Хорхе Луис Борхес. Бир жиноят тарихи (ҳикоя)

Тунги соат ўн бир эди. Бар жойлашган Боливар билан Венесуэла кўчалари кесишган чорраҳадаги алмасенга киргандим. Бурчакда ўтирган кимса чақириб қолди. Унинг овози қандайдир ҳукмфармо эди, ҳарқалай бўйсунганимни ўзим ҳам билмай қолдим. У бир ўзи, олдидаги рюмка бўш, афтидан анчадан бери ўтирганга ўхшарди. Келбати ўрта бўйли, кўринишидан одми дурадгор ёки шунчаки қадимги деҳқонларни эслатарди. Мўйлаби сийрак ва мошгуруч. Шаҳарликларга хос эҳтиёткор, шарфини ҳам ечмаган.
— Қиттак-қиттак отамизми? — деди у самимий.
Беихтиёр ўтирдим, гаплаша бошладик. Ажабо, ўша учрашувимизга ҳам ўттиз йил бўлибди. У секин гап бошлади:
— Сиз мен билан энди гаплашаяпсиз. Мен эса сизни танийман, сенъор! Исмим Росендо Хуарес. Турган гапки, сизга мен ҳақимда марҳум Паредес гапирган. Ўзи шунақанги сал ғалатироқ чол эди. Агар вақтингизни қизғанмасангиз, ўша тунда аслида нима юз берганини айтиб бераман. Резател ўлдирилган тунни айтаяпман. Қанчалик зўрлигини билмайман-у, сиз у ҳақда ҳикоя ёзгансиз, лекин ҳаққи ростни билиб қўйганингиз яхши. Сизга айтилган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқат эмас.
У худди эски гапларни хотирлаётгандай бироз жим қолди, сўнг гапида давом этди:
— Шундай нарсалар бўладики, унинг моҳиятини анча йиллар ўтгач, тушуниб етасан. Ўша тундаги машмашанинг уруғи анча олдин сепилган эди. Мен Флорестанинг нариги томонидаги Малдонадода катта бўлганман. У ер шунчаки бир кавак эди. Яхшиям ҳозир тозалаб қўйишган. Бу ҳам тараққиёт дегани, мен унга ишонаман. Ахир одамзот туғиладиган ерини ўзи танламайди-ку! Қанчалик чиранмай, отамнинг исмини аниқлай олмадим. Онам яхши хотин эди, дазмол босиб кун кечирарди. У Энтре-Риос ёки Шарқдан эди шекилли, аниқ билмайман. Ҳарҳолда Консепсьон-дель-Уругвай шаҳарчасидаги битта уруғи ҳақида гапириб юрарди. Ҳилвираган майсадек катта бўлганман. Ҳадемай десангиз, таёқда уришни ҳам ўрганиб олдим. У вақтлар футболга қизиқмасдик, уни хаёлпараст инглизлар ўйлаб топган бемаъни нарса деб ҳисоблардик.
Иттифоқо бир куни кечқурун алмасенда ўтирсам, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ Гермендиа исмли бир йигит менга тихирлик қила бошлади. Мен индамадим, у эса сира ҳоли-жонимга қўймай тихирлик қилаверди. Ташқарига чиқдик. Йўлакка чиқибоқ ичкаридагиларни:
— Ҳозир қайтиб келаман, кутинглар! — дея огоҳлантирди.
