Ниҳоят, шундай кун келдики, отаси болакай Димани етаклаб ҳайвонот боғига олиб борди ва унга йўлбарсни кўрсатди. Йўлбарснинг кўзлари яшил ва қорачиғи бўйламасига жойлашган, қора терили тумшуғи атрофида қора ранг ҳалқа, бошининг икки ёнбошидаги диккайиб турган қулоқлари тенг ёнли учбурчакка ўхшарди.
– Дада, – деди Дима, улар қафасдан узоқлашишгач, – шу йўлбарс меники бўлишини хоҳлайман.
Отаси эса ўз хаёли билан кетарди.
– Да-да… – тортқилади уни Дима.
– Нима дейсан? Нима? – дағаллик билан сўради отаси.
Агар Дима каттароқ бўлганда эди, бундай вазиятда иш юзасидан гаплашиш самара бермаслигини тушунган бўларди. Аммо Дима бор-йўғи олти ёшда эди ва шунинг учун ҳам у истагини баён этди:
– Мен йўлбарс бизнинг уйда, мен билан яшашини хоҳлайман.
– Уйда фақат кучуклар ва мушуклар яшайди, – жавоб берди отаси. – Йўлбарслар эса одамлар билан яшамайди.
Ва орадан йигирма йил ўтди. Дима шошилинч ёрдам марказида шифокор бўлиб ишларди. Одамлар оғир ҳолатга тушганларида Димани уйга чақиришар ва унинг ташрифидан жуда хурсанд бўлишарди. Уларнинг аҳволи яхшиланиб, Дима кетгач эса уни мутлақо унутишарди. Аслида одамзот табиатан шунақа бўлади.
Диманинг иши ижодий эмас, бир маромда эди. У билан тўқнаш келган одамлар ҳам бир хил эди. Агар одамнинг бир ери оғриса, у шифокор билан фақат шу мавзуда гаплашади, бошқа нарсанинг унга қизиғи бўлмайди.
Биз гапириб бермоқчи бўлган кунда Димани ичи оғриётган мижоз аёл чақирган эди.
– Айнан қаерингиз оғрияпти? – аниқлик киритмоқчи бўлди Дима.
– Ичим оғрияпти, – жавоб берди бемор.
Дима эса унинг ичида ҳеч қандай касалликни аниқлай олмади, аёл жуда хафа бўлди ва тиббиётга, умуман, Димага нисбатан ҳам муносабатини ўзига хос тарзда ифода этди. Албатта, Дима унга эътироз билдира оларди, аммо уларга бемор билан тортишиш тақиқланган. У ўзининг кичик қора сумкасини йиғиштирди ва чиқиб кетди. Аммо сочилмаган ғазаби ич-этини пармалади ва эшикка йўналаркан, фақат битта сўзни айтди:
– От.
Диманинг Ляля исмли маъшуқаси бор эди. Ляля сартарошхонада ишлар ва ҳар икки ҳафтада унинг соч ранги ўзгариб турарди. У гоҳ қора, гоҳ зарғалдоқ, гоҳ ҳаворанг тусга кирарди.
Дима навбатчиликдан қайтиб, сартарошхона деразаси ёнида тўхтади. Ойна бутун бир девор билан баробар, у ерда, ойнанинг ортида эса одамлар худди аквариумдаги каби секин ҳаракатланишарди. Буларнинг ҳаммаси секинлаштирилган кадрни эслатар, Ляля эркатой боланинг тантиқ юзи сингари қиёфаси билан Бриджит Бардога икки томчи сувдай ўхшарди.
Биз сизга гапириб бермоқчи бўлган кунда Ляля ҳар галгидек кўчага чиқди ва Димага лоқайдлик билан боқиб, ўзига гапиргандай деди:
– Бошқа шапка сотволишинг керакмикан…
Бу ҳурматсизлик эди.
Дима уйига қайтди, уйда эса ундан сўрашди:
– Финларнинг кир ювиш машинасини олдингми?
– Йўқ.
– Нега?
– Дўконга бордим, “йўқ”, дейишди.
– Нега Замскийларга “бор” дейишди?
– Билмасам.
– Мен эса биламан, – деди Диманинг онаси. – Болалигингда ҳамма қатори оддий безориликни ҳам эплолмасдинг, энди эса ҳатто танбаллар каби оддий орзу қилиш ҳам қўлингдан келмайди. Сенда ҳеч нарса йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди ҳам.
Сўзининг давомида онаси қўшиб қўйдики, Димани бўйнига арқон боғлаб ишлатиш қулайроқ экан, чунки ундаги бу ўзига хослик – туғма, отасидан мерос бўлиб ўтган эмиш.
Дима чучварахонага борди ва юқоридаги сўзларнинг алами билан роса ичди. Агар унинг кайфияти яхши бўлса, ичгандан сўнг яна ошар, ёмон бўлса баттар тушиб кетарди.
Ҳозирги аҳволи эса ҳатто баттардан ҳам ёмон эди. Дима қовоғи осилганча мармар столга, аниқроғи, шу стол атрофида турган янги танишларига қаради. Улардан бири кенг гардишли қалпоқ кийиб олган, иккинчисининг эса кўзга ташланадиган ҳеч қандай белгиси йўқ эди.
– Сен кўпроқ нимани хоҳлардинг? – сўради белгиси йўғи қалпоқ кийганидан. – Орзунг нима?
– Менинг орзуйим – узоқ яшаш ва касал бўлмаслик.
– Менинг орзуйим эса – артист Филиппов каби машҳур бўлиш.
– Нега?
– Кўчада кетаётганимда одамлар тўхтаб, “Ана, Охрименко кетяпти”, дейишлари учун. Мен Филипповга хат жўнатдим. Жавобини кутяпман.
– Сийқаси чиққан орзу, – суҳбатга суқилди Дима.
– Сизники қанақа? – мулозамат билан сўради Охрименко ва бармоқлари билан лабининг четини артди.
Дима ўйланиб қолди ва деди:
– Мен уйимда йўлбарс яшашини хоҳлайман.
– Уйда кучук ва мушуклар яшашади, – деди мулоҳаза билан қалпоқлиси.
