1-таржима
Бобо етмиш уч ёшда, Петка эса ўн учга кирганди. Бобо шарттаки ва асабий эди, қулоғи оғирлигидан азоб чекарди. Петка ёшига қараганда мустақил, новча, уятчан ва ўжар эди. Улар дўстлашиб қолгандилар
Улар бу дунёда ҳаммадан кўра кинони яхши кўришарди. Бобонинг пенсия пули-нинг ярмиси чипта сотиб олиш учун кетарди. Одатда ой охирида пулини санаркан, бобо Петкага аламли қувонч билан эълон қиларди:
– Икковимиз беш сўмнинг бошига сув қуйибмиз!
Петка одоб юзасидан қиёфасига таажжубланган тус берди.
– Ҳеч қиси йўқ, боқиб олишади, – деди бобо ( у Петканинг отаси ва онасини кўз-да тутаётганди. Петканинг отаси бобонинг ўғли эди). – Бу иккаламизнинг фойдамиз.
Улар доим биринчи қаторда ўтиришар, бу ерда бобо яхшироқ эшита оларди. Лекин барибир у сўзларнинг ярмисини тушуна олмас, актёрларнинг лабига қараб нима деётгани-ни тахминларди. Баъзан бобо ҳеч бир сабабсиз тўсатдан хо-холашга тушарди. Томоша залида эса бошқа ҳеч ким кулмасди. Петка бобосининг биқинига туртар ва аччиғланиб пичирларди:
– Сенга нима бўлди? Тентакка ўхшаб …
– У нима деди бўлмаса? – сўрарди бобо.
Петка бобосининг нақ қулоғига шивирлаб, актёрнинг нима деганини айтарди:
– Суръатни пасайтирмасдан.
– Ҳе-ҳе-ҳе, – бобо ўз устидан оҳиста куларди. – Мен бошқача эшитибман.
Баъзан кимдир айбсиз инсонни ўлдирганида бобо йиғига тушарди.
– Эҳ сиз … одамлар! – у алам билан шивирларди ва рўмолчасига бурун қоқарди.
Умуман у экранда кўргани ҳақида гапиришни яхши кўрарди. Кинода қаттиқ ўпишиб қолишса, у жилмаяр ва пичирларди :
– Шайтоннинг иши!.. Сен қара, қарагин… Ҳеҳ!
Кинода урушиб қолишса, қўлларини стулга тираб олиб, берилганча диққат билан муштлашувни томоша қиларди ( айтишларича у ёшлигида жанжаллашишга ўч бўлган. Ва жанжаллашиш қўлидан келган.)
– Йўқ, ановиниси бўлмағур … э, нима… нимжон. Буниси бўлса ёмон эмас, абжир. Борди-ю, ясамалик бўлса дарров илғаб оларди
– О-ла, – дерди у хафа бўлиб, – буни ёлғондан қилишди.
– Қон чиқаяпти-ку, – Петка норози бўларди.
– Шо-ош-ма … қон. Нима бўпти? Бурун деганлари нозик келади: салгина тушир-санг, дарров қонайди. Аслида номига муштлашяпти.
– Номига муштлашяпти эмиш!
– Албатта, номига-да .
Ортдагилар уларни туртишди ва жим бўлиб қолишди.
Баҳснинг каттаси клубдан чиқишгандан сўнг бошланди. Гап айниқса қишлоққа бағишланган филмларга келганда бобонинг қаттиқ жаҳли чиқарди.
– Ҳаммаси бўлмағур, – дерди у. – Бунақаси бўлмайди.
– Нега бўлмас экан ?
– Нима, сенингча анови йигитнинг иши ўзига ярашадими?
– Қайси йигитни айтяпсиз?
– Гармошка кўтарган-чи. Деразадан кирмоқчи бўлган йигит-да.
– У деразадан киргани йўқ, – Петка бобосининг гапини тўғрилади; у филм воқеаларини бошдан-охир аниқ эсларди, бобоси аралаштириб юборар ва бу Петканинг ғашига тегарди,- У қўшиқ айтиш учун деразага рафига чиқиб олди, холос.
– Чиқдими, ахир. Мана мен, эсимда турибди, бир марта деразага чиққандим…
– Нима у сенга ёқмаяптими?
– Ким?
– Намунча кимладинг!.. Ана қайси бир йигит деразага чиқибди. Уни ўзинг айт-мадингми?
– Ҳеч ҳам бундай эмас, – бобо жимжилоғининг учини кўрсатди. – Аллақандай бир Ваня-тентак. Ашула айтади ва юрганча ашула айтади… Бизда битта Ваня-тентак борийди – юрган йўлида ашула айтгани-айтган эди.
– Ахир у севиб қолган-ку! – Петка асабийлаша бошлади.
– Севса нима бўпти?
– Севганийчун ашула айтади-да.
– А?
– Ашула айтишининг сабаби бор, деяпман !
– Бунақаларни қачонлардир кулгига кўмиб ташлашарди! Йўлини юролмасди. Севар-мишлар … Севган одам, уялади. У бўлса қишлоқнинг тўрт томонини бошига кўтариб юрибди… Қайси аҳмоқ қиз унга тегади! У жи-ид-дий йигит эмас. Эсимда турибди, бизга бирон қиз ёқиб қолса, икки кўча наридан ўтардик – чунки уялардик. Севармиш… Севсанг-севавер истаганингча, лекин нега бундай ашула айтиб…
– Нима – нега?
– Одамларга кулги бўлиб нима? Эсимда бор, биз …
– Яна “биз, биз”. Ҳозир одамлар бошқача бўлишган !
