Яшар Камол. Чақалоқ (ҳикоя)

У шундай тез юрмоқда эдики, ярим белигача чангга ботиб борарди.
Тепадан, тиккасига ёндириб турган қуёш уни анчагина эсанкиратиб қўйган эди. Юриб бораркан, ора-сира икки томонга лапанглар, оёқ кийими йиртиғидан кириб турган олов сингари иссиқ тупроқ оёқларини куйдирарди.
Исмоил ҳам юрмоқда, ҳам ҳеч тинмасдан ўзича эшитилар-эшитилмас алланималарни ғудулламоқда эди.
Қучоғида ола-була белбоққа бир чақалоқ ўралган. Чақалоқнинг боши Исмоилнинг ўнг қўлидан ташқарига оғиб қолган, юзи жигардай қип-қизил. Қизил юзини чанг пардаси қоплаган. Чақалоқнинг кўзлари юмуқ. Бўйни жуда ҳам ингичка…
Чанг ярим белига чиққан. Исмоил ҳам юрмоқда, ҳам ғудулламоқда… Тер, унинг устидаги йўл-йўл чопонидан ташқари чиқиб, чанг билан қоришиб лойга айланган. У ён-бу ёнда буғдой ўриб, боғ боғловчилар кўринади.
Исмоил бир томонда боғ боғлаб ишлаб турган эркак-хотинлар ёнига борди. Қучоғидаги чақалоқни арава остига, нам тупроқ устига қўйди. Ёнбошда сариқ бир ит тилини бир қарич чиқариб ухламоқда. Аравага тирмашиб чиқди: бочкадан бир коса сув олди, кўтариб ичди. Сувнинг ортганини ҳам очиқ, жунли кўксидан пастга қаратиб қуйиб юборди.
Елкасини ғилдиракка тираб ўтириб олди. Оёқларини узатди. Оёқ кийимининг йиртиқ жойидан бош бармоғи кўриниб турарди. Тирноғи ўсган, бармоқнинг ости тарам-тарам ёрилган…
Боғ боғлаётган хотинлардан бири сув ичмоқ учун арава томонга юрди. Арава ёнига келгач, ранги ўзгариб кетди. Ўзи маҳмадонагина эди. Катта қора кўзларини бақрайтириб:
— Нима бўлди, Исмоил қардош, бу ерларда нима қилиб юрибсан? — деди.
Кўзини арава остига тикди:
— Вой, — марҳума деди, — вой марҳума Золам, вой кўзлари сурмалигим!
Эгилиб, болани қучоғига олди.
— Бўйни осилиб қолибди, — деди, — бу энди одам бўлмайди. Вой Зола. Вой сурмали Зола… Зола каби хотин йўқ эди.
Эмчагини чиқариб боланинг оғзига тутди. Бола олди.
— Боқ, — деди Исмоил қардош, бола эмчакни олди. Боланинг нимжонлиги очликдан. Иссиқда ҳам анча ҳолдан кетган. Ҳурини чақирайин, эмизсин. Эмчаклари тўлиқ. Боласи уйда қолгани учун эрталабдан бери сутини ерга соғиб ташламоқда.
Боланинг оғзидан эмчагини тортди.
— Қуруқ эмчакни ҳам қўйиб юбормаяпти. Ҳей, Ҳури қизим! Қизим Ҳури-ю… Кел! Кел!
Ҳури, ишлаб турганлар ўртасидан чиқди.
— Кела қол, Ҳури! Золанинг боласини кўр… Кел, эмизиб қўй.
Ҳури келиб, болани олиб орқасини ўгирди.
— Вой, — деди, — биров бировнинг ризқини еёлмас экан. Чидолмай турган эдим… Кўкрагимга сут тўлиб кетган эди. Сал қолса ерга соғиб ташламоқчи эдим… Биров бировнинг ризқини…
Бояги маҳмадона хотин давом этди:
— Зола каби хотин йўқ эди. Золанинг тенгги йўқ эди. Турп қазигани борардик. Юзи кулиб турарди. Бирам сочлари бор эди, бир қучоқ… Товланиб турувчи сочлар… Бир қусури бор эди, яланг оёқ ерни босиб юра олмасди. Ҳеч оёқ кийим тополмаса, оёғига чипта боғларди, яланг оёқ ҳеч ерни босмасди. Бир қусури бор эди… Яланг оёқ…
Ҳури болани эмчагидан айирди. Боланинг кўзлари ҳамон юмуқ эди. Фақат жағи ўйнарди. Жағида, оғзининг ёни-верида сут юқи қолганди.
— Тупроққа соғиб ташламоқчи эдим, — деди Ҳури уҳ тортиб, — Вой Зола раҳматли! Боласи бундай сарсон бўлиб қолмаса нима эди-я?
Маҳмадона хотин:
— Қардош, — деди — Зола қандай ўлди?
Ҳурининг қучоғидаги чақалоқни кўрган бир-икки хотин, ишларини ташлаб. арава ёнига келдилар.
Йиртиқ рўмолидан оппоқ сочлари ташқари чиқиб турган Ҳаво она:
— Нима у, — деди, — Золанинг боласими? Вой Зола!
Кўзларидан бир-икки томчи ёш томди.
— Вой, сурма кўзли Золам. Қора кўзгинам. Бебаҳо қизим… Қандай бўлиб ўлди, қўзим! Қандай ўлди?
Пакана, юзлари ичига чўккан қора Элиф:
— Қандай ўлди, Исмоил? Нима қилдинг? — деб сўради.
— Исмоил тинмай ғудулламоқда эди. Бўйни осилиб тушганди. Ўрнидан турди. Орқасини қўли билан қоқди. Ҳуридан чақалоқни олди, қўллари устига ётқизди. Кескин бир товуш билан:
— Ўлди, — деди, — докторга олиб бордим, укол қилдирдим, фойдаси бўлмади. Барибир ўлиб қолди.
Тез-тез юрди-да, кетди.
Узун оёқларидаги кенг, йиртиқ, қора чолвори шалвирар, чолворининг йиртиқларидан иштони кўриниб борарди.
Хотинлар унинг орқасидан қараганларича қолдилар.
Ҳаво она лабларини буриштириб оҳиста деди:
— Дардли ўғлон. Бояқишни кўринглар, нақадар дардли! Қон йиғламоқда… Ҳеч қайсимизнинг юзимизга боқмади. Хотинини ўзи ўлдирганга ўхшайди…
Чакак-чакак бўлиб кетган қора хотин:
— Вой, жоним онам, Золага ҳеч қарамаган, боқмаган, афтинг қургур… Кезсин энди болани кўтариб, қишлоқма-қишлоқ кезсин… Кезсин… йигирма кунгача докторга олиб боргани йўқ… Зола каби хотин бормиди! Амина кампир ўлмаганда эди, Исмоилдай саҳройи бир одамга Зола қурбон бўлармиди!..
Ҳури ўтирган жойида деди:
— Кишиларнниг эшигида қолди бояқиш. Исмоил жуда мард йигит, лекин тортинчоқ.
Ҳаво она:
— Болани боқадиган бирортани топа олармикин?