– Тушунаман, – астойдил уни қувватлади Дима ва чуқур нафас олди. – Мен бевақт дунёга келганман. Ортиқча одамман. Фожиали шахс. Энгельс айтган: “Фожиа нима? Фожиа – истакнинг чекланган имконият билан тўқнашуви”.
Ҳеч ким танимайдиган Охрименко Димага қараб ачиниб кетди ва деди:
– Сиз ҳайвонот боғига бориб кўринг. Балки у ерда ортиқча йўлбарс бордир…
Ва Дима ҳайвонот боғига борди. Охирги марта у бу ерга йигирма йил олдин, отаси билан келганди. Қафаслар ёнидан ўтаркан, бу ерга катта бўлиб қолган болалар келмаслиги керак, деб ўйлади.
Илгари, йигирма йил аввал Дима фақат бургутни кўрганди. Ҳозир у бургутни қафасда кўрди. Қафаснинг тепа қисми очиқ ва бургутнинг боши узра осмон кўриниб турарди. Аммо бургут учиб кетолмасди, чунки унинг қанотлари қирқилганди. У хўжалик ашёлари дўконида сотиладиган ёғоч ҳайкалча атрофида бироз айланиб, сўнг кенг тўнгак устига кемтик қанотларини осилтирганча ўтириб оларди.
Йўлбарс эса ўз қафасида ёнбошлаган кўйи, панжаларини чўзганча ухлаб ётарди. Нафас олганда қорни кўтарилиб тушарди, балки шу дамда у тушида кенгликларни кўраётгандир.
Дима шундай йиртқич ҳайвон кенгликларнинг сирини яширганча унинг хонасида кўндалангига узала тушиб ётишини тасаввур қилди ва кўнглида алланечук жасорат туйди. Унинг учун қолган нарсалар аҳамиятсиз эди гўё.
Ҳайвонот боғи маъмурияти сайроқи қушлар билан битта бинода жойлашган эди. Афтидан, ҳайвонот боғида ҳам турар жой билан боғлиқ муаммо борга ўхшайди.
Директор столдаги қоғозлар устида энгашиб қандайдир, кўринишидан зерикарли нарсаларни ўқиб ўтирарди. Чунки Дима кириши билан унинг кўнгли очилиб кетди ва протез каби бенуқсон ва ҳаворангга мойил тишларини кўрсатганча кулиб қарши олди.
– Салом, яхшимисиз? – назокат билан сўрашди Дима.
– Менга қандай хизмат бор? – шундай назокат билан сўради директор.
– Айтинг-чи, мабодо сизда, – Дима “мабодо” сўзига урғу берди, – ортиқча йўлбарс йўқми?
– Нима?
– Йўлбарс…
– Сиз қайси ташкилотдансиз?
– Мен ташкилотдан эмасман. Ўзим учун келдим.
– Сизга йўлбарс нима учун керак?
– Шунчаки.
– Ҳатто қарға ҳам шунчаки қағилламайди, – унга ишонмади директор. – Ҳар ҳолда у сизга нима учундир керак…
– Йўлбарс уйимда яшашини истайман.
– У сизни еб қўйиши мумкинлигидан қўрқмайсизми?
– Мен уни қўлга ўргатаман.
– Нима учун? Оқибати нима бўлади?
Директор Димага замонавий ёшларнинг вакилига қарагандай қараб турди ва эҳтимол бу ёшлар катталар билмайдиган ниманидир билишар, деб ўйлади. Аммо Дима ҳеч нарсани билмасди.
– Охир-оқибат ҳаммада бир хил, – деди Дима. У буни шифокор сифатида биларди. – Бу ҳақда бош қотиришнинг нима кераги бор?
Директор илжайиб турган лаб-лунжини йиғиштириб олди ва тишларини яширди.
– Бизда ортиқча йўлбарс йўқ, – деди у. – Бўлиши ҳам мумкин эмас. Ахир бу қимматбаҳо жонивор.
– Мен сотиб оламан, – ваъда берди Дима.
– Бу сизнинг имкониятингиз доирасида эмас, – тушунтирди ҳайвонот боғи директори.
Дима эшик томон бир қараб олди-да, сўнг директорнинг қулоғига шивирлаб нимадир деди. У фин кир ювиш машинаси сотадиган жойда орттирган тажрибасини қўллаганди.
– Ростданам бизда йўлбарс йўқ, – очиқчасига тан олди директор. – Сиз циркдаги ҳайвон ўргатувчига боринг, балки уларда бордир…
Ҳайвон ўргатувчи Димага эшик очди ва унинг масаласини эшитгач, уйга киритмади. У Димани савдойи ёки восвос деган хулосага келди. У битта шунақасини биларди – ўша савдойи жуда киришимли эди ва суҳбатдошининг пальтосидаги тугма тешигидан калит шодасини ўтказарди. Хайрлашаётганда эса яна ўтказарди, фақат энди тескари томонга. У гўё суҳбат бошида ҳамсуҳбатининг қулфини очар ва суҳбат тугагач уни ёпиб қўярди. Шунақа восвос эди у.
Ҳайвон ўргатувчи Димадан ўзини узоқроқ олиб, унга қизиқсиниб қаради. Диманинг қўлида калитлар шодаси йўқ эди, у ҳайвон ўргатувчининг қаршисида карам капалагининг қанотига ўхшаш оқиш ва тик киприкларини пирпиратганча, қуролсиз турарди.
– Сиз мени калака қилмаяпсизми? – сўради эҳтиёткорлик билан ҳайвон ўргатувчи.
Гоҳида унинг ёнига одамлар айнан шу мақсадда келишарди. Бундай одамларнинг назарида ҳайвон ўргатувчи йўлбарсни бичиб қўйган-у, бу йўлбарслар уй мушугидан фақат қиёфаси билан фарқ қилади.
– Мен сизни калака қилмаяпман, – деди Дима жиддий оҳангда.
– Сиз уни қўлга ўргатмоқчимисиз?
– Йўқ. Ҳеч нарса қилмоқчи эмасман.
– Унда йўлбарс сизга нима учун керак?
