Усмон Сембен. Франциядан мактублар (ҳикоя)

Марсель

Салом, қадрдоним!
Аразингни қўйсанг-чи! Менинг абгор ҳолим, қўлим қисқалигини билмай нега гина қиласан? Айблабсанки, хат-хабар ёзмай, сени йўқламай қўйибман. Наҳот мактубларим етиб бормади? (Етар, лабингни тишлама – бу одатни қўймаганингни яхши биламан). Хабарни қисқагина ёзяпманки, бошқа чорам йўқ. Менга ишон. Ишончингга муҳтожман.
Ўзинг яхши биласан, сендан бўлак кўнгил ёрар ҳамдамим, соғиниб-ўртанувчи кишим бўлмаса. Аразингни бас қил! Хатомни тан оламан. Ҳаётингдаги воқеалар, таниш-билишларнинг янгиликларини кечиктирмай ёзиб юбор.
“Абушқа”м тўғрисида кейинроқ бафуржа ёзарман. Ҳайратдан ёқа ушлашингни тасаввур қиляпман. Мен ўша-ўша ғариби нотавонман.
Самимият ила қадрдонинг Нафи
Салом, қадрлигим.
Мактубинг қўлимга тегиши ҳамон кўзим тешилгудай, қоғозни ютгудай ютоқиб ўқидим, отамдан ҳам хат олдим. У абушқага аталган экан – унинг бўйқизлар орзусидаги “шаҳзода”дан буткул бошқа одам эканини таъкидламоқчиман. “Эрим” хат отамдан келганини билдирди. Мактубни кимдир ўқиб эшиттирар. Ўзи ўқиёлмайди – кўзи хира, тиши кемшик чол. Бошқа ҳеч гап йўқ. Бошқа яна кў-ўп гап бор.
Ёзиб тур. Мендан хат-хабар бормаса ҳам ёз. Мактубингни интиқ кутиб қоламан.
Сенинг Нафийинг

Марсель

Салом, қадрдоним.
Сўроқларингнинг барига жавоб беролмайман. Саволни ёмғирдай ёғдирибсанки!.. Гапнинг учини тополмай хуноб бўляпман. Хуллас, кундузлари, эрталаб ва чошгоҳда хат ташувчини излаб кўчага чиқаман. Улар “эрим”нинг қўлига тушиб қолишидан қаттиқ қўрқаман. Билишимча, у бундай ишларга жуда уқувли. Бироқ у чошгоҳдагина остона хатлаб кўчага чиқади, эрталаблари уйда. Бугун не балога йўлиқдиму, хат ташувчи амакидан хатни олар пайтимда “эрим” димиққан кулбасидан чиқиб қолди. Мактубинг амакининг қўлида эди. Ижара уйимизнинг бекаси мени нигоҳи билан ўйиб олди, бундан эримнинг “хабар бошқа бировнинг қўлига тушмасин” қабилида буйруқ берганини уқиш мумкин эди. Аммо мен хатни аёл қўлида чангаллаб кетишига изн бермадим. Месьега хатнинг менга юборилганини айтишга мажбур бўлдим.
Таъқибу тазйиқларда этим ҳам, бетим ҳам пишиб кетганининг зўридан юрагимда қўрқув йўқ эди. Қадрдоним, мактубинг қанчалар севинтирганини тинглагинг келяптими – қуёш нури вужудимни яйратгандек, ҳарорат танамда селдай кўтарилгандек, бутун борлиғим – ичиму ташимни тўлқинлантирувчи хотиралар қайноқ қонимда кўпик мисол мавжлангандек титраб кетдим. Хотиралар инсонга шу қадар зарурлигига ишонмасдим.
Билсанг, ҳаётимда нур йўқ. Чор томони увадаси чиққан, тўкилай-тўкилай деб турган жиҳозлар билан ўралган, зах, бадбўйи кўнгилга урувчи, на ичимлик суви тушувчи ва на оқова суви кетувчи қувурлари бўлган биқиқ ҳужрада умрим ўтяпти. Ёлғизликка чидаёлмай баъзида ўзим билан бақириб-бақириб гаплашаман. Қишин-ёзин деворларнинг қуюқ сояларидан мунг сизиб кирадию бир маҳбусга ёпишади. Ўша маҳбус – мен. Кўзларим тортилиб йўқликка ғарқ бўлай деганда, ёриқлар неча замонлардан буён йиғилиб-уйилиб ётган кулранг чангни бир силкитиб қўяди ё бўёқлари ўчибтўкилай деган пол ғичирлаган мусиқа чалади. Шу алпозда яна биқиқ ҳаёт ўз қучоғига чақириб олади. Бошимни олиб қаёққа ҳам кетардим? Тағин ким билан? У биланми? Ҳеч қачон!
Бошимиз шу кулбага суқилган: пишир-куйдир ҳам, кир-чир ҳам шу ерда расамадини топади. Кечалари майда юмушлар билан овора бўлиб уйқу элтганда, каравот ўрнидаги чемоданимга чўзила қоламан. Ижарадорларга битта ҳожатхонаю битта жўмрак. Менинг хонам, йўғ-э, таъкидлаб айтаманки, “эрим”нинг хонаси “зулматхона”нинг нақ ўзи. Пиллапоя рўпарасидаги эшик мамлакат қонунига мувофиқ ҳамиша тамбаланган. Юқоридаги эшиккина қия очиқ туради, унданам шуъла сирғалиб кирадию хонани ёритиб юборавермайди. Юмушга қўл урай десам, ҳаммаёқ зим-зиё, кўр ҳассасини тополмайди! Бундай қоронғилик, мудом биқиқлик феълимга ва соғлиғимга таъсир этмайдими!
Қандай ўйинқароқ эдим-а, эсингдами? Товонимдан ўт чақнарди, шаддодлигим билан ҳамманинг бошига етардим. Энди-чи, қуёшда қотган гўштдай қовжираб ўтирибман. Очиғи, ўзим ҳам қашшоқлар шаҳарчасидаги ўша қадрдон уйимизда яшашга ўрганиб қолган эканман. У ерда жилла қурса қуёш нурини, одамлар кулгисини дариғ тутмасди; ҳаловат ва умиддан кўнгил тўқ юрардик. Бу ерда улардан ном-нишон тополмайсан. Ишонасанми, буткул ҳеч нима! Гоҳи сизиб юрагим қон бўлиб оғзимдан тушаётгандек сезаман.
Уй яқинидаги шоҳкўчани айланибгина қуёш тафтини туяман. Бу ернинг қуёшида қувват йўқ, ё тортинчоқ, ё қўрқоқ, нурини аягани-аяган – хасисми дейман. Кунда эмас, кунора сайр этиб, кўнгил чигилини ёзмоққа хилват қидираман. Хотинлар кунни кир-чирларини кўчага қараган илгакларга осиш билан бошлайди. Ҳаммаси шу қадар зерикарлики, гоҳи ғафлат босган мудроқларни айюҳаннос солиб уйғотиб юборгим келади.
Дўстижон, мени бу ёқда тушкунлик кун сайин ўпқондай тортиб кетмоқда-ку, у ёқда ҳамшаҳарлар бўлса, мени Франциядай шаҳри азимда даврон суриб юрибди дея ҳасад ўтида куйишаётганини қара! Улар билишсайди бу – “орзулар мамлакати”, “бахт-қувончга тўлиқ Франция”га қилча ўхшамаслигини! Мен буткул бошқа дунёдаман. Эзгин, тушкун олам мени баттар эзаётир, аста-секин, кунма-кун ўлдириб бораётир.
Бу суврат менинг қувғиндаги пайтимдан.
Турмуш қуриб надоматда қолдим… Энг катта йўқотишга йўлиқдим. Саробларнинг қурбонига айландим. Отам бир кишининг суратини кўрсатди: хушрўйгина, энг муҳими, Францияда яшайди. Бир неча кун ўтгач, отам ўша расмдаги киши қўлимни сўраганини айтди. Бир ҳафта ўтар-ўтмай, розилик бердим. Бор гап шу. Ўзим қатори ёш-яланг йигитлар совчи юбориб турганига қарамай, уни танладим. Тўғри, уларнинг ҳеч бири Франциянинг юзини ҳам кўрган эмас. Қандоқ қилиб ўқувчи қиз Франция, Парижу ёруғ келажакни кўзламасин, ахир! Тезгина кўниб қўя қолдим. Ҳаммаси шу лаънати Францияни деб. Шу ер ютгур жойни деб оғиз солганларнинг барини рад этдим. Нимани истаган бўлсам, икки ҳисса ортиғи билан эришдим. Чинданам, бу қадар тубан кетаман деб ўйламаган эдим. Ҳикоямни сўзлаб беришга ор қиламан. Ўзимизнинг ерни, хотинларнинг бозор-ўчарга саллона-саллона боришларини яна қайта кўрсамийди, ям-яшил табиатни қанчалар қўмсайман, билсайдинг! Фаввора атрофидаги қий-чувлар, қассобнинг қарсиллатиб гўшт чопишлари, кундалик чуғур-чуғурлар ичидан ҳам эшитилувчи коранинг сайроғини тинглашга бениҳоя интиқман; жўжаларнинг тупроқни ёрар қуёш ҳароратидан соя-салқинда бир оёқда туриб паналашлари, уларга болакайларнинг оталари шиппагини кийдириб қўйишларию, панжарани қучоқлаб ҳалинчак учишларини мириқиб томоша қилсам эди… Бундан ортиқ бахтни ҳеч қаёқдан тополмайдиганга ўхшайман.
Ёлғизлигим ҳатто мурдаларнинг ҳасадини келтирар даражада. Ҳеч нимани оғзимга олгим келмайди, таъм сезмайман. “Эрим”нинг эса томоғидан ҳар луқма ҳам ўтавермайди. У қизил гармдорига тоқат қилолмайди, юзи қалампир тусга кириб, ошқозони ачишиб кетади. Бундай инжиқликларининг бадалига қуёш нурини қизғанмай турганида ҳам, ёшига қарамай, “эрим”га кўникиб кетган бўлардим. Шундай пайтлар жоним ҳиқилдоғимга келади.
Уни сенга ким деб таништирай? Нимадан бошласам экан? Наҳот, исканжасидан қочиб юрганим иқрор соати етди! Энди тан олмай ўзга чора йўқ. Тонг, олти ой аввал. Вақтнинг учқур шамол эканини эслата кўрма! Олти ой олтмиш йилдай имиллаб ўтдики, дўзах азоби шундай бўлар?.. Аминатага юборганим суратни кўрдингми? Худди ўша. Йигирма йил олдин олинган суврат! Қип-қизил маймунга ўхшайди, айёр маймунга! Ҳозир “етмиш уч ёшда”миш. Унинг лаънати қасамича, шундай. Эр ўлгур, ақалли туғилган санасини аниқ билмайди. Ёш кўринади, ҳар тугул. Совуқ ҳаво африкаликларни қаритмайди-ёв. Қисқаси, уям бир эр-да, жин урсин! Илтижоларим шамолларга совурилиб кетди. Унинг нигоҳлари сўник, бирам зерикарли, яшашга иштиёқдан зарра ҳам қолмаган.
Ҳозир нафақада. Бунгаям беш йиллар бўпти. Ҳар куни пешинда кемасозлик компаниясининг у офисидан бунисига изғийди. Кола ёнғоқларини чакана ё улгуржи сотиб келади. Эшикдан ёнғоқ тўла халтасисиз ҳатламайди. Оқлар ҳам кола ёнғоқлари даромад келтиришига ишона бошлашганидан оғзи қулоғида. Бирам имиллаб юрадики!.. Беш чақирим наридан, ҳеч рўпарамдан чиқмаган бўлсаям, лапанглашидан ё ўрдак, ё маймунни эслатади. Кўчага ёлғиз чиқиб, ёлғиз қайтади – халтаси ё бўш, ё ярим. Ҳар кечки дуосида топганига барака сўрайди. У кунлик тушумини шу қадар иштиёқ билан сарҳисоб қиладики, кузатиб ўтириб кулгим қистайди, сўнг неча замонлардан бери “сейф” вазифасини ўтовчи мактаб сумкасига эҳтиётлаб солиб қўяди. Баъзан “эрим”ни ўзи қатори чоллар йўқлаб туради ва менинг ёшимда тушунарсиз, бўлмағур мавзуларда суҳбат қуришади. Ҳаммаси ўтмишини эслайди. Уларнинг ўтмиш эртакларидан ўзимни қутқариб ётоққа кириб кетаман. Сиёсатдаги омадсизликлар, дунёнинг бевафолиги ҳақидаги суҳбатлар – кўпчилиги ўзларининг сусткашлиги оқибатида хорижликлар қўлига ўтиб кетган ҳукмронликдан ёзғириб гапирадилар. Келажакда боқий фаровонликни ваъда қилувчи қарамликдан бўлак гап эмас. Булар шунчалар аччиғимни чиқарадики, асти сўрама.
Қадрдон дўстим, ҳар на бўлсин, турмушимга исён қилолмайман. Осмон қадар орзуларимиз ёдингдадир – бахтга бурканган ҳаёт, орзумиздаги уй, турмуш ўртоғимиз ва фарзандларимиз? Кўпхотинликдан фиғонимиз кўкка чиқишларини эслайсанми?
Болалик ўйлари – шумтакаларнинг йиғи-сиғиси, ашула ва қуёш нури тўлдирган катта уйимизни беихтиёр қўмсайман-у ҳозирги ютиб юборувчи ёлғизлик мени даҳшатга солаверади. Оллоҳнинг қаҳри келмасин-ку, баъзан хавфли касалга йўлиқсам, баданимни яра-чақа босиб кетсаю менинг бу ҳолимга “эрим” қайрилиб боқмаса, яқинлашолмаса деб ният қилган кезларим ҳам бўлган. Бироқ ниятимга етмадим…
Шулар учун менга ҳасадинг келсинми? Ўзинг айтганингдек, менга ҳалиям ҳасад қилсанг, бу хатларни бошқаларнинг кўзидан пана қил, айниқса, ота-онамнинг қўлига бориб тушмасин. Ўтинаман сендан. Тейвни кўрсанг, саломимни етказ, аммо бошимга тушган кулфатлардан оғиз очма.
Сени ўпиб қолувчи Нафи

