Виктор Васильев. Таль тилсимоти (ҳужжатли қисса)

Шоҳмот тарихига назар ташлаб, ХХ асрнинг эллигинчи йилларида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган Михаил Таль сингари катта шов-шув уйғотган бошқа шоҳмотчини топиш қийин (зеро, шоҳмотда ҳамиша истеъдодлар кўп). Албатта, XIX асрда шоҳмот осмонида юлдуздай бир ёниб-ўчган афсонавий Паул Морфи ва чемпионлик унвонини ҳимоя қилишдан бош тортган. Роберт Фишер бундан мустасно. Барибир, ҳеч бир шоҳмотчи Талдай ўз замондошларини ҳаяжонга солмаган.
Талнинг мутахассисларни ҳайратда қолдирган кутилмаган шиддатли парвози, бошқа гроссмейстерларнинг бутун умрига етадиган бошни айлантириб қўядиган ғалабалари гулдастаси (Таль бу ғалабаларга эришиши учун атиги уч йил сарфлади), ниҳоят, энг муҳими – унинг ўзига хос ўйин услуби, қайсики хавф-хатардан ҳайиқмай, ҳаддан зиёд таваккал, ҳаддан зиёд тажовузкор юришлари нафақат шоҳмот мухлисларини, балки унча-мунчага мақтов айтавермайдиган гроссмейстерларга ҳам завқ-шавқ бағишларди. Сиз яна Талнинг ўзига хос қиёфасини эсланг: қирғий бурун, қисиқ кўзлари билан одамга тешиб юборгудай тикилганда йиртқичона қиёфа касб этарди, бунинг устига, рақиби ўйлаётган вақтда Алёхинга ўхшаб бир оз эгилиб, ўлжасига ташланишга тайёргарлик кўраётган калхатдай айланарди.
Матбуот, айниқса, хорижлик журналистлар Талнинг ажойиб ғалабаларида, унинг ташқи қиёфасида қандайдир тилсимот борлигини таъкидлашдан чарчамасди. Унга дарҳол ўхшатишлар топишди: “Иблис”, “Қора қоплон”, “Паганини”… Бунда унинг ташқи кўриниши итальян бастакорига ўхшаши ва битта торда “иблисона” маҳорат билан ўйнаши, яъни қилга осилиб қолган вазиятларни юзага келтириши, кейин ғолибона чиқиб кетишига ишора бор.
Кимлардир Талнинг рақибларини гипноз қилиб, уларга магнит кучлари орқали ноаниқ режалар тузишга таъсир этаётгани тўғрисида жиддий гапира бошлади. Чунончи, Бронштейн: “Таль Мессинг ва Куни каби ўзгалар фикрини ўқий олади”, деганди.
Мана шундай тарзда “Таль тилсимоти” деган ибора пайдо бўлди ва унинг сир-синоатини ечишга кўплаб билимдонлар ҳам беҳуда уриниб кўришди. Хуллас, Талнинг ғалабалари шоҳмотнинг боқий муаммоларини ҳал этадиган янги услуб пайдо бўлганидан даракми ёки такрорланмас ўзига хос иқтидорга табиат инъом этган ақл-заковат маҳсулими, деган саволлар доирасида баҳслар қизиб кетди. Шу тариқа шоҳмот аҳли Талнинг ажойиб ғалабаларини катта қувонч билан кутиб олаётганлар ва унга “нотўғри” юришлари эвазига ҳам ютуқларга эришаётгани учун хавотирланиб, андак ишончсиз, ҳатто киноя билан қараётганлардан иборат тоифаларга бўлинди.
Ҳозир, Таль жаҳон чемпиони унвонидан маҳрум бўлганидан буён ўнлаб йиллар ўтгандан кейин ўша вақтда унинг номи билан боғлиқ ғайритабиий воқеалар бўлмагандай ёки ўйлаб топилгандай туюлади. Аслида, шундай истеъдодли “болакай” бўлганмиди? Пушкин номли театрда жаҳон чемпионлиги учун бўлган ўйинда Ботвинникни енгганида уни ҳаяжонланган минглаб томошабинлар олқишлашганмиди? Сипоҳларини кетма-кет қурбон бериш эвазига кучли таассурот қолдирувчи ғалабалар қозониб, мамлакат чемпионати ва нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб чиққанида ҳам айримлар Талнинг қурбонлари ўзини оқламайди, юришлари нотўғри, дея бўғилиб қолгунча тушунтиришмаганмиди?
Одамзоднинг табиати қизиқ, ўтган воқеалар ҳақида фикр-мулоҳаза юритганда уларнинг мантиқий якунига эътиборини қаратмайди. Шу боис ҳозир кимларгадир Талнинг жаҳон чемпионлигигача босиб ўтган йўли ва унинг ўйин услубида ўзига хослик йўқдай туюлади. Ҳатто узоқ йиллар Талга мураббийлик қилган Александр Кобленц (у Ботвинникка қарши иккала ўйинида ҳам ёрдамчи-мураббий бўлган) шундай деганди: “Ҳеч қандай “Таль тилсимоти” бўлмаган”.
Биз бундай фикрларни инкор этишга уриниб кўрамиз. Ҳақиқатан ҳам Талнинг ўйин услубига ишончсизлик ва истеҳзо билан қараган тоифаларнинг баралла овози айрим шоҳмот мутахассисларининг “Талнинг ўйинида ҳеч қандай иблисона жиҳат йўқ, аксинча, фараҳбахш, ҳаётий некбинлик мужассам юришлар ижодкори, агар таққослаш лозим бўлса, у шоҳмотда Паганини эмас, Моцартдир”, деган фикрларини бутунлай босиб кетарди. Чиндан ҳам ёш Таль хатарли юришлар қиларди, у билан бўлган ўйинларда иккала томонга ҳам (эътибор беринг, иккала томонга ҳам) хавф бирдай таҳдид соларди. Бироқ Талнинг ажойиб ечими ҳақида гапирилганда иблисона топқирлиги, жодугардай “девор ортидаги нарсаларни” кўриши қайд этиларди. Аслида, Талнинг сипоҳлар қурбони билан бошланадиган ҳар бир чиройли ҳужуми ўйиндаги вазият тақозоси бўлса ҳам уларда некбин шоҳмот санъати ва инсон ижодий қобилиятининг чексиз имкониятига ишонч мужассам эди.
Таль билан боғлиқ баҳс-мунозаралар айримларда киноя, истеҳзо уйғотган бўлишига қарамасдан замондошларининг маълум қисми унинг янги услуби, янги ғояларини тан олишди. Тўғри, Таль ўйинлари унга шубҳа билан қаровчиларга озиқа берарди. Чунки Талнинг ўйин давомидаги чиройли юришларига мутахассислар кейинчалик раддия топишарди. Ахир, шоҳмот ўйини масала ёки мансуба эмас, ечимида бирор хатолик ўтса, уни тамоман йўққа чиқариб бўлмайди. Зеро, шоҳмот ўйинида икки ақл-заковат ва феъл-атвор эгаси нафақат тахта узра, балки руҳий жиҳатдан ҳам кураш олиб боради. Шу боис Талнинг сипоҳлар қурбони билан бошланадиган ажойиб юришлари шоҳмотнинг қатъий меъёрларига мос келмагани учун уларга таваккалчилик тамғасини босиш ножоиздир. Афсуски, ҳамма нарсага шубҳа билдирувчилар Таль тантанали ғалабаларга эришган чоғларда ҳам унинг ижодий услубига ишончсизлик билан қарашди.
1954 йилда Миша Таль Владимир Сайгин устидан ғалаба қозониб, ўн саккиз ёшида спорт устаси талабини бажарди. Аммо айримлар баҳс ўйинларини таҳлил этмасдан туриб, Талнинг ғалабасидан шубҳаланишди. Ҳолбуки, Сайгин кучсиз уста ҳисобланмасди, унинг устидан қозонилган ғалаба спорт устаси бериш учун етарли асос эди. Ўша ғалабагача ҳам мутахассислар ўртасида “Ригада истеъдодли бола бор, истиқболи порлоқ” деган гаплар тез-тез такрорланиб турарди. Шунга қарамасдан унинг биринчи катта ғалабаси шубҳа остига олинди. Сиз буни эслаб қолинг, бундай ҳолатлар ҳали кўп бор такрорланади. Чунки Таль мусобақаларда бирин-кетин ғолиб чиқаверади, билимдонлар эса ажабланиб елка қисишдан чарчамайди.
Икки йил ўтиб Миша Таль XXIII мамлакат чемпионатида иштирок этди ва ғолиблар – Тайманов, Авербах ҳамда Спасскийдан атиги бир очко кам жамғарди. Бу биринчи марта чемпионатда қатнашаётган шоҳмотчи учун улкан натижа! Муҳими, Талнинг ўз услуби ва кучига ишончи мустаҳкамланди, ҳужумкор ўйинлари туфайли минглаб мухлислар меҳрини қозонди.
Ўша чемпионатдан кейин у ҳақда, жумладан, шундай ёзишганди: “Таль ижодий услубида бениҳоя некбинлик устун туради. У кўтаринки илҳом билан тез ва ҳужумкор ўйнайди, ғоялари чуқур билимидан озиқ олади. У бой берилган вазиятларда ҳам ўйинни сақлаб қолиш мумкинлигига ишонади, нафис ҳимоя усулларини топавериб, рақибини чарчатиб юборади”.
Шубҳасиз, Таль услубига берилган ажойиб баҳо. Лекин ундан кейин шундай сўзлар ҳам бор: “Талнинг дунёқараши кенг эмаслиги кўзга ташланади. Булар – шиддатли ҳужумлар, кучли юришлар, “қопқонлар”… Унинг ўйинида кўр-кўрона таваккалчилик кўпроқ, қурбонлари ҳар доим ҳам вазият тақозосидан келиб чиқавермайди”.
Кўр-кўрона таваккалчилик… Вазият тақозоси… Сиз бу сўзларни ҳам эслаб қолинг, Талнинг ўйинларига ҳали бундай нисбатлар кўп берилади. Дарҳақиқат, Таль вазият тақозосига бўйсунавермасди. Бироқ, сиз бу хислати учун унга таъна қилишга шошилманг.
Яна бир йил ўтди. Ёш спорт устаси мамлакат чемпиони бўлди. Таҳсинга лойиқ ғалаба! Барибир унинг ғалабаси оддий спорт натижаси сифатида қолиб кетди. Ҳолбуки, Таль чемпионатда саккиз нафар гроссмейстерларга ҳам қарши ўйнади. Уларнинг беш нафари – Бронштейн, Керес, Петросян, Тайманов, Толуш (нақадар таниқли гроссмейстерлар?!) мағлубиятга учради ва улар қайсидир шарҳловчининг таъбири билан айтганда, Талнинг гроссмейстерлар даврасига кириши учун овоз беришди, икки нафари дуранг ўйнаб бетараф қолди, атиги биттаси қарши чиқди. Саккиз имкониятдан олти очко. Бу – Талнинг таниқли, ҳатто машҳур гроссмейстерлар билан учрашувларда тўплаган очкоси!
Янги чемпион ўзининг ғайриоддий, таваккалона ва чиройли ўйинлари билан ажралиб турди, бу уни мухлисларнинг ёқимтойига айлантирди. Талнинг мазкур чемпионатдаги айрим ўйинлари матни дунёдаги кўплаб шоҳмот газета-журналларида эълон қилинди.
Бу ғалабадан кейин ҳам айрим билимдонлар Талнинг ўйинига ишончсизлик билан қарашда давом этишди. Залда мухлислар Талнинг ҳар бир ғалабасини гулдурос қарсаклар билан қарши олишганда, шубҳа билан қаровчилар истеҳзоли кулиб қўйишди. Ҳатто Таль Паул Кересни қақшатқич мағлубиятга учратганда ҳам уларнинг феълида ўзгариш бўлмади. Ҳолбуки, бу ғалабага қурбонлар эвазига эмас, ўйин охирида узоқни кўзлаган юришлари туфайли эришганди.
Кейинги, 1958 йилда ўтган мамлакат чемпионатида Таль болакай бўлиб эмас, номдор шоҳмотчи сифатида қатнашди. Янги чемпионнинг асал ойи тугаганди, энди ҳамма унга қарши эҳтиёткорлик ва бутун кучлари билан ўйнашди. Барибир у биринчи бўлди!
Икки марта кетма-кет мамлакат чемпиони бўлиш унгача Ботвинник, Керес ва Бронштейнгагина насиб этганди. Аммо миш-мишлар яшовчан – яна пичир-пичир бошланди: Талга омад кулиб боқди… Наҳотки Спасскийдай шоҳмотчи ютуқ вазиятида унга ўйинни бой бериб қўйди? Наҳотки Геллер унга қарши ўйинда қўпол хато қилди? Наҳотки… Наҳотки… Мана шундай “наҳотки”лар кўп бора такрорланди. Таль кетма-кет ғалабаларга эришаётганидан қатъи назар, айримлар учун ҳали-ҳануз омади кулган, қадимий ўйиннинг қатъий қоидаларини бузаётган, лекин тахта узра “жазо”лардан “сирғалиб” чиқиб кетаётган шоҳмотчи эди.
1958 йилнинг август ойида Хорватиянинг Порторож шаҳрида жаҳон чемпионатининг саралаш мусобақаларидан бири бўлган минтақалараро турнир ўтказилди. Буни қарангки, Таль яна биринчи! Ўша йили Мюнхенда ташкил этилган XVII жаҳон олимпиадасида Таль юқори натижа кўрсатди – ўн беш имкониятдан ўн уч ярим очко жамғарди. Сўнгра у навбатдаги мамлакат чемпионатида биринчи-иккинчи ўринни бўлашиб олди (дастлабки “омадсизлик”!), кейин Цюрихда бўлган халқаро мусобақада бош совринни қўлга киритди.
Энди Талнинг ғалабаларига шубҳаланишга асос йўқдай, чунки у ишонарли, муҳими, барқарор муваффақият қозонаётганди. Бироқ сиз Белград газетасида эълон қилинган даъвогарлар мусобақаси қатнашчилари ва уларнинг ёрдамчи-мураббийлари билан ўтказилган савол-жавобга эътибор беринг. Бу савол-жавобларда барчани қизиқтираётган масала – мусобақа якунида ўринлар қандай тақсимланиши тўғрисидаги тахминлар ёзилганди.
Бизни Талнинг имконияти қандай баҳолангани қизиқтиради. Хуллас, тахминлар шундай: уни Петросян – иккинчи, Глигорич – тўртинчи, Бенко – тўртинчи, Олафссон – учинчи, Авербах (Талнинг ёрдамчи-мураббийи) – биринчи-иккинчи (ҳаттоки у ҳам Талнинг биринчи ўринни якка ўзи олишига ишонмаганди), Матанович (Глигоричнинг ёрдамчи-мураббийи) – тўртинчи ўринга қўйишганди. Бондаревский (Смисловнинг ёрдамчи-мураббийи), Болеславский (Петросяннинг ёрдамчи-мураббийи), Ларсен (Бенконинг ёрдамчи-мураббийи) ва Дарга (Олафссоннинг ёрдамчи-мураббийи) биринчи-иккинчи ўринлар эгаларини ёзишганди, лекин улар қаторига Тални киритишмаганди…
Албатта, ҳар ким ҳам шоҳмотчилар куч-имкониятларини баҳолашда янглишиши мумкин, бироқ “хизмат юзасидан” Таль ижоди билан яқиндан таниш Авербахдан бошқа ҳеч қайсисининг уни тож учун асосий даъвогар деб ҳисобламагани ажабланарли ҳолдир. Ахир, Таль мусобақаларда кетма-кет ғолиб чиқаётганди-ку?! Эҳтимол, улар Таль чаққон ҳаракат қилса ҳам “қиличи” гроссмейстерлар совутини тешишга ингичкалик қилади, деб ўйлашгандир.
1960 йилнинг баҳорида Таль Ботвинникка қарши жаҳон чемпионлиги учун дона сураётган вақтда бундан ҳам қизиқ ҳолат юз берганди. Ўшанда айрим шарҳловчилар дунёдаги энг кучли икки шоҳмотчи тож учун баҳс юритаётганини унутишгандек, шоҳмотдаги барча тартибсизликлар учун Тални айблай бошлашди. Улардан бири Таль оддий вазиятларни ўйнай олмайди деса, иккинчиси дурангнинг уддасидан чиқолмаслигини таъкидларди, учинчиси сипоҳларни қурбон қилишдаги енгилтаклиги, қайсарлиги учун койирди… Шунга ўхшаш таъналар баҳс охирига борибгина тинди. Негаки, Талнинг жаҳон чемпиони бўлиши ойдинлашиб қолганди.
Ҳа, Таль жаҳон чемпиони! Бу билан у барчага ўз услубининг тўғрилигини, ҳеч бўлмаганда, сипоҳлар қурбони билан бошланадиган юришлари мажмуи кураш қонуниятига бўйсунишини исботлади. Энди “Талга ўхшаб ўйнамаслик”, унинг қурбон бериш билан боғлиқ юришларини “кавлаштириб” хатоликларни топиш, вазиятларни тўғри баҳолай олмаслигини айтиш мумкин эди, бироқ Таль ўйин услубини бутунлай инкор этиш инсофсизликдан бошқа нарса эмасди.
Орадан бир йил ўтди. Ёш гроссмейстерлар жаҳон чемпиони унвонига ўрганмасдан туриб, тож билан хайрлашди. Яна Таль шоҳмот сипоҳларини енгилтаклик билан қурбон қилади, деган гап-сўзлар янги куч билан юзага қалқиб чиқди. Аввалдан Талнинг ижодий услубига ишонқирамай қараганлар, унинг спорт натижалари пасайиб бораётгани учун ўз фикрларини баралла айтишди: Талнинг муваффақиятлари омадга боғлиқ эди…
Биз унинг ғалабалари шукуҳи узоқ давом этмаганини инкор этмаган ҳолда спортчи Талнинг шоҳмот ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини, бир шарҳловчи тили билан айтганда, қадимий ўйин қоидаларига “ёввойи қон” қуйганлигини эътироф қилмоқчимиз. Ҳатто шоҳмот санъати қутбининг қарама-қарши томонида бўлган Тигран Петросян ҳам “Таль шамоли”га ўзининг “елканли қайиғи”ни мослашига тўғри келганини таъкидлаганди.
Хуллас, нима сабабдан Талнинг ўйин услуби кўплаб замондош гроссмейстерлари ижодига жуда тез ижобий таъсир этганини ва айрим таниқли шоҳмотчилар унга ишончсизлик билдирганини англаш учун аввало Таль услуби моҳиятини чуқур ўрганиш керак. Бунинг учун биринчи навбатда Таль феъл-атворини тушуниш лозим. Ҳаммага маълум ҳақиқат бўлса ҳам яна такрорлашимиз зарур: нафақат гроссмейстер Таль, балки ҳар қандай шоҳмотчининг ўйин услубини унинг феъл-атворидан айри ҳолда ўрганиш мумкин эмас. Зеро, ҳар бир услуб инсон феъл-атворининг маҳсулидир.

“МЕН ЁШ ИСТЕЪДОДМАН…”

Миша Таль ғоят истеъдодли бола эди. Одатда “ғоят истеъдодли бола” дейилса, одамлар сергак тортишади. Бу бола ҳам ранг-баранг товланаётган “совун кўпиги” эмасмикин, дея ўйлашади. Кейин… Кейин… “совун кўпиги” ёрилади. Хайрият, Миша билан бундай бўлмади. У оилада эркатой бўлса-да, “ғоят истеъдодли бола” синовидан бир қадар муваффақиятли ўтди. Зеро, бу синовдан мутлақо асоратсиз ўтиш мумкин эмас.
У уч ёшида ўқишни биларди. Хотираси мисоли магнитафон лентаси: эшитган гапини эслаб қоларди. Севимли машғулоти – бирор саҳифа матнни ўқиб, кейин уни ёддан сўзма-сўз айтиб беришни ёқтирарди.
Ўз қобилиятини намойиш этиб, бошқаларни ҳайрон қолдириш ва улардан мақтов эшитиш – ғоят истеъдодлиларга хос хусусият. Миша улғайганда ҳам бу одатини ташламади. Кунлардан бир кун у шоҳмот бўйича мамлакат чемпионатининг учта ярим финали барча ўйинлари матни ёзилган тўплам сотиб олди. Бир неча соат ичида бу ўйинларни тахтада матн бўйича кўриб чиқди. Кейинчалик ундан сўралганда шу ўйинлардан исталганини ёддан такрорлаб берарди.
Болалигидаги хотира ўткирлиги унга улғайганда ҳам содиқ дўстдай вафо қилди. Цюрихдаги мусобақадан кейин хотираси ўткирлигини синаб кўриши учун баҳона топилганди. У кетма-кет икки марта сеанс берди, ҳар бирида 38 нафардан шоҳмот ҳаваскорларига қарши дона сурди. Таль иккала сеансда ҳам жуда йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Иккинчи сеансдан кейин тадбирнинг ҳомийларидан бири – Майер исмли шоҳмот ихлосманди Талга яқинлашди. У сеанс пайтида Тални ютгани учун кайфияти чоғ эди.
– Биласизми, – деди унга Таль, – битта вазиятда мен яхшироқ ўйнасам бўларди.
Майер ҳайрон қолди:
– Сиз мен билан бўлган ўйинни эслаб қолдингизми?
Ҳайрон қолиш навбати Талга келди:
– Менинг ўйинимни эслаб қолдингизми, дедингизми? Мен барча ўйинни эслаб қолганман.
– Гаров ўйнаймиз, – дарҳол таклиф қилди Майер ва суҳбатни тинглаётган кишилар томон юзланди.
– Розиман.
Таль қоғоз олиб, шоҳмот тахтасига қарамасдан барча 38 ўйин матнини битта юришини қолдирмасдан ёзиб чиқди…
Мишанинг отаси ҳам фавқулодда қобилият эгаси эди. Катта Таль врачлик дипломини Петербургда олгач, Европа мамлакатларини кезди. У кўп тилларни биларди. Узоқ йиллар Ригадаги касалхонада ишлади, шу шаҳарни яхши кўрарди. Ҳеч қачон касалларни ажратмасди: банкирми, қоровулми бирдай муолажа қиларди. Исми шарифининг талаффузи қийинроқ жарангларди – Нехемия Мозусович. Шу боисдан унга “Доктор Таль” дея мурожаат этишарди. Хушқомат, истараси иссиқ, қуюқ сочига оқ оралаган доктор Таль ташқи кўринишининг ўзи беморлар кайфиятини кўтарарди.
Доктор Тални истаган одам кечаси ҳам безовта қилишга ҳадди сиғарди. У ранжимасдан, пўнғилламасдан ўрнидан турарди. Баъзан жуда чарчаб қайтган бўлса, телефоннинг жиринглаши уни уйғота олмаса, гўшакни рафиқаси Ида Григорьевна кўтарарди. Бу очиқ кўнгил аёл ҳам беморлар билан қандай гаплашиш кераклигини яхши биларди.
– Нима? Ухлай олмаяпсизми? Юрагингиз безовта қилаяптими? Ҳозир доктор Тални уйғотмасак бўлармиди? У жуда чарчаб келганди. Сиз қанд бўлагига бир-икки томчи валидол томизиб шиминг, ўтиб кетади. Бу зарарли эмас, эрталаб доктор Талнинг қабулига келасиз. Еттинчи хона, тўққиздан еттигача…
Ида Григорьевна болалигидан расм чизиш ва мусиқа чалишга қизиқарди. Мишадаги меҳрибонлик, кўнгилчанлик, суҳбатижонлик хусусиятлари отасидан ўтган бўлса, унинг “бадиий жиҳатлари” – мусиқага қизиқиши, ўзини тутиши, сиполиги, ўйинда гўзалликка интилиши онасидан “кўчган” десак янглишмаймиз.
Уруш бошланганида Миша беш ёшда эди. Ригага немис босқинчилари қадам қўймасдан бир кун аввал бутун оила бомбадан сақланиш мақсадида ертўлага тушишди. Ҳаво ҳужуми тўхтагани билдирилгандан кейин ҳам ҳеч ким жойидан қимирламади. Бошга тушган мусибат барчанинг иродасини синдирганди.
Кутилмаганда она ўрнидан турли ва хотиржам деди:
– Қани, азизларим, туринглар. Вокзалга боришимиз керак. Эҳтимол, поездга улгурармиз.
Доктор Таль ҳеч қандай эътироз билдирмади. Чунки у мушкул вазиятларда хотинининг айтганини қиларди ва бунга ҳеч қачон афсус чекмаганди. У врачлик анжомларини олиш учун уйига бир зумга кириб чиқди.
Хайрият, улар охирги поездга илинишди. Вагон шунчалик тиқилинч эдики, фақат туришга жой бор эди. Доктор Мишани елкасига миндириб олганди, бу болакайга завқ-шавқ бағишлаётганди. Баъзан Миша ўқитувчи қўшнисининг қизи Мими қолиб кетганига ачиниб қўярди. Мимининг ота-онаси юкларини аравачага жойлаб, вокзалга келишганди. Лаш-лушларини тиқилинч вагонга жойлаштиришга уринишаётганда одамлар уларни калтаклашига сал қолди.
– Вой худойим-ей, шундай пайтда лаш-лушларга бало борми? – деди Ида Григорьевна. – Ҳаммасини ташланглар.
Йўқ, улар лаш-лушларидан воз кеча олишмади. Юкларини яна аравачага ортишиб, уйга қайтишди. Кейинчалик маълум бўлишича, улар ўлим билан юзма-юз келиш учун уйларига қайтишган экан.
– Миша, Мими билан хайрлаш, – деди секингина дадаси. – Энди сен уни ҳеч қачон кўрмайсан.
Агар Миша Талда ўткир хотира бўлмаганда ҳам ўша лаҳзани, ўша сўзларни бир умрга эслаб қоларди.
Йўлда поездни бир неча бор бомбардимон қилишди. Шундай кезларда Ида Григорьевна ўғлини гавдаси билан тўсиб, панароқ жойга чопишарди. Доктор Таль эса ўз вазифасини бажарарди – ярадорларга, беморларга тиббий ёрдам кўрсатарди. Чўзилиб кетган оғир сафардан кейин Уралдаги туман маркази Юрлага етиб келишди.
Доктор Таль Юрладаги касалхонада бош врач бўлиб ишлай бошлади. Уларни кутубхонанинг катта ўқув залига жойлаштиришди. Ида Григорьевна тезда керосин лампани ишлатишни, картошка экишни, пўстин кийиб, кигиз этикда юришни ўрганиб олди. Мишага Юрла ёқиб қолди. Ёзда у бобоси билан замбуруғ теришга борарди, қишда эса чана учгани-учган эди.
Миша мактабга борган вақтда, ҳар қандай уч рақамли сонни уч рақамли сонга ёддан кўпайтира оларди. Икки кун ўқигач, уни 3-синфга ўтказишди. Мактаб директори вилоят таълими бўлимига хат йўллаб, Миша Тални 4-синфга ўтказишга рухсат беришларини сўради. Негадир хатга жавоб келмади ва Миша 3-синфда ўқишни давом эттирди.
Нехемия Мозусевич ўғлининг барча шумликларини кечирарди. Чунки у ёмон ниятда ҳазил-ҳузул қилмасди. Доктор Таль ҳафтада бир-икки марта Юрла касалхонаси ҳамшираларига лекция ўқирди. Миша лекция пайтида орқа қаторда ўтириб, дадасининг гапини қизиқиш билан тингларди. Бир куни эрталаб доктор тунда ишлаган ҳамшираларга лекция ўқиди ва касалларни кўргани кетди. Тушликда шу лекцияни бошқа гуруҳга ўқиши белгиланганди. Доктор тушдаги лекцияга ўз вақтида етиб келолмади ва ташкилотчи лекцияни қолдирмоқчи бўлди. Шу пайт бир даста қоғоз кўтариб олган кичик Таль стол ёнига яқинлашди.
– Мана, – деди у, – дадам менга лекциясини ёзиб бериб, сизларга ўқиб туришимни тайинлади.
У акаси Яшканинг дафтаридан йиртиб олинган оппоқ қоғозларга қараб, эрталабки лекцияни сўзма-сўз такрорлашга киришди. Лекция тугаши арафасида эшик очилди ва доктор Таль остонада ўғлига қараб қотиб қолди.
– Дадажон, ҳозир тугатаман, – деди Миша ҳеч нарса бўлмагандай. Бироқ ҳайрон қолганидан қотиб турган дадасига қараб ўзини тўхтата олмай кулиб юборди…
Ҳа, кичик Таль кўпчилик олдида гапиришни яхши кўрарди. Кейинчалик, талабалик йилларида ҳам йиғинларда конферансье вазифасини мамнуният билан зиммасига оларди. У келажакда эстрада артисти бўлиш ҳақида жиддий ўй сурарди.
Бу яхши-ку, дерсиз. Афсуски, ҳаддан зиёд мақтовлар, кўкка кўтариб ардоқлашлар, охир-оқибат ҳали ҳеч кимга наф келтирган эмас.
Дарҳақиқат, Миша ҳам кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор фойдали эканлигини эрта англади. У олти ёшидан бошлаб койимоқчи бўлганларга эътироз билдирарди:
– Мени койиш мумкин эмас. Ахир, мен ёш истеъдодман…
Аммо ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди: Миша Таль очиқ кўнгиллиги, беғаразлиги, дўстларига садоқати ва ўз манфаатларини ҳар доим умумишга бўйсундиргани учун мактабда ҳам, институтда ҳам ҳурмати баланд эди.
1944 йилнинг охирида Таль оиласи Ригага қайтди. Шаҳар озод қилиниши билан касалхонани тиклаш учун докторни чақиришганди. Уларнинг хонадонида ҳарбий штаб жойлашгани сабабли, Таль оиласи бир қават пастга – генерал истиқомат қилаётган хонадонга вақтинча кўчиб кирди. Бир куни генерал хонасига кирар экан, қўлига газетани буклаб ушлаб, харитани диққат билан кузатаётган болакайга кўзи тушди.
– Қад ростланг! – беихтиёр буйруқ берди генерал ва ўз сўзининг таъсир қилганидан ҳайрон қолди.
Болакай газетани ташлаб қаддини ростлади, бармоқларини текис қилиб қоши ёнига келтирди:
– Саломатлик тилайман, ўртоқ генерал!
– Эркинсан! Вазият тўғрисида ахборот бер.
Миша радиода берилган ҳарбий вазият тўғрисидаги ахборотни сўзма-сўз такрорлади. Генерал ахборотни охиригача диққат билан тинглади ва Мишани кўтарди:
– Зўрсан-ку, оғайни!
– Мен кечаги ахборотномани ҳам биламан, – беозор жилмайди болакай. – Айтиб берайми?..

“ШИШАДАН БЎШАТИЛГАН ЖИН”

Серғайрат, зеҳнли, нозиктаъб Таль нимага қизиқса, бутун борлигини бахшида этарди. Унинг учун ҳамма нарса аҳамиятли эди. Мусиқага жудаям қизиқарди, математикани жудаям яхши кўрарди. Футбол ўйнашни жудаям ёқтирарди: бешинчи синфда ўқиб юрган вақтидан бошлаб институтнинг учинчи босқичигача дарвозабон бўлди.
Ота-онаси тиниб-тинчимас фарзандининг қизиқишларига қаршилик кўрсатишмасди. Фақат уларни Миша нимага қизиқса, ўша нарсага муккасидан кетиб шуғулланиши хавотирга соларди. Аммо мусиқа бундан мустасно. Негаки, доктор Таль оиласида мусиқага ҳурмат-эътибор кучли эди. Докторнинг ўзи скрипкада, Ида Григорьевна роялда, амакиси Роберт виолончелида ажойиб куйлар ижро эта олишарди.
Шунинг учун Миша роялда куй чалишга қизиқиб қолганда ҳамма уни мусиқачи бўлади, деб ўйлаганди. Ахир, у бу борада айрим натижаларга эришишга улгурганди. Ким билади дейсиз, шоҳмот мухлиси бўлган доктор кичик ўғлига шу ўйин сирларини ўргатмаганда, эҳтимол дунёда битта ўртамиёна мусиқачи кўпаярди, лекин дунёда битта буюк шоҳмотчи етишиб чиқмасди.
Меҳрибон доктор ўша кезда шоҳмот учун даҳшатли жинни шишадан чиқариб юборганини хаёлига ҳам келтирмаганди. Қолаверса, бундай бўлишида она ўзини айбдор санарди. Ҳа, у айбдор, хато қилди, бундай бўлгани учун ўзини сира кечира олмасди. Наҳотки тажрибали ва сезгир она Миша учун шоҳмот – кураш, куч-билимини синаш ва албатта ғалаба қозониш майдонига айланиб қолишини олдиндан кўра олмади?
Тез орада она келаётган “хавф”ни сезди ва уни бартараф этиш учун чоралар кўрди. Энди она ўғлининг футбол ўйнашига қаршилик кўрсатмасди, аксинча, ўзи Мишани майдонга олиб бориб қўярди. Чунки футболдан кеч, шимлари йиртилган, тиззалари шилинган ҳолда келса ҳам бу Мишанинг мусиқа билан шуғулланишига халақит қилмасди: ювиниши ҳамоно роялда куй ижро этишга киришарди.
Шоҳмот эса секин, лекин бехато таъсир этувчи “оғу” бўлгани учун Мишани забтига олганда уни на мусиқа, на бошқа нарса қизиқтирарди. Аммо ўша кезлар Ида Григорьевна йиллар ўтиб, Мишанинг шоҳмотдаги ютуқлари овозаси мусиқа ўқитувчисининг мақтовларини босиб кетишини хаёлига ҳам келтира олмасди.
Аммо шоҳмотнинг ҳам “математика” деб аталган рақиби бор эди. Мактабда Мишанинг математикадаги ноёб қобилиятига дарҳол эътиборни қаратишди. У математик масалаларни нафақат тез ечарди ва албатта ўзига хос ечим топарди. Математик масала ва викториналар танловида Мишани енгиб бўлмасди. Математика унинг курашга чанқоқлигини қондирарди: олдига қанча қийин муаммолар қўйилмасин, рақамларга қарши “жанг”да ғалаба қозонарди. Бу унга ёқарди, масалаларни ечиш жараёни завқ бағишларди. Чиндан ҳам Миша математикани жудаям яхши кўрарди.
Ким билади дейсиз, эҳтимол дунёда битта ажойиб ёки ўртамиёна математик кўпайган, ўз навбатида битта буюк шоҳмотчи камайган бўларди, агар… Расмиятчи математика ўқитувчисини Мишанинг кўпхонали сонларнинг илдизини ёддан чиқариши ҳайратлантирмасди, аксинча, дафтарига учбурчак шаклини чиройли чизмагани авзойини ўзгартирарди. Мишанинг дафтарига сиёҳ томган, масалалар ечимини тўла ёзмаган, хуллас, қилдан қийиқ топарди. Аввалига “уч”лар, кейин “икки”лар қўйилди.
Мишанинг қайсарлиги тутди. Атайлаб дафтарига сиёҳ томизарди. Ўқитувчининг бу борада ҳақлигини билгани сайин зардаси қайнарди. Кейин бир воқеа рўй берди, математика ва шоҳмот ўртасидаги рақобат узил-кесил тугади. Таль қандайдир масалани ёдида ечди ва жавобини дафтарига ёзди. Ўқитувчи масаланинг ечими ёзилмагани учун жавоб шундай кўчириб олинган деб ҳисоблади. Бундан Миша қаттиқ хафа бўлди ва математика дарсларига кирмай қўйди. Охир-оқибат Мишани бошқа мактабга ўтказишди, лекин математика билан боғлиқ қизиқиш ниҳоясига етганди.
Алқисса, шоҳмот йўли тозаланди. (Тўғри, Миша юқори синфларда ижтимоий фанларга, айниқса, адабиётга жудаям қизиқиб қолди. Аммо адабиётга қизиқиши шоҳмотга бўлган иштиёқидан устун кела олмади.)
У шоҳмотга эгилиб ўтирганда бир тутам жингалак сочи қисиқ кўзлари устига тушиб турарди. Бу кўриниш кўпчиликда кулги уйғотарди. Юриш ҳақида ўйлаганда ҳамма нарсани унутарди, ҳатто шоҳмот ўйнаётганини ҳам. Қўллари фикрларига монанд ҳаракатланарди: кўзи ожиз шоҳмотчи каби юрмоқчи ёки урмоқчи бўлган доналарни пайпаслаб қўярди.
Бу одати рақибларига халақит берарди. Юқори синф ўқувчиси бир гал у билан шоҳмот ўйнаётганда Мишани икки қўли билан ўзи ўтирган стулни ушлаб ўтиришга мажбур қилди. Таль олти юришгача чидади. Кейин тахтадаги доналарни сочиб юбориб, хонадан чиқиб кетди.
У тенгдошларини, ўзидан катталарни, танишларни, нотанишларни ютиш учун тинмай шоҳмот ўйнарди. Синф, мактаб мусобақаларида қатнашарди. Ўқувчилар саройида, ҳовлида, уйда, дарсда, танаффусда дона сурарди. Сира шоҳмот ўйнаб чарчамасди.
Мишага омад кулиб боққанди: ўқувчилар саройида ажойиб инсон қўл остида шуғулланарди. Янка Крузкоп инглиз тили ўқитувчиси бўлиб, шоҳмотнинг ашаддий мухлиси эди. У шоҳмотдан устунроқ фақат болаларни севарди. Крузкоп кайфият кишиси бўлгани учун шоҳмотда гўзалликни ёқтирарди, шу боис спорт устаси даражасига эришмагандир.
Устози Мишанинг содиқ ва оқибатли шогирд бўлишини дарҳол фаҳмлади. Тез орада Миша Таль ҳам оддийгина ютишни эмас, чиройли ғалаба қозонишни жудаям исташини англаб қолди.
Энди у Вейденбаум кўчасидаги уй ертўласида жойлашган Рига шоҳмот клубига тез-тез борадиган бўлди. Миша биринчи даражали шоҳмотчиларнинг дона суришларини томоша қилиш, улар билан гоҳи-гоҳида ўйнаш, кекса мухлисларнинг “жанговар ўйинлари” ҳақидаги ҳикояларини тинглаш учун кўп нарсадан воз кечарди. Кечроқ қолса, клубга онаси ёки амакиси Роберт келиб болакайни судрагандай олиб кетишарди.
Доктор Талнинг кичик ўғли меҳрибон ва ёқимтой бола бўлишига қарамасдан улғайган сайин ўзига хос феъл-атворга эга эканлиги сезила бошлади. Миша ҳар ишнинг уддасидан чиқишига, муваффақият қозонишига ишониб қолганди. Ўзингга юқори баҳо бериш уйда, мактабда, ишончли одам назорати остида сезилмаслиги мумкин. Лекин ҳаёт денгизида мустақил сузганингда ёмон оқибатларини кўрсатади. У буни билмасди ва жабрини тортарди.
Межа боғида сайр этар экан, унинг чўмилгиси келди. Боғ кўлининг ёмон “одат”лари бор. Бу ҳақда Миша ҳам эшитган, аммо… Таль ҳеч нарсадан қўрқмайди! Хайрият, онаси ботиний сезгирлиги боис яқинлашаётган хавф-хатарни англаб қолди ва ўғли томон шошди. Миша оқим ўрамасига тушиб қолиб, тошлар билан ўрага тушиб кетаётганда қўлидан онаси ушлади. Оқим Мишани чайқалтиргани учун узоқ вақт касал бўлиб ётди.
Ўйларсиз: бу унга сабоқ бўлди. Бир неча йил ўтгач, доктор Таль хотини ва кичик ўғли билан Қора денгиз бўйига дам олишга борди. Миша талаба эди, мамлакат биринчилигининг чорак финалида ўйнаганди, спорт устаси унвонини олишга улгурганди. Хуллас, жиддий йигит бўлиб, ота-онасининг фахрига айланганди.
Сочи яқинидаги масканда икки кун маза қилиб дам олишди. Булутли Болтиқ бўйидан келган меҳмонларга Қора денгизнинг иссиқ иқлими ва майин шабадаси ором бахш этарди. Учинчи куни денгизда пўртана авжига чиқди. Ригалик уч меҳмон чўмилиш масканидан йигирма метр узоқроқда жойлашишди. Доктор Таль хотини билан денгизда олдинма-кетин кўтарилаётган тўлқинларни томоша қиларди. Шундоқ ёнларида ётган Миша эса эрмак учун тошларни ирғитиб, иккита маҳаллий бола билан суҳбатлашарди.
– Пўртанани қара! – деди улардан бири ҳаяжонланиб. – Сизларда бундай пўртаналар бўлмаса керак.
– Нима? – деди ригалик қошларини чимириб. – Болакайлар, шуни пўртана деб атаяпсизларми? Мана, кўриб қўйинглар.
Миша шу заҳоти ўрнидан туриб денгиз томон чопди. Бу воқеа шунчалик тез содир бўлдики, она қўрққанидан бақиришгагина улгурди. Шу вақтда тўлқин Мишани бир неча марта айлантириб, қирғоққа улоқтирди. Уни зўрға ҳушига келтириб, меҳмонхонага элтишди. Ҳарорати қирқ даражагача кўтарилди. Доктор мияси чайқалган, деган ташҳис қўйди. Хуллас, Мишанинг саломатлиги бир оз тикланиши билан Ригага қайтиб кетишди.
– Яшка, дарвозабонлик чин сўзим, бу жудаям яхши улоқтириш бўлди, – дея Миша қаршисида ўтирган акасига воқеа тафсилотини тушунтирарди.
Ида Григорьевна эса ҳарорат ўлчагични силкитиб, бошини чайқарди.
Орадан йиллар ўтди. Порторожда минтақалараро мусобақа давом этарди. Қатнашчилардан бири – мусобақа пешқадами дам олиш учун чўмилиш масканига келди ва беш метрлик миноранинг устига чиқди: мақсади – юқоридан атрофни кузатиш эди. Шу пайт унинг ёнига битта журналист келиб, киноя қилди:
– Нима бўлди, биродари азиз? Шоҳмот тахтаси узра дадил ҳужумга ташланасиз, бу ерда чўчияпсизми?
Журналист сўзини тугатар-тугатмас Таль минорадан сакради ва сувга қорни билан тушди. Кун бўйи кўнгли айниб юрса ҳам мамнун эди: у шаънини ерга урмади!
Бу ўспириннинг феъл-атворини мухтасар тарзда қандай ифодалаш мумкин? Эҳтимол, ўзини катта олиш, ҳамма нарсани эплайман, ҳар ишни уддалайман дея мағрурланиш, бениҳоя ўйинга ташналик, ғалабага чанқоқлик, бу хислатлари учун иззатталаблик. Лекин манманликка ўрин бермаслик, биродарлик туйғусини улуғлаш (у мамлакат чемпиони бўлгандан кейин ҳам факультети жамоаси таркибида университет мусобақаларида қатнашарди). Сиз буларга чексиз некбинлиги, ҳазил-мутойибага мойиллиги, конферансье бўлиш орзусини қўшинг. Ниҳоят, қон-қардошларга меҳрибонлик. Қайси мусобақада бўлмасин, Москвадами, Швейцариядами Таль уйдагилари билан телефонлашмасдан уйқуга ётмасди. Михаил Таль кимлар билан келаётган бўлишига қарамай, онасини кўрган заҳоти ёнига бориб, уни ўпиб қўйишдан сира уялмасди, айниқса, бундай хислат билан ҳамма бола ҳам мақтана олмайди!

“МЕН ҲЕЧ КИМДАН ҚЎРҚМАЙМАН!”

