Нақ эрталабдан буён Насруллахон мен билан ўта хушмуомала эди. У бир неча бор ўтирган столимнинг тепасига келиб, сигарет билан сийлади, чой таклиф қилди…
Кўпдан бери ўртамизда яқин ошначилик муносабатлари бор эди, пулдан қисилиб қолган чоғларимизда бир-биримизга қарз бериб турар, ойда икки-уч марта бирон ерда чақчақлашар ё кинога тушардик. Аммо бугун Насрулланинг каминага муносабати ҳаддан зиёд илтифотли эди. У тинмай менга қараб жилмаяр, кўз уриштирарди, ниҳоят ёнимга келиб ўтириб деди:
– Оғайни, кел, бугун бизникида тушлик қилайлик!
– Билмадим-ов, қандоқ бўларкин, – эсанкирадим мен, – сал шамоллаброқ турибман, хотинимга пешинда ош қилиб тур, дегандим, балки бошқа сафар борармиз?
– Очиғини айтсам, айнан шу бугун сен билан тушлик қилгим келяпти.
У шунчалик қистадики, охири ноилож таслим бўлдим.
Тушлик танаффусда уникига кетдик. Бу Насруллахоннинг уйига биринчи ташрифим эди, қуруқ боргим келмади, шу боис автобусдан тушиб, гулдастами, бир қутича конфетми олволсам бўларди, дедим.
– Биринчидан, бу атрофда гул дўкони йўқ, – деди у меҳрибонлик билан қўлтиғимдан олиб ва мени ўзи билан олдинга суриб кетди, – иккинчидан, нима, сен бизнинг уйга бегонамисан? Сени уйдагиларга кўп гапирганман, ҳаммалари яхши билишади, энди шахсан танишиб оласизлар. Кетдик, кетдик, болалар кутиб қолишди – улар китобларингни маза қилиб ўқишган!
Мен қаршилик қилмай қўяқолдим ва биз уларникига қараб йўл олдик. Эшикни ўз калити билан очиб:
– Марям! Марям! – деб хотинини чақирди. – Мана, жаноб Шоҳоний. Мен уни тушликка олиб келдим.
Ҳеч ким жавоб бермади. Марямхоним ҳам, бутун уй ичи ҳам жимжит эди. Мен бўлсам, отимни эшитган заҳоти бутун оила югуриб чиқади, деб ўйлагандим. Уйда одам зоти йўққа ўхшарди.
Насрулла мени бўм-бўш совуқ меҳмонхонага бошлаб кирди.
– Марям, Марям! – деб тағин шовқин солди. – Уйимизга жаноб Шоҳонийни опкелдим! Бугун тушликка нима қилдинг?
– Заҳар қилдим, заққум қилдим! – деди Марямхоним, тахминимча, унинг овози ошхонадан чиқди, шекилли, чунки ерга тушиб чил-чил синган чинни идишнинг жаранги ҳам эшитилди.
“Эҳ, Насруллахон-а! – деб ўйладим мен. – Зап вақтида чақирибсан, ошна, бунданам зўр зиёфат бўлмайди оламда”.
Бундай “самимий” қутловдан эсанкираганча, мен меҳмонхонанинг ўртасида довдираб турардим.
– Нега ечинмаяпсан? – Ёмғирпўшини ечиб, Насрулла менга юзланди. – Ўтир, оғайни! Бу ер сал совуқроққа ўхшайди-а?
– Йўқ, ҳечқиси йўқ, – дедим мен. – Лекин менга рухсат бер, кета қолай. Бугун хотинингнинг кайфияти йўқроққа ўхшайди?
– Йўқ-йўқ, ҳечам унақамас, – қаттиқ кулиб жавоб берди, – унинг жавобидан уялдинг, шекилли?
– Йўқ… лекин…
– Эътибор берма, Марям ҳазиллашяпти. У шунақа ўзи… Ечин, ечинсанг-чи!
