Ҳа, кўриниб турибди, у Боб деб, чақирган замонлардан кундан-кун узоқлашиб, яна ҳам тезлик билан кексайиб борарди ва унда ўша паллалардан – хонага кириб, жимгина саломлашиб ёки қўлини қулоғининг атрофида қоқиб қўйиб, чироқнинг остида, роял билан ёнма-ён китоб ушлаганча ўтирадиган ёки шунчаки паришон ва тунд қиёфада юз ифодасини ўзгартирмай, лабларига сигарета қўндириб, очранг пиджагининг қайтарма ёқасига тушган кулни қоқиш учунгина баъзи-баъзида бармоқларини силкитиб, узоқ вақт биздан навқирон нигоҳини узмай ўтирадиган пайтлардан – фақат пешонасида бир тутам малла сочи, ёниб турган кўзлари ва юзини гул-гул очиб юборадиган табассумигина сақланиб қолган эди.
Унинг ивирсиқ шакли шамойилидан нима тўғри келса ичаверадиган, исқирт қўллари билан оғзини ёпганча, тинмай пук-пук юталадиган қаримсиқ Робертадек ароқхўр ҳам ҳатто энг узун зиёфатларда икки човмиш пиводан ортиқ ичмайдиган клуб майхонасидаги курсиларда олдига проигривател учун олиб келган ўн сентлик чақаларни тахлаб ўтирадиган ўша мишиқи Бобни топиб олиш мушкул эди. У ўша пайтлари деярли барча жаз мусиқасини ёлғиз, орзуманд, юзлари бахтдан яйраб кетган алфозда тинглаб ўтирар, яқинига борганимда саломлашгандек бошини сал эгар, агар майхонада қолсам, сўз билан ифодалаб бўлмайдиган чуқур нафрату ғазаб билан ёниб турадиган ҳаётнинг турли таҳқирларига тўла мовий кўзларнинг таъқибидан токи тоқатим тоқ бўлганча, мени гоҳ зимдан, гоҳ ошкора кузатиб ўтираверарди. Шанба кунлар эса у худди ўзидек одамнинг ғашини келтирадиган даражада исқирт, қандайдир мишиқи бола билан бирга келар, улар якка ижро этиладиган қўшиқлару, андозага кирган мусиқалар ва хорлар ҳақида ёки Боб меъмор бўлгач, соҳилда қурадиган ғаройиб шаҳар ҳақида баҳслашиб ўтиришарди. Мени кўргач эса бошини уқувсизлик билан салгина эгиб, суҳбатни тўхтатар ва кўзини узмасдан мени таъқиб этар, гоҳ-гоҳидагина ўртага бепарво гап ташлаб қўяр ёки оғзининг бир четидан ёш дўстчасига табассум қилар, сўнг эса яна ўзининг сурбетона боқиши билан менга нисбатан нафрати сўнмаслигини таъкидалаётгандек, нигоҳларини ханжардек қадаб ўтираверарди.
Баъзида мен ўзимни етарли даражада кучли ҳис қилиб, унга тик қарашга журъат қилардим; иягимга қўлимни тирар, тутунни қадаҳ устидан ошириб пуфлар, кўзларимни лўқ қилиб, унинг совуқ ва бироз маҳзун нигоҳини ўзимнинг юзимдан ҳайдаб юборишга урингандек унга секин қарардим. Ўша пайтларда Боб Инесга жуда ўхшарди; лиқ тўла кенг клуб зали адоғида унинг юзида Инеснинг чеҳрасини кўриб тургандек бўлардим; эҳтимол, кейинги оқшомларда Бобга худди Инесга тикилгандай маҳлиё бўлиб, термулиб ўтиргандирман. Бироқ кўпинча мен Бобнинг нигоҳини унутишга ҳаракат қилардим; унга ён томонимни ўгириб, атрофимдаги столларда қизғин суҳбатлашаётганларни истамайгина маҳзун кузатар, мени ўзига яқин оладиган бирон фазилат ҳам йўқ, деб биладиган Бобни бошқа хислатларим ҳам борлигига ишонтириш истагида ёнардим. Баъзида бир неча қадаҳдан сўнг дадилланиб, «Қани, азизим, Боб, опагинангга буни ҳам бориб айтчи,» дея ичимда хитоб қилар ва столим атрофидаги қизларнинг қўлларини шилқимларча силаб ёки бирорта қичиқ латифа айтар, қизлар ҳаёсизларча хохолаб кулишар, Боб эса ҳаммасини кўриб, эшитиб турарди.
