Оғил ёнида ўйнаганимизда, пастда, кумуш ранг толнинг тагида кўринмай оқаётган сойнинг маҳзун шилдирашини эшитиб турардик. Уйимиз ички ҳовлининг улкан каштан дарахтлари ортида кўринмай кетарди. Онам Истамбулга кетганлари учун мендан бир ёш кичик укам Ҳасан билан иккимиз Дадаруҳнинг ёнидан кетмас эдик. Дадаруҳ дадамнинг отбоқари, қари киши эди. Отларни яхши кўрганимиз учун саҳарда уйғонишимиз биланоқ оғилга чопардик. Дадаруҳнинг ёнида бўлиб, отларни суғориб келиш, уларни миниш завқ бағишларди. Ҳасан бўлса қўрқар, ёлғиз минолмасди. Дадаруҳ отга миниб уни олдига ўтқазиб оларди. Халталарга арпа солиш, ем тўрваларни ўтга тўлдириш, оғилни тозалаш, гўнг ташиш — энг қизиқ ўйиндан ҳам ортиқ, бизнинг жону дилимиз эди. Отларни қашлашни айтмайсизми? Энг завқлиси шу эди! Дадаруҳ қўлига қашлағични олиб, соат товушидай қитирлата бошлаши билан, тамом, жойимда туролмас, «Мен ҳам қашлай» деб ҳоли жонига қўймасдим. Шунда Дадаруҳ мени Тўсин исмли отга миндириб, қўлимга қашлағични берар ва «Қани қашла!» дерди.
Бу темир асбобни йилқининг терисига қиртишлаган бўлардим, бироқ ўшандай қитирлаган товушни маромига етказиб чиқаролмасдим.
— Қуйруғини ликиллатяптими?
— Ҳа ликиллатяпти.
— Қани бир кўрай…
Бўй чўзиб қарасам ҳам отнинг сағрисидан думи кўринмасди. Ҳар куни эрталаб оғилга келишим билан «Дадаруҳ, мен қашлай», деб ялинардим.
— Йўқ, уддалай олмайсан.
— Нима учун?
— Ҳали ёшсан, шунинг учун!
— Эплай оламан!
— Катта бўлгин, кейин…
— Э, қачон!
— Бўйинг отга етганида!
* * *
Оғил юмушларидан фақат отни қашлашни эплолмасдим. Бўйим отнинг қорнига ҳам етмасди-да! Ҳолбуки, энг завқли, энг зўр нарса шу эди. Қашлағичдан чиқаётган қитирлаган товуш Тўсинга ёқаётгандай қулоқларини қимирлатар, думини шокиладай ликиллатарди. Қашлашни тугатай деб қолганда эса гўё, жаҳли чиқар, ўшандай пайтда Дадаруҳ «хўйт» деб сағрисига енгил тарсаки туширарди ва бошқа отни қашлай бошларди.
Бир куни уйда ёлғиз қолдим. Ҳасан билан Дадаруҳ сой ёқасига тушиб кетишган. Отни қашлаш истаги ҳеч тинчлик бермасди менга. Қашлағични қидириб тополмадим. Оғил бурчагида Дадаруҳнинг дарчасиз кулбаси бўларди. Кулбага кириб токчани титкилай бошладим. Эгарларнинг орасини ҳам қарадим. Йўқ. Ҳеч қаерда йўқ. Ётоғининг тагида яшил тахтали сандиқ турган экан. Уни ҳам очдим. Ниҳоят… Севинчдан ҳайқираёздим. Онамнинг бир ҳафта бурун Истанбулдан юборган совғалари орасида факфон қашлағичи ял-ял ёниб турарди. Қашлағични олдиму Тўсиннинг ёнига югурдим ва қорнига ишқай бшладим. Тўсин негадир тоқатсизлана бошлади. «Оғрияпти чоғи» деб ўйладим. Кумушдай товланаётган бу чиройли қашлағичнинг тишларига узоқ тикилдим. Кўринишдан жуда ўткир. Тишларини бироз ўтмас қилиш мақсадида девор тошига ишқалай бошладим. Тишлари ўтмас бўлиб қолганидан сўнг қашлағични яна синаб кўрмоқчи бўлдим. Барибир, отлар тинч туролмай безовта бўларди. Тутоқиб кетдим. Аламимни қашлағичдан олмоқчи бўлиб, нарироқдаги булоқ оғзига югурдим. Қашлағични ялоқ тошга қўйдиму ердан тош олиб, ура бошладим. Истанбулдан юборилган, афтидан, Дадаруҳ ишлатишга кўзи қиймай, асраб юрган бу чиройли қашлағични эзиб, ялоқнинг ичига ташлаб юбордим.
Эрталаблари отам ташқарига чиққанида оғилга кириб у ер-бу ерни кўздан кечирарди. Мен оғилда ёлғиз эдим. Ҳасан эса уйда, хизматчимизнинг ёнида эди. Отам булоқни томоша қилаётиб ялоқ ичидаги синган қашлағични кўриб қолди ва Дадаруҳга қараб бақирди.
— Буёққа кел!
Нафасим тиқилиб, қўрқиб кетдим.
Отам синган қашлағични илкига тутиб, буни ким қилди, дея Дадаруҳдан сўради. Дадаруҳ таажжубланиб:
— Билмадим, — деб жавоб қилди.
Отамнинг кўзи менга тушиши билан, ҳали сўраб улгурмаган ҳам эди мен:
— Ҳасан, — дедим.
