Хорхе Луис Борхес. Шафқатсиз халоскор Лазарус Морел (ҳикоя)

ОЛИС САБАБ

Антил оролларидаги олтин конлари дўзахида машаққатли меҳнатдан силласи қуриётган ҳиндуларга 1515 йили авлиё Бартоломе де Лас Касаснинг раҳми келди ва у Антил оролларидаги олтин конлари дўзахида машаққатли меҳнатдан занжиларнинг силласи қуриши учун қирол Карл V га занжиларни олиб келишни таклиф қилди.
Саҳоватпеша туйғуларининг бу ғаройиб тусланиши беҳисоб оқибатларга олиб келди: Хэнди блюзлари, Шарқий соҳиллик мусаввир Педро Фигарининг Париждаги муваффақияти, бошқа бир уругвайлик – дон Висенте Россининг қочоқ қуллар ҳақида ҳикоя қилувчи ажойиб насри, Аврам Линкольннинг фусункор шавкати, Шимол ва Жануб ўртасидаги урушда ҳалок бўлган беш юз минг одам, ҳарбий нафақаларга сарф қилинган уч миллиард уч юз миллион доллар, сохта Фалучо ҳайкали, Академик Луғатнинг ўн учинчи нашрига “оломон қилмоқ” (линч) феълининг киритилиши, эҳтиросларга лиммо-лим “Ҳамду-сано” фильми, “буғдойранг” ва “қорамағиз” қўшин сардори – Солернинг Серритодаги шиддатли ҳужуми, фалон сеньорита жамоли, Мартин Фьеррони ўлдирган занжи, “Эль Монисеро” номли бемаза румба, Туссен Лувертьюрнинг барҳам берилган ва банди қилинган наполеонча шиддати, Гаитидаги салиб ва илон, папалоа ханжари билан бўғизланган эчкилар қони, тангонинг волидаси хабанера, кандомбе рақси шулар жумласидан.
Қолаверса, шафқатсиз халоскор Лазарус Морелнинг жиноятларга тўлуғ ва қойилмақом умри.

ЖОЙ

Ер юзидаги энг узун дарё, Сувлар Онаси – Миссисипи бу тенги йўқ аблаҳнинг муносиб фаолият майдони эди. (Бу дарёни илк бор Альварес де Пинеда кашф этди, унинг биринчи тадқиқотчиси эса Перуни забт этган, шатранж ўйинини ўргата инклар қироли Атауальпанинг зиндондаги йилларига ҳусн киритган конкистадор – капитан Эрнандо де Сото эди. Капитан қазо қилгач, мана шу дарё сувлари уни ўз бағрига олди.)
Миссисипи – Парана, Уругвай, Амазонка ва Ориноко дарёларининг бағри кенг, адоқсиз узун ва буғдойранг опаси. Бу дарё сувлари мулат аёл вужуди рангидай – унинг сувлари йил сайин олиб келадиган тўрт юз миллион тонна лойқа Мексика қўлтиғини булғайди. Бу қадар кўламдаги табаррук ва кўҳна ахлатлар туфайли дельта ҳосил бўлган. Бунда, бетиним ювилиб турган қитъа ташландиқларида, улуғвор сарв дарахтлари ўсиб ётган. Ўлик балиқлари сочилиб ётган ва қамишзорлар забт этган қўланса ботқоқликлар мамлакати ўз сарҳадлари ва сукунатини кун сайин кенгайтириб борган. Шимолроқда, Арканзас ва Огайо кенгликларида ҳам адирлар ястаниб ётибди. У ерларда безгак силласини қуритган сариқ юзли қашшоқлар қавми истиқомат қилади. Улар қум, оғоч ва лойқа сувдан бўлак ҳеч вақоси йўқлигидан тош ва темирга суқ билан тикилишган.