Бироқ мен қандай қилиб кўрсатмайин, Бобнинг на муносабати, на кўзларидаги таҳқир ўзгарарди. Шуни айтишим керакки, у мени фақат майхонадагина таъқиб этмас, фақат менинг майхонадаги саргузаштларимдангина хабардор эмасди. Бир куни оқшом пайти мен уларнинг меҳмонхонасида, роял ёнида тик ҳолда Инесни илҳақ бўлиб кутиб турганимда, тўсатдан Боб кириб қолганди. Унинг мовутининг барча тугмалари қадалган, қўли эса чўнтагида эди. У мен билан бошини силкитиб, саломлашганди-да, сўнг худди хонада ҳеч ким йўқдай, худди бошини силкитиши билан мени узоқ-узоқларга улоқтириб ташлагандай, ҳамма нарсага бепарво кўз югуртириб чиқди ва хона бўйлаб секин юра бошлади; мен унинг стол олдида, каучик пошнали сариқ пойафзали билан гиламни депсиганча, асабий тарзда олдинга ва орқага қандай бориб келаётганини кузатиб турардим. Бармоқлари билан гулнинг ғунчасини ўйнаган ва гулни вазага лоқайдлик билан қайта жойлаган куйи мендан юзини бутунлай ўгириб олганди. Бошини сал эгиб, тунд ва ўйчан қиёфада стол чеккасида ўтирар ва чекар эди. Мен роялга суяниб турар эканман, чап қўлим, бехосдан йўғон товушли клавишга тегиб кетганди, ўзимни бу ноқулай вазиятдан қутқариш учун клавишни, Бобдан кўзимни узмай, уч дақиқача тўхтовсиз босиб тургандим.
Унга нисбатан кўнглим қаҳру-ғазаб, таҳқирли ҳақоратлар билан тўлганини ҳис этган ва ўртадаги нохуш жимликни йўқотиш учун токи бу манзарани зинанинг юқори палласидан ёки эшик остонасидан турган Инеснинг қиёфасига кириб келмагунча, клавишни қўрқоқларча жаҳл билан босавергандим; бу манзарагаюқоридан – зинада пайдо бўлган Инеснинг нигоҳи билан боққанимда мени мазах қилгандек аламидан ушшайиб ўтирган паришон Бобни, устимизда ҳалқа-ҳалқа бўлиб сузиб юрган паға-паға тутунни кўргандим; у ердан ним қоронғу мекҳмонхонада кулгули ҳолатда тик ва ҳаракатсиз қотиб турганча ҳар уч дақиқада кўрсаткич бармоғи билан йўғон товушли клавишни шиддат билан босаётган қаҳрли ва кулгини қистатадиган қиёфада гердайиб турган ўзимни кўргандим. Ва мен шунда, бу товушни шунчаки, чираниш учунгина босаётганим йўқ, йўқ, мен уни чорлаяпман; охири зўрға титраб чиқаётган ва бармоғим остида қайта-қайта пайдо бўлаётган бу йўғон товушли сирли оҳанг – мен излай-излай ниҳоят топган ва Бобдан, унинг бешафқат ва ўжар ёшлигидан шафқат ва марҳамат сўраётган, шу пайтгача менинг тилимга келмаган илтижо дея ўйлагандим. Инес ётоғининг эшигини тарақлатиб ёпиб, олдимга тушиб кела бошлаганди. Боб жойида ҳайкалдай қотиб ўтирарди. Сўнг у ўрнидан туриб, роялнинг қуйруғига истамайгина яқинлашди-да, тирсаги билан қопқоғига суяниб, менга ярим масхара ва таҳқир аралаш тикилди ва юзини ял-ял очиб юборадиган табассум билан;
-Хўш, қалай,-деб сўради,- бу оқшом сут оқшоми бўладими ёки виски оқшомими? Оламни қутқарувчи халоскор ҳақида лақиллайсизми ёки башарият таназзули ҳақида лоф урасизми?