– Нимага бошқача бўлишган экан? Ҳар доим одамлар бир хил бўлишган. Нима сен ўзимизда бунақа тентакларни кўп кўрганмисан?
– Бу бир кино-да. Ўхшатиш яхши эмас.
– Мен ўхшатаётганим йўқ. Мен йигитнинг ҳаракатлари ўхшамаган, деяпман, вассалом, – бобо сўзида туриб олди.
– Ана ҳаммага ёқяпти-ку! Кулишди-ку! Мен ҳам кулдим.
– Сен ҳалли кичкинасан, шунийчун сенга кулгили. Мана мен дуч келган нарсага кулавермайман.
Бобо катталар билан санъат борасида камдан-кам баҳслашарди – қўлидан келмасди. Баҳс бошланиши билан асабийлашар, ҳақоратлашга тушарди.
У бир марта катталар билан айтишиб қолди, ўша бир мартагина ҳам бошига ғавғо олиб келди.
Бу воқеа бундай бўлганди.
Улар – Петка икков комедия кўриб, клубдан чиқишди ва бири олиб-бири қўйиб уни данагидан мағзигача чақишга тушишди.
– Биласанми, одамга нимаси алам қилади: шайтонлар, анов актёрлар-да ўзлари қаҳ-қаҳлашади, сен эса ўтираверасан, қитиқлашса-да, кулгинг келмайди! – бобо қаттиқ аччиғ-ланди. – Сени кулгинг қистадими нима?
– Йўқ – тан олди Петка. – Фақат бир мартагина, улар машина билан ағдарилиб кетишганда.
– Ана кўрдингми! Биз-чи пулини тўлаб қўйганмиз – эски пулга икки сўмдан! Уларчи, ўзлари кулишди, тамом.
– Муҳими, “Комедия” деб ёзишди.
– Комедия!.. Бунақанги комедия учун уларнинг тишларини уриб синдириш зарур.
Улар уйга қаҳру-ғазабга тўлиб қайтишди.
Бу пайтда уйларида телевизорда қишлоқ ҳаётига оид қандайдир бир филм кўриб ўтиришарди.
Уйларига Петканинг холаси, яъни онасининг синглиси меҳмонликка келганди. Бир ўзи эмас, эри билан. Ҳа, шаҳардан. Мана энди ҳаммаси ўтириб олиб телевизор томоша қилишяпти. ( Бобо ва Петка икковлоннинг телевизорни ҳеч жинлари суймасди. ” Ҳали мен бўйдоқ эдим, акам, Микита, уйланди, ана шунда мен уларнинг хоналарига тешикдан мўра-лаш учун боришни яхши кўрардим. Телевизор уларники-да: назарингда мўралаганингча ҳаммасини кўраётгандайсан» – деди бобо бир-икки марта телевизион кўрсатувларни томоша қилгач.)
Ана, демак, ҳамма ўтирибди, томоша қиляпти.
Петка дарс тайёрлаш учун тезда даҳлизга чиқиб кетди, бобо эса бошқалар билан бирга қолди, беш дақиқача телевизордаги ялтир-юлтурларга қараб ўтирди ва ҳаммани ўзига қаратди:
– Бўлмағур нарсалар. Бундай бўлмайди.
Петканинг отаси хафа бўлди:
– Ота, жим бўлгин, халақит берма..
– Йўқ, бу қизиқарли, – деди шаҳарлик хуштакаллуф киши. – Отахон, нега бундай бўлмайди, деб ўйлайсиз? Нега бўлмас экан?
– А?
– У яхши эшитмайди, – тушунтирди Петканинг отаси.
– Мен нега бундай бўлмайди, деб сўраяпман. Сизнингча қандай бўлади? – шаҳар-лик киши олдиндан негадир жилмайиб қўяр экан, баланд овозда такрорлади.
Бобо унга шубҳали кўз ташлади:
– Бундай бўлмайди, ана шундай. Ман-на сен унга қараб ростдан ҳам дурадгор деб ўйлаяпсан, лекин мен бундай назар солиб, унинг ҳеч қандай бир дурадгор эмаслигини дарров билиб олдим. У ҳатто болтани тўғри ушлашни билмайди.
– Отам билан Петка икковлари бизнинг танқидчиларимиз, – деди Петканинг отаси бобонинг сўзлаш оҳангини бироз юмшайтириш мақсадида.
– Қизиқ, – шаҳарлик яна оғиз очди. – Нега сиз у болтани тўғри ушлашни билмай-ди деган қарорга келдингиз?
– Чунки мен бир умр дурадгорлик қилганман. “Нега бундай қарорга келдингиз?” эмиш.
– Ота, – Петканинг аммаси гапга қўшилди, – нима қипти шунга?
– Нимага?
– Менга бу одамнинг ўзи қизиқарлироқ .Тушундингизми? Мен унинг ҳақиқий дурадгор эмаслигини биламан, у – актёр, лекин менга қиз… менга жуда қизиқ…
– Худди мана шунақалар студияда ўтирволиб ёзишади, – деди яна жилмайганча Петканинг аммасининг эри.
Петканинг аммаси ва унинг эри ўта ақлли ва ҳамма нарсани билишарди. Улар бобо билан кулганча гаплашишарди. Бу бобонинг аччиғини чиқарди.
– Бу сенга муҳим эмас, менга эса муҳим, – у қизини оғиз очиргани қўймади, — Улар сенга пуфакни пуфлаб ўтқазишади, лекин менга ўтқазишолмайди.