Салом, қадрдоним.
Сендан яхши мужда умидворман. Сенинг хабаринг – қуёшнинг илиқ тафти, фаввора томчиларининг атрофга майдалаб сепилиши каби ёқимли. “Эрим” сайрга жўнади, сен билан бир ой, эҳтимол, ундан ҳам аввалги суҳбатимизни давом эттиришга қулай фурсат топилди. Баронна хонимдан хабар олишни ният қилгандим. У муюлишдаги озиқ-овқат дўконида сотувчи бўлиб ишлайди. Унинг сўзлари ҳақиқатдан йироқ бўлсаям мириқиб, жаҳлим чиқмай эшитаман. Дарвоқе, кеча хатингни олдим.
Худди аввалгидек иккимиз ёлғизмиз. Юрагимни анордай очиб, сирларимни – анор доналарини сенга ушатаман. Сирларим юрак қонига қоришиқ алвон тусид ичу ташимни ёндиряпти. Бироқ ўртамизда, анор пўстлоғидек бўлсин, “девор” йўқлигидан таскин топаман. “Эрим”нинг ёши ўтинқираганидан ажабланибсан. Феъл-атворидан сўз очсам, ҳайратдан ёқа ушлар экансан. Тахминларинг билан кўнглимга ҳадик солдинг. Ажабланишинг беҳудамас, мен тонгу шомимни шу ўйлар исканжасида ўтказаман. Бу ришта Демба ва отамнинг ими-жими режаси билан қурилган. Ўй-миямни азбаройи итдай ғажийди. Ҳалигача бу ҳаётга кўнгим келмайди. Ўша пайтда нега ақлим етмадийкан, деб ўзимни койийвераман. Шармандалик кунларимни бегона ўтдай юлиб отаверса, саҳродаги гулдай мадорим қуриб битаверса, қандай бахтиёр яшай?! Отангнинг, ўз отангнинг-а, қизини чақага сотганини билиб қолишингдан оғирроқ бахтсизлик йўқ экан… Аммо мен ишонолмайман. Мен билган отам меҳрибон, софдил, содда одам-ку, ахир! Шубҳа-гумонлар миямни қуртдай кемираверади…
Яна нега нишингни санча бошладинг? Йўқ, дугонажон, сен ҳақсан, лекин бу каби ҳақиқатларни билиш тўйингда ёққан жаладай ёқимсиз.
Одамлар нега ҳақиқат излайверар экан-а? Ахир, мен ҳақиқатлардан мудом дилгир яшадим. Яна “эрим”… у отам қатори, ундан қари эмас деб сени ишонтироламан. Ҳа, ҳа, бир куни унинг ҳужжатини кўриб қолгандим. Афти олдингидан буришиб кетган. Ҳозир бизда қиш – чақадиган совуқ, танам исимайди – унинг эгнида бўлса эртаю кеч калта иштон. Уй ичида ювинади. Оқшом келмаса дейман – зулмат кўзим қорачиғида қотиб қолади, кўнглимни қоп-қора булут қоплайдики, тонггача мени таъқиб қилаверади. Шу пайт менинг инон-ихтиёрим унинг жиловига ўтади. Лекин ҳирси жилов билмайди. Ўзидан меросхўр қолса дейди. Азоблар зулукдай қонимни сўради, одам зотидан шунчалар жирканиш мумкинлигига ишонмайсан. Оллоҳ кечирсин-ку, унинг ўлимигина мени қувонтиролса керак. Нафси қонганда, ўтмишининг узун йўлларидан бери келмайди. Бир-икки ёшлик “шўхлик”лари ҳақида минғирлагандай бўлади. Суҳбат қовушмайди, терс ўгирилиб ётаверамиз.
Ўзимнинг ҳам фарзанд кўргим келаяётганини тан олайин. Бир туни менга узоқ тикилди-да: “Сен ҳакимга кўринишинг керак”, деб қолди. Биринчи марта у менинг аҳволим билан қизиқди. Биринчи марта бандаргоҳларидан ортиб менга вақт ажратди-я! Мен ҳали ўйлаб улгурмай, қўшимча қилди: “Бордию ҳомиладор бўлсанг, биз кемасозлик компаниясига борамиз ва сен савдо-сотиқ ишларига бош бўласан”. У беш йил аввал экипаж бошқарувчиларидан бири эди. “Оқбилак ойимчалар ҳамма ишни ўз қўлларига ола биладилар, – деб қўшимча қилди. – Нега биз улардай қилмаслигимиз керак?!”
Ўша пайт мени қанчалар таҳқирлаганини билсайдинг! Устимдан муздек сув қуйди қўйди. Шу ҳолимга ёнғоқ сотиш майлига, яхши-ёмон кўздан қизғанмасми экан?!
Овози эшитиляпти, келяпти чоғи, сени бироз ёлғиз қолдираман.

