Ҳабибни кўрсангиз таниёлмасдингиз. У билан анчадан бери дўст бўлганимиз учун, қанчалик ўзгармасин, уни дарров танидим.
У олдинлари анча дадил, ҳаракатчан ва улфати жонон бўлиб, овқат ейишни хуш кўрар, хушчақчақ ва ҳазиллашишни ёқтирар – бир сўз билан айтганда, давранинг гули эди. Кўп топарди ва шунга яраша сарфларди. Доимо чиройли кўринарди: думалоқ юзи қип-қизил, қадамлари шахдам. Ҳозир унга бир қараб қўйинг! Худди безгакка чалингандек: юзлари сўлғин, бўздек оқарган, чалишиб юради. Хулласи калом, Ҳабибни таниб бўлмай қолганди.
Мен азалдан бировнинг ишига аралашишни ёқтирмасам-да, ҳозир ўзимни тутолмай, ундан сўрадим:
– Сенга нима бўлди, Ҳабибжон? Таниб бўлмайдиган аҳволга тушибсан!
Унинг жаҳли чиқиб кетди:
– Эр-хотин ва севишганларнинг ишига бурнини суққанларга худонинг лаънати бўлсин!
Ноўрин савол берганимни билдим ва уни тинчлантиришга уриндим:
– Хафа бўлма, Ҳабибжон! Ўзи нима гап, нимадан бунчалик жиғибийронсан?
– Аёллар журналини сотиб олма ва ўқима, деб минг марта айтдим унга! Йўқ, гапимга қулоқ солмади ва мени мана шу аҳволга солиб қўйди-да!
– Сенинг бу аҳволга тушишингга аёллар журналининг нима дахли бор?
Ҳабиб энди менга мўлтайиб қаради:
– Ҳамма гап аёллар журналида-да, сен буни тушунмайсан! Юр, қаҳвахонага кирайлик, ўша ерда ҳаммасини айтиб бераман.
– Сен мени яхши биласан-ку, – деб ўз ҳикоясини бошлади Ҳабиб жойлашиб ўтиришимиз билан. – Қандай шўх ва хушчақчақ эдим. Эслайсанми?
– Эсламай, ўлибманми?
– Энди-чи?.. Бунга ким айбдор деб ўйлайсан?
– Мен қайдан билай?
– Доктор, лаънати доктор Хильдер Гавзер айбдор, лаънат бўлсин унга!
– Тушунмадим, очиқроқ гапирсанг-чи!
– Ярим йил олдин хотиним аёллар журналига обуна бўлган эди. Журналда нимани ёзишса, хотиним уни ёд оларди-да, кейин қуёнлар устида тажриба ўтказгандай, ўша ўрганганларини менда синаб кўрарди, энди тушундингми?
– Йўқ, ҳеч нарсага тушунмадим!
Ҳабиб чўнтагидан папирос чиқариб, уни тутатди, сўнг менга бир қараб олди-да, давом этди:
– Олти ой бурун ўша доктор – илоҳим соқоли ўсмасин! – журналда талай мақолаларини чоп эттирди. “Аёллар! Эрингизнинг тақдири сизнинг қўлингизда. Унинг соғлом ва бақувват бўлишини истасангиз, мана бу маслаҳатларга амал қилинг!” деб ёзган экан бир мақоласида.
– Хўш?
– Беш ой бурун, уйга кириб, йўлакда тиббиёт тарозиси турганига кўзим тушди. “Бу нима?” деб сўрадим Минадан.
– Унга чиқ, сени ўлчаб қўяман! – деди у жилмайиб.
– Меними?
– Ҳа, сени!
– Нимага?
– “Эркаклар соғлиғининг энг асосий омилларидан бири – вазнни меъёрида сақлаш!” деб ёзибди доктор Хильдер Гавзер.
Шундан бери бу хотин эрталаб, пешинда, кечаси, ухлашдан олдин, овқатгача, овқатдан кейин бир қоп шолғомдай кунига олти марта мени тарозига чиқариб қўйиб ўлчайди. Агар вазним камайса – дарров ўтирғизиб қўйиб, мажбурлаб овқатлантиради, агар вазним кўпайса – лаънати доктор Хильдер Гавзер маслаҳатига биноан кийимсиз югуришга мажбур қилади.
