Виктор Некрасов. Қирол Нью-Йоркда (ҳикоя)

Маърузанинг хулосасини ўқиб бўлиб, Алексей Николаевич Виши деган илиб қолган бемаза сувдан бир-икки ҳўплади (нутқининг охирига келиб томоғи бутунлай қуриб қолган эди) ва ўз чиқишини бундай ҳолларда айтилиши лозим бўлган сўзлар билан тугатди: “Халқларнинг ишончи комил бўлмоғи керакки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз Низомида эълон қилган мақсадларга эришмоққа лаёқатли ва ҳамиша бутун курраи заминда тинчлик ишини қўриқлаб туради”.
Қарсаклар янгради. Қарсак чалаётганлар асосан араблар билан социалистик лагерь вакиллари эди. Улар шу даражада ғайрат билан чапак чалардики, бутун зал баравар қарсак уряпти деб ўйлаш мумкин эди. “Йўқ, бўлмайди, бўлмайди, — деб кўнглидан ўтказди Алексей Николаевич, репортёрлар фотоаппаратларининг тўхтовсиз “чиқ-чиқ”и остида жойига ўтиб борар экан. Ўрнига ўтираётиб яна кўнглидан кечирди:
— Нутқимнинг бошидан охиригача гоҳ ИсрОил, гоҳ ИсроИл деб роса чалкаштирдим, кейин анови сўзга сира тилим келмади: “суверенитет”миди ёки “суревенитет”миди, сабил. Ким билсин дейсиз уни!
Қарсакларга қарамай, кайфият расво бўлган эди. Ҳатто ёнида ўтирган Андрей Андреевичнинг “ҳечқиси йўқ, ҳаммаси жойида” деган маънода тиззасига дўстона шапатилаб қўйиши ҳам ёрдам бермади. Таржимон Голдберг эса қулоққа тутадиган аппаратидан бир дақиқа ҳам ажралолмас эди.
“Йўқ, ёмон, жуда ёмон. Залда ғовур-ғувур бошланди, мен эса ёзиб берилган қоғоздан бошимни кўтаролмадим. Франция билан Англияда негадир осонроқ бўлган эди. Бу ерда гўё қўл-оёғим бирваракайига кишанбанд қилингандай. Нотиқ деган одам эркин бўлмоғи керак, у қушдай енгил бўлса тузук. Лоақал анови афғон раисни олайлик. Исми Абдулламиди-ей? Худди сувдаги балиқдай-а! Эркин, чаққон, ўзини жуда бемалол тутади. Залга ҳам бамайлихотир, ҳеч нарсадан тап тортмай қарайди. Бемалол бидирлашини айтмайсизми — баайни инглиз лордининг ўзи-я! Ҳойнаҳой, Кембриж ёки Оксфордни тугатган бўлса эҳтимол…”
Громико унинг биқинига туртди — “Туринг, чиқиб кетишимиз керак”. Минбарга Исроил вакили бормоқда эди. Айтишларича, у Одессадан эмиш.
Алексей Николаевич ўрнидан турди ва тўғри олдига қараб эшик томон йўналди. Унинг кетидан Громико, Шчербицкий ва қолганлар қўзғалди. Яна ўнлаб фотоаппаратларнинг чақини кўзларни қамаштирди. Кўп бемаъни нарса-да! Суратни чиқарганда ҳамиша телбага ўхшаб оғзинг очилиб, чақинлар шуъласидан кўзинг қисилиб қолган бўлади. Буларнинг бари эртага газетада босилиб чиқади: “Совет делегацияси Исроил вакили сўзга чиққанида зални намойишкорона тарк этди”.
Ҳали машинага чиқаётганидаёқ у радиоприёмникни ўчириб қўйишни буюрган эди. Таржимоннинг мазаси йўқ, у сўз қидириб, анчагача жимиб қоларди. Нима учундир приёмникнинг шовқини кучли эди. СССР ваколатхонасининг эшигига етганда Член-Главга — қароргоҳга бормасликка жаҳд қилди. Жуда ҳам узоқ-да, қирқ километр юриш керак. Громико машинадан чиқаётиб эслатди:
— Фавзи билан Краге эсингиздан чиқмасин. Тўрт билан бешда. Кечқурун қабул бор. Ҳозирча дам олинг.
— Дам оламан, хотиржам бўлаверинг. Негадир анча толиққанга ўхшайман.
Ваколатхонанинг пастки холлида агентлардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Улар ўринларидан қўзғалишди. Алексей Николаевич уларга жилмайиб қўйди-да, лифтга қараб юрди. Ўзининг қаватига етиб, лифтдан чиқаётганида киссаларини кавлаштирди, лекин шарикли ручкадан бошқа ҳеч нарса қўлига илинмади. Лифтда хизмат қилиб турган 4 бола беихтиёр ҳайрон бўлди, лекин шунга қарамай, тишининг оқини кўрсатиб жилмайди.
Худога шукр, Людмила йўқ экан. Пляжга кетган бўлса керак ёки магазинма-магазин санқиб юргандир. Аллақаёқдан машинканинг ғашга тегадиган қитир-қитири эшитилди — референтлар бўлса керак.
Алексей Николаевич эркондишеннинг қулоғини буради — бу лаънати Нью-Йорки ҳам худди Сочидек иссиқ, дим. Сўнг у диванга ёнбошлаб, “Сони”га қўл узатди.
Эбан Синай ярим оролида қўлга туширилган техника, МИГлар, танкалар, Ту-16, замбараклар, гаубицалар, ракета қурилмалари ҳақида гапирмоқда эди. “Ҳаммаси бўлиб икки миллиард долларлик қурол-аслаҳа…” Алексей Николаевич транзисторни ўчирди, бир муддат шифтга тикилиб ётди, кейин яна унинг қулоғини буради.
Эҳтироссиз ва жонсиз овозда таржимон сайрамоқда эди: “Совет Иттифоқи Ўрта Шарқдаги фожиали ҳодисаларнинг илҳомчисидир. У аввалгидек Исроилни тажовузкор деб эълон қилишни талаб этмоқда. Лекин у бир вақтлар БМТга кимни агрессор деб аташ тўғрисида резолюция тақдим этганини унутиб қўймоқда. Бу резолюциянинг биринчи моддасида шундай иборалар мавжуд эди: “Бир давлатнинг бандаргоҳлари ва қўлтиқлари бошқа давлат томонидан қамал қилиниши ошкора агрессия ҳодисасидир ва қамалга олинган мамлакатларга бунга жавобан тегишли ҳаракатлар қилишга ҳуқуқ беради. Акаб қўлтиғи масаласида… “Э-э, жин урсин-а! Биламан… Сенсиз ҳам биламан. Бу тўғрида Москвада йигирма марта гапирганман. Бу гапларимни лоақал эшитишни истайдиган одам топилмади…”
У яна транзисторнинг қулоғини бураб овозини ўчирди-да, ухлашга уриниб кўрди. Бироқ ҳадеганда уйқу келавермади. Аллақаёқдаги майда-чуйда нарсалар миясини банд қилиб олган эди. Яна ўша “суревенитет”ми ёки “суверенитет”ми деган ярамас сўз ёдига тушди — кўп чатоқ иш бўлди-да. Сўнгра лифтдаги негр боланинг таажжуб тўла кўзлари хаёлига келди — унга бирор доллар бермаса бўлмайди, шекилли. Ёки икки доллар берсамикан? Кейин кеча оқшом уйқуга ётиш олдидан Людмила билан ораларида бўлиб ўтган маънисиз гап-сўзлар… “Дадажон, сиз кўп ҳам ўзингизни уринтирманг, нутқингизни босиқроқ оҳангда ўқинг — сал-пал бўлса-да, хижолати камроқ бўлади-ку!” Мана, бир маромда минғирлаб ўқиди нутқини, лекин нима фойдаси бўлди? Бирмалик У Тан-чи? Жуда маккор-да, жилмайиб қўлимни қисяпти-ю, кўзларида шарқона бир муғомбирлик — гўё “Биламан, оғайни, биламан, сенга ҳам қийин. Ҳаммаёқни ёлғон босиб кетди” деяётгандек… Ҳаммасини билиб турибди бу аблаҳ. Голдберг ҳам… У аллақачон минбарга чиқиб олган бўлса ажаб эмас. Жонсоннинг нутқини такрорлайди. Бу, Жонсонни нима қилса бўлади-я, учрашсамикан ёки учрашмасинми? Москвадагиларга айтишга осон. “Вазиятга қараб иш кўраверасан” эмиш. Вазият қанақа бўлишини ким билиб ўтирибди? Мана, Голдбергга учрашмадим, дарров ўпкалади-қолди.
Эшик тақиллади. Мўйловлари энди сабза урган ёшгина референт эшикдан бош суқди:
— Эл-Куни номидан қўнғироқ қилишяпти. Сўрашяпти.
— Бошни қотирмасин. Айт, дам оляпти, де. Соат ўн олтида кутармиш деб айт. Сендан бўлса илтимос — чоракам тўртда мени уйғотиб қўйсанг. Хизматга буюрмайсан, оғайни.
Референт секингина чиқиб кетди.
Алексей Николаевич ўрнидан туриб, стол ёнига борди, унинг ғаладонларини титкилаб, таблеткаларини топди-да, улардан бирини оғзига солиб, “Нафтуси” деган сув билан ютди — яна ўтган ҳафтадагига ўхшаб бураб оғриб қолмаса, гўрга эди. Кейин дераза олдига ўтиб, ромни кўтарган эди хонага худди ҳаммомдагидек қизиб турган намхуш ҳаво ёпирилиб кирди. Шунақа ҳам шаҳар бўладими-а? Шаҳар эмас, баайни печка. Миялар эриб, суюлиб кетяпти. Асфальтлар, ойналар, осмонўпар бинолар билан бирга… Осмон оқиш рангда. Бирон бўлак булут йўқ. Пастга қарасанг, чумолининг инига ўхшайди. Килт этган шабада йўқ. Ваколатхонанинг эшиги устида ўроқ-болға тасвири туширилган жуда катта қизил байроқ шалвираб осилиб турибди.
Тўсатдан шалоқ бир қўшиқнинг оҳанги хотирасига келди: “Сўлда болға, ўнгда ўроқ…” Жин урсин, энди кун бўйи қулоқдан кетмай безор қилади бу. Мияда айланиб юраверади”.
Алексей Николаевич дераза ромини туширди, бир эмас, иккита уйқу дори ичди ва ухлашга уриниб кўрди.
