Хуан Карлос Онетти

«Унинг асарларисиз янги авлоднинг бошқа адиблари пайдо бўлмасди: у биринчи эди, биринчи бўлиб тўсиқни ошиб ўтди: Кортасар, Гарсиа Маркеснинг ўзи ҳам унинг асарларидан ўсиб чиқди».
Хуан Рулфо

«Онеттини ҳали адабиёт тан олгани йўқ. Аммо бизга берилаётган мукофотларга, энг аввало, у муносиб эди. Янги давр адабиёти унинг номи билан бошланади».
Варгас Льоса

«Онетти фақат буюк ёзувчигина эмас, у буюк ислоҳотчи ва буюк самимият соҳибидир».
Аугусто Рао Бастос

«Унинг асарлари биз ижод қилаётган бинонинг пойдеворидир!»
Карлос Фуэнтес

Хуан Карлос Онетти – Лотин Америкаси адабиётининг йирик вакили, янги давр насрини бошлаб берган, бу қитъа адабиётига нас­рий-психологик услуб олиб кирган ва айнан шу услуби билан дунё адабиётида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлган буюк ёзувчи.

Бу адибнинг ҳикояларини биринчи марта талабалик йилларимда ўқиб чиққанман. Тўғриси, менда ҳеч қандай таассурот қолдирмаган. Ҳикояларидаги воқеалар ҳам ўша пайтдаги адабиёт ҳақидаги тушунчамга кўп мос тушавермаган. Лекин ўшандаёқ тили, жумла қурилиши, ўхшатишларида ўзига хос бир жозиба бордай туюлганди. Кейинчалик унинг қисса ва романларини машаққат билан ўқидим. Ўқиш жараёнида аста-секин адибнинг мустаҳкам, метиндай услубини англаб олдим. Онетти менга севимли ёзувчи бўлиб қолди. Уни ҳар йили барибир ўқийман. Умуман, ёзувчилар бу адибни ўқиб таҳлил қилиб туришлари керак деб ўйлайман. Унинг ижодий лабораторияси, адабий тажрибалари ва ютуқлари кўп нарса беради, хусусан, услубни шакллантираётган ёзувчи адибни четлаб ўтиши мумкин эмас. Биз улуғ деб билган адибларнинг кўпларида услубий дарзлар, услубий кемтикликларни, чалғишларни, услубини тополмаганини ҳар хил шаклий жимжималар билан яшириб кетгани, хуллас, энг улуғ деб билган адибнинг ҳам охиригача сайқалланмаган жумла, ҳолат, саҳифа ва бобларига дуч келамиз. Номини келтириб ўтирмай, ҳатто номи жуда жарангдор эшитиладиган, маълум ва машҳур адибларнинг ҳам услубларида заиф жойлар кўзга ташланиб қолади, охирига етмаган саҳналар, жумлалар, ҳолатлар бисёр. Баъзан улар ўзининг заиф жойларини ё ақл, ё «адабий манавёр» билан алдаб хаспўшлаб кетади. Аммо Онетти бундан мустасно. Адибнинг услуби, синтаксиси ҳайратланарли даражада мустаҳкам, жумлалар бўёқ ва оҳангга тўйинган, образлар, воқелик тасвири, ҳолат қамрови асосли ҳамда ишончли… Онеттининг жумлалари ҳам, туйғу ва кечинмалари ҳам қуймадек таассурот уйғотади. Бу эса адибнинг бадиий мушоҳадаси, дунёни поэтик қамрови жуда кенг ва баландлигидан дарак беради…

***

Адиб ўтган асрнинг 70-йилларигача оддий китобхонлар, ҳатто адабиётшунослар учун ҳам нотаниш сиймо эди. Адабиётга «Лотин Америкасининг бадиий вулқонлари» атамасини олиб кирган, адабий дунёни шов-шувларга тўлдириб ўзига маҳлиё қилган, баъзилари Нобел мукофотига сазовор бўлган 60-йиллар авлоди унинг хизматларини Борхес номи билан бир қаторда қўйиб, янги қитъанинг янги романчилиги айнан шу адибнинг «Ўпқон» асари билан бошланганини эътироф этишганда ҳам, Хуан Карлос Онетти дунё учун эътибордан четдаги адиб бўлиб қолаверди.

Ҳали Камю асарлари ва фалсафаси билан таниш бўлмасдан туриб Америка адабиётига экзистенциалис­тик қараш ва концепцияларни олиб кирган, ХХ аср адабиётида «инсон қалби ва оғриқларининг мукаммал куйчиси» номини олган Хуан Карлос Онетти 1909 йили Уругвайда зиёли хонадонда дунёга келади.

Адибнинг болалиги ҳақида кам маълумот сақланиб қолган. Онеттининг ўзи ҳам болалиги ва оиласи тўғрисида кўп гапиришни истамасди. Оилани: «Ҳар бир кишининг ўзига тегишли сирли, дахлсиз қўрғони», – деб таърифлаган. Хотираларида ўзининг ёзувчи бўлишига Кнут Гамсуннинг ижоди билан бирга «Фантомаснинг саргузаштлари» номли асар кучли таъсир қилганини, айнан шулар таъсирида Сервантеснинг барча асарларини ўқиб чиққанини, бу орқали Сервантес уни дунё адабиётига бошлаб келганини таъкидлайди. Адиб ўн уч – ўн тўрт ёшида Гамсунга тақлид қилиб ҳикоялар ёзган. Аммо булар шунчаки машқлар эди. Унинг ота-­онаси ҳам ўқимишли ва маърифатли кишилар бўлган. Бироқ бу авлод зиммасига машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтиш қисмати тушганди. У ёшлигидан ўз кунини ўзи кўришга мажбур бўлади. Ўсмирлигидаёқ официант, чипта сотувчи, қоровул ва тиббий ускуналар ишлаб чиқарадиган корхонада ишчи бўлиб ишлайди. Болалик йиллари оғир меҳнат ичида кечган бўлса-да, адиб ҳаё­тининг энг беғубор дамлари айнан шу давр эканини қайта-қайта эслайди. Унинг асарлари қаҳрамонлари ҳам ҳаёт уқубатларидан чарчаган пайтлари болалигини эслаб гўё ана шу даврдан куч-қувват олгандек бўлишади. Болалик даври адиб учун мўъжиза ва сеҳрга тўла беғубор йиллар бўлиб қолди. Бу унинг асарларида ҳам акс этади. Деярли барча асарларида катталар дунё­си болалик, ўсмирлик дунёсига, яъни беғуборликка қарама-қарши қўйилади. Катталар дунё­сини ҳаётнинг айниган, ўзанидан адашган давр сифатида талқин этади.

«Хуш келибсан, Боб!» ҳикоясининг якуний жумлалари шундай: «…Илгари Боб бўлиб яшаган Ватанининг бир ҳовуч тупроғи ёки гоҳ-гоҳида у ўлкадан абадий сургун қилинган кишилар олиб келадиган қадр­дон, болалик кўчаларининг суратлари, ҳар хил ёдгорликлари, жўшқин ва эҳтиросли қўшиқлари ўрнига мен унга сабру қаноат, қалбига таскин, эртанги кунига ишонч ва у яқинда ташлаб келган ёшлик мамлакатининг оромбахш нурларини ва мусаффо ҳавосини бир пайтлар опасига берган ваъдаларим каби совға қиламан. Ва у ҳам ҳаммасини қабул қилади: аввалига қаршилик кўрсатади, мен ўзимнинг садоқатимни қайта-қайта таъкидлайвергач, навқирон Бобнинг дунёсига қайтадиган кун яқинлигига ишонган ҳолда, ниҳоят, у «ҳа, розиман» дейди ва жилмаяди; ўзи эса ўтмишдаги орзу-умидларининг эрта завол топган бадбўй жасадлари ва жирканч туйғулар орасида минг­лаб оёқлар остида шафқатсиз топталавериб майиб ва тақдирга тан берган қиёфада мажолсиз типирчилаганча ўттиз ёшнинг сассиқ балчиғига тобора кўпроқ ботиб бораверади…»