– Нега энди кийимсиз?
– Доктор Хильдер Гавзер, бунақа пайтда бутун тана эркин нафас олиши керак, деб маслаҳат берганмиш.
– Хўш, яна нима гап?
– Бу лаънати доктор, аёл эрини ойига бир марта барча тиббий текшириш бўйича шифокор кўригидан ўтказиб туриши шартлигини уқтиради, мабодо, шифокор қандайдир нуқсон топса, унга ўз вақтида чора кўриш керакмиш. Шундай қилиб, олти ойдан буён бу хотин менинг соғлиғимни ўйлайди…
– Демак, хотининг сени яхши кўраркан, Ҳабибжон! – кўнглини кўтарган бўлдим.
– …поликлиникага олиб боради мени, – менинг гапимга эътибор бермай, давом этди Ҳабиб. – Бир куни кўз дўхтирига, иккинчи куни – тиш дўхтирига, учинчи, тўртинчи, бешинчи кунлари – терапевтга, жарроҳга, онкологга ва яна ким-кимларга олиб боради… Жонимдан тўйиб кетдим!
– Асабийлашма, Ҳабибжон! – таскин бердим мен. – Демак, Минахоним сени севади, кўр бўлиб қолишингдан ёки ошқозонингда яра пайдо бўлишидан хавотирланади-да.
– Яна бу доктор Хильдер Гавзер хотинларга эркаклар ўз меҳнат қобилиятини узоқ сақлаб қолишлари учун уларни эрталаб ва кечқурун бадантарбия билан шуғулланишга мажбур қилишни маслаҳат беради!.. Хотиним менга иккита саккиз килолик тош, яна буқанинг бўйнини синдирадиган штанга ҳам сотиб олди. Тош кўтарганда, ўйлаб қоламан, нега мен майиб бўлмайман деб? Менда куч ҳам қолмади, тоқат ҳам!
– Иш нима бўляпти, иш, Ҳабибжон?
– Қанақа иш? Ишлайдиган вақтлар ўтмишда қолди! Ҳар куни кечаси соат саккизда болаларни ухлатади, кейин мени кўрпага ўрайди ва “ўқиб дам ол” деб, олдимга бир олам китоб-журналларни уйиб ташлайди.
– Нимага?
– Нима “нимага”? Буни доктор Хильдер Гавзер маслаҳат берган, дейди хотиним. Сенга, – яъни менга, – дам олишинг, ўқишинг ва ухлашинг учун тинчлик керак, дейди.
Мен маҳбус ёки мохов эмасман, бунақада жинни бўлиб қоламан, дедим унга. Доктор Хильдер Гавзер шундай деган, мен бошқасини билмайман, дейди хотиним. Бу доктор Хильдер Гавзер менинг тинчлигимни, бахтли ҳаёт кечиришимни бунча истамаса? Бурунлари ишдан келиб, кечалари болаларим билан бирга телевизор кўрардим, уларга эртаклар айтиб берардим, ўйнатардим, кулдирардим. Соат ўн иккида ухлардим, эрталаб мени тўп отиб ҳам уйғотиб бўлмасди, энди эса ирғиб тураман.
– Нимага, Ҳабибжон?
– Кечаси, доктор Хильдер Гавзернинг маслаҳати билан, – дўзахда куйиб кул бўлмаса рози эмасман! – ошқозонга оғир ботмаслиги ва яхши ухлаб туш кўришим учун қотган нон билан қирғичдан ўтказилган сабзидан тайёрланган ёвғон шўрва ичаман. Ўзинг биласан, олдинлари нонуштада бир жуфт қўй тилини, тўртта оёғини иккита нон билан еб ташлардим. Бундан ташқари, хотиним кечалари устимга ўн марта кўрпа ташлаб, ўн марта очиб ташлайди.
– Нима учун, Ҳабибжон?
