Хулио Кортасар. Шишага солинган мактуб

Улуғ ёзувчининг ҳайрати

ХХ аср адабиётини буюк ёзувчилар асарлари безаб турибди. Бу асрнинг ана шундай забардаст адибларидан бири аргентиналик Хулио Кортасар эди. У ХХ аср ҳикоячилигини баланд чўққиларга кўтарган машҳур ёзувчилар Хорхе Луис Борхес, Эдгар По, Орасио Кирога анъаналарини давом эттирган ҳолда, замонавий ҳикоя жанрини бойитди. Адибнинг “Иблис сўлаги”,“Истило қилинган уй”,“Бошқа бир осмон”, “Даҳшатли тушлар” каби ҳикоялари аллақачон жаҳон ҳикоячилик мактабининг мумтоз намуналарига айланди. Хулио Кортасар насрнинг нафақат ҳикоя жанри, балки роман, қисса жанрларида ҳам мўл ижод қилди.
Ваҳоланки, гап ХХ аср адабиёти ҳақида кетар экан, биз беихтиёр у билан узвий алоқадорликда ривожланган санъатнанг яна бир тури – театр ва кино санъати ҳақида тўхталамиз.
Гленда Жексон ўтган асрда худди Хулио Кортасар театр ва кино санъати оламида довруқ қозонган. Гленда Жексон кино ва театр саҳнасида ўйнаган роллари билан санъатда ёрқин из қолдирди. Англиялик машҳур актриса ва кейинчалик сиёсатчи бўлган Гленда Жексон ўтган асрнинг 60-80- йиллар санъатида бетакрор роллари билан ажойиб, моҳир ва буюк актриса сифатида ўз ўрнини мустаҳкам эгаллайди. Актриса театр ва кинода жиддий ролларни, жумладан, иродали, кучли аёллар образларини қиёмига етказиб ўйнади.Ижодкорнинг ўзига хос, ажойиб истеъдоди қатор танловларда ғалаба қозониб, эътироф этилади. Ишонч билан айтиш мумкинки, Гленда Жексон ХХ асрнинг бетакрор ва ёрқин санъат усталаридан бири эди. 1969 йилда актриса кинорежиссёр Кен Расселнинг ёзувчи Дэвид Герберт Лоуренснинг “Севилган аёллар” романи асосида ишлаган фильмида бош ролни ижро этади. Унинг ижроси Америка киноакадемиясининг “Оскар” мукофотига сазовор бўлади. Орадан уч йил ўтгач, Гленда Жексон яна “Мўътабар хонадонлардаги сингари” фильмида ўйнаган роли учун “Оскар” мукофотини олади. Актрисанинг энг ёрқин, санъат оламида катта довруқ солган ролларидан бири –“Мусиқий ошиқлар” фильмидаги композитор П.И.Чайковскийнинг телба хотини Антонина Милюкова образи эди. Албатта, катта ижодкор сифатида Хулио Кортасар Гленда Жексон ижодидан, унинг ажойиб санъатидан бехабар эмасди. Ёзувчи катта истеъдод эгаси бўлган Гленда Жексоннинг ўз вақтида ижодни тарк эта олишдай қатъиятли қадамидан Хулио Кортасар қаттиқ ҳаяжонга тушади. Замондошларининг хотирлашларича, умри мобайнида уч марта уйланган, ўз даврида доимо аёлларнинг эътиборида бўлган адиб ўз ҳис-туйғуларини ҳамиша ҳам изҳор этавермаган. Адиб Гленда Жексон санъати, унинг ижодни тарк этиш қадамидан мутаассир бўлиб, у ҳақда “Биз Глендани нақадар яхши кўрар эдик” номли ҳикоя ёзади.
Биз қуйида эътиборингизга ушбу ҳикоя киритилган китобга ёзилган сўнгсўз – Гленда Гарсонга йўлланган мактубни ҳавола этмоқдамиз. Бу мактуб катта ижодкорнинг ўзи каби атоқли санъат устаси, катта шахсга бўлган эҳтироми ва ҳайратидан далолат беради.

Шишага солинган мактуб

Азиз Гленда, ушбу мактуб одатий йўсинда жўнатилмаяпти – негаки почта ва унга боғлиқ конверту маркалари каби дахмазалари бизга тўғри келмайди. Яхшиси шундай тасаввур қила қолайлик: мен мактубни шишага соламан-да, Сан-Франциско кўрфази қирғоқларидан улоқтираман – ўзим эса ана шу кўрфаз соҳилида қўнган уйдан Сизга мактуб битдим; ёки бўлмаса деразам узра ёзув машинкамга бир лаҳза соя солган, ҳавони хивчин билан уриб, кесиб ўтгани сингари жадал учган чағалай бўйнига бу мактубни осиб қўяман. Нима бўлса бўлсин, ушбу мактуб, Сиз – Гленда Жексонга йўлланяпти,– қаерда бўлманг, эҳтимол Сиз ҳозир Лондондадирсиз; ахир кўп мактублару кўпдан-кўп ҳикоялар – денгизга отилган шишалардаги номалардир, яна уларнинг бари Шекспир “Довул” асарида ёзган оҳиста ва ажиб sea-changes – денгиз тўлқинларининг бир парчасига айланади.
Фикримча, муҳим номалар шундай тарзда жўнатилиши зарур – оҳиста чайқалмиш денгиз тўлқинлари узра имиллаб сузиб бораётган лаванг шишалар, улар ичига солиб қўйилган мактублар ниҳоят Гленда Гарсонни эмас, ўзининг ҳақиқий эгаси бўлмиш Сизни излаб топадилар. Ахир ушбу мактублар Сизга аталган – худди ўзингиз ролдан ролга ўзгарганингиз каби Сизни ҳаё-иффат, муҳаббат шундай ўзгартириб юборганки, ана шу поклик фильмдан фильмга ўзгармай асло Сизни тарк этмайди. Мен ҳозир беҳисоб қиёфаю ниқоблар остида яшаётган аёлга мурожаат қиляпман. Яна асло Сизни хафа қилишни истамаган ҳолда айтишим мумкинки, Сиз ҳам менга – кўпдан-кўп қиёфалару ниқобларга яширинмиш ёзувчига эътиборингизни қаратишингизга умид қилиб ёзяпман; ана шу ёзувчилик туфайлигина биз Сиз билан ошкора суҳбатлашиш ҳуқуқига сазовор бўлдик; бугун бундай бўлишини хаёлимга ҳам сиғдиролмаётган паллада Сиздан жавоб мактубини олдим – денгизга отган шишангиз Сан-Франциско кўрфази қояларига урилиб синиб кетди; кўксим қувончларга тўлди; қувончки, унинг замирида аллақандай қўрқувга ўхшаш туйғу яширин эди; – қўрқув қувончни синдиролмайди-ю, аммо кишида саросима уйғотади, айнан шундай бўлишини Сиз билан мен ўз қудратимизга яраша истаганимиз каби, уни жисми жони ва вақт чегараларидан чиқариб юборади.
Сизга мактуб ёзиш унчалик ҳам осон иш эмас, негаки сиз Гленда Гарсонни билмайсиз, яна шуниси қизиқки, мен ҳозир калтафаҳмларча Сизнинг жавоб ёзиш-ёзмаслигингиз сабабини тушунтиришга уриняпман; бари воқеалар турли мезонлар доирасида юз беради, иккига бўлинади ва ҳар қандай кишилар ўртасидаги оддий муносабатларни абсурдга, бемаъниликка айлантириб юборади; ё эса биз ўзимиз учун эмас, бошқалар учун ўйнаймиз, шу туфайли менинг мактубим бошқалар ўқийдиган матнга айланади ва эҳтимол Сиз уни барибир қачонлардир, масалан, келгусида ўқийсиз; мен атиги уч кун муқаддам Сиздан олган жавобимни тасодиф қанотларида келтирди ва бу ҳаммага маълуму машҳур бўлди. Шундай бўлдики, менимча, тўғридан-тўғри алоқага киришишнинг ҳожати йўқ; яна ягона имконият –Сизга айтиш истагимдир, деб ўйлайман,– бу яна бир карра мактубимни адабий асар, ҳикоя сифатида ўқийдиган кишиларга ёрдам сўраб мурожаат қилишимдир. Чунки бошқа бировга ёзилган мактуб қўшимча матн касб этиб, батамом мукаммал қиёфага эга бўлади, – нашр этилган ҳикоялар ана шу тарзда дунёга келиши зарур, деб ўйлайман. Яна мен ҳозир ушбу қоидани бузиб, бу номани ёзсам, балки Сиз уни ҳеч қачон ўқимассиз, фақат ўзингиз мени шундай қилишга мажбур этасиз; Сиз, назаримда, ҳозир мендан мактуб битишимни илтимос қиляпсиз.