– Ха-ха-ха, – шаҳарлик киши кулди. – Ҳақингни олдингми?
Петканинг аммаси ҳам тиржайди.
Петканинг отаси ва онаси бобонинг гапларидан хижолатга тушишди.
– Ота, сени кўнглингни топиш росаям қийин, – деди Петканинг отаси. – Яхшиси Петканинг олдига бор, унга ёрдамлаш. – Петканинг отаси шаҳарликка томон бурилди ва паст товушда тушунтирди:
– Ўғлимга дарс тайёрлашга ёрдам беради, лекин ўзи ҳеч нарсани билмайди. Икков-лари тортишгани-тортишган. Кулгинг қистайди!
– Қизиқ чол, – шаҳарлик Петканинг отаси гапини маъқуллади.
Ҳаммалари чолни унутиб, яна кино кўришга тушишди. У орқада худди башарасига тупуриб ташланган одамдай турарди. Яна бирпас турди-да Петканинг олдига кетди.
– Кулишяпти, – деди у Петкага.
-Кимлар?
– Ана… – чол меҳмонхона томон бош ирғади – Майли, сен қари тўнка ҳеч нарса-ни билмайсан дейишяпти. Улар-чи, тушунишади!
– Эътибор берма, – маслаҳат берди Петка.
Чол стол ёнига бориб ўтирди, оғиз очмади. Бироздан сўнг яна гапга тушди.
– Сен аҳмоқсан, дейишди, ақлингни еб қўйгансан…
– Нима, шундай дейишдими?!
– Нима?
– Сени аҳмоқ дейишдими?
– Ўтириб олиб кулишгани-кулишган. Улар жуда кўп нарсани билишади-да ! – Пет-канинг таъбири билан айтганда бобо тобора «ўт оларди».
– Эътибор бермагин, – Петка яна маслаҳат берди.
– Саводхонлар… Келишди! – Бобо ўрнидан туриб сандиқ титкилади, пул олиб, чиқиб кетди.
Бир соатдан кейин маст қайтиб келди.
– О-о! – Петка ҳайратга тушди (бобоси камдан-кам ичарди). – Сенга нима бўлди?
– Томоша қилишяптими? – сўради бобо.
– Томоша қилишяпти. У ёққа кирма. Кел, ечинтириб қўяй. Нега ичдинг?
Бобо ёғоч катга оғир чўкди.
– Улар тушунишади, сен билан мен тушунмаймиз ! – бобо овозини баралла қўйди -Сен аҳмоқсан, бобо, дейишди! Сен ҳаётда ҳеч нарсани тушунмайсан. Улар-чи, тушуни-шади! Пуллари кўпми?! – бобо энди бақира бошлади. – Пулинг бижғиб ётган бўлса-да, бурнингни кўтарма! Мен бир умр эгилиб-букилиб ҳалол меҳнат қилдим. Энди мен жим-гина ўтиришим керак экан. Ҳей, сен ўзинг умрингда қўлингга болта ушлаганмисан?! – Бобо эшик билан гаплашарди, унинг ортида телевизор кўриб ўтиришарди.
Петка ўзини йўқотиб қўйди..
– Керак эмас, керак эмас , – у бобосини хотиржам бўлишга ундарди . – Кел, мен сени ечинтириб қўяман. Уларни қўявер !..
– Йўқ, тўхта, мен унга айтадиганимни айтаман … – Бобо ўрнидан туришга уринди, лекин Петка уни ушлаб қолди:
– Бобожон, керак эмас !
– Шаҳарлик ичи пўк олифталар . – Бобо тинчлангандай бўлиб, жимиб қолди.
Петка унинг битта этигини тортди.
Лекин шу пайт чол нимагадир бош чайқади.
– Сен менинг устимдан кулмоқчи бўляпсанми? – унинг кўзлари яна аламли чақнаб кетди. – Мен сенга битта сўзни айтишим мумкин!.. – Бобо этикни олди-да, меҳмонхонага қараб юрди. Петка уни тўхтатиб қола олмади.
Чол меҳмонхонага кирди-да, қўлини силтаб этикни телевизорга ирғитди:
– Мана сизларга!.. Сизларнинг дурадгорларингизга ҳам!
Экран чил-чил синди.
Ҳамма ўрнидан ирғиб турди. Петканинг аммаси ҳатто чинқириб юборди.
– Масхара қилмоқчи бўлдингларми! – бақирди чол. – Сен бирон марта қўлингга болта ушлаганмисан?!
Петканинг отаси чолни қўлтиқлашга уринди, лекин у қаршилик кўрсатди. Курси-лар тўрт томонга шарақлаб учди. Петканинг аммаси яна чинқирди ва кўчага қараб отилди.
Петканинг отаси барибир чолни бўйсундиришга муваффақ бўлди, унинг қўлларини орқага қайирди ва сочиқ билан боғлашга тушди.
– Роса вақтингни топдинг-да, отагинам, мени тилимни қисиб қўйдинг, – Петканинг отаси чолнинг қўлларини қаттиқ боғларкан ғазабини тута олмади. – Раҳмат сенга.
Петка ўлгудек қўрқди, у кўзини катта очганча бўлаётган воқеаларни кузатарди. Шаҳарлик киши четда турар ва аҳён-аҳён бошини чайқаб қўярди. Петканинг онаси шиша синиқларини йиғиштирарди.
– Тилимни қисиб қўйдинг… – Петканинг отаси ҳадеб бир гапни такрорларди ва тишини гизлатди.