– Ҳаммаси доктор… доктор Хильдер Гавзер шундай маслаҳат беради. Биласанми? “Эрингизга қараб туринг, ухлаганда усти очилиб қолмасин – шамоллаши мумкин, яна кўрпа тагида димиқиб қолмасин – бўғилиши мумкин”, деб ёзганмиш. Энди тушундингми?
– Бир нималарни тушунгандай бўляпман! Кейин-чи?
– Ишдан келиб, кийимларимни алмаштирмасимдан туриб, Мина мени саволга тутади:
– Чарчамадингми, Ҳабибжон?
– Йўқ!
– Бошлиғинг билан жиқиллашмадингми?
– Йўқ!
– Эҳтимол, жиқиллашгандирсан, менга тўғрисини айт.
– Айтдим-ку, жиқиллашмадим деб!
– Эҳтимол, бошқа биров билан жанжаллашгандирсан?
– Нега жанжаллашарканман?
– Мен биламан, жанжаллашгансан, фақат менга айтгинг келмаяпти. Мана, доктор Хильдер Гавзер “эрлар ўз тинчликларини ўйласалар, қувонч-ташвишларини хотинлари билан бирга баҳам кўришлари керак”, дебди. Шунинг учун, азизим, менга тўғрисини айт, бугун бирор киши билан жанжаллашдингми?
– Сенинг номинг билан қасам ичаман, жанжаллашмадим!
– Эҳтимол, ҳеч нарсадан-ҳеч нарса йўқ полиция сенга хиралик қилгандир?
– Йўқ!
– Ёки ишхонангда сенга ҳайфсан беришдими?
Шу пайт Ҳабиб қўлини кўтариб, менга илтижо қилди, гўё ҳозир қаршисида мен эмас, гўё хотини Мина тургандек, наъра тортиб юборди:
– Қиблага қараб қасам ичаман, йўқ! Йўқ! Йўқ! Ҳеч ким билан ғижиллашмадим, ҳеч ким билан жанжаллашмадим! Ишхонамда менга ҳайфсан беришмади! Полиция менга хиралик қилгани йўқ! Мени тинч қўй, жонимга тегди, қийналиб кетдим!
Ҳабибнинг овозини эшитган официант бизга яқинлашди:
– Нима бўлди, оға? Илтимос, шовқин кўтарманг.
– Ҳеч нима, ҳеч нима. Биз шунчаки очиқчасига гаплашяпмиз, – дедик иккаламиз бараварига.
– Бундан кейин, биласанми, хотиним нима қилди? – официантга эътибор қилмай давом этди Ҳабиб. – Асабим чарчаган экан, бунақа пайтда доктор Хильдер Гавзернинг маслаҳатига кўра… Айтишга уяласан киши!
– Гапир, гапир, Ҳабибжон, уялма.
– Ҳуқна қилади, дори беради ёки оғзимга томизғи томизади! Мен олдинлари зарур ишим бўлмаса, эрталаб соат етти, саккиз, тўққизда турардим. Энди лаънати доктор Хильдер Гавзернинг кўрсатмаси бўйича: “Тур ўрнингдан, бўлмаса нонушта қилишга улгурмайсан, бадантарбия қилолмайсан, муолажалар учун вақт қолмайди, ҳуқна қилиш керак”, деб хотиним соат олтида уйғотиб олади. Мен тушунолмай қолдим, бу хотин меникими ёки доктор Хильдер Гавзерникими? Мени гўр ёқасига олиб боришининг нима кераги бор унга?
– Албатта, бу сенинг хотининг, Ҳабибжон! – дедим унга.
– Унда нима учун мени бу аҳволга солиб қўйди?
– Менимча, у сени севади!
Ҳабиб тишини шунақанги ғижирлатдики, мен стулнинг тўртта оёғи баравар синди, деб ўйлабман.
– У мени севадими ёки ўзиними?
– Албатта, сени, Ҳабибжон, шунинг учун шундай қилади-да…
Официант ҳисоб-китоб варақасини келтирганда, мен тўлайман десам, Ҳабиб унамади.
Рус тилидан Илҳом Зойир таржимаси