Агафья Журавлёваникига ўғли Константин Иванович келди. Хотини ва қизи билан онасидан хабар олиб, ҳордиқ чиқариб кетишмоқчи экан.
Новое қишлоғи унча узоқ бўлмаса-да, Константин Иванович таксида келди, бунинг устига, бутун оила аъзолари машина юкхонасидан анча чамадон ташидилар. Дарҳол бутун қишлоққа: Агафьяникига оиласи билан ўртанча ўғли Костя келибди, у бадавлат, олим деган гап ёйилди.
Кечга бориб ҳаммасини батафсил билиб олишди: у фан номзоди, хотини ҳам, қизи эса ўқувчи экан. Агафьяга электр самовар, гулдор халат ва ёғоч қошиқ олиб келишибди.
Қишлоқ чоллари Глеб Капустин эшиги олдида тўпланишди. Улар Глебни кутардилар.
Чоллар нега Глебникига тўпланишгани ва уни кутишгани аниқ бўлиши учун Глеб Капустин ҳақида маълумот бериш лозим.
Глеб Капустин — дўрдоқ лабли, малламўй, анча билимдон, писмиқ чол. Новая қишлоғи у қадар йирик бўлмаса-да, бу ердан кўпгина таниқли кишилар чиққан: битта полковник, иккита учувчи, шифокор, мухбир… Мана энди Журавлёв — номзод. Таниқли кишилар айланиб, ҳордиқ чиқариб кетгани қишлоққа келишганда уларнинг олдига ҳамқишлоқлари йиғилиб, қизиқарли ҳикоялардан эшитардилар. Агар қишлокдошлари сўраб қолишса, улар ўзлари ҳақида сўзлаб беришарди. Глеб Капустин бир гал обрўли меҳмонни мот қилиб қўйган эди. Бундан кўпчилик норози бўлган, айримлар эса, хусусан, чоллар Глеб Капустин машҳур меҳмонни мот қилишини интиқиб кутган эдилар.
Глебни кутишга тоқатлари бўлмай, унинг ҳузурига боришди, сўнгра биргаликда меҳмоннинг олдига кетишди. Худди спектаклга боришаётгандек кўринади. Глеб ўтган йили қишлоққа келган башанг кийимли, қадди расо полковникни гангитиб қўйган эди. 1812 йил уруши ҳақида суҳбатлашгандилар… Москвага ким ўт қўйганини полковник билмаслиги ўшанда ошкор бўлди. Аслида қанақадир граф эканлигини билади, аммо фамилиясини янглиштирди, Распутин деди. Глеб Капустин калхатдеқ, ҳаволаниб, полковник устидан кинояли кулди… Ва қайириб ташлади. Ўшанда ҳамма ҳаяжонланиб кетди, полковник сўкиниб қўйди… Ўт қўйган графнинг фамилиясини аниқлаш учун муаллиманинг уйига чопдилар. Глеб Капустин қизариб кетган, ҳал қилувчи дақиқаларни бетоқатлик билан кутиб ўтирар ва “Тинчланинг, тинчланинг, ўртоқ полковник, ахир биз Филида эмасмиз-ку, тўғрими?” деб такрорларди. Глеб ғолиб бўлиб чиқди: полковник ўзининг бошига муштлай кетди ва эсанкираб қолди. У жуда эзилди. Шундан кейин Глеб узоқ вақтгача қишлоқ ахдининг оғзидан тушмади, унинг “Тинчланинг, тинчланинг, ўртоқ полковник, ахир биз Филида эмасмиз-ку?” деб такрорлашини эслаб юрдилар. Жуда ҳайрон қолишди Глебга. Кексалар нима учун бундай деганини қизиқсиниб сўрашди.
Глеб мийиғида кулди, сўнгра ўжар кўзларини донишмандларча қисиб қўйди. Қишлокдан чиққан ҳамма машҳур кишиларнинг онаси Глебни хуш кўрмайдилар. Хавфсираб туришади ундан.
Мана энди номзод Журавлёв келди…
Глеб ишдан (у ёғоч кесадиган жойда ишларди) келиб ювинди, кийимини алмаштирди… Овқатланмади. Эшик тагида турган чолларнинг олдига чикди.
