Бола бугун келмаса керак. Ўтган куни қасам ичдим: агар у бу ерда, кўча муюлишида яна кўриниб, оқ қўлқопли қўлларини силкий бошласа, ўрнимдан туриб, “Маймунча” дейман. Кўриб кўзим тўйди – етар бас. Нима жин уриб бу ерга келади – бизнинг маймунчаларга хос меҳнатимизни мазах қилганими!
Чиндан ҳам, бу маймунчаларга хос меҳнат бўлмай, нима? Аллақачондан бери шу газета дўкончасида ўтираман-у, ҳеч қандай ўзгариш кўрмайман. Аммо бу ҳақда гапириш фойдасиз. Менга қулоқ солиб ўтиришмайди. Мени эшитишларига умид ҳам қилмаяпман. Менга қулоқ солишяпти деб ўзимни ўзим алдайман, холос.
Одамларнинг менга қулоқ солмаслигига сабаб вақтлари йўқлиги эмас. Сабаби менинг бор-йўғи қари, кўримсиз бир одам эканлигим, ҳеч кимнинг мен билан иши йўқлиги ҳам эмас. Мен улар учун – “шунчаки, ҳеч ким”. Ҳамма учун буткул, тамоман “шунчаки, ҳеч ким” бўлган шундай одамлар бор (улар озчилик эмас). Мен ҳам ўшандай, газета сотувчи “шунчаки, ҳеч ким”лардан бириман. Бошқа алоҳида аломатим йўқ. Нари борса, лозим бўлганидан узоқроқ шарақлайдиган машина сингари носоз бўлиб чиқишим мумкин. Менга қулоқ солиб, “ақлдан озган чол, тинмай минғиллайди”, деб ўйлашади. Чиндан ҳам шундай – ростдан ҳам минғиллайман. Бор овоз билан гапирса, нима бўлади? Ҳаммага қисқа ва тушунарли қилиб: “Маймунча” деса? Оқибати маълум: бундай гап ҳеч кимга хуш келмайди. Бунга жавобан узоқ ўйлаб ўтирмай дарров қарши гап айтишади: “Аҳмоқ”. Уларнинг ҳаммаси тамом бўлган одамлар. Ғирт тамом бўлганлар. Айнан шунинг учун улар ҳар доим, ҳар қандай вазиятда, фақат ўзларидан бошқа ҳеч кимга қулоқ солишмайди.
Ана қаранг, рўпарада баққоллик моллари дўкони эшигини очишяпти. Ҳадемай бола кўринади.
Ким бўлибманки, менга минғиллашнинг ўзи камлик қилса? Улар келишади – газета олиб, ўтиб кетишади, – лекин менга бу кам. Мен уларсиз яшолмайман. Гапларимни эшитишларини жуда хоҳлайман, лекин менга қулоқ солишмайди, шунинг учун ҳам минғиллайвераман, шунда эшитишаётгандек туюлади. Нима деб тўнғиллайман? Ҳеч нима, мутлақо ҳеч нима. Минғиллагим келади, минғиллайман. Жин урсин! Ҳойнаҳой, маймунча бўлишга ўз ихтиёри билан кўнган дунёдаги ягона одам мен бўлсам керак.
Лекин негадир иккинчи маймунча ҳеч кўринмаяпти. Кечикяпти. Кеча келмади. Бугун эса кечикяпти. Унга зўр завқ билан “Маймунча” деган бўлардим-а. Буни анави тамом бўлганларга айтиб бўлмаса, жилла қурса, шунга, беш ёшли болага айтаман. Э, йўқ – у ҳам тамом бўлган. Тамом бўлган. Агар менга дарров жавоб қайтармаса-чи? Шундай бўлса-чи? Яна бекорчи гапни гапиряпсан, қария. Хотиржам бўл, у кўзлари билан жавоб беради. Сўз билан эса – онасига газета дўкончасидаги чол уни маймунча деб ҳақорат қилганини айтганидан кейин.
Наҳотки у менга фақат шунинг учун керак бўлса? Аввал-бошдан у менга керак эди, эрталаблари унга шуни уқтирардим. Табиийки, у қўл силкиётган пайтда ўзимча минғиллаб уқтирардим. Қайсидир кўринмас ришта орқали унинг онгига манави ерда, ортида совуқ қотаётган одам ўтирганини етказишим зарур эди. Ахир бу ерда узоқ ўтиролмайман – лекин бу муҳим эмас, одамлар келишади, кетишади, ҳаммаси ана шундай, бошқача эмас, бу муҳим эмас. Аммо шу ёқдан бу ёққа кезишлару, унга алоқадор бошқа нарсаларни сендан ўзга ҳеч ким пайқамаса, бу энди ёмон. Бундай ўйдан этинг жимирлайди, ҳеч қандай пўстин наф бермайди. Шундай қаҳратонда совуқдан қотиб қолгандек ўтирибман – жойимдан жилмайман. Оёғимни ўқ юлиб кетгандан бери ўтираман. Замбарак ўқи бўлса керак, ундан бундайроғи эмас! Аммо барибир бу ерда шунинг учун ўтирганим йўқ. Маймунча қандай ёғочоёққа ўтқазсанг ҳам, барибир маймунлигича қолади – шу сабаб ўтирибман бу ерда.
