Томас Ҳарди. Уч мусофир (ҳикоя)

Баъзи жанубий ва жануби-ғарбий графликларга қарашли бўлган, ариқларини ўт, чўл буталари босиб кетган бўр тепаликлар, авом тилида “тизма тоғлар” ёки “яйловлар”дан иборат бўлган бу баландликлар асрлар давомида ўзгармай, ўша кенг майдонни эгаллаб ётган Англия даласининг озгина ерларини банд этганди, холос. Агар унда-бунда битта-яримта уйга кўзингиз тушса, билингки, у ҳам биронта чўпон-чўлиқники бўлиб чиқади.
Бундан эллик йил бурун худди шундай тепаликлардан бирида ўшандай бир уй бор эди, балки, ўша уй ҳозир ҳам турган бўлса, ажабмас. Графлик тасарруфидаги бу ерлар марказдан беш милгина нарида бўлса ҳам овлоққина жой эди. Шаҳарнинг яқинлиги бу ерга деярли сезилмасди. Қор, ёмғир тинимсиз ёғадиган кунлари, туманли, намгарчилик ойларида беш мил ўнқир-чўнқир йўлни босиб ўтишнинг ўзи бўлмасди. Борди-ю, бу ерларни Тимон ёки Навуходоносордек* дарвешлар ўзларига макон қилиб олсалар борми, ўзларини мутлақо танҳо сезиши аниқ эди; танҳоликнинг бир оз хўмрайган ҳаваскорлари бўлмиш шоир, файласуф, рассом ва бошқа “ўйлаганлари ҳикмату сўйлаганлари гўзаллик” бўлган шахсларга бу ерлар ҳатто кун очиқ пайтларда ҳам ёқиши даргумон эди.
Овлоқдаги бу уйлар одатда бирон-бир қадимги тупроқ деворлардан ёки тупроқ қўрғондан, бир тўда дарахтлару, ҳеч бўлмаганда бута деворларнинг қолдиқларидан пана қилиш мақсадида қуриларди. Лекин, бу уйни ҳимоя қилиш тўғрисида негадир ҳеч ким бош қотирмаганди. Шундай қилиб, бу уй бало-қазолар домига қаровсиз ташлаб қўйилган ва тобора шарти кетиб, парти қолмоқда эди. Четдаги бу уйни “Ҳайер Кроустейрс”* деб аташарди. Уйнинг бу ерга қурилишига шу яқин орадаги икки сўқмоқнинг тўғри бурчак шаклида кесишгани сабаб бўлганди, ҳозир ўша бурчак ва у жойлашган ерга ҳадемай беш юз йил бўлади. Тўғри, бу ерларда бир шамол турса, жуда қаттиқ эсарди, бир ёмғир ёғса челаклаб қуярди, лекин, қишининг ўзгарувчан ҳавоси, пастда яшовчиларнинг айтишларига қараганда, унчалик ҳам ваҳимали бўлмасди. Захи жарнинг захидек жон-жонингдан ўтиб кетмасди, совуқларини ҳам унчалик деб бўлмасди. Уйни ижарага олганлар чўпон оиласи бундай шароитда касалдан боши чиқмаса керак деб ўйлаб, ҳамдардлик билдиришганларида, улар, умуман олганда, аввалги, қўшни водийнинг дарёси соҳилидаги шинамгина уйда яшаганларидан кўра, ҳарҳолда бу ерда “бўғилиб қолишу, намгарчиликдан камроқ азият” чекишларини айтар эдилар.
182… йил 28 мартга ўтар кечаси худди ўшандай ҳамдардлик билдиришга арзийдиган тунлардан бири бўлганди. Кучли қиялама ёмғир Сенлак ва Крес2 урушидаги жангчиларнинг узун найзалари каби тепалик ёнбағирларига, деворлару, бута ғовларга зарб билан келиб уриларди. Бошпанасиз қолган қўй ва моллар шамолга орқа ўгириб оларди, тиканли буталарнинг нозик шохларига маҳкам ёпишиб олишга уринган қушларнинг ҳурпайиб, тепага кўтарилган думлари бамисоли бўрондан тескари ўгирилиб қолган шамсияни эслатарди. Уйнинг ён сирти бутунлай ивиб бўлганди, устига-устак шамол ҳам томдан оқиб тушаётган ёмғир сувини яна шу томонга қараб итқитарди. Ҳар ҳолда чўпон қачондир ҳамдардликка муҳтож бўлгандир, лекин, асло шу бугунги кечада эмас. Негаки, бу “қувноққина қишлоқ одами” иккинчи қизини чўқинтириши муносабати билан ёзиладиган дастурхонга анча-мунча одамни таклиф қилиб қўйганди.