Худо билсин — у қанча ухлади экан? Негадир Брежнев тушига кирди. Унинг семириб, ёйилиб кетган башараси, болаларникига ўхшаган дўмбоқ лунжлари кўз ўнгига келди. У нима учундир балиқ овига боришни таклиф қилди. Аммо гап охирига етмай қолди — Громико келиб қолди. Тушда эмас, ўнгда.
— Кайфиятингиз қалай?
— Кайфият — ўртача. Бошим бир оз оғриб турибди.
— Тушлик қилсакмикан?
— Ҳаво жуда иссиқ-ку.
— Барибир, тушлик қилиш керак-ку! Жиндай тамадди қилиб олмасак, куч қаердан келади. Буларнинг одатига кўра, ҳозир албатта овқатланиш керак. Анови агент учинчи марта сўраяпти.
Кўнмасдан илож йўқ эди. Лекин бирон бир овлоқроқ жойдаги унча кўзга ташланмайдиган ресторанга бориш тўғрисидаги таклифга Громико қаршилик қилди. Бир зумда репортёрлар ёпирилиб келармиш — улар ҳозирдан пастда пойлаб туришибди. Шу ернинг ўзида, қабуллар учун ажратилган хонада тамадди қилишга тўғри келди. Тушлик жуда шоҳона бўлди — буқанинг думи солиб пиширилган шўрва, аллақандай ақл бовар қилмайдиган бифштекс, омарлар, яна нима балолар… Уларнинг нима эканини билишнинг ўзи амримаҳол — балиқдан қилинган қиймами ёхуд қилтаноқсиз балиқ гўштими… Аммо тушликнинг ҳузурини Громико расво қилди — ғашни келтириб овқат кавшар, зум утмай тишини кавлар эди.
Кейин почтани олиб келишди. Референтлар уни синчиклаб саралаб чиққан бўлса-да, қолган хату бошқа қоғозлар ҳам оламжаҳон эди. Алексей Николаевич буларни кечқурун — уйқу олдидан кўздан кечириб чиқишга қарор қилди. Икки марта Москвадан қўнғироқ қилиб, жамоатчиликнинг фикри қанақа, газеталар қандай муносабат билдираётганини сўрашди. Кейин, дақиқама-дақиқа, роппа-роса соат тўртда Маҳмуд Фавзи кириб келди. У арабларга ўхшамаган тарзда тушкун кайфиятда эди; нима учундир ҳамиша ҳорғин кўринарди. Унинг орқасидан даниялик хушбичим Крег келди. У кетгани ҳамоно эса Член-Главга қабулга жўнадилар.
Ҳамма нарса зериктирарли ва кишини толиқтирадиган даражада эди. Маурер, кутилганидек, ўзининг руминлари билан бир чеккага чиқиб олиб, винохўрлик қилмоқда эди. Кубалик ҳам таъзим қилиб кўришди-ю, кечанинг бошидан охиригача аёлларнинг бошини айлантиришдан бўшамади. Унинг ўрнига Цеденбал роса бошни қотирди. У от пойгалари тўғрисида узлуксиз гапириб, қулоқни қоқиб қўлга берди. Одам эмас, баайни кананинг ўзи. Ҳалигина пляждан келган қувноқ ва қуёш нурларида тобланиб, бўғриқиб кетган Людмила ҳар қалай Колумбия университетининг аллақандай талабалари билан бирга Лонг-Айлендга чўмилишга борган — отасининг қўлида арақ қуйилган қадаҳни кўриб, унинг олдига келди.
— Сизга нима бўлди, дадажон! Эртага яна касал бўлиб, ётиб қолмоқчимисиз? Ҳозироқ Сергей Никифоровичга айтиб бераман!
Аммо шикоят қилишга улгурмади — кубаликнинг тўрига тушиб қолди. Алексей Николаевич эса, икки қадаҳни бўшатгандан кейин кучига куч қўшилганини ҳис этиб, Циранкевичнинг ёнига келди (уларнинг иккови ҳам буйрак дардига чалинган эди) ва икковлари ҳам қабулнинг охирига қадар бирон марта “агрессор” ва “Исроил” деган сўзларни тилга олмай, минерал сув ичиб ўтиришди.
Зиёфат кечаси соат ўн иккилар атрофида якун топди. Аввалроқ тугатиб қўяқолишса ҳам бўларди, бироқ кубаликни хонимлардан ҳамда ичкиликдан ажратиб олишнинг иложи бўлмади. Охир-пировардида уни унча-мунча куч ишлатиб ажратиб олдилар.
Алексей Николаевич ўзининг ётоғига жўнади.
— Нутқингиз қалай бўлди? — дея йўл-йўлакай сўради Людмила. Сомийларингизни ишонтира олдингизми? Мен бўлсам пляжда бутунлай куйиб кетдим. Яхши ҳамки, бу империалистларнинг тузуккина малҳами бор, бўлмаса, Москвага олачипор бўлиб қайтишим аниқ эди. Медузадай.
— Ҳеч қачон олачипор медузани кўрган эмасман, — деб эринибгина сўз қотди Алексей Николаевич эшикни аста ёпар экан. Шу тарзда у нутқи ҳақидаги саволга жавоб бермай қўяқолди.
Ёзув столининг устида хатлар муҳимлигига қараб олдинма-кейин териб қўйилган эди. Мактублар қандайдир жамиятлардан, уюшмалардан, конгрегациялардан, аллақандай ҳаракатлар, аллақайси пасторлар, ўқитувчилар, дўкондорлар, ҳатто бизнесменлардан келган эди. Хуллас, хат йўллаганларнинг ҳаммасини жамлаб, “оддий америкаликлар” деб атаса бўларди. Кичкинагина бир конверт негадир бошқаларидан алоҳида ҳолда ётарди. Конверт зангорироқ рангда бўлиб, манзил ҳуснихатда донадона ва йирик ҳарфлар билан ёзилган эди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бу мактуб Алексей Николаевичнинг эътиборини жалб қилган бўлса ажаб эмас. Мактубни очиб кўриб, у аввалига кўзларига ишонмади, кейин буни кимнингдир ҳазили бўлса керак деб ўйлади, шундай бўлса-да, уни яна бир марта ўқиб чиқиб, бир чеккага қўйиб қўйди, хона бўйлаб бир айланди, кейин хатни яна ўқиди. Токчадан “Who is Who?” деган маълумотномани олди, адресларни солиштирди — тўғри чиқди. Кейин беихтиёр телефон гўшагини кўтариб, рақам терди.
— Лаббай, — деган овоз эшитилди гўшакдан. Гапираётган одам унча ёш бўлмаса-да, овози бардам эди.
— Александр Фёдоровичми?
— Ҳа, менман. Ким гапиряпти?
Алексей Николаевич ўзини таништирди. Гўшакдан енгилгина хўрсиниш, кейин яна боягидай бардам овоз эшитилди:
— Очиғини айтганда, кутмаган эдим. Мамнунман ва хурсандман. Хўш, менинг таклифимга муносабатингиз қанақа?
—    Ижобий.
— Жуда соз. Бўлмаса, келинг, келишиб олайлик. Меникидами, сизникидами ёки бирор бетараф жойда учрашамизми?
Албатта, бирор бетараф жойни тайин қилса маъқулроқ бўларди, лекин Алексей Николаевич қатъий оҳангда деди:
— Агар малол келмаса, сизникида учраша қолайлик.
— Қачон?
— Эртага эрталаб соат ўн бўлақолсин.
— Жуда соз. Кутаман. Қаҳва ичасизми, чойми? Ёки бошқа бирон нарсами?
— Ихтиёрингиз.
— Жуда яхши. Демак, эрталаб ўнда кутаман. Хайрли тун. — Яна бир сониялик сукутдан кейин қўшиб қўйди: — Агар имкони бўлса…
— Имкони бўлади. Хайрли тун.
Лекин тун хайрли бўлмади. Алексей Николаевич бир лаҳза ҳам кўз юма олмади. У кечаси билан ётган жойида тўлғаниб чиқди, бир неча марта жойидан туриб кетди, сув ичди, китоб ўқимоққа уриниб кўрди. Аммо ҳеч бири ёрдам бермади — уйқуси буткул қочиб кетган эди.
Турфа хил фикрлар калласида ғужғон ўйнарди. Ҳар хил фикрлар. Майда фикрлар. Арзимас, бемаъни фикрлар ҳам. Масалан, қайси жойлар Ўрта Шарқ деб аталадию қаерлар Яқин Шарқ дейилади, деганга ўхшаган гаплар. Де Голль “Moyen ornent” деган эди, яъни — Ўрта Шарқ. Унда биз нима бўламиз? У ёқлик ҳам эмас, бу ёқлик ҳам… Чапиллатиб овқат кавшаётган Громико эсига тушди. Афтидан, ҳар хил расмий қабуллар ва учрашувлар уни ҳолдан тойдириб қўйган бўлса керак. Унақа жойларда икки тирсагингни биқинингга ёпиштирган ҳолда ҳар хил вилка-пичоқларни шошилмай, билиб-билиб ишлатмоқ керак бўлади. Жайдари давраларимизда у шўрлик ўзига жиндай дам берса керак-да. Айтганча, бунисига ҳар қалай чидаса бўлар, лекин лаҳза сайин ютган овқатининг кетидан кекириб турадиган Цеденбалдан асрасин. Ёки Носирни олайлик. Бутун бошли бир хўрозни ўзи паққос тушираверади ва, айниқса, унинг калласидан зўр лаззат олади.
Суф-э! Ўзидан мамнун, ўзига маҳлиё бўлган бу бетамиз одамнинг бўйни буқаникига ўхшайди. У ўзига бино қўйган айғирнинг ўзгинаси. Энди шуни ҳимоя қилиш керак. Фашист, каллаварам, ношуд саркарда, Роммелнинг қўлида зобит бўлган, минглаб коммунистларни турмада чиритган, сен эса бутун дунёга жар солиб, уни атоқли тараққийпарвар арбоб ва эркинлик учун матонатли курашчи деб атамоғинг керак. Туф-э! Туф!
Яна бир карра туф!
Айни шу ерда — Носирга келганда Алексей Николаевич ўрнидан турди, сув ичди, таъсир қилмаётган уйқу дорисидан ютди, кейин яна тўшагига ётди-да, юзгача санашга уриниб кўрди. Аммо бунинг ҳам унчалик фойдаси бўлмади.
