларимизнинг кўпчилиги эса ишчилар ошхоналарида яшайди. Умумий ҳисобда бу аҳолининг 30 фоизини ташкил қилади. Яна ўттиз фоиз аҳоли бизга марҳамат билан эшикларини очган қамоқхоналарда кунини ўтказмоқда. (Қарсаклар.) Қолган 40 фоиз дунё бўйлаб тарқалган ва бегона юртларда кун кечирмоқда. Бизга шон-шарафлар бўлсин! Бундай ажойиб яшаш шароитлари бизни асримизнинг энг катта ёзувлигидан, ҳаётдан қониқиш ҳиссидан холос этади! Биз бошимизни мағрур тутиб, келажак сари интиламиз, унинг қандайлиги эса бизга барибир… У ёрқин ёки…
О м м а. Ура-ра-ра!
Ж е й м с. Қоронғу бўлиши мумкин. Астория йўқ деб ким айта олади? Давлат деб биз нимани айтишимиз керак: улкан ҳудудни эгаллаган, лекин ижро ҳокимиятининг бирорта вакилига эга бўлмаган қора танлиларнинг Либерия республикасиними ёки ҳудуди бўлмаса-да, энг замонавий бошқарув идорасига эга Асторияними? Астория давлатнинг энг замонавий тури бўлиб, давлат фикрининг энг изчил, тўлиқ ва муросасиз ифодаси сифатида юзага келди: бу тушунчани ифлословчи асоратлардан холи давлат; давлат аппарати ўлчамларигача қисқартирилган давлат! Асторияликлар! Бу аср миқёсидаги кашфиёт олдингизда турган ёдгорликнинг тантанавор очилишида яққол намоён бўлади. Қаранг. Мато олиняпти! Асторияликлар, мен… мен. (Гулдуросли қарсаклар.)
Х у п к а пайдо бўлади. У минбарга чиқади.
Х у п к а. Одамлар! Дўстлар!
Жеймс уни тутишга ҳаракат қилади.
Г в е н д о л и н (кулади). Тегманг унга, Жеймс! Овора бўлманг!
Х у п к а. Менга ишонинг! Астория мавжуд эмас! (Атрофдагилар жим. Хупка довдираб қолади). Сиз мени тушунмаяпсиз, чоғи. Бу, ахир, жуда оддий… барча сизнинг истакларингиз, орзуларингиз – бўм-бўш ошқозондан чиқаётган товушлар… бу бизнинг ватанимиз. Тушуняпсизми? Биз яхши кўришни, ҳимоя қилишни истайдиган ватанимиз, тушуняпсизми? Бир нима десангиз-чи! Нимага манави узурпатор, упарзутор… узарпетер…, қандай қилиб аниқроқ айтсам экан… гапирганда ҳаммангиз чапак чалдингиз…
Шу пайт минбардаги меҳмонлар кула бошлайдилар, уларнинг кулгиси оломонда акс этади ва шовқинли тўлқин каби ёйилади. Жеймс кулгидан бўғилиб,
Хупканинг ёқасидан ушлаб, орқасига тепади ва ҳайдаб чиқаради.
Г р а ф (кулади). Жеймс, манави майнавозчи фаготист ким бўлди?
Ж е й м с. Оддий бир дайди-да.
Г в е н д о л и н. Уни танийсизми?
Ж е й м с. Бу қандайдир Хупка.
Г в е н д о л и н. Хупка? Бунақасини танимайман. (Жиддий оҳангда.) Ҳаммамиз ҳам гуноҳкор бандамиз. Ким биринчи бўлиб тош ташлайди?
Бир неча дақиқа жим-житлик ҳукм суради, кейин яна кулгу кўтарилади, шонли
ва тантанавор мусиқа янграйди. Чироқ ўчади.
ТЎҚҚИЗИНЧИ КЎРИНИШ
Биринчи кўринишдаги йўл манзараси. Хупка, Пистолетти, Пауль кетишяпти.
У ч а л а с и (куйлайди).
Кўк тоқига чиқарга,
Айтинг, нарвон қайда бор?
Дунё ўзи шунақа,
Эй, беватан биродар!
Х у п к а. Асторияча саргузаштларимиз тугаганга ўхшайди. Илоҳий комедия тугади. Вазиятнинг ҳажвий томони нимадан иборат? Бошпанасиз икки киши бор эди, энди улар учта бўлди.
П а у л ь. Бунинг яхши томони ҳам бор. Қанчалик катта бўлса, шунча кўп.
Х у п к а. Жудаям тўғри. Ўз ҳолига қўйилган одам ёки элчихона маслаҳатчиси даражасига кўтарилади, ёки васвасага тушади.