Меҳмонлар ёмғирдан аввалроқ келиб, уйнинг энг шинам ва катта хонасига жойлашиб олишганди.
Агар кимдир воқеаларга бой бўлган бу кечага соат саккизларда кириб келганида, албатта, бундай об-ҳавода бундан шинамроқ, бундан қулайроқ бошпанани топиш амри маҳоллиги ҳақида гапириши турган гап эди. Каминнинг устига чўпоннинг ишлатилавериб, сий-қаланиб кетган жуда кўп таёқлари безак қилиб илиб қўйилганди, боз устига гажаксимон илгакли бу хилма-хил таёқлар – энг қадимги нусхасидан тортиб, оилавий библиядаги патриархал расмларда учрайдиганларигача ва сўнгги қўй ярмаркасида катта муваффақият қозонган янгиларининг бу ерда борлиги хонадон соҳибининг касб-корини билдириб турарди. Фақат якшанба кунлари, байрам, оилавий тантаналардагина ишлатиладиган, устини қоплаган ёғидан кўра бир оз йўғонроқ пиликли бир нечта шам хонани ёритиб турарди. Шамлар бутун хонага қўйиб чиқилганди ва иккитаси камин токчасида турарди. Шамлар бу ерга бекорга қўйилмаганди, фақат меҳмонлар келиши муносабати билан қўйиларди, холос.
Камин тўридаги ўтин, унинг олдироғида эса майдаланган шох-шаббалар худди “овсарнинг кулгусини эслатгандек” часир-чусир қилиб ёнарди.
Хонага ўн тўққизта одам йиғилганди. Оч рангдаги ҳар хил кўйлак кийган беш нафар аёл девор ёнидаги оромкурсида ўтирарди; қизларнинг тортинчоқларидан тортиб, шўх-шаддодларигача бари дераза токчасига жойлашиб олишганди; тўртта эркак, шу жумладан, бута девор экиш, уни парваришлаш билан шуғулланувчи Чарли Жейк, черков қўшиқчиси Илижа Нью, қўшни сут фермасининг эгаси – чўпоннинг қайнотаси Жон Питчер эса узун сандиқ устига чиқиб олиб, ялпайиб ўтириб олишганди; бурчакда, ошхона жовони ёнига жойлашиб олган қиз билан йигит қизариб-бўзариб, бир умрлик аҳд-паймон ҳақида битим тузишарди; яқинда унашиб қўйилган элликлардаги қари бўйдоқ бўлса, қаллиғини қўлдан чиқаришдан қўрқиб, унинг изидан қолмай у ёқдан-бу ёққа питирлаб кўчиб юрарди. Меҳмонлар ҳар қанақа одоб-ахлоқ қоидаларини бир четга йиғиштириб қўйиб, хурсандчилик қилишарди. Ўзаро ҳурматга бўлган мустаҳкам ишонч бу одамларда ўзларини мутлақо эркин тутишларига имконият туғдирарди. Виқор билан чинакам вазминликни намоён этиб, жамоат орасида одоб сақлаш уларнинг кўпларига одат бўлиб қолганди, чунки машҳурликка интилиш, ўз устида ишлаш, одатдан ташқари бўлган бирон нимага қўл уришга эса уларда хоҳиш йўқ эди, бунинг сабаби бизнинг кунларимизда бундай истак одамларни шодликдан, олижанобликдан қисиб қўярди, ижтимоий зинапояларнинг энг юқорисида ва энг пастида турувчилар бундан мустасно эдилар.