У тепага тикилиб чалқанча ётарди — шифт теп-текис, силлиқ, бирон жойда карниз деган нарсадан нишон ҳам йўқ. Бунақа шифтнинг нимасини томоша қилади? Кейин биқинига ағдарилди. Кўзига алланечук Москваникига ўхшаб кетадиган қурилиш манзараси кўринди. Ҳатто осма крани ҳам бор. Олисда осмонўпар бино элас-элас кўзга ташланади. Бу деворга илинган ингичка рамкали арзонбаҳо бир расм экан. Пулни қизғаниб тузукроғини ҳам илишмабди, деган фикр кечди Алексей Николаевичнинг хаёлидан. Лекин шуниси ҳам маъқул беҳуда исрофгарчиликнинг нима ҳожати бор?
Бир неча дақиқа кўзи илинди. Яна Брежневни туш кўрди. Бу нимаси-я! Кейин Де Голль кирди тушига: новча, бурни катта, бўйнининг териси буришган, қаппайгангина қорнидан кўндалангига қизил тасма ўтказиб олган. Нима учундир Алексей Николаевич беихтиёр тарзда Де Голлдан қўрқар эди, лекин буни ўзи тан олмасди. Ундан тортинар, унинг олдида ўзини гўёки қаттиққўл устоз қаршисида турган шогирддек ҳис қилар, оғзидан бирор ножўя гап чиқиб кетишидан, бирор масалада уқуви йўқлигини ошкор этиб қўйишдан, кам ўқигани билиниб қолишидан чўчир эди. Масалан, у Елисей саройидаги уйида энг яқин одамларига зиёфат берди. Унда бўйинлари ғозникига ўхшаган қари-қартанг аёллар қатнашди. Де Голлнинг ўзи виносига сув аралаштириб ичиб ўтираркан, билимдонлигини кўз-кўз қилади: “Эсингиздами Буало нима дегани?” ёки “Сиз, албатта, Марк Шагал билан танишмоғингиз керак, қарияси тушмагур жуда маъқул-да…” Кейин шу заҳотиёқ бу қариянинг расмларидан таркиб топган альбомни қўлингизга тутқазади. Унда аллақаёқдаги бемаъни нарсалар — учиб юрган одамларми-ей, такаларми, оёғи осмондан келган хўрозларми тасвирланган.
Айтганча, Исроил агрессияси ҳақидаги суҳбатдан кейин у аллақайси гўрдаги яҳудий қариянинг эмас, биронта француз рассомининг асарини совға қилса ҳам бўларди.
Ҳар қалай, тонготарга яқин — еттиларга бориб Алексей Николаевичнинг кўзи илинди. Аммо роппа-роса соат саккизда худди ток ургандек уйғониб кетди. Тезгина бет-қўлини ювди-да, ички телефон орқали Громикога қўнғироқ қилди.
— Мажлиснинг бошланишига бормаймиз. Соат бирларга жўнаймиз, Атасининг чиқишига етиб борамиз.
— Голдбергнинг кўнглига гап келиши мумкин-да…
— Келса келавермайдими! Соат бирга борамиз. — Бу гапни у хийла кескин оҳангда айтди. Громиконинг кўнишдан бошқа иложи қолмаган эди.
Кейин котибини чақирди-да, йигирма дақиқадан кейин машинани тахт қилишни буюрди.
— Йўқ, нонушта қилмайман. Бир стакан қатиқ ичсам бўлди. Бугун агентлардан қай бири менга бириктирилган?
— Бонди. Ҳув сизга зажигалка совға қилган-чи.
— Унга айтинг, соат биргача у бўш. Мени БМТда кутсин. Нима? Ҳеч қанақа мотоциклчи керак эмас. Мен билан машина ҳайдовчи бўлса бас. Бошқа ҳеч ким керак эмас. Ҳайдовчи ким?
— Сидоренко.
— Бўпти, йигирма дақиқадан кейин тушаман.
Нью-Йоркка етиб боргунча бутун йўл бўйи Алексей Николаевич Сидоренкони қандай алдаш йўлларини ўйлаб кетди. Подъезд-43. Хўш, энди қай томонга юрамиз?
Алексей Николаевич ёндафтарига қараб олди:
— Демак, бундай. Бу ерда “109 Ист, 91-стрит, Нью-Йорк, 28” деб ёзилган.
— Тушунарли. Манҳэттен. Демак, Марказий парк билан Бешинчи авенюнинг яқинида. Яҳудийлар музейига эмасми? Музей айни ўша жойда.
— Йўқ, — деб жавоб берди Алексей Николаевич қовоғини уйиб. Шундай деб деразага қараб олди. Вой шайтон-эй! Ҳаммасини билади. Ҳатто яҳудийлар музейини ҳам. Икки-уч уй берида тўхташга тўғри келади, шекилли. Ҳаҳ жин урсин-а, адресни аниқ айтиб ўтирибди. Ҳа, майли. 105-уйнинг ёнида тўхтайди. Унга бир соатга жавоб бериб юборади. Рози бўлармикан? Башарасидан қанақа одам экани кўриниб турибди.
Йўқ, рози бўлмади.
— Мен сизни шу ерда кутиб тураман, Алексей Николаевич, — деди жилмайиб Сидоренко мўлжалдаги жойга етиб борганларида. — Ўқиб ўтиришга китобим бор. “Қилич ва қалқон”. Ўқиганмисиз?
— Йўқ, ўқимаганман. Эҳтимол, кириб бирон нарса тамадди қилиб оларсан?
— Раҳмат. Қорним тўқ.
Алексей Николаевич Сидоренконинг иржайиб турган башарасига нафрат билан қаради ва сунъий мармар билан қопланган беш қаватли уйнинг подъезди томон шахдам қадамлар билан юриб кетди.
“Жин урсин! Энди 109-уйни қаёқдан топдим? Орқага қайтаманми? Хўп бемаъни аҳволга тушдим-ку!”
Қадди-қомати келишган, зарҳал жигали тўқ ҳаворанг фуражка кийган швейцар аллақачон унинг истиқболига пешвоз чиққани ошиқиб келмоқда эди. Бу аблаҳ ҳам оғзини карракдек очиб кулиб келяпти. Қизил байроқли машина бўлмаганида ҳам гўрга эди, танимай қоларди, бу ёқда эса дипломатик русум, ўроқ ва болға тасвири, боз устига сурати ҳар куни газеталарда босилиб турибди.
“Зим” машинасининг эшигига суяниб олган Сидоренко ўзида йўқ хурсанд, оғзи қулоғида эди.
Алексей Николаевич қатъият билан швейцарнинг қўлтиғидан олиб эшикдан ичкарига кирди. Оббо, қани энди шу тобда лоақал икки оғиз инглизча билса!
Швейцар жиндай ҳайронлик билан унга қараб-қараб қўярди. Алексей Николаевич чўнтагидан беш долларлик чиқарди — лифтчи негр бола билан бўлган воқеадан кейин ёнида пулини ғамлаб юрадиган бўлиб қолган эди. Ҳавода бармоғи билан “109” рақамини ёзди. Швейцар тушунмади. Алексей Николаевич бармоқларида “бир”, “ноль” ва “тўққиз” рақамларини кўрсатди.
— Уан хандред найн, — дея жон кирди швейцарга ва у Алексей Николаевични эшик томон сурди. Эшикнинг қалин ойналари орқали Сидоренко машинасининг деразаларини артаётгани кўриниб турар эди.
— Но-но, — деди Алексей Николаевич шоша-пиша ва қўли билан қарама-қарши томонни кўрсатди.
Швейцар бу гал ҳам ҳеч нарса тушунмади. Бу можаро қанча давом этиши мумкин — айтиш қийин — уларнинг бири бир томонга тортқиласа, иккинчиси тескари томонга тортқиламоқда эди. Шу пайт башанг кийинган, истараси иссиқ бир йигит келиб қолди. У диққат билан Алексей Николаевичга қаради. Кейин ўтиб кетмоқчи бўлдию, лекин ойнаванд эшик олдида бир зум тўхтаб орқасига қайтди.
— Мени маъзур тутгайсиз, агар адашмасам, жаноб Косигин бўласиза? — деб сўради у соф рус тилида.
Ўзини йўқотиб қўйган Алексей Николаевич:
— Шунақа… — деб жавоб берди.
— Ижозатингиз билан ўзимни таништирсам, — деб жилмайди хушбичим йигит, — Николай Кириллович Драгомиров бўламан. “Эрон-Петролеум” концернида Шарқий Оврупо масалалари бўйича референтман.
Шуниси камлик қилиб турган эди.
Николай Кириллович ғоятда хушмуомалалик билан ватандошига нима ёрдами тегиши мумкинлигини сўради.
Алексей Николаевич қаршисида намоён бўлган тубсиз жарликка ўйлаб-нетиб ўтирмай ўзини отди. У, биласизми, 109-номерга кириши керак, лекин кичкинагина сюрприз қилмоқчи, у ерга орқа эшикдан, ҳеч кимга билдирмай кириб бормоқчи. Биласизми, инкогнито бўлиб. Кўп ажойиб кўнгилхушлик бўлар эди-да.
Николай Кириллович тарбия кўрган одам бўлганидан ўзининг таажжубини ошкор қилмади. Ахир, таажжубланмай бўладими — Совет Иттифоқининг Бош министри Ассамблея мажлисида ўтириш ўрнига аллақайларга сюрприз тарзида орқа эшикдан кириб бормоқчи! Йигит лутфан ўзининг ёрдамини таклиф қилди. Алексей Николаевичнинг бу ёрдамни қабул қилишдан ўзга чораси қолмаган эди.
Икковлари Нью-Йоркда об-ҳаво исиб кетгани ва Кассиус Клей устидан бўлаётган суд жараёни тўғрисида гаплаша-гаплаша иккита ички ҳовлидан ўтишди (ҳатто бир жойда девордан ошиб тушишга тўғри келди. Тўғри девор унчалик баланд эмас эди. Николай Кириллович одоб билан елкасини тутиб берди). Улар шу тарзда учинчи қаватга кўтарилишди. Худога шукрлар бўлсинки, ҳеч ким уларни кўрмади.
— Энди манови эшикка кирасиз. Овингиз бароридан келсин, Алексей Николаевич! — Николай Кириллович муғомбирлик билан кўз қисиб қўйди ва хайрлашар экан, Косигиндан “Нью-Йорк таймс” газетасида босилган фотосуратига имзо чекиб беришни сўради. Кейин улар бир-бирларининг қўлларини қисиб хайрлашишди.
