Усмон Чевиксўй. Сўроқ (ҳикоя)

Нимага дучор бўлганини билолмади. “Тўхта!” дедилар, тўхтади. Улар полициячи эдилар. Қўлларида тўппончалари бор эди. “Қўлингдагиларни ерга қўй…” дедилар, қўлидаги елим халта ва ярмигача ичилган шароб шишасини ерга қўйди. “Қўлларингни кўтар, қимирлама” дедилар, қўлларини кўтариб, қимирламай кутиб турди. Ёнига келишди. Биттаси елим халтани титкилади, бошқаси чўнтакларини кавлаштирди. “Паспортингни кўрсат” дедилар. Қўлларини тушириб, паспортини олиб берди. Пас-портни кўздан кечиргач, “Шу” дедилар бир-бирларига қараб. Кейин “Биз билан боришинг керак”, дейишди. “Мен оғайнимникига кетаётувдим” демоқчи бўлди, лекин айта олмади. Уларга эргашди. Машинага чиқди. Полициячилардан бири елим халта билан шароб шишасини ҳам олволганди. Шишанинг оғзи очиқ эди. “Тиқини йўқми?” деб сўрадилар. “Йўқ, ташлаб юборгандим” деди. “Ундай бўлса, ўзинг ушлаб, ўтир, лекин асло тўка кўрма”, дедилар яримлаган шишани қўлига бериб. Машина қўзғалди. Бироз ўзига келиб, эс-ҳушини йиғиштириб олгач, сўради:
– Мени нега олиб кетяпсизлар?
– Жим бўл, – дедилар.
Жим бўлмади:
– Айбим нима? – деди қатъият билан.
– Жим бўл, марказга борганингда сўрайсан, – дедилар.
Жим бўлди.
Оғзини очишга ҳам йўл қўймасдан, эни бўйига тенг бўлган кичкина хонага қамадилар. Бу хона, хонадаги биттаю битта курси, темир кроват, чоғроқ стол, стол устидаги ложувард кулдон унга таниш эди. Ўтирди, сигарета тутатди. Сигаретани ярмигача чеккач, ўчирди. Ўрнидан турди, хона бўйлаб одимлай бошлади.
Қиладиган иши оғир эди. Ишдан кейин анчагина ичиб олганди. Ўзини ҳорғин ҳис қиларди. Камзулини курсининг устига отиб, кроватга чалқанча ётиб олди. Полиция кўрмаган, маҳкамага тушмаган, назоратда тутилмаган одам эмасди. Айби не эканини билса, кўнгли жойига тушган бўларди.
Нимадир қилиши керак. Оёққа қалқди. Қулфланган эшикни тақиллатди. “Нима гап?” деди эшик устидаги радиокарнай. Илк вақтлардаги каби эмасди, немисчани яхши биларди.
– Мени нима учун олиб келдингизлар? – деб сўради.
– Кут, – деди радиокарнай.
Бироз ранжиган овозда:
– Қўйилган айбни билишга ҳаққим бор. Айбим нималигини билмоқчиман, – деди жаҳл билан.
– Кут, – деди радиокарнай. – Ҳозир кайфинг бор, кут…
Ҳарқалай, шу ерда тунаши аниқ бўлди. Тишларини ғижирлатди. Сиқилган тишлари орасидан она тилида сўкинди.
Шу Германияга ишга келганидан бери боши балодан чиқмайди. Буни қаранг… Бу юртга келмасидан олдин ичкилик нелигини билганмиди, қиморга яқин йўлаганмиди?!.. Неки ярамас одат бўлса, шу ерда ўрганди. Шуларнинг ўзи бўлса, қанийди? Булардан баттарроқлари ҳам бор-да…
Сигарета тутатмоқчи бўлди, воз кечди. Аввалига кроватнинг чеккасига ўтирди, сўнгра узанди. Бу ерга келганидан кейин орттирган ёмон одатлари ҳолва, зотан бу одатлардан қимор, хотинбозликни аллақачон ташлаган, қолганларини ҳам, агар ўзи истаса, бугуноқ ташлашига ишончи комил, аслида, энг муҳими – бой берган нарсалари. Пул топиш учун бу ерларга келган, пул ҳам топганди… Аммо топганидан кўпроқ йўқотганди… Пул топаман деб бахтини йўқотди… Ор-номусини айтмаганда, пулдан ташқари нимаси бўлса, ҳаммасини йўқотди…
Кўзларини юмди. Янада тўғрироғи, ичкилик ва ҳорғинлик таъсирида оғирлашган қовоқлари ўз-ўзидан юмилди. Кўзлари юмилди дегунча, хаёли уни ўн тўрт йил олдинга олиб кетди.
Чўрумда қурилаётган “Мериҳ” меҳмонхонасининг тахта қолипларини қўпоришаётганди. Ҳаво иссиқ эди. Терлаб кетишганди. Ишбайга келишганлари учун саҳар мардондан тинмай ишлаган, хийла чарчаган эдилар. “Бироз дам олайлик, Мамиш” деди ёрдамчисига. Ўтириб, сигарета тутатдилар. Баланддан шаҳарни томоша қилиб, ундан-бундан гаплашиб ўтиришарди. “Мамиш, – деди бирдан, – анави халойиқни кўряпсанми?”
Бармоғи билан ҳукумат биноси жойлашган кўчани кўрсатаётганди. Мамиш кўзларини қисиб, ўша томонга тикилди ва уймалашган халойиқни кўрди.
– Кимлар улар?
– Қўявер, – деди Мамиш, – Улар чет элда ишлаш учун ёзилаётган одамлар. Иш ва ишчи таъминоти идораси у ер.
Кўзларини очди дегунча, ўн тўрт йил олдинги воқеалар шундоққина кўз олдига келди.
Германияда, полиция маҳкамасида, назорат остида ўтирибди. Битта сигарета чеккудек вақт ичида ўша уймалашган халойиқни кўрмаганида ёки кўрса-да, Мамишдан сўрамаганида, балки шу паллада бу ерда ўтирмаган бўларди. “Мериҳ” меҳмонхонасининг устида ўтираркан, тақдири беш дақиқа ичида ўзгариб кетганди. Бирданига бу масалага қизиқиб қолган, бир ҳафта сўраб-суриштириб, борди-келдисини билиб олганди. Германия дегани тўқ, фаровон, жаннатдай мамлакат экан. У ерда ишчилар деворларига гулқоғоз ёпиштирилган, иссиқ суви бўлган уйларда шоҳона яшар, пар тўшакларда ухлар эканлар. Кетганлар орасидан “ёмон” дегани чиқмади. Лекин ёзилгандан кейин дарҳол жўнатишмас экан. Навбати келганлар жўнаб кетарди. Ёзилганлар шунчалик кўп эдики, олти ой, ҳатто бир йил навбат кутаётганлар бор эди. Ҳар нарсанинг йўли топилганидай, бу ерда ҳам осонгина ва тезда жўнаб кетишнинг иложи бор экан. Эр-хотин бирга ёзилиши даркор эди. Зеро аёл ишчилар ҳеч куттирмасдан, нари борса икки ой ичида жўнатиларди. Хотин у ерга борар-бормас, эрини чақириб олиши мумкин экан. Шундай экан, эр-хотин бирга ёзилгани мақбул эмасми?! Хотин икки ой олдин кетса нима бўпти, қиёмат қойим бўлармиди?..
