Бу ривоятни бувимнинг тиззасига ўтириб тинглаганман. Нақл қилишларича, араб саҳроларидан бирида оқ “кулоҳ”ли баланд бир қоя бор эмиш. Узоқдан қараганда, у бошига оқ рўмол ўраб олган қора кийимли гўзал қизни эслатармиш. У қора отнинг белига миниб, бир оз олдинга энгашганича елиб бораётганга ўхшармиш. Гўзал от устида бораркан, кўзларини бекитаёзган рўмолини бир қўли билан нари суриб, ортига ташвишли нигоҳ ташлаётир… Яқинлашиб борганингиз сари қиздан ному нишон қолмасмиш, қаршингизда виқор-ла ўшшайиб турган улкан қоядан бўлак…
Йўқ, бу воқеани менга эски хотираларим эмас, айнан кўзларим эслатди, кўзларим…
* * *
Энтикиб самога термилдим. Гапиришга сўз тополмасдим.
– Садоқат, – дея пичирладим у томон бир оз суриларканман. – Қара, саҳнага қанча кўзлар тикилиб турибди.
Қиз аввал менга, кейин мен қараган тарафга боқиб жилмайди:
– Бир жуфт, икки жуфт, уч жуфт…
У кўкдаги юлдузларни, мен эса, ердаги — яшил кинотеатр саҳнасига қадалган кўзларни санай бошладик. Бирдан Садоқат болаларча беғубор ҳайрат билан кўкда сузиб юрган Ойга ишора қилди:
– Қара, унинг шошиб келишини!
Ойга қарамадим. Садоқатнинг юзига боқдим. Назаримда Ой ҳам нурини, худди тўй атри мисол қизғанмасдан ана шу зебо юзларга сочарди. Фақат унинг кўнглини оғритиб қўймаслик учун истар-истамас кўкка бўйландим. Чиндан Ой қаёққадир шошилаётганга ўхшарди. Кўп ўтмай, шуълалар бошқача жилоланиб, концерт бошланди. Ой-юлдузлар билан хайрлашиб, саҳнага кўз тикдик.
Садоқат билан ёнма-ён ўтириб, концерт томоша қилаётганимга ишонгим келмасди. Иш нимадан бошланганини эслашга уриндим. Ҳа, ҳаммаси ўзимга ўзим яхшилаб танбеҳ берганимдан кейин бошланди.
– Йигитга ўхшасанг-чи, бундоқ, – дедим, – гапинг бўлса, боргин-да, дангал айт-қўй. Қачонгача тиши оғриган бемордек, тонг отгунча тўшагингда тўлғаниб чиқасан. Кўп ўйлаган, оч қолади. Эртагаёқ бориб, масалани кўндаланг қўй!
Эртаси куни ҳамма маърузалар қулоғим остида кечаги хитобнинг такрори бўлиб жаранглади. Охирги пара тугаши билан ҳаммасини яна бир карра мулоҳаза қилиб, Садоқатнинг ёнига бордим. Нимадир ёзиб ўтирарди.
– Садоқат, – дедим журъатимни тўплаб. – Овозим титраганини сездим. Бошини кўтарди. Жим турганимни кўриб, кулимсиради. Кейин дафтарларини йиғиштириб, сумкасига жойлаштира бошлади. Унинг кетиб қолишидан қўрқиб, фикримни тамомлашга ошиқдим.
– Садоқат, сенга гапим бор эди, балки бир оз… шошилмай турарсан?
Сўзларим ўзимга шу қадар қуруқ ва кулгили туюлдики, нима қилишни билмай, юрагимнинг дукиллашига қулоқ тутдим. Назаримда бу сокин аудиторияда ҳозирнинг ўзида момақалдироқ гулдираб, тўфон турадигандек эди. Бехос, Садоқатнинг овозидан ўзимга келдим. Чамаси у исмимни тилга олди. Кейин эшик тарафга одимлади. Балки у ҳеч нарса демагандир? Балки нимадир деган бўлса-да, эшитмагандирман? Э Худо! Одам деган шунақа ландавур бўладими?
Энди яна уни қачон холи топа оламан? Яхшиямки, ўзи тўхтади. Аввалига исмини айтди, кейин:
– Бугун шошиб турувдим, – деди. – Таклиф этилганман. Бормасам бўлмас.
“Қаёққа шошиляпти? Ким қаерга таклиф қилдийкин? Сўрасам, тўғри бўлармикин? Нега юрагим бунча безовта?
– Садоқат қаерга… бормоқчийдинг?
Жавоб қисқа ва лўнда бўлди:
– Яшил кинотеатрга.
“Яшил кинотеатрга? Ким билан боради? Демак… Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Буниям сўрасам бўлмас…”
– Бугун бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг концерти эди. Опам ҳам чиқиб қўшиқ айтади. Унга, албатта, бораман, деб сўз берганман.