“Одамлар ҳар хил бўлади, – деб ўйладим мен. – Эҳтимол, буларникида бир-бирларига айнан шундай меҳр кўрсатишар. Чиндан бу одатга айлангандир”.
Мен пальтомни ечиб, печка ёнидаги чарм ўриндиққа ўтирдим. У жуда муздек эди!
– Уй мунча совуқ-а! – деди Насрулла. – Ҳозир, ҳозир. – У печкада қанча керосин қолганига қаради.
– Марям, Марям! – бақирди у. – Печкада бир томчи ҳам керосин қолмабди-ку!
Бунга жавоб чуқур сукунат бўлди. Насрулла:
– Керосинли бидон қани? – деб сўради.
– Отангнинг мозорида! – деди Марямхоним мулойимлик билан…
“Меҳмонга келиш мана бунақа бўлади!” – ўйладим мен.
Аммо Насруллахон жилмайиб бош чайқаб қўйди холос.
– Бор, керосинли бидонни олиб кел, – маслаҳат бердим мен.
– Уни қаердан топаман?
– Хотининг қаердалигини айтди-ку!
– Йўқ, бу менинг ишим эмас, оғайни. Уйни у иситиши керак.
Шу асно хонага оқ фартукчали беш яшар бола кирди ва олдимда турган биллур гулдонли пастак столга қараб юрди. Қўли гулдонга тегиб уни пастга тушириб юборди. Идиш чил-чил синди. Мен синиқларни териб олгани энгашганимда, бирдан хонада Марямхонимнинг овози янгради:
– Э, келган бало-қазо шунга урсин!
Мен бошимни кўтардим. Насруллахоннинг хотини остонада менга олайиб қараб турарди. Мен довдираб синиқларни стол устига қўйдим, креслодан туриб, у билан сўрашдим.
Марямхоним менинг саломларимга совуққина алик олиб, болани етаклаб чиқиб кетди.
– Насруллахон, – дедим. – Мазам йўқроқ. Сенга айтгандим: уйда хотиним мени тушликка кутиб ўтирипти. Хўп, де, мен кетай.
– Ўлай агар, сени кеткизмайман! – жавоб берди у. – Биз бирга овқатланишимиз керак. Кейин кетсанг – кетарсан.
Шундай деб, Насруллахон хонадан чиқиб кетди. Мен ўрнимдан туриб девордаги фотосувратларни кўздан кечира бошладим, ичимда, тезроқ овқатланиб, яхшилик билан йўқола қолсайдим, деб ўйлардим.
Бу чоғ даҳлиздан эр-хотиннинг гап-сўзлари эшитилди. Менинг номимни бир неча бор тилга олишди. Қулоқ солдим.
– Ўлай агар, Марям, – дер эди Насруллахон. – Кеча Шоҳоний билан бирга эдим. Мана, ўзи ҳам шу ерда, сўрашинг мумкин…
– Кеча қаерда қолган бўлсанг, жўна ўша ерга! – жавоб қайтарди Марямхоним. – Туни билан келмаганинг келмаган, яна кундузи ҳам бошлашиб юрганинг нимаси энди?
– Бўлди-бўлди, кўп акиллама, бизга лоақал тухумсолди қилиб бер, сен билан кейин гаплашамиз.
Тушликнинг “т”си ҳам йўқлигини кўриб турардим. Эр-хотин ўз ади-бадилари билан овора, мен билан бир чақалик ҳам ишлари йўқ эди. Мен инглизчасига сездирмай жўнаб қолмоқчи ҳам бўлдим-у, лекин кейин: “Ноқулай. Худо кўрсатмасин, бирдан уйларида бирон нарса йўқолиб қолса – мендан кўришлари ҳам мумкин” деб ўйладим.
Иккиланиб, нима қилишни билмай совуқ уйда у ёқдан-бу ёққа юриб турдим. Насруллахон мис патнис кўтарганча кириб келди, унда бир пиёла қатиқ, озгина пиёз, укроп, кашнич, икки-уч лочира нон бор эди.
