Чегара пунктида моторлари ишлаган ҳолда навбатини кутиб турган енгил машиналар сони кўп эмасди. Расмиятчиликлар жуда тез адо этиларди. Ҳар бир қария ёинки “белгиланган шахс” учун минг бельгия франки ёхуд етмиш гульден олишар, сўнг расмий рухсатнома беришарди.
Улкан реклама лавҳаларида “Бенилюксга хуш келибсиз!” ёзуви, унинг қуйироғида шиорга ўхшатиб “Дунёдаги энг яхши хизмат!” дея қайд этиб қўйилган.
Қўлида букланган рухсатномани тутган Жеймс божхонадан отилиб чиқди. У британия рақамига эга итальянча машинасининг эшигини очди ва ҳайдовчи ўрнига ўтирди. Жеймс орқага, қуриб-қақшаб, мункиллаб қолган отасига кўз қирини ташлади. Хасталикдан юзи мум тусини олган, ёстиқлар билан қуршалган, оёқларига қалин жун рўмол ўралган чол қимирламай ўтирарди. Ёнида Элин.
– Бир соатдан кейин манзилда бўламиз. Эшитяпсанми, ота? – деди Жеймс тинчлантирувчи оҳангда.
Бунга жавобан қария йўталиб қўйгач, бошини машаққат билан чапга бурди ва паришонхотирлик билан ойнага тикилиб қолди.
Оқ уйли алоҳида фермалар ўрнини тезда маржон шодаларидай тизилган катта қишлоқлар эгаллади. Уларнинг ортидан дарҳол шаҳар кўринди.
– Ҳаммаёқ велосипеду болалар! – гап қистирди Элин.
– Пансионатда хоналарни буюртма қилганимиздан хурсандман, – деди Жеймс. Унинг кимга мурожаат қилаётгани тушунарсиз эди. – Энди бизда ҳаммаси аниқ, бошқа бирор нарса излашнинг, асабийлашишнинг ҳожати йўқ.
Жеймснинг хотини ундан анча ёш кўринарди. Шаҳло кўзли Элиннинг қошлари ингичка, аслзодаларга хос, аммо оғзи катта, лаблари эса буткул хунук. У сайёҳлик қўлланмасини очиб, шаҳар тарҳини диққат билан ўрганмоқда эди.
– Анави жойда, черков ёнидан ўнгга қайрилиш керак, – деди у. – Кейин катта чорраҳага етиб, яна ўнгга; кейин каналга олиб чиқадиган кичик кўчалар ичидан ўзинг топиб ол. Меҳмонхона қизил доирача билан белгиланган.
Элин твин юбкасини текислади, кичик ипчани олиб ташлади. Сўнг ёнида ўтирган қарияга қаради. Чолнинг кўзлари юмуқ эди. Аёл индамасдан йўлни кузатишда давом этди.
Улар черковга етиб келишди ва ўнг тарафдаги катта кўчага қайрилишди.
– Энди чорраҳагача, – деб қўйди Элин.
– Топдим, – деди уйлардан бирининг пештоқидаги олтинранг ҳарфларда битилган “Герцог герби” ёзувини диққат билан кўздан кечираётган Жеймс.
У эллик ёшлардаги, у ёқдан-бу ёққа бориб келганча машиналар тўхташ жойига қараб турган эркакни кўрди. Назоратчи қўлларини силкитганча Жеймсга машинани бўш жойга қўйишига ёрдамлашгач, яқин келиб, синчковлик билан ойнадан ичкарига қаради ва сўради:
– Олиб ўтсам бўладими, менеер.
– Ҳа, марҳамат, – Жеймс бош ирғаб, орқа ўриндиққа қаради ва ташвишланиб, пешонасини тириштирди..
Ота кўзларини очди.
– Етиб келдикми? – сўради у аранг шивирлаб.
