Хулио Кортасар. Онамнинг мактублари (ҳикоя)

Тўғрисиям, бунақа бетайин эркинликнинг кимга кераги бор. Ҳар гал дарбон аёл Луиснинг қўлига мактуб тутқазар экан, ўтмиш ҳаёти эсига тушиб, кўз олдига келиши учун Хосе де Сан-Мартиннинг таниш сурати акс этган маркали конвертга бирров қарашининг ўзи кифоя қиларди. Сан-Мартин, Ривадавиа – булар оддийгина жой номлари эмасди: улар қадрдон кўчалар, маҳалла-кўй, киндик қони тўкилган гўшалар ҳақидаги махфий тилсимлар эди гўё… Ривадавиа–6500 – Флорес мавзеидаги данғиллама ҳовли-жой, онаси, ёр-дўстлари билан тез-тез йиғилишиб турадиган, қаҳвасидан билинар-билинмас канакунжут мойининг ҳиди келадиган Сан-Мартин билан Корриентос кўчалари туташган ердаги қаҳвахона…
Луис “Mercibien, madame Durand!”* дея миннатдорчилик билдирганча конвертни олиб, ташқарига юрди, уни шу топда қўшнилари кўрса эди, кечаги тугул, аввалги кунлардаги Луисга тамом ўхшатолмас эдилар. Онасининг ҳар бир мактуби (ҳатто яқинда юз берган воқеа, куракда турмайдиган ғалати хатога қадар ҳам) бир маромда давом этиб келаётган тинчгина ҳаётини алғов-далғов қилиб юборар, уни (худди деворга урилиб, сапчиб орқага қайтган коптокдек) ўтган кунлар қаърига улоқтирар эди. Энг ёмони, мактубларни олиб, ҳали очишга улгурмасиданоқ улар (ҳозир таъби тирриқ, шу билан бирга хаёли паришон Луис автобусда кўзларига ишонгиси келмай бугунги хатни қайта ўқиб ўтирарди) вақтнинг ўтишига таъсир этар – гўё сокин оқаётган кунларни тўхтатиб қўяр ва Лаура билан Парижга келган онларидан эътиборан ҳаётида пайдо бўлган ва у кўникиб қолган ҳамда кўз қорачиғидек авайлаб-асрашга бор куч-ғайратини сарфлаётган турмуш тарзини бузиб юборарди. Онаси пайдар-пай юбораётган ҳар битта янги хат унинг шунча қийинчилик ва машаққатлар эвазига эришган эрки, бошқалар назаридаги чигал ип ўрами каби чалкаш янги ҳаёти аёвсиз тақдир қайчиси билан шартта кесиб ташлангандек бир зумда (айнан бир зумда, чунки у беозоргина қилиб жавоб хатини ёзган заҳоти уни унутиб юборар эди) бутун мазмуни ва барқарорлигини бамисли Ришелье кўчасида кетаётган автобус ғилдираклари остида қолаётган асфальт йўл янглиғ йўқотиб бораётганини эслатиб қўярди. Фақатгина эркинликнинг зоҳирий кўриниши, бамисли доим асосий иборанинг таянчи ва унга изоҳ вазифасини бажарувчи сўзни ажратиб қавсга олинганига монанд тасаввуридаги ҳаётидан ва яна ўша замоно афсус-ўкинч ила эшикни қарс этказиб ёпган каби алоқаларни бутунлай узиш истагидан бошқа нарсаси қолмаган эди…
Одатда онаси юборган хатларни ҳамиша эрталаб келтириб беришарди, бугун ҳам худди шундай тонглардан бири эди. Лаура билан у ўтмиш ҳақида камдан-кам гаплашишар, Флорес мавзеидаги кўшкни эса мутлақо тилга олишмасди. Бунга Буэнос-Айресни эслашни ёқтирмаслиги сабаб эмасди. У Лаура билан аллақачон қочиб қутилган хеш-ақраболар тугул, ҳатто эсласанг касофати урадиган кишиларнинг ҳам исмларини тилга олмасликка ҳаракат қиларди. Иттифоқо бир куни Лаурага ботиниб шундай деганди: “Ўтмишни бир варақ қоғоз ёки кераксиз қўлёзма каби парча-парча қилиб ташлаб юбориш мумкин бўлганда эди… Аксинча, ундан ҳеч қачон қутулолмайсан, ўтмиш қайтадан ёзилган тоза саҳифаларни ҳам расвои жаҳон қилади, менимча, бизни мана шундай истиқбол кутаётган бўлса ажаб эмас”. Чинданам, қавму қариндошлари яшаётган ва ёр-биродарлари вақти-вақти билан табрикномалар юбориб турадиган Буэнос-Айресни ёдга олишса бирон ерлари камайиб қолармиди? Бир пайтлар лобар хонимларнинг шов-шувига сабаб бўлган сонетларни эълон қилган ”Ла-Насьон“ жаридаси-чи! Гоҳ-гоҳ сиёсий инқироз, исён кўтарган полковник ёки тенги йўқ боксёр ҳақида юборилган номалар-чи?! Лаура билан шуларни эслаш баҳонасида Буэнос-Айрес ҳақида лақиллаб ўтиришса бўлмаймиди?! Бироқ хотини ҳам ўтмиш китобини варақламасди, фақат тасодифан, онасидан мактуб келган кунлари, ўшанда ҳам баҳонаи сабаб билан бирон воқеани эслаб қолар, битта-яримтасининг исмини тилга олар – ажабо, ана шунда ўтмиш худди ерга тушиб жарангламаган эски танга ёки дарёнинг хилват ёқасида узоқ пайт ётиб, аллақачонлар тароватини йўқотган эски буюм сингари эътиборни жалб қилмасди.
– Eh, oui fait lourd!* – деди автобусда унинг рўпарасида ўтирган коранда. “Ҳақиқий жазирама қанақа бўлишини у қаёқдан ҳам биларди, – деб ўйлади Луис. – Февралда Авенида-де-Мойо ёки Линьенинг жин кўчаларида юрганида эди!”
У янаям ишонч ҳосил қилиш учун конвертни қайта очиб, хатни олди – тўппа-тўғри, янглишмаган, мана ўша сатр, дона-дона ёзилган. Тавба, қип-қизил бемаъниликдан бошқа нарса эмас, бировга айтсанг, ишонмайди, лекин турибди-ю, мана. Луис буни нима дейишга ҳам ҳайрон бўлиб боши қотди, ўзига келгач эса табиийки, биринчи навбатда, бундан қандай қилиб қутулиш ҳақида ўйлаб қолди. Нима бўлган тақдирда ҳам ойисидан келган мактубни Лаурага кўрсатмаслик керак. Майли, аҳмоқона хато юз берибди, ойиси янглишиб (Вико ўрнига, Нико деб ёзиб юборган бўлса керак) шундай ёзибди, лекин Лаурада нима айб, сезиб қолса дили оғрийди, шу керакми ҳозир. Сир эмас, баъзан юборилган хатлар эгасига етиб бормайди: шу дардисар хат ҳам етиб келмаса, сув-пувга тушиб кетса бўлмасмиди! Ишхонада бирон ахлат қутисига ташлаб юборса-чи? Лекин уч-тўрт кундан кейин Лаура: “Таажжуб, онангдан хат келмай қўйди-я”, – деб сўраб қолса нима деб жавоб беришни ҳам ўйлаб қўйиши шарт. Ўзи онасиз ўсгани учунми, “сенинг онанг”, деган сўзни ҳеч қачон тилга олмаган Лаура балки сўраб ўтирмас. Мабодо сўраб қолса: “Ҳайронман. Шу бугуноқ икки энлик хат ёзиб юборай-чи, тинчликмикин?” – деб қўя қоларди. Хатида нега ёзмай қўйдингиз, дея ўпкаям қилиб қўйган бўларди. Шунда ҳаёт яна изига тушиб кетарди: иш, оқшомлари кинога боришлар… Лаура ҳар доимгидек ювошгина, мунис, унинг кўнглига қараган…
Ренн кўчасидаги бекатда Луис автобусдан тушди-ю, илкис (бу аслида савол ҳам эмасди, аммо бундан ортиқроқ нима дейиш мумкин) ўзига-ўзи, нима учун, падарига лаънат, хатни Лаурага кўрсатмаслигим керак, деб савол берди. Тўғриси, гап Лаурада ва ҳатто унинг қандай қабул қилишида ҳам эмас. Модомики, кўнглидагини яширар экан, янаям яхши, нима деб ўйлашининг сираям қизиғи йўқ. Унинг учун муҳими, биринчидан (биринчисидан кейин, иккинчиси ҳам бор) аввало Лауранинг ўша пайтда авзойида пайдо бўладиган ифода. Лаура мактубни ўқиётиб, Нико деган исмга дуч келиб қолади ва унинг ишончи комилки, дудоқлари илкис тит­раб кетади, бир зумдан кейин эса: “Ҳайронман, жуда ғалати… Онангга бирон нима бўлдими?” дейди. Шу лаҳзаларда у Лауранинг бақириб юборишдан ўзини аранг тийиб турганини, ўпкаси тўлиб кетса-да буришган-тиришган юзини кафтлари билан тўсиб олмаётганини, ҳамда хотинининг тилидан чиқиб кетишига сал қолаётган Нико деган исм эканини ҳис қилиб ўтирар эди.
Реклама бюросида – Луис у ерда рассом бўлиб ишларди – шу пайтгача онасининг аввалги хатларидан моҳият-этибори билан заррача фарқ қилмайдиган эрталабки мактубини қайтадан ўқиб чиқди, ўша исм адаштириб юборилган ерини айтмаса, бу хатлар икки томчи сувдек бир-бирига ўхшарди. У ҳатто ўша сўзни ўчириб Нико ўрнига Виктор, деб ёзиб, шу билан арзимагандек туюлаётган машъум хатони тузатиб, уйга боргандан кейин Лаурага кўрсатмоқчи ҳам бўлди. Онаси ҳали Лаурага бир марта ҳам мактуб юбормаган бўлишига қарамай у бу хатларни ўқиб чиқишга қизиқарди. Негалигини тушунтириб бериш қийин, бироқ, онаси жўрттага қилгандек, фақат Луиснинг номига ёзар эди: охирида, баъзан ўрталарида Лаурага алангали саломлар йўлларди. Зотан, бу ҳеч нарсани англатмасди. Лаура мактубларни берилиб ўқир, баъзан кўзининг хира кўриши эвазига ноаниқ ёзилган битта-яримта сўзлар учраб қолса, нима деб ёзилганини аниқлаш учунми, хатга узоқ тикилиб қоларди. “Мен доим саридон ичаман аслида, доктор эса салицил кислотаси ёзиб берди…”
Мактуб яна икки ёки уч кун мобайнида ишхонасида, стол тортмасида ётди. Ўзига қолса, Луис уларни сақлаб ўтирмай ташлаб юборган бўларди. Бироқ Лаура уларни қайта-қайта ўқирди – ким билсин, такрор-такрор ўқиб, ҳар сафар янги маънолар ахтариб топиш аёлларга алоҳида ҳузур бағишласа керак-да…
Онасининг хатлари қисқагина: уйдаги янгиликлар ва аҳён-аҳён мамлакатда юз берган аллақандай бир воқеа ҳақидаги хабардан иборат бўларди. Бу ҳам “Монд” газетасида аллақачон эълон қилингани учун ҳеч бир қизиқиш уйғотмас эди. Қисқаси, хатлар бир-бирига ниҳоятда ўхшар – оддий, соддагина, асосан кераксиз нарсалар ҳақида ёзилган бўларди доим. Худога минг қатла шукур, онаси ўзини ёлғиз қолдириб, уй-жойларини ташлаб чиқиб кетган ўғли билан келинидан ҳеч қачон ёзғирмас, сизларни соғиндим, деб дийдиё қилмас, ҳатто Никонинг бевақт ўлимини ҳадеганда эслаб, ўзи тугул буларнинг ҳам юрагини сиқмас эди. Ҳолбуки дастлабки пайтларда бошларига тушган бу мусибат туфайли унинг тўккан кўз ёшлари ва оҳу фарёдига одам боласи чидаёлмас эди. Парижга келиб яшаётганларига икки йил бўлибдики, онаси хатларида бирон марта ҳам Никонинг номини тилга олмаган, Лаура ҳам ҳеч қачон у ҳақда гапирмасди. Шу боис кутилмаганда хат миёнасида Нико исмининг ёдга олинаётгани қандайдир ғайритабиий ҳол эди. Бунга ақл бовар қилмасди, босма ҳарфда ёзилган “Н” билан “О” ҳарфининг қинғир-қийшиқлигини айтмайсизми; энг ёмони исм аллақандай тушунуксиз ва палапартиш жумланинг ўртасида келар, эътибор берган одам мактубни қарилиги туфайли хотираси заифлашган киши ёзганини дарров пайқаб оларди. Онам, ногаҳон орадан шунча вақт ва воқеалар ўтганлигини унутиб қўйган-ов… Ўша сатр Лаурадан хат олдим, деган жумладан кейин келарди. Баққол дўкончасидан сотиб олинган оч кўк сиёҳда қўйилган хира нуқтадан кейин томдан тараша тушгандек: ”Бугун эрталаб Нико сизларнинг аҳволингизни сўради”, – деб ёзилган эди. Қолгани яна жуда оддий тарзда давом этарди: соппа-соғ юрган холаваччанг Матильда йиқилиб, оёқ суяги лат ебди, ҳовлидаги кучук­лар яхши ва ҳоказо гаплар… Лекин Нико уларнинг аҳволини сўрагани… Тўғри, Нико деган исмни Виктор, деб тузатиб қўйиш жуда осон. Лаура иккисига доимо ғамхўрлик қилиб юрувчи амакиваччаси Виктор, турган гапки, улар ҳақида сўраган, онасининг хаёлига шу ўрнашиб қолиб, Виктор сизларнинг аҳволингизни сўради, дейиш ўрнига Нико деб ёзиб юборган – тамом, вассалом; танбеҳ тугул, аҳамият беришга ҳам арзимайди. Виктор деган исмда Никога нисбатан иккита ҳарф ортиқ, лекин, ўчирғич бор, жиндай қунт қилиб тузатиб қўйиш қийинмиди шунчалик?! “Бугун эрталаб Виктор сизлар ҳақингизда сўради”. Виктор ойимни кўргани кириб, Парижга кўчиб кетган жигарларининг саломатлигини сўраши турган гап, бунинг ҳеч бир ажабланадиган ери йўқ.
У овқатланиш учун уйига келганда онасининг хати ҳамон чўнтагида эди. Буэнос-Айресдан жўнаб кетишгач, худди Парижнинг рутубатли ҳавосида олмадек сўлиган ва бироз кўпчиб тароватини йўқотган юзида ним табассум билан кутиб олган Лаурани кўриб, хат хусусида ҳеч нарса гапирмасликка қарор қилди. Никонинг вафотидан икки ой ўтгач, Буэнос-Айресни ташлаб кетиб, Парижда яшаётганларига икки йил бўлди, лекин, очиғи, Луис Лаурага уйланган тўй оқшомидаёқ Аргентинадан бутунлай кўнглини узган эди. Бир куни кечқурун анчадан буён кўрпа-тўшак қилиб ётган Нико билан ораларида бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг Луис Аргентинани, данғиллама ҳовли-жой, онаси, итлари, акасини ташлаб кетиш ҳақида ич-ичида қасам ичганди. Ҳолбуки, ўша кезлари атрофдагиларнинг бари: Нико ҳам, Лаура ҳам, ойиси-ю, кучуклари, боғлари ҳам унинг қош-қовоғига қарар ёки унинг амрига мунтазирдек эди. Ана шу сабабли унинг қасами ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ рақс майдонида бутилкани чил-чил синдириб, ҳамма ёққа сочиб ташлаган бебош одамнинг совуқ қилиғига ўхшаб кетарди. Ўшанда ҳамма-ҳаммаси: унинг уйланиши, онасидан рухсат сўрамай-нетмай, бемаслаҳат, урф-одатлар, азалий ахлоқий қоидаларга тупургандек, ёру дўстларини лолу ҳайрон қолдириб, қўққисдан жўнаб кетишлари ақлга сиғмайдиган ишлар эди. Ҳатто Лауранинг ўтинчлари ҳам унинг кўнглини юмшатолмаган эди. Онаси ҳайҳотдек ҳовлида, кучуклар ва дори-дармонлари-ю, Никонинг ҳалиям жавонда осиғлиқ турган ки­йим-кечаги билан яккаю ёлғиз қолганди. Қолса қолаверсин, бошқалар ҳам билганини қилсин, менга нима! Назарида онаси ҳамма гапни тушуниб етган, у энди Никога аза тутиб йиғлаб-сиқтамас, паймонаси тўлганини сезган одамдек бефарқ, ҳеч кимни хушламай уйда у ёқдан-бу ёққа юрар эди. Лекин Луис кетар куни содир бўлган воқеаларни эслагиси келмасди – тўғриси, ёмон кўрарди, жомадонлар, дарвоза олдидаги такси, болалиги ўтган уй, Нико билан уруш-уруш ўйнайдиган боғ, яна ўша иккита ялқов ҳамда расво итлар!.. Ҳозир мана шуларнинг бари-барини унутишга рози эди. Ишхонаси – реклама бюросига борар, плакатлар чизар, тушлик қилгани уйига келиб-кетар, лабларидан беғубор табассум аримаган Лаура дамлаб берган қаҳвани роҳатланиб ичарди. Эр-хотин тез-тез кино кўргани, ўрмонда сайр қилгани боришар, шу тариқа Парижни янаям яхшироқ ўрганишар эди. Уларнинг толеи кулган эди: ҳаётлари тинч оқар дарёдек бир маромда давом этар, топган ишлари ўзларига манзур, яшаётган уйлари шинам, озода, кўрган фильмлари ҳам маъноли ва қизиқарли эди. Мана шундай ҳузурбахш кунларда онасидан хатлар кела бошлади.
Луисга бу хатлар малол келмасди, аксинча, улар бўлмаганда балки у эркинликнинг оғир тошини кўтаролмас ҳам эди. Мактублар бамисли онаси уларнинг гуноҳларидан ўтаётганлигига (лекин қайси гуноҳларидан?) бир ишорадек эди гўё; улар бир кўприк вазифасини бажарар, зотан, бу кўприк бир кун келиб икки тарафни бир-бирига боғлаши муқаррар эди. Ҳар бир мактуб онасининг саломатлигидан огоҳ этар, хонадон ташвишларини эслатиб, кўнглида ғашлик уйғотар, энг асосийси, болаликдан таниш зерикарли ҳаёт давом этаётганини ёдига соларди! Бироқ шу билан бирга, ана ўша илгари қандоқ бўлса, бугун ҳам ўша тарзда давом этаётган ҳаёт тартиби унинг қонини қайнатарди. Дарҳақиқат, қони қайнарди, Лаурани деб қайнарди, чунки Лаура у билан бирга Парижда тинчгина яшаб юрибди, онасидан хат келса, у ўзгаради, бегонадек бўлиб қолади ёки бир пайтлар кечаси, боғда, Никонинг бўғиқ, одамни ваҳимага соладиган йўталини эшитган чоғда уни ўзи юз ўгирган ҳаёт тарзининг тарафдорига айлантириб қўяди. Йўқ, хатни у ўла қолса Лаурага кўрсатмайди. Исмни ўзгартириб қўйиш ҳам чиройли иш эмас. Лекин шу жумлани ўқиган Лауранинг кўнглига келмайдими? Онасининг кечириб бўлмас мана шу хатоси, аҳмоқона тасодиф – у кексаларга хос хиралашган кўзлари билан, бунинг устига эски перода, яна силлиқ қоғозга ёзишга қийналаётган қари онасини кўргандек бўларди – Лауранинг турмушини заҳарлаши мумкин-ку! Яхшиси, хатни ташлаб юбориш (у ўша куниёқ ташлаб юборди) ва кечки пайт ҳеч нарса бўлмагандек кинога бориш ҳамда Виктор улар ҳақида сўраганини иложи борича тезроқ унутиш керак. Ҳатто амакиваччаси бўлса ҳам. Виктор уларнинг ҳол-аҳволини сўраса сўрабди.
Маккор, айёр ва олифта Том қачон Жерри қопқонга тушаркин, деб кутаяпти. Жерри унга панд бериб қочиб қолди-ю, Томнинг бошига кетма-кет бало-ю офатлар ёғила кетди. Танаффус пайтида экрандаги анонслар ўтиб бўлгунча Луис келтирган музқаймоқни шошмасдан еб олишди. Фильм бошланганида Лаура қўлини эрининг бармоқларидан бўшатди-да, оромкурсига янаям қулайроқ ўрнашиб олди. Луис унинг ўзидан яна узоқлашиб, дахлсиз, ўзидан бошқа ҳеч ким киролмайдиган дунёсига кириб кетганини ҳис қилди. Ким билади, бу ёғига улар битта фильмни кўришдими, йўқми, ҳолбуки, кейинроқ ё уйга қайтишларида ёки ётар олдидан фильм хусусида одатдагидек фикр алмашиб оладилар. У хаёлан Нико билан Лаура аҳд-паймон қилиб юришган кезлари, бирга кинога боришганда уларнинг орасида ҳам шунақа бегонасирашлар юз берганми, йўқми, деб ўзига ўзи савол берди (бу савол эмасди аслида, лекин нима деса тўғрироқ бўлади?). Флоресда улар билмаган, кирмаган кинотеатр қолмаган бўлса керак; Лавалье кўчасини эгаллаган бефайз соҳил, баҳайбат арслон, занг чалаётган паҳлавон ҳайкали, Кармен-де-Пинильосдаги испан тилида ёзилган титр: бу фильм қаҳрамонлари ҳам, воқеалари сингари сохта, сунъий…
Хуллас, Жерри Томдан қочиб қутулди, навбат Барбара Стэнуик ёки Тайрон Пауэрга келди. Нико шу дақиқаларда Лауранинг белидан оҳистагина қучоқлаган (бояқиш Нико шунчалик уятчан, шунчалар одобли эдики) ва иккови худо билади, қайсидир гуноҳкорона қилмишлари учун ўзларини гуноҳкор сезишган бўлишарди. Луис уларнинг энг асосий масалада айбдор эмаслигини яхши тушунарди. Ҳолбуки, унинг бундай хулоса чиқаришга далил-асоси йўқ эди, бироқ Лауранинг Никога нисбатан кўнглида мавж урган туйғуларининг бунчалар тез сўниши ўша пайтдаги унашиб қўйишнинг бор-йўғи, шунчаки киши кўзига, қўни-қўшничилик, доим бирга бўлишлар, елкама-елка яшаш, Флорес мавзеси ёшларининг ҳою ҳаваслари, одатларининг бир хиллиги ва юзага келган муҳит билан боғлиқлигидан далолат берарди, холос. Кунларнинг бирида Луис Нико тез-тез бориб турадиган ўша рақс залига бориб қолди, акаси уни Лаура билан таништириб қўйди. Эҳтимол, илк учрашувлари бунчалик осон, енгил бошлангани учунми, давоми шунчалар омонат, оғир ва аччиқ бўлгандир. Лекин булар ҳақида у эслашниям истамасди: бу ўйин кўп ўтмай Никонинг мағлубияти билан тугади, касали хуруж қилиб Нико ётиб қолди ва ажал сиртмоғидан қутулолмай ўлиб кетди. Ажабланарлиси шундаки, Лаура ҳеч қачон унинг номини тилга олмасди; мана шунинг учун Луис ҳам у ҳақда сира гапирмасди; қисқаси, Нико гўё уларга ҳеч ким эмас – на марҳум, на ўлиб кетган қайноға, на она қорнидан талашиб тушган ака – ҳеч ким.
Дастлаб, онасининг тана-дашном, ёзғириқлари-ю ўкириб йиғлашлари, Эмилио амакиси билан амакиваччаси Викторнинг (Виктор сиз ҳақингизда қизиқиб сўради бугун!) аҳмоқона аралашувидан кейин ортиқча даҳмазалар: маросим, тантаналарсиз – телефонда такси чақириб, шаҳар маъмуриятига боришганди-да, уч дақиқа нари-берисида, пиджагининг елкаси шундоқ қазғоқ қоплаган аҳволда никоҳдан ўтишган – бунақа шошилинч равишда Лаурага уйланиб олиш унга анча енгиллик туғдирганди. Ўшанда – онаси ҳамда ғазабдан ўзларини қаерга қўярини билмаётган жигарларидан қочиб Адрогедаги меҳмонхонага хуфёна жойлашиб олишгач, қаллиқдан кайноғага айланиб қолган Нико ҳақида бир оғиз ҳам гапирмагани учун Луис Лаурадан беҳад миннатдор бўлганди. Аммо ҳозир Никонинг ўлимидан икки йил ўтибди ҳамки – бу озмунча муддат эмас, боз устига уларни океан ажратиб турибди – Лаура ҳамон унинг номини тилга олмас, Луис эса ич-ичида бу сукут сақлаш ўзига ҳақоратдек таъсир қилаётгани ва унинг замирида таъна, виждон азоблари, хиёнатга монанд алланима пинҳон эканини сезишига қарамай, сабабини дангал сўрашга ботинолмагани, бунга юраги бетламагани боис беихтиёр унинг шеригига айланган эди. Ўзаро суҳбатлашиб ўтирган чоғларида у бир-икки бор жўрттага Никонинг номини тилга олди, лекин бу ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини яхши тушунди, чунки назарида нима бўлган тақдирда ҳам Лаура суҳбатни бу ҳақда давом эттирмасликни лозим топарди.