30-йилларда Онетти журналистика билан шуғулланишга киришди. 24 ёшида биринчи ҳикоясини эълон қилгандан сўнг адабий фаолияти бошланади. Шу тариқа унинг ўзига хос услуби шаклланиб борди. Дастлабки асари ҳаёт ҳақида орзу қилаётган инсоннинг ички монологига қурилганди. Адиб инсоннинг ички монологи орқали фабула ва ҳаракат яратишни ижодининг асосий услуби қилиб олди. Унинг деярли барча асаларида ҳаётдан аламзада бўлган, безган, кўнгли тўлмаган одамнинг ҳаёт ҳақидаги орзулари, кечинмалари, хулосалари ва дардларини баён қилувчи қаҳрамонлар галереяси яратилади.

1939 йили унинг ҳажман қиссага тўғри келадиган, аммо адабиётшунослар гоҳида роман сифатида талқин этадиган илк йирик асари – «Ўпқон» бор-йўғи 500 нусхада босилиб чиқди. «Ўпқон» Онетти ижодида, қолаверса, бутун Лотин Америкаси адабиётида янги наср намунаси эди. Бу асарда олдинги ҳикояларда милтиллаб кўринган, ҳали ўз қиёфаси ва мазмунини топмаган «орзуманд одам» образи тўлиқ бўй кўрсатган. Мавжуд воқелик билан хаёллар ҳамда амалга ошмаган орзулар тўқнашуви «Ўпқон»га келиб энди типик тус олади. Қаҳрамон битта кишининг эмас, бутун бошли авлоднинг, жамият яккалаб ташлаган, четга сурган ёки ёлғон, алдов, хиёнат ва иккиюзламачиликка қарши исён сифатида ўзини четга олган, ўзини хаёл ўпқонига ташлаган 30-йилларнинг зиёли қатламини тимсоллаштиради. Бу қаҳрамон ўзини ўраб турган, бюрократлашган, сохталашган, табиий ва асл қиёфасини бой берган муҳитга қарши ҳаракатсизлиги, ҳаёт ҳақидаги орзулари билан исён қилади. Хаёл ва ҳаёт тўқнашуви инсон ботини ҳамда воқелик ўртасидаги зиддиятга айланади. Ана шу зиддият натижасида адибнинг бадиий концепцияси шаклланади. Адабиётшунослар «Ўпқон»ни Онетти ижодининг маркази дея эътироф этишади. Унинг қолган барча асарлари ана шу қисса, унинг ичидаги мавзулардир. Ҳатто «рад қилинган севги» ва «идеал маҳбуба», «орзуманд одам», «ўз ҳаётидан қониқмаслик», «муҳитга ётлашув», шунингдек, ҳаёт синовлари олдидаги мағлубият, азалий анъаналардан узоқлашиш ва бегоналашиш, шахснинг ёлғизлиги каби мажозлар ана шу асарда ўзининг дастлабки чизгиларини намоён қилади ва асар қаҳрамони – хаёллару орзулар чоҳига тушиб қолган Эладио Линасеро адибнинг кейинги қаҳрамонларига хос бўлган барча хислат, фазилат, ҳолат, руҳий кечинмаларни ўзида мужассам этади. Эладио Линасеро Достоевскийнинг «Хилватдаги одам» қиссаси қаҳрамонининг лотин америкача талқинидир. Эладио ҳам хилватда, хаёл ва орзулар ўпқонида туриб ўзини ва ҳаётини таҳлил қилади. У қитъа адабиё­тида биринчи бўлиб ўзининг ёлғизли­гини, муҳитдан бегоналашиши ҳамда ёлғизликка маҳкумлигининг сабабларини чуқур ва «мен» тили билан таҳлил қилган образдир. Ўзининг асл қиёфасидан тобора узоқлашиб, сохталик, ёлғон, механик турмуш тарзига ўрганиб бораётган, ўзлигидан йироқлашаётган муҳитдан қочган, ташқаридан излаганини ўз хаёлларидан топган Линасеро ўзидан қочиб ўзига беркинади. Бошқача айтганда, ўзининг мавжудлигини реал воқеликда исботлаб беролмайди. Оқибатда ўз излаганини хаёл ва орзулардан қидиришга тушади, хаёлий режалар, орзулар олами реалликка муқобил воқелик сифатида бўй кўрсатади. Камюдан анча йиллар олдин Онетти ушбу асари орқали ўзининг мавжудлигини ижод ва хаёл билан исботлашга уринган, воқелик мустабидлигини орзулар ва ижод билан енгишга киришган янги образни яратганди. Онетти қисса қаҳрамони тилида ўзининг адабий услубини шундай изоҳлайди: «…бошингдан кечган ёки гувоҳи бўлган воқеалар ҳақида эмас, бир кўнгил тарихи ҳақида ёзсанг». Онеттининг қаҳрамонлари воқелик қаҳрамонлари эмас, балки кўнгил тарихининг қаҳрамонлари, орзу, хаёл оламининг одамларидир. Шу сабабли уларнинг деярли ҳаммаси ўз кўнгилларига яширинган қандайдир сир ва дарднинг маҳкумларидир. Инсон – бахт ва саодат орзуманди. У ҳаётдан кўнглига муносиб маслак ва завқ излайди, олдида турган барча қийинчиликларни, машаққатларни, дарду аламларни, ҳасратни йўқотиш, бахтсизликларни енгиб, ўзи орзу қилган саодатга эришишни истайди. Яъни, Онетти таъбири билан айтганда, инсон ўз қисматига қарши курашга чоғланади, қисматни ўзиники қилишни, бўйсундиришни, бутун инсоният билан дўст бўлишни, уйғун яшашни хоҳлайди. Аммо охир-оқибат барибир енгилади, мағлубиятга учрайди. У муҳит билан кўнгил уйғунлигини тополмайди. Умидлари сўнади. Шунда ўзини ёлғизликка маҳкум этган муҳит – воқеликдан қочиб ўз ботинига яширинади. У бу ботинда воқеликка қарама-қарши воқелик яратади. Бу воқелик худди қисса қаҳрамони Эладио Линасеронинг «Ўпқон»даги оламига ўхшайди. У барибир ўзи истаган оламни яратади. Шу билан ўзининг мавжудлигини исботлайди.