Безовталигимни юзимдан ўқидими, ҳар қалай, ана шундай, атрофлича маълумот берди. Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Кўз олдим хиёл равшан тортди. Демак, опаси уни концертга таклиф қилган. Мен ҳам борсам бўлармикин? Садоқат билан бирга. Аммо, чипта масаласи… Борадиган бўлсам, икки кишига чипта олишим керак. Чўнтагимга қўл солдим. Бармоқларим тимирскиланиб, пул қидира бошладилар. Чақалар бир-бирига урилиб, жиринглаб кетди. Уч манатли пулим бўлиши керак эди. Қаерда қолдийкин? Манави қоғоз парчаси бўлса керак.
– Нима дединг? – Садоқат кўзларини сузиб, менинг тушуниксиз ғўлдирашимдан маъно излади. Ўзимча нималардир деган бўлсам керак?
– Шу…
– Нима шу? Нега бунча талмовсирайсан, овсар? Гапирсанг-чи, жавоб кутяпман.
– Шу… менам борсам, қаршимасмисан?
Индамай ерга қаради. Яна ўпкаларим тўлиб бўшашди. Ростдан чўнтагимдаги пул уч манатлимикин? Балки бир манатлидир? Эрталаб бирор нарсага пул сарфламаганмидим?
– Қаршимасман, кетдик. Бари бир уйга борадиган бўлсам, концертга кеч қоламан. Тўғри бораверамиз. Синглимнинг таклифномаси сенга насиб қилган экан…
…Ҳозир опам чиқади. Эшитдингми? Унинг исмини эълон қилишди.
Қўлимга кимдир тегиб кетгандек бўлди. Сесканиб Садоқатга қарадим.
– Уйғотиб юбордимми?
Жавоб ўрнига айбдорона илжайдим.
Қизарган юзларидан, думалоқ сийналари орасида бир-бирига маҳкам чирмашган бармоқларидан унинг ҳаяжонда эканини пайқаш мумкин эди. Унинг ҳолати менга ҳам таъсир қилди. Қисқа-қисқа нафас оларканман, гоҳ саҳнага, гоҳ Садоқатга тикилардим. Саҳнадаги қиз малоҳат ила куйларди.
Олқишлар бошланди. Мен ҳам ҳамма қатори ўрнимдан туриб, қарсак чалар, залдаги томошабинларнинг олқишига ҳамоҳанг қичқирар, Садоқатнинг опасини саҳнага чорлардим. Кейин Садоқат ёдимга тушди. У тарафга ўгирилдим. Ва… кўз олдимда ўт чақнагандек бўлди. Садоқат кўзим аралаш юзимдан ўпиб олди. Концерт қачон тугаганини эслолмайман. Гарангсиб қолгандим. “Нефтчилар” проспектига тушдик. Садоқат менинг қўлимдан тутди.
– Мени кечир, – деди бошини қуйи солиб.
Ҳаяжондан ўзимни йўқотиб қўйгандим. Нимадир демоқчи эдим, имкон бермади. Тўхтаб, йўлимни кесди.
– Мана, етиб ҳам келдик.
Чиндан ҳам етиб келибмиз. (Садоқатнинг уйини яхши билардим). Тек қотганча у билан қай тахлит хайрлашиш ҳақида ўйлардим.
– Нима ҳақида ўйлаётганингни, менга нима демоқчи эканингни ҳам биламан. – Садоқат кўзларини дафъатан ердан юзимга қадади. Унинг негадир овози титраб, томчидек лаблари орасидан сизиб чиқди. Кўзларим юмилди. Назаримда турган еримиз асфальт йўлак эмас, баҳор ёмғиридан сўнг камалак инган чаманзор эди. Булутлар орасидан мўралаган қуёш нурлари остида майсалар устида туриб қолган шаффоф томчилар олмос зарраларидек тиниқ шуъла сочарди. Биз ана шу гўзаллик қўйнида ёлғиз эдик. Садоқат қўлларини кенг ёйганча чаманзор узра худди камалакни бағрига босмоқчидек югуриб борарди. Унинг янгроқ овозидан майсалар, чечаклар титраб, бағридаги томчиларни пойига дурдек тўкарди. Бирдан ҳушёр тортдим. Садоқатнинг титроқ лаблари оҳиста пичирларди.
– Мен унаштирилганман… Қаллиғим яқинда хизматдан қайтади.
Кўз олдимда зулмат қуюқлаша бошлади. Қулоқларим остидан унинг қадам товушлари олислаб борарди. Бора-бора “тақ-туқ” товушлар ҳам йўқолиб, қулоғим том битгандек бўлди.
Уйқудан уйғонгандек, у кетган тарафга олазарак қарадим. У рўпарадаги қора тошдан қурилган баланд бино ёнида мендан кўз узмай турарди. Кула-кула қўлидаги оқ дастрўмолини силкитиб, мен билан хайр-хўшлашаётган эди. У тарафга югурдим. Ёнига етиб борганимда ҳайратдан тош қотдим. Кимдир бехос юзимга тарсаки туширгандек бўлди. Қиз турган ерда қора тошдан тикланган шу бино юксалиб борарди.
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси