Қосим билан кўришмаганимга ҳам икки йилдан ошибди. Уни Теҳрондаги Шопур кўчасида яшашини билардим, лекин ташвиш билан бўлиб, ундан хабар олишга имкон тополмасдим. Бир куни телевизор кўриб ўтирсам, бирдан экранда унинг сурати пайдо бўлиб қолди. Бошловчи мунгли овоз билан эълонни ўқиди: “Бедарак йўқолганлар! Ушбу суратда акс этган кишининг исм-фамилияси Қосим Меҳнатободий, эллик икки ёшда, бедарак йўқолган. Яқинлари уни бир ойдан бери излайдилар. Уни кўрган ёки у ҳақда бирор маълумотга эга бўлган кишилар ушбу манзилга хабар қилишларини сўраймиз. Суюнчиси бор”.
Вужудимни ваҳима қоплади. Бу нимаси? Кап-катта одам ҳеч нарсадан-ҳеч нарса йўқ йўқолиб кетиши мумкинми? Ўзимча турли хаёлларга бордим. Ўз жонига қасд қилдимикан? Ёки бирор оғир жиноятни содир этиб, яшириниб юрганмикан? Эҳтимол, автоҳалокатга учраб, машина остига тушиб қолмадимикан? Агар унинг жонига қасд қилишган бўлишса-чи?
Унинг бола-чақаси йўқлигини, хотини билан ажрашиб кетганини билардим. Тўхта, унинг қариндошлари бормиди? Бўлса, нега уни қидириб топиш ҳеч бирининг хаёлига келмайди? Нимага? Мен-чи, мен! Анчадан бери уни кўргани бормадим, ҳатто унинг йўқолганини телевизор орқали билиб ўтирибман-а!
Хуллас, кечаси билан тўлғониб чиқдим. Қосим ҳақидаги хаёллар ҳеч тинчлик бермади.
Эрталаб туриб, биринчи қилган ишим шу бўлдики, таксига ўтириб, бундан икки йил олдин Қосимнинг ўзи берган манзил бўйича уйини қидириб бордим. Эшикни чодрали аёл очди. Ундан Қосимни сўрадим.
– Биз бу уйни олти ой бурун ижарага олганмиз, унақа кишини билмаймиз, – деди аёл.
Уй атрофини роса айландим, кейин эҳтимол, шулар бир нимани билар, деган мақсадда, Қосим доимо кириб-чиқадиган дўконга мўраладим.
– Олти ой бўлди, дўконга кирмай қўйди, – деди дўкон хўжайини. – Унинг бу ердан кетиб қолганини ҳеч ким билмайди. Бир куни кириб, қарзларини тўлади ва хайрлашди. Шундан кейин уни кўрмадик. Ўзи нима гап?
– Ҳеч гап эмас, – дедим. – Шунчаки у билан кўришмоқчи эдим. Начора, кўришиш насиб қилмаган экан.
Тўғриси, кеча телевизорда Қосимнинг бедарак йўқолганини, унинг суратини кўрсатишганини айтишга қўрқдим.
Мен дўкондан чиқарканман, дўкон хўжайини эсладими, қўшиб қўйди:
– Хайрлашаётганида, ундан қаерга кўчаётгани билан қизиққан эдим. У Юсуфободга дегандай бўлди, бошқа ҳеч нима демади.
Мен яна такси ёллаб, Юсуфободга бордим. Сиз ўйлашингиз мумкин: манзили номаълум одамни Теҳрондай жойдан излаш ақлга сиғмайди, деб. Тўғри! Мен барча савдо расталарини айланиб, ишни Қосимни суриштиришдан бошладим. Бу ишим, албатта, ўз натижасини берди.
– Ҳа, бунақа одам ҳўв анави муюлишдаги уйда яшаган, – дея эслади бир сотувчи. – Лекин бир куни кечаси бирдан йўқолиб қолди, шундан кейин уни ҳеч ким кўрмади. Эҳтимол, у ҳақда полиция кўпроқ маълумотга эгадир?..
Маҳкамага кириб, Қосимнинг юз тузилишини таърифлаб бердим. Навбатчи зобит, – худо хайрини берсин, инсофли одам экан, – бир дафтарни варақлади, Қосимнинг Алишоҳ Сафи кўчасида яшаган-яшамаганлигини, бу ердан кўчиб кетган бўлса, қачондан бери кўринмаслигини иккита сержант билан маслаҳатлашиб, менга маслаҳат берди.
Яна такси ёллаб Алишоҳ Сафи кўчасини айланиб чиқдим, кейин Делгоша кўчасига ўтдим, ундан Салсабил кўчасига, ундан Султонободга бордим. Хуллас, куни билан излаб, охири Қосимни Памерал кўчасига яқин муюлишдаги пастқамгина ҳовличадан топдим.
Эшик секингина қиялаб очилиб, Қосимнинг қораси кўринди. Уни кўриб, рости таниёлмай қолдим. У шу икки йил ичида шунақанги қарибдики, асти қўяверинг. Қучоқлашиб, ялаб-юлқашиб кўришдик.
– Бир ўзингмисан ёки миршаб биланми? – дея муюлиш томонга хавотир билан қаради у.
– Бир ўзим. Нима эди?
– Кир ичкарига!
Торгина йўлакдан ўтиб, кичкинагина уйчага кирдик.
– Нима иш қилиб қўйдинг? – деб сўрадим курсига ўтиришим билан. – Нега ҳар ойда яшаш жойингни ўзгартириб юрибсан? Бирорта кишини ўлдириб қўйдингми? Ёки қорадори олди-соттиси билан шуғуланасанми? Нима гап?
– Ўзинг нима учун бирдан мени эслаб қолдинг? – жавоб бериш ўрнига мени сўроққа тутди. Унинг хириллаб гапиришидан, овози гўё қудуқ тубидан чиқаётгандек эди.
– Биласанми, кеча кечқурун суратингни телевизорда кўриб қолиб…
– Худо жазосини берсин! Соқолсиз қолсин! – гапимни бўлди Қосим.
– Кимни қарғаяпсан бунча?
– Амриллони! Менинг бу ҳолга тушишимга фақат у сабабчи! Қийнаб юборди мени! Икки йилдирки қонимни сўради. Уни деб ана шу кунга тушиб қолдим! Лаънати қонхўр, суратимни телевизорга берибди-да. Нима қилсам бўлади буни?
– Сен аввал нима гаплигини менга айт, кейин ўйлашиб кўрамиз. Ким у Амрилло деганинг? Ҳукумат раҳбарими? Миршабми? Терговчими? Ким у?
– Йўқ, йўқ, йўқ! – қичқирди Қосим. – Амрилло дегани менинг ношукр хизматкорим!
– Ҳали ўша сени шу аҳволга солиб қўйдими?
– Худди шундай!
Қосимнинг бирор жиноят қилмаганига амин бўлдим-у, сигарет чекатуриб давом этдим:
– Энди, – дедим тутун қайтариб, – менга бир бошдан гапириб бер-чи.
У хўрсиниб олиб, ҳикоясини бошлади:
– Хотиним билан ажрашгандан кейин Шопур кўчасидан ижарага уй олганимни эслайсанми?
– Ҳа, икки йил бурун шундай бўлган эди.
– Ҳа, ўлма! Бу хотин билан ажрашиб, анча тинчиб қолгандим. Орадан икки ой ўтгач, ёлғизликда яшаш менга тўғри келмаслигини билдим. Дўконма-дўкон изғиб юриш, овқат пишириш, идиш-товоқ ювиш ва бошқа икир-чикирларни ўзим бажаришимга тўғри келди. Бу ишлар билан бўлиб, бошқа ишга вақт етмай қоларди. Ўлда-жўлда овқатланиш эриш туйилди менга. Битта хизматкор топиб беринглар, деб ҳамма танишларга айтиб чиқдим. Улар маслаҳатлашиб, бу уйда аёл хизматкор сақлаш ноқулайлигини, аёл киши мендек қариянинг барча хизматларини қила олмаслигини айтиб, ана шу Амриллони топиб беришди. (Бу Амрилло эмас – иблиснинг ўзи!) Хуллас, йигирма тўрт ёшли, ҳарбийда хизмат қилган, фаросатли, фақир бир йигит уйимга кириб келди. Дастлабки икки ойда унинг хизматларидан кўнглим тўлди. Уйни тамоман унга топширдим, ҳатто танга-чақаларни ўзимда қолдириб, бошқа пулларни қўлига бердим. Биз хўжайин ва хизматкор эмас, гўё икки дўст эдик. Уйда бўлган кунларим у билан нарда ўйнардим. Уни едирдим-кийинтирдим. Бўйнига галстук тақди, соч ўстирди, қўй-чи, одамшаванда бўлди-қолди.
Шу орада мен бир неча ҳамкасблар билан дўстлашдим. Бўйдоқ эмасманми, кечаларни улар билан қувноқ ўтказишга ҳаракат қилдим. Бир куни бирга ишлайдиган жувонни уйимга таклиф этдим. Томоша шундан бошланди. Амрилло уни шунақанги мақтадики, мен жувоннинг олдида хижолат тортиб қолдим. Лаънати, мақтовини борган сари ошираверди. Шунда Амрилло енгил кийимда эшикдан кириб, жувоннинг олдига бир қути ширинликни қўйди-да, ўзи иккимизнинг ўртамизда ўтириб олди. Ғалати бўлиб кетдим, лекин тишимни-тишимга қўйиб ўтирдим. Амрилло қўярда-қўймай мени, жувонни ширинлик олиб ейишга қисташ билан бирга жувонга хушомадлар қилди. Қарта ўйинини бошлаганимизда, у пулга ўйнашни таклиф қилди.
Шубҳасиз, мен рад этишга ҳаракат қилдим, жувон эса рози бўлди. Нима дейишимни билмадим. Учаламиз қарта ўйнадик. Кечаси ўн бирларда жувон кетиши билан ўзимни тута олмай, Амриллони уришиб бердим.
– Сизга нима бўлди, хўжайин! Нега бунча тутақасиз? Сусанхонимга айтинг, кейинги сафар келишида битта дугонасини ҳам эргаштириб келсин. Тўрт кишилаб қарта ўйнаш жуда зўр бўлади-да, – дейди лаънати.
“А-ҳа! – дедим ичимда. – Бунақаси кетмайди! У ўзидан кетяпти, бу уйда ким хўжайину, ким хизматкор эканлигини унутган! Қўйиб берсам, эртага кўнгли нималарни тусамайди дейсиз! Вақтида ашқол-дашқолини кўтариб, бу уйни бўшатиб қўйсин!”
Эртаси эрталаб унга бу уйда қорасини бошқа кўрмаслигимни айтдим:
– Менга хизматкор керак, жазманчиликка шерик эмас! Ҳақингни ол-да, кет!
– Бу ишни шунчалар осон деб ўйлайсанми, – деди у сенсираб. – Мени шунчаки кўчага улоқтирмоқчимисан? Бекорларни айтибсан! Мен меҳнат вазирлигига арз қиламан, улар сенга меҳнат қонунларига ҳурматсизлик қандай бўлишини кўрсатиб қўйишади!
– Уят эмасми, Амриллохон! Сени ишга олганимда, мен меҳнат вазирлигига мурожаат қилганим йўқ эди-ку! Олти ой давомида бу уйда яшадинг, единг-ичдинг, хоҳлаганингни қилдинг, энди тўполон кўтармоқчимисан?
– Сени маҳкамага олиб бораман! – деди аблаҳ уялмай. – Дунёда қонун йўқ деб ўйлайсанми? Сен учун шундай қонун топилади, хотиржам бўл! Хизматкорга қулдек муносабатда бўлган замонлар ўтиб кетган! Ҳозир уларни қонун ўз ҳимоясига олган.
Унинг овозини эшитиб, қўшнилар, бизга яқин дўконнинг ишбошқарувчиси кириб келди.
– Яхши! Сенингча, мен нима қилишим керак? – деб сўрадим Амриллодан.
– Олдиндан икки ойлик маошимни тўлаб қўясан!
– Розиман!
– Охирги йигирма кунни бир ойга ҳисоблайсан!
– Бунга ҳам розиман!
– Битта янги костюмингни совға қиласан!
– Бўпти, совға қиламан!
– Яна битта гиламча ҳам берасан!
Унинг ҳамма шартларига кўндим. У кетди, мен эркин нафас ола бошладим.
Орадан бир ҳафта ўтиб, эрталабдан эшик қўнғироғи чалинди. Эшикни очсам, остонада Амрилло, миршаб ва яна бир папка қўлтиқлаб олган киши билан турибди.
– Сизларга нима керак? – деб сўрадим.
– Мен аҳолини ишга жойлаштириш Бош бошқармасининг вакилиман, – ўзини таништирди папкали киши. – Мана бу жаноб сизникида ишлаган экан, шундайми?
– Хўш!
– Нимага уни ҳайдадингиз?
– Чунки менга хизматкор керак эди, хўжайин эмас.
– Нима гап ўзи? Мамлакатда қонун йўқми? Қайси қонунга асосланиб, ишлаб турган хизматкорни ишдан бўшатдингиз? – деди папкали киши ва қўлимга бир варақ қоғоз тутқазди. – Мана сизга суднинг чақирув қоғози. Мени тушундингизми? Ё бу жаноб билан муросага келинг ёки аҳолини ишга жойлаштириш Бош бошқармасига марҳамат қилинг!