– Орзу…
– Ғалати орзу, – таажжубланди ҳайвон ўргатувчи.
– Ҳар кимнинг ўз орзуси бор.
– Сиз қаерда ишлайсиз?
– Шифокорман.
– Жарроҳми?
– Йўқ, терапевт.
– Айтинг-чи, нима учун уйқудан турганимда қовоғим остида халта ҳосил бўлади? – жонланди ҳайвон ўргатувчи.
– Сабаби ҳар хил бўлиши мумкин, – деди Дима. – Балки юракдан, балки буйракдан…
– Ҳа, тушунарли, – ҳайвон ўргатувчи Димага энди ишонч билан ёндашди ва ўйланиб қолди. Инсонларни даволаб, йўлбарс ҳақида орзу қилувчи одам ҳақида ўйлади. Ҳайвон ўргатувчи эса ҳеч қачон буни орзу қилмаганди. У бутун умр қайнонасидан ажраб чиқиб, алоҳида яшашни ва унинг кўзидан узоқ бўлишни орзу қиларди.
– Менда сиз учун йўлбарс йўқ, – деди ҳайвон ўргатувчи ўзига келиб. – Бори ўзимга етмаяпти.
– Менга фақат биттагина керак, – ўтинди Дима.
– Ўнта эмас, фақат битта кераклигини тушунаман. Лекин у сиздан кўра менга кўпроқ керак. Сиз учун орзу, мен учун эса у меҳнат қуроли.
– Нима қилсам бўлади?
– Билмадим, – деди ҳайвон ўргатувчи калласини қашлаганча. – “Табиат бурчаги”га бориб кўринг-чи, балки у ерда бордир…
“Бурчак”даги раҳбарларнинг ҳеч бири жойида эмас экан. Директор хонасида телефонда секин овозда сўзлашганча, котиба қиз ўтирарди. Дима киргач, у телефондаги суҳбатини тўхтатди ва Дима тарафга эътибор ва мулойимлик билан боқди. Унинг сурма тортилган кўзлари жуда чиройли эди.
– Салом, – деди Дима.
– Салом, – жавоб берди қиз жилмайганча, фақат Димага эмас, суҳбатдошига мурожаат қилди.
– Сизда йўлбарс йўқми? – сўради Дима. У қизнинг ажабланишини ва ундан қайси ташкилотдан эканлигини-ю, йўлбарс унга нима учун кераклигини сўрашини кутганди. Аммо қиз ажабланмади ҳам, ҳеч нарса сўрамади ҳам. Тиззасига гўшакни қўйганча, мулойимлик билан жавоб берди:
– Бизда қуёнлар, каптарлар ва ёнут бор. Аквариум ҳам бор, аммо йўлбарс йўқ.
Қиз гўшакни тиззасидан олиб кўзларини ерга тикканча яна секин сўзлаша бошлади.
– Хайр, – деди Дима.
Қиз ердан кўзини узиб, жилмайганча бош силтаб қўйди, аммо Димага эмас суҳбатдошига.
Дима кўчада кетиб борар экан, одамларга мутахассислиги нуқтаи-назаридан қараб ташхис қўярди. Йўлда унга иккита гипертоник ва рахит аломати бўлган, ҳали ёшига тўлмаган бола учради.
Уйда арзимаган сабаб туфайли телефонда Ляля билан тортишди ва ҳеч бир сабабсиз онаси билан уришиб қолди. Отаси эса диванда ўтириб газета ўқирди. Уни кўпроқ дунёнинг тақдири қизиқтирарди.
Уйда қиларга иш йўқ эди ва Дима қўшниси Регинаникига ўтди. Регина пастки қаватда, ёлғиз яшарди. У икки марта эрга теккан ва икки марта ҳам муносабатлар муваффақиятсиз якун топганди: Регина эрларга бутун қалбини, ёшлигини, пулини тикди, аммо улар миннатдорчилик эвазига Регинадан ҳеч бир ортиқ жойи йўқ аёлларга кетишди ва ҳеч нарса тикишмади.
Регина эшик очиб, бурнини рўмолчаси билан беркитганча, Димага бошдан-оёқ зимдан разм солиб чиқди.
– Ҳа, бу сенми? – деди у ҳафсаласи пир бўлиб. – Кир, фақат гапирма. Мен ишлашим керак.
Дима диванга ўтириб, Регинани кузатди. Регина бировнинг қўлёзмасини варақларкан, – у мусаҳҳиҳ бўлиб ишларди, – унинг фланел халати остидан кураклари ҳаракати сезилиб турарди.
Хона тоза ва шинам, Регинанинг қомати эса тик ва гўзал, аммо афсуски, бу ёқимтойлик ва гўзалликдан ҳеч ким фойдаланмаётганди.
– Кайфият расво, – ғудранди Дима.
Регина сукут сақлаганча кейинги бетни очди.
– Инсоннинг миясида битта тугмача бўлса яхши эди: шундай боссанг-у, унутгинг келган нарсани ўчириб юборсанг… – Дима йўлбарс ҳақида унутишни истаётганди.
– Қулоқ сол, – ўгирилди Регина, унинг юзида жонланиш акс этди. – Менинг белим зирқираб оғрияпти. Нега экан-а?
– Билмадим, – қуруққина жавоб берди Дима. Эртадан кечгача касаллик ҳақида эшитиш унинг жонига текканди. Ҳамма ундан ёрдам кутади, аммо ҳеч ким унга ёрдамлашишни истамайди.
– Билмайман, – қайтарди у. – Балки буйракдир, балки радикулит.
– Нега билмайсан? – ҳайрон бўлди Регина. – Сен шифокорсан-ку…
– Пешобни текшириб кўриш керак, – деди Дима ва уйига қайтди.