Маҳмадона хотин, ишловчилар ёнига кетаётган жойидан қайтиб келди:
— Нариги қишлоқда боқадиган бир хотин бор эди. Худо ҳеч кимнинг боласини онасидан айирмасин.
Ҳаво она:
— Онаси ўлгач, ўзи ҳам ўла қолса бўларди, худойим. Нима бўларди? Нима учун онасидан кейин қолдирдинг, парвардигор? Бир ўксиз бола билан дунёни тўлдирмоқчимисан? Вой Зола… Иш қистов вақти… Исмоил нима қилсин?
Кун тепада эди. Ҳамма ёқни чанг-тўзон қоплаганди. Узоқларда, қишлоқнинг бериги ёнида жимирлаган нафис бир ҳарорат тумани билинар-билинмас кўкка кўтарилмоқда эди. Кенг водий гўё бир аланга ичида ёнмоқда, дала бошида турган қалайланган идишлар кун нурида ялт-ялт этарди.
Исмоилнинг кўзлари тердан ачишмоқда. Йўлнинг бир четида чанг босиб оқариб кетган, сийрак кўланкали бир тут дарахтни кўрди. Ўша томонга қайрилди. Чақалоқнинг боши қўлининг устидан пастга осилиб тушган, ингичка бўйни чўзилиб кетган эди.
Чақалоқни тут остига жойлаштирди. Ўзи ҳам ўтириб, устидаги кўйлакни ечиб сиқди. Олиб бориб, йўлнинг қиясида чанг босган маймунжон бутаси устига ёйиб қўйди. Чолворининг почалари лой бўлган экан, ишқалаб ташлади.
Чақалоқ инграмоқда эди. Юзини, кўзини пашшалар қоплаган эди. Қўлини қаттиқ силкитиб, пашшаларни ҳайдади. Чақалоқ йиғисини тўхтатмади. Исмоил болани тебрантирди:
— Алла қўзим, — деди, — аллллла…
Боланинг йиғиси тўхтамади.
Йигит кўйлагини шиддат билан бута шохидан тортиб олди, кийди ва йўлида давом этди… Чанг-тўзон ярим белидан пастини кўрсатмас эди. Чақалоқнинг бўйни осилиб қолганди, ингичка бир товуш билан чинқирмоқда эди.
Йўлдан бир грузовик ўтди. Ҳавода бир нафасда чанг булути кўтарилди. Чанг булути ичидан чиққандан сўнг Исмоилнинг бурнига ўткир бир ботқоқлик ҳиди келди. Ўнг томонда қишлоққа қадар шолипоя чўзилганди. Йўл чеккасидаги зовурда устини чанг пардаси қоплаган кўлмак сув бор эди, кенг шолипоя устидан иссиқ қуёш остида буғ кўтарилмоқда.
Шолипоя майдонинннг чеккасида, йўлга яқин бир жойда қўлига курак ушлаган, эгнига бўз чопон кийган, оқ соқолли, бели букчайган бир чол сувчи турарди, юзидаги дона-дона тер узоқдан ҳам кўринмоҳда эди. Исмоил унинг олдидан жадаллаб ўтиб кетди. Боши чақалоқнинг боши тарафга эгилган, қимирламасдан боқарди. Сувчи:
— Ҳой, — деди, — кўзингга қара, бола шўрликнинг боши осилиб кетибди-ку.
Исмоил эшитмади. Бошини осилтирганча, юриб ўтди-ю, кетди. Сувчи:
— «Худо кўрсатмасин», — деди, — «Бу кун душманларнинг бошига тушсин… Жуда қийин…»
Исмоил жадаллаб қишлоққа кирди. Чанг, тор кўчаларда мол тезаклари уст-устига тўпланганди. Тупроқ ичида бир тўда товуқлар титкилашиб юрар, қип-қизил узун тилларини осилтирган итлар ухлаб ётишарди. Қишлоқ ичида дорига бирорта дурустроқ дарахт топилмас эди. Зовур четларида чанг босиб, дарахт эканликлари ҳам билинмай кетган майда толлар бор эди, улар ҳали дарахт бўлиб етишмаган, пастак бутазор сингари эди.
Исмоилнинг қариндошлари турадиган уй қишлоқнинг ўртасида, қамишдан ясалган, устига похол босилган бир чайла эди. Ҳовлидаги эски, ёғочлари синган, ғилдиракларининг темири кўчган бир арава остида товуқлар, итлар ётарди. Бир ўрдак орқасидан майда-майда жўжаларини эргаштириб юрарди.
Эшик очиқ эди. Узун бўйли, барвасталиги узоқдан билиниб турган бир хотин оёқларини қорнига букиб, бошини остона ёнига қўйиб ухлаб ётарди.
Исмоил, боши чақалоқ томонга қайрилган, юзи маъюс ҳолда, эшик оғзида ўйланганча туриб қолди. Бола ингиллашдан тўхтамаган эди. Хотин бошини секин кўтарди. Бир тўда пашшалар учиб кетди. Кўзларини уқалади.
Жаннат кампирнинг сочлари оппоқ эди. Фақат бир қисм сарғич толалар бор эди, холос. Қолган сочлари ҳаммаси сут каби оқ эди. Ингичка, олдинга қараб букилган белига йиртиқ, попуклари тўкилган, ким билади, қайси замондан қолган бир белбоғ ўралган эди. Кичкинагина кўзлари пирпираб турарди. Эркакларники каби зўр ияги юзига мағрур тус берганди.
Чақалоқни қўлига олиб эркалатди:
— Алла қўзим, аллла ўксизим. Аллла қадрсизим… Аллла.
Уй ичида у бошдан, бу бошга қўлларида чақалоқни силкиллатиб юрарди…
— Аллла қадрсизим, аллла…
Бола худди бураб қўйилган патефондай тинмасдаи чинқирарди.
— Одамлар, Исмоил, Золага қарамади, дейишади… Боқимсизликдан ўлган эмиш… Қарайдиган-нетадиган одам йўқ. Ёлғиз ўзи… Шўринг қургурнинг гуноҳи бўйнингга… Шунақа дейишаётирлар…
Ташқаридан ичкарига қараб бир кўланка узанди. Қора чолвор остидан семиз оёқлари билиниб турган, тор елкали Дунди номли жувон кириб келди. Қошлари, киприклари қалин эди. Дудоқлари орасидан оппоқ тишларини кўрсатиб, ҳар замон бир кулимсирарди. Кўзлари катта эди… Киприкларининг сояси юзига тушарди.
Жаннат кампирнинг қучоғидаги чақалоқни олди. Орқасини ўгириб кўкрагини чиқарди. Боланинг оғзига оборди. Бола кўкрагини олди. Чинқиришдан тўхтади.