— Ҳасанми?
— Ҳа, кеча Дадаруҳ ухлаётганда хонасига кириб, сандиғидан қашлағични олди-да, ялоқнинг тошида эзди.
— Нега Дадаруҳни чақирмадинг?
— Ухлаётган эди.
— Қани, Ҳасанни чақир!
Ички ҳовлининг эшигидан кириб, ихчам йўлкадан уй томон чопдим, Ҳасанни чақирдим. Ҳеч гапдан хабари йўқ Ҳасан орқамдан югуриб келди.
Дадам қаттиққўл эдилар, жаҳл билан қарасалар юрагимиз ёрилаёзарди. Ҳасанга қараб:
— Ёлғон гапирсанг, таёқ ейсан! — дедилар.
— Ёлғон гапирмайман.
— Яхши, қашлағични нега синдирдинг?
Ҳасан Дадаруҳнинг қўлидаги ускунага ҳайрон бўлиб қаради. Кейин малларанг сочини ўйнатиб:
— Мен синдирганим йўқ, — деди.
— Ёлғон гапирма деяпман.
— Йўқ, мен синдирмадим.
Дадам яна такрорлади.
— Тўғрисини айтсанг, уришмайман, ёлғон гапириш ёмон одат.
Ҳасан ўжарлик қилиб, йўқ деб туриб олди. Дадамнинг ғазаби қайнаб, Ҳасан томон шайланиб борди-да, уятсиз, ёлғончи, деб тарсаки тортиб юборди. — «Буни кўзимдан даф қил, бу ерга йўламасин, фақат Парвин билан ўтирсин», дея ўшқирди.
Дадаруҳ йиғлаётган укамни бағрига босиб, ичкарига олиб кетди.
Ўшандан буён оғилда ёлғиз ўйнайдиган бўлдим. Ҳасан эса уйдан чиқмасликка маҳкум қилинганди. Онам Истанбулдан қайтганларидан кейин ҳам дадам Ҳасанни кечирмадилар. Унга кўзлари тушса, ёлғончи, деб қўярдилар. Ҳасан еган тарсакисини эслаб йиғлаб юборар, кейин ўзини зўрға босиб оларди. Бечора онам менинг туҳмат қилганимни хаёлига ҳам келтирмас ва «ахмоқ Дадаруҳ қашлағични отларнинг тагида эздирган бўлмасин тағин?», деб қўярди.
Келаси йили ёзда онам яна Истанбулга кетдилар. Биз яна ёлғиз қолдик. Ҳасаннинг оғилга бориши ҳануз ман этилганди. Кечалари ётганимизда отларнинг аҳволини, тойларнинг катта бўлган, бўлмаганини мендан сўраб турарди. Бир куни Ҳасан дабдурустдан касал бўлиб қолди. Доктор олиб келиш учун шаҳарчага одам жўнатилди. Доктор укамни текшириб, юқумли касалга чалинганини айтди. Буни эшитган фермадаги хотинлар уйимизга келиб, бир нечта парранданинг бошини олиб, укамнинг бўйнига боғлаб қўйишди. Айтишларича, бундай эскича иримни қилса, тузалиб кетармиш.
Дадам укамнинг ёнидан сира кетолмадилар. Дадаруҳ ҳам ғамгин бўлиб қолди. Парвин эса ҳўнг-ҳўнг йиғлагани-йиғлаган.
— Нега йиғлаяпсиз? — деб сўрадим.
— Уканг касал-ку…
— Тузалиб кетади.
— Тузалмайди.
— Тузалмаса нима бўлади?
— Уканг ўлади.
— Ўладими?
* * *
Мен ҳам йиғлай бошладим. Укам касал бўлганидан бери мени Парвиннинг хонасига кўчиришди. Ўша кеча ҳеч ухлолмай чиқдим. Хаёлга чўмишим билан Ҳасан кўз ўнгимда «Туҳматчи! Туҳматчи!», дея йиғлаётгандай бўлаверарди.
Парвинни уйғотдим.
— Ҳасаннинг ёнига бораман, — дедим.
— Нега?
— Дадамга айтадиган гапим бор.
— Нима гапинг бор?
— Қашлағични мен синдирган эдим, шуни айтмоқчиман.
— Қайси қашлағични?
— Ўтган йилги. Ҳасанга тўнкаган эдим…
Сўзимни тугатаолмадим. Ичимдан келаётган туғёнлар нафасимни бўғиб қўйди. Йиғлай-йиғлай бўлган воқеани Парвинга гапириб бердим. Ҳозир буни дадамга айтсам, Ҳасан ҳам эшитиб, балки мени кечирар?
— Эртага айтасан,— деди Парвин.
—Йўқ, ҳозир бораман.
— Ҳозир даданг ухлаяпти, эртага эрталаб айтасан. Ҳасан ҳам уйқуда. Эртага уни қучоқлаб, ўпиб, кечирим сўрасанг,кечиради.
— Хўп, яхши.
— Қани энди, ухла!
Тонггача кўзимга уйқу келмади. Тонг оқара бошлаганида Парвинни уйғотдим. Ўрнимиздан турдик. Ичимни қийнаётган азобдан бўшалиш учун шошиб борардим… Лекин, минг афсус, бу кеча бечора, гуноҳсиз укамнинг жони узилган экан.
Айвонда қишлоқнинг имоми билан Дадаруҳ кўзда ёш билан, дадамнинг ташқарига чиқишини кутиб турардилар.
Туркчадан Лола Аминова таржимаси.