Хотинининг ўлими унинг тинч ҳаётини остин-устун қилиб юборди. Бугунгача ҳаёт, тақдир, дунёнинг бошию охири ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганди. Фақат бу ўлим зулматни тилиб ўтган чақмоқ сингари уни сергак торттирди.
Энди онасиз қолган ўғли нима қилади? Яхшиям ҳали ёш гўдак, кўп нарсаг ақли етмайди. Акс ҳолда уни қандай овутарди? Болани бошғчадан олиб, қишлоққа, бувисининг ёнига ташлаб келди. Энди бир ой-икки ойда бир бориб хабар олади. Бола ҳам бувисини жуда яхши кўради. Аммо, шўрлик гўдак энди она меҳридан айро қолганини эсласа, кўнгли бузилиб кетади.
Метро эшигида тумонат одам. Олдинроқда турган қиз ва йигитнинг суҳбати қулоғига чалинди:
– …уятдан ер ёрилмадимки, ерга кирсам… Сиз атайин ота-онамни ерга уриш учун ўша одамларни юборгансиз… Сиздан воз кечолмадим. Бўлмаса олиб келган узукларини юзларига отардим…
Йигит жим эди…
Нотаниш йигит ва қизнинг бир лаҳза Уни ўтмишга олиб кетди. Унинг учун қайтиб бўлмас онлар кўз ўнгида жонланиб, юраги яна ғуссага тўлди.
Шаҳарга келган илк кунларда Моҳпора исмли қиз билан танишиб қолганди. Қиз унаштирилган бўлса-да, у билан учрашиб турарди. Бир ҳафта ичида худди минг йиллик қадрдонлардек бўлиб қолишди. Қиз: “мени олиб кет, истаган жойингга сен билан бораман, ўша аблаҳнинг юзини кўрмасам бас. Яқинда тўйимиз бўлиши керак. Мени олиб қоч, уч кун бирор жойга кетайлик. Кейин нима бўлса бўлар…”
Қизга ачинса-да, унга ёрдам беролмади. Кейинги тақдири нима кечганини билмайди. Фақат бир марта кўчада қўлида боласи билан кетаётганини кўриб қолди. Атайин уни кўриб кўрмасликка олди. Ҳар қалай хуш-нохуш тақдирига кўниккан бу аёлнинг хотирасидан ўчаёзган ширин дамларни қайта тиклагиси келмади.
…Хотини мана шу нашриётда ишларди. Ҳар кечқурун бу бинонинг олдидан ўтаётганида, ходимлар ҳам ишдан чиқа бошларди. Хотини эрталаб ўзи олиб келар, кечқурун олиб кетар, шу боис, бу ердагилар уни яхши танишарди. Энди эса, ўша одамларнинг ҳеч бири билан юзлашгиси йўқ.
Ўтган ҳафта хотинининг дугонаси Замира билан кўришиб қолди. Саломлашилб ўтиб кетмоқчи эди. Замира уни тўхтатди. Сўрашди, ўғлини сўради. У эса, бир оғиз ҳам гапиролмади.
Бир пайтлар Замира уларникига келиб туради. Байрамларни бирга ўтказишарди. Хотинининг ўлимидан сўнг Замиранинг ҳам қадами узилди. Фақат шу йўлда юзма-юз келиб қолишар, шунда ҳам ўзини кўрмаганга олиб ўтишни истарди. Ўтмиш билан боғлиқ ҳамма нарсани унутгиси келар, аммо удасидан чиқолмасди.
Бироқ, ҳамма нарса, кўча ёки бино, ҳар бир таниш-нотаниш қиёфа Уни эсга солаверар, беихтиёр хотини билан яшаган дамларга қайтарди.
Мана ўша туғруқхона… Ҳар доим ўша машъум ўлимни ёдига солиб, юрагина қиймалайдиган жой. Аксига олиб, бу бино ҳам унинг ишга бориб қайтадиган йўли устида жойлашган.
Каттаси туғилганда, қалин қор ёққанди. Саҳари мардондан туғруқхона эшигида туриб олганди. Қиз туғилганини эшитиб, сал кўнгли чўкса-да, сездирмади. Ҳали иккови ҳам жуда ёш экани, ҳаммаси олдинда эканини ўйлаб таскин топганди.
Ҳар куни ўзи билан опкелган нарсаларни бир парча хат билан бирга эшик олдидаги ҳамширага топширар, ҳамшира унга хотинининг жавобини етказар, шу тариқа хабарлашиб туришарди.
Ўтган ҳафта эски қоғозлар орасидан орасидан хотинининг ўша пайтларда ёзган хатлари чиқиб қолди. Аёли пул юборишни, ҳамшираларга, дўхтирларга қистирмаса, боласига яхши қарамаслигини ёзганди. Ўшанда У пул кирита олмаган, пулсизликдан сиқилиб турганини баҳона қилганди…
Бола туғилишини, ташқарида туриб кутолмаганди. Нимаир иш чиқиб кетиб қолди. Туғруқдан сўнг хотни кўп қон йўқотган, қон қуйишга тўғри келганди. Бахтга қарши унинг гуруҳидаги қон туғруқхонада йўқ экан. Ташқарига чиқиб эрини топа олмагач, аёлга бир ҳамшира қон берибди.