Пичоғим ёнимда эди. Бир-биримиздан кўз узмай, аста дарё ёқасига юра бошладик. Гермендиа мендан ёш жиҳатдан катта эди, аммо биз кўп уришардик. Бугун у, ниҳоят мендан қутилишга — мени чавақлаб ташлашга аҳд қилган эди. Мен йўлакнинг ўнг тарафида, у эса чап томонида борардик. У тўсатдан ахлат уюмига қоқиниб кетди. Мувозанатини йўқотган замон фурсатни қўлдан бой бермадим. Юзига мушт отдим, биз олиша кетдик. Бунақа пайтда ҳар балони кутиш мумкин. Ниҳоят, пичоқ урдим. Адашмаган эканман, масала ҳал бўлди. Шундан кейингина ўзимнинг ҳам енгил ярадор бўлганимни, унинг пичоғи сал ялаб ўтганини сездим. Ўша куни одам ўлдириш ваҳимали иш эмаслигини илк бор ҳис этдим. Боз устига йўл-йўриғини ҳам ўрганиб олдим. Дарё анча олисда, қуйироқда эди. Дарҳол ўликни ғишт печи панасига яширдим. Тентак бўлмасам, у бўйнига осиб юрадиган тасмани ҳам олиб оламанми?! Яна бўйнимга тақиб олганим-чи! Бўйнимда унинг тасмаси, шляпамни қийшайтириб, алмасенга қайтдим. Оҳиста кириб, ўтирганларга:
— Чамамда мен қайтдим шекилли, — дедим.
Бир стакан ароқ буюрдим, ҳозир шу зарур эди. Кимдир эгнимдаги қон доғига ишора қилди, мен индамадим.
Тун бўйи ўрнимда ағанаб чиқдим, то тонггача ухлай олмадим. Ишга занг урилган замон тепамда икки полициячи пайдо бўлди. Раҳматли онам бечора роса аюҳаннос солди. Мени хавфли жиноятчи сингари тортқилай бошладилар. Икки кеча-кундуз ёлғиз қамаб қўйишди. Ҳеч ким хабар олмади, фақат Луис Ирала содиқлигини оқлади, холос. Аммо уни олдимга қўйишмади. Ахири полиция инспектори йўқлатди. У стулга ястаниб ўтирар, менга ўгирилиб ҳам қўймай, саволга тутди:
— Хўш, Гермендиани сен сўйдингми?
— Сизнингча шундайми, ахир… — жавоб қилдим мен.
— Менга «сеньор» деб мурожаат этишади. Тонишдан ва қамоқда ўтиришингдан фойда йўқ. Мана, гувоҳлар кўрсатмаси ва уйингдан чиққан унинг тасмаси. Бўйнингга ол-да, дарҳол имзо чек, — у ручкани довотга тиқди-да, менга узатди.
— Ўйлаб кўришга рухсат этинг, сеньор инспектор, — хаёлимга келган гап шу бўлди.
— Йигирма тўрт соат ихтиёринг ўзингда, сени ёлғиз қўямиз, роса ўйлаб кўр. Шошилма, ҳеч ким халақит бермайди. Шундаям ақлинг кирмаса, ўзингдан кўр. Лас-Эрас кўчасига равона бўласан.
Турган гапки, унинг ишорасини тушуниб етмадим.
— Кўнсанг, озгина ўтирасан холос. Қўйиб юборишади, кейин масалангни дон Николас Паредес ҳал қилади.
Ўн кун деганда охирги битимга келдик. Улар истаган шартномага қўл қўйдим. Соқчилардан бири мени Кабриер кўчасига кузатиб борди. У ерда қозиқларга отлар боғланиб турар, ҳовлида ҳамда ичкарида бордердагидан ҳам кўпроқ одамлар уймалашарди. Бу ер комитет экан. Мате ичиб ўтирган дон Николас хонасига олиб киришди. У босиқлик билан мени Моронга юборишини, у ерда сайловларга ҳозирлик кўрилаётганини тушунтирди. Синаб кўриш учун мени дарҳол сеньор Лофферрер олдига жўнатди. Ҳужжатни шеър-пер машқ қилиб юрадиган битта ўспирин тайёрлади. Айтишларича, қариялар уйи, яна алламбало разилликлар ҳақида шеърлар ёзаркан. Хуллас, қоғозни ўша тайёрлади. Унга миннатдорчилик изҳор этиб, ташқарига чиқдим. Соқчи гумдон бўлибди.