ОДАМЛАР

Ўн тўққизинчи аср бошларида (бизни айни шу вақт қизиқтиради) Миссисипи соҳилларидаги бепоён пахта далаларида эрта тонгдан қош қорайгунча занжилар тер тўкишарди. Улар ходалардан тикланган кулбаларда, шундоққина ерда ухлашар, “она-бола” муносабатларидан бўлак барча уруғ-аймоқ алоқалари ўта шартли ва мавҳум эди. Уларнинг кўплари фақат исмлари билангина қаноатланишар, занжилар ҳарф танишмасди. Улар инглиз унли товушларини чўзиб, майин овозда ўз қўшиқларини куйлашар, бир чизиққа терилиб олган кўйи назоратчи қамчини остида эгилиб, тер тўкишарди. Баъзан қочиб кетишарди, шунда серсоқол кишилар кўркам отларга сакраб минишар, бақувват кўппаклар эса изма-из таъқиб этарди.
Ҳайвоний умид ва Африка қўрқувларидан иборат негизларига улар Битик каломларини жойладилар: занжилар Исо масеҳга эътиқод қўйишди. Улар кўнгиллари сел бўлиб жўр овозда куйлашарди: “Биздан хабар ол, Мусо”. Улар Миссисипи тимсолида лойқа Йордон дарёсининг аллайқайси биродарини кўришарди.
Ушбу заҳматкаш замин ва қул занжилар соҳиблари олифта ва хасис узун сочли жаноблар эди. Улар оқ қайиндан тикланган, сохта юноний пешайвони бўлган ва албатта дарёга тикилган серҳашам уйларда истиқомат қилишарди. Яхши қул минг доллар турар ва узоқ яшамасди. Занжиларнинг баъзилари шу қадар ношукур эдиларки, тез орада хасталаниб, ўлиб қолишарди.
Бу омонат нусхалардан имкон қадар фойда олиб қолиш зарурлиги сабаб уларни тонг саҳардан қош қорайгунча далада ушлаб туришар, шу сабаб соҳиблар ўз ерларидан ҳар йили пахта, тамаки ва ё шакар ҳосилини йиғиб олишарди. Бетиним ишлов бериш оқибатида ҳолдан тойган ер тез орада ориқлаб қолар, далаларни бегона ўтларнинг қалин қўшини ишғол қиларди. Ташландиқ фермаларни, чор атрофдаги мункиллаган кулбаларни, чакалакзор ва кўланса ботқоқликларни оқ танли қашшоқлар макон тутишганди. Улар балиқ ҳамда бошқа майда-чуйдаларни ов қилиш ҳамда чорвачилик кетидан кун кўришарди. Кўпинча эса улар занжилардан ўғирланган овқат сарқитларини сўрашар ва шу тақлид зерикарли ҳаёт кечиришаркан, ҳарқалай бизнинг наслимиз соф-ку, деган хаёл билан овунишарди. Шундайларнинг бири Лазарус Морель эди.

БИЗНИНГ ҚАҲРАМОН

Америка ойномаларида чоп қилинаётган Морелнинг суратлари сохтадир. Шу қадар эсда қолувчи ва машҳур одамнинг чинакам тасвири йўқлиги тасодиф эмас. Ортиқча излар қолдирмаслик ва айни вақтда сирлилик туғдириш мақсадида Морель суратга олишларидан ўзини олиб қочган, деб тахмин қилиш мумкин… Аммо бизга маълумки, у ёшлигида бадбашара бўлган ва ўзаро жуда яқин жойлашган кўзлари ҳамда юпқа лаблари унинг фойдасини кўзлаган эмасди.
Кейинчалик йиллар унга ёшини яшаган аблаҳ ҳамда омади чопиб, жазосиз қолган жиноятчиларга хос айрича салобат бахш этди. Қашшоқ болалик ва диёнатсиз яшалган умрга қарамасдан, у жанубдан чиққан чинакам кибор эди. Муқаддас Битик билан дурустгина таниш бўлган бу одамнинг ваъзларида ғайритабиий оҳанрабо бор эди. “Лазарус Морелни минбарда кўрдим, – деб ёзади Луизиана штатидаги Батон-Ружда жойлашган қиморхона эгаси, -мен унинг ибратомуз сўзларини тингладим, мен унинг кўзларидан сизиб чиққан ёшларни кўрдим. Мен унинг хиёнаткор эр, занжилар ўғриси ва Тангри шоҳид қотил эканини билсам-да, менинг ҳам кўзларим йиғларди.”
Бу тақводорона эҳтиросни Морелнинг ўзи қуйидагича изоҳлайди: “Мен Инжилни таваккал очдим ва авлиё Павелнинг сураларига кўзим тушди, шу тариқа бир ярим соатлар чамаси ваъз айтдим. Креншоу ўз ўртоқлари билан бу вақтни зое кетказмади – улар менга сомеъ барчанинг отларини ўғирлаб кетишди. Ўзим учун олиб қолган тўриқ, қайноқ қонли отдан бўлак ҳамма отларни Арканзас штатида пуллаб юбордик. Тўриқ Креншоуга ҳам ёқиб қолди, аммо бу от унга муносиб эмаслигига уни ишонтирдим”.