Нафсиламбирини айтганда, ўзаро муносабатларида уларни киши билмас тарзда Никодан узоқлаштирадиган омонатгина таъқиқланган бир мавзу ҳосил бўлган эди. Худди улар билан тил бириктириб олгандек онаси ҳам Нико ҳақида чурқ этмасди. Ҳар хатида итларни тилга олар, Матильда, Виктор, салицил кислотаси, нафақа олаётгани ҳақида эслаб ўтарди. Ўлимидан кейин бўлса ҳам Никони тан олишга мажбур этиш учун Лаурага қарши бирлашиш зарурлиги тўғрисида гапириш тугул, лоақал ишора қилиб қолса керак, деб анчадан буён ишонч билан кутарди. Бунинг кимгадир зарур бўлиб қолгани учун эмас: Никонинг ўлик ёки тиригининг кимга қизиғи бор? Лаура Никонинг исмини тилга олмас ва ҳар сафар унинг номини бехос айтиб юборса табиий равишда қабул қилиниши мумкин бўлган вазиятда ҳам бирдан жим бўлиб қолар, ана шунда Луис худди яна Флоресдаги ўша боғда кўраётгандек Нико кўз олдига келар, унинг қисқа-қисқа йўталини эшитгандек бўлар ва беихтиёр уларнинг – Лаура билан Луис иккисининг тўйига ўзининг жонсиз вужудини тўёна қилганини ички бир оғриқ билан эсларди.
Дарҳақиқат, тахмин қилганидек, бир ҳафта ўтар-ўтмас Лаура онасидан хат келмаётганлигини эслаб, ажабланди. У ўзича ҳар хил сабабларни рўкач қилди ва пировард-оқибат эрта-индин деб ўтирмасдан, ўша куниёқ онасига хат ёзиб юборди. Онаси жавобномани нима ҳақда ёзса-ёзаверсин, бу уни ортиқча ташвишлантирмас, фақат ва фақат мактуб Лауранинг қўлига келиб тегмаса бўлди – у шуни истарди. Икки ҳафталардан кейин дарбон аёл унга адмирал Браун портрети ва Игуасу шаршараси акс этган бир жуфт маркали таниш конвертни берди. У мактубни қўйнига яшириб, кўчага чиққач, деразадан бошини чиқариб қараган Лаурага қўл силкиб, хайрлашган бўлди. Назарида, хатни тез очиб ўқиш истагини ҳатто муюлишдан бурилиш зарурати ҳам рағбатлантиргандек бўлаётгани ғалати туюлди унга. Онаси Боби кўчага қочиб чиқиб кетгани, қайси бир қўтир кучукдан юқтирган шекилли, бир ҳафта ўтгач, ҳаммаёғи қичий бошлагани ҳақида ёзарди. Онаси уни Эмилио амакининг ветеринар ўртоғига кўрсатгани олиб борибди, вақтида даволатмаса, худо асрасин-у, Негро вабосини орттириб юрмасин яна. Эмилио амаки, иккаласини акароин дорисида чўмилтириш керак, деб маслаҳат берибди, лекин бунга куч-қувват қаёқда, ундан кўра ўша ветеринар ҳашаротга сепадиган порошок ёки овқатга қўшиб бериладиган биронта дори тавсия қилганида яхши бўларди. Қўшни уйда яшайдиган бир сеньоранинг қўтир мушуги бор экан, ким билсин, уйлари симтўр билан ажратилганига қарамай, балки ўша мушукдан юқтиргандир. Эҳтимол, кампирнинг алжирашлари уларни толиқтириб қўйган бўлса бордир, лекин Луис кучукларни шундай яхши кўрар эдики, болалигида улардан биттаси доим унинг тиззасида ухларди, Нико эса жониворларга бунақа раҳмдиллик қилмасди. Ўша сеньора итларга ДДТ деган доридан сепишни маслаҳат берибди, сабаби, ҳеч қанақа қўтир бўлмаса ҳам ит зоти борки, кўча-кўйда ҳар хил нажосат ичида юришади – бошқа бир балони юқтириши мумкин эмиш; Бакакай майдони биқинига кўпинча ноёб ҳайвонларни ўйнатадиган цирк келади, эҳтимол, шулар ҳар хил микроблар тарқатиб кетгандир… Нима бало, онаси ваҳима бўлиб қолганми, дам Боби ҳақида, дам қайнаб турган сутда қўлини куйдириб олган тикувчининг ўғли ҳақида ёзарди.
Сўнг нимаси биландир зангори юлдузчага ўхшаш ажи-бужи доғ (онаси алам билан тўнғиллай бошлаганми, перонинг учи қоғозни тирнаб юборганди), кетидан агар Нико Оврупога кетса, ўзининг ёлғиз қолиши (назарида шундай бўлиши муқаррар) ҳақидаги маҳзун мулоҳазалар бошланарди. Минг афсус, кексаларнинг қисмати шу тахлит экан: болалар ажойиб кунларнинг бирида уяларини ташлаб кетган қалдирғочларга ўхшайди. Куч-қувватинг борида чидайсан – бошқа иложинг йўқ. Қўшни уйда яшаётган сеньора…
Кимдир туртгандек бўлди-ю, бир зумда Луисга кўчада юриш қоидаларини эслатиб қўйишди – бундай дашном бериш одати ғирт марселликларга хос эди. У метрога ўтиб борадиган торгина йўлакда туриб олиб йўловчиларнинг қатновига халал бераётганини салдан кейин фаҳмлади. Куннинг қолган қисми ҳам шундай хаёлот гирдобида ўтди. У Лаурага қўнғироқ қилиб уйда овқатланмаслигини айтиб қўйди. Хиё­бондаги скамейкада икки соатча онасининг хатини қайта-қайта ўқиб ўтирди, қисқаси, бу алмойи-алжойи гапларни нима деб изоҳлашни билмай, боши қотарди. Аввал Лаура билан гаплашиб олиши лозим. Рост-да, нега энди юз берган бу ҳодисаларни Лаурадан яшириши керак? У энди бу хат ҳам йўқолди, деб муғомбирлик қилолмас, шунингдек, онаси янг­лишиб, бехосдан Виктор ўрнига Нико, деб ёзиб юборганига сира-сира ишонолмасди. Ҳатто онаси ўзини йўқотиб қўйган, деб ҳам бўлмасди. Ҳеч шубҳасиз, бу хатларнинг сабаби – Лаура, Лауранинг бошига тушиши муқаррар воқеалар эди. Ҳатто унақа ҳам эмас: бунга асосан ўшанда, уларнинг тўйлари куниёқ юз берган ҳодиса, Адрогеда ўтган асал ойи ва дунёдаги жамики нарсалар тугул, қавм-қариндошларини ҳам унутиб, ўзларини Францияга олиб кетаётган кемада ишқ лаззатига берилишган фароғатли тунлар сабаб эди. Шуларнинг ҳаммасига балогардон Лаура, бундан буён айбни фақат Лаурадан излашади, мана шу тушунчаларнинг асорати туфайли эси чалғиган онасининг тасаввурида Никонинг Европага бориш ҳаракатига тушиб қолганига ҳам айбдор – Лаура. Ҳеч кутилмаганда сирдош бўлиб қолишганди: онаси Лаурага Нико ва унинг Европага бормоқчи экани ҳақида ёзарди, Никонинг фақат ва фақат Францияга, шунда ҳам Парижга, бор-йўқлигини мутлақо унутиб, ўзларини овсарликка солаётганларнинг уйига боришини Лаура жуда яхши тушунишини билгани учун ҳам у умумий қилиб, Европага деб хабар берганди.