Бу асар ўз даврида ўқувчисини тополмади. Узоқ йиллар бошқа нашр ҳам этилмади. Аммо ўша 500 нусхани ўқиган кам сонли ўқувчилар орасидан кейинчалик Лотин Америкасининг улуғ ёзувчилари етишиб чиқди.

Хуан Карлос Онетти асарлари оддий ва аксарият бахтсиз одамлар ҳақида. Аммо ана шу оддий одамлар қалби шундай усталик билан очиладики, сиз бу қаҳрамонлар кечинмаларидаги гўзал туйғуларнинг бетак­рор жилоси ва ноласига гувоҳ, уларнинг дарду ғамига шерик бўласиз, энг муҳими, насрнинг ҳақиқий санъат эканини ҳис қилиб турасиз. Бу адибнинг деярли барча қаҳрамонлари самарасиз ва маъносиз ўтган ҳаётидан норози кишилар. Улар яшашдан маъни топиш учун чарчоққа тўла ҳорғин танларини ташлаб орзу-хаёллар дунёсига, тўғрироғи, реал воқеликка зид тарзда яратилган инсон хаёлининг ҳавойи оламига ғарқ бўлишади. Онетти қаҳрамонлари ўз ҳаётларини таҳлил қиларкан, бу дунёдан қочиб ана шу орзулар, хаёллар дунёсига ўтиб олишади. Айнан шунинг учун Лотин Америкаси адабиётида Онеттини «орзулар ёзувчиси, инсон қалби ва андуҳи куйчиси» деб аташади.

