Варлам Шаламов. Шоирнинг ўлими (ҳикоя)

Шоир ўлим ёқасида эди. Очликдан шишиб кетган, катта, қонсиз оқиш бармоқлари, ўсиб кетган кир тирноқлари совуқдан тош қотган ҳолда кўкраги устида ётарди. Авваллари у қўлларини орқасига, яланғоч танасига тиқарди, лекин ҳозир у ерда ҳам иссиқнинг таъсири йўқ эди. Қўлқопларини аллақачон ўмариб кетишган, бунинг учун суллоҳлик бўлса кифоя эди. Куппа-кундуз ўғирлаб кетаверишарди. Пашша ўтириб ифлос қилган, айлана панжара билан ўралган хира электр чироғи баландга, шифт остига маҳкамланган эди. Ёруғ шоирнинг оёғи тагига тушиб турарди – икки қаватли сидирға наранинг қоронғу қуйи қисмида қутида ётгандай ётарди. Аҳён-аҳёнда панжалари қимирлаб қўяр, қайроқдай шиқирлар, бушлатидаги тугмалари, илмоқ, тешикларини пайпаслагандай, қандайдир хас-чўпни қоқмоқчидай бўлар, ва яна қимирламай қоларди. Шоир хаёт билан шунча узоқ хайр-хўшлашардики, ўлаётганини ҳам англолмай қоларди. Баъзан миясига қандайдир оддий ва кучли фикр урилиб, оғриқли из қолдириб ўтиб кетарди – бошининг остидаги нонини ўғирлаб кетишганди. Ва бу юракни шундай сирқиратувчи, зирқиратувчи даҳшат эдики, у баҳслашишга, сўкинишга, ёқавайрон уришишга, қидиришга, исботлашга тайёр эди. Лекин булар учун куч-қуввати қолмаган, нон ҳақидаги фикри хаёли кучсизланиб, ўзидан узоқлашиб борарди… Ва шу оннинг ўзида бошқа нарса ҳақида ўйлаб кетарди – ҳаммани денгизнинг нариги ёғига олиб кетишлари лозим, нимагадир пароход кечикиб қоляпти, яхшиямки ўзи шу ерда. Ва барак навбатчиси башарасидаги катта холини ғира-шира эслаб кетарди. Куннинг кўп қисмида хаёлини бу ерда кечган ҳаёти, бўлиб ўтган воқеалар банд этарди. Кўз ўнгидан ўтган воқеа-ҳодисалар, болалиги, ўсмирлиги, ютуқлари акси эмасди. Умр бўйи у қаёққадир шошиб яшади. Ва у шошилмасдан ўлим олди ҳаракатларининг бир хиллиги ҳақида, санъаткорлар ва шоирлардан олдин шифокорлар тушунган ва қайд этган нарсалар ҳақида ўйлай бошлади. Гиппократ қиёфаси – одамнинг ўлим олди ниқоби – тиббиёт куллиётининг ҳар бир талабасига маълум. Одамнинг ўлим олдидаги бундай сирли ҳаракатлари Фрейдга энг кучли фаразлар қилишга имкон берди. Бир хиллик, қайтариқ – илм-фан асоси, замини. Ўлимдаги бетакрор нарсани шифокорлар эмас, шоирлар излашган, топишган. Ҳали ўйлашга мадори етишини сезиши ёқимли эди. Очлик, бемажоллик аллақачон одатий ҳолга айланганди. Гиппократ ҳам, туғма холли навбатчи ҳам, кир тирноқлари ҳам энди унга барибир эди. Қоқ суяк танага ҳаёт гоҳ яқинлашар, гоҳ узоқлашар, хуллас, у сўниб бормоқда эди. Ҳаёт асари пайдо бўлганда, кўзлари очилар, фикри жонлана бошлар эди. Фақат хоҳиш пайдо бўлмас эди. У анчадан бери ҳаёт, кўпинча сунъий нафас, глюкоза, камфара, кофеин ёрдамида қайтариладиган дунёда яшар, ўлик яна тирикка айланарди. Нега айланмасин? У боқийликка, инсоннинг чинакам боқийлигига ишонарди. Кўпинча инсоннинг абадий яшашига монелик қиладиган ҳеч қандай биологик сабаблар йўқ деб ўйларди. Қарилик – бу тузатса бўладиган касаллик, холос. Ва бу ҳозирги дақиқаларга қадар сабаби аниқланмаган англашилмовчилик бўлмаганида, инсон абадий яшаши мумкин эди. Ёки чарчаганча, жонига тегмаганча яшаши мумкин эди. У эса яшашдан чарчагани йўқ. Ҳатто ҳозир шу ерликлар… ҳазиллашиб, эркалатган бўлиб “транзитка” деб аталадиган кўчиш олди барагида ҳам. Транзитка даҳшатнинг бўсағаси эди, лекин ўзи эмасди. Аксинча, бу ерда ҳурлик, озодлик руҳи ҳукм сурар ва уни ҳамма ҳис этарди. Олдинда – лагер, орқада – турма. Бу “йўлдаги дунё” эди ва шоир буни тушунарди. Боқийликнинг яна бир йўли Тютчев айтган:

Хушбахтдир, ушбу оламга
Келгучилар машъум онларда

эди. Модомики унга қандайдир инсон сиймосида, қандайдир жисмоний бирлик сиймосида ўлмаслик насиб этмас экан, ижодий боқийликка эришди. Уни йигирманчи асрнинг биринчи рус шоири деб аташарди ва у кўпинча ҳақиқатан шундай деб ўйларди. У шеъриятининг боқийлигига ишонарди. Унинг шогирдлари йўқ эди, ахир шоирлар уларга тоқат қилишармиди? У проза, ёмон проза ҳам ёзарди, мақолалар ҳам ёзарди. Фақат шеърларда, поэзия учун янги, муҳим нарсалар топди ва бу доимий, азалий туюлди. Ўтган бутун ҳаёти адабиёт, китоблар, эртаклар, тушлардан иборат эди ва фақат ҳозирги куни ҳақиқий ҳаёт эди.
Бу ўйлари ўзи билан баҳсда эмас, яширинча, ичининг тубида кечди. Ўй-мулоҳазаларига завқ-шавқ етишмади. Лоқайдлик уни чулғаб олди. Ҳаётнинг тош-қўрғошин қаттиқлиги олдида буларнинг бари ҳеч, арзимаган нарса, “сичқон-каламуш пойгаси” эди. Ўзига ҳайрон қоларди: ҳаммаси ҳал қилинган пайтда шеърлари ҳақида қандай қилиб шундай ўйларга бориши мумкин. Буни ўзи жуда яхши, ҳар қачонгидан ҳам яхши биларди. Бу ерда у кимга ҳам керак эди, кимга ҳам тенг келарди. Буларнинг барини тушуниш керак эди, у бу дамларни кутди… ва тушунди.
Танасига ва ним очиқ хира кўзларига ҳаёт асари қайтган, кўра бошлаган, қовоқлари титрай, бармоқлари қимирлай бошлаган дақиқаларда фикр ҳам қайтди, уларнинг сўнгги фикрлар эканини ўйлаб ҳам кўрмаган эди.
Ҳаёт ҳукмфармо хўжайиндай кириб келарди: уни чақирмаса ҳам жисмига, миясига шеър каби, илҳом каби қуюлиб кириб келарди. Ва бу сўзнинг салмоқли аҳамияти биринчи марта бутун борлиғи билан инкишоф этилди. Шеърлари жозибадор куч эдики, бу куч билан яшади, нафас олди. Худди шундай. У шеърлари учун яшамади, шеърлари билан яшади.
Илҳомнинг ўзи ҳам ҳаёт экани ҳозир аниқ равшан кўриниб, сезилиб турарди; ҳаёт ўзи илҳом, айни илҳом бўлганини ўлими олдидан билиш муяссар этди.
Ва ушбу сўнгги ҳақиқатни билишга муяссар бўлганига суюнди.