Худо пошшо, ишингни ўнглайман деса, ҳеч гапмас. Олдин бошимга кулфат солган Гермендианинг ўлими энди очилаётган эди. Албатта, назорат остида эдим. Тан оламан, партияга хизмат қилмасам, яна тиқиб қўйишарди, шунинг учун кучим борича ўзимни кўрсатишга, ишончларини қозонишга уринардим. Устига устак сеньор Лофферрерга ёқиб қолдим шекилли, «Агар ўзингни яхши тутсанг, сени шахсий соқчиликка оламан», деди. Нимаики буюришса, бажардим. Морондаям, бошқа жойда ҳам раҳбариятнинг ишончини қозондим. Полиция билан партия биргаликда мендан уддабурон кимса «ясашди». Пойтахтда ҳам, узоқ қишлоқларда ҳам сайлов минбарларида мендан ўтадиган устамон шоввоз йўқ эди. Бурунги сайловлар қисқа бўларди. Юз берган қонли воқеани сўйлаб, сизни зериктириб қўймай, етар. Анави Лемларига ёпишиб олган радикалларни сира жиним суймайди. Тез орада ҳамманинг ҳурматини қозондим. Қарабсизки, аканг фақирнинг ёнида аёл киши ҳам, товланиб-тусланиб турган от ҳам бор. Бир вақтлар ҳар иккитадан биттаси ўзини гаучо ҳисоблаган одамлардек неча йил ўзимни Морейро кўрсатиб юрдим. Ишим қиморбозлигу ёрқоқ ароғининг кайфини суриш.
Биз, лақма чоллар, бир гапга тушдикми, тамом, тўхтатиш амри маҳол, мақсадга ўтаман. Луис Ирала тўғрисида гапирдим, шекилли, а? Гапирдимми? Бунақа дўст онда-сонда учрайди. Кексайиб қолса-да, ишдан қочмасди, мени яхши кўрарди. Умр бўйи бирор комитет-памитетга алоқаси бўлмаган. Дурадгорлик билан кун кечирарди. Ҳеч кимнинг ишига бурнини тиқмасди, бировларга ҳам сўзини бермасди. Бир куни олдимга келиб, шундай деб қолди:
— Касильда кетиб қолди, шуни сенга айтай деб, келиб эдим. Уни Руфино Агилера бошини айлантирди.
Бу кимса билан илгари Моронда тўқнашган эдик. Мен жавоб қилдим:
— Танийман. Агиллерлар ичида сал тузуги ҳам ўша.
— Яхшими, ёмонми, билмайман-у, у билан энди орани очиқ қилмасам бўлмайди.
Ўйлаб туриб, дедим:
— Ҳеч ким сенинг ҳеч вақонгни тортиб олгани йўқ. Агар Касильда сендан кечган бўлса, демак Руфинони яхши кўради, сен унга бефарқ бўлиб келгансан.
— Одамлар нима дейди? Мен нима деган одам бўлдим, ёки қўрқоқманми?
— Менинг гапимга кирсанг, одамларнинг ғийбатидан қўрқиб, бошингни балога гирифтор этма. Бунинг устига, хотининг сени севса ҳам гўрга эди.
— Менга у барибир. Хотин кишини беш дақиқадан ортиқ ўйлаган эркак эркак эмас, атиги битта латта. Касильдада қалб борми?! Сўнгги бор бирга ётган тунимиз қариб қоляпсан, деди.
— Нима қипти, ростини айтган.
— Рост гап худога ёқмайди. Майли, менга ҳозир фақат Руфино керак.
— Эҳтиёт бўл. Яна танангга ўйлаб кўр, мен уни Мерлодаги сайловда кўрганман. Довюрак одам.
— Мени қўрқоқ деяпсанми?
— Биламан, қўрқмайсан, бироқ ўйлаб кўр, яхши бўлади, демоқчиман. Икки нарсадан биттаси албатта содир бўлади: ё ўлдириб қамоқда чирийсан ёки тинчийсан; у сени ўлдиради, қабристонни гуллатасан.
