Уильям Фолкнер. Алвон япроқлар (ҳикоя)

I

Иккала ҳинду экинзордан унинг нариги чеккасига, қабилага тегишли қуллар яшайдиган ерга ўтишди. Бу ерда хом ғиштдан қурилган икки қатор кулбалар жойлашганди; улар ҳаммаси оҳак билан яхшилаб оқартирилганди. Ўртадан торгина кўча тушган бўлиб, яланг оёқларнинг изларига тўла эди. Болаларнинг бир қанча қўлбола ўйинчоқлари тупроққа қоришиб ётарди. Ҳеч ерда ҳаёт асорати кўринмасди.
– Бу ердан нима топишни мен биламан, – деди ҳиндунинг бирови.
– Нимани топмасмиз, – деди бошқаси.
Вақт тушдан оққанди, лекин кўчада зоғ учмасди, ҳаммаёқ жимжит ва бўм-бўш эди; ёрилган, илма-тешик лой билан сувалган дудбуронлардан тутун чиқмасди.
– Ҳа. Ҳозирги йўлбошчининг отаси қазо қилганда ҳам шундай бўлган эди.
– Сен олдинги йўлбошчини айтасан-да.
– Ҳа.
Ҳиндуларнинг бирини Уч Сават деб аташарди. У олтмишларга кирганди. Ҳар иккала ҳинду кўринишидан шаҳарлик давлатмандларга ўхшар – тўладан келган, паст бўйли, андак қорин қўйган; бошлари катта, қизғиш тупроққа ўхшаган башаралари товоқдек кенгиш, уларга қандайдир хира вазминлик муҳри босилгандай кўринарди; шундай тош санамларни баъзан Сиамда ёки Суматрада бирдан кўриб қоласан: улар ярим вайрона деворлар оша туманлар орасидан чиқиб келишади. Куйдириб жизғинак қилиб юборадиган қуёш ва ўткир соялар уларни шундай кўйга солган. Икковининг ҳам сочлари ёниб кетган қамишзорда сақланиб қолган қиёққа ўхшарди. Уч Сават қулоғининг солинчоғида сирланган носқовоқ осилганди.
– Мен қачондан бери айтиб келаман: булар ҳаммаси нотўғри. Илгари қуллар бўлмаган. Бизда негрлар йўқ эди. Нимани хоҳласанг, шуни қилардинг. Ҳамманинг вақти ўзига етиб ортарди. Энди-чи, бутун вақтинг уларга иш топиб беришга кетади. Улар ишсиз яшолмайди.
– Худди от билан итнинг ўзи улар.
– Зиғирча ҳам ақл-идроклари йўқ. Албатта, иш топиб беришинг керак. Улар оқ танли одамлардан ҳам бешбаттарроқ.
– Аввалги қари қабила бошлиғи тириклигида уларга иш қидириб овора бўлишнинг ҳожати йўқ эди.
– Тўғри. Менга қулчилик ёқмайди. Бу тўғри эмас. Қадимда одамлар тўғри яшашарди. Энди ундай эмас.
– Қадимда одамлар қандай яшаганларини сен билмайсан-ку.
– Мен кексалардан эшитганман. Ўзим ҳам шундоқ яшашга ҳаракат қилганман. Одам ишлаш учун яралмаган.
– Бу тўғри. Ишлайвериб таналари қандай бўлиб кетганини кўрмайсанми.
– Шунақа. Қоп-қора. Таъми ҳам аччиқ.
– Сен еганмисан?
– Бир марта еб кўрганман. Мен у пайтда ёш эдим, унча фарқига бормасдим. Ҳозир ўлсам ҳам оғзимга олмасман.
– Ҳа. Ҳозир улар тановул қилинмайди. Нафи йўқ.
– Этлари мазали эмас. Тахир. Менга ёқмайди.
– Оқтанлилар уларнинг эвазига от беришади, этини егандан кўра бу фойдалироқ.
Улар кўчага киришди. Тилсиз, кўримсиз ўйинчоқлар – ёғочдан, латта-путталар, патлардан ясалган туморлар чанг-тўзон босган, ўнгиб кетган бўсағаларда мужилган суяклар, қовоқдан ясалган товоқларнинг синган парчалари орасида сочилиб ётарди. Кулбаларда ҳаёт асари йўқ, на шитирлаган сас эшитилади, на қопида инсон боши кўринади. Иссетибеҳа жон бергандан бери, кечаги кундан бери шу аҳвол. Аммо ҳиндулар бу ердан нима топажакларини ўзлари ҳам билишарди.
Улар қишлоқнинг ўртасида жойлашган, бошқаларидан каттароқ кулбага қараб юришди. Ой чиқишининг маълум бир кунлари бу ерда негрлар йиғилиб, расм-русумларининг биринчи қисмини адо этишар, қоронғи тушгандан кейин эса дарё томонга ўтишар, у ерда ўзларининг катта ноғораларини сақлашарди. Бу уйда турли-туман майда-чуйда асбоб-анжомлар жамланганди – сеҳрли безаклар, расм-русумлар ёзилган лавҳалар – қизил лой бўёқ билан чизилган рамзий белгилар туширилган ёғоч тахтачалар кўзга ташланарди. Уйнинг ўртасида томдан очилган туйнук остида кули олинмаган ўчоқ ва унинг устида осма қозон кўринарди. Деразаларнинг тавақалари ёпиб қўйилган, қуёшнинг ўткир нурларидан кўзлари қамашган ҳиндулар уйга қадам ташлаган илк дамларда ҳеч нарсани илғай олмадилар – фақат қандайдир ғимирлашлару шарпалар, кўз оқларининг йилтирашлари сезиларди. Уй ичи негрларга лиқ тўлганга ўхшарди. Ҳар икковлон ҳинду бўсағада тўхташди.
– Ана холос, – деди Уч Сават. – Мен айтяпман-ку, бу нотўғри деб.
– Менга бу ер ёқмаяпти, – деди бошқаси.
– Ҳид келяптими? Улар қўрқишаётгани учун шундай. Уларнинг иси бизникига ўхшаган эмас.
– Бу ердан кетайлик.
– Сен ҳам қўрқяпсан. Мен буни ҳидингдан биламан.
– Балки бу Иссетибеҳани сезаётганимиз учундир.
– Ҳа. У билади. Биз бу ердан нима топишимизни у билади. У ҳали ўлаётган пайтидаёқ биз бугун бу ердан нима топишимизни билган. – Уй ичидан ҳиндуларнинг димоғига ўткир ҳид уриларди, қуюқ қоронғида негрларнинг кўзлари йилтирарди. – Сизлар мени биласизлар. Одамлар мени Уч Сават деб чақиришади. Биз қидириб келган одам қочиб кетган.
Негрлар миқ этишмасди. Иссиқ, димиққан ҳавода негрлар, уларнинг таналаридан кўтарилган ҳидлар дам кучайиб, дам сусайиб таралаётганга ўхшарди. Афтидан, уларнинг бари битта ягона ҳилқатга ўхшар, ўзларига жуда ёт ва ақл бовар қилмайдиган бир нарсани ўйлаётгандек эдилар. Улар қоронғида яшириниб олган саккизоёқ ёки улкан дарахтнинг тўнкарилган илдизлари каби эдилар. Бамисоли ҳозиргина ер қатлами кўтарилган ва баногоҳ унинг остидан бирдан безовта ҳаросонликда қолмиш тирикликнинг нур-зиёдан йироқ уфунатга тўла улкан чалкаш бир чангали кўзга ташланиб қолганди.
– Қани-чи, – деди Уч Сават. – Сиз биласиз нимага келганимизни. Биз истаётган одам қочиб кетдими?
– Улар ниманидир ўйлашяпти, – деди иккинчи ҳинду. – Кетайлик бу ердан.
– Улар ниманидир билишади, – деб қўшди Уч Сават.
– Сенингча, улар уни яширишаётганмикин?
– Йўқ. У қочган. Кеча кечқуруноқ қочган. Ҳозирги қабила бошлиғининг бобоси ўлганда ҳам шундай бўлганди. Уни уч кун қидирганмиз. Дуум уч кун ер бағрига киролмаган, у шундай деган: “Мен отим билан итимни кўряпман. Аммо қулимни кўрмаяпман. Уни нима қилдинглар? Нега гўримда тинч ётгани қўймайсизлар?”
– Улар ўлишни хоҳламайдилар.
– Ҳа. Ўлгилари келмайди. Доим одамни овора-сарсон қилишади. Уларда номус ва виждон йўқ. Доим овора-сарсон қилишади.
– Бу ер менга ёқмаяпти.
– Менга ҳам ёқмайди. Лекин на илож. Булар ёввойилар. Урф-одатларни ҳурмат қилишларини улардан кутиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам, мен айтаман-да, ҳозир ҳаммаси нотўғри.
– Ҳа. Уларнинг ўлгилари келмайди. Улар қабила бошлиғи билан бирга ер остига кетгандан кўра офтобда тер тўккан яхши деб биладилар. Аммо бизга керак одам бу ерда йўқ.
Негрлар миқ этишмас, товуш чиқаришмасди. Қоронғида уларнинг кўзлари муте ва ёввойи чақнарди; ўткир ва талх ҳид тараларди.
– Ҳа, улар қўрқишяпти, – деди иккинчи ҳинду. – Энди нима қилдик?
– Кетдик, қабила бошлиғи билан гаплашамиз.
– Мокетуббе эшитишни хоҳлармикин?
– Бошқача бўлиши мумкинми? Унга бу ёқмайди. Аммо энди у йўлбошчи.
– Ҳа. Энди у йўлбошчи. Энди у қизил пошнали туфлисини кун бўйи кийиб юравериши мумкин.
Ҳиндулар орқага ўгирилиб чиқиб кетишди. Эшик ўрни бўш, биронта ҳам кулбага эшик ўрнатилмаганди.
– У илгари ҳам ўша туфлини кийганди.
– Иссетибеҳадан яшириб кийган. Аммо энди туфли уники, у қабила бошлиғи.
– Ҳа. Иссетибеҳага бу ёқмаган. Мен биламан. Бир марта унинг Мокетуббега шундай деганини эшитганман: “Сен қабила бошлиғи бўлганингдан кейин туфли сеники бўлади. Ҳозирча бу туфли меники”. Аммо энди Мокетуббе қабила бошлиғи бўлди, энди уни кийиши мумкин.
