Қабристонга олиб борадиган йўл шундоққина катта йўл ёқасидан ўтганди. Йўлнинг нариги бетидан тураржойлар бошланар, янги қурилишлар давом этар, уларнинг айримларида одамлар ишлашарди. Шундан сўнггина далалар бошланар эди. Ярмигагина тош ётқизилган катта йўл ёқасида буралиб-буралиб кетган, сершох, сербутоқ азим қора қайинлар ўсиб ётарди. Қабристонга олиб борадиган йўл устига енгилгина шағал тўшалган, эмин-эркин юрса бўлади. Ўртада эса усти майса ва дала чечаклари билан қопланган, торгина қабристон чўзилиб кетган эди.
Баҳор эди, ёз ҳам яқинлашиб қолган. Олам чароғон, Эгам яратган мовий осмон узра кичик-кичик, айлана шаклидаги қордек оппоқ булутчалар тўдаси осилиб тургандек гўё. Дарахтларда қушлар чуғурлайди, далалар тарафдан майин шабада эсади.
Катта йўлда қишлоқ томондан шаҳарга қараб арава кетиб борар, ғилдираклари дам йўлнинг тош ётқизилган, дам тош ётқизилмаган қисмларини босиб ўтарди. Аравакаш оёқларини арава шотисининг икки тарафига осилтирган кўйи, билинар-билинмас минғирлаб борарди. Унинг ортида мук тушиб олганича йўлга термилиб келаётган сариқ кучукчаям бор эди. Кучукчага гап йўқ, тиллога тенг, унга қараган одамнинг кўнгли ёришарди. Бироқ ҳозир гап бу ҳақда эмас, шунинг учун яна мавзуга қайтамиз. Йўлдан бир гуруҳ аскарлар ўтиб боришарди. Улар яқин орадаги казармадан бўлиб, баравар қадам ташлашар, барининг димоғи чоғ, ашула айтиб боришарди. Шаҳардан қишлоққа қараб келаётган яна бир арава эгаси мудраб борар, бироқ унинг кучукчаси йўқ эди, шунинг учун у ҳақда тўхталиб ўтиришнинг ҳам қизиғи йўқ, деб ўйлайман. Йўл бўйлаб бири новча бўйли, бирининг бели букчайганроқ икки ҳунарманд йигит ҳам келишарди. Улар ялангоёқ, этикларини елкаларига осволишган. Йигитлар мудроқ аравакашга ҳазилнамо бир нималар деб қичқириб, йўлларида давом этишди. Катта йўлда ҳаракат шу зайлда ҳеч бир қийинчиликсиз давом этарди.
Қабристон йўлида эса фақат бир одам кетиб борарди. Қадди дол, қора ҳассага суянган кўйи секин қадам ташлайди. Бу одамни Пийпзам, Лобгот Пийпзам деб чақиришарди. У ўзи учун суюкли инсонларнинг мозорини зиёрат этишга бораётганиданми, қора кийинган, бошида эзилган, ғадир-будур цилиндр қалпоқ, эгнида оҳори тўкилган камзул, тор ва калта шим кийиб олган эди. Қўлидаги майин теридан тикилган қўлқоп, дуч келган жойда ишлатилаверганиданми, оқариб кетган. Унинг узун, қуруқшаган бўйни қайтарма ёқадан чўзилиб чиқиб турар, ёқа ҳам бўйинга мос, қўпол ва дағал эди. У қабристонга яна қанча қолганини билиш учунми, аҳён-аҳёнда бошини кўтариб қараб қараб қўяр, шунда ғамнок, афтодаҳол юз-кўзига назари тушган одам уни хотирасида узоқ сақлаб қоларди. Бу кимсанинг соқоли силлиқ тарашланган, юзи докадек оппоқ эди. Ичига ботган оқсуяк ёноқлари ўртасидан қип-қизил, тугунакдек бурни диккайиб турар, оппоқ, сўлғин чеҳрасига аллақандай ғалати манзара бағишлар, гўёки уни карнавал ниқобига ўхшатиш мумкин эди. Лекин буни қўятурайлик… Қалин пастки лабини маҳкам тишлаган кўйи юқорига қараган маҳалда оқ оралаган қора қошлари қалпоғига теккудек кўтарилар, шунда унинг