«Соҳил бўйлаб чопаётган Эсберг» ҳикоясидан:

«Мана энди, ҳар шанба оқшоми кечасими ёки туш пайтими, ҳаво очиқми ёки Кирстеннинг гезариб кетган юзидай сербулутми, ёмғирлими, барибир, улар портга қараб йўл олишарди ва кема жўнагунга қадар турли шаклдаги жомадонлар кўтарган, иссиқ пальтолар кийган, қўлларида гул ва кўз ёшларидан нам бўлган рўмолчалар тутган одамлар орасида бир кўриниб, бир кўринмай хиёбон ичида сайр қилиб юришарди; юракни орзиқтирадиган сирена қийқириғидан сўнг кема секин жўнаб кета бошларди; токи тинкалари қуриб, ҳолдан тойиб қолгунларича улар қимирлашга ҳам қўрқиб тошдек қотиб туришар ва ҳар бири ўз-­ўзича чуқур ва сирли хаёлларга ғарқ бўлган кўйи айни дақиқада ўзлари ҳам билмаган ҳолда, иккаласи ҳам бир пайтда, қалбларини аллақачон ўзиники қилиб улгурган ва энди бир умр уларни ўз чангалида олиб юрадиган ватан соғинчи ва ёлғизликнинг бешафқат панжалари ҳақида ўйлашиб, бир-бирининг елкаларидан маҳкам қучганча кетаётган кема изидан жимгина қараб туришарди».

1950 йили ёзилган «Қисқа ҳаёт» романидан бошлаб унинг асарларида тўқима Санта-Мария шаҳри пайдо бўлди. Шу даврдан сўнгги барча асарларидаги воқеа­лар асосан ана шу шаҳарда рўй беради. Адиб асарларида бу шаҳар пайдо бўлишининг илк босқичларидан бош­лаб Лотин Америкаси тимсолига айланган тараққий этган шаҳар даражасига қадар бўлган даври тарихини қаҳрамонлари ҳаёти орқали очиб беради. Санта-Мария Онетти ижодида ҳаёт уқубатлари ҳоритган қаҳрамонларини олиб бориб яширадиган макон вазифасини ўтайди. Қаҳрамонларининг деярли барчаси ҳаётдан у ёки бу жиҳатдан жабр-ситам кўрган, эзилган, кўнгли топталган, излаганини тополмаган, ёлғизликка маҳкум этилган, тушкунликка тушган, умиди сўнган. Улар хаёлий шаҳарда кезинишаркан, гўё ўз орзулари оламида юргандай бўлишади. Уларнинг ҳаётда ушалмаган орзу-ниятларини адиб шаҳарда рўёбга чиқаради, уларни бу реал макон ва реал воқеликка қарама-қарши қурилган шаҳарда бир нафас бўлса-да бахт ва хаёл билан, ўзлари ва ботини билан қолдиради. Ана шу лаҳзалар уларнинг энг бахтли ва ширин дамларига айланади. «Қисқа ҳаёт» романидан сўнгги барча асарлари қаҳрамонлари ҳаёти ўз қитъасининг ва Лотин Америкаси зиёлилари орзу қилган идеал ҳаёт ҳамда жамиятнинг адабий тимсоли бўлган шаҳар билан бевосита боғлиқ. Бу шаҳарда тақдирлар тўқнашади, ажралади, бу ерда муҳаббат ва нафрат юзма-юз келади, одамлар бир-бирини инкор қилади, бир-бирини севади, бир-биридан ажралади. Адиб ўзи севган ва ҳамдард бўлган барча қаҳрамонларининг кўнглини, дардини, орзуларини, кўнгил сирлари ва майлларини шу шаҳарга яширади, шу шаҳарда уларни бахтиёр ёки бебахт айлайди. Адиб яратган маконида ўзи орзу қилган туйғулар, ҳислар, муносабатлар, иқрорлар ва изҳорлар, кечинмалар, самимият ва беғуборлик ичида яшайди. Шаҳар орқали у умид деган туйғуни қаҳрамонлари ва ўзининг кўнг­лида асраб қолади.

