Саид Аҳмад. “Вақт“нинг туғилиши (1969)

(Бир шеър тарихи)

Бутун илҳомини, талантини, билиму билағонлигини халқига, халқининг орзу-умидларига бағиш­ламаган ёзувчи чинакам халқ ёзувчиси бўлолмайди.
Ажойиб сўз санъаткорлари қолдирган мерос – бадиий адабиёт хазинасига кўз ташласак, бутун умрини халқ манфаатлари йўлида сарфлаган катта талантларни кўрамиз.
Ғафур Ғулом ана шундай беназир санъаткор эди. У бирон дақиқа халқидан четда, халқининг ниятларидан узилиб қолмади.
Мен мана шу ҳамиша фахр-ғурур билан тилга олинадиган зукко санъаткор билан ўттиз йилдан ортиқ ёнма-ён бўлганимдан ҳамиша фахрланиб юраман.
Ғафур Ғулом менинг кўзим олдида жуда кўп шеърлар ёзган. Фақат ўзбек адабиётидагина эмас, Умумиттифоқ адабиётида ҳам фахрли ўрин олган етук шеърлар ёзилаётганда бирга эдим.
Адабиётимиз тарихини яратишда ҳар биримиз, улуғ воқеалар гувоҳи бўлган кишиларни, қайтариб бўлмас дақиқаларни қоғозга тушириб қолдиришимиз керак.
(Бу ўринда ўзбек романчилигини бошлаб берган Абдулла Қодирий романлари қай тариқа яратилгани ҳақида адибнинг ўғли Ҳабибулла Қодирий мақолалари жуда яхши иш бўлганлигини эслатиб ўтмоқчиман).
Биз ёш ёзувчилар Ғафур Ғуломдан, Ойбекдан, Абдулла Қаҳҳордан, Шайхзодадан таълим олганмиз. Улар билан бирга сафарларда бўлганмиз, уларнинг ижодхоналарига кирганмиз. Суҳбатларида қатнашганмиз.
Демак, биз шу муҳтарам адибу шоирларимизнинг хотираси олдида қарздормиз. Уларнинг ижод жараёнларини, хусусиятларини ёзишимиз, халқ оғзига тушиб кетган қўшиқлари, ҳар бир хонадоннинг мулки бўлиб қолган китоб­лари қай тариқа яратилганлигини тарихда қолдиришимиз керак.
Мен Ғафур ака билан узоқ йиллар ота-боладек бирга бўлганим, беқиёс гўзал, сермаъно шеърларининг ёзилишида ёнида юрганим учун ҳам бу зукко шоирнинг ижод жараёнини яхши биламан.
Маълумки, ҳар қандай ўткир шоирнинг ҳам ҳамма ёзган яхши, аъло шеърлари орасида унинг бутун ижодий кучини, санъаткорлик чўққисини белгилаб берадиган бир неча шеърлари бўлади.


Мен Ғафур Ғуломнинг ана шундай шеърларидан “Турксиб йўлларида“, “Соғиниш“, “Сен етим эмассан“, “Вақт“, “Қозоқ элининг тўйи“ ва “Алишер“ деган шеърларини биламан.
Бу шеърлар ҳақида вақти-соати билан гаплашамиз. Ҳозир мен жуда машҳур бўлиб кетган “Вақт“ шеърининг ёзилишини айтиб бермоқчиман.
Уруш тугаган йилнинг куз ойлари эди. 1945 йилнинг ўн саккизинчи сентябри бўлса керак. Ўша пайтларда мен “Қизил Ўзбекистон“ (ҳозирги “Ўзбекистон овози“) газетасида фельетончи эдим. Ўша куни эрталаб ишга келишим билан муҳаррир чақирди. У менга Ғафур акадан бир шеър ундиришимни тайинлади.
– Ғафур ака билан гаплашдим, илҳом париси келса, ёзаман, деяп­тилар.
Ғафур ака мени “илҳом париси“ деб атарди. Чунки мен таҳририят топшириғи билан у кишидан кўп шеърлар ундирганман. Икковимиз ҳам тез тил топишиб кетардик. Бошқа одам борса, гап гапга қовушмай, шеър унмай қоларди. Шунинг учун ҳам шеър зарур бўлганда мени юборишарди. Дарров Ғафур аканинг уйларига телефон қилдим.
– Хабарим бор, – деди Ғафур ака. – Пешиндан кейин кел. Кечгача мен билан валақлашиб юрсанг, шеър бўлади, бўлмаса йўқ.
Мен рози бўлдим. Тайинланган вақтда бордим. Домла уйда йўқ эканлар. Хоналарига кириб бирон нима ўқимоқчи бўлдим. Стол устидаги бир тахта қоғозга менинг суратимни чизиб икки елкамдан кемтик қанот чиқариб қўйиптилар. Тагида шундай ёзув бор: “Илҳом париси, мен дорихонага чиқиб кетдим. Келгунимча учиб кетмагин деб қанотларингни қирқиб қўйдим. Ғафур аканг“.