УСЛУБ

Отларни бир штатда ўғирлаб, бошқа бирида пуллаш – Морелнинг жиноий тарихидаги бир оз четга оғиш бўлса-да, аммо айни шу машғулот унинг учун Бутунжаҳон Диёнатсизлик Тарихида мустаҳкам ўрин ҳозирлаган услубнинг илк дебочаси эди. Бу услуб муқаррар бўлиши учун, албатта, ўзига хос шароитлар зарур бўлди, аммо, шунингдек, бу учун талаб этилувчи пасткашлик, одамларнинг ишончи билан ўйнашув ҳамда даҳшатнинг азобли равнақ топиши сингари аста-секин авж олувчи иблисона ўйин нуқтаи назаридан ҳам бу усул ягона эди.
Гарчи Ал Капоне билан Бакс Моран катта шаҳарда, улкан маблағ ҳамда садоқатли автомат қуроллари билан иш кўрсалар-да, уларнинг машғулоти анча тутуриқсиз. Улар ҳокимликка даъвогар, холос… Агар гуруҳ миқдори ҳақида гапириш керак бўлса, Морелнинг қўл остида мингга яқин йигит бўлиб, уларнинг ҳар бири унга содиқ қолишга қасамёд қилганди. Уларнинг икки юз нафари қолган саккиз юз одам бажариши лозим бўлган буйруқлар чиқарувчи Олий Кенгаш аъзолари эди. Хавф-хатарга мана шу саккиз юз киши рўбарў қилинарди. Исён юз бергудек бўлса, улар устидан ҳукм чиқарадилар ва ё оёқларига пухта боғланган тош билан тезоқар лойқа дарёга улоқтирадилар. Уларнинг кўплари мулат бўлиб, қароқчилик юмуши қуйидагилардан иборат эди:
Улар қўлларидаги қимматбаҳо узукни кўз-кўз қилган кўйи Жанубнинг бепоён далаларини кезиб юришар, бирор бахтиқаро занжини учратгач, унга озодлик ваъда қилишарди. Олисдаги бошқа бир плантацияга сота олишлари учун бу занжини соҳибидан қочишга ундашар, шундан сўнг қўлга киритилган пулнинг маълум қисмини унга бериб, яна қайта қочишга кўмаклашишни ваъда қилишарди. Кейин уни озод штатларнинг бирига олиб боришади. Пул ва эрк, жарақ-журуқ кумуш долларлар ва эрк – бундан бўлак яна қандай йўлдан оздирар нарса таклиф этиш мумкин? Ва шунда бу қул ўзининг биринчи қочқинига журъат қиларди.
Қочиш учун энг осон йўл дарё эди. Каноэ, кема туби, қайиқ, бир четида уйчаси ва ёки баланд чодирлари бўлган улкан сол – барибир эмасми, муҳими, илдам олға босаётганлигингни, бетиним оқиб турган дарёда хавф-хатардан ҳоли эканлигингни билиб турсанг бас… Занжини бошқа бир далага сотишади. У бўлса яна қайта чакалакзорга қочиб кетар ёки ташландиқ кулбада яшириниб оларди. Шунда баджаҳл валинеъматлар (қул уларга нисбатан энди ишончсизлик ҳис эта бошлаган бўлади) кўзда тутилмаган ҳаражатлар ҳақида сўзлаб, уни сўнгги бор сотишга мажбур эканларини маълум қиладилар. Қайтиб келганидан сўнг икки қочқин учун ҳақ тўлашларини ва бундан буён озод бўлишини ваъда қилишади. Занжи ўзини тағин қайта сотишларига ижозат этар, янги жойда бир муддат ишлаб юрар, кейин эса овчи кўппаклар ва саваланиш эҳтимолига қарамасдан, сўнгги бор қочишга журъат қиларди. У қонга беланган, бутун баданидан чак-чак тер томиб турган, жони ҳалқумига келган ва беҳолликдан кўзлари юмилиб кетаётган алфозда қайтиб келарди.