Мен унга ҳеч нарса, деб жавоб беролмадим ҳам ва башараси аралаш қулоғи тагига туширолмадим ҳам; клавишни босишдан тўхтаб, тезда қўлимни роялдан зарда аралаш тортиб олдим. У чиқиб кета туриб; «Майли, бир пулга қиммат насиҳатларингиз билан заҳарламасингиздан қочиб қолай” деган паллада, Инес зинанинг ўртасига келиб қолганди.
Бизнинг ит-мушуклигимиз яна уч-тўрт ой давом этганди; шундай бўлса ҳам мен оқшомлари клубга боришни канда қилмасдим- эслашимча, ўша пайтлари теннис бўйича чемпионат ўтказилаётган эди – менинг клубга бормай қўйишим унинг ғалабасини билдирар, Бу ҳол Бобнинг баттар кулгисини ва нафратини қўзғатар, мени увадаси чиқиб кетган, пачоқ креслога чўккан куйи афтини тантанавор бужмайтириб кутиб олган бўларди..
Вақти келиб, мен иложи борича тезроқ фақат Инесга уйланишнигина ўйлай бошлаганимда, Боб ҳам, унинг кураш усули ҳам бирдан ўзгарди. Мен ҳали бу истакни қандай бўлмасин юзага чиқариш иштиёқида юрганимда, билмадим, ўзининг опасига ўйланиш ниятим борлигини у қаердан билди экан? Бу истак пайдо бўлиши биланоқ менинг муҳаббатим ўтмишни бир чеккага суриб қўйди, бугунги жамики бошқа икир-чикирлар билан ҳам алоқасини узди. Гарчи, бир неча кундан сўнг бирдан хаёлимга Боб кейинги пайтларда жуда ўзгариб кетди, деган фикр тўхтовсиз келган ва бир куни чорраҳда серрайиб турганча, унинг энди масхара эмас, худди даҳшат солиб турган муқаррар хавфнинг чангалида ёки қийин вазиятда қолиб, олдида пайдо бўлган тўсиқларни чамалаб кўраётган ва унга қарши ўзининг кучларини тўплаётган кишидек бутун диққатни ўғирлаган қандайдир режалар акс этиб турган юзини эслаб ғазабдан тишларим ғижирлаб кетган, уни ичимда боплаб сўккан бўлсам ҳам, энди унга эътибор бермасликка қарор қилгандим. Тезда бу нарсаларга эътибор қилмай ҳам қўйдим. Ҳатто Инесга уйланиш истагим қат-қат йилларнинг ва воқеаларнинг тагида ётган, энди эса ўтмишга айланган ўша олис навқиронлик давридан ўсиб чиққани учун мени Бобга яқин қилиб қўйди ва тез орада унинг ифодасиз, совуқ юзида ўзимнинг ҳақиқий ҳолатимни тушунганлигини билдирувчи ифода ҳам акс этади, деб ўйлагандим.
Сўнг мен у билан муқаррар тўқнашувни кутиб юрганимни, бироқ буни Боб мендан бошқа бирон мижози қолмаган клубга кириб, курсига ўтиргач ва имо билан дастёрга рухсат бергачгина англагандим. Унга хотиржам тикилганча жимгина жилмайиб ўтирдим – у асосан, қошлари чимирилган пайтда Инесга жуда ҳам ўхшар, бурнининг учи, худди опасиникидек, гапираётганда бироз пучуқлашар эди.
-Сиз Инесга уйланмайсиз, – деди у ниҳоят.
Мен унга қараб ғолибона кулимсирадим ва жилмайган куйи атрофга кўз югуртириб чиқдим.
-Йўқ, сиз унга уйланмайсиз. Гарчи сиз астойдил шунга интилаётган бўлсангиз ҳам бу ғаразли ниятингиз амалга ошмайди.