Амрилло мўлтираб менга қаради-да:
– Ана шунақа, хўжайин! Нима, сенга қарши қонун йўқ деб ўйлаганмидинг? Ҳамма ўзбошимчалик қилаверса нима бўлади? Мамлакатда қонун бор!– деди.
– Мен сизга айтсам, – тушунтирдим папкали вакилга, – менга ҳозирги кунда хизматкор керак эмас. Бу одам билан ҳисоб-китоб қилганман, олдиндан икки ойлик ҳақини тўладим, янги костюм совға қилдим, унинг билан бошқа олди-бердим йўқ.
– Кўрдингизми, бу одам қонунга бўйсунмайди! – деди келганидан бери жим турган миршаб. – Уни керакли жойга олиб боришимизга тўғри келади. У ерда тезда тил топишамиз!
– Мени қаерга олиб бормоқчисиз? – деб сўрадим.
– Маҳкамага! – деди полициячи.
– Мендан нима истайсиз ўзи? Нима қилишим керак? – дея хавотирландим.
– Биз ҳозиргина айтдик-ку. Сен бу жанобни ишга тиклашинг керак!
Кўриб турибман, бошқа иложим йўқ. Маҳкамага боришдан худонинг ўзи сақласин, ҳамма қонунлар уларнинг қўлида…
– Марҳамат, киринг, Амриллохон! – дедим Амриллони ичкарига таклиф қилиб.
Амрилло уйга кирди ва бу аблаҳ билан яна бир том остида яшай бошладик. Тўғри, у билан жиддий гаплашиб олдим, у бундан кейин менинг шахсий ҳаётимга аралашмасликка сўз берди.
Орадан икки ҳафта ўтди. Бир куни ишдан қайтсам, меҳмонхонада икки кишининг гаплашаётганини йўлак бошида туриб эшитдим…
Қосим чуқур нафас олиб, қўли билан юзини силади.
– Ишонмайсан, – давом этди у, – мен бу лаънатидан нима яхшилик кўрдим? Қийнаб юборди мени, бу аблаҳ! Бошқа иложим қолмади!
– Гапиравер, кейин-чи? – дедим мен.
– Меҳмонхона эшигидан мўраласам, Амрилло диванда ўтириб олиб, бир дўндиқчани эзғиляпти. “Шуниси етмай турганди!” – деб ўйладим ва келганимни билиб, ишни бас қилсин, деган маънода бир неча бор йўталдим.
Амрилло югуриб олдимга чиқди:
– Киринг, уялманг, – деди менга, – танишим меҳмонга келиб эди, гаплашиб ўтирибмиз. Исми Зари, қўшнимиз жаноб полковникнинг уйида хизмат қилади, жуда ақлли қиз… Сиз уни танимайсизми?
– Йўқ, унга ишим тушмаган!
Қиз кетгач, Амриллога дедим:
– Азизим Амрилло, биласан, сенинг ҳамма шартларингга кўндим, бунинг эвазига мени қўшнилар олдида шарманда қилмагин-да энди! Мен жаноб полковник билан орамиздаги муносабатларнинг бузилишини истамайман.
Амрилло бундан кейин бу иш такрорланмаслигига сўз берди.
Орадан ўн-ўн икки кун ўтди, эрталаб миршаб келиб, мени маҳкамасига таклиф этди. Кийиниб бордим. Хонада навбатчи капитан олдида қўшним – полковник жаҳли чиққанидан узун мўйловининг учини тишлаб ўтирибди.
Уни кўрдим-у, бу Амриллонинг иши эканини сездим.
– Хизматингизга тайёрман, жаноб капитан, – таъзим қилдим мен.
– Жаноб полковник шикоят билан келибдилар, – деди капитан, – нега у кишининг хизматкорини йўлдан урдингиз? Ҳозир у ҳомиладор экан.
Бу гапни эшитиб, бутун вужудим музлаб қолди.
– Сизни тушунмадим, жаноб капитан? Уни сен йўлдан ургансан, демоқчимисиз?
– Мен эмас, албатта? – деди капитан ва полковникка қараб маъноли жилмайиб қўйди.