— Минг раҳмат! — деди Алексей Николаевич.
— Раҳмат айтишга арзимайди. Жуда ёрлақаса, Ассамблеяда бизнинг компаниямиз манфаатларини ҳисобга оларсиз. Хайр, саломат бўлинг.
Улар ажралишди.
Лифтга кирганда Алексей Николаевич бирдан ҳаяжонланишга тушди. У қаёққа кетяпти? Нима мақсадда? Мактубни ўқиб бўлиш биланоқ уни телефонга ташланишга нима мажбур қилди? Бу ўта бемаъни можародан кейин қандай қутулади? Ахир, буни яшириб бўладими? Шофёр, швейцар, серилтифот йигит… Ё тавба, қанақа бемаънилик бўлди-я буларнинг бари. Ҳар хил ипирисқи жойларда пусиб, биқиниб, аллақандай деворлардан ошиб юрибди-я!
Лекин шундоқ бўлса ҳам…
У залворли дуб эшикдаги каттагина оқ тугмачани босди. Эшикка қоқилган ялтироқ мис лавҳада “Александр Фёдорович Керенский. A.KERENSKY” деб ёзиб қўйилган экан.
Оқ пешгир тутган ёши ўтинқираганроқ аёл эшикни очди.
— Марҳамат қилгайсиз. Александр Фёдорович кутяптилар.
Александр Фёдорович шу заҳоти эшик ёнида пайдо бўлди. У анчагина букчайиб, мункиллаб қолган эди; ахир, саксондан ошган бу одам ҳали ҳам ёшига нисбатан хийла бақувват кўринарди. Бир вақтлар унинг суратларини кўрган одам ҳозир ҳам таниб олиши мумкин эди. Ўша-ўша тикандек тикка ўсган сочлар, фақат энди бир оз оқарган, эгнида қора костюм, бўйнида капалакнусха бўйинбоғ, кўкрак чўнтагидан дастрўмоли чиқариб қўйилган. Очиқ чеҳрасида табассум ўйнайди.
— Марҳабо, келсинлар, келсинлар…
Улар кабинетга киришди. Кабинет жуда катта эди. У анча камтарона, лекин ғоят дид билан жиҳозланган эди. Уч тараф деворда ердан шифтгача токчаларга китоб териб қўйилган (Алексей Николаевич дарров кўрди — уларнинг орасида Маркс, Ленин, Сталин ва ҳатто Хрушчёвнинг ҳам асарлари бор эди). Тўртинчи девор бошдан-оёқ ойнаванд. Унинг олдига ёзув столи қўйилган.
— Бемалол ўрнашаверинг, Алексей Николаевич, — деди Александр Фёдорович дўстона қўл ҳаракати билан чоғроқ думалоқ столни кўрсатиб. Унинг устида бир замонлар расм бўлган қаҳва қайнатадиган сирланган кўк чойнак ва чиройли ёрлиқлар ёпиштирилган бир неча шиша бор эди. Улар орасида тиниқлиги ва бир талай медаллари билан “Stolichnaja” арағи ажралиб турарди. Тарелкада ҳам майдаланган шўр балиқ, унинг устида тўғралган пиёз ва иккита ростакам шўр бодринг ётарди.
— Қани бўлмаса, қадимги рус одати бўйича, — деб жилмайди Александр Фёдорович қадаҳларни тўлдириб.
Ҳаяжонланганидан Алексей Николаевичнинг қўллари қалтирар эди. Лим тўла қадаҳдаги арақнинг бир қисми стол устига тўкилиб кетди. Столга дастурхон ёзилмаган эди. У асл ёғочдан ясалган бўлиб, сип-силлиқ қилиб жилвирланган, ўриндиқлар ҳам худди стол каби Павел замонларидагидек ампир услубида ясалган эди.
— Ҳечқиси йўқ, хижолат бўлманг, — деди уй эгаси бир текис ясама тишларини ярқиратиб. Шундай деб у оҳорли сочиқча билан тўкилган арақни чаққонгина артиб олди. — Сизнинг саломатлигингиз учун, Алексей Николаевич!
— Ўзларининг саломатликлари учун, Александир Фёдорович!
Икковлари ҳам ичиб юборишди ва бир бўлакдан шўр балиқ олишди.
— Жуда тотли балиқ экан, — деди Алексей Николаевич.
— Анна Пантелеймоновнанинг иши бу. Менинг энагам ва валинеъматим. Хотинимнинг вафотидан кейин менинг ҳаётим шу кишининг қўлида.
— Пазанда экан, — деди Алексей Николаевич ва бодрингдан бир тишлаб, уни ҳам мақтади. Кейин арақнинг сифати тўғрисида гап кетди — ҳар қандай суҳбатни бошлашда қўл келадиган мавзу-да! Агар бирор одам суҳбатдошларга четдан назар солса, ораларида йигирма ёш фарқ бўлишига қарамай, улар бир-бирларига ҳайрон қоладиган даражада ўхшаш эканини кўрган бўларди. Ҳар ҳолда, Анна Пантелеймоновна буни дарҳол пайқади. Икковларининг ҳам бурунлари узунгина, кўзларининг тагида ҳалқа, оғизларининг икки чети буришган, лекин энг қизиғи — ҳар икковининг ҳам тикандек калта сочлари тиккайиб турибди, фақат бириники буткул оқарган, иккинчисиники оқара бошлаган. Икковининг ҳам юзи заҳил — дардманд одамларникига ўхшайди.
Учинчи қадаҳдан кейин (на илож, ичкилик икковининг ҳам соғлигига тўғри келмаса-да, лиққа-лиққа ўтиб турибди) арақнинг таъмию ҳазми, овқат мавзусидаги гаплар тамом бўлди. Александр Фёдорович мезбон ва ёши улуғ одам сифатида уддабуронлик билан гапни долзарброқ мавзуга бурди. У сўзини Октябрь тўнтариши тўғрисидаги хотиралардан бошлади (Александр Фёдорович Февраль инқилобинигина инқилоб деб тан оларди), ўша йилларни ўз кўзи билан кўрган ва ўша воқеаларда бевосита қатнашган одам сифатида шу пайтга қадар Алексей Николаевичга маълум бўлмаган баъзи бир тафсилотларни айтиб берди: булар Қишки саройга ҳужум, “Аврора”нинг гумбур-гумбури ва шунга ўхшаш ҳодисаларга тааллуқли эди. Гап орасида у бир неча марта Кукриниксилардан ўпкалаб олди: улар “Керенскийнинг қочиши” деган расмларда уни ҳамшира либосини кийиб олган ҳолда тасвирлашган, ҳолбуки, бу ғирт ёлғон, мутлақо бунақаси бўлган эмас. Аслида, у большевикларнинг қўлига тушиб қолмаслик учун матросча кийим кийиб олган эди. Тарихни бузиб кўрсатувчи бунақа фактлар Александр Фёдоровичга қаттиқ ботар экан. Бу мавзуга у суҳбат давомида бир неча марта қайтди.
Суҳбатнинг кейинги маромидан шу нарса маълум бўлдики, Александр Фёдорович Совет Иттифоқида содир бўлаётган воқеаларнинг ҳаммасини ғоятда эътибор билан синчиклаб кузатиб борар экан, унинг ҳамма ютуқларидан хурсанд бўлар экан. У ҳатто бу ютуқлар ҳақида андак ошириброқ гапирарди. Алексей Николаевич иқтисодчи ва ҳар ишда аниқликни яхши кўрадиган одам сифатида бир неча бор унинг гапларини тузатди, айниқса, қишлоқ хўжалиги ва халқ фаровонлиги масалаларидаги мулоҳазаларига ойдинлик киритишга уринди.
— Йўқ, йўқ, Александр Фёдорович, сиз жиндай ошириб юборяпсиз. Аҳоли жон бошига маҳсулот ишлаб чиқаришда биз ҳали нафақат Америка Қушма Штатларидан, ҳатто Янги Зеландиядан ҳам орқада турамиз. Ҳар қанча ғалати кўринмасин, ҳатто Венесуэла ҳам биздан олдинда.
Александр Фёдорович ҳайрон бўлди ва шу заҳотиёқ Совет Иттифоқининг бу иккала мамлакатдан ўтиб кетмоғи учун қадаҳ кўтаришни таклиф қилди.
Кейин иккита эллик йиллик сана учун — Февраль ва Октябрь инқилоблари учун олишди. Сўнгра В. И. Ленин таваллудининг яқинлашиб келаётган юз йиллиги учун ичишди (“Айтганча, биласиз, оталаримиз — менинг отам билан Лениннинг отаси — Симбирскда яшаганларида қалин дўст бўлишган, оқшомлари бирга қарта ўйнашган”). Кейин яна кўпдан-кўп юбилейлар учун олишди — бу саналар яқин икки-уч йил ичида келиши кутилмоқда эди.
“Столичная” бўшаб бўлди. Коньякка ўтишди. Икковларига ҳам жон кирди, икки бетларига қизил югурди, кўзларида ёшларга хос шижоат барқ урди, “Мартель” шишасидаги қолган коньяк қадаҳларга қуйилгач, кутилмаганда уни “брудершафт” қилиб кўтаришди. Ҳамма қоидаларига риоя этиб, қўлларини чалкаштириб, кейин бир-бирларини ўпиб…
Бир неча марта Анна Пантелеймоновна эшикдан қараб кетди. Унинг қиёфасига, юзидаги ифодаларга қараб, ёши ўтиб қолган бу икки қариянинг феъл-атворидан анча-мунча хижолат чекаётганини пайқаш мумкин эди. Меҳмон билан мезбон аллақачон костюмларини ечиб қўйишган, бир-бирларининг гапини бўлиб, анчагина баланд овозда баҳслаша бошлаган эди.
— Йўқ, Алёша, сен холисанлилло гапирмаяпсан. Зиғирдек ҳам холислик йўқ экан сенда. Мен талашиб ўтирмайман, тўғри, кўпгина жиҳатдан олганда мен айбдорман, буни тан оламан. Лекин бошқача бўлиб чиққанида нима бўларди? Сизлар эмас, биз ғолиб чиққанимизда дейман-да? Худо ҳаққи, Россия ривожланиш йўлидан янада шахдам қадамлар билан кетган бўларди. Мен 37-йилни тилга олмай қўяқолай…
— Йўқ, йўқ, ундан оғиз очма. Гапирма. 67-йилдан гапир.