УЗИЛ-КЕСИЛ ОЗОДЛИК

Бу воқеаларнинг ҳуқуқий томонларини қараб чиқиш лозим бўлади. Дастлабки соҳиб қочқин ҳақида хабар қилиб, қочоқни тутиб келинганлик учун мукофот тайин этмагунча Морелнинг йигитлари занжини пуллашмасди. Шунда ҳар қандай одам уни қўлга олишга ҳақли эди ва навбатдаги олди-сотди ўғрилик эмас, балки қочоқнинг ишончини озгина суистеъмол қилиш бўларди, холос. Одил маҳкамага арз қилиш эса бефойда ва анча қимматга тушарди – ҳаражатлар қопланмасди.
Мана шулар туфайли хавфсирашга асос йўқдай туйиларди. Бироқ занжининг ўзи панд бериб қолиши, миннатдорлик ва ё кулфат чоғи оғзидан гуллаб қўйиши мумкин эди. Иллинойс штатида, Эль-Каиродаги исловатхонада ичилган бир неча шиша арпа вискиси, унга – мана шу қулваччага ҳе йўқ-бе йўқ беришлари керак бўлган мўмай пулни совура бошлаган мана шу итвачча ичган бир неча шиша арпа вискиси – ва тамом – сир очилади-қўяди. Шу пайтларда саҳоватпешалар фирқаси, хусусий мулкни инкор этаётган, занжиларга озодлик берилишини тарғиб қилиб, уларни йўлдан оздираётган аҳмоқлар тўдаси Шимол ҳавосини булғаётган эди. Морель ўзини бу бузғунчилар қаторига қўшишларини сира истамасди. У янки эмасди, у Жанублик оқ танли эди, у оқ танлиларнинг ўғли ва набираси эди, у вақт етиб ишдан четлашгач, бойваччалардай яшашни, пахта далалари ва уларда қоматлари ёйдай эгилиб, тер тукаётган саф-саф қулларга эгалик қилишни кўнглига тугиб қўйган эди. У шу қадар тажрибаси билан ҳаётини беҳуда хатарга қўя олмасди.
Қочоқ бўлса бу орада озодликка илҳақ эди. Шунда Лазарус Морелнинг бадқовоқ мулатлари бир-бирига – баъзан фақат қош қоқиш орқали – буйруқни оширишар ва бояқиш занжини кўзларидан, қулоғидан, сезгиларидан, кундузги чароғонликдан, атрофни қуршаган қабоҳатдан, замондан, валинеъматларидан, меҳр-шафқатдан, бир қултум нафасдан, итлардан, коинотдан, умиддан, меҳнатдан ва унинг ўз-ўзидан халос этишарди. Милтиқдан узилган ўқ, қоринга урилган пичоқ ёки бошга тушган зарба – Миссисипи қўйнидаги тошбақа ва мўйловдор балиқлар халос этилишнинг бу усуллари ҳақида аниқ маълумотга эга бўлардилар.