Луис пайсалга солмай Эмилио амакисига онамдан хавотирланаяпман, зудлик билан унинг ҳолидан хабар олиб, керак бўлса зарур чораларни кўринг ҳамда жавобини ёзиб юборинг, деган маънода хат жўнатди. Сўнгра кетма-кет икки қадаҳ коньяк ичди-да, Лаурага бугун бўлмаса эртага барибир ҳаммасини айтиб берадиган бўлгандан кейин шу бугуноқ айтишга қарор қилди ва йўлда нималар дейиш лозимлигини ўйлаб олиш учун уйларига пиёда кетди. У кўчалардан ўтиб, уйига яқинлашиб бораркан, ярим соатдан кейин Лаура билан рўй бериши муқаррар суҳбат ва ўзининг ноқулай аҳволга тушиши мумкинлиги ҳақида хаёл сурарди. Ажабо, онасининг мактуби Парижда кечган икки йиллик ҳаёти давомида юз берган воқеа ва ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариш учун унга ёрдам берадигандек туюларди.
“Ҳа, ойи, ҳа, шўрлик қўтир Боби, бояқиш Боби, бечора Луис, ҳаммаёқни қўтирлар босиб кетган! Флоресдаги клубда, ҳар куни рақс оқшоми бўлиб ўтарди, ойи, бир куни мен ҳам ўша ерга бордим, чунки ўғлингиз Нико қўймади. Менимча қаллиғини кўз-кўз қилиб, мақтанмоқчи бўлган. Бечора Нико, ўшанда ҳам роса йўталарди, ойи, ҳайронман, ҳеч ким бунга жиддий аҳамият бермасди, эгнида икки ёғи тугмачали кулранг костюм, сочларига бреолин суртилган, яп-янги шойи галстукда – қисқаси, бирон ерига гард юқмаган, башанг. Бор-йўғи бир дақиқа гаплашдик, одам сезади-ку суҳбатдошининг ўзига нисбатан кўнглини… Айтинг-чи, ана шундан ке­йин ҳам акамнинг қаллиғини рақсга таклиф қилмай бўладими?! Ў! Қаллиқ эмиш – ошириб юбординг-ов, Луис! Менимча, сизга шундай деб мурожаат қилсам қарши бўлмассиз?! Лекин, Нико ҳалигача сизни уйимизга таклиф этмаганига ҳайронман. Қўрқманг, ойимга албатта манзур бўласиз, гапим нотўғри чиқса отимни бошқа қўяман. Нико жудаям уятчан-да! Ҳали отангиз билан ҳам гаплашмаган бўлса керак! Тортинчоқ, дейсизми? Ҳа, шунақа! Менга ўхшаб… Нега куласиз? Гапимга ишонмайсизми? Кўринишимга қараб тўн бичманг, мен бутунлай бошқачаман… Жудаям иссиқ экан-а бу ер, тўғрими? Бизникига, албатта, боринг, мени айтди дерсиз, ойим хурсанд бўладилар… Биз уч киши турамиз, кучукларимиз бор. Менга қара, Нико, уят эмасми, шунча пайтдан буён яшириб келдингми, ярамас! Кўриб турибсиз, биз шунақамиз, Лаура, ҳаддимиз сиққанидан бир-биримизга бемалол қаттиқ-қурум гапираверамиз. Рухсат берсанг, шу тангога сеньорита билан рақс тушсам…”
Ҳаммаси жуда осон, ҳатто айтиш мумкин, майнавозчиликдек рўй берди – Нико эса дазмолланган, ўзига оро берган, йўл-йўл галстукда. Лаура у билан бекорга алоқасини узди – қаттиқ янглишди; қув, олғир ука юлдузни бенарвон урарди, ҳар қандай аёлнинг бошини бир зумда айлантиришга қодир эди! “Нико теннис ўйнамайди! Қанақа қилиб ўйнайди, қачонки шахмат ёки маркадан ортмаса. Унга халал бермасанг бўлди! Индамаслиги майли, қандайдир писмиқ, бечора, қисқаси, уни тушуниб бўлмайди”.
Нико секин-аста узоқлашиб кетди булардан, у доим йўтал дори ёки ачимсиқ матэ ичиш баҳонасида нуқул ўзини четга оларди. Охири ётиб қолди. Врачлар кўп юрмасин, ётсин, унга тинчлик ниҳоятда зарур, деб уқтиришди, бу айни “Вилья-дель-Парке”нинг гимнастика ҳамда қиличбозлик залларида рақс оқшомлари уюштириш авжига чиққан пайтга тўғри келди. Шундай пайтда бормай қачон борасан, қолаверса, Эдгардо Донатонинг қўшиқларни ўзи жонли ижро этса нима керак яна…
Унинг Лаурага кўз-қулоқ бўлиб юрганидан онаси жуда хурсанд бўларди: акаси иккови Лаурани илк бор уйларига олиб келишган куниёқ уни ўз қизидек яхши кўриб қолди. Эсингизда бўлсин, ойи, тўнғичингизнинг ҳоли йўқ, бир аҳволда ётибди, бу ҳақда битта-яримтага ортиқча гап қилиб юрманг, эшитиб қолса ёмон таъсир қилиши мумкин, доктор айтди, унга ҳаяжонланиш мумкин эмас, деб. Бунақа касалга йўлиққан одамнинг кўнглига бўлмағур гаплар келиши мумкин. Укам Лауранинг кўнглини овлаб юрибди, деб ўйламасин яна; бизнинг спорт залига қатнашимизни билмагани маъқул.
Аммо мен бу хусусда оғиз очмадим, шу сабабли Лаура билан у ерга бораётганимиз сирлигича қолди, уйдагилар ҳам билмади. Бу турган гап, Нико бояқиш соғайиб, оёққа тургунга қадар давом этди. Ҳаммаси ана ўшанда бошланди: зиёфат кетидан зиёфат, Никонинг рентген хулосаси, пакана Рамоснинг машинаси, Бэбиникида йиғилиш, мусалласнинг ним нордан таъми, машинада соҳилга бориб, дарё узра ўтган кўприкда сайр қилишлар, тўлин ой ёғдуси остидаги муаззам дамлар. Меҳмонхонанинг юқори қаватидаги нурафшон деразага ўхшаган ой, машинада қаршилик қилаётган сархуш Лаура… Эпчил қўллар, бўсалар, бўғиқ ихрашлар, дағал жун рўмол, сукунат, алоҳа, кечирганликни билдирувчи табассум.
Ҳозир ҳам эшикни очган Лауранинг лабида деярли худди ўшандагидек табассум жилва қиларди. Кечки овқатга буғлама гўшт, салат ҳамда қаймоқ тайёрлаб қўйган экан. Соат ўнда қўшнилари канаста ўйнагани чиқишди. Алламаҳалда чиқиб кетишди. Ётар олдидан Луис хатни олиб тунги столчага қўйди.
– Илгарироқ айтмаганим сабаби – бергим келмаганди. Кўнглингга оғир оласан, деб ўйловдим. Назаримда, ойим…
Ўринда орқасини ўгириб олганча ётар экан, у индамай кутди. Лаура хатни ўқиб чиққач, конвертга солди-да, тунчироқни ўчирди. Луис одатига хилоф равишда нарироқ сурилиб хотинининг бир текис нафас олишини жон қулоқ бўлиб тинглагани билан, барибир, аниқ бир фикрга келолмади. Охири нима деб сўрашини билмай:
– Тушунгандирсан? – деди шифтдан кўзини узмай.
– Ҳа, исмларни адаштириб юборган шекилли?
Шундай бўлса керак. Пиёда тўрт, қирол. Пиёда тўрт, қирол. Қойил!
– Виктор деб ёзмоқчи бўлганлар, менимча, – деди Луис тирноқларини кафтига қаттиқ ботириб.
– Гапинг тўғри. Менимча ҳам шундай, – деди Лаура.
Асп, қирол уч, фил.
Улар анчагача ўзларини ухлаганга солиб ётишди.
Лаура ҳам уйда бўлиб ўтган жамики гапларни биттагина киши – Эмилио амаки билса керак, деган фикрда эди, кунлар ўтди, аммо улар бу гапни бошқа эслашмади. Ҳар куни уйга келганида Луис Лауранинг оғзига қарар, бирон янгилик айтармикин, деб кутар, алоҳа, унинг хотиржам қиёфаси-ю сукут сақлашини кўриб ич-ичидан зил кетарди. Уларнинг кундалик турмуши доимгидек давом этар, кинога боришар, бир-бирларини ялаб-юлқашарди. Луис Лауранинг кўнглида икки йил аввал Париждаёқ орзу қилган нарсаларидан биронтаси рўёбга чиқмаганлигига индамай кўникиб бораётганидан бошқа ҳеч қандай армони йўқлигини сезарди. Энди унинг нима демоқчилиги ёки унга нима бўлганини афт-ангорига қараб фаҳмларди. Гарчи ҳеч нарса қилмай ҳаётини мақсадсиз ўтказиш учун мислсиз мустаҳкам иродасини кўрсатаётган бўлса ҳам унинг ҳар жиҳатдан Никога ва орқада қоладиган ҳамда бир маромда яшаётган одамларга ўхшашлигини у англаб етганди. Нико билан Лаура бир-бирини яхши тушунган бўлишарди, Луис билан Лаура оила қуришган куни ўтли ҳарорат ва аҳиллик, ишқ-муҳаббат туйғулари билан лиммо-лим асал ойидан кейин бирга яшай бошлаган онлариданоқ шуни англаган эдилар.