Чол ерга қараб ётар, бўялган полга соқолини ишқар ва бақирарди:
– Сен менинг устимдан кулавергин, мен эса сенга – битта сўзни айтаман!.. Бу сўзни айтганимдан сўнг овозинг ўчади. Агар сен айтганингдай мен аҳмоқ бўлсам…
– Нима мен шундай дедимми? – сўради шаҳарлик киши.
– У билан гаплашманг, – деди Петканинг онаси. – Ҳозир унинг қулоғи буткул том битган. Виждонсиз.
– Мени сиз билан битта дастурхон атрофига ўтиришимни истамайсиз, ҳа, майли! Лекин сен менга… Бу… майлига! – чол бақирди. – Лекин сен менга айтгинчи – умрингда битта дарахт кесганмисан? А-а!.. Ана шундай. Сен мени дурадгорликни тушунмайди де-япсан! Қишлоқдаги уйларнинг ярмини мен ўз қўлларим билан қурганман!..
– Роса вақтини топиб тилимни қисдинг, Худойим олсин сени, тилимни қисдинг, -ғулдулларди Петканинг отаси.
У гапириб тураркан Петканинг аммаси ва милиса ходими, шу қишлоқлик Ермолай Кибяков кириб келишди.
– Ўҳу-у! – деди Ермолай ёйилиб куларкан. – Тимофей амаки, нега бундай қилдинг? А?
– Хурсандчилигимни нақ бурнимдан чиқарди, – деди Петканинг отаси ўрнидан турар экан.
Милиса «ҳм-ҳм»лади, кафти билан жағини силади ва Петканинг отасига қаради. У рози бўлиб бош ирғади ва деди:
– Шундай қилиш керак. Ўша ерда тонг оттирсин-чи…
Ермолай фуражкасини бошидан олди, уни авайлаб михга илди, планшетдан бир варақ қоғоз олди ва стол ёнига келиб ўтирди.
Чол жимиб қолди.
Петканинг отаси бўлган воқеани қўшиб-чатмасдан ҳикоя қилди. Ермолай қорайиб кетган дағал кафти билан хумдек бошидаги ёғ босган сочини силади, йўталди ва столга кўкрагини тираганча, бошини чап тарафга қийшайтириб, ёзишга тушди.
“Гражданин Новоскольцев Тимофей Макарич, бир минг …”
– У нечанчи йил туғилган?
– Тўқсонинчи йилда .
“… Бир минг саккиз юз тўқсонинчи йилда туғилган, собиқ дурадгор, ҳозир пенсияга чиққан. Ажралиб турадиган белгиси йўқ. Юқорида кўрсатилган Тимофей жорий йил йигирма бешинчи сентябрида уйига ўткир арақ ичган ҳолда келган. Бу пайтда унинг оила-си телевизор кўриб ўтирган бўлган. Меҳмонлар ҳам бўлишган…”
– Нима деган кинофилм эди ?
– Билмайман. Телевизор қўйганимизда кино бошланганди, – тушунтирди Петка-нинг отаси. – Колхоз ҳақида .
“… Филмнинг номини эслашмайди. Бир нарсани билишади: колхоз ҳақида. Тимо-фей ҳам телевизор кўра бошлаган. Кейин у: ” Бундай дурадгорлар бўлмайди”, деган. Ҳамма Тимофейдан ўзини тутиб олишини сўраган. Лекин у тутақиб, ўз билганидан қол-маган. У яна бундай дурадгорлар бўлмайди, ҳаммаси ёлғон, деган. “Дурадгорларнинг қўли бундай бўлмайди, ҳеч қачон”. Ва қўлларини қарсиллатиб ура бошлаган. Ундан яна бир марта ўзини тутиб олишини сўрашган. Шунда Тимофей ўнг оёғидаги этигини ечган
( бичими – 43-45 , юнги тўкилган) ва телевизорга қараб отган.
Албатта, дунёдаги бор нарсани, яъни одатда кўз билан кўриш мумкин бўлган нар-саларни ирғитди.
КИБЯКОВ, милиса катта лейтенанти”.
Ермолай ўрнидан турди, протоколни икки қатлади, планшетига яширди.
– Тимофей амаки, кетдик!
Петка нима юз бераётганини ҳалигича англаб етмасди. Лекин Кибяков ва отаси икковлон бобосини ётган еридан турғазишаётганда уни қафасга олиб кетишаётганини тушунди. У додлаб йиғлади ва бобосини ҳимоя қилиш учун отилди:
– Уни қаерга опкетяпсизлар?! Бобожон, сени қаерга опкетишяпти!.. Ота, бундай қилма, керак эмас!..
Отаси Петкани итариб ташлади, Кибяков бўлса, кула бошлади:
– Бобонгга ачиняпсанми? Ҳоз-зир биз уни турмага тиқамиз. Ҳоз-зир…
Петка янада қаттиқроқ йиғлади.
Онаси уни бурчак томон олиб кетди ва юпата бошлади:
– Сен нимага йиғлайсан, унга ҳеч нарса бўлмайди! У ерда бир кеча ётади ва қайтиб келади. Эртага ўзи уялиб қолади. Йиғламагин, ўғлим.
Чолнинг этигини кийгазишди ва уйдан олиб чиқиб кетишди. Петка пиқиллаб йиғ-лади. Шаҳарлик аммаси ҳам Петкани юпатишга тушди:
– Петенка, сенга нима бўлди? Уни ҳушгакелтиргичга олиб кетишди, ҳушгакелтир-гич-га! У тезда қайтиб келади. Бизда, Москвада қанча одамни ҳушгакелтиргичга олиб кетишларини биласанми!..