мунгли кўзлари нақадар сўник ва ғам-ғуссага ботганини кўриш мумкин эди. Қисқаси, унинг юз-кўз ифодаси шундай эдики, хайрихоҳлик билдирмасликнинг иложи йўқ эди. Лобгот Пийпзам дилгир қиёфада қабристон томон аста одимлаб борар, бу эса ушбу ажойиб чошгоҳга унчалик ўтиришмасди. Лекин унинг ботиний дунёсига бирров разм солган одам, бунинг сабаблари бисёр эканига амин бўлиши турган гап эди. У анчайин сиқилган эди, тушунгандирсиз? Сизларга ўхшаган қувноқ одамлар буни тушунтириши амримаҳол… бироз бахтсиз, омадсиз деймизми… агар ростини айтадиган бўлсам, оз-моз эмас, анчагина, ҳеч бир муболағасиз унинг ишлари юришмай қолган, ўта қашшоқлик, йўқсиллик жонидан ўтиб кетганди. Биринчидан, у ичарди. Қолаверса, бу бева, етим кимсадан бутун олам юз ўгирган, уни суяйдиган бир яқини йўқ эди бу ёруғ дунёда. Асал сурилган ширин кулчадеккина хотинини ҳам Худо унга кўп кўрди. Ярим йил бурун кўзи ёриганида учинчи фарзанд ўлик туғилди. Қолган икки боласи ҳам ўлиб кетди, биринчиси бўғма касалдан, иккинчиси эса, аниқ бир нарса дейиш қийин, етишмовчиликдан ўлган бўлса керак, ҳойнаҳой. Бу ҳам етмагандек, тез орада иш жойидан ҳам маҳрум бўлди. Бу Пийпзамдан ҳам кучлироқ бўлган эҳтирос билан боғлиқ эди.
У аввалига бироз қаршилик кўрсатиб борган бўлса-да, бироқ бора-бора, ўз кўнглининг қулига айланди. Хотин, бола-чақасиз, бошпана ва тиргаксиз, яқин кишиларисиз ер юзида шумшайиб якка-ёлғиз қолгач, борган сари йўқсиллик, иллат, дард ундан устун келиб, руҳий қаршилигини синдира бошлаган. У суғурта ширкатида нусха кўчирувчи бўлиб ишлар ва ойига тўқсон марка маош оларди. Иттифоқо, кунларнинг бирида ғайришуурий ҳолатда хатога йўл қўяди ва такрорий огоҳлантиришлардан сўнг, ишончни йўқотганликда айбланиб, ишдан бўшатилади. Албатта, бу воқеа унинг ҳалокат сари юзтубан кетишига бевосита сабаб бўлмаганлиги аниқ. Сизлар яхши билсангиз керак, инсон бошига тушган бахтсизлик, омадсизлик унинг қадр-қимматини ҳам оёқости қилади. Ҳар ҳолда бу гапларни ҳам эшитиб, билиб қўйган яхши. Бунинг яна бир ғалати ва даҳшатли томони шундаки, инсоннинг ўзини ўзи айбсизлигига ишонтиришга бўлган уринишлари бесамар кетади. Кўп ҳолларда у бахтсизлиги учун ўз-ўзидан нафратлана бошлайди. Ўзидан нафратланиш ва дард икки ёрти бир бутун бўлиб, бир-бири билан ўзаро алоқага киришдими, бу – даҳшат. Пийпзам билан ҳам худди шундай бўлган, чамамда. У дастлаб ичаверди, ўзига қарамай қўйди. Бора-бора ўзини унута бошлади, чунки барча эзгу ниятларининг доимий равишда саробга айланиб, чиппакка чиқавериши унинг ўз-ўзига бўлган ишончини сўндириб борарди. Уйида, кийимжавон олдида бир замонлар сарғимтир суюқлик солинган шиша тургувчи эди. У шундай бир зарарли ичимлик эдики, эҳтиёт юзасидан унинг номини ҳам тилга олиб ўтирмаймиз. Лобгот Пийпзам эса, жавон олдида керак бўлса, ётиб оларди. Бундан-ку, аллақачонлар оғзи куйган эди. Бироқ ўрганган кўнгил ўртанса қўймас… Бу гапларни сизларга айтиб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ эди, лекин шундай бўлса-да, кимгадир қачондир сабоқ бўлса ҳам ажабмас.