Чекишди… Бироз у-бу нарса ҳақида гаплашдилар, аммо Журавлеёв тўғрисида атай гап очмадилар. Глеб Агафья Журавлёванинг ёғоч уйи томонга бир-икки қараб кўйди.
— Агафья кампирникига меҳмон кептими? — деб сўради.
— Фан номзодлари!
— Номзодлар? — ҳайратланди Глеб. — О-о!.. Эҳтиёт бўлиб гаплашиш керак. Уларга бас келиш жўн иш эмас.
Чоллар кулишди: лекин кимдир бас келолмайди деса, кимдир бас келиши ҳам мумкин деярди. Улар сабрсизлик билан Глебга қарашди.
— Қани, кетдик, кўрайлик-чи фан номзодларини, — деди камтарлик билан Глеб.
Йўлга тушдилар.
Глеб бироз илгарироқда, қолганлар бамайлихотир, кўлларини чўнтакларига солганча, ҳозир иккита номзод ўтирган Агафья кампирнинг ёғоч уйидан кўз узмай боришарди. Чоллар гўё Глебни олдиларига солиб бораётгандек кўринарди. Хатарли йўлда қандайдир безори, учар йигит пайдо бўлгани сезилса, тажрибали полвонни мана шундай бошлаб боришади.
Йўлда кўп гаплашмадилар.
– Қайси соҳадан фан номзоди экан? — сўради Глеб.
— Қанақа мутахассислик бўйичами? Ким билади дейсан. Номзодлар, деб менга хотиним айтди. Эриям, хотиниям номзод эмиш…
— Техника фанлари номзодлари бор, умумий таълим бўйича бор, улар асосан трепалогия билан шуғулланишади, — уқтирди Глеб.
— Костя умуман математикани яхши биларди, — Костя билан бир мактабда ўқиганлардан кимдир эслади. — Аълочи эди.
Глеб Капустин асли қўшни қишлоқдан эди, шу сабаб бу ерлик машҳур кишиларни яхши танимасди.
— Кўрамиз, кўрамиз, — мужмал гапирди Глеб. — Ҳозир номзодлар бемаза қовуннинг уруғидай кўпайиб кетган.
— Таксида келишибди…
— Ахир обрўйини сақлаши керак-да! — жилмайди Глеб.
Номзод Константин Иванович меҳмонларни қувноқлик билан кутиб олди, столни ясатишни буюрди… Меҳмонлар Агафья кампир столга ноз-неъматлар қўйгунча одоб юзасидан кутиб туришди, номзод билан суҳбатлашдилар, болаликда бирга ўтказган дамларини эслашди…
— Эҳ, болалик, болалик! — деди фан номзоди. — Қани, столга марҳамат, дўстлар.
Ҳамма стол атрофига ўтирди. Глеб Капустин ҳам чўкди. Аммо сакрашга ҳозирлик кўраётган спортчидек енгил ўтиргани сезилиб турарди. У кулимсираб ўтирар, болалик ҳақидаги гапларни маъқуллар, кўзлари эса номзодни кузатарди.
Суҳбат ғоят дўстона давом этди. Улар гўё Глеб Капустинни унутишган эди. Шу топда у номзодга дабдурустдан гап ташлади.
– Қайси соҳада ўзингизни кўрсатаяпсиз? — сўради у.
— Қаерда ишлайсан деяпсизми? — тушунмади номзод.
— Ҳа.
— Филфакда.
— Фалсафада?
— Унчаликмас… Умуман, шунақа деса ҳам бўлаверади.
— Зарур нарса. — Глебга кераги ҳам худди шу фалсафа эди. У жонланиб кетди. — Хўш, бирламчилик масаласи қандай?
— Қанақа бирламчилик? — яна тушунмади номзод. Глебга диққат билан разм солди. Бошқалар ҳам Глебга қарашди.
— Материя ва онгнинг бирламчилигини айтаяпман. -Глеб гап ташлаб қуйди.
Бу гапнинг қандай давом этишини у ҳушёрлик билан кузатиб турарди. Номзод уни илиб кетди.