Лаънати бола – ҳали ҳам кўринмаяпти. Уни эрталабгача кутишимга тўғри келса, ҳаммаси бошдан бошланадиганга ўхшайди. Аввалига унинг найрангларидан кулардим, холос, кейин яхши кўрдим, охири эса ёқтирмай қолдим. Ҳа, унга ҳеч нимани уқтиролмаслигимни пайқаганимда, ёқтирмай қолдим. У мен учун ҳар тонг қаршимда очиладиган қопқоқли туйнукнинг ўзи, кун бўйи вужудимда титроқ уйғотувчи маймунчаларга хос меҳнатнинг гувоҳига айлантирадиган туйнук.
Бола ҳар доим онаси сут дўкончаси ва баққоллик моллари дўконида савдо қилгунча анави ерда, бурчакда туради. Бошида кўк кепка, эгнида куртка ва узун жигар ранг шим, шундай узун ва кенгки, пойабзалнинг пошнаси тагидан аранг кўринади. Унинг қўлқоплари ҳам бор – узун оқ қўлқоплари. Жуда ажойиб, оппоқ. Уларни онасига неча кун, неча ҳафта ялиниб олдирган бўлса керак; бу қўлқопларни кийганда, худди орзулари адоғига етгандек кўринади. Бола қудратли маъбудга айланади – йўл ҳаракатини тартибга солувчига. У узоқ ўйланмай йўлканинг четига ўтади-да, оқ қўлқопли чап қўлини кўтариб, ўнги билан машиналарга ҳаракатланишга ишора беради. Кейин ҳафсала билан, тантанавор бурилиб, ўнг қўлини кўтаради-да, чап қўлини силкийди. У ҳеч нимани кўрмайди, эшитмайди – чорраҳадан ўтаётган машинаю трамвайлардан бошқа ҳеч нимани. Уйдек келадиган баҳайбат, кўк автобус кўринганда эса, – биз, бечора маймунчалар ҳолига вой! – бола янада жиддий тортади – ўз қўллари билан яратган оламларга боқаётган тангридек гўё. Оёқ учида туриб, оқ қўлқопли қўлини баланд кўтаради ва тутун чиқарувчи қувурини вариллатиб ўтаётган автобусни чорраҳадан жўнатади. Ўн-ўн беш дақиқа шу ҳолатда тургач, чорраҳага ҳеч қандай оқ қўлқопни писанд қилмайдиган даражада қудратли биров келиб, “Қани, кетдик” деганча тепага кўтарилган қўлни ушлаб, “полициячи”ни ортидан судраб олиб кетади.
Кеча онаси савдо қилишга бир ўзи келганди. Бугун эса у ҳам кўринмайди. Аттанг. Болатой хасталаниб қолмадимикин? Мен уни шундай қаҳратонда битта курткада кўчага чиқармаган бўлардим. Э, йўқ, у ичидан жун свитер кийган, албатта, бошқача бўлиши мумкин эмас – яна бекорчи гапларни гапиряпсан, қария.
Ана, ана улар келишяпти. Йўқ, фақат онаси. Бола кўринмайди.
Келмади, бугун ҳам келмади. Онаси ўтиб кетди, сут дўконига. Юзи ҳаддан ташқари кибрли, ҳеч нимани уқиб бўлмайди. Бола касал бўлиб қолган, шекилли. Нима, онасидан сўрасинми? Қандай бемаънилик. Йўтал ва тумов болаларда кўп учрайди.
Онаси дўкондан чиқди, мен ҳам амаллаб ўрнимдан турдим. Яқинлашганда эса, гап бошладим:
– Хоним…
У ўгирилди. Ҳарқалай ўгирилди.
– Кечирасиз, хоним, айтмоқчийдимки…
Шошилиш керак – хоним совқотаяпти.
– Сизнинг ёнингизда доим жажжигина, митти маймунчадек бола бўларди… Ҳалиги… оқ қўлқопли…
– Хўш?
– Хўш?.. Хўш дейсизми? У касал бўлиб қолмадими, ахир…
– Худо сақласин, асло!
Хоним менга шундай совуқ қарадики, ўзимни ёмон иш қилаётгандек, боласига зиён етказаётгандек сездим. Сўзларим томоғимга тиқилди – ҳеч нима деёлмадим, тушунтиролмадим, хоним эса менга бошдан-оёқ разм солди – тикилиб қаради, мен бўлсам улгурмадим. Керакли сўзни топишга улгурмадим. Энди хоним ҳам уларнинг ҳаммалари сингари тамом бўлган одам, мутлақо тамом бўлган.
– Менинг ўғлим билан сизнинг нима ишингиз бор ўзи? – У менга яна бир карра разм солди. – Нима ишингиз бор?
Ҳаммаси тамом. Хаёлга яна сўзлар келади, лекин энди бошқа, ҳеч ниманинг аҳамияти бўлмаганда айтиладиган сўзлар.
– Сизнинг ўғлингиз? У менинг ўғлим эди!
Илгари ҳеч қачон фикримни бунчалик аниқ ифодаламаганман. Аёлнинг кўзлари косасидан чиқиб кетай деди, юзида камалакнинг ҳамма ранги жилоланди. Кейин қичқириб, қочиб кетди.
Қочаверсин. Унинг ўғли бор, менинг эса болам йўқ. Мен ўзимни шунчаки йўл ҳаракатини бироз тартибга солаётгандек тасаввур қилдим, қўлқоп ўрнига эса “менинг” ва “ўғлим” деган сўзлар. Улкан автобуслар маълум сонияларда қўлқопларим ишорасига қараб юраётгандек туюлди ҳатто. Бироқ бу ёлғон. Автобуслар кетиб бўлди. Кетиб бўлди. Ўзинг асра, Худойим, биз маймунчаларни ўзинг асра!
Рус тилидан Комила Носирова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 12-сон