Мен яна такаллуфсиз тиржайдим.
-Бир неча йил олдин Инесга уйланишни жуда ҳам хоҳлар эдим,- дедим,- бироқ энди опанг мени қизиқтирмайди, мен учун барибир. Шундай бўлса ҳам агар сиз бирон нарсани ойдинлаштирмоқчи бўлсангиз сизни эшитишга тайёрман…
У бирон сўз демай, бошини кўтариб менга тикилди: унинг нимадир демоқчилиги кўриниб турарди, бироқ у мен гапириб бўлгунча, жим кутиб турди.
-…агар сиз нима учун Инесга уйланишимни истамаётганлигингизни тушунтира олсангиз, унда… -дедим мен сўзларни чертиб–чертиб гапирганча гавдамни орқага олиб, деворга суяндим. Худди шу дақиқада у мени бутун вужуди билан ёмон кўришини англаб қолдим ва энди бунга заррача шубҳа қилишим мумкин эмас эди. У ҳаддан ташқари оқариб кетди, жаҳл билан қимтиб олган лабларида қаҳрли табассум жилваланарди.
-Буни бандма-банд изоҳлаш керак бўлади,- минғирлади у, -бунинг учун эса бир кеча етмайди. Бироқ уч-тўрт сўз билан ҳам айтса бўлади. Шунинг учун унга уйланмайсизки, сиз жуда кексайиб қолгансиз, у эса ҳали жуда ёш. Ёшингиз нечада эканлигини билмайман, ўттиздадир, қирқдадир, бунинг аҳамияти йўқ. Бироқ атоқли, таниқли кишилардан ташқари, шу ёшдаги барча кишилардек сиз ҳам мураккаблашган, яъни , аниқроғи, кексариб, айниган одамсиз.
У ўчиб қолган сигаретасини зарда билан сўрганча кўчага қаради, сўнг яна менга ўгирилди; мен аввалгидай, деворга суянганча, ўтирар ва ва давомини кутар эдим.
-Тўғри, ўзингизни таниқли киши деб ҳисоблашга сизда асослар бордир. Масалан, сиз гаплирингизга қараганда, кўпларни ҳалокатдан қутқариб қолгансиз. Бироқ буларнинг бари ёлғон.
Мен унга ён томонимни ўгириб чекиб ўтирардим; у менинг бутун ўй-у -фикримни алғов-далғов қилиб ташлаганди, мен иккилана бошлагандим; Инесга уйланиш истагига тушганимдан сўнг энди ҳеч ким мени иккилантиршга, бу мақсадддан қайтиришга, ёшим ва кучимни эслатиб, довдиратишга кучи етмайди, деб қатъий ишонган эдим. Йўқ, гарчи орамизда бор-йўғи ўн йил фарқ бўлса-да, мен ўзимни худди Бобо каби навқирон ва орзуманд деб ҳисоблар эдим.
-Сиз, афтидан, чалкаштираётганга ўхшайсиз, -дедим мен. -Марҳамат қилиб, айтингчи, сизнинг-ча, менинг нимам айниган…
-Йўқ, йўқ, -шошиб қаршилик кўрсатди у, – мен у даражада ғўр эмасман. Чапанилик қилиб, ҳақоратлаш ниятим йўқ. Сиз бор йўғи худбин одамсиз, холос ва туйғуларингизда ҳам қандайдир жирканч мақсад бор. Сиз майда нарсаларга ўралашиб қолгансиз ва майдакашлик сизни пасткаш киши эканлигингизни кўрсатиб турибди. Ҳақиқат шуки, сиз аслида, орзунинг ўзи йўқ ва ҳеч нарсага астойдил кўнгил қўя олмайсиз. Ҳамма гап шундаки, бошқа ҳеч нарсада эмас, сизнинг кўнглингиз кексайиб қолган, унинг кўнгли эса ҳали жуда ёш. Мен ҳатто уни сиз билан бирга ўтирган ҳолатда ҳам тасаввур қилолмайман. Сиз эса нималарни истаб юрибсиз….