1966 йилгача Онетти Ла-Плата ҳудудидан нарига чиқмади, табиийки, унинг асарлари ҳам ундан нарига тарқалмади. Бу тор ҳудудда ҳам уни кенг ўқувчилар оммаси билмасди. Биринчи нашридан сўнг унинг асарлари унут бўлди. «Ўпқон» 26, «Эгасиз ер» 24, «Фақат шу кеча» 23, «Қисқа ҳаёт» 18 йилдан сўнггина чоп этилган.

Онеттининг тили жуда мураккаб, бироқ поэтик синтаксисга қурилган. Адиб бошқалардан ана шу синтаксиси билан фарқланиб туради. Жумлалар ҳаммаси ўйланган, поэтик мушоҳададан ўтган, ҳар бир сўзнинг ўз вазифаси, оҳанги бор. Онетти сўзларни исроф қилмайди. Унинг иборалари, тузган бирикмалари назмдаги ўхшатишларга яқин туради. Дунё адабиётида жуда кўплаб ёзувчилар матнида тил шунчаки восита, уни бемалол сарфлаш мумкинлигини билдирувчи маъно ётади. Онеттида эса тил барча нарсадан устун, сўз ишлатиш – бу услуб, инсонни кашф этиш ускунаси, мазкур ускунанинг кемтик жойи бўлиши мумкин эмас. Истиоралар, ўхшатишлар, ҳаяжон ва образли ифодалар орқали қаҳрамоннинг ҳолатию дунёси чуқур ҳамда изоҳсиз очиб берилади, яъни ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмайди. Аслида ҳам адабиётда фақат бадиий тилгина, бадиий мушоҳада ва бадиий тасвирлай олишгина ҳолат, манзара, кечинмаларни ишончли ифодалай билади. Онетти айнан тили ва бадиий синтаксиси туфайли ўз истеъдодига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. Ана шу нуқтаи назардан жуда кўп адиблар, ҳатто дунёнинг йирик адиблари деб танилганлари ҳам бу ёзувчининг услуби олдида анча жўн ва мўрт кўринади. Онетти воқеага, сюжетга эмас, услуб ва синтаксис орқали кўнгил дунёсини очиб беришга эътибор қаратади. Кундалик воқелик деярли аҳамиятини йўқотади, қаҳрамонлар хотира ва хаёл чегараларига, кечинмалар оламига ўтиб олади, шу оламда туриб кўз олдида оқиб ўтаётган ҳаёт деган издиҳомга боқади, ўзига ва умрга баҳо беради. Унинг қаҳрамонлари асарда ҳамиша ҳаётнинг кескин бурилиш палласида – тушкунлик ва умидсизликка ғарқ ҳолатда пайдо бўлади. Бу вазият Ғарб адабиётида «абсурд вазият», «абсурд ҳолат» деб аталади. Шу ҳолат ёзувчи учун қаҳрамоннинг дунёсини очишга кенг имконият беради, айнан шу ҳолатда ҳиссиётлар ва ақл жунбишга келади, ухлаб, мудраб ётган онгости кечинмалари ўзини намоён қилади, оқибатда фақат воқелик эмас, инсон психикасидаги барча жараёнларни кузатиш, таҳлил қилиш имконияти туғилади. Онеттининг хоҳ ҳикоя, хоҳ қисса, хоҳ роман қаҳрамонлари бўлсин, айнан шу вазиятда асарга олиб кирилган. Адиб ўз қаҳрамонлари дунёсига кириб, уларнинг тушкун қалбларига малҳам излаб, улар ўзлигини топмаган оламга қарама-қарши қаҳрамонлар орзу-хаёлларидан бошқа бир олам яратишга, ана шу хаёл, орзу, кечинмалар билан уларнинг кўнглини сақлаб қолишга уринади. Баъзи асар қаҳрамонлари жисмонан ҳаётни тарк этишса ҳам, уларнинг ҳаёт ҳақидаги хулосалари асарнинг асосий ғоясини белгилаб туради. Санта-Мария билан боғлиқ барча асарларини деярли бир асар деб аташ мумкин. Буларда қаҳрамонлар биридан иккинчисига ўтиб, йўқолиб, пайдо бўлиб юраверади. Қайсидир асарида иккинчи даражали бўлган Ларсен бошқа асарининг, айниқса, «Верфь» романининг асосий қаҳрамонига айланади. Онетти ҳатто ҳикояларида ҳам эпизодик образни ташлаб юбормайди, бошқа бир ҳикоясига унинг тақдири ва қисматини олиб киради. Шу тариқа унинг асарлари яхлит романнинг турли номдаги боб ва парчаларидай таассурот уйғотади. Бу эса адибнинг бутун ижоди бир асардан, инсон кўнгли, оғриқлари, ёлғизлиги, мусибат ва изтироблари акс этган ягона полотнодан иборат деган тасаввурни беради. Адиб инсон изтиробига уни тозаловчи, фориғлантирувчи ҳолат сифатида қарайди. Айнан шунинг учун қаҳрамонларининг ҳаммаси дардкаш, андуҳли, оғриқли, дилгир ва музтар одамлар…