… Қосим қўлидаги сигаретини кулдонда эзғилаб, гапида давом этди:
– Энди тушунгандирсан, мени нега қочиб юрганимни? Қанақа кўрсатмалар бермадим миршабга! Полковник ва унинг ёрдамчисидан қочиб, неча кеча-кундузни қўрқувда ўтказмадим, уларнинг дағдағасидан ҳатто уйда ётмадим, кўчаларда тентираб чиқдим! Э, айтаверсам гапим адо бўлмайди… Бу азобларнинг натижаси ўлароқ, Амрилло Зарига уйланди ва уни ҳам менинг уйимга олиб кирди. Ноқулай вазиятда қолдим: Амриллони меҳнат қонунлари, Зарини эса оила ва никоҳ қонунлари ҳимоя қилади, мени эса ҳеч ким ҳимоясига олмайди. Мен ўзимни ўйлашим керакми! Биринчи навбатда Амрилло мени топиб олмасин деб, ишдан бўшадим ва бошқа ишга жойлашдим. Кейин Юсуфободдан ижарага уй топдим, унча катта бўлмаган жамғармамга уй жиҳозлари сотиб олиб, уч хонанинг бирига жойлаштирдим. Ва ниҳоят, бир куни эрталаб Шопур кўчасидаги уйда нима бўлса ҳаммасини тўй совғаси сифатида янги келин-куёвга ташлаб, чиқиб кетдим.
Бир қанча вақт Юсуфободда яшадим. Бир куни кечаси газета варақлаб туриб, охирги саҳифадаги таниш суратга кўзим тушди ва дарров ўзимни таниб олдим. Сурат тепасида “Бедарак йўқолган кимса”, тагида: “Қосим Меҳнатободий қирқ кун олдин уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. У ҳақда билганлар кўрсатилган манзилга хабар берсин. Суюнчиси бор”, деган сўзлар ёзилган.
Эй, худойим, энди нима қилиш керак? Қаёққа қочиб яшириниш керак?
Эрталабгача мижжа қоқмай чиқдим. Кейин янги жой излаб кетдим. Уйга қуруқ қайтиб, тушлик қилиб ўтирсам, эшик қўнғироғи чалинди. Эшикни очсам, остонада Амрилло, хотини Зари ва миршаб турибди.
– Сизга каттадан-катта раҳмат, жаноб сержант, – мени кўриб, миршабга миннатдорчилик билдирди Амрилло. – Бу худди ўша киши. Ёрдамингиз учун яна бир марта раҳмат! Энди кетишингиз мумкин.
– Амрилло!.. Қандай қилиб мени топдинг? – ҳайрон бўлиб сўрадим ундан.
– Миршаб ёрдамида, – деди у. – Ҳукумат билан ҳазиллашиб бўлмайди. Ҳар бир полиция маҳкамасида фуқароларнинг манзили ва сурати бўлади.
– Мендан яна нима истайсан?
– Айтарли ҳеч нарса, жаноб, фақат сизсиз яшай олмаймиз. Ижара пули, сув, чироқ, телефон ҳақини тўлаш керак. Мен билан Зарига емак керак. Буларга қаердан пул оламиз?
Хуллас, мен ташлаб келган нарсаларни бу ерга олиб келишди ва бўш ётган хоналарга жойлашишди. Биз яна бир уйда яшай бошладик. Бора-бора, мен бу дайдилар билан бошқа яшай олмаслигимни сездим. Менда куч қолмаган эди, улар икки киши бўлса, яқинда учта бўлишлари эҳтимолдан холи эмасди…
Қосим қайғули бир хулоса ясади:
– Менимча, биздаги қонунлар Амрилло ва унинг хотинини ҳимояси учун яратилгандек, полициянинг эса мени қидириб топиб, яна ўшаларнинг қўлига топширишдан бошқа иши қолмаган.
Қосим каравот тагидан бир даста газета-журналларни олиб кўрсатди.
– Қара, буларнинг барчасида менинг суратим ва устида “Бедарак йўқолган кимса” деган ёзуви бор. Лаънати Амрилло яшириндим дегунча, буларни эълон қилади. Бирор сафар йўқки, миршаб мени тополмаган ва уларнинг қўлига топширмаган бўлсин. Бугун эса, орадан икки йил ўтиб, мени кўргани келдинг ва кеча кечаси суратимни телевизорда кўрсатган хабарини етказдинг. Энди мен нима қилишим керак? Қаёққа қочсам экан? Кимга арз қилсам экан?
– Ҳа, бу жуда ачинарли ҳол, – дедим Қосимнинг ҳолига ачиниб.
– Лекин сен ғам ема, худо бор, бу ишлар бир ёқлик…
Гапим оғзимда қолиб, эшик қўнғироғи жиринглади. Қосим менга қўрқув ва таҳлика тўла кўзларини тикиб, тошдек қотиб қолди.
Рус тилидан Илҳом Зойир таржимаси