Бироқ мен бу марта ҳам унинг башарасига тушира олмадим ва кўксимни тилимлаб ташлаётган аччиқ сўзларга эътибор бермасликка қарор қилиб, проигривател ёнига бордим ва қандайдир тугмачани босиб, танга ташладим. Жойимга шошмасдан қайтдим ва яна ўзимни лоқайд тутиб, куй эшита бошладим. Қандайдир паст мусиқа янграрди, менга нотаниш хонанда майин ва маҳзун қўшиқни паст овозда айтарди. Боб эса ёнимда ўтирганча, гарчи укаси бўлса ҳам, ҳатто ўзи ҳам Инеснинг сочининг бир толасига арзимаслиги ҳақида куйиниб гапирарди. «Бечора бола», деб ўйлагандим. Мен уни худди эркалаётгандек, у эса ҳамон минғирлар, унинг гапларига қараганда, “кексаликни билдирадиган қалб ўлатининг зарарли томони” шундаки, балким одам айнишининг рамзий белгиси ҳам шудир, бу тайёр қолипларда фикр юритиш, яъни барча аёлларни «заифа» деган сўзга бирлаштириш, жирканч тажрибаларда пайдо бўлган тайёр қолипчага ҳаммани олиб келиб тиқиш, ҳаммага бир хил кўз билан қараш. «Бироқ,-деди у, яна-«тажриба» деган ифода ҳам унчалик тўғри эмас. Бу ерда ҳеч қандай тажриба йўқ. Бу тушунча ва нарсани ифодалайдиган ўзлари учун ясаб олган сийқа таъриф қатъий қайта-қайта чайнаш ва узлуксиз такрорлайвериш, бошқача айтганда, ўз қалби ва виждони олдидаги қўрқоқлик касаллигидир.” У ўшанда мана шунга яқин гапларни гапирганди. Мен эса унга ҳозир ҳатто ўзи Инеснинг чимчилоғига ҳам ёки этагининг бир четини ўпишга ва оёғининг изига ҳам арзимаслиги ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида гапираётганда, агар Инесни ҳозир хаёлон қандай тасаввур қилаётганимни айтсам, Боб шу жойнинг ўзидаёқ юраги ёрилиб ўлармикин ёки мени уриб ўлдирармикин, дея мазахомуз ўй сурардим. Бир оз жимликдан сўнг мусиқа тугади, проигривателнинг чироғи ўчди ва яна ҳам чуқурроқ жимлик чўкди,- Боб «Бор гапим шу», деб тўнғиллади-да, қоматини тик тутиб ҳамишагидай ўзига ишонч акс этиб турган юриши билан шошилмай, секин мендан узоқлашди.
Агар ўша оқшом Бобнинг юзи менга Инеснинг қиёфасини эслатган ва баъзи вазиятларда эса наслий бир хиллик туфайлими ёки Боб Инеснинг қуйиб қўйгандек ўзи бўлгани учунми, менга Бобнинг ўрнида Инес ўтиргандай туюлганини ҳисобга олсам, унда шуни айтишим керакки, мен ўша оқшом Инесни охирги марта кўрган эдим. Тўғри, икки кундан сўнг одатдагидай оқшом пайти биз учрашган эдик ва кейин ҳам менинг сўзларим ва умуман, менинг бу дунёда бор ёки йўқ бўлишим энди Инес учун ҳеч қандай аҳамият касб этмаслигини, менинг жонга теккан илтижоларим худди бемақсад отилган тош каби бепоён ва кўм-кўк осмонга, сўлим кўклам фаслининг ҳаёт барқ уриб турган ям-яшил майсалари орасига иссиз сингиб кетишни олдиндан билган ва энди ҳаммаси беҳуда эканлигини ҳис этган ҳолда ҳеч нарсага ишонмай, ҳеч нарсага умид қилмай, туш пайти уни ўзим чақириб олган ва биз яна бир марта учрашган эдик.
Ўша оқшом Бобнинг чеҳрасида акс этган Инеснинг бир лаҳзалик қиёфаси менга унчалик рўйхушлик бермай нафратомуз тикилиб турган бўлса-да, барибир бу қиёфада ўзим учун севимли бўлган қизнинг мени ҳамиша ўзига маҳлиё қилган жўшқинлиги ва самимиятини ҳис этган эдим. Бироқ бизнинг охирги учрашувимизда бир кечада сўлиб, ҳамма нарсага бепарво бўлиб қолган бу бегона аёл билан, қандай қилиб, худди кўнглим маҳубиб бўлган Инес билан сўзлашаётгандай эмин-эркин суҳбатлашишим, уни хоҳлагандай эркалашим, қандай қилиб, уни ўз гапларимга ишонтиришим мумкин? Ўзининг уйида, креслога чўкканча ёки паркдаги ўтирғичда мук тушганча, сурати мен билан-у, сийрати ўзга дунёда кезиб юрган, худди мен кўнгил қўйган қиз бошқа-ю, юзида совуқ ифода ва укасининг мен ҳақимдаги тўқиб-бичган лофларига қоришиб ўтирган бу сулув бошқадай, кўзлари совуқ милтиллаётган, лабларини заҳарли қимтиб, тиззасидаги қўллари нафратдан титраб турган, худди юзини мендан бир умрга яширмоқчидек бўйнига рўмол ташлаб олган узун бўйли кибрли бу аёлнинг чеҳрасидан доимо нур ва меҳр ёғилиб турадиган Инес эканлигига қандай ишониш мумкин? Мен унга узоқ тикилган ва унинг бутун вужудидан «йўқ», деган сўз таралаётганини, ҳатто атрофидаги ҳаводан ҳам «йўқ» деган ҳид уфураётганини англаган эдим. Боб Инесни ўзининг гапига ишонтириш учун қандай уйдирма тўқиб чиқарганини мен ҳалигача билмайман; бироқ, ҳар қалай, мен унинг ёлғон гапирмаганига ишонаман; ўшанда уни ҳеч қандай куч, ҳатто Инеснинг ўзи ҳам ёлғон гапиришга мажбур қилолмасди. Мен Инесни ҳам, унинг ўша кунги сирти ялтироқ, ичи бўм-бўш қиёфасини ҳам бошқа учратмадим: бир қанча вақтдан сўнг унинг эрга тегиб, Буэнос-Айресга жўнаб кетганини эшитдим. Ўша пайтлари Инеснинг қалбидан мени, менинг қалбимдан Инесни қувиб чиқариш учун Боб ҳаётимни қандай қилиб икир-чикиригача ағдар-тўнтар қилганини ва уларнинг ичидан энг жирканч ва мақсадга мувофиқ ҳодисаларни танлаб олганини ёки ҳеч бўлмаса, бундай ҳодисаларни ўзи тўқиб ташлаганини хаёлан тасаввур қилар эканман, нафрат ва ғазабдан бўкириб йиғлаб юборгим келарди.
Мана, яна мен Бобни деярли ҳар куни ўша кафеда, ўша кишиларнинг даврасида учрата бошлаганимга ҳам бир йил бўлди. Бизни бир-биримизга таништирган пайти – уни энди Роберт деб чақиришарди- мен ўтмиш вақт деган нарсани билмаслигини ўн йиллар нарида ётган ҳар қандай воқеа худди кеча бўлиб ўтгандек, жуда яқин эканлигини англагандим. Бобнинг юзида ҳали ҳам менинг хотирамдан энди деярли ўча бошлаган таниш чеҳранинг элас-элас шарпалари сақланиб қолган эди: юпқа бежирим лабларнинг қандайдир ҳаракати бирдан Инеснинг хушбичим узун қоматини ва қадамларини таманно билан оҳиста ташлаб юришларини хотирамда қайтадан тиклаган эди: ўша ўзгармас мовий кўзлар эса менга қизил боғич билан чиройли қилиб боғланган ва пешонага осилиб турган майин сочларнинг тагидан боқаётгандек туюлиб кетганди. Энди бир умр айрилган, етиб бўлмас даражада узоқ-узоқларда қолган