– Мен аввалги одаммасман. – Олти йиллик танаффусдан кейин сўнгсиз ҳаяжон билан кутилган илк учрашувдаёқ ҳол-аҳвол сўраш асносида шу жавобни эшитиши билан у сесканиб кетди ва айрилиқдан кечган бу йиллар ичида хаёлида тикланган дунё ҳам ер билан яксон бўлди.
Дўсти бошқараётган машина атрофи гранитли қоялар ва сийрак ўрмонлар билан қопланган йўл бўйлаб бораркан, кўзлари нотаниш манзараларга қадалса-да, инсоннинг шу қадар ўзгариши мумкинлигини ақлига сиғдиролмасди.
У ҳаддан ортиқ бегоналашиб кетган, совуққон ва одамови бўлиб қолганди. Бироз ёшарган вужудида, чеҳрасининг қайсидир чизгиларида ўша азобли йилларнинг ўткинчи нишоналарини топишга уринди.
Охирги жавобдан сўнг уни бошқа савол ўйлантира бошлади: икки ҳафтани бу одам билан қандай ўтказади?
Машина ўрмон оралаб бораркан, асаблдарни тинчлантирувчи яшиллик ва ёввойи гўзаллик оритда яширинган бегоналикни, ёлғизликни бутун вужуди билан ҳис этди.
Ҳалиги сўзлардан кейин, унинг ичини бу мамлакатга келишдан пушаймонлик туйғуси тирнай бошлади.
Энди нима қилади? Қаёққа боради? Худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандек қфаор қабул қилишга қийналарди.
«Унда нега кутиб олди? Нега қўнғироқ қилганида, кўришгиси келаётганини бот бот эслатарди? Нега соғинганини айтарди? Нега ҳаракатлари айтган гапларига мос келмаяпти?”
Аэропортдан шаҳарга олиб борувчи йўл бўйлаб яшил манзаралар турли бинолар билан ўрин алмаша бошлаганда ичидаги хавотир ҳам ортди. Уцдар бир-биридан анча олисда эди. Тирик жон кўзга ташланмас, худди бу ерларда одам боласи яшамайдигандек туюларди.
Аслида кейинги йилларда ҳар гал қайсидир иш билан хорижга чиқаркан, бошқа ортига қайтмаслигини ўйлаб, зарур ҳужжатлари ва ашёларини ўзи билан олиб кетарди. Чунки у ўз ватанида яшолмаслигини, умрининг ярмидан кўпроғи ўтган юрт унинг учун ҳақиқий жаҳаннамга айланганини бутун вужуди билан ҳис этарди. Бир пайтлар яқин инсонлар ўз ақидаси, маслагини ўзшгартириб, таниб бўлмас даражада ўзгариб кетишганини ҳечам тушуна олмас, бу одамлар даврасида ўзини бегонадек ҳис этарди.
– Гапларимдан хафа бўлдинг, шекилли? Нима қилай ёлғон гапиролмайман, ¬– У кўзларини йўлдан узмасдан бояги гапларини қайтарди. – Мен энди бутундай бошқа одаман, шуни билишингни истагандим.
Қамоқхонада бир йил битта камерада ётишганди, хибсдаги ҳаётнинг чидамб бўлмас машаққатлари, яхши-ёмон кунларини бирга ўтказишганди. Ўша машъум кунларда дўстининг иродаси уни қойил қолдирганди. Тирноқларини суғуриб, электр токи билан азоблашса-да, ҳеч бир гуноҳи бўлмагани ҳолда турли туҳматларни бўйнига илсалар-да, унинг иродасини синдира олишмаганди.
Ҳозир қамоқхонадаги ўша дамларни бирма-бир кўз олдига кеолтираркан, машина бошқариб кетаётган одам худди ўша кучли ирода соҳиби эканига ишонолмасди.