— Бу эса сенга боғлиқ. Кўп жиҳатдан сенга боғлиқ…
— Менга боғлиқ дейсанми? Сашажон, худодан қўрқсанг-чи! Брежневчи? Подгорний, Шелепинлар? Вьетнам масаласида хол қўйдик-ку! Исроил масаласида ҳам хол қўямиз.
— Ҳа энди, Вьетнам масаласида Жонсон ҳам хол қўйди.
— Хол қўйяпти, лекин Исроил масаласида биз ҳам хол қўямиз.
— Тортишиб ўтирмайман, хол қўясизлар. Агар аллақачон қўйиб бўлган бўлмасаларинг.
Шу пайт хонага Анна Пантелеймоновна кириб келди. У қатъият билан столга яқинлашди-да, ҳали очилмаган иккита шишани олиб қўйди. Александр Фёдоровичнинг шишалардан бирига чўзилган қўли ҳавода муаллақ қолаверди.
— Бўлди, бас! Бошқа бермайман. Меъёрни билиш керак. Ана, қаҳва, ичинглар.
Қаҳвага ўтмаса бўлмади. Кейин Александр Фёдорович оилавий альбомни кўрсата бошлади. Алексей Николаевич бўлса ёнидан марҳума хотинининг суратини олди. Сўнгра қизи Людмила билан унинг эри — итальян йигитнинг суратини кўрсатди. Александр Фёдорович қизни ҳам, куёвни ҳам маъқуллади.
Соат ўн икки ярим бўлганда Алексей Николаевич бирдан безовталаниб қолди — Ассамблея-чи? Нима бўлади? Александр Фёдорович “қолинг” деб қистамади — “dienst ist dienst”. Аммо хайрлашиш вақтида Александр Фёдорович китоблар ортиданми, аллақаердан кичкинароқ бир шишани олди. Шиша ичидаги ичимлик ғоятда ўткир экан. Улар “кетар жафоси”га яна бир қадаҳдан ичишди.
— Жонсон билан учрашувинг яхши ўтсин!
— Қўй, шуни гапирма кайфиятни бузиб.
— Хўп, хўп. Учрашув учун. Хитой билан Носирни сот — олам гулистон бўлади. Ортиқча ғалвадан қутуласан.
— Айтишга осон!
Улар тўғридан-тўғри шишанинг оғзидан ичишди — Анна Пантелеймоновна қадаҳларни йиғиб кетишга улгурган эди. Оғиздан ҳиди келмаслиги учун мускат ёнғоғини газак қилишди. Уларнинг иккови ҳам бир-бирига жуда маъқул тушган эди — қучоқлашиб хайр-маъзур қилишди.
“Одам деса одамдай экан, — деган фикр ўтди Александр Фёдоровичнинг кўнглидан. — Феъл-атвори ҳам, қилиқлари ҳам бинойидек. Санчқи билан пичоқни билиб, ўрнида ишлатар экан”.
“Туппа-тузук одам экан, — деб ўйлади Алексей Николаевич ўз навбатида. — Ёши саксондан ошиб қолган бўлса ҳам фикри тиниқ. Ҳар нарсага ақли етади. Қойил-э! Ана сенга “тарихнинг ахлатхонаси”. Яна бир марта келиб кетилса ёмон бўлмасди…”
Куннинг қолгани, тўғрироғи, иккинчи ярми гўёки туман ичида ўтди. Ким биландир учрашди, кимнидир қабул қилди, кимгадир зиёфат берди. Боши қаттиқ оғрирди. Овқатга қарашга тоқати йўқ. Лекин овқат емаса ҳамки, донг қотиб ухлаб қолди.
Чоршанба билан пайшанба кунлари сешанбадан деярли фарқ қилмади. Яна ўша учрашувлар, ўша зиёфатлар, ўша коктейлхўрликлар… Пирсон Жонсон билан учрашасан, деб тиқилинч қилиб турибди. Громико Раск билан савдолашиб, нархини ошириб ётибди. Араблар ҳол-жонига қўйишмаяпти — кўп эзма, хира одамлар экан. Кишини толиқтириб юборишди. Қурол талаб қилишяпти. Синай ярим оролида ҳамма қуролларини ташлаб қочишган, энди эса, ернинг тагидан бўлса ҳам, уларга яна қурол топиб бериш керак эмиш. Шунақа сурбет бўлиб кетишганки…
Ўн беш мартача Москвадан қўнгироқ келди. Ниҳоят, пайшанба куни — 22 июлда шу ернинг ўзида, БМТнинг биносида Раск билан учрашгандан кейин ҳаммаси ҳал бўлди. Громиконинг ҳавоси баланд эди. Савдолаша-савдолаша Тильзитни ундирди-ку! Бу шаҳарча Вашингтон билан Нью-Йорк оралиғида жойлашган бўлиб, ҳатто уларнинг қоқ ўртасида ҳам эмас — Оқ уйдан 201, совет ваколатхонасидан эса 168 километр масофада. Жонсон билан учрашганда ёмон бўлмас эди, албатта. (Оқ уйда бўлишга нима етсин — Елисей саройи ёки Букингем билан солиштириб кўриш имкони туғиларди.) Лекин бунга ғурур қурғур йўл қўймайди-да. Алексей Николаевич беихтиёр бир воқеани эслади. 20-йилларда Совет Иттифоқига биринчи марта тождор ҳукмдор — Афғонистон подшоси Омонуллахон келган эди. Ўшанда Ташқи ишлар халқ комиссарлиги афғон томони билан подшонинг оёғи остига ёзиладиган гилам-пойандознинг узунлиги масаласида роса даҳанаки жанг қилган эди. Энди бўлса… Хайр, майли, бўлганча бўлади-да…
Жума куни 23 июлда роппа-роса соат ўн бирда Америка Қўшма Штатларининг Президенти СССР Министрлар Советининг Раисини эскича усулда қурилган хос иморатнинг шойиста салонида қабул қилиб, муборакбод этди.
Тарихий учрашув (“Худо ҳаққи, тарихий учрашув бу!” дея кўнглидан ўтказди Алексей Николаевич викториан усулида қурилган бу кўркам меҳмонхонанинг эшиги ёнида) хонанинг бир бурчагида турган қадимий соат занг уриши билан бошланди. Президент билан премьер бир-бирларига қараб жилмайишди ва бир-бирларининг қўлларини эркакчасига қаттиқ қисиб кўришгандан кейин мўъжазгина думалоқ стол теграсига ўтиришди. Стол устига анъанавий байроқчалар ўрнига иккита гулдаста қўйилган эди. Уларнинг бири қип-қизил атиргуллардан иборат, иккинчиси ҳам атиргул-у, лекин қизил, оқ ва кўк рангли гуллардан сараланган. Бу ранглар Америка байроғининг рамзи каби эди. Алексей Николаевич умрида биринчи марта кўк атиргулни кўриши. У гулга жуда ҳам ишқибоз, гулларни яхши биларди. Шунинг учун кўк атиргул ҳақида сўрамоқчи бўлди-ю, суҳбатни шу саволдан бошлаш ножоиз бўлар (“кейин сўрашга улгураман”) деб, индамай қўяқолди. У юзидаги табассумни йўқотмасликка ҳаракат қилиб (бунга у ҳамиша қийинчилик билан эришарди) стол ёнига ўтирди. Унинг биқинидан таржимон жой олди. Бошқа ҳеч ким йўқ эди. Громико билан Раск алоҳида хонада машварат қилишмоқда эди.
Жонсон қора костюмда, бўйнида йўл-йўл бўйинбоғ, Алексей Николаевич ҳам одатдаги қора костюмда эди. Бу гал ҳам бегона кузатувчилар (бугунги таржимон ҳам сешанба кунги Анна Пантелеймоновна каби) беихтиёр бу икки давлат арбобининг айнан бўлмаса-да, қисман бир-бирига ўхшаб кетишига эътибор бердилар. Икковларининг ҳам гўштдор бурунлари осилиб турарди. Юзларида бошқа ўхшашлик йўқ эди. Айниқса, ияклари бир-бириникидан кескин фарқ қиларди. Жонсоннинг ияги серғайрат одамларники сингари олдинга туртиб чиққан, Алексей Николаевичники эса юмшоқ, гўштдор эди. Икковларининг тишлари ҳам жуда ярашиқли, жағларида пухта ўрнашган эди. Ҳар ҳолда, тишларига қараб қайси бирининг устаси моҳирроқ эканини аниқлаш амримаҳол эди.
Гапни Жонсон бошлади.
У Министрлар Совети Раисини муборакбод қилди ва бу икки мамлакат раҳбарларининг олтинчи учрашуви эканини эслатди (Биз ҳам эслатиб ўтайлик: Теҳронда 1943 йили, Ялтада — 1945 йили, Потсдамда — 1945 йили, Женевада — 1955 йили, Кэмп-Дэвидда — 1959 йили, Венада 1961 йили). Шундан кейин у гапнинг пўсткалласига ўтди:
— Бизнинг музокараларимиз қандай якунланишидан қатъи назар, газеталарнинг шарҳловчилари, барибир, улар муайян натижа берди, деб айтишади. Бинобарин, бу натижа мужмал ва мавҳум эмас, чиндан-да, муайян бўлмоғи учун мен бундай таклиф қиламан — сизларнинг газеталарингда ёзиладигани каби, бизнинг мулоқотимиз тўла-тўкис ошкоралик руҳида ўтсин.
У саволчан назар билан шеригига қараб қўйди. Шериги бош ирғади: “Зимдан нималарни чамалаяпсан, итдан тарқаган?”
Жонсон давом этди.
— Шунинг учун мен сиз билан мулоқотимда ҳамма дипломатик қувликларни йиғиштириб қўйиб, имкон қадар самимий бўлишга ҳаракат қиламан. Сизни ҳам худди шунга чақираман. Келишдикми?
Алексей Николаевич яна бир марта бош ирғаб қўйди ва аввалгидан ҳам кўра сергакланди.
Гап шу жойга келганда Жонсон андак сукут қилди-ю, кейин стол устига энгашиб, Алексей Николаевичнинг елкасига қоқиб қўйди.
— Шундай қилайлик, оқсоқол. Бир-биримизни лақиллатиб ўтиришимизнинг ҳеч кераги йўқ. Исроил ўз йўлига, араблар ҳам ўз йўлига, лекин ҳамма гап Хитойда-ку! Шундай эмасми?