Ташқарида бир қўлига пичоқ, бир қўлига пўстлоғи арчилмаган тол навдаси ушлаган ҳолда иккита қип яланғоч бола турарди. Қоринлари дўмпайган, бўйинлари ингичка. Кекирдакларига қадар лойга буланган эди. Лой қуриб, тарам-тарам бўлиб ёрилган.
Боланинг бири бошини ичкари чўзиб мўралаб қолди.
— Аҳад, — деди, — бир кўргин!..
Ўрта бармоғини кўрсатди.
— Бўйни мана шундай ингичка. Шундай ингичка…
Иккинчи бола ҳам бўйнини чўзиб мўралади.
…Исмоилнинг овози гўё ўзидан чиқмас, балки ёнидаги девордан, ердан ва бошқа жойлардан чиқаётгандай эди. Кўзлари ярим юмулганди. Кўзларининг оқ-қораси белгисиз, хомуш эди…
— Холажон, — деди у, — оёқларингни ўпайин, холажон, бунда менинг ҳеч гуноҳим йўқ. «Бас, хотин дедим, Зола дедим, оз қолди дедим… Сен дедим, кетма далага… Мен ўзим якка ишлайман… Ўзи ҳам дедим… озгина иш қолди, Гапимга кирмади. «Мен, деди, шундай кунни тилаган эдим. Иш ўз-ўзимизники бўлса, бировлар учун ишлашдан қутулсам, ўлгунча ишлайман деган эдим. Суякларим тўкилиб тушгунча ишлай бераман. Сен, деди, қаролликдан, бировнинг эшигида юришдан ўзинг ҳам эиди шу йил қутулдинг… Мен неча йиллардан бери шу кунни кутмоқда эдим. Шериклик, қаролликдан яхшироқ, деди. Ярмиси бировники бўлса, ярмиси меники». Шунча қистасам ҳам уйда қолмади. Оғир оёқли хотин… Қорни бурнига етай деб қолган. Ишлаб турганда юракларим эзилиб кетарди. «Зола дер эдим, шундай қилма дердим». Йўқ дерди…, шу кунни кутиб келдим. Ўзим учун ишлайдиган вақтни ҳам кўрармикин дердим. Бировларнинг эшикларида эзила бериб, белим букилди. Жуда ҳам берилиб ишларди. «Мен бу кунни орзиқиб кутардим. Отам бировларнинг эшикларида хизматкорликда ўлиб кетди. Мен ҳам кишиларнинг эшигида суриниб юрардим». Телба кишидек доим «мен бу кунларни орзиқиб кутардим» дер эди.
«Итларнинг тиллари бир қарич осилган, қушлар тап этиб ҳаводан тушадиган иссиқ кун эди. Ўроқ ўрардик. Кун тепамизда эди. Иссиғи устимизга мих каби санчилмоқда эди. Зола орқасига бир каттакон боғни кўтарди. Икки одам бир бўлиб кўтара олмас эди. «Жон хотин, ўзингни бунчалик уринтирма» десам, «мен шу кунни кутардим» дер ва кўзларига жиқ ёш оларди.
Бир вақт қарасам хирмонга бориб етмасдан, ярим йўлда боғни елкасидан ташлаб юборди. «Нима бўлди хотин?» дедим. «Санчиқ, деди. Зўрайди. Эрталабдан бери бунчалик эмас эди, энди ҳозир зўрайиб кетди. Пичоқ санчилгандай бўлаётибди, деди. Ўлдирадиган даражада деди. Мен уйга борай, сен ишингга қара, ишлайвер, ейдиган нарсамизни чумолига ташлаб қўйма, ўз жойимизда ўзимиз учун тиришиб ишлайлик». Қорнини ушлаганича қишлоққа қараб йўл олди. Бир жойга бориб йиқилди…
…Исмоилнинг овози ўзгарди. Лаблари титради. Дастлабки гапириши тўхтади. Энди ўз овозига эга бўлди. Йиғламсираётган каби чиқаётган овоз тетиклашди.
— Оғонинг олдига бориб арз қилдим. «Оғо» дедим. «Хотиним ўлаётир… Доктор керак» дедим. «Албатта доктор…» Оғо кулди «Исмоил, деди, улар ётиб-ётиб тириладилар. Доктур-мухтурнинг кераги йўқ. Уларнинг жони темирдан. Нимага ҳовлиқасан?» деди. «Ишингга қарайвер» деди. «Йўқ» дедим, «Оғо, борлиқ мол-жоним, она сутидай сизга ҳалол бўлсин. Менга йигирма беш лира пул топиб беринг». Қайтармади, берди. Бир арава топиб, докторга олиб бордим, докторнинг эшигига келсам, доктор йўқ. Доктор яйловга кетган экан. Шаҳарни бошданоёқ айланиб чиқдим. Охири бир фельдшерни топдим. Келиб Золани кўрди… Сўнгги нафас…
Қулоғимга эгилди… «Бу ўтиб қолибди-ку» деди. Дедимки, «ўтса ўтгандир, ўлишини ўзи сезганди… Сен бир укол қил, майли…» «Мен, деди, ўсал ётган одамга укол кила олмайман. Нима фойдаси бор?» Олдига пулни қўйдим. «Аҳа, дедим, сенга пул керак. Укол қил. Пул кетса кетмайдими? Шу ёғочга укол қилдираманми, отимгами, — сенга нима? Сенга дахли йўқ-ку! Қани укол қил, биродар» дедим. «Кўнглим армонда қолмасин, халойиқ онам, хотиним қолмай сўкмасин, дўст-душман ичида» дедим.
Яхши одам экан, укол қилди. Яна бир укол қилдирдим. «Яна бир марта укол қил, биродар Золанинг менда ҳақи жуда кўп» дедим. Бир марта укол қилди… Айни пешин, кун иссиғида аравани қўшдим. Офтоб ёндирмоқда… Йўлга чиқдик… Ўладиган бўлса ҳам қўрғонда ўлсин дедим. Кун шу қадар иссиқ эдики, асло чидаб бўлмасди… Оламни олов босгандай, ҳамма ёқ ловилларди. Ярим йўлга келганда Зола қаддини ростлади. Бир нарсалар гапирмоқчи бўлди, гапиролмади, боши қуйи тушди. Оғзидан чиққан: «Минг йилинг… Болагинам…» деган сўзлар қулоғимга чалинди. Оҳистагина, сезилар-сезилмас гапирди.
Жаннат кампир:
— Шунча йилдан бери бояқиш энди ўз ишида ишлаётганди, у ҳам насиб қилмади. Вой, — деди, — бечора Зола…
Исмоил:
— Кўзларини ёнга ўгирди. Қарасам, нафас олмаётир. Бола қучоғида… Қарасам, нафас йўқ… Офтоб урибди. Хушимни йўқотдим. Бошқасини билмайман. Ўзимга келиб қарасам, чанг ва тупроққа белашиб ётибман. Ҳамма ёним ачишиб оғрийди. Аравани от олиб қочган бўлса… шундай ёниб турган офтоб остида… Отлар деб ўйладим, олиб бориб бир жарликка юмалатган бўлса… Тирик вақтида тузук бир кун кўрмади… Ўлиги дедим, ўлиги хор бўлмасин; бола дедим, қурт-қумурсқага ем бўлмасин. Ўлмасдан қолармикан? Онасиз бола яшармикан? Онасиз боланинг яшаганини ким кўрган? Бировлар оналик қила олмайди. Шундай бўлса ҳам югурайин, ёни-веримга қараб борайин, бола тушиб қолмаганмикин…
Шу аҳволда чопа-чопа келиб қарасам, қишлоқ ўртасида одамлар тўпланибди… Қайси қишлоқ? Ҳалигача қайси қишлоқ эканини билмайман. Бир қишлоқ, хуллас… Одам шундай кўп тўпланганки, игна ташласанг ерга тушмайди. Қулоғимга биров ўлган деган товуш эшитилди. Тўғри оломоннинг ичига кириб бордим. Арава оломон ўртасида, бола ҳам онасининг қучоғида ётибди. Юзи-кўзи чанг босган… Кўзлари юмуқ… Аёллар йиғламоқда. Қайси қишлоқ эканини билмайман. Аёллар тўхтамай йиғлар эдилар.
Аравага миниб олиб, ҳайдаб кетдим. Кимсан ўзинг? — демадилар. Бу ўлик сеиинг киминг бўлади? — деб сўрамадилар. Қаёққа кетаётирсан ўзинг? — демадилар. Оғизларидан чурқ этган гап чиқмади. Ҳайронликда орқамдан қараб қолавердилар.
Бола менинг қўлимда қолди… Иш замони, куч замони… Юқори қишлоққа олиб келдим. Сариқ қиз деган эмизувчи бир аёл бор экан. Болани унга бериб, қишлоққа қайтдим. Икки кундан сўнг болани олиб келиб, олдимга улоқтирдилар.. «Менинг сутим» деган эмиш у хотин, «ўз боламга етмаётир. Бировнинг боласини деб ўз боламни ўлдирмайман». У томонларда эмизадиган бирор аёл тополмадим. Кимга берсам, қайтиб ташлаб кетди. Иш кўп вақтида қўл-оёғим боғланиб қолди. Сут берсанг сут ичмайди. Ўлиб ҳам қўя қолмайди. Ажаб оғир бир ҳол. Ўлса-ку, бу азоблардан қутуларди. Бир қўлимда бола ари каби ғинғиллаб туради. Бир қўлим ишда… Жуда шошиб қолдим. Мана кўриб турибсиз… Бир онаси сенсан. Нима қилсанг қил. Иш куч замони… Ҳамма нарсамиз очиқ-чочиқ ётибди.
Жаннат кампир бошини осилтирганча, қимирламай турарди. Бирмунча вақтдан кейин секин бошини кўтарди.
— Исмоил… — деди. Сўнг жим бўлди.
Овози титроқ, йиғи аралаш чиқмоқда эди.
Исмоил:
— Нима дейсан, хола, — деди, — бир нарса дегин-чи?
— Исмоил, — деди Жаннат кампир, — ҳамиша бировларнинг эшигида ишлашдан қутулдик, энди ўз хўжалигимизда тинмай ишлаётирмиз… тузукроқ кун кўрмадим деб зорланарди Зола… Шундай эмасми? Боламга яхши қаранглар деган эди.
Оқшомга яқин тоғаси уйга келди. Баланд бўйли бир одам эди. Офтобда қорайган юзига сомон парчалари, қипиқ, чанг ёпишган эди.
— Исмоил, — деди у, — кечаю кундуз боласини бағрига босиб юради деб айтишади… Жинни бўлибсан.
Чақалоқ, ўртадаги устун ёнида бир жун тўшак устида йиғлаб ётарди.
Кампир кўзи билан имлаб қўйди, чол гапни бошқа ёққа бурди.
— Демак, шундайми, Исмоил? Аҳволингни эшитиб юрагимиз эзилди.
Жаннат кампир:
— Ҳой киши, — деди, — Масдуллога хабар қил, келсин. Чўлоқ Амин билан унинг хотини бола эмизади. Яна Ҳури ҳам бор, лекин у бояқиш ўз боласини вақтида эмизмайди. Масдуллонинг хотинида сут кўп. Ўзи ҳам озода хотин… Масдуллога одам юбор. Хотини, агар Масдулло рози бўлса, эмизаман деган эди.
Бир оздан кейин Масдулло, юборилган одам билан бирга кириб келди. Паст бўйли эди. Кўм-кўк камзулининг ёқасидаги бир парча қизил латта биринчи қарашдаёқ одамнинг кўзига чалинарди. Қунт билан таралган сочлари янги кепкаси остидан чиқиб турарди. Чолвори ҳам янги эди. Оёғида ҳам пошнаси паст, Адана шаҳрида тикилган сариқ туфлиси бор эди.
Тоға, Масдуллонинг қўлидан ушлаб, ёнига ўтқизди.
— Ўғлим, — деди, — жон ўғлим, Масдулло…
Устун остида чирқиллаб ётган болани қўли билан кўрсатди.
— Мана, кўряпсанми… Худо ҳеч кимнинг бошига солмасин. Банданинг бошига не ишлар тушмайди. Қул ўлмас, ризқи камимас. Хотинингнинг сути кўп эмиш. Бола бечорани эмизсин, — Исмоил буни унутмайди. Нима дейсан? Яхшилик унутилмайди. Яхшилик қил — сувга сол, сув билмаса балиқ билар, балиқ билмаса холиқ билар… Бир яхшилик қилиб кўр… Биларлар…
Масдулло бошини қуйи солиб, ингичка лабларини юмиб, ҳеч бир нарса демасдан турарди.
— Ўғлим, — деди чол, — ҳозир иш куч замони… Уйда ҳеч кими йўқ… Хотин йўқ, бола ҳам йўқ… Исмоилнинг пешонаси… Кўз олдингга келтириб кўр… Тош бўлса ҳам одамнинг юраги эриб кетади… Исмоил ғариб бир йигит… Эндигина хизматкорликдан қутулди… Яна бола туфайли ора йўлда қолмасин… Нима дейсан ўғлим Масдулло? Бирор нарса дейсанми?
Масдулло вазиятни бузмай, бошини қуйи солиб, қимирламай ўтирарди.
— Яхшилик қилиш фурсати ҳар вақт учрамайди. Қара, бунга худо ҳам рози. Жаннатнинг эшигини очасан… Сенинг хотининг боқмаса, бу бола ўлади. Битта жонни қутқазиб қоласан. Бир жоннинг тирик қолиб, яшашига сабаб бўласан. Чинқириб ётишини қара… Бунга ҳеч қандай юрак чидаб тура оладими?
Масдулло ўрнидан туриб юрди. Бир оёғини остонадан нари қўйгандан кейин, бошини орқага қайирди:
— Амаки, — деди:— амаки! Масдуллонинг хотини хизматкор деб сенга ким айтди? Менинг хотиним хизматкор эмас!..
Аччиқ қилиб, чиқиб кетди.

* * *

Исмоил бошқа бир ерга бурилмасдан, тўппа-тўғри боласини қолдириб кетган Аминанинг уйига борди. Аминанинг уйи, устига ёпилган похоллари эскирган, деворларга таппи ёпилган, тезак аралаштириб сувалган биргина деразали кичкина қамиш уйча эди. Ичкарида жуда оз ашёси бор эди. Бир бурчакда арқонга боғланган бузоқ турарди. Бузоқ боғланган бурчакдан сигир тезаги ва сийдик ҳиди келмоқда эди. Болаларнинг бешиги бузоқ ёнида эди. Иккала бола кирликдан қоп-қора бўлиб кетган, ёрилиб кетган эски бешик ичида ёнма-ён ётардилар. Юмуқ қўлчалари бир-бирларига чирмашганди. Уй ичи бошдан-оёғигача ифлос. Бир қарич келадиган кичкина дарча остида, устлари пўпанак босиб кетган икки ёғоч пақирдан сув сизғиб турарди.
Исмоил бешик ёнида турди-турди, қаради…
— Синглим, — деди, — синглим, Амина, бу болага нима бўлган?
Боланинг териси суягига, қорни белига ёпишиб, кўзлари ичига чўкиб кетган эди.
Чидаб туролмасдан ташқарига чиқди.
Амина халтани силкитиб гапириб турган эди:
— Буни қара, Элиф овсин, унинг келтирган нарсаларини қара, бўйнинг узилгур, дароз туянинг қилган ишини кўргин… Тағин қаққайиб болага қараб, болага нима бўлди деб сўрайди… Очиқ мозор бўлди… Бўйнинг узилгур, икки килогина шакар келтирибди… Тағин болани эмиз эмиш…
Қўлига тушган нарсани халтадан олиб у ён-бу ёнга ирғитди.
— Бола ўлади. Менинг болам ўлади. Ўлса ҳам эл-юртнинг гапидан қутула олмайман.
Қора Элиф:
— Ўзига олиб бориб ташла, синглим, — деди, — олиб бориб ташла!
— Шундай қилмасам, болам ўлади, ахир… Бировнинг боласини боқиб, ўз боласини ўлдирди деб гап қилишади.
Исмоил деворга тиралиб турган жойида қаддини ростлади. Чуқур бир уҳ тортди.
Маст кишидай гандираклаб чиқиб кетди.
Икки кундан кейин Амина, қарғаб-қарғаб болани келтириб, Жаннат кампирнинг олдига ташлади.
— Юрт нима дейди, агар менинг болам ўлиб қолса, юрт нима дейди! — деди.
Жаннат кампир ҳам болани отасига жўнатди.