– Азиз дўстим, – деди у патнисни столга қўйиб. – Мен жуда уятда қолдим, кечирасан, Марямнинг бугун мазаси қочиб қолиб, тушлик тайёрламабди. Лекин сен тухумсолдини ҳам яхши кўрасан, шекилли.
– Ҳа, яхши кўраман, – дедим, – лекин менга рухсат бер…
– Ўлай агар, рухсат бермайман!..
– Лекин, ахир…
– Ҳеч қандай “лекин-пекини” йўқ. Сени балоям урмайди. Очиғини айтсам, кеча уйга кечроқ келгандим, Марям бугун эрталабдан машмаша бошлаб юборди. У, албатта, сендан ҳеч нима сўрамайди – у сени қандай ҳурмат қилишини биласан – агар сўраса, кеча Насруллахон мен билан бирга эди, дейсан.
Шу пайт Марямхоним товада тухумсолди олиб кирди ва зарда билан уни столга қўйиб, ўзи оромкурсига ўтириб, телефон дастагини кўтарди.
– Ойи! – деб қичқирди. – Фарини олиб бу ёққа келинг!
– Овқат совимасин, ол, – Насруллахон илжайиб менга ўгирилди.
Илож қолмади. Қанийди энди ҳаммасини бир лаҳзада еб битирсам-у, бу ердан тезроқ қутулиб, қуён бўла қолсам.
Мен лочирадан бир бурда ушатдим, уни кашнич билан қатиққа булаб оғизга йўллаб, эндигина чайнай бошлагандим, эшик очилиб, Марямхонимнинг онаси – Насруллахоннинг қайнонаси қўлида набираси Фари билан хонага кириб келди.
– Амакингга бор, – болага мени кўрсатиб кесатди у. – Аданг кеча эрталаб кетганча бугун сенга совға-салом олиб келди…
Тишлаган ноним томоғимда туриб қолди. Уй ичи музхонадай совуқ бўлса ҳам, бутун жисмимни тер босди.
Тақсимчадан секин бошимни кўтарсам, буви бўлмиш оромкурсида ўтирар, бола атак-чечак қилиб менга келарди. Дастурхонга етиб келган заҳоти патнисни ушлаб олиб, ўзига тортди. Мен тухумсолдили тақсимча билан қатиқли пиёла ҳам биллур гулдоннинг кунига учрамасин деб, икки қўллаб патнисни ушлаб қолдим, лекин шу пайт Марямхоним дона-дона овоз билан:
– Жаноб Шоҳоний! – деганини эшитдим.
Мен гунгу лолга ўхшардим. Бошим ғувилларди. Томирларим шу қадар қаттиқ урардики, бирон табиб уни ушлаб кўрса, олдиндан ўлим гувоҳномаси ёзиб берган бўларди.
– Лаббай, хоним, – дедим аранг, бир чети тишланган лочирали тақсимчани ўртага суриб.
– Насруллага айтинг, менинг талоғимни бериб, сизга уйлансин, – давом этди ўша-ўша совуқ оҳанг билан.
– Менга?!
– Ҳа, ҳа, сизга!
Бу қандай гап? Мен ҳеч нарсага тушунмай нажот излаб Насруллахонга тикилдим. Унинг юзида сезилар-сезилмас бир табассум ўйнади ва у менга енгилгина кўз қисиб қўйди, бу “индама!” дегани бўлса керак. Менинг жилмайишдан ўзга чорам қолмади.
– Сиз жуда лутфли экансиз, хоним, – дедим. – Ташаккур. Аммо… ахир… йўқ… нима дейишни ҳам билмайман…
Насруллахоннинг қайнонаси баланд овоз билан:
– Марям ҳақ! – деб қизини қўллади. – Сиз Насрулланинг уйли-жойли, болали, оталик бурчлари ҳам борлигини ҳеч ўйламайсиз! Бу бадбахтдан нима истайсиз ўзи? Нима учун унга осилиб олгансиз? Уни ўз ҳолига қўйинг, ўз ишлари билан шуғуллансин, хотини, бола-чақасини ҳам ўйлашига имкон беринг! Виждон ҳам бўлиши керак, ахир! Ҳар оқшом, ҳар оқшом, ҳар оқшом!.. Ўзингизга бошқа соғин сигир топиб олинг!