“Хўш, хўш, хўш, — деб хаёлидан ўтказди Алексей Николаевич. — Масалани бу ёққа буриб юборяпти-ку, қари туллак. Гапида жон бор, албатта. Лекин шуниси ҳам тўғрики, Исроилни четлаб ўтиб бўлмайди…
Жонсон гўё унинг фикрларини уққандек, жонланиб сўзлай бошлади:
— Йўқ-йўқ, Ассамблеяда ўзингизнинг билганингиздан қолманг — аввалгидай қоралайверинг, талаб қилинг, лаънатланг! Бу Ассамблеяни сизлар ўйлаб топгансизлар, ўзингиз пиширган ош, ўзингиз еяверасиз. Биламан, бу жуда қийин иш, биров раҳмат демайди, аммо наилож? Чидайсиз-да. Арабларга илашиб қолдингиз — ўзингиздан кўринг. Лекин, яна такроран айтаман, гап уларда эмас, гап Хитойда. Келинг, Мао деганларига бир оз ён берсак берибмиз-да. Унинг Хитойга қарши курашда Россия билан Америка бирлашди, деган фикрини маъқуллай қолайлик…
“Оббо, шайтон-эй… Бу билан қандай гаплашса бўларкан? Жуда ночор аҳволга солиб қўйди-ку! Гаплари тўғри бу аблаҳнинг, лекин ҳар қанча тўғри бўлмасин, Исроил тўғрисида лом-мим демай ўтиш мумкин эмаску!” Шу заҳоти у ўзининг Ассамблеядаги нутқини мухтасар тарзда баён қилиб берди.
Жонсон деразага қараб ўтириб бардош билан тинглади, Алексей Николаевич гапини тугатгандан кейин ҳайрон қолгандек қўлларини икки ёнга ёзди.
— Мен сиз билан эркак киши эркак билан гаплашгандек гаплашиб оламиз деб ўйлаган эдим. Сиз бўлсангиз менга аллақачон газеталарда ўқиган нарсамни айтяпсиз, яхши эмас, бу — яхши эмас.
Алексей Николаевич унинг сўзини бўлди ва бир томонга оғиб кетаётганини пайқаб, лекин унга қаршилик қилиш учун ўзида куч топа олмай, аннексиялар, қочоқлар ва зарарларни қоплаш тўғрисида гапира бошлади.
Жонсон ҳазиломуз тарзда қўл силкиди.
— Биламан, биламан. Фақат такаллуф юзасидан мен сизга Кенигсберг билан Силезияни эслатаётганим йўқ. Фарқи фақат шундаки, уларнинг бири реваншистлар деб аталади, иккинчиси эса қочоқлар дейилади. — Шу ўринда у Алексей Николаевичга хушнудлик билан қараб, яна бир марта унинг елкасига шапатилаб қўйди. — Биласизми нима? Ҳаммасини рўй-рост айтиб қўяқолай. Эртами-кечми, сиз жамики носирларингиз ва тараққийпарвар қиролларингизни бартараф қиласиз. Шундоқ бўлгандан кейин мен иш манфаати юзасидан ўқиб чиқмоғингиз учун сизга баъзи бир ҳужжатларни берайин. — У қўли билан олдида стол устида ётган қалин чарм папкани уриб қўйди. — Бу ерда Синай ярим оролида мисрликлардан тортиб олинган баъзи бир материаллар бор. У папкани Алексей Николаевичнинг олдига суриб қўйди. — Бўш вақтингизда ўқиб кўрарсиз. Бир бошласангиз, бош кўтаролмай қоласиз. Полициячилар ҳақидаги романга ўхшайди. Айтганча, сиз уларни ёқтирасизми? Ростини айтсам, менга жуда ёқади.
— Вақт йўқ, — деб қовоғини уйиб жавоб берди Алексей Николаевич.
— Бекор қиласиз. Ҳа, бекор қиласиз. Иш куни тугагандан кейин мановига ўхшаган диванчага чўзилиб, приёмникни пастлатиб қўйиб ўқий бошласангиз, бутун чарчоғингиз тарқаб кетади. Жуда фойдаси бор-да… — Жонсон соатга қараб қўйди. — Ие, оғайнилар, нонушта вақти бўп қопти-ку! Бу масалада биз — америкаликлар жуда қаттиқмиз. Емакхонага марҳамат қилгайсиз.
Жонсон жойидан туриб, Алексей Николаевичнинг қўлтиғидан олди. Уларнинг ёнига таржимон ҳам қўшилди. Жонсон фитначиларга ўхшаб шивирлашга ўтди:
— Ҳаммага маъқул бўладиган жуда зўр таклиф бор. Ҳаммадан хуфия тарзда. Нонуштадан кейин гольф ўйнаймиз. Лаббай? Сиз бунга қандай қарайсиз, азизим?
Алексей Николаевич ўзини йўқотиб қўйди. Нима бало, ҳазиллашяптими? Масхара қиляптими? Ахир, у гольф деганини умрида бир марта кўрган, ўшанда ҳам кинода. Эйзенхауэр билан яна аллаким далада гольф тўпини қувиб юришган эди.
Жонсон дарҳол ҳамма гапни тушунди, хушнудлик билан деди:
— Америкада бўлиб, президент билан гольф ўйнамаслик — Россияда бўлиб премьер билан ароқ ичмаслик билан баробардир. Менга Никсон гапириб берган эди, биламан.
— Лекин, мен… — дея гап қўшишга ҳаракат қилди Алексей Николаевич.
— Билмайман демоқчимисиз? Ҳечқиси йўқ. Бир зумда ўргатиб қўяман. Фақат Громиконгизни кўндириб берсангиз бас, Раскни кўндиришни мен зиммамга оламан.
Алексей Николаевич сўнгги хасга тармашди:
— Музокаралар-чи? Мен ахир эртага учиб кетаман. Ҳали ҳеч нарса тўғрисида…
— Музокараларми? Ё парвардигор-а! Якшанба куни давом эттирамиз. Эртага имкони йўқ. Менинг Лос-Анжелосда маърузам бор. Кейин бирпасга ранчомга кириб чиқишим керак. Қизимнинг кўзи ёриган. Неварали бўлдим. Ранчога сизни ҳам таклиф қилардим-у, аммо қўрқаман Мао Цзедун нима деркан… Шанба кунига сизга бирон машғулот топиб бериш керак. Нима топсак экан-а? Грэнд-Кэньонга борасизми? Хоҳласангиз, Форд заводларига боринг. Ёки Диснейленд маъқулмикан? Ё Ниагарага борасизми? Лаббай? Жуда улуғвор манзара-да!
Ҳай, бўлганича бўлар — Алексей Николаевич Ниагарага рози бўлди. Ҳар қалай табиат мўъжизаси. Аммо чиқиб кетаётиб, эшикда русча фамилияли яҳудий таржимонига шивирлади:
— Оғзингдан чиқарсанг, партбилетингдан ажраласан!
У “тушундим” дегандек бош ирғади.
Сувдан бино бўлган деворга ўхшайдиган Ниагара шовваси пойидаги бетон майдончада турар экан, Алексей Николаевич бу шовванинг улуғворлиги ҳақида ўйлагани йўқ, у гўзаллик ҳақида ҳам ўйлагани йўқ, ҳатто мана шу гумбурлаб пастга отилаётган беҳисоб сувнинг ҳаммаси қанча қувват бериши мумкинлигини ва қанча қувват бераётганини ҳам хаёлига келтиргани йўқ. У дунёдаги ҳамма нарса кўнглига уриб, ўлар даражада сиқилиб кетгани тўғрисида ўйларди.
У 63 ёшда. Унчалик ҳам қари эмас. (Черчилл, Бисмарк, Клемансо ва ундан каттароқ ёшдаги бошқалар ҳам давлатни бошқарган.) Аммо уруш йилларини ва нафақат уруш йилларини, балки у тўқимачилик саноати халқ комиссари бўлган 1939 йилдан ҳозирги кунга қадар ҳар бир йилни уч йилга ҳисоблаш керак. 1939 йилдан 1967 йилнинг охиригача 28 йил. Демак, у ҳозир кам деганда — 119 ёшда. Шундоқ бўлгандан кейин ҳар хил черчиллару премьерлик курсисида ўтириб олиб дунёнинг ишларига қозилик қилиш даъвосида юрган бошқа рутбали одамлар ҳам унинг олдидан ўтаверсин!
Бир юзу ўн тўққиз ёш-а! Ҳозир бунақа қариялар яшаётган бўлса, Доғистонга ўхшаш ўлканинг бир гўшасида яшаётгандир. Қўй боқиб, тоғнинг тоза ҳавосидан нафас олиб, бола-чақаларини кўпайтириб юришгандир. Уларнинг бундан бошқа яна қандай ташвишлари бўлсин? Бундай шароитда одам юз элликка ҳам кираверади.
Айтганча, Черчилл қўй боққан эмас, лекин тўқсонга кирди. Унинг ҳаёт йўли фақат гулзорлараро ўтган эмас. Лекин шундай бўлса ҳам ёшлигида гусар бўлган, кейин улан сифатида Суданда Англия тарихидаги энг сўнгги отлиқлар муҳорабасида иштирок этган, бурларга қарши жанг қилган, сўнг асир тушиб қолган, асирликдан қочган, Биринчи жаҳон урушида аввал ҳарбий денгиз министри бўлган, кейин француз фронтида шотланд ўқчилари батальонида оддий командир бўлиб хизмат қилган. 26 ёшидаёқ олти жилддан иборат асар ёзиб қўйишга улгурган, шу жумладан, битта роман. (Буларнинг барини унга бир вақтлар Англияда совет элчиси бўлиб ишлаган Майский гапириб берган эди.) Унинг “Жаҳон таназзули”, “Мальборо” (отасининг таржимаи ҳоли), “Иккинчи жаҳон уруши тарихи” (буниси кўп жилдлик) асарлари ҳамма тилларга таржима қилинган. Бундан ташқари, у рассом ҳам. (Ишлаган расмлари Парижда, Лондонда, Нью-Йоркда кўргазмага қўйилган). У яна тошйўнар ва ғишт терувчи уста — ўзининг қўрғонида иккита уйни қуриб ўринлатиб қўйган. Жуда моҳир нотиқ, беҳисоб миқдордаги коньякларни ичиб битирган, эртаю кеч оғзидан сигараси тушмаган.