Петка милисани аммасининг ўзи олиб келганини эслади, уни қаттиқ итариб таш-лади, печка устига чиқиб олди ва ёстиққа юзини босганча узоқ-узоқ йиғлади.
Русчадан Ўринбой Усмон таржимаси
2-таржима
ТАНҚИДЧИЛАР
Чол етмиш учда, набираси Петька ўн уч ёшда эди. Қария қотмадан келган,асабий, қулоғи оғирроқ. Бўйи чўзилиб қолган Петька эса ёш бўлишига қарамай, ўзига мустақил, ўжар, лекин тортинчоқ. Иккови жуда иноқ эди.
Уларнинг жону дили – кино. Чол нафақасининг нақ ярмини кинога сарфлайди. Ҳар ойнинг охирида у Петькага:
— Икковлон беш сўмнинг тагига сув қуйибмиз, — дейди ҳам алам, ҳам фахр билан.
Петька одоб юзасидан ҳайратланган бўлади.
— Ҳечқиси йўқ, боқиб олишар, — дейди бобоси ( Петьканинг ота-онаси назарда тутилади. Чол Петькага ота томондан бобо бўлади). — Бизнинг томоша кўриб қолганимиз қолади.
Улар ҳамиша биринчи қаторда ўтиришади: арзонгина, чолга яхши эшитилади. Қулоғи оғирроқ-да, сўзларнинг ярмини эшитолмай, актёрларнинг лаб-лунжига тикилибгина фаҳмлаб олади. Баъзан чол томдан тараша тушгандай, ўзича хо-холаб қолади. Залда эса ҳеч ким миқ этмайди, Петька биқинига туртиб, жаҳл билан шипшийди:
— Нима жин урди? Эсингиз жойидами…
— Ҳалигинда нима деди ўзи? — сўрайди чол.
Петька бобосининг қулоғига шивирлайди:
— “Тезликни пасайтирмай” деяпти.
— Ҳи-ҳи-ҳи, — чол энди ўзидан-ўзи кулади. — Менга бошқачароқ туюлувди.
Баъзан биронта гуноҳсизни жабрлашса, чол йиғлаб юборарди.
— Эҳ…одамлар-ей, одамлар! — алам билан пичирлайди у рўмолчасига бурнини қоқа туриб. Умуман, у экранда кўрганларини гапириб юришни ёқтиради. Айтайлик, экранда астойдил ўпишиб қолишса, истеҳзо билан ишшаяди:
— Вой, шайтонлар-ей!.. Буни қара, буни қара… Эҳ…
Муштлашишни кўрсатиб қолишса, стулни чангаллаганча энтикиб, киприк қоқмай томоша қиларди (айтишларича, ёшлигида анча жангари бўлган экан. Балодай муштлашган дейишади ).
— Йўқ, анависи… бўлмайди, нимжон. Мана буниси дуруст, анча чайир экан, азамат.
Дарвоқе, сохталикни пайқарди.
— Э-э, — дерди ҳафсаласи пир бўлиб, — жўрттага қилишяпти.
— Ростакамига қон чиқиб кетди-ю, — деб эътироз билдиради Петька.
— Ҳмм…қон дегин. Хўш, нима бўпти? Бурун дегани нозик нарса: сал чертсанг ҳам қонаб кетаверади. Гап бундамас.
— Бундамас эмиш.
— Албатта-да.
Орқадан туртишгач, улар жим бўлиб қолишади.
Баҳснинг каттаси клубдан чиқишганда бошланади. Чол, айниқса, қишлоқ мавзуидаги фильмларга қаттиқ эди.
— Ғирт бемаънилик! — дейди фильм ёқмаса. — Ҳечам бунақа бўлмайди!
— Нега бўлмас экан?
— Нима, ҳалиги йигит сенга маъқул тушдими?
— Қайси йигит?
— Гармон кўтаргани, деразага осилиб…
— Деразага осилгани йўқ, — Петька аниқлик киритади. У фильмдаги воқеаларни яхши эслаб қолар, бобоси эса кўпинча чалкаштириб, боланинг жаҳлини чиқарар эди. — У қўшиқ айтиш учун деразага чиқди-ку!
— Чиқса чиқибди-да. Мен ҳам, эсимда, бир марта деразага тармашганимда…
— Нима, у сизга ёқмадими?
— Ким?
— Ўша йигит-да, деразага чиққан. Ўзингиз гапириб турувдингиз-ку, ўшани.
— Тирноқчаям ёқмади, — чол чимчалоғининг учини кўрсатди. — Қандайдир Иван-тентакка ўхшайди. Қўшиқ айтиб, санғигани-санғиган. Биздаям битта шунақа Иван-тентак бўларди – хиргойи қилиб юргани-юрган эди.
— Ахир у севади-ку! — Петька асабийлаша бошлайди.
— Хўш, севса нима бўпти?
— Шунга қўшиқ айтади-да!
— А?
— Шунга қўшиқ айтади-да, деяпман!
— Унақада бориб-бориб ҳаммага кулги бўлади. Кўз очирмай қўйишади уни. Севармиш… Севган одам сал ийманади. Бу эса бутун қишлоқни бошига кўтариб юрибди. Унга қайси аҳмоқ тегарди. Ахир бу ғирт енгилтак-ку. Эсимда, биз ёшлигимизда биронта ойимқизга хуштор бўлиб қолсак, икки маҳалла наридан айланиб ўтардик – дуч келишга юрак бетламасди. Севармиш… Э, севсанг севавер, лекин…
— Нима яна лекин?