Суҳбатимизни давом эттирай. Доктор кўригига бордим. Кутганимдек, бўйимда бор эди. У қувониб кетди ва ҳар томонга жар солди. Энди шўримга шўрва тўкилиб, “эрим” кўп вақтини уйда ўтказяпти, қўланса ҳиди билан хонани булғаб юборади. Унинг рўпарамда қаққайиб ўтиришидан ғазабланавераман, меҳрибонлигию ғамхўрлиги ғашимга тегади. Тасаввур қилгин-а, “эрим” ҳатто мен учун бозор-ўчарга югуриб чиқар бўлди, бу матоҳларни машина ойнасидан ташлаб юборишимдан хавфсираб туришини кўрсайдинг. Аҳмоққа ақл битгани шумикан? Аммо мен ўзим англаб-англамай унинг башараси яхшиликларини кўрарга кўзим йўқ.
Энг қизиғи, кеча мен кема капитани билан учрашдим. Ер ёрилмадию ерга кириб кетмадим. Мени Дембанинг қизи деб ўйлабди. Мен учрашув сабабини, яъни бир неча йилдан бери ишсиз эрнинг хотини эканим, биринчи фарзандимни кутаётганим, сариқ чақамиз йўқлиги, ҳатто бола туғилса, не қиларимизни билмаслигимни айтганимдан сўнг – ўша пайт бу гапларни самимий гапирдим деб ўйлайман – Дембанинг ҳужжатини қўлимга тутқазди ва деди: “Эрингиз нафақа ёшига етган (ва думалоқ кўзлари билан “У бобонг тенги-ку” маъносида қараб қўйди). Ҳамма жойда замонавий технологиялар, буларга тиши ўтмас одамга иш топиш амри маҳол, айниқса, ўтёқарликка. Аксига олиб, бирортаям кўмир қозон қолмаган. Ҳаммаси янгиланиб кетган”.
“Эрим”нинг ишдан чиққани рост экан. У эгнида тор нимча ва номига илиниб турган кенг шим билан пастда кутяпти. Мени кузатаётиб: “Не қилсанг қилу, фаррошликка кўндир. Бортдаги бошқа ишларга уқувим йўқ”, деб тайинлаганди. Миямда тинимсиз шу сўз айланади. Унинг саркашлигидан бошқарувчига ялиниб-ёлбордим. Айтишича, “эрим” бу компанияда ўттиз йилдан ортиқ ишлаган, энди шунча йил ўтиб, унинг тағин иш беришига кўзлари етмаяпти. Улар “эрим”га на нафақа ва на бадал пули тўлашган, ноинсофлар! Ҳали туғилмаган боламнинг эртасидан қўрқувга тушиб кетдим – ҳар ой ижара ҳақини шақиллатиб санаб олувчи хотин, қўли калта ота-она ва туғилишга шошилиб, сўнг пушаймон чеккан фарзанд… Ўша офисда бир ярим соатлар чамаси қолиб кетдим. Ва ниҳоят бизнинг кўчадан ҳам байрам садолари эшитилди, улар “эрим”нинг ҳужжатига имзо чекдилар, кўнглимдан бир ўй шамолдай ғизиллаб ўтди: “Бу унинг охирги кема саёҳати бўлиши муқаррар!”
Мен сўнгги икки кунимни қандай ўтказганимни тасаввур этдинг-а?
Шомга бориб кемасозлик офисидан хушхабар билан қайтганим етти маҳаллага овоза бўлди. Кечки овқатдан сўнг “эрим”нинг дўстларию таниш-билишлари уруғ-аймоғи билан етаклашиб келишди. Улардан тамакининг сассиқ ҳиди анқир, кола ёнғоқларини қавш қайтаргандек завқ билан чайнашарди. Демба уларга фарзанд кутаётганимизни айтиши заҳоти ҳаммалари қаттиқ хавотир билан менга тикилиб қолишади деб ўйлагандим. Аммо қулоғимни динг қилиб анча вақт пойладим ҳамки, менинг номим тилга олинмади. Бирдан орага жимлик чўкди, ҳаммалари гапи оғзида қолган одамга анграйиб боқишди. Орадаги сукутни бандаргоҳдаги кемаларнинг бир-бир овози бузарди, тана ва жағлар ҳаракатдан тўхтаган – худди айбдор болаларни бурчакка турғазиб қўйгандек тек туришибди. Уларнинг қимир этмай сўзу ҳаракатдан қолишлари менга йилда нари борса пойига бир марта гул қўйилувчи ҳайкалларни эслатиб юборди. Қадрдонлар нигоҳида кексалик, чексиз андуҳнинг сўник учқуни милтиллайди, ҳеч кимга кераксизлик ҳисси қадларини ерга баробар букади, ўзларининг кичкина дунёсида жимгина яшаш ва эринмай ўтмишни сўзлашгина хира кунларини андак ёритиб туради.
Ҳаммаси ўзларининг тарихини тағин эринмай сўзлайди. Заминни ларзага солган биринчи жаҳон уруши ҳақида худди мен сенга ҳозирим ва келажагимни мароқ билан гапиргандек сўзлайдилар. Сув остига ғарқ бўлган кемалар, тоннажлар, кема капитанларию бошқарувчилар, оқ-қора кунлар, яхши ва ёмон оқтанлилар – улар учун ҳалиям оқлар – ё яхши, ё ёмон – вафот этиб кетган ҳамкасбларини бир-бир ёдга олишади. Бири ўтмиши ҳақида сўз очиб қолгудек бўлса, ҳаммалари тақводор сомеъга айланишадики, овозидаги пушаймонлик оҳангидан гуноҳлари учун истиғфор айтаётибди, деган хаёлга бораман. Ўтмиш ҳикояларида бари ўзини кўради. Ҳикоя уларнинг хотираларини уйғотиб юборади. Қаҳрамонлар худди улар босиб ўтган ҳаёт йўлию уларнинг одатларича иш кўргани қизиқ.
Хотиралар улар ҳаётига нур киритади, аллақачоноқ унутиб юборилган хира кўзгу ойдинлашади. Бадарға қилинганлар ҳаёти! Улар икки карра бахтсизлар – ҳам ўзликларидан, ҳам она тилларидан узилган одамлар. Бугунга келиб ҳудудий, техникавий ва руҳий ўзгаришлар ичра улар буткул имконсиз, ўринларини тополмай ҳалаклар. Ортга, ўз юртларига қайтишга анча кеч, француз бўлишга эса умрлари етмайди. Ўтмиш воқеаларини ушлаб оладилар-да, чайнайверадилар-чайнайверадилар, худди ҳазми оғир таом тановул қилгандек.
Бирининг кетидан иккинчисини олиб кетаётган ўлим араваларини сабр-тоқат билан кутувчи чоллар чеҳрасида ғазабдан кўра беҳафсалалик бўртган. Уларнинг сафи камайиб бораётир, тириклари ҳам денгизда бир хасга тармашган юзта одамнинг ҳолини эслатади.
Бу кишиларнинг ҳаёт тарзи шундай ғалати.
Дарвоқе, Тейвнинг бузуқи қизга уйланганини айтибсан. Қиз ўлгур уни қандай илинтирди экан, а? Ахир, Тейв йигитлар орасида энг мулоҳазали ва хушахлоқлиси эди-ку! Қизнинг казо-казоларни нишонга олгани аниқ, аммо ўйноқи ўқ Тейвга бориб теккан. Боланинг отаси маълумми? Бечора Тейв! Қиз номусини асрайман деб бошини кундага қўйибди, шўрлик. Ёлғизлик тубига тортган ё надомат ўртаган маҳалда унга хат ёзсамми деб ўйлаб қоламан. У ошиқларим ичида энг меҳрибони ҳам беғубори эди. Унинг хушахлоқигина менинг ҳисларимни жиловлаб турувди. Тақдирни қараки, қандайдир бетарбия билан кун кечиряпти экан. Ажримгача бахтиёр яшашларига умид қилайлик-чи.
Сенинг саломатлигингни эшитиб, ўзимнинг дардларимни тўкиб-солиб, қушдай енгил бўлдим. Қизлар ичида сенгина ақли бутун чиқдинг.
Мактуб эмас, достон битибман! Ҳатто бошдан-охир ўқишга ўзимнинг юрагим бетламаяпти.
Сабр тилаб сенинг Нафийинг