Эр-хотин жавоб беришмади. Икковлон шу тарафга замбил кўтариб келаётган санитарларга эшикни очиб туриш учун шошиб ўринларидан қўзғалишди, машинадан тушишди. Санитарлар яқин келиб, хушмуомалалик билан салом беришди, замбилни машинанинг ёнига қўйишди. Улардан бири эгилиб, машинага кирганди, бош кийими нимагадир илиниб, бўйнига қадар сурилиб қолди. У бош кийимини тўғрилаб олгач, қариянинг қўлтиғидан тутди. Санитар оёқларига яхшироқ таянмоқчи бўлди, аммо букчайиб, омонат турганлиги халақит берди.
– Аввал унинг оёқларидан ушлаб ўзингга торт, – кўрсатма берди у шеригига.
Улар машаққат билан беморни қулайроқ ҳолатга ағдаришди. Ҳамон ўриндиқлар орасида турган санитар: – Бўлади! – деди.
Икковлон чолни кўтариб, замбилга ётқизишди, оёқларига жун рўмолни ташлашди ва кўтариб кетишди.
– Юр, – деди Жеймс хотинига. – Юкларни кейин ўзим обкетаман.
У машинани қулфлаб ҳам ўтирмади, назоратчига ишора қилиб қўйди. Олдинда оқ халатлилар бир маромда кетиб боришарди, ёнида эса хотини.
Меҳмонхона кутиш хонасида санитарлар замбилни полга қўйишди. Қария бир жойи оғриётгандай, бошини чайқарди. Тўқ сариқ либосдаги маъмурият ходимаси Жеймсни ёд бўлиб кетган хизмат табассуми билан қарши олди. Жеймс исмини ва банд қилинган хоналар рақамларини айтди.
– О, албатта, – тасдиқлади ходима. – Мана, учта хонанинг калити. Ювиниш жойи хоналарингизнинг ўртасида. Менеерни, – у замбилга ишора қилди, – “А” хонасига жойлаштирамиз. Менеер ресторанга туша оладими?
– Йўқ, у оғир касал, – жавоб берди Жеймс.
– Сизлар фақат уч кун қоласизларми, балки, олти ёки тўққиз кунлик пансионатга жойлашишни маъқул кўрарсизлар? Гап шундаки, бу ерга келганидан сўнг кўплаб мижозларимиз ўзларининг дастлабки буюртмаларини ўзгартирадилар.
Ходима каттагина қизғиш варақни рақамлар билан тўлдирарди.
– Йўқ, – жавоб берди Элин, – биз, келишганимиздай, уч кун қоламиз. Шундай эмасми, Жеймс?
– Ҳа, мен ҳам шундай деб ўйлайман, – пўнғиллади у.
Жеймс варақнинг катакчаларини қандайдир белгилар ва шартли рақамлар билан тўлдираётган, кейин уларнинг исмларини ёзган ходиманинг қўлини лоқайд кузатарди.
– Сизда расмий рухсатнома борми?
– Рухсатнома? – паришон аҳволда деди Жеймс.
– Сиз уни чегарада олишингиз керак эди.
– О, албатта!
Меҳмонхона ходимаси Жеймс узатган қоғозга кўз ташлади ва уни қизғиш вараққа тикиб қўйди.
– Қўшалоқ хонали йигирма етти! – сайради у қоғозлардан бошини кўтармай.
Санитарлар замбилни кўтаришди, Жеймс билан Элин уларнинг ортидан лифт томон юришди.
Лифт биринчи қаватга тушди, панжарали эшик оҳиста чиқиллаб очилди ва беш киши қафасга сингиб кетишди.
– Иккаламиз бошқа меҳмонхонадан жой олганимиз яхши эмасмиди? – ўз гумонини минғиллаб изҳор қилди Элин.
– Ҳа, лекин бу бизга икки баробар қимматга тушарди, бунинг устига, унда биз умуман отам билан кўришолмасдик ёки доим бу ерга қатнаб туришимизга тўғри келарди, – деди жомадонини кавлаётган Жеймс.