— Ҳар доимгидай, — деди у табассум билан. — Материя бирламчи…
— Онг-чи?
— Онг эса кейин. Нимайди?
— Бу минимумга кирадими? — Глеб ҳам жилмайди. — Сиз кечирингу биз бу ерда… ижтимоий марказдан узоқдамиз, гаплашгимиз келади, лекин истаган пайтда олдига чопиб борадиган билимдон киши йўқ-да. Ҳозир фалсафа вазнсизлик тушунчасини қандай аниқлаяпти?
— Ҳамишагидай аниқлаяпти. Нега энда ҳозирни сўрайсиз?
— Унинг кўриниши яқинда очилди-ку. — Глеб номзоднинг кўзига тик қараб кулди. — Шунинг учун сўраяпман-да. Натурфалсафа, айтайлик, буни шундай ҳал қилади, стратегик фалсафа — мутлақо бошқача…
— Умуман стратегик фалсафанинг ўзи йўқ! — ҳаяжонланиб кетди номзод. — Сиз умуман нима тўғрисида сўраяпсиз?
— Тўғри, лекин табиат диалектикаси бор, — бамайлихотир, ҳаммага эшиттириб давом этди Глеб. — Табиатни эса фалсафа аниқлайди. Табиат унсурларидан бири тимсолида вазнсизлик аниқ бўлди яқинда. Шунинг учун сўраяпман: ўзини йўқотиш ҳоллари файласуфлар орасида ҳам учраб турадими?
Номзод мириқиб кулди. Аммо бир кулди-ю… Ўзида ожизлик сезди. Хотинини чақирди:
— Валя, бу ёққа кел, бу ерда… ғалати суҳбат бўлаяпти.
Валя столга яқин келди, аммо номзод Константин Иванович ҳали ҳам ожизлик, ўнғайсизлик сезарди, чунки чоллар бу саволга қандай жавоб бераркан, деб унга термилиб туришарди.
— Келинг, яхшиси, — жиддий оҳангда гапирди номзод, — нима ҳакда гаплашишимизни келишиб олайлик.
— Яхши. Иккинчи савол: Шимолнинг айрим туманларидаги шаманлик муаммосига шахсан сиз қандай муносабатдасиз?
Номзодлар кулиб юборишди. Глеб Капустин ҳам жилмайди. Номзодларнинг кулиб бўлишини эса сабр билан кутди.
— Бунақа муаммо йўқ деб туриб олиш мумкин, албатта. Мен ҳам жоним билан сизларга қўшилиб куламан… — Глеб яна олийжаноблик, самимийлик билан кулди. Айниқса, номзоднинг хотинига қараб кулди, дарвоқе у ҳам номзод. — Бироқ бу билан мазкур муаммо йўқолиб қолмайди-ку. Тўғрими?
— Сиз буларни жиддий сўраяпсизми? — сўради Валя.
— Сизнинг рухсатингиз билан. — Глеб Капустин ўрнидан сал турди ва ўзини жиддий тутган ҳолда номзод хотинга таъзим қилди ва қизариб кетди. — Савол, албатта, у қадар муҳим эмас, аммо бизнинг уқувимиз нуқтаи назари бўйича уни билиш қизиқарли.
— Қанақа савол ўзи?! — ҳайқирди номзод.
— Шаманлик муаммосига сенинг муносабатинг. — Валя яна беихтиёр кулиб юборди. Аммо бирдан тушуниб қолди-ю, Глебга деди: — Кечиринг, илтимос.
— Ҳечқиси йўқ, — деди Глеб. — Тушунаман, эҳтимол мен бошқа мутахассислик бўйича савол бергандирман…
— Бунақа муаммо йўқ ахир, — яна қичқириб юборди номзод. У бекор бундай қилди. Бунақа қичқириш яхши эмас.
Энди Глеб беихтиёр кулиб юборди. Сўнгра деди:
— Албатта, йўққа йўқ-да!
Чоллар номзодга назар солишди.