Ахир биз Насрулла билан ойда бир оқшом ҳам учрашмаймиз. Мен жуда банд одамман, менинг ҳам хотиним, болаларим, ташвишларим бор, дея энди эътироз билдирмоқчи бўлиб тургандим… аммо Насрулланинг кўзларидаги ўтинчни кўриб, жавобни чўздим. Калламга бир фикр келгунча ҳам бўлмай, Марямхоним мени кўндаланг саволи билан гаранг қилиб қўйди:
– Марҳамат, тушунтириб беринг, у тун бўйи қайда эди?
“Эҳ-а, – тушундим мен. – Демак, Насруллахон бугун уйда тунамабди-да. Демак, унинг барча илтифотлари ва тушликка таклифи бежиз эмас экан-да!” “Эрингиз туни билан қайларда бўлганини мен қаёқдан билай, хоним? Нима, мен унинг шахсий соқчисиманми?” демоқчи бўлгандим. Аммо Насруллахоннинг юзи даҳшатдан қийшайиб кетганига кўзим тушди…
– Худо ҳақи, кеча оқшомдан буён у меникида эди, – деб алдадим, пинагимни бузмай. – Яъни, у билан бир дўстимникига меҳмонга боргандик, узоқ ўтириб қолибмиз, ҳаво бузилди, транспорт ҳам учрамади, уй эгаси бизни тунаб қолишга кўндирди.
Қарасам, Насрулланинг юзи ёришиб кетди.
– Эшитдингизми, ойижон, – деди у қайнонасига ўгирилиб, – кўрдингизми, алдамабманми? Мана, сизга гувоҳ!
– Тулкидан: “Гувоҳинг ким?” деб сўрашса, “думим” деб жавоб берибди, – вайсади қайнона. – Хўп, сен айтгандай бўла қолсин! Ўтган куни-чи, эрталаб соат тўртда қайтдинг, у куни қаерда эдинг?!
– Ким билан биргайдинг, деб сўраяпсизми? – гапга қўшилди Марямхоним. –Олдингизда ўтирган мана шу жаноб билан-да!
“Ҳа, чинданам шундоқ дегин, Шоҳоний”, – ёлворди Насруллахоннинг кўзлари.
– Билмадим, нима дейишга ҳам ҳайронман. Ҳа… Албатта… Биласиз-ку: одам бир гапга тушиб кетса…
– У ҳолда олдинги, ундан ҳам олдинги тунлар тўғрисида нима дейсиз? – гапимнинг белига тепди Марямхоним. – Ўшандаям бирга гапга тушиб кетганмидинглар?
– Азиз жонингни ўртага қўйиб қасам ичаманки, Марям, – Насрулла жавоб беришимга қўймай бидирлай кетди, – онангни ўртага қўйиб онт ичаманки, жаноб Шоҳоний билан бирга эдим. Биз соат ўнларда – босмахонада сўнгги саҳифани солиштириб чиқиб, энди ишни тугаллаганимизда – бош муҳаррир бизни овқатлангани қовоқхонага таклиф қилди. Бош муҳарриримиз қандай ёқимтой, яхши одамлигини билмайсан-да. Худо ҳақи, агар…
– Етар, бас! – гапини бўлди Марямхоним. – Муҳаррирингиз билан нима ишим бор менинг? Мен мана бу жанобдан сўраб билай-чи: у ўзи қанақа одам, нега шўрлик хотинларни қийнаб, ҳаётларини заҳар қилаверади? Ҳаммамизнинг эрларимизни тортиб олиб, уларни тўғри йўлдай тойдирди, ўзининг итоатгўй қули қилиб олди… У менга ўгирилиб увиллади: – Сен-чи, сен, ўзингча ҳалол, тўғри яшаяпман деб ўйлайсанми? Бахтсиз хотинлар эрларини ва бегуноҳ болалар оталарини тун бўйи кута-кута сени ҳар дақиқада қарғашади! Билдингми, муҳтарам жаноб? Ойи, Ишратхонимни чақиринг. Келиб, мана бу нусхани бир кўриб қўйсин!