Эшикни тақиллатишди. Туфлисини ечаётган Элин қаддини ростлади, юзига тушган соч толаларини йиғиштириб олди ва эшикни очди. Уч эркак кирди.
– Тиббиёт назорати, – ўзларини таништиришди улар. – Шифокорингизнинг хулосасини кўрсам бўладими? – сўради уларнинг каттаси.
– Смитсон берган қоғоз, – эслатди Элин эрига.
Жеймс жомадонидан елим халтачани олиб узатди. Эркаклар халтачадан матн ёзилган қоғозни олишди ва ўқий бошлашди. Улардан бири қуйи лабини тишларди, қолган иккови эса мум қўғирчоққа ўхшарди. Ниҳоят ўқишни тугатишгач, бошлиқ чўнтагидан шарикли ручкасини чиқарди ва матн тагига бир неча сатр ёзиб қўйди. Шундан кейин учаласи ҳам имзо қўйгач, навбат Жеймсга келди.
– Имзо қўйинг, – деди бошлиқ, – хоним ҳам.
Остенде, Кале, Зеебрюгге, Хук-ван-Холланд ва Флиссингеннинг автомобиль паромлари причалларида ҳаёт тобора қайнарди. Баҳорда, айниқса, кузда Бенилюксга энг кўп йўловчилар ташриф буюришарди. Чегара пунктларида йўл полицияси вертолётлардан ҳаракатни кузатар, тирбандликлар тўғрисида маълумотлар берар ва уларни бартараф этиш учун шу заҳоти машиналарнинг бир қисмини айланма йўлларга йўлларди. Жеймс, Элин ва хаста ота мавсум қизиши олдидан етиб келишди. Жеймс ҳаммасини олдиндан ҳисоб-китоб қилиб қўйганидан мамнун эди.
Эр-хотин бар пештахтаси қаршисида ўтириб, виски ичишар, кўнгил ғаш эди.
– Ишқилиб, ҳаммаси жойида бўлсин, – деди Элин.
У сигаретасини қисқа, асабий тарзда тортди, кулини қоқди. Атрофга аланглади. Столларда қариялар ўтиришарди. Улар нотабиий ҳаяжонда ва шўхчан валдирашарди. Жигарранг суюқликдан кўз узмаётган Жеймс стаканини айлантирарди.
– Мен, яхшиси, отамнинг олдига бораман, – деди у.
– Бориб нима қиласан? – сўради Элин қатъий, сал аччиқланган оҳангда. – Унга укол қилишди, ҳозир ухлаяпти. Голланд ҳавоси унга фойдали. Эртага яна докторлар келишади.
Улар жим қолишди ва ўгирилиб, зал ўртасида ёлғиз ўзи рақс тушаётган қарияни кўришди. Чолнинг кўзлари чақнарди, у ҳеч уялмасдан навбатма-навбат гоҳ Элинга, гоҳ бармен аёлга тикилиб-тикилиб қарарди. Қариянинг оила аъзолари уни хижолат аралаш меҳр билан кузатиб ўтиришарди; кимдир яширинча кўз ёшларини артиб, бурун қоқиб ҳам қўйди. Ниҳоят бошқа гуруҳдан кимдир бармен хотинни чақирди ва у билан бир неча оғиз гаплашди. Шундан сўнг бармен хотин қариянинг ёнига борди ва унинг қулоғига нимадир деб шивирлади. Чол бош ирғади, чарм ўриндиқларда ўтирган ўзининг хешларига кўз қисиб қўйди ва бармен хонимнинг қўлидан тутиб, эшик ортида ғойиб бўлди. Бир неча дақиқадан сўнг бармен аёл қайтиб келди ва яна ўз ишига киришиб кетди. Бар ёнидаги қариялар ўз ичимликларидан ҳўплаб ичишар ва бўшаб қолган рақс майдонига бақрайиб қарашарди.