Мияда ҳақиқатан ҳам тугмача бўлмаса ҳам, телепатия бор. Одам бир нарса ҳақида тинмай ўйлар экан, унинг миясидан тўрт тарафга тўлқинлар тарқайди. Бу тўлқинлар аввал хонани тўлдиради, унга сиғмай қолгач, деразадан оқиб чиқади. Деразадан улар тепага ва атрофга тарқалишади, натижада антеннага бориб урилишади. Бунақанги антенналар уйнинг тепасида кўп, худди чизилган одамчалар таёқ-қўлчаларини кўтариб туришганга ўхшайди. Бундай одамчалар ҳамиша қўлларини очиб туришади ва дунёдаги ҳамма нарса – сўзлар, мусиқалар, фикрларни қабул қилишади. Улар дунёдаги ҳамма нарсани қабул қилиб олишади ва приёмниклар орқали уйлардаги одамларга тарқатишади. Мусиқа ва сўзларни албатта, эшитса бўлади, фикрларни эса йўқ. Фикрлар эшитилмайди, улар ҳис этилади. Агар бир одам жуда ҳам қаттиқ хафа бўлса, бошқа бир одам, у ҳатто дунёнинг нариги четида бўлса ҳам ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, кайфияти бузилади.
Дима диванда ётиб, йўлбарс ҳақида ўйларди, унинг боши атрофида эса кўзга кўринмас биотоклар гардиш ҳосил қилишди. Худди шу вақтда телефон жиринглаб қолди. Диманинг мактабдош ўртоғи, ҳозирда геолог Вася телефон қилаётганди. Вася саломлашгач, яқинда Уссурия тайгасидан қайтиб келгани, у ердан қадимги мамонтнинг қовурғасини топгани, қовурғадан ташқари, қизига йўлбарс боласини совға қилиб келтиргани ҳақида сўзлаб берди. Хотини эса, негадир узил-кесил бундай совғани рад этибди ва йўлбарс боласини ё давлатга, ёки бирор одамга бериб юборишини талаб қилаётган эмиш.
Ва орзу амалга ошди!
Охрименконинг орзуси амалга ошмади, умуман тўқсон тўққиз фоиз одамнинг орзуси амалга ошмайди, Диманики эса амалга ошди! Ва унинг хонасига йирик бошли йўлбарс боласи келиб жойлашди. Унинг кўзлари яшил ва қорачиғи бўйламасига жойлашган, қора терили тумшуғи атрофида қора ранг ҳалқа, бошида диккайиб турган қулоқлари тенг ёнли учбурчакка ўхшарди.
Дима бахт ва чексиз завқни ҳис этиши лозим эди, аммо негадир у ёрқин завқу-шавқни ҳис этмади. Шунчаки, у биринчи марта орзунинг рўёбга чиқишини бошдан ўтказди ва бу ҳайрат, сокинлик ва ҳаловат тарзида намоён бўлишини билиб олди.
Дима пастга тушди ва Регинанинг эшиги қўнғироғини босди. Регина эшик очиб, бурнини рўмолчаси билан беркитганча, Димага бошдан-оёқ разм солиб чиқди.
– Ҳа, бу сенми? – деди у ҳафсаласи пир бўлиб.
Дима индамай пиджагининг “Старка” ароғи чиқиб турган ички чўнтагини кўрсатди. Регина ўгирилиб хонанинг тўрига қараб юрди, Дима пиджагига бурканиб, унинг ортидан эргашди.
Регина сервантдан рюмка ва тақсимча олди.
– Нима муносабат билан? – сўради у ва қанақадир ҳапдорини ичди. Регинанинг аллергияси бор эди, шунинг учун ароқни фақат доридан сўнг ичарди.
– Орзу учун, – таклиф қилди Дима.
– Йўқ, бунинг учун ичмайман, – рад этди Регина.
– Аммо орзусиз яшаб бўлмайди.
– Орзу қилавер, – деди аёл. – Мен сенга ҳеч нарса деяётганим йўқ.
Регина ичди ва рўмолчасига бурнини қоқди. Унинг юзи рангпар эди. У бировларнинг қўлёзмасини ўқийвериб жуда чарчаганди.
Дима ҳам ичди ва кайфияти кўтарилди.
Агар инсон хурсанд бўлса, у меҳрибонроқ бўлиб қолади ва бошқаларга бахт истайди. Дима ўзи таниган ва танимаганларнинг ҳаммасига бахт тилади. У бу бахтни ўзининг чарм жомадончасида олиб юриб, уни тез ёрдамга чақирган ҳар бир хонадонга улашишни истади.
Дима уйига қайтди. Йўлбарс боласи уйнинг ўртасида панжаларини узатганча ухлаб ётарди. Унинг қоринчаси нафаси маромида кўтарилиб тушарди, учбурчак қулоқчалари титраб қўяр, афтидан у Уссурия ўрмонларини туш кўраётганди. Дима бир муддат унга тикилиб турди, сўнг дераза ёнига бориб, пардани очди.
Дераза ортида худди ҳар хил чироқлар илинган янги йил арчасига ўхшаб деразалари турфа рангга бўялган уйлар турарди. Улардан пастда эса ғира-ширада базўр кўриниб турган омборлар бор эди.
Дима дераза рахига суянганча, ҳали ёш экани ва ҳаётининг катта қисми олдиндалиги, бу ҳаёт турли ҳодисалар ва учрашувларга бой эканлиги ҳақида ўйлади. Ўша якшанба ҳаётидаги энг бахтли якшанба эди.
Бу бахтли куннинг якунини эса онаси бузди. Оналар шунақа, улар ҳаммадан бошқача севадилар, худди шунингдай, табингни тирриқ ҳам қила оладилар, бу ҳам ҳаммадан бошқача.
– Дима! – унинг қатъий овозини эшитиб Дима ўгирилган эди, онаси бармоғи билан унга бурчакни кўрсатди.
Дима нигоҳини бурчакка қаратди ва йўлбарсчанинг ёнида ғалати шаклдаги кўлмакка кўзи тушди.
– Арт! – буюрди онаси ва бармоғини туширди.
Бу ҳолат Диманинг бугунги кайфиятига сира мос тушмасди. Масалан, бу воқеа кинода бўлганида, режиссёр келиб мана шу эпизодни лентадан қирқиб ташлаган бўларди. Аммо Дима қирқиб ташлолмайди, шунинг учун индамай ванна томон йўл олди. Ваннадаги иситиш қувури устида айримлари эски иштондан ва яна айримлари яроқсиз қоплардан қилинган пол латталар осилиб турарди.