Миша ўқувчилик даврида қатнашган барча мусобақаларни шарҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Уларнинг сони жуда кўп. У бундай мусобақаларда эътиборга молик муваффақиятга 9-синфда ўқиб юрганида эришди: биринчи шоҳмот даражаси талабини бажариб, катталар ўртасидаги Рига чемпионатига йўлланма олди. Шуниси қизиқки, чемпионатда спорт устаси Кобленцни ютди. Ўша йили Латвия чемпионатида иштирок этиб, ўн биринчи – ўн иккинчи ўринларни бўлашиб олди.
Гўё Таль катта йўлга чиқиб олганди. Лекин унинг кейинчалик ҳам жиддийлиги билан ном қозонмаганини эсласак, ўша ўн тўрт ёшидаги бу хусусияти тўғрисида гапириш ортиқча. Мусобақаларга тайёргарлик кўришни билмасди, ўйинларни таҳлил қилишга сабри чидамасди. Бундай ишлар ўрнига ўн-йигирмата партияни ўйнаб ташлашни афзал кўрарди, нари борса, умумий ҳисобда ким ғалаба қозонгани қизиқтирарди.
Рақибларининг узоқни кўзлаган ғояларига эътибор бермас, у бу ғояларни сезмасди. Фақат тахтада сипоҳларни қурбон қилиш мумкин бўлган вазият юзага келганда кўзлари ёниб кетарди.
Унда ўша вақтда услубий тайёргарлик, вазмин фикр-мулоҳаза юритиш умуман йўқ эди. Ўйинларда катта устунликка эришгунча дадил дона сурарди. Кейин бирдан ўйинга бўлган қизиқиши сўнарди, гўё ушлаб олган балиғини дарёга қўйиб юбориб, қайтадан овлашни истарди. Бўшатилган балиқ иккинчи бор қармоққа кам илингандай, Таль мусобақаларда енгилтаклиги туфайли кўп очко йўқотарди.
Хуллас, у кўпроқ дуэлбоз ролида чиқишни ёқтирадиган актёрга ўхшарди. Мисоли “Ромеа ва Жульетта”даги Меркуцио. Аммо у ўз ролини қойиллатиб ижро этарди. Айниқса, ўйинда ташаббусни ўз қўлига олса, вазият топқирликни талаб қилса, излаган муҳитини топгандай яйраб кетарди ва рақибларини қил устида ушлаб турарди.
Қанчалик жанговар бўлмасин, тез ранжирди, тез таъсирланарди, тезда қизишиб кетарди. Ўз хатоси туфайли ютқазиб қўйса, эзилиб юрарди ва бундай кезларда рақибларига нишон вазифасини ўтарди. Бир гал саралаш мусобақасида пешқадамлик қиларди ва вазияти яхши бўлиб турганда бўғма мотни кўрмай қолди. Бу хато унга шунчалик таъсир қилдики, қолган ўйинларнинг барчасида курашсиз таслим бўлди.
Бироқ ҳар қандай мағлубият Талнинг иродасини синдирмасди. Болакай рақибларини ҳурмат қилишни биларди. Агар ҳалол ўйинда мағлубиятга учраса, кейинги учрашувда бор кучини ишга соларди.
Ёш Талнинг (улғайгандан кейин ҳам) севимли машғулоти тезкор шоҳмот эди – бунда ечим узоқ кутдирмайди ва асосан аниқ битта режа билан ўйналади. Тез фикрлаш қобилиятига эга Таль блиц-ўйинларда ўзини кўрсатарди.
Шундай мусобақа борки, унда тезкор шоҳмот устаси ҳисобланган Таль цейтнот (вақт танглиги)га тушиб қоларди. Гап жамоалараро мусобақа ҳақида бормоқда. Бу тасодифий ҳол эмас. Биродарлик туйғусини устун қўйган Таль жамоавий ўйинларда ўзига хос таваккал юришлардан воз кечарди, дўстларига панд бериб қўймаслик учун қийналса ҳам узоқ ўйларди, вазият устунлигини секин-аста ошириб боришга ҳаракат қиларди. Албатта, Таль ҳам муваффақиятсизликка учрарди ва улар ўз асоратини қолдирарди.
1951 йилнинг ёзида Латвия ўсмирлар жамоаси мамлакат биринчилигида қатнашарди. Литва жамоаси билан бўлган ўйинда Таль Росимовичга қарши дона сурарди. Жиддий қиёфада ўтирган Миша ўйинга берилиб кетди, пиёдасини қурбон қилди ва вазияти ёмонлашди. Шу вақтда у ҳушига келди, жамоа учун ўйнаётгани эсига тушди… Қанчалик уринмасин цейтнотда ўйинни топширди.
Ўйиндан кейин жамоа сардори Талга бирор нарсани қурбон қилишни қатъиян тақиқлади. Шундай ҳам у қаттиқ азоб чекаётганди. Бундан кейин вазият устунлигига эришиш учун ўйнашга ваъда берди. У сўзининг устидан чиқди, лекин бу жамоа учун қимматга тушди: Таль қолган тўққиз ўйинда атиги уч ярим очко жамғарди. Афсусланарлиси, учта ўйинни цейтнотда ютқазди.
Яна шундай воқеа бўлганди: Таль ўзи истамаган ҳолда жамоадошларини қаттиқ ранжитди. Бу келгуси йили Ростовда ўсмирлар ўртасидаги мамлакат биринчилиги ярим финалида юз берди. Охирги турда пешқадамлар – Украина ва Латвия жамоалари учрашган бўлса, учинчи даъвогар – россияликлар Туркманистон жамоасига қарши ўйнарди. Тугалланган ўйинлар натижасига кўра украиналиклар 3:2 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Энди Латвиянинг финалга чиқиши давом этаётган Таль ўйинига боғлиқ бўлиб қолди: бунинг учун у дуранг қилиши кифоя эди, ўшанда россияликлар барча ўйинни ютганда ҳам очколар бўйича латвияликларга ета олишмасди.
Ўйинда вазият тенг, Талнинг дурангга эришиши учун муаммо йўқ эди. Бироқ, ўйин қизиқарли тус олиши мумкин бўлгани учун Таль дуранг таклиф қилмаётганди, у қизғин курашга киришишни қўмсарди. У ҳушёрликка ундовчи қалб овозига қулоқ солди, тезда йўлакка чиқди ва қўшни залда ўйнаётган россияликлар натижасини суриштирди. Кимдир унга туркманистонликлар ярим очко олганини айтди. Балки у янглишганди ёки нохолис ниятда ҳақиқий ҳисобни яширганди. Чунки россияликлар барча ўйинда ютганди. Миша ёлғон хабарни эшитиб хурсанд ҳолда жойига ўтирди: энди ўйнаса бўлади, ҳатто ютқазса ҳам ҳеч нарса қилмайди, финалга чиқиш масаласи ҳал бўлганди. Сиз ҳам сезиб турибсиз, Таль ўша ўйинда ютқазди. Ўйин варақасига енгилганини ёзаётган вақтда аччиқ ҳақиқатни билди ва жамоадошларига оғир зарба берганини тушунди.
Бу унга умрбод унутилмас сабоқ бўлди. Ўшандан кейин кўплаб жамоавий мусобақаларда – мамлакат чемпионати, талабалар ўртасида жаҳон биринчилиги ва шоҳмот олимпиадаларида қатнашди, у ҳар сафар жамоада сермаҳсул ўйин кўрсатди.
Таль 1952 йилнинг ёзида Ригадаги 16-ўрта мактабни тугатиб, Латвия университетига кириш учун ариза берди. Бир неча кундан кейин ҳужжатларини қайтаришди: ҳали у 16 ёшга тўлмаганди. Олий таълим вазирлигидан рухсат олишга тўғри келди. Буни қарангки, баҳорда катталар ўртасида Рига чемпиони бўлган Таль ҳали “болакай” экан.
У мактабни тугатса ҳам шўхлигини қўймади. Кириш имтиҳонида “Евгений Онегин” романидаги “Қаттиқ койимасди шўхлик қилса ҳам, дала боққа олиб кетарди ҳар дам” мисраларидаги “дала” сўзини, ўзича замонавийлаштириб “бола” деб ўқиди. Бу шўхлиги баҳосининг пасайишига олиб келди, жавоби “тўрт”га баҳоланди. Қолган имтиҳонлардан “беш” олгани учун университетга кирди.
1953 йилда Таль биринчи катта муваффақиятига эришди – у Латвия чемпиони бўлди. Шунингдек, мамлакат жамоавий биринчилигида муваффақиятли дона сурди. Финал мусобақаларида иккинчи тахтада ўйнаб, спорт устаси Каспарян билан бир хил очко тўплади. Муҳими, чиройли ғалабаларга эришди. Чиндан ҳам Таль спорт устаси унвонига муносиб ўйинлар кўрсатаётганди, унга бундай “имтиҳон” топширишга рухсат беришди. “Имтиҳон” олувчи вазифасига спорт устаси Владимир Сайгин тайинланди.
Шу вақтгача шоҳмотчи Талнинг фазилатлари ҳақида эмас, заиф томонлари тўғрисида фикр юритдик. Шу боис сизни унинг 16 ёшида Республика чемпиони бўлгани ва спорт устаси унвонига даъвогарлик қилаётгани ажаблантираётгандир.
Бундай қарама-қарши фикрлар ўринсиз. Чунки Таль шоҳмот ўйнаётган вақтда вазиятни чуқур баҳоламаётгани, ҳимояланиш талаб этиладиган юришларни ёқтирмаслиги, чидамсизлиги (у тез юриб, рақибларини цейтнотга туширарди) кўзга яққол кўриниб турарди. Фазилатларига келсак, уларни кўриш, аниқлаш қийинроқ, барчаси биттагина “истеъдод” деган сўзда ифодасини топган. Ҳақиқатан ҳам Таль ажойиб тарзда ютганда, қийин вазиятлардан “сирғалиб” чиқиб кетганда, табиий иқтидори намоён бўларди.
Биз унинг болалигидан ажойиб хотирага эга бўлганлигини биламиз, бу фазилати шоҳмотда жуда асқотарди. Эҳтимол, чигал вазиятларда барча йўлларни хаёлан кўришда Талга тенг келадиган рақиб йўқ эди. У вазиятларни хаёлан шунчалик чуқур таҳлил қилиш қобилиятига эга эдики, бошқалар хоҳлаганларида ҳам бунинг уддасидан чиқа олишмасди. Фақат у бундай теранликда нарсаларнинг асл рангларини ажратмаган, бошқача айтганда юришлар кетма-кетлигининг баъзи оқибатларини кўрмаган бўлиши мумкин. Бироқ Таль ўйиндаги вазиятларда юзага келадиган юришларни рақибларига нисбатан яхшироқ ҳисобларди.
Унинг шоҳмот қобилиятидаги ўзгаларни жалб этадиган фазилатлари: ўйин пайтида хаёлларга эрк бериш, ижодкорлиги, топқирлиги эди. Ўртамиёна шоҳмотчилар, айниқса, ҳаваскорлар ўзларининг чиройли комбинацияни амалга оширган ўйинларини эслашлари қийин. Лекин Талнинг ҳар қандай мусобақадаги исталган ўйинини эслаб, ундаги чиройли юришларини ёки қурбон билан боғлиқ комбинациясини кўрсатса бўларди. Гўё у комбинация ҳавосидан нафас оларди. Таль ўйиннинг гоҳ у жойида, гоҳ бу жойида кутилмаган юриш қиларди, рақибларини чалғитадиган “қопқон” қўярди ёки чиройли тарзда “тузоқ”қа туширарди.
Сиз бунга унинг таваккал ўйинга мойиллигини, хатардан ҳайиқмаслигини, ҳайрон қоларли даражада тез дона суришини қўшинг, шунда сабр-бардошли, билимли, оддий ҳаваскорга ютқазиши мумкин бўлган бу тажрибасиз ва чидамсиз, лекин ҳийлакор ва уддабурон ўсмирнинг нима учун спорт унвонларига эга шоҳмот рицарларини қулатганини тушунасиз.
Тўғри, ўша вақтда Талда кейинчалик баҳс-мунозараларга сабаб бўладиган ўз ўйин услуби, ўзига хослиги ҳали тўла шаклланмаганди. Лекин ёш Талнинг ўйинларини диққат билан таҳлил қилсангиз, унинг ўз ўйин услуби, ўзига хослиги шакллана бошлаганини кўрса бўларди.
Шу ўринда Талнинг 1953 йилда ўтказилган мамлакат жамоа биринчилигида Грушевскийга қарши ишлатган комбинациясини алоҳида таъкидлашимиз лозим. У мазкур мусобақада ҳам бундан-да чиройли комбинацияларни амалга оширди. Лекин айнан ўша комбинациясида Талнинг ўзигагина хос жиҳатлари яққол кўзга ташланади.
Ўшанда Таль ўйин ўрталарида рақиби унга тузоқ тайёрлаётганини сезиб қолди. Ўзига хос тафаккури ёрдамида тузоқ оқибатларини чуқур таҳлил қилишга киришди. “Хўп, – деб ўйлади у, – тузоғига илинсам нима бўлади”. У хаёлида барча йўлларни кўриб чиқди ва рақиби илғай олмайдиган “теранлик”да ечим борлигини кўрганда қувониб кетди. Оддий қилиб айтсак, Таль кутилаётган комбинацияга жавоб зарбаси борлигини топди. Яъни, тузоққа қарши тузоқ. Бу ажойиб! Рақиби бу тузоқни кўрдимикин? Ҳар қалай уни бунга ундаб кўриш керак.
У чалғитувчи юриши билан рақибига комбинацияни бошлашига имкон берди. Грушевский узоқ ўйлаб ўтирмади: сирти ялтироқ комбинациясига маҳлиё эди. Кейинги юришлар Таль “ёзган” сценарий бўйича давом этди: Таль қурбонликни олди, Таль чекинди, Таль лашкарлари қоча бошлади. Рақиби ғалабаси тантанасига ҳозирланаётганда бирдан қочаётган сипоҳлар орқага ўгирилишди ва таъқибчиларига ажал уруғини сочишди.
Бир йилдан кейин Талнинг ўспиринлар жамоавий мусобақасида Висоцкисга қарши ўтказган ўйинида ҳам шундай ҳолат такрорланди. Таль рақиби сипоҳлар қурбони билан боғлиқ комбинацияга ундаётганини сезиб қолди. У вазиятни тезда чамалади ва рақиби “мина” тайёрлаб қўйганини кўрди. Айтайлик, “мина” портлайди, кейин нима бўлади? Маълум бўлдики, Висоцкис ундан кейинги юришларни ўйламаган. Чуқурроқ таҳлил қилган Таль рақибининг режасини чиппакка чиқарувчи юриш борлигини илғади. Яна Таль итоаткорлик билан рақибига бўйсунди. Яна пона понани бўлиб ташлади, комбинация комбинацияни йўққа чиқарди! Бу усул, яъни йиқилаётган полвондай рақибини ўзига тортиш ва уни қулатиш Талга ёқиб қолди.
Эҳтимол сиз, мўйлови сабза урмаган ўспирин унга таниқли спорт устаси билан ўйнашга рухсат берилганини эшитгач, жиддий тайёргарликни бошлаб юборгандир, деб ўйлаётгандирсиз. Айтайлик, Сайгин ўйинлари матнини кўриб чиққандир? Ё янги дебютлар тайёрлагандир? Ёки ўзи учун қийинроқ эндшпиль ҳолатларини таҳлил этгандир? Таль уни ҳам, буни ҳам, учинчисини ҳам қилмади. У ўзига қаттиқ ишонгани ва енгилтак ўйларга берилгани учун бўлажак учрашувга жуда оз тайёргарлик кўрди. Кейинроқ билдикки, Таль шундай қилса бўлар экан.
Биз бунда Таль феъл-атворига хос бир жиҳатни яққол кўрамиз: у тинкаси қуригунча ишлашга, кеча-кундуз демасдан шоҳмот ҳикмат-билимларини ўрганишга тайёр, агар таҳлил этилаётган ўйин ёқса, қизиқарли бўлса. “Ҳаёт гўзал, меҳнат ҳузур бағишлайди”. Бу нақл унинг кўнглидаги гап эди.
Хуллас, ёш Таль зарурат туғилганда соғлом фикр тақозо этадиган ишларни бажаришга ўзини мажбур қила олмасди. У қалбида табиат туҳфа этган иқтидор тўлиб-тошаётгани учун ўйлаб кўриши лозим бўлган ишларга ҳам эътибор бермасди. Лекин шундай давр келдики, ёлғиз истеъдоднинг ўзи аравани тортишга қурби келмай қолади. Қачондир шундай бўлади? Ҳозирча Таль учун “муваффақият” ва “меҳнат” тушунчалари бири иккинчисидан жуда йироқ, ғалаба қозониш учун кўтаринки кайфият бўлса бас.
Сайгин билан ўйини Рига шоҳмот клубида ўтказилди. Бу учрашув, айниқса, Таль тенгдошлари ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Ўйин давомида Миша ўрнидан сакраб туриб, кимнингдир олдига келар, ҳазил-ҳузул гапларини айтиб кулишиб оларди. Бошқача айтганда, учрашув қувноқ ва эркин муҳитда ўтди.
Тўғри, яккама-якка учрашув бошларида қувонишга асос йўқ эди: биринчи ўйин дуранг бўлди, иккинчи ўйинда Талнинг таваккал қурбони рақибига сифат устунлигини берди ва тез орада тор-мор этилди. Аммо кейинги ўйинда Миша нишонни бехато уриб завқланди: шоҳга ҳужум қилиб, Сайгин сипоҳлари қаторини сочиб юборди ва 47-юришдаёқ уни таслим қилди. Кейин кетма-кет тўртта дуранг, ниҳоят 8-ўйинда ғалаба!
Шундай қилиб, саккиз ўйиндан кейин Таль ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ўн биринчи ўйинда ҳисоб тенглашди. Таль ўйинда катта устунликка эришганди, сабр билан ҳосилни йиғиштириб олиш ўрнига ўртоқларини хурсанд қилиш учун чиройли кўринган комбинацияни бошлади. Афсуски, бунинг охири вой экан.
Ҳисоб тенглашиб, учрашув тугашига бор-йўғи уч ўйин қолганда Таль хавотирга тушди, ҳатто енгил-елпи тайёргарлик кўргани учун афсусланди. Аммо кейинги икки ўйинда рақибини енгди, охиргисида дурангга келишди ва учрашувда зафар қучди – 8:6.
Бундай ғалабани нишонламаслик мумкин эмас. Шундай ҳам Таль хонадонида Мишанинг 5-6 нафар ўртоғи ҳар куни тамадди қиларди (ота-онаси кичик ўғлининг уйни меҳмонхонага айлантирганига кўникиб кетганди), ўша кечқурун келди-кетдининг охири кўринмасди.
Бахтиёр ёш спорт устаси роса яйради: мансабдорларнинг ғашига тегадиган сўзлар қўшилган тақлид ва ҳазил қўшиқлар куйлади (доктор Таль ўғлига хавотирланиб қараб қўярди), хотира қувватини намойиш этди, роялда мусиқа ижро қилди. Хуллас, ўзининг ҳақиқий иқтидори шоҳмотда эмас, эстрадада эканини кўрсатишга уринди.
Вазмин Сайгин бундай қувноқ шоҳмотчини биринчи марта кўраётгани учун ҳайрон қолиб ўтирарди. Доктор Таль пайт пойлаб, Сайгинни чеккага таклиф қилди ва дилидаги гапини айтди.
– Сиз Куприннинг “Марабу” ҳикоясини эсласангиз керак. Шоҳмотчиларни лайлаксимон қушга ўхшатиши ўринсиз бўлса ҳам яхши ҳикоя. Бизнинг Марабу қушимиз сизга ёқдими? Тиниб-тинчимас бу бизбизак, шоҳмот тахтасига тикилиб қачон шуғулланар экан? Унинг енгилтаклиги баъзан мени ташвишга солади. Илтимос, у билан гаплашиб кўринг, шоҳмотга жиддий ёндошиш лозимлигини уқтиринг.
Сайгин нозик топшириқни астойдил бажаришга чоғланиб, ўспиринни чеккага тортди.
– Сен мени ютдинг ва байрам қилаяпсан, – дея гап бошлади у. – Энди спорт устаси бўлдинг, мамлакат чемпионатининг чорак финалида ўйнайсан, эҳтимол ярим финалга чиқарсан. Ярим финалда ўйнаш осон эмас. Ҳатто кимдандир ярим очко олиш ҳам қийин. Холмовга ўхшаганларни ютишнинг ўзи бўлмайди. Улар билан дуранг қилиш ҳам катта гап. Шу боис сен ҳар бир мусобақага, ҳар бир ўйинга жиддий ҳозирлик кўришинг керак. Сен…
Таль тинглар экан ўзича ўйларди: “Сиз мени бекорга қўрқитяпсиз. Мен ҳеч кимдан қўрқмайман! Тўғри, ўзига қаттиқ ишониш яхши эмаслигини биламан, мен шундай яратилган бўлсам не қилай? Агар бурдалаб ташласангиз ҳам ҳеч кимдан қўрқмайман! Сиз дадамнинг гапига кириб (у ҳаммасини кўриб турганди), бекорга шу ишга қўл урдингиз. Мен шундай яратилганман”.
Шунга қарамай, у Сайгиннинг “тарбиявий соати” тугашини жимгина кутди ва сакраб туриб рояль ёнига бориб деди:
– Хонимлар ва жаноблар! Яна сиз учун куй чалиб бераман…
Сайгин кулиб қўйди ва қўлини силтади.
Тез кунда тантанали маросим эртароқ ўтказилгани маълум бўлди. Гроссмейстер Авербах бошчилигидаги унвон бериш комиссияси Талга спорт устаси унвонини расмийлаштиришга шошилмади. Сабаби, уларни Талнинг ғалабаси шу унвонга лойиқлигига ишонтира олмабди. Улар бу масалани қўшимча далил-тасдиқ бўлгунча қолдиришганди. Таль уларга шундай асос яратиб берди.
Негаки, кўп ўтмай Ригада мамлакат жамоавий биринчилиги ташкил этилди. Таль “Даугава” жамоаси таркибида биринчи тахтада ўйнади. Илгари у Петросян, Тайманов, Авербах, Корчной, Васюков, Аронин, Лисицин, Кан, Чистяков, Суэтин каби билимдон рақиблар билан тахта ортида юзма-юз учрашмаганди. Албатта, ёш Таль бундай жиддий синовларга ҳали дош бера олмасди. Лекин у битта гроссмейстер устидан ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Таль ўйин бошида Авербахга битта пиёдасини қурбон қилиб, уни чалғитишга уриниб кўрди. Гроссмейстер санъаткорона ҳимояланиб, ташаббусни ўз қўлига олди. Барибир, Таль вақт танглигида битта сипоҳ устунлигига эришди ва унвон бериш комиссияси раисини мағлубиятга учратди.
1954 йилнинг охирида ўн саккиз ёшли Таль унвон бериш комиссиясидан ўзига спорт устаси унвони берилгани тўғрисида билдиришнома олди… Энди “Шоҳмот катаклари қароқчиси” (унга шундай лақаб тўқишганди) кемасининг елканларини кўтариб, очиқ денгизга чиқишга тайёргарлик кўра бошлади.

КАТТА ВОҚЕАЛАР АРАФАСИДА

Шундай қилиб, Таль спорт устаси! Кучли рақиблар билан ҳам дона суришди ва бу учрашувлар ўз самарасини берди. Бошқача айтганда, “балоғатга етиш” фурсати келганди. Аммо Талнинг шоҳмот услуби шаклланиш жараёнида эди. Ҳамон унинг ўйинлари мўътадил эмасди, қизиқарли вазиятлардан тез таъсирланиши тўлиқ куч билан ўйнашига имкон бермасди. Бундан ташқари (тасаввур қилинг, бу ҳам аҳамиятли экан), уйдагиларининг меҳрибонлигига ўрганган Таль бошқа шаҳарларга борганда, оддий турмуш қийинчиликларига тайёр эмаслиги сезилиб қоларди.
1955 йилнинг май ойида Вильнюсда мамлакат биринчилигининг чорак финал мусобақаси ўтказилди. Қатнашчилар орасида спорт усталари – Холмов, Сокольский ва Эстония, Белоруссия, Латвиянинг бир қатор кучли шоҳмотчилари бор эди. Мусобақа бошида Сайгиннинг огоҳлантириши бежиз эмаслигини эслади: Таль ўн турдан кейин беш очко жамғарганди.
Билмадик, Миша мусобақани қандай якунларди, бироқ воқеалар ривожига унинг онаси аралашди. Ўғлининг ишлари ёмонлигини сезган она ёрдамга шошилди. Ажойиб тонглардан бирида Ида Григорьевна Миша яшаётган меҳмонхона хонасининг эшигини очди.
Озиб кетган Миша шоҳмот тахтасида қайсидир ўйинни таҳлил қиларди. Онасини кўриши билан қучоғига отилди.
– Миша, ишларинг қалай?
– Ойижон, ёмон. Эрталаб оч қолаяпман, меҳмонхонанинг ресторани тушда очилади. Туфлим оёғимни қисаяпти. Кейин, жуда зерикаяпман.
– Шундайми, ўғлим, туфли муаммоси оддий ечилади: пойларини алмаштир, сен уларни нотўғри кийибсан. Нонушта масаласига келсак, ҳозиргина Айвар Гипслиснинг меҳмонхона қаршисидаги қаҳвахонага кириб кетаётганини кўрдим. Энди бошқа зерикмайсан, чунки мен сен билан қоламан. Қани, айт-чи: энди ютамизми ёки хуноб бўлиб юраверамизми?
– Албатта, ютамиз!
Ҳақиқатан ҳам у дилгирлигини унутиб, кейинги етти турда олти очко жамғарди. Натижада Таль Холмов ва Нейдан ортда қолиб, Чукаев билан 3-4-ўринларни бўлашиб олди.
Мазкур мусобақада диққатга сазовор ўйинлар, ҳатто юришлар бўлди. У ўн биринчи турда Гипслисга қарши қора доналар билан ўйнади. Талнинг мусобақа жадвалидаги мавқеи ёмонлигини билгани учун Гипслис очиқчасига дурангга ўйнай бошлади. У Тални бундай натижа қаноатлантирмаслигини сезгани учун рақибининг ўзини балога гирифтор этишини кутарди. Бу ҳам рақибга руҳан таъсир этиш усули.
Таль рақибининг ниятини дарҳол англади. Аммо тўғри ташҳис қўйиш ҳали касалликни даволаш дегани эмас. Бу ақидани докторнинг ўғли яхши биларди. Нима қилиш керак? Ҳар ҳолда, бошни кундага қўймаслик лозим. Тезкор ўйин устаси бўлган Таль битта юришни қилиш учун қирқ дақиқа ўйлади!
У вақтни беҳуда сарфламаганди. Таль рақибини издан чиқариш учун қандай руҳий зарба бериш ҳақида ўйлади. У атай тахтада жуда чигал – ҳатто қоралар учун мағлубият вазиятни вужудга келтирди. Ҳамма айёрлик шунда эдики, бу вазиятда оқлар аниқ юришлар қилиб, тезроқ ташаббусни ўз ихтиёрига олиши лозим, акс ҳолда қораларнинг қарши ҳужум уюштиришига имкон туғиларди. Миша айнан шу паллада Гипслис кескин ўйинга тайёр эмаслигини ва дастлабки қарорини ўзгартира олмаслигини фаҳмлаганди. У янглишмаганди, Гипслис аввалгидай эҳтиёткор ва суст ўйинни давом эттирди. Бундан фойдаланган Таль танаффусгача ўйиндаги ташаббусни ўз қўлига олди ва кечиктирилган вазиятда ютуқни таъминловчи ягона йўлни топди.
Бу ўйиннинг эътиборли томони шундаки, Таль руҳан таъсир этишнинг нозик жиҳатларини яхши тушунди ва ундан унумли фойдалана билди. Бундан ҳам муҳими, Таль ихтиёрий равишда тахтада ўзи учун ёмон вазиятни юзага келтирганди. У бу айёрликни ўспиринларга хос ҳисоб-китоб билан эмас, балки фахрийларга хос совуққонлик билан амалга оширди. Биз буни эслаб қолайлик, чунки қаҳрамонимиз ижодий услубини ўрганишимизга, тушунишимизга ёрдам беради.
Мамлакат чемпионати ярим финал мусобақаларидан олдин Таль Латвия – Россия жамоалари ўртасидаги учрашувда иштирок этди. Унинг Вельтмандер билан ўйинида қизиқ воқеа рўй берди. Таль тахтага қараб ажойиб вазиятга эришганини кўрди ва одатдагидай ўйинга қизиқиши сусайди. Умуман олганда, Ласкернинг “Энг қийини – ютуқ вазиятда ютиш”, деган ибораси Таль табиатига жуда мос эди. Талвасага тушган Вельтмандер жон аччиғида кишт берди. Энди шоҳ чекинса бас, кейин рақибни бир неча юришда тор-мор қилиш мумкин. Аммо Тални бундай якун қаноатлантирмасди, ўз асаб толаларини таранг торттириши лозимдай мураккаб юришларини бошлаб юборди. Хатоликка йўл қўйиб, аранг дурангга эришди.
Ким билади, эҳтимол бу дуранг бир неча ғалабага татийди. Ниҳоят, Таль жиддий мусобақаларда сабр-бардошсиз кўп нарсага эришиб бўлмаслигини англади. Қисқаси, Таль улғайганди.
1955 йилнинг охирида Ригада XXIII мамлакат чемпионатининг ярим финали бўлди. Мусобақада Болеславский, Корчной, Фурман, Борисенко, Иливицкий каби уста шоҳмотчилар қатнашди. Атиги беш йил илгари Болеславский жаҳон чемпиони Ботвинник билан яккама-якка ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун Бронштейнга қарши дона сурганди. Ўн тўққиз ёшли Таль ҳам ана шундай эътиборли даврада ўйнаш учун қўйилганди.
Таль ҳеч кимдан қўрқмасди, тахта ортидаги рақибининг обрўсига эътибор бермасди. Албатта, тахта ортидаги рақибига! Ҳолбуки, у номдор шоҳмотчиларни чуқур ҳурмат қиларди: Давид Бронштейнни маънавий устози ҳисобларди, Пауль Керес, Рашид Нежметдиновнинг моҳирлиги ва ҳужумкорлигини, бошқа шоҳмотчиларнинг ҳам ўзларига хос жиҳатларини қадрларди. Шу боис Талнинг ҳар бир мусобақадан кейин кимнингдир ўзидан яхшироқ ўйнаганини эътироф этгани бежиз эмас. Масалан, 1957 йилдаги чемпионатдан кейин ғолиб чиққан Таль мусобақада Бронштейн яхши ўйнаганини ва у биринчи бўлишга ҳақли эканлигини таъкидлади. Тож даъвогарлари мусобақасидан кейин Кереснинг ҳаммадан кўра чиройли ўйнаганини айтди.
Хуллас, Таль мусобақагача ва ундан кейин ҳам рақибларига ҳурмат билан муносабатда бўларди. Лекин уларга қарши ўйнашга отланганида бу ҳурматини пальтоси билан бинога кираверишдаги илгакда қолдирарди.
Яхши хислат! Бунинг учун Миша отасидан миннатдор бўлиши лозим. Чунки доктор Таль беморларни ажратмасди.
– Вазир ҳам, аравакаш ҳам мен учун бир хил бемор, – дерди доктор Таль. – Ҳар бирини даволаш учун сидқидилдан киришишим керак. Ҳеч бир беморга имтиёзли хизмат кўрсатмаслигим лозим.
Доктор мана шу нуқтаи назарини ўғли Мишага сингдиришга ҳаракат қилди. У бу ишни шунчалар устамонлик билан амалга оширдики, кейинчалик Мишанинг феъл-атворидан бир оз хавотирга тушди. Лекин доктор хавотирга тушмаса ҳам бўларди. Миша ҳар доим дўстларига ёрдамлашиш, ўзгаларни, айниқса, кексаларни ҳурмат қилиш руҳида вояга етди.
Кунлардан бир куни гроссмейстер Таль шундай ҳикматли гап айтганди: “Шоҳмотда ягона бир хато бор, бу рақибни ортиқча баҳолашдир”. Бир қарашда бу гап мантиққа зиддек туюлади. Аслида ҳам рақибнинг куч-имкониятларига ҳаддан зиёд эътибор бериш яхшиликка олиб келмайди.
О’Генрининг омадсиз иқтидорли боксчи ҳақидаги ҳикоясини эсланг: у кўчадаги жанжалда жаҳон чемпионини нокаут қилади, рингда эса рақибининг унвонини эшитгач, довдираб қолади, аёвсиз калтакланади. Шоҳмотда ҳам номлар ва унвонлар сеҳрли кучдай таъсир этади.
Бир сўз билан айтганда, Таль ўз кучига қаттиқ ишонарди. Ўзига ишончи ва иқтидорининг некбинлиги Таль шоҳмот қиёфасининг асосини ташкил қиларди. Айнан ўзига қаттиқ ишонгани учун Таль мусобақаларда номдор шоҳмотчиларга қарши дадиллик билан қалтис ҳужумлар бошларди. Албатта, ўзига ишонч, қалтис юришларни синаб кўришга интилиш айрим ўйинларда мағлубият кўчасига етакларди, аммо бу шаклланаётган услубнинг олдини олиб бўлмайдиган арзимас йўқотишлари эди. Молиячилар таъбири билан айтганда, кўрилган катта фойда бу йўқотишларни қопларди.
Ўйинларга енгилтаклик билан тайёргарлик кўраётгани ўз таъсирини ўтказаётган бўлишига қарамай, у мусобақа тугашига бир тур қолганда ғолибликни нақд қилиб қўйди. Чунончи, Таль Борисенкога қарши ўйинга троллейбусда келаётган вақтда тайёргарлик кўрди. Ўз-ўзидан аёнки, троллейбус ўйин бошида янги юришларни қўллашни ўйлайдиган жой эмас. Таль буни тезда англади. Ҳолбуки, ўйлаган юриши моҳиятан ёмон эмасди, аммо юзага келадиган вазиятлар чуқур таҳлил ва аниқ режа тузишни тақозо этарди. Бунга Талнинг тоқати йўқ эди. Натижада, у янглишди ва қийин аҳволга тушиб қолди. Тўғри, оз вақт қолганига қарамай Таль рақибини роса гангитди.
Хушфеъл ва очиқ чеҳра Борисенко вақт танглиги (цейтнот)да ўйинга берилиб кетиб, кулгили қилиқлар қиларди: гоҳ қаламини чайнарди, гоҳ чимирилиб тебранарди, гоҳ туриб шимини кўтарарди… Кулгига мойил Таль учун бу хатти-ҳаракатларнинг биттаси ҳам хохолашига етарди. Шунга қарамай, у рақибини ранжитиб қўймаслик учун бор кучи билан кулиб юбормасликка тиришиб, жиддий қиёфада ўтирарди. Натижада, Таль бутун диққат-эътиборини ўйинга қарата олмади ва ўйинни кечиктиришдан олдин хато юриш қилиб, сипоҳини текинга бериб қўйди. Шу чоқ у ўзига келди, аммо бўлар иш бўлганди, енгилганини тан олди.
Шуни тан олиш керакки, Рига ярим финал мусобақаларида Талнинг сайқалланаётган ўзига хос услуби кўзга яққол ташланди. Грушевский, Висоцкис, Гипслис билан бўлган ўйинларини эсланг: уларда Таль вазиятдан “келиб чиқмаган” қалтис юришларнигина эмас, балки ўзининг аҳволини ёмонлаштирадиган чалғитувчи юришларни ҳам синовдан ўтказди. Шоҳмотда илк қадамлар ташлай бошлаган даврида ҳам неча бор болаларча ўжарлик билан яроқсиз дейилган шундай юришларни қўллаб, жабрини тортган-ку. Энди у шундай юришлар баъзи ҳолларда фойдали бўлиши мумкин; деган хулосага келганди. Илгари у қалтис юришларни қизиқиш тарзида омадини синаб кўриш мақсадида қўлларди, энди эса уларни сайқаллаштириб, услуб даражасига етказганди. Шу маънода унинг Лебедев билан ўтказган ўйини диққатга сазовор.
Бу ўйин шундай давом этаётгандики, китобий юришлар қилинаверса, дуранг билан якунланарди. Талнинг мусобақа жадвалидаги мавқеи яхши, Лебедев эса “ҳимоя қўрғонини” мустаҳкамлашга улгурганди, дурангга жон деб кўнарди. Лекин бизга маълумки, Талга ўйин жараёни завқ бағишлаши керак. У шундай ўйнаб очко олишни эмас, чиройли ютишни истади. Гўё ёш буғунинг боши қичиганда шохлаш учун кўринган нарсага ташлангандай.
Нима қилиш керак? Тўғридан-тўғри ҳужумга ташланиш фойдасиз. Қанотлардан ҳужумга ўтиб ҳам бирон натижага эришиш қийин. Фақат битта йўл – рақибни қармоққа илинтириш бор. Бунинг учун унга хўрак ташлаш лозим.
Таль шундай қалтис қарорга келди. У ўта мураккаб, ўзи учун ноқулай, аммо имкон туғилди дегунча қарши ҳужум уюштириш мумкин бўлган йўналишни танлади. Узоқ вақт “жар ёқасида” ҳимояланишига қарамай, охири унинг нияти рўёбга чиқди: тахтадаги қурбонлар билан боғлиқ чигал вазиятларда Лебедев ўйин тизгинини йўқотди ва талафотга учради.
Унинг ярим финалдаги ғалабаси кўп нарсани англатарди. Аввало, Талнинг истеъдоди очилганидан, ўйин сайқаллашганидан дарак берарди. Бир қарашда ҳазилкаш, қалтис юришлари билан дадил ўйнайдиган бу йигитча енгилтабиат кўринса-да (эҳтимол, атай шундай қилар), қалбида бир дунё донолик, ғайрат ва ишчанлик пинҳон экан. Таль ўйинлари, хусусан, Лебедев билан бўлган ўйини унинг ўзига хос жўшқин ва муросасиз услуби шаклланганини кўрсатди.
Энди унга спорт устаси Александр Кобленц мураббийлик қиларди. Шуни таъкидлашимиз лозимки, Кобленц ёш шоҳмотчилар билан машғулот ўтказаётган пайтда бу серғайрат йигитча фавқулодда иқтидор эгаси эканлигини дарҳол тушунди. У Таль хонадонига тез-тез келиб маслаҳатлар берарди, Мишани Сайгин билан бўладиган ўйинга тайёрлаганди.
Вазмин, унча-бунча нарсага пинагини бузмайдиган Кобленц жўшқин шогирдининг батамом акси эди. Шу боис унинг Талга катта фойдаси тегди. Айнан Кобленцнинг мураббийлик даврида Таль жиддийлашди. Ҳатто, яқинлашаётган мамлакат биринчилигига олдиндан ҳозирлик кўришга киришди. Эътибор беринг, Кобленц тавсиясига кўра бўлғуси рақибларининг бошқа ярим финалдаги ўйинлари матнини кўриб чиқди.
Барибир Таль болакайлигича қолганди! Биринчидан, у ниҳоясига етган ўйинлар матнини кўриб чиқарди. Ўйин бошидаги юришларни таҳлил қилмасди. Иккинчидан… 19 ёшли Миша Таль 1956 йилнинг январида Нева бўйидаги шаҳарда бўладиган мамлакат чемпионатига оз эмас, кўп эмас, фақат биринчи ўринни эгаллаш учун жўнади!
Шуниси қизиқки, тўрт турдан кейин уч очко жамғарган Таль мусобақада якка пешқадам бўлиб олди. У биринчи турда Антошин билан дуранг ўйнагач, кейинги ўйинларда сипоҳларини қурбош қилиш эвазига Хасин ва Симагин устидан чиройли ғалабаларга эришди. Бироқ кейинги Болеславский билан ўйинда панд ейишига оз қолди, у пиёдасини асоссиз қурбон қилганди. Вақт танглигида бошни айлантирувчи қурбонга боғлиқ юришларни бошлаб юборгани жонига оро кирди, Болеславский барчасига қўл силтади ва дурангга розилигини билдирди.
Хуллас, болакай роса яйради! Кимдир уни ҳушига келтириши керак эди. Бу вазифани бажариш бошқа ёш қатнашчи – Борис Спасский зиммасига тушди.
Таль Нева бўйидаги шаҳарда шоҳмот мухлислари ҳурматини қозонишга улгурганди. У ўша кунлар кўтаринки кайфиятда юрарди, мамлакатда танилиб бораётганидан хурсанд эди. Бир куни кўчанинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтди. Милиционер тўхтатиб, жарима тўлашини айтди. Аксига олиб, Таль пулсиз кўчага чиққанди. Шунда чўнтагидан “Оқшом” газетасини олди, унинг тўртинчи саҳифасида Таль – Симагин ўйинини акс эттирувчи сурат босилганди. Милиционер суратни кўриб жилмайди ва Талнинг ҳурмати учун ўнг қўлини қоши ёнига келтириб рухсат берди. Бу ёқимли муносабат Талга ҳузур бахш этди.
Спасский билан ўйнаётган вақтда Таль залдаги томошабинлар ўз ҳамшаҳарларига ишқибозлик қилаётганини кўрди ва бундан хафа бўлди. Бехосдан инжиқлиги қўзғолди ва ўзига ҳам “ёш истеъдод” дея муносабатда бўлган даврлар эсига тушди. Умуман олганда, Талнинг Спасский ғалабаларига ва уни “ёрқин юлдуз” дейишларига ғаши келарди. Мазкур мусобақада иккала ёш шоҳмотчи 3,5 тадан очко жамғариб, қўш пешқадам бўлиб тургани вазиятни янада кескинлаштирганди.
Илк муваффақиятлардан боши айланганиданми, томошабинларнинг рақибига ишқибозлик қилаётганига ғаши келганиданми ёки енгилтаклиги тутиб кетганиданми Таль ўзининг ўйин услубига ёт мужмал юришларни қўллаб, ёмон аҳволга тушиб қолди. Спасский ўша пайтлар ҳам устунликдан қандай фойдаланиш кераклигини яхши биларди. У ўйинни оқилона давом эттириб, осонгина ғалаба қозонди.
Таль ўсал ҳолга тушди. Чунки у ўйиндан кейин ўзининг шарафига олқишлар янграшига кўника бошлаганди. Шу дақиқада эса олқишлар рақибини шарафлаётганди.
Бу ўйин Талнинг попугини пасайтирди, мовий осмондан ерга тушириб қўйди. Мусобақанинг қолган ўйинларида ғолиблик гулчамбарини ўйламаган ҳолда дона сурди. Муҳими, ўзига хос услубда – “саргузаштсевар” номига муносиб тарзда ўйнади. Натижада, 17 имкониятдан 10,5 очко тўплаб, Полугаевский ва Холмов билан 5-7 – ўринларни бўлашиб олди. Агар унинг чемпионат финалида биринчи марта ўйнаганини ва ғолиблар – Авербах, Спасский ва Таймановдан атиги бир очко кам жамғарганини ҳисобга олсак, бу яхши кўрсаткичдир.
Албатта, бу гаплар спорт натижасига тегишлидир. Унинг ижодий жиҳати-чи? Талнинг мусобақадаги ўйинига доир битта мулоҳаза бизга маълум: “У некбин, вазиятларни зийрак баҳолайди, шунингдек, таваккалчилиги бор, тайёргарлик кўрмасдан ҳужумга ташланади”. Бу мулоҳаза муаллифи – П.Романовский.
Энди Г.Левенфишдай билимдоннинг фикри билан танишинг: “Ўн тўққиз ёшли ригалик Таль чемпионатнинг ёрқин қатнашчиси бўлди. У юзага келган вазиятларда қандай ўйнаш кераклигини яхши билади ва бошлаётган комбинациясини ҳайратланарли даражада тез ҳисоблайди. Таль ҳар доим мураккаб ва шиддатли ўйинга интилгани учун мухлислар ишончини қозонди… Кўпчилик қатнашчилар вақт танглигидан қийналишди, Талда эса вақт сероб: у рақибининг юришини пойлади (барчаси олдиндан ҳисобланган!) ва зерикканидан қўшниларининг ўйинларини кузатди. Вазиятни баҳолашда, вазиятдан келиб чиқиб ҳужумни ўзгартириб юборишда бир оз оқсаяпти, бу ўспиринларга хос табиий ҳол. Аммо истеъдоди яққол кўзга ташланяпти”.
Иккала фикр ҳам ёқимли, лекин Талнинг ўзи ўйинидан қониқмади. У чемпионат арафасида ўз кучига ишончи беҳуда эмаслигини сезди (ҳар қалай ҳали енгилтакликдан қутулмаган, тажрибасиз, вазиятларни чуқур таҳлил қила олмайдиган даврда биринчи ўринни кўзлаш болалик орзуси, холос). Таль айрим ўйинлардагина ўз ғояларини охирига етказа олди, қолганларида шошма-шошарлиги, қизиққонлиги ва тажрибасизлиги панд берди.
Ёш шоҳмотчининг ўз ўйинидан қониқмаётгани унинг ўзига катта талаблар қўйганини англатарди. Дарҳақиқат, унда камолга етаётган қудратли куч бор бўйи билан юксалаётганди. Шу боис Таль келгуси йилиёқ дунёдаги етакчи шоҳмот мамлакати чемпионатининг ғолиби бўлди.
Хуллас, Михаил Таль ўзининг ҳайратланарли шоҳмот муваффақиятлари остонасида турарди, бор-йўғи уч йил ўтиб, у шоҳмот тожига эришади. Ҳа, Таль тилсимоти бошланаётганди!..