Салом, дугонажон!
Сенга нима бўлди? Нафратинг шунчалар ошиб-тошдими? Охирги икки ой мени ёлғизлатиб қўймай, кўнглимни арши аълога қадар юксалтириб келаётган эдинг-ку! Ўзингни ўрнимга қўйиб кўргандирсан, эҳтимол… Душманимга ҳам ўз кунимни раво кўрмайман… Йўқ, умримни зорланиб ўтказаётганим йўқ, ташвиш чекма. Яшашни сўрама, яшамаяпман – “яшаш” сўзини четга суриб қўйганман, ахир. Энг расвоси ва энг оғири шу! Руҳий заҳматларимни ким ҳам тортиб кўрибди!
Ажраш дейсанми? Шу ҳолимга-я! Бу даҳмазалар ичида, уйдан нарида кўнгил буюрганини қилмоққа имкон қайда! Ҳамдардлигинг сабаб тирик юрибман, шунисигаям шукур. Менинг турмушим бир мусулмон қизининг турмушидек, кам ҳам, ортиқ ҳам эмас. Қонунни тиқиштирма. Қайси қонундан нажот кутай? Қонун эркаклар ва уларнинг кўнгиллари билангина ҳисоблашса! Мен “эрим”дан воз кечишим керак – ҳақсан! Кейин-чи, кейин қаёққа бораман? Кимга керагим бор менинг? Дакарга қайтиб кетишга-ку сариқ чақам ҳам йўқ. Бир муддат дам олиб, кўзимдан нари қилишим мумкин. Аммо бола-чи – бу ҳақда бош қотирмадингми? Сен калта ўйлаяпсан, қизиққонлик қилма! Ўзимни борлиқ марказидаги мавжудот деб ҳисобламайман. Жилла қурса, ҳозирча.
Уйдагилардан, укам Бобокардан мактуб олдим. Ёзувига аранг тушуниб етдим. У мендан костюм жўнатишимни сўрабди. Мендан-а – ҳеч вақоси йўқ одамдан?! Ўзимни сотиб олайми? Ўзимдан бошқа қимматли ҳеч вақом бўлмаса! Отам ҳам “эрим”га шу мазмунда хат жўнатибди. Гоҳи “ота” сўзи тилимда айланса, шубҳа-гумонлар юрагимни илма-тешик қилади, ғамга ботиб кетаман. Фарзандлик меҳрим ҳавога учади-кетади.
Ёшлигимизда осмон-осмон орзулар, тоғдай ниятларимиз борийди-я! Эрнинг чўрисига айланиш, кўз тушмай – кўнгил тушмай турмушга чиқишдан ўзимизча жамиятни айбситардик, бировнинг қўлига қарамай, кўнглимиз тусаганини сотиб олсак, қисқаси, озод Шарқ аёли бўлсак дея орзулардик. Мен-ку, чучварани хом санаган эканман. Эримнинг ёнғоқ тўла халтаси билан кунимиз шақиллаб ўтяпти-кетяпти. Францияда тошнинг ҳам нархи баланд. Оқтанли хониму жанобларнинг бари Африкани орзулайди. Баъзида “эрим” спагетти ва шакар тўла халта билан уйга қайтади, уларни қаердан олади деб ўйлайсан? Аҳолини моддий муҳофаза қилиш қўмитасидан. Бир куни талонни халтасидан топиб олдим. Уни Баронна хонимдан сўраб аниқладим. Садақага кун кечирар бўлдим, кўряпсанми? Одоб чегарасидан йироқлашиб кетгандекман. Баронна хоним ахлоқ-одоб қоидаларининг икки тури борлигини айтади – бири касб одоби, бири мол-давлатники. Узоқ ўйлай-ўйлай, унинг ҳақ эканига иймон келтирдим. Уйга қайтиш умиди эса, туя ҳаммомни орзу қилишидек, ушалмас армон бўлаётир. Эримнинг ҳар якшанба ганакка жўнаш одати бор. Шанба кунлари у пойгага тадорик кўради; бурчакка тиқилиб олиб, отларни шайлайди. Сен уни кўрмасанг бўлмайди! У битта отни чўккалатиш учун милён марта вайсайди.
Ғариб абушқа! Шугина умиди қолган ҳаётдан.
Дўстлигимиз бардавом бўлсин учун шу қисқагина мактубни битдим. Ҳомилам маромида ўсяпти. Бундан оиламдагиларнинг хабари йўқ. Сен ҳам ҳеч кимга оғиз оча кўрма! Ҳеч зоғ билмасин!
Сени ўпиб қолувчи Нафи

Салом, қадрдоним!
Хушхабар бор! Тушкунлик домига тортиб турганда илиқ мужда бағримга шамол теккизди. Хайрият! Ноумидлик, лоҳаслик ва ёлғизликдан чиққандай бўлдим. Бир неча ойдан буён “эрим” билан ҳамтўшак эмасман, истеъфога чиқдим. Шугина озодлик ҳам мени кўкка кўтариб юборди.
Чол бугун кемасини денгизга туширади. Мамнунлигимнинг сабаби бу эмас. Эшит!
Нимадан бошласам экан, а? Сассиқ чолданми? Унинг туллаклигини билсайдинг! Яқинда тиббий кўрикка чақиришди-ю, ўрнига биров кириб чиқди. Шифокор фарқига бормади – уям қора чол-да. “Эрим”нинг ёшида тиббий кўрикдан наф қаёқда дейсан!
Шу кунларда унинг офисида таъмирлаш ишлари бошланди ҳамки, ёлғизликка маҳкум ҳаётим баттар қуюқлашиб кетди. Бу тийра, биқиқ, совуқ деворлар кўзимга тобутдай кўринаверади. Борган сайин қўрқувга тушавераман. Ундан мени Африкага жўнатса-да, ўша ёқда уни кутиб яшашимни ўтингим келдию… Ичимдан англаб бўлмас туйғу бўғзимни куйдириб ўтди – у ҳақида қайғура бошладим – балки сени аксинча сўзлар билан алдагандирман. Аммо иқрорманки, у менинг яккаю ёлғиз ҳамроҳим, тўрт девор ичидаги узун сукунатни бузувчи ягона одам; уни ёқтирмасам ҳам анча боғланиб қолибман. Биқиқ ҳаётимда угина бор; касал одам дардга кўникканидек, унга тобора ўрганаяпман. Менга кўчадан, дунёдан хабар келтирувчи жарчи. Кўп вақтимни у билан ўтказаяпман – намоз вақтида, кундалик тушумларини сарҳисоб қила туриб – у атрофимдаги бўшлиқни тўлдириб туради. Шулар хотира бўлиб, умримга муҳрини босаётир. Баъзан чеҳрамиз очилиб суҳбат қурган дамларимиз ҳам бўлади. Меҳрим ийиб, унинг қор босган сочларини аста силаб қўяман…
Гиена ҳақидаги масал ёдингдадир? У ҳайвонлар ичида энг кўримлиси деб топилади ва мағлуб рақиблари унга қарата дейишади: “Гиена, сен малика олдида қанчалар бадбашарасан!” У шундай жавоб беради: “Биламан. Мен кўримсизман. Сиз туфайли ғалаба қозондим. У узоқ муддат менигина кўрди ва менга кўникди. Охир-оқибат у мени ёқтириб қолди”. Гиена ҳақ экан.
У топган пулини менга сарфлайди.
У “озод” кемани бошқаряпти – бу сўзни тўғри талаффуз этдимми ё йўқ, билмайман, луғатим йўқ эди, бироқ шунга ўхшаш алоҳида кема-да.
Шундан ҳаётимда ўзгариш сезилди.
У билан докка тушадиган, мени бортда кемачиларга ғурур билан таништирадиган бўлди. Ҳамкасблари менинг дўппайган қорним ва унинг ажин босган юзига қараб, қартайган чолимга қўпол ҳазиллар қилишади. Очиғи, кўзим кўр бўлиб, шунча вақт фақат ўзимни – якка-ёлғиз Нафи ва унинг ҳаётини ўйлаб келибман. Бир куни каютада ўтириб олиб келажакка хаёл кетганда, туйқусдан бақириқ эшитилди: “Синглим, кетишимиз керак!” Овоз уники эди. Озғин, найнов эрим кўринди. У менга қайрилиб қарамасди. Юзи тунд, жиддий, недир нохушлик бўлган. Эримнинг эгнида доимгидек мовий костюми – уни “Шанхай дельфини” деб аташарди, нега бундай тушунмайман. “Арона сени кузатиб қўяди”, деди “эрим” бужмайган юзи билан эшикни итариб. Икки кўзини мендан узмай қўшимча қилди: “Аронадан тортинма, истаганингни сўрайвер”. “Эрим” маслаҳат бергандай бўлиб, мени йўлаккача кузатиб чиқди. Арона лабига сигара қистирганча, ўша чоқдаги воқеадан сўзлай кетди. Айтишича, оқтанли найнов ундан “Бу сенинг хотинингми?” деб сўрабди. “Йўқ, бу анави чолнинг хотини”, жавоб берибди у. Аронанинг сўзлари кўксимга наштардек санчилди. Ўзимни қаёққа қўйишни билмай қолдим. Қора танли аёлдан орланиш шунча бўларми? Унинг жавоби иккимиз ўртамизга чизиқ тортиш эмасми? Аронанинг қайта-қайта “Йўқ, йўқ” деяётган норози қиёфасини кўрсайдинг!
Докдан чиққач, йўлбошчим оғзига талқон солиб олди. Биз Эски портга элтувчи автобусга чиқдик, сайр бир-бировимизни яқинлаштиргандек, ўртадаги деворни кўтаргандек бўлди. Мен “эрим”га иш излаб борган куним у бортда экан. Исмини эшитгандим – қариялар Аронани кўп эслашарди. У суҳбат чоғида юзини тортиб-чўзиб қўярди. Унинг Франциядаги қора ишчилар ҳамжамиятининг раҳбарларидан, қисқаси, жангарилардан эканини фаҳмладим.
Автобусдан тушдигу, Арона тирсагимдан ушлаб йўлдан ўтказиб қўйди. Унга итоаткорона бўйсуна қолдим. Майдонни Африка қуёши зиёси ила сийлаётгандек, нур тош юрагимни эритиб, ёруғлик олиб киргандек бўлса-я. Гала одам сайр қилаяпти, машиналар турнақатор тизилиб умрдай гув-гув ўтарди. Арона порт яқинидаги қаҳвахонага таклиф қилди, бирга қаҳва ичдик.
Вақт елдай ўтганини сезмай қолибман. Нақадар ажойиб! Менинг кўнглимга ҳам илиқлик кирар кун бор экан. Бунга сайин оқ танлилар ҳазар қилгулик қора танимдай зулматхонага сира қайтгим келмасди. Ғала-ғовур эса қулоқни батанг қилиб юборди – машиналарнинг сигнали, йўлни ямаётган ишчилар пармасининг шовқини, оломоннинг бақир-чақири…
Қалб шундай яйрасин экан-да! Ўша онда одамлигимни ҳис этдим. Тушкунлик, зерикарли ҳаёт юзимдан ранг олиб кетганига анча бўлувди. Ўша он бахтнинг қирмизи ранги юзимга, томирларимга оқиб кираётганди. Гиена зап топиб гапирган: “Биламан. Мен кўримсизман. Сиз туфайли ғалаба қозондим. У узоқ муддат менигина кўрди ва менга кўникди. Охир-оқибат у мени ёқтириб қолди”.
Арона юзимга тикилиб қарамади: аммо зимдан бир-биримизни кузатиб ўтирардик. У ўзини анча эркин тутарди, оёқларини чалкаштириб, тирсагини столга тираганча тамаки тутатди, Эски порт ва бандаргоҳ ташқарисидаги орол – Шате дифга қатновчи кемаларни кузатиб ўтирди.
– Шате дифда бўлганмисан? – сўради дафъатан.
– Йўқ.
– Қайғурма, шу ерда туғилганларнинг кўпи оёқ босмаган у оролга.
Арона мени ўша оролга таклиф қилмоқчи, деб ўйладим. Борди-ю, таклиф қилганда ҳам, хиёл ўнғайсизликда қолардик. Унга бир муддат болаларча маҳлиё бўлибман, хаёлимдан ўтганларини қара: “У уйланганмикан? Оқ танли хотингами? Қўлида никоҳ узуги йўқ. Бўлса-чи, узук ниманиям ҳал қиларди. Боласи бормикан?..” Бу саволларни унинг ўзига беришдан иймандим. Тўсатдан гап бошқа ёққа айланиб кетди – бу шунчалар тез бўлдики, англамай ҳам қолдим – африкаликларнинг Франциядаги муҳожирлиги масаласига. У бу борада етарлича билимдон эди. Сўзлай туриб унинг яшил кўзлари нурдан пана қидирарди. Арона муҳожир қариялар, ҳарбий хизматдан бўшаган аскарлар, денгизчилар ҳақида юракдан, тўлиб-тошиб гапирди. Уларга ачиниб, чинакамига куйиб-пишди. Аронанинг бу қадар ёниб-куйишидан ҳайратланиб, худди акасининг шикоятини миқ этмай эшитаётган гўдакдек жим ўтирдим.
Ёши нечада экан? Унда бўз йигитнинг ғайрати бор эди. (Ичимлик тугагач, мендан сўраб ўтирмай, яна шу хилидан буюрди). Сўнг уйга қайтишимиз лозимлигини айтди. Бу мени тағин ғамга солди… Наҳот роҳат тугади?.. Биз қайтдик. У менинг чарчаганимни сўради деб ўйлайсанми? Йўқ…
Эшик рўпарасига етиб келганимизда, у вақти-вақти билан мендан хабар олиб туришини, борди-ю, менинг ҳам кўргим келиб қолса, кечки соат олти-еттилар орасида Марказга қўнғироқ қилишимни тайинлади.
Аронани кўрганингдайди, ёқтириб қолардинг. Ҳа, шубҳасиз! У менга қуёш нури, уммон мавжларидек бахтни инъом этди. У билан ҳаммаси гўзал ва ажойиб кечди. Сенингча, тўғри иш тутяпманми? Албатта, бу – менинг қарорим. Бола туғилгунича ҳаммаси изига тушиб кетар? Ниҳоят уфқда офтоб кўринди.
Ҳозирча шулар.
Эски дўстинг Нафи

P.S. Илҳом келиб ёзаверибман – ўн бет бўлиб кетибди. Чидам билан ўқий олармикансан?
Зинҳор! Маслаҳатингга қандоқ қулоқ тутай? У тўрт кунгача мен билан қолиб кетолмайди, ахир. Арона сўнгги марта ярим оқшом уйимдан чиқиб кетувди, эртаси куни эрталаб уй соҳибаси буни сезиб қолиб, нафрат тўла кўзи билан мени еб битирди. Арона охирги пайтлар анча бандлиги сабаб Нафақахўрлар уйига мени бўлак киши кузатиб бораяпти. Унинг дийдорини шундай қўмсаяпманки… Қачон келаркан ўша бахтли лаҳза? Кўнгли сезганини қара: “Уй соҳибасини жиним суймади”, деганди сўнгги келишида, аммо негалигини айтмай кетувди.

…Арона уч кун ўтиб, ёнимга келди. Ой нури тушсин, тоза ҳаво кирсин учун деразаларни очиб қўювдим, қўққис ташқаридан унинг овозини эшитиб қолдим. Арона бир неча жазоирликлар билан суҳбатлашиб келарди: “Агар Жазоир миллий озодлик армияси сизларга референдумда қатнашмасликка буйруқ бергудай бўлса, албатта итоат этишингиз лозим. Бироқ шу ерда ишловчи қора танли африкаликлар овоз бериши шарт. Бизнинг “Йўқ” овозимиз икки маънони англатади. Бири – бизнинг француз ишчилари билан бирдамлигимиз, ўтмишдаги ўзаро жанг натижасида улар эга бўлган яхши шароитдан биз ҳам наф кўришимиз важидан. Яна бири эса мамлакатимизда мустамлаканинг буткул барҳам топишидан умидвор эканимиз белгиси”, – деди у.
Шундан сўнг кулбам эшигини қоқди. Бироқ кўп қолмади. У кетиши керак эди…
Бу қалтис ўйиндан, аввалги хатларимдан сенга аён, унинг ҳамроҳлиги ва суҳбатидан роҳатланяпман. Арона билан боғлиқ ҳаммасини гапириб берайми – кийим-кечаги, соч турмаги, оёқ кийими, у ёқтирган фильм­лар… Хуллас, Арона сочлари ғижимланиб кетган қора танли аёлларни ёқтирмайди – улар устидан “қора мушук” деб кулади. Кўпинча иккимиз портга етаклашиб борамиз, ул-бул харид қиламиз. Йўл бўйи кулги кулгига уланиб кетади. Бир-биримизни суратга туширамиз. У расмларимни йиғиб юрибди. Дарвоқе, ҳазиллари бирам қалтис, унинг чин ё ҳазил эканини тушуниш душвор. Бир куни сайр қилиб юрибмиз дегин, рўпарамиздан ит етаклаган аёл чиқиб қолди. “Улар итларини қандай чақиради, биласанми?” шивирлади Арона. Унга маъносиз бош чайқадим. “Кет, яловчи”, деди у. Кулги ичимдан тошиб келди-ю! Ўша куни кийим дўконидаги воқеани айтайин: у сотувчи қизни кўриб қувлиги тутди. Ёнига бора солиб: “Хотиним фарзанд кутяпти, афтидан, мендан, шекилли. Роҳатланган Аёлимнинг шу туришига битта кўйлак берсангиз”. Сотувчи бошдан-оёқ менга разм солди. Мен саросимада хижолат тортдим. Чексиз истиҳола билан – сотувчининг шиори харидор ҳамиша мамнун бўлиши керак – жавоб берди: “Сиз учун, жаноб, сиз учун ҳам, хоним, жуда хурсандман”. Арона унга имкон қолдирмай ўша оҳангда сўради: “Хонимни қандай ранг очади? Унинг ранги бақлажонни эслатади, ақлни шоширадиган таклиф кутмаяпманку-я, ўртамиёна ҳам бўлмасин”. Ўзимни бақириқдан зўрға тийдим; уни дўппослагим келди. Нима қиларимни билмайман – кўчага отилсамми? Унинг қилиқларига баъзан асабим дош бермайди! Ич-ичимдан ғазабим тошиб турибди, у бепарвогина кўйлакларни бир олиб-бир қўяди, эгнимга илиб кўради. Сўнг сотувчига ғўлдиради: “Йўқ, йўқ, бўлмайди”. Бу қилиғидан ўзи ҳам сал мулзам бўлар десам, қаёқда – оғзи қулоғида, кулгани-кулган. Мен баттар жаҳлдан тутақиб кетаяпман. Ўзимни масхарабоздай ҳис эта бошладим. Ранжимадимикан деб ҳам ўйламади, эҳтимол, ўйлаган чиқар? Лекин менга шундай туюлди.
Йўл-йўлакай ширинлик дўконига кирдик. Одам лиқ тўла, хизматчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Бизнинг навбатимиз етиб, Арона “олтита қораялоқ” буюрди. Сотувчи аёл менга ҳайрон тикилди ва хижолатдан қизариб кетди. У гарангсиган аёлдан кўзини уздию менга ўгирилиб сўради: “Шу етадими, жоним?” Қуюшқондан чиқиш ҳам шунчалар бўлар-да! Бўш ўриндиқ топиб ўтирдик, у ўзини оқлай кетди: “Дунёга енгил қарамасанг, ҳазил билан енгмасанг, у ютиб юборади. Ҳазил қилиб қувнайман. Бироқ доим ҳам имкон бўлавермайди. Сен билан бўлсам, яйраб кетаман”. Сўзининг маънисига тушунмадим. Аниқроғи, коса тагидаги нимкосага ақлим етмади. Аммо ғазаб ўти аста-секин сўна бошлади.
Кўрдингми, унинг ярамас, безорилигини! Арона жуда илгарилаб кетган, замонавий. У ҳақ-ҳуқуқини яхшигина билувчи, устига-устак, ўта кек сақловчи одам. Қизиқувчанлигиям бор.
Ўша куни оқшомгача айланибмиз. Сўнг кинога тушдик. У бозор-ўчардан қайтишда мени огоҳлантирувди: “Кечки соат саккиз яримда тайёр бўлиб тур. Кинога борамиз”. Мен учун диққинафас уйдан кўчага чиқишдек ҳузурбахш иш йўқ ҳисоби. У бўлса, одамларни йўриғига юрдиришни яхши кўради. Мен унинг қўлида қўғирчоқдек гап. Шундай қилиб кечқурун “Ой ёғдуси”га тушдик. Чарли Чаплин фильми. Агар имконинг бўлса, шаҳарчангизда томоша қўйилса, албатта, бориб кўргин. Мусиқа ва рақс, қариянинг туйғуларини янчиб ташловчи раққос ҳаракатларидан кўзимга ёш қуйилди… юраги йўқ кишигина уни ҳиссиз кўролади. Кинодан уйга ета-етгунча, Арона ғиқ этмади. Унинг яна ўз оламига беркиниб олгани мениям ўйга чўмдирди. Аронанинг мен билан кун ўтказишларидан маъни нималигини сўраб билдим. Уни ҳам шу сўроқ қийнарди балки.
“Қийналма! – деди у. – Одамлар сен билан дон олишиб юрибди деб ўйлашларидан қўрқяпсанми? Наҳот сендек гўдакка шуни раво кўрсам?”
Ҳаётимда биринчи бор журъат қилдим, миямдаги бўлар-бўлмас ўйларни сиқиб чиқариш учун ўртамиздаги дудмал муносабатнинг охирига етишга бел боғладим. “Журъат” сўзи африкаликларнинг етти ухлаб тушларига кирмаслиги аниқ. Улар чеккан заҳматларимни, изтиробларимни билармиканлар? Менинг ҳам севишга, кулишга, кўчага чиқишга наҳот ҳаққим бўлмаса? Ҳа, буткул йўқ. Уларнинг барчаси эски анъаналарга содиқ, эски тутумни маҳкам тутиб олган эркаклар, мухолифатчилар. Уларнинг кўпи ўз хотинларини икки, уч, ҳатто тўрт йил олдин ватанларига жўнатиб юбориб, ўзлари оқбилак ойимчалар билан давру даврон сурадилар. Ғазабдан ўзимни аранг босиб сўрадим: “Одамларнинг ғийбатидан сиз нима ўйга бордингиз?”
– Уларнинг ҳамма гапи ёлғон. Ўшалар ишимни баттар чигаллаштиради.
– Қандай чигаллик?
У сўзимни эшитмагандай юзини терс бурди. Унинг оғир сукути мени баттар эзиб юборди; жавобига интиқ бўлиб кўзимда ёш мавжланди.
– Чунки бировнинг хасмини хотин қилиш истагим йўқ, – деди ниҳоят.
– Мени қандай аёл санадинг?
– Ундай аёлларга менинг ҳам ҳушим йўқ.
– Бу ишлардан бир нима топдингми?
– Албатта!
– Нега мени ушлаб турибсан? Мақсадинг нима ўзи?
– Адолатсизликни кўришга тоқатим йўқ. Агар менга хотин керак бўлса, уни сотиб оламан, тамом.
Уни ўлгудай калтаклаб ҳам хуморимдан чиқолмасдим ўша пайт; қумурсқадек эзғилаб ташласам дедим. Ундан ҳам баттари – ўзимни кечиролмай қийналдим, мени ўзига ўргатди ва кераксиз буюмдек четга суриб қўйди. Ортда қолган йўлимга ҳеч изоҳ тополмай эзилдим. Уни қайта кўрарга кўзим қолмади.

