Фантастика, у қанчалар фантастик бўлмасин, ойдек равшандир.
Аниқроғи, табиийдир.
Луи Вакс
У томошаталаб тўда орасидан зўрға сирғалиб чиқиб, ўзига қараб шошиб келаётганларга эпчил чап берганча қадамини тезлатди. Регентлик кўчасидан пастга югургудек бўлиб тушди. Қумдаги Биби Марям черковини айланиб ўтиб ўнгга – Император аёл хиёбони томон бурилди. Санъат тепалигига осонгина чиқиб, Қирол майдонидаги қизил чироқда тўхтаб турган автомобиллар орасидан амаллаб ўтди-да (воқеа Брюсселда, марказий вокзал яқинида содир бўляпти), фалокат жойига аранг етиб борди: унинг жасадини тез ёрдам машинасига солаётган эдилар.
Кўприк томондан оппоқ шарпа кўрина бошлаганди. Полициячилар бекорчи томошабинларни тарқатишга тушди. Уни уриб юборган қизил юк машинасини йўлнинг қатнов қисмига халақит бермаслиги учун бир четга олиб қўйган эдилар. Саросимага тушган ҳайдовчи машина ғаладонини титкилаб ҳужжатини қидирарди. Одамлар воқеа тафсилотларини аниқлаш билан овора, тарқалишга шошилмасди. Ёмон иш бўлди-да!..
Ва бирдан у Мари-Кристинни таниб қолди. Қиз ҳечам ўзгармаганди. Ёшлигида қандай бўлса, ўшандай. У асфальтдаги оқ чизиқларга ўйчан тикилиб турарди. Қаттиқ ҳаяжонда экани сезиларди. Фридерик унга яқинлашди. Қиз уни дарров таниди ва пешвоз отилди.
– Фридерик! Ана сюрприз!
Қизнинг мовий кўзларида шодлик учқунлади. Фридерик бу учқунларни ҳамон эсдан чиқармаганди!
– Нима бўлганини кўрдингми? Бир йигит юк машинаси тагида қолиб кетибди. Бечора мушукчадек янчилибди!
Мушукча… “Мушукчам!” Бир пайтлар қиз уни тез-тез ана шундай эркаларди. Фридерик жилмайди.
Мари-Кристин уни шодон қучиб, тортқилай бошлади.
– Қаерга кетаётувдинг?
– Уйга.
– Шошяпсанми?
– Йўқ… энди шошмаяпман.
– Ажойиб! Ойинг уришмайдими?
Иккови ҳам бир нарсани эслаб кулиб юборишди.
– Ҳақ рост, – деди у, – ундан худди оловдан қўрққандек қўрқардим.
– Энди ҳеч нимадан қўрқмасанг ҳам бўлади.
– Албатта, энди қўрқадиган нарсам қолмади.
Қиз унинг қўлидан тутиб, шодон қийқирганча эргаштириб кетди.
– Юр, қаҳва ичамиз, гаплашамиз…
Фридерик ҳамёни йўқлигини сезиб қолди, афти буришди.
– Нима, умуман пулинг йўқми?
У бош ирғади:
– Ишларим чатоқ!
– Худди анави машина тагида қолган йигитникидекми?
– Худди ўшандек.
Ғалати бўлди-ку!
Ғаройиб учрашувдан иккисининг ҳам кўнгли тоғдек кўтарилиб, қия кўчалардан шаҳар жойлашган тепаликнинг этагига тушишди. Қиз дўкон олдида тўхтаб, ранг-баранг арча ўйинчоқларини томоша қила бошлади. Пешойнанинг ичкарисида зарҳал ромга солинган қадимги тошойна турарди, унда икковининг гулгун чеҳраси аксланди. Фридерик ўзини таниёлмай қолди ва ҳатто юзларини пайпаслаб ҳам кўрди – ростдан ҳам ўзими бу?
Ажинлари ёзилган ва юзи худди ёш боланикидек нафису юмшоқ бўлиб қолганди – худди орадан ўттиз йил сира ўтмагандек!
Аммо бу ўзгариш энди уни ажаблантирмасди. Ёшлик қайтди, бу ёғига ҳаммаси бошқача бўлади: ўтмиш энди йўқ, бугун эса абадий.
Ва бу мўъжиза буткул табиий.
Улар ҳар бир пешойна қаршисида тўхтай-тўхтай илгарилашди – ўзларининг соҳир аҳволларидан лаззатланиб тўймасдилар. Катта қаҳвахонага кўзлари тушди, ичкари кириб айвонга ўтиришди. Хизматчи уларнинг столига яқинлашишини сабр билан узоқ кутишди.
Официант индамай столни арта бошлади, худди уларни пайқамагандек. Фридерик ва Мари-Кристин унга сўз қотишди – эшитмади. Бироқ бу ҳол дилбар учрашув тароватига зарра соя солмади.
– Ўзингдан гапир, нималар билан машғулсан? – сўради Мари-Кристин.
Йигит ҳаёти ҳақида мухтасар сўзлаб берди. Ўтмиш хотиралари кутилмаганда ёдидан ўчиб борарди… Энди буларнинг бари Фридерик учун пуч, арзимас ва омонат туйиларди. У фақат ўн йил аввал оламдан ўтган Мари-Кристиннинг қўлларидан ушлаб турганига ва ўзининг бир соат олдин бошқа бир оламга ўтганига ишонарди холос. Иккови реаллик билан у дунёни ажратиб турадиган ўша сирли ҳадни босиб ўтгандилар; мана шунинг учун ҳам атрофдагилар уларни пайқамай қўйишганди. Бошқалар учун кўринмас бўлиб қолганларини тушундилар ва бир аёл билан эркакнинг “Ана бўш жой!” – дея уларнинг столи томон юрганини кўриб бунга ишонч ҳосил қилдилар.
Фридерик ва Мари-Кристин ўринларидан туриб, қаҳвахонани тарк этишди. Сайр давом этарди. Қиз яна гап очди:
– Сени кутгандим. Ўлганимдан кейин нималар қилдим, қаерларда бўлдим – билмайман. Аммо ўша шўрлик йигитнинг жасади атрофига тўпланган томошабинлар орасида пайдо бўлишим билан ҳозир сени учратишимни ҳис қилдим. Қизил юк машинаси кўринганда англадимки, бу – қисмат…
У бир зум ўйга чўмиб жим қолди, кейин бирданига қичқириб юборди:
– Фридерик, ўша сенмидинг?
Қиз унинг юзларини оҳиста, журъатсизгина силади, гўёки йигитга нимадир хавф солаётгандек. Жони оғримаяптимикан деб хавотирланди. Минглаб ширин сўзларни шивирлаб эркалади.
Ёнларида ҳамма нарсага бепарво одамлар ўтишарди. Атрофда оломон гувилларди – халойиқ ишдан чиқиб уйига шошарди, улар эса қучоқлашиб бир жойда қотиб тураверишди. Буларнинг бари гўзал, ақл бовар қилмас даражада ажойиб ва нима десангиз денг-у, ҳақиқий эди.
Ошиқлар бошлари оққан томонга юриб ўтмишни хотирларканлар, бахтиёр ва ўзларидан бошқа ҳамма нарсадан озод-ҳур эдилар, фавқулодда бир енгиллик оғушида кетиб борардилар.
Кўчалар бора-бора қиёфасини ўзгартирди. Биноларнинг қатъий меъморий шакллари юмшади, аниқ чизиқлар хиралашди, чаплашди. Туманга ўранган уйлар бора-бора йўқолди. Иккиси чарх уриб, чирпирак айланиб, бир-бирларига товушсиз урила-урила умуман ғойиб бўлдилар.
Шаҳар йўқолди, чексиз текислик пайдо бўлди. Дарахтлар уларнинг кўз ўнгида рўёга дўнди, енгил сабо таъсирида тўкилиб қумтепага айланди. Оёқ остидаги замин матодек ҳилпираб қолди. “Дунё бўйлаб 80 кун” спектаклида тўлқинларни шу тарзда кўрсатишганди. Спектаклни улар ёшликда бирга томоша қилишганди. Бу хотира қалбларини меҳр ва бахтга тўлдирди. Шамол қаттиқроқ эса бошлади. Тўкилган япроқлару қуруқ ўт-ўланни учириб кетди.
Энди фақат икковигагина тегишли борлиқда нимадир содир бўладигандек эди. Қуёш уфққа яқинлашди, унга номигагина тегиши билан мусаффо осмонда гўё минглаб янги қуёшлар чарақлаб кетгандек бўлди.
Оламнинг гўзаллиги уларга хотиржамлик ва ҳузур бағишлади. Боладек қувонган ошиқлар қўл ушлашиб ял-ял ёниб турган уфқ томон чопиб кетишди. Ўз енгиллигидан руҳланганча иккиси жуда тез чопиб боришарди, бамисли оёқлари остидан замин сирғалиб ўтиб бораётгандек эди.
Енгиллашиб бора-бора ахийри бутунлай вазнсиз бўлиб қолишди. Кулишар, қўлларини силкитишар, бахт ва шамол қанотида хушнуд парвоз қилишарди.
– Биз яшаймиз! – қичқирди Фридерик.
– Биз ҳаётмиз! – қийқирди Мари-Кристин.
Зум ўтмай иккиси ҳавога тез кўтарилиб, худди Шагал асарларидаги ошиқлар каби уча бошлашди ва минглаб қуёшлар томон учиб кетишди.
Рус тилидан Шаҳноза Соатова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 1-сон