* * *

Хирмон бир одам бўйи юксакликда. Кун эрта эди. Ўртадаги ғарам анчагина кўпайиб қолганди. Исмоил қўлидаги паншахани боғларнинг устига отди. Хирмоннинг соя томонида турган кўзани бошига кўтарди. Янчувчи ёғоч устида ингичка бўйинли киприклари узун бир бола турарди. Бола, олдиндаги икки заиф тўриқ отни ҳадеб қамчиламоқда эди, ҳали уқаланмаган бошоқлар устида гир айланмоқда эди. Ҳамма ёқни кишининг димоғини ачитувчи сомон, қуриган ўт ҳиди босганди.
Исмоил, хирмоннинг кўланкали жойида чинқириб ётган чақалоқнинг оғзига, сут тўлдирилган ва бўғзига эмизик кийдирилган ароқ шишасини тўғрилади. Бола овозини ўчирди. Секин-секин эма бошлади. Исмоилнинг ўнг тиззаси ерга қадалган эди. Сўл чаккасидан жағигача чўзилган узун, чуқур яра ўрни чанг ва сомон парчалари билан тўлганди. Йиртиқ, йўл-йўл кўйлагининг ёқаси очиқ, жун босган кўкраги кўриниб турарди.
Кўйлагини ечиб, тиззасини ерга таяб шишани тутди. Темирчининг дамидай пишилларди.
Дон янчиб турган болани чақирди:
— Мамат кел, кел нонингни е!
Мамат отларнинг бошини бўш қўйиб келди, халтасини очди.
Исмоил бир қўли билан овқат емоқда, иккинчи қўли билан шишани ушлаб турмоқда эди. Шиша боланинг оғзидан чиқиб кетгудай бўлса, дарров чинқириб йиғи бошлар, Исмоил унинг йиғисига ҳеч чидаб туролмасди.
Мамат ҳам овқат егани ҳолда гапирарди:
— Қаранг, Исмоил амаки, бизнинг қишлоқда бир бола бор эди.
Чақалоқни қўли билан кўрсатиб, давом этди:
— У ҳам худди шу, сингари бўлган. Онаси ўлган экан. Отаси уни қучоғида олиб юрган… Камбағал одам бўлгани учун ҳеч ким унга қарамас экан, онам шундай деб гапирган эди. Ҳеч кими ҳам йўқ экан. Бола очлигидан ўлар ҳолга келган, очлигидан йиғлайвериб эси кетган. Ҳозир шу бола бор, Курд ўғли дейишади. Онам айтардики, унинг отаси Курд ҳам эмас, бошқа ҳам эмас… Онам шундай дерди. Отаси бир кеча чақалоқни бир эски қопга ўраб, қишлоқ ўртасидаги булоқ бошига қўйиб қочиб кетган эмиш. Бошини олиб кетибди. Болани курд қизи олиб, катта қилган эмиш. Ҳозир уни курднинг ўғли дейишади. Курд қизи бола қилиб олган. Отаси бошини олиб кетганича, қайтиб қишлоққа қадам босмаган… Мен қаёқдан биламан, онам шундай деб гапириб берган эди.
Исмоил бирдан ўрнидан турди. Кўйлагини олди, қуриган экан. Тезлик билан кийинди. Болани қўлга олиб, йўлга тушди.