Қизиқ, ўша ҳамшира ҳозир ҳам ишлаётганмикин? Бир пайтлар қон бериб кимнидир ўлимдан қутқариб қолганини эслармикин?
Хотини кейинчалик бир марта бўлсин, буларнинг ҳеч бирини – туғруқ пайти уни ташлаб кетганию ўша оқшом лоақал телефонда бўлса ҳам ҳол сўрамаганини юзига солмаган.
Иккинчи боласи туғилганида, шўрлик аёлнинг баданини роса қиймалашибди. Ярим кечаси туғруқхонадан машина билан келиб, Уни ҳам олиб кетишди. Шифокор болани (ўғил бола экан) чиқариб олиш учун аёлини операция қилган, аёл эса, ҳушига келмасдан вафот этган эди. Ҳар қанча ялинмасин, унги ичкарига киритишмади. Жасадни замбилда олиб чиқиб, машинага солишди.
Кутилмаган бу ҳодисадан ҳуши бошидан учди. Ишонгиси келмасди. Машинанинг бир четида, замбилда ётган хотинининг мурдасига қараркан, ўзини даҳшатли туш кўраётгандек ҳис этди. Чунки, ўлим бу қадар тез ва қўққисдан инсон ҳаётига чанг солиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмасди. Назарида хотини ҳозир кўзларини очиб, ғамгин табассумлари билан эрига боқадигандек эди. Ҳа, аёлининг нигоҳларида тилга кўчира олмаган бир гина, яна аллақандай хижолатпазлик, узхоҳлик акс этади. Шафқатталаб кўзлари ила эрига мўлтирайди. Бу нигоҳлардан хаёлан шу сўзларни ўқийди:
“Кечиринг, сизга ўғли туғиб бермоқчи эдим, қўзлимдан келмади. Сизни хурсанд қилсам дегандим. Болани ҳаётини асраб қолинг деб қанча ёлвордим. Мени эшитишмади. Болани шундоққина, бурнимнинг тагида бурдалашди. Ўртада оппоқ парда тутишганди. Лекин мен жигарбандимни не кўйга солишаётганини ҳис этиб турардим. Мана, боламнинг митти қўлчасини кесишганида, қўлларимдан жон чиқди. Оёқчалари қирқилганда, оёғим муз қотди. Боламнинг мурғак танасини бўлаклаб, жомга ташлашарди… Назаримда қулоғим остида болам мудом чинқираётгандек эди… Кейин… ҳушимни йўқотди…”
…Аёли бўйида бўлган илк кундан бошлаб, унинг вужудини ваҳима қоплаган, недир нохушликни олдина сезарди гўё.
-Мени 13-палатага ётқизинглар, дейман. Ўтган сафар ҳам ўша палатада ётгандим, – деганди хотини туғруқхонага кетаётганида.
Бу гал ҳам уни 13-палатага ётқизишди…
Бу бино унинг учун турган битгани сир эди…
Аёл аввал ҳам шу хонада ётган, унинг деразасидан денгиз кўриниб турар, бу ҳақда эрига жўшиб гапириб берганди. Аёли бу хонани шу қадар аниқ тасвирлаб бергандики, у бир марта бўлсин, бу палатага киришни, хотини ётган каравот, ихчамгина тумбочка, оёқ остидаги тўшама, деразадан кўриниб турган денгиз манзарасини ўз кўзи билан кўришни истарди.
…Ўзи истамаган ҳолда туғруқхонанинг эшиги олдида туриб қолганди. Эшик ҳар доимгидек ёпиқ эди. Туғишга кириб кетган аёлларнинг яқинлари эшик олдида куймаланишарди. Йўлканинг нарёғида турган яшил рангли машинада ниманидир ҳаяжон билан кутаётган ўрта яшар аёлнинг бўғриққан юзлари кўзга чалинади. У ҳам биринчи боласи туғилганда, йўлдан тутиб келган машина ичида хотининиг чақалоқ билан чиқшини ана шу ерда туриб кутганди.
Айни дамда Уни қандай куч бу ерга етаклаб келганини тушунолмади. Қўллари ҳам оёқлари сингари Унга бўйсунмасди. Титроқ бармоқлари билан кўчага эшигини қоқди. Аввалига жавоб бўлмади. Бироз ўтиб, қадам товушлари эшитилди. Эшик очилди. Яна ўша аёл, ўша чеҳра… Нима десин? Нимани тушунтирсин? Барибир ичкарига қўйишмайди. Таъна-маломатлар билан қувиб солишларини, лоақал эшикни юзига тарақлатиб ёпишларини кутганди.
Бироқ, бўсағада ҳамшира унга жим қараб қолди. Чамаси қиз бу эркакнинг кимлигини эслолмай тикилиб турарди. Кутилмаганда, қизнинг тунд юзларида алланечук мулойимлик қўнганини кўриб, дадилланди.
-Ичкари кирсам майлими? – деди – мумкитн бўлса, 13-палатага…
Қиз ортга чекиниб йўл берди. Унинг учун сирли ва мардуд туюлган бу эшик бу қадар осон очилишини кутмаганди. Зинапоялардан кўтарилаётиб, оёқларидан дармон қочганини пайқади. Ўзини эндигина тўшакдан турган хастадек ҳис этди. Назарида боши айланиб йиқилса, қайтиб турмайдигандек зиналарнинг панжарасини маҳкам ушлаб борарди.
Деворлар ўта сирли, айни дамда таниш кўринарди. Узоқдан, нимқоронғи даҳлизда навбатчи шифокорга кўзи тушди. Палатани сўрашга ҳожат йўқ, эшикларда ёзиб қўйилганди: 7, 8, 9, 10…
Учинчи қаватга чиқиши керак. “Ўша, хотинига қараган шифокорнинг исми нима эди? Билса сўрарди. Атиги икки йил бўпти. Ҳалиям ишлармикин? Афсус, отини эслолмади.
…Яна зинапоялардан кўтарилди: 11,12,13…
Бир лаҳза барини унутди. Назарида эшикни очишги билан каравотда ётган хотини билан боласини кўрадигандек эди. Аввал боласини қўлига олиб, уни тўйиб томоша қилади, юз-кўзидан ўзига ўхшаш чизгиларни қидиради. Кейин хотинидан ҳол-аҳвол сўрайди. Хотини уйини жуда соғинганини, тез кунда боласини олиб, уйга қайтишини айтади.
…Бутун бадани титраб турганини ҳис этди.
…Эшикни аста чертди.
…Ичкаридан қандайдир овоз келдими? Ҳеч нарса эшитилмади.
…Секин итариб эшикни очди.
…Каравотда ёшгина жувон ётарди.
…У оҳиста ичкари кириб, стулга ўрнашди.
…Нимадир демоқчи эди – демади.
…Аёлдан ниманидир сўрамоқчи эди – сўрамади.
Кичкина, шинамгина, бир кишилик палата. Демак, аёли мана шу каравотда ётган. Кучли оғриқни енгиш учун каравотнинг ана шу совуқ тутқичларини чангаллаган. Уйқусиз кечаларда мана шу шифтга, деворларга тикилиб, унинг ҳар бир чизгисини томоша қилиб ётган. Мана шу стол устида у келтирган емакларни тановул қилган, шу ерда унга атаб мактублар битган…
Қўли билан худди гул устига қўнган капалакни тутиб олаётгандек эҳтиёткорлик билан каравотни ушлаб кўрди.
Энди бу хонада бошқа аёл ётибди. Шу қадар тинч, хотиржам ётибдики, икки йил тугул, икки ҳафта илгари бу ерда кимлар ётганидан ҳам хабари йўқ. Айни онда у фақат ўзини, ўз боласини ўйлаётир. Билмайдики, бу олам фақат унинг ўзи ва боласидан иборат эмас. Билмайдики, у ётган каравот ўзи яшаётган дунё каби, ҳаёт каби омонат. Эртага бу ерда бошқаси ётади, индин яна бирови… билмайдики, дунё минг йиллардан бери чархрпалак сингари айланаверади, айланаверади…
Дераза оша денгизга боқди. Денгиз шу қадар яқин эдики, тўлқинларнинг нафис титроғини ҳам ҳис этиш мумкин эди. Ботаётган қуёшнинг қонранг шафақлари қўйнида бир кема муаллақ туриб қолгандек эди гўё. Долғалар сийпалаётган бу оқ кема дунёнинг чесизлигини бепоёнлигини эслатиб турарди. Ажаб, ўша оқшом, маъсум гўдакнинг ҳали дунё ҳавоси тегмаган баданига тиғ ботган онда, қуёш нурларини кўрмаган кўзлари очилмай туриб юмилган дамда ҳам денгиз ҳозиргидек сирли, мафтункор ва беозормиди?
Чидолмади. Тоқати етмади. Худди ҳамма нарсани хотирасига муҳрламоқчидек сўнгги бор… сўнгги атрофга сер солиб, оғир қадамлар билан эшикка йўналди.
–Сиз ким керак эди? сўради – ўрнидан туриб, истиҳола билан устига чойшабни тортган аёл ҳолсиз сасда.
У худди бу ерда ўзидан бошқа одам борлигини ҳозиргина англагандек илкис сесканди. Ортига бурилмасдан:
– Ҳеч ким… – деди. – Энди… ҳеч ким керакмас!..
Эшикни очиб, коридорга чиқди.
Озарбойжончадан Рустам Жабборов таржимаси