Маҳалламизда Ҳабиб дўхтирнинг қабулхона очганига бир неча йил бўди. Ҳар гал ишга кетатёганимда унинг эшиги тепасида ўрнатилган мўъжазгина пешлаваҳага кўзим тушади. «Ҳабиб дўхтирнинг қабулхонаси, қабул вақти эрталаб 9 дан 12 гача, тушдан сўнг 2 дан 6 гача». Маҳалламизда ундан бошқа ҳаким бўлмагани учун каттаю кичик унинг ёнига шифо истаб боришарди. У текшириб, тегишлича дорунома (ресепт) битиб берган беморларни икки хил қисмат кутарди: Агар ризқ-насибаси бу дунёдан узилмаган бўлса, албатта тузалиб кетади, бордию, вақти қазоси яқин бўлса.. начора… Худонинг иродаси!
Мен ҳам унинг мижозларидан бири эдим. Сал тобим қочса, олдига бориб, маслаҳатларини олиб турадим. Жуда беозор, оғир-босиқ, хокисор одам эди.
Кунларнинг бирида эрталаб ишга кетаётиб, Ҳабиб дўхтирнинг қабулхонаси рўпарасида яна тиббий маскан очилганини кўрдим. Унинг тепасига сал каттароқ пешлавҳада йирикроқ ҳарфлар билан қуйидаги жумла битилган эди. «Ички касалликлар бўйича мутахассис, Маҳбуб дўхтирнинг қабулхонаси, қабул вақти эрталаб 8 дан 12 гача, тушдан кейин 6 гача».
Маълум бўлишича, янги дўхтир яқиндагина бу ерда ўз ишини бошлабди, мен маҳалламизда дўхтир яна биттага кўпайганидан севиниб қўйдим.
Эртасига эрталаб ўтиб кетаётганимда, Ҳабиб дўхтир ишхонаси тепасидаги пешлавҳани ўзгартирибди, қўшнисиникидан кўра каттароқ лавҳага шундай битикларни жойлабди: «Ички ва ташқи касалликлар бўйича етук мутахассис, Ҳабиб дўхтирнинг қабулхонаси, қабул вақти эрталаб 8 дан 12 гача, тушдан кейин 7 гача».Калламни бошмалдоғим билан қашиганча, ҳар икки тиббий маскан оралаб, йўлимда давом этдим.
Кейинги куни маҳалламизга янги келган дўхтир яна пешлавҳасини ўзгартирибди: «Ички ва ташқи, қулоқ-бурун-томоқ ва кўз касалликлвари бўйича энг етук мутахассис, дўхтир Маҳбубнинг қабулхонаси». Баракаллоҳ! Маҳалламизхда ана шундай билимдон, малакали ҳакими ҳозиқлар бор экану, биз билмай юрган эканмиз-да!
Кейинги кун қарасам, ўзимизнинг эски дўхтиримиз эшиги устидаги пешлавҳа бўйига ҳам, энига ҳам кенгайиб, ундаги битикрлар ҳам хийла узайибди: «Қулоқ, бурун, томоқ, кўз, юрак-қон-томир, жиғилдон, ичак-чавоқ ва руҳий касалликларни даволовчи олий тоифали шифокор Ҳабиб дўхтирнинг шифохонаси».
Бироз тўхтаб, ҳар иккала битиктахтани бир-бирига солиштирганча, яна йўлимда давом этдим. Шу-шу ҳар куни икки тиббий маскан тепасидаги битикларни таққослайдиган, уларнинг катта-кичиклигини чамалаб ўтадиган бўлдим. Чамамда улар қабул вақтини ҳам тезроқ 24 соатга чиқариш бўйича мусобақалашганга ўхшайдилар.