Чўпон Феннел қўшни водийдаги сут фермаси хўжайинининг қизига уйланиб, бойиб кетганди, оила қургандан сўнг эса кўпайишларини назарда тутиб, қиз ҳам қуруқ келмай, ўзи билан эллик гиней олиб келганди. Оилавий байрамни яхши ўтказиш мақсадида бу тежамкор аёл меҳмонларни кутиб олиш тараддудида елиб-югуриб, кўп овора бўлди. Агар меҳмонлар шундай суҳбатлашиб ўтиришса яхшику-я; лекин, оромкурсига ёки сандиқча устига ялпайиб ётиб олишса борми, ана унда эркакларнинг нафси ҳакалак отиб, ичишни қўмсаб қолишини кўрасиз, уйни ҳам ютиб юборай дейишади. Рақс кечаси бошқача қулайликка эга; лекин ишкал томони ҳам борки, у кечани йўққа чиқариши мумкин – дастурхондаги “яхши ичимликлар” қолиб, “ноз-неъматларга” қирон келиш эҳтимоли бор, эҳтиросли ҳаракатлар билан иштаҳалари очилиб кетиб, бутун бошли омборни ҳам шип-шийдон қилишлари ҳеч гап эмас. Чўпон Феннелнинг хотини миясини қотириб, энг қулай йўлини топди-да, бир қарорга келди, бир оз ўйин-кулги бўлади, сўнг бир оз суҳбат, яна бир оз қўшиқ, лекин, минбаъд буларнинг биронтасига муккадан кетишларига асло йўл қўйиб бўлмайди. Ўйлаб қўйган режаларини ҳеч кимга билдирмай, ичида пинҳон сақларди, чунки эрининг ҳотамтойлик қилиб, бор ноз-неъматни тўкиб ташлашидан ўлгудек хавотирда эди.
Ўша ерлик ўн икки ёшли скрипкачи бола жиги ва рили – рақс куйини иштиёқ билан дадил чаларди. Унинг бармоқлари ҳали кичкина бўлганидан юқори пардаларга чиқолмасди, юқори пардаларга етиши учун эса қўлини зўр бериб қайилтирарди ва яна пастки пардалар томон силжитарди, шу боис куй ҳам бир оз заифроқ янграрди. Соат еттиларга бориб, ёш йигитнинг скрипкаси юракни тиғлагандек чи-йиллаб юборди, черков қўшиқчиси Илижа Нью севган мусиқа асбоби серпентни эҳтиётдан ўзи билан олиб келганди, серпент ўзининг йўғон овози билан скрипкага жўр бўлди. Шу заҳоти ҳамма рақсга тушиб кетди, миссис Феннел биринчи рақс ўн беш дақиқадан ошмаслигини мусиқачилардан оҳиста илтимос қилди.
Лекин Илижа ва скрипкачи бола зиёфатдаги ўз ролларидан мағрурланиб, уй бекасининг илтимосини ҳам ёддан чиқариб юборгандилар. Бундан ташқари, раққослардан бири қандайдир ўн етти ёшли Оливер Жайлз ўттиз уч ёшли оч малла хонимчани севиб қолиб, мусиқачилардан ҳолдан тойгунларича чалишларини илтимос қилди-да, уялмай-нетмай янги пул қистирди. Миссис Феннел меҳмонларнинг терлаб-пишиб кетган юзларини кўрди-ю, хонанинг бошқа томонига ўтди-да, скрипкачининг тирсагига туртди ва серпентнинг оғзини ёпмоқчи бўлди. Мусиқачилар бунга эътибор ҳам бермадилар. Миссис Феннел меҳмондўст мезбон сифатида обрўсини сақлаш учун энди ҳеч нимани ўзгартиролмаслигига ақли етиб, четга чиқиб қўя қолди. Рақс қизигандан қизиди, берилиб кетган меҳмонлар бир бурчакда тинчгина турган соатни ҳам тепиб, шовқин-сурон кўтариб, оёқларини ерга уриб, бамисоли сайёралар ўз ўқи атрофида айлангандек, хонада гоҳ олдинга, гоҳ орқага, бир яқинлашиб, бир узоқлашиб, соат миллари циферблатни бир айланиб чиққунча роса ўйнадилар.
Чўпон Феннелнинг уйида базми жамшид бўлаётган бир маҳалда унинг девори орқасида, тунда зиёфатнинг тугашига баҳона бўладиган бир воқеа содир бўлди. Авжига минган жазавадан миссис Феннелнинг фиғони фалакка чиқиб турган бир пайтда шаҳар томондан келаверишда қандайдир бир мусофир ёлғиз ўзи Ҳайер Кроустейрс тепалигига чиқиб кела бошлади. Бу кимса чала-ярим ўт босиб кетган чўпон уйининг ёнгинасидан ўтувчи сўқмоқдан ёмғир остида бир дақиқа ҳам тўхтамай юриб борарди.
