Мен университетнинг ғишт девори ёқалаб бориб, мактаб биносининг қаршисидан чиқиб қолдим. Мактаб ҳовлиси энсиз тахта панжара билан ўралганди. Гуллари тўкилиб битган сакуранинг қорамтир шохлари остидаги қуриб-қовжираган ўт-ўлан орасидан чириллаган овоз эшитиларди. Мен қадамимни секинлаштириб, нафас чиқармай қулоқ сола бошладим. Сўнгра чирилдоқнинг сайрашини давомлироқ эшитиш учун, аввал ўнгга, кейин чапга бурилиб девор бўйлаб кетдим. Девор ортида атрофига апельсин дарахтлари экилган тепалик жойлашганди. Тепалик поёнига етиб борган заҳоти энтикиб, кўзларим қамашиб кетди: мен бораётган томонда қоғоздан ясалган ранг-баранг фонуслар камалакдек товланарди – бамисли бир тупканинг тагида жойлашган қишлоқда байрам бўлаётгандек. Ҳали уларга яқинлашмасимданоқ фаҳмладим-ки, болалар чирилдоқ тутиш учун тўпланишган.
Фонуслар тахминан йигирматача эди. Улар орасида қизили ҳам, яшили ҳам, сариқ ранглиси ҳам бор эди. Биттаси беш хил рангдаги қоғоздан ясалганди. Яна бири жажжигина қирмизи ранг фонус, шубҳасиз, фабрикада ишлангани сезиларди. Бошқалари эса – оддийгина, тўртбурчак, лекин ғоят чиройлиларини очиғи, болаларнинг ўзлари ясаганди. Бунақанги бор-йўқлигининг ҳеч кимга қизиғи йўқ тепаликда ғаройиб фонус кўтариб олган йигирмата боланинг тўпланишига ҳайратомуз ҳодиса рўй бериши керак эди. Мана, масалан, айтайлик… Иттифоқо, кечки пайт бир бола тепалик бағрида чирилдоқларнинг чириллашини эшитиб қолади. У бориб дўкондан қизил фонус сотиб оладию, эртасига қош қорайган маҳал, чирилдоқларни излаб топиш учун шу ерга келади. Бир кундан кейин яна биттаси унга қўшилади. Унинг фонус сотиб олишга пули бўлмайди. Шунинг учун у картон қутича олиб, уни ёнидан қайчи билан қирқиб, тирқиш очади, сўнг ўша ерига юпқа қоғоз ёпиштиради. Кейин қутичанинг ичига шам ўрнатади ва ипга осиб қўяди. Қарабсиз-ки, фонус тайёр.
Шу тариқа қўшилаётган болаларнинг сони аввалига бешта, кейин эса еттитага етади. Энди улар қоғозга рангли суратлар чизишни ўрганиб олишади. Шу тариқа бу навқирон мусаввирларимиз қутичанинг ёнларида доира, учбурчак, ҳалқа шаклида исмлари ёзилган тирқишчалар қирқиш, буларнинг устидан гоҳ қизил, гоҳ яшил, гоҳ яна аллақандай рангли юпқа, ранг-баранг қоғозлар ёпиштириш мумкинлигини тушуниб қолишади. Улар ясаган фонуслар бағоят чиройли чиқади. Натижада фабрикада ясалган қирмизи фонусларнинг эгалари ўз фонусларини ахлатга ташлаб юборишади, бошқа болалар ҳам жўнгина ясалган қўлбола фонусларидан воз кечишади. Ҳаммаларининг назарида кеча ясалган фонус бугун ҳеч нарсага ярамайди, шу боис картон қути, қоғоз, мўйқалам, қайчи, қаламтарош ва мумнинг бозори чаққон бўлиб қолади – ўхшаши йўқ, фусункор нарса ясамаса бўлмайдида энди! Фонусни кўриб барчанинг кўзи ўйнасин! Фусункор, бунинг устига одамнинг завқини тоширсин! Мана шунақа фонуслар билан болалар ов қилишга боришмоқчи эди…
Мен болаларнинг тепалик этагида тўпланиб туришларининг сабабини шундай, деб фараз қилдим.
Болаларни томоша қилиб турганимда, дафъатан бир нарсани сезиб қотиб қолдим. Тўртбурчак фонусчалар қадимий китоблар сингари суратлар билан безатилган эди. Лекин бу фонусчаларга фақатгина гуллар эмас, ундаги қоғозни қирқиб ёзилган болаларнинг исмлари ҳам алоҳида чирой бахш этарди. Исихико, Аяка… Булар дўконда сотилаётгани эмас, мутлақо ўзгача фонуслар эди. Уларнинг ёни картондан бўлгани ҳамда туйнукча оғзи нақш чизилган ҳарир қоғоз билан тўсилгани сабабли шам ёғдуси фақатгина мана шу зийлардан таралиб чиқарди. Йигирмага яқин турли рангдаги доғлар ерда сочилиб ётарди. Болалар чўкка тушиб олганча уларни бир ерга жам бўлиб, тўпланишга сабаб бўлган чирилдоқлар товушини тинглашарди.
«Мана чирилдоқ! Кимга берай?»– дея тўсатдан қичқириб қолди бола. У бошқа болалардан бир қадамча нарироқда кўзлари билан майсалар орасида олма-кесак терарди. «Менга! Менга!» – деганча бир талай бола уни ўраб олишди, улар ҳам майсалар орасидан нимадир излагандек аланглашарди. Бола ўзига узатилган қўлларни итариб ташлади. У чап қўлидаги фонусни боши узра азот кўтардида, боя яхши эшитмай қолган болаларга қарата яна қичқирди: «Чирилдоқ! Чирилдоқ! Кимга чирилдоқ!»
Унинг ёнига яна бир талай бола югуриб келди. Уларнинг биттаси ҳам ҳали чирилдоқ тутолмаганди.
«Чирилдоқ! Чирилдоқ! Кимга чирилдоқ!»
Болаларнинг бу издиҳомига яна бир-иккитаси қўшилди.
«Менга бер! Менга бер!» – дея қичқирди ҳамманинг ҳавасини келтираётган боланинг ортидан яқинлашиб келган қиз. Бола оҳиста ўгирилиб унга қаради, фонусини чап билагига ўтқазиб олдида, ўша заҳоти бажонидил ўнг қўли билан майсалар орасини пайпаслай бошлади.
– Мана!
– Менга бер, берақол, илтимос!
Бола ўрнидан туриб қаддини ростладида, тантанали қиёфада мушт қилиб тугилган кафтини узатди. Қиз фонус боғланган чилвир ипни чап билагига осиб олди ва унинг муштини кафтлари орасига олди. Бола секингина кафтини очди. Қиз ҳашаротни бош ва кўрсаткич бармоқлари билан ушлади.
– Вой-бўй, катталигини! Қанақасига чирилдоқ бўлсин! Ростакам чигирткаку! – Жажжигина, жигарранг беозорликни кўриб қизнинг кўзлари чарақлаб кетди. «Чигиртка, қора чигиртка!» жўр овозда қичқиришди болалар ҳасаддан ичлари куйиб. «Ростакам қора чигиртка!»
Қиз маъноли кўзлари билан валинеъматига бирровгина қараб қўйдида, белига тугиб олган қутичани очди ва чирилдоқни солиб қўйди. «Ҳа, чинданам қора чигиртка», – дея минғирлади бола. У қизнинг юзига мўъжизакор қизил фонуснинг ёғдусини туширди – қиз қутичани кўзига яқин келтирганча ичидаги чигирткани завқ билан томоша қиларди.
Бола қизга тикилиб қолди. Бахтиёр табассуми унинг дилидагини билдириб қўйди. Мен эса бу манзарани боятдан бери кузатиб турган бўлишимга қарамай, унинг ниятини энди тушуниб етдим ва ўзимнинг бефаҳмлигимдан ҳайратга тушдим. Шу дақиқаларда яна бир марта ажабланишимга тўғри келди. Буни қаранга! На бола, на қиз, на улардан кўз узмай турган ўртоқлари ҳеч вақони сезишмабди. Ваҳоланки, қизнинг кўксида оч яшил рангда Фуджио, деган ёзув рўйи-рост кўриниб турарди. Қутичани яхшироқ ёритмоқчи бўлган боланинг фонуси оппоқ кўйлагига жуда яқин тургани учун картонга иероглифлар билан ёзилган унинг исми – Фуджио – қиз кўксида яшил тусда жилоланарди. Қизнинг чап билагига осилган фонус чайқаларди. Боланинг қорин қисмида қизғиш доғлар бамисли рақсга тушаётган каби иероглифлар тинмай тебранар, бироқ бу нурли рақсда озгина ҳафсала қилган одам қизнинг исмини ўқиб олиш мумкин эди. Унинг исми Киёко эди. На Фуджио, на Киёко яшил-қизғиш нурлар жилваси ичра буни кўришмади. Дарвоқе, бу оддийгина жилванинг ўзимиди?
Фараз қилайлик-ки, Фуджионинг Киёкога чигиртка ҳадя қилганини болалар умрбод эсдан чиқаришмас. Бироқ ўзининг яшил рангли иероглифда ёзилган исми Киёконинг кўксида, «Киёко» деган қизил иероглифлар эса ўзининг қорнида акс этишини етти ухлаб тушида ҳам кўриши даргумон. Киёко кўксида «Фуджио» деган яшил иероглиф порлаб турганини, ўзининг қирмизи иероглифда ёзилган исми эса боланинг кўйлагида акс этишини ҳеч қачон кўрмайди…
Сендан ўтинииб сўрайман, болакай: балоғатга етганингда, албатта, «Мана сенга чирилдоқ» дегинда, Киёкога чигиртка туҳфа қилгин. Шунда қиз: «Наҳотки, шу чирилдоқ бўлса» десин. Сен эса, Фуджио, бу дам унинг шодлигига шерик бўласан ва икковингиз яна жилмаясиз. Шунда сен яна: «Мана чигиртка» деб такрорлайсан ва унга чирилдоқ туҳфа қиласан. Киёко эса ҳафсаласи пир бўлиб: «Йўғ-е!» – дейди ва сиз яна жилмаясиз.
Яна. Гарчи бошқалардан нарироқ бориб япроқлар орасини титкилашга фаҳминг етгани билан барибир, мени айтди, дерсан, сен чигиртка тополмайсан, Фуджио. Ўрнига сен ўзинг учун чирилдоқ-қиз топиб олиб, уни чигирткага ўхшатишинг мумкин. Лекин охир-оқибат сенинг дилингга маҳзун хаёллар оралайди ва кунлардан бир кун ҳаттоки ҳақиқий чигиртка ҳам бор-йўғи чирилдоқдек туюла бошлайди. Мен эса сен ўз фонусингга хос кўкиш ёғдунинг нақадар мафтункорлиги ва Киёконинг кўксидаги кўзга ташланмаётган нурли ҳалқаларнинг нажотбахш экани ҳақида ҳеч вақо билмаслигингни ўйлаб, ўкинч билан хаёлларга толаман.
Олим Отахон таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 6-сон