У латтани кўлмак устига ташлаб, устига оёғини қўйди ва ўзидан нари-бери суриб арта бошлади. Диманинг рўпарасидаги уй деразасидан қараган одам уни твист рақсига тушаяпти, деб ўйлаган бўларди.
Ўзининг “твист”ини якунлагач, Дима латтани икки бармоғининг учи билан ушлаб ваннага олиб борди ва иситиш қувурининг ёнига ташлади.
Шу билан бу эпизод ўчирилди, аммо хонага қўшниси кириб келди:
– Хайрли кеч!
– Салом, – сўрашди Дима. У қўлини сочиққа артди.
– Менинг латтамдан фойдаланишингизга қаршилигим йўқ, албатта, – деди у. – Аммо уни ишлатгандан сўнг ювиб тозалаш ва қаердан олган бўлсангиз, ўша жойига илиб қўйиш керак.
Ҳа, мантиқ бор эди бу гапда. Дима ювиниш хонасига қайтди ва латтани қувур ёнидан олиб, совуқ сув тагига ташлади. Сувда латта тўқ қўнғир рангга кирди. Дима қўли билан юваётиб, унинг аллақандай ёпишқоқ ва айни пайтда сирпанчиқ эканини ҳис этди.
– Совун билан ювинг, – маслаҳат берди Димага нима қилишни ўргатиш учун ортидан кузатиб борган қўшниси.
Дима совунни олиб латтага куч билан ишқалади, латтада сарғимтир совун изи пайдо бўлди. Сув мана шу издан оқа бошлади, Диманинг қўлига аллақандай қум ва майда тошлар илашди.
– Иссиқ сув билан, – бошқариб турди уни қўшниси.
Дима иссиқ сувни очди ва унинг қўли иссиққина бўлди, совун ҳам кўпирди, сув эса пўртанага ўхшаб оқа бошлади. Энди ванна тўқ қўнғир тусга кирди, латта эса рангини топди.
Бу жараён Димани ҳайрон қолдирди ва айни дамда уни хурсанд қилди. У қўшнисига миннатдорчилик билан қараб, латтани ташлагиси келмади ва тўртбурчак совун тухумсимон шаклга кирмагунча юваверди.
Дима ухлашга ётиш учун тараддуд кўрар экан, эшикдан бошқа бир аёл қўшни мўралади. Ечинган эркакни кўриб, ичкарига кирмасликка қарор қилди ва пешонасинигина ичкарига киритди, холос. Бу қўшни бир вақтлар сочини олти ойлик жингалак қилдирганди, аммо олти ой аллақачон ўтган ва сочлар ёйилиб, ҳозир таралган юнгга ўхшаб қолганди.
Қўшни аёл овозини кўтармасдан ва айни дамда туширмасдан ҳам, кеч бўлганига қарамасдан, Дима унинг совуни билан кир ювганини, боз устига ортидан ваннани тозаламаганини, ҳаммадан кутса ҳам буни айнан Димадан кутмаганини айтиб, шикоят қилди.
Якшанбадан кейин душанба, душанбадан кейин сешанба, сешанбадан кейин эса чоршанбанинг келиши тайин. Чоршанба – ҳафтанинг ўртаси, бу якшанбага яқин дегани ва ишлаётган одамнинг бундан кайфияти кўтарилади.
Дима учун бу ҳафта бошқача бўлди. Якшанбадан сўнг яна душанба келди. Душанбадан кейин – яна душанба ва бутун умри тўлиқ душанбаларга айланди.
Унинг орзулари йўлбарс боласи тимсолида тунлари миёвлаб чиқар ва Диманинг каравотига сакрарди. Уни килоси икки сўм турадиган гўшт билан боқиш лозим эди. Тўғри, йўлбарсчага асосан суякларни ташлашарди, аммо суяклар ҳам гўшт билан бирга сотиларди ва шунинг учун уларнинг нархи бир эди.
Қўшнилар турар жойни бошқариш идорасига арз қилишди ва милиционер ҳамда қоровулни бошлаб келишди.
Маъшуқаси Ляля руҳий жиҳатдан соғлом одамлар уйига йўлбарс етаклаб келмасликларини айтди. Ляля бу уйга келмай қўйди – у энди йўлбарсдан ҳам, Димадан ҳам қўрқа бошлаганди.
Яқин ва узоқ танишлар елка қисиб, беўхшов кулиб қўйишди. Улар бу ердагиларга нисбатан ўзларида афзалликларни ҳис қилаётганликлари кўриниб турарди.
Онаси телевизорни ўчирмай қўйди – у чироқсиз ўтиришдан қўрқарди. Оқшомлар бу оилада зерикарли ўта бошлади ва онаси ана шу бўшаб қолган вақтни отасига гиналаб ўтказадиган одат чиқарди. Отаси эса аввалгидай, жим ўтириб, газета варақласа-да, илгаригидек диққат билан ўқимасди. У стулда оёғини йиғиб олиб, тиззаларини энгагига тираганча ўтирар, вақти-вақти билан полга ва атрофга кўз югуртириб қўярди.
Бу вақтда эса ҳеч нарсадан бехабар йўлбарс боласи улғайиб борарди. Унинг асосий хусусиятлари эҳтимол ичида яшириндир, аммо ташқаридан ҳеч нарса билинмасди. Йўлбарс боласи худди мушук каби Диманинг стетоскопини юмалатганича, бурчакдан бурчакка сакраб юрарди. Бу машғулот жонига текканида эса, орқа оёқларида туриб, олдинги панжалари билан диваннинг қоплама жилдини йиртарди. У келажак учун тирноқларини чархлар эди.
Онасининг бундан ниҳоятда жаҳли чиқарди, аммо ноилож, йўлбарс боласини тергаб бўлармиди. Аммо жим ҳам тура олмасди, онанинг ҳамма даккиларини йўлбарсчанинг ўрнига Дима эшитарди.
Дима онасидан гап эшитаркан, ҳайвонот боғи директорининг юзини ва унинг саволларини эслади, онасининг сўзларидаги, шунингдек, Васянинг хотини ҳаракатларидаги мантиқ бир хил эканини ҳис этди.
Бу ҳадик туғдирди. Ҳадик ҳам касалликка ўхшайди. Уни ҳам худди ҳамма касалликлар каби аниқлаштириб, вақтида даволаш керак, шунда у асоратсиз ўтади. Аммо Дима ҳадигини эътиборсиз қолдирди, оқибатда бу “касаллик” икки ой уни кемирди ва охири асоратини қолдирди. Илгари Дима уни фақат кўкрак остида ва одатда тунда ҳис этарди. Энди эса у тунда ҳам, кунда ҳам ҳис эта бошлади. Нафақат кўкрак остида, балки юрагида, миясида, ҳатто оғзида ҳам ҳис этаётганди. Ейдиган таомини аввал ҳар томондан кўриб чиқар, ҳатто ҳидлаб кўрар ва шундан сўнггина оғзига соларди.
Ҳаётининг энг муҳим жабҳаларида ҳадикнинг иштирокини ҳис этаркан, Дима гўшакни олди ва собиқ мактабдош дўсти, ҳозирда эса геолог Васяга қўнғироқ қилди. Дима у билан назокат ила саломлашди ва мабодо йўлбарсни қайтариб олмайсанми, деб сўради. Дима, худди олганидагидек, йўлбарс эвазига ҳеч нарса сўрамасликни ваъда қилди.
Вася саломлашди ва совғасини ҳеч қачон қайтариб олмаслигини, шунингдек, Дима каби орзу қиладиган бирортасини ҳам тавсия қилолмаслигини айтди.
– Ҳайвонот боғига мурожаат қилиб кўр, – маслаҳат берди у. – У ерда сенга яхшигина пул тўлашади ва ҳатто қўлингни ўпишади.
Дима ҳайвонот боғига борди, аммо унинг қўлини ҳеч ким ўпмади.
– Бизга керак эмас, – деди ҳайвонот боғи директори. – Бизда унга қафас йўқ.
У Димага эътиборсизлик билан қаради, шу боис директор уни таниган ёки танимаганлигини Дима англолмади.
– Мен сизнинг олдингизга илгари ҳам келгандим, – назокат билан эслатди Дима.
– Ёдимда, – деди директор ҳам хушмуомалалик билан.
У Димани эслаганди, фақат буни намоён қилмаганди, холос. Бир вақтлар, ҳали тишлари бутун бўлганда, директорнинг бошидан ҳам худди шунга ўхшаган воқеа ўтганди: у уйланиш ҳақида жуда ҳам орзу қилганди, орзусига эришгач эса, бундай қилиш шарт эмас эканлигини англаганди.
– Ахир сиз уни қимматбаҳо жонивор, дегандингиз, – эслатди Дима.
– Албатта, қимматбаҳо, – қувватлади директор. – Шу боис биз унга яшаш учун қулайлик яратишимиз керак. Аммо бизда бунинг имкони йўқ. Ахир тушунасиз-ку, турар жой масаласи – ҳозир долзарб муаммо.
Директор жим бўлди ва Диманинг кетишини кутди.
– Хайр, – деди Дима.
– Саломат бўлинг, – хайрлашди директор. – Биласиз-ку, ҳайвонлар кўп, ҳайвонот боғи эса, битта. Циркка бориб кўринг, балки уларга керакдир.
Ҳайвон ўргатувчининг хонасига гулқоғоз ўрнига турли афиша ва эълонлар ёпиштирилганди. Стол тепасида қаламда чизилган катта портрет осиғлиқ ва унда ҳайвон ўргатувчининг ён томондан фавқулодда кўркам қиёфаси акс этганди.
Гўзаллик – сантиметрларда. Афтидан, рассом мана шу жиҳатни ҳисобга олганди. У ҳақиқийсидан кўзни ярим сантиметр каттароқ, бурунни ярим сантиметр калтароқ қилиб чизганди. Муҳими, сантиметрларнинг умумий йиғиндиси ўзгармай қолганди.
– Сиз мени калака қилмаяпсизми? – сўради эҳтиёткорлик билан ҳайвон ўргатувчи Диманинг гапларини эшитгач. Уни калака қилишларини ёқтирмасди.
Дима индамади. У стулда яхши оилада тарбия топган ўсмирга ўхшаб озғин ва хомуш бўлиб ўтирар эди.
– Қизиқ, – ажабланди ҳайвон ўргатувчи. – Ахир ўзингиз орзу қилгандингиз…
– Ҳа, аммо… – ва Дима ҳамма “аммо”ларни санай бошлади.
– Мен ҳам гўштни икки сўмдан сотиб оламан, – деди ҳайвон ўргатувчи.
– Сизнинг йўлбарсларингизни давлат боқади, – эслатди Дима. – Бунинг фарқи бор.
Бу ҳақиқатан ҳам бир хил нарса эмас эди.
– Тўғри, – деди ҳайвон ўргатувчи. – Лекин сизнинг йўлбарсингиз режада йўқ. У сметага киритилмаган.
– Ахир сиз уни “қимматбаҳо жонивор”, дегандингиз.
– Бўлмасам-чи… – деди паришонхотирлик билан деразадан қаради. Худди инсон касалликлари Диманинг жонига теккани каби, йўлбарслар ҳам унинг ҳиқилдоғига келганди.
Эшик очилиб, ёши ўтган ва лаби устидаги туклари ўсиб кетган аёл кириб келди.
– Саломлашинг, – шошиб шивирлади ҳайвон ўргатувчи.
– Салом, – деди Дима итоаткорлик билан.
Аёл индамади ва кибр ила эшикни қарс этиб ёпиб чиқиб кетди. Дима ҳайвон ўргатувчига савол назари билан қаради.
– Кўрдингми? – сўради у аллақандай маҳзун қиёфада.
– Кўрдим, – тасдиқлади Дима.
– Бутун умр шундай…
Дима одоб юзасидан индамади. У ҳайвон ўргатувчи нима ҳақида гапираётганини тушунмади, аниқроғи, бу уни қизиқтирмасди. Ҳайвон ўргатувчини эса, айни дамда йўлбарслар қизиқтирмасди. Йўлбарслар, худди одамларга ўхшаб турфа, шу билан бирга бир хил мавжудот эдилар. Умуман олганда, йўлбарсларнинг кўпроқ ёки камроқ бўлишининг фарқи йўқ эди унга.
– Табиат бурчагига бориб кўринг-чи, – маслаҳат берди ҳайвон ўргатувчи. – Эҳтимол уларга йўлбарс керакдир.
– Йўқ, бизга йўлбарс керакмас, – деди котиба қиз.
У битта катта дафтардан иккинчи катта дафтарга ниманидир кўчириш билан банд эди. Унинг юзи қизарган, кўзлари бўялмаган, киприги шу қадар рангсиз эди-ки, худди қовоқлари яланғочдай туюларди.
– Бизга болалар келади. Бу хавфли.
– Ахир бу қимматбаҳо жонивор-ку, – уқтирмоқчи бўлди Дима.
– Биз қимматбаҳо жониворни ушлаб туролмаймиз.
– Директор қаерда? – сўради Дима.
– У йўқ.
– Қаерда у?
– Қаерда, қаерда… Йўқ, тамом. У сизга нимага керак?
– Гаплашиш учун.
– Нимани гаплашасиз? Мен сизга ҳаммасини тушунтирдим.
Димага қўпол муомала қилишса, у ҳайиқарди ва мана шу ҳайиқиш туфайли ўзи ҳам қўполлашарди.
– Йўқ, тамом эмас.
– Ғалати одам экансиз, – таажжубланди котиба. – Аввал сизга йўлбарс керак, кейин эса керак эмас. Нима, қиладиган ишингиз йўқми? Бошимни қотирманг.
У кичкина қутини сурди ва у ердан учинчи катта дафтарни олди. Кўринишидан, Диманинг муаммоси унинг муаммолари олдида сариқ чақа билан баробар эди.
– Нега турибсиз? – сўради қиз.
– Нима қилай? – елка қисди Дима. – Ахир уни ҳайдаб юборолмайман-ку…
– Ҳайдаб нима қиласиз? Уни ветеринарга олиб боринг. Йўлбарсга ухлатувчи укол қилишади, тамом-вассалом.
Одамнинг бошига иш тушса, уни севган ва унга ишонадиган кишининг олдига югуради. Дима Лялянинг олдига югуриб кетди.
Қизнинг елкасига ёйилган сочлари бу гал сариқ рангда эди. Агар ҳозир унинг ёнига Бриджит Бардони қўйса, уларнинг қай бири Бриджит Бардо-ю, қай бири Ляля эканлигини ажратиб бўлмасди.
Кун баҳорий, кўприкнинг ярми қуруқ ва ёруғ, соя қисми эса нам ва қоронғи эди.
Дима ёруғ тарафда турарди. Сув қувури ёнида қуёшга юз тутганча тураркан, ўзида шундай чарчоқни ҳис этдики, гўё у оғир жомадон кўтариб, бутун шаҳарни пиёда кесиб ўтгандай эди.
– Сени тушунаман, – деди Ляля Диманинг озғин ёноғини кафти билан силаб. Ҳа, қиз уни тушунарди ва ачинарди. У ҳақиқий аёл эди. – Орзуингни ўзгартир.
– Ахир бу хиёнат! – хитоб қилди Дима худди ибодат қилишга чоғлангандай, уч бармоғини букиб.
– Нега энди хиёнат? – ажабланди Ляля. – Рўёбга чиққан орзу энди орзу эмас.
– Агар мен йўлбарсни асраб қолмасам, билмадим, буни сенга қандай тушунтирсам экан, ҳаётимнинг энг муҳим қисмини йўқотаман.
– Агар сен уни асрасанг-у, у улғайиб, сени паққос туширса, бир қисмини эмас, бутун ҳаётингни йўқотасан.
Лялянинг кафтлари Димага совуқ ва дағал туюлди. Дима унинг кафтини юзидан олди ва қаддини кўтарди. Юзига ҳам, елкасига ҳам шамол урилди.
Ветеринария шифохонаси инсонлар даволанадиган поликлиникадан фарқ қилмас экан. Шунинг учун Дима ўзини ўрганган жойига келгандек ҳис этди.
У гардеробда пальтосини ечди ва “Маълумотхона” деб ёзилган дарча ёнига келди.
– Сиз биринчи мартами? – сўрашди у ердагилар.
– Биринчи марта, – жавоб берди Дима. – Ва охирги марта.
– Буниси бизни қизиқтирмайди, – уқтиришди маълумотхонадагилар. – Рўйхатга олиш бўлимига боринг, у ерда сизга варақа очишади.
Дима икки қадам ўнгга юрди ва ёндаги дарчадан бошини суқди.
– Лақаби? – сўради қайд этувчи қиз. Бу ерда қисқа ва лўнда гапиришар экан. Фақат асосий масала ҳақида.
– Кимники? – тушунмади Дима.
– Кимники, деб ўйлайсиз? Сизники эмас, ҳар ҳолда…
Дима қовоғини уйди.
– Йўлбарс, – деди у.
– Мушукми?
– Йўлбарс, – такрорлади Дима.
– Мен итми, мушукми, деб сўраяпман.
– Мушуклар оиласига мансуб, – мавҳум жавоб берди Дима. Қайд этувчи қиз нигоҳини Димага қадади, сўнг елкасини қисиб қўйди-да, варақага нималарнидир ёза бошлади.
– Фамилия?
– Кимники?
– Кимники, деб ўйлайсиз? Мушукники эмас, ҳар ҳолда.
– Коростишевский.
– Йўлбарс Коростишевский, – ўзича такрорлади қайд этувчи қиз ва Димага талон узатди.
Йўлакда бир неча хоналар бор эди. Одамлар ўриндиқларда ўтириб, кутишарди.
Дима ҳам оч жигар ранг бўёқ билан бўялган ўриндиққа ўтирди ва ўз навбатини кута бошлади. Ундан олдин тиззасига катта хўжалик сумкасини қўйиб семиз аёл ўтирар эди. Сумкадан итнинг хризантемага ўхшаш, оппоқ ва бароқ тумшуғи кўриниб турарди.