ҲАЛОКАТ

Садоқатли одамлар амалга ошраётган иш гуллаб-яшнаши керак эди. 1834 йил бошига қадар Морель етти юз нафарга яқин занжини халос этиб улгурган ва бу бахти чопганлар изидан боришга шай турган яна анчагина қул йиғилиб қолган эди. Фаолият доираси кенгайиб кетгани туфайли сафларни кенгайтириш лозим бўлди. Янги қасамёд қилинганлар орасида арканзаслик Виржил Стюарт исмли йигит ҳам бор эди. Бу йигит кўплаб қулларидан айрилган бир киборнинг жияни эди. 1834 йил августида Виржил ҳиёнат қилди ва Морель билан йигитларини сотиб қўйди. Морелнинг Янги Орлеандаги уйини миршаблар қуршаб олди. Бироқ, уларнинг уқувсизлиги туфайли ёки пора кўмагида Морель қочиб қутулди. Орадан уч кун ўтди.
Бу пайтда Морель Тулуз кўчасидаги, чирмашиб ётган гуллар ва ҳайкаллари бўлган патиоли қадимий уйда яшириниб юрди. Айтишларича, у жуда кам овқатланар ва оёқ яланг ҳолда, ўйчан қиёфада сигара бурқситиб, катта қоронғу бўлмаларда санқиб юргани юрган эди. Бу уйда хизмат қилаётган қул орқали у иккита мактуб жўнатди – бири Натчез шаҳрига, бошқаси эса Ред-Риверга. Тўртинчи кун уйга уч киши ташриф буюрди ва тонгга қадар суҳбат қуришди. Бешинчи кун кечга яқин Морель ўрнидан туриб, устара сўради ва ихлос билан соқолларини қиртишлади. Сўнг кийиниб ташқарига чиқди. У шаҳарнинг шимолий даҳалари бўйлаб шошилмасдан, бамайлихотир юриб ўтди. Фақат шаҳардан ташқари чиққачгина Миссисипи соҳили бўйлаб илдам одимлай кетди.
Унинг режасига ширакайф жасорат ўт қалаган эди. Морель ўзини ҳали-ҳамон иззат қилишлари эҳтимоли бўлган сўнгги одамлар – Жанубдаги қул занжилардан фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Ахир улар ўртоқлари қочиб кетаётгани ва ортга қайтмаётганини кўриб туришарди. Демак, қочоқлар озодликда эканига улар амин эдилар. Морелнинг режаси занжиларни ялпи исёнга давъат қилиб, Янги Орлеанни барча сарҳадлари билан забт этиш ва талон-тарож қилиш эди. Чоҳга қулатилган, хиёнат туфайли қарийб барбод этилган Морель бутун қитъа миқёсидаги жавоб ҳаракатини, жиноятчини гуноҳдан фориғ этиб, Тарих қадар юксалтирувчи жавобни кўнглига туккан эди. Шу мақсадда у бошка жойларга нисбатан ортиқроқ иззатда бўлган Натчез шаҳрига йўл олди. Бу саёҳат ҳақида унинг ўзи сўзлаган ҳикоя мана бундай:
“Отни қўлга киритгунимча мен тўрт кун яёв йўл босдим. Бешинчи куни чанқоғимни бостириш учун бир оз ҳордиқ чикариб олиш мақсадида жилға ёнида тўхтадим. Қулаган дарахт устида ўтириб, ўзим юриб келган йўлга тикиларканман, бирдан наслдор отда мен томон келаётган отлиққа кўзим тушди. Шу заҳоти отни тортиб олишга аҳд қилдим. Тараддуд кўриб, отлиққа шавкатли қуролимни тўғриладим ва отдан тушишини буюрдим. У буйруқни бажарди, мен чап қўлимда узангини тутганча дарёга ишора қилиб, олдинга юришини буюрдим.
У бир оз юриб тўхтади. Ечинишга буюрдим. У айтдики, “Агар мени ўлдирмоқчи экансиз, ўлимим олдидан ибодат қилишимга рухсат этинг.” Унинг ибодатини тинглаб ўтиришга вақтим йўқлигини айтдим. У тиз чўкди, мен эсам гарданига ўқ қададим. Кейин қорнини ёриб, ичак-чавоқларини дарёга улоқтирдим. Кейин чўнтакларини кавлаштириб, тўрт юз доллар, ўттиз олти цент ва бир даста қоғоз топдим, қоғозларга қараб ўтирмадим. Унинг этиклари янги ва менга лойиқ эди. Ўзимники бўлса титилиб кетганди, мен этигимни дарёга улоқтирдим.
Натчезга кириб бориш учун мен шу тариқа отга эга бўлдим” .

ХОТИМА

Морель уни дорга осишни хаёл қилаётган исёнкор занжилар сардори, занжилар тўдалари томонидан дорга осилган, уларга қўмондонлик қилишни орзулаган Морель – қайғу билан маълум қиламанки, Миссисипи тарихи мана шу ажойиб имкониятлардан фойдалана олмади. Поэтик адолатга (ёки поэтик бақамтиликка) қарама-қарши ўлароқ, бу дарё ҳам ўз соҳилларида жиноятлар содир этган бу одамнинг қабрига айланмади. Ўпкаси шамоллаган Лазарус Морель 1835 йилнинг иккинчи январь куни Сайлес Бакли исми билан Натчездаги шифохонага ётқизилди. Умумий палатадаги беморлардан бири уни таниб қолди. Иккинчи ва тўртинчи январь кунлари бир неча плантацияда қуллар исён кўтаришга уриниб кўришди, аммо айтарли кўп қон тўкишсиз уларни тийиб қўйдилар.

Шарифжон Аҳмедов таржимаси