Хўш, у-чи? Алексей Николаевич-чи? У ҳаётида нима ҳузур-ҳаловат кўрди? Ўн беш ёшида Қизил Армия сафида хизмат қилган. Кейин кооператив техникумга ўқишга кирган, матлубот кооперацияси тизимида ишлаган — Сибирда, кейин Ленинградда. Тўқимачилик институтини тугатган. Желябов номидаги тўқимачилик фабрикасида хизмат қилган. Инструктор, мастер, бўлим бошлиғи, директор, ижроқўм раиси… Мажлислар, кенгашлар, яна мажлислар. Тинимсиз жиринглаб турадиган телефонлар… Кейин халқ комиссари, министр бўлди, кейин яна ўша-ўша — мажлислар, телефон қўнғироқлари. Фақат бу галгилари юқорироқ даражада эди. Аралаш ишлар ҳам кўпроқ бўларди. Сталин, Берия, Хрушчёв… Уларнинг ҳаммасидан узоқроқ яшай олмайсан. Тегирмондан бутун чиқишни ўйлаш керак. Премьер-министр бўлиш оғир. Ва мана ҳозир Жонсон билан ўтириб бундан кейин нима қилмоқ кераклигини ҳал этиш лозим. Хўш, қани, нима қилмоқ керак? Нима?
Қайтишда улар машинада Детройт аэродромига етиб келгунларига қадар йўлнинг икки томонида жойлашган шинам уйларни, олислардан кўриниб турган томига черепица ёпилган фермаларни томоша қилиб боришди. Бирданига унинг кўнглида ана шу ҳовлисининг теварагига девор олинмаган (Америкада ҳовлиларнинг девори йўқ) кичкина уйчалардан бирига жойлашиш истаги пайдо бўлиб қолди. Бу уйларнинг олдида кафтдеккина гулзори бор. Ҳовли бошдан-оёқ ям-яшил майса билан қопланган, деворларини чирмовиқ гуллар ўраб ташлаган. Озроқ томорқаси ҳам бор. Кундузлари шу томорқада ивирсиб юрсанг ёки балиқ овласанг, оқшомлари телевизор кўрсанг. “Вертушка” орқали ҳеч ким сенга қўнғироқ қилмаса ва жонга тегиб кетган Внуковога космонавтларни кутиб олишгами ёки бирор араб туллагини қарши олганими чиқиш ташвиши бўлмаса. Эҳа, бу Внуковоси-я! Ҳадемай уни яна кўради. У минган “кумуш қуш” келиб тўхтамагунча уларнинг ҳаммаси оёқда тик туриб кутишади. Кейин қўлларини қисиб жилмайишади. Йигирма марталаб қайта-қайта текширилган пионерлар қўлларида гулдасталар билан… Уф-ф!
Эртаси куни якшанбада — 25 июнда тарҳи эскича ўша хос уйнинг ўзида, устига атиргуллар қўйилган ўша думалоқ столнинг теварагида президентнинг Министрлар Советининг Раиси билан иккинчи — якунловчи учрашуви бўлди.
Ўтган бир кун мобайнида Техасдаги ранчосида мириқиб дам олган кўринади. У бардам ва тетик эди, ҳатто офтобда бир оз қорайганидан яшариб кетгандай туюларди. Алексей Николаевич эса, аксинча, жуда толиққан, уйқуга тўймаган кўринар, нима учундир боши оғрир эди.
— Хўш, қалай? — деб сўради Жонсон хушнудлик билан — аввал суҳбатдошининг саломатлигини суриштириб, Ниагара шовваси унда қандай таассурот қолдиргани билан қизиққач, — Манови папка билан танишдингизми? Миср ҳужжатлари билан?
— Танишдим, — деди Алексей Николаевич қуруққина оҳангда. Кечаси у ҳужжатларни варақлаб чиқиб, уларнинг кўпчилиги ўзига таниш эканини кўрган эди. Носир махфий равишда Исроилга зарба бермоқ учун анчадан бери пухта тайёргарлик кўриб келган экан.
— Хўш, бу масала тўғрисида сиз нима дейсиз?
Алексей Николаевич бир оз индамай қолди, негадир бурнининг тепасини қашиди, таржимонларга қаради — аввал ўзиникига, кейин америкаликка. Уларнинг иккови ҳам навқирон, хушбичим, соқолларини роса қиртишлаб олган, эҳтиромли қувноқ юзларида ҳар қандай ишни дарҳол бажо келтиришга ҳозирликлари зуҳур этиб турарди. Фақат уларнинг бири қора кўзли, иккинчиси қўнғир кўзли эди, холос. Премьер яна бурнининг устини қашлаб қўйди.
— Ўзингизни бемалол, эркин ҳис қилаверинг, — деди унинг нигоҳини пайқаб қолган президент. — Суҳбатимизнинг махфий қолишига кафолат бераман. Биронта ҳам сўз бу хонадан ташқарига чиқмайди.
Алексей Николаевич бош ирғади ва ўзининг қора кўзли таржимонига ўгирилди:
— Агар малол келмаса, машинадан менинг портфелимни олиб келиб берсангиз. Қорасини эмас, сариғини…
Таржимон “тушундим” дегандек бошини қуйи эгди ва хонага тўшалган қалин гилам устидан товушсиз қадам ташлаб чиқиб кетди.
Алексей Николаевич стол устида ётган оппоқ қоғоздан бир варақ олдида, унга йирик ҳарфлар билан рус тилида тез-тез бир нималарни ёзиб, президентга узатди. Президент жилмайди ва қоғоздаги ёзувга қарамай, уни таржимонига берди. Шу пайтгача таржимон чеҳрасини тарк этмаган хушнудлик бирдан йўқолди, унинг ақлли кўзларида ҳайронлик ва саросима ифодаси зуҳур бўлди. Ҳатто уни қўрқиб кетганга ҳам йўйиш мумкин эди. Сўнг қандайдир хавотирлик ва саволчан назар билан Алексей Николаевичга қаради. У хотиржамгина индамай бошини эгиб ўтирарди.
Таржимон овозини пасайтириб, шивирлаётгандай гапирди. У қоғоздаги ёзувни Жонсонга таржима қиларди.
Мактуб жуда қисқа эди: “Жаноб президент, қандай шарт-шароит билан мен сизнинг мамлакатингизда паноҳ топишим мумкин?”
Жонсон таржимон узатган варақни дарров олақолгани йўқ, уни олиб ўзига нотаниш сўзларни диққат билан ўқиб чиққач эса ўриндиқнинг орқа суянчиғига ўзини ташлади. Бир неча сония иккала давлат арбоби ҳам мижжа қоқмай, бир-бирининг кўзига қараб қолди.
Стол теварагида ўтирган уч одамнинг биронтаси ҳам умрида бунақа воқеага дуч келмаган эди. Сирасини айтадиган бўлсак, жаҳон тарихида ҳали бирон марта бунақа воқеа рўй бермаган эди. Қўшма Штатлар президентининг бир оғиз гапи курраи заминда яшайдиган уч миллиарддан ортиқ одамнинг тақдирини кескин буриб юбормоғи мумкин эди, шу жумладан, бир-бирига рўбарў ўтирган, ўз ҳаётида ҳар хил паст-баланд нарсаларни кўп кўрган, ёши ўтинқираб қолган ва саломатликлари унча бақувват бўлмаган икки одамга тегишли мамлакатлар аҳолиси ҳам бу алғов-далғовлардан четда қолмас эди.
Бурчакдаги готик эҳромга ўхшайдиган соат бўлиб-бўлиб, жуда секинлик билан занг ура бошлади. Соат миллари “12” рақамининг устида учрашган эди.
Масалани ўйлаб кўриш ва ҳал қилиш учун Жонсоннинг вақти йўқ эди, дарҳол ва узил-кесил “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб бермоғи керак. Ҳамишагидек, Жонсон ночор аҳволга тушганида қўллайдиган усулни танлади. Энг мушкул вазиятларга тушиб қолганида бу усул ҳар гал унинг жонига ора кирарди. У фол кўрди: агар русларнинг таржимони соат занг уриши тугамай қайтиб келса, “Ҳа” дейди, йўқса “Йўқ”.
Агар “Ҳа” деса-чи?
Уруш бошланиб кетармикан? Одам ўғирлашда, шантаж қилишда айблашарми эканлар? Ялпи сафарбарлик эълон қилинармикан? Ракеталар ишга тушармикан? Ёки… Ёки бу ҳол Москвадагиларга жуда ажойиб баҳона бўлармикан? Шундай қилинса, ҳаддан зиёд мўътадил, таваккалчиликни ёқтирмайдиган, сиёсат масалаларида анча соғлом ва реалистик тарзда иш тутадиган, кескин муюлишларда ҳаракатни секинлаштирадиган, ёши ўтиб қолган, буйраги хаста курашчи эмас, матлуботчидан қутулишларига баҳона бўлади-ку! Баҳонами? Эҳтимол. Лекин, айни чоқда, Яқин Шарқда янги ёнғинларга йўл очади-ку бу! Вьетнам-чи? Мао Цзедун-чи? Де Голл-чи? Унинг империализмга қарши курашида қўшимча далда бўлмайдими? Боннчи? Бунинг ўзини нима қилади кейин? Турли-туман хотиралар ёзиб, матбуот конференциялари ўтказиб юрган Светлана Аллилуеванинг ўзиёқ етиб ортар. Эҳтимол, бу кишим ҳам хотира ёзишга киришар? Албатта, чакки бўлмасди, лекин… Борди-ю, барибир, уруш бошланиб кетса-чи?
Соат занг урди: беш… олти… етти… “Мана шу шапалоқдеккина бир варақ қоғоз эвазига мен миллион доллар олишим мумкин эди… — деб ўйлади президентнинг ёнида ҳайкалдек қотиб ўтирган таржимон йигит. — Ҳар иккала ҳолда ҳам. Лекин у қўлимдан чиқиб кетди-да… Ё парвардигор… Шунақа сирни ичингда сақлаб қандай яшаш мумкин-а? Миллион… Миллион…”
Соат яна занг урди: саккиз… тўққиз… ўн… “Оқшомлари эса телевизор…” Алексей Николаевич ўзини халат кийиб олган ҳолда диванда ётганини тасаввур қилди. Ҳеч қанақа “Правда”ю “Известия ТАСС-ПАСС деган гаплар йўқ. Аҳён-аҳёнда Александр Фёдорович билан бир рюмка-икки рюмка Смирнов арағидан ичишиб турса бас.