ВАЗИЯТ ТАҚОЗОСИ – КУРАШ АСОСИ

Таль тилсимотининг моҳияти шунда эдики, шоҳмот доналари ўйиннинг бошидан охиригача муаллиф ўйлаган ролларни ижро этмасди. Унинг ўйинларида бир қарашда тасодифий, мантиққа зид юришлар қилинарди. Чунки у дастлабки қарорини ўзгартириб, бирдан бошқа томонга ташланарди. Мисоли саркаш дарё каби ўзанларини ўзгартириб турарди. Шарҳчилар унинг ўйинларида ҳар бир сипоҳ ёки пиёда олдиндан кўзланган мақсадга изчиллик билан хизмат қилмаслигини танқид остига олишарди. Шунинг учун Талнинг ўйини бир мақсадга йўналтирилмаган, дейишганда танқидчилар қайсидир жиҳатдан ҳақ эди. Негаки, у ўйин пайтида “вазиятдан келиб чиқмасди” ва тайёргарлик кўрмай ҳужумга ташланарди. Баъзан омад кулиб боққани учунгина мағлубиятдан қутулиб қоларди. Ҳа, танқидчилар ҳам ҳақ, ҳам ноҳақдирлар. Ҳақлиги – юзаки қараганда Талнинг ғалабалари ҳар доим баҳсталаб ва ишонарли бўлмасди. Ноҳақлиги – унинг ўйинлари юзаки қараганда шундай туюларди. Аслида, унинг юришлари бир мақсадга бўйсунмаётгандай кўринса-да, ғояси ниҳоясига етган ўйинларида юришлар мантиқий тизим, аниқ қоидалар асосида амалга оширилганини англаш қийин эмасди. Ахир дарёлар ўзанларини ҳар қанча ўзгартирмасинлар, денгиз томон интиладилар.
Баъзан шоҳмотчилар ҳақида гап кетганда, уларга кескин юришлар қилади, комбинацияни ёқтиради, вазиятни сақлайди, Алёхин услубида, Капабланка услубида, Ботвинник услубида ўйнайди, дея таъриф берилади. Лекин Кересга ўхшаш ҳар жиҳатдан етук шоҳмотчилар ҳам борки, уларнинг услубини битта қолип билан ўлчаб бўлмайди. Негаки, унинг комбинациялари вазиятни сақлаш талабларига қатъий бўйсунарди. Уни мумтоз усул, айримлар қайд этгандай Ботвинник усули ҳам дейиш мумкиндир, бироқ бу икки шоҳмотчининг ўйинлари бир-биридан фарқ қилади.
Шундай экан, шоҳмотда услуб нима? Бу саволни оддий деб бўлмайди. Албатта, таърифимиз мукаммаллигига даъво қилмаган ҳолда шоҳмот услуби деганда унинг ўзига хос ижоди ва юзага келадиган вазиятларни ўзи ёқтирган тарзда ечишини тушунишимиз керак, дейишимиз мумкин.
Шоҳмотда услублар кўп, лекин улар орасида аниқ чегаралар бор. Табиийки, кимдир вазият устунлигига эришишни, бошқаси комбинация ишлатишни ёқтирарди. Биринчиси, оз-оздан вазиятни яхшилаб устунликка эришишни истайди. Иккинчиси, қулай фурсат топиб, пиёдасини ёки сипоҳини қурбон қилиш эвазига ғалабага интилади. Бу вазиятга қараб ўйнайдиганлар комбинацияни билмайди, комбинация ахтарадиганлар вазиятга қараб ўйнай олмайди, дегани эмас. Ахир ҳар кимнинг ўрганган муҳити бор, у шу муҳитда ўзини яхшироқ сезади. Ақли тўлишган Тални комбинацияни ёқтирувчиларнинг ёрқин вакили десак янглишмаган бўламиз.
Алёхин жаҳон чемпиони бўлмасдан аввалроқ, Ласкер у ҳақда шундай деганди: “Алёхиннинг малакаси комбинацион ўйинларда тобига етди, у шундай ўйинларни ёқтиради. Қолган барча юришлар тайёргарлик, холос. Эсанкиратиб қўядиган юриш, қўққисдан зарба бериш – Алёхиннинг ўрганган муҳити. У рақибининг шоҳи хавфсиз жойда турган вақтда кайфиятсиз дона суради, рақиб шоҳига ҳужум бошлаганда яйраб кетади. Унга тахтада қанча кўп дона бўлса, шунча яхши. Ҳужумкор ўйинга пайт пойлаш учунгина вазиятни сақлаб туришга ҳаракат қилади”.
Бу таъриф Талнинг ижодий услубига ҳам мос келади. Агар Алёхин “ёшлигимда ҳар қандай қийин вазиятдан ҳам комбинация ёрдамида қутулиш мумкин дея ўйлардим” деган бўлса, Таль жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритгандан кейин ҳам бундай фикрни рад этмасди (яхшими ёки ёмон – бу бошқа масала). “Талнинг қандай ғалаба қозонишини билишни истайсизми? – деганди бир куни Бронштейн. – Жуда оддий: у сипоҳларини марказга жамлайди, кейин уларни қаердадир қурбон қилади…”
Чигорин ва Алёхиндай забардаст ижодкорлар давомчиси, Ласкердай шоҳмот жангчиси хислатига эга, Бронштейн ва бошқа кескин ўйинларни ёқтирувчиларнинг комбинацион ғояларидан ибрат олган Таль ўйин пайтида фавқулодда дадил, таваккал ва тажовузкор дона суради, у ҳар бир ўйинда нафақат яхши юришни, балки энг кучли юриш қилишни истайди.
Таль учун шоҳмот фақат курашдан иборат эмас. У барчани жалб этадиган вазиятлар юзага келтирганда нафис ечимлар топиб, ўйинни якунлашни хоҳлайди. Чиндан ҳам Таль учун ютиш эмас, қандай ютиш муҳим аҳамиятга эга.
Бошқа гроссмейстерлар ҳам кескин, шиддатли ўйнашади, имконини топди дегунча чиройли комбинациялар уюштиришади. Шу боис Талнинг бошқалардан нимаси билан фарқ қилишига, унинг шоҳмот санъатига қандай улуш қўшганига аниқлик киритиш мароқлидир.
Биринчи навбатда Талнинг таваккал ўйинларга мойиллиги яққол сезилади. Таль нафақат таваккал қилади, балки таваккал ўйин услубининг асосий жиҳатини ташкил этади.
1959 йилдаги даъвогарлар мусобақаси якунлангандан кейин Москвадаги шоҳмот газетасида Таль билан бўлган мусоҳаба эълон қилинди. Унда шундай савол ҳам бор эди:
– Шиддаткор ўйин таваккални тақозо этади. Сизнинг ўйинларингизда ноўрин таваккаллар ҳам бўлдими?
Таль бу саволга шундай жавоб берган:
– Бу қайси бирини ноўрин таваккал дейишга боғлиқ. Мен ўзим тўртинчи даврада Смислов билан ўйинда қароримнинг тўғрилигига тўлалигича ишонмагандим. Дуранг қилишга қулай имконият бор эди, лекин мен вақт танглигида ғалабага эришиш мумкин деб ўйладим. Эҳтимол, таҳлилчилар менинг ўйинларимда шундай ҳолатлар бўлганини кўплаб топишар. Аммо бундай нуфузли даврада таваккал қилмасликнинг ўзи мумкин эмас…
Талнинг таваккал ўйинларга ташналигини унинг феъл-атвори билан боғлиқ дейиш мумкин. Чунки у табиатан янгиликка ўч эди. Унинг баъзи ўйинларини сирли оламларга қўйилган илк қадамларга қиёсласа арзийди. Ҳар бир юриш оқибатини ўта нозиклик билан илғашига қарамасдан у ҳамиша қиличини қайрашни яхши кўради, бинобарин, ўйин пайтидаги ҳужумлари кўпинча вазият тақозосидан келиб чиқмасди, балки ўзининг аҳволини ёмонлаштирарди, сипоҳларини зарба остида қолдирарди.
Нимага? Яхшиси ўтмишга назар солайлик.
Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида кўпчилик буюк гроссмейстерлар шоҳмотга дуранг хавфи таҳдид солмоқда, деган хулосага келишди. Негаки, ўйин савияси шитоб билан ошиб борарди, ғалаба қозониш қийинлашиб кетганди.
1921 йилда Ласкер ташвишланиб шундай ёзганди:
– Шоҳмотнинг ўз сирларини буткул ошкор этишига оз вақт қолди. Қадимий ўйиннинг масаласи ҳал бўладиган соат тобора яқинлашмоқда. Замонавий шоҳмот дуранг деб аталмиш ажал қўлида ҳалок бўлади, бу хавфнинг муқаррар ғалабаси шоҳмот масаласини узил-кесил ҳал қилади.
1927 йилда бошқа шоҳмот даҳоси – Капабланка бундан-да ташвишли фикр билдирганди:
– Кейинги пайтларда шоҳмотга қизиқишим сўниб бормоқда, чунки ишончим комил, бу ўйин яқин орада поёнига етади.
Қанчалик нохуш башоратлар?! Яхшиям, давр бу башоратларни инкор этди. Яна шу нарса аёнки, кўпчилик ўйинлар рангсиз, лекин тўғри юришлардан кейин дуранг билан якунланмоқда. Ким ғалаба қозонишни истаса, кескин чоралар кўришга мажбур бўлмоқда. Бундай усуллардан бири ўз вазиятини ёмонлаштириш эвазига рақибни равон йўлдан чеккага – юрилмаган сўқмоқларга олиб чиқишдир.
Бу мавзуни Талнинг ўзи шундай давом эттирганди:
– Агар иккала рақиб ҳам ғалаба иштиёқида ёнмаса, улар тўғри ўйнашяпти (буни “яхши” маъносида ёки “ёмон” маъносида ҳам тушунсангиз бўлади). Бу ҳолатда хато қилиш эҳтимоли йўқолади, рақиблар бемалол дона суришади. Ҳаммаси аниқ йўналишлар танланса, 18–20 юришдан кейин рақиблар ўйлагандек ўйин дуранг билан якунланади.
Аммо ютиш лозим бўлганда, нима қилиш керак? Ахир, рақиб ҳужум хавфини сезиши билан қарши чора-тадбирлар кўради. Вазият заифлигидан фойдаланиш даркордир? Қайси рақиб вазиятини заифлаштирарди?! Шу боис ҳозирги кунда рақиблардан бири ёки иккаласи ҳам барчага таниш йўналишдан воз кечиб, атайин “қоронғи кўчалар”га киришни хоҳлайди, қайсики бу йўлакда фақат бир кишига йўл бор. Бугунги кунда кўпчилик шоҳмотдаги кўпайтириш амалларигина эмас, логарифмларини ҳам яхши билади. Энди рақибга икки карра икки беш эканлигини исботлашга тўғри келмоқда…
Ўз-ўзидан аёнки, муросасиз ўйнаш учун нафақат замонавий шоҳмот билими, балки жисмоний, руҳий тайёргарлик ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шундай тайёргарлиги бўлмаган шоҳмотчининг хато қилиш эҳтимоли ошади. Шунга қарамай бундай муросасиз ўйинлар “гроссмейстерлар дурангги”га нисбатан кўпроқ таассурот қолдиради.
Икки карра икки беш эканлигини исбот қилиш… Қандай ажойиб вазифа?! Демак, ғалабага мантиқий ва аниқ (икки карра икки тўрт) билангина эмас, балки атайин қилинган қалтис юришлар (икки карра икки беш) эвазига ҳам эришиш мумкин.
Бу хулоса янги эмаслигини закий ўқувчи яхши билади. Ўз вақтида Эммануил Ласкер ҳам шундай йўл тутган. Шу ўринда Рихард Ретининг қуйидаги фикрини эсга олишимиз лозим:
“Мен Ласкернинг мусобақалардаги ўйинларини таҳлил қилар эканман, дастлаб у жуда омади юришган шоҳмотчи бўлган деган хулосага келдим. Айрим мусобақаларда барча ўйинда ғалаба қозонганига қарамай, тенг ярмида вазияти ёмон бўлгани учун ютқазиши ҳам мумкин эди. Бежиз Ласкер рақибларини гипноз қилади, дейишмайди. Буни қандай тушуниш керак. Ласкер муваффақиятлари сирини билиш учун унинг кўплаб ўйинини қайтадан таҳлил қилиб чиқдим. Менга шу нарса аёнлашди – Ласкер ўйин бошида бўш юришлар қилиб мушкул аҳволга тушади, кейин ютқизиқ ҳолатда бўлишига қарамасдан ғалаба қозонади. Бунда унинг ҳамиша омади чопади, деган тахмин ўзини оқламайди. Ғалати туюлса ҳам бунинг битта жавоби бор. Ласкер кўп ҳолларда онгли равишда бўш ўйнайди.
…Шоҳмот юришлари сайқал топган ҳозирги кунда хотиржам ўйнасангиз дурангдан қутулишнинг иложи йўқ. Бундай натижадан қочиш учун Ласкер назарий жиҳатдан хато юришлар қилиб, ўйинни жар ёқасига олиб боради. Ҳақиқатан ҳам рақиби бехавотир жойда ўзи қил устида туради, бироқ, бениҳоя топқирлиги туфайли ўзи жар ёқасида қолиб, рақибини тубсизликка улоқтиради. У шу тариқа ғалаба қозонади, қайсики хотиржам дона суриш орқали бундай натижага эришиб бўлмайди”.
Ласкер тасодифан бу ўйин услубини танламаганди, бироқ, унинг издошлари йўқ эди. Чунки бу усул мактабда ўргатилмайди. Тўғри, Алёхин ҳам рақибларини чалғитиш санъатини мукаммал эгаллаганди. Жумладан у: “Рақибларингизни бунчалик тез енгишингизнинг боиси нимада?” – деган саволга: “Мен рақибларимни ҳар бир юришда мустақил фикрлашга мажбур қиламан”, – дея жавоб қайтарганди.
Шуни таъкидлашимиз лозимки, Алёхин, вазият тақозосига кўра, сипоҳларини қурбон қиларди. Ана шу жиҳати билан Ласкердан кескин фарқ қиларди дейиш мумкин.
Ҳозирги кунда гроссмейстерлар вазият заифликларига хотиржам қарайдиган бўлишди. Чунки ташаббусни қўлга олиш ёки суръатдан ютиш учун шоҳмотнинг азалий қоидаларидан четга чиқиш – бирон нарсани “қурбон” қилиш эвазига рақибни “истеҳком”ни тарк этишга ундаш мумкинлиги яққол сезилиб қолди. Шундай кураш усулини амалиётга Таль жорий қилди. У бу кураш усулини номдор шоҳмотчиларга қарши ҳам муваффақиятли қўллай олди.
Бунга ёрқин мисол: унинг жаҳон тожи учун Ботвинник билан бўлган 17-ўйиндаги f2-f4 юришидир. Мазкур баҳсга бағишланган китобда Талнинг ўзи бу юриш ҳақида шундай ёзганди:
“Барча шарҳловчилар оқларнинг ушбу юриши ҳақида фикр юритганда “вазиятга зид”, “ақлга сиғмайдиган” каби ўхшатишларни ишлатишди. Гўё оқ доналарни сурган ўйинчи энг оддий шоҳмот адабиётларидан ҳам бехабар, чунки уларда f2-f4 юриши оқлар вазиятини ёмонлаштириши аниқ қилиб ёзиб қўйилган. Ўқувчилар мени нокамтарликда айблашмас, ўша юришни қилаётган вақтимда барча билган фикрлар хаёлимдан ўтганди. Аммо шу нарса аниқ – вазиятга зид f2-f4 юриши қилинди. Нимага?”
Сўнгра Таль нима учун ушбу юриш қилинганини тушунтиради. Маълум бўлишича, мазкур юришни Ботвинник чиппакка чиқариши учун катта томонга рокировка қилиши лозим. Бунда икки томонга ҳам кескин ўйин учун имконият туғилади. Талнинг мақсади шу экан.
Таль бошқа бир мақоласида, ўзининг “вазиятга зид”, “ақлга сиғмайдиган” мазкур юриши тўғрисида шундай ёзганди: “Ким тезроқ, кейин маълум бўлади, муҳими кураш бошқача давом этади”. Илғагандирсиз, шу юришдан кейин Талнинг вазияти ёмонлашди, лекин ўйин бошқача йўналиш олди.
Унинг таваккал юриши ўзини оқлармикин? Аввалига барчаси йўққа чиқадигандай туюлди. Негаки, Ботвинник иккита пиёда ютди ва вазиятини яхшилаб олди. Аммо ўйиндаги кураш Ботвинникка ноқулай йўналишда давом этди, бу унинг жуда кўп вақтини олди ва цейтнотга тушиб қолди. Вақт танглигида Ботвинник қарши ҳужумни кўрмади ва таслим бўлди.
– Бир-бирига узвий боғланган, мантиқий юришларни ёқтирадиган шоҳмот мухлисларига бу ўйин ёқмаслиги мумкин, – деб ёзганди Таль кейинроқ. – Лекин бу ўйин руҳий курашларни, икки томонга ҳам ҳаяжонли лаҳзаларни тортиқ этадиган ва “саҳна ортидаги яширин баҳсларни” ёқтирадиган шоҳмотчиларнинг эътиборини қозониши турган гап.
Руҳий кураш – Тални биринчи навбатда шу қизиқтиради. Негаки, у ўйин пайтида атайин ўз вазиятини ёмонлаштирадиган юришлар қилса, руҳий омиллар таъсирини ҳисобга оларди ва тезда самарасини кўрарди. Дарҳақиқат, Таль ўйин режасини тузиб, бир қарорга келишдан аввал рақибининг руҳиятига боғлиқ кўплаб омилларни таҳлил этарди: у қайси вазиятларни ёқтирмайди, ҳимояланишни яхши кўрадими ёки ҳужум қилишни, мусобақа жадвалидаги ўрни қандай, таваккалона юришга хоҳиши борми, ўзини кўр-кўрона ҳужумга ташланишдан тия оладими, ўйлашга фурсати қанча қолган ва ҳоказо.
Руҳий ҳолатлар таъсирини кўп бор таъкидлаган Алёхин Капабланка билан ўйнагандан кейин шундай деганди:
“Шоҳмотда руҳият муҳим аҳамиятга эга. Менинг Капабланка устидан қозонган ғалабамнинг асосий омили ҳам руҳий жиҳатдан устунлигимда эди. Умуман, учрашув бошлангунча рақибнинг феъл-атворини чуқур ўрганиш керак. Шунда ўйин асаблар, шахсиятлар ва ориятлар курашига айланади…”
Албатта, шоҳмот усталари руҳий омилларни ҳисобга олади, лекин ҳаммаси ҳам руҳий омиллардан фойдаланиш учун қайсидир донасини қурбон қилишга кўзи қиймайди. Таль эса исталган вазиятда доналарини қурбон қилишга тайёр эди. Шу боис у кўпинча вазият тақозосига зид йўл танларди. Ҳа, Таль айнан шу мантиқнинг, яъни кураш мантиғининг хизматини садоқат билан бажарарди.
Шоҳмотчиларнинг омади шундаки, улар ўтган учрашувларнинг ёзувларига қараб ўйинда қандай юришлар қилинганини кейинчалик ҳам кўришлари мумкин. Аммо қуриган гул олисдаги чаманзорнинг ҳолати ҳақида тўлиқ маълумот бера олмагандай, ўйин матни ҳам рақибларнинг учрашув давомидаги руҳий ҳолатларини, таваккалона юришларини, кескин курашларини кўз олдингизда гавдалантирмайди.
Сиз уйда Таль ўйинлари матнини таҳлил қилаётиб, унинг асоссиз равишда сипоҳини қурбон берганини пайқаб қоласиз. На чора, сиз ҳақсиз. Аммо бу ўша ўйин ҳавосидан нафас олмаган, уйда бемалол таҳлил қилаётган шоҳмотчининг фикри. Ўйиндаги воқеалар ривожи, юзага келган вазиятдаги кураш мантиғи нуқтаи назаридан эса Талнинг сипоҳ қурбони билан бошланувчи ҳужуми асосли ва унинг ғалабаси тасодифий эмас.
Ўйин матни таҳлилида сиз фақат қилинган юришларни кўрасиз (албатта, бу яхши маълумот), лекин ўша вақтдаги рақибларнинг руҳий ҳолатини кўз олдингизга келтира олмайсиз. Таль эса сипоҳини қурбон қилаётган пайтда рақибининг қайси юриш остига “мина” қўйилган экан деб хавотирланиб турганини сезган. Бундан ташқари, Таль шу юришдан кейин рақибининг ташвишланиб қанча вақти қолганини билиш учун соатга қарашини ҳис қилган. Ниҳоят, у рақибининг хавф-хатарлар яширинган вазиятларни ёқтирмаслигини, бундай ҳолатларда ишончли дона суришга қодир эмаслигини ҳисобга олган.
XXV мамлакат чемпионатида Авербахга қарши қора доналар билан ўйнаётган Талнинг вазияти ёмонлашди, лекин у ҳеч кутилмаганда 12-юришда отини иккита пиёдага қурбон қилди ва ташаббусга эришди. Агар бу қурбонни таҳлил тарозисида ўлчасангиз, асоссиз кўриниши турган гап. Албатта, бу фикр фақат назарий таҳлил ҳосиласи. Бунда рақибларнинг феъл-атвори, ўйин услуби, мусобақа жадвалидаги эгаллаб турган ўрни, ниҳоят, шу юришдан кейин бошланадиган ўйиннинг ривожланиши ҳисобга олинмаган.
Агар Таль ҳисобга олган шу омилларни компьютерга жойласангиз, “электрон мия” ҳам отнинг қурбони шу вазиятдаги энг яхши юриш деган хулосага келарди.
Мазкур ўйинни шарҳлаган гроссмейстер Холмов шундай ёзганди:
“Шубҳасиз, бу ўйин сиртқи шоҳмотда бўлганда, қоралар чигал вазиятга олиб келувчи отнинг қурбони билан боғлиқ юришни қилмасди. Аммо юзма-юз ўйинда, айниқса, қулоғинг тагида соат чиқиллаб турган пайтда бу юриш рақибни эсанкиратиб қўяди”.
Энди шу қурбон ҳақида фикр билдирган гроссмейстер Бронштейн сўзларига эътибор берайлик:
“Авербахга қарши қора доналар билан ўйнаган Таль 12-юришга келиб мушкул вазиятга тушиб қолди. Шунда қоралар 12… Ое4!! Юрди. Мен қораларнинг режасини бошқача баҳолай олмайман, бу юришга иккита ундов белгиси қўйиш керак. Ҳолбуки, Талнинг ўзи бу юришга “?!” белгиларини қўйган. Бу ерда гап сипоҳ қурбонининг тўғри ёки нотўғрилигида эмас, балки Авербахнинг ўйин услубида, у ҳамиша вазият барқарорлигига эришиш учун ўйнагани сабабли, мазкур юришдан кейин ўзгача йўналишни танлашга мажбур бўлди. Ҳар икки томон учун кенг имконият берадиган бундай вазиятларда учрашувнинг натижаси кўп жиҳатдан ким тезроқ аниқ юришлар топишига ва қайси шоҳмотчига шу ўйин услуби ёқишига боғлиқ”.
Биз биламизки, Талга шундай кескин вазиятлар ёқади. Авербах эса ўзига ёқмаган вазиятга тушгани учун довдираб қолди, хатоликка йўл қўйди ва қаршиликни тўхтатди.
Талнинг руҳий зарбасига асосланган бу ўйин мусобақанинг энг яхши ўйинларидан бири бўлди (дарҳақиқат, жаҳоннинг собиқ чемпиони Эйве кейинроқ Талнинг бу ўйиндаги сипоҳ қурбони билан бошланган ҳужуми тўғри эканлигини исботлади). Ахир, учраган мутахассис бу ўйинда Талга омад кулиб боққани тўғрисида (чиндан ҳам Авербах ёмон ўйнади) айтиши мумкин эди (айтишди ҳам). Кўпчилик Авербах мушкул аҳволда қолганини, яъни хато қилмаслиги мумкин эмаслигини тан олгиси келмасди. Шу жиҳатдан олиб қарасак, Талнинг бу ғалабасида қонуният бор.
Бир гал Таль омад тўғрисида гапирар экан, шундай деганди: “Ҳар бир шоҳмотчи мусобақаларда ўз омадининг яратувчисидир”. Таль омад келишини инкор этмаган ҳолда унинг келиши учун курашиш лозимлигини, яъни омад кузир картадай шоҳмотчиларга тарқатилмаслигини таъкидлаяпти. Бошқача айтганда, ўйин пайтида шундай шароит яратиш керакки, албатта, сизга омад кулиб боқсин.
Шу боис Талнинг вазият мантиғига хилоф, лекин кураш мантиғига мос равишда ўйинни давом эттириши натижасида эришган ғалабалари устида ҳар доим баҳс-мунозаралар бошланишига ҳайрон қолмаслик керак. Ғолиб Талга барибир кимдир хатосини кўрсатишга ва мағлубиятга учраши муқаррарлигини исботлашга тайёр турарди.
Чунончи, 1959 йилда тож даъвогарлари мусобақасида Смислов билан дурангга эришгани ҳам қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Бу ўйинда Таль сипоҳини қурбон қилгандан кейин қийин аҳволга тушиб қолди. Лекин тушкунликка тушмай рақиби олдига муаммо кетидан муаммо қўяверди. Смислов ҳушёрлигини бир зумга йўқотишидан фойдаланиб, ҳал қилувчи зарбани берди: Таль рухини ҳам “ҳадя” этиб, кишти-қойимга эришди.
Албатта, бу ўйин якунини шарҳчилар турлича баҳолашди. Ниҳоят, Смислов 33-юришда Тални мушкул аҳволга солиб қўйиши исботланди. Аммо бу хулосага келиш учун бир ҳафта вақт кетди. Ҳолбуки, Смисловнинг ихтиёрида бир неча дақиқа бор эди, холос. Шу ўринда спорт устаси Загорянскийнинг фикрини келтиришимиз жоиз: “Таль билан бўладиган ўйинда устунликка эришиш ғалаба дегани эмас. Унинг топқирлик билан тиришиб ўйнашини синдириш, устунликни ғалабага айлантириш учун хато қилмасдан ўйинни давом эттириш керак”.
Яхшиси, Ботвинник – Таль учрашувининг 6-ўйинидаги от қурбони билан боғлиқ юришни эсга олайлик. Бу юриш мутахассисларда бир-бирига қарши қанча фикрларни уйғотди. Бир шарҳчи эса ҳинд ҳимоясида ўйнашни яхши кўрган истаган шоҳмотчи қурбон қилинган бу отни олишини таъкидлади. Бошқа бир билимдон Талнинг бу юриши ўйинни дурангга олиб келишини исботлашга уринди. Гольдберг эса Талнинг бу юришидан кейин унинг мағлубияти муқаррарлигини айтди. От қурбонидан кейинги юришларни чуқур таҳлил қилган Константинопольский Таль сипоҳларининг тахтадаги вазияти ёмон эмас экан, деган хулосага келди.
Ботвинник – Таль учрашуви тамом бўлса-да, ўша юриш билан боғлиқ мунозаралар давом этаверди. Бу рақибини муаммолар исканжасига солиб қўйган Таль ғояси тўғрилигини исботи эмасми?
Шоҳмот кураши – икки ўйинчининг фақат шу соҳадаги билимдонликлари мусобақаси эмас. Агар шундай бўлганда шоҳмот миллионлаб одамларнинг меҳрини қозонмасди, балки нари борса, инсонлар ақли ва қалбига таъсир эта олмайдиган оддий ўйинлардан бири даражасига тушиб қоларди. Аслида, шоҳмот мусобақаси – билимлар, руҳий ҳолатлар, асаблар кураши, бундай баҳсда ғолиб чиқиш учун шоҳмотчи бутун маънавий ва жисмоний кучини сафарбар этиши керак. Шоҳмотнинг кўпчилик ҳис қилган сеҳрловчи кучи, жозибаси шоҳмотчиларнинг теран руҳий ҳолатларида ва шу туйғу натижасида келиб чиқадиган кескин курашларда мужассам.
Таль туғма шоҳмот курашчилари сирасига киради. У ўйин пайтида энг қийин ва ҳатто иложсиз вазиятларда ҳам тушкунликка тушмайди. Бу Таль кураш услубининг асосини ташкил қилади. Негаки, у таваккал йўналишларни танлар экан, юзага келадиган хавф-хатарларни совуққонлик билан бартараф этишга шайланарди, мағлубиятга учраши мумкинлиги ҳам хавотирга солмасди. Унинг шу совуққонлиги қурбонлар билан боғлиқ ажойиб юришларни бошлашига замин яратарди. Бошқалар бу вазиятда ҳеч нарса қилиб бўлмайди, деб турганда шиддатли ҳужумни бошлаб юборарди.
Ҳамма гап шундаки, Таль навбатдаги таваккалга қўл урар экан, бу юриши янги имкониятлар эшигини очишини яхши биларди. У мана шу яширин имкониятлардан фойдаланиб, рақибига ҳал қилувчи зарба бериш ҳақида ўйларди. Кўпинча кутган натижасига эришарди. Гўё Таль юзага келган вазият ядро қатламига сингиб кетарди ва унинг қувватидан ғалаба қозонишга куч оларди.
Таль янглишмасмиди? Агар у ҳисоб-китобда адашиб, вазияти тобора ёмонлашса, ҳатто тайинли бирор юриш топилмай қолса-чи? Ёки рақиб чиройли ўйнаб унинг режаларини чиппакка чиқарса-чи? Унда нима бўларди? Жавоб жуда оддий: Таль ютқазарди… Бошқача натижа бўлиши мукин эмас. Ахир, хато қилмайдиган шоҳмотчилар бўлмаса, шоҳмотдаги шундай гўзалликлар яратилармиди?
Аммо Талнинг мағлубиятлари ҳам ғалабалари сингари ёрқин таассурот қолдирарди. Чунки Таль курашсиз таслим бўлмасди, сипоҳларнинг бор имкониятларидан фойдаланиб, сўнгги нафасигача қаршилик кўрсатарди. У рақибларига қопқон кетидан қопқон қўярди, кўз илғамас заиф нуқталарни излаб топарди, чекинса ҳам зарба берарди, имконият туғилиши билан қарши ҳужум уюштиришга тайёр турарди. Гўё бир нақлда айтилгандай: “Жанговар гуруҳ ўлса ўлади, лекин таслим бўлмайди”.
Ҳар қандай рақиб ҳам шундай руҳий, давомли жиддий синовга дош бера олмайди. Агар кимдир даъвогарлар мусобақасигача собиқ жаҳон чемпиони, эндшпилда маҳорат билан дона сурадиган Василий Смисловга қарши бир сипоҳ кам бўлса ҳам дадил қаршилик кўрсатиш мумкин деса, у шоҳмотнинг азалий қоидаларини таҳқирлаганлар қаторига қўшиларди.
Таль худди шундай икки ўйинда таслим бўлмади ва бир ярим очко жамғарди! Бу гипнозми, омад? Шундай фикрлар билан танишмиз. Аслида Таль қаршилик бефойда дейилган ўйинларни давом эттирар экан, бир сипоҳи ортиқ бўлишига қарамай Смисловнинг аста-секинлик билан дона суришини, мустаҳкам ҳимояни ёриб ўтишга ҳаракат қилмаслигини ҳисобга олганди. Бир ўйинда Таль кишти-қойим билан жон сақлаб қолган бўлса, иккинчисида рақибини комбинация исканжасига олди, натижада ақлга сиғмайдиган иш бўлди, у ғалаба қозонди.
Ишончимиз комил, шоҳмот тарихчилари Талнинг бу икки муваффақиятини муносиб баҳолайдилар. Тўғри, уларда чуқур ўйланган чиройли юришлар қилинмаган, лекин бу икки ўйин ҳақиқий шоҳмот мухлисларини эътиборсиз қолдирмайди. Сабаби Таль бу ўйинлардан бирида дурангга эришиб, иккинчисида ютиб шоҳмотда курашиш имкониятлари чексизлигини, ҳар бир хато ҳам мағлубиятга олиб бормаслигини яққол исботлаган.
Шоҳмот билимдонларидан бири П.Романовский 1960 йилдаги суҳбатларида шундай таъкидлаганди: “Талнинг ўйин услуби шоҳмот санъатидаги янги йўналишдир. Чунки ҳозирги кунгача юқори малакали шоҳмотчилар ҳужумга ўтиш учун барча сипоҳларини сафарбар этардилар, Таль эса бутунлай янги – қурбон бериш эвазига ҳужумга ўтишни таклиф қилаяпти. Шуниси эътиборга моликки, Талнинг қурбонлари баъзан воқеаларни тезлаштирмайди, балки ҳужумга замин ҳозирлайди. Табиийки, тезкор ҳужумни кутаётган шоҳмотчи учун бу ҳол мантиққа зиддай, шубҳали кўринади”.
Шундай қилиб, биз Талнинг шоҳмот курашига қандай ёндошишини ва унинг асосий жиҳатларини билиб олдик. Шу боис таъкидлашни истардим, чуқур таҳлилларга асосланган замонавий шоҳмот кураши ва назариясининг охирги ютуқларини жамлаган янги усулнинг пайдо бўлиши тасодиф эмас.
Ҳозирги безовта даврда табиат, дунё ҳақидаги тасаввурларимиз кенгайди, физика, кибернетика ва ядровий энергия соҳасидаги ютуқлар, коинот сари парвозлар, биологиядаги ҳайратомуз кашфиётлар инсон тафаккурининг маҳсули бўлган шоҳмотга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Бу шоҳмот усталарини курашга янги нуқтаи назар билан қарашга ундади ва улар сеҳрли ўйиннинг имкониятлари тўлиқ ишга солинмаганини кўрдилар. Улар англадиларки, ғалаба қилиш учун шоҳмот курашига янгича ёндошиш, ишлатилмаётган имкониятлардан, шу жумладан, рақиб руҳий ҳолатларига боғлиқ захирадан унумли фойдаланиш учун ўта нозик ва вазиятга қараб ўзгариб турадиган усулларни танлаш зарур.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар тенг кучли рақиблар ўйин бошидан аниқ юришлар қилишса, дуранг муқаррар. Чунки ўйин бошида кучлар тенг бўлгани учун аниқ юришлардан кейин бу нисбат ўйин охиригача ҳам ўзгармайди. Демак, қизғин кураш бошланиши ва рақибнинг хатога йўл қўйишига шароит яратиш учун кимдир мувозанатни бузиши, яъни олдинга эмас, балки ёнга ёки орқага қадам қўйиши даркор.
Хуллас, кимлардир томонидан ички ҳиссиётга асосланган, бошқалар томонидан инсон руҳий ҳолатига боғлиқ деб номланган шоҳмотдаги янги услуб шу тариқа амалиётга кирди. Балки бу услуб шоҳмот санъати тараққиётининг узвий бир қисми бўлгани учун юзага чиқди. Бу услуб тарафдорлари, биринчи навбатда, Таль Алёхиннинг: “Шоҳмот – нафақат билим ва мантиқ”, деган тараққийпарвар фикрининг нақадар тўғрилигини исботлашга киришди.
Шуниси муҳимки, ички ҳиссиётга боғлиқ бу услуб шоҳмот курашидаги мавжуд имкониятларни – руҳий ва ҳатто фалсафий хусусиятларни қамрагани учун ўта ҳужумкор ва муросасиздир. Фикримизнинг тасдиғи учун қизиқарли далиллар келтирамиз. 1953 йилда даъвогарлар мусобақасининг ғолиби бўлган Смислов 28 имкониятдан 18 очко жамғарганди, у тўққиз ўйинда ютганди. Таль эса 1959 йили даъвогарлар мусобақасида 28 имкониятдан 20 очко тўплаб, ғолиб чиқди ва у ўн олти ўйинда ғалаба қозонди. Ҳавас қилса арзийдиган натижа! Албатта, бу “шоҳмот ўйинини тез орада дуранглар ўлдиради”, дея каромат қилган гроссмейстерларни ҳайратга солган бўларди.
Инсон руҳий ҳолати ёки ички ҳиссиётга боғлиқ деб номланган бу услуб ХХ асрдаги Хосе Раул Капабланка каби буюк шоҳмотчиларнинг жуда тўғри ва ўта ҳисоб-китобли ўйинларига қарши ўлароқ вужудга келди, дейиш мумкин.
“Капабланканинг ўйини аниқ, мантиқли ва асосли, – деб ёзганди Ласкер. – Унинг ўйинларида тузоқ қўядиган, ғайритабиий ёки зўрма-зўраки юришлар учрамайди. Дуранг ёки ютуққа ўйнаётгани, ютқазиб қўйишдан қўрқиб дона сураётгани шундоқ кўринишидан сезилиб туради. Чигал вазиятларни, таваккал юришларни ёқтирмайди. Олдиндан ҳар бир юришининг оқибатини ўйлайди. Ўйинларининг теранлигида шоирлик эҳтироси эмас, математикларнинг ҳисоб-китоби мужассам. Капабланка мустаҳкам вазиятга эришиш мантиғига таянади. У асосли нарсаларни қадрлайди. Масалан, вазиятни мустаҳкамлаш, заиф нуқтага ҳужум уюштириш… Таваккални ёқтирмайди, уч-тўрт юришда мот бўладиган вазиятларга шубҳа билан қарайди”.
Талнинг ўйини гуллаган даврида тамоман бунинг акси эди! Унинг ўйинларида яширин тузоқлар бисёр бўлса-да, юз қиёфаси, хатти-ҳаракати асл ниятини ошкор этмасди. Чигал вазиятларни, таваккал йўналишларни ёқтирарди. Ҳар доим ҳам қилаётган юришининг қандай оқибатларга олиб келишини билмасди. Аксинча, у ўтиб бўлмас чакалакзорга қадам қўйганини яхши биларди. Бу чакалакзорда уни нималар кутаяпти, ногаҳоний хавф-хатарларни қандай бартараф этишни тахмин қиларди, холос. Унинг ўйинларида математикларнинг ҳисоб-китоби эмас, шоирлик эҳтироси жўш урарди (эсингиздадир: икки карра икки беш бўлади деганимиз!). Таль вазият мантиғига бўйсунавермайди, афсуски лозим бўлмаганда ҳам вазиятини заифлаштиришга тайёр турарди. У тасодифий омадга (агар шоҳмотда шундай тушунча бор бўлса) суянади, ҳамиша кутилмаган имкониятлардан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади.
Таль ўйинидан ўрнак олинглар, дейишимиз мумкинми? Албатта, йўқ. Чунки шоҳмот қонун-қоидаларини бузишдан олдин, аввало уларга амал қилишни ўрганиш лозим. Бизга маълумки, шундай қийин сўқмоқни танлаган ўта истеъдодли Таль ҳам ўз вақтида катта талафотлар кўрган. Лекин унинг исёнкор ўйин услуби қадимий шоҳмотни яшартирди, мавжуд мутаассиблик, кўр-кўроналик, сийқа қолипчиликка қақшатқич зарба берди ва шоҳмот аҳлини айрим анъаналарини қайта кўриб чиқишга ундади.
Эҳтимол, Таль ўйин услубини, унинг руҳияти, қаҳрамонлиги ва хатоларини англашингизда Ласкернинг қуйидаги фикрлари сизга ёрдам берар: “Шоҳмотда мусаввирлик сезгиси мужассам. У ижодкорлик сезгиси бор ўйинчиларга илҳом бағишлайди, жуда оддий, ҳаммага кўриниб турган ва лекин кучли юришлар қилишга ундайди, шу тариқа нозик комбинация яралишига олиб келади. Бу туйғу ва истеъдод, баъзан буюкликнинг вояга етишига кўмаклашади, шу билан бирга уларни ўртамиёна шоҳмотчилар ҳам йўл қўймайдиган хатоларни қилишдан муҳофаза этмайди”.

“БУ НОМНИ ЭСЛАБ ҚОЛИНГ!”

XХIII чемпионат якунлангандан кейин кўп ўтмай Таль ўзининг талабалар ўртасида жаҳон биринчилигида иштирок этадиган мамлакат терма жамоаси таркибига киритилганини билди. Мамлакат шоҳмот шарафини ҳимоя қилиш масъулиятли вазифа. Бунинг устига Таль ҳамиша жамоавий мусобақаларда тиришқоқлик билан ўйнашини биламиз. Ҳақиқатан ҳам ўта масъулият билан дона сурган Таль финал босқичида 5 имкониятдан 4 очко жамғариб, учинчи тахтада махсус совринга сазовор бўлди. У биринчи бор хорижга чиққанди. Ҳали ёш, кўпчилик танимасди. Аммо унинг ўйинлари дарҳол назарга тушди. Хусусан, Таль томонидан тор-мор этилган белградлик Ивков шундай ёзганди: “Таль! Бу номни эслаб қолинг!”
Кўп ўтмай Тални мамлакат биринчилигида қатнашаётган Латвия ўсмирлар терма жамоаси мураббийи сифатида кўрдик. Шунгача ҳам у ғалаба ва муваффақиятсизликлари фақат ўзига тегишли эмаслигини ҳис қила бошлаганди. Чунки у ҳар бир масъулиятли мусобақадан кейин нафақат университет, балки завод, корхоналар жамоаси, оддий мухлислар олдида ҳисобот берарди. Муҳими, у ўзини ҳеч қачон ёлғиз қолгандай сезмасди.
Шу вақтгача ғамхўрликдан баҳраманд Таль бошқаларга ғамхўрлик кўрсатиши керак эди. Ўн тўққиз ёшли мураббий бу ишга астойдил киришди. Жамоа аъзоларидан бири – Валентин Кириллов мусобақага қатнашаётгани учун университет имтиҳонларини топширишни истамади. Таль унинг қарорини ўзгартирибгина қолмай, имтиҳонларга тайёргарлик кўришига ёрдамлашди. Кейинчалик у йигит ҳам Талга мусобақалар олдидан ўйинларни таҳлил қилишга кўмаклашадиган бўлди. Миша болалар билан берилиб ишлади, қўлидан келган ёрдамини улардан аямади. У жамоавий ўйинларни ёқтирарди, бундай мусобақалар ўзига кўп нарса берганини тан оларди.
1956 йилнинг ноябрида Тбилисида бўладиган XXIV мамлакат чемпионатининг ярим финалида қатнашиш учун йўлга чиқди. Шундай масъулиятли мусобақага жўнар экан, у биринчи бор ўз кучига ишонқирамади. Сабаби, ўша йили у кам ўйнаганди. Одатда йилига 80–90 та расмий ўйин ўтказадиган Таль Тбилиси ярим финалигача атиги 31 та ўйинда дона суришганди. Тбилиси мусобақасидаги рақиблари кучли эди: Петросян, Фурман, Полугаевский, Антошин, Гургенидзе… Аксига олиб у мусобақа арафасида хасталаниб қолганди.
Кутилганидек, мусобақада Таль бир текис ўйнамади. Мусобақа тугашига тўрт тур қолганда 15 имкониятдан атиги 8 очко жамғарганди. Ҳатто, шу мусобақада қатнашаётган Кобленцнинг аҳволи уникидан яхши эди. Ўшанда Таль Кобленцга шундай ҳазил қилганди:
– Маэстро (у устозига шундай мурожаат қиларди), биз ўринларимизни алмашамиз шекилли, сиз финалга борасиз, мен мураббийингиз бўламан.
Аммо Таль кейинги ўйинларда кетма-кет ғалаба қозониб, 5–6-ўринларни бўлашиб олиб, финал йўлланмасини қўлга киритди.
– Илож қанча, маэстро! Ҳар ким ўз вазифасини бажарадиган бўлди, – деди Таль мусобақадан кейин устозига.
– Майли, майли, – деди у жавобан. – Вазифанг илгаридай бўлгани билан рақибларинг бошқа бўлади. Шунинг учун кўпам қувонаверма.
Чиндан ҳам 1957 йилда мамлакат чемпионати финалига кучли гроссмейстер ва усталар тўпланишганди. Бундай кучлилар давраси ҳар кимни ҳам қизиқтирарди. Устига-устак, мусобақа Москвада ўтказилаётганди. Москваликлар Таль ҳақида эшитган, бироқ унинг ўйинларини ўз кўзлари билан кўришмаганди.
Хуллас, ҳаяжонланишга асос етарли эди. Бироқ Таль Тбилисидаги кетма-кет ғалабалари шукуҳи билан яшаётганди, ишончсизлигидан асар ҳам қолмаганди. Аксинча, у Москвада нимага қодир эканлигини кўрсатиш иштиёқида ёнарди.
Ҳар куни кечқурун Темирйўлчилар маданият саройи шоҳмот мухлислари билан гавжум бўлди. Албатта, уларни биринчи навбатда йигирма ёшли ригалик устанинг ўйинлари жалб этаётганди. Бунинг устига ҳар доим мусобақани ёмон бошлайдиган Талнинг ўйини қовушди: дастлабки тўрт ўйинда ҳам ғалаба қозонди! У Москвага ўйинга ташна ҳолда келганди ва ўзига эрк берганди.
Таль шоҳмот ўйнашни жон-дилидан яхши кўрарди. Энди у катта йўлга чиққан вақтда бу иштиёқи қайнаб-тошиб бораётганди. Мусобақа арафасида у Кобленц билан кечқурун Рига кўчаларида сайр қилди. Сайр ниҳоясида Кобленц Мишанинг кўзларига тик боқиб қатъий деди:
– Энди ухлаш керак!
Миша бошини эгиб маъқуллади:
– Албатта! Энди рақс тушиш учун югурмаймиз-ку.
Мураббий хотиржам уйига жўнади. Аллақанча вақт ўтгач телефон қўнғироғи жиринглади: безовта она Мишанинг қаердалигини сўради, у ҳозиргача уйга қайтмабди.
Кобленц Мишани ахтариш учун кўчага чиқди. Йўл устида шоҳмот клубига кирди, шашкачиларнинг тезкор мусобақаси ўтказилаётган экан. Демак, Таль бўлиши мумкин эмас. У кетишга чоғланди, шу пайт бир неча йигитнинг кимнидир пана қилишга уринаётганини сезиб қолди. Бу Кобленцда шубҳа уйғотди, у йигитларни оралаб ўша томонга интилди… Ҳа-ҳа! Миша унга айбдорона тикилди ва хижолат чекканидан кулиб қўйди. Шоҳмотда бўлмаса шашкада-да, ишқилиб, унга ўйнаса бас…
Чемпионатда Аронсон унинг биринчи “қурбони” бўлди. Оқ доналарни сурган Аронсон голландча ҳимояда яхши ўйнади, қатор тўғри юришлар қилингач, Таль вазиятни тенглаштирди. Бироқ у вазиятга зид иш қилди ва фарзин қанотида ташаббусни тўлиғича рақибига берди. Бунинг эвазига комбинация довули авжига чиқди. Шундай “об-ҳаво”да Талнинг овчи кемаси Аронсоннинг оғир карвон кемасига нисбатан тезроқ ҳаракатланарди. Чигал вазиятда чорасиз аҳволга тушиб қолган Аронсон енгилганини тан олди.
Иккинчи рақиби тажрибали гроссмейстер Тайманов эди. Таль унинг ўз режасига ҳаддан зиёд маҳлиё бўлишини, рақиби режасига унчалик эътибор бермаслигини яхши биларди. Демак, унга қарши энг яхши қурол – қўққисдан зарба бериш. У биринчи имконият туғилиши билан “қопқон” қўйди, ажабланарлиси Тайманов унга осонгина илинди.
Таль ҳамиша Бронштейнга катта ҳурмат билан қарар: бу буюк шоҳмотчини ўзига устоз деб биларди, ўйинларини таҳлил қилганда завқи келарди. Аммо ўйнаётганда Таль учун рақибининг обрўси бир пул эди.
Шунга қарамай Таль ўйин бошлангунга қадар дуранг ўзанида сузишга тайёрдек кўринди.
– Қуюшқондан чиқма, – деди унга эҳтиёткор Кобленц, – икки ўйиндан икки очко олдинг. Таваккал қилишга ҳожат йўқ, айниқса Бронштейнга қарши…
Ўйин бошлангунча Таль доно маслаҳатларга амал қилишга мойилдай кўринарди. Аммо ўйин соати юритилиши билан кураш завқи домига оларди ва олдиндан қабул қилинган қарорлар бутунлай эсидан чиқарди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Таль яна ўйинга қизиқиб кетди ва у бундан афсусланмади.
Уч имкониятдан уч очко! У мусобақада якка пешқадам! Хуллас, уйдагиларга телефон орқали хушхабар айтишга асос бор. Ота-онаси хушхабарни эшитиб, қувонишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмай қолишди. Уларни Мишанинг муваффақияти бир жиҳатдан ташвишга солди.
– Димоғинг кўтарилмасин, ўзингни қўлга ол, – дея маслаҳат берди доктор.
Зафарли одим давом этди. Таль тўртинчи турда Банникни чиройли тарзда мағлубиятга учратди. Кескин вазиятда Банник Тални чалғитиш мақсадида марказий пиёдани суришга имконият яратди, бу юришдан кейин комбинация бошламоқчи эди. Таль “тузоқ”қа тушди. Ажойиб. Кейин нима бўларкин? Шу вазиятни чуқур таҳлил қилган Таль рақиб комбинациясини чиппакка чиқарувчи йўлни кўрди. Ҳа, Таль, одатдагидай, рақибидан кўпроқ юришни кўра олди.
Пиёда олдинга сурилди. Кейинги юришлар рақиблар томонидан тез бажарилди. Чунки иккаласи ҳам ўз ҳисоб-китобларининг аниқлигига ишонишарди. Дастлаб, вазиятни таҳлил қилмаган мухлислар ташвишли шивирлашди:
– Таль қармоққа илинди!
Ниҳоят, тахта устидаги “отишма”лар тугади, тутун тарқалди. Кўришсаки, Банникнинг вазияти оғирлашган.
Мусобақа бошида Таль мухлислардан узоқроқда – учинчи столда ўйнади. Ўспирин ўзига қанча бино қўймасин, ҳали биринчи столда ўйнашга ҳақли эмаслигини яхши биларди. Энди у пешқадам сифатида биринчи столда дона сура бошлади. Бу унга хуш ёқди, рақиблари эса худди пешқадамга қарши ўйнаётгандай дона суришди. Афсуски, тўртинчи ғалаба мусобақа бошидаги охирги қувонч бўлди. Кейин кўнгилсизликларга навбат келди.
Корчной билан дуранг ўйнади, бу яхши. Чунки унга қарши ҳужум уюштириб, ҳали ҳеч ким барака топмаган. Кейинги турда кўтаринки ўйнаган Нежметдинов Тални суст ҳимояланишга мажбур этди ва чиройли ғалаба қозонди.
Кейинги олти турда Таль бешта ўйинни дуранг қилди, битта ўйинни бой берди. Бу шарҳчиларга Талнинг ўйини барқарор эмаслиги ва мағлубиятни “кўтара” олмаслиги тўғрисида ёзишга дастак бўлди. Биринчи эътироз адолатли эди, лекин ёш спорт устасидан барқарор ўйин талаб қилиши мумкинми? Иккинчи эътироз билан баҳслашса бўлади.
Ҳақиқатан ҳам Таль мусобақа ўртасида ёмон ўйнади. Бу унинг тушкун кайфияти билан боғлиқ. Лекин бу тушкун кайфият Нежметдиновдан мағлубиятга учрагандан кейин эмас, балки Антошин билан дуранг ўйнагандан сўнг пайдо бўлди.
Кобленц ўйин олдидан Тални сайрга олиб чиққанда у бетоқат бўлганини эслайди.
– Вақт секин ўтяпти, – дейди Таль асабийлашиб, – тезроқ ўйин бошлансайди.
У Нежметдиновдан мағлубиятга учраганди, тезроқ ўзини кўрсатгиси келаётганди.
Таль ўйинда ҳужумкор вазиятга эришди, бу ҳолатда у янада хавфли. У узоқ кутдирмай ҳужумга ташланди. Мана пиёдани берди, кейин филга рухни алмаштирди. Мотнинг ҳиди кела бошлади. У яна иккала отини ҳам қурбон қилди, аммо мотни топа олмади. Матбуот ходимлари хонасида тезкор ғалаба йўли топилди, залдаги мухлислар ҳам бу йўналишни фаҳмлашди, фақат Таль тахтага тикилганча чуқур ўйга толганди. Барибир у мотни кўрмади. Бу жуда ачинарли ҳол. Агар у комбинацияни ниҳоясига етказганда, ўйин мусобақанинг энг яхши ўйини совринига даъвогарлик қиларди. У истар-истамас бошқа йўналишни танлади, бу юришларга Антошин ҳимоя воситаларини топди ва рақиблар дурангга келишишди.
Таль қатнашчилар хонасига кирганда кимдир унга гап ташлади:
– Миша, мот қилишинг мумкин эди.
– Мот йўқ эди.
– Мот бор эди, мана кўр.
Дарҳол унга мотга олиб борувчи унча қийин бўлмаган йўналишни кўрсатишди. Кечга бориб яна ҳафсаласи пир бўлди. Чунки ухлаш олдидан жуда қисқа ва чиройли мот қилувчи комбинацияни топди.
Ҳа, унга мураккаб вазиятларга ҳам панд бермаган ишончли қуроли – нозик комбинацияларни илғаш қобилияти, тақдир ҳазилини қаранг, бугун панд берди ва Талнинг руҳи тушиб кетди. Буни тушуниш мумкин. Ахир, Талга нозик комбинацияларни олдиндан илғаш қобилияти мураккаб вазиятларда ҳам хотиржам дона суришига илҳом бағишларди. Антошин билан ўйинда эса комбинациянинг чалкаш сўқмоқларида рақиби эмас, ўзи янглишди.
Талнинг руҳи тушди ва бир оз муддат жанговар кайфиятини йўқотди. Шунга қарамай ўн биринчи турдан кейин 7 очко тўплаган Таль мусобақа жадвалида Бронштейн, Петросян, Спасский ва Холмов билан биргаликда 2–6 ўринлардан жой олди. Ушбу мусобақада чиройли ўйин кўрсатаётган Толуш 7,5 очко билан олдинда бораётганди.
Ўн иккинчи турда Тални янги дилсиёҳлик кутиб турарди: у Болеславский билан ўйинни қийин вазиятда кечиктирди. Пешқадамлар гуруҳида бораётган спорт устаси шундай вазиятда нима қиларди? Ҳеч бўлмаганда ранжиши керак. Талда эса ҳаяжондан асар ҳам йўқ эди. Бу кеч Мишада ҳали ўспиринлик енгилтакликлари ўтиб кетмагани сезилиб қолди.
Бир сўз билан айтганда, қаҳрамонимиз ўйиндан кейин висол учрашувига жўнади. Бошқа қатнашчилар ширин туш кўраётган вақтда Таль спорт интизомига риоя қилмай Москва кўчаларида хуштори билан кезарди. Беларусь вокзали ёнида Таль одатига кўра белгиланмаган жойдан кўчани кесиб ўтди. Назоратчи унга танбеҳ берганда мағрур Миша айбига иқрор бўлгиси келмади. Натижада, ҳужжат текширилди. Миша паспортини меҳмонхонада унутганди.
Шундай қилиб, Миша хуштори билан назоратчилар хонасига боришига тўғри келди. Навбатчи ёш лейтенант кириб келувчиларга норози қараб қўйиб, ўз машғулотини давом эттирди: у шоҳмот тахтасидаги вазиятга тикилганча ўйланиб қолди.
Таль шоҳмот тахтасига қараб кулгудан ўзини тия олмади: лейтенант унинг Болеславский билан кечиктирилган ўйинини таҳлил қиларди! Афтидан, радио орқали кечиктирилган ўйин тўғрисида ахборот беришганди. Унинг битта юришидан кейин Таль мулоҳазасини айтмасдан туролмади. Лейтенант жавоб бериш ўрнига чуқур хўрсиниб тахтани ўзидан нари сурди ва эриниб сўради:
– Фамилиянгиз?
– Таль.
– Яна битта Таль?
– Кулманг, – деди Миша, – яна битта эмас, мен ўша Талман.
Кўп ўтмасдан улар биргаликда кечиктирилган ўйинни таҳлил қилишга киришишди. Таль меҳмонхонага эрталаб соат еттида қайтди…
Тартиб посбонининг ёрдамига қарамай Таль кечиктирилган ўйинда мағлубиятдан қутулиб қололмади. Энди Таль еттинчи ўринга тушди. Аммо у ўн учинчи турдан бошлаб кетма-кет ғалаба қозона бошлади, худди ярим финалдагидай қолган тўққиз ўйинда етти очко тўплади.
Мусобақанинг жўн қоидаси: “Кучсизларни ют, кучлилар билан дуранг ўйна”. Таль ўзининг чиройли ўйинлари билан бу ақидани инкор этди. У мусобақани яхши якунлабгина қолмай, асосий рақибларини ўз йўлидан олиб ташлади.
Ўн учинчи турда Таль Петросянни енгди. Муҳими, у кескин курашлардан кейин эндшпилда таслим қилди, ҳеч қандай таваккал юришларсиз. Кейинги икки турда бир ярим очко тўплаган Таль Бронштейн ва Толуш билан биргаликда 2-4-поғонадан жой олди. Учаласида ҳам 9,5 тадан очко. Петросян еттинчи ўринга тушиб кетди. Ўн очко жамғарган Керес яккапешқадам эди. Ўн олтинчи турда Таль Керес билан ўйнарди…
Очиғини айтганда, кўпчилик Таль Петросян ва Кересга қарши ўйнагунча унинг муваффақиятларига шубҳа билан қараётганди. Улар ўз фикрини Талнинг Аронсон, Тайманов ва Банник устидан қозонган ғалабалари етарли асосга эга эмаслиги билан изоҳлашарди. Бироқ унинг Петросянни эндшпилда мағлубиятга учратгани, айниқса, Кересни эндшпилда нозик юришлардан кейин ютгани кўпчиликка Талнинг пешқадамлар орасида тасодифан юрмаганини тасдиқлади.
Дарҳақиқат, Талнинг Керес устидан қозонган ғалабаси таҳсинга лойиқ. Бу ғалаба катта маҳорат талаб қиладиган эндшпилда рўй бергани билан эътиборлидир. Шу ўйин ниҳоясига етаётган пайтда матбуот ходимлари хонасига гроссмейстер Флор шошилиб кирди. Кўплаб яхши ўйинларга гувоҳ бўлган фахрий шоҳмотчи ҳаяжонда эди. У дарҳол тахтага доналарни териб, ўйиндаги вазиятни таҳлил қилди ва бошини чайқаб, кейинчалик эл оғзига тушган сўзларини айтди:
– Бу бола узоққа боради!
Таль кейинги рақиби Аронин билан дуранг ўйнади. Унинг учун бу ярим очко ғалабадан муҳимроқ эди. Чунки иккаласи ҳам чиройли юришлар қилди. Таль шоҳга ҳужум қилиш учун фарзини билан рухни урди. Кескин ўйиндаги чиройли юришлари учун иккаласи ҳам “Чиройли ўйини учун” бериладиган соврин билан тақдирланишди. Эйве бу ўйинни “шоҳмот тарихидаги энг чиройли дуранг”, дея таърифлади.
Чемпионат ниҳоясига етиб борарди. Охирги тур олдидан уч ҳокимиятчилик вужудга келганди: Бронштейн, Таль ва Толуш 13 очкодан тўплашганди. Кересда ярим очко кам эди. Смислов ва Холмов 12 тадан очко жамғаришганди. Кўриб турганингиздек, ғолиблик учун кураш кескин тус олганди. Бунинг устига охирги турда Таль ва Толуш ўзаро учрашишарди.
Энди ўзингиз мусобақанинг охирги куни залда қандай қизиқиш уйғонганини тасаввур қилаверинг. Ёш Талнинг дадил, ёрқин, ҳисоб-китобли оғир карвон юришлардан йироқ жанговар ўйинлари шоҳмот мухлислари юрагини забт этганди. Ўша куни мухлислар ўртасида сўров ўтказилганда, улар Талга мухлислик қилишини яширмаган бўлишарди. Ахир, Талнинг ҳар бир ҳужумкор юриши, айниқса, улар таваккалга асосланган бўлса, томошабинларни росмана ҳаяжонга соларди.
Талнинг шуҳрати ошиб борарди. Маданият саройига чипта ололмаган мухлислар уни кўриш учун эшик олдида тўпланиб кутиб туришарди. Мусобақанинг охирги куни Таль Кобленц ёрдамида мухлислар орасидан базўр ўтди. Қарашса, унинг пальтосидаги ҳамма тугмалари узилиб тушибди.
Агар Таль сўнгги турда дарҳол дурангга келишса ҳам ҳеч ким унинг орқасидан тош отмасди. Чунки бу натижа унга камида биринчи ўринни бўлашиб олиш имконини берарди (Бронштейн учун Холмовни “бўйсундириш” осон иш эмасди), муҳими, гроссмейстерлик талабини бажариб, дастлабки баллга эга бўларди. Кўриб турганингиздек, вазият дуранг ўйнашни талаб этарди. Албатта, Кобленц ҳам шундай маслаҳат берди.
Аммо… иштаҳа ўйин пайтида келади! Ҳа, шоҳмот доналари ҳаракатга келиши билан Кобленцнинг бир кун овора бўлиб тикилган иморати қулаб тушди. Ҳар доимгидай сипоҳларини чиқарар-чиқармас Таль ҳужумга ташланди. Кескин кураш кимнинг фойдасига ҳал бўлиши номаълум, фақат қизиққонлик, хавотирга солувчи таваккалга ташналик ҳукмрон…
Рақиб ҳам жанговар кайфиятда, ўзини кескин курашларга чоғлаганди. Қирқ олти ёшли Толуш учун бу чемпионат сўнгги ёрқин асардай эди. Ҳали у шу чоққача ҳеч бир мусобақада бундай шижоатли, завқ-шавқ билан дона сурмаганди. Таль билан ўйинда Толушнинг неча йиллик орзуси ушалиши мумкин эди: ё бугун чемпион бўлади, ё ҳеч қачон бу унвонга эриша олмайди. Ахир, унинг ёшида қайтадан чемпионатнинг чиғириқларидан ўтиб келиш осон эмасди.
Шуниси қизиқки, Толуш мусобақа давомида Талнинг гроссмейстерларни ажойиб тарзда тор-мор қилганини кўргани учунми ўйин бошидаёқ ўзини ҳам ҳалокатга маҳкумдай сезди. Толушнинг сусткашлик билан ўйнаётганини кўрган Таль фурсатни бой бермай шоҳ томондан ҳужум уюштирди.
Охирги тур ўйинлари залда пашша учса эшитилгудек сокинликда ўтди. Бронштейн – Холмов учрашувида дурангнинг “ҳиди” келаётгани учун мухлислар бутун эътиборини мусобақа эркатойи ўйинига қаратишди. Эсингиздадир, “ҳар бир шоҳмотчи мусобақада ўз омадини ўзи яратади”. Айнан шу вақтда Таль ўз омадига замин яратмоқда эди. Оқлар 30-юришни амалга оширганда зал чуқур нафас олди. Таль марказий пиёдасини қурбон қилиб, филини зарба устида қолдирганди. Толуш қанчалик эҳтиёткорлик билан ҳимояланмасин, Талнинг ҳар юриши қаттиқроқ исканжага оларди. Бу ҳолат узоқ давом этмади, ниҳоят гроссмейстер қўлини Талга узатди, уни ғалаба ва чемпионлик унвони билан табриклади.
Бошқа ўйинлар давом этаётган бўлишига қарамай, мухлислар янги чемпионни гулдурос қарсаклар билан олқишлашди. Мамлакат чемпионатлари тарихида биринчи бор спорт устаси чемпион бўлди, бунинг устига у ўз ўйин услубига жалб этувчи шоҳмотчи эди. “Таль. Бу номни эслаб қолинг!” Энди бу ном шоҳмот кошонаси сирларидан огоҳ ҳар бир мухлис қалбида жаранглайди.
Кўплаб табрикларни эшитиб, Миша меҳмонхонадаги ўз хонасига кирди. Уст кийимларини ечиб, креслога чўкди. Бирдан уни ғам босди. Ҳаммаси тамом, энди ўйинга тайёрланишга ҳам, ҳаяжонланишга ҳам ҳожат йўқ. Шунда у ўзининг жуда қаттиқ чарчаганини англади. Тонг шомдан ақллироқ, деб бежиз айтишмайди. Тўйиб ухлагач, у яна аввалги Талга айланди.
Тонгда ғалабалар туғилади… Сиз бир лаҳза ўсмирлик қиёфасини сақлаб қолган, андак содда, ҳазил-ҳузулга мойил, лекин ўз кучига паҳлавонлардай ишонадиган ўспиринни кўз олдингизга келтиринг. У ўйлаётган вақтда хўмрайган қиёфага киради, тундлашади. Аммо ўйин тугаши билан курашга қаратилган диққат-эътибори ўрнини қувноқ кайфият эгаллайди. Гўё унинг ташқи қиёфаси: “Марҳамат, мендан ниманидир сўранглар, тортинмай баҳслашинглар, сиз ўйлаган йўналишнинг нотўғрилигини исботлаб бераман”, деяётгандай туюларди.
Ўша тантанали тонгда мамлакатнинг янги чемпиони жуда банд эди: ташрифлар, табрик телеграммалари, хатлар…
Телефон жиринглайди. Ригадаги газетанинг битта мухбири ҳамкасбларини доғда қолдиришни истайди:
– Кайфиятингиз қандай?
– Бошим нурга тўлган!
– Жуда чарчагандирсиз?
– Барчасини бошқатдан бошлашга тайёрман!
– Яқин кунларда нима билан машғул бўласиз?
Жиддий савол, Таль ҳам жиддий жавоб беради:
– Диплом иши ёзаман. Мавзуми? Ильф ва Петровнинг “12 стул” романидаги ҳажвиёт.
Ўз муваффақиятидан шодланган, шуҳрат майидан сармаст, хушчақчақ Миша Таль ўша дамда шундай кайфиятда эди. Алоҳида ҳолларда юз бергандай, у бир кечада машҳур бўлганди. Талга бағишлаб, мақолалар ёзиш бошланди, улар танқиддан ҳоли эмасди, асосан ёш чемпионнинг бир текис ўйнай олмаслиги таъкидланарди, умуман олганда мақтовларга йўғрилганди. Ҳатто Давид Бронштейн уни ёрқин, келажаги порлоқ истеъдод, дея таърифлади. Миша маънавий устозининг мақоласини ўқир экан, нимадир эсига тушди: “Ёш истеъдод”, деб мийиғида кулиб қўйди.
Унинг ўйин услуби тан олинди. Битта мақола муаллифи спорт устаси “шикояти”ни келтирганди: “Ҳамма нарса қоронғи, барча сипоҳлар зарба остида турган, иккиёқлама ҳужум уюштирилаётган вазиятларни Таль билан ўйнаш мароқли деб бўлмайди”.
Тўғри, ҳали ҳам унинг ғалабасига шубҳа билан қарайдиганлар топиларди, лекин уларнинг овози энди мамлакат чемпиони ва гроссмейстер Талнинг обрўсига зиён етказа олмасди. Бу вайсақилар гаплари Талнинг асабига тегарди, холос. У Рига вокзалида юзлаб мухлислари қуршовида қолганида барча кўнгилсиз воқеаларни унутди.
Гўё омад юлдузи ўспиринга кулиб боқаётганди. Аммо тақдир унга оғир зарба тайёрлаётган экан. Оиланинг таянчи ва фахри бўлган доктор Талнинг бехосдан тоби қочди. Мишага чемпионлик олтин медали топширилган вақтда, доктор Таль ўзи узоқ йиллар ишлаган касалхонага даволаниш учун ётқизилди. У ўғли Москвадан қайтган куни касалхонадан вақтинча чиқди ва даволаниш учун яна қайтди.
Мишанинг отасига бўлган ҳурматига аллақачондан ўғил-ота муносабатлари мезонлари торлик қиларди. Унинг учун доктор Таль нафақат ота, валломатлик тимсоли эди. Оғир дақиқаларда у ўзига-ўзи савол берарди: “Дадам шундай ҳолатда қандай йўл тутарди?”
Ота ва ўғил ўртасидаги ўзаро ҳурмат мустаҳкам эди, чунки доктор Таль ашаддий шоҳмот ишқибози бўлиб, Мишанинг ҳар бир беллашуви натижаси учун ташвиш чекиб юрарди. Шунга боғлиқ кўплаб қизиқарли воқеаларни эслашимиз мумкин. Чунончи, Вильнюсда бўлган чорак финал мусобақасида Таль Гипслис билан кечган ўйинини оғир вазиятда кечиктирди. Тунги учларда дадаси унга телефон қилди. Ида Григорьевна Мишани уйғотгиси келмади. У ютуққа элтувчи йўлни топганини айтганидан кейингина ўғлини уйғотишга жазм этди. Миша отасининг гапларини диққат билан тинглади ва самимий миннатдорлик билдирди. Телефон гўшагини қўяр экан, жилмайди, сабаби, “ютуққа элтувчи йўл” ҳалокатни тезлаштирарди.
Мишанинг ўпкаси шамоллаб отаси ётган касалхонага даволаниш учун келди, фақат у бир қават пастга жойлаштирилди. У отаси вафот этганини эшитганда тошдай қотиб қолди. Ҳамдардга муҳтож онаси ёнида ўтириб: “Йиғлагин, ўғлим, – дея бўзларди. Ўғил эса тош қотганди”.
Икки ойча Миша ҳеч нарса емади. У секин-аста сўниб борарди. Шаҳарда Мишанинг руҳий хасталикка чалингани тўғрисида миш-миш тарқади. Бу ҳақда уни кўргани келган дўстларидан бири билмасдан айтиб қўйди.
– Шундай дегин, – беозор кулимсиради Таль.
Эрталаб унинг имзосини тасдиқлаш учун нотариус вакили келди.
– Салом, – деди у Миша хонасига кирар экан, – мен нотариусман.
– Салом, – дея акс жавоб бўлди, – мен Наполеонман!
Нотариус вакили эсанкираб қолди ва хонадан чиқди. Эртаси куни бутун Рига аҳли Таль буюклик васвасасига йўлиққанидан хабар топди. Шу вақтда докторлар Мишада қандай қилиб ҳаётга қизиқишни қайтадан уйғотиш мумкин, деган масала устида бош қотиришарди. Бехосдан оналик сезгиси йўл кўрсатди. Шоҳмот, фақат шоҳмот уни дарддан халос этиши мумкин.
– Биласанми, Яша, – дея она атай қаттиқроқ овозда катта ўғлига мурожаат қилди, – иккинчи май куни шаҳар клубида анъанавий блиц-мусобақа ўтказилар экан.
– Мусобақада Миша ҳам қатнашса бўларди, – дея жавоб қайтарди Яковь. – Агар у истаса машинада олиб борардим.
Миша секин бошини ўгирди:
– Жасад қачон олиб чиқилади?
Ида Григорьевна сесканиб кетди: наҳотки шундай ҳазиллашиб бўлса? Аммо ғишт қолипдан кўчганди. Мусобақа бошланадиган вақтда Яковь укасини таксига кўтариб олиб чиқди ва шоҳмот клубига кўтариб олиб кирди. Албатта, касал қатнашчилар мусобақага қўйилмайди, лекин врачлар Ида Григорьевна ғоясига хайрихоҳлик билдиришди.
Мусобақага ташна мамлакат чемпиони дармонсиз бўлишига қарамай рақибларига ташланди ва ўн тўққиз ўйинда ҳам ғалаба қозонди! Энди дори-дармонга ҳожат қолмаганди: Таль кучга кира бошлади.