Ҳамма нарса, бутун дунё шеърларига қиёс қилинди: иш, отлар дупури, уй, қуш, қоя, муҳаббат – бутун ҳаёт шеърларига осон кирди ва бемалол жойлашди. Ва бу шундай бўлиши керак эди, негаки шеърлар сўз эди, калом эди.
Сатрлар ҳозир ҳам жойидан осон туриб, бир-бирининг кетига тизилишди. Гарчанд у анчадан буён ўз шеърларини ёзмаётган ва ёзолмаётган бўлса ҳам, сўзлар қандайдир белгиланган ва ўзига хос оҳангда саф тортди. Қофия сўз ва тушунчаларни оҳанрабо янглиғ изловчи, топувчи асбоб эди. Ҳар бир сўз оламнинг бир қисми бўлиб оҳанги акс-садо бериб, қандайдир электрон машина тезлигида оламаро тараларди. Бариси: мени ол, йўқ, мени, деб қичқирарди. Ҳеч нарсани қидиришга тўғри келмасди. Фақат воз кечишга тўғри келарди. Бу ерда бамисоли икки киши бири – чархини айлантириб юбориб, иккинчиси – вақти-вақти билан ишга туширилган машинани тўхтатиб турувчи. Ўзи, икки киши тимсоли эканлигини кўриб, сезиб, шоир ҳозир ҳақиқий шеър битаётганини англади. Улар ёзиб олинмаётган бўлса нима қипти? Ёзиб олиш, чоп эттириш – турган-битгани ғалва, машмаша. Ғараз-ла юзага келган нарса – энг яхши нарса эмас. Энг яхшиси, яратилгани, ёзиб олинмай ғойиб бўлгани, изсиз йўқолгани, фақат ҳис этилган, ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган ижодий завқ, роҳат шеър яратилганини, гўзал қилиб яратилганини исботлаб туради. У адашмаяптимикан? Ижодий завқ-шавқи, бахтиёрлиги бехатомикин? У Блокнинг сўнгги шеърлари бўш, ғариблиги ва Блокнинг ўзи, афтидан, буни тушунмаганлигини эслади…
Шоир ўзини тизгинлашга мажбур этди. Бу ерда буни уддалаш қаердадир, Ленинграддами, Москвадами уддалашдан кўра осон эди.
Шу топда у анчадан бери ҳеч нарса ҳақида ўйламай қолганини сезиб қолди. Ҳаёт уни яна эзмоқда эди. У узоқ муддат қимир этмай ётди ва бирдан ўзидан нарида ўқ отиладиган мўлжалми, геологик харитами шунга ўхшаш нарсани кўрди. Харита ёзувсиз эди ва у ундаги чизгиларни тушунишга беҳуда уринарди. Яна анча вақт ўтгач, бу ўзининг бармоқлари эканлигини англаб етди. Бармоқ учларида чекилган, сўрилган махорками папироснинг кулранг излари ҳали ўчмаган эди – ёстиқчаларда дактилостопик расмлар, тоғ бўртма нақшлари сингари ажралиб турарди. Ўн бармоғининг биридаги расмлар, кесилган дарахтдагига ўхшаш айлана чизиқлардек бир хил эди.
Болалигида бир куни бульварда, ўзи яшаб катта бўлган уй ертўласидаги кирхонада ишлайдиган хитой тўхтатганини эслади. Хитой аввал унинг ўнг қўлини, кейин иккинчисини ушлади, кафтларини айлантириб юқорига кўтарди ва ўз тилида ҳаяжонланиб асабий қичқирди. Маълум бўлишича, болада аниқ-тиниқ белги кўриб, уни бахтли-саодатли деб эълон қилган экан. Бу бахт белгисини шоир кўп бор эслади, айниқса, илк китобчаси босмадан чиқаётган кезларда қайта-қайта эслади. Хозир у хитойликни гина-кудуратсиз ва истеҳзосиз эслади – энди унга барибир эди.
Энг муҳими, у ҳали жон таслим қилгани йўқ. Айтганча, шоир бўлиб ўлди дегани нимадир? Бу ўлимда қандайдир болаларча соддалик бўлиши керак. Ёхуд Есенин, Маяковский ўлимлари сингари, кўриб қўйинглар деганидек, театр томошасидагидек нарса.