Соатнинг сўнгги ўн иккинчи занг уришида қора кўзли таржимон кириб келди.
“Буни олдин дейиш керакми ёки кейин деб ҳисобласа ҳам бўлаверадими?” деган хаёл Жонсоннинг миясини зирқиратиб ўтди. Ўйлаб кўриш учун эса сониянинг юздан бир қисмича вақт берилган. “Қолаверса, у соат занг ураётганда келгани йўқ, балки занг садолари тинаётганда кирди…
Курраи заминда яшайдиган уч ярим миллиард оқ, қора, кўкранг, жигарранг, сариқ, қизил (ҳа, қизил ҳам!) одамнинг тақдири ўзгаришсиз қоладиган бўлди.
Президент стол устидаги каттакон биллур кулдонни олдига тортди. Шу лаҳзанинг ўзида қўнғир кўзли, башараси аллақачон аввалги ҳолатига қайтиб улгурган таржимоннинг қўлида заифгина кўкиш аланга пайдо бўлди ва чорбурчак қоғоз ёниб, кули кулдонга тушди.
Тамом-вассалом! Қолганининг қизиғи йўқ. Қолгани газеталардан маълум. Америка матбуотида очиқроқ ва батафсилроқ, совет матбуотида эса мухтасар бир тарзда, тафсилотларсиз ёритилади.

* * *

Внуково устида самолёт катта доира ясади ва пастлай бошлади. Алексей Николаевич иллюминатордан қараб, аэродромни кўрди. Ҳар томонда самолётлар ерга қапишиб ётибди, ангарлар, аэровокзалнинг эски биноси, унга ёндош қурилган янги ойнаванд иморат кўринди. Кейин Внуково-2 пайдо бўлди. Ҳукумат эҳтиёжлари учун қурилган бу иморат тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, наригисидан чоғроқ эди. Бетон майдон худди ювиб қўйилгандай топ-тоза. Бир гуруҳ одам подадек бўлиб самолёт қўнадиган жойга яқинлашмоқда. Ўшалар…
Самолётнинг қаноти остидан аллақандай мевазор боғлар ўтди, кейин аэродром чироқлари лип-лип кўринди, самолёт бир сакраб-силкинди, яна бир силкинди, кейин — тамом.
— Москва, Алексей Николаевич, Ватанга эсон-омон етиб келганингиз билан…
Громико нима учундир пальтосини киймоқда эди. Ҳолбуки, об-ҳаво маълумотига қараганда, ҳозир Москвада ҳарорат 25 даражадан кам эмас эди.
“Ил” сўнгги марта бир чайқалди-да, тўхтади. Эшиклар очилди, шу баробари траплар ҳам олиб келинди.
Алексей Николаевич портфелини қўлига олди — шунчаки қўлида бирон нарса бўлиши учун, иккинчи қўлидаги шляпасини экипажга қараб хайр-маъзур маъносида силкитди. Экипаж аъзолари хушмуомалалик билан жилмайишди, уларнинг юзида севинч ҳислари зуҳур этар эди (ниҳоят, етиб келдиг-а!). Кейин Алексей Николаевич трапдан туша бошлади.
Учиш майдонига ётқизилган катта-катта бетон плиталар устидан юриб юзларида табассум билан бир гуруҳ эркак-аёл Алексей Николаевичга пешвоз келмоқда эди. Бироқ уларнинг табассуми экипаж аъзолариникидан фарқ қиларди. Бу табассум унга таниш, унга кўникиб қолган, ҳатто биқин чўнтакларида юравериб эзилиб кетгандай туюларди. Булар — КПСС Марказқўмининг аъзолари ва аъзоликка номзодлар. Улар яхши дазмолланган костюм-шимларда, аёллари эса тўладан келган бўлиб, Парижда тикилган ёхуд жилла бўлмаса Америкадан олиб келинган жакетларда эди.
Ё тавба-ей… Энди уларнинг қўлларини бир-бир сиқиб чиқиш керак, юзингни уларнинг ияги ва қулоқларига суртмоқ лозим. Кейин жилмаймоқ, жилмаймоқ, жилмаймоқ зарур.
Кул, кулавер, масхарабоз!
Пионер болакайлар унга гулдасталар тақдим этишди. Улар текширувдан ўтган. Гуллар эса махсус гулзорларда ўстирилган. Улар ҳам бир эмас, икки марта текширувдан ўтказилган — бир марта гулхонанинг ўзида, иккинчи марта шу ерда — аэродромда.
Анови телевизор қаёқда дейсиз? Энди на диван бор, на кифтга иладиган халат… Энди ҳеч қачон бир қадаҳ “Смирнов” арағи деган нарсалар ҳам бўлмайди. Яна ўша кабинет, дубга ўхшатиб бўялган деворлар. Ва шивирлагандек паст жирингловчи телефонлар. Ва яна — бароқ қошлар, кулгичлар, оғиздан бурқсиб турадиган ичкилик ҳиди. Олдинда-чи?
Орадан бир йилдан сал кўпроқ вақт ўтгач, совет танклари Прагага кириб борди.

Озод Шарафиддинов таржимаси
“Тафаккур” журнали, 2004 йил, 4-сон

Виктор Некрасов ва унинг “Қирол Нью-Йоркда” ҳикояси ҳақида

Виктор Некрасов адабиётга урушдан кейин кириб келган. Кечагина фашист босқинчиларига қарши мардона жанг қилган одам биринчи китоби — “Сталинград хандақларида” қиссаси билан жуда машҳур бўлиб кетди. Бу қисса уруш ҳақидаги асарлар бобида янги саҳифа очди ва мана — ярим асрдирки, ўзининг қимматини йўқотгани йўқ.
Гап шундаки, Виктор Некрасовдан олдин ҳам Иккинчи жаҳон уруши адабиётдаги марказий мавзулардан бири бўлган ва бу борада юзлаб асарлар яратилган эди. Аммо уларнинг кўпчилигида уруш мавзуси ғоят бир томонлама ва саёз акс этарди. Аксарият ҳолларда порох ҳидини ҳидламаган, урушнинг нималигини ичдан кўрмаган, уни кинофильмлар орқалигина тасаввур қилган адиблар урушни тантанали юришлардан иборат бир жараён қилиб кўрсатар эдилар. Натижада ҳаёт ҳақиқатидан мутлақо йироқ, ниҳоятда енгил-елпи асарлар кўпайиб кетди. Бундан ташқари, ўша давр цензурасининг талаби билан асарларда фақат шўролар томонининг ғалабалари тасвирланар, душман эса фаросатсиз, калтабин, қўрқоқ махлуқлар тўдасидан иборат қилиб кўрсатилар эди. Ундоқ бўлса, фашистлар қандай қилиб Москва остоналаригача етиб келди, Сталинградни вайрон қилди, деган саволларга жавоб йўқ эди. Ҳарбий воқеликнинг бундай тасвирланиши одций жангчилар шаънига доғ ҳам соларди; улар чеккан машаққатлар арзимас бир нарсадек тасвирланса, умуман, бутун халқ не-не талофатлар эвазига, мислсиз машаққатлар чекиб, миллионлаб одамларни қурбон қилиб эришган ғалаба камситилар эди.
Хуллас, эллигинчи йилларга келиб бевосита жангларда иштирок этган, қон тўккан, хандақларда оч қолиб, битларга ем бўлган одамлардан чиққан ёзувчилар цензура тақиқларига қарамасдан, уруш ҳақидаги бор ҳақиқатни ёза бошладилар. Бу асарларда “хандақ ҳақиқати” рўйирост кўрсатилди, уруш оддий аскарлар, кичик зобитлар назари билан таҳлил қилинди.
В.    Некрасовнинг “Сталинград хандақларида” асари ана шундай адабиётнинг илк намуналаридан эди. Қиссани оддий китобхон зўр қизиқиш билан, коммунистик мафкура муҳиблари эса ғашлик билан қарши олдилар, муаллифни совет тузумининг душмани сифатида баҳоладилар.
Адиб бундан кейинги асарларида ҳам, нима тўғрисида ёзмасин, ҳаёт ҳақиқатини марказга кўйиб қалам тебратди. Бу шўро мафкураси шароитида жуда қийин иш эди. Тегишли ташкилотлар Некрасовнинг асарларини босмасликка, ҳатто номини ҳам тилга олмасликка буйруқ бердилар.
Ёзувчи муҳожирликка кетишга мажбур бўлди. У кўп йилларини Парижда ўтказди, ўша ерда бир қатор эсселар, хотиралар яратди. Шундай асарларидан бири “Қирол Нью-Йоркда”ҳикоясидир. Ҳикоя 1974 йилда ёзилган, аммо ўттиз йил ўтгандан кейингина — 2004 йили “Знамя” журналида эълон қилинди. Асарга ўша вақтларда СССР Министрлар Советининг Раиси бўлиб ишлаган Косигин ҳаётига оид бир этюд асос қилиб олинган. Косигин Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир сессиясига совет делегациясининг бошлиғи бўлиб боради ва у ерда 1917 йилда Муваққат ҳукуматнинг бошлиғи бўлган, кейинчалик Нью-Йоркда муҳожирликда ҳаёт кечирган Керенский билан учрашади, у билан ҳатто ярим кун маишатбозлик қилади. Кейин эса, АҚШ президенти билан учрашганда унга “Мабодо мен сиёсий бошпана сўрасам, берармидиларинг?” деб мурожаат қилади…
Ҳикоя катта қизиқиш билан ўқилади, лекин айтмоқ керакки, муаллиф реал одамларни қаҳрамон қилиб олган бўлса-да, бадиий адабиёт қонунларига кўра, асосан, тўқимага кенг ўрин берган. Косигиннинг Керенский билан учрашуви ҳам, АҚШ президентидан сиёсий бошпана сўрагани ҳам ана шундай тўқимадир. Аммо ёзувчи мазкур шартли усул воситасида шўролар замонида ҳатто энг баланд рутбали кишилар ҳам эркин яшамаганини, бўғиқ муҳит, ҳамма нарсани тақиқловчи тартиблар барчани баробар эрксизлик дардини чекишга мажбур қилганини моҳирлик билан акс эттирган. Ҳикоя бугунги ўқувчиларга, айниқса, шўро замонидаги тартибларни бугун афсонадек қабул қилгувчи ёшларга муайян фойда келтиради деб ўйлаймиз.

Таржимон