Хуллас, у қўлида қора асо тутганича, қабристон йўлидан аста борарди. Майин шабада димоғига урилар, бироқ у буни сезмас эди. Бечора, қошлари диккайган, бу ёруғ оламга маъюс ва маҳзун, фақирона нигоҳ билан боқарди. Шу пайт, тўсатдан қулоғига нимадир эшитилгандек бўлди. Олисдан енгил сас шитоб билан яқинлашиб келарди. У ортига ўгирилиб, жойида туриб қолди… Велосипед экан. Тез елаётганидан ғилдираклари шағал тўшалган ерда шитирлаб келарди. Пийпзам йўлнинг ўртасида қоққан қозиқдек турганиданми, яқин келиб, секинлади.
Велосипедда ёшгина йигитча ўтирар, унинг беғам сайёҳлардан фарқи йўқ эди ҳисоб. Эҳ, Худойим-ей, уни бу дунёнинг улуғлари-ю казо-казолари қаторига қўшиб бўлмас, бунга унинг ўзи ҳам сира даъвогарлик қилмаётганди! Улови ҳам ўртамиёна, нархи икки юз марка, қайси бир фабрикадан чиққан, ўзига ярашибгина турарди. Шаҳардан шундоққина миниб чиқиб келаётган жойи экан, бола фақирнинг. Эгнида гулли кўйлак, устидан кулранг куртка кийволган, оёғида спортча бошмоқ, бошида эса чапани қалпоқ, унинг остидан бир тутам оқ-сариқ соч манглайига тушиб турарди. Тўқ мовий кўзлари чақнаб, ҳаётдек жўшарди. Қўнғироқ овози янгради. Бунга жавобан Пийпзам турган жойидан ярим қарич ҳам жилмай, ҳаётни киприк қоқмай кузата бошлади.
Йигитча унга зарда билан бир қараб қўйди-да, ёнидан ўтиб кетди. Шунда Пийпзам ҳам олдинга қараб юкинди ва Ҳаётга яқинлашиб, секингина пўнғиллади:
– Рақами тўққиз минг етти юз етти.
У лабларини қимтиб олдинга тикиларкан, Ҳаётнинг ўзига ҳайрон бўлиб қараб турганини сезди. Ўсмир ортига ўгирилиб, эгарнинг қошини бир қўли билан тутиб турарди.
– Нима дедингиз?
– Рақами тўққиз минг етти юз етти, – такрорлади Пийпзам. – О, ҳеч нима. Сиз ҳақингизда тегишли жойга хабар беришимга тўғри келади.
– Сиз… мен ҳақимда хабар берасиз? – сўради Ҳаёт ва яна қайта бурилиб олди-да, рулни секин бошқара бошлади.
– Албатта, – деди Пийпзам ундан беш-олти қадам ортда келаркан.
– Нима учун? – Ҳаёт тўхтаб, уловидан тушди. Унинг юз ифодасида кутиш аломати зуҳур эди.
– Сабабини ўзингиз жуда яхши биласиз.
– Йўқ, билмайман.
– Сиз сабабини билишингиз керак.
– Лекин мен билмайман, – деди Ҳаёт, – ва бу мени мутлақо қизиқтирмайди.
У шундай деб, велосипедига минишга шайланди.
– Сиз ҳақингизда тегишли жойга хабар бераман, чунки велосипедингизни ташқарида – катта йўлда ҳайдаш ўрнига, бу ерда – қабристон йўлида миниб юрибсиз, – деди Пийпзам.
– Жаноб! – деди Ҳаёт ғазабнок кулимсиб. – Бу ердаги сон-саноқсиз велосипед изларини кўриб турибсиз-ку… Бу йўлдан ҳар ким юриши мумкин.
– Менга барибир, – эътироз билдирди Пийпзам. – Мен сиз ҳақингизда тегишли жойга етказаман.
– Эй, менга деса, кўнглингизга сиққанини қилинг! – ўшқирди Ҳаёт ва уловига ўтирди. Мўлжалдан сал адашиб, оёғи бирров ерга тегиб кетганидан уялиб ҳам ўтирмади. Эгарга жойлашиб олди-да, қизиққон бир ҳолатда олға интилди.
– Агар яна бу ердан – қабристон йўлидан юрадиган бўлсангиз, мен сиз ҳақингизда, албатта, тегишли жойга хабар бераман, – Пийпзам энди баланд овозда гапира бошлади. Бироқ бу гапларга Ҳаёт парво ҳам қилмади, чунки у тезликни ошира бошлаганди. Шу пайтда агар Лобгот Пийпзамнинг афти-ангорини кўрганингизда борми, даҳшатдан қотиб қолардингиз. Лаблари шу қадар қаттиқ қимтилгандики, юз-кўзлари, бурун ва қошлари худди жойидан қўзғалиб кетгандек эди гўё… Кутилмаганда у олдинга юкинди. Ақл бовар қилмайдиган ғайриинсоний талваса билан орадаги қисқа масофани босиб ўтди-да, эгар халтачасига тармашди. Буни ташқаридан кўрган киши, ё бу одам аччиқ устида велосипедни тўхтатмоқчи ёхуд ўзини шатакка олдириб, очиқ ҳавода бироз сайр қилмоқчи, шекилли, деган бўлмағур хаёлга бориши турган гап эди… Бироқ ғилдираклар ушбу фавқулодда кучга бас келолмай, тўхтади. Велосипед бир томонга оғиб, ёнбошлаб қолди.
Энди Ҳаёт ҳам қўполлашди. У бир оёғида турганича, ўнг қўлини ҳавода ўйнатди-да, жаноб Пийпзамнинг кўксига бир туширди. Бечора зарбанинг кучидан бир неча одим нарига гандираклаб кетди. Ҳаётнинг овози энди дўқ оҳангида янгради:
– Ичиб олибсиз-да, ошна! Билиб қўйинг, агар яна шу номаъқулчиликни қилиб, мени тўхтатадиган бўлсангиз, ўзингиздан кўринг, кулингизни кўкка совураман. Суякларингизни майда-майда қилиб ташлайман, тушунарлими?
У шундай деб, Пийпзамга орқа ўгирди-да, қалпоғини дарғазаб бир ҳаракат билан бошига бостирди. Велосипедга минишга тутинди. Бироқ аввалгидек, бу гал ҳам мўлжалдан адашди. Ниҳоят, у эгарга яхшилаб ўтириб олди-да, жойидан йўртиб, зум ўтмай Пийпзамдан анча узоқлашиб кетди.
Пийпзам ҳарсиллаб, оғир нафас олганча Ҳаёт ортидан тек қараб турарди. Ҳаёт эса ғизиллаб, йўлида равон елиб борарди. Шунда Пийпзам тўсатдан бақириб, сўкина бошлади. Унинг овози қандайдир ғалати, ғайриинсоний эди.
– Бу йўлдан юрманг деяпман! – ўшқирарди у. – Тўхтанг дедим! Ҳов ташқаридан юринг, қабристон йўлидан эмас, эшитяпсизми, тушинг, ҳозироқ тушинг велосипеддан! Устингиздан арз қиламан! Эҳ, Худойим, қани энди пастга тушганингда эди, аблаҳ, сен лаънати баччани этигим билан афти-башарангга қараб тепган бўлардим…
Бунақаси илгари сира бўлмаган. Қабристон йўлида бир одам турволиб, бўралаб сўкинар, дам турган жойида сакрар, дам ўйинга тушар, дам жиннига ўхшаб, масхарабозлик қиларди. У ҳунарини ҳадеганда бас қилавермади. Велосипед аллақачон кўздан ғойиб бўлган, Пийпзам эса, ҳамон жойида депсиниб турарди.
– Тўхтатинглар! Тўхтатинглар уни! У қабристон йўлида юрибди! Ушланглар бу лаънати бебошни! Эҳ аттанг… қўлимга тушганингдами, сен бефаросат итни, сен бетайин тентакни, сен ўқимаган нодонни, сен олифта сатангни… терингни боплаб шилиб олган бўлардим… Туш! Ҳозироқ туш дедим! У ярамаснинг ақлини киргизиб қўядиган борми-йўқми?.. Сайр қилиб юрганмиш-а? Келиб-келиб, қабристон йўлида-я? Вой муттаҳам-ей! Вой бефаросат-эй! Лаънати маймунча-ей! Кўзлари тўқ кўк эди, шундайми? Яна нимайди? Кўзларингни шайтонгина ўйиб олса бўлмасмиди сен ўқимаган нодоннинг!..
Пийпзам энди куракда турмайдиган сўзлар билан сўкинишга ўтди. У ғазабдан кўкариб кетган, борган сайин қутурарди… Унинг овозини эшитиб, саватча кўтариб олган ва ит етаклаган бир нечта болалар катта йўлдан ўтиб келишди. Улар ўз ҳавонига бақир-чақир қилаётган киши атрофида уймалашиб, унинг ғазабдан бужмайган афти-ангорига қизиқсиниб қарай бошладилар. Йўлнинг нариги тарафида – қурилишда ишлаётган, эндигина тушликка чиққан ишчилар, ғишт терувчи аёллар ҳам етиб келишди. Пийпзам ғазабдан ўзини қўярга жой тополмас, аҳволи тобора ёмонлашиб борарди. У муштларини дам осмонга, дам тўрт тарафга дўлайтиб силкитар, тиззаларини букар, оёқларини дам олдинга, дам юқорига қаратиб силтар, шунинг баробарида сўкинишдан ҳам бир зум тўхтамас, шунча сўз ва иборалар унга қаёқданам қуйилиб келаётганига ақл бовар қилмасди. Унинг қиёфаси қўрқинчли тус олган, цилиндр қалпоғи гарданига тушиб, кўйлагининг танғилган кўкрак қисми нимчасидан чиқиб, осилиб турарди.
– Келақолинглар, ҳаммаларинг келаверинглар! – овозининг борича бўкирарди у. – Фақат сизлар эмас, бошқалар ҳам – қалпоқ кийган тўқ кўк кўзлилар ҳам келсин! Мен сизларга бор ҳақиқатни айтмоқчиман, яъниким сиз – бетайин муттаҳамлар бир умр Худодан қўрқиб яшашларинг лозим!.. Нима, тишларингнинг оқини кўрсатаяпсизларми? Елка қисаяпсизларми?.. Мен ичаман – тўғри… ичаман! Ҳатто тўйиб ичаман, керак бўлса! Бу нима дегани? Ўлмасак ҳали кўрамиз! Сен, қаланғи-қасанғилар, шошмай туринглар, ҳали шундай кун келадики, ҳар биримиз билан Яратганнинг ўзи ҳисоб-китоб қилади… Эҳ, сиз – беайб ярамаслар, билсангиз эди, осмону фалакка чиқиб… Унинг одиллиги олдида бу дунё нима бўпти!.. Яратганнинг ўзи сизларни, авлод-аждодингизни дўзах азобига маҳкум этгусидир…
Унинг атрофида энди анча одам тўпланган, бири кулар, бошқа бировининг эса, энсаси қотарди. Қурилишда ишлаётган ишчилар ва ғишт терувчи аёллар ҳам кўпчилик эди. Йўл бўйида тўхтаган бир извошчи ҳам қўлида қамчи билан тушиб келди. Яна бир одам келиб, Пийпзамнинг қўлларини силтаб кўрди, кор қилмади. Йўлдан ўтиб бораётган бир гуруҳ аскарлар бу тарафга бўйинларини чўзиб, кулиб қараб қўйишди. Болалар билан келган ит ҳам унга яқинлашиб, олд панжасини ерга тираб, думини қисганича, вовиллади. Шунда тўсатдан Лобгот Пийпзам бор кучи билан бақириб юборди:
– Пастга туш, ҳозироқ туш дейман, ўқимаган нодон!
Шундай деб, бир қўли билан кенг ярим доира чизганича, “гуп” этиб ерга қулади. У тилдан қолган, ерда бир уюм бўлиб ётар, эзилган цилиндр қалпоғи сал нарига учиб тушганди. Иккита ғишт терувчи уста қимирламай қолган Пийпзам устига энгашиб, бир-бири билан нималарнидир гаплашишди. Сўнг улардан бири зудлик билан қаёққадир отланди. Қолганлар эса яна ерда беҳуш ётган одам билан машғул бўлишди. Кимдир бочкадан сув олиб, юзига сепди, яна кимдир кафтига шишадаги ароқдан томизиб, унинг икки чаккасини ишқалай бошлади. Бироқ бу саъй-ҳаракатлардан бирор наф бўлмади.
Шу тариқа орадан ҳаял вақт ўтди. Ниҳоят, йўл тарафдан ғилдираклар товуши эшитилди. Катта йўл ёқасига иккита чиройли от қўшилган, икки ёнбошига катта қизил хоч сурати ишланган санитар арава келиб тўхтади. Ундан бежирим либос кийган икки киши сакраб тушди-да, бири арава ортига ўтиб, сурма каравотни олишга тутинди, шериги эса, қабристон йўлига ҳатлади, тўпланиб турган оломон орасини ёриб ўтиб, бир киши ёрдамида жаноб Пийпзамни аравага олиб чиқди. Уни каравотга ётқизишди, печга солинган нондек ичкарига жойлаштирилгач, устидан шарақ-шуруқ эшик ёпилди. Бу юмушларнинг бари ғоят аниқлик билан, гўёки томошахонадагидек, бир зумда адо этилди.
Шундан сўнг улар Лобгот Пийпзамни аравада олиб кетишди.
Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 6-сон