— Лекин масхаравозликка бало борми? Эсимда, биз…
— Тағин “биз-биз”. Ҳозир одамлар бошқача бўлиб кетишган!
— Қанақасига бошқача бўларкан? Одамлар ҳамма вақт бир хил бўлган. Сен бизда ҳалигинақа тентакларни кўп кўрганмисан?
— Энди бу ҳарҳолда, кино-да. Солиштириб бўлармиди?
— Мен ҳам солиштираётганим йўқ. Ўша йигит ўрнига тушмапти деяпман, холос, — чол айтганидан қолмасди.
— Ҳаммага ёқди-ку бўлмаса! Кулишди ҳам. Ҳатто мен ҳам кулдим.
— Сен ҳали болакайсан, сенга ҳамма нарса кулгили. Мен, масалан, бўлар-бўлмасга кулавермайман.
Чол катталар билан санъат ҳақида камдан-кам тортишарди — эплай олмасди. Дарров жини тутиб, сўкинишга тушарди.
Фақат бир мартагина катталар билан жиддийроқ ташлашган, ўшанда бошига бало орттириб олган эди.
Можаро шундай бўлганди.
Петька билан кинога тушишди – кулгили кино экан. Клубдан чиққач, гапни бир жойга қўйиб, фильмнинг авра-астарини ағдаришди.
— Энг алам қиладигани — ҳалиги шумтака актёрлар ўзлари кишнаб кулишади-ю, сен ўтирган жойингда парвойинг фалак, ҳатто илжайиб ҳам қўймайсан. Ё сен илжайдингми?
— Йўқ, — тан олди Петька. — Фақат бир марта, улар машинаси билан ағдарилиб тушганда…
— Ана шу-да! Ахир бизнинг пулимиз куйди-ку, икки сўм, эски пул ҳисобида! Улар бўлса, димоғлари чоғ, мазза қилиб кулишди, тамом-вассалом.
— Элбурутдан тағин “Комедия” деб тамға босиб қўйишгани-чи.
— Комедия эмиш!..Бунақа комедия учун тумшуғини ерга ишқалаш керак.
Уйга тажанг бўлиб қайтишди.
Бу палла уйдагилар телевизорда қандайдир қишлоқ мавзуидаги фильмни томоша қилишаётган экан. Петьканинг холаси, яъни онасининг синглиси ҳам эри билан бирга шу ерда экан. Улар шаҳардан. Хуллас, ҳаммалари ўтиришиб телевизор кўришарди. (Чол билан Петька телевизорни “ҳазм қилишолмасди”. “Бўйдоқлигимда, акам Микита уйлангач, уларнинг гўшангасига тирқишдан мўралагим келаверарди.Буларнинг телевизори ҳам шунга ўхшаш: бамисоли тирқишдан мўралаётгандайсан”, — дейди чол.)
Хуллас, ҳамма ўтирибди, томоша кетяпти.
Петька дарсини қилгани даҳлизга ўтиб кетди, чол бўлса, орқароқда туриб беш дақиқача томоша қилди-да, деди:
— Ғирт бемаънилик. Бунақа бўлмайди.
Петьканинг отаси ранжиди.
— Жим туринг, ота, халақит берманг.
— Йўқ, буниси анча қизиқ, — деди шаҳарлик хушмуомала киши… — Нега бунақаси бўлмайди дейсиз, отахон? Нега бўлмас экан?
— А?
— У яхши эшитмайди, — тушунтирди Петьканинг отаси.
— Мен нега бунақаси бўлмас экан, деб сўраяпман?! Қандай бўлиши керак? — шаҳарлик киши негадир олдиндан кулимсираб, баланд товушда гапини такрорлади.
Чол унга ёвқараш қилди.
— Бўлмайди-да. Сен уни кўриб туриб чиндан ҳам дурадгор деб ўйлайсан, мен бўлсам уни бир кўришдаёқ пайқадим: ҳеч қанақа дурадгор-пурадгор эмас у. Ҳатто болтани ҳам тўғри ушлолмаяпти.
— Булар, Петька иккови, ўзимиздан чиққан танқидчилар, — деди Петьканинг отаси чолнинг дағаллигини сал юмшатиш учун.
— Қизиқ, — деди шаҳарлик. — Нега энди болтани нотўғри ушлайди деяпсиз?
— Чунки мен бир умр дурадгорлик қилиб келган одамман. “Нега энди?” эмиш.
— Буважон, — гапга аралашди Петьканинг холаси, — ахир гап бунда эмас-ку!
— Нимада бўлмаса?
— Масалан, мени инсоннинг ўзи кўпроқ қизиқтиради. Тушуняпсизми? Мен биламан, бу ҳақиқий дурадгор эмас, бу – актёр, лекин менга… менга ҳаммадан қизиғи…
— Мана шунақалар студияга хат ёғдиради-да, — деди яна кулимсираб холанинг эри. Петьканинг холаси билан унинг эри жуда ақлли кишилар эди, улар ҳамма нарсани билишарди. Улар чол билан сўзлашаётганда ҳар замонда жилмайиб қўйишарди. Мана шуниси чолни жиғибийрон қиларди.
— Сенга униси муҳим бўлмаса, мана менга муҳим, — чўрт кесди чол. — Сени лақиллатиш уларга ҳеч гапмас, мени эса лақиллатиб бўпти!