Инес гул-гул ёнган нозанин, ҳеч кимга ўхшамас ва ўзининг ўша пайтдаги гўзаллигига ҳеч бир гард юқтирмаган қиёфада барибир кўз олдимда яна намоён бўлди. Бироқ бугунги Робертнинг сўлғин юзи, пойинтор-сойинтор гаплари ва ҳеч бир аҳлоқ билан сиғишмайдиган хатти-ҳаракатлари орасидан ўша Бобни ковлаб топиш ва уни янчиб ташлашга интилишга ҳожат қолмаганди. Биринчи учрашган кунимизоқ мен у билан гаплашиб олиш ва исқирт башарасига тушириш учун унинг ёлғиз қолишини ёки кўчага чиқишини узоқ, интизор бўлиб кутган эдим. Мен қаҳвахонанинг деразасидан кўринаётган унинг аксига хотиржам тикилиб, Инес билан ўтган лаҳзаларни эслаб ва тасаввуримда Бобнинг танасидан бирор жойни танлаб, биринчи муштни ғолибона туширганимда, талаффуз қиладиган таҳқиромуз оҳангдан ўзим олдиндан лаззатланганча, уни бира тўла ер билан паймол қилиб ташлайдиган энг ҳақоратли жумлаларни ичимда тўқиб ўтирардим. Бироқ кечқурун у учта дўстининг кузатувида жўнагач, худди Боб кўп йиллар аввал қулай вазият келишини кутгандек, мен ҳам унинг ёлғиз қолишини кутишга аҳд қилдим. Биз у билан бошқа бир куни тўсатдан учрашиб қолган ва ўртамизда кутилмаган дўстлик пайдо бўлганда ҳам ундан қандай қилиб бўлса ҳам қасос олиш ниятим энди ҳеч қачон тарк этмаслигига қатъий ишонгандим. Мен у билан Инес ҳақида ва Боб билан боғлиқ ўтмиш ҳақида ҳеч қачон гаплашмасликка, буларнинг барини юзага чиқармай, юрагимнинг тўрида бир умр барҳаёт ҳолда сақлашга қарор қилгандим. Деярли ҳар бир оқшомни Роберт ва кафенинг доимий мижозлари билан ўтказар эканман, худди шундай қилдим ҳам. Қачонки Робертни кўриб ва унинг сўзларини эшитиб турар эканман, кўксимдаги хусумат ўти сўнмас ҳам, заифлашмас ҳам эди; ҳеч ким менинг унга нисбатан интиқомимни билмасди, бироқ мен кундан кунга нафрат ва лаззат билан бу туйғуни ошкора қилиб борардим. Мен Роберт билан дўстона ва қадрдонларча суҳбатлашар, чекар ва бирга қаҳва ичар эдим. Ва ҳамиша мен Боб ҳақида, унинг беғуборлиги ва садоқати ҳақида, унинг қўпол ва қўрс фикрлари ҳақида ўйлардим; мусикани севадиган Боб ҳақида, одамлар ҳаётини фаровонлаштириш ва миллионлаб кишиларга уй-жой бериш учун денгиз қирғоғида ғаройиб, гўзаллиги билан бутун дунёни мафтун қилиб қўядиган шаҳар қурмоқчи бўлган Боб ҳақида, ҳеч қачон ёлғон гапиришни билмайдиган Боб ҳақида, кексалар билан ёшлар ўртасида ҳаёт-мамот жангига чорлайдиган навқирон Боб ҳақида, келажакнинг ва дунёнинг вориси бўлган Боб ҳақида ўйлардим. Кўпдан бери ачинарли ва аянчли умр кечираётган, қандайдир сассиқ ҳид анқиб ётадиган корхонада ишлайдиган, семиз ва тепса тебранмас аёлга уйланган ва хотинини «менинг сенъорам» деб чақирадиган, узун, зерикарли шанба оқшомларини кафедаги оромкурсида ялпайганча ўтириб ёки газета ўқиб, телефон орқали пойгага пул тикиб ўтказадиган бармоқлари тамакидан сарғайиб кетган Роберто исмли кишининг қаршисида ўтирганча, мен буларнинг ҳаммасини бирма-бир кўз олдимга келтириб, жимгина ўтирардим.