УЛКАН БАХТ

Мусобақаларда чемпионга қийин бўлади. Бу кўҳна ҳақиқатни XXV мамлакат чемпионатида қатнашаётган Таль ҳам ҳис қилиб турди. Миша учун бу чемпионат муҳим аҳамиятга эга эди. Биринчидан, Ригада ўтказилаётганди. Иккинчидан, биринчи–тўртинчи ўринларни эгаллаганлар жаҳон чемпионатининг минтақалараро мусобақасига йўлланма оларди. Ахир, жаҳон чемпионлиги учун баҳсга киришиш, шундай нуфузли мусобақага бориш ва унда ўз кучини синаб кўриш ёш Тални қизиқтирмаслиги мумкин эмасди.
Чемпионат қатнашчилари ихтиёрига Фан саройининг катта зали берилди. Ҳар ўйинда залда икки мингга яқин мухлис келарди. Улар ўз ҳамшаҳарлари учун ишқибозлик қилгани келганини билдиришга уринишарди, бу Тални ноқулай аҳволга солиб қўярди. Мухлисларнинг ҳаддан зиёд ишқибозлиги Тални ғалати аҳволга солса ҳам уни ҳар доим курашчан кайфиятда бўлишга ундарди.
Қуръага кўра Талнинг биринчи рақиби Толуш бўлди. Мухлислар бу рақибларнинг ўйинидан кўп нарса кутишганди. Улар янглишмади. Толуш ўйин бошида кичик хатоликка йўл қўйди, Таль эса дарҳол ҳужумга ўтди ва чиройли ғалаба қозонди.
Таль кутилгандай Бронштейн билан дуранг ўйнади ва Болеславскийга юзма-юз келди. Унинг бу гроссмейстер билан шахсий ҳисоб-китоби бор. Маълумки, уни Болеславский ўтган чемпионатда чиройли тарзда мағлуб этганди. Ўйин бошида ўч олиниши муқаррардай туюлди. Чунки Таль вазиятини яхшилаб олганди ва битта пиёда ютишга эришганди. Кейин эса енгилтаклик билан дона сурди. Қийин вазиятга тушган бўлишига қарамай, Таль ҳамон ҳужумга ташланарди, хотиржам Болеславскийни бу ҳамлалар ташвишга солмасди. Кўп ўтмай у Тални мағлубиятини тан олишга мажбур қилди.
Тўртинчи турда биз шарҳлаган Авербах билан ўйин бўлиб ўтди. Хуллас, ўтказилган етти тур ўйинларидан кейин таль 4,5 очко жамғарди. Бу ёмон натижа эмасди. Аммо кейинги икки ўйинда мағлубиятга учради. Айниқса, Талга иккинчисида осонгина вазиятда хатоликка йўл қўйгани жон-жонидан ўтиб кетди.
Яна ригаликнинг услуби яроқсизлиги ва уни ўйин пайтида чув тушириш қийин эмаслиги тўғрисидаги гап-сўзлар кўпайди. Аммо Таль тушкунликка тушмади. Тўққизинчи турда тор-мор қилинган Таль мураббийи Кобленцга хушчақчақ оҳангда деди:
– Марра яқин қолди, суръатни оширамиз – қолган тўққиз имкониятдан саккиз очко тўплаймиз, ҳаммаси жойида бўлади.
Кобленц жавоб бериш ўрнига афтини бужмайтирди. У мўъжиза рўй беришига ишонмасди. Ҳолбуки, унга Таль мўъжиза яратаман деб айтаётганди. Аммо мағлубиятдан аччиғи чиққан Таль мусобақа охиридаги анъанавий ўйинларини бошлади.
Унинг жанговар кайфиятини биринчи бўлиб гроссмейстер Котов ўзида ҳис қилди. Қора доналар билан ўйнаган Таль бошни айлантирувчи юришларини бошлади, толиққан Котов охир-оқибат қўпол хатоликка йўл қўйди.
Кейинги турда Тайманов билан ўйнаган Таль битта пиёда ортиқ ҳолатда ўйинни кечиктирди. Ўйин давом эттирилди ва фарзинли эндшпил ҳолатига ўтилди. Шуниси қизиқки, Таль ўйиндан кейингина бундай ҳолатларнинг дуранг вазият эканлигини билди. Тайманов эса бундай ҳолатларнинг дуранг эканлигини билгани учун шундай вазиятга ўтганди. Хуллас, улар хотиржам дона сурарди: бири бундай вазиятда ютуқ йўқлигини билмасди, иккинчиси бундай ҳолатда ютқазмаслигига ишончи комил эди. Аммо хотиржамликни Таймановнинг ўзи бузди. У узоқ вақт ўйлаб ўтирмасдан фарзинларни алмаштирди ва тахтада ўзи учун ютқизиқ вазиятни юзага келтирди.
Полугаевский билан дуранг ўйнагач, Таль яна гроссмейстерга – Геллерга қарши дона сурди. Залда мухлислар шовқини босилмагани учун ўйин асабий ҳолатда кечди. Чунки ҳамма тушунарди, бугун уни Геллер тўхтата олмаса, чемпионликка даъвогар Таль бу пойгага қўшилишига имконият туғиларди.
Қора доналар билан ўйнаган Геллер испанча ўйинда янги юриш қўллади. Таль олдиндан тайёрланган қопқонга тушмаслик учун антиқа йўлни танлади. Ўйин жуда кескин тус олди. Бунинг устига Геллер ҳар бир юришида зарбаларни бартараф этишга чора излади.
Аввалига Таль рухини филга қурбон қилди. Бунинг эвазига эришилган ташаббус имкониятлари тугаётган вақтда Таль иккинчи рухини қурбон қилишга ташлади. Геллер ўйлаб-ўйлаб иккинчи қурбондан воз кечди. Чунки бу ҳолатда кучли ҳужум остида қоларди. Аммо у шу қарорга келиши учун 40 дақиқа вақт сарфлади. Таль эса ҳужумни тўхтатиб, яхшироқ вазиятга эришиш учун филини отга алмаштирди. Пистирмали сўқмоқлардан эсон-омон ўтишга уринавериб толиққан Геллер жуда оддий вазиятда жуда қўпол хатоликка йўл қўйди.
Шундай қилиб, Геллер Талнинг шахдам одимини тўхтата олмади. Уч нафар гроссмейстердан уч очко олган Таль пешқадамларга тобора яқинлашди. Демак, кураш ҳали олдинда! Кейинги турда Фурманни мағлубиятга учратган Таль 10 очко тўплаб, 2–3-ўринларни Спасский билан бўлашиб турарди, пешқадам Петросян атиги ярим очко олдда эди, холос. Уларни Бронштейн ва Гургенидзе таъқиб этишаётганди.
Чемпионатнинг саралаш мусобақаси эканлиги ўйинларга муносабатини янада оширди. Энди мусобақанинг қандай якунланиши кўпроқ асабларга боғлиқ бўлиб қолди. Мусобақаларда “жар ёқасида” юришга ўрганиб қолган Таль эса ҳаяжонланмасди. Оғир дақиқаларда асаби панд бермаслигига унинг ишончи комил эди.
Тўғри, у ўн еттинчи турда ҳар қанча уринмасин, Крогиусни таслим қила олмади ва бошқа пешқадамлар каби марра сари ярим қадам силжиди. Аммо ўн саккизинчи тур мавжуд вазиятга ўзгартириш киритди. Чунки шу турда Петросян Болеславский билан дуранг ўйнади, Таль эса Гипслисни тор-мор қилди ва очколар бўйича пешқадамга тенглашди.
Сўнгги тур олдидан мусобақа жадвалининг юқори поғонаси қуйидаги кўринишда эди: Петросян ва Талда 11,5 очкодан, Бронштейн – 11; Спасский ва Авербахда – 10,5 очкодан. Охирги турда пешқадамлар ўзаро учрашарди: Таль Спасский билан, Петросян Авербах билан. Хуллас, XXV мамлакат чемпионатининг охирги тури қатнашчи ва мухлисларнинг узоқ вақт ёдида қоладиган бўлди. Албатта, биринчи навбатда икки ёш гроссмейстер – Таль ва Спасский қарама-қаршилиги эсга олинса керак.
Ўйин бошидаги дадил юришлар Спасскийнинг кескин курашга чоғланганини кўрсатди. У дебютдаёқ мураккаб вазиятларни юзага келтиришга уринди. Қора доналар билан ўйнаган Таль рақиби даъватини қабул қилди ва Нимцович ҳимоясида жуда кам қўлланиладиган, яъни пиёда е4 хонасига суриладиган йўналишни танлади. Бу пиёда оқларга бир оз мушкуллик туғдириб, кейин “қаҳрамонларча ҳалок бўларди”.
Тўла ёпиқ, демакки комбинация бошлашга имконият қолдирилмаган бу ўйин тенг курашларда давом этарди. Ҳеч бир томон ташаббусни қўлга ололмаётганди. Бундай зиқ ўйинларни ёқтирмайдиган Таль деярли тенг вазиятда рақибига дуранг таклиф қилди. Спасский таклифни рад этди. Эҳтимол, мусобақа жадвалидаги ўрни уни курашни давом эттиришга ундагандир. Балки бундай вазмин курашларни ёқтирмайдиган Талнинг бардоши етмайди деб ўйлагандир.
Таклифнинг рад этилиши Тални ранжитди. “Хато қилишимни кутаяпти”, дея ўйлади у алам билан ва ўша заҳоти янглишди… Спасскийнинг оғир сипоҳлари ягона очиқ йўлни назорат остига олди. Табиийки, кечиктирилган ўйинда Спасский устунликка эга эди.
Кечқурун Таль Кобленц билан кечиктирилган ўйинни кўриб чиқаётган вақтда мухлислар телефон қилишиб, ташвишланиб сўрашарди:
– Миша, сиз Спасскийнинг мана бундай юришига тайёрмисиз?
– Миша, агар Спасский бундай юрса, сиз нима қиласиз?
Охир-оқибат телефонни узиб қўйишга тўғри келди. Таҳлил эрталабки бешгача давом этди. Кобленц столга бош қўйганча уйқуга кетди.
Миша кечиктирилган ўйинни давом эттиришга хотиржам йўл олди: оқларнинг ғалабасини таъминловчи аниқ йўналиш йўқ эди. Кўп марта бўлганидек, Таль ўйинхонага қадам қўяр экан хаёлига: “Спасский биз кўриб чиққан йўллардан бошқа хавфли йўналиш топган бўлса-чи”, деган фикр келди.
Спасский бир стакан кефир кўтарган ҳолда столга яқинлашди, юзидан кам ухлагани ва толиққани кўриниб турарди. “Демак, улар ҳам тун бўйи кечиктирилган ўйинни таҳлил қилишган ва ғалабани таъминловчи аниқ йўналишни топа олишмаган”, дея ўйлади Таль. Лекин у Спасскийнинг йўлда Петросянга “Бугун чемпион бўласиз”, деганидан ҳали бехабар эди.
Эҳтиёткор Петросян индамади, ҳатто кулиб ҳам қўймади. У ўзига катта баҳо берганларга ишончсизлик билан қарарди.
Мана икки ёш гроссмейстер юзма-юз ўтиришди. Эрталаб бўлишига қарамасдан телевидение орқали кечиктирилган ўйинларга бағишланган тўғридан-тўғри репортаж узатилаётганди, залда мухлислар ҳам кўп эди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бутун Рига аҳли тахтада давом этаётган “спектакл”нинг қандай тугашини кузатиб турди.
Дастлаб Талга қийин бўлди. Унинг шоҳи рақиб оғир сипоҳлари зарбасидан қочиб юрди. Спасский ўз устунлигини секин-аста ошириб борди, ҳатто ютуқ вазият ҳам вужудга келтирди. Кейинроқ маълум бўлишича, бу вазиятни иккала рақиб ҳам кўришмаган экан.
Кўп ўтмай ўйинда руҳий жиҳатдан ҳал қилувчи босқич бошланди: кучлар нисбати тенглашган, оқлар ҳужумини кучайтира олмасди. Таль буни дилдан ҳис қилди, бироқ эҳтиёт чораларини кўрди. Спасский эса ҳужумга берилиб кетганидан ўзини хавфдан ҳоли деб билди. У бир-иккита арзимас ноаниқ юришлар қилди ва икки томон учун ўйинни кескинлаштириш имконияти туғилди. Гўё қочиб бораётган аскар бирдан ўгирилиб, қиличини яланғочлаб, ҳужумга тайёрлигини билдирди.
Тўғри, Спасскийнинг вазияти ҳали Талникига нисбатан ёмон эмасди, лекин илгаригига нисбатан оғирлашганди. Буни тушунган Спасский хўрсиниб дуранг таклиф қилди.
Таль жавоб беришга шошилмади. У ҳар хил туйғулар оғушида қолди. Чунки у бундай ҳолатда Спасскийнинг тузатиб бўлмас хатога йўл қўйишини биларди. Шу боис Спасскийга ичдан ачинди. Аммо кураш қоидаси шу: ютқазган алам чекади. Бундан ташқари, у спорт ахлоқига риоя этиши лозим эди. Чунки шу ўйиннинг натижаси икки қатнашчининг қандай ўринни эгаллашига таъсир этарди, яъни Спасский мағлубиятга учрасагина Авербах ва эндигина гроссмейстер талабини бажарган Полугаевский фахрли тўртликка кирарди.
Бир муддат мулоҳаза қилган Таль деди:
– Ўйинни давом эттирайлик.
Об-ҳаво ўзгарадиган вақт етди, оқ шоҳ ўз қароргоҳида безовталана бошлади. Шу вақтгача оқ шоҳ мустаҳкам қўрғонида жангни хотиржам бошқариб турганди, энди унинг ўзи рақиб сипоҳларининг нишонига айланди.
Вазиятнинг бундай кескин ўзгаришини кутмаган Спасский ҳаяжонланганидан қўпол хатога йўл қўйди. Энди унинг шоҳи киштлар зарбидан дайдиб қолди. Мана рухи жангдан чиқди, мана рақиб фарзини ҳал қилувчи киштни берди. Бундай муваффақиятдан хурсанд бўлиб кетган мухлислар Тални ўртага олиб чиқиб, биргаликда ҳавога отишди ва қўлларида кўтарганча ташқарига йўналишди…
Спасский-чи? Афсуски, баъзан шоҳмот ҳам шафқат нималигини билмайди. Шундай оғир дақиқаларда унинг кўнглидан нималар кечаётганини фақат яқин кишилари билиши мумкин эди. Бу мағлубият Спасскийнинг барча умидини пучга чиқарди, икки тур олдин пешқадамдан атиги ярим очко ортда қолаётганди, якунда эса кучли тўртликка ҳам кира олмади, 5–6-ўринларни Полугаевский билан бўлашди, холос…
Талнинг ғалабасидан кейин минтақалараро мусобақада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган Авербах залда йўқ эди, у Спасскийнинг ғалабасига ишонгани учун кечиктирилган ўйинлар боришини кўришга келмаганди. Авербах қандайдир иш билан меҳмонхонадан чиқди ва кўчада икки кишининг Таль – Спасский ўйинини қизғин муҳокама қилаётганини кўрди.
– Кечиктирилган ўйин қандай якунланганини билмайсизларми? – дея сўради у. – Таль мағлубиятдан қутулиб қолдими?
– Нима? – дея ажабланишди ригалик мухлислар. – Мағлубиятдан қутулиб қолдими!? Сиз ақлдан озибсиз, Таль ютди!
Авербах шайтонга ҳай бериб ўйлади: бу томи кетган мухлислар ҳеч қачон бир қолипга сиғмайдиган миш-мишлар тарқатишади-да…
Петросян Авербах билан дуранг ўйнагани учун Таль яна чемпионат ғолиби бўлди. Иккинчи ғалабаси ҳайратда қолдирарли даражада юз берди. Энди мулоҳазагўй ҳар бир одам Талнинг ўтган чемпионатдаги ғалабаси тасодифий эмаслигини тушуниб етганди. Бу ғалаба Талнинг ўз даврининг буюк шоҳмотчиси эканлигини исботлади.
“Таль тасодифан ғалаба қозонади”, “унга омад ҳаддан зиёд кулиб боқади”, деган гап-сўзлар яшовчан экан, Таль иккинчи бор чемпион бўлгандан кейин ҳам тинмади. Улар нафақат Геллер билан, балки шов-шувга сабаб бўлган Спасский билан ўтказган учрашувини ҳам эсга олишарди. Яна Фурманнинг ютуқ вазиятда вақтни ўтказиб юбориб, ўйинни бой берганини таъкидлаб қўйишарди.
Тўғри, шундай бўлганди. Лекин Тални танқид қилаётганлар ҳар доимгидай ўйинни ҳар тарафлама, бор бўйи билан ўрганмасдан, ўзларига керакли қисмини юлиб олиб, шунга қараб бутун ўйинга баҳо беришаётганди.
Фурман билан ўйинда Таль мумтоз йўналишлардан бирида вазият устунлигига эришди ва битта пиёда ютиб олди. Бундан ташқари, Фурман вақт танглигига тушиб қолди. Лекин шошқалоқ Таль вазият устунлигини секин-аста амалга ошириш ўрнига таваккал комбинациясини бошлаб юборди. Бу комбинация рух ва фарзин қурбони билан боғлиқ эди. Таль аввалига рухини филга алмаштирди, энди фарзинни зарба остида қолдирмоқчи бўлганда бу комбинациянинг охири вой эканлигини кўриб қолди. Бироқ Фурман бу хато юришларга тўғри жавоб топгунча кўп вақт сарфлади. Ўз хатосини тушунган Талга рақибининг белгиланган вақтда керакли юриш қила олмаслиги таскин берди. Чиндан ҳам 37-юришда Фурманнинг вақти тугади.
Ахир, Таль ўзининг чиройли ўйини билан Фурманнинг вақт танглигига туширди-ку! Ахир, Таль яширин зарбалари, тузоққа туширувчи юришлари билан Фурманни ҳар қадамда узоқ ўйлашга мажбур қилди-ку! Афсуски, Таль услубини тан олмаслик анъанаси давом этди. Икки йил ўтиб, шоҳмот билимдони Б.Вайнштейн шундай ёзганди:
“Аслида ўйин шундай кечганди. Геллер кескин комбинациялардан кейин сифат устунлигига эришди. Ҳали бу ютуқ дегани эмас. Тахтада сипоҳлар кам қолганди, Геллер зал бўйлаб хотиржам сайр қиларди. Ҳозиргидай эсимда, у Котов билан жилмайиб гаплашди. Бирдан Таль юриш қилганини кўрди, у хотиржам стол ёнига келди, ўйлаб ўтирмасдан рухини зарба остида қолдирди…”
Нақадар оддий изоҳ. Гўё кутилмаган зарбалар, тузоқлар, хавфлар бўлмаган, гроссмейстер Геллер шундай келгану рухини зарба остида қолдирган. Гўё Геллер хотиржам сайр қилган, жилмайиб суҳбатлашган, ҳеч бир ҳаяжонсиз бемалол дона сурган. Гўё чуқур ўйлар ва қарама-қарши руҳий ҳолатлар билан кечадиган шоҳмот курашида қатнашчининг ташқи қиёфасига бир зумгина назар ташлаб, унинг ичида нималар бўлаётганига аниқ баҳо бериш мумкин? Ахир, Геллер Тални ғалабаси билан табриклаш учун қўл узатганда ҳам кулиб турганди, эҳтимол у шоҳмотчиларнинг ўйин охиридаги бу олижаноб одатини ҳурмат қилгани учун ўзини самимий кўрсатишга урингандир. Зеро, бўлиб ўтган кескин курашларни унинг юзидаги табассумига қараб унутиш, ички ҳолатига баҳо бериш мумкин эмас.
“Талнинг роса омади чопган” деган гап-сўзларни эшитаверганидан обрўли шоҳмотчилар ҳам унинг айрим ғалабалари ҳеч бир қолипга сиғмаслигини, ғалати ва тушунарсиз эканлигини таъкидлаб қўйишарди. Холисанлилло айтсак, чиндан ҳам Таль ўйин давомида рақиблари олдига бошни айлантирадиган муаммолар қўярдики, уларни ечиш осон эмас эди.
Қолаверса, Тални бундай гап-сўзлар ранжитмасди. Чунки унинг ўйин услуби Москва ва Ригадаги иккита катта имтиҳондан ўтганди. Энди у кескин ва таваккал ўйинлар орқали юқори натижаларга эришиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилганди. Ўша кезларда Талнинг қатъий хулосаси шу эди: Таваккалсиз ғалаба йўқ!
Унинг шоҳмотдан бошқа ишлари ҳам юришиб кетди. Мамлакат чемпиони университетнинг давлат имтиҳонларини “аъло”га топширди, “Ильф ва Петровнинг “12 стул” романида ҳажвиёт” мавзусидаги диплом ишини муваффақиятли ёқлади. Шуниси таҳсинга лойиқки, Таль романдаги Остап Бендер тимсолида жуда кўп ўзига хос ижобий хислатлар топди, уларни жамоатчилик ҳам эътироф этди.
Университетни тамомлаган Таль Қора денгиз бўйига йўл олди. Онаси ўғлининг дам олишига умид боғлаганди. Аммо Миша дам олиш уйига бориши билан Донецкдан келган талабаларнинг бадиий ҳаваскорлик жамоасига қўшилиб, конферансьелик қилди, ўхшатма қўшиқлар куйлади. Бу қўшиқларнинг кўпчилигини ўзи тўқирди. Жамоа денгиз бўйида дам олувчиларга концертлар уюштириб туришди.
Миша хурсанд эди. У танилиб қолганди, концерт бошланиши ва чиқишларидан кейин янграган қарсаклар кўнглини кўтарарди. Муҳими, артистлик қобилиятини синаб кўриши учун имконият туғилганди. Бундан ташқари, шоҳмот мухлисларига лекциялар ўқиди, сеанслар берди.
Аммо талабалар терма жамоаси таркибида Варнада ўтказилаётган жаҳон биринчилигида қатнашиши мумкинлигини эшитиши билан йўлга отланди. Унинг шоҳмот ўйнаш имкониятидан фойдаланмаслиги мумкин эмасди.
Варнада Таль биринчи тахтада ўйнади, ўн имкониятдан 8,5 очко жамғарди. Ажойиб натижа! Бу мусобақа июлда бўлганди, у август ойида Порторож шаҳрида бошланаётган минтақалараро мусобақага келди. Ҳа, Таль жаҳон чемпионлиги учун курашга киришди.

“МЕНГА ИШОНИШИНГИЗ МУМКИН…”

Некбин Миша қандай мақсадни кўзлаб Порторожга йўл олганди? Саволни соддалаштирсак: у йигирма бир ёшида жаҳон чемпиони бўлиш ҳақида жиддий ўйлаганмиди? Агар ўтган улуғ шоҳмотчиларни эсга олсак, улар учун жаҳон чемпионлигига эришиш умрнинг мазмуни бўлган. Демак, шундай ишга жазм этишга ёш Талнинг маънавий ҳаққи бормиди? Сеҳрли ўйин учун нима иш қилган эдики, шоҳмот уни зўрларнинг зўри деб тан олса?
Биз Тални Таль демасак ҳам бўларди, агар у маънавий ва спорт кураши нуқтаи назаридан жаҳон чемпионлигига ўзини ҳақли деб ҳисобламаса. Тўғри, ҳозирча у мана шундай кучли таркибли мусобақада қатнашишни жуда-жуда хоҳларди. Унинг кучлиларга қарши дона суриш иштиёқини тушунса бўлади.
Порторож – Адриатика денгизи бўйидаги дам олиш маскани. Қатнашчилар ихтиёрига ажойиб пляж, волейбол майдони ва теннис корти бериб қўйилди. Тез орада Таль зерика бошлади: у волейбол ва теннис ўйнамасди, бадиий ҳаваскорлик гуруҳлари йўқ, юмшоқ курсида ястаниб ўтириб хаёл суришни эса хушламасди. Бир сўз билан айтганда, унинг яратилган шароитдан кўнгли тўлмади: одамлар кам, вақтичоғлик қилишга имконият йўқ. Кобленцга эса бу шароит кўнгилдагидек эди: энди шогирди шоҳмот ўйнаб вақтини ўтказади.
Мусобақа низомига кўра, дастлабки беш ўринни эгаллаган қатнашчи даъвогарлар мусобақасига йўл оларди. Мамлакатимиз шоҳмотчиларига шарт янада оғирроқ эди: чунки Халқаро шоҳмот федерацияси (FIДЕ) қарорига кўра, даъвогарлар мусобақасида бир давлатдан тўрттагача қатнашчи иштирок этишига рухсат берилганди (кейинроқ бу қарор бекор қилинди). Агар Смислов ва Кереснинг аллақачон даъвогарлар мусобақасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганини эътиборга олсак, Порторожда Бронштейн, Таль, Петросян ва Авербахдан иборат тўртлигимиз қолган икки йўлланма учун курашишига тўғри келарди. Тўғри, ўйинлар бошлангандан кейин қатнашчилар илтимосига кўра FIДE мазкур даъвогарлар мусобақаси йўлланмалари сонини бештадан олтитага, шу билан бир вақтда мамлакатимиз шоҳмотчиларига бериладиган ўринни тўрттадан бештага оширди.
Биринчи турда Таль ўзи учун нотаниш колумбиялик Дегрейф билан учрашди. Дастлабки ярим соатда фотосуратчи ва кинооператорлар хотиржамликни бузиб туришди. Яхшиям, Дегрейф иккинчи юриш устида ярим соатча бош қотирди. Ўйин ўрталарига келиб Таль ўз режасини амалга оширди ва 29-юришда Дегрейф таслим бўлди. Иккинчи турда Сабо устидан вазият устунлигига эришиб, ғалаба қозонди.
Уч турдан кейин Таль 2,5 очко тўплаб, яккапешқадам бўлиб олди. Аммо тўртинчи турдан кейин мусобақа жадвалида орқага сурилди. У бу турда Матанович билан учрашганди. Белградлик гроссмейстер олдиндан тайёрлаб келган йўналишни қўллади, Таль оғир вазиятга тушиб қолди. Аста-секинлик билан вазиятни яхшилаган вақтда хатоликка йўл қўйди ва оғир ҳолатда ўйинни кечиктирди. Деярли бутун тун бўйи Таль ва Кобленц ҳимояланиш чораларини излаб чиқишди.
Ўйин давом эттирилганда шунча ҳаракат зое кетгани маълум бўлди. Чунки Матанович кучсиз юриш ёзган экан. Яна Таль вазиятни тенглаштирди. Бироқ ўша ўйинда тақдир у билан ҳазиллашгиси келди, шекилли. Яхши биласиз, Талнинг ўқувчилик йилларида юришни ўйлаётган вақтда сипоҳларни ушлаб қўйиш одати бор эди. Айнан шу ўйинда у болаликдаги одатини такрорлади.
Дуранг вазиятда Таль бирдан “а” катакдаги пиёдани суриш билан Матановични қийин аҳволга солиб қўйиш мумкинлигини кўрди. Шу пиёдани суриш ўрнига бошқа ғояларга чалғиб кетди. Пиёдага қўл чўзганда кеч бўлганди. У қўлидаги пиёдага, кейин рақибига бир оз тикилиб жойига қўйди. Кутилгандек, кўп ўтмай енгилди.
Таль ўз одатидан жуда қаттиқ ранжиди. Бунинг устига маҳаллий матбуот ватандошининг маҳоратини мақташга тушиб кетди. Ҳатто битта мақола “Матановичнинг қаҳрамонлиги” сарлавҳаси остида босилиб чиқди. Бу сарлавҳани кўрганда Талнинг кайфияти тушди.
Бошқача айтганда, Таль чехиялик гроссмейстер Филип билан ўйинга ғалаба иштиёқида борди. Испанча ўйинда дебютдан чиқмасданоқ шоҳ томонида кескин кураш бошланди. Қора доналарни бошқарган Филип мустаҳкам ҳимоя қўрғонини тиклашга улгурганди. Бу мураккаб вазиятда оқларнинг тўғридан-тўғри ҳужумга ўтадиган йўлаги йўқ эди. Шунда Таль шоҳини юрди ва сипоҳини қурбон қилишга имконият туғилди.
Филип ҳам бу йўналишни кўрди, ярим соат ўйга чўмиб, дуранг таклиф қилди. Энди Таль ўйга чўмди. У қурбоннинг тўғрилигига юз фоиз ишонмай турганди. Лекин рақибининг юзига қараб, ташвишланаётганини ва ҳаяжонланаётганини кўргач, бу қурбоннинг шубҳали эканлигидан хурсанд бўлди.
Бундай ҳолатда Таль қандай йўл тутганини англаётгандирсиз: у таклифни рад этди. Кейинги юришдаёқ унинг фили қора шоҳни ҳимоя қилиб турган пиёдага ташланди. Қурбоннинг натижаси яхши эди: фил учун икки пиёда ва ҳужум. Муҳими, асабий ҳолатга тушган Филип илгаригидай аниқ ва қатъият билан ҳимоялана олмасди. Хуллас, Талнинг руҳий тажрибаси ўзини оқлади, кўп ўтмай рақиби ўйинни топширди.
Кейинги уч турда: филиппинлик Корросо, мезбон Глигорич, болгариялик Нейкирх билан дуранг ўйнади. Тўққизинчи турда Таль барчага очко улашаётган канадалик Фюштерни енгди, кейин аргентиналик Россетони. Айнан Россето билан ўйини мухбирларга гипноз тўғрисида ёзишларига битмас-туганмас “озиқ” берди. Қора доналар билан ўйнаган Таль эски ҳинд ҳимоясида яхши вазиятга эришди, пиёдасини қурбон қилиб, жиддий хавф сола бошлади. Кескин ўйинларни ёқтирадиган Россетога ҳам бу вазият маъқул келди. Ҳатто у пиёда устунлигига ҳам эришди ва фурсатдан фойдаланиб, дуранг таклиф қилди.
Омад юлдузига ишонган Таль бу таклифга рози бўлмади. У ўз вазиятини ёмонлаштириш ҳисобига ўйинни янада чигаллаштирди. Ниҳоят, ҳимояланавериб, чарчаган Россето ўйин тизгинини йўқотди ва тезда мағлубиятга учради. Ўйиндаги ҳалокат кўпчиликка тушунарсиз туюлди (хорижда ҳали Талнинг ўйинига кўникишмаганди) ва бу мухбирларнинг “Таль рақибларини гипноз қилади” деб ёзишларига дастак бўлди.
Кейинги рақиби – қора доналар билан ўйнаган Бенко сицилианча ҳимояда мустаҳкам қўрғон барпо этди ва у юз қиёфаси билан ҳеч қандай хўракка алданмаслигини билдирди. Шунга қарамай Таль фарзин томонда пиёдаларини фаоллаштириб, уни чалғита олди. Ҳал қилувчи лаҳзаларда Таль рақибидан кўпроқ юришларни кўрди ва пиёда устунлигига эришди. Кейин ўйинни ютуқли рухли эндшпил ҳолатига ўтказди. Бенко таслим бўлиш ўрнига, ночор вазиятда қаршиликни давом эттираверди. Таль томошабинлар суҳбатига эътибор бермай жимгина вазиятни таҳлил қилди. Сўнгра пиёдасини фарзинга чиқариш ўрнига, томошабинларни ҳайрон қолдириб, иккинчи томондаги пиёдасини олға сурди. Бенко рақибининг киноясини тушунди ва соатини тўхтатди.
Ўн бешинчи турда Таль Ларсенни мағлубиятга учратиб, очколар бўйича пешқадам Петросянга тенглашди. Лекин у кейинги турларда Панно, Олафссон, Петросян ва америкалик Шервин каби кучли шоҳмотчилар билан ўйнаши керак эди. Биз биламизки, Таль мусобақа охирида доимо кучли ўйнайди.
Панно билан учрашуви Талнинг шоҳмот фаолиятидаги энг мураккаб ўйинларидан бири бўлди, десак янглишмаймиз. Рақиблар испанча ўйинни танлашди, қизиғи Панно юришларга кам вақт сарфлади. Ригалик шоҳмотчи рақибининг XXIV мамлакат чемпионатидаги Таль – Антошин ўйинидаги йўналишга ўтишни хоҳлаётганини сезиб қолди.
Албатта, аргентиналик шоҳмотчининг бу йўналишда тузоқ тайёрлагани яққол кўриниб турарди. Таль узоқ ўйлаб ўтирмади, “нима бўлса бўлар” деган қарорга келди. Ахир, у ҳам бу йўналишда битта янги юришни синаб кўрмоқчи эди.
Ўйин ўрталарида тахтада жуда мураккаб вазият юзага келди, иккала ёш шоҳмотчи ҳам хавфлардан ҳайиқмай бир-бирига комбинация борасидаги маҳоратини намойиш этишди. Панно 19-юришда фарзинини рух ва иккита енгил сипоҳга берди. Шундан кейин Талнинг тахтадаги вазияти кескинлашди. Бронштейн вазиятга қараб ташвишланиб турган Кобленцнинг елкасини қоқиб, кўнглини кўтарди:
– Жуда тушкунликка тушманг, олдинда ҳали учта тур бор.
Аммо Таль комбинация оқибатини рақибига нисбатан чуқурроқ ўйлаган экан. Қораларнинг доналари тахтада сочилганча қолиб кетди ва Панно бир қанча моддий талафотга учради. Кейин аргентиналик шоҳмотчи жон-жаҳди билан ҳимояланди, бир-икки марта Талга тузоқ қўйишга самарасиз уриниб кўрди.
Ўйинда иккала рақиб ҳам катта куч йўқотди. Паннонинг юзида тер йилтирарди, Таль ҳам жуда чарчаганди. Бироқ ҳар доимгидай мана шундай қалтис вазиятларда Талнинг ақли зийрак ишлади, асаби панд бермади. Таль 35-юришда рақибининг тузоғидан айланиб ўтди. Панно эса 41-юришда хато қилиб дурангга келишиш имкониятини қўлдан чиқарди.
Ўйин кечиктирилганда, Таль ҳали уни ютиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилмаганди. Кобленцнинг унга дастлабки саволи шу бўлди:
– Аҳволинг қалай?
– Менимча дуранг, – дея жавоб берди Таль.
– Нимани кутаяпсан? – сабрсизлик билан хитоб қилди Кобленц. – Таклиф қил!
Таль эса жилмайиб, бошини чайқади.
Улар тонггача кечиктирилган ўйинни таҳлил қилишди ва ютиш мумкин деган хулосага келишди. Эрталаб кечиктирилган ўйин вазиятига Таль яна бир бор назар ташлади ва бугун Олафссон билан ўтказиладиган учрашувда “дам” олгиси келди. Ўн бештадан юришлар қилингач, битим музокараларини бошлаш мумкин. У бўлса шу орада бир-иккита ўйламасдан юриш қилиб қўйди.
Мана шу дамларда Талнинг енгилтаклиги ва ўзига бино қўйгани ярқ этиб кўзга ташланди. У ўйладики: Таль дурангга рози экан, демак ўйинни давом эттиришга ҳожат йўқ. Айнан шу дамда Олафссон бошқача фикрлаши мумкинлиги унинг хаёлига ҳам келмасди.
Таль тезгина бир-икки дона алмаштирди, 15-юришни қилгандан кейин Олафссонга анъанавий саволни берди:
– Сиз ютуқ учун ўйнаяпсизми?
Энди жойидан турмоқчи эди, рақибининг хотиржам жавоби янгради:
– Ҳа!
Шундан кейингина Таль тахтадаги вазиятни диққат билан қараб чиқди ва ўзининг ҳолати яхши эмаслигини, холис баҳолаганда ёмонлигини пайқади. Ўз ҳолатидан ранжиган Таль яна бир-иккита хато юриш қилди. Қисқаси, кечиктирилган вазият ютқизиқ эди. Олафссон ўз юришини ёзди. Демак, Таль иккита кечиктирилган ўйинни давом эттириши керак: бирида ғалаба қилишга кичик имконият бор, иккинчисида дуранг ўйнашга имконият излаши лозим.
Тўғри, ўйинни дуранг қилишга кичик бўлса ҳам илинж қолганди, бу илинж рақибининг руҳий ҳолатига боғлиқ эди. Таль англадики, оддий ва тўғри юришлар қилинса, Олафссоннинг ютиши муқаррар. Шундай экан мантиққа зидроқ йўналишни танлаш керак. Бунинг устига Олафссон юришни ёзиш олдидан 45 дақиқа ўйлаганди. Шу боис эндиги юришларини узоқ ўйлай олмайди.
Мана шу хусусиятларни ҳисобга олган Таль бир қарашда ақлга сиғмайдиган йўналишни танлади: қора шоҳ оқларнинг олди очиқ пиёдалари томонга эмас, қарама-қарши томонга йўл олди! Шоҳнинг бу ҳаракатини тушунса бўларди, чунки тўғри юришлар қилиб ўйинни сақлаш мумкин эмасди. Олафссон ўйиннинг бундай давом этишига дарҳол кўника олмади, бунинг устига шоҳнинг ҳар бир юриши таҳдид солаётгандай туюлаверди.
Шуни таъкидлашимиз керак, Таль ва Кобленц таҳлил пайтида кечиктирилган икки ўйиндан бир очко олиш ҳам яхши натижа деб ўйлашганди. Режалаштирилган бир очко Панно билан ўйиндаёқ осонгина қўлга киритилди. Қизиғи, Таль бу ўйинда енгил ғалаба қозонди.
Навбат Олафссонга келганди. Руҳий курашда ҳамма нарса, ҳатто ўзни тутиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Таль зудлик билан юришларини қилар, кейин ўйин натижаси аҳамиятсиздай зал томонга хотиржам қарарди. Бу ҳолат ғалабасини расмийлаштириш учун келган Олафссонни ҳаяжонлантирди. У қора шоҳ кутилмаган томонга юрилгач, ўн дақиқагача ўйга чўмди. Энди кейинги ўнта юришини қилиши учун бир-икки дақиқагача вақти қолганди. Қисқаси, бир оздан кейин Олафссон хатоликка йўл қўйди ва тайёр ютуқни қўлдан чиқарди.
Эртанги куни чиққан маҳаллий газеталарда шу ўйиндаги туб бурилишга алоҳида тўхталишди, турли сифатлашлар ишлатилди: “айёр Таль”, “топқир Таль”, “устамон Таль” ва албатта “бахтиёр Таль”. Бахтиёрлик… Аммо шу дурангга эришиш учун қанча асаб, қанча қувват кетганини фақат Таль ва Кобленц биларди.
Сўнгги тур олдидан Таль 13 очко жамғарганди, у Глигорич ва Петросяндан ярим очко ўзиб кетганди. Петросяннинг ўйини тугаганди, унга Бенко тенглашди. Глигорич эса Фишер билан дуранг ўйнаб, иккинчи ўринни нақд қилиб қўйди.
Таль Шервин билан ўйнаётганди. Глигорич дурангга имзо чеккач, Тални ҳам шундай натижа қаноатлантирарди. Дебютдан чиқиб, яхши вазиятга эришгач, залга қараб Кобленцни кўрди. Мураббийи асабий ҳолда ўтирарди. У ўжар шогирди яна бир балони бошлашидан хавотирда эди. Буни англаган Таль кулиб қўйди. У ўжарлигидан эмас, балки бутун нигоҳи билан дуранг қилишини сўраётган мураббийининг жиғига теккиси келди. У Кобленцни кўрмаганга олиб, олдин пиёдани, кейин рухни юрди, шундан сўнг Шервинга дуранг таклиф қилди. Кўплаб нуфузли мусобақаларда ғолиб чиққан гроссмейстер Шервин кексайган бўлишига қарамай, ҳали ёшларга муносиб рақиб эканлигини кўрсатишга уринди…
1958 йилнинг 10 сентябрида Порторожда охирги тур ўйналган бўлса, яна йигирма кундан кейин Мюнхенда XIII олимпиада бошланди. Мамлакат терма жамоаси забардаст гроссмейстерлардан ташкил топганди: жаҳон чемпиони М.Ботвинник, собиқ жаҳон чемпиони В.Смислов, шунингдек, П.Керес, Д.Бронштейн. Захирада – М.Таль ва Т.Петросян. Бу таркибдаги жамоанинг ишонарли ғалаба қозонишини олдиндан башорат қилиш мумкин эди.
Эҳтимол, олимпиадалар тарихида биринчи марта мамлакат чемпиони ва минтақалараро мусобақа ғолиби бўлган гроссмейстер захира ўйинчилар сафига киритилди. Бу Таль кўнглининг бир четини хира қилди, лекин у ўзидан катта ҳамкасбларининг ҳурматини жойига қўйишни биларди. Бунинг устига у захирага номигагина ёзилганди. Ахир, у олимпиадада 15 ўйин ўтказди.
У Мюнхенга кўтаринки кайфиятда келганди. Айни дамда Таль шоҳмотдаги исталган қийин муаммони ечиб ташлай оламан деган кайфиятда эди. Ҳа, у ҳамманинг эътиборини қозонди, турли қитъалардан келган шоҳмотчилар билан танишди. Олимпиаданинг жанговар “ҳаво”си ғалаба учун ўйнайдиган Талнинг руҳиятига жуда мос тушганди.
Олимпиада кунлари Мюнхеннинг 800 йиллиги нишонланарди. Таль биринчи кундан шаҳарни томоша қилмоқчи бўлди. Жамоа врачи барчанинг яхши дам олиши лозимлигини уқтирарди. Аммо Талнинг иштиёқи зўр келди. У бир жуфт туфлисини деразадан ташқарига ташлади ва билдирмасдан меҳмонхонадан чиқди. Шаҳарда роса сайр қилиб, яна билдирмасдан меҳмонхонага чиқди. “Топқир Таль” ўзининг шўхлигидан мамнун жилмайиб қўйди.
Ўйинлар Миллий музейнинг концерт залида ўтказилди. Қатнашчиларни мухлислардан тортилган ип ажратиб турарди, холос. Мухлисларнинг яқинлиги кимгадир халақит берган бўлиши мумкин, лекин бу Талга қўшимча қувват бағишлади. У Мюнхенда ажойиб ўйин кўрсатиб, бешинчи тахтада яхши натижага эришгани учун махсус совринга сазовор бўлди. Ахир, Таль 15 имкониятдан 13,5 очко тўплади!
Учта дурангга эришганлар орасида белградлик кекса гроссмейстер Трифунович ҳам бор эди. У санъаткорона ҳимояланиши билан донг таратганди. Ўйин олдидан Трифунович шундай деди:
– Қани, болакайни бир имтиҳон қилай-чи. Ҳозирча, Таль ундоқ, Таль бундоқ деган гапларни эшитяпман…
Фахрий шоҳмотчининг ўзини имтиҳон қилишга чоғланганини эшитган Таль кенг миқёсда ҳужум кетидан ҳужум уюштирди, қопқон кетидан қопқон қўйди, аммо Трифунович барчасига чора топди. Хуллас, Таль мустаҳкам ҳимоя қалқонини ёриб ўта олмади.
Битим имзолангач, Трифунович мамнун ҳолда деди:
– Биласизми, Порторожда ғолиб чиққанингизни эшитганимда ишонмагандим. Энди билсам ҳақиқатан ҳам сиз билан ўйнаш қийин экан. Холисанлилло айтсам, мен узоқ вақтдан буён бунақа яхши ўйнамагандим.
Таль олимпиадада омади юришиб турганини сезгани ва ўзига қаттиқ ишонгани учун бир неча йўналишларни синаб кўрди. У оқ доналар билан Тринговни ютди, кейинги турда қора доналарда Фахтлига қарши шу ютқизиқ йўналишни танлади. Австриялик Локвенцга қарши ўзининг Матанович билан бўлган ўйинидаги ютқизиққа олиб борувчи йўналишини такрорлашдан чўчимади.
Бошқача айтганда, Талнинг томирида шоҳмот курашига ташналик қайнаб оқмоқда эди. Албатта, бундай ўйинлар ўзига қўшимча қийинчиликлар туғдирди. Баъзан у жамоа сардори Котовнинг жиғига тегиш учун вазиятни атайин чигаллаштирарди. Ҳолбуки, тўғри ўйнаб ҳам рақибини ютса бўларди. Ахир, рақиблари ундан шунчалик чўчиб қолишгандики (Таль бундан унумли фойдаланарди), улар Талнинг ҳар бир юришида комбинация яширин деб ўйлашарди ва ҳеч қандай қаршиликсиз тузоққа тушишарди.
Охирги кун терма жамоамиз швейцарияликлар билан учрашди. Бу вақтгача жамоа биринчи ўринни эгаллаб бўлганди. Шу боис Таль рақиби Вальтер билан тезгина дуранг ўйнаб, қаҳвахонадаги телевизорда Лондондан олиб бериладиган мамлакатимиз футболчиларининг англияликларга қарши учрашувини кўрмоқчи эди.
Қора доналарни сурадиган Таль тезроқ жавоб юришини қилиш мақсадида кўтаринки кайфиятда ўз жойини эгаллади, ахир ҳар бир дақиқа ғанимат. Аммо жавоб беришнинг иложи йўқ эди: Вальтер биринчи юришни қилиш учун ўн дақиқача ўйланди. Ҳаваскорлар футбол жамоасининг собиқ дарвозабони ўзи ўтирган стулда безовта питилларди. Вальтер иккинчи юришни қилишга шошилмади. Шунда Таль бугунги футбол учрашувини томоша қилолмаслигини англаб етди. Кейин кўнглида овчиларнинг ҳис-туйғуси уйғонди ва ўлжаси изига тушди. 34-юришда Вальтер ўзининг самарасиз ҳимояланишини тўхтатди.
Мюнхен олимпиадасида Таль барчанинг ёқимтойига айланди. Матбуот унинг суҳбатижонлиги ва очиқкўнгиллигини таъкидлашдан чарчамасди. Хорижлик спорт усталарини тор-мор қилаётган пайтда унинг беғараз ҳазил юришлари ва ҳар қандай кескин йўналишни дадил қўллаши барчага ёқиб тушганди.
Жаҳон чемпиони Михаил Моисевич Ботвинник билан яқиндан танишув Таль учун муҳим аҳамият касб этди ва унутилмас сабоқ бўлди. Мюнхенда Таль Ботвинникнинг кечиктирилган ўйинларни нақадар чуқур ва санъаткорона таҳлил қилишини ўз кўзи билан кўрди. Бир неча марта Ботвинник билан айрим вазиятларни таҳлил қилди, кўп нарсани ўрганди. Ўша вақтда жаҳон чемпиони унга эътиборини қаратдимикин? Кўп ўтмай шу чапдаст шоҳмотчи билан оғир “жанг”га киришишни хаёлига келтирдимикин?
Эҳтимол, Ботвинник шу ҳақда ўйлагандир. Чунки олимпиададан кейин Таль жаҳон чемпионлигига асосий даъвогар эканлиги тўғрисида ёзишди. Хусусан, Таль ўйинларини диққат билан кузатиб юрган собиқ жаҳон чемпиони, машҳур гроссмейстер Макс Эйве ўз фикрини қуйидагича изҳор этди:
– Таль – шоҳмот оламидаги улкан янгиланиш. Менга ишонишингиз мумкин: узоқ йиллик шоҳмот фаолиятимда кўплаб истеъдодларни кўрганман.
Билишимча, унга ишонишди…

“ҲАММАСИ ЖОЙИДА!”