Ўша дамларда қамоқхонанинг даҳшатли ҳаёт уларни бир-бирига яқинлаштирганди. Баъзан камеранинг кичик туйнугидан оқиб кирган ой ёғдуси остида келажак ҳақида ширин хаёллар суришарди. Албатта у пайтларда энг катта орзулари озодликка чиқиш эди. Хибсдаги ҳаёт ҳар қанча азобли бўлмасин, бир куни алатта эркинликка чиқишларига умид билан яшашарди.
Ўша кезлари озодликка чиққач биргалашиб бу мамлакатдан бош олиб кетишга қарор қилишганди. Аммо болаликдаги дўстига ҳамроҳлик қилолмади. Иродасини етмадими, ота-онасини тақдир ҳукмига ташлаб кетишни истамадими – бунинг сабабини ўзи ҳам билмасди.
Дўсти мамлакатдан чиқиб кетганини бир неча кун ўтиб эшитди. Онасининг тоби қочиб қолгани учун уни кўргани қишлоққа кетганди. Аввал бу хабардан бироғ сароисмага тушди. Ҳар қалай яқин бир инсонининг олисларга кетиб қолгани. У билан қайта кўришиш имкони жуда озлигини уни тушкунликка солиб қўйганди.
Бу учрашувни ҳам бошқачароқ тасаввур қилганди. Негадир дўсти унинг келишидан умуман хурсанд эмасдек. Ёнида етти ёт бегаон одам ўтирарди гўё. На гаплашгиси келади, на таниш-билишларнинг аҳволини сўрайди. Ҳатто мамлакатдаги вазият билан ҳам қизиқмаса…
Ўз ватанини тан этганларни фақат биргина жиҳатдан оқлаш мумкин – қачонки, улар ўз ақида ва қарашларини ҳимоя қилишга мажбур бўлсалар. Бордию, ўзга юртда ўз қарашларидан воз кечишса, унда ватанни тарк этишга нима ҳожат бор эди?
Дўсти оиласини ўзи билан олиб келганини биларди. Аммо ўртада юзага келган совуқчиликдан анчагача бу ҳақда оғиз очишга журъат қилолмади. Ниҳоят машина беш қаватли бир бинонинг қаршисида тўхтади.
-Етиб келдик, мен ш уйда тураман, – деди дўсти.
Икковлон шошилмасдан машинадан тушишди. У багажни очиб, буюумларини олди. Лифтда тўртинчи қаватга кўтарилгунча гаплашмай боришди.
Икки хонали квартирага кириб боришганда, ичкаридаги манзаралардан дўстининг ёлғиз туришини тушунди. Бироқ, сир бой бермасдан туфличини ечишга тутинди.
Жолашиб олгач, дастлаб душ қабул қилди. Кейин биргалашиб чой ичишди. Дўсти унга калитнинг бир нусхасини туқазиб, зарур иш билан чиқиб келишини айтди. Чиқаётиб, биронима егиси келса, совуткичда борлигини эслатиб кетди.
…У кетгач, анча пайт дераза олдида турб қолди, атрофдаги яшиликни шошмасдан томоша қилди. Ейин деворга урилган харитадан ўзи келган шаҳарни излаб топди. Бугун эрталаб уйидан чиққанди. Бир неча соат ичида шунча ёўл боисб келганидан ҳайратга тушди.
Бу ўлка ҳақида кўп ўқиганди, тарихини, маданиятини, адабиётини бу ерда яшайдиганларнинг айримларидан яхшироқ биларди. Аммо бу мамлакатда яшай олармикин? Тақдирини шу ўлкага умрбод боғла олармикин? Буни тасаввур қилолмасди.
Кейин меҳмонхонани кўзданг кечирди. Хона жуда оддий жиҳозланган, аммо девор бўёқлари мебелларга мос тарзда танланганди.
…Дўсти уйга анча кеч қайтди. Ичкаврига кириши билан уни ёлғиз ташлаб кетгани учун узр сўради. Ишлари кўп эканини яна бир эслатди:
–Бошқача хаёлларга бориб юрма, бу ерда яшаш учун кечаю кундуз ишлашингга тўғри келади.
У жавоб қайтармади. Биргалашиб стол қаршисида ўтиришди.
–Меиенг қорним тўқ, – деди дўсти. – Ҳозир сенга бирор нарса пишириб бераман.
-Қўй овора бўлма, – деди у кутилмаган таклифдан бироз ўнғайсизланиб. – Иштаҳам йўқ.
Аслида бугун самоёлтда еган овқат билан юрганди. Ўша емакнинг нохуш ҳиди ҳамон бурнидан кетгани йўқ. Балки орадан шунча пайт ўтиб, иштаҳаси йўқлигининг сабаби ҳам шундандир?
–Яхши, унда кеч муздек пиво ичамиз. – Дўсти музлаткичдан икки шиша пиво олди-да, бокалларга қуйди.
Эрталабдан бери ҳеч нарса емагани учун пиво дарров таъсир қилди. Кайфияти ҳам бир мнча ўзгарди.
– Хотининг, болаларинг қани? – тил учида саовлни берди у.
– Ажрашганмиз, – деди дўсти совуққонлик билан.
Бу гапни дўсти шу қадар лоқайд оҳангда айтдики, сабабини сўрашга ҳам журъати етмади. Дўсти ўзи ойдинлик киритди:
– Бир-биримизни тушунолмадик.
– Ҳозир қаерда улар? Болаларингни кўриб турибсанми?
Дўсти бош чайқади:
-Улар энди мени қизиқтирмайди.
Дўсти оиласи ҳақида гапиришни истамаётганини тушуниб, гапни ишга бурди.
-Бир компанияда ишлаяпман, – деди дўсти. – Мазут савдоси билан шуғулланамиз.
Бу жавоб ҳам уни ажаблантирди. Чунки дўсти сиёсатчи эди. Унинг сиёсатдан узоқлашиб бошқа ишда ишлаши мумкинлигини хаёлига келтиролмасди.
-Сиёсий ишларга ҳам вақтинг қоляптими?
Дўсти бояги асабийлик билан бош чайқади:
-Энди мени сиёсат қизиқтирмайди. Умримни бемаъни ишларга сарфлаб, катта хато қилибман. Афсусдаман. – бу борадаги суҳбат ҳам шу тахлит якунланди.
Кўп ўтмай дўсти эрталаб барвақт туриши лозимлигини айтиб, ўтоғини меҳмонхонада ёлғиз қолдирди.
* * *
…У эса ётолмади.
Кундузидан фарқланмайдиган қутб кечасининг ёруғида эрталабгача кўзига уйқу келмади. Умрида илк бор ўз умрини сарҳисоб қилишга киришди. Вақт шу қадар тез ўтибдики…
Хотирасида қоришиб кетган вақт ҳиссини аниқлаб олиш учун дераза томон юрди. Қутб кечасининг сутдек ойдин шуълаларига чўмлаётган шаҳар узра кезаётган сукунатнинг зеркарли манзарасини томоша қилди. Фалак қуббасининнг ўртасида айланаётган қуёш сийрак булутлари иҳотасида хира нур сочади. Ярим кечаси осмонда қуёшнинг нур сочиб туришин кўриш чиндан-да ҳайратланарли эди. Тун шу қадлар ёруғ эдики, умрида илк бора ёруғликнинг кўплигидан безовталанди.
Шаҳарнинг ёғду селида сузаётган кимсасиз кўчалари бир зум унга одамлари маҳв этилган дунёни эслатди. Унинг назарида шаҳарда ўзидан бошқа бр жон йўқдек эди. Шунчалик катта шаҳар кўчалари, иморатлари, боғ-роғлари, дарёлари, кўл ва кўлмаклари – ҳаммаси унга тегишли эди гўё.
Руҳини задалаб ўтган бу тушунча таъсирида анчагача ухлолмади.
У худди ўз соясидан қочиб қутулмоқчидек, бу шаҳардан ҳам узоқлашишди истарди.
Аммо қаёққа боришини билмас, ортдаги кўприклар ёниб битганди…
2007, Осло, Норвегия
Озарбойжончадан Рустам Жабборов таржимаси