…“Эрим” шифохонадан қайтди. У борт палатасида даволанди. Касали жиддийга ўхшайди. Арона ҳеч нима бўлмагандек эримнинг олдида ғўддайиб турарди, айниқса, охирги суҳбатдан сўнг ҳам кўзида уятдан асар йўқ эди. Кейин мен сира кинога тушмадим. У билан сўнгги марта мени туғруқхонага кузатиб қўйганда учрашдим.
“Эрим”, ўша абушқага келсак, у ҳақдаги овозалар Африкани кезиб юрганмиш. Аммо аввалгидек мактублари шов-шувга сабаб бўлмай қолибди, эшитгандирсан? Бахшига бориб юрма. Аронанинг ҳаётимдан буткул изи ўчган, қайтмайди…

Қаттиқ янглишасан. Арона ҳаётимга яна бир хато бўлиб қўшилди. Тағин Оллоҳ билгувчи. Баронна билан унинг палаги бир. Баронна хоним коммунист аёл. Бу хотинникидек юрак ҳеч аёлда йўқ, деганди “эрим” бир сафар. Негадир ўша аёл билан суҳбат қургим келаверади. Яқинда у мени аёллар дўконига етаклаб борди. Ўша ерда Аронани дўсти билан учратиб қолдик. Дўсти: “Африка матолари жуда чиройли-я”, деди. Арона қўшимча қилди: “Африка матоси, Буссак муҳри”. Баронна хонимдан Буссакнинг Франциядаги йирик савдогар эканини билдим. Бу хотинга ҳар қандай иш бўлсин, хамирдан қил суғургандек.
Аммо бу қизиқ ҳолатдан каловланиб қолдим.

Туғруқхонадаман. Референдум бўлиб ўтибди. Сенегал ёқлаб чиқибди. Бемаъниликни қара! Якуний хулосани эшитиб, ихлосим қайтиб кетди. Айниқса, бу сафар Сенегалнинг ёқлаб чиқишини ҳеч ким кутмовди. Франциядагиларнинг ҳаммаси бир овоздан “Ҳа” дебди. Арона ўша-ўша мени йўқламади. Унинг мағлубиятини, қийналишини ўз кўзим билан кўрмоқчийдим. Унинг ҳаққи, сенегалликларнинг “Йўқ” дейишини жуда истовдим.
“Эрим” ҳолимдан хабар олиб турибди. У аввалгидан анча хароб аҳволда. Оғир дардга чалингани маълум. Юрагим ачишиб кетдики… У саёҳати давомида харид қилганларининг барини менга ҳадя этди. Фақирликнинг оғир юки йиллар бўйи адл турган “эрим”нинг қаддини анчайин букиб қўйганди. Шифохонадаги бемор хонадошим уни отам, Аронани эрим деб чамалабди. Ҳамхонамнинг тахмини чин чиқса эди! “Эрим”ни қай дардга йўлиққан деб ўйлайсан? Унда ўсма бор экан. “Эрим”нинг қадрдонлари мени йўқламадилар. Қандай ҳам қарасинлар, Арона билан боғлиқ миш-мишлар сабаб мени кўрарга кўзлари йўқ-ку, ахир. Кўнглим хотиржам. “Эрим” зинҳор мен билан Аронадан шубҳа қилмайди. Бизга ўзига ишонгандек ишонади. Унинг кўзича иккимиз ака-сингилдекмиз, афтидан.
Ҳаммаси жойида. Ҳозирча шундай…

…Баронна хоним қизи билан шифохонага келди. У менга атайин банан сотиб олибди. Қўлимга тутқазиб деди: “Булар сенинг ватанингдан келган”. Бир қора танли талаба-доя бор эди. Тогодан. У ҳам йўқлаб кетди. Арона олиб келибди уни. Қаллиғи бўлса керак? Ҳамма негадир ўша қизни мақтагани-мақтаган. Ўзи чинданам меҳнаткаш, иқтидорли қиз экан. У Африкада чиқадиган рўзномалардан бир қанчасини қўлимга тутқазиб кетди. Зерикканда эрмак қилаяпман. Ўзи кунига икки марта хабар олиб туради.
Хонада уч киши ётибмиз, ўнг томонимда араб аёли, менимча, мусулмон бўлса керак, иккинчи ёнимда италиялик хоним, у мени роман католигидан деб ўйлабди.
Ҳозирча шу янгилик. Вақти-вақти билан сайр қилиб келаяпмиз. Хонадошлар билан вақтим чоғ ўтаяпти. Улар Африка ҳақида ҳеч нима билмайди. Уларнинг бемаъни саволларига куни бўйи жавоб бериб чарчамаяпман.
Сени ўпиб қолувчи Нафи
P.S. Абушқанинг аҳволи оғир. Ундан жуда хавотирдаман.

Марсель

Салом, дўстим.
Кўзим ёриди. Руҳоний боламни чўқинтирай деди, кўнмадим. Исломий қоидаларга мувофиқ, қулоғига ҳам азон чақирилмади. Қизимга Яйе Кодоу – қайнонамнинг исмини қўйдим. Ҳозир ҳужжатлар бўлимидаман.
Бахтимга “эрим” шифохонада, олти килоли бола билан гугурт қутисидек хонада учаламиз анча сиқилиб қолардик. Яшашга яроқлироқ уй излашим керак. Қутидек хонада қўш каравот, кийим жавони, бир неча кийим-кечак, ёнғоқхалта ва пишир-куйдир жиҳозлари… болалар аравачасига аранг жой топдим. Болани қўйнимда олиб ётибман.
Отамдан хат олдим. У мендан доимгидек маслаҳатини аямаган. Айтишича, рафиқа дегани сира қуёш бўлолмас эмиш, унинг қисмати соя экан, шу сабаб итоаткор бўлишимни уқтирган. Отам, отагинам-а! Замон ўзгардию, отам ўзгармади-да. Марселга келганимдан буён онамдан бир энлик мактуб олмадим.
Биринчи боламизни – бахтимиз нашидасини қандай тасаввур этар эдиг-а? Хаёллар ҳақиқатдан йироқ кетдилар. Ҳолатимга кўникишдан ўзга имконим йўқлиги – оғир. Билганим шуки, барча орзулар шуурда сўник милтирайди, атроф-жавонибда ўзлигим, туйғуларим йўқолиб бораяпти. Уйқудаги сармаст одамга ўхшайман.
Францияга ўт қўйсам дейман! У мени не кўйга солди? Атагани – тўрт деворга мутеликми?!
Баронна хоним келди-кетдини канда қилмайди. Оилам, яқинларимсиз бу ерларда анча ёлғизланиб қолганим, бегоналигимни угина тушунади. Бу мамлакатда қўшничилик йўқ ҳисоби. Қизалоғим Яйе Кодоу билан сайрга чиққанда, бандаргоҳдаги аёллар нуқул бир саволни сўрайверадилар: “Бунча ширин болакай! Ўғилми?” “Йўқ, қизалоқ”. “Вой, ўғил деб ўйлабман”, дея қўшиб қўйишади. Шугина суҳбат. Шугина алоқа. Менинг қора танли қўшниларим бу оқбилак ойимлардан анча ақлли эди.
Сенгагина илинган хатим ҳозирча шу.
Сенинг Нафийинг

“Эрим”нинг ҳолидан хабар олишга бордим. Юкларимни йиғиштириб, унга буткул кетмоқчи эканимни айтишга аҳд қилувдим. Сабрнинг ҳам чегараси бор. Бас, етар энди! Мана бу кулба! Бу норасида! Ёлғизлик! Одам бундай яшолмайди. Шифохонага борганимда эса шаҳд-шижоатим кафтимдаги сувдай сирғалиб тушиб кетди. Унинг сўлғин юз-кўзидан тер қуйиларди, ҳансираб-ҳансираб нафас оларди, бу ҳолида қандоқ ташлаб кетайин? Унинг тепасида қадрдонлари ҳозиру нозир эдилар. Гўё улар эримдан рози-ризолик олишаётгандек. Юзларидан видолашув ифодасини ўқигандек бўлдим. Ҳаммалари унинг жони ором топишини истаётгандек. Бир бурчакка бориб чўкдим-у ўзим билан суҳбатлаша кетдим: “Нафи, ақлингни йиғ. Қаёққа кетмоқчисан?” Шу тобда ичимданми-ташимдан бир овоз янгради: “Йўқ, кетолмайман. Унинг сўнгги нафасигача ёнида қолишим шарт. Бу муқаррарият қачон келади – эртага ё бир-икки йилдан сўнг… аммо ёлғизлатиб қўёлмайман”.
Сўнгги пушаймон ўзига душман бўлмасин дейман. Эримнинг дўстлари бўлса хотиржам унинг ўлимини кутмоқдалар. Навбат кимга етдийкан? Балки улардан бирига, балки менга шивирлар ўлим фаришталари. Яшаяпман-у уларнинг тунд чеҳраларига боқиб ҳаётдан умидим сўниб кетмоқда. Ҳаётга иштиёқим қаёққа ғойиб бўлдийкан?
У билан видолашув сўзим шу бўлди: “Демба, мен уйга қайтаяпман”. Қария қўлини қимирлатдию жони узилди. Ҳамманинг кўзи бир нуқтада. Совуқ тер баданимни жимирлатиб юборди. Турганларнинг ҳеч бири ҳамдардлик билдирмади. Худо шоҳид, мурдасини анча вақт қўриб ўтирдим. Кўнглим ағдарилаёзди. Гўдаги билан ёлғиз бевадан ўзга кимса қолмади, хонадан қуёш бўйини яшириб олди. Ўлим ҳиди анқиган хонадан “эрим” қўлимдан етаклаб кетса, ажабмас. Йўқ, ёлғиз ўзим жонсиз мурда устида ортиқ қололмайман – қўлимдан ушлаб ўзининг дунёсига чиндан тортаётгандек… бу ерда қоққан қозиқдек турганим билан у энди қайтиб келармиди? Йўқ. У ёш хотини билан ўзининг сўнгги кунларини шундай орзуларди. Ниятига етди, бечора. Мен эса ҳали ўлим тўрвасини бўйнимга илмоқчи эмасман, ҳеч қурса, бегона юртдан кетиб олай. Болам йиғлаб қолди… Чинқирашини бир эшитсанг эди! Қисқаси, ўзимни ўнглаб олмоққа вақт қурғур халал бераяпти. Суратга қараб таниёлмай қолдим Нафини. Сураткашнинг тортиғи шу бўлди – жафоли кунлар муҳри.
Отам сўнгги хатида Яратганнинг қудрати ҳақида ёзиб юборибди. Бу ишлар У учун ҳеч гап эмас, бироқ мен, ожиз бандага тоғдай юк. Отамнинг мактубини жавобсиз қолдирдим. Энг мақбул йўл шу. Оппоқ тонгларнинг бирида у ўз оёғим билан уйга қайтганимни кўрар. Отам сўнгги марта бола пайтим кўрганди, кейин анча сувлар оқиб ўтди…
Шифохонадан чиққанимда ҳеч ким қолмаганди.
Арона уйга келди. “Сенга сўзлашга сўзим йўқ, сенга сўзлашга юзим йўқ”, деди. У мени ёқтирмаган, заррача ҳам. Бироқ уни лаънатламайман. “Уйга етиб олишга пулни қаердан оласан?” деб сўради. Мен бу ҳақда ўйлаб кўрмовдим. Лаънати, ўзи менда шундай имкон бўлганмиди? Аронанинг кўнглидан ҳам шулар ўтди-ёв, миқ этмади. Унга мададкорим йўқлигини айтдим. Сўнг овозим борича: “Франциядан нафратланаман!” – деб бақирдим. У хотиржам жилмайди ва деди: “Сен Франция ҳақида ҳеч нима билмайсан”.

Қадрли дугонам.
Борингга шукур! Сен бўлмасанг, ҳолим не кечарди? Мактублар ва сен асрадинг мени. Ҳис-туйғуларимни шеърга солмоққа ожизман, шоир эмасман. Ўртамиздаги уммон дўслигимизни эмас, ғам-андуҳларнигина ювиб кетганидан бениҳоя шодман.
Кутилган кун келди. Эрим қазо қилди. Икки ҳафта бурун. Дафн маросими бўлди. Африкалик муҳожирларнинг бари қатнашди. Бизнинг ислом ақидаларига зид амаллар бажарилди. Начора. Арона маросимлар ўтгач, уйга қайтишим мумкинлигини айтувди. У тўсатдан мени тутиб олиб: “Қарияларнинг ватанига қайтмай, шу ерда эканига қойил қолаяпман. Улар зинҳор аросат тузумни, аросат турмушни танламадилар, зинҳор Францияга тобеликни тан олмадилар. Улар дили ва тилининг поклиги билан мудом африкалик бўлиб қолдилар”, деди. Бироқ мени ҳозир на Аронанинг ва на бошқаларнинг фикри қизиқтирарди. Унингча, хотима амалнинг моҳиятини белгилайди. У ҳеч ким билан дилидагини бўлишмас эди. Аммо тўсатдан… Майли, сенга беҳуда сўзларни ёзиб вақтимизни увол қилмайин.
Қариянинг ўлими мени тушкунликка тушираёзди. Тан олмасам, сени алдаган бўламан. Қувончлиси, фикрларимга эрк бердим, қувончимдан тонгга етиб боролмайман деб ҳам хаёл қилаяпман. Африкалик муҳожирлар менинг кетиш-қолишим тўғрисида кенгашдилар. Аронанинг вазминлиги ва ҳаққонийлиги ҳасадимни келтирар даражада. У ҳатто ўз фикрида собит қолиш учун бола ўлдиришдан ҳам тап тортмайдиганлар хилидан. Феъл-атворим ҳар қанча унинг жиғига тегмасин, келажагим ҳал бўлар чоқда ёнимда тиргак бўлиб турибди. У ҳаётга ҳақиқат кўзи билан қарайди. Кенгаш мажлисидан сўнггина у ҳақда сўнгги хулосага келдим. “У қирқ кунлаб ҳам вайсайверишдан тийилмайдиган аёл. Аммо унинг яқини борми бу ерда? Бозор-ўчарни ким эплайди? Бизнинг мамлакатда аёл зотининг эрталабдан кўчага чиқиши, номаҳрам билан паранжисиз гаплашиши тақиқланса. У энди алдовлардан сақланиши, саломатлигини тиклаб олиши лозим эмасми? Дембанинг бевасини зудлик билан ўз юртига қайтариш керак. Ягона чора шу”. Узоқ муҳокамадан сўнг, кенгашдагилар унинг фикрини маъқулладилар. Ўйлаганим сари юрагим орзиқиб кетаяпти. Францияда қолувчиларга нақадар оғирлигини ҳис этасанми?
Эримнинг ўлимидан сўнг мен учун Францияда ҳаёт тугади ва бугун оқшом кемада йўлга чиқаман.
Бу менинг Франциядан йўллаган сўнгги мактубим.
Кўришгунча қадрдоним, қолганини юзма-юз гаплашамиз.
Сенинг Нафийинг

Инглиз тилидан Севара Алижонова таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 4-сон