Таль октябрь ойи охирида Мюнхендан қайтди, 1959 йил январида эса Тбилисида ўтказиладиган XXVI мамлакат чемпионатида қатнашиши керак. У кейинги пайтда кетма-кет мусобақаларда иштирок этгани учун қолган икки ойда дам олгиси келди. Лекин у тинч юра олармиди? Мусиқа ва адабиётга қизиқиши ҳар доим ҳам шоҳмот фаолиятига мос тушавермагани учун ўқитувчилик қилгиси келиб қолди. Кўп ўтмай Рига мактабларидан бирида рус тили ва адабиётидан дарс бера бошлади. Шуниси қизиқки, у тезда ўқувчилар ишончини қозонди. Дастлабки дарслардан бирида синфхонага кирар экан, токчада доналари терилган шоҳмот тахтасини кўрди. Доскага вазифани ёзиб, шоҳмот тахтасига назар ташлади. Кўрдики, вазият ўзгарган, кимдир қўпол хатога йўл қўйганди.
— Дарс вақтида ҳам бундай ёмон ўйнаш мумкин эмас, — деди-да, ҳеч нарса бўлмагандай дарсни давом эттирди. Шоҳмот тахтасидаги доналар бошқа қўзғалмади.
Болаларга янги ўқитувчи ёқиб қолди, мусобақа-тадбирларга қатнашгани учун дарслар тез-тез сурилиб турса ҳам уни ҳурмат қилишарди. Тез орада Таль мактабда ишлашга ҳаққи йўқлигини тушунди: у кўплаб дарсларни ўтказиб юбораётганди.
У журналистикага қизиқа бошлаганди. Латвия ёшлар газетасига келган мактублар асосида кичик-кичик фельетонлар ёзиб турди. Бу иш қизиқарли ва ёқимли эди, устига-устак, унинг ҳазил-ҳузулга мойиллиги ўз йўналишини топганди. Аммо узоқ муддатли сафарларда бўлиб туриши бу ишнинг ҳам белига тепди.
1959 йилдан Ригада “Шахс” шоҳмот журнали чиқарила бошланди. Таль таҳрир ҳайъати аъзолигига киритилди. Дастлаб у янги вазифасига истеҳзо билан ёндошди, ахир, 22 ёшли йигитни ҳам таҳрир ҳайъатига киритишадими? Кулгили! Кейинроқ ўйлаб кўрса айнан шоҳмот журнали ўзибоп жой: шоҳмотни севади, журналистикага қизиқади, ҳеч кимга пўнғилламасдан ишга киришгани маъқул.
… Тбилисида Тални жиддий синов кутаётганди. Чемпионатга бағишлаб чиқарилган шоҳмот бюллетенида унинг аҳволига холис баҳо берилганди:
“Агар қадимий латифадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Талнинг XXIV чемпионатдаги дастлабки муваффақияти тасодиф, иккинчи бор олтин медаль олиши манфаатларга (чемпионат Ригада ўтказилганди) мос эди, аммо Порторождаги минтақалараро мусобақа ва Мюнхендаги XIII Олимпиада унинг биринчи ўринни эгаллаши одат тусига кирганини кўрсатди ва бунга ҳамма нарсага шубҳа билан қарайдиганлар ҳам кўника бошлади. Ҳатто етакчи гроссмейстерларимиз ҳам мусобақаларда Бронштейн, Котов, Смислов, Керес, Ботвинник, Авербах, Геллер ва Таймановнинг навбатма-навбат ғолиб чиқишига чидаб келишаётганди, энди улар ё узил-кесил Талнинг яккаҳокимлигини тан олишади, ёки бу масала бўйича бошқача фикрлари борлигини айтишади”.
Азалдан шоҳмотда ким яккаҳокимлик қилмасин, бу ўйинга хос жаҳд-жадал билан курашиш иштиёқи унинг тан олинишига йўл қўймаган. Бунинг устига Тбилисида ўз даврининг буюк шоҳмотчилари тўпланишганди. Кейинчалик Таль ўзининг “Сипоҳлар жонланганда” китобида шундай ёзганди: “Марк Тайманов агар мен қаторасига учинчи бор чемпион бўлсам, шоҳмотни бутунлай ташлашга ваъда берганди”. Чемпионатда қатнашаётган спорт усталари ҳам кучли эканлигини ҳисобга олсак (улардан иккитаси — Полугаевский ва Холмов тез орада гроссмейстер бўлишди), Таль олдида жиддий вазифа турганини англаш қийин эмас эди.
Таль ҳам унга қарши жиддий ўйнашим керак деб ўйлайдиган оддий чемпион эмасди, айни пайтда у ёш, серғайрат ва жаҳон шоҳмот тожига даъвогар саналарди. Шунингдек, у айримларга исёнкор ва қўпол кўринган шоҳмотга янгича ёндошиш ғоясини уларнинг хоҳишига қарши ўлароқ ўз ўйинлари мисолида исботлаб келаётганди. Шу боис ҳар бир қатнашчининг қалбида қайсар “болакай”ни тартибга чақириб қўйиш истаги яширинганди, десак муболаға эмас.
Ҳамкасбларининг кайфиятини Таль дастлабки Юхтман билан ўйиндаёқ ҳис қилди. Аслида бу учрашув иккинчи тур ўйини эди, чунки Таль хасталаниб қолгани учун мусобақага кечикиб келганди.
Юхтманни “соҳа мутахассиси” дейишарди. Унинг энг ишончли қуроли: бўлажак ўйинга олдиндан аниқ йўналиш танларди. Бундай рақиблар Талга ҳам ёқарди, ахир улар ўйин пайтида зериктиришмайди. Демакки, Юхтман учрашувга тайёрланиш чоғида Талнинг комбинациялар мулкига ижозатсиз кирган ва ўзини у жойда хотиржам сезаётганди. Бу ригаликка ёқмаётганди. Шу боис Таль ўйин бошланиши билан очиқдан-очиқ ҳужумга ўтди. Юхтман билан шундай ўйнаш хавфли эди. Нозик руҳшунос ҳисобланган Таль ўз ҳиссиётига ортиқча бино қўйиб юборди ва бунинг учун жазоланди.
Кейинги уч турда Таль 2,5 очко тўплаб, аҳволини бир оз ўнглаб олди. Бешинчи турда Керес билан учрашди. Керес навбатдаги юришини қилгач, зал саҳнасида хотиржам айланиб юрди. Таль жавоб юришини қилиб, Керес олдига келиб деди:
— Сизнинг юришингиз!
Керес жойига ўтириб, вазиятни таҳлил қилди ва деди:
— Майли, мен розиман.
У ҳайрон бўлиб рақибига қаради. Керес унинг “Сизнинг юришингиз” деган сўзини дурангга таклиф деб тушунган экан. Талнинг шоҳмот тахтасидаги доналари ноқулай жойлашганди, бундай вазиятда дуранг таклиф қилиш инсофдан эмасди. У Кересдан кечирим сўраб, дуранг таклиф қилмаганини тушунтирди. Ўз навбатида Керес буни Талнинг зуғуми сифатида қабул қилди, афтини бужмайтирди. Кейин Таль ўйинни дуранг қилиши учун жон-жаҳди билан дона суришига тўғри келди.
Тўққизинчи турда Таль пешқадамлар қаторида эди. Ўша кун Тбилисига Ида Григорьевна учиб келди, Миша телефон орқали ўзини ёмон сезаётганини айтганди. Мусобақа ўтказилаётган Руставели номли театр биносига кираверишда унга гроссмейстер Флор учради.
— Яхшиям, онаси ўз вақтида етиб келди, — деди у. — Миша ёмон ўйнай бошлаётганди, бугун Нежметдиновга ютқазаяпти.
— Нима деяпсиз? Мен келдимку, шу муносабат билан ҳам ўйинни ютмайдими? Бўлиши мумкин эмас!
Она залга кирди. Миша саҳнада ўктам юрарди. У мамнун жилмайиб қўйди: она ўғлининг юришига қараб, аҳволи қандайлигини аниқ биларди. Бир ишнинг тагига етмагунча қўймайдиган Ида Григорьевна Флорни излаб топди ва тантанали равишда деди:
— Гроссмейстер, кимнинг гапи тўғри экан? Бориб кўринг, у ютаяпти!
— Ким ютаяпти? Мишами? Унинг вазияти иложсиз!
— Мен такрор айтаман, у ютаяпти!
— О, оналар! — дея Флор хитоб қилди ва ҳисоботни ёзиш учун матбуот хонасига шошилди.
Ажабланарлиси, иккаласи ҳам ҳақ эди. Чиндан ҳам Талнинг вазияти иложсиз, лекин у ютганди! Қора доналарда ўйнаган Таль сицилианча ҳимояда оғир вазиятга тушди. 12-юришда Нежметдинов пиёдасини қурбон қилиб, кучли ҳужум уюштириш имкониятига эга бўлди. Аммо аниқ режа остида ҳужумни давом эттирмагани учун қора шоҳ тахтанинг бошқа томонига ўтиб бекинди. Тахтада вазиятлар бир хил эндшпиль юзага келди, бироқ Нежметдинов ҳамон ғалаба иштиёқида дона сурарди ва у қўпол хато қилди.
Ўнинчи турда Таль Авербахни мағлубиятга учратиб, очколари сонини 6,5 тага етказди. Спасский ва Тайманов 7 тадан очко жамғарганди. Касал бўлгани учун бир неча ўйинни ўтказиб юборган Петросяннинг имкониятини баҳолаш қийин эди. Ўн биринчи тур олдидан Таль Тбилиси телевидениесига чиқиш қилди. Дарвоқе, у суҳбат давомида шундай деди:
— Мен одатда мусобақанинг биринчи ярмида пешқадамлик қилавермайман, шу боис бундан кейин қандай ўйнашни ҳам билмайман.
У бу сўзларининг тезда тасдиқланишини хаёлига ҳам келтирмаганди! Кейинги турда Гуфельд билан ўйинда енгилтаклиги тутиб, шоҳини ҳужум остидаги томонга рокировка қилди ва бунинг жазосини чекди. Аммо кейинги етти турда бирор марта мағлубиятга учрамай беш ярим очко тўплади.
Ўн саккизинчи турга келиб Талда 12 очко эди. Одатда шунча очко мусобақада биринчи ўринда боришга етарди. Чунончи Порторожда 17 турдан кейин шунча очко тўплаб, олдинда бораётганди ва таъқибчиси Петросяндан ярим очко ўзиб кетганди. Бу ерда эса шунча очко билан доимий рақобатчиси Петросяндан ярим очко ортда қолаётганди.
Ўн саккизинчи турда Петросян спорт устаси Никитин билан ўйнарди, Таль эса ўзи учун ноқулай рақиб — толмас курашчи гроссмейстер Корчнойга қарши дона сурарди. Петросян дебютдан чиққач, яхши вазиятга эришди. Буни кўрган Таль таваккал қилишга мажбур бўлди. Ташаббусни олишга берилиб кетган пайтда муҳим марказий пиёдаси назоратсиз қолди. Ноиложликдан енгилганини тан олди. Шу турда Петросяннинг дурангга имзо чеккани уни янада ранжитди.
Мусобақа ғолиби аниқ бўлганди. Охирги турда Петросян дурангга имзо чекиб, ғолиблигини расмийлаштирди. Таль эса қора доналар билан ўйнаб Холмовни гангитишга роса ҳаракат қилди, у ҳар сафар зарбага чап беришга улгурди. 13-юришда Таль отини қурбон қилди, кейин фарзинини зарба остида қолдирди. Залда шов-шув бошланди, ўйга чўмган Холмов бошини кўтариб Талдан сўради:
— Кимдир таслим бўлдими?
Фарзинни уриш шарт эмасди, Холмов ҳам ўзига ортиқча ташвиш орттиргиси келмади. Таль ярим очко билан кифояланди ва Спасский билан 2-3-ўринларни бўлашиб олди.
Шундай қилиб, биринчи “муваффақиятсизлик”. Бу натижани ҳеч ким, ҳатто Талнинг ўзи ҳам тўғри маънода муваффақиятсизлик деб атай олмасди. Чунки мусобақада ҳаммадан кўп 9 марта ғалаба қозонганди, 8 нафар гроссмейстердан 5 очко олганди. Бунинг устига у мусобақада эркин ва иштаҳа билан ўйнади.
Тўғри, айрим ўйинларда Таль енгилтаклик қилди, ўзига ортиқча бино қўйди. Бунга Гуфельд билан бўлган ўйинини мисол келтириш мумкин. Аммо унинг яқиндагина йигирма икки ёшга тўлганини унутмаслигимиз лозим…
Тбилиси мусобақасида Таль кўплаб ўйинларни кечиктиргани учун унга даъвогарлар мусобақасида ёрдам беришга эндшпилнинг нозик билимдони Авербахни таклиф этиш ғояси туғилди. Кобленц бу ғояни қўллаб-қувватлади ва Авербах билан олиб борилган музокаралар муваффақиятли тугади.
Даъвогарлар мусобақаси олдидан Таль Цюрих ва Москва шаҳарларида яна бир карра синовдан ўтди. Цюрихда халқаро мусобақа ташкил этилаётганди. Бу Талнинг умридаги биринчи нуфузли мусобақа бўлиб, унда чемпионлик олтин медали учун курашиш ёки кучли тўртликка кириш каби ташвишлар йўқ эди. Мусобақанинг шиори битта: чиройли ўйнаш. Таль тезда бундай мусобақаларнинг ўзига хос ажойиб хусусиятлари борлигини сезди ва катта қониқиш билан дона сурди.
Айтиш мумкинки, Талнинг чиройли ўйнаш хоҳиши швейцариялик мухлисларнинг истакларига тўла мос келди. Таль Цюрихда 15 имкониятдан 11,5 очко тўплаб, биринчи ўринни эгаллади ва “Энг кўп ғалаба қозонгани учун” махсус мукофоти билан тақдирланди (у ўн ўйинда ютганди).
Цюрихда ундан ташқари бўлажак даъвогарлар мусобақасининг беш қатнашчиси — Керес, Глигорич, Фишер, Олафссон ва Бенко ҳам иштирок этди. Таль мусобақада ўзининг куч-билимини ҳар жиҳатдан синовдан ўтказди. Асосий эътиборини юзага келадиган вазиятларда қандай курашиш лозимлигига қаратди. У янада очиқчасига ўйнашга қарор қилди, ўз вазиятини ёмонлаштириш ҳисобига ўйинни кескинлаштириш тўғри-нотўғрилигини текшириб кўрмоқчи бўлди. Мусобақа таваккал қилиш нафақат фойдали эканлигини, балки зарурлигини яна бир карра тасдиқлади.
Тални Цюрихда дарҳол ёқтириб қолишди. Унинг чиройли ғалабалари тилга тушди, айниқса, Келлер билан ўйини матни жаҳоннинг барча шоҳмот нашрларидан жой олди. Тезкор ўйини, топилдиқ юришлари, ҳар қандай рақибга қарши мардона кураши, ниҳоят, унинг қувноқлиги, суҳбатижонлиги мухлисларга ёқмаслиги мумкинмиди?
Келлер билан ўйинда Таль пиёдасини, отини қурбон қилди, кейин иккинчи отини, иккала рухини! Мухлислар жазавага тушди. Кўпчилиги келиб Талнинг қўлини сиқиб табриклади, шундай чиройли ўйинларни соғиниб қолганини айтишди, унинг хотираларда яшаётган қадимий усталардай дона сурганини таъкидлашди. Аммо ҳар бири кетиш олдидан эҳтиёткорлик билан битта савол беришди: қурбонлар тўғримиди?
— Билмайман! — дея жавоб берди Таль очиқ кўнгиллик билан. — Энди бунинг қандай аҳамияти бор? Келлер ўйин пайтида аниқ жавоб юришлари тополмади. Демак, қурбонлар ўзини оқлади. Таль жилмайиб, қўшимча қилди: Муҳими, мухлислар хурсанд бўлди, ўзининг айтишича, Келлер ҳам ўйиндан қониқиш туйган. Шундай экан, қурбонларнинг унчалик тўғри эмаслиги тўғрисида гапириш керакми?..
Таль жуда яхши кайфиятда Ригага қайтди ва Латвия терма жамоасининг бошқа аъзолари билан Москвада бошланадиган II Спартакиадага тайёргарлик кўришга киришди. Аммо бир кун кечқурун қорин қисмида қаттиқ оғриқ туриб азоб берди. Бир неча кундан кейин буйраги оғригани маълум бўлди, врачлар қўшимча равишда кўричаги ҳам санчиқ бергандир дея тахмин қилишди.
У ўзини жуда ёмон ҳис қила бошлади. Кетма-кет санчиқ берганда, ҳатто шоҳмотни ҳам четга сурарди. Талнинг Спартакиадага боргиси келмади, чунки жамоа учун керакли очколарни ололмаслигига кўзи етганди. Аммо ўртоқларини ҳеч бўлмаса маънавий жиҳатдан қўллаб туриш учун бирга боришини илтимос қилишди. Бундай илтимосни Таль рад эта олмасди.
Спартакиадада Таль биринчи тахтада ўйнаб, бирорта учрашувда ҳам ғалаба қозонмади?! Ёлғиз таскин шу: ўртоқларига тўғри дебют танлаб, кечиктирилган ўйинларни таҳлил қилиб, жамоасига фойдаси тегди. Аммо жамоа етакчиси муваффақиятсизликка учраётганига қарамай, унга бўлган ҳурматини сақлаб қолди. Ҳар кечқурун унинг хонасида конфет, мевалар пайдо бўларди. Бу кўнгилни эритарди ва Тални тушкунликка тушишига йўл қўймасди.
Мусобақа якунлангач, қатнашчиларни тўплаб мажлис ўтказилди. Шунда Спартакиада ташкилотчиларидан бири сўраб қолди: “Кайфиятларингиз, аҳволларингиз қандай?” Таль зудлик билан жавоб берди: “Ҳаммаси жойида!” Самимий кулги янгради.
Аммо Талнинг хушчақчақликни давом эттиришга ҳоли қолмади. У уйга қайтиши билан врачлар дарҳол операция столига ётиши лозимлигини айтишди. 20 август куни Талнинг кўричагини операция қилишди, 2 сентябрь куни эса Москвага учди, чунки 4 сентябрь куни бошқа қатнашчилар ва ёрдамчи-мураббийлар билан биргаликда даъвогарлар мусобақасига жўнаб кетиши керак эди.
Рига аэропортида онаси ўғлини кузатар экан, огоҳлантирди:
— Мишенка, қаттиқ кулма, операция иплари узилиб кетади.
Она нимани назарда тутаётганини яхши биларди. Чунки Таль Спартакиадада тўлиқ муваффақиятсизликка учрамасин, операция столидан яқинда турган, шунинг учун мусобақада Смислов, Керес, Петросян ва Глигорич билан рақобатлашишга кучи етмайди дея тахмин қилишидан қатъи назар, ҳамон у хушчақчақ ва ғам-ташвишдан ҳоли эди. Табиатан некбин Таль ҳар доимгидай мусобақада омад юлдузи порлашига қаттиқ ишонаётганди.
Ниҳоят, даъвогарлар мусобақасининг биринчи босқичи ўтадиган Словениянинг Блед шаҳрига етиб келишди. Атрофи тоғлар билан ўралган, бир ёнида кўл суви ялтираган курорт шаҳар. Айнан Бледда Алёхин жаҳон чемпиони бўлгандан кейин Капабланка мухлисларига, шоҳмот ишқибозларига бежиз шу унвонга эришмаганини исботлаган. Алёхин шу шаҳарда ўтказилган йирик халқаро мусобақада биринчи ўринни эгаллаган, у ўшанда иккинчи ўрин эгасидан 5,5 очко ўзиб кетганди, ҳамон бу натижа рекордлигича турибди. Ана шу мусобақа “Топлице” меҳмонхонасида уюштирилганди.
Шаҳарга боғлиқ бу хотиралар ҳар бир қатнашчига кўтаринки кайфият бағишлаши лозим эди. Таль эса кайфиятини бузаман деса етарли сабаблар топарди: операциядан тургани учун уни ҳеч ким жиддий рақиб санамаётганди. Маҳаллий газетада Талнинг чиройли комбинацияси чоп этилди, унинг тагида шундай изоҳ берилганди: “Таль операциягача шундай ўйнарди”. Биз олдинроқ эслатганимиздек, ўтказилган сўровда ҳеч бир қатнашчи ва ёрдамчи-мураббий (албатта, ўзининг ёрдамчи-мураббийидан ташқари) Тални мусобақа ғолиблигига раво кўрмаганди. Холис айтадиган бўлсак, операция асорати мусобақанинг дастлабки кунлари ўзининг салбий таъсирини ўтказди.
Агар ташқи омиллар уни тушкунликка туширса, биз Тални Таль демасак ҳам бўларди. Тўғри, у саломатлигидан, матбуотдаги мақолалардан бироз ранжирди, лекин тушкунликка ғарқ бўлмаганди. Аксинча, у сабрсизлик билан шоҳмот тахтаси узра кураш бошланишини кутарди. Ахир, у ўз олдида турган ўта масъулиятли муаммоларни ечишга чоғланаётганди.
…Қаршисида номдор рақиблар. Бир йил жаҳон чемпиони бўлган Смислов. У икки бор даъвогарлар мусобақасида ғолиб чиққан, уч бор Ботвинник билан тенгма-тенг дона суришган. Ўйинда узоқни кўзлайди, эндшпиль билимдони.
Паул Керес — ҳар тарафлама етук. Дебют, миттельшпил ёки эндшпилми, комбинацияли ўйинми ёки вазият устунлигига эришишми унга бари бир, барчасида рақибига хавф туғдира олади. Охирги йигирма йилда жаҳон чемпионлиги учун олдин Алёхиннинг, кейин Ботвинникнинг асосий рақиби саналиб келинди, шиддат захирасининг чегараси бормикин? Энди у шошилмаса бўлмайди, қирқ учга кирди, айнан шу омил ғайрат бағишлар…
Тигран Петросян шундай муваффақиятларга эришдики, ҳар бир мағлубияти тасодифга йўйилмоқда. Уни Тбилисидаги ғалабаси янада руҳлантирган. 1956 йилдаги даъвогарлар мусобақасининг биринчи ярмидан кейин Макс Эйве у ҳақда шундай деганди: “Агар Петросян оз-моз комбинация қўллай бошласа, у билан шоҳмот ўйнаб бўлмайди”.
Ниҳоят, Светозар Глигорич — Талнинг Порторож ва Цюрихдаги ноқулай рақиби, иккала мусобақада ҳам атиги ярим очко ортда қолганди. Мюнхен олимпиадаси қаҳрамони, биринчи тахтада Ботвинникдан кўпроқ очко тўплаганди. Бунинг устига, мезбон, албатта уни мухлислар кўпроқ қўллаб-қувватлайди.
Фридерик Олафссон, Пал Бенко ва ўн олти ёшли Роберт Фишер-чи? Тўғри, етакчи гроссмейстерлардан кучсизроқ рақиб, лекин улар ҳам Порторожда Бронштейн ва Авербах каби номдорларни ортда қолдиришди.
Албатта, Михаил Талнинг бу рақибларнинг ҳар бирига қарши қўллайдиган ўзига хос қуроли бор. Афсуски, касаллиги туфайли мусобақага тайёргарлик даврини шифохонада ўтказди. Бунинг устига, рақиблари: “Жин урсин, Таль ҳамма мусобақада ғолиб чиқаверадими?” — дея ғашлари келиб турибди.
Ҳар бир рақибининг куч ва имкониятларини чамалаб, Таль қандай хулосага келди? Хулосаси мантиққа зид бўлса ҳам табиати ва ўйин услубига мос эди: бундай мусобақада ғолиб чиқиш учун ҳар бир ўйинда таваккал қилиш керак! Ўз нуқтаи назарларига асосланган ўта масъулиятли бу қарор ўша мусобақа учун ягона ва тўғри қарор эканлигини кейинги воқеалар ривожи тасдиқлади. Чунки ўз олдига юксак мақсад қўйган Керес Талнинг асосий рақибига айланди…
Кейинги мусобақаларда бўлаётгани каби Тални биринчи турда кўнгилсизлик кутиб турган экан. Унинг рақиби Смислов эди. Тақдир ҳазилини қаранг, улар шоҳмот тахтаси устида илк бор хорижда учрашишди. Таль ўйин олдидан мағлубиятини сезгандай, Авербахга ўзини кўнгилсизлик кутаётганини айтди. Балки касалдан кейинги дармонсизлик таъсирини кўрсатгандир ёки кимнингдир зарбаси спортчиларга хос жанговар кайфиятини уйғотишини истагандир, ҳар қалай бир нарса аниқ — Таль Смисловга қарши бўш ўйнади.
Смислов эса ажойиб тарзда дона сурди. Оқ доналарни бошқарган Смислов сицилианча ҳимояда аста-секин ривожланадиган йўналишни танлади, бу кескинликка интиладиган Талга ёқмасди. Бунинг устига ўйин тезда эндшпилга ўтди, шуни Смислов хоҳлаб турганди. Таль қийинчилик билан ҳимояланди. Аввалига бу ишни яхши уддалади, кейин чарчагани учун диққатини тезда жамлай олмади. Ҳатто унга Смисловнинг доналарни юргандан сўнг бураб қўйиш одати ҳам халақит бера бошлади. Ўйинни оғир вазиятда кечиктирди. Давом эттирилганда, Смисловнинг эндшпилдаги билимдонлиги қўл келди. Таслим бўлишдан бошқа чора қолмади.
Бу ўйинда Таль собиқ жаҳон чемпионининг ушлаган жойидан узиш кураш услубига гувоҳ бўлди. Энди у фақат ўз услубида ўйнаши лозимлигига, рақибларининг оғир карвон йўналишларни танлашига йўл қўйиб бўлмаслигига яна бир карра имон келтирди.
Бу турда Фишернинг Керес устидан қозонган ғалабаси катта шов-шув уйғотди. Петросян Олафссонни енгди. Фақат Глигорич — Бенко ўйини дуранг билан якунланди. Биргина дуранг. Даъвогарлар роса тишларини қайраб келишган экан. Нақадар ўткир тишлар… Иккинчи тур янада муросасиз кечди: дурангга келишилмади.
Таль Глигоричнинг эски ҳинд ҳимоясида ўйнашни ёқтиришини билар, шу боис маълум йўналишда шоҳ томондаги чекка пиёдани олдга сурди. Бу янги юриш суръатни ютқазишга олиб келарди, лекин кескин вазиятларда Глигорич чалғиди, олдин сипоҳини, кейин ўйинни бой берди. Керес Смисловни енгди, Петросян эса Фишердан устун келиб, пешқадамликни қўлга олди.
Учинчи турдаги рақиби Керес инглизча ўйин бошида 5-юришдаёқ уни илонизи сўқмоққа етаклади. Икки томон ҳам узоқ ўйга чўмди. Аммо Керес 25-юришда дуранг таклиф қилди. Таль таклифни рад этди ва рақибини кескин ҳужумга ўтишга чалғитиш мақсадида филини орқага сурди. Таклифи рад этилганидан ранжиган Керес ўзини ҳужум қилишдан тўхтата олмади, кейин тахтада олатасир бошланди: қора от ажойиб тарзда марказда қурбон бўлди ва воқеалар тез ривожланди. Тез орада Таль от эвазига учта пиёда устунлигига эришди ва ҳужумини сақлаб қолди. У зарбада турган тўртинчи пиёдани олса, ғалабани нақд қилиб қўярди. Албатта, Таль буни кўрди, лекин аввал рухларни алмаштиргиси келди. Бу хато эди, кейин Таль яна янглишди. Тажрибали Керес дарҳол ташаббусни ўз қўлига олди, кечиктирилган ўйин давом эттирилганда ғалаба қозонди.
Тушкунликка тушишга асос бор эди. Гўё, Талнинг услуби кучлиларга қарши иш бермайди, деган ғамгин башоратлар тўғри чиққанди. Уч турдан бир очко тўплаш кам. У охирги ўриндаги Глигорич ёнидан жой олди.
Аммо кейинги турлар Талнинг дастлабки муваффақиятсизликлардан тушкунликка тушмаганини, ҳамон нишонни тўғри кўзлаётганини кўрсатди. Бледнинг тоза тоғ ҳавоси Талнинг кучига куч қўшди, унинг кун сайин жанговарлиги ошиб борди. У кейинги турларда Олафссон, Фишер ва Бенкони ютди, оралиқда Петросян билан дуранг ўйнади.
Биринчи давра тугади, Таль хорижлик тўрт шоҳмотчини ҳам енгди ва ўз аҳволини ўнглаб олди. Энди у Петросян ва Керес билан биргаликда 1—3-поғоналардан ўрин эгаллади. Таваккал ўзини оқлади! Саккизинчи турда Смислов билан ўйинда таваккал яна қувонч келтирди.
Шоҳ олди пиёдасининг сурилишига Смислов мустаҳкам мудофаа қўрғони барпо этувчи Каро-Канн ҳимоясини танлади. Таль 5-юришдаёқ марказни рақибига берди. Лекин Смисловнинг битта пиёдаси яккаланиб қолса-да, сипоҳлари фаол ҳаракатланарди. Бундай вазиятлар Смисловга ёқмасди.
У янглишмади. Марказ очилгач, мураккаб ўйин бошланди. Таль ўйин давомида вазият тақозосига кўра яхши эндшпилга ўтиши мумкин эди. Бу қарорни вазият тақозо этаётганди, кураш мантиғи эса бошқа ечим топишга ундаётганди. Ахир, Талнинг қаршисида эндшпил билимдони ўтирарди. Смисловга комбинациянинг ўнқир-чўнқир сўқмоқлари ёқмайди. Хуллас, Таль фил қурбони билан боғлиқ мураккаб комбинацияни бошлаб юборди.
Тахтада шундай вазият вужудга келдики, у узоқ йиллар кўплаб мамлакатларнинг шоҳмотчилари диққатини тортди, ҳаяжонга солди. Тўғримикин? Янада аниқроқ айтсак: Талнинг қурбони ўзини оқлармикин? Смислов уни чиппакка чиқара олармикин? Оқларга ҳам, қораларга ҳам турли йўналишлар тавсия этилди, ниҳоят Талнинг қурбони тўғри экан деган хулосага келинди. Смислов зўр бериб ҳимояланди, лекин таниқли гроссмейстер Костич тўғри таъкидлагандай: “Таль рақиблари олдига мушкул муаммоларни қўяди, уларга бугун жавоб бериш керак, эртага кеч бўлади”. Смисловнинг “бугун”ги жавоби сипоҳни қайтариш бўлди, аммо гуноҳни ювиш учун қилинган бу қурбон рақибининг ҳовурини туширмади. Бир неча юришдан кейин Таль мухлисларнинг олқишлари остида фарзинини қурбон қилди ва Смисловнинг 26-юришда таслим бўлишдан бошқа чораси қолмади.
Бу ғалаба Тални жуда руҳлантирди. Таль услубига хос бу ўйин ташкилотчилар томонидан эътироф этилди ва махсус совринга лойиқ кўрилди. Муҳими, Смисловни ҳали ҳеч ким шундай ютмаганди. Энди Талнинг услуби кучсизларга қарши ўзини оқлайди, деб юрганлар мум тишлашди.
Саккизинчи турда Керес Фишерни ютди. Петросян эса Олафссонга енгилди ва у шу турдан кейин шитоб билан марра сари интилаётган Таль ва Кересга рақобатчи бўлолмай қолди. Ўйини қовушмаётган Смислов эса Талга ютқазгандан кейин яна бўшашди ва пешқадамлардан ортда қолиб кетди.
Ҳа, Керес — Таль рақобати бошланди. Бу рақобатга сўнгги турдагина нуқта қўйилади. Рақобат бошланган саккизинчи турдан кейин Керес ва Таль 5,5 тадан очко тўплашганди. Улар тўққизинчи турда ўз ҳисобларига яримтадан очко қўшишди. Ўнинчи турда эса юзма-юз учрашишди.
Иззатталаб Талнинг “қасос ўти”да ёнаётганини айтиш шарт бўлмаса керак. Бу сирдан воқиф Керес руҳий жиҳатдан Талга нисбатан қулай шароитда эди.
Биринчи имкониятдаёқ Таль икки сипоҳини қурбон қилиб, ташқи жиҳатдан чиройли, лекин очиқдан-очиқ таваккал қурбонини бошлади. Руҳий кечинмалар таъсирида бўлган Таль бу қарорга келиши учун бор-йўғи 10 дақиқа сарфлади. Керес пухта ўйланмаган ҳамлаларни бартараф қилди, Таль яна тор-мор этилди…
Нафақат Авербах ва Кобленц, балки шу шаҳарда яқин қадрдон бўлиб қолган Петросян ҳам Талга енгилтаклиги учун дашном берди. Таль эса эринчоқлик билан пўнғиллади: ғояга қаранглар, қандай гўзал эди-я? Аммо унинг ичини мушук тимдаларди.
Пойгада Керес бир очко олдинга ўтди. Кейинги турда Таль Олафссонни ютгандан кейин оралиқдаги масофа қисқарди (Керес Петросян билан дуранг ўйнаганди). Таль бу ўйинда рақибга ташаббусни топширадиган, лекин кескин вазиятлар юзага келадиган йўналишни танлади. Олафссоннинг ҳужум қилишига йўллар кўп эди, айёр Таль айнан шу жиҳатга умид боғлаганди. Кўплаб йўллардан тўғрисини танлаш учун Олафссон узоқ ўйланди, лекин у ичдан цейтнотга тушаётганини сезиб турарди. Унга соат товуши “ҳужумга!” дегандай буйруқ берди ва қора доналар олға интилди. Вақт танглигида Олафссон хаёлини жамлай олмай ташаббусни қўлдан чиқарди ва кейин қанчалик ҳимояланмасин мағлубиятга учради.
Ўн биринчи турда Таль Петросян билан битимга келишди, Керес Бенкони ютди ва ўртадаги фарқ яна ошди. Қатнашчилар мусобақа довонига яқинлашаётганди. Шу вақтгача муваффақиятсизлик фожиа эмас, кейинги ўйинда аҳволни яхшилаш мумкин деса бўларди. Энди эса кун сайин ҳар бир очконинг, ҳатто ярим очконинг қадри ошиб бораётганди.
Ўн учинчи турда Таль қора доналар билан Фишерга қарши ўйнаши керак. Маълумки, Фишер Каро-Канн ҳимоясини хушламайди, Таль аввалига шу дебютда ўйнамоқчи бўлди, кейин фикридан қайтди. Чунки Каро-Канн дебютида ташаббусни олиш имконияти камроқ, бу Талнинг ўз ихтиёри билан кичик катакка киришидай гап эди. Нима бўлса бўлар, сицилианча ҳимоя: Фишер оқ доналар билан шу ҳимояга қарши ўйнашни ёқтирарди, Таль эса қора доналарда кўпроқ қўлларди!
Таль “с” хонадаги пиёдани бир қадам олдга сурди ва қўлларини олмасдан зимдан Фишерга қаради, кейин кулимсираб пиёдани олдинроққа силжитди. Найнов Бобби Фишер стулга чўкиб, Талга безовта тикилди. Ўйинда сицилианча ҳимоя бўлишини билганда кўзлари қувончдан чақнаб кетди.
У эрта қувонганди. Таль Фишерга ўзи ёқтирган йўналишни танлашга имкон берди, лекин юришлар кетма-кетлигини усталик билан ўзгартириб уни чалғитди. Дебютдан тўла чиқмасданоқ оқ шоҳ бир неча қора сипоҳнинг нишони остида қолганди. Фишер қанчалик ҳимояланмасин, Таль мотга олиб борувчи чиройли комбинацияни топди.
Бледни тарк этиб, учинчи давра ўтказиладиган Загреб шаҳрига йўл олинганда Кересда ўн, Талда тўққиз ярим очко эди. Таль ширин хотиралар билан Блед шаҳридан кетди. Шу шаҳарнинг тоза ҳавоси операциядан чиққан ҳолсиз танига дармон бўлди, кучига-куч қўшди, умуман олганда мусобақанинг биринчи қисмини ёмон якунламади.
Йўлда Таль баҳона топилди дегунча Бобби Фишернинг жиғига тегарди. Қувноқ ва ҳаётга ошифта Талнинг шоҳмотдан бошқа қизиқишлари ҳам кўп: мусиқа, адабиёт, кино ва ҳоказо. Ажабланарлиси, камгап, бадқовоқ, ўта қобилиятли бу йигитнинг эса бутун фикри-ёди шоҳмотда эди…
Загребда ўйинлар саккиз юз томошабинга мўлжалланган Зобитлар саройида ўтказилди. Бу вақтга келиб мусобақага қизиқиш ошганди ва зал мухлислар билан тўларди. Ҳаяжонланган мухлислар ўзларининг ёқимтойлари — Керес, Таль, албатта Глигоричнинг ҳар бир яхши юришини қарсак чалиб олқишларди, бу кўтаринки кайфият қатнашчиларга ҳам ўтарди. Хулласкалом, учинчи давранинг биринчи ўйинидаёқ Кереснинг асаблари дош бермади, у Фишерга филини “совға қилди”. Чунки шу вақтда Таль Смислов билан ўйинда ночор ҳолатдан кишти-қойим ёрдамида сирғалиб чиқиб кетганди.
Таль ўйин бошида ҳафсаласиз дона сурди. Албатта, бу кечирилмас ҳол. Чунки Талдай нозик руҳшунос рақибининг иккинчи турда тор-мор бўлганини эслаб шайланишини билиши керак эди (Дарҳақиқат, Смислов йиллар ўтиб иқрор бўлганди: мен мулойим кўринсам ҳам кўнглимда суворий яшайди, у фаришта эмас…) Афсуски, Таль рақибининг жанговар кайфиятини англаганда кеч бўлганди. Смислов ҳар бир донани тегишли хонага астойдил бураб-бураб қўярди. Чиндан ҳам у ажойиб ўйнади, сипоҳлари билан қораларнинг фарзин томонини ёриб ўтди ва фил ютиб олди.
Шу вақтда топқир ва асаблари метин Таль эмас, бошқа шоҳмотчи бўлганда аллақачон қуролини топширарди. Биз биламизки, Таль ҳар доим хавф-хатарга тик боради, бунинг устига, сипоҳдан айрилиш унга янгилик эмас. У жар ёқасида туриб ақл бовар қилмас топқирлик билан ҳимояланарди. Оқ байроқ кўтарилишини кутаётган Смислов эса ичдан ўйиннинг бемаъни тарзда чўзилаётганидан ранжиб қўярди.
Энг қизиғи, мўъжиза туфайли омон қолган қора доналар талвасага тушмасди (бу қандай бедодлик?), яна оқларга таҳдид солиб қўярди. Бунинг устига цейтнот соясини ташлади, узоқ давом этган курашдан толиққан Смислов янглишди. Фурсатдан фойдаланган Таль рухини қурбон қилди ва фарзин таъқибидан қочган оқ шоҳ тахтанинг бурчагидан паноҳ излади… Белгиланган беш соат тугади, ҳакамлар кечиктирилган вазиятни ёзиш учун хатжилд тайёрлашди, Смислов эса бошини чангаллаганча тахтадан кўз узмасди. Ниҳоят, у тақдирга тан берди — дуранг.
Таль Кересга етиб олди. Аниқроқ айтсак, Керес Тални кутиб турди. Ҳар қалай шу ўйиндан кейин маҳаллий газеталардан бирида ёзилган ҳисоботда Талга янги нисбат берилганди: “Бахтиёр Бахтиёрович…”
Унинг ўзи кучли таассурот қолдирган бу дурангни оддий омадга боғламасди. Чунки Таль “бахтли тасодифлар” юз бериши қимматга тушишини яхши биларди (чунончи, Смислов билан эришилган дурангдан кейин у меҳмонхонага оёғини судраб кириб борди). Аммо “ўз омадининг яратувчиси” кўпчиликнинг ёдидан бахти кулган эркатой сифатида жой олди, на чора, бу таассуротларни ўзгартиришнинг иложи йўқ.
Фишер билан бўлган ўйиндаги “ҳалокат” Кересга салбий таъсир этди. Кейинги учта турда атиги бир очко олди. Оғир ўйинни дуранг қилганидан руҳланган Таль эса олға интилди. Ўн олтинчи турдан бошлаб у яккапешқадамликни қўлга киритди ва мусобақа охиригача бу ўринни ҳеч кимга бермади. Биринчи ўринга Глигорични ютгандан кейин кўтарилди, ўн еттинчи турда Кересдан устун келди.
Бу ғалабанинг қиммати баланд эди. Агар Керес ғалаба қилганда у мусобақа жадвалини бошқарарди. Эҳтимол, кетма-кет учинчи ғалаба Таль руҳини буткул синдирарди. Аммо ҳал қилувчи ўйиндаги мағлубият Кересга салбий таъсир ўтказмасдан қолмасди. Шундай бўлди ҳам…
Мусобақа жадвалидаги мавқеи Талнинг хотиржам дона суришини тақозо этарди. Шу боис у ўйин бошланиши ҳамон рақиб қароргоҳига ташланишни жуда-жуда истаб турган бўлса ҳам, ҳаётида биринчи марта ақл билан иш юритишга, ўзини таваккал юришлардан тийишга қарор қилди. Эҳтимол у қарорининг уддасидан чиқарди, бироқ бу сафар бошига бало орттиришни истаётган Керес жанговар кайфиятда эди. Таль дастлабки қарорини ўзгартириб, рақибига ўз яроғи билан жавоб бергиси келиб қолди.
Кереснинг ҳужумлари тобора хавфли тус олди, қора шоҳ оқ доналар қуршовида қолди. Ҳар юришда мот таҳдид солаётганига қарамай Таль совуққонлик билан ҳимояланди. Бир зумгина Керес ҳушёрлигини йўқотиб, жиндай хатоликка йўл қўйди, Таль дарҳол ташаббусни ўз қўлига олди ва қарши ҳужумга ўтди. Иккала томонга вақт танглиги хавф солиб турган пайтда Таль тез ва соз ўйнади. Алоҳида таъкидлашни истардик, бу учрашувда Таль ҳам руҳий, ҳам спорт натижаси нуқтаи назаридан ажойиб ғалабани қўлга киритди.
Бу ғалабадан кейин пешқадамлар рақобати ниҳоясига етмади, ҳали Кереснинг ижодкорона руҳи сўнмаганди, лекин бу ниҳоянинг бошланиши эди. Чунки Кересга ўн еттинчи турда етказилган жароҳат мусобақа охиригача битмади. Аммо буюк гроссмейстернинг қаҳрамонлигига тан беришимиз керак, у кейинги беш ўйинда тўрт ярим очко тўплади! Афсуски, Кереснинг фожиаси шунда эдики, унинг рақиби ҳам суръатни бўшаштирмади.
Загреб босқичининг охирги кунида мухлислар кутилмаган томошага гувоҳ бўлишди. Негаки, олдинги икки ўйинда Талга ютқизган Бенко “Мени Таль гипноз қилиб енгаяпти, шу боис кейинги учрашувда қора кўзойнак тақиб дона сураман”, дея кўпчиликка жиддий тарзда уқтираётганди. Шов-шув илинжида юрадиган журналистлар Бенконинг гапини дарҳол илиб олишганди, бу кутилмаган можарони келтириб чиқариши, устига-устак, дўстона руҳда ўтаётган мусобақа муҳитига салбий таъсир этиши мумкин эди.
Табиийки, мухлислар бу гаплар қандай тугашига қизиқиб қолишганди ва Бенко кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортди. Мана Бенко ўз жойига жиддий қиёфада ўтирди, чўнтагидан намойишкорона қора кўзойнагини олди ва кулиб ҳам қўймай бурни устига қўндирди. Ўн-атрофдагилар қимирлаб қўйишди, Бенконинг қилиғидан ажабланишмади: гроссмейстер ўз сўзининг устидан чиқди, бунга Таль қандай жавоб берар экан?
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, жавоб юриши Талга хос топқирликдан келиб чиққанди ва бу Бенкони тошдай қотириб қўйди. Бу ҳолат ташқаридан қараганда қизиқчилар томошасига ўхшарди, шоҳмот нуқтаи назаридан эса ўйинда қўлланган “янгилик” дейиш мумкин эди. Гўё Бенко Талнинг олдиндан тайёрлаб қўйган “тузоғи”га илинганди. Чунки Таль ҳам жойига ўтиргач, томошабинлар эътиборини тортиш мақсадида намойишкорона чўнтагига қўл солиб Петросяндан сўраб олган қора кўзойнагини олди ва шошилмасдан тақди. Бунинг устига томошабинларни кулдириш учун улар томонга қараб қўйди. Томошабинлар қаҳ-қаҳ отиб кулишди, ўз ишидан мамнун Таль ҳам сезилар-сезилмас жилмайди, фақат Бенконинг афти буришди. Энди вазиятни қайтаришга кеч эди, Бенко ўйин давомида ҳалақит берса ҳам кўзойнагини ечмади. Албатта, бир оз ўтгач Таль, ғашини келтираётган кўзойнакни чўнтагига тиқди, лекин томошанинг давом этишини истаётган айрим мухлислар ундан кўзойнакни қайта тақишини бир неча бор қичқириб сўрашди. Кутилгандек, Бенкога қора кўзойнак ёрдам бермади, у йигирманчи юришдаёқ ютқизиқ вазиятга тушиб бўлганди.
Йигирма биринчи турдан кейин даъвогарлар Загреб билан хайрлашиб, Белград сари йўл олишди. Хайрлашув кечасида Талга учинчи даврада яхши натижа кўрсатгани учун “Хабар” газетасининг махсус соврини топширилди. У Загребда ҳаммадан кўп олти очко жамғариб, умумий очколари сонини 15,5 тага етказди. Керес ҳисобидаги очколар сони 14 та эди. Маҳаллий газеталардан бири мусобақага бағишланган ҳисоботига шундай сарлавҳа қўйганди: “Етти гроссмейстер Белградга, Таль эса Ботвинник томон яқинлашаяпти!”
Мусобақанинг якунловчи қисми Белграддаги икки минг мухлисга мўлжалланган Касаба уюшмалари саройида ўтказилди. Бу ерда Талнинг Смислов билан ўтказган тўртинчи ўйини кескинлиги, танг ҳолатларнинг чўзилгани ва қизиқ якунлангани олдинги учта ўйиндан ҳам кўпроқ таассурот қолдирди. Смисловни тушуниш қийин эмасди, учинчи ўйинда мағлубиятдан сирғалиб чиқиб кетгани учун худди иккинчи ўйиндагидай мағлубиятга учратиб, Талнинг таъзирини бериб қўймоқчи эди.
Тал-чи? Унинг “найзабозлик” қилишга сабаблари бормиди? Асло! Ҳозир у очиқ тортишувдан кўра стол атрофида тинчлик музокараларини бошлаши яхшироқ эди. Аммо марра яқинлашган сайин Талнинг олдга интилиши одат тусига кирганди. Кутилгандек, у дебютдан чиқар-чиқмас қандай йўлга тушганига қарамасдан олға интилди.
Жанговар кайфиятдаги Смислов бу гал Каро-Канн ҳимоясини эмас, қоралар учун фаолроқ сицилианча ҳимояни танлаганди. Тез орада марказда ва шоҳ томонида тўқнашувлар юз берди. Кейин Таль ҳеч бир асоссиз қурбон қилди. У бу юришни қилар экан, гирдобга тушиб қолишини биларди. Аммо у ўзини тўхтата олмади.
Сипоҳ устунлигига эришган Смислов аввалига хавфларни бартараф этиш билан шуғулланди. Тажрибали шоҳмотчи бу вазифани муваффақиятли уддалади, аммо цейтнотга тушди. Таль эса бор кучини ишга солиб, комбинация бўронини бошлашдан чарчамади. Смислов чигал вазиятда янглишди: олдин арзимас хатога, кейин навбатдагисига йўл қўйди. Рухини асоссиз юриб, шоҳини содиқ мулозимидан айирди. Ниҳоят, Таль 41-юришда кутилмаган зарба бериб, Смисловни таслим қилди.
Рости, қароқчиларга хос ўйин бўлди. Таль ўзини жар ёқасида эмас, тубсизликка тушиб кетдим деб ўйлаганди. Шу боис ўйиндан катта қониқиш туйди. Ахир шоҳмотнинг азалий қонунларига асосан сипоҳсиз қолган ва бунинг устига, вазияти ночор томон нафақат ғалаба қозонишни, балки ўйинда дурангга эришишни ҳам ўйлаши мумкин эмас. Ажабланарлиси, Таль бунинг аксини исботлади.
Бундай ўйинлар шоҳмотнинг азалий тушунчаларини ўзгартириб юборади. Мазкур ўйинда Таль ҳар бир сипоҳи ва пиёдасининг фойдали иш қобилияти жуда юқори эди. Унинг кам сонли армияси “жанг” майдонидаги барча муҳим нуқталарни эгаллаб, жиддий хавф солиб турди. Балки шоҳмотдаги омад тушунчаси шундай ўйинларга хосдир, бироқ Талнинг ўзи буни бошқароқ изоҳлашга ҳақлидир: “Сизнинг ҳам омадингизни берсин, рақибингизни яксон қилинг! Мендек таваккал ўйнаб, сипоҳ ва пиёдаларсиз қолинг, лекин тушкунликка тушманг, сизни ҳам Худо ёрлақайди!”
Смислов устидан қозонилган ғалаба кутилмаган оқибатларга олиб келди. Кейинги турда муваффақиятсизликдан аччиғи чиққан Смислов ажойиб тарзда ўйнаб, Кересни мағлубиятга учратди. Таль эса Глигорич устидан навбатдаги ғалабасига эришди ва йигирма тўртинчи турга келиб, Кересдан икки ярим очко ўзиб кетди.
Гўё ғолиблик масаласи ҳал бўлди, қолган турларда расмиятчиликларни адо этиб, маррага қадам қўйилса бас. Аммо Талнинг кайфиятида ўзгаришлар юз бераётгани кўзга ташланди. Чунки Таль табиатан курашда, рақобатда ўзлигини намоён қиладиган шоҳмотчилар қаторига киради. У мусобақаларда пешқадамнинг изидан тушса, ё ҳеч бўлмаганда таъқибчисининг қаттиқ-қаттиқ нафас олаётганини эшитиб турса тани кучга тўлади, ижодкорлиги қайнайди, эҳтирослари жўш уради. Аксинча, ҳаммаси ҳал бўлган вақтда ғолибликка қўл узатиши осон кечмайди. Сочидан тирноғигача кураш ўтида ёнадиган, таваккал юришларни қотирадиган Таль мусобақа мавқеидан, билим ва тажрибасидан унумли фойдаланиш каби оддий ишларни ҳар доим ҳам қойиллата олмасди.
Шу боис Талнинг Керес билан бўладиган ўйин олдидан кайфиятидан шикоят қилганидан ажабланмаслигимиз лозим. Авербах ва Кобленц унга тўғри маслаҳат беришди:
— Дурангга ўйна!
— Оқ доналар билан дурангга ўйнаш, — ҳайрон қолиб елка қисди Таль. — Ноқулай, ноқулайгина эмас, уят.
Ғалабага ўйнаш учун на хоҳиш, на рағбат бор эди. Жуда чарчаганди: ҳар ўйинда жар ёқасида юрди, бу жойда хотиржам дам олиб бўлмайди!
Талнинг иккиланиб ўйнаётгани дебютдаёқ сезилиб қолди. Рақибининг шашти пастлигини пайқаган зийрак Керес темирни қизиғида босди. Рақиби ҳиқилдоғидан олгандан кейингина Таль апил-тапил ҳимояланишга ўтди. Ўйин кечиктирилди, лекин Керес ғалабага эришиши учун яна қирқтача юриш қилди.
Пешқадамлар рақобати қайтадан бошланди. Кейинги икки турда Таль Олафссон ва Петросян билан дуранг ўйнади, Керес эса Петросян билан битимга келишди, Бенкони мағлубиятга учратди. Йигирма еттинчи тур олдидан Таль бир очко олдинда эди. Бу турда Таль роса хуноби чиқиб юрган Бобби Фишерга қарши қора доналарни сурарди. Фишер Тални ютиб хуморини ёзишга тайёргарлик кўраётганди.
Эрталаб Талнинг хонасига кирган Петросян Каро-Канн ҳимоясида ўйнашни маслаҳат берди.
— Йўқ! Барибир Бобикнинг сицилианча ҳимоядаги яхши кўрган йўналишида ўйнайман.
Шундан кейин Авербах ва Кобленц ўша йўналишни таҳлил қилишга киришишди. Кўришдики, 9-юришда қоралар пиёдани ютиши мумкин, лекин ташаббус оқларга ўтиб кетади. Бундай ўйин Таль услубига тамоман зид, Петросяннинг фикри эса ўзгача бўлди:
— Қандай яхши марказий пиёда? Ҳимм… Эҳтимол, мен уни олардим.
Улар тушлик қилишга чиқишди, лекин шу пиёда Талга тинчлик бермади. Таль жойига ўтиргач, Фишерга қаради. Унинг юзидан қасос ўтида ёнаётгани шундоққина сезилиб турарди. Бирдан Талнинг хаёлига шу фикр келди: “Ўйинда нималарни йўқотмаганман, ўша пиёдани оламан”. Бу Талнинг мазкур мусобақадаги сўнгги енгилтак қарори эди.
Енгилтак қарорнинг жабри узоқ кутдириб қўймади. Бир неча юришдан кейин қораларнинг доналари тўзғиб қолди. Ўз соати етиб келганини сезган Фишер шошиб-пишиб ўйнашга тушди. Эҳтимол, Фишернинг мана шу шошқалоқлигида, яъни иложи борича тезроқ ютишга интилишида Талга нажот бордай эди.
Ўз ихтиёри билан шундай оғир аҳволга тушиб қолгани учун Таль ачинаётганмиди? Тасаввур қиласизми, йўқ! Некбин Таль ғалаба иси келиб турган бу вазиятда Фишернинг кўзлари қўғирчоқлар дўконига кирган болакайнинг кўзларидай ўйнашига ва ўша пайтда ҳал қилувчи зарбани беришига умид боғлаётганди.
Ўйин томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Ахир, Кереснинг Талга етиб олиш имконияти туғилаётганди! Нафақат томошабинлар, балки бошқа қатнашчилар ҳам бу ўйиннинг қандай бораётганини сергаклик билан кузатиб туришди. Петросян уларга яқинлашди, олдин тахтадаги вазиятга, кейин рақибларга қаради ва бошини чайқаганча узоқлашди. Ҳамиша қовоқ солиб юрадиган Керес ҳаяжонига эрк бермай стол ёнига келди. Тахтадаги вазиятга бир зум қараб, туйғусини ошкор этмай хотиржам ўз жойига кетди. Залга жимлик чўкканди, Таль вазиятга тикилганча ўз-ўзига такрорлади: “Барибир енгаман!”
Ўн саккизинчи юришдан кейин Талнинг олдида иккита йўл қолди. Биринчиси, у Фишер қурбон қилаётган сипоҳни олади, бунда қоралар вазияти ёмонлашади, лекин ўйинда мураккаблик сақланади. Иккинчиси, фарзинлар алмаштирилади, бунда рангсиз эндшпилда дурангга умид қилиши мумкин. Албатта, иккинчи йўл ғалвасиз ўйинга олиб келарди, лекин шу вақтда Керес Глигорич устидан яққол устунликка эришиб бўлганди. Таль дастлабки қарорини танлади — сипоҳни урди. Бир неча юришдан кейин қалтис вазият юзага келди, Фишер рухини юрса, Талнинг аҳволини янада ёмонлаштирарди.
Бу курашнинг авж нуқтаси эди. Жавоб юришини кутаётган Таль, худди ҳамма нарса унга бефарқдай саҳнада сайр этарди. Айнан шу пайт унинг актёрлик қобилияти иш бераётганди! Унинг ҳар бир асаб толаси таранг, лекин саҳнада юз қиёфасини ҳам ўзгартирмасдан хотиржамдай сайр қиларди. Таль сайр қиларди, аммо ҳозир у бурчакдан бу бурчакка безовта югургиси келарди.
Стол ёнидан ўтар экан Фишер бланкасига кўз қирини ташлади, у чиройли қилиб ёзилган жавоб юришини Таль кўриши учун атайин қоғозни очиқроқ жойга сургандай бўлди. Бу нимадан дарак? Майли, у истагандай бўлгани маъқул. Таль бланкага қаради, Фишер айнан ўзи хавфсираётган юришни ёзганини кўрди.
У шу заҳотиёқ Фишер ўз юришини синовдан ўтказаётганини сезди! Ҳа-ҳа, Фишер ўз юришининг тўғри ёки нотўғрилигини Талнинг ҳолатига қараб билиб олишни истаётганди. Албатта, бу ўн олти ёшли содда Боббининг катталарга хос бачкана қилиғидан бошқа нарса эмасди (Фишер улғайганда олдин донани жойига қўйишни, кейин юришни бланкага ёзишни талаб қилади).
Хуллас, ўзини қандай тутиши керак? Афтини бужмайтирсинми? Бу Фишерга далда бериш билан баробар. Жилмайсинми? Синчков нигоҳ ёлғонлигини сезиши мумкин. У умуман бошқа йўлни танлайди. Фишер акс жавобни кутиб унга тикилиб турарди. Гўё Талнинг юзи тошга айланди, ҳатто кипригини ҳам қимирлатмасдан, ҳеч нарса бўлмагандай сайрини давом эттирди. Рақиби пинагини бузмай ўтиб кетгач, ўйга толган Фишер ўзи қўйган тузоққа ўзи тушди.
Фишер юриш қилганини кўрганидан кейингина Таль жилмайиб қўйди. Чунки Фишер дастлабки қарорини нотўғри ҳисоблаб, бошқа сипоҳини юрганди. Болакай бошқа қўғирчоқни танлаганди…
Ниҳоят, ўйин Фишернинг вазияти жудаям ёмон ҳолатда кечиктирилди. Жойидан толиқиб турган Тални мухлислар қуршаб олишди, улардан бири ўйин ўрталаридаги ўз вазиятини баҳолашини сўради.
— Жуда ёмон, аммо ютқизиқ ҳолат деб айтиб бўлмасди.
— Агар оқ доналар билан сиз ўйнаганингизда-чи? — синчков назарда сўради у. — Ўша вазиятни қандай баҳолардингиз?
Таль айёрона кулди:
— Унда нега рақибим ўйинни топширмаётганидан ҳайрон қолган бўлардим.
Мусобақа ниҳоясига етаётганди. Талда ўн тўққиз ярим очко бўлиб, Кересдан бир очко кўп эди. Охирги турда Таль Бенко билан, Керес Олафссон билан ўйнарди.
Эрталаб Авербах ўзининг тиниб-тинчимас ҳамкасбига “оқ йўл” тилади:
— Миша, ҳаяжонланма, хотиржам ўйна.
— Юра, ташвишланманг, — жиддий жавоб қайтарди Таль, — барчасини ўйлаб қўйганман. Шоҳ гамбитида ўйнайман, отни чиройли тарзда қурбон қиладиган йўл бор экан. Мана кўрасиз…
Таль ўзининг сеансда қўллаган йўналишидаги юришларидан бирини қилиб, тахтада тушунарсиз, хавотирли вазиятни юзага келтирди. Ҳаяжонланган Авербах, ҳеч нарсага эътибор бермай вазиятни жиддий тарзда таҳлил қилишга киришди. Толиққан Кобленц эса стулга чўкиб, юрагини чангаллади:
— Жонимда жон қолмади!..
Дўстларини ташвишга солган Таль 14-юришда вазият қандай бўлишидан қатъи назар, дуранг таклиф қилишга сўз берди.
У сицилианча ҳимоянинг кескин йўналишида устунликка эришди ва ваъдасига биноан дуранг таклиф қилди. Аммо дебютни ёмон бошлаган Бенко жанговарлигини намойиш этиб, ўйинни давом эттиришини билдирди.
Ютуқ вазиятга эришиши учун Таль етти-саккиз юриш қилди. У ўйга чўмди. Бир неча юришлик муқаррар ғалабага олиб борувчи йўналишни кўрди, бироқ ўз сўзининг қадрини сақлаш учун ўйинни дуранг қилгиси келди. Таль Бенкодан боплаб аламини олди, унга ютқизиқ вазиятда кишти-қойим билан ўйинни дуранг қилди.
Даъвогарлар мусобақаси ўз вазифасини бажариб, жаҳон чемпионига унинг навбатдаги рақиби ким бўлгани тўғрисида билдиришнома жўнатди. “Михаил Таль, мамлакатимиз ёш шоҳмотчиларининг ажойиб вакили, кескин, сезгисига асосланиб дадил ўйнайди, курашда руҳий таъсир этиш усулини моҳирона қўллайди”, — билдиришномада шундай сўзлар ҳам ёзилганди.

