Воқиф Султонли. Сароб (ҳикоя)

Илоннинг вишиллаган товушидан чўчиб уйғонди. Ўзи сезмаган ҳолда кўзи илинганини пайқади. Ўзининг қаерда эканини эслашга уриниб кўрди, аммо эслолмади. Фақат яна қулоғига илон товуши эшитилиши билан ҳушёр тортди уйқуси ҳам бирдан ўқиб кетди.
Дафъатан боласи эсига тушди, дарров чодирнинг тепа қисмига кўз ташлади: илон гўданинг оёқсарисида, тупроқ ранги уриб кетган нимдош, иплари силитиб кетган гилам парқаси устида биланглаб ётарди.
Гўдак илонни силамоқчи бўлиб, митти ҳовучларини юмиб-очар, бу антиқа жонзотнинг силлиқ танасини ушлаб кўришга ошиқар, аммо илон тўлғаниб бунга имкон бермасди.
Бадани музлаб кетди – боласи илон билан ўйнашарди.
Кўз ўнгидаги бу мудҳиш манзарадан ўзини йўқотиб қўйган, илонга яқинлашишга эса юраги дов бермас, биргина ноўрин ҳаракати хунук натижаланишидан, боласини илон чақиб олишидан қўрқарди.
Кеча сутдек ойдин, ранг-туси билинмай кетган чодирнинг тешик-туйнукларидан сизиб кираётган ой шуъласи тўзиган гиламдан тортиб, қаватма-қават ўргимчак инлари осилиб турган шифтга қадар – ҳамма-ҳаммасини кулранг тусга киритганди.
Илон бегона шарпани сезгани учунми, чодир бурчагидаги устма-уст йиғилган кўрпа-тўшаклар тагига кириб кетди.
У жонҳолатда гўдагини қучоғига олди. Кейин фонуснинг пилигини кўтариб, жигарбандининг илонни ушламоқчи бўлган ҳовучларини очиб кўрди. Чаақалоқнинг жимитдеккина кафтида бирор из сезилмагач, елкасидан тоғ аҳдарилогандек бўлди. Боласини бағрига босган онда, селдек кўз-ёшлари ёноқларини ивитиб юборганди.
Илон анчадан бери бу чодирга яқинлашмай қўйганди. Бироқ, гўдак туғилганидан бери тез-тез пайдо бўладиган одат чиқарди. Қулай фурсат бўлди дегунча, беланчакнинг тагида узала тушиб олар, гўёки гўдак билан ўйнашмоқчи бўларди. Шунинг учун кечалари ухласа-да, фикри хаёли гўдакда бўлар, сал нарсага сапчиб уйғонар, тура солиб боласидан хабар оларди.
Бу гал ҳам шундай бўлди: кўзи илинар-илинмас, илоннинг вишиллашидан сапчиб турди.
…Аёл ҳар эҳтимолга қарши чақалоқнинг нозик, нимдош кўрпачаси билан кўтариб, сомон уюмининг устига олиб қўйди. Бу ер ҳар қалай бироз бўлса-да, хатарсиз эди, илон унга бемалол яқинлаша олмасди.
Ҳаяжонини босиш учун эшик олида турган мешдан смув ичмоқчи бўлди. Мешнинг оғзини очиши билан тупроқ рангидаги бир қурбақа сакраб пастга отилди. Аёл сапчиб тушганида, қўлидаги темир идиш ерга думалаб кетди.
– Tфу! – Асабийлашиб, қурбақани эшикдан ташқарига тепиб юборди.
«Неча марта айтдим-а, сув олиб келаётганда яхшилаб қараларинг, илон-қурбақаларни чодиримга йиғиб келмаларинг, деб. Лекин ҳаммаси ўз билганидан қолмайди” – дея ич-ичидан яқин орадаги ҳовузлардан сув келтириб сотадиган болаларни яниб қўйди.
Ўтган куни овқатнинг ичидан чигирткага ўхшаган ҳашарот чиққанди. Минг бир азобда пиширган овқатини тўкиб ташлашга кўзи қиймагани учун, ўқчий-ўқчий овқатни ейишга мажбур бўлди.
Кеча ёпган нонини ушатганида, йирик-йирик қуртларга кўзи тушганди. Унни ёғоч идишда сақларди. Аммо, ер нам бўлгани учун унга қурт тушган кўринади.