* * *

Кўр кампир оёқ шарпасини эшитиб, юзини эшикдан ён тарафга ўгирди:
— Ким у, — келган одам ким? Қучоғингда чақалоқ борми? Шу келган овоз чақалоқ овози эмасми?
Исмоил:
— Мен, — деди, — она, бу — мен.
Кўр кампир:
— Айбга қўшма, болам, овозингдан таниёлмадим.
Иомоил:
— Менман, она, — деди, — Овшар Исмоил… Дурмуш оғанинг эски хизматкори…
Кўр кампир, заҳар каби аччиқ, юмшоқ йиғламсираган бир товуш билан:
— Куйдик, — деди, — ҳаммамизнинг ичимиз ачиди, Золага… кун кўрмади бояқиш. Ифлос оқсоқ, Золанинг уволига қолсин, боласининг уволига қолсин. Чақалоқни келтириб унинг олдига ташлаган дейдилар, шундайми? Оҳҳ, агар ўғлим шу ерда бўлганда, Ҳури ишга бормас эди. Золанинг гул хотири учун боласини боқар эди… Болагина қўлингда йиғлаб турмасин, ётқиз уни бешикдаги боланинг ёнига… Ётқиздингми? Аллла, алллла… Онасиз қўзи аллллла…
Бешикни кампир секин-секин терватди. Исмоил:
— Она, — деди, — Маметнинг муддати қачон тамом бўлади? Қачон тамом бўлади ахир?..
— Аллллла? Аллла, келиб қолар аллла… — сўнг ғазаб билан:
— Ооооҳ, — деди — менинг ўғлим. Ҳукумат кечарми ҳаққингдан? Алла, аллла, аллла… Бу ёшга кирдим. Қулоғим билан эшитмадим. Аллла, онасиз қўзи алллла… йўл кираси тўпланган, тўпланган Исмоилим, тўпланган қўзим… Аллла камбағалим аллла… аллла… Ҳукумат айтармиш, берсин пулимни, сўнг қўйвораман ўзини… Айтармишки ҳукумат… Аллла жоним алллла. Агар пулимни бермаса ўзи билар дермиш, ёта берар ўлгунча… Алллла, юрт қўлида қолган болам, алллла… Оз-моз пул ҳам эмас, қўзим, бир қарз билан битмас қўзим… Алллла ўксузим, аллла. Бир Ҳурининг ўзгинаси ишламоқда. Бир хотиннинг ишлашидан нима чиқар? Алллла, Золанинг чақалоғи, аллла. Неча марта борай дедим, йиқилай дедим ҳукуматнинг оёғига… Фойдаси йўқ деб айтдилар, эллик пора пул бўлмаса. Алллла, алллла…
Кампирнинг ўтирган уйи бир ёнига қийшайган иккита каравот сиғарли катталикда, деворлари сувалмаган, тепадаги қамишлари сурулиб, кун нури тушиб турган, лекин озода бир капа эди.
Кўр кампир эшик томонга қараб ўтирар, юзига ёрур тушиб турарди. Секин-секин бешикни тебратиб, алла айтарди.
— Аллла, алллла… Онасизлар шундай тинмасдан йиғлар… Аллла, алллла… Ууууф… менга ҳам бир нарса бўлиб қолмаса. Алллла, аллла. Куним яқинлашиб қолди, бўлмаса… Мамет кетиб қолгандан бери мени худонинг берган куни иситма тутади, Аллла, аллла. Дирдир титратиб иситма тутади. Ҳеч ҳолим, дармоним йўқ. Аллла гулим, аллла. Аллла тоғларнинг гўзал чечаги йиғлама, аллла… Ооҳ Мамет ўғлим шу ерда бўлганда эди… Аллла, алла… Золанинг боласини бундай эшикдан-эшикка суринтирармидим. Аллла, аллла.
Бешик тебратишдан тўхтади.
— Қайси ёндаги, Исмоил? Қайсиниси Золанинг боласи?
Исмоил кампирнинг қўлини олиб, боланинг устига қўйди. Кўр кампир секин-секин, боланинг юзларини силаб кўрди.
— Вооой, — деди, — Вооой етимча. Фақат териси билан суяги қолибди-ку. Ҳури ўрилган буғдойларини тўплаб тамомлади. Энди пахтасини чопиши керак… Алллла…
Кун ботаётганда Ҳури келди. Ичкари кирар-кирмас ишни англади. Бир ёнда кўр кампир чўзилганича, уф торта-торта титрамоқда эди. Ҳар оқшомга яқин безгаги тутарди. Исмоил ҳам бешик бошида, секин-секин тебратиб ўтирарди.
Ҳурининг кўриниши йигирма ёшларда эди. Юзи офтобда куйиб, қоп-қора бўлган.
— Исмоил қардош, — деди у, — сенга нима десам экан? Сенга мен нима дейин? Юрагим парча-парча бўлиб эзилиб кетяпти ахир, мен сенга нима дейин? Ўзинг кўрдинг, мен сутимни ерга соғиб ташлаяпман, оқшомга қадар кўкракларим шишиб кетади, боламни эмизолмайманда, ерга соғиб ташлайман. Мен энди сенга нима дейман, Исмоил қардош? Мен нима дейин? Агар Мамет бўлганда эди Исмоил қардош…
Исмоил:
— Синглим, — деди, — Ҳури синглим, нима истасанг бераман. Хирмонингни мен янчаман, хирмоним битгач, энг сўнгги умидим сенда…
Ҳури:
— Она, — деди, — сен нима дейсан? Мен нима дейин энди? Мен нима дейин?
Кўр кампир уҳ-уҳ аралаш:
— Қизим, — деди, — қизим, қора кўзли, сурма сочли хоним қизим, кўз кўриб туриб чақалоқни ўлдирамизми? Ҳозир ҳам ўлгандан бадтар… Золанинг боласи… Мен нима дейин? Золанинг боласи… Нима дейин? Золадан қолган табаррук.
Исмоил, устидан тоғ қулагандай енгиллашди, уйдан чиқди.

* * *

Ҳури икки болани биттадан қўлига ушлаган, кўр кампир эса унинг этагини тутган ҳолда, орқадан келмоқда эди. Далага етиб бсрганлари замон тонгги шафақ энди оқармоққа бошлади.
Гиёҳларни тўшак сингари тўшаб, Ҳури болаларни ёнма-ён ётқизди. Кўр кампирни болаларнинг ёнига ётқизди. Тонгги ғира-ширада ҳали пахтани ўтдан фарқ этиб бўлмас эди. Тонг ёриша бошлагач, чопиқ қила бошлади.
Даланинг ҳеч ерида яқинда ҳам, узоқда ҳам бирорта дарахт йўқ эди…. Бирорта бутазор ҳам кўринмасди… Даланинг ҳамма жойи шундай эди. Кетмонни ҳар урганда, тоза тупроқ ҳиди қўзғаларди.
Қуёш юксалиб, тўрт томон қизиб кетгач, кўр кампир Ҳурига:
— Қизим, — деди, — қизим Ҳури, болалар қизиб кетди… Иссиқдан ўлиб қолади булар, сурмали қизим, бери кел, шу болаларни менинг соямга ётқизиб қўй…
Ҳури келди, кўр кампирнинг орқасини кунга тескари ўгириб, болаларни ҳам унинг кўланкасига жойлаштирди.
— Ҳе она, — деди, — кун тепага келгач кўланканг қолмайди, кўланканг йўқолганда нима қиламиз? Вой онажон, иннайкин нима қиламиз?
Кўр кампирнинг лаблари қалтиради.
Ингичка, буришган лабларини кампирнинг бетидаги қатма-қат буришиқлари орасидан ажратиш ҳам қийин эди. Юзи, кафт сингари кичкина эди. Ажинлар бўлмаганда ҳам унинг юзига боққан одам умри чопиқда ўтганини дарров билаверар эди. Кўзлари ичига чўкиб кетган эди. Юмуқ кўз қовоқлари остида икки соққадай нарса қимир-қимир этарди. Юпқа бир тери билан қуруқ суяклари қолган, томирлари кўриниб ётган қўлининг устида қуёш доғига ўхшаш бир тўда катта-кичик доғлар бор эди. Ўтирган еридан у қоп-қора, кичкина бир кўланкадай кўринарди. Чақалоқлар йиғлагудек бўлса, меҳр тўла товуши билан Ҳурини чақирар, эмиздирар ва алла айтарди:

Болам сени ухлатайин, аллла, алллла,
Боғчаларда ўйнатайин, аллла, аллла.