ИККИ КАРРА ИККИ — БЕШ?

“Гроссмейстер ўз услубини ўзи белгилашга ҳақли эмасми? Агар бу услуб унга муваффақият келтириб турган бўлса-чи? Кимгадир суворийга ўхшаб ҳужум қилиш, бошқага кутилмаган қурбон бериш билан рақибни шошириш, учинчига сездирмай тузоқ қўйиб, цейтнотда “ҳиқилдоқ”дан олиш ёқади. Шундай шоҳмотчилар ҳам борки, тасодифий омадга ишонишмайди, ўйиннинг ич-ичига киришади, вазиятни яхшилаб боришга ўйнайдилар, агар вазият дурангни тақозо этса, ундан бўйин товламайдилар.
Охирги усул жуда оммавийлашган деб бўлмайди. Чунки ўйлаб иш кўриши эҳтиёткорлигидан эмас, қўрқоқлигидан келиб чиқади. Ўйиндаги қизиққонлик, буни кўкларга кўтариб мақтовчилар кўплаб топилади! Эҳтимол, ушбу фикрларни ёзаётган муаллиф янглишаётгандир, лекин аниқ ҳисоб-китобли комбинацияга асосланган чиройли ўйин услуби каби оддий кўринадиган, эҳтиёткор ва анчайин жанговар услуб ҳам яшашга ҳақли”.
Бу сўзлар кимнинг қаламига мансублигини топиш учун узоқ ўйлаш шарт эмас, уларни ўзининг ҳақлигига қаттиқ ишонган киши ёзган, ҳеч жойда Таль номи ёзилмаган бўлса ҳам сўзлардаги ишоралар тили айнан унинг услубига қаратилганини англаш қийин эмас. Шундай экан бу муаллифнинг шоҳмотдаги нуқтаи назари, ижодий қараши ва қайсидир маънода ўзининг феъл-атворини ифодалаган юқоридаги сўзлар Тални фикр-мулоҳаза юритишга ундаши лозим эди. Ахир, бу сўзлар унча-мунча билимдонга эмас, балки буюк шоҳмотчи, жаҳон чемпиони Михаил Моисеевич Ботвинникка тегишлидир.
Даъвогарлар мусобақасидан ярим йил олдин ёзилган бу сўзларни эслаганда Таль ўйга толарди. У яна кўп нарсаларни эслаб ўйга чўмарди. Баъзан хаёллари чуваланиб кетарди. Йўқ, бу Ботвинник билан юзма-юз учрашадиган кун яқинлашаётганидан ҳадиксирагани учун эмас, уни жаҳон чемпиони билан ўйнаш чўчитмасди. Тални мавжуд вазият, яъни ўзидай ёш шоҳмотчининг Ботвинникдай устознинг улуғ унвонига тажовуз қилиши, интилиши ҳаяжонлантирарди.
Ботвинник… Кейинги ўттиз йилда мамлакатимиз ва чет элда ўтказилган кўплаб нуфузли мусобақалар унинг номи билан шарафланди.
Михаил Ботвинник Таль дунёга келмасдан беш йил олдин мамлакат чемпиони бўлишга улгурганди, Таль туғилган 1936 йилда Ноттингем шаҳрида ўтказилган нуфузли мусобақада Капабланка билан 1—2-ўринларни бўлашиб олиб, Алёхин, ўша вақтдаги чемпион Эйве, Решевский ва бошқа таниқли гроссмейстерларни ортда қолдирганди. Алёхиннинг бевақт ўлими у билан Ботвинник ўртасида жаҳон чемпионлиги учун учрашув ўтказиш тўғрисида олиб борилаётган музокараларнинг муваффақиятли якунланишига халақит берганди.
Алёхин вафотидан икки йил ўтгач, 1948 йилда Ботвинник олтинчи жаҳон чемпиони бўлди. Таль йўлида учрагунга қадар Ботвинник аввал Давид Бронштейн, кейин Василий Смисловнинг тож учун бўлган даъволарини чиппакка чиқарганди. Тўғри, Смислов иккинчи уринишда Ботвинникни тахтидан туширганди, аммо бир йилдан кейин ўтказилган жавоб учрашувида аламли тарзда енгилганди.
Жаҳон чемпионлиги учун курашда Ботвинникка узоқ йиллар рақиб саналган Сало Флор аллақачон шоҳмот журналисти бўлди, Эйве ва Решевский тож даъвогарлари сафидан чиқди, Бронштейн ва Смисловнинг эса уни бошқа безовта қилишга тоблари келмаяпти. Элликни қоралаётган Ботвинник бўлса толиқиш нималигини билмай олға интиляпти, ҳамон шахдам қадам ташлаяпти.
Ўйинни чуқур таҳлил қилиш, ҳар бир вазиятни нозик англаш, сабр-бардош билан узоқни кўзлаш, зиммасига тушган вазифани мардона бажариш, меҳнатсеварлик , ниҳоят, саломатлигига, жисмоний қувватига жиддий эътибор бериш — булар Ботвинникдай улкан иқтидор эгасининг айрим сифатлари холос. Бундай сифатлар ўзида бўлишини кўплар исташарди, лекин улар тақлид ҳам қила олишмасди. Бутун бир авлод мамлакат шоҳмот мактабининг ёрқин етакчиси Ботвинникка қараб дона суришни ўрганишди, унинг ўйин услубларини ўзлаштиришга ҳаракат қилишди.
Мана шундай улкан иқтидор эгасига Таль нимани қарши қўйиши мумкин? Албатта, биринчи навбатда барча томонидан эътироф этилган ўзига хос истеъдодини, кейин қисқа муддатда эришган ғайриоддий натижаларини. Чунки шоҳмот тарихида ҳали ҳеч ким уч йил ичида Таль эришган натижаларга эришган эмас.
Таль Ботвинникнинг донолигига, узоқни кўриш салоҳиятининг чуқурлигига, ўйинда моҳирона дона суришига тан бергани ҳолда унинг услубида заиф томонлар борлигини ҳам кўрарди. У Ботвинникнинг қатъий равишда узоқни кўзлаб дона суриши, баъзан қурбон билан боғлиқ ажойиб комбинацияларнинг ой кўрмасдан “ўлиши”га олиб келаётганини биларди. Шунингдек, Таль Ботвинникнинг айрим ижодий қарашларини ўз нуқтаи назарига тўғри келмагани учун қабул қилолмасди. Сабаби, Ботвинник юқорида келтирилган фикрларида таъкидлагандай, вазият тақозосига қараб юриш қиларди. Михаил Таль эса кураш мантиғига бўйсунарди. Ўз нуқтаи назари ва ижодий қараши ҳақлигига ишонган Таль ўйин услуби жаҳон чемпионидай кучли рақиб синовидан ҳам муваффақиятли ўтишига умид боғлаётганди.
Хуллас, жаҳон тожи учун учрашувда нафақат икки ёрқин шахс, икки улкан истеъдод, балки бир-бирига қарши икки хил феъл-атвор ҳам юзма-юз келганди. Бири ўнлаб йиллардан буён катта муваффақият билан ҳар доим икки карра икки тўрт бўлишини исботлаётганди, иккинчиси эса икки карра икки беш ҳам бўлиши мумкинлигига асосли далиллар келтиришга улгурганди.
Бир томонда — моҳир лашкарбоши, уста назариячи, шоҳмот тараққиётининг маълум даврига ўз номини ёзган мумтоз услуб вакили. Иккинчи томонда — ҳужум суворийси, йўқ жойда комбинация бошлайдиган, кўҳна ақида ва қонунларни янгилаётган, мавжуд қоидаларга эмас, кўпроқ ўзига ишонадиган ёрқин истеъдод.
Бир томонда — техника фанлари доктори, туйғуларини, хатти-ҳаракатини ифодалашда вазмин, ҳар бир қадамини ўйлаб босадиган, ўз турмуш тарзига қатъий риоя этадиган жиддий олим. Иккинчи томонда — журналист, бир неча йил илгари ҳам эстрада артисти бўлишни орзу қилиб юрган, ҳазил-ҳузулга мойил, серҳаракат, тили аччиқ ва ўз навбатида ҳар бир нарсани кўнглига оладиган кайфият кишиси.
Ботвинник тарафдорлари ҳам, Таль тарафдорлари ҳам учрашув тақдирини охир-оқибат ирода ҳал қилишини билишарди. Чунки ким рақибини ўз ўйин услубида дона суришга мажбур этса, курашни ўзи хоҳлаган йўналишга солса, ниҳоят кимнинг иродаси, руҳий ҳолати кучли бўлса ўша учрашувда устунликка эришиши кўпчиликка аён эди. Бу учрашувда биринчи ўйин натижаси муҳим аҳамият касб этарди, негаки улар ҳали юзма-юз дона сурмаганди.
Тўғри, кўп йиллар илгари шундай учрашув бўлишига оз қолганди. Шоҳмот тарихчилари ҳам бошқа тарихчилар каби бирор воқеа юз берса, бу тақдири азалда белгиланганлигини исботлашга далил ахтаришади. Чунончи, шоҳмот солномачилари мактаб ўқувчиси Миша Ботвинникнинг 1925 йилда Капабланка сеанс ўйинида иштирок этиб, уни ютганини кўп бор ёзишган. Таль ҳам болалик йилларида Ботвинник билан ўйнаган бўларди, агар у пешиндан кейин мизғиб олишни яхши кўрмаганда!
Шундай, тасодифий ҳол юз берганди. Ботвинник 1948 йилда жаҳон чемпиони бўлгандан кейин дам олиш учун Ригага борганди. Миша чемпионнинг қаерга жойлашганини аниқлаб, ота-онасидан у билан дона суришишга олиб боришни илтимос қилди. Бу гапни эшитиб онасининг ростакамига хуноби ошди, ўғлининг илтимосини ҳеч қачон рад этмаган доктор Таль ҳам негадир онаси ёнини олди. Аммо меҳрибон топилди: болакайни холаси Ботвинник ҳузурига етаклади. Эшикни аёл киши очди. Аёл шоҳмот тахтаси қўлтиқлаб олган болакайни кўриши билан “вазият”га дарҳол тўғри баҳо берди: “Ботвинник ухлаяпти”, дея тезгина эшикни ёпди. Хуллас, биринчи учрашув роппа-роса ўн икки йилга кечиктирилди…
Мана, 1960 йилнинг 15 марти етиб келди, улар Пушкин номли театр саҳнасида тайёрланган жойга юзма-юз ўтиришди. Бир томонда — умри давомида кўплаб ташвишларни бошдан кечирган, манаман деган рақиб ва даъвогарлар билан муросасиз курашларда тобланган қирқ тўққиз ёшли вазмин Ботвинник, иккинчи томонда — тақдир эркалаган, юқорига икки-уч зинани ташлаб чопиб чиқадиган йигирма тўрт ёшли Таль.
Айтишларича, Ботвинник бўлғуси учрашувга тайёргарлик кўриш жараёнида ўйин давомида хаёлини бўлмаслик учун Талнинг феъл-атвори, одати ва ёқимсиз қилиқларини ҳам диққат билан ўрганган. Афтидан, Ботвинник шундай руҳий тайёргарликни зарур ҳисоблаган. Аммо Ботвинникнинг Талга қарши бирор дастак топиши қийин бўлди. Чунки Таль учрашувдан олдин олиб борилган музокараларда чемпион қўйган ҳар қандай шартни ҳеч бир эътирозсиз қабул қилди. Шунга қарамай Таль муайян одам, шахс, қолаверса, шоҳмотчи сифатида унинг ғашини келтирмаслигига ишониш қийин эди.
Олим, фаолияти, фикр-мулоҳазаси, тафаккури илм кишисига хос Ботвинникни Талнинг ҳар бир муваффақиятидан кейин янграган олқишлар ғашини келтиришини тушуниш мумкин. Талга қўйилган “Қора қоплон”, “Рига ракетаси” каби номлар, гипноз, Бенконинг қора кўзойнаги, Талга ҳаддан зиёд омад кулиб боқишига боғлиқ гап-сўзлар ва бошқа миш-мишлар Ботвинникда истеҳзоли кулги уйғотарди.
Мамлакат биринчилигида ғолиб чиққандан кейин 17 йил ўтиб жаҳон чемпиони бўлган одамнинг Талнинг ҳозирги мавқеига, яъни мамлакат чемпиони унвонини қўлга киритгандан сўнг икки йил ичида тож учун учрашувга етиб келганига ишонқирамай қараши табиий ҳол. Бироқ Ботвинник Алёхин билан музокараларни Капабланка, Эйве, Решевский, Файн кучга тўлган, Керес ғайратига сиғмаётган вақтда олиб борганди. Талга эса “цейтнот”га тушган Керес, Ботвинник билан учта учрашувда толиққан Смислов, ҳали ўз имкониятига ишонч ҳосил қилмаган Петросян дуч келди. Ботвинникнинг элликни қоралаётгани ҳам Талнинг бахти!
Ўз вақтида Ботвинник масъулиятли мусобақаларга тайёргарлик кўришнинг теран тизимини ишлаб чиққанди, Таль эса бу нарсага эътибор бермасди. Ботвинник Талнинг операция бўлгандан кейин бир ой ўтмасдан даъвогарлар мусобақасига боришини, чекишини, саломатлигини тиклашига эътибор бермаслигини, қувноқ давраларда кечгача қолиб кетишини жуда юмшоқ айтганда – енгилтаклик, катта шоҳмотчиларга ёт иллат ҳисобларди.
Жаҳон чемпионига энг алам қилаётгани, ёш даъвогар унинг учун муқаддас ҳисобланган шоҳмотда мантиқ, уйғунлик ва тафаккур тантанаси мужассам, қадимий сеҳрли ўйинда тасодифларга ўрин йўқ, бир юриш иккинчисини келтириб чиқаради деган ақидаларига тажовуз этаётганди.
Мавжуд вазиятни тўғри баҳолаган В.Батуринский “Ботвинникнинг шоҳмот ижоди” уч томлик китоби муқаддимасига шундай сўзларни ёзганди: “Ботвинник ва Бронштейн, Ботвинник ва Смисловнинг ўзларига хос услублари бир-биридан қанчалик фарқ қилмасин, уларни кўп жиҳатлар бирлаштирарди, жумладан, ўйинларда юзага келган вазиятларни тарихан қарор топган ва ҳаёт синовларидан ўтган нуқтаи назар билан баҳолашарди. Таль эса айнан шундай қарашга барҳам берди”.
Шундай қилиб, “барҳам берувчи” иборасини ҳам ишлатдик. Энди ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг: Мамлакат шоҳмот мактабининг пешқадами, жумлаи жаҳонда катта обрўга эга Ботвинник “барҳам берувчи” Тални ҳурматлаб-эъзозлаши мумкинмиди?
Чамамда, биз воқеалардан ўзиб кетдик. Ҳозирча бизни Пушкин номли театр саҳнаси чорлаяпти.
Даъвогарлар мусобақаси тугаши билан Таль радиомухбирнинг 28 та саволига берган жавобида тож учун бўладиган учрашувнинг биринчи ўйинида шоҳ олдидаги пиёдани икки қадам суришини таъкидлаганди. Таль ўз сўзининг устидан чиқди. Ботвинник ҳам шоҳ олди пиёдасини сурди, аммо бир қадам. Демак, французча ҳимоя. Бу дебют Ботвинникка кўплаб шукуҳли ғалабалар келтирган, фақат Смислов билан кечган учрашувнинг иккинчи ўйинида маккорлик қилиб кўнглини доғлаган. Албатта, Таль Ботвинник шу дебютни танлаган вақтидаёқ, унинг қайсидир юриш тагига мина қўйганини ва қачондир портлашини биларди.
Ҳақиқатан ҳам кўп ўтмай Ботвинникнинг кескин йўналишда бир-иккита пиёдани қурбон қилишга тайёрлиги аёнлашди. Бу руҳий жиҳатдан Тални курашга чорлаш эди. Гўё чемпион рақибига хаёлан шундай деди: “Сен комбинацияни қотириб ташлайман деб мағрурланиб юрибсан, ўйлаяпсанки мен кескин йўналишларни четлаб ўтишга ҳаракат қиламан, билиб қўй, мен сенинг услубингдан чўчимайман, сен билан ўзингнинг қуролинг билан олишаман”.
Таль чақириқни қабул қилди, фарзини қоралар қароргоҳига кириб бориб, шоҳ томондаги икки пиёдасини йўқотди. Бу қимматга тушди: оқ шоҳ рокировкадан маҳрум бўлиб, марказда дайдиб қолди.
Ўн биринчи юришда мина портлади: Ботвинник филини ўйинга чиқариб, унга оқ шоҳга суиқасд қилиш вазифасини юклади. Юриш маккорона бўлиб, ўз асоратларини қолдирарди. Таль “шоҳ” берувчи жавоб юришини қилди. Ботвинник шундай йўналишни танладики, бу кишти-қойим билан дуранг қилиш имконини берарди. Бошқача айтганда, у кескинликка олиб келувчи шоҳни ортга чекинтириш йўналишидан воз кечди.
Агар Таль кишти-қойимга ўтса, ўзининг руҳий жиҳатдан енгилганини тан олган бўларди, бунинг устига учрашув бошида кутилмаган натижага интилишдай нияти чиппакка чиқарди. Таль бу йўналишдан воз кечиб, отини ўйинга киритди, ўйиннинг бундай тарзда давом этишини кутмаган Ботвинник ярим соатча ўйга чўмди.
Ўйиннинг давоми қизиқарли кечди. Ўта мураккаб ва чигал вазиятда Таль ҳар доимгидай топқирлигини кўрсатди ва Ботвинник 32-юришдаёқ таслим бўлди. Бу унинг руҳий зарбаси иш бермаганидан, Талнинг қуроли билан кураша олмаслигидан дарак эди.
Дастлабки ўйиндаги ғалаба бутун учрашув натижасига таъсир кўрсатди. Биринчи кунданоқ “рақибим ҳисобда олдинда” деган юк ўз оғирлигини Ботвинникнинг елкасига ташлади. Бу юк ҳар бир ўйиндан кейин оғирлашиб борди, ҳатто Ботвинник ҳисобни тенглаштира олмади. У ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаганди. Бундан ташқари, биринчи ўйинда тили куйган Ботвинник кейинчалик кескинликка олиб борувчи юришлардан, таваккал йўналишлардан ўзини тийди, натижада имконияти чегараланиб қолди (Ботвинник ички сезгига асосланган ўйин услубини тан олди. У кейинчалик учинчи ўйинга ёзган шарҳида шундай ёзганди: “Таль билан ўйнаётган вақтингда бундай вазиятларни кўздан кечириш фурсатни бой бериш билан баробар. Аслида, мавжуд вазият ноқулайдир, унинг учун барибир қулай”).
Кураш эндигина бошланганди. Кейинги тўртта ўйин дуранг билан якунланди. Гарчи Таль ҳисобда олдинда бораётган бўлса ҳам бу ўйинларда ташаббусни ўз қўлига ололмади. Устига-устак, шоҳмот денгизининг мағрур қароқчиси катта йўлда эҳтиёткор рақибининг изидан сузди.
Агар Ботвинник мағлубият аламини тотмаганида, мусобақанинг бундай кечаётганидан мамнун бўлса арзирди. Чунки у саркаш рақибини бир қадар жиловлашга муваффақ бўлганди. Чемпион истеҳкомини шу қадар мустаҳкамлардики, Талнинг ўз қуролини қўллашга имконияти қолмасди. Аммо кейинги тўртта ўйинда Ботвинник устунликка ҳам эриша олмади, фақат мустаҳкам ҳимоя билан чекланди. Чамаси Ботвинник ҳеч бир таваккалсиз учрашув тақдирини ўз фойдасига ҳал қилмоқчи эди, аммо бу усул ўйинни ҳар қадамда ўзгартиришга тайёр турадиган Талга нисбатан яроқсиз эди. Ботвинникнинг қатъий ҳаракат қилмаётганидан фойдаланган Таль ҳар сафар қопқондан сирғалиб чиқиб кетишга улгурарди. Хуллас, Ботвинникнинг исканжани кетма-кет бўшаштириб юборгани, устунликни мантиқий якунига етказмагани унинг нишонни тўғри кўзлай олмаётганидан даракмиди? Бу саволга кейинги ўйинлар жавоб беради.
Тўртта ўйин Таль учун оғир кечди, у чемпионнинг оғир қўлини ҳис қилди. Учрашув олдидан қувноқ ва дилкаш Таль йигирма тўрт кун давомида бир одам қаршисида ўтириб ўйнашдан чўчиганди, бунинг устига рақиби жиддий, диққат-эътибори бир мақсадга йўналтирилган, вақти-вақти билан тунд қиёфада ўтиришини биларди. У даъвогарлар мусобақасида битта рақиб билан тўрт марта ўйнаш оғирлигини таъкидлаганди. Бундан оддий мусобақаларда ўйнаш яхшироқ! Чунки юришни қилгандан кейин саҳнада сайр этишинг, бошқа тахталардаги вазиятларга кўз ташлашинг, ким биландир ҳазиллашишинг мумкин.
Бундай учрашувда ҳазиллашадиган одамнинг ўзи йўқ ва Таль ҳазиллашадиган ҳолатда эмасди. Дастлаб, ўйин пайтида асир тушган одамдай азоб чекди. Тўртинчи ўйинга келиб ўзига хос тўсиқни енгди ва унинг учун оғир карвон жараён одатий ҳолга айланди.
Мусобақа об-ҳавосига кўникаётган Таль барибир ўзини вазият ўйини қафасида сезарди. У олтинчи ўйин олдидан Кобленцдан сўради:
— Мени қанча вақтгача “чўкка тушган ҳолатда” ушламоқчисизлар?
Кўплаб соддадил мухлислар ҳар бир ўйинда Талнинг чиройли комбинацияларини кўрамиз деб ўйлашганди, унинг ярқироқ қуроли яна кўзларини қувнатишини кутишаётганди. Олтинчи ўйинда қафасдан қутулган, озодликка эришган Таль от қурбони билан боғлиқ чиройли комбинацияни ишлатиб, ўзини ҳам, мухлисларини ҳам хушнуд этди.
Бу комбинацияни кейин роса чайнашди. Сокин хоналарда ўтириб Таль комбинациясининг нотўғрилигини исботлаган шарҳчилар роса заҳарини сочишди. Ҳатто учрашув тугагандан кейин ҳам бу комбинация тўғрисидаги баҳслар давом этди. Лекин ҳамон кўпчилик шарҳчилар қайсарлик билан “Таль бу комбинацияси билан Ботвинник олдига катта муаммо қўйганини, у бу муаммони бир кундан кейин эмас, ўша лаҳзада ечиши лозимлигини” тан олгилари келмасди.
Таль бу юришни қилар экан, унинг тўғрилигига ишонганди. Кейинчалик у: “Юзага келган мазкур вазиятда кескинликка олиб келган от қурбони, энг тўғри қарор эди”, — деб ёзганди. Ўша кезда Таль шоҳмот нуқтаи назарларидан ташқари вақт танглигига тушган Ботвинникнинг чигал вазиятни бафуржа таҳлил этишга фурсати етмаслигини ҳам ҳисобга олганди. Шу боис Талнинг ўзига хос юриши ғайритабиий кучга эга бўлди. Ҳа, яна кураш мантиғи вазият тақозосидан устун эканлигини намойиш этди. Чиндан ҳам Ботвинник чалкаш йўлларда янглишди ва ўйинни оғир аҳволда кечиктирди.
Бу Талга хос руҳиятга таъсир этувчи комбинация эди. Унда Ботвинникнинг бундай ўйин услубига бардоши етмаслиги яққол кўзга ташланди. Мағлубият аламини унута олмаган Ботвинник кейинги ўйинда қўпол хатога йўл қўйди ва яна ютқазди. Гўё учрашув тақдири ҳал бўлганди.
Айнан шундан кейин Талнинг ўйинидан путур кетганини тушуниш қийин эмас. Ахир, ишониш қийин бўлган ҳолат юзага келди: рақибдан уч очко ўзиб кетилди. Биз биламизки, шундай ҳолларда, яъни кураш тақдири ҳал бўлган кезларда Тални илҳом тарк этади. У шундай ҳолатни даъвогарлар мусобақасида ҳам бошидан кечирганди. Бу ҳол яна такрорланди. Устига-устак, у Ботвинник ҳали қуролини ташламаганини ва ўз хоҳиши билан бундай қилмаслигини кўз олдига келтира олмасди.
Эҳтимол, кейинги ўйинларда ҳеч бир тушунарсиз қарорлар қабул қилганини унинг ҳолати билан изоҳлашимиз керакдир. Саккизинчи ўйинда қалтис тажрибани бошлади ва жазосини олди. Тўққизинчи ўйинда дебютдаёқ Ботвинник истеҳкомига ташланди ва қақшатқич зарбага дучор бўлди. Хуллас, ўнинчи ўйин олдидан катта устунлик йўққа чиқди, ҳисоб 5:4 гача қисқарди. Бунинг устига, Талнинг таъкидлашича жаҳон чемпиони тўққизинчи ўйинни санъаткорона ўтказган ва амалий жиҳатдан хатоликка йўл қўймаган.
Икки ўйин ютқазгандан сўнг Таль сергак тортди. Билдики, яна олдга интилиши, яна ғалабалардан руҳланган рақибини синдириши керак. “Менимча, — деб ёзганди учрашувдан кейин Таль, — саккизинчи ва тўққизинчи ўйинлардаги мағлубиятлар руҳий жиҳатдан берк кўчадан чиқишимга ёрдам берди. Ҳисоб 5:4 бўлгач, сусткашлик даври ортда қолди, яна тенгма-тенг кураш бошланди. Аммо мен ўз кучимга қаттиқ ишонч ҳиссини сезаётгандим”. Ўнинчи ўйин дуранг билан якунланса-да, Ботвинник мағлубиятдан қутулиш учун бор кучини сарфлади. Ўн биринчи ўйинда эса Таль ғалаба қозонди.
Биринчи ва олтинчи ўйинлар каби ўн биринчи ўйин ҳам учрашувда муҳим аҳамият касб этди. Сабаби, Ботвинник бу ўйинда воқеалар ривожини ўзи хоҳлаган йўсинда давом эттира олмади. Ҳолбуки, бунга роса уриниб кўрди! Ўйин бошдан-оёқ кучларни қулай жойларга жойлаштириш билан ўтди ва рақиб ўзининг режа билан узоқни кўзлаб дона суриш услубида қуршовга олиниб яксон қилинди.
Ўн биринчи ўйин натижаси Ботвинникнинг ғамгин ўйлар суришига олиб келди, чунки унинг келгуси режаларига путур етди. Сабаби дастлабки ўн ўйинда Ботвинник ўз истеҳкомига бекиниб олиб, қалъа деворини кўтариш ва атрофидаги зовурларни қазиш билан шуғулланди. Талнинг олдида иккита йўл қоларди: ё сабр-бардош билан қалъани қамалда ушлаш, ё таваккал қилиб баланд девор оша ҳужумга ўтиш. Иккинчиси, шубҳасиз, катта талафотлар беришни талаб этарди.
Энди бу режа тўлиқ муваффақиятсизликка учради. Таль топқирлик кўрсатиб, ўз услубининг яшовчанлигини намойиш қилди. Негаки, Ботвинникнинг доналарни жойлаштириш усулига кўниккан Талда ўйин пайтида қамал қилиш ёки ҳужумга ўтиш муаммоси йўқолди, энди у шароитга қараб гоҳ унисини, гоҳ бунисини танларди. Биринчи ва олтинчи ўйинда Таль Ботвинникни очиқ майдонга олиб чиқишга эришди ва суворийча эпчил ҳаракатлари, кетма-кет ҳужумлари эвазига ғалаба қозонганди. Ўн биринчи ўйинда Ботвинник қамалда ҳам ўзини яхши ҳис этмаётгани сезилди. Хуллас, ўн биринчи ўйинда жаҳон чемпиони ўз қуроли билан яксон қилинди ва унинг тахти қимирлаб қолди.
Ўн иккинчи ўйинда ташаббус гоҳ унга, гоҳ бунга ўтиб турди. Етмиш иккитадан юриш қилишгач, томонлар дурангга келишишди. Кейинги ўйинда эса атиги ўн беш юришдан кейин битимга имзо чекилди. Таль оқ доналарда ўйнагани учун бу натижа мухлисларнинг ҳафсаласини пир қилди. Шу боис Таль қўшни эшикдан ташқарига чиқди. Эшик олдида эълонга назар ташлади. Унда спектакл номи — “Уч дақиқалик суҳбат” ва киноя сўз — “Кимнинг хоҳиши ўн беш юришни белгилади” деб ёзилганди.
Мухлислар мусобақада икки очко ўзиб кетган Талнинг қолган ўйинларда ҳам ўз услубида ўйнашини исташаётганди. Тўғри, мухлислар кескин курашларни кўришга келишади. Лекин бу сафар мухлисларнинг истаги даъвогар хоҳишига мос тушганди. Чунки Таль “буюртма” бўйича дурангга ўйнашни билмасди (у кейинчалик ҳам бу санъатни ўзлаштира олмади). Шу боис Кобленцнинг Таль олдига қўйган “Таваккалсиз, хотиржам ўйна” деган вазифаси тўғри бўлса ҳам қийин, бунинг устига хавфли эди. Кейинчалик Талнинг ўзи бу ҳолатни шундай шарҳлаганди: “Ботвинник бежиз бу усулни танламади, қора доналар билан дурангга қаршилик билдирмаётганининг боиси қачондир битимлар меъдамга тегади ва мен хатарли саргузаштимни бошлаб юбораман”.
Ҳақиқатан ҳам кейинги тўртта ўйин дуранг билан якунлангач, Таль ўзининг тинкаси қуриётганини сезди. Ҳар доим суҳбатижон Таль бирдан камгап, тунд бўлиб қолди. Энг чигал вазиятларда ҳам панд бермаган асаблари танг ҳолатларда базўр бардош берарди. “Жуда қийин, — деб ёзганди Таль, — ҳар бир ўйинда бир хил интилиш билан ғалабага ўйнаш, аммо белгиланган манзилга тошбақа юришда бориш ундан ҳам қийин”.
Бошқача айтганда, Таль қандайдир хавфли саргузаштни бошлашга пишиб етилаётганди. Ниҳоят, ўн еттинчи ўйинда ҳис-туйғу жунбушга келди ва ўша машҳур f2-f4 юриши қилинди.
Левинфиш таъбири билан айтганда, бу юриш ўзини ҳалокатга маҳкум этиш эди. Биз билганимиздай ва Талнинг ўзи ҳам таъкидлагандай, у ўша кезда ман этилган ишга қўл уришни жуда-жуда истаб қолди. Таль бу юришни қилар экан, аниқ ҳисоб-китобларга эмас, рақиби учун кутилмаган ҳол ва ноқулайлик туғдириш мезонига таянди.
Хуллас, кутилган ҳодиса юз берди — Таль таваккал ҳужумини бошлади ва икки пиёдасини қурбон қилди. Аслида, Таль бу ўйинга ҳам навбатдаги битимга имзо чекиш учун келганди. Ўйин олдидан Кобленц кетма-кет дуранг қилавериш фойдали эканлиги тўғрисида яна бир карра эслатганди, у бу усул Алёхиннинг Капабланкага қарши ўйинида, ҳатто Ботвинникнинг Смислов билан бўлган жавоб учрашувида иш берганини мисол қилиб келтирганди.
Аммо кураш пайтида Таль билан кўп ҳолларда бўлиб тургандай, таваккал қилиш ҳисси уйғонди ва у ўзини тўхтата олмади. Таль хаёлан Кобленцдан кечирим сўради, унинг барча ўгитларига қўл силтади-да, дубулға ниқобини юзига туширди.
Узоқ вақтгача бу фаоллик, ниҳоят жазосини топадигандай туюлди. Талнинг ўзига хос ғалати юришини кутаётган Ботвинник ниятига етди, у тезкор жавоб зарбалари бермаса ҳам рақибининг ҳамлаларини даф этди ва моддий устунлигини сақлаб қолди. Аммо (Таль ўйинларини шарҳлаётган вақтда “аммо” сўзига урғу бермасликнинг иложи йўқ)… Аммо Ботвинник чигал комбинация хавфини бартараф этишга кўп вақтини сарфлади ва жуда чарчади. У шунчалик чарчагандики, вақт танглигида Талнинг рухини қурбон қилиб, оддийгина ғалаба қозонишига қаршилик кўрсата олмади. Руҳиятга боғлиқ ҳисоб-китоб яна ўзини оқлади.
Ўн саккизинчи ўйин дуранг билан якунланди. Ниҳоят, ўн тўққизинчи ўйинда Ботвинникнинг ўзи кескин йўналишни танлади. Бу қарор умуман олганда тўғри эди, лекин айни пайтда учрашув тақдирини ҳал қилишни тезлаштирарди, холос. Албатта, Таль ажойиб тарзда рақибини доғда қолдирди ва ўйинни Ботвинникка ҳеч қандай имконият қолмаган вазиятда кечиктирди.
Амалий жиҳатдан учрашув тақдири ҳал бўлганди. Йигирманчи ўйинда Ботвинник охирги марта ғалаба қилиш учун уриниб кўрди, охир-оқибат дуранг билан кифояланди. Йигирма биринчи ўйинда Ботвинник курашга киришмади ҳам 17-юришдаёқ дуранг таклиф қилди ва Тални табриклаш учун қўлини узатди.
Шундай қилиб, Таль йирик ҳисобда (121/2:81/2) ғалаба қозонди ва бу ҳисоб ўйин натижасининг тасодиф эмаслигини яна бир карра исботлади. У Ботвинник билан учрашувда нафақат ўз устунлигини, балки билим ва мантиққа суянган ҳолда ички ҳиссиётга, топқирликка асосланган, албатта шоҳмот кураши руҳиятидан келиб чиққан ўз нуқтаи назарларини ҳимоя қилди, намойиш этди.
Михаил Таль йигирма тўрт ёшида шундай натижага эришдики, буни кўплаб машҳур шоҳмотчилар орзу қилиб ўтган. У шундай машҳур бўлиб кетдики, ҳали шоҳмот тарихида ҳеч ким бундай ҳурматга сазовор бўлмаганди. Минглаб мухлислар уни театр биноси олдида кутиб туришарди. Минглаб мухлислар уни Рига вокзалида кутиб олишга чиқишди ва қўлларида кўтарганча майдонга олиб ўтишди. Майдонда янги жаҳон чемпиони шарафига бағишланган йиғин бошланди. Ҳали даъвогарлар мусобақаси бошланмасдан олдин Загреб кўчаларида юрган вақтида кимдир уни қучоқлаб, шундай ҳайқирганди: “Сен даҳосан!” Умри давомида кўплаб воқеаларга гувоҳ бўлган шоҳмот фахрийси, собиқ жаҳон чемпиони Макс Эйве ҳам Талнинг даҳо шоҳмотчи эканлигини бир неча марта таъкидлаганди.
Таль машҳурлигининг сабаби нафақат спорт натижаларида, балки ҳиссиётга боғлиқ ўйин услубида, жанговар дона суришида ва ўзига хос ташқи қиёфасида ҳам эди. Чиндан ҳам унинг айрим ғалабаларида жоду, тилсимот бордай туюларди. Ҳатто мумтоз услуб давомчиси Смислов ҳам ёш Таль томирида “икки хил иблислик қони” оққанини тан олганди.
Комбинацияни ўйлаётган вақтда Таль тез-тез ўткир нигоҳда рақибларига қараб қўярди, бу уларни безовта қиларди. Айрим шоҳмотчилар жиддий тарзда Таль билан ўйнаётган вақтида қандайдир куч яхши юришни эмас, ёмон юришни қилишга мажбур этишини таъкидлашарди. Бу ўз-ўзини юпатиш, яъни Таль билан ўйинда қандай қилиб яхши вазиятдан ёмон ҳолатга тушиб қолганига сабаб топишдан бошқа нарса эмасди, бироқ кўпчилик мухлислар уларнинг тилсимлангани тўғрисидаги гапларига ишонишарди.
Барибир кўпчилик одамлар онгида дунёда ғайритабиий кучлар, ақлимиз етмайдиган таъсирлар мавжуд деган энг оддий тушунчалар яшайди. Майли, ҳар бир нарсага шубҳа-гумон билан қаровчи таниқли шоҳмотчилар фикрига қулоқ тутайлик, лекин биз девор ортидаги нарсаларни кўра оладиган одамлар (телепатия) борлигини ҳам унутмайлик. Ахир, кўплаб ақлга сиғмас мўъжизалар кейинчалик илмий жиҳатдан асосланган.
Таль шоҳмотда ҳам эртакларга ишонишга ундади. Унинг бир-иккита сипоҳ-пиёда кам ҳолатда тажрибали рақиблари устидан ғалаба қозонгани ўйинда шундай ҳолатга тушган шоҳмотчиларни руҳлантириб юборди. Илгари ўйинда битта сипоҳ эмас, битта пиёдасини йўқотган шоҳмотчининг қаршилик кўрсатиш қобилияти сусайган бўлса, эндиликда Талдан ўрнак олишиб бундай вазиятларда ҳам учрашув тақдирини ўзгартириш учун кескин курашга кириша бошлашди.
Чиндан ҳам Талнинг исёнкор руҳи шоҳмот қоидаларига сўзсиз амал қилувчиларнинг ўзлигини енгиб ўтишига йўл очди. Талнинг шоҳмотга қуйган “ёввойи қони”ни нафақат ҳаваскорларнинг, балки уста, гроссмейстерларнинг ижодий ўйларига эрк берди, айрим тушунчалардан, бир қолипдаги фикрлардан озод қилди. Шу маънода Талнинг Ботвинник устидан қозонган ғалабаси шоҳмот оламида катта шов-шувга сабаб бўлди, муҳим аҳамият касб этди. Ўз навбатида Ботвинникнинг мағлубиятга учраши Талнинг кучини ва унинг услуби яшовчанлигини тасдиқлади.
Бу шоҳмотда янги давр бошланганидан даракмиди? Албатта, йўқ. Кечроқ бўлса ҳам таъкидлашимиз лозим, айримлар ўйлагандай Таль “барҳам берувчи” эмасди. Ахир ҳавода самолётини ўмбалоқ оширган учувчи аэродинамика қонунларини бузадими? Ўки кўпгина тушунчаларимизни ўзгартириб юборган Эйнштейннинг нисбийлик назарияси, коинот қоидаларига зидми? Таль шоҳмотда ҳурфикрли, бошқалардан ўзгачароқ мулоҳаза юритувчи эди, унинг ўйинларининг кучлилиги табиий қобилиятидан ташқари, ҳар бир сипоҳи ва пиёдасининг фойдалилик даражасини оширганидан келиб чиқарди. Бошқалар ҳужум уюштиришга тўрт-беш сипоҳини жалб этса, Талнинг шундай ҳужум уюштиришига икки-учта сипоҳи кифоя қиларди. У сипоҳларининг фойдалилик даражаси ошишига шоҳмот санъати қоидаларини менсимагани учун эмас, аксинча, шу қоидаларга чуқур ёндошгани, узоқни кўзлаб ижодий ўзгартириши туфайли эришарди.
Ахир, Талнинг ташаббусни қўлга олиш учун онгли равишда ўз вазиятини ёмонлаштиришини фақат расмий жиҳатдан шоҳмот қоидаларига зид деса бўлади. Лекин тан олишимиз зарур, шоҳмот кураши қандайдир икки рақиб қарама-қаршилиги эмас, балки икки шахснинг, икки феъл-атворнинг ҳам курашидир. Шундай экан, бу шахслар курашда руҳий зарбалардан фойдаланишга тўла ҳақлидир. Биз биламизки, кураш мантиғи ҳар доим ҳам вазият тақозосига мос келавермайди.
Хуллас, бизда Талнинг барҳам берувчи эмаслигини тасдиқловчи рад этиб бўлмайдиган далиллар бор. Ботвинник жавоб учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида, жумладан, шундай деганди:
— Бунда иккиланиш бўлиши мумкин эмас — Таль улкан қобилият эгаси. Очиқ вазиятлардаги курашда унга тенг келадиган рақиб йўқ. Таль йўналишдаги юришларни тез ва аниқ ҳисоблайди дейиш кам, у бундай вазиятларда қандай ўйнаш нуқтаи назарини яхши билади…
Жаҳон чемпиони бўлган Таль ўзини бахтиёр санашга ҳақли эди. 1960 йилнинг май ойида Талга ҳамма ҳавас билан боқарди, бу давр умрининг баҳори десак янглишмаймиз. Қариндошлари, дўстлари, мухлислари унинг ҳурматини жойига қўйишди. Дунёнинг турли бурчакларидан минглаб табрикномалар ёғилди, хорижий давлатлардан таклифлар келди, мухлислар олқишига кўмилди.
У меҳнатига яраша муносиб мукофотланди. Унинг ўспиринлик давридан бошлаб тажрибали гроссмейстерлар сиқувларига қандай дош бергани ёдингиздан чиқмагандир? Ўйинларда қанча оғир ички кечинмаларни бошдан кечиргандан кейингина бу болакайга омад кулиб боққанини ҳам унутмагандирсиз? Ўткир зеҳн ва букилмас ирода эгаси бўлган Ботвинникни енгиб ўтишдай оғир синовга ҳам дуч келди, ахир.
Ўзингиз тасаввур қилинг, у кейинги уч-тўрт йил ичида қанча ҳаяжонли дамларни, қанча кўнгилсизликларни бошдан кечирди, неча бор ўйинларда жар ёқасида илиниб турганига қарамай, вазиятни тенглаштирди, неча бор тишини-тишига қўйиб олдидаги тўсиқларни қатъият билан енгиб, ўзига йўл очди. Шундай экан, у бахтли бўлишга ҳақли эмасми?
Ҳа, у бахтиёр эди! Лекин ҳозирча у Халқаро шоҳмот федерацияси вице-президенти Марсель Берман ва мусобақа бош ҳаками Гидсон Штальберг томонидан бўйнига тақилган гулчамбарнинг бўйинтуруқдай зил-замбил юки борлигини билмасди.
Эҳтимол, омад эркатойини ҳаддан зиёд сийлаб юборди. Ахир, пешқадамдан ўтиб кетиш учун интилган пайтда унинг кучи қайнаб-тошарди-ку? Агар рақобатчиларидан ўзиб кетса, ҳар доим турғунлик даврини бошидан кечирарди.
Энди у барча кучли гроссмейстерлардан ўзиб кетди, шундай чўққига кўтарилдики ундан юксакка интилиб бўлмайди. Энди саргузаштсевар қаҳрамонимиз ғайратини янги ерларни очишга эмас, эгалланган ҳудудларни сақлашга сарфлаши лозим. Руҳий жиҳатдан бу вазифа Таль учун оғирлик қиларди.
Қисқаси, кўп ўтмай Таль зиммасига олган вазифаси завқ-шавқли эмаслигини тушунди, осойишта бахт насиб этмас экан. Кўпчилик элликни қоралаётган Ботвинник бундай қақшатқич мағлубиятдан кейин ўз омадини бошқа синаб кўрмаса керак деб ўйлаётганди, лекин у жавоб учрашувида ўйнашини билдирди (шундай кейин FIDE жавоб учрашувларини бекор қилди). Демак, Таль — Ботвинник учрашуви ўйиннинг ярми, тўғрироғи, биринчи ярми бўлиб чиқди! Бу ҳаммасини — дебютларни кўришни, жисмоний ва руҳий тайёргарликларни қайтадан бошлашни тақозо этарди. Хуллас, учрашувдаги барча ўйинни зийрак ақл ва ўз-ўзини танқид руҳида қайтадан кўриб чиқиш зарур эди. Бунинг устига, у нимага таяниб Ботвинник жавоб учрашувига тайёргарлик кўраётганини англаб етиши керак.
Хуллас, Таль ўзи эришган муваффақиятни ҳимоя қилиш зарурлигини қанчалик тез ўйласа, шунча яхши бўларди. Кейинги воқеалар ривожи руҳий кураш устаси фаранги ўзининг муваффақиятлари тантаналарига маҳлиё бўлиб жуда қўпол, тузатиш мушкул хатога йўл қўйганини кўрсатди. У Ботвинникнинг қудратли кучга эга эканлигини тўғри баҳолай олмаганди.