— Муаммо йўқ, булар-чи… — Глеб қўли билан ғалати, тушуниб бўлмайдиган қилиб нималарнидир кўрсатди, — рақсга тушаяпти, шиқилдоқчалари овоз чиқараяпти… Шундайми? Аммо истасам… — Глеб қайтарди: — Ис-та-сам — улар гўё йўқдек. Тўғрими? Чунки агар… Яхши! Яна битта саюл: сиз нима дейсиз, Ой ҳам ақл-идрокнинг ишими?
-Номзод миқ этмай Глебга термилиб турарди. Глеб давом этди:
— Олимларнинг фараз қилишича, Ой сунъий орбита устида турармиш, унинг ичида ақлли мавжудот яшайди, деган тахминлар ҳам бор…
— Хўш? — сўради номзод. — Нима бўпти?
— Табиий траектория бўйича сизнинг қарашингиз қандай? Умуман, барча фазовий фанлар қаерга қўлланиши мумкин?
Чоллар диққат билан Глебни тинглашарди.
— Инсоният космос бўйича бизнинг энг яқин қўшнимиз — Ойга тез-тез бориб туради, деб фараз қилайлик. Худди шундай, айтиш мумкинки, ажойиб кунларнинг бирида у ердаги ақлли мавжудот чидаб туролмай бизга пешвоз чиқади. Шунда бир-биримизнинг гапимизга тушуна оламизми? Бунга тайёрмизми?
— Кимдан сўраяпсиз?
— Сизлардан, донишмандлардан…
— Сиз-чи, тайёрмисиз?
— Бизлар билимдон эмасмиз, маошимиз ҳам у қадар эмас. Борди-ю, сизлар учун бу қизиқарли бўлса биз, қишлоқилар қайси йўналиш бўйича ўйлашимизни айтиб беришимиз мумкин. Айтайлик, Ойнинг устки қатламидан ақлли мавжудот чиқиб келди… Нима қилишни буюрасиз? Ит бўлиб ҳуришними? Хўроз бўлиб қичқиришними?
Чоллар кулиб юбордилар. Ўзаро пичирлашдилар. Кейин яна диққат билан Глебга тикилдилар.
— Бироқ шунга қарамай биз бир-биримизни тушунишимиз керак. Тўғрими? Нима дедингиз? — Глеб жавоб кутгандек жим қолди. Ўтирганларга бир-бир разм солди.
— Масалан, мен қумда бизнинг қуёш системамизнинг схемасини чизиш ва унга менинг Ердан эканлигимни кўрсатишни таклиф қиламан. Скафандрда бўлишимга қарамай, менда ҳам бош бор, мен ҳам ақлли мавжудотман. Буни тасдиқлаш учун схемада у қаердан эканлигини кўрсатиш мумкин: Ойни кўрсатиш керак, сўнгра уни. Мантиқ борми? Шундай қилиб, аниқ бўладики, биз қўшнилармиз. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас! Ўндан кейин мен ҳозирги босқичдаги ҳолатга етгунимга қадар қанақа йўл билан ривожланганимни, ўсганимни тушунтириб бериш талаб қилинади…
– Хўш, хўш? — Номзод жойида қимирлаб қўйди ва хотинига маъноли қаради. — Жудаям қизиқ-ку: қанақа йўл билан?
Унинг бу ҳаракати ҳам беҳуда эди, чунки унинг маъноли боқиши тўсиб қўйилганди. Глеб юксакка парвоз қилган эди… Ўша ердан, ўша баландликдан туриб номзодга зарба берганди. Қишлоқнинг машҳур кишилари билан бўлган ҳар бир суҳбатда шундай ҳолат — Глебнинг юқорига кўтарилиши содир бўларди. У эҳтимол мана шу қувончли ҳолатни кутгандир, чунки бу ёғи ўз-ўзидан, хамирдан қил суғургандай давом этаверади.
— Бирга кулишгани хотинингизни чақирмоқчимисиз? — сўради Глеб. У хотиржам гапирди, аммо унинг ичи, балки титраб кетгандир. — Тўғри қиласиз… Фақат, аввало, биз лоақал газета ўқишни ўрганишимиз мумкин бўлар? А? Нима дедингиз? Номзодлар учун бу ҳам ортиқча эмас дейишади…
— Эшитсангиз-чи!..