Шуни ҳам айтиб қўяйки, Ғафур ака унча-мунча ўртоқлик ҳазили суратларини чизиб турардилар. Айниқса Шайхзода, Туроб Тўла, Темур Фаттоҳ, Маннон Уйғур, ке­йин ўзларининг суратларини жуда кулгили қилиб чизардилар. Менинг суратимни бўлса кўз юмиб чизардилар.
Домла ўша куни мени кечгача овора қилдилар. Феълларини билганимдан халақит бермадим. Кеч бўлди. Қоронғи тушди. Домланинг шеър ёзиб бериш нияти йўққа ўхшарди.
– Менга қара, – дедилар. – Ке, шу ишни эртага қолдирайлик.
Мен кўнмадим. Эртага эрталаб шеърсиз таҳририятга борсам, муҳаррир хафа қилишини айтдим.
– Азонда ёзамиз. Бўптими? Ғафур Ғуломнинг гапи битта бўлади. Тамом. Яхши шеър ёзаман, деган шоир кечқурун палов еб ётиши керак. Ҳозир икковимиз ош қиламиз.
Кўнмай иложим йўқ эди. Ошдан кейин то ярим кечагача Бедил ўқиб маъносини тушунтириб берар, афанди айтиб куларди. Билиб турибман, домла шеър ёзиш олдидан руҳини енгиллатмоқчи, ўзига яхши кайфият яратмоқчи. Ётиш олдидан билагидаги соатни ечиб, кўзойнак тақиб қаради.
– Бўлди, – деди домла, қайта ўрнидан туриб. – Шеър тайёр. Комил Алиев шундай деган эди: “Сарлавҳаси билан тагига ёзиладиган ўз номинг нақд бўлса, асаринг битди деявер“. Шеърнинг номи билан тагидаги “Ғафур Ғулом“ битди.
У кишига савол назари билан қарадим.
– Жияним Ҳамидулла ўтган куни шу соатни совға қилган эди. Шу соатга бағишлаб шеър ёзаман.
Бошқатдан кийиниб ўтириб олдик. Мен пастга тушиб чой дамлаб чиқдим. Столга чойнакни қўя туриб қарасам, шеърнинг икки сатри ёзилиб қопти.
Ғунча очилгунча ўтган фурсатни
Капалак умрига қиёс этгулик.
Хаёлини бузмаслик учун чой қуйиб стол қирғоғига қўйдим. Қараб турибман, Ғафур ака ўйлаяпти. Кўзи гоҳ шифтга тикилар, гоҳ қошлари чимирилиб худди уришмоқчи бўлгандек менга ёмон қараб қоларди. Биламан, бунақа пайтда Ғафур ака қарагани билан мени кўрмайди. Хаёлида яратаётган нарсасинигина кўради. Ручкани сиёҳдонга зарда билан ботирди-ю, ёза кетди:
Гоҳида бир муддат олгулик нафас…
Бу сатрни шошиб ўчирди-ю, бошқатдан ёзди:
Баъзида бир нафас олгулик муддат
Минг юлдуз сўниши учун етгулик.
Шундан кейин ўчиб қолган папиросни сўрди. Гугурт чақиб қайта ўт олдирди-да, менга қаради.
– Қалай? Мана буни Ғафуровский шеър дейилади.
Ғафур аканинг бутун хусусиятларини яхши билиб олган эдим. Шунақа пайтда мақтаб қўйсанг, руҳи кўтарилиб кетади-ю ажиб бир ғайрат билан ишга тушади.
– Э, қойил қивордингиз, Ғуломуп ака.
– Жим тур, аралашма. Келиб қолди.
Яна ручкани олиб бир оз ўйлади-ю, жуда ҳам тез ёза бошлади. Сўзлар қофияси билан, вазни билан, маъноси билан қуйилиб келарди. Ручкани тез-тез сиёҳдонга ботириб, биронта сўзни устидан ўчирмай, кетма-кет ўн икки сатрни дам олмай ёзиб бўлди. Энди дам олади деб ўйлаб нимадир демоқчи эдим, қўлини силтаб гапиртирмади. Ўрнидан туриб у ёқ-бу ёққа юрди. Яна ўтирди, яна ёзди. Бу гал иккита тўртлик ёзди. Қимирлагани қўрқаман. Ғафур аканинг ёмон одати бор эди. Бирон нарсани ўзи бузиб қўйса ҳам, аламини бошқа одамдан оларди.
Стол устидаги соат чиқиллаб турибди. Секин қарадим. Тўрт ярим. Тонг отишига ҳали анча вақт бор. Ишқилиб шеър чала қолмасин-да, деб қўрқаман. Бу ёғига чарчаб қолди шекилли, бармоқларини шақирлатиб менга қаради.
– Энди бўлар-а?
– Йўғ-е, – дедим, – Ғафур Ғулом бўлатуриб шунақа калта шеър ёзасизми? Шеър дегани газетада битта қараганда кўринадиган бўлиши керак.
– Шошма, ҳали айтадиган гап кўп.
Уй тутун бўлиб кетган эди. Деразани очиб шамоллатдик. Ўзимиз болохонадан пастга тушиб ҳовлида айланиб юрдик.
Шаҳар жимжит. Трамвайлар ҳам ётган. Ғафур ака папирос тутатиб кулди:
– Бу шоирлик ҳам ажиб ғалати ҳунар экан-да. Одам боласи борки, ҳаммаси маза қилиб ухлаяпти. Биз магазин қоровулидек кўз юммаймиз.
Домланинг ҳазилига ҳазил қилдим:
– Хўп, шеърни-ку сиз ёзасиз, эртага пулини ҳам сиз оласиз, мен нима қилиб юрибман.
– Сенми, сен… – деди бир оз ўйланиб Ғафур ака. – Сен бир вақт келиб Ғафур Ғулом қанақа қилиб шеър ёзишини мақола қилиб пул оласан. Менданам сенга маза.
Тонг ёришай деб қолди. Индамасам – шеър қолиб кетадиган. Юқорига чиқишга қистадим. Ғафур ака анча совиб қолган экан, кўнгли тилар-тиламас юқорига чиқди.
– Илҳом париси бўлгандаям жудаям хира илҳом париси экансан.
Аччиқ чойдан кейин мен яна қимирламай ўтираман. Ғафур ака ручкани қитирлатди.
Тонг ёришиб биринчи трамвай ўтганда шеърнинг охирги сатри ёзилаётган эди. Ғафур ака аллақандай маза қилиш билан тагига чизди-ю, ўрнидан турди.
– Мана ўқи.
– Ёзаётганингиздаёқ ўқиб қўйганман, – дедим.
– Бўлди, тамом!
– Йўқ, – дедим. – Тамом бўлгани йўқ. Менга қаранг, Ғафур ака. – Домлани жиндек мақтаб ишга солмоқчи бўлдим. – Навоий ҳам, Машраб ҳам, умуман, илгариги шоирлар шеърларининг охирига “кетур соқий“ деган гап қўшиб қўярдилар. Нима, Ғафур Ғуломнинг ўшалардан камлиги борми?
Ғафур ака ўйланиб турди-да, дарров ручкани олди.
– Ғафур Ғуломники бошқача бўлади. Ғафур Ғуломники Ғафуровс­кий бўлади. – У шундай деб ёзишга тушиб кетди. Бирпасда охирги тўртлик битди.
Ҳаёт шаробидан бир қултум ютай,
Косани тўлдиргин, умрзоқ соқий.
Қуёш-ку фалакда кезиб юрипти,
Умримиз боқийдир, умримиз боқий.
Шу билан тонг отар пайтда Ғафур Ғулом номини жуда узоқ элларга олиб борган шеърга нуқта қўйилди. Бу шеър улкан шоирнинг фалсафий қудратини, сўз санъат­корлигини, ҳаёт ҳодисаларини ниҳоятда чуқур билишини намойиш қилган эди.
Шуни ҳам айтиб қўяйки, бу шеърни биринчи ўқиган киши Маннон Уйғур эди.
Ўша куни шеър завқи билан Ғафур ака эрталаб ҳам жиндек мизғиб олмади. Нари-бери чой ичишиб кўчага чиқдик. Ҳали воҳли, идоралар очилмаган. Бешёғочдан пиёда кетяпмиз. Ўқчига яқин қолганда мутахассислар уйи олдида тўхтаб, балконда папирос чекиб ўтирган Маннон Уйғурни чақирди. Оға пастга тушиши билан салом-алик қилиб ўтирмай ёнидан шеърни олди-ю, ўқиб берди.
Уйғур оға Ғафур аканинг феълини яхши биларди. Мўлжалдан ўтказиб мақтади. Унинг мақтовини эшитиб хотиржам бўлдик.
Таҳририятга шеърни топшириб тинчигач, трамвай бекатига келганимизда Ғафур ака қўлимни қаттиқ қисдилар.
– Раҳмат, ука. Агар сен хиралик қилиб туриб олмаганингда, ким билади, бу шеър ёзилармиди, йўқмиди.
Сал кунда шеър рус тилига таржима бўлиб, “Правда“да босилди.
Ғафур Ғулом номини яна бир поғона юқорига кўтарган “Вақт“ шеъри шу тариқа минг тўққиз юз қирқ бешинчи йилнинг ўн тўққизинчи сентябр тонготарида дунёга келганди.

1969 йил 5 февраль.