Кўр кампирнинг куйган кишининг юрагига жазиллаб тегадиган овози бор эди.
Қуёш юксалган сари Ҳурини чақирар, чақалоқларни ўзига яқинроқ ётқиздирар, устларига эгилиб, соя қиларди. Дам утмасдан, болаларнинг устига офтоб тушиб қолмадими, деб Ҳуридан сўраб турарди. Кўр кампир чақалоқларни то ўз қорни остигача тортиб, уларни офтобдан пана қилди. Секин-секин тебраниб алла айтмаганда, кишининг кўзига худди ухлаб ўтиргандай кўринарди.

Болам сени ухлатаман, аллла, аллла
Боғчаларда ўйнатаман аллла, аллла.
Олиб келдим болам сени ооой, ооой
Яшил бешик тўшагидан, аллла, аллла.
Онасини эммаган бола ооой, ооой
Онасининг ҳидин билмас, аллла, аллла.

Алла айтаркан, ўнг томонда ётган Золанинг боласини оёғидан силарди.

Болам сени ухлатаман, алла, алла,
Саройларда ўйнатаман, аллла, аллла.

Кун тепага кўтарилди, кун куйдирди, пиширди, аммо кампир ҳар қандай бўлса ҳам кун даладан кетгунча болаларнинг юзларига унинг нурини туширмади. Кеч кира бошлади, қуёш пастга тушаётганда кампирни безгак тутди. Кампир шўрлик дир-дир титраб, ерга юмалаб қолди. Дир-дир титради, узоқ вақт иссиқ тупроқ устида. қунушиб, ағанаб ётди.
Ҳар кун шу хилда давом этди. Кун аср бўлгунча, кампир чақалоқларнинг юзини офтобга кўрсатмасдан олиб ўтирар, асрдан кейин безгаги тутарди…
Беш таноблик ернинг ғўза чопиғи битгунча аҳвол шундай кечди. Охири, бир парчагина ер қолган эди. Кафтдай кичкинагина бир ер… На чораки…
Шум хабар тез тарқалди. Исмоил хирмонини битириб, буғдойини ташиб турган пайтида келиб сўзладилар. Чақмоқ ургандай бўлди.
Бориб қараса, Ҳури ётибди, юзи сап-сариқ, кўзлари ичига кириб кетган…
Исмоил қўрқа-қўрқа яқин келиб:
— Синглим, — деди, — синглим, Ҳури, бошинг омон бўлсин. Худо раҳмат қилсин кампирни. Дунёда бир ёруғлик кўрмади… Мозорига нур ёғилсин.
Ҳури йиғламсираган титроқ бир овоз билан:
— Ўлди, — деди, — икки кун бўлди… Болаларни яхши кўрарди бояқиш. Шундаям ёқимли алла айтардики, инсоннинг юрагини эритарди. Бир алла айтиши бор эдики, тоғу тошни эритарди.
Исмоил:
— Нур тўлсин мозорига, ёруғлик деган нарсани кўрмади.
Ҳури йиғламсираб, деди:
— Дераза ойнагимиз бўлмаганидан, ерда уни пашшалар талаб ётарди. Камлир шундан касал бўлди дейдилар. Бир алла айтарди, юракларни эритарди. У алла айтганда, одамнинг юраги парча-парча бўлиб эзилиб, оғзига келарди. Бир алла айтардики, ҳаммани мафтун қиларди.
Бошини бир томонга ўгирди:
— Куйиб кетаётирман, қардош, — деди, — тўрт теварагимни оташ қоплади.
Исмоил бир неча вақт тикилиб тургач:
— Синглим, — деди, — мана бу нарсаларни сенга келтирган эдим.
Қоғоз халтадаги шакарни ёстиқ бошига қўйди. Бешикда болалар товуш чиқармасдан ухлаб ётишмоқда эди. Бешикдан ўз боласини олиб бағрига босди. Эшик ёнига бориб, орқага қайтди.
— Синглим, — деди, — синглим Ҳури, хирмонинг учун ҳеч ғам ема, мен ўзим янчиб бераман. Хирмонинг учун кўнглингга бирор нарса келмасин.
Йилтираб турган сомон парчалари қоришган чанг йўл устидан қуюқ бир булут кўланкаси ўтди. Жанубда, нариги томонларда, узоқларда, Ўрта денгиз устида елкан сингари оппоқ, тўп-тўп булутлар бор эди.
Кенг дала, тўлқинсиз бир денгиз каби мовийлашиб, теп-текис равишда кўз илғагани қадар узоқларга чўзиларди. Нариги ёқда далаларни қуршаган кўм-кўк тоғларнинг қуюқ кўланкалари чап томонга қараб чўзилмишди.
Исмоилнинг ярим белидан пасти чанг ичида кўринмас эди.
Сўл томондаги, қишлоқ остига қадар чўзилган яшил майдондан, шолипоядан бурунга ўткир бир ботқоқлик қиди урарди. Йўл бўйлаб узанган зовурлардаги устини чангдан қаймоқ боғлаган сувнинг юзи шабада тегиб буришарди.
Чақалоқнинг боши ўнг қўл устида эди. Осилиб тушганди. Кўзлари ичига ботиб кетган. Бўйни, бошини тутмайдиган даражада нозиклашган, буришиб, қорайиб кетган, териси суякларига ёпишганди. Жағи осилиб, теридай юпқа лаблари ҳам ичкарига чўккан. Очиқ оғзига пашшалар кириб чиқмоқда. Исмоил ўз бошини боланинг боши турган ўнг қўли устига эгиб ўйчан боқмоқда эди. Ҳам тикилиб боқмоқда, ҳам йўл юрмоқда эди.

Туркчадан М. Даврон таржимаси