— Биз эшитиб бўлдик! Қаноат ҳосил қилдик, десак ҳам бўлаверади. Шунинг учун, жаноб фан номзоди, сизга танбеҳ беришимга рухсат этинг: номзодлик — бир марта сотиб олинадиган кийим эмас. Бироқ ҳатто кийим ҳам вақти-вақтида тозалаб турилади. Номзодлик эса, келишганимиз бўйича, кийим эмас, шундай бўлгач, сақлаш, ҳимоя қилиш керак. — Глеб оҳиста, аммо шиддат билан, нафас олмай гапирарди. Номзод унга қарай олмас, юзи чидамасди: у ўзини йўқотиб қўйганди, гоҳ хотинига, гоҳ Глебга, гоҳ чолларга термиларди…
Чоллар эса унга қарамасликка ҳаракат қиларди.
— Уйга таксида келиш, машина юкхонасидан бешталаб чамадон тушириш билан бизларни ҳайратда қолдириш мумкин… Аммо сиз унутмангки, ахборот оқими ҳозир ҳамма жойга бир хилда етиб бормокда. Мен шуни айтмоқчиманки, бу ерда акс ҳолат ҳайрон қолдириши мумкин. Шунақаси ҳам бўлади. Имоним комилки, бу ерни номзодлар ўз кўзлари билан кўрмаганлар, уларни — номзодларни, профессорларни, полковникларни эса бу ерликлар кўришган. Улар ҳақида яхши таассурот қолдиришган кўнгилларида, чунки бу ернинг одамлари жуда ҳам содда. Мана, сизга менинг маслаҳатим, ўртоқ фан номзоди: тез- тез ерга тушиб туринг. Худо ҳаққи, ҳамма ақлли нарсанинг бошланиши заминдан. У қадар хатарли ҳам эмас: йиқилсангиз ҳам қаттиқ ботмайди.
– Бу қилдан қийиқ ахтариш дейилади, — деди номзод. — Нима бало, занжирни узиб қочганмисан? Нима гап ўзи, ахир…
— Билмайман, билмайман, — шошилинч унинг гапини бўлди Глеб, — билмайман бу нима деб аталишини. Мен қамоқда бўлмаганман, занжирдан чиқиб қочганим ҳам йўқ. Нима керак бунақа гаплар? Бу ердагиларнинг биронтаси ҳам, — Глеб чолларга юзланди, — ўтириб чиқмаган — тушунмайди. Ана хотинингиз ҳам ҳайрон бўлиб қараяпти… У ёқда қизингиз эшитаяпти. Эшитади ва Москвада кимнингдир “қилидан қийиқ ахтаради”. Бу эҳтимол жаргондир… лекин охири яхши бўлмайди, ўртоқ номзод. Ҳамма воситалар ҳам яхши эмас, сизни ишонтириб айтаман, воситаларнинг ҳаммаси ҳам маъқул бўлавермайди. Сиз, ўзингиз номзодлик минимумини топширганингизда профессорнинг “қилидан қийиқ ахтармагансиз-ку”. Тўғрими? — Глеб ўрнидан турди. — Нима бўлса ўзимга демагансиз, у тушунадиган тилда гапиргансиз. Чунки профессорларни ҳурмат қилиш керак — тақдирингиз уларнинг қўлида, бизларнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Шундайми? Бекор гап… Бу ерда биз ҳам озгина… “донишмандлашаяпмиз”. Газеталар ҳам ўқиймиз, гоҳида китоблар титкилаб қоламиз… Ҳатто телевизор ҳам кўрамиз. Тасаввур қилишингиз мумкинки, биз “КВН”дан, “Ўн уч стул қаҳвахонаси”дан қаттиқ ҳаяжонга тушмаймиз. Нима учун деб сўрайсизми? Чунки у ерда фақат ўзига ишониш, мағрурланиш бор. Тўғри, ҳамма нарсани гапириши, ҳал қилиши мумкин. Бунинг учун ҳеч нарса деёлмайсан, албатта. Бироқ у ердагиларнинг ҳаммаси даҳо деган тасаввур бермаслик керак-да. Кимдир тушунади… Камтарроқ бўлмоқ лозим.