Пировардида Лаура уйқусида босинқирайдиган бўлиб қолди. Деярли ҳар куни алоқ-чалоқ тушлар кўрар, лекин босинқираганларини Луис дарҳол сезарди. У ухлаб ётган Лауранинг қимирлаб, бўғиқ товушда ғўлдирашидан буни дарров пайқарди. Бундай ҳолатлар Парижга кетаётганларида кемадаёқ бошланган эди, ҳали унда Нико ҳақида гаплаша олардилар, чунки унинг ўлимидан уч-тўрт кун ўтган, Европага кетаётган эдилар. Иттифоқо Никони эслаб, у ҳақда узоқ гаплашишган кунларнинг бирида, ярим тунда Лауранинг хириллаб, инграшидан, бирдан оёқларининг томири тортишиб чангак бўлиб қолиши ва худди ўзини қўйиб юбормаётган алланиманинг чангалидан қутулмоқчидек ётган жойида типирчилаб, чинқирган овозидан чўчиб уйғониб кетди. Лаура қўллари, бутун аъзойи бадани ва овозини ишга солиб, уни бошидан-оёқ чирмаб олган ёпишқоқ бир нимадан халос бўлмоқчидек кучанарди. Луис уни уйғотиш ва ўзига келтириш учун елкаларидан ушлаб қаттиқ-қаттиқ силкитди, сўнг унга сув берди, Лаура эри тутган сувни ўша босинқираш изму ихтиёридан чиқмай туриб ютоққанча ичди. Бироздан кейин ўзига келгач, ҳеч нарсани эслолмай, нималигини тушунтириш мумкин бўлмаган аллақандай қўрқинчли нарса ҳақида гапира туриб охири ухлаб қолди ва бир олам сир-синоатни ўзи билан туш деб аталган маконга олиб кетди, бироқ Лаура билган нарсани Луис билар, Лаура тушида худо билади, қанақа ваҳшиёна қиёфада кирган шарпа билан кўришганини ва бу ожиз аёл қўрқув зўриданми ёки эҳтимол, беҳуда муҳаббат умидидами тиз чўкиб ўшанинг оёқларини қучоқлаб олмоқчи бўлаётганини ҳам тусмолларди. Ҳар сафар мана шу туш бир хилда такрорланарди: Луис унга сув тутар ва ичиб бўлиб ёстиққа боши тегар-тегмас ухлаб қолишини жимгина кутар эди.
Эҳтимол, бир кунмас бир кун қўрқув, таъбир жоиз бўлса, ориятдан устунлик қилар. Балки ана ўшанда у билан курашиш имкони туғилар… Эҳтимол, ҳали умид қилса бўлар, ҳаётлари ўзгарар, ҳозирги сохта, сунъий кулиб боқишлар ва француз киноларидан ташкил топган умргузаронликка ўхшамаган, бутунлай ўзгача тарзда, бир вақтлари орзу қилганларидек хуррам, осуда, энг асосийси, мазмунли яшаш насиб этар.
Ишхонасида еттиёт бегоналар қуршовида Луис ҳаётда доим яхши кўрган хушмуомалалик, осойишталик ва тартиб-интизомга амал қилиш лозимлиги ҳақида хаёл суриб ўтирарди. Модомики, Лаура бу мавзуда чурқ этмасдан намойишкорона тарзда Эмилио амакиларининг жавобини кутар экан, онасига бор гапни айтиб, бу англашилмовчиликни у билан очиқ гаплашиб олиши керак эди. Онасига жавоб ёзар экан, у кейинги ҳафталарда рўй берган янгиликларни қисқача баён қилиб ўтган бўлди-да, мактубни ўзининг назарида ҳаммасини жой-жойига қўядиган жумлалар билан тугатди: “Хуллас, Виктор Европага бораман, деяптими? Жуда соз. Ҳозир кўпчиликнинг орзуси дунёни кўриш бўлиб қолди. Бу саёҳатчилар бюроси фаолиятининг самараси бўлса керак. Унга айтинг, бизга хат ёзсин, барча керакли маълумотларни сўраб-суриштириб, хабар қиламиз. Тортинмай тўғри бизникига келаверсин, эшигимиз унга доимо очиқ”.
Эмилио амаки ортиқча куттирмади, у жияни юборган мактубни ўқиган заҳоти жавоб ёзган бўлса керак. Никонинг вафотидан кейин буларнинг ножўя қилмишларидан қаттиқ хафа бўлгани ва ўша пайтдаги гина-кудуратлар ҳамон дилидан аримаганлиги хатдаги ҳиссиз жумлалардан рўй-рост сезилиб турарди. Нафсиламбрини айтганда, Эмилио амакиси ўз норозилигини Луисга бирон марта ошкор қилмаганди, лекин жиянига муносабатини ўзига хос тарзда билдириб қўйганди. Масалан, у Луисни кузатгани чиқмади ва икки йил давомида бегона юртда, мусофирчиликда яшаб юрган кезлари, бир марта ҳам хат орқали бўлсин, туғилган куни билан табрикламади. Мана ҳозир ҳам онаси ҳақида ташвиш чекаётган Луиснинг илтимосини фақат қариндош бўлгани учунгина бажариб, истар-истамас онанинг туриш-турмуши ҳақида ёзарди. Онасининг аҳволи яхши экан-у, лекин у билан деярли гаплашмабди: кейинги йилларда бошига нималар тушганлигини эътиборга олса, ҳаммаси аён ва тушунарли. Унинг ёлғизликдан жуда эзилаётгани сезилармиш, иккита ўғил ўстириб, не-не умидлар билан катта қилса-ю, қариган чоғида хотираларга ёр бўлиб ҳовлида бойқушдай бир ўзи қолса. Тўғри-да, табиийки, ҳар қандай одам шу кўйга тушади. Уни қизиқтирган сатр масаласига келганда, нозик иш бўлгани учун, бу хусусда Эмилио амаки жуда эҳтиёткорлик билан гап очган, лекин афсус, аниқ бир жавоб ололмаган, ҳаттоки онаси уни ичкарига ҳам таклиф қилмай, пировардида айвончада гаплашиб жўнатиб юборибди. Шу чоққача қайнисини ҳеч қачон бунақа кутиб олмаган экан. Соғлиғингиз қанақа деган саволга аъло даражада деб жавоб қилибди, тўғри, гоҳ-гоҳ боди хуруж қилиб безовта қилаётганмиш. Шу кунларда эса айниқса эркакларнинг кўйлакларини дазмоллаш толиқтириб қўяётган эмиш, у кимларнинг кўйлаги экан деб сўраса, жавоб бериш ўрнига бошини чайқаб қўяверган.
Онаси Эмилио амакисининг хатини ҳам, унинг ўзини кўргани келиб кетиш тафсилотини ҳам узоқ муҳокама қилишларига йўл қўймади. Орадан тўрт кун ўтгач, волидасининг буюртма бўйича юборган хати келди, ҳолбуки, у авиапочта орқали Парижга шошилинч хат юборишнинг сира ҳожати йўқлигини жуда яхши билар эди. Лаура Луисга қўнғироқ қилиб, уйга иложи борича эртароқ келишини илтимос қилди.
Ярим соатдан сўнг Луис уйга келганда Лаура столдаги сарғиш гуллардан кўз узмай хаёл суриб ўтирарди. Мактуб стол чеккасида ётарди. Луис уни олиб ўқиб чиқди-да, яна жойига қўйди. Кейин хотинининг ёнига ўтириб, унга саволомуз қаради. Лаура елкасини қисиб қўйди ва “уф” тортди.
– Онанг эсини еб қўйибди, – деди.