– Ҳа, – деди иккинчи ҳинду. – Энди у йўлбошчи. Авваллари у туфлини Иссетибеҳадан беркитиб киярди, ҳеч ким билмасди, буни Иссетибеҳа биладими, йўқми. Аммо энди Иссетибеҳа ўлди, ҳали ўзи унча қари эмасди, туфлининг эгаси энди Мокетуббе, чунки Мокетуббе энди қабила бошлиғи. Сен бунга нима дейсан?
– Ҳеч нарса демайман, – деди Уч Сават. – Сен-чи?
– Мен ҳам нима дейман, – дейди иккинчи ҳинду.
– Жуда соз, – деди Уч Сават. – Ақлинг бало.

II

Уй тепаликка тушган, атрофи эманзор эди. Олди томонидан у бир қаватли эди – очиғини айтганда, бир замонлар дарё саёзлигига ўтириб қолган кеманинг бошқарув бўлмасини келтириб ўрнатишганди. Иссетибеҳанинг отаси Дуум ўзининг қуллари билан бу кемани бўлакларга ажратган ва уни сарв оғочи ғўлалари ёрдамида қуруқликда ўн икки чақирим йўл босиб уйига олиб келиб қўшганди. Бунга беш ой вақт кетганди. Ўшангача унинг уйи ёлғиз ғишт девордан иборат эди. Бу ғишт уйга у кеманинг бўлагини кенг томони билан ўрнатди, мана энди баъзи ерлари қирилган, бўёқлари, сирлари кўчган рококо услубидаги тилла суви берилган карниз перамонлар каюталарнинг пардалар тортилган эшиклари узра эскириб, оқариб қолган ўтмиш ҳашамлари билан осилиб турарди; эшикларда олтин ҳарфлар билан битилган ёзувлар ҳам сақланганди.
Дуум йўлбошчи қавмидан эди, аммо ота уруғидан эмас, минго қабиласидан бўлиб, она уруғи томонидан қариндош эди. Ёшлик чоғларида у нақ Янги Орлеангача катта саёҳатга бориб келганди – бунга анча вақтлар бўлиб кетди, ўша пайтларда Янги Орлеан Европа шаҳарларига менгзарди; Дуум Миссисипининг шимолидан қайиқда Янги Орлеаннинг ўзигача борди, бу ерда у кавалер Сёр-Блонд де Витри билан танишди, ҳар икковлари ҳам жамоатчилик орасида шубҳалироқ бир ўринни эгаллардилар. Шу устознинг етакчилигида у Янги Орлеан портининг қиморбозлари ва каллакесарлари даврасида яхшигина мактаб таълимини ўтади. Бу ерда у ўзини ота уруғига тегишли жуда катта ерларнинг меросхўри, қабила йўлбошчиси деб танитди. Ҳиндулар йўлбошчини “Одам” деб атар эканлар, шунинг учун кавалер де Витри уни du Homme деб номлади, Дуум деган исм шундан қолди.
Башараси қўпол ва дағал, кўзлари сурбетларча тик ва тап тортмай боқадиган, гирдиғум ҳинду билан ўз юртидан ҳайдалган, айтишларича, Каронделенинг дўсти ва генерал Уилкинсоннинг ўз одами бўлган парижлик киши билан ҳар қайда бирга бўлишарди. Кейин улар ўзлари одатда бирга вақт ўтказадиган, ёмон шуҳрат қозонган исловотхонаю маишатхоналарни кутилмаганда бирдан тарк этиб ғойиб бўлдилар, орқаларидан эса афсоналар ва миш-мишлар тарқалди – эмишки, Дуум жуда катта миқдорда пул ютган, вест-индиялик бир бадавлат хонадоннинг қизи билан ошиқ-маъшуқ бўлган. Дуум ғойиб бўлгач, бу қизнинг акаси қўлида тўппонча билан уни маишатхоналардан қидириб юрган.
Ярим йилдан сўнг ойимқиз ҳам дом-дараксиз йўқолган. У Сент-Луисга жўнайдиган кемага ўтирган ва бир куни кечаси Миссисипининг юқори оқимларида кема соҳилда тўхтаган. Ойимқиз ўз хизматкори негр қиз билан кемадан тушган. Соҳилда уни тўртта ҳинду от-аравада кутиб олишган, плантациягача уч кун юришган, улар шошмасдан оҳиста йўл босишган, нега деганда ойимқиз ҳомиладор бўлган. Манзилга етиб келишганда, ойимқиз Дуум қабила бошлиғи бўлиб қолганини эшитган. Дуум бунга қандай эришганлигини унга айтиб ўтирмаган. Фақат амаким билан акам кутилмаганда оламдан ўтишди деган. Ўша пайтларда уй фақат ғишт девордан иборат эди. Уни ҳам қуллар ўз билганларича амал-тақал қилиб қуришган, ғишт уйнинг ёнига томи похол билан ёпилган сарой солинган, сарой аллақанча хоналарга бўлинган, хоналар ғажилган суяклару ашқол-дашқоллар билан лиқ тўлиб ётган. Буларнинг ҳаммаси худди паркка ўхшаган ўн минг акр ўрмонзор ўртасида бўлиб, унда буғулар худди уй ҳайвонларидай ўтлаб юрган. Дуум ва ойимқиз Иссетибеҳа туғилмасдан сал олдин никоҳдан ўтишган – уларнинг никоҳини қул савдоси билан шуғулланадиган, хачирда элма-эл юрадиган сайёр руҳоний ўқиб қўйган. Хачирнинг эгарига ип-газламадан соябон ҳамда тўқима мато билан ўралган уч галлонлик виски тўлдирилган шиша маҳкамланган. Дуум оқ танлилардан ибрат олиб, қуллар сотиб олиб, ерларининг бир қисмига экин эка бошлаган. Қуллар кўп, иш эса оз эди. Кўпчилик негрлар бекорчи бўлиб қолган, шунинг учун Африка чангалзорларида нимага одатланган бўлсалар, шундай яшар эдилар. Баъзан Дуум меҳмонларининг вақтларини чоғ қилиш учун уларни итлар билан қувди-босди қиларди.
Дуум қазо қилганда, унинг ўғли Иссетибеҳа ўн тўққиз ёшда эди. У барча еру мулклар ва сон-саноқсиз қулларнинг эгаси бўлиб қолди. Бу вақт орасида қулларнинг сони беш баробар кўпайган ва уларни нима қилишни билмасди. У қабила бошлиғи унвонига эга эди. Шу билан бирга яна бир талай амакилари ва амакиваччалари ҳам бор эдики, булар қабилада ҳукмронлик қилардилар. Улар ниҳоят бир куни негрлар масаласида кенгашга йиғилишди. Каюталар эшикларидаги тилла ёзувлар остида чордона қуриб хаёлга толиб ўтириб, улар бу масалани ҳар томонлама муҳокама қилишди.
– Биз уларни ея олмаймиз, – деди бирови.
– Нега энди?
– Улар жуда кўп.
– Тўғри айтдингиз, – деди учинчиси. – Агар ейдиган бўлсак, барини ейишимиз керак. Бунча кўп гўшт ейиш саломатликка зиён.
– Уларнинг эти буғу этига ўхшаса керак. Унда бунинг зарари йўқ.
– Унда ортиқчасини ўлдириб, лекин гўштини емаслик керак, – деди Иссетибеҳа.
Бир дақиқа ҳамма унга қаради.
– Нега? – деди кимдир.
– Йўқ, бу ярамайди, – деди яна бирови. – Бундай қилиб бўлмайди. Улар бизга жуда қимматга тушган. Эсингиздами, қанча овора бўлганмиз уларга иш топамиз деб. Оқтанлиларга ўхшаб иш қилайлик.
– Улар нима қилишади? – сўради Иссетибеҳа.
– Негрларни сотиш учун кўпайтиришади. Каттароқ ерларни ўзлаштиришади ва макка экишади, шу билан уларни боқишади. Биз ҳам ерларни ўзлаштириб, макка экамиз, негрларни урчитамиз, кейин уларни оқларга пуллаймиз.
– Хўп, лекин у пулларни кейин нима қиламиз? – сўради учинчиси.
Бироз вақт ҳаммалари қаттиқ ўйлашди.
– Яна кўрармиз, – деди биринчиси. Улар чордона қуриб жуда чуқур ўйга ботиб ўтиришарди.
– Аммо бу яна ишлаш керак дегани, – деди учинчиси.
– Буни негрларнинг ўзи қилсин, – деди биринчиси.
– Ҳа, ўзлари қилсин. Бизга терлаш зарарли. Танамиз хом тортади. Барча тешиклар очилиб кетади.
– Кейин у ердан тунги ҳаво киради.
– Ҳа. Негрлар ўзи қилсин. Улар терлашни яхши кўришади.
Шундай қилиб, қабила негрлар ёрдамида янаям каттароқ ерлар очиб, дон экишди. Илгари қуллар бари битта катта қўрада яшарди, қўранинг бир бурчаги худди чўчқалар оғилхонаси каби усти берк эди. Энди улар алоҳида кулбалар қуриб, уларга жуфт-жуфти билан ёш негр йигит-қизларни насл беришлари учун жойлаштиришди. Беш йилдан сўнг Иссетибеҳа мемфислик қул жаллобига қирқ бош негрни сотди ва шу пул эвазига ўзи она томонидан янги орлеанлик қариндоши етакчилигида Европага саёҳатга борди. Кавалер Сёр-Блонд де Витри бу вақтлар Парижда истиқомат қиларди; шарти кетиб парти қолганди; барча тишлари тушиб кетган, ясама соч киярди, белига корсет боғларди, унинг тоби қочган, туси ўчган, оқариб тиришган чеҳрасида истеҳзоли ва теран фожиали ифода қотиб қолганди. У Иссетибеҳадан уч юз доллар олди-да, шунинг ҳисобига уни баъзи кибор доираларига олиб кирди; бир йилдан сўнг Иссетибеҳа уйига қайтди, у ўзи билан олтин ҳалли каравот ва иккита катта шамдон келтирди, айтишларича, мана шу шамдонлар шуъласида мадам де Помпадур сочларини турмаклар, қирол Людовик эса унинг упалар суртилган елкалари оша ўзининг тошойнадаги аксига мийиқ остидан илжайиб қўяркан. Иссетибеҳа яна бир жуфт қизил пошнали туфли олиб келди, туфли оёғига тор эди, бунинг ажабланадиган жойи ҳам йўқ, чунки у Янги Орлеанга келгунга қадар ҳеч қачон пойабзал киймаганди.
Туфлини у юпқа шилдироқ қоғозга ўралган ҳолда сақларди, уни йўл халтасининг бўлмасида қарағай пайрахалари орасига солиб қўяр, онда-сонда халтадан чиқариб, ўғли Мокетуббега ўйнагани берарди. Мокетуббе уч ёшидаёқ башараси мўғулларникидек кенг ва ялпоқ, қилт этмас, худди чўнг уйқуга чўмгандек эди. Қизил пошнали туфлини кўргандагина башараси жонланарди.
Мокетуббенинг онаси чиройли аёл эди, уни Иссетибеҳа боғчада ишлаётганда кўриб қолганди. У юришдан тўхтаб анча вақтгача қизга термилиб қолди – унинг тиқмачоқ беллари, таранг елкалари, осуда юзига мафтун бўлди. У дарёга балиқ овлагани кетаётган эди, лекин шу куни энди дарёгача етиб боролмади. Қизга билдирмай бошдан-оёқ тикилиб, томоша қиларкан, балки у шаҳарлик бўлган қочоқ онасини, унинг елпиғичлари, зар уқалари, тўрларини эслагандир, онасига негр қони омихта эди – ҳеч қовушмаган уйланишнинг ўша увадаси чиққан ялтир-юлтурларини эслади. Мана шундан бир йил ўтар-ўтмай Мокетуббе туғилди. У уч ёшга кирганида туфли оёғига сиғмасди. Дим ҳаволи сокин оқшомлар Иссетибеҳа тез-тез ўғлига қараб ўтирар, ўғилчаси ақл бовар қилмас қайсарлик билан ҳеч имкони бўлмаган ҳолда семиз товонларини туфлига сиғдириш учун зўр бериб уринар, ота ўзича мийиғида кулиб томоша қиларди. Унинг мийиғида кулишлари йилларга чўзилди. Мокетуббе ўн олти ёшига довур ўзининг туфлини кийишга бўлган уринишларини тарк этмади. Кейин бас қилди. Ҳарқалай, Иссетибеҳа энди бас қилгандир деб ўйларди. Аслида ўғли бундан отаси ҳузуридагина тийиларди. Лекин кунлардан бир куни Иссетибеҳанинг янги хотини Мокетуббе туфлини олиб яшириб қўйганлигини айтди. Шунда Иссетибеҳа мийиғида кулишни бас қилди ва хотинини чиқариб юборди. “Э-ҳаҳ, – деб хўрсинди у ёлғиз қолгач, – мен ҳам тирик юришни яхши кўраман. – У Мокетуббени чақириб келгани одам юборди. – Мен сенга туфлини ҳадя қиламан”, – деди у.
Ўшанда Мокетуббе йигирма беш ёшга тўлганди. У ҳали уйланмаганди. Иссетибеҳани дароз деб бўлмасди-ю, аммо ўғлидан бўйи бир тирсак баландроқ ва ундан юз қадоқ енгилроқ эди. Мокетуббе шу ёшларида ҳаддан ортиқ семиз эди, қонсиз юзи ялпоқ ва доим уйқусираган, юзи, қўли, оёқлари худди сариқ сув касалидай шишинқираганди.
– Туфли энди сеники, – деди Иссетибеҳа ўғлининг башарасига тийрак зеҳн соларкан. Мокетуббе кириб келаётгандагина отасининг афтига кўзини кўтариб бир мартагина қараб қўйганди – ялт этган бу нигоҳда эҳтиёткорлик, муҳофазакорлик акс этганди.
– Раҳмат, – деди у.
Иссетибеҳа ҳамон ундан кўз узмасди. У ҳеч қачон Мокетуббе нимани кўраётгани, нимага қараётганини англаб етолмасди.
– Сенга уни совға қилсам, ахир, ўзи яна шундоқ бўлмайдими? – сўради у.
– Раҳмат, – деди Мокетуббе.
Ўша пайтларда Иссетибеҳа тамаки бурнаки қиларди: оқтанлилардан аллаким бир чимдимини тилининг тагига ташлаб, алфия ёки елим дарахт чўпчаси билан тишларига суртиб ишқалашни ўргатганди.
– Майлига, – деди у, – одам мангу яшамайди. – У яна ўғлига тикилди, кейин кўзлари ҳеч нарсани кўрмаётгандек маъносиз бўлиб қолди. У хаёлга чўмди. Нимани ўйларди, билиб бўлмасди, лекин бироздан сўнг у худди ўзига ўзи гапиргандай деди: – Шундоқ, аммо менинг отам Дуумнинг амакиси қизил пошнали туфли киймаганди. – У яна ўғлига тикилди. Ўғли олдида семиз, уйқусираган кўйи турарди. – Шундоқ. Башараси мана шунақа одам нима деб ўйлаётганини худо билади, буни билгунингча ғишт қолипдан кўчган бўлади. – У буғу териси тасмаларидан тўқилган ўриндиқда ўтирарди. – У ҳатто бу туфлини киёлмайди. Уни кўтариб юрган бу дағал жисм икковимизга ҳам халал беради. Уни ҳатто кия олмайди. Лекин бунга мен айбдорманми?
У яна беш йил умр кўрди, кейин ўлди. Бир куни оқшом у ўзини ёмон ҳис қилди, гарчи сассиқкўзан терисидан нимча кийган табиб унинг боши узра хушбўй чўпларни тутатиб турганига қарамай, тонгга бориб узилди.
Бу воқеа кеча рўй берди; гўр қазиб қўйилганди ва кун бўйи одамлар от араваларда, отлиқ, пиёда қовурилган ит гўшти, секкоташ, кулга кўмиб пиширилган этлардан тановул қилиш ҳамда кўмиш маросимида қатнашиш учун тўда-тўда бўлиб келардилар.

III

– Бу уч кун давом этади, – деди Уч Сават ўз йўлдоши билан қабила бошлиғининг уйига қайтиб. – Уч кун оз эмас, овқат ҳам етмайди. Бунинг қандай бўлишини мен кўрганман.
Унинг йўлдоши бўлган ҳиндуни одамлар Луи Шумурт деб чақиришарди.
– Бунақа иссиқда ўлик димиқади, – деди Луи.
– Шундоқ. Улар фақат ташвиш келтиришади. Ташвиш ва оворагар­чиликдан бошқани билишмайди.
– Балки уч кун зарур бўлмас.
– Улар узоққа чопишади. Бу йўлбошчи ер остига киргунча унинг ҳидларига тўясан. Ҳали мени ҳақ дерсан.
Улар уйга яқин келишди.
– Энди у туфлини кийса бўлади, – деди Шумурт. – Ҳаммага кўрсатиб кияверса бўлади.
– Ҳали бунга вақт бор, – деди Уч Сават. Шумурт унга тушунмай қаради. – У қочоқни қувишнинг бошида бўлиши керак.
– Мокетуббе-я? – сўради Шумурт. – У буни хоҳлармикин? Оғзини очишга ҳам эринади-ку?
– Бошқа на илож? Ахир, отаси тез орада ҳидланиб қолади.
– Бу тўғри, – деди Шумурт. – Демак, у ҳозир ҳам туфлининг ҳақини тўлаши керак. Шунақа. Унга туфли қимматга тушади. А? Нима деб ўйлайсан?
– Ўзинг нима деб ўйлайсан?
– Сен-чи?
– Мен бир нима деб ўйламайман. Энди Иссетибеҳага туфли даркор эмас. У Мокетуббега қолди. Иссетибеҳага энди фарқи йўқ.
– Майли. Олаверсин. Йўлбошчи бўлгандан кейин олади-да.
Уй олдида кема бошқарув хонасининг томидан ҳам анча баландроқ, пўсти тилинган сарв оғочи ғўлаларидан тикланган устунларга тиралган, томи пўстлоқлардан ёпилган баланд айвон бўлиб, унинг саҳни қуруқ ер, ёғингарчилик кезлари бу ер қантарилган отлар ва хачирларнинг туёқлари билан топталиб кетганди. Кема палубасининг бурун қисмида бир чол билан икки аёл ўтиришарди. Аёллардан бири товуқ патларини юлар, иккинчиси жўхорини оқларди. Чол нималарнидир сўйларди. У оёқяланг, узун каноп камзул, қалин мовут шляпа кийганди.
– Ҳаммаси хароб бўлди, – дерди чол. – Бу оқтанлилар бизни ҳалок қилди. Биз ўз кунимизни кўриб юрувдик, ҳаммаси рисолада, жойида эди, оқтанлилар бўйнимизга негрларини юклашди-ю бари расво бўлди. Илгариги замонларда чоллар соя-салқинда ўтиришар, яхна буғу гўштини маккага қўшиб ейишар, тамакини тутатишар, ор-номус ҳақида сўйлашар, бошқа муҳим ишларни ақллашарди. Ҳозир-чи, нима бўляпти? Ҳатто қари-қартанглар манови терга ботишни яхши кўрадиган аҳмоқларнинг ташвишини қилиб ҳоли-жонидан айриляптилар. – Уч Сават билан Шумурт палубага чиқишганда, чол гапиришдан тўхтаб уларга қараб қолди. Унинг кўзлари хира ва маъюс, юзини майда ажин босганди. – Мана энди буниси ҳам қочиб кетди, – деди у.
– Шундоқ, – деди Шумурт. – У қочди.
– Ўзим ҳам билувдим. Мен айтганман. Энди уч ҳафта унинг орқасидан қувишга тушамиз. Ўтган гал Дуум ўлганда шундоқ бўлувди. Ҳали кўрасиз.
– Унда уч кун кетган, уч ҳафта эмас, – деди Шумурт.
– Сен бормидинг ўшанда?
– Йўқ, – деди Шумурт. – Аммо мен бошқалардан эшитганман.
– Мен эса у ерда бўлганман, – жавоб берди чол. – Роса уч ҳафта балчиқ, ботқоқлар, тиканли бутазорларда қувганмиз. – У яна алланималарни сўйлар, бироқ иккала ҳинду ҳам эшитмай нарига ўтиб кетишди.
Қачонлардир кенг салон бўлган жой эндиликда бир чеккадан тарашадай қуриётган, чириган, тўзган қутига айланганди; қизил оғочдан ишланган қопламалар моғор босиб кўринмай кетган, фақат у ер-бу ердагина ҳали олтин ҳалли нақшлар кўзга ташланар, худди сирли маъноларга тўла кабала белгилари каби ғалати гул-нигор ҳосил қиларди; синган деразаларнинг кўзлари ҳувиллаб ётарди. Бу ерда уруғ ёки ғалла солинган бир неча қанорлар ва ландо аравасининг олд қисми кўзга ташланарди, арава шотилари, ғилдираклар, олд ғилдирак ўқлари нафис ёй каби рессорлар устида осилиб турарди. Бурчакда тол навдаларидан ясалган қафас бўлиб, унинг ичида товуш чиқармай ва ҳеч тўхтамай тулки боласи у ёқдан-бу ёққа югурарди, учта ориқ жангари хўроз тупроқ титиб юрарди: оёқ ости уларнинг қуриган тезагига тўла эди.
Ҳиндулар ғишт деворда очилган туйнукдан ўтиб, ёрилиб кетган харилардан солинган жуда катта хонага чиқдилар. Бу ерда ландо аравасининг орқа қисми ва усти ағанаб ётарди; даричалар тол чўпларидан ясалган панжара билан тўсилган, улар орасидан яна бир қанча жангари хўрозларнинг бошлари суқилиб турар – мунчоқдай думалоқ кўзлари қимир этмас, қаҳрли боқар, тожлари эса йиртилиб кетганди. Бурчакда ибтидоий омоч билан қўлда ясалган иккита эшкак деворга суяб қўйилганди. Иссетибеҳа Париждан келтирган заррин каравот буғу терисидан тайёрланган тўртта тасма билан шипга осилганди. Унда энди на пружиналар ва на тўшак қолганди. Бўм-бўш роми чарм тасмалар тўри билан маҳкамлаб боғланганди.
Иссетибеҳа ҳисоб бўйича ўзининг энг охирги ёш хотинини шу каравотда ухлашга мажбур қиларди. Ўзининг нафас қисар касали бўлиб, тунларни йиғма креслосида ярим ўтириб ўтказарди. Оқшом у хотини каравотга ётганига ишонч ҳосил қилгач, ўзини ухлаганга солиб узоқ вақт қоронғида ўтирар, тун бўйи фақат уч-тўрт соатгина ухлар, хотини чексиз эҳтиёткорликлар билан зарҳал тасмалар тортилган каравотдан тушиб полга қалин жун адёл тўшаб ётаётганига қулоқ тутар ва мийиғида роҳатланиб куларди. Тонг отиши олдидан хотини шовқин чиқармай яна каравотга ўтиб ётар ва ўзини ухлаётгандек кўрсатарди, унинг ёнида қоронғида ўтирган Иссетибеҳа қулоқ тутар ва мийиғида мазза қилиб куларди.
Уй бурчагига иккита лангарчўп ўрнатилган, уларга тасмалар билан катта шамдонлар маҳкамланганди; яна шу ерда ўн галлонлик виски идиши ётарди. Бу ерда яна лойдан ўчоқ ҳам қурилган, ўчоқ қаршисида йиғма кресло жойлашган, унда ҳозир Мокетуббе ўтирарди. Унинг бўйи пастроқ – беш фут бир дюйм – бўлишига қарамай вазни росмана икки юз эллик фунт чиқарди. У қора мовут камзул кийган, аммо кўйлаги йўқ эди ва унинг мис зўлдирдай юмалоқ, силлиқ қорни газлама иштони белбоғидан осилиб турарди. Оёғига қизил пошнали туфли илганди. Унинг креслоси орқасида шокиладор қоғоз елпиғич кўтарган ўсмир елпирди. Мокетуббе ўзининг куракчага ўхшаган семиз қўлларини тиззасига қўйиб, кўзларини юмганча қимирламай ўтирарди. Унинг пучуқ бурунли баркашдай сарғиш башараси ниқобга ўхшар, сирли, аламли, лоқайд эди. У Шумурт билан Уч Сават кириб келишганда кўзини очмади.
– У эрта азондан кийиниб олдими? – сўради Уч Сават.
– Ҳа, эрталабдан, – деб жавоб берди бола. Елпиғичнинг ҳаракати бир зум ҳам тинмасди. – Ўзингиз кўриб турибсиз-ку.
– Ҳа, – деди Уч Сават. – Кўриб турибмиз.
Мокетуббе қимир этмади. У бамисоли ҳайкалдек, камзул ва иштонда қотиб ўтирар, яланғоч кўкси очиқ, оёғига ярашмаган қизил пошнали туфли кийганди.
– Сизнинг ўрнингизда бўлсам, – деди бола, – уни безовта қилмасдим.
– Сен балки безовта қилмасдинг, – деди Уч Сават. Улар Шумурт билан бирга чўнқайиб ўтиришди. Бола тинмай елпиғични елпирди. – О, йўлбошчи, қулоқ сол! – сўз бошлади Уч Сават. Мокетуббе қимирламади. – У қочиб кетибди.
– Мен айтувдим, – деди бола. – Қочиб кетишини билувдим. Сизга айтганман.
– Шундоқ, – деди Уч Сават. – Сизга ўхшаган олдиндан биладиганлар кўп. Шундоқ ақлли бўлсанглар, нега кеча бунинг олдини олмадинглар?
– Унинг ўлгиси келмайди, – деди Шумурт.
– Нега ўлгиси келмас экан? – деди Уч Сават.
– Нега ўлгиси келсин? – сўз қўшди бола. – Бир кунмас-бир кун барибир ўлади, бу сабаб бўлолмайди. Мен бунга ишонмайман.
– Жим бўл, – деди Шумурт.
– Йигирма йил давомида, – сўз бошлади Уч Сават, – унинг қабиладошлари офтоб тиғида тер тўкишганди, у соя-салқинда йўлбошчига хизмат қилган. Агар илгари терлаб-пишишни хоҳламаган экан, нега энди ўлгиси келмай қочади?
– Тез қийналмай ўлади, – қўшиб қўйди Шумурт. – Кўз очиб-юмгунча ўтиб кетади.
– Ана шуни унга тушунтирасиз, тутиб келганингизда, – деди бола.
– Жим! – унинг сўзини кесди Шумурт. Чўнқайиб ўтирган иккала ҳинду йўлбошчининг бетига диққат билан тикилишарди. Аммо Мокетуббе худди ўзи ҳам ўлгандай қимир этмасди. Худди танаси териси қалин ғилоф ичига қамалгандай, нафас олиши ҳам билинмас, шунчалар теранликка шўнғиганди.
– Қулоқ сол, о, йўлбошчи, – тилга кирди яна Уч Сават. – Иссетибеҳа ўлди. У маҳтал. Унинг оти ва ити бизнинг қўлимизда. Лекин унинг қули қочиб кетди. Овқатланиш пайтида унинг идиш-товоғини тутиб турган, унинг томоғига шерик бўлган кимса қочди. Иссетибеҳа маҳтал.
– Шундоқ, – деди Шумурт.
– Бу энди биринчи марта бўлаётгани йўқ, – давом эттирди Уч Сават. – Сенинг бобонг Дуум ер остига кетишини кутиб ётганида ҳам шунақа воқеа содир бўлганди. Дуум: “Менинг қорам қани?” – деб уч кун ётди. Ана ўшанда сенинг отанг Иссетибеҳа айтган эди: “Ташвиш қилма, мен уни топаман, сен бемалол йўлга тушгин, уни сенга топиб келтираман”.
– Шундоқ, – деди Шумурт.
Мокетуббе қимирламади, кўзини ҳам очмади.
– Иссетибеҳа уч кун ботқоқликларда кезинди. У қорани тутмагунча уйга қайтмади, оғзига туз тотмади. Ўшанда у ўзининг отаси Дуумга шундай деди: “Мана, отинг, итинг ва қоранг. Тинчлан”. Кеча жони узилган Иссетибеҳа шундоқ деганди. Энди Иссетибеҳанинг қораси қочибди. Унинг оти ва ити ёнгинасида шай, аммо қора қочган.
– Шундоқ, – деди Шумурт.
Мокетуббе қимирлагани йўқ. Кўзлари юмилган эди. Унинг креслода ялпайган, даҳшатли даражада семиз вужудини қандайдир жуда оғир ланжлик қамраб олганга ўхшар, у шунчалар теран турғунликка чўмган эдики, ҳеч қандай овоз, ҳеч қандай нидо бу турғунликнинг қалин деворларини ёриб ўтолмасди. Ҳиндулар чўнқайиб ўтирганча унинг юзидан кўз узишмасди.
– Сенинг отанг қабила бошлиғи бўлганида шундоқ бўлганди, – деди Уч Сават. – Бошқа ҳеч ким эмас, Иссетибеҳа қорани топиб, Дуум ётган жойга олиб келди, у ер тагига жўнашга илҳақ эди.
Мокетуббенинг бир туки қимирламас, кўзи юмилганди. Бирпас кутиб тургач, Уч Сават шундай деди:
– Унинг туфлисини еч.
Бола унинг оёғини ечди. Бирдан Мокетуббе қисқа ва тез-тез нафас ола бошлади. У ўз вужудининг тубсиз теранликларидан худди сув остидан, денгиз тагидан юзага қалқиб чиқишга зўр бериб уринаётгандай, яланғоч кўкраги оғир-оғир кўтарилиб тушарди. Аммо ҳали-ҳамон кўзлари очилмаганди.
– У ўзи қувишга бош бўлади, – деди Шумурт.
– Шундоқ, – деди Уч Сават. – Энди у йўлбошчи. У қувишга бош бўлади.

IV

Қабила бошлиғининг хос хизматини қиладиган негр ўша куни сомонхонага беркиниб, Иссетибеҳанинг жон таслим қилаётганини кузатиб ётди. Негрнинг ёши қирқларда, ўзи гвинеялик эди. Унинг бурни ясси ва пучуқ, жингалак сочли боши кичкина эди; кўзи ичидаги киприклари қизил, олдинга бўртиб чиққан милклари кўкимтир-қизғиш, қони қочган, япасқи тишлари йирик-йирик эди. Қул жаллобларидан аллаким уни ўн тўрт ёшида Камерун атрофларидан олиб келган, тишларини арралаб тузатишга улгурмаганди. У йигирма уч йил Иссетибеҳага хос хизмат қилди.
Иссетибеҳа ўлим тўшагида ётиб қолган кун арафасида негр кеч қоронғисида ўз қишлоғига қайтди. Қоронғи кеча. Ушбу осуда дамларда барча кулбаларда ўчоқларда ўт ёнар, пишаётган таомларнинг бирдай ҳидлари тараларди – ҳамманинг қозонида ўша-ўша гўшт, ўша-ўша ўтмак-нон – ҳидлари кўчадан уйма-уй тарқаларди. Аёллар ўчоқ бошида куймаланишар, эркаклар кўчабошига тўпланиб, негрнинг йўлбошчи қўрғонидан яланг оёқларини эҳтиёткорлик билан босиб пастга иниб келаётганини кузатишарди. Эркаклар тўпланган ердан қараса, негрнинг кўзлари ёнаётганга ўхшарди.
– Иссетибеҳа ҳали ўлгани йўқ, – деди оқсоқол.
– Ўлгани йўқ, – акс садо берди хизматкор. – Ким ўлгани йўқ?
Қора говгумда ҳамманинг башараси хизматкорнинг башарасига менгзарди, ёшнинг фарқи қолмаганди, маймуннинг ўлгандан кейин олинган ниқобига монанд ушбу афт-ангорларда ҳар қандай фикр қотириб муҳрланиб ташлангандек эди. Ўчоқлар ва қозонларнинг аччиқ тутуни оҳиста қорайиб бораётган ҳаволарни чулғарди; хизматкор жуда узоқ-узоқлардан, гўё бошқа дунёлардан кўча юзалаб сузиб, тупроқда ўйнаётган болалар оша келаётгандек туюларди.
– Агар у кунботардан ўтса, унда тонг чоғигача яшайди, – деб қўйди қоралардан бири.
– Ким айтди?
– Одамлар.
– Э-ҳа. Одамлар. Аммо биз фақат бир нарсани биламиз. – Улар ҳаммалари ораларида турган хизматкорга қарашди. Унинг кўзлари андак йилтирарди. У секин ва оғир нафас оларди. Кўкси яланғоч эди, ундан тер қуйиларди. – У билади. Унинг ўзи билади.
– Бас, ноғоралар чалинсин.
– Шундоқ. Ноғоралар чалинсин.
Қоронғи тушгач, ноғоралар чалина бошлади. Уларни қуриган дарё ўзани тагида сақлардилар. Улар ботқоқ сарв оғочининг ўйилган нозик томирларидан ясалган ва негрлар уларни жуда эҳтиётлаб яшириб сақлашарди – негалигини ҳеч ким билмасди; улар балчиқ-ботқоқ чеккасида соз тупроқ ичига кўмиб қўйиларди; ўн тўрт яшар ўсмир бола уларни қўриқларди. Боланинг бўйи паст ва туғма гунг эди. Кун бўйи ўша ерда қип-яланғоч ҳолда чўққайиб ўтирар, атрофида чивинлар ғужғон ўйнар, у чивин чақишидан безор бўлиб баданини қалин балчиқ лойи билан суваб ташларди; унинг бўйнида похол халтача осилган, халтада чала-ярим этли чўчқа қовурғаси ва тизимчага ўтказилган танга-танга пўстлоқ солиб қўйилганди. У тиззаларини қучоқлаб ўтириб, нималарнидир ғўнғиллар, оғзидан тупук-сўлаги оқарди; шундай ҳам бўлардики, унинг орқасидаги ўт-ўлан, буталар орасида ҳиндулар ҳеч овоз чиқармай пайдо бўлишар, бир дақиқа уни томоша қилиб туришар, сўнг ғойиб бўлишарди, бола эса ҳеч нарсани пайқамасди.
Негр бир кеча ва бир кундуз яшириниб ётган отхона тепасидаги пичанхонадан ноғоралар садоси аён эшитиларди. Дарёгача уч чақирим масофа бор эди, лекин ноғора овозларини шунчалар аниқ эшитардики, худди улар унинг тагидаги отхонада чалинаётгандай эди. Назарида, у ёнаётган гулхан ва ноғоралар чалинаётган, алангада мисдай товланган қора қўлларни ҳам кўраётгандек бўларди. Фақат у ёқда аланга йўқ эди. У ёқда бу ердаги чанг-чунг пичанхонадагидан ортиқ ёруғлик йўқ, бу ерда у қоронғида биқиниб ётар, каламушларнинг юмшоқ панжалари болта билан текисланган эски тўсинлардан шитир-шитир қилиб югургиларди. У ёқда чивинларни қочириш учун ёқилган оҳиста тутаётган оловдан бошқа гулхан йўқ, олов теграсида тиззаларида чақалоқлари билан аёллар ўтиришар, лўмбиллаган кўкракларининг силлиқ, сут тўла эмчакларини гўдаклар оғзига тиқишар, улар хаёл оғушига ғарқ бўлишган, ноғоралар овозини эшитишмасди… У ёқда ўт-олов йўқ эди, ўт эса ҳаёт давом этаётганидан нишона берарди.
Кема бошқарув қисмининг ёнидаги хонада чоғроқ бир гулхан ёқиб қўйилган, бу ерда лангарчўпларга маҳкамланган катта шамдонлар, шипга осиб қўйилган заррин каравот тагида ўз хотинлари қуршовида Иссетибеҳа ўлим тўшагида ётарди. Негр пичанхонада ётиб гулхан тутуни ўрлаётганини кўрарди, тонг ёришиши олдида у сассиқкўзан терисидан нимча кийган табиб кема бурнига чиқиб иккита, лой билан устига безаклар чизилган чўпларни ўт олдирганини пайқади. “Демак, унинг ҳали жони узилмабди”, – деб қўйди негр ўз-ўзига жавоб бергандай пичанхонанинг шитир-шитирларга тўлган қоронғисида. У ўзига тегишли бўлган икки овоз ўзаро сўзлашаётганини эшитгандай бўларди.
– Ким ўлди?
– Сен ўлдинг.
– Ҳа, мен ўлдим, – секин жавоб берди у ўзига ўзи. У ноғоралар олдига боришни истади. У ўзининг бирдан буталар орасидан сакраб чиқишини, яланғоч, қуруқ пай, мой суртилган кўзга кўринмас оёқларида баланд-баланд сакраб, ноғоралар атрофида айланишини кўз ўнгига келтирди. Лекин ҳозир у бундай қилолмасди, зеро, бундоқ рақс одамни тирикликдан маҳрум этади, ўлим диёрига олиб кетади. Унинг ўзи тўғри ўлимни қаршилаб сакрайди, шунинг учун ҳам ўлмайди, зотан, ўлим чегаранинг бу томонида, энг охирида тутиб олсагина, инсонга эгалик қилади. У одамнинг орқасидан келиб, ҳали ҳаёт маконларидаёқ унга етиб олади ва тутади. Каламушларнинг тўсинлар устида югургилашидан чиққан тинаётган шамол шувиллашидай товушлар пасайиб борарди. Бир куни у каламушни еган. Унда ҳали бола эди, Америкага эндигина олиб келишганди. Негрлар палубалар орасидаги баландлиги уч фут келадиган маконда уч ой қимирламай ўтиришди – кема тропик кенгликларда сузиб борарди – тепада янги англиялик маст шкипер китобдан нималарнидир қироат билан ўқиётганини эшитишарди; ўн йил ўтгандан кейингина бу китобнинг Библия эканлигини билди. У ғужанак бўлиб ўтираркан, анчагача каламушлардан кўзини узмади, улар цивилизация шароитларида одам боласи билан ёнма-ён яшаб табиий ҳушёрлик ва чаққонликни унутиб қўйганди. У ортиқча қийналмасдан қўлини чўзди-ю, каламушни тутиб олди-ю уни шошилмасдан еди, бу махлуқни шундоқ осон ушлаб олганига ва улар ҳозиргача тирик яшаб келаётганига ҳайрон қолди. Ўшанда бола узун оқ кўйлак кийганди, кўйлакни унга қул жаллоб берган, бу одам савдогарчиликни унитар черков дьякони лавозими билан қўшиб олиб борарди. Бола ўша пайтларда фақат ўз лаҳжасидагина сўзлай оларди.
Ҳозир у эгнидаги сурп иштонни ҳисобламаганда деярли яланғоч эди, бундай лозимларни ҳиндулар оқтанлилардан сотиб олишарди, яна белида тасмага боғланган тумори ҳам бор эди. Тумор Иссетибеҳа Париждан келтирган садаф лорнетнинг ярим бўлаги ва мокассин илонининг чаноғидан иборат эди. Бу илонни унинг ўзи ўлдириб, заҳарли бошидан бошқа ҳаммасини еб битирганди. У пичанхонада биқиниб ётар, уйга, кема қолдиқларига қарар, ноғораларнинг тараклашига қулоқ тутар ва ноғоралар атрофида сакраб рақс тушаётганини кўз ўнгига келтирарди.
Тун бўйи шундай ётди. Эрталаб у табиб ўзининг сассиқкўзан нимчасида ташқарига чиққани ва хачирига ўтириб жўнаганини кўрди. У бутун вужуди чангак бўлиб, хачир туёқларидан кўтарилган чанг босилмагунча йўлга қараб турди. Ана шунда у ҳали нафас олаётганини пайқади ва ҳали-ҳамон ҳаво ютаётганига ажабланди, қаранг, унга ҳали ҳаво керак экан-а. У яна биқиниб жимгина ётди, қачон бу ердан кетишини кутиб қаранди, кўзлари бирозгина осуда, тиниқ шуълаланиб йилтиради, енгил, бир маромда нафас оларди, шунда у Луи Шумурт ичкаридан чиққанини ва кўкка қараганини кўрди. Кун ёришиб келарди, саҳнда пўрим кийинган бешта ҳинду чўнқайиб ўтиришарди, тушга бориб уларнинг сони йигирма бештага етди. Қуёш ғарбга йўл олганда, улар ерда чуқур ўчоқ қазий бошладилар, бу ерда қозон қуриб, эт ва ямс қовурадилар; бу вақтга келиб юздан ортиқ одам йиғилди, ҳаммалари европача либосларидан қийналишиб, ўнғайсизланиб, лекин ўзларини сабр-тоқат ва иззат-икром билан тутардилар; шунда негр, Шумурт ошхонадан Иссетибеҳанинг байталини олиб чиқиб, уни дарахтга бойлаганини кўрди, яна бироз вақт ўтгач, Шумурт уй эшигида қари итни етаклаб пайдо бўлди; бу ит кўпинча Иссетибеҳанинг ўриндиғи олдида чўзилиб ётарди. Итни ҳам у дарахт танасига боғлади, кейин ҳаммага бирма-бир сиполик билан кўз югуртириб қараб, ўзи ҳам ўтирди. Ит бирдан увиллай бошлади. Қуёш ботаётган паллада ҳам ҳамон увилларди. Қуёш ғарбга бота бошлаганда негр саройнинг орқа деворидан жарликка тушди, жарликдан булоққа бориларди. Бу ер қоронғилашиб қолганди. Жарликка тушгач, негр югуриб кетди. Орқадан итнинг увиллагани эшитиларди. Булоқ яқинида у бошқа бир негрга дуч келди, бир зум – бу чопиб бора туриб, у жойида тик туриб – бир-бирларига қараб қолдилар, икки турли оламни бир-биридан ажратиб турган девор оша қарагандай бўлдилар. Тезда бутунлай қоронғи тушди, у эса тишларини маҳкам босиб, муштларини қаттиқ тугиб, бурун тешиклари катта-катта кенгайиб ҳамон қочар, қочиб борарди.
У қоронғида қочарди. У бу ерларни яхши биларди, чунки Иссетибеҳа билан тунда кўп марта ов қилганди, тулки ё ёввойи мушук изига тушиб, йўлбошчининг бияси ёнида хачирини йўрттириб борганди; бу жойларни у қандай яхши билса, уни таъқиб қилувчилар ҳам шундай яхши билишарди. Иккинчи куни эди, у таъқиб қилувчиларни илк бора шунда кун ботар чоғида кўрди. Бунгача у дарё ёқалаб югуриб борди, кейин орқага қайтиб, пастга тушди, мана энди баланд ўсган хушбўй ўт-ўланлар орасида ётиб, биринчи марта таъқиб қилувчиларни кўрди. Улар икки киши эди, иккови ҳам узун кўйлак ва шляпа кийган эдилар; иштонларини яхшилаб тахлаб қўлтиқларига қистириб олгандилар; қуроллари йўқ эди. Иккови ҳам ёши анча ўтган, қорин солган бўлиб, тез юролмасдилар; эҳтимолки, ҳозир негр ётган жойга улар эртага эрталаб етиб келишар. “Демак, ярим кечагача нафас ростлаш мумкин”, – деди у ўзига ўзи. У плантацияга шунчалар яқин келиб қолгандики, димоғи тутун ҳамда қовурилган гўшт ҳидини илғамоқда эди, шунинг учун у овқат еб олсам бўларди, деб ўйлади, очиққанга ўхшайман, чунки бир кеча-кундуз туз тотмадим. “Аммо нафас ростлаган муҳимроқ”, – деди у. Муаттар ўт-ўлан орасида ётаркан, бу гапни ўз-ўзига қайта-қайта такрорлар, чунки нафас ростлашга уринишим, нафас ростлашим зарур ва буни иложи борича тезроқ, тезроқ қилишим керак, деган фикрдан юраги худди узоқ тез чопиб келгандай қаттиқ гурсиллаб урарди. У одамлар қандай ҳордиқ чиқаришларини унутиб қўйгандай эди, буни эслаш учун эса олти соат ҳам оз.
Қоронғи қуюқлашгач, у ўрнидан турди. У тун бўйи шошилмай, аста-секин қимирлаб боравераман, барибир борадиган жойим ҳам йўқ, деб ўйларди, аммо биринчи қадамини қўйиши ҳамоноқ у оғир босинқи нафас олиб, бурун катакларини кенг очиб, қалин, бўғиқ, саваловчи зулматни кўкси билан ёриб ўтиб югурди. У йўналишини йўқотиб, қаерга бораётганини ўзи ҳам билмай, бир соатча югурди ва бирдан тўхтаб, қулоқ сола бошлади, бироздан сўнг юрагининг гурсиллашини ноғоралар уришидан ажратиб олди. Ноғоралар қайдадир унча узоқ бўлмаган, икки чақиримча нарида чалинмоқда эди. У товуш келаётган томонга қараб юрди ва қоронғида узоқ судралди, кейин димоғига гулханнинг аччиқ тутун ҳиди урилди. У пайдо бўлганда, ноғоралар овози тўхтамади; фақат оқсоқол олға босиб, қочоқ тутун ичида турган жойга чиқди; қочоқ оғир ҳансирарди, титраган бурун катаклари зўриқиб кериларди, лой балчиқ сачраган бетидаги икки кўзи хира йилтирарди, уларнинг шуъласи худди ўпкасининг кучига боғлиқдек, дам пасаяр, дам зўраярди.
– Биз сени кутаётган эдик, – деди оқсоқол. – Энди кетавер.
– Кетайми?
– Овқат еб, кейин кет. Ўликка тириклар орасида жой йўқ. Буни ўзинг ҳам биласан.
– Ҳа. Биламан. – Улар бир-бирларининг кўзларига қарашмасди. Ноғоралар тинимсиз таракларди.
– Овқат ейсанми? – сўради оқсоқол.
– Мен оч эмасман. Бугун мен ўтлар орасида ётиб товушқон тутиб едим.
– Унда қовурилган гўшт бор, ола қол.
У япроқларга ўралган пишган этни олди ва яна дарё ўзанидан илгарилаб кетди, бироз вақт ўтгандан сўнг ноғоралар товуши тинди. У тонг отгунча тўхтамай юрди. “Ҳали ихтиёримда ўн икки соат бор, – деди у. – Балки ундан ҳам кўпроқдир, чунки улар изимга кечаси тушишди”. У тиз чўкиб ўтирди, этни еди ва қўлларини биқинига артди. Кейин ўрнидан турди, сурп иштонини ечди, яна балчиққа яқин ўтириб, бутун бадани – юзи, қўллари, оёқларини балчиқ билан суваб чиқди, кейин ерга ўтирди, тиззаларини қўллари билан қучоқлади, бошини тиззаси ва қўлига қўйди. Тонг оқаргач, у ботқоқликнинг янада ичкарироғига кирди, чўнқайиб ўтириб ухлаб қолди. Тушига ҳеч нарса кирмади. Яхшиям, ботқоқлик ичкарисига киргани, негаки, у бирдан уйқудан кўзини очганда, ҳаммаёқ ёп-ёруғ, қуёш баланд кўтарилганди, у рўпарасида яна ўша икки ҳиндуни кўрди. Улар ўзи яширинган жойнинг шундоқ қаршисида ҳалигача яхшилаб букланган иштонларини қўлтиққа қистирганча турардилар – икковлари ҳам хомсемиз, пўк, қорин солган, похол шляпа ва этаклари ҳалпиллаган узун кўйлакда бироз кулгили кўринардилар.
– Абгор бўлдик, – деди бирови.
– Ҳа, уйда маза қилиб соя-салқинда ўтирмасмидим, – деди бошқаси. – Аммо у ёқда йўлбошчи қоронғи ерга кетаман деб мунтазир.
– Шундоқ.
Улар атрофга осуда кўз югуртиришарди. Бирови энгашиб этагидан қушқўнмас тиканларини териб ташлай бошлади.
– Шу қоравой ҳам бор бўлсин-да, – деди у.
– Шундоқ. Улардан ташвишу таҳликадан бошқа нарса кўрмадик.
Негр тушдан кейин баланд дарахтнинг тепасига чиқиб плантация томонга қаради. У Иссетибеҳанинг лоши арқон ҳалинчакда икки дарахт орасига осиб қўйилганини кўрди, аввалроқ бу дарахтларга унинг ити билан биясини бойлашганди, кема-уйнинг олдидаги майдон ҳовлида эса ҳар турли ранг-баранг ёпиқ, очиқ, чуқур, ясси аравалар, эгар-жабдуқли отлар, хачирлар тиқилишганди; ерда қазилган ўчоқлар атрофида бола-бақра орасида ранго-ранг либосларда хотин-халаж, қари-қартанглар жойлашган, ўт-аланга устида нимталар жазиллаб пишар, улкан ўчоқлардан қуюқ тутун ва буғ ўрларди. Эркаклар билан каттароқ ёшдаги болалар бари дарё оқимининг юқорисида унинг ортидан қувиб боришар, кишилик либосларини ечиб ўраб, дарахтларнинг айриларига қистириб кетишарди. Лекин, ана, ҳарқалай бир тўп эркак уй эшиги олдида уймалашяпти. Негр улардан кўзини узмай қараб турди, бирпасдан сўнг эркаклар олхўри хурмо поясига буғу териси тасмалари тортилиб ясалган замбарда Мокетуббени кўтариб олиб чиқишди. Тилоғочлар орасида яшириниб ётган қочоқ ўша ёқларда уни қурбон қилишга тайёргарлик кетаётганини кузатар, унинг башараси эса худди Мокетуббенинг башараси каби қилт этмас ва ундан ҳеч нарсани англаб бўлмасди. “Э-ҳа, – деди у оҳистагина, – ўзлари ҳам йўлга тушарканлар-да. Ўн беш йил ўликдай ётди-я, энди йўлга тушарканлар-да”.
Кечга яқин у ҳиндуларнинг бирови билан юзма-юз тўқнашиб қолди. Улар сой устига ташланган ёғоч хари устида дуч келишди: негр баланд бўйли қотма, пайдор, чарчаш нималигини билмас, куч-қуввати ошиб-тошиб ётарди; ҳинду эса семиз ва пўк, ўтакетган ҳафсаласиз, андак жон койитишга асло тоқати йўқ эди. Ҳинду қимирламади, овоз чиқармади, хари устида турганча негрга бақрайиб қолганди, негр дарҳол ўзини сувга отди, қирғоққа сузиб борди-да, ўрмонда ғойиб бўлди, орқасидан шох-шабба, буталарнинг қайрилгани, шитирлагани эшитиларди.
Қуёш ботиб бораётганда у ағанаган дарахт панасида биқиниб ётарди. Дарахт танасидан чумолиларнинг узундан-узоқ карвони чўзилиб борарди. Негр чумолиларни тутиб, қандайдир бамайлихотирлик ва паришонлик билан оғзига солар, гўё қуюқ меҳмондорчиликда ўтириб, икковора тортилган таом орасида шўрданакларни тотиб кўраётгандай эди. Чумолилар ҳам шўртаккина, улардан оғиз сув очиб, сўлак оқарди. Негр чумолиларни ер, уларнинг муқаррар ҳалокат сари тўхтамай, сира оғишмай, охири кўринмай ғимирлаб боришларига қараб турарди. У кун бўйи туз тотмаганди; юзига чапланган лой ниқоб қотиб қолганди, кўзининг жияклари қизариб, яллиғланган, қорачиқлари тинмай безовта айланарди. Кун ботганда у сув бўйида ўтирган қурбақани тутиш учун уринаётганда уни бирдан капча илон чақиб олди. Заҳарли тишларини унинг билагига кучли зарб билан санчди, териси устида худди тиғ билан чизилгандай икки узунчоқ яра қолди. Капча илон бесўнақайлик билан унга ташланди-да, тишларини қадагач, ўз шиддати ва қаҳр-ғазабидан ҳолсизлангандай, ерда чўзилиб қолди; бир зумгина унинг олдида ночор бўлиб ётди. “Салом, бувижон”, – деди негр. У илоннинг бошига қўлини теккизди ва шунда илон бир чирпиниб яна унинг қўлига тишларини ўнғайсиз ва қаттиқ ботиргани, кейин яна ва яна худди паншаха билан тирнагандек зарба урганига лоқайдлик билан қараб турди.
– Буларнинг ҳаммаси менинг ўлгим келмаётгани учундир, – оҳистагина деди у тобора ортиб бораётган сокин бир ҳайрат ичида, у ўзида яшаш истаги қанчалар ҳоким ва кучли эканлигига ҳисоб бермаган, бу сўзлар ўз-ўзидан унинг лабларида қалқимагунча англамагандай ва ҳозир, шу тобдагина уларнинг маъносига етиб боргандай бўлди.

V

Мокетуббе ўзи билан туфлини ҳам олди. Уни юрганда, кийиб юролмасди, замбарда чайқалиб, ястаниб ўтирганида ҳам киёлмасди, шунинг учун пойабзал унинг тиззасига ёзилган ёш буғу терисидан ясалган гиламчада ётарди. Ялтироқ, чатнаган чармдан тикилган, балларда кийиладиган тўқасиз, оёқ юзасидаги тили узун, қизил пошнали бир туфли-да, у қабила бошлиғининг семиздан семиз, чалқанча тушган, ҳаёт асари билинмайдиган гавдаси устидан тушмасди; уззукун юккашлар бир-бирлари билан ўрин алмашиб ботқоқликлару чангалзорлар оралаб тебраниб турган замбар ва унинг ичидаги жиноятни, жиноят сабабини сабр-тоқат билан кўтариб боришарди. Зеро, қотил мақтул олдидаги ўз бурчини ўташи керак эди. Мокетуббе учун афтидан бу шунга ўхшаган бир нарса эдики, ўзи гарчи мангу тирик бўлса ҳам, ҳали тириклик чоғларида унга ўлим тилаган, ўлимларидан сўнг эса унинг абадий қийноқларининг ғайриихтиёрий иштирокчиларига айланган маҳкумлар томонидан жаҳаннам пучмоқларига олиб кириб кетилаётгандай туюларди.
Йўл юриб, сўнг бироз нафас ростлаб олиш учун қўнган пайтларида ҳаммалари давра ясаб ўтирар, ўртага эса қимир этмай кўзларини юмиб Мокетуббе ётган замбарни қўярдилар, унинг юз ифодаларида айни бир вақтнинг ўзида тинч фароғат ва бўлажак азоб-уқубатларнинг муқаррарлиги акс этарди; ўшанда унга яна қисқа бир муддатга туфлини кийдиришарди. Бир бола туфлини Мокетуббенинг катта, юмшоқ, ялпайган оёқларига зўр-базўр тиқиштирарди, шунда йўлбошчининг афти-ангорида еган емиши ҳазм бўлмайдиган одамларда учрайдиган маъюс, муте ва диққатпаз ифодалар зуҳурланарди. Кейин ҳаммалари яна йўлга тушардилар. Мокетуббе қимирламасди; у фақат замбарни кўтариб бораётганларнинг қадамларига монанд чайқаларди, оғзини очмасди – бунинг боиси чексиз танбаллигими ё мардлик-матонат, ирода қудрати каби олий фазилатлардан ўрнак олардими, ўзига аён. Бироз вақтдан сўнг замбарни ерга қўйишар ва санамдай қотиб қолган, сарғайган, тер босган юзига қарашарди.
Шунда кимдир, Уч Саватми ё Луи Шумуртми: “Туфлини оёғидан ечинглар. Ҳурмат-эътибор кўрсатилди”, дерди. Туфлини ечиб олишарди. Мокетуббенинг чеҳраси ўзгармас, фақат нафас олиши сезиларли бўлиб қоларди – лабларидан ҳаво чалпиллаган бир товуш билан отилиб чиқарди, бошқалар атрофда чўнқайиб ўтиришар ва ҳар томондан келиб турган синчилару хабаркашлар билан гаплашишарди.
– Кўринадими?
– Кўринмайди. У шарқ томонга юряпти. Кеч оқшом Типах қуйиладиган жойларга етиб боради. Кейин орқага қайтади. Биз уни эртага тутамиз.
– Қанийди, кўп вақт бўлди.
– Шундоқ. Бугун тўртинчи кун.
– Дуум ўлганда уч кунда ушловдик.
– Унда қочган киши қари эди. Буниси ҳали ёш.
– Ҳа-а. Жуда чопағон. Агар уни эртага тутишса, мен битта от ютаман.
– Қанийди эртага тутишса.
– Шундоқ. Бемаъни ишлар.
Шу куни плантацияда озиқ-овқат тугади. Қўноқлар уй-уйларига тарқаб, эртасига бир ҳафтага етадиган озиқ-овқат келтиришди. Шу куниёқ Иссетибеҳа ҳидлана бошлади, пешин пайти иссиқ авжга чиққач, шамол ўлик уфунатини дарё ёқалаб пастга ва юқорига – узоқларга олиб кета бошлади. Аммо негрни на бугун, на эртасига тутишди. Олтинчи куни кеч тушганда, хабар етказишдики, қочоқнинг изларида қон юқи қолибди. У жароҳат олганга ўхшайди.
– Яраси, ишқилиб, оғирмасдир, – деди Уч Сават. – Биз Иссетибеҳа билан унга фойдаси тегмайдиган хизматкорни жўнатолмаймиз.
– Худо кўрсатмасин. Иссетибеҳанинг ўзи унга хизмат қилмаса денг, – деди Шумурт.
– Биз билмадик, – деди онгчи. – У беркинган. У яна ботқоқликка кириб кетди. Биз у ерга қоровул қўйдик.
Энди замбарни тез югуриб кўтариб кетишди. Қочоқ ботқоқликка кириб кетган жойгача бир соатча йўл юриларди. Ҳаяжонлар жўш урган шошилинчда Мокетуббенинг оёғидан туфли ечилмаган экан. Ботқоқликка етиб боришганда, йўлбошчи беҳуш ётганини пайқашди. Улар туфлини ечиб олиб, уни ҳушига келтиришди.
Қоронғи тушгунча бутун ботқоқлик ўраб олинди. Ҳиндулар чордана қуриб ўтиришар, уларнинг тепасида пашша-ю чивинлар булутдай тўда-тўда учарди. Осмоннинг энг қуйи, чекка нуқтасида ғарбда шом юлдузи хира нур сочарди, юксакда юлдуз туркумлари чарх уриб айланарди.
– Унга вақт берайлик, – дейишди ҳиндулар. – Эртага дегани бугуннинг давоми ва бошқача номи.
– Шундоқ. Уни шошилтирмаймиз. – Улар жим бўлиб қолишди ва бирдан ҳаммалари бир бўлиб, тун қучоғидаги ботқоқлик томонга қараб қолишди. Бироз вақт ўтгач, ботқоқдаги шовқин босилди ва кўп ўтмай қоронғиликдан синчи чиқиб келди.
– У ёриб ўтишга уринди.
– Лекин сиз уни орқасига қайтариб юбордингизми?
– Шундоқ. У орқага бурилиб кетди. Биз учаламиз қўрқиб кетгандек бўлдик. У қоронғида эмаклаб юрганида биз ҳидидан билдик, яна бир нимани сезгандек бўлдик, нималигини билолмадик. Шунинг учун биз қўрқдик, лекин кейин у бизга тушунтирди. У биздан ўзини шу ердаёқ ўлдиришимизни сўради, нега деганда, ботқоқликда қоронғида олдимга ким келганини, унинг юзини кўролмайман деди. Аммо биз бошқа нарсани туйгандик, у бизга бунинг нималигини айтди. Уни илон чақибди. Икки кун олдин. Яраси шишиб кетиб, у ҳидлана бошлабди… Аммо биз туйган нарса бу эмасди, чунки энди шиш қайтиб, энди қўли худди ёш боланинг қўлидай кичкина бўлиб қолибди. У қўлини бизга кўрсатди. Биз унинг қўлини учаламиз ҳам ушлаб кўрдик, у ёш боланинг қўлидай эди. У биздан болта беришимизни сўради, қўлимни чопиб ташлайман деди. Аммо эрта – бугуннинг давоми.
– Шундоқ. Эрта – бугуннинг давоми.
– Биз қўрқиб кетдик. Кейин у ботқоқлик ичкарисига кириб кетди.
– Бу яхши.
– Шундоқ. Биз қўрқдик. Йўлбошчига айтайликми?
– Ўйлаб кўрайлик, – деди Уч Сават. У туриб кетди. Синчи чўнқайиб ўтирди-да яна қочоқ ҳақида сўйлай бошлади. Уч Сават қайтиб келди. – Йўлбошчи яхши деди. Қўриқлаган жойингга қайт.
Синчи қоронғида кўздан йўқолди. Ҳаммалари замбар атрофида чордана қурдилар; сўнг ухлаб қолдилар. Ярим кечага яқин негр уларни уйғотиб юборди. Кутилмаганда у бақириб, ўзи билан ўзи гаплаша бошлади; унинг товуши қоронғиликдан аниқ ва баланд эшитиларди. Кейин у жим бўлди. Тонг отди, оқ қарқара қанотларини тапиллатиб сарғайиб келаётган осмондан учиб ўтди. Уч Саватнинг уйқуси ўчди.
– Энди борайлик, – деди у. – Бугунги кун кирди.
Икки ҳинду балчиқларни шалоплатиб ботқоққа тушди. Лекин қочоқ қошига етиб бормаёқ тўхташди, негаки, негр ашула айта бошлади. Ҳиндулар уни кўриб туришарди, негр яланғоч ва бутун баданига лой чапланган ҳолда тўнка устида ўтириб қўшиқ хиргойи қиларди. Ҳиндулар бироз нарироқда чўнқайиб ўтириб, индамай унинг ашуласини тугатишини кутишди. Негр юзини кўтарилиб келаётган қуёшга қаратиб ўз лаҳжасида нималарнидир куйларди. Унинг овози тиниқ ва кучли, оҳанглари ваҳшиёна ва маҳзун янграрди.
– Уни шошилтирмайлик, – дейишди ҳиндулар. Улар чўнқайиб ўтирганча, сабр-тоқат билан кутишарди. Қочоқ жим бўлди, ҳиндулар унга яқин бордилар. Қочоқ юзига чапланган лой ёрилиб чатнаб кетган ҳолда уларга пастдан юқорига қаради. Унинг кўзларига қон тўлганди, лаблари қуруқшаб бир-бирига ёпишган, улар орасидан йирик қисқа тишлари чиқиб турарди. Қуриган лой ниқоби юзидан кўра каттайиброқ кўринарди, лой ниқобни суртган вақтдан бери анча озганга ўхшарди. Чап қўлини у кўкраги тагига маҳкам босганди; тирсагидан пастга томон унга ҳам қалин лой чапланганди. Ҳиндулар негрдан чиқаётган ўткир ҳидни туйишарди. У ҳиндуларга индамай, қимир этмай қараб турарди, ниҳоят, ҳиндулардан бири унинг қўлидан ушлади.
– Юра қол, – деди ҳинду, – сен хўп чопдинг. Уятга қолмадинг.

VI

Мусаффо ва ифлослик билан булғанган эрталабки пайт улар плантацияга кириб келдилар, негрнинг кўзлари отнинг кўзларидай олайиб қолди. Эт пишаётган ўчоқдан тутун тараларди; тутун ер бағирлаб ёйилиб, ҳовлида ва уй-кемада чордона қуриб, чўнқайиб ўтирган, ёрқин, дағал, ўнғайсиз ярашмаган либослар кийган меҳмонлар, хотин-халаж, бола-чақа, қари-қартанглар кўзларини ачитарди. Овчилар дарё ёқалаб синчиларни жўнатишди, бировини илгарилатиб плантацияга юборишди. Энди Иссетибеҳанинг жасади у кўмиладиган гўр оғзига келтирилди, унинг ити билан отини ҳам шу ерга олиб келишди; аммо уфунат ҳали тарқамаган, бинобарин, ўзи тириклигида яшаган жойларда шарпаси кезарди. Меҳмонлар ҳам гўр атрофига йиғила бошлади. Ниҳоят, қияликдан Мокетуббе ўтирган замбарни унинг яқинлари, аъёнлари қуршовида кўтариб чиқишаётгани кўзга ташланди.
Улар орасида негрнинг бўйи ҳаммадан баланд эди; унинг кичкина, думалоқ, балчиқ пўстларига тўла боши бошқалардан юқорида кўринарди, азоб-уқубатга тўлиб-тошган кейинги ҳафтанинг олти кунида бошига шунча кўп кулфат ёғилдики, шундан энди базўр нафас оларди; гарчи издиҳом жуда секин ҳаракат қилаётган бўлса-да, биқинига маҳкам босиб ушлаган чап қўли тепасида кўкраги оғир кўтарилиб тушарди. Кўзлари тинмай аланг-жаланг қиларди, ҳеч бир нуқтада тўхтамас, чамаси, у ҳеч нарсани кўрмас, қараган нарсасини кўриб улгурмасди. Баъзан оғзи очилиб қолар ва йирик оқ тишлари кўзга чалинарди, бирдан у ҳансирашга тушди. Қабр сари юрган меҳмонлар бу издиҳомни кўриб тўхтаб қолдилар, айримларнинг қўлларида эт парчалари бор эди. Улар юришдан тўхтаб кутар, негрнинг кўзлари, унинг ёввойи, харосон нигоҳи уларнинг юз-кўзларини сузарди.
– Балки сен олдин тановул қилиб оларсан? – сўради Уч Сават. У сўзларини икки карра такрорлади.
– Шундоқ, – деди негр. – Шундоқ, шундоқ. Мен олдин овқат ейман.
Энди издиҳом яна ўртага қараб тисарилди; энг орқада турганларгача бу шивирлаган сас етиб борди: “У олдин овқат ермиш”.
Улар уй-кемага келдилар. “Ўтир”, – деди Уч Сават. Негр уй-кема қирғоғига ўтирди. У ҳамон ҳарсиллар, кўкраги оғир кўтарилиб тушар, пахтаси чиқиб кетган кўзлари тинмай аланг-жаланг қиларди. Кўзлари ҳеч нарсани кўрмаётгани, афтидан, ички сабабларга боғлиқ эди, бу нобиноликдан эмас, балки умидсизлик ва алам-изтироблар натижаси эди. Унга таом келтирдилар, ҳамма унинг қандай овқат ейишини томоша қилиб турарди. У бир бўлак этни оғзига солиб, чайнай бошлади, аммо чайналган овқатнинг ярми оғзининг бурчакларидан чиқиб, энгагидан кўксига тўкилди, бироздан сўнг у чайнашни бас қилди. У шундай бутун яланғоч баданига лой чапланган ва бу лой энди қуриган ҳолда тиззасида товоқ билан ўтирар, очиқ оғзи тўла чала чайналган ош, ола-кула кўзлари атрофга тинмай аланглар, ҳарс-ҳарс қисқа-қисқа нафас оларди. Вазмин, тап тортмас ҳиндулар унга қараб сабр-тоқат билан кутардилар.
– Юр энди, – деди ниҳоят Уч Сават.
– Сув ичаман, – деди негр. – Сув. Шундоқ, шундоқ. Сув ичаман.
Қудуқ қуллар яшайдиган қишлоқ йўлида, қуйироқда эди. Адир ёнбағрида калта соялар ётарди – пешин чоғи эди, бундай сокин пайтларда Иссетибеҳа тушки овқат ва тушдан кейинги уйқуни кутиб, юмшоқ ўриндиғида мудраб ўтиргучи эди, шунда унинг шахсий хизматкорининг қўли бўшарди. Бу дамни у ошхона бўсағасида ўтириб ўтказарди, тушлик тайёрлаётган аёллар билан у ёқ-бу ёқдан гаплашишни ёқтирарди. Ўқтин-ўқтин у пастга – негрлар қишлоғига назар ташлар, у ёқларда ҳаммаси сокин-тинч, аёллар кўчанинг у бетидан-бу бетига қараб сўйлашар, очиқ эшиклардан оҳиста тутун ўрлар, кўча чангида қора оғочдан ясалган ўйинчоқларга ўхшаш болакайлар ўйнаб юришарди.
– Юр, – деди Уч Сават.
Негр издиҳом ичида борар, боши ҳаммадан кўра баландроқ эди. Меҳмонлар Иссетибеҳа, унинг ити, унинг оти кутаётган томонга аста оғиб иниб боришарди. Негр ҳам қадам ташлар, кўзлари ола-кула аланглар, боши издиҳом оша юксалар, кўкси оғир-оғир кўтарилиб тушарди.
– Қани, – деди Уч Сават. – Сув ичмоқчи эдинг.
– Шундоқ, – деди негр. – Шундоқ. – У уйга ўгирилиб қаради, кейин пастга, қишлоққа боқди, бугун бунда ўчоқларда ўт ёнмас, эшиклардан аёллар мўраламас ва болалар ўйнаб кўчада чанг кўтармас эдилар. Негр базўр оғир нафас оларди.
– Илон менинг бу еримни чақди, – деди у. – Тишларини қўлимга санчди: бир марта, икки марта, уч марта. Мен унга: “Салом, бувижон”, дедим.
– Хўп, қани, – деди Уч Сават. Негр ҳамон жойидан қимирламай, бошини адл тутиб, худди балчиқда ишлаётгандай тиззаларини баланд кўтариб қадам ташларди. Унинг кўзлари худди отнинг кўзларидай ваҳшиёна зўрабор ялт-юлт қиларди.
– Сув ичмоқчи эдинг, – деди Уч Сават. – Мана, сув.
Қудуққа кади бадя маҳкамланмиш эди. Бадяни лиқ тўлдириб негрга бердилар. Унинг қандай сув ичаётганига ҳамма қараб турди. У бадяни оғзига олиб борди-да, лой билан сувалган юзига босиб оҳиста қиялатди. Кади бадя оша унинг кўзлари ҳамон атроф-тумонотга саросар назар соларди ва бир зум ҳам тўхтамасди. Йиғилган ҳамма унинг бўғзида кекирдаги кўтарилиб тушаётгани, қуёш шуълаларида ярақлаган сув кади бадядан унинг энгак, бўйин, кўкрагига оқиб тушаётганини кўриб турди. Кейин сув тамом бўлди.
– Қани, – деди Уч Сават.
– Шошманглар, – деди негр. У яна сув олиб бадяни лабига олиб борди ва уни қийшайтира бошлади, кади бадя оша ҳамон унинг кўзлари ола-кула кезарди. Яна ҳамма унинг қандай сув ичмоқчи бўлаётгани ва томоқдан ўтмаётган сув минглаб марварид зарраларга ажралиб, унинг даҳани ва кўксига оқиб тушаётгани, чапланган лой юзида ҳўл излар қолдираётганига қараб турарди. Улар – қабиладошлар, меҳмонлар ва йўлбошчининг яқинлари ўзларини вазмин, одоб-икром, сабр-тоқат билан тутиб кутишарди. Кейин сув тугади, аммо негр уни ютиш учун ҳамон кекирдакларини чўзар, қалт-қалт титраб ҳеч нимани ютолмасди. Кўкрагидан сув ювиб ўтган лой парчаси кўчиб оёқлари остига тушди ва парчаланиб кетди ва ҳамма бўшаган кади бадя ичидан унинг хирқираган овозини эшитди: “хаҳ, хаҳ, хаҳ, хаҳ”.
– Хўп, қани, – деди Уч Сават ва негрнинг қўлидан кади бадяни олиб, уни қудуқнинг четига илиб қўйди.

Рус тилидан Иброҳим Ғафуров таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 11-сон