Тўлин ой яқинлашарди; ёмғирли булутлар осмонни бир текисда қоплаб олган бўлса-да, атроф кафтдагидек кўриниб турарди. Йўловчининг тик ва эгилувчан қоматини ғира-шира ёруғда ҳам кўрса бўларди, қадам босиши дадил бўлса-да, чаққон-чаққон ҳаракат қилиш ёшидан ўтиб қолгани билиниб турарди, бироқ керак бўлганида ҳали тез юришга ҳам қодир эди. Кўринишидан, қирқлар атрофида деса бўларди. Унинг бўйи аслида беш футу саккиз-тўққиз дюйм атрофида бўлса-да, лекин армияга олувчилар ёки одамни бир кўришда айтиб берувчилар йўловчини қотмадан келгани учун ҳам новча кўринишини дарров пайқашарди.
У бир текисда, борар жойининг тайини йўқ одамдек эҳтиёткорлик билан аста қадам ташларди; у қора сюртук ёки бирон-бир қора кийим киймаса-да, уни ўша шаҳар бичимидаги қора кўйлак киювчилар то-ифасига мансублигини билса бўларди. Тўғри, у фақат пахмоқ кийим киярди, этигига ҳам қалпоқли мих урилганди, лекин, ҳақиқатан ҳам у пахмоқ кўйлакли, этигига қалпоқли мих қоқилган ва лой кечиб юришга ўрганиб қолган деҳқонга ўхшаб қадам босмасди.
У чўпоннинг ҳовлисига яқинлашганида, ёмғир кучайди, йўқ, яхшиси, шиддат билан шариллаб қуйиб юборди десак, тўғри бўлади. Катта бўлмаган қўрғоннинг энг четидаги иморатлар шамол ва ёмғирдан сал бўлса-да, уни пана қилиб турарди, йўловчи шу ерда тўхташга қарор қилди. Чўпоннинг барча хўжалик биноларидан кўра кўпроқ ташландиқ чўчқахонаси тез кўзга ташланарди, молхона тўсиб қўйилмаган кичик боғнинг кўриниб турадиган ерига қурилганди: бу жойларда хўжалик биноларини уйнинг орқасига яшириш одат эмасди. Томдаги нам шифернинг хира туси йўловчининг эътиборини тортди. У сўқмоқдан бурилди-да, ўзини молхона айвончаси панасига олди.
Шу аснода уй томондан шамолнинг зўридан кучайиб бораётган ёмғирнинг шовқин-суронига жўр бўлиб, серпентнинг йўғон ва скрипканинг унча баланд бўлмаган овози қулоққа чалинди, ёмғир эса чимзорни, айниқса, полиздаги карам баргларини аямай саваларди, сўқмоқ томондан ғира-ширада аранг кўзга чалинаётган асалари уяларига бамисоли ноғора қоққандек келиб уриларди, уй девори тагига қатор терилган кострюлка ва челакларга эса томдан тушаётган сув шариллаб қуйиларди. Тепаликдаги бошқа қўрғончалар каби Ҳайер Кроустейрс тепалигида ҳам сув танқислигидан хўжалик юритиш мушкул бўлиб қолганди, шу боис ҳам ҳар бир томчи ёмғир сувидан унумли фойдаланиш мақсадида уйдаги бор идиш-товоқларни сув омборига айлантириб олишганди. Қурғоқчилик пайтларида эса уй бекалари кир, идиш-товоқ ювишлари учун ўз уддабуронликларини намоён этиб, сувни қанчалик тежаганликлари ҳақида қизиқ-қизиқ воқеаларни сўзлаб бериш мумкин эди. Кузда сувга тақчиллик бўлмасди, лекин баракали қўр-қут тўплаш учун кўкдан тушган ризқ-рўзни йиғиб олмаса бўлмасди.
Ниҳоят серпентнинг овози ўчиб, уй жим-жит бўлди-қолди. Хаёлга ботган йўловчи тўсатдан чўккан жимликдан ҳушёр тортди ва охири бир тўхтамга келиб, чўчқахонадан чиқди-да, йўлакдан уй томонга қараб юрди. Йўловчи уйга яқинлашгач, аввал япалоқ тошга чўккалади, сўнг олдида турган идишлардан бирига энгашиб, ютоқиб сув ича бошлади. Чанқоғи босилгач, қаддини ростлади ва эшикни тақиллатгани қўлини кўтарди, лекин тақиллатмай эшикка тикилиб қолди. Тахтанинг қуёшдан қорайган сиртида эътиборни тортувчи бирон нима йўқ эди, – лекин, йўловчи, бу эшик орқасида қандай сир яширинган экан, ва уйга кирса, нима содир бўлиши ҳақида ўйлаб, чамаси, хаёлан уй ичига кирмоқчи бўлганди.