Ҳар ойнинг охирида юк машиналарида келтирилган озиқ-овқат боғламлари, инсон парварлик ёрдамлари устида ёқа бўғишган оломоннинг ҳақорат, оҳ-воҳ, илтижо аралаш ҳайқириқлари, ҳавога узанган қўллар, – бари уни худди кўр тугундек маҳкам боғлаб олган, бу муҳит ичида у ўзлигини ҳам унутаёзганди.
Чодир эшиги олдида юз-қўл ювиш учун қўйилган дастшу-обдаста ёнида турган эски, синиқ кўзгуни олди. У кўпинча шу кўзгуга тикилиб хаёлларга бериларди. Кўзгудаги аксининг ҳар бир чизгиси уни ўтмишга, умрининг энг ширин онларига бошлаб кетарди. Чеҳрасидаги ўзгаришларда болалиги, қадон қишлоғи, ҳовлиларининг четидаги панжарага суянганча, анор дарахтининг қирмизи гулларига термилиб, хаёл суришлари акс этди.
Юзидаги айрим чизгиларда эса, қочоқликнинг дард-аламлари, йўқотганларининг хотираси, эрининг ўлими, оғироёқ ҳолда минг бир азоб ичида жонини қутқариши, шу қочоқлар шаҳарчасида келиб ўрнашгани, уйқусиз, умидсиз тунлари ўрин олганди.
У ўтмишини, ўтмиш билан бирга келажагини ҳам йўқотганди.
Ҳозир кўзгуда ўзини танимай қолди. Юз-кўзлари, оғиз-бурни, қулоқлари ўзиники эмасдек эди. Ўзига ўхшамай қолганди. Юзларига тук чиқа бошлаган, бурни ялпайиб, қулоқлари шалпайиб қолгандек эди. Қўрқа-писа юзларига қўл юборди. Қўллари дағал тукларга тегиб, даҳшатга тушди. Яна ўша журъатсизлик билан қулоқ-бурунларини пайпаслади.
Ваҳима ичида кўзгуни улоқтирди – у одамга ўхшамай қолганди.
Дарҳол боласини беланчагидан олиб, чодирдан чиқди. У аниқ қарорга келганди – бу ерда бошқа туролмайди. Ўзини ҳам, фарзандини ҳам бу жаҳаннамдан қутқариши лозим.
Чодирлар орадлан ўтган йўлаклар катта йўлга олиб чиқар, бу йўл эса, дунёниг чор тарафига чорларди. Чодирлар оралаб тупроқ йўлга чиқиб олганида, ўзини устидан худди тоғ ағдарилгандек ҳис этди.
Ортда умрининг оғир, кадарли, ҳатто тушларида ҳам қайтишни истамагани – маҳзун кунларнинг аччиқ хотиралари қолмоқда эди. Қайсидир тушунуксиз бир туйғунинг таъсирида ортга ўгирилиб, тақдирига битилган азобли, умидсиз кунлари ўтган қочоқлар шаҳарчасига боқмоқчи бўлди, бироқ, ичидаги тараддуд, мубҳамлик, ёлғизлик хавфи каби недир бир ҳис уни ортга қайтариши мумкинлигидан қўрқиб, фикридан қайтди.
Болани бағрига босганча, шу қадар тез одимлардики, худди ўзи содлир этган мудҳиш жинояти устида қўлга тушишидан қўрқиб қочаётганга ўхшарди.
У вужуждида ғайриоддий бр қувват уйғонганини ҳис этди. Хасталиги, ҳорғинлиги, умидсизлигини унутганди. Томирлари бўйлаб оқаётган аллақандай ҳарорат ичини қиздирар, руҳини қўзғатар, уни бошқа бир инсонга айлантираётганди.
Ярим кеча бўлса ҳам, дунёнинг олис уфқларида хафифи бир ёруғлик ина бошлаганди. У зулмат бағридан ситилиб чиқишга ошиққан шуълани, ёғдуни бутун борлиғи билан ҳис этарди.
Чанг-тупроқ тусига беланган кеча ўзининг сир-сеҳри билан бирга бу олақороғиликни тарк этиб, ўрнини тонг ёруғига бўшатишга ошиқарди.
Кунчиқар тарафга узанган йўлдан кетиб бораркан, у ўзини худди уфқдан сизаётган ёруғликнинг бир учитдан тутганча, ўзи ҳам билмаган, эшитмаган алланқандай янги дунёга бош олиб кетаётгандек сезарди.
У узоқда оқариб турган уфқлар сари сузаркан, кечанинг чок-чокидан сўкилиб бораётганини ҳис қиларди.

Озарбойжончадан Рустам Жабборов таржимаси