– Буни қара-я, нималарни эшитяпман! – эркаланиб отасига хитоб қилди тилини тақиллатиб, ўпкалаётгандай бошини чайқаб қўйган Жеймс. – Креветкалар, краблар, устрицалар ва шампан – бу нима деган гап ахир?!
– Лекин бу ерда мен танлашим мумкин, – ингради касал қария. – Агар бу менга зарар бўлмаса… Кўпдан бери бирон мазали нарса есам дердим, бу ерда менга рухсат беришди.
Чол яна кўзларини юмди ва ўғил отанинг юзи қайғули тус олганини, лаблари титраб кетганини кўрди.
– Аввал шампандан бир ҳўплам ичиб ол, ота, – деди у далда бериб.
Қария кўзларини очмасдан розилик маъносида бош ирғади.
Эшик тарафдан “динг-донг” овози эшитилди, фақат орадан бир муддат ўтгандан сўнггина улар қўнғироқ чалинганини англашди. Элин ўрнидан сакраб туриб, эшикни очди. Хизматчи бола ғилдиракли столни сассиз суриб кирди. Столдаги кумуш идишлардан қисқичбақаларнинг ва балиқдан тайёрланган бошқа таомларнинг иштаҳани қитиқловчи ҳиди келарди. Ота ҳорғин кўзларини очди ва қунт билан безатилган дастурхонга қаради. Жеймс билан Элин қариянинг боши ва елкасига болишлар қўйиб, қаддини ростлаб ўтиришига ёрдам беришди, унинг қаршисига патнисда бир неча таомдан қўйишди. Чол оҳиста, шошмасдан, чапиллатиб овқат ея бошлади. Қария уларга қарар, бу нигоҳда ҳам миннатдорлик, ҳам чорасизлик ва… енгил ёзғириш бор эди.
Бу маҳал пастда, катта зиёфатлар залида ўзини яхши ҳис қилганлар учун ҳақиқий базм уюштирилди. Мижозларга энг тансиқ таомлар тортилган эди.
Жеймс билан Элин лифтдан чиқиб, йўлакдан ўз хоналари томон кетишаркан, йигирма учинчи хонадан ҳаяжонга тушган бир кишининг чопиб чиққанини кўришди, ўлаётган одамнинг ожизона фарёдини эшитишди. Бу эшикка шифокор билан ҳамшира шошиб келишарди. Шифокор асабий жанобдан ниманидир сўради, сўнг қошларини чимирган кўйи норози бўлиб тўнғиллади.
Элин иккиланиб туриб қолди:
– Юр, барга қайтамиз, яна озгинадан ичамиз.
Жеймснинг тишлари ғичирлаб кетди.
– Ҳозироқ отамнинг олдига кирамиз, – деб туриб олди у.
Эр-хотин қарияни ўз каравотида тинч, хотиржам ухлаб ётган ҳолда кўришди. Таомларни олиб кетишганди. Жеймс каравотга энгашди ва нафасини ичига ютиб, отасининг ҳали тириклигига ишонч ҳосил қилмоқчидай унинг кўкраги бир маромда, деярли сезилмасдан кўтарилиб-тушаётганини диққат билан кузатди. Эшик ёнида турган Элин саросима ичида эрини кузатарди.
Эртасига эрталаб, соат ўнда меҳмонхона биносидан оч кулранг ёпиқ автомобиль шу кеча ўлганларнинг майитларини олиб кетди.
– Инглизлар ҳам кетишяпти! – ҳайратланиб хитоб қилди ойнадан машиналар тўхташ жойини кузатиб турган Элин…
* * *
Аграр давр интиҳоси тасодифан конъюнктура ёмонлашуви ибтидоси билан тўғри келиб қолди. Иқтисодиёт фожиаси бошланди, бироқ у анча аввал, иқтисодий кучли давлатлар ўзларида яшин тезлигида ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларини автоматлаштиришга ўтказиб олганида бошланганди.