Янаги кун кўрдимки, Маҳбуб дўхтирнинг ҳам пешлавҳаси «семирибди», бўйи ҳам «ўсиб қопти», янгича «мазмун-моҳият» касб этибди. «Ички ва ташқи, тери, қулоқ-бурун томоқ, ўпка-жигар, бел, думба, шунингдек, сўзақ, заҳм касалликлари, жинилик, суяклар синиши ва чиқишини даволайдиган энг зўр шифокор Маҳбуб дўхтир… қабул вақти фалон-фалон…». Бир кун ўтиб қарасам, эски қадрдонимиз Ҳабиб дўхтир рақибиникидан бир метр узунроқ ва кенгроқ тахтага Маҳбуб дўхтирнинг пештахтасида битилган ҳамма жумлаларни кўчириб, унинг ёнига «СПИД касаллиги Ибн Сино кўрсатмалари ва замонавий тиббиёт усулида даволанади, ўғил болалар Америкача асбоблар ёрдамида хатна қилинади» жумлаларини қўштириб қўйибди.
Ё Баҳоваддин! Шу даражада юксак билим ва истеъдод эгаси билан шунча пайтгача бир маҳаллада яшаб, унинг нақадар буюклигини билмаган эканмиз, суф бизга-е! Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ-да, биродарлар! Яна бир кун ўтиб маълум бўлдики, янги келган Маҳбуб дўхтир юқоридаги ҳамма хислатларга эга бўлишдан ташқари бепуштлик, ҳунасалик, ҳезалакликни даволашда ҳам устаси фаранглардан экан. Буни ҳар қалай унинг янги пешлавҳасидан ўқиб билдим.
Орадан бир ой ўтиб, эски маҳалладошимиз Ҳабиб дўхтирнинг офиси устидаги пешлавҳа энига тўрт, бўйига олти метга узайди. Ундаги ёзувлар ҳам янада улуғворлик ва мазмундорлик касб этди. «Ички ташқи, устки, пастки касалликлар, кўз, қулоқ, бурун, танглай, тиш, тил, томоқ, жиғилдон, виждон, кўричак,, 12 бармоқли, 13 бармоқли, ингичка, йўғон тўғри ва нотўғри ичаклар касалликлари бўйича мутахассис, склероз, сўзак, сифилис, СПИД касалликлдарини даволовчи, амриконча усулда хатна қилувчи, Лондоннинг Кембриж университетини тамомлаган, машҳур инглиз жарроҳи оғойи Эдуарднинг ассистенти ва ҳамкори, радиоскопия фанлари доктори, Сарбонна университети профессори Ҳабиб дўхтирнинг клиникаси, қабул вати эрталаб 8 дан 12 гача, тушдан сўнг 2 дан 10 гача». Рўпарадаги «клиника» тепасида осилган пешлавҳа ҳайбатидан от ҳуркар, унда юқоридаги сўзлар деярли қайтарилган, фақат, Маҳбуб дўхтирнинг одам, маймун, ит, мушук, чўчқа, парранда ва дарранда гриппларининг ягона билимдони экани, Амарикадаги Ҳарвард университетини тамомлагани, Америкадаги барча клиникаларнинг энг катта дўхтири Мистер Жемсоннинг яқин ҳамкори, радиоскопия ва дактилоскопия фанлари профессори, Пенсильвания тиббиёт академиясининг фахрий аъзоси эканлиги айтилиб, қабул вақти ҳар куни эрталаб 6 дан кечқурун 11 гача эканию тушликка чиқмасдан ишлаши дарж этилганди.
Шундан кейин пешлавҳаларни кенгайтириш учун жой қолмадими, ёки тиббиётнинг зикр қилинмаган соҳаларию унвонлари тугаб қолдими, уларнинг ҳажми ҳам мазмуни ҳам бошқа ўзгармади.
Бу битикларни ўқиб, бутун маҳалла аҳлининг боши гаранг бўлди-қолди. Ё алҳазар, оламда шунча касаллик бор экану, бизнинг Ҳабиб дўхтир уларнинг ҳаммасини даволай олар экану, биз ҳеч нарсадан бехабар юраверибмиз. Қизиқ, одатда шу пайтга қадар унинг ёнига ким қандай шикоят билан борса, қўлига ё аналгин ё баралгин тутқазар, аҳволи оғирроқ бўлса, пенициллинга новокайн қўшиб укол қилар, шундан кейин бемор ё тузалар, ё боқийга риҳлат қиларди. Янги дўхтир келиши билан Ҳабиб дўхтирнинг ҳам янги-янги қирралари кашф этила бошлади.
Энди маҳалладошлар қаршисида яна бир муаммо кўндаланг бўлди. Бу икки ҳакими даврон бир-биридан ўтаркан, агар кимдир оғриб қолса, уларнинг қай бирига мурожаат қилгани маъқул? Уларнинг қай бири дурустроқ ва билимдонроқ? Яна уларнинг бири Кембриж, бошқаси Ҳарвард университетини битирган бўлса?
Маҳалламиз аҳлининг бир гуруҳи ўзимизнинг эски дўхтирни кўкка кўтариб мақташса, бошқалар янги келган дўхтирни таърифлаб, кўкракларига муштлашар, аммо, жамоат ҳануз якдил фикрга келиб улгурмаган эди.
Шу орада камина қулингизнинг эски дарди қўзғаб, тоби қочиб қолса, бўладими? Билмадим, бу бод аломатимикин, белагими, ё бошқа бирор дарди бедавомикин. Ҳар қалай кечқурун оёғимга ўрмалаган оғриқ, эрталабгачаҳ бутун баданимга ёйилиб, туни билан азоблаб чиқади. Худди биров устимга тегирмон юргизгандек. Ана энди ўша муаммо каминанинг ҳам бошини қотира бошлади: Хўш, бу икки Луқмони ҳакимнинг қай бирига борсам, тезроқ ва осонроқ бу азоблардан қутулар эканман?
Оила аъзоларим, мени кўргани келган келган дўсту ёронлар, таниш-билишлар билан маслаҳатлашдим, уларнинг фикрига қулоқ тутдим. Бировдаор минг қилса-да, синашти, ўзимизнинг одам, Ҳабиб дўхтирга бор, дейишса, бошқалар, янги келган ёш, тажрибали Маҳбуб дўхтирга учрашимни тавсия қилишарди. Ҳабиб дўхтига учрай десам, қўлидан нималар келишини яхши биламан, лекин унинг юзига оёқ босиб, тўппа-тўғри Маҳбуб дўхтирнинг қабулига кириш ҳам ноқулай.
Эрталабгача ўйлаб чиқдим ва нима бўлса бўлар дея, янги келган Маҳбуб дўхтирнинг қабулхонасига йўл олдим. Зинапоялардан кўтарилар эканман, қаршидаги деразадан эски қадрдоним менинг ҳар қадамимни пойлаб ўтирганини сезмабман.
Маҳбуб дўхтир мени хушмуомалалик билан қабул қилди. Ҳаммаёғимни текшириб кўрди. Тавсияларин ва ичишим керак бўлган дориларни бир парча қоғозга битиб, қўлимга тутқазди. Хизмат ҳақи – хона деворига осиб қўйилганидек икки туманни тўлаб, ортимга бурилдим. Агар адашмасам, Доктор Ҳабиб бир ўзи ишлаган пайти ана шунданй хизмати учун мижозлардан беш тумандан кам олмасди. Ким билсин, янги рақибига қасдма-қасд у ҳам нархни туширган бўлса ажабмас.
Хуллас, ишимни битириб. Зарур дори-дармонларни олиш учун дорихона тарафга йўл олган пайтимда рўпарамдан худди Имоми Ҳусайнга қасд қилган Язиддек ғазабнок алфозда Ҳабиб дўхтир чиқиб қолса бўладими?
Аммо, негадир у бирданига юмшаб, мулойимлик билан афту ангоригмга разм қолди. «Нима тобингиз қочдими» сўради халимлик билан. Унинг олдида ер ёрилмадию, ерга кириб кетмадим. Хижолапазлик билан совуқ терга ботиб, «М.мен, оғо, бироз..» дея дудуқландим холос. Бу пайтда Маҳбуб дўхтир берган хулоса қоғозини паришон ҳолда чангаллаб турардим. У гапимни эшитдими, йўқми, билмадиму, аммо, худди мушукдек чаққонлик билан қўлимдаги қоғозни юлиб олди-да, кўз югуртира бошлади: Кейин эса, мийиғида илжайди:
-Ҳали шу дориларни олиб ичмоқчиман, денг?
-Ҳа, энди, илож қанча, иссиқ жонмиз…
Ҳабиб дўхтир асабийлашиб, аввал қоғозни обдон ғижимлади, кейин ундан ҳам кўнгли тўлмай, майдалаб йиртди-да, йўл четида, Маҳбуб дўхтирнинг офиси тагидан қазилган, суви қуриб қолган ариққа улоқтирди. Кейин шартта қўлимдан тутиб, ўзининг қабулхонаси томон етаклади. Унинг орқасидан жимгина эргашарканман, рўпарадаги деразадан Маҳбуб дўхтир биз томондан кўз узмай турганини кўрдим.
Ҳабиб дўхтир стол ортига ўтаркан, алланарсаларни тўнғиллаганча, қоғозга бир балоларни ёза бошлади:
-Тавба, сиз қанқа одамисз биродар, нима қиласиз, бу мол дўхтриининг ёнига кириб, агар у ёзиб берган дориларни ичсангиз, ажалингиздан беш кун бурун ўласиз, биродар! Манг, мана шудориларни олиб ичинг, агар 24 соат ичида тузалиб кетмасангиз, пешлавҳамни суғуриб ламан-да, эшакка охур қиламан! Чўнтак ковламанг, сиздан қўл ҳаққи олмайман.
Индамай, Ҳабиб дўхтир берган доруномани қисмлаганча, у билан хайр-хўшлашиб, кўчага чиқдим. Зинапоянинг энг қуйи поғонасидан оёғимни узишимни биламан, нариги тарафда пойлаб турган Маҳбуб дўхтир йўлни икки ҳатлашда кесиб ўтдию, қўлимдаги қоғозга ёпишди, уни кўздан кечиргач, менга еб қўйгадек тикилди?
-Мен ёзиб берган хулоса қани? Бу нима?
-Б..Бу ҳали… ичбуруғ бўлганм учун… дўхтир Ҳабибга ҳам учрагандим…
-Алдама, – деди Маҳбуб дўхтир ва ҳалиги қоғозни майда-майда қилиб, четга улоқтирдию, қўлимдан тутганича ўз хонасига судраб кетди. Кейин бошқа бир вараққа зарур дорилар рўйхати ва тасияларни қайтадан ёзиб, қўлимга тутқазди. Кеин эса, боя ўзим берган икки туманлик «қўл ҳақи»ни ҳам қайтариб берди.
У билан хайрлашиб чиқарканман, ҳар эҳтимолга қарши қоғозни буклаб, кулоҳимнинг астари орасига жойладим ва зиналардан туша бошладим. Эндигина жуфтакни ростламоқчи бўлганимда, осмондан тушгандай рўпарамда яна Ҳабиб дўхтир пайдо бўлдию, ёқамга чнг солди. Кейин бошимдаги кулоҳимни олиб, астар-аврасини ажратиб ташлади (Эссизгина кулоҳ, ўтган бозор куни олувдим) Дўхтир хулосасини жирилатиб йиртди-да, қоғоз парчаларини ўша томонга ирғитди.
-Мен мижозимни йўлдан уришларига ва алдашларига йўл қўймайман! Мени ким деб ўйлаяпти бу ярамас, бу ёққа юр, ўзим сенга бошқатдан дорунома ёзиб бераман.
У мени ўз хонси томон судраркан, шу пайтгача танамни зирқиратиб турган оғриқ зўрайиб, бутун танамни измига олганини англадим. У янги доруномага қўшиб, қўлимга ўн туман пул ҳам тутқазди.
-Ма, бу хулоса, бу эса, дори пули!
Бир томондан оғриқ, иккинчи томондан икки дўхтир можароси мени тамомила ақлдан оздира ёзган эди.
Пул билан қоғозни чўнтакка уриб, энди қочаман деб турганимда яна Маҳбуб дўхтирнинг чангалига тушдим. Бу гал унинг тажовузини кутмай, ҳалиги қоғозни чўнтагимни олиб, унга узатдим: «Манг, йирта қолинг!» дедим ва қўшиб қўйдим.
-Лекин, мен энди йигирма тумандан камини олмайман, Ҳабиб дўхтир менга ҳозиргина ўн туман берди.
-Мен ўз беморимнинг бундай қўлма-қўл қилишларини истамайман. Мен беморлар учун нажот бахш этишга, унинг шифо топиши учун бор куч-қувватим, билим ва иқтидоримни сарфлашга қасамёд қилганман. Қани, юринг, бошқа хулоса ёзиб бераман, – дея худди эчкини судрагандек судраб, хонасига опкирди. Янги доруномани йигирматаликка қўшиб узатди.
Қарасам, ишим ёмонга ўхшамаяпти. Эрталабдан ўттиз туман чўнтакка тушиб турса ёмонми? Хушҳол кайфиятда зинадан тушсам, яна Ҳабиб дўхтир йўлимни пойлаб турибди-да! Бу сафар у мени яна тепага, хонасига тортиб чиқмади. Доруномани аввалдан ҳозирлаб, ўзи билан опчиққан экан. Маҳбуб дўхтирнинг қоғозини йиртиб ташлаб, ўзиникини тутқазди. Ҳали бу доруномани чўнтагимга олмаган эдимки, тепамда доктор Маҳбуб пайдо бўлди. У рақибига ўқрайганча қараб турди. Кейин қўлимдаги қоғозни йиртиб ташлаб, ўрнига ўзи билан оптушган бир эмас, икки нусха хулосани қўлимга тутқазди. Кейин эса, худди кўза дастасидай икки қўлини белига тираб, Ҳабиб дўхтирга ғолибона қараш қилди:
-Хўш, энди нима дейсан?
Ҳабиб дўхтир ҳам шошиб қолмади. Ғижинганча, чўнтагидан қоғоз чиқардида, тўрт-беш сония иичида уч нусха дорунома битиб, менга берди. Мен ҳам бу жараёнга анча кўникканим учун унга Маҳбуб дўхтир берган икки нусға қоғозни тутқаздим.
Маҳбуб дўхтир эса, қўлини узатиб, мендаги нусхаларни олмоқчи бўлганида, Ҳабиб дўхтир унинг билагидан маҳкам ушлаб, юзига тарсаки тортди, Маҳбуб дўхтир ҳам жавобини кўп куттирмади. У туширган тарсакининг жаранги тинмай туриб, Ҳабиб дўтир унинг гарданига мушт туширди. Икковиям бир қўли билан менинг икки томонидан тутиб тургани учун орадаги мушту шапалоқлардан бенасиб қолмаётган эдим. Ҳар қалай бу жанжалнинг бош сабабчиси ўзим бўлганимдан кейин, жазосини ҳам олишим керак-да!
Улар эса, ҳеч нарсага қарамай, бир-бирини муштлар, дўппослар, тепклар, мен эса, уларнинг чангалидан чиқишга чандлон уринар, аммо бунинг удасидан чиқолмасдим.
Бир пайт атрофимизда ҳангоматалаб одамлар тўплана бошлади. Аммо, биротраси келиб, бизни ажратишга, жанжални тинчитишга журъат қилолмади. Ахир жон ҳаммага ҳам ширин-да!
Агар маҳалла посбонлари келиб қолмаганда, иш нима билан якун топиши фақат парвардигорнинг ўзига аён.
Ўша кундан бери маҳалламиз аҳли касал бўлмайдиган, шундай бўлган тақдирда дўхтирга мурожаат қилмайдиган бўлишди. Ҳабиб дўхтир билан Маҳбуб дўхтир каллаи саҳардан қаро кечгача ўз қабулхоналари деразаларидан бир-бирларига термилиш билан кун кечиришмоқда.
Форс тилидан Рустам Жабборов таржимаси