— Хо-хо-хо! — қувнаб кулди шаҳарлик киши. — Бопладими?
Петьканинг холаси ҳам жилмайиб қўйди.
Петьканинг ота-онаси чол туфайли анча хижолат бўлишди.
— Сизнинг кўнглингизни овлаш жуда қийин ўзи, дада, — деди Петьканинг отаси, — яхшиси, бориб Петькага ёрдамлашинг. — Шаҳарлик киши томон энгашиб оҳиста тушунтирди. — Ўғлимга дарс қилишда ёрдам бериб туради, аммо ўзи алифни калтак деёлмайди. Қизиғи шуки, ўзаро баҳслашиб ҳам туришади. Жуда қизиқ-да!
— Аломат чол, — қўшилди шаҳарлик киши.
Ҳамма яна фильмга берилиб кетди, чол эсдан чиқди. У орқада, худди оташкуракда қимчиб ташлангандай, сўппайиб қолди. Яна озгина тургач, Петьканинг ёнига борди.
— Калака қилишяпти, — деди у Петькага.
— Ким?
— Анавилар… — Чол нариги хонага ишора қилди. — Сен, мияси айниган чолсан, ҳеч балони тушунмайсан, дейишяпти. Фақат улар тушунишаркан.
— Парво қилманг, — юпатди Петька.
Чол столга ўтириб, жимиб қолди. Кейин яна сўзланди:
— Сен аҳмоқсан, овсарсан, дейишяпти…
— Нима, дангалига шундай дейишдими?
— А?
— Дангал айтишдими аҳмоқсан деб?
— Ўтириб олиб мазах қилишяпти. Улар жа-а кўп тушунаркан! — Петьканинг таъбирича, чол аста-секин “занжирини узишга” чоғланарди.
— Парво қилманг? — тағин тасалли берди Петька.
— Ташриф буюришибди-да…Билағонлар! — чол ўрнидан туриб, сандиғини ковлаштирди, пул олиб чиқиб кетди.
Бир соатдан кейин маст-аласт қайтиб келди.
— О-о! – Петька ҳайрон қолди (бобоси камдан-кам ичарди). — Сизга нима бўлди?
— Ҳалиям ўтиришибдими? — сўради чол.
— Ҳа. Борманг у ёққа. Келинг, жойингизни солиб берай. Нимага ичдингиз-а?
Чол курсига оғир чўкди.
— Улар тушунаркан, сен билан биз бўлсак ҳеч нимани тушунмас эканмиз! — чол овозини кўтариб гапира бошлади. — Сен, бобой, аҳмоқсан, ҳаётни тушунмайсан, дейишяпти. Улар бўлса тушунишаркан! Пулдор-да, ҳаммаси, а? — Чол энди бақира бошлади. — Пулинг ошиб-тошсаям бурнингни кўтарма! Бир умр ҳалол тер тўкиб қаддим букилган! Энди оғзимга талқон солиб, жим ўтиришим керак эмиш? Сен ўзинг умрингда қўлингга болта ушлаб кўрганмисан! — Чол эшикка қараб ўдағайлаб гапирар, ичкаридагилар телевизор кўришар эди..
Петька гангиб қолди.
— Қўйсангиз-чи, бува, қўйсангиз-чи, — у бувасини ҳовуридан туширишга уринарди. — Келинг, ечинтириб қўяй. Ҳе, ўшаларни!..
— Йўқ, шошма, мен унга барибир айтадиганимни айтаман… — Чол ўрнидан турмоқчи эди, Петька ушлаб қолди.
— Кераги йўқ, бува!
— Шаҳарлик олифталар! — Чол бироз шаштидан қайтиб жимиб қолди.
Петька унинг бир пой этигини суғурди.
Шу пайт чол яна бошини кўтариб:
— Ҳали мен сенга кулги бўлдимми? — деди. Кўзлари яна телбавор йилтиллади. — Мен сенга бир оғизгина гап айтаман! — Этигини олиб, меҳмонхонага кирди. Петька уни тутиб қололмади.
Чол меҳмонхонага кириб, этиги билан қулочкашлаб туриб телевизорга туширди.
— Мана сенларга!..Дурадгорларингга ҳам!
Экран чил-чил бўлди.
Ҳамма ўрнидан сакраб туриб кетди.Петьканинг холаси ҳатто чинқириб юборди.
— Калака қилади-я! — бақирарди чол. — Сен ўзинг умрингда бирон марта қўлингга болта ушлаганмисан?!
Петьканинг отаси чолни тутиб қолмоқчи бўлувди, у бўйсунмади. Стуллар тарақлаб учиб тушди. Петьканинг холаси яна чийиллаб кўчага отилди.
Петьканинг отаси ахийри чолнинг қаршилигини синдирди, қўлларини орқасига қайириб, сочиқ билан боғлай бошлади.
— Ёмон тузладингиз мени, отагинам, ёмон тузладингиз, — дерди у заҳрини сочиб,чолнинг қўлларини маҳкам тортиб боғларкан. — Раҳмат сизга.
Петьканинг юраги қинидан чиқиб кетганди, бу можароларга кўзлари бақрайганча узоқ қараб қолди. Шаҳарлик киши бир четда, ҳар замонда бошини тебратиб қўярди. Петьканинг ойиси шиша синиқларини йиғиш¬тиришга тушди.
— Ёмон тузладингиз мени… — Петьканинг отаси тишларини беўхшов ишшайтирганча ҳамон жаврарди.
Чол юзтубан ерда ётганча, соқолларини энди бўёқдан чиққан полга суркаб бақирарди:
— Сен мени мазахласанг, мен сенга бир оғизгина гапираман!.. Бир оғиз гаплик ҳолинг бор ўзи. Сенингча мен аҳмоқ бўлсам …
— Ахир мен шунақа дедимми? — сўради шаҳарлик киши.
— Гапирманг унга, — деди Петьканинг ойиси. — Жа-а қуюшқондан чиқиб кетди. Бетамиз.
— Сизлар мен билан бир столда ўтиришдан ор қиласизлар, майли! Лекин сен менга… Буниси ҳам майли, садқаи сар! — бақирди чол. — Бироқ унда сен менга айт-чи: умрингда ўтин ёрганмисан? А-а?.. Сен бўлсанг мени дурадгорликни тушунмайди, дейсан, мени-я!
Мен мана шу қишлоқнинг ярмини ўз қўлим билан қурганман.
— Тузладингиз, барака топгур, отагинам, тузладингиз, — дея ҳамон нола қиларди Петьканинг отаси.
Шу пайт Петьканинг холаси ва шу ерлик милиционер Ермолай Кибяков кириб келишди.
— Ўҳ-ў! — хитоб қилди Ермолай оғзининг таноби қочиб. — Сизга нима бўлди, Тимофей тоға? А?
— Тузлади мени – ошга пашша тушди, — деди яна Петьканинг отаси ўрнидан тураркан.
Милиционер “ҳм-ҳм” дея кафти билан иягини қашлаб, Петьканинг отасига қаради.
У “розиман” дегандек бош ирғаб, деди:
— Шуниси керак.Майли, ўша ерда тунаб келсин.
Ермолай фуражкасини олиб, ҳафсала билан михга осди, сумкасидан бир варақ қоғоз, қалам олди ва столга ўтирди.
Чол миқ этмасди. Петьканинг отаси можарони баён қила бошлади.Ермолай дағал кафти билан каттакон бошидаги сийрак сочларини силади, томоқ қириб, кўксини столга ташлади-да, бошини чапга қийшайтириб, ёза кетди:
“Фуқаро Новоскольцев Тимофей Макарич, бир минг…”
— Нечанчи йили туғилганиди?
— Тўқсонинчи!
“ Бир минг саккиз юз тўқсонинчи йили туғилган, собиқ дурадгор, ҳозир нафақада.
Алоҳида шахсий аломатлари йўқ… Мазкур Тимофей шу йилнинг бешинчи сентябрь куни уйга маст бўлиб келган, бу маҳалда уйдагилар телевизор кўришаётган эди. Меҳмонлар ҳам бор эди”.
— Нима деган кино эди?
— Билмадим. Қўйганимизда кино бошланиб қолган экан, — изоҳ берди ота. — Колхоз ҳақида.
“…Фильмнинг номини эслашолмайди. Колхоз ҳақида экан: шуни билишади, холос.
Тимофей ҳам телевизор кўра бошлайди. Кейин у : “Бунақа дурадгорлар бўлмайди” дейди. Ҳамма Тимофейни тартибга чақиради. Аммо у ҳаддидан оша бошлайди. Яна, бунақа дурадгорлар бўлмайди, бу қип-қизил ёлғон, дейди. Дурадгорларнинг қўли, — дейди, — ҳеч бунақа бўлмайди, дейди. Кейин қўлини ишга сола бошлайди. Уни яна бир карра тартибга чақиришади. Шунда Тимофей ўнг пой этигини ечиб туриб ( молнинг терисидан, 43-45-размер) телевизорни бир уради. Шубҳасиз, ҳамма нарсасини, яъни қайсики, ҳалиги — кўрсатадиган жойининг абжағини чиқарди.
Милиция сержанти Кибяков”.
Ермолай ўрнидан турди, баённомани икки буклаб, сумкасига жойлади.
Петька сўнгги дақиқагача нималар бўлаётганини англамади. Аммо Кибяков билан отаси бобосини ўрнидан турғизишаётгандагина тушундики, ҳозир бобосини қамоққа олиб кетишади. У ҳўнграб йиғлаб юборди ва бобосининг ҳимоясига отилди.
— Қаёққа опкетяпсизлар уни? Бобожон, қаёққа опкетишяпти сизни? Кераги йўқ, дада, олиб қолинг уни!..
— Отаси Петькани четга сурди, Кибяков бўлса куларди.
— Бобонгга ачиняпсанми? Ҳозир биз уни обориб турмага қамаймиз. Ҳо-зир…
Петька баттар ҳўнграб юборди. Онаси уни четга етаклаб, овута бошлади.
— Ҳеч нима бўлмайди унга, нега йиғлайсан? Бир кеча ётиб қайтиб келади. Эртага ўзи изза бўлади. Йиғлама, ўғлим.
Чолни кийинтириб, хонадан олиб чиқиб кетишди. Петька ҳамон қақшаб йиғларди.
Шаҳарлик холаси ҳам ёнига келиб овутишга тушди:
— Сенга нима бўлди, Петькажон? Ахир уни ҳушёрхонага олиб кетишди, ҳушёрхонага! Тезда қайтиб келади.Бизнинг Москвадаги ҳушёрхоналарда, биласанми, бунақалардан қанчаси ётибди?!..
Петька худди мана шу холаси милиционерни бошлаб келганини англаб, уни зарда билан туртди-да, печкага чиқиб, кўрпага бошини буркаганча, узоқ ва аччиқ-аччиқ йиғлади.
Рус тилидан Шодмон Отабек таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 12-сон