– Сиз уни ухлатиб қўймоқчимисиз? – сўради эҳтиёткорлик билан Дима.
– Э, Худо олсин сизни! – чўчиб тушди аёл ва Димадан нарироқ сурилди. – Бизнинг асабларимиз чарчаган. Шунинг учун Б-прим уколини оляпмиз.
Навбат жуда секин ўтарди ва Дима навбати чўзилаётганидан хурсанд эди. У пойабзалининг товон қисмига қаради ва хаёлан бугунги куни тезроқ тугашини-ю, эртанги куннинг тезроқ келишини орзу қила бошлади. Чунки бугунги кунни тезроқ унутган бўларди.
Ветеринар Диманинг бошидан ўтганларни диққат билан тинглади, аммо тинглаётганида негадир нигоҳларини Димага қаратмай, рецептга саккиз рақамига ўхшаш шаклларни чизиб ўтирди.
– Биз ўз зиммамизга бундай масъулиятни ололмаймиз, – деди ветеринар. – Ахир бу мушук эмас, йўлбарс. Жуда катта пул туради.
– Мен шунчаки бераман, – ўтинди Дима. – Текинга олинг, уни.
– Бизга текини керакмас, – ветеринар саккиз рақамига ўхшаш шаклларни чизишни тўхтатди. – Бизга текинга ҳам керакмас.
Дима уйига қайтганда, йўлбарс жойида йўқ эди.
– Билмаймиз, – дейишди ота-онаси.
– Билмаймиз, – дейишди қўшнилар ҳам.
Дима уй ва атрофдаги майдонни, умумий фойдаланиш жойларини айланиб чиқди, аммо йўлбарс ҳеч қаерда йўқ эди.
– Қочиб кетган бўлса керак, – дейишди қўшнилар. – Тайга ўрмонларига…
– Ёввойилар яхшиликни билишмайди, – дейишди ота-онаси.
Дима узоқ вақт ётолмади, ва ниҳоят ётди-ю, аммо ухлолмади. У кутиб ётди: гўё ҳозир эшикнинг қўнғироғи жиринглайди-ю, у бориб очган заҳоти, ичкарига йўлбарс боласини киритворишади.
Дима эшикка қараб, қулоқ тутиб ётаркан, миясида қайсидир эшитган қўшиғидаги бир ибора айлана бошлади. У мана шу иборадан ҳам, диққатчиликдан ҳам халос бўлолмади. Ва ҳеч ким йўлбарс боласини олиб келиб, эшик тирқишидан киритиб юбормади. Эҳтимол, у ҳақиқатан ҳам тайгага қочиб кетгандир.
Орадан бир ҳафта ўтди. Дима илгаригидай тез ёрдам марказида ишлайверди ва энди ўз ишида катта бир мантиқ кўра бошлади. Унинг ёнига севгилиси Ляля ҳам келиб турди ва суҳбатлашди. Чунки, Диманинг ғалати бўлса ҳам, аниқ ва ўйланган мақсади бор эди.
Ота-онаси ҳам анави Замскийга ўхшаб олғир ва муттаҳам бўлгандан кўра, Димага ўхшаб лапашанг бўлган яхши, деб ҳисоблай бошлашди.
Қўшнилар ҳам хушмуолмала бўлиб қолишди. Одамлар ўзларидан бошқачароқ яшайдиганларни сира ёқтиришмайди одатда.
Ҳаммаси аввалгидан кўра яхши кечаётганди. Дима анча тўлишиб, ўзига келиб қолди ва унинг хонасида йўлбарс яшаган ўша вақтларни унута бошлади. Аммо бир куни, тунги сменадан қайтгач, ётиб туш кўрди. Тушига йўлбарс боласи кирди: йўлбарснинг кўзлари яшил ва қорачиғи бўйламасига жойлашган, қора терили тумшуғи атрофида қора ранг ҳалқа, бошида диккайиб турган қулоқлари тенг ёнли учбурчакка ўхшарди.
Дима уйғонди. Боши ғувиллар, унда пахта чайнагандай ғалати ҳиссиёт кечарди. Кўча ҳали қоронғи эди ва Дима ҳозир оқшом ёки тонг эканини ажратолмади. Кейин эса қандайдир белгиларга кўра оқшом эканлигини билиб олди ва кийиниб кўчага чиқди.
Дима чучварахонага кирди ва ўзи ҳам кутмаган ҳолда ичди. Агар унинг кайфияти яхши бўлса, ичгандан сўнг янада хурсанд бўларди. Мабодо авзойи бузуқроқ бўлса, ичгач, аҳволи баттар оғирлашарди. Ҳозир унга аҳволи баттарлашгандай туюлди, демак ичгунга қадар ҳам кайфияти ёмон бўлган.
Дима мармар столчага хўмрайиб қаради ва эски танишлари – Охрименко ва унинг кенг гардишли қалпоқ кийган шериги ўртасидаги суҳбатга аралашди.
– Хўш, Филиппов сенга хат жўнатдими? – сўради Дима Охрименкодан.
– Йўқ, ҳали жўнатмади. Сен-чи, ўзингга йўлбарс олдингми? – сўради Охрименко ҳам Димадан.
Дима унга боқаркан, бирдан ўйлаб қолди: агар ҳозир орзусининг ўзи ундан қочиб кетганига иқрор бўлса, у бошқа ҳеч кимга дардини айтолмайди. Умуман, у орзу нималигини билмайдиган зерикарли одамга ўхшаб қолади.
– Мен бевақт туғилганман, – ёзғирди Дима ва худди чўқинмоқчи бўлгандай, бармоқларини бука бошлади. – Ортиқча одамман. Фожиали шахс. Энгельс айтган: “Фожиа нима? Фожиа – истакнинг чекланган имконият билан тўқнашуви”.
Ҳеч ким танимайдиган Охрименко Димага ачиниб қаради, аммо ҳеч нарса демади. Чунки унинг ўзи ҳам шундай аҳволда эди.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 11-сон