Энди мен Сизга билишингиз мумкин бўлмаган ва айни вақтда билган нарсангиз ҳақида ёзяпман. Бундан икки ҳафта илгари менинг Мексикадаги ноширим Вильгельм Шавельсон сўнгги йилларда ёзган, яқинда чоп этилган китобимнинг илк нусхаларини келтирди. Бу китобга кирган ҳикоялар орасида бир новелла “Биз Глендани нақадар яхши кўрар эдик” деб номланади. Ҳикоялар, албатта, испан тилида ёзилган; балки яқин йилларда бошқа тилларга ўгирилса ажаб эмас; шу ҳафта ичида бу китоб Мехико китоб дўконларида пайдо бўлди, Сиз, шубҳасиз, ушбу китобни Лондонда ўқий олмайсиз, табиийки, у ерда менинг асарларимни испан тилида ўқийдиган одам кам топилса керак. Мен ушбу китобга кирган новеллалардан бирини Сизга ҳикоя қилиб беришимга тўғри келади, лекин шундай бўлса-да, айни вақтда кечган воқеаларни айтиб бериш андишаси мени чўчитяпти – балки бундай ҳикоя қилишдан ҳеч бир маъни чиқмас, чунки Сиз шу тарзда фақат ана шу новелла орқали ҳамма гапдан бохабар бўла оласиз – бу равшан; соғлом фикрлаб чиқарилган хулосаларга, холис ва тиниқ фикрларга қарамасдан, ҳозиргина Сиздан олган жавобим мени шундай қилишга ундаяпти; мен ҳозир ана шу абсурд билан юзма-юз туриб ҳикоя қилмоқчиман; Гленда, агар бу чиндан абсурд бўлса, ўзим буни абсурд деб ўйламайман, гарчанд на Сиз, на мен бунинг аслида қандай туйғу эканлигини била олмаймиз.
Балки Сизнинг ёдингиздадир – нима деяпман, ахир қандай қилиб ўқимаган нарсангиз ёдингизда бўлсин? Гарчанд бунинг сабаби жуда оддий, чунки ҳали китоб саҳифаларидан босмахона бўёғи қуриб улгурмади, – ушбу ҳикояда гап Сизга, новеллада Гленда Гарсон деб номланган актрисага чексиз меҳр-муҳаббат туйғулари бирлаштирган, Буэнос-айресдаги якдил фикрдаги кишиларнинг сирли тўгараги ҳақида боради; лекин шуниси ҳам борки, унинг кино ва театрда ўйнаган роллари ҳақида етарлича аниқ қилиб тасвирланадики, буни ўқиган Сизни, санъатингизни қадрловчи истаган одам ҳикоядан айнан Сизни таниб оладилар. Ҳикоя сюжети жудаям оддий: тўгарак аъзолари Глендани шу қадар яхши кўрадиларки, улар бир нарса билан – Сизнинг актёрлик камолотингиз айни авж пардага кўтарилгани, сўнг хайрлашиш чоғлари яқинлашиши билан келишолмайдилар; Сиздаги мукаммаллик эса асл туйғуга, ҳақиқий муҳаббатга ташнадир ва у чин муҳаббатни талаб этади ва шубҳасиз, ўзингиз суратга олиш чоғлари айнан шунга интилгансиз – лекин ўртада режиссёрлар буларнинг барини расво қилди. Бари айблардан фориғ этишга, қурбон қилишга дахлдор катарсис, яъни кўтарилиш, тозариш ва кульминацияси назарда тутилган ҳар қандай асарда бўлгани сингари ушбу ҳикояда ҳам ҳақиқатга ўхшаш тўқима ўз ўрнини кўнгил тубида сақланган азалий ҳақиқатни излашга бўшатиб беради; шундай, ушбу тўгарак аъзолари нима қилиб бўлса ҳам фильмлар нусхаларини қўлга киритиш учун мумкину имконсиз бари ишларни қиладилар, аслиятнинг кечириб бўлмас хатоларини тузатганлари ҳолда кинотасмаларнинг муваффақиятсиз чиққан эпизодларини қирқиб ташлайдилар. Менимча, Сиз, худди улар сингари бундай ишни амалга оширишнинг мутлақо иложсизлиги юзасидан қайғуриб ўтирмайсиз, новеллада ҳам бу ҳол ортиқча тафсилотларсиз тасвирланган; гуруҳ бу ишларни ўз мақсадларига ишончлари ва қўлларидаги пуллари туфайлигина амалга оширадилар; ва ниҳоят тўгарак аъзолари ишларини поёнига етказадилар, гўё яратилмиш еттинчи кун саодатини туядилар. Саодатки, аслида Сиз театр ва кинони бутунлай тарк этиш ҳақидаги қарорингизни эълон қиласиз, – ўзингиз ҳали ушбу тўгарак ишини ниҳоялаганингизни билмай, шундай қиласиз; негаки замон ва янги фильмларга нуқта қўясиз, негаки, Сиз ижодингиз авжи мукаммаллик касб этганини ҳис этасиз…
Ўзингиз буни билмай ҳам… Эҳ, Гленда, мен – ҳикоя муаллифиман; аммо ўзим ушбу ҳикояни ёзган пайтларимдагидек бунга унчалик ҳам ишончим комил эмас. Ҳозир, шу дам менга Сизнинг жавобингиз келди, мактубингиздан ақл-идрок борасидаги важларга мутлақо дахли бўлмаган фикр англашилади, Бу нарса мени бир нарсани тан олишимга мажбур этади: негаки новеллада Гленда Гарсоннинг кинодан кетиши – исботлаб берилмаган, бу ҳол ғайритабиийдир, Сизга ёт, Сиздан узоқ тўгарак фаолияти ҳақида бўрттириб ҳикоя қилинган. Гарчанд ушбу новелла финали – якуни менга қўрқинчли кўринса-да, уни қайта гапириб бермоқдаман. Чунки бундай қилмасликнинг имкони йўқ, негаки Сизга новеллани ҳикоя қилишим шарт – негаки новелланинг ҳақиқий финали, асл якуни шундай; мана, роппа-роса ўн кундан буён буни Мехико китобхонлари билиб олдилар, муҳими шундаки, бундан Сиз ҳам хабар топдингиз. Новеллада воқеалар жуда оддий кечади: орадан бир йил ўтиб, Гленда Гарсон яна кинога қайтишга қарор қилади, тўгарак аъзолари газетадан бу ҳақда ўқиб қоладилар ва бу хабардан гангиб қоладилар: яна шуни ҳам тан олишга мажбурларки, улар энди ўзларининг севимли Глендалари ортиқ ижодини давом эттиролмаслигига ишонадилар, негаки ижодкор ижодига бутунлай нуқта қўйилган… Улар бу ҳақиқатга ишониб улгурган эдилар. Тўгарак аъзолари олдида Гленда Гарсоннинг ижодий камолотига путур етказмаслик учун, актриса эришган аввалги ғалабаю шуҳратини ҳимоя қилишлари учун уларнинг олдида биргина йўл қолган эди, холос: Гленда Гарсон эълон қилинган фильмда ўйнамайди! Тўгарак аъзолари бу иш ҳеч қачон амалга ошмаслиги учун қўлларидан келган бари ишларни қиладилар.

Маъсума Аҳмедова таржимаси.