Луис сигарет тутатди. Кўзларига тутун кириб ачиштирди. У ўйин давом этаётгани ва энди юриш навбати ўзига келганини англади. Бироқ бу партияни уч-тўрт киши ўйнаётган эди. Энди унинг ишончи комил: онасининг ҳам бу ўйинда иштироки бор, у қандайдир доналар терилган шахмат тахтаси ёнида тургани аниқ. Луис оромкурсига чўкиброқ ўтирди-да, нима учундир кафтлари билан юзини тўсди. Лаура ўкириб йиғлашга тушди. Пастда, ҳовлида дарбон аёлнинг болалари қий-чув кўтариб ўйнашарди…
Маълумки, тун одамзодни кўп жумбоқлардан халос қилади. Улар иккови ҳам ич-ичидан хоҳлаб-хоҳламай майл-истакларини қондиришга уринишгандан кейин уйқуга кетдилар.
Эрталаб, кечаси ҳеч нарса бўлмагандек, об-ҳаводан, Сен-Илидаги жиноят, Жеймс Дин ҳақида валақлаб ўтиришди – яна индамасликка азму қарор қилишган ё ўша ичимдагини топ ўйини бошланганди гўё. Мактуб ҳамон ўша жойда ётар, нонушта қилиб ўтиришганда кўзлари тушмаслиги мумкин эмасди. Аммо Луис ишдан келганида хатни у ердан тополмаслигини сезарди, Лаура нима қилиб бўлмасин унинг изини қуритарди.
Бир кун ўтди, иккинчи кун ҳам ўтди, индинига қўшнилари айтиб берган латифаларни эслаб Фернандекнинг ичакузди кўрсатувини кўриб, роса кулишди. Ана шунда театрга бориш ва ҳафтанинг охирларида Ронтелбелда дам олишга қарор қилишди.
Ўша кунлари Луиснинг иш столи ҳар хил керакли-кераксиз маълумотлар ёзилган қоғозлар билан тўлиб кетди, булар бари онаси хатида айтиб ўтган тафсилотлар билан муштарак эди. Кема чиндан ҳам 17-сана, жума куни Гаврга, махсус поезд эса ўн биру қирқ бешда Сан-Лазер вокзалига кириб келарди. Пайшанба куни улар театрга бориб, оқшомни хушнуд бир кайфиятда ўтказишди. Ундан икки кун аввал Лаура яна кечаси алаҳсираб чиқди, лекин Луис сув келтириш тугул қимир ҳам этмади, орқасини ўгирганча ётаверди. Охири Лаура тинчиб, ухлаб қолди. Эртасига у кун бўйи ёзги кўйлаги билан андармон бўлди, бичди, тикди, бир ерларини ўзгартирди. Улар музлатгичнинг қарзидан қутилишгач, электр тикув машинаси олиш зарурлиги хусусида гаплашишди.
Луис стол тортмасидан онасининг мактубини топиб, эртасига ўзи билан ишхонасига ола кетди. Онасининг поезд қачон келишини аниқлашда янглишмаганига шубҳа қилмаса ҳам бандаргоҳдаги идорага сим қоқди. У фақат шу нарсага ишонарди: қолган тафсилотларнинг биронтасига ишониш тугул улар ҳақда ўйлаб кўришни ҳам истамасди. Эмилио амакининг бетайинлигига нима дейсиз! Матильдага ёзса бўлмасмиди? Сирдош яқин дўст бўлишмаса-да, Матильда, албатта, шу ишга бош қўшиши зарур, у Луиснинг онасига ёрдам кўрсатиш шарт эканини сўзсиз тушунган бўларди. Бироқ, тўғрисини айтганда, онаси ёрдамга муҳтожмиди, айнан онаси-я? Дафъатан у Матильдани телефон орқали гаплашишга чақирсаммикин, дея ўйлаб қолди. Алоҳа, херес* билан бегли печеньелари эсига тушиб елкасини қисди. Унга хат ёзиб юборишга энди улгуролмасди, хат ёзса бўларди. Лекин, минг қилса ҳам барибир ўн еттинчи санани кутгани маъқулроқ, то…
Ичкилик унга унутишга, ўйламасликка ёки жиллақурса, қўрқмай ўйлашга ёрдам бермай қўйди. У Буэнос-Айресда Никони кўмиб келишгандан кейин онасининг авзойини тобора аниқроқ эслай бошлади. Ўша куни у ғам-алам ифодаси деб ўйлаган аломатларни ҳозир уясидан узоқдаги аллақайси гўристонга ташлаб кетилаётган йиртқич бир ҳайвоннинг ваҳшиёна иржайишидек қабул қиларди. Онасининг асл қиёфасини мана энди англаяпти. Ўша пайтда барча қариндош-уруғлари таъзия билдириб, кўнгил сўрагани келиб, кечаси билан унинг ёнидан жилмай ўтириб чиққанларида онасининг қиёфаси қандай бўлса, ҳозир худди ўшандайлигича тасаввурида жонланмоқда эди. У ҳам Лаура билан бирга ўша кунлари Адрогедан келганди. Лекин онасининг ёнида узоқ қололмасди, сабаби, бирин-кетин Эмилио амакиси, унинг кетидан Виктор ёки Матильда кириб келишар ва худди ҳаммалари келишиб олгандек уларга совуқ муомала қилишарди. Никонинг бу аҳволда дунёдан кўз юмиб кетганини, булар эса Адрогедан ўйнаб-кулиб келганини сира-сира ҳазм қилишолмас, қўйиб берса… Луис бутун қариндошларининг шошилинч равишда, таниш-билиш қилиб чипта олиб берганларининг, совға-саломлар билан кемага кузатиб қўйганларининг сабабини мана энди, ҳозир фаҳмлаб турарди.
Тўғри, пайсалга солмай зудлик билан Матильдага мактуб ёзиши лозим эди, буни фарзандлик бурчи тақозо этарди. Тўртинчи қадаҳдан олдинроқ бу ҳақда фикр юритишга қодир эди. Бешинчи қадаҳдан кейин у ҳамма бўлиб ўтган воқеалар ҳақида бир-бир мулоҳаза юритиб чиқди-да, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборишига оз қолди, ҳолбуки кулса, ўзининг фарзандлик бурчи устидан кулган бўларди; худди болаларнинг бурчи бордек, худди тўртинчи синфда ўқиётган боланинг манфур тўртинчи синфнинг табаррук муаллимаси олдидаги бурчидек.
Шак-шубҳасиз, фарзандлик бурчига кўра, Матильдага хат ёзиши шарт. Лекин ойимнинг тоби йўқ, ақлдан озган деб ўзини овсарликка солиб нимага эришади? Бу қийноқлардан қутулишнинг ягона йўли – ҳеч нима қилмаслик. Ҳаммаси қандай бўлса, шундай давом этаверсин, фақат жума кунгача…
Луис одатдагидек Лаура билан хайрлашиб, ишим кўп, тушликка келмайман деганида, у нима бўлишини олдиндан биларди, у ҳатто: “истасанг у ерга бирга борамиз”, демоқчи ҳам бўлди.
Луис вокзалдаги қаҳвахонага кириб ўтирди, нияти яшириниш эмасди, йўқ, аксинча, унинг нияти ҳаммани кўриб ўтириш-у, ҳеч ким уни кўрмасин. 11 дан 35 дақиқа ўтганда Лауранинг қораси кўринди, Луис уни мовий юбкасидан таниди. Қаҳвахонадан чиқиб, унинг ортидан юрди, Лаура бир ерда тўхтаб поездлар қатнови жадвалига кўз югуртириб чиқди, вокзал ходимининг олдига бориб нималарнидир сўради, сўнг чиптасини олиб перронга ўтди – у ерда одамлар гавжум, ҳамма кўзи тўрт бўлиб поездни кутиб турарди. У мевали яшиклар тахланган чоғроқ вагон ортига ўтиб, Лаурани кузатиб борди. Назарида, Лаура платформага кираверишда тургани маъқулми ё олдинроққа ўтиб туришми, деб иккиланаётгандек эди.
Поезд узоқ куттирмади, тезгина етиб келди. Лаура худди ичкарида ҳаво етишмай, бўғилиб қолаётгандек ҳовлиққанча бошини вагон ойнакларидан чиқариб олган йўловчиларни таниб-танимай бақир-чақир, шовқин-сурон билан эшелон томон талпинган оломонга қўшилиб кетди. Луис вагончани тез айланиб, ёғ тўкилган ерларни босмасдан, эҳтиёткорлик билан юриб перронга ўтди.