Марямхонимнинг онаси ўрнидан турди ва Ишратхонимни чақиргани чиқиб кетди, мен бўлсам “у ким экан, нима иш қиларкин ва Насруллахоннинг тушлик зиёфатига нима алоқаси бор экан”, деб фол очганча қолдим, Марямхоним бўлса ўша-ўша таъзиримни беришда давом этар, сўроққа тутиб, таъна-дашномларга кўмар эди. Йиғлаб юборсам керак. Жоним ҳиқилдоғимга келди. Аммо ўзимни ҳимоя қилгани оғиз жуфтлашим билан Насруллахон стол остидан оёғимни туртиб, ёлборган назар билан мени тўхтатарди.
Бу асно қайнона бўлмиш менга бутунлай нотаниш ўрта яшар бир хотин билан бирга қайтиб келди ва ғазаб билан:
– Кир, Ишратхоним, – деди. – Мана, кўр, ўша зўровон нусха!
– Мен сизни шу кунгача ҳеч кўрмагандим, жаноб Шоҳоний, – деди у. – Аммо Маҳмуд сиз ҳақда кўп яхши гапларни айтганди. Энди мен сиздан бир нарсани илтимос қилгани келдим: марҳамат қилиб, Маҳмудни тинч қўйинг!..
Менинг кўзларим қинидан чиқиб кетди. Энди: “Қанақа Маҳмуд? Ким у?” демоқчи бўлгандим, Насрулла худди фикримни уққандай, аянчли жилмайиб, сайрашга тушди:
– Маҳмуднинг хотини бу Ишратхоним. У сен ҳақда кўп яхши гапларни эшитган! Маҳмуд маишатхоналарга боради, деб ўйлайди.
“Худойим-ей, нима бўляпти ўзи, Маҳмуди ким экан?” деб тушунишга уринардим мен. Аммо Насрулла мени оғиз очгани қўймас эди.
– Азиз жонинг учун онт ичиб айтаманки, Шоҳоний, Маҳмуд тушида ҳам, ўнгида ҳам сени улуғлагани улуғлаган! У сени қандай яхши кўришини тасаввур ҳам қилолмайсан! Балки, эсингдадир, уч кун олдин буни ўзингга ҳам айтган эди.
– Ҳа, жаноб Шоҳоний! – қичқирди Ишратхоним, бирданига ўзини йўқотиб. – Ўша Маҳмудингиз! Жонини сизга сотиб, танини менга қолдирган ўша Маҳмуд! Чўнтаги – сизга, чўнтагининг тешиги – бизга! Фарида сизнинг шу ерда эканлигингизни билиб қолса, тушда ҳам кўрмаган балоларни бошингизга солади.
– Ўша Фарида, яъни бу, – гапга аралашди Насруллахон, – Жаҳонгирхоннинг хотини! (У худди холамнинг қизини айтаётгандай гапирди). Наҳотки эсламасанг? Байрамда уч кунимизни денгизда бирга ўтказгандик-ку! Эсингга тушдими, мен, сен, Жаҳонгир, Маҳмуд ва Ирож?!
Э, ҳа, мен зўр йигит эканман-ку!
Ишратхоним Фаридахоним билан шахсан танишгим келяптими-йўқми, суриштирмай-нетмай, уйдан учиб чиқиб чинқирди:
– Фарида! Фарида… Фари!.. Фаридахоним!
Мен бутунлай эсанкираб қолган эдим. Насруллахон, хотини ва қайнонасининг гаплари қулоғимга кирмас эди. Диққат билан Ишратхонимга тикилдим. Энди у нима ҳунар кўрсатар экан?
Қарши томондаги икки қаватли уйнинг деразасидан бир хотин бошини чиқарди.
– Нима дейсан, Ишратхоним?
– Бу ёққа кел! Тез пастга туш! Сенга ҳеч қачон кўрмаган нусхани кўрсатаман.
– Нима бўлди ўзи? Биров келдими?
– Сўрама… Тез тушиб кел!
– Гапни чўзмай ким келганини айта қолсанг-чи? Ахвоздан холаваччанг келдими, дейман.
– Йўқ, йўғ-э, жаноб Шоҳоний келдилар.
– Шоҳоний?
– Ҳа, ўлай агар! Туш тезроқ! Умрида бунақа аҳволга тушган эмас у! Ўтинаман, тезроқ чопиб келгин!
– Кетяпман… Қўйворманглар, мен ҳозир!
– Йўл-йўлакай Шаҳлониям ола кел!
– Бўпти!
Дераза шарақлаб беркилди, шундан кейин Ишратхоним қувонганидан терисига сиғмай, хонага югуриб кирди:
– Хўш, хўш. Жуда қизиқ! Давом этинг, жаноб Шоҳоний!
– Йўғ-э. Мен индамаётган эдим, гапираётган сиз эдингиз.
Эшик кенг очилди ва хонага турли ёшдаги саккиз хотин ёпирилиб киришди. Улардан бири ҳозир деразадан боши кўринган аёл эди. У менга бармоғини ниқтаб: “Мана шуми?” деб сўради.
– Ҳа, Фаридахоним, – Ишратхонимнинг жавобини тасдиқлаб, гап ташладим. – Аммо, марҳамат қилиб, бошқалар ким, менга таништирсангиз?
Фаридахоним ўқ еган йўлбарсдай, менга ташланди:
– Кимни кўрмоқчи бўлувдинг? Сен эрларини тортиб олган бечора хотинлар булар!
– Мен?
– Сен бўлмай ким бўларди, менми?
Юрагим алам билан тўлиб, чакка томирларим қаттиқ-қаттиқ урар, томоғим қуриб қолган эди. Тилим танглайимга ёпишиб қолганга ўхшарди.
– Рухсат этинг, жаноб Шоҳоний, уларни сизга мен таништирай, – тилидан заҳар томиб гап бошлади Фаридахоним, – бу Мари – Раҳим оғанинг хотини! – Ўзи билан ёнма-ён турган баланд бўйли хотинни менга кўрсатди.
– Ўзимизнинг Раҳим оғани айтяпти! – изоҳ берди Насруллахон.
М е н. Танишганимдан хурсандман, хоним!
Ф а р и д а. Бошқаларни таништирай. Шаҳлохоним – Тоҳир оғанинг хотини!
Н а с р у л л а х о н. Ўзимизнинг Тоҳир оғани айтяпти!
М е н. Бағоят бахтиёрман!
Ф а р и д а. Бу Лайлохоним – Абдуллахоннинг хотини!
Н а с р у л л а х о н. Ўзимизнинг Абдуллани айтяпти.
М е н. Танишганимдан мамнунман!
Ф а р и д а. Гелинхоним – Лайлонинг онаси, Абдуллахоннинг қайнонаси.
М е н. Қандай бахт!
Ф а р и д а. Махнасхоним – Абутуробхоннинг хотини!
Н а с р у л л а. Ўзимизнинг Абутуробни айтяпти.
М е н. Қандай шараф!
Қисқаси, мен Насруллахоннинг уйидан чиқаётганимда, ҳамма қўшни хотинлар эшик олдида икки қатор бўлиб, эрларини йўлдан урган мендай нобакорни таъқиб остида кузатиб туришарди. Насруллахон ҳам кийиниб мен билан бирга чиқди.
– Ҳа, Насруллахон, сен қаёққа? Яна йўқ бўлиб кетасанми? Қачонгача? – сўради Марямхоним.
– Йўқ, мен жаноб Шоҳонийни фақат бекатгача кузатиб келаман.
Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 2-сон