П и с т о л е т т и. Худди шундай! Ниҳоят, ақлингиз етибди-да. Қараб туринг, мен ҳозир қиссадан ҳисса чиқараман. Фақат ўтиришга жой топайлик.
Жандарм пайдо бўлади.
П а у л ь. Ҳа, мана энди ўтирамиз.
Х у п к а. Э, оғайни. Салом!
Ж а н д а р м. Ҳужжатларингиз.
Х у п к а. Эсласангиз, жаноб жандарм, бир йил аввал сиз фаришта кўринишида намоён бўлгандингиз, ўшанда суюкли рафиқангиз сизга учта эгизак совға қилганди. Кечирасиз, нега бугун кайфиятингиз йўқ?
Ж а н д а р м. Агар, жин урсин, сизни бу қизиқтирса, айта қолай: чунки у яна менга учта эгизак совға қилди!
Х у п к а. Ҳа, меъёр учун меъёр бўлиши керак. Айтадилар-ку, санъат санъат учун деб.
Ж а н д а р м. Паспортларингиз сохта. Ортимдан юринг!
Х у п к а. Кечирасиз, au contraire! Булар ҳақиқий Астория паспортлари, ахир.
Ж а н д а р м (заҳархандалик билан). Бўлса бордир. Ўзингиз ясаб, ўзингизнинг гўёки расмий муҳрингиз ва имзоларингиз билан безаб, энди ҳукумат вакилини калака қиляпсизларми?
Х у п к а. Кимнидир калака қилиш хаёлимизга ҳам келмаган. Мен ҳақиқатан ҳам элчихона маслаҳатчиси бўлганман.
Ж а н д а р м. Бўлса бордир. Нималар ҳам бўлмайди, дейсиз бу дунёда. Жаноб элчихона маслаҳатчиси, ҳаммага маълумки, олдин киссовур-ўғри бўлган, уни тутиб берган одамга эса мукофот тайинланган. Қисқаси, ортимдан юринг!
П и с т о л е т т и. Мана кўрдингми, ҳамма нарсанинг жавоби бўлади.
Ж а н д а р м. Жим! Гаплашилмасин!
Х у п к а. Гаплашиш мумкин бўлмаса, қўшиқ айтишга рухсат беринг.
Ж а н д а р м. Майли, айтаверинг, зерикмаслик учун.
Х у п к а. Айтамизми?
П и с т о л е т т и ва П а у л ь. Биз тайёр!
У ч ч а л а с и (куйлайди).
Отландинг қайга такрор,
Кетмоқдасан қай ёққа?
Ер юзида йўл бисёр
Доим ялангоёққа.
Ким сени кутиб олар,
Қаршилайди сени ким?
Эшитгин – сенга еллар
Қўшиғини куйлар жим:
Сен кезасан доимо
Бир эзгу юртни излаб.
Унга дуч келмай асло,
Саргардон кезгунг, ажаб.
Бошмоғинг тошдек ботар,
Гарчи оғрир товонинг,
Чида, дайди биродар,
Сабилдир сенинг жонинг.
Тиланасан ҳар нафас,
Янги эмас сўзларинг.
Лек ватан – садақамас,
Қалпоғимас ўзганинг.
Ким ейди сенинг ғаминг,
Юмуш топ, кўзингни оч.
Сеники бўлар замин,
Гар тортсанг унда омоч.
Ёнингга шерик чақир,
Танинг чарчоқ билмагай.
Ҳаяллама, ағдар ер,
Замин сени сийлагай!
Дилингдан ғуссани от,
Қолмасин қалбда кадар.
Ғамни енгар иш, меҳнат,
Эй дарбадар биродар!
Русчадан Динора Азимова таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 5-сон
___________________
* Шеърларни М.Мирзо таржима қилган.
* Honni soit qui mal y pense – Бу ҳақида ким ёмон хаёлга борса, уялсин (франц.).
* Sapienti sat – Ақлли одамга ортиқча гапнинг кераги йўқ (лотинча).
* Fi donc – Ақл бовар қилмайди (франц.).
* Lupus ex machine – Машинадан тушган бўри (лотинча).
* Thank you – Ташаккур (инглизча).
* How do you do? – Яхшимисиз?
* Shopping – сотиб олиш.
* Contraire – Аксинча (франц.).
* L’etat c’est moi! – Давлат – бу мен (франц).
* Ladies and gentlemen, girls and boys – Хонимлар ва жаноблар, қизлар ва йигитлар (ингл.).
* O, lovely! – Ажойиб!
* Gentlemen – The King! – Жаноблар – қирол (ингл.).
* Shocking! – Қандай уят! (ингл).