– Ғирт сафсатабоз, туҳматчи, — деди номзод хотинига қараб. — Бу соҳада тенги йўқ нусха…
— Адашдингиз. Бутун умрим давомида бировнинг устидан биронта на ғийбат, на юмалоқ хат ёзганман. — Глеб чолларга қаради: улар Глебнинг бу гапи тўғри эканини билишарди. — Янглишдингиз, ўртоқ фан номзоди. Нимага жон куйдираётганимни тушунтириб беришимни истайсизми?
— Марҳамат, тушунтиринг.
— Бурунга чертиб қўйишни яхши кўраман — димоғингизни кўпам кўтариб юборманг, меъёридан ошиб кетмасин. Камтар бўлиш яхши, азиз дўстлар…
– Бизнинг нокамтарлигимизни нимада кўрдингиз? — Валя ўзини тутолмади. — Қачон димоғдорлик қилдик?
— Ёлғиз қолганингизда яхшилаб бир ўйлаб кўринг. Ўйласангиз — тушуниб етасиз, англаб оласиз. — Глеб номзодларга қандайдир ачинганнамо қаради. — “Асал” сўзини юз марта такрорлаш мумкин, лекин бу билан оғиз чучимайди-ку. Буни тушуниш учун номзодлик минимуми топшириш шарт эмас. Тўғрими? Ҳар бир мақолада “халқ” деб юзлаб марта ёзиш мумкин, бироқ бу билан мақолага илм қўшилмайди, бойимайди. Шунинг учун мана шу ҳақиқий халқ олдига келишдан олдин ўзларингизни сал чоғлаб олинглар. Салгина тайёрланиб олинглар демоқчиман. Бўлмаса ўсал бўлиб қолиш ҳеч гапмас. Хайр. Таътилни яхши ўтказинглар… халқ орасида. — Глеб кулимсираб қўйди ва шошилмай кулбадан чиқиб кетди. Машҳур кишиларнинг олдидан у ҳар доим ўзи ёлғиз кетарди.
Номзодлар ҳузуридан тарқалаётган чолларнинг гапларини у эшитмади:
— Роса боплади уни!.. Билимдон, итвачча. Ой ҳақида бунақа нарсаларни қаердан билади?
Мот қилди.
— Шунча гапни қаёқдан топади!
Чоллар ҳайрат ва ажабланиш билан бошларини ирғаб қўйишди.
— Роса пишиқ-да бу ит. Бечора Константин Ивановичнинг роса пўстагини қокди… А? Худди ёш боладек савалади-я! Анави, Валя-чи, лоақал оғзини ҳам очолмади-я.
— Нима ҳам дердинг? Ҳеч нарса деёлмайсан. Костя гапирмоқчи бўлди, албатта… У бўлса битта сўзига бешта жавоб беради.
— Нима ҳам қилардинг… Пишиқ-да, ҳайвон!
Чолларнинг овозида ҳатто фан номзодларига ачиниш, раҳм-шафқат оҳанги сезиларди. Бу Глеб Капустин дегани олдингидай ҳаммани ҳайрон қолдирди. Ажаблантирди. Қойил қилди ҳатто. Лоақал озгина шафқат ҳам қилмади бугун. Йўқ, шафқат қилмади. Глеб — чўрткесар, қаҳри қаттиқ. Бундай одамларни ҳали ҳеч ким, ҳеч қаерда, ҳеч қачон яхши кўрмаган.
Эртага Глеб Капустин ишга келиши билан одатдагидек,талмовсираб, артистлик қилиб, чоллардан сўрайди:
— Хўш, номзодларнинг аҳволи қалай? — Ўша заҳот мийиғида кулади.
— Уни сен қаттиқ эздинг, мот қилдинг, — дейишади чоллар Глебга.
— Ҳечқиси йўқ, — очиқкўнгиллик билан таъкидлайди Глеб. — Бунинг фойдаси бор. Қўявер, бекор қолганида бир ўйлаб кўришсин. Ўзларига ҳаддан зиёд бино қўйишган булар…
Рус тилидан Маматқул Ҳазратқулов таржимаси