…ВА МИС КАРНАЙЛАР ЖАРАНГИ

Бу йўл қўйиб бўлмайдиган хато эди. Чунки Таль энди Ботвинникни яхши биларди: собиқ жаҳон чемпиони жавоб учрашувига қасд қилдими, демак у биринчи учрашувдаги ҳар бир ўйин, ҳар бир юришни таҳлилдан ўтказиб, иккинчи учрашувда ғалаба қозонишимга имкониятим бор деган хулосага келган. Ботвинникнинг шундай хулосага келиши кўп нарсани англатарди. Сабаби ўйинларни таҳлил қилиш санъатида, бирор вазиятга “яхши” ёки “ёмон” дея баҳо беришда Ботвинникка нафақат Таль, балки жаҳондаги бошқа гроссмейстерлар ҳам тенглаша олмасди.
Кузда Лейпцигда ўтказилган XIV Олимпиада янги жаҳон чемпионини жиддий огоҳлантириши лозим эди. Негаки, Ботвинник чиройли ўйнади, бунинг устига цейтнотга тушмади. Афтидан, Ботвинник жавоб учрашувига тайёргарликни цейтнотдан қутулишдан бошлаганга ўхшарди.
Барибир Таль Лейпцигда жаранглаган огоҳлантирувчи қўнғироққа қулоқ тутмади. Бунинг устига Кобленц бошчилигидаги жонкуярларнинг жавоб учрашуви осон кечмаслиги тўғрисидаги огоҳлантиришларига ҳам эътибор бермади. Эвоҳ, шоҳмотдаги олов ва сув имтиҳонидан дадил ўтган Таль, афсуски, қадимда Римдаги ғолибларни мис карнай садолари остида шарафлаш маросимига ўхшаш даврдан безарар ўтиб кетолмади.
Биз биламизки, биринчи учрашувнинг ёпилиш маросимида Халқаро шоҳмот федерацияси вице-президенти Марсел Берман сўзга чиққанди. У ҳаяжонланиб, жаҳон чемпиони унвони шоҳмотчига катта масъулият юклаши тўғрисида гапирганди. Ўшанда Берман ўз сўзларининг Талга таъсир қилишини ва тегишли хулоса чиқаришини жуда-жуда истаганди.
Янги жаҳон чемпионининг ҳамфикрлари кўп эди, айниқса ёшлар Таль сиймосида улкан истеъдод соҳибини кўришарди, уларга дадил ўйинлари, шоҳмотдаги кўҳна, тўғрироғи, қотиб қолган ақидаларни ўзгартиришга интилиши ёқарди. Мухлислар Талнинг ўйин услубига, унинг шоҳмотга садоқатига ишонишди. Яна афсусланишимиз керак, Таль ўз байроғи остига тўпланганлар ҳурмати учун бўлажак учрашувга жиддий тайёргарлик кўриши лозимлигини тушунмади.
У ўзига берилган истеъдод олдида ҳам жавобгарликни тўлиқ ҳис қилмади. Истеъдод эртакдаги Букри тойчоқ каби сўраган нарсасини муҳайё қилаверади деб ўйлади. Таль истеъдодни ҳам асраш ва тарбиялаш кераклигини хаёлига келтирмади.
Энди холисона ўзимиздан сўраб кўрайлик: қувноқ ва суҳбатижон Таль зоҳидларга ўхшаб ҳаёт кечириб жавоб учрашувига тайёргарлик кўра олармиди? Ахир, Таль ўзи хоҳламаган вақтда сайрайдиган қушлар тоифасига кирмайди. Лекин ўз саломатлигини, истеъдодини асраши учун, ниҳоят, жавоб учрашувига тайёргарлик кўриши учун жуда зоҳидларга ўхшаб ҳаёт кечириши ҳам шарт эмасди. Шу боис Таль мухлислари уни кечира олишмади.
Жавоб учрашувидаги дастлабки таассурот шундай эди: гўё Таль ўйин бошланишини бугун билганга ўхшарди. У учрашув арафасида Стокгольмдаги оддий мусобақада қатнашди, кейин Прагада ёш шоҳмотчиларга қарши дона сурди (илгарироқ ваъда бериб қўйгани учун бу мусобақалардан бош тортолмади). Хуллас, дебютларни тайёрлашга, қайта кўриб чиқишга вақти қолмади.
Тўғри, Таль биринчи учрашувга тайёргарлигига тўхталиб, шундай ёзганди: “Бундай узоқ давом этадиган учрашувларда миянинг тиниқ ҳолатда бўлиши муҳим аҳамиятга эга, айтайлик бу икки жомадон дебют янгиликлари тайёрлаб, чарчаб кўтариб келишдан яхшироқ”. Баҳсталаб дунёқараш. Ахир, учрашувга ҳам икки жомадон дебют янгилиги, ҳам миянинг тиниқ ҳолатда келгани яхшироқ эмасми? Айнан шу дунёқарашнинг тўғрилигини Ботвинник учрашув пайтида исботлади.
Янги жаҳон чемпионининг дунёқараши биринчи учрашувда унчалик зарар етказмаганди, чунки олдин Таль билан ўйнамаган Ботвинник унинг ўйин услубига кўника олмади, жавоб учрашувида бундай муносабат иш бермаслиги аён эди. Чунки Ботвинник рақиби тўғрисида кўплаб маълумотларга эга бўлганди, у бу маълумотларни чиғириқдан, таҳлилдан ўтказганди.
Устига-устак, Тални учрашувга тиниқ мия билан келди деб бўлмасди. Сабаби, у жавоб учрашувидан олдин биринчи учрашув тўғрисидаги китобини ёзиб тугатди. Китобнинг ҳажми катта — ўн босма тобоқдан иборат эди. Муҳими, Таль ҳеч нарсадан фойдаланмасдан ёддан айтиб туриб ёздирди. Унинг ажойиб хотираси ҳамон панд бермасди, лекин бу сафар Таль хотирасини ҳам бир оз қийнаб қўйди.
Шоҳмот бюллетенида рақибларнинг жавоб учрашуви очилиш маросимида тушган суратларини ёнма-ён эълон қилди. Суратларда Таль Ботвинникка нисбатан ташвишли, тунд кўринарди. Биринчи ўйиндаёқ унинг бекорга тундлашмагани аён бўлиб қолди.
Қизиғи, Ботвинник биринчи ўйиннинг 16-юришидаёқ таваккал йўналишни танлади, Таль эса суст юриш билан жавоб қайтарди. Ботвинникнинг бу юриши кескин курашга чақириқ эди, Таль эса чақириқни қабул қилмади. Биринчи ўйиндаёқ шундай бўлиши мумкинмиди?
Талнинг қатъиятсизлиги мағлубиятга олиб келди. Иккинчи ўйинда ҳам Ботвинник қора доналар билан яхши вазиятга эришди. Цейтнотда (Таль ҳам цейтнотда эди) янглишди, кечиктирилган ўйин давом эттирилганда Таль ғалаба ғозонди.
Учинчи ўйинда Таль рақибининг чалғитувчи юришини тўғри баҳолай олмади ва қийин вазиятга тушди. Ботвинник кейинчалик бу юришни тайёргарлик пайтида кўриб чиққанини, лекин учрашувда қўллашни хаёлига ҳам келтирмаганини ёзганди. Ҳа, Ботвинник Таль билан курашда чалғитувчи юришларни қўллай бошлади. Ўйиннинг қолган қисмида ҳам Ботвинник чиройли юришлар қилиб, Талга мағлуб бўлганини тан олдирди.
Ҳисоб 2:1 бўлди. Ана шу лаҳзадан бошлаб Ботвинник ташаббусни ўз томонига оғдирди. У рақибининг қатъиятсизлигидан фойдаланиб, учрашув бошидаёқ Талга қақшатқич зарбалар беришга уринди ва бунга эришди.
Тўғри, кейинги учта ўйин дуранг билан якунланди, лекин Таль иккитасида ўйинни сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан тиришди, бунинг устига цейтнотда. Ҳамма нарса ўзгарди — Таль ҳужум қилмаяпти, ҳимояланяпти, Таль рақибини цейтнотга туширмаяпти, ўзи вақт танглигидан қийналяпти…
Еттинчи ўйинда Таль худди учинчи ўйиндагидай дебютдаёқ қийин вазиятга тушди ва тор-мор келтирилди. Энди Ботвинник икки очко ўзиб кетди.
Саккизинчи ўйин Талнинг мазкур учрашувдаги энг яхши ўйини бўлиб қолди. Бу ўйиндан кейин Таль дўстларига шундай деди:
— Энди ҳаммаси жойида, ўйиним чиқяпти!
Агар у кейинги учта ўйин қандай кечишини билсайди?..
Таль учрашувда тўрт марта қоралар билан ўйнаб, атиги ярим очкога эга бўлганини ҳисобга олиб, тўққизинчи ўйинда янги йўналишни танлади ва тезда… ютқизиқ вазиятга тушди. У шундан кейин олтмиш юриш давомида жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатди, лекин ўйин мантиқий якунига етди. Ўнинчи ўйинда ҳисобни қисқартиришга шошган Таль шу қадар жимжимадор дона сурдики, 10-юришдаёқ вазияти ёмонлашди. Бунинг устига вақт танглигига тушди ва кетма-кет иккинчи бор мағлубиятга учради.
Жомадонига дебют янгиликларини ғамлаб қўймагани Талга қимматга тушди, у оқ доналар билан ўйнаганда ҳам ҳимояланарди, санъаткорона топқирликлари қаршилигини узайтирарди, холос.
Уқубатли кунлар шу билан тугамади. Таль ўн биринчи ўйинда содда вазиятга олиб келувчи славянча ҳимояни танлади. Бу дебютнинг танланиши исканжага олинган Талнинг тезроқ дуранг қилиб, бир оз нафасини ростлашини истаётганини кўрсатарди.
Таль нафасини ростлай олмади. Кейинчалик Ботвинник Талнинг бу дебютни танлаши руҳий жиҳатдан нотўғри эканлигини таъкидлаганди. Гап фақат Ботвинникнинг ўн беш йиллар илгари бу дебют учун махсус йўналиш танлаб қўйганида эмас, балки юзага келадиган вазиятнинг рақиби ўйин услубига мослиги ва ўнғайлигида эди. Қисқаси, Таль ихтиёрий равишда ўзини суст ҳимояланишга мажбур этди, албатта, бу яхшиликка олиб келмади. Ботвинник кичик вазият устунлигига эришди ва Талга ҳеч бир имконият бермай аста-секинлик билан ўйинни ғалабагача олиб борди.
Амалий жиҳатдан учрашув тақдири ҳал бўлди, бунда фақат ҳисобнинг 71/2: 31/2 бўлганида эмас, балки мусобақанинг бориши энди Талнинг курашда туб бурилиш ясаш учун ўзида куч топа олмаслигини кўрсатаётганди. Ботвинникнинг қатъиятлилиги, чигал вазиятларда совуққонлик билан ечим топиши, биринчи учрашувдагидай мураккабликлардан ҳайиқмаётгани барчани ҳайрон қолдирди. Ўтган учрашувда Ботвинник цейтнотдан қутулишнинг иложини ахтарган бўлса, бу сафар вақт танглиги унга ёрдам берарди. Чунки ёш бўлишига қарамай Таль вақт танглигига тушаётганди, қизиғи, қария рақиби эмас, у ўйин охирида чарчаб қолаётганди…
Ҳали учрашув давом этаётганди. Таль ҳалокатнинг олдини ололмаса ҳам ўз шаънини сақлаб қолиши мумкин эди. Некбин қаҳрамонимиз ҳали ҳаммаси олдинда эканлигига ишонаётганмиди? Бизнингча, ҳали ишонарди. Ҳар ҳолда, Таль ҳеч кимга омадсизлигидан шикоят қилмаётганди, чиндан ҳам ютқизиқ вазиятга тушиб қолдим дея бирор кишига иқрор бўлмаётганди.
Ботвинник эса ўн биринчи ўйиндан кейин ўзининг учрашувда ғолиб чиқишига шубҳа қилмаётганди. Унинг ўн иккинчи ўйинда биринчи учрашувнинг илк ўйинида қўлланган французча ҳимояни танлаганини шу билан изоҳлаш мумкин. Энди Ботвинник ҳисоб-китобни ўз ўрнига қўйишни эмас, балки рақибига унинг қуроли билан курашишга тайёр эканлигини кўрсатишни истаётганди. Лекин Таль мураккаб ва чигал вазиятда Ботвинникни доғда қолдирди. Бу билан у учрашувда йиқилган бўлса ҳам ҳали янчиб ташланмаганини исботлади.
Кейинги ўйиндаёқ Ботвинник яна бир очкони қўлга киритди, ўн тўртинчи ўйинда битимга келишиб, ўн бешинчи ўйинда ғалаба қозонди ва орадаги фарқни бештага етказди — 10:5! Таль ҳарчанд қаршилик кўрсатмасин, Ботвинник шу фарқни сақлаган ҳолда учрашувни ниҳоясига етказди — 13:8.
Ўч олинди! Бу ғалаба яққол бўлгани учун катта таассурот қолдирди. Ўз вақтида Смислов ҳам Ботвинникнинг кучини, ўйинларни таҳлил қилиш борасида тенгсизлигини, чемпионлик мақсади йўлига ўзини батамом бахшида этиш қобилиятини баҳолай олмаганди, шу хатони такрорлаган Таль ҳам шоҳмот санъатининг барча қоидалари билан тор-мор этилди.
Таль Ботвинникдан фарқли ўлароқ, жавоб учрашувига ҳеч қандай кураш режасисиз келди, у мусобақага назарий, руҳий, ҳатто врачлар хулосасига кўра жисмоний жиҳатдан ҳам тайёр эмасди. Биринчи учрашувда тўрт очко фарқ билан ютган Таль жавоб учрашувида бешта фарқ билан ютқазди.
Биринчи ўйиндан кейиноқ Талнинг жавоб учрашувига эски, бунинг устига аҳамиятини йўқотган дебют тайёргарликлари билан келгани маълум бўлганди. У ўйин бошида қийинчилик билан дона сурди, кўпчилигида муваффақиятсиз. Биргина мисол: Таль дастлабки ўн олти ўйинда қора доналар билан ўйнаганда, атиги ярим очко жамғарди. Ҳеч ақлга сиғмайди!
Муҳим хатоликлардан бири, Талнинг кечиктирилган ўйинлар таҳлилини қиёмига етказмаганида бўлди. Биргина йигирманчи ўйинни эслайлик, Ботвинникнинг ўзи бу ҳақда ёпилиш маросимида шундай деганди: “Агар Таль шу ўйинни ютгандами, учрашув қандай тугашини айтиб бўлмасди”.
Жавоб учрашувида Таль илгаригидай енгил ва тез ўйнай олмади. Шоҳмот соати ҳамиша унинг йўлдоши эди, бу сафар соат овози Тални шошишга, хато қилишга мажбур этди. Таль цейтнотда! Бу гап эшитган қулоққа эриш туюлади.
Хуллас, жавоб учрашувида Тални таниб бўлмади. Ботвинникнинг рақибини енгиб, ўз тахтига қайтадан кўтарилиши ҳеч кимда шубҳа уйғотмади.
Наҳотки Таль бир йил ичида куч-билимини, нозик комбинацияни илғаш қобилиятини йўқотди, узоқ ўйлайдиган бўлиб қолди? Албатта, йўқ. Чунки бебаҳо сифат борки, бусиз нафақат шоҳмотда, балки бошқа ишда ҳам муваффақиятга эришиш мумкин эмас: Таль жаҳон чемпиони бўлгандан кейин ўзининг ва рақибининг кучини танқидий баҳолаш хусусиятини йўқотди.
Биз биламизки, Таль ўзига қаттиқ ишонарди, бу ишонч содиқ дўстдай унга ёрдам берарди. Аммо кетма-кет ғалабалари унинг хавфдан огоҳлик сезгисини ўтмаслаштирди. Гўё Ой Ерга доим ёруғ томонини кўрсатиб тургандай, у омад менга кулиб боқаверади, мен ҳамма нарсага қодирман деган хаёлга бориб қолди.
Баъзан Тални битта торда ўйнай оладиган скрипкачига ўхшатишарди. Бундай ҳолатда ўйнаш учун фикрнинг бир жойдалиги, совуққонлик, тез ва аниқ ҳисоблаш хусусиятлари талаб этилади. Таль жавоб учрашувида торни ҳафсаласиз тортгани сабабли, ё у зириллади, ё узилди. У ўз ўйинига хос сўқмоқларда, яъни қурбонлар билан боғлиқ юришларда ҳам янглишди.
Таль билан ўйнашнинг битта хавфли томони бор эди. У ўйин пайтида рақиби олдига жумбоқ кетидан жумбоқ қўярди. Жавоб учрашувида Ботвинник Талнинг ҳар бир ўйинини осонгина илғарди. Чунки Таль ўз режасини руҳий таъсирга эмас, қайсар истаклари асосига қурарди. Ботвинник Талнинг заиф жиҳатини тезда англаб, ундан унумли фойдаланарди. Режаси пучга чиқаётганини кўрган сайин Талнинг жаҳли чиқарди, ҳеч нарсани ўйламай ўзини ўтга урарди, сабаби уни Ботвинникнинг олдиндан тайёрлаб қўйган зарбаси кутарди.
Аслини олганда, Таль рақиби кучини нотўғри баҳолагани ва ўз имкониятига ортиқча бино қўйгани сабабли учрашувни бошланмасдан аввалроқ ютқазиб бўлганди.
Биринчи учрашувда Ботвинникнинг ёрдамчи-мураббийи бўлган Гольдберг шундай ёзганди: “17-ўйиндан сўнг Ботвинник курашни тўхтатди. У ўйинларга жавоб учрашувида қандай йўналишларни қўллаш мумкинлигини режалаштириш учунгина борарди”. Гольдберг фикрини шундай давом эттиради: “Жавоб учрашуви олдидан Таль Прагада бўлди. Мухбирларнинг кўплаб саволлари орасида шундай савол бор: “Жавоб учрашувига қандай дебютларни тайёрлаяпсиз?” Таль бу масалани ёрдамчи-мураббийи А.Кобленцга юклаганини айтган.
Учрашувни ўтказиш ҳам шарт эмасди, у аллақачоноқ Таль томонидан ютқазиб бўлинганди. Бу вақтда Ботвинник ўз ўйин услубини маромига етказди, йўл қўйган хатоларини таҳлилдан ўтказиб, тузатиш чораларини кўрди, чидамлилик даражасини оширди. Таль эса ташвишсиз юрди, жавоб учрашувини ҳеч бир қуролсиз бошлади…”
Ўша 17-ўйиндан кейин Гольберг Кобленцга деди:
— Нима ҳам қилардик… Жавоб учрашувида кўришамиз!
Ҳаммаси тамом бўлгач, мухбир Талдан мағлубиятининг асосий сабабини сўради. У шундай жавоб олди:
— Ботвинникнинг қатъиятлилиги! Мен ҳеч қачон Ботвинник шундай қатъий ўйнай олади деб ўйламагандим…
Ҳикматларда айтиладики, истеъдоднинг тўқсон тўққиз фоизи меҳнат, бир фоизи илҳом. Таль эса истеъдоднинг ҳаммаси, яъни юз фоизи ҳам илҳом эканлигини исботлашга уринди! У шоҳмот истеъдоди ҳам бошқалари каби қурбон талаб қилишини, эгаси масъулиятни сезмаса, ишламасдан ётиб фақат фойда бераверишини кутса, соҳибидан юз ўгиришини унутди. Энди маълум бўлдики, Букри тойчоққа ҳам ем, ҳам сув бериш керак экан.
Қисқаси, Таль Ботвинникка нафақат тахта узра, балки шахс сифатидаги тўқнашувда ҳам енгилди. Феъл-атвор, сабр-бардош, рақиб режасини илғаш, барча-барчасида Ботвинник устунлик қилди.
Барибир, жуда катта фожиа юз берди деб бўлмасди. Ахир, Ботвинникка тахтни топширган вақтда Таль атиги йигирма беш ёшга тўлганди. Рўй берган ишни аччиқ, лекин керакли сабоқ сифатида қабул қилиш мумкин эди. Шу боис жавоб учрашувининг ёпилиш маросимида Талга яхши тилаклар билдирилди. Жумладан, Ботвинник шундай деди:
“Даставвал, аниқлик киритайлик, Михаил Талнинг кучи нимада? Биринчидан, Таль ўйнаётган вақтда фаол, кучли амалиётчи. Агар рақиби эҳтиётсизлик қилса, Таль рақибининг арзимас хатосидан ҳам унумли фойдаланиб ўйинда бурилиш ясайди. Албатта, хавотирга тушган рақиби янги хатоларга йўл қўяди ва ўйин тақдири ҳал бўлиб қолади.
Иккинчидан, Таль сипоҳларини кураш пайтида санъаткорона бошқаради, агар пиёдалар сипоҳлар ҳаракатини чекламаса ёки ҳалақит бермаса. Бунда йўналишларнинг аниқ ҳисоб-китоби муҳим эмас, чунки Таль шундай ҳолатларда қийин режа тўғрилигини мудом ҳис этади. Менимча, бу Таль истеъдодининг энг кучли жиҳати.
Табиийки, мен шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда тайёргарлик кўришим ёки математиклар тили билан айтганда, ҳар бир қадамимни шунга асосан режалаштиришим керак эди…
…Ўйлашимча, Таль муваффақиятсизлигининг асосий сабаби у ўзининг бутун фикри-зикрини шу ўйинга мослаб режалаштирмаганида. Тайёргарлик кўришнинг муҳим омиллиги — Таль учун жавоб учрашувидан келиб чиқадиган асосий хулоса бўлиши керак.
Шунга қарамай тан олишимиз лозим, Талнинг шоҳмот оламида пайдо бўлишининг ўзи муҳим аҳамиятга эга. У рақибларини яхши амалиётчи ва махсус режа асосида тайёргарлик кўришга мажбур этди ва мажбур этаверади. Акс ҳолда унга қарши ўйнаб бўлмайди. Агар Талнинг ўзи махсус режа асосида тайёргарлик кўрса борми, уни асло енгиб бўлмайди…”
Бу сўзларда Таль мағлубиятининг асосий сабаблари — махсус тайёргарлик кўрмагани ва ҳар бир қадамини учрашувга мослаб режалаштирмагани алоҳида таъкидланган. Маслаҳат фойдали, муҳими у Талга ўрнак бўладиган одам томонидан айтилганди. Ботвинник ўз унвонини қайтариб олгач, Талнинг онаси унга шундай табрикнома йўллади: “Сиз ўзлигингизга содиқ қолдингиз. Ажабланмадим, фақат ҳайратга тушдим. Агар менинг кичик Мишам катта Михаил изидан борса ўзимни бахтиёр сезардим…”
Жавоб учрашуви натижаси Талнинг мухлисларини ранжитди, аммо бу мағлубият унинг ички ҳиссиётга асосланган ўйин услубининг муваффақиятсизлиги сифатида қабул қилинмади. Таль шон-шараф юкини кўтара олмади. Яна таъкидлаймиз: Талнинг ўзи, унинг услуби эмас.
Учрашувда кимдир ғолиб, кимдир мағлуб! Демак, такрорлаймиз, ҳеч бир фожиа юз бермади. Лекин шоҳмот тарихи бу ҳодисага бошқача қарайди. Агар ноёб истеъдод эгаси руҳий синовга дош беролмаса, жаҳон чемпионлари олдида турган имтиҳонлардан қандай ўтишини тасаввур қилаверинг. Шуниси қизиқки, шон-шараф юкини кўтара олмаганларни тақдир иккинчи бор сийламаган.
Таль Ботвинникка жавоб учрашувини ютқазгач, худди Смисловга ўхшаб бошқача бўлиб қолди, гўё унинг ичидаги тиргак синганди. У собиқ жаҳон чемпиони бўлгандан кейин ҳам илгаригидай илҳом билан ўйнаётгандай кўринарди, бунинг устига фикри теранлашди, услуби мукаммаллашди. Фақат Таль ўзига хос бениҳоя некбинлик туйғусини, ҳеч бир нарсадан ҳайиқмай, ўзини ўтга уриш хусусиятини йўқотганди. Афсуски, бутунлай. Аммо шу некбинликсиз, қайсарликсиз Тални Таль деб бўлмасди-да. Хуллас, “Рига ракеткаси” ўзининг юқори нуқтасига кўтарилиб, энди заминга қайтиб тушаётганди.

УМИД ВА ТАШВИШГА ЙЎҒРИЛГАН ЙИЛЛАР

Таль жавоб учрашувидаги мағлубиятини хотиржам қабул қилди. У ҳамма тушуниб турган нарсани тан олгиси келмасди. Таль лоқайдлиги учун муносиб жазоланди. Чунки Таль қулоғига қуйиб олган дебют тайёрлашга жиддий эътибор қаратгандан кўра учрашувга тиниқ мия билан келиш керак, деган назариянинг бир пуллик қиммати қолмади, бешинчи соатдаги цейтнотга умид боғлаш ҳам ўзини оқламади. Бунинг устига, дебютда ҳар бир юришни узоқ ўйлагани учун бешинчи соатдаги кескинликка унинг ўзи дош бера олмади.
Эҳтимол, феъл-атвори ҳазилга мойил бўлгани учун Таль мағлубиятдан кўпам тушкунликка тушмади. Негаки, некбин Таль учинчи учрашувда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритишига қаттиқ ишонарди. Энди у Ботвинникнинг маслаҳатлари ҳақида ўйламаслиги мумкин эмасди. Ўша кунлари газетада босилган ғолиб Ботвинникнинг “Таҳлил ва яратувчанлик” деган мақоласидаги фикрлар Таль ўйларига аланга ёқди.
Талнинг ғамларни ичига ютишига ҳазилга мойиллиги ҳам ёрдам берди. Ундан юзма-юз суҳбатларда (Таль уялганидан мухлислардан бекинмади) биринчи ва иккинчи учрашувлардаги кураш бунчалик кескин фарқ қилишининг сабабини сўрашарди. Шундай пайтда Таль жуда жиддий тарзда биринчи учрашувда улар яшаётган хона рақиби хонаси рўпарасида бўлганини, ҳар ўйин олдидан Кобленц неопалча қўшиқ куйлаганини, бу Ботвинникка салбий таъсир этганини айтганди… Гарчанд кўнгилчан Кобленц ёқимли куйласа ҳам ҳар сафар Талнинг ҳазилларини кечирарди.
Энди биз Таль ва Ботвинникнинг учинчи тўқнашуви тақдири азалга ёзилмаганини яхши биламиз. Лекин ўша Ботвинникнинг улкан ғалабаси шарафланаётган вақтда, Таль шу сафаргина енгилтаклик қилганини, аслида куч-билимдонлигини йўқотмаганини исботлаш иштиёқида ёнарди.
Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Бу ният ўша йилнинг кузида Бледда ўтказилган нуфузли мусобақада рўёбга чиқди. Унда Керес, Петросян, Геллердан ташқари Фишер, Глигорич, Найдорф, Олафссон, Ивков, Портиш, яъни дунёнинг деярли барча кучли шоҳмотчилари қатнашди (Ларсен ўшанда “кучлилар давраси”га киритилмасди).
Бледда Таль завқ-шавқ билан дона сурди. Шарҳчилар унинг ўйин услуби Ботвинник чиғириғидан ўтгач, қамрови янада кенгайганлигини таъкидлашди. Талнинг ўзи ҳам Ботвинникдан кўп нарсани, хусусан кечиктирилган ўйинларни қандай таҳлил қилиш кераклигини ўрганганини тан олганди. Шунга қарамай Таль ўзлигини сақлаб қолганди. Буни мусобақани ҳар доимгидай мағлубият билан бошлаганидан ҳам билса бўлади. У иккинчи турда асосий рақиби Фишерга ютқазди (биринчи турдаги Ивлов билан ўйини кечиктирилганди). Мағлубиятнинг аламли томони — Таль ёзган юришини эмас, беихтиёр бошқа донани суриб юборди. Дебютдаги шу олтинчи юришдан кейин ўйин амалий жиҳатдан ютқизиқ эди, бироқ Таль узоқ вақт қаршилик кўрсатди.
Муваффақиятсизлик Тални синдирмади, у ҳеч нарса бўлмагандай мусобақани давом эттирди. Ўн учинчи турда Фишерга етиб олди, сўнг ўзиб кетди. Якунда бир очко ортда қолдириб, мусобақада ғолиб чиқди.
Таль ўз услубида чиройли ўйин кўрсатиб, муҳим ғалабага эришгани алоҳида таъкидланди. Иккинчи ўринни эгаллаган Фишернинг ўйини ҳам яхши таассурот қолдирди, у шоҳмот мамлакатининг тўрт нафар етакчи гроссмейстеридан уч ярим очко олди. Ригалик шоҳмотчи хаёлидан, энди Фишер билан ҳисоблашиш керак, хавфли рақибларимдан бири бўлибди, деган фикр ўтди. Бироқ жаҳон чемпионлиги учун курашда Таль ва Фишер бир-бирига тўқнаш келишмади. Тўғри, улар Кюрасао оролида ўтказилган даъвогарлар мусобақасида учрашишди. Лекин бу мусобақада на Таль, на Фишер асосий даъвогар эди, сўнг уларнинг йўли ажралди….
1962 йил баҳорида Кариб денгизидаги гўзал Кюрасао оролида уюштирилган даъвогарлар мусобақасида Таль етакчи сифатида эмас, оддий қатнашчи сифатида иштирок этди дейишимиз мумкин. Мусобақага бир неча ой қолганда Таль касалликнинг кучли хуружидан азоб чекиб юрди, бу унинг ўйинлари савиясини тушириб юборди. Афсуски, шоҳмотда ҳам истеъдод, маҳорат ва тажриба кучи беш соатлик курашга эмас, атиги уч соатга етса аҳамияти қолмас экан.
Таль касалликнинг биринчи хуружини 1961 йил охирида Бокуда мамлакат чемпионати тугагандан кейин (у мусобақада тўртинчи-бешинчи ўринларни бўлашиб олганди) бошдан кечирганди. У меҳмонхонада эрталаб қаттиқ хуруждан уйғонди — хасталанган буйраги оғриқ бераётганди. “Тез ёрдам”да шифохонага олиб кетишди, икки кундан кейин Москвага учди, 1962 йилнинг февралида хуруж чидаб бўлмас даражадаги оғриқ бериб такрорланди.
Даъвогарлар мусобақасига икки ой қолганда, мартнинг илк кунларида Талнинг буйрагини операция қилишди. Шунга қарамай Талнинг қалби некбинлик туйғусига тўла эди: биринчидан, илгари операциядан кейин даъвогарлар мусобақасида қатнашиб яхши натижага эришганди; иккинчидан, Гипслис билан ўтказган машғулот учрашувида муваффақиятли дона сурди. Тўғри, ўйин тартиби врачлар тавсиясига кўра беш соатдан уч соатга қисқартирилганди. Чунки ўша кезда Талнинг кучи уч соатгагина етарди, холос.
У некбин хаёллар сурганда, иккинчи операция биринчидан оғир ўтганини ва Виллемстаднинг ўттиз даражали дим ҳавоси Бледнинг шифобахш тоғ ҳавоси эмаслигини ҳисобга олмаганди.
Зийрак одамлар Талга даъвогарлар мусобақасини ўтказиб юбориши тўғрисида маслаҳат беришди. Аммо Тални ҳар доимгидай ақлли маслаҳатга қулоқ солмагани учун койиб бўлмайди. Албатта, яна уч йил навбатда тургандан кўра тайёр имкониятдан фойдаланган яхши. Шу боис Таль омад кулиб боқишига ишониб таваккал қилди. Афсуски, бу уриниш омадсизлик келтирди.
Ҳолбуки, рақибларининг кўпчилиги аввалги мусобақа қатнашчилари эди. Бу мусобақада Глигорич, Олафссон ўрнини Геллер, Корчной ва Филип тўлдиришганди.
Биринчи турдаёқ мусобақада Талнинг иши юришмаслиги сезилди. Таль асабий тарзда кечган илк ўйинда Петросянга ютқазди. У қора доналарда сипоҳларни ўйинга чиқармасдан комбинацияни бошлади ва бу Петросян томонидан осонгина бартараф этилди. Барибир ўйинни ютқизиқ вазиятда бўлса ҳам кечиктирди, бироқ давом эттирилганда биринчи юришдаёқ хатога йўл қўйди. Энди ўйинни сақлаб қолиш мумкин эмасди.
Иккинчи ўйинда Таль Кересга қарши ажойиб комбинация бошлади, лекин цейтнотга тушди ва кўнгилсиз мағлубият топди. Учинчи рақиби Бенко эди. Ўтган мусобақада Таль ўзи дуранг қилишни хоҳлагани учун унга ярим очко туҳфа этганди. Бу сафар Бенкога ҳам енгилди. У дастлаб суст ҳимояланди, кейин ўйинда туб бурилиш ясашга уринди, лекин ҳар доим Талдан ҳайиқиб турадиган Бенко ҳам бу омонат уринишни йўққа чиқарди. Ниҳоят, тўртинчи турда Фишер билан дуранг ўйнаб, дастлабки ярим очкони қўлга киритди. Бешинчи турда Филип устидан ғалаба қозонди. Бироқ бу ғалаба унга хурсандчилик бағишламади. Чунки цейтнотга тушиб қолиб, қўпол хатоликка йўл қўйди, бахтига рақиби ундан унумли фойдаланмади. Кейин битта дуранг ва яна мағлубият.
Хуллас, етти имкониятдан икки очко тўплаган Таль биринчи даврани охирги ўрин билан якунлади.
Агар битта рақобатчи Талдан икки-уч очко ўзиб кетса ҳам ҳеч нарсани англатмасди. Ҳозир улар кўпчилик эди… Устига-устак, рақиблари Талнинг “очко улашувчи” вазифасини бажармаслигини, кейинги ўйинларда очиқчасига ҳужумга ўтишини биларди. Бундай пайтларда Талга қарши қандай курашиш кераклигини эса, Ботвинник амалда кўрсатганди.
Саккизинчи турда Петросян қора доналар билан французча ҳимоянинг амалда кам учрайдиган йўналишини танлади, бунда оқлар вазият устунлигига эришса-да, зийрак ўйнаши ва керак пайтда чекинадиган йўлини чамалаб қўйиши керак. Таль чекинадиган ҳолатда эмас эди.
Албатта, у Петросяннинг айёрона ниятини дарҳол фаҳмлади. Таль севиб қўллайдиган руҳий қурол бу сафар ўзига қаратилганди. Танлаш ҳуқуқи қолмаганди: Петросян ҳаммасини ҳисобга олганди.
Саккизинчи юришдаёқ Таль ярим соатча ўйланди. Бошқа сафар бўлса қоралар ҳимоя йўлини топса ҳам Таль ўзи учун эркинлик берувчи вазиятга ўтарди. Биз биламизки, Тални дуранг қониқтирмасди, у атайин кучсиз юриш қилиш эвазига ўйинни кескинлаштирди.
Бу бизга таниш манзара! Илгари Таль кўп бор шу йўл билан рақибларини чалғитишга муваффақ бўлган. Аммо бундай ўйин учун мустаҳкам асаб ва тиниқ мия керак. Талнинг ҳозирги аҳволида бундай ўйнаш мутлақо зарарли эди. Ҳали бу ҳаммаси эмас. Агар авваллари тўғри йўлдан четга оғиш кутилмагани учун яхши самара берган бўлса, энди Петросян Талнинг қаердадир таваккал қилишини пойлаб турганди ва шундай юришга ўзи ундаётганди. Петросян қарорининг нозиклиги шунда эдики, у пиёдасини қурбон қилиш эвазига Тални ҳимояланишга мажбур этди, айни пайтда бу юмуш унга ёқмасди. Қўлланган руҳий қурол бехато ишлади: Таль 20-юришдаёқ енгилганини тан олди.
Кейинги турларда ҳам Таль шўнғишда давом этди. Агар у биринчи даврада икки очко тўплаган бўлса, иккинчи ва учинчи давраларда икки яримтадан очко жамғарди. Таль мунтазам равишда цейтнотга тушди. Ўзи вазиятларни чигаллаштирди, аммо ўзи кескинликка дош бера олмади. Филип ва Геллерга ҳужум қилиб турган вазиятда ютқазди, Керес билан ўйинда қатор кучли юришларни кўрмади.
Учинчи даврадан кейин операция асорати хуруж қилди, врачлар ёрдами фойда бермади, улар ётиб даволаниш лозимлигини айтишди, Таль кўпам эътироз билдирмай рози бўлди. Сабаби уч пешқадам — Петросян, Керес, Геллер ундан бир хил — икки яримтадан очко олганди. Борди-ю, у ўйинни давом эттирса, бу мутаносиблик бузилади. Таль ўзининг ўйини қовушмаётган пайтда омади келиб турган ҳамкасбларига халақит бериб қўймасликни лозим топди. У тўртинчи даврада қатнашмаса ҳам Филип билан бир хил очко тўплаб, охирги ўриндан жой олди.
Талнинг Кюрасаодаги омадсизлиги юқорида санаб ўтган сабаблар туфайли содир бўлса-да, кўпчиликда оғир таассурот қолдирди. Ҳатто битта шарҳчи Талга касаллик ўз йўлига, лекин соғлом одам учун зарур бўлган кун тартиби асосида яшаши лозимлигини уқтирди.
Рости, Талнинг ўзи ҳам ҳайрон бўлиб қолди. Олдин жавоб учрашуви, энди Кюрасао. Олқиш ва қўл сиқиб табриклашларга ўрганиб қолган мухлислар эркатойи омадсизлар “насиба”сини тотиб кўрди. Унинг мухлислар ишончини қозонишга интилаётгани сир эмасди. Афсуски, Кюрасаода бошланган буйрак хуружи 1969 йилгача вақти-вақти билан тинчини бузди, оғриқ зўрайганда ўзини қўйишга жой тополмасди, охири буйрагини олдириб ташлади.
1962 йил кузида Варнада ўтказилган шоҳмот олимпиадасида Таль бир текис ўйнади. У захира ўйинчиси бўлгани учун асосий рақиблари спорт усталари эди. Таль эришган етти ғалаба ва олти дуранг яхши натижа сифатида инобатга олинди. Шу боис Таль бир ойдан кейин Ереванда бошланадиган ХХХ мамлакат чемпионатини катта умидлар билан кутди.
В.Панов бошланадиган чемпионат ҳақида фикр юритар экан, жумладан, шундай ёзганди: “Мусобақа ижодий ва спорт натижаларига оид кўплаб муаммоларни, шунингдек, биринчи навбатда “Таль тилсимоти”ни ечади. Собиқ жаҳон чемпиони Кюрасаода ўйинига жуда ёмон таъсир кўрсатган касалликдан фориғ бўлганмикин?..”
Бу саволга Таль иккиланишга асос қолдирмайдиган даражада жавоб берди. Таль Ереванда худди Кюрасаода ҳеч қандай омадсизликни бошдан кечирмагандай, айни кучга тўлган вақтидагидай енгил, чиройли ва дадил ўйнади. У ғолибдан атиги ярим очко ортда қолиб, иккинчи-учинчи ўринларни бўлашиб олди, “энг кўп ғалабаси учун” (ўн бир ғалаба, учта мағлубият, бешта дуранг) махсус соврини билан тақдирланди ва ўйини тўғрисида қанча яхши тилакларни эшитди.
Касаллик уни унутгандай эди, бироқ хуруж Тални буровига олди. У буйрагини операция қилдириш учун иккинчи бор шифохонага ётди. Операция хуружлардан халос этишига умид боғлаганди, чиндан ҳам бир неча йил буйрак оғриғини сезмади. Аммо иккита операция асоратини қолдирмаслиги мумкинмиди? Улар асоратини қолдирарди, лекин Таль шифохонада ўтказган ҳафталарни, ойларни тезда унутарди. Умуман, Таль барча кўнгилсизликларни тезда унута оларди, некбинлиги яна ўз кучига, омад яна кулиб боқишига ишонишга ундарди.
1963 йилнинг баҳорида Ботвинник — Петросян учрашуви бошланди. Талдан нуфузли спорт газетаси учрашув ҳақида шарҳлар ёзиб туришини сўради. Бу вазифани биринчи марта бажараётганди. Жаҳон чемпионлиги учун ўйнашгина эмас, у ҳақда ёзиш ҳам қийин эканлигини ўшанда ҳис этди.
Учрашув якунини баҳолар экан, Таль ўзи учун иккита хулоса чиқарди. Петросян ғалабасининг асосий замири — учрашувда ўзлигини йўқотмаганида. У жавоб учрашувида ўзини у ёқдан бу ёққа урганини эслади, ўн биринчи ўйинда ўз услубидан воз кечгани учун қайта тазарру қилди. Мусобақага тайёргарлик кўриш муҳим эканлигини яна бир карра тушунди! Кўрдики, Петросян Ботвинникнинг исталган дебютда ўйнашига, исталган йўналишни танлашига тайёр экан. Ўзи бўлса Ботвинникнинг Каро-Канн ҳимоясини танлашини билгани ҳолда бу дебют учун бирорта ҳам янги йўналиш тайёрламаганди. Ҳа, Петросян унинг хатосини такрорламади…
Бир йил ўтиб Таль яна жаҳон чемпионлиги учун курашга киришди. У Амстердамда бошланадиган минтақалараро мусобақага йўл олди. Бундан олдин қатор халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашди. Касаллик безовта қилмаётганди, Кюрасаодаги омадсизлик унутилганди.
Қисқаси, ёш собиқ жаҳон чемпиони ҳар доимгидай мусобақа етакчиси вазифасини бажарди. Фақат у Голландияда ўзига хос бўлмаган услубда ўйнади, Таль бир неча ўйинда чиройли ҳужум уюштирганига қарамай, барча унинг мулоҳазали, эҳтиёткор дона сураётганини дарҳол сезишди. Афсуски, оғир сўқмоқлардан ҳайиқмайдиган, ўзига саргузашт излайдиган Тални ҳеч ким таний олмади. У юзага келган вазиятларни жуда нозик ва чуқур мулоҳаза билан баҳоларди. Бу доноликка эришиши учун жавоб учрашуви ва Кюрасао аччиқ сабоқларидан хулоса чиқарди ва бир қадар ўз ўйин услубидан воз кечди.
Амстердамда Таль умрида биринчи марта мусобақани мағлубиятсиз якунлади! У ўн иккинчи ўрингача эгаллаганлар билан дуранг ўйнади, кейинги ўринларни банд қилганларнинг барчасини (Россеттодан ташқари) ютди (қандай аниқ ҳисоб-китоб!) Таль Амстердамда уста амалиётчи эканлигини кўрсатди, у керакли бўлган биринчи-тўртинчи ўринлардан бирини эгаллади. Лекин дуранглар қаторининг катталиги кўпчиликни ажаблантирди. Нима бўлганда ҳам, яъни — тик довонлардан секин ёки айланиб ўтса ҳам Таль даъвогарлар сафига қўшилди, бу унинг минглаб мухлисларини қувонтирди.
Халқаро шоҳмот федерацияси бу вақтга келиб даъвогарлар мусобақасини кучли саккизликнинг юзма-юз учрашувига айлантирганди. Қуръага кўра Таль нисбатан кучсизроқ — Ларсен, Портиш ва Ивков томонга тушди, иккинчи томондан Керес, Спасский, Геллер ва Смислов жой олишди.
Таль — Портиш учрашуви 1965 йилнинг ёзида Блед шаҳрида бўлиб ўтди. Мусобақа давомида Портиш пухта услубга эга бўлса ҳам Талнинг ўйин йўналишини кескин ўзгартириб юборадиган юришларига тайёр эмаслиги кўринди. Учрашувда Таль катта устунлик билан — 51/2:21/2 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо ўн кундан кейин Ларсен билан учрашувда Таль ғалабага қийинчилик билан эришди.
Ларсен икки бор ҳисобда олдинга чиқди — 1:0 ва 3:2, Таль эса рақибига етиб олувчи вазифасини бажарди. Тўғри, у ютқазиши билан дарҳол ғалабаси билан жавоб қайтарди. Эътибор беринг, Таль сўнгги — ўнинчи ўйинда ҳисобда олдинга ўтди — 51/2: 41/2.
Ўша пайтлар Ларсен жаҳоннинг кучли шоҳмотчилари қаторида эътироф этилмасди. Унинг минтақалараро мусобақада биринчи-тўртинчи ўринларни бўлишиб олгани, ҳатто биринчи учрашувда Ивковни катта устунлик билан ютгани ҳам тасодифдай қабул қилинганди. Шу боис Талнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси кинояли шарҳлар тегирмонига сув қуйди. Аммо Ларсеннинг кейинги мусобақалардаги муваффақиятлари бу қарашларга ойдинлик киритди.
Талнинг финалдаги рақиби Борис Спасский эса қийинроқ довонлардан муваффақиятли ўтди. У ажойиб ўйин кўрсатиб, Кересни 6:4, Геллерни 51/2:21/2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ҳолбуки, Спасский Талга ўхшаб юзма-юз учрашув тажрибасига эга эмасди, бу соҳани Керес билан ўйиндан бошлаб ўзлаштиришга киришди. Бу икки ёш гроссмейстерларнинг олдинги ўзаро ўйинларига назар ташласак, Спасский беш марта, Таль атиги бир марта ғалаба қозонганини кўрамиз. Шу боис бўлажак Таль — Спасский учрашуви натижасини тахмин қилишга жазм этган гроссмейстерларнинг барчаси ғолибликни Спасскийга беришганди.
Бу тахминларнинг диққатга сазовор жойи — энг тажрибали гроссмейстерлар Ботвинник, Эйве, Решевский Талнинг рақиби саломатлиги жиҳатидан устунликка эришишини таъкидлаганди. Улар бу фаразни айтишганда, кўпроқ ўтган даъвогарлар мусобақасида касаллик Тални қийнаб қўйганини ҳисобга олишгандир. Буйрак касаллиги бу сафар Тални тинч қўйди. Аммо мусобақа арафасида врачлар Талда ўпка сили бошланаётганини аниқлашди.
Врачларнинг бу “янгилиги”га ҳам Таль файласуфона ёндошди. Умуман у бошига тушган касалликларга қутулиб бўлмайдиган бало сифатида қарарди. Тални саломатлигини асрашга эътибор бермаганликда айблашдан осони йўқ. Агар у касалликларини даволатишга жиддий эътибор берганда, шоҳмотни бир чеккага йиғиштириб қўйиши ва врачларнинг доимий мижозига айланиши керак эди.
“Янгилик” унчалик ташвишлантирмаса ҳам учрашув олдидан даволаниш учун Ялтага кетди. Санатория бош врачи Талга даволаниш самарали бўлиши учун бир ой давомида антибиотик қабул қилиши лозимлигини уқтирди. Олдидаги учрашувни ўйлагани учун Таль бу муолажага тўлиқ амал қилди. Учрашув давомида ҳам антибиотикларни ичиб турди (дорилар миясини тиниқлаштирмади). Фақат учрашув тугагандан кейингина Таль яна тақдир унинг устидан кулганини билди: бу сафар врачларнинг хавотири беҳуда экан. Шундан кейин ҳам у учрашувдаги мағлубиятининг сабаби антибиотиклар эмаслигига, Спасский кучлироқ ўйнаганига очиқ иқрор бўлди.
Учрашув 1965 йилнинг ноябрида Тбилисида ўтказилди. Таль Тбилисини яхши кўрарди, унинг бу шаҳарда дўстлари ва мухлислари кўп эди. Спасский бир неча шаҳардан Тбилисини танлаганда хурсанд бўлганди. Шунингдек, унга даъвогарлар мусобақасининг финалида ўйнаш ҳам шодлик бахш этаётганди: бу Кюрасаодаги омадсизликка нисбатан қаралганда улкан муваффақият эди. Умуман, ўша йил унга омадли келганди (XXXII мамлакат чемпионатида учинчи ўринни олганини омадсизлик деб аташ қийин).
“Агар бир неча ўйиндан кейин ҳисобда тенгликни сақлаб қолсам, — деганди Таль учрашув олдидан, — ҳаммаси жойида бўлади”. Хуллас, “тузалмас” некбин ўзига ишонаётганди. Ҳали у рақиби аввалги таъсирчан, инжиқтабиат Спасский эмаслигини тушуниб етмаганди, афсуски, ўзи ҳам аввалги Таль эмасди. Сабаби мусобақанинг кескинлигига унинг ўзи дош беролмади.
Биринчи куниёқ қора доналарни бошқарган Спасский испанча ўйинда Маршалл ҳужумини танлаб, Тални ҳайрон қолдирди. Бу дебютда қоралар пиёдани қурбон қилиб, ташаббусга эришади. Ўз мураббийи Бондаревский билан маслаҳатлашган ҳолда шу дебютни танлаган Спасский нозик руҳий юриш қилганди. Энди Таль рақибига ташаббусни бериб, ортиқча пиёда ҳимоясига киришиши керак.
Охир-оқибат, биринчи ўйин дуранг билан якунланди. Иккинчи ўйинда Спасский янглишди, олдин пиёдасини, кейин ўйинни ютқазди. Учинчи ўйин олдидан Таль тушликда еган овқати ошқозонини бузганини пайқади. Оғриққа чидаб ўйинни давом эттираверди, оддий вазиятда бир неча бор янглишди, цейтнотга тушди ва пиёдасини бериб қўйди. Кечиктирилган ўйин давом эттирилганда Таль яна янглишди ва Спасский аниқ юришлар қилиб ғалабасини расмийлаштирди.
Спасскийга бировнинг айтиши шарт эмас, охирги ўйинда Таль ўзини ўзи фош этди. Кейинги бешта ўйин дуранг билан якунланди. Чунки Спасский ўйинни тезда соддалаштирди ва Таль вазият курашига киришди, ўзининг ишончли комбинация қуролини ишга тушира олмади.
Марра яқин — тўрт ўйин қолди, ҳисобда тенглик, Таль шуни ният қилганди. Аммо юришларни чекловчи Маршалл ҳужуми йўналишида биринчи бўлиб у панд еди. Тўққизинчи ўйинда Таль Маршалл ҳужуми йўналишидан четга чиқди ва ўзи орзу қилган вазиятга эришди. Маълум бўлишича, рақибларга хавф бир хил таҳдид солаётган ва икки томонда мураккаб кураш бораётган бу вазиятда ўйнашга Талнинг жисмоний қуввати ҳам, асаби ҳам дош бермас экан.
Бу муҳим ўйинда Спасский совуққонлик билан дона суриб Талнинг рақибим ҳал қилувчи лаҳзада янглишади, деган илинжи асоссиз эканлигини исботлади. Спасский ташаббусни ўз қўлига олиб, оқлар шоҳига ҳужум бошлади ва ўйинни ютуқ ҳолатда кечиктирди.
Кейинги ўйинда Спасский оқ доналарни бошқарса ҳам очиқдан-очиқ вазиятини мустаҳкамлашга киришди. У Таль таваккал ҳужум қилишини яхши биларди. Таль ҳам рақиби нимани кутаётганини тушуниб турарди, лекин марра яқинлашаётгани учун дурангга ўйнай олмасди ва бошлайдиган ҳужумини тайёрлашга сабри чидамади. Спасскийнинг режаси тўғри чиқди. Қисқаси, Таль бетартиб равишда олдга ташланди ва олдиндан тайёрланган қарши зарбага дучор бўлди. Бунинг устига цейтнотга тушди ва қаршилик кўрсатмасдан енгилганини тан олди.
Учрашувда охирги бўлган ўн биринчи ўйинда Таль ҳужумкор вазиятга эришди. Спасский буни ҳам ҳисобга олган экан. У ҳимояланиш билан бирга қарши зарбалар берди, ниҳоят ҳужум бартараф этилди, бу вақтгача Таль сипоҳини қурбон қилиб бўлганди…
Кетма-кет учта ўйинда ютқазган Таль учрашувни йирик ҳисобда бой берди — 4:7. Спасский нозик руҳшунос чиқиб қолди. У Тални ноқулай йўналишда ўйнашга мажбур этди, кетма-кет дуранглар билан сабр косасини тўлдирди ва рақибининг ҳис-ҳаяжонга берилган пайтини кутди. Айнан муҳим ўйинларда Таль хоҳишига зид равишда Спасский қатъиятли дона сурди…
Спасский билан учрашув Талнинг руҳини туширди. Фақат учрашувни ютқазгани ёки йирик ҳисобда мағлубиятга учрагани учун эмас. Бу учрашувда Таль ўзига шон-шараф, жаҳон чемпиони унвонини келтирган ўйин услубини қўллашда қийинчилик сезди. Маълумки, арқон устида ўйин кўрсатадиган дарбознинг асаблари мустаҳкам бўлиши керак. Талнинг эса асаблари бўшашиб қолганди. Гўё, у қатъиятлилигини йўқотганди, қатъиятсиз Таль эса кўпчилик шарҳчилар таъкидлагандай сочи сийрак Самсонга ўхшарди.
— Мен Таль — Спасский учрашувининг тўққизинчи ва ўнинчи ўйинларини кўриб чиққач, — деб ёзганди Ботвинник, — тушундимки, Таль ҳозир жаҳон чемпионлиги учун ўйнамагани маъқул экан. Жавоб учрашувидан кейин ўтган тўрт йил ичида Таль ўйин услубининг заиф жиҳатлари янада яққол кўзга ташланиб қолибди. Эҳтимол, бу камчиликларни Талнинг ўзи ҳам билар, лекин улардан халос бўлмагани кўриниб турибди…
Ботвинникнинг нимани назарда тутаётганини учрашув олдидан айтган қуйидаги сўзларидан ҳам билиш мумкин: “Бу бир тарафлама ривожланган (Таль) ва ҳар тарафлама ривожланган (Спасский) шоҳмотчилар ўртасидаги мусобақа”. Кўриниб турибдики, Ботвинник Талнинг ўйин услуби ўзгариб қолганига ишонмаган.
— Фикрим мунозарали бўлса ҳам айтаман, — деганди Петросян, — Таль Спасскийга ўйинни Ларсен билан ўтказган учрашувдаёқ ютқазганди. Бу учрашувда Таль фақат ўнинчи ўйинда ўзига ўхшади…
Учрашув олдидан Эйве Тални унчалик танқид қилмаганди. Журналистлар Эйведан нима учун Фишер Тални кучли ўн шоҳмотчи қаторига киритмаганини шарҳлаб беришини сўрашди. Эйве ажойиб тарзда жавоб қайтарди: “Мен Тални даҳо шоҳмотчи ҳисоблайман. Даҳо бўлиш дегани, ҳаммага ёқиш дегани эмас”.
Барибир, Эйве ҳам собиқ жаҳон чемпионининг ютқазишини айтганди:
— Таль кучли, лекин ўйлашимча, Спасский ютади.
… Учрашувдан кейин Талнинг ўпкаси хаста деган ташҳис ёлғонлиги маълум бўлди, аммо унинг буйраги олдин аҳён-аҳёнда, сўнгра тез-тез қаттиқ хуружини бошлади. Бу хуружлар йўқолгандай туюларди, қайтарилган вақтда буровига оларди.
Талнинг мухлислари унинг кейинги пайтларда ўйинда туб бурилиш ясайдиган юришларни кўрмай қолаётганини афсус билан таъкидлашарди. Аслида кўп тармоқли шоҳмотчининг ўйинни кескин ўзгартириб юборадиган бирор юришни кўрмай қолиши фожиа эмас. Лекин ўйин услуби кескинликни юзага келтирадиган шундай юришларга асосланган шоҳмотчи учун бундай юришларни ўз вақтида амалга ошириши муваффақияти гаровидир. Энди тасаввур қилинг, Талнинг рақибини қоронғу ўрмонга олиб киришидан на фойда, агар ўзи бу жойда йўлини чамалай олмаса?
Ноёб истеъдод ва юқори савиядаги ўйини вақти-вақти билан Талнинг муваффақиятини таъминлаб турди. 1966 йилда у Гаванада бўлиб, навбатдаги шоҳмот олимпиадасида яхши қатнашди, Испанияда уюштирилган халқаро мусобақада биринчи ўринни эгаллади, Харковда ташкил этилган мамлакат чемпионатида биринчи-иккинчи ўринларни бўлашиб олди. Аммо Испаниядаги мусобақа ўртаҳол, Харковдаги чемпионатни номигагина шундай аташ мумкин эди. Унда юздан ортиқ қатнашчи, ҳатто спорт усталигига номзодлар швейцарча тизимда баҳслашди.