Актёр сифатида – буни тушунса бўлади. Шоир сифатида ўлишини-чи?
Ҳа, у олдинда кутилаётган нарсалардан баъзиларини фаҳмлаб етгандек бўлди. Бошқа жойларга ўтқазилганда кўп нарсаларни англаб етишга ва олдиндан кўришга улгурди. Ўзининг ожизлигига жимгина суюнди ва ўлишига умид боғлади. Турмада узоқдан давом этиб келаётган баҳсни – лагерь даҳшатлими ё турмами – деган баҳсни эслади. Ҳеч ким аниқ-тиниқ бир гап айтмасди, асослар синовдан ўтмаган, мавҳум лагердан ўша турмага келтирилган бир одам қаҳрли табассум қилганди. У ўша одамнинг сирли табассумини қаттиқ эслаб қолди, шундай бўлдики, эслашга чўчирди – ўйланг, у ҳозир ўлса уларни, ўзини бу ёқларга олиб келганларни қандай усталик билан алдаган, нақд ўн йилга алдаган бўларди. У бир неча йил сургунда бўлди ва алоҳида рўйхатга тоабад киритилганини биларди.
Тоабад!
Миқёслар алмашинди, сўзлар маъносини ўзгартди. У денгиз қирғоғига тўлқин урилгани каби ожиз танасида яна куч пайдо бўлаётганини сезди. Бир неча соат келиб урилади. Денгиздагидек. Кейин қайтиб кетади. Лекин бизни тоабад тарк этмайди. У ҳали соғаяди. Тўсатдан унинг егиси келди, лекин қимирлашга мадори етмасди. Бугунги шўрвасини қўшнисига берганини секин ва қийналиб эслади, бир кружка қайнаган сув кейинги кунга ягона озиғи эди. Нондан бошқа, албатта. Лекин нонни зўрға беришарди. Анчадан бери шундай. Кечагисини эса ўғирлашди. Ўғирлашга кучи етадиганлар ҳам бор экан. Тонг отгунга қадар у енгил ва ўйсиз ётди. Электр ёруғи сал сарғайгандек бўлди ва катта фанер тахтада, ҳар кунгидек нон олиб келишди.
Қаттиқ чети гарбушкаси тегмай қолган пайтдагидек йиғламас, ортиқчасини титроқ панжалари билан оғзига тиқмас, ортиқчаси оғзида эриб кетмас, бурун катаклари кенгаймас ва у бутун вужуди билан қора ноннинг таъми ва ҳидини сезарди. Ҳали ютишга, жағини қимирлатишга улгурмай, бўлакчаси оғзида йўқ бўларди. Нон бўлаги эриди, ғойиб бўлди ва ушбу мўъжиза – бу ердаги кўпдан-кўп мўъжизалардан бири эди. Йўқ, у ҳозир ҳаяжонланмаётган эди. Лекин, қўлига бир кунлик нон улушини беришганда, қонсиз бармоқлари билан тутиб, нонни оғзига олиб борди. Нонни зангила тишлари билан тишлади. Милклари қонади, тишлари қимирлади, лекин у оғриқни сезмади. Бор кучи билан нонни бағрига босиб, оғзига тиқди, майдалади, сўрди, ғажиди …
Уни қўшнилари тўхтатишди:
– Барини еб қўйма, кейинроқ ерсан, кейинроқ …
Шоир тушунди. Кўкиш кир қўлларидан қонли нонни қўйиб юбормай кўзларини катта очди.
– Кейин қачон? –аниқ, равшан деди у.
Ва кўзини юмди.
Кечга бориб ўлди.
Икки кун кечикиб рўйхатдан ўчиришди – тадбиркор, топқир қўшнилар нон тақсимлашда икки кун ўликнинг нонини олишга муваффақ бўлишди; ўлик қўғирчоқ сингари “қўлини кўтариб турди”. Демак, у ўз ажалидан икки кун олдин ўлди – унинг келгуси библиографлари учун муҳим детал.

Русчадан Сайди Умиров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 5-сон