Адиб охир-оқибат одамлар кўнглини таҳлил қилишдан, уларнинг ғуссага тўла қисматини Санта-Мария шаҳрига олиб келишдан, бу шаҳарда уларнинг ботинини тадқиқ қилишдан чарчайди. 1979 йили яратилган сўнгги романи – «Шамолнинг ҳикматига қулоқ тутамиз»да тасаввуридаги Санта-Мария шаҳрини вайрон қилади. Шу билан ўзининг адабий хизматини якунлайди ва бу шаҳарда яшашга бошқа ҳеч кимга изн бермайди. Шаҳар адиб тасаввурида жаннатнинг бир тимсоли сифатида яратилганди. Охир-оқибат адиб жаннатни ер юзида яратишнинг имкони йўқ эканини англайди ва шаҳарга яширган барча тақдирлари билан қўшиб шаҳарни ҳам йўқ қилади. Санта-Мария худди ғойиб бўлган Атлантида каби адабий дунёдан йўқолади.

1974 йили давлат тўнтариши юз берди ва Уругвай ҳукуматини хунта эгаллади. Мамлакатда кенг миқёсда судсиз-терговсиз қамашлар бошланди. Янги ҳукумат сиёсатини қўлламагани ва эркин фикр билдиргани учун 65 ёшли Онеттини руҳий касаллик­лар шифохонасига олиб кетишади. Жамоатчиликнинг норозилигидан сўнг уни Уругвай ҳудудидан сургун қилишади. Онетти 1974 йили Испанияга келиб жойлашади ва умрининг охиригача шу ерда яшаб қолади.

Узоқ йиллар адабий танқидчилик Онеттини Фолк­нер асарларининг тақлидчиси сифатида айблаб келди. Аммо 60-йилларда дунё адабиётига ўзига хос овоз билан кириб келган Кортасар, Габриэль Маркес, Варгас Льоса, Карлос Фуэнтес, Эрнесто Сабато бу адиб асарларидан илҳомланиб, улардан куч олиб ўз ижод йўлини танлашганини эътироф этишгач, унга бўлган муносабат ўзгарди. У қайтадан ўқила бошланди ва қайта кашф қилинди. Шундан сўнггина Онеттини муносиб тарзда эътироф этишга киришишди. 1980 йили унга хориж адибларидан биринчилардан бўлиб Сервантес мукофоти берилди, айни шу йили унинг номзоди Нобел мукофотига қўйилди.

Адиб 1994 йили Мадридда вафот этди.

Онеттининг «Ўпқон», «Эгасиз ер», «Верфь», «Мурда йиғувчи», «Қисқа ҳаёт» каби романлари ҳамда новеллалари жаҳон адабиётининг ўзига хос услубда ёзилган дурдоналари бўлиб қолди.

Назар Эшонқул