Албатта, у беркиниб турган еридан қараб чиқиб келаётган йўловчиларни, уларнинг орасидаги Лаурани, ҳатто унинг чеҳрасида зуҳр этган енгиллик ифодасини ҳам кўриб турарди. Чинданам Лауранинг қиёфасидан енгил тортганлигини ҳис этмасмиди ўша онларда? (Бу савол эмасди, лекин нима деса тўғрироқ бўлади?) Ана ундан кейин эса энг охирги йўловчи билан сўнгги ҳаммол кетгунича, хоҳласа перронда қолиши ва офтоб нури тўшалган майдонга тушиб, коньяк ичиш учун қаҳвахонага борса бўларди. Шу бугуноқ кечқурун у онасига хат ёзади, бугун юз берган воқеа ҳақида бир оғиз эслатмайди (нимасини эслатади?), кейин Лаурага ҳаммасини айтиб беришга ботинади (бироқ, турган гапки у ботинолмайди ҳам, бу ҳақда гаплашмайди ҳам). Ёниб кетмайдими ҳаммаси! Бу бақир-чақир қилаётган, қувонч ёшларини яширмай бир-бирини қучоғидан қўйиб юборгиси келмаётган одамларни томоша қилиб туришнинг ўзи бўладими? Йўқ, у жомадон ва қоп-қанорлар билан тўлиб-тошган перронда уймалашаётган оломон орасидан нимаси биландир Никога ўхшаш одамни учратиб қолиш умидида кўзлари олма-кесак терарди, зотан, у мана шу тутуриқсизликка ишонишни хоҳларди. Олдидан ўтиб кетган шунча одам ичидан нари борса иккитаси аргентиналик эди, сочларининг таралиши, эгниларидаги камзуллари, Парижда эканликларидан ҳаяжонланаётганларини яшириш мақсадида виқор билан қадам ташлашларидан шундай хулоса чиқарса бўларди. Улардан биттасининг аллақаери чинданам Никога ўхшарди. Фақат ўша ўхшашликни излаб топиш керак эди. Иккинчиси Никодан кескин фарқ қилар, очиғи, биринчиси ҳақида ҳам бемалол шундай деса бўларди. Биргина бўйнини олинг, Никоникидан анча йўғон, белиям шунақа. Чап қўлида жомадон кўтариб кўча томонга йўл олган иккинчисидан ҳам Никога ўхшаш жиҳатларини топса бўларди. У ҳам Нико сингари чапақай, унга ўхшаб эгилиброқ юрар, сохт-сумбати-чи, суякдор елкаси-чи… Нафсиламбрини айтганда, Лаура ҳам шундай деб ўйлаган бўлса керак, сабаби, у Лаурадан кўз узмай ортидан борар ва унинг юз-кўзида анавинда алаҳсираб уйғониб кетиб, каравоти чеккасида бўшлиққа тикилиб гарангсираб ўтирган чоғларда нигоҳида зуҳр этган ўша таниш ифода қотиб қолгандай эди.
Бироқ минг қилганда ҳам, яъни иккови ундан ўхшашлик излаганлари билан бу кимса уларга бегона эди: у чиптасини топиш учун чўнтагини кавлагани тўхтаган маҳал тикилиб юз-кўзига қарашди.
Лаура биринчи бўлиб вокзални тарк этди, уни Луис қидириб ўтирмади, биладики, у автобус бекатига боради. Ўзи эса вокзал қаршисидаги хушманзара оромгоҳ биқинида жойлашган қаҳвахонага кириб, стуллардан бирига ўтирди. Нега бу ерга кирди, официант қизлардан сўрадими, йўқми, кейин эслолмади, лекин арзонгина коньякнинг ўткир таъми оғзидан анчагача кетмади.
Тушликдан кейин мук тушиб янги афиша лойиҳасини чизиб ўтирди. Гоҳида тўхтаб онасига хат ёзиш ҳақида ўйлаб қолар, бирор қарорга келолмай яна ишга берилар эди, алоҳа иш вақти тугагунга қадар барибир аниқ бир қарорга келолмади.
Уйига пиёда кетди. Уйларининг ҳовлисида дарбон аёлни учратиб, у билан бироз гаплашиб турди, шу тобда дуч келган таниш қўшнилари билан узоқ суҳбатлашган бўларди, лекин ҳаммаси уйига ошиқар: кечки овқат маҳали яқинлашган эди.
Доимий одатига биноан зиналарни бир-бир босиб шошилмай юқорига кўтарилди, учинчи қаватда, эшиклари қаршисида тўхтаб нафасини ростлади, ҳатто худди ичкарида нима бўлаётгани билан қизиққан каби эшикка суянди. Сўнгра одатдагидек қўнғироқ тугмасини кетма-кет икки марта босди.
– Келдингми, кечикканингга ҳайрон бўлиб ўтиргандим, – деди Лаура муздек юзини тутиб. – Ишинг кўпайиб кетгандир-а?.. Кирақол тезроқ, қозондаги гўшт куйиб ҳам кетгандир.
Йўқ, гўшт қовурилиб ҳам, куйиб ҳам кетмаган, лекин ўта бемаза ва қаттиқ эди. Фурсатдан фойдаланиб, Лаурадан вокзалга нега бординг деб сўраса борми, ичаётган қаҳваси ёки чекаётган сигараси балки ёқимлироқ таъсир қилган бўлармиди. Лекин Лаура кун бўйи уйда ўтирибди; худди биров уни ёлғон гапиришга мажбур қилаётгандек ёки онасининг кўнгилсиз васвасалари хусусида аския қилишини кутаётгандек…
Қаҳвасини болқошиқ билан аралаштириб ўтирганида у яна қулай фурсатни қўлдан бой берди. Лауранинг тўқиган ёлғон жавоби ҳеч нарсани ўзгартирмасди. Икковининг хаёлида Никодан бошқаси бўлмагандан кейин нима фарқи бор? Столга учинчи одам учун мўлжаллаб идиш-товоқ қўйса бўлмасмиди? (Бу савол эмас, лекин бошқа нима ҳам дейиш мумкин?) Жаҳлдан жазавага тушиб, сигарет тутуни ичра қийшайиб ва тобора онасига тортиб бораётган сўлғин ва гезарган юзига мушт туширса бўлмайдими? Худди Нико нариги хонада ўтиргандек ёки бир замонлар ўзи сингари зинада эшикка суяниб гап пойлаб тургандек, ё бўлмаса ака бўлиб у эгаллаган, ҳар доим унга тегишли оппоқ чойшабда ёнбошлаб олганча ётгандек. Ана ўша (Нико) Лауранинг тушларида бу ерга сўроқсиз кириб келган. Эҳтимол, ҳозир ҳам оғзида сигарет, сал-пал йўталганча ўша ерда чалқанча ётгандир, ишшайиб: томирларида бир томчи ҳам ҳаётбахш, соғлом қон қолмаган – охирги кунлари унинг афт-ангори шундай тус оларди.
Луис бошқа хонага кириб, стулга ўтирди-да, тунчироқни ёқди. Онасига жўяли гапларни ёзиши учун унинг хатини қайта ўқиб чиқишнинг ҳожати йўқ эди.
У хатни “қадрли онажон”, дея бошламоқчи бўлди. Лекин “Қадрли онажон”, деб ёзди-ю, қоғозни ғижимлаб ташлади. Сўнг “Она” деб ёзиб кўрди. Хонада ҳаво етишмаётгандек, тўрт тарафидан деворлар сиқиб келаётгандек юраги сиқилди. Гўё ҳамма нарса бўғарди уни. Уй икки киши учун мўлжаллаб қурилган эди, у шундай деб ўйлади. Ҳа, аниқ икки кишига мўлжалланган. У “Она” деб ёзгач, бошини кўтарганда, Лаура остонада унга тикилиб турарди. Луис ручкани қоғоз устига қўйди.
– У жудаям озиб кетгандек туюлмадими сенга? – деди Луис.
Лаура тушунарсиз бир ҳаракат қилди. Унинг ёноқларидан икки қатор инжудек кўз ёшлари оқарди.
– Сал-пал, – деди у. – Одам бир хил турмайди-да доим…

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 7-сон

_____________________
*Mercibien, madame Durand! – Раҳмат сизга, мадам Дюран! (фр.)
*Eh, oui fait lourd! – Вой, бирам ёндирди-ей! (фр.)
*Матэ – Бразилия, Аргентина ва Парагвайда кенг тарқалган ичимлик.
*Канаста – қарта ўйинининг бир тури.
*Херес – вино тури.