Бу гапларни Мамишга айтган эди, терс жавоб берди. “Ақлдан оздингми, уста? – деди Мамиш. – Хотин деганни ёт элларга ёлғиз жўнатиб бўларканми? Қолаверса, ғурбатда сенга пишириб қўйибдими? Нима, иш йўқми, шу ерда ҳам хоҳлаганингча иш топилади, ишлайвер. Ажнабийларнинг юзи ҳам қурсин, пули ҳам… Пул у ёқда турсин, олтин берсалар ҳам у ёқларга кетмайман мен…”
Ичида Мамишга “Каллаварам!” деганди. “Одам дегани туққан жойида эмас, тўйган жойида яшаши керак. Европани кўрамиз, маза қилиб яшаймиз, истаганимизча еб-ичамиз, мол-мулк топамиз, бунинг нимаси ёмон? Бу кунгача ўлардай ишладик, аммо биримиз икки бўлмади. Аҳмоқ! Эшшакдай ишлашдан бошқа нимани ҳам билардинг сен?”
Мамиш ҳақида ана шундай деб ўйлаганди. Ўзи бўлса, эртасигаёқ хотинини етаклаб, Иш ва ишчи таъминоти идорасига олиб борди ва узундан-узоқ навбатга турди. Гал келиб, уларни қайд этишаётган чоғда амалдор: “Жаноб, – деди, – бегойимнинг навбати олдинроқ келиши мумкин. Бир ўзини юборасизми?” “Юбораман”, – деди ишонч билан. Икки бола туққан бу хонимча энди йўлдан озармиди? Агар салгина бошқача оёқ олганини билса бас, сичқоннинг инига яширинмайдими, топиб асфаласофилинга жўнатади.
– Ёзавер, афандим, ёзавер, – деди у. Сўнгра ичида: “Менинг хотиним сен билган енгилоёқлардан эмас… Ишонмасам, шунча йилдан бери қўйнимда олиб ётармидим”, деб қўйди.
Шунча йилдан, шунча воқелардан кейин энди у ҳақиқатнинг юзига тик боқадиган бўлганди. Хато қилган экан. Мамишнинг огоҳлантиришларига қулоқ солмай хотинини ёлғиз жўнатгани, ўзи келиб хотинининг аҳволини, бу ернинг вазиятини ўз кўзи билан кўрганидан кейин ҳам юртига қайтмагани, болаларини олиб келгани, гувоҳнома ва машина олгани… хато устига хато бўлганди. Энди бўлса, бу хатоларнинг жазосини тортаётган, изтироблар ичида қолган эди. Бировга дардини тўколмасди.
Ухлади.
Қанчалик ухлаганини билмайди, қулоғига эшитилган ғўнғир-ғўнғир товушлардан уйғониб кетди. Олдинига туш кўраяпман шекилли, деб ўйлади. Туш кўрмаётганини, уйғоқ эканини англагач, кўзларини очди. Хонанинг эшиги очиқ ва остонада иккита полициячи турар эди. Ҳайрон бўлди. “Менинг уйимда полициячи нима қилиб юрибди?” деб ўйлади. Атрофга аланглаб, полиция маҳкамасида ўтирганини тушунди. Ишдан чарчаб чиққани, трамвайда бўш ўриндиқ бўлмагани учун оёқда кетгани, хотини қовоғидан қор ёғиб кутиб олгани, ҳамишагидай – ҳатто тўшакда ҳам бўлганидай – жаврагани, жанжал чиқаргани, шундан кейин пальтосини елкасига илиб, нариги кўчадаги товуқчига боргани, ярим товуқни еркан, бир шиша шароб отволгани, итальян баққолдан гўшт консерва, нон, шароб, мева, туршак олгани, бир даҳа нарида яшайдиган ягона ва абадий дўсти Моҳирникига кетаётганида полициячилар томонидан қўлга олингани, бу ерга олиб келингани кинофильм лентасидай кўз олдидан ўтди. Айби йўқлигини дарҳол эслади. Охирги марта йўл ҳодисаси сабаб бўлиб, гувоҳномасини олдиргач, машинасини ҳам сотиб тинчиганди. Қаҳвахоналарга бормас, қимор ўйнамас, жанжаллашмасди. Балки кейинги олти ой ичида бу мамлакатда айб ҳисобланиши мумкин бўлган энг арзимаган иш ҳам қилмаганди. Мўминларча эрталаб ишига кетар, оқшом палласи уйига қайтарди. Агар уйида ғавғо қўпадиган бўлса, индамай ташқарига чиқар, егулик, ичимлик олиб, Моҳирникига кетарди. Полициячилар унинг “Нега мени бу ерда тутиб турибсизлар?” дейишига имкон ҳам бермай:
– Бу ёққа кел, – дейишди.