Ҳеч бир ошиқ ҳаётнинг жирканч ботқоғига ботиб, муқаррар инқирозга қараб адашмасдан кетаётган умр карвонига мубтало бўлганчалик маъшуқасига мубтало бўлолмайди, киши умрнинг интиҳосига қараб югургандек маҳкумлик билан ҳеч бир ошиқ маъшуқнинг оғушига қараб югуролмайди. Ҳатто ўша ёниқ муҳаббат завқ-шавқини ҳам ўн йиллар олдин менинг ҳаётимдан ўчириб ташлаган, менга қалб ўлати ҳақида гапира туриб, қалбимга битмас жароҳат ва ўлат олиб келган, энди эса ҳаёт тегирмони қиймалаб ташлаган ўша Бобни эслатадиган бугунги Робертони кўрганда ва унинг бир замонлардаги таги пуч режаларини эслаганда менда пайдо бўладиган завқ-шавқ ва музаффарликни ҳар қандай ғолиблик ва завқ-шавқ билан ҳам солиштириб бўлмайди; шунинг ўзидан ҳам Боб ўзининг алдамчи орзулари билан ҳаётнинг қайси ўпқонига қараб югурганини билиб олса бўлади.
Билмадим катталарнинг бу мудҳиш ва қўланса дунёсида ҳар куни Боб билан кўришгандек, илгари Инес билан ҳам ақалли бир марта шундай қувонч ва муҳаббатдан маст бўлиб кўришдикмикин? Бу қўланса дунёга хуш келибсан, Боб! У ҳали бу ерга яқиндагина келган мусофир; у ҳали ўзининг ёшлигини тез-тез қўмсаб изтироб ва алам билан ўксиниб юради. Мен баъзан унинг тўйиб ичиб олиб, ўзини энг ифлос сўзлар билан ҳақоратлаб, ҳар қандай бўлса ҳам бир вақтлар Боб бўлган пайтларига қайтаман деб ғўнғиллаб, қасам ичиб, йиғлаб ўтирганини кўриб қоламан. Ишонтириб айтиш мумкинки, худди шу дақиқаларда менинг юрагим муҳаббат туйғуси билан лиммо-лим тўлиб кетади ва қалбим худди оналарнинг мушфиқ қалбидек, яна ҳам марҳаматли ва шафқатли бўлиб қолади. У энди ҳеч қаёққа кетолмаслигини, чунки энди кетадиган жойнинг ўзи йўқлигини юрагимнинг туб-тубидан ҳис этиб турсам ҳам, бироқ умиду илтифот билан уни юпатишга ҳаракат қиламан ва унга далда бераман, қўллаб-қувватлайман. Илгари Боб бўлиб яшаган ватанининг бир ҳовуч тупроғи ёки гоҳ-гоҳида у ўлкадан абадий сургун қилинган кишилар олиб келадиган қадрдон, болалик кўчаларининг суратлари, ҳар хил ёдгорликлари, жўшқин ва эҳтиросли қўшиқлари ўрнига мен унга сабру-қаноат, қалбига таскин, эртанги кунига ишонч ва у яқинда ташлаб келган ёшлик мамлакатининг оромбахш нурларини ва мусаффо ҳавосини бир пайтлар опасига берган ваъдаларим каби совға қиламан. Ва у ҳам ҳаммасини қабул қилади: аввалига, қаршилик қилади, мен ўзимнинг садоқатимни қайта-қайта таъкидлавергач, навқирон Бобнинг дунёсига қайтадиган кун яқинлигига ишонган ҳолда, ниҳоят, у «ҳа, розиман» дейди ва жилмаяди; ўзи эса ўтмишдаги орзу умидларининг эрта завол топган бадбўй жасадлари ва жирканч туйғулар орасида минглаб оёқлар остида шафқатсиз топталавериб, майиб ва тақдирга тан берган қиёфада мажолсиз типирчилаганча, ўттиз ёшнинг сассиқ балчиғига тобора кўпроқ ботиб бораверади.
Назар Эшонқул таржимаси