— Майли, менинг ўрнимда сен ўзинг нима қилган бўлардинг?
— Билмадим-у, ҳарҳолда бу ишда ўрнак бўлолмайман. Турманинг бети қурсин, деб комитетда муштумзўр бўлиб юрибман.
— Менга комитет-памитетинг шарт эмас, қасдимни олсам бўлгани.
— Демак, ким учун, битта ўзинг севмайдиган мочағарни деб тинч бошингни ғавғога тиқмоқчимисан?
У бошқа индамади, чиқиб кетди. Эртаси куни маълум бўлишича, у Руфинони Морондаги дўконда учратибди ва ўз бошига етибди. У ўлимга тик борди, топди ҳам. Топганда ҳам ҳалолидан буюрди: яккама-якка олишувда ўлди. Унга маслаҳат берганим учун ўзимни айбдор ҳис қилдим.
Жанозадан бир неча кун кейин хўроз жангини томоша қилгани бордим. Унчалик ишқибоз ҳам эмасдим, аммо ўша якшанба роса жазавам тутди. Хўрозларнинг ёнидан ўтаётиб «ҳамманг қирилиб бит, ҳа, баттар бўл», дея олдим, холос.
Ҳикоянгизга сабаб бўлган тунда оғайнилар билан Пардага, рақс тушиш учун боришга аҳд қилдик. Шунча йиллар ўтган бўлишига қарамай, ҳали-ҳали жазманимнинг гулдор кўйлаги шундоққина кўз ўнгимда туради. Очиқ ҳавода роса ўйин тушдик, мириқдик. Мастликлар ҳам етарли бўлди: бироқ мен худонинг йўлига имкон қадар ҳушёр турдим. Нотаниш одамлар ташриф буюришганда ҳали ўн икки ҳам бўлмаган эди. Ўша куни Резател исмли кимса ҳаммага ичкилик буюрди. Унинг мақсади фурсатдан фойдаланиб, иккимизнинг ҳам лойимиз бир қорилганини исботлаш экан. Сезиб турибман, бир найранг кўрсатмоқчи бўларди: яқин келиб менга хушомад қила бошлади. Эмишки, у Шимолдан экан. У томонларда мен машҳур эканман. Унинг гапига халақит бермасам-да, бу машмашанннг охири бахайр эмаслигига ақлим етаётганди. У тинмасдан ароқ ичар, балки ўзини ботир кўрсатишга уринаётганмиди, билмадим. Хуллас, охири мени жангга чақирди. Шунда ҳеч тушуниб бўлмайдиган ғалати ҳолат юз берди: ана шу гажжи жангари башарасида худди ойнада кўргандай ўзим турардим. Вужудимни уят қамраб олди. Қўрқувдан асар йўқ эди, агар чўчиганимда уришиб кетардим. Гўё ҳеч нарсани сезмагандай миқ этмай туравердим. У эса яна яқинроқ келиб, ҳамма эшитгудек даражада баралла қичқирди:
— Кўрдингми, қўрқоқ экансан?!
— Хўп, — дедим мен. — Кўрқоқ десанг, деявер. Керак бўлса, онангни… де, шарманда деб айт. Хўш, кўнглинг тўлдими? Мақсадингга эришдингми?!
Луханера секин камзулимдан пичоқни чиқариб, қўлимга тутқазди ва оҳиста пичирлади:
— Росендо, ма, керак бўлади.
Пичоқни ерга отиб, шошилмай ташқари чиқдим. Одамлар ҳайрон йўл бўшатишди. Одамларнинг нима деб ўйлаши менга барибир эди.
Шунақанги ҳаётимга нуқта қўйиш учун Шарқий Республикага қочдим, у ерда извошчилик қилдим. У ёқдан қайтгач, шу ерга макон қурганман. Сан-Тельмодақанги тинч жой бор-ми?!

Инглиз тилидан Тилаволди Жўраев таржимаси.