Кибернетика асосида саноатни ва бошқарув тизимини қайта қуриш учун сарф бўладиган улкан харажатларни қисқа муддат ичида қоплаб бўлмасди. Бир неча йил ичида мамлакат ишлаб чиқариш суръати бўйича йирик саноат давлатларидан орқада қолиб кетди. Иқтисоднинг эски тизими сақланиб қолган шароитда бундан кейинги рақобатнинг ўзи маъносини йўқотарди. Бир талай ҳукумат инқирозларидан сўнг шиддатли таназзул бошланди. Бир неча ой ичида экспорт ҳажми нолга тенглашди. Бенилюкс сайёҳлар учун жаннатга айланган даврлар ҳам ўтди: кичкина мамлакатда сайёҳ узоқ томоша қиладиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Иқтисодий бўҳрон қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштирарди ва бор-йўғи икки ҳафта давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг, католик мухолифатнинг қаршилигига қарамасдан, парламентда чегарани кесиб ўтган шахсларнинг фуқаролиги ва миллатидан қатъи назар эвтаназияга ҳуқуқий чеклашни бекор қиладиган қонун лойиҳаси маъқулланди.
Йирик авиакомпанияларнинг Схипхол ва Завентемга учадиган самолётлари чипталарининг барчаси олдиндан сотилиб кетди; баҳор ва кузда кўплаб қўшимча рейслар киритишга тўғри келди. Етмиш гульденга исталган чегара ва божхона масканида оғриқсиз ўлимга расмий рухсат олиш мумкин эди. Меҳмонхона ва отеллар учун мисли кўрилмаган гуллаш даври келди. Зудликда тузалмас хасталар ва қарияларни бартараф этиш бўйича янги хизмат тури ташкил этилди. Кимёгар-официантлар пазандалик маҳоратларини унутмаганлари ҳолда, сўнгги байрам таомларига цианли калий, пентотал, морфий ва бошқа оғуларни қўшардилар. Кичик меҳмонхоналарда уч, олти ёки тўққиз кунга хоналарни олиш мумкин эди: шу кунларнинг бирида ҳамшира, шифокор ёки официант сизни бир умрлик оғир юкдан халос этарди…
* * *
Жеймс хона эшигини ёпди. Элин ойна ёнида туриб, кўчани кузатарди.
– Ҳамшира отамизнинг ёнига кетди, – деди у. – Ёрдам бериш учун. У яна ухлаб қопти.
Жеймс хотинининг ёнига келди ва кўчага қараб, ўғлининг қўлига суянган кўйи тонгги сайрга чиққан кампирни кўрди. Кампирга қадам ташлаш бениҳоя азоб эди, у ўғлига ҳадиксираб, аммо маҳкам ёпишган кўйи кетиб борарди…
– Улар олти кундан буён шу ерда экан, – деди Элин. – Иккаласи.
Эшикни тақиллатишди, эр-хотин ўгирилмасдан бир овозда “Ҳа!” деб қичқириб юборишди. Худди шу пайт хонага ҳамшира кирди.
– Ҳаммаси ортда қолди, – деди у.
– Ғалати, – минғиллади Жеймс, – биз буни олдиндан билгандик, барибир ёмон таъсир қиларкан.
– У ухлаб ётганида укол қилдим, – қўшимча қилди никель қутичасини ёпаётган ҳамшира.
– Вақти-соатим етганида мен ҳам, эҳтимол, шу ерда қазойимни топарман, – деди Жеймс. – Бу ернинг хизмати ажойиб.
Пастда, кўчада бояги кампир ўғлига ёпишган кўйи сайрни тугатди ва йўлак зиналарини бирма-бир босиб юқорига кўтарила бошлади. Бошини эгган ёш йигит ўз ўйларига ғарқ бўлган, она эса маъносиз нигоҳини олдинга тикканча бораркан, таскин бергандек ҳадеб ўғлининг қўлини силарди…
Рус тилидан Зулфия Йўлдошева таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 1-сон