– Қаёққа? – деб сўради.
– Сўроққа.
Ўрнидан турди. Камзулини кийди. Сочларини тартибга келтирди, ён томонга қийшайган галстугини тўғрилади, чиқди.
Тергов хонасида қонуний ҳуқуқлари эслатилди. Таржимон ва адвокат керак-керакмаслиги сўралди.
– Керакмас, – деди.
Ким экани аниқланди. Қонуний ҳақлари эслатилгани, адвокат ва таржимон хоҳлаш-хоҳламаслиги сўралгани, “Керакмас” деган жавоби баённомага ёзилди. Ундан кейин хотини ва қизи унинг устидан шикоят қилгани айтилгани, бунга “Бўлиши мумкин” деб жавоб бергани ёзилди.
(Зеро, анча олдин хотини бир марта доктордан “Баданида калтак излари бор” деган хулоса олган, қизини гувоҳ кўрсатиб, “Эрим мени дўппослайди” деб полицияга шикоят қилган эди. Шу боисдан ҳатто қамалишига ҳам бир баҳя қолганди. Ўшандан кейин у хотинига қўл кўтармайдиган бўлди. Бақириб-чақирар, лекин асло урмасди. Чунки эл-юрт орасида иккинчи марта шарманда бўлиш яхши эмасди. Хотини ғирт асоссиз равишда шикоят қилган бўлса керак. Ҳатто, хотин-қизлар ҳуқуқлари жамияти аъзоси бўлган ўша ҳароми доктор хотиндан сохта ҳужжат олган бўлиши ҳам мумкин. Хотинининг ҳақиқатда ким эканини фақат Германияга келганидан кейингина билди. Ундан ҳар нарса кутса бўлади. Лекин ҳозир унинг ҳеч қандай айби йўқ. Шу боисдан осонгина қутулиб чиқишини билар, хотиржам эди. “Бўлиши мумкин” деганди…)
Шикоят мавзуси ўқила бошлади дегунча, унинг қаттиқ даҳшатга тушгани, кўзлари олайиб, қинидан чиққудай бўлгани, оғзи ланг очилиб қолгани, юз-кўзи, ҳатто, бутун аъзойи-баданини тер босгани, юраги ҳаддан ташқари гурсиллаб ура бошлагани баённомага ёзилмади. Фақат “Йўқ… Йўқ…Йўқ… Буларнинг барчаси ёлғон” деб бақиргани ёзилди.
Шикоят суд медицинаси томонидан тасдиқлангани айтилиб, “Маст бўлганинг учун нима қилганингни ўзинг ҳам билмагандирсан” дея, қилмаган гуноҳни бўйнига қўймоқчи бўлишганида қачонлардан бери вайрона қалби яна бир марта вайрон бўлгани ёзилмади. Полициячилардан бирининг белидаги тўппончани тортиб олиб, ўз чаккасидан отиб, жонига қасд қилмоқни ўйлагани ҳам ёзилмади. Бу хатти-ҳаракати айбни эътироф қилиш бўлишини ўйлаб, тентакликдан воз кечгани, ўзига-ўзи: “Ҳеч бўлмаса бунинг туҳмат эканини исботлагунча яшашим керак” дегани баённомага ёзилмади.
“Мен савдойи эмасман. Мен бузуқ эмасман… Ёлғон!.. Ҳаммаси ёлғон!” деб ҳайқиргани, сўнгра бирдан юраги хуруж қилиб, ерга йиқилгани ёзилди.
Баённома касалхонада ёзиб тамомланди…

Туркчадан Бобохон Муҳаммад Шариф таржимаси
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.