Таль битта муваффақияти — 1967 йилда Москвада ўтказилган кучли халқаро мусобақада иккинчи-бешинчи ўринларни бўлашиб олгани билан фахрланса арзирди. Аммо у ўн етти ўйиндан атиги бештасида ғалаба қозонди, тўққизтасини дуранг қилди. Асосийси, Таль Глигорич билан ўйинда туб бурилиш ясайдиган юришни кўрмади. Залдаги мухлислар Талнинг сипоҳни ютиб олишини кутиб туришарди, комбинация сеҳргари эса бу юришни сира пайқамасди.
У руҳиятидаги ўзгаришни бир ярим йилдан кейин англади. Таль 1968 йилнинг бошида Бевервейкда ўтказилган халқаро мусобақада иккинчи-тўртинчи ўринларни бўлашиб олди. Гўё натижа ёмон эмас, лекин у ғолибдан уч очко ортда қолди ва айрим ўйинларда хатоликка йўл қўйди. Булар унинг кайфиятини унчалик бузмади. Уни тушкунликка туширган нарса ўзининг шоҳмот ўйинидан безиб қолганини фаҳмлагани бўлди. Дастлабки ўйинларда Таль ўн иккинчи юришдаёқ битимга имзо чекди…
Эшитган қулоқ ишонмайди: ким билан бўлса ҳам тонггача дона суришишга тайёр, шу ўйин деса ҳамма нарсани эсдан чиқарадиган Таль шоҳмотдан зерикибди. У Бевервейкка навбатдаги буйрак хуружидан кейин толиққан, шоҳмот мусобақасига бефарқ ҳолда келганди, кўпроқ саломатлигидан шикоят қиларди.
Шу даврда Талнинг ўйин услуби аввалги кўтаринкилик руҳини ва кескинлигини йўқотганини очиқдан-очиқ айта бошлашди. Чунончи, Властимил Горт бир суҳбатида ҳеч бир киноясиз шундай деб қўя қолган: “Таль вазият учун кураш услуби тарафдори бўлди”. Албатта, Горт Таль ўйинларининг бир учинигина кўрганди. Лекин Таль шундай дейишлари учун етарли асос берганди.
Тож даъвогарлари юзма-юз учрашувининг навбатдаги босқичи бошланди. Таль 1968 йилнинг апрел ойида Светозар Глигорич билан ўйнаш учун Белградга учиб кетди. Бу учрашувни Таль 51/2:31/2 ҳисобида ютган бўлса ҳам мухлисларини ташвишлантирди. Чунки биринчи ўйинни ютган Глигорич олтинчи ўйингача ҳисобда олдинда борди, еттинчи ўйинда Таль ташаббусни ўз қўлига олди.
Мазкур учрашувда Таль умумустунликка эришганига қарамай, унинг кескин ўйин услуби иш бермагани шарҳчилар томонидан қайд этилди. Ҳатто биринчи ўйинда бошлаган комбинацияси чиппакка чиқиб, ютқазди. Талнинг ўзи ҳам буни тан олди: “Мен ўз ўйинимдан қониқмадим. Бу учрашув Талнинг қариётганини кўрсатди. У ёш Талга ўхшаб ўйнамоқчи бўлганда (биринчи ўйинда) ўз қуролининг зарбасидан қулади”.
…Амстердамда ўтган шундай учрашувда Корчной Решевскийни ютганди. Белград ва Амстердамдан тож даъвогарларини олиб қайтган самолётлар Шереметьево аэропортига олдинма-кетин қўнди. Таль ва Корчной меҳмонхонага битта машинада боришди, йўлда бўлажак ярим финал учрашуви шартларини келишиб олишди.
Мусобақа Москвадаги Марказий зобитлар саройида июнь ойининг охирида бошланди. Бутун учрашув давомида — биринчи юришдан сўнгги юришгача рақиблар диққат-эътибори фақат ўйинда бўлди. Шубҳасиз, ўйиннинг боришига Таль ва Корчной ўзаро учрашувлари натижалари ўртасидаги катта фарқ (тўққиз мағлубият, ўн бир дуранг, атиги битта ғалаба) сезиларли таъсир қилди.
Рақиби устидан шундай катта устунликка эга бўлган Корчной, айтайлик, Эйвенинг Тални даҳо ҳисоблайман деган фикрига киноя билан қарашга тўла ҳаққи бор эди. Таль Корчнойнинг шундай фикрларни эшитганда кулимсираб қўйишини биларди ва ҳисобни қисқартириш учун очиқдан-очиқ ҳужумга ўтарди, кутилгандек мағлубият кетидан мағлубиятга учрарди.
Хуллас, Таль Корчнойга қарши ўйнаганда кўтарган ўроғи тошга тегиб синаётганди. Чунки Таль комбинацияда маҳоратли бўлса, Корчной йўналишлардаги юришларни аниқ ҳисоблашда, вазият устунлигини мантиқий якунига етказишда, эндшпилни ўйнашда рақибига нисбатан устунлик қиларди. Талнинг ўзи бир гал Корчной билан ўйинларидаги нисбатни ажойиб тавсифлаганди: Бизнинг ўртамиздаги ҳисоб тенг — 5:5, яъни бешта дуранг ва бешта мағлубият.
Бу учрашувнинг руҳиятга боғлиқ жиҳатларининг ҳаммаси Талга қарши экан, дея хулоса чиқаришга шошилманг. Ўзига маҳлиё Корчной ҳам собиқ жаҳон чемпиони Таль устидан эришган катта устунлиги, умуман чемпионликка даъвоси тасодиф эмаслигини исботлаши керак эди. Қисқаси, иккала рақиб олдида ҳам руҳий мураккаблик бўлиб, улар бу учрашувни фақат мусобақани давом эттириш учун ютишни исташмаётганди.
Билимдонлар учрашувда Корчнойнинг устунлик қилишини эътироф этишди. Хусусан, ўша вақтдаги жаҳон чемпиони Петросян учрашувдан кейин мухбирларнинг саволларига берган жавобида Талнинг мағлубиятга учрашини олдиндан билганини айтганди. Петросян бу билан чекланмасдан фикрини шундай давом эттирганди: “Таль ўз истеъдодини ривожлантиришнинг юқори нуқтасидан ҳам, спорт натижаси кўрсатишнинг чўққисидан ҳам ўтиб бўлди”.
Воқеалар ривожи Петросяннинг ҳақлигини кўрсатди. Таль Корчнойга ютқазгач, фақат икки марта даъвогарлар мусобақасида қатнашди: Кейинги йили Ларсен билан (навбатдаги минтақалараро мусобақага тўғридан-тўғри қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун) ва ўн бир йил ўтиб Полугаевский билан чорак финал учрашувида. Иккаласини ҳам бир хил йирик ҳисобда (21/2:51/2) ютқазди, Полугаевский билан учрашувда эса битта ҳам ўйинда ғалаба қозона олмади.
Менимча, катта муваффақиятсизликларни бошлаб берган Корчной билан учрашувда Таль умумий ҳисобга қарши ўлароқ (41/2:51/2) ғалабага яқинроқ эди. Сабаби, Таль учрашувнинг биринчи қисмида ўзига хос бўлмаган услубда ўйнади. Кейинроқ Кобленц ва Кирилловнинг ёзишича, “Талнинг асосий шиори — учрашув бошида ҳеч қандай “четга чиқувчи” юриш қилмаслик, ҳеч қандай шубҳали ҳужум бошламаслик. Изчил, мантиқан тўғри ва пухта ўйнаш”.
Бу сўзларни Таль айтганми? Биз янглишмадикми? Кечаги исёнкор шоҳмотчининг асосий шиори — изчил, мантиқан тўғри ва пухта ўйнаш! Ахир, бу курашни янги усулда олиб бориш эмас, ўзига ёт услубда ўйнаш дегани-ку! Пухта Таль, бу ўтхўр йўлбарс бор дейиш билан баробар. Табиатда ўтхўр йўлбарс бўлмагандай, шоҳмотчилар ҳам ўз ўйин услубини буюртмага кўра ўзгартира олишмайди.
Ботвинник биринчи ва иккинчи учрашувда Талга қарши ҳар хил ўйнади, лекин иккала ҳолда ҳам Ботвинник услубида дона сурди. Спасский 1965 йилда тож учун кураш йўлида Керес, Геллер ва Талга қарши ҳар хил ўйнади, бироқ ҳар сафар ўз услубига содиқ қолди.
Таль эса ўзига ноқулай рақиб билан учрашувда бошқача — метин истеҳком қуриб ўйнамоқчи бўлди, гўё юзига темир ниқоб тортди. Бу ниқоб аввалига рақибини ажаблантирди, кейин ўзига халақит берди. Дастлабки беш ўйиндан атиги бир ярим очко тўплагандан кейин Таль темир ниқобини улоқтирди ва енгил нафас олиб ўз ўйинини бошлади. У учрашувнинг иккинчи ярмида икки баравар кўпроқ очко жамғарди, афсуски бу умумий ғалабага етмади…
Ҳа, Корчной учрашувнинг биринчи ярмида икки очко ўзганди ва амалий жиҳатдан ғалабага яқинлашганди. Шундан кейингина Таль ўзига ёқмаётган томошасини тугатишдан бошқа иложи қолмади.
— Олтинчи ўйинда, — деб ёзганди Кобленц ва Кириллов, — қораларнинг вазияти илмий жиҳатдан мунозарали эди. Лекин ҳамма тушуниб турарди, Таль ўйинни мураккаблаштиришга, янада чигаллаштиришга интилаётганди.
Агар Талнинг ўйинларига илмий жиҳатдан ёндошадиган бўлсак, бизга уларнинг кўпчилиги шубҳали кўринади. Муҳими, у “асосий шиори”дан воз кечди, пухта Таль бўлолмади ва ўзининг қадрдон ўйин услубига қайтди. Энди у ўзлигига содиқ қолди, бу шундай асабий ўйинда Корчнойга қатор ноқулайликлар туғдирди. Таль тиғиз цейтнотга тушса ҳам (йигирма юришга етти дақиқача қолганди) рақибини чалғита олди ва ғалаба қозонди.
Кейинги учта ўйин дуранг билан якунланди. Навбатдаги ўнинчи ўйин қизиқарли учрашувнинг энг қизиқарлиси бўлди. Оқ доналарни бошқарган Корчной вазият устунлигига эришди, асабийлашгани учун аниқ ҳужум режасини туза олмади ва ташаббус аста-секин қораларга ўтди. Шундай вақт келдики, Таль ҳужумни кучайтириб, ютуқ вазиятга эришиши мумкин эди. “Мен ўрнимдан туришим ва саҳнада бироз айланиб нафас олиш машқларини бажаришим керак эди”, — деб эслаганди кейин Таль. Аммо асабини жиловлай олмаган Таль тез-тез бир-иккита суст юриш қилди ва устунлигини йўқотди.
Бу учрашувдаги Талнинг мағлубияти эмас, унинг ўзини ўзгартиришга интилиши, яъни илгариги ҳужумлар услубида ўйнай олиш-олмаслигини билишга уриниши шоҳмот оламида катта таассурот қолдирди.
Гўё Таль ёшлигидаги ўйин услубидан воз кечди, қадимий ўйинга “ёввойи қон” қуйиб гуноҳга ботганига иқрор бўлди. Энди у тавба қилиб, вазият ўйинининг ўзгармас қоидалари вазифасини бажаришга бел боғлаганди. Бу қарор унинг кўплаб мухлислари қалбида афсусланиш ва ачиниш ҳиссини уйғотди.
Кейин у Ларсен томонидан тор-мор этилди. Ларсен Талнинг биринчи ўйинидаги битта юришини шарҳлар экан, ҳайратини шундай ифодалаганди: “Таль қатъиятлилигидан маҳрум бўлганми?” Шоҳмот мўъжизакори, комбинация сеҳргарига ишонмай қўйишдими?
— Қайсидир маънода Талнинг ўйин услуби “ўзлаштириб” бўлинди. Энди унинг кескин вазият ҳосил қилиши қийинлашиб қолди, — деб ёзганди Панов Корчной билан учрашуви олдидан ва фикрини шундай давом эттирганди: — Шубҳасиз, Таль ўта иродалилиги, жуда таваккалчилиги, ёрқин комбинацион ўйин услуби билан мутахассис ва мухлислар эътиборини тортади. У ҳужумга ташланганда икки томон учун кескин, хавфли вазият юзага келади, бир қарашда сипоҳ қурбони шубҳали кўринади, ақлга сиғмайдиган комбинация бошлайди, Тютчев таъбири билан айтганди, “фақат бунга ишониш мумкин”.
Эсимда, Ботвинник билан бўлган биринчи учрашувнинг олтинчи ўйинида Таль отини қурбон қилди, мен ёнимда ўтирган спорт устаси Арониндан сўрадим:
— Сиз бу ерда бирор нарсани кўраяпсизми?
— Йўқ, — дея самимий иқрор бўлди Аронин ва кулиб қўшиб қўйди: — Аммо мен ишонаман!..
Талнинг 1970 йилгача мусобақаларда қатнашуви тарихи касаллик тарихи билан бевосита боғлиқ. Буйрак хуружи тез-тез буровига оладиган бўлди. Баъзан хуруж ўйин пайтида қўзғаларди, у сабр-бардош қилиб ўйинни ниҳоясига етказарди. Шу боис 1969 йилда Талнинг ўйини бўшашиб кетди. Бунинг асосий сабабини билганлар ҳам “Таль тамом бўлибди” деган хаёлдан ўзини тия олишмади.
Алматида ўтказилган мамлакат чемпионатида Таль олтинчи-тўққизинчи ўринларни бўлашди. Бир неча ўйинда ўзи ёқтирадиган вазиятга эришди, аммо комбинацияни амалга оширишда хатоликка йўл қўйди. Таль асабий дона сурди, цейтнотга тушди, ўз анъанасига хилоф равишда охирги ўйинларда суръатни тушириб юборди.
1969 йилнинг март ойида шоҳмот федерацияси мамлакатнинг кучли шоҳмотчилари рўйхатини тузиб чиқди. Рўйхат тузишда шоҳмотчиларнинг кейинги йиллардаги натижалари инобатга олинганди. Таль фахрли бешинчи ўринга қўйилганди. Омадни қарангки, бу рўйхат Таль Голландияда Ларсен билан даъвогарлар мусобақасидаги учинчи ўрин эгасини аниқлаш учун учрашув ўтказаётган пайтда эълон қилинди.
Таль Ларсенга ақлга сиғмайдиган ҳисобда ютқазди — 21/2:51/2. Яна цейтнотга тушишлар, тушуниб бўлмас хатолар, комбинацияда янглишишлар такрорланди.
Уни бундан ҳам каттароқ омадсизлик 1969 йилда Москвада ўтказилган мамлакат чемпионатида (бир вақтда минтақавий мусобақа ҳам эди) кутарди. Таль ўн тўртинчи-ўн бешинчи ўринларни бўлашди… Йигирма икки ўйинда атиги олти ғалаба, тўққиз дуранг, етти мағлубият. Ўшанда Таль ўттиз уч ёшда эди, ундан юқорироқ ўринни эгаллаган спорт устаси Жуховицкий эса эллик учга кирганди…
Чемпионат бошланишига бир ой қолганда Таль навбатдаги операцияга ётмоқчи бўлди: хуруж кучайганди, касал буйрагини олдириб ташламоқчи эди. Ларсен билан учрашувдан кейин у кучли хуружлардан қутулиш мақсадида икки марта шифохонада ётиб чиқди. Шифохонада даволанаётган Талга Петросян — Спасский учрашувининг ўн тўққизинчи ўйини юришларини телефон орқали айтиб туришди. Даволовчи врачни таажжубга солиб, Таль Спасскийнинг юришларини олдиндан айтарди.
— Эҳ, Миша, — деди унга врач, — агар сиз касал ҳолда шундай ўйнасангиз, саломат вақтингизда қандай ўйнардингиз?!
Таль ғамгин кулимсиради…
У операциядан бош тортди, чемпионат ҳам минтақавий мусобақа бўлгани учун унда қатнашишни жуда-жуда истади. Мусобақадан кейин унга ҳеч нарса халақит бермади. Кузда Тбилисида операцияга ётди. Операция муваффақиятли ўтди. Йигирма кундан кейин Тбилисида бошланган халқаро мусобақа қатнашчисига айланди.
Энди хуружлар азобидан қутулди, Таль ўзини бардам сезди (оғир операцияларни бошдан кечирган, буйрагини олдирган одам ўзини қандай бардам сезиши мумкин?) У ўзини яна кўрсатмоқчи, ҳаётини янгидан бошламоқчи эди. Соғлом Талда — соғ ақл! Бу ҳазил ўхшатиш унинг кайфиятини ифодаларди. Аммо ўзининг илгариги мавқеини қайтариш осон эмасди.
Бу даврда таниқли гроссмейстернинг обрўсига путур етди, буни ҳамкасбларининг шоҳмот салтанатида унга қандай мавқе ажратганидан ҳам билса бўлади. Фишер, Спасский ва Ларсен сўровда Тални кучли олтиликка киритмади. Шоҳмот “Оскар”ининг нуфузли ҳайъати эса кучли ўн олти гроссмейстер орасидан Талга жой топа олмади.
Ҳали бу ҳолва экан. 1969 йилнинг март ойида Тални кучли бешликка киритган шоҳмот федерацияси уни кейинги йили ноябрь ойида қадрдон Ригасида бўладиган мамлакат чемпионатида қатнашишига рухсат бермади. Талдан кўра ёш спорт устасини киритишни афзал билишди. Операциядан кейин Таль ўртаҳол мусобақаларни ҳисобга олмаганда фақат “Аср учрашуви”да Найдорфга қарши ўйнаганди дейиш мумкин. Найдорф билан 2:2 ҳисобининг қайд этилиши ҳамон Талга ишонаётганларнинг ҳам умидини сўндирди. Шу боис Таль ўзини мусобақада кўрсатмоқчи эди, афсуски, уни бу имкониятдан маҳрум этишди…

ИККИНЧИ МЎЪЖИЗА

Ким билади, балки Таль тақдирнинг адолатсиз ҳукмидан миннатдор бўлиши керак? Чунки Тални Рига бандаргоҳида ҳамон унга ишонаётган ҳақиқий мухлислари кўз ўнгида кемадан тушириб юбориб, қалбини узоқ вақт тузалмайдиган қилиб жароҳатлашди.
Бемаъни қарордан у хафа бўлди дейиш кам, тақдир томонидан сийланиб келинган Таль умрида биринчи марта қаттиқ ҳақоратланганини сезди.
Ҳатто ўргатилган айиқнинг ҳам жиғига тегавериш мумкин эмас. Бу оддий ҳақиқатни узоқ йиллар “жим” юрган иззатталаб Смислов шоҳмот оламига эслатишга улгурганди. 1977 йилда Смислов Нева бўйида ўтказилган кучли таркибли мусобақада фахрли учинчи ўринни эгаллади. Мусобақадан кейин у мухбирларнинг саволига, жумладан шундай жавоб берганди:
— Кейинги пайтда мен ҳақимда гап кетса, “фахрий”, “мусобақанинг кекса қатнашчиси” каби ўхшатишлар ишлатишади. Очиғини айтсам, бу ўхшатишлар менинг кайфиятимни кўтармайди.
Смисловга нисбатан ишлатилган бу ўхшатишларнинг бир пулга қимматлигига шоҳмот олами 1983 йилда, у 62 ёшида даъвогарлар мусобақаси финалида ўйнаган вақтда яна бир карра ишонч ҳосил қилди.
Таль хафагарчиликни жимгина бошдан кечирди, энди унинг ғалаба қилишдан бошқа иложи қолмаганди. Аммо қандай? У Корчной билан бўлган учрашувдан кейин ўз усулини ўзгартириши керак эмаслигини тўла тушуниб етди. Шу билан бирга Таль энди илгариги услубида ўйнай олмаслигини ҳам биларди.
Бу фақат Таль услубининг ўзлаштирилганидан эмас (эсингиздадир: Ботвинник жавоб учрашувида, Спасский даъвогарлар мусобақасида Талга таваккал ҳужумларини бошлашга имконият қолдирмаганди). Энди асаблари илгаридагидай эмасди, мураккаб операциялардан кейин тани ўзгарганди, илгаригидай барча йўналишлардаги юришларни аниқ ҳисоблай олмасди, муҳими шунча муваффақиятсизликлардан кейин ўзига бўлган ишонч туйғусини ҳам илгаридай деб бўлмасди.
Тўғри, Таль бу омилларга қўл силтаб “илгаригидай”, яъни ёшлик йилларидагидай ўйнайвериши, алоҳида ўйинларда чиройли комбинацияларни кўрсатавериши мумкин эди. Лекин бу ҳолда у юқори спорт натижаларини кўзламасдан эркин ижодкор “вазифа”сида қолиб кетарди. Бунинг устига Рига чемпионати вақтида юзига ёпилган эшик овози қулоғи тагида узоқ вақт жаранглаб турди. Шу боис “бир томонлама ривожланган шоҳмотчи” кўп қирралиликни ўзлаштиришга киришди.
Эҳтимол, Таль кўп нарсани ўрганиши шарт эмасдир, фақат ўйин пайтида шиддатини, ҳаяжонини сал тийиши кифоядир? Ахир, Петросян Талнинг 1957 йилда яхши ўйнаганини таъкидлаганди: ҳали у “нотўғри ўйин” аччиқ мевасини тотмаганди, ўз вазиятини ёмонлаштириш ҳисобига бўлса ҳам ташаббусга интиларди, ҳужумкор кўринишдаги бу уринишда қандайдир боғликлар бор эди.
Хуллас, мусобақаларда муваффақиятсизликка учраган, касаллик ва операциялардан қийналган, федерация томонидан ранжитилган, муҳими рақибларини талвасага солган услубида энди жисмоний жиҳатдан ўйнай олмаслигини билган Таль ижодий ҳаётини қайтадан бошлаш арафасида турарди. Бир вақтлар Спасский таъкидлагандай: “Тални ҳеч тушуниб бўлмайди”. Дарҳақиқат, Талнинг ҳаёти ҳамма одамларникидан бошқачароқ кечарди. Ҳамма улғайганда ёшлигидаги хатоларини такрорламасликка ҳаракат қилади, Таль эса улғайганда “йўл қўйган” хатосини тушуниб яна 1957 йилдаги шиддатли, ҳужумкор ва ўз навбатида шоҳмот қоидаларига шак келтирмаган ўйин услубига қайтишни истарди. У бу қароридан қайта олмасди.
Таль ўзининг “Сипоҳлар жонланганда” китобида ҳеч қандай сабаб бўлмаганда ҳам нима учун ўз услубини бузмаган ҳолда такомиллаштириш лозимлигини тушунтириб берган:
“Менимча, ёшликда, куч-қувват қайнаб турганда, ҳали саломатлик жойида вақтда шоҳмот ўйнаш осон десам, ҳеч ким эътироз билдирмаса керак. Афсуски, ҳар бир шоҳмотчи қайсидир ёш довонига етгандан кейин унинг спорт натижалари пасая боради. Мантиқсизликни қаранг: ўйин савияси қолади, натижа пасаяди.
Ўйинда ҳар бир шоҳмотчи тангликларни бошдан кечиради. Бешинчи соатда толиқади, ўйинини кучайтирувчи юришларни охиригача ҳисоблай олмайди…
Агар фахрий ўз ўйин услубини ўзгартиришга киришса, у буни аста-секин ва чуқур ўйлаб амалга оширади. Барибир, ўзлигини сақлаб қолиш туйғуси қолаверади. Илгари шоҳмотчи бошни айлантирувчи комбинациядан эндшпилни афзал кўрган бўлса, энди у ҳар хил йўналишларни ҳисоблашга беҳуда вақтини сарфламай, тезроқ эндшпилга ўтишга ҳаракат қилади. Тажрибасидан келиб чиқиб, сипоҳларини жойлаштиради, ўзига керакли вазиятга ўтади…”
Бу тавба-тазарруларни Таль ўзлигидан келиб чиқиб ёзган. Фақат унинг ўйин услуби бошқа гроссмейстерлардан фарқли ўлароқ, қирқ-эллик ёшда эмас, эртароқ ўзгарди: узоқ касаллик ва кетма-кет операциялар унинг кўп қувватини олди, ўйин услуби эса алпона саломатлик, темир асаб ва ҳамма йўналишларни аниқ ҳисоблашни талаб этарди. Энди ўзлигини сақлаб қолиш туйғусига эрк беришнинг мавриди эмасди…
Талнинг иккинчи мўъжизаси бошланди, гўё янги гроссмейстер бўлиб қайтадан дунёга келди: у комбинация қуролини қўйнида сақлаган ҳолда эҳтиёткор дона сурарди, албатта вазиятнинг ўз измида бўлишига эътибор берарди ва ютқазмасди. Бу Талнинг яна бир тилсимотидир, фақат у улғайган, такомиллашган ва амалиётчи эди.
Амалиётчи Таль! Эҳтимол, жуда пухта Таль? Бу гапларга ишонса бўладими? Мана сизга далиллар: 1971 йилнинг баҳори, Таллиндаги халқаро мусобақа. Таль Керес билан биринчи-иккинчи ўринларни бўлашиб олди. Ўша йилнинг кузи, ўттиз тўққизинчи мамлакат чемпионати. Смислов билан бирга иккинчи-учинчи ўрин (тўққиз ғалаба, учта мағлубият). Йил охири, Алёхин хотирасига бағишланган мусобақада Спасский билан олтинчи-еттинчи ўринларни банд этди (икки мағлубият).
Хуллас, Таль ўйинини сезиларли равишда кучайтирди ва натижаларини яхшилади. Бу эртак олди сўзлари эди, холос. Эртакнинг ўзи 1972 йилнинг сентябрида бошланди. Сухумида ўтказилган нуфузли халқаро мусобақада Таль биринчи ўринни эгаллади, етти ғалаба, саккиз дуранг, битта ҳам мағлубиятга учрамади. Кўп ўтмай Скопледа ўтган ХХ олимпиадада тўртинчи тахтада ўйнаб ажойиб натижа кўрсатди: ўн олти имкониятдан ўн тўрт очко! (ўн икки ғалаба, тўртта дуранг, яна мағлубият йўқ!) Омадли йилнинг сўнгида қирқинчи мамлакат чемпионатида биринчи ўрин: тўққиз ғалаба, ўн икки дуранг , яна мағлубиятсиз! 1973 йилнинг февралида бўлган гроссмейстерлар мусобақасида яна биринчи ўрин, яна мағлубият нималигини билмади. Ниҳоят, бир ой ўтиб Таллинда уюштирилган кучли таркибли халқаро мусобақада 15 имкониятдан 12 очко тўплаб ғолиб чиқди — тўққиз ғалаба, олтита дуранг (мағлубиятга учрамаганини айтишнинг ҳожати қолмади). Мазкур мусобақада Таль иккинчи ўринни эгаллаган Полугаевскийдан бир ярим очко, учинчи поғонага тизилишган Балашов, Бронштейн, Керес ва Спасскийдан уч очко ўзиб кетди.
Матбуотда таъкидлангандай, рақиблари эҳтиёткор дона суришгани учун (Талдан яна чўчий бошлашди!) “вазият учун ўйнаётган” Таль ўз услубини бир неча бор ажойиб тарзда қўллади. Вазият учун ўйнайдиган Таль? Бу усулнинг Таль ижросида қўлланишига ҳали кўникмаганмиз.
Унинг кетма-кет бешинчи ғалабасидан кейин Бронштейн ёзганди: “Таль яна мухлисларини қувонтираяпти. Собиқ жаҳон чемпиони ўз услубини такомиллаштириш устида қаттиқ ишлагани сезилиб турибди, ҳозир у маҳорат ва топқирликнинг юксак намунасини кўрсатяпти (эътибор беринг, маҳорат биринчи ёзиляпти). Унинг ўйинларида “эски” Талнинг услуби билан бир қаторда янги хислат қунт-матонатнинг “зерикарли” вазиятлардаги кичик устунликни ҳам мантиқий якунига етказиш хусусияти кўзга ташланади. Бу ўзгариш Талга малҳамдай таъсир қилибди”.
1966 йилда Таль Петросян — Спасский учрашуви олдидан шундай деганди:
— Ҳозир кўпчиликнинг фикрига кўра Петросян битта қутбда, Таль эса иккинчи қутбда туради. Спасскийга маза — у ўртада жойлашган. Ҳақиқатан ҳам эҳтиёткор Петросян режалаштирилаётган хавфни ҳам сезарди ва олдиндан чорасини кўриб қўярди. Ҳайратланарлиси, у Ботвинник билан учрашувдан олдин расмий мусобақаларда 68 та ўйин ўтказиб, атиги биттасида ютқазганди.
Энди қутбларда нисбат бир оз ўзгарди: Таль кейинги 83 ўйинда атиги бир бор мағлубиятга учради! Таль янги ўйин услубига шунчалик мослашдики, унинг таваккал ўйинларини таъна билан эслайдиган бўлишди. У ўзининг Спасский билан Таллинда ўтказган учрашувини шарҳлар экан, рақибининг пиёда суришига шундай изоҳ берганди: “Таваккал юриш, эҳтиёткорлик зарур эди”.
Талнинг кучли гроссмейстер сифатида уйғониши, яна тож даъвогарларидан бирига айланиши, шоҳмот оламида катта қизиқиш уйғотди. Флор шундай ёзганди: “Михаил Талнинг янги муваффақиятлари келгусида тож учун қизиқарли учрашув бўлишидан дарак бераяпти. Бундай учрашувни фақат орзу қилиш мумкин: Фишер — Таль”.
Германияда чиқадиган “Шах-Эхо” журналида эса, “ҳозир шоҳмот ҳаваскорларининг хаёлида фақат Роберт Фишер ва Михаил Таль”, дея катта-катта ҳарфлар билан ёзишди. Ўша вақтда жаҳон чемпиони бўлган Фишернинг қандай машҳурлик чўққисида юрганини яхши эсларсиз, Талнинг ҳам кетма-кет нуфузли мусобақалардаги муваффақияти шоҳмот оламида шундай яхши таассурот уйғотганди.
Муҳими, Талнинг такомиллашган усулида мазмундорлик устунлик қиларди. Шу маънода талабчан Ботвинникнинг фикр-мулоҳазасини билиш аҳамиятлидир: “Мен жаҳондаги миллионлаб шоҳмот мухлислари каби ўзимнинг собиқ рақибим Михаил Талнинг қайта кучга тўлганидан хурсандман, у буни кетма-кет мусобақалардаги ажойиб ғалабалари, асосийси, мазмундор ўйинлари билан исботлаяпти”.
Менимча, унинг шарафига айтилган мақтовларда — ўйинларининг мазмундорлиги қайта-қайта таъкидланишида Талга киноя ҳам бордай эди. Чунки Таль ташаббусга эришиш учун вазият қоидаларини бузмайди дейиш, бадиий айтганда, асов тулпор яхщи бўлса ҳам миниб ўргатилган отга айланибди дейиш билан баробар.
Ҳар ҳолда Таль мухбирлар билан суҳбатлашганда, гап унинг “янги” усули ҳақида кетса ё ҳазиллашарди, ё норозилигини билдирарди. 1972 йил охирида мамлакат чемпиони бўлгандан кейин ундан сўрашди:
— Кўплаб газеталар Талнинг қайта уйғонгани ҳақида ёзишяпти…
— Мен ҳали ўзим ҳақимда яхшироқ ёзилган таъзияни ўқимаганман, қандай қилиб қайта уйғонишим ҳақида гапирай… — дея хафа бўлиб жавоб берди у.
Таллиндаги ғалабасидан кейин сўрашди:
— Мутахассислар, Сизнинг илгари қурбонлар бериб кескин ўйнаганингизни, ҳозир вазиятга қараб ўйнашга қўшиб олиб бораётганингизни таъкидлашаяпти, бу билим-тажрибангиз ошганиданми?
Бундай саволлар Талга ёқмасди:
— Бу ёш улғайишига боғлиқ ҳолат. Умуман олганда, мен илгари ва ҳозирги Тални бир вақтда ҳеч қачон кўрмаганман. Бунинг устига ҳаммага маълум, ҳозир рақиблар илгаригига нисбатан ёмон ўйнашмайди.
Энди “Юность” журналида босилган суҳбатдан парча:
“ — Яқин-яқингача бўлган муваффақиятсизларингизни нима билан изоҳлайсиз?
— Бу аччиқ хотиралар. Мен ўзимни ёмон сезардим, ёмон ўйнардим — бўш, ўйланмасдан. Сира ўйинларим қовушмасди. Истардимки, бунга касаллигим сабаб бўлгандир, бошқа сабаб тополмайман.
— Ниҳоят, ўша оғриқ берган буйрагингиз олиб ташлангач…
— Ўзимни яхши ҳис қилаяпман. Жиддий гапирадиган бўлдим, ақлим кирди. Эҳтимол, ўша Тбилисида олиб ташланган чап буйрагим жасурроқ бўлган…”
Кўпчиликни ҳозирги Таль илгариги Таль билан қандай ўйнаган бўларди, деган савол қизиқтирарди. Бу саволга гроссмейстер Балашов маънили жавоб берган:
— Менимча, оқлар билан илгариги Таль, қоралар билан ҳозирги Таль ютарди.
Бронштейн эса жавоб беришда иккиланмади:
— Ҳозирги Таль ғалаба қозонарди.
Қуруқ сафсатадан иборат бу саволга ҳаётнинг ўзи тўғри жавоб қайтарди. 1973 йилнинг ёзида Нева бўйидаги шаҳарда навбатдаги жаҳон чемпионатининг минтақалараро мусобақаси бўлиб ўтди. “Мусобақа бошланишидан олдин исталган мутахассисдан ким ғолиб бўлиши тўғрисида сўралганда, — деб ёзганди Ларсен, — жавоб аниқ эди: Михаил Таль!”
“Янги”, Петросяндай “енгилмас” Таль мусобақанинг дастлабки тўрт турида ярим очко жамғарди. Мана шунақа гаплар. У нафақат кучли Хюбнерга, балки мусобақа жадвалида охирги ўринларни эгаллаган ёш спорт усталари филиппинлик Торре, кубалик Эстевесга ҳам ютқазди. “Учинчи турда Таль Эстевесга қарши жуда бўш ўйнади, қанча ажойиб юришларни кўрмади. Таль бу ўйинда мен дона сурмаганман деса ҳам бўлади”, — деб ёзганди Ларсен ўша мақолада.
Афсуски, у бу ўйинда мен дона сурмаганман деб айтишининг иложи йўқ эди. Кейин Таль мусобақани мардона давом эттирди, охирги саккиз ўйинда олти очко тўплади, бу уни ўнинчи ўриндан саккизинчига кўтарди.
Фишернинг асосий рақиби саналаётган, “такомиллашган” Талга нима бўлди? Нега кучли халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашган Таль минтақалараро мусобақада омадсизликка учради? Бронштейн таъкидлаган “такомиллашган” Талда маҳорат ва топқирлик мужассам эканлигига ҳеч ким шубҳаланмаётганди-ку. Менимча, Таль Нева бўйидаги шаҳарда ўтган мусобақага эски услубидан тўла воз кечган, лекин янги услубини тўлиқ ўзлаштирмаган ҳолда келди. Ундаги кўникма норасмий мусобақаларгагина етди, расмий — минтақалараро мусобақага эса камлик қилди.
“Янгиланган” Таль уч йилдан кейин ҳам тож даъвогарлари қаторидан ўрин ололмади. Швейцариянинг Биль шаҳрида бўлган минтақалараро мусобақада у етти турдан кейин атиги уч очко тўплаганди — олтита дуранг, битта мағлубият. Нева бўйидаги шаҳарда юз берган ҳолат такрорланадигандай кўринди. Аммо Талнинг ўйини қовушди, кетма-кет ғалаба қозонди, асосий рақобатчиларини мағлубиятга учратгани учун якунда Петросян ва Портиш билан иккинчи-тўртинчи ўринларни бўлашиб олди.
Бу учликдан қайси бири ортиқча эканини аниқлаш учун мусобақа ўтказилди. Мусобақа аввалги ва ҳозирги Таль ўртасидаги уйғунлик ҳали кўнгилдагидай эмаслигини кўрсатди. У Петросян билан тўрттала ўйинни ҳам дуранг қилди, битимлар йигирма юришга етмасдан имзоланди. Талнинг мақсади Портиш билан чалғитувчи ва кескин вазиятларда дона суриш бўлди. Сабаби, Портиш шундай вазиятларда дадил ўйнай олмайди. Лекин бундай ўйнаш учун ё аввалги Таль, ёки уйғунликка эришган Таль бўлиш керак эди.
У режани тузганда яна бир омилни ҳисобга олмади: эҳтиёткор Портиш минтақалараро мусобақада тўртта мағлубиятга учраганди, бироқ энг кўп — тўққизта ғалаба қозонганди (Талда олтита ғалаба). Қисқаси, иккинчи даврада Таль оқларда ўйнаётган вақтда ютқазди, уни бошқа ўйинларда енгишга кучи етмади. Хуллас, етти дуранг, битта мағлубият, битта ҳам ғалаба йўқ. Бундай ўйин билан жаҳон чемпиони унвонига даъвогарлик қилиш мумкин эмас.
Узоқ кутилган уйғунлик, яъни Талнинг аввалги топқирлиги йўғрилган вазиятни чуқур англашга асосланган ўйин услуби 1979 йилга келибгина тўла шаклланиб бўлди. Таль қирқ олтинчи мамлакат чемпионатида мағлубиятга учрамай Цешковский билан биринчи-иккинчи ўринни бўлашиб олди. Кейин Монреалда ўтказилган юлдузлар мусобақасида ҳам мағлубият нималигини билмай ўша вақтдаги жаҳон чемпиони Карпов билан биринчи ўринда ёнма-ён турди. Шу мусобақада учинчи ўринни банд этган Портиш ғолиблардан бир ярим очко, тўртинчи поғонадан жой олган Любоевич уч очко ортда қолганди. Ниҳоят, йигирма йиллик танаффусдан кейин қадрдон Ригасида навбатдаги минтақалараро мусобақада қатнашиб, яна мағлубиятга учрамай биринчи ўринни эгаллади. Таль 17 ўйиннинг ўн биттасида ғалаба қозонди, олтитасини дуранг билан якунлаб 14 очко жамғарди ва иккинчи поғонани банд қилган Полугаевскийдан икки ярим очко ўзиб кетди!
Полугаевский “бу катта ғалаба буюк шоҳмотчига шон-шараф келтирди”, дея баҳолади. “Таль юксак муваффақиятга эришди, — деб ёзганди Полугаевский, — агар унинг ўн бир йил давомида даъвогарлар орасида кўринмаганини ҳисобга олсак, бу тақдир ҳазилидай туюлади”.
Ниҳоят, Таль ўз услубини тўла таъмирдан чиқариб, расмий-саралаш мусобақасида чиройли ғалаба қозонди. Аммо “Тақдир ҳазили” ҳали тамом бўлмаган экан.
Қуръага кўра Таль чорак финал ўйинида Полугаевский билан учрашди. Учрашувдан кейин Полугаевский ўз рақибига самимий тавсифнома ёзди:
— Багиода Анатолий Карпов билан ижодий ҳамкорлик қилиб ўзини бойитган бугунги Таль зинҳор аввалги Таль эмас. У дебютни нозик ва айёрона бошлайди, сидқидилдан сипоҳларини жой-жойига қўяди, топқирлик ва сабр-матонат билан ҳимояланади. Ҳис-туйғуларига эрк бериб йўналишларни танлаган Таль кейинги пайтда жуда амалиётчи бўлиб кетди. Ҳозир у ўтган кўпригини деярли ёқмайди, вазият руҳидан келиб чиқиб ўйнайди”.
Очиғи, бу тавсифномада “ҳис-туйғуларга эрк бериш” ифор таратмайди. “Аммо, — деб ёзади кейинроқ Полугаевский, — мен Талнинг ўйинларини таҳлил қилар эканман, унинг ўйини ҳар жиҳатдан яхши бўлмасин, барибир, ҳужумга интилиши устун чиқади, деган хулосага келдим. Биринчи муҳаббат унутилмайди. Шу нарсани тушундимки, Таль мени ўз йўналишимда “тузоққа” туширишга ҳаракат қилади. Ўша вақтда…”
Ўша вақтда нима бўлганини яхши биламиз. Умуман олганда, Полугаевский Талнинг омади чопиб турган вақтларда ҳам унга ноқулай рақиб саналарди. Дебют тайёргарлиги, вазиятни баҳолаш ва узоқни кўзлаган режалар тузишда Талдан устунлик қиларди, йўналишларни ҳисоблашда рақибидан қолишмасди. Шу боис Талнинг дадиллиги, топқирлиги, ҳужумкорлиги ўзига хос бу гроссмейстер қаршилигини синдиришга етмасди.
Эҳтимол, янги Таль Полугаевскийга қарши қандай тайёргарлик кўриш кераклигини билмасди. У сицилианча ҳимояда бир-иккита “янги юриш” тайёрлади, холос. Ҳолбуки, Полугаевский бу дебютни ўн йиллаб таҳлил қилган. Учрашувда Полугаевский тайёрланган бу “янги юришлар”ни жуда яхши билиши маълум бўлди. Бунинг устига, Полугаевский Талнинг қандай дебютни қўллашини олдиндан топа олди.
Таль дастлабки икки ўйинда мағлубиятга учрагач, учрашув кимнинг фойдасига тугаши ойдинлашиб қолди. Полугаевский ўзига қанчалик ишонганини еттинчи ўйинда кўрсатди. Бу ўйинда кескинлик сақланиб турарди, Полугаевскийнинг вазияти бир озгина яхшироқ эди. Таль 27-юришда дуранг таклиф қилди. Полугаевский 4:2 ҳисобида бораётгани учун у битим имзоланишига шубҳаланмаганди, аммо Полугаевский таклифни рад этди. Бундай жавобни кутмаган Таль кейинги юришдаёқ янглишди ва учинчи бор енгилди. Учрашув 21/2:51/2 ҳисобида бой берилди — бешта дуранг, учта мағлубият, битта ҳам ғалаба йўқ.
Нима бўлди? Учта йирик мусобақада ғалаба қозонгандику, Таль ўз усулини такомилига етказди дейилгандику, нега бунчалик бўш ўйнади? Бу жойда бир гап бор.
Н. Крогиус Талнинг муваффақиятсизлигини изоҳлашга уринди: “Ҳар доим ҳам рақибининг руҳий ҳолатига зимдан эътибор бермайди. Ўзи яхши кўрадиган ва хоҳишига мос вазиятлар юзага келган услубида маҳорат билан ўйнайди, рақибини охиригача ўрганмайди…”
Қаранг, Таль рақибини охиригача ўрганмасмиш. Ёшлик даврида ҳам бу ишни қотирарди! Лекин у бир нарсани — рақиби услубига мослашишни ўргана олмади. Спасский мослашишни биларди, Таль мослаштиришни! Фақат куч-қувватга тўлган вақтларда…
Полугаевский таърифлаган сифатлар (улар барча етук гроссмейстерга хос, лекин тож даъвогарига булар кам) Талда бўлишига қарамай унинг муваффақиятсизлигининг асосий сабаби, менимча, ўзига хос ҳужумкор зарбаларининг етишмаганидадир. Талнинг Полугаевскийдан йирик ҳисобда мағлубиятга учрашида тақдир ҳазилидан кўра қандайдир зарурият бор, ахир, у ўн бир йилдан буён тож даъвогарлари орасида кўринмаганди.
“Сипоҳлар жонланганда” китобида Таль шундай ёзади:
“Ортга назар ташлаб, Монреалдаги мусобақа қизиқарли ўтган экан, деган хулосага келаман. Буни мен Карпов билан бирга ғолиб бўлганим учун таъкидлаётганим йўқ. Узоқ вақтдан буён шундай кучли мусобақада ўйнамагандим, яна ҳеч нарсани тортиб олиш шарт эмас. Яъни, натижага эътибор бермай, эркин ўйнаш мумкин”.
Ҳа, энди Таль фақат оддий мусобақаларда ҳеч нарсага қарамай эркин ўйнай оларди, лекин саралаш мусобақаларида эмас. Саралаш — бу Талнинг аввалги услубида мураккаб юришларни дор устида бажариш деганидир. Улғайган Талнинг асаблари бунга дош бермасди…
Шу боис ишончига содиқ бўлолмагани учун Талдан гина қилишимиз мумкинми? Ў шоҳмот учрашувларида ўз имкониятларидан келиб чиқиб курашгани учун унга таъна қила оламизми?
Унинг бошқа иложи йўқ эди. Ҳаётнинг ўзи уни мусобақалар пайтида сабр-бардош билан сипоҳларини муҳим хоналарга жойлаштиришга, топқирлик билан ҳимояланишга, вазият тақозосига қараб ўйнашга ўргатди. Лекин Таль қалбан илгаригидай бўлиб қолди, фақат жасурлиги пинҳон эди, ҳамон кураш мантиғини вазият тақозосидан устун қўярди.
1975 йилда, яъни битта ҳам мағлубиятга учрамай мусобақаларда тантанали равишда ғолиб чиққанига икки йил бўлганида физика-математикага ихтисослашган “Квант” журналида Талнинг қизиқарли фикри эълон қилинди:
“Айримлар учун шоҳмотдаги гўзаллик мантиқ тантанасидир. Уларнинг фикрича, гўзал ўйин — бу ҳар бир ғишти, унсури жой-жойида бўлган мутаносиб бино. Гарчанд менинг ҳам вазият устунлиги бўйича ютган ўйинларим кўп. Лекин менга кўпроқ мантиққа зид, ақлга сиғмайди, бемаъни деб қаралган ўйинларимдаги ғалабалар ёқади. Бундай ўйинларда ғоя учун кескин кураш боради, арзимас режани амалга ошириш учун “жанг” қизийди, баҳс тақдирини эса катта тўқнашувлардан четда турган пиёда ҳал қилади. Фикримни математиклар тили билан айтсам, менга кўпроқ шоҳмот катетлари гипотенузадан узунроқ бўлиши ёқади” (Эсланг: икки карра икки — беш!).
Нима бўлганда ҳам биз Талга таъна қилмаганимиз маъқул, чунки замондош кучли гроссмейстерлар уни на фақат шахс сифатида, балки унинг курашга ёндошувини, ғалабага эришиш йўлларини, ҳужумкорликнинг шоҳмотдаги чексиз имкониятларига ишонишини ҳам чуқур “ўзлаштиришди”. Хуллас, рақиби билан курашган Таль ўзига ҳам қарши кураш олиб борарди.
Яна Таль сўзларини келтирамиз: “Кўпгина қурбонлар аниқ ҳисоб-китобларни талаб этмайди. Бу қурбоннинг тўғрилигини билиш учун юзага келган вазиятга назар ташлаш кифоя”. Панов қўшимча қилганди: “Бу сўзлар тагига Чигорин ҳам, Алёхин ҳам мамнуният билан имзо чекарди”.
Мен ҳеч бир шубҳаланмай айта оламан, бу сўзлар тагига кўплаб замондош гроссмейстер ва усталаримиз ҳам мамнуният билан ўз имзоларини қўйишади.

БИЗ БОТВИННИКНИНГ СЎЗЛАРИГА ИШОНАМИЗ

Талнинг замонавий шоҳмот ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида гапирар эканмиз, унинг бу қадимий ўйин оламига мумтоз услубнинг икки намояндаси — Михаил Ботвинник ва Василий Смисловнинг узоқ йиллик кураши айни қизиган вақтда кириб келганини эслашимиз лозим. Бу шоҳмотнинг мумтоз асри бўлиб, виқор, заковат, аниқлик, ақл билан ўйнаш, хатога йўл қўймаслик тантана қиларди. Шоҳмот санъатининг сукунат чўккан саройига Таль шамол каби изн сўрамасдан кирди ва эшигини қарсиллатиб ёпди.
Унинг ички сезгига асосланган исёнкор ўйини, иложсиз ҳолатларга тушганда ҳам ҳимояланишнинг чексиз имкониятлари борлигига ишониши, сипоҳ ва пиёдаларнинг ҳужумкорлик вазифаларини ошириши, ташаббусга эришиш учун ўз вазиятини ёмонлаштириш эвазига ҳам таваккал қилиши — буларнинг ҳаммаси шоҳмотнинг асосий қоидаларига зид келади демаган тақдиримизда ҳам уларнинг Таль томонидан эркин, ижодкорона талқин этилиши эди.
Илгари шоҳмот қонунларига кўр-кўрона бўйсунганлар ҳам бугун Талдан илҳомланиб, унинг ўйин услубига мойиллик билдиришяпти. Бу ижодий илҳомнинг рўшноликка чиқишининг бошланишидир. Аслида, кўпроқ эркинлик, камроқ ақидапарастлик ёндошуви орқали қадимий шоҳмотнинг замонавий муаммолари ечимлари топилади.
Таль шарт-шароитга қараб ўйин услубини таъмирламасин, ташқаридан қараганда янгича қарашларга мойиллик билдирмасин, у қалбан аввалгидай шоҳмот денгизининг қароқчиси, саргузаштсевари бўлиб қолди. Унинг ўйинлари янги саргузаштларни истаётган миллионлаб шоҳмот мухлисларини яна тилсимотлар оролига етаклади. Бундай саргузаштлар жуда кўп! Шу боис Талга қаттиқ талаблар қўймайлик, олдиндан биламиз, барибир уларни бажармайди. Яна олдин ўзимиздан сўраб кўрайлик: унга қаттиқ талаблар қўйишга ҳаққимиз борми?
Эсимда, Таль йигирма тўрт ёшида чемпион бўлган вақтда кўпчилик қатори мен ҳам бу узоққа чўзилмаслигини билардим. Афсуски, шундай ўйлаганлар бир нарсани ҳисобга олишмаган: Таль ўзга боғдан олма ўғирлашни дўндиради, лекин ўз боғини шақилдоғини ўйнатиб қўриқлашни уддаламайди. Бундай зерикарли иш унинг учун эмас.
Жавоб учрашувида Таль йирик ҳисобда мағлубиятга учраганда кўпчилик қатори мен ҳам ҳайрон қолдим, кейин Талдан ва Таль учун хафа бўлдим. Кўп йиллар ўтиб ўша воқеаларни эслар эканман, ўйлайман, бизнинг Таль чемпион бўлган кундан бошлаб, ундан феъл-атвори ўзгаришини, ақлга қулоқ солишини, эҳтиёткор дона суришини, мўлжални аниқ олишини талаб қилганимиз адолатданми? Ҳа, у амалиётчи ҳам, эҳтиёткор ҳам бўлди, фақат қанча сузса ҳам кемага етолмайдиган вақтда.
Табиат Тални яратганда унга мухолифот етакчиси вазифасини юклаганди, у бошқа ишга ярамасди. Агар Таль ёшлигидан амалиётчи, узоқни кўзлаб ақл билан ўйнайдиган шоҳмотчи бўлганида ҳеч қачон жаҳон чемпиони унвонига эришмасди. Таль фақат таваккал, ақлга сиғмайдиган, аниқ ҳисобга таянмаган юришлар қилгани, муҳими, ҳар доим дадил ўйнагани учун Смислов, Керес, Петросян, Спасский, Геллер, Бронштейн ва бошқа таниқли гроссмейстерларни тез суръатлар билан ортда қолдирди!
Тални жавоб учрашувида рухсат этилган чегараларни ҳадеб бузгани учун койишади. Ҳа, у кураш мантиғига хилоф йўл тутди ва бунинг учун жазоланди. Энди тасаввур қилайлик, агар Таль биринчи учрашувда вазиятга қараб ўйнаганда иккинчи учрашувнинг ўзи бўлармиди?
Тални саломатлигини асрамагани учун койишади. Аммо Таль услубида ўйнаган шоҳмотчи: дадил, эркин, битта сипоҳдан кейин иккинчисини қурбон қилиб, ўз ғояларига берилиб, ҳужумдан лаззат туйиб дона сурган пайтда спорт кийимида юрак уришини текширтириш учун чопиб бора оладими?
Ҳамма қарама-қаршилик шундаки, Таль услуби — яъни ҳар бир ўйинда бутун асаб томирларини аямасдан таранг торттириб кескин дона суриш шоҳмотчидан саломатликни, жуда катта жисмоний ва руҳий кучни талаб қилади. Бу феъл-атворга ҳам боғлиқ, демак шундай ўйин усулини танлаганларнинг ўзи ҳақида, саломатлиги ҳақида қайғуриши, турмуш тарзи қоидаларига амал қилиши эҳтимолдан узоқдир.
Минг афсус, Таль ўз саломатлигини асрашга бепарво қаради. Албатта, унинг бу хусусиятидан ўрнак олиш керак деб бўлмайди. Аммо Талнинг энг оғир дамларда ҳам бировга жаҳл қилмагани, заҳрини сочмагани, ҳар доимгидай дилкаш ва қувноқ бўлиб қолгани ўрнак олишга арзийдиган яхши сифат эмасми? Учта оғир операцияни бошидан кечирган Таль ҳеч қачон оғриқдан инграмади, бировга касалидан шикоят қилмади, ҳар доимгидай мард ва некбин бўлиб қолди. Операциядан олдин ҳам, кейин ҳам, ҳатто операция вақтида ҳам ҳазилкашлигини ташламади.
Ҳа, шундай воқеа ҳам бўлган. Сало Флор ёзганди: “Таль наркоз таъсирида операция столида уйқуга кетаётганди, бирдан врач ёрдамчиси сўраб қолди:
— Бемор, марҳамат қилиб айтсангиз, Ботвинник — Петросян учрашуви қандай якунланади?
— Ҳозирча билмайман, тирик қолсам жавоб беришга ҳаракат қиламан, — деди самимий Таль”.
Талнинг бундай қизиқ ҳангомаларини кўплаб эслаш мумкин. 1974 йилда Карпов — Корчной ўртасида даъвогарларнинг финал учрашуви бораётганди, матбуот марказида ўйин таҳлилини ўтказган гроссмейстер Талга муҳим мавзу бўйича мурожаат қилди:
— Миша, бугун мен телевидениеда нимани айтишим мумкин?
Бу қўпол саволга Таль дарҳол луқма ташлади:
— Радиони тинглаш кераклигини айтинг! Радиода мен чиқиш қиламан…
Шоҳмот клубида маъруза ўқиётган вақтда Талдан Спасский билан ўзаро учрашувларидаги нисбатни сўрашди (ўшанда нисбат 2:9 эди).
— Мен Спасский устидан қозонган ғалабаларим сонини биламан! — дея жавоб берди Таль.
Полугаевский билан бўлган учрашувдан кейин Таль таъкидлади: “Энди мен ярим Талман!”
Яна такрорлайман, Таль энг оғир шароитларда ҳазилкашлигини қўймади. Хуруж пайтида врачларнинг тез-тез чақирилиши ҳар хил миш-мишларнинг тарқалишига олиб келди. Бир мухлис Талдан жиддий сўради: “Миша, айтинг, сиз чиндан ҳам морфийчимисиз?” Таль унга шу заҳоти жавоб қайтарди: “Нима деб ўйлаяпсиз, мен чигоринчиман” (морфий — кўкнори дегани, лекин Таль саволни ҳазилга буриб: “Мен америкалик Морфи тарафдори эмас, Чигорин шоҳмот мактаби вакилиман”, — дея жавоб бераяпти).
Биз Талдан тахтда узоқ ўтирмагани учун ранжимасак бўлади. Муҳими, Таль қадимий шоҳмотни яшартирди. Муҳими, Талнинг шоҳмот курашига бўлган янгича муносабати замондошлари олдига ажиб тилсимотларни қўйди. Бу тилсимотларни ечиш орқали улардан кўпчилиги шоҳмот қоидаларига итоаткорлик билан риоя қилишдан қутулди, эркин ижод нафасини туйди, эскича бир хил фикрлаш таъсиридан озод бўлди.
Айрим мусобақаларда ранжитган бўлса ҳам собиқ жаҳон чемпионини кечирайлик. Ахир, у бизга қанча шодликлар бахшида этди. Ўзи севган шоҳмотга қўшган беқиёс ҳиссаси ҳали тўлиқ баҳоланмаган бўлса ҳам биз Талга бу хизмати учун ўз миннатдорлигимизни билдирайлик.
Энди мен Таль мухлисларини қизиқтириб келаётган бир саволга тўхталсам бас: ҳақиқатан ҳам илгариги кўнглига нима келса қиладиган Таль билан кейинги услуби такомиллашган, ҳар томонлама ривожланган тажрибали Таль ўйнаса, қайси бири ғолиб бўларди? Биз Бронштейн ва Балашовнинг фикрлари билан танишмиз. Талнинг ўзи кўп бор берилган бу саволга “ҳар хил” жавоб берарди: “Мен у Талнинг тилка-порасини чиқарардим” ёки “Мен уни янчиб ташлардим”.
Дарвоқе, кунлардан бир куни Ботвинникдан собиқ рақибининг фикрларига муносабатини сўрашганди. У ишонқирамай кулиб деди:
— Э, йўқ, Таль бу ерда шоҳмот мухлисларини чалғитяпти ёки чиндан ҳам адашяпти. Худога шукур, мен илгариги Тални жуда яхши биламан…
Биз ҳам Ботвинникнинг сўзларига шак келтирмаймиз!

Русчадан Асрор Мўминов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 5-6-сонлар