У иккиланиб, атрофга аланглади. Атрофда ҳеч зоғ йўқ эди. У турган боғ йўлакчаси тепаликдан шиллиқ қуртнинг изидай ялтираб, қиялаб тушганди; қудуқча тепасидаги айвончаси (айтарли доим қуриб ётарди), қудуқнинг қопқоғи, боғ эшигининг тепасидаги хари – бир хилда нам ва ялтироқ бўлиб, худди лак билан бўялгандек товланиб турарди, узоқда пастда, водийда кенг ёйилиб кетган оқ ранг дарёнинг яйловларга тошиб чиққанидан далолат берарди. Ундан ҳам нарида, шариллаб ёғаётган ёмғирлар оша ўтиб, туманлар орасидан чироқлари милтиллаб кўриниб турган шаҳардан – графлик марказидан, балки сайёҳ йўлга отлангандир. У томонларда тирикликдан асар ҳам йўқ эди, йўловчининг бундай қарорга келишига балки ана шу туртки бўлгандир: у эшикни тақиллатди.
Уйдаги ўйин-кулги ва мусиқа овозлари маза-бемаза гап-сўзлар билан қоришиб кетганди. Бута девор устаси ҳаммага жўр бўлиб қўшиқ айтишни таклиф қилганди, лекин унга ҳеч ким қулоқ солмади, боз устига худди шу пайтда қандайдир янгиликдан огоҳ этиб, эшик тақиллади.
– Кираверинг! – дарров жавоб берди чўпон.
Лўкидон шақиллаб тепага кўтарилди-да, тун қоронғусидан чиқиб келган бизнинг йўловчи остонадаги тўшамага қадам қўйди. Чўпон ўрнидан туриб, ўзига яқин турган иккита шамнинг сўхтасини тозалади ва кирган кишига юзланди.
 Бу нотаниш кимсанинг буғдоймағизлиги ва хушбичимлиги шамлар ёруғида янада яққолроқ кўринди. Йўловчи кўзигача бостириб кийган шляпасини дарров еча қолмади, шундай бўлса-да, у катта-катта кўзларини яширолмади, ва дадил, ошкора нигоҳи билан хонага яшин тезлигида кўз югуртирди. Афтидан кўрганларидан кўнгли тўлди шекилли, йўловчи сочлари ҳурпайган бошидан шляпасини олди-да, ширали, йўғон овозда деди:
– Дўстларим, агар ижозат этсангиз, кириб, бир оз нафасимни ростлаб олсам; ташқарида ёмғир челаклаб қуяяпти.
– Киринг, кираверинг, оғайни, исмингизни ҳам билмайман, – дея жавоб берди чўпон. – Зап вақтида келдингиз-да: бу ерда биз бир хурсандчиликни нишонлаш учун йиғилгандик… тўғрисини айтсам, бундай воқеалар баҳона йилда бир маротаба бўлса ҳам кўришиб турсак, ёмон бўлмасди-да.
– Лекин, йилда бир кўришсак ҳам кўришайлик, кўришмасак ҳам кўришайлик, – бир аёл сўзни илиб кетди. – Бола қанча эрта дунёга келса, шунча яхши, – бу ғавғодан шунча эрта қутулганинг қолади.
– Қанақа хурсандчиликни устидан чиқдим ўзи? – сўради мусофир.
– Аёлнинг эсон-омон кўз ёриганию, болани чўқинтириш маросими, – жавоб берди чўпон.
Нотаниш кимса бундай маросимлар тез-тез бўладими ё кам-кам бўладими, ишқилиб, бўлиб турсин дея тилак билдирди, мезбон эса қўли билан финжонга ишора қилди, у ҳам дарҳол финжонни қўлига олди. Бу хонадон остонасини ҳатлаб ўтгунга қадар унинг ич-этини шубҳа-гумонлар кемириб турган бўлса-да, энди у ўзини мутлақо беғам одамдек самимий тутмоқда эди.
– Қоп-қоронғи тунда тепаликка тирмашиб чиқишга кимнинг кўзи учиб турган экан-а? – деб оғзидан чиқиб кетди эллик ёшли қари бўйдоқнинг.
– Тўғри, соҳиб, жуда кеч кириб келдим!.. Хоним, ижозат берсангиз, камин олдида ўтирсам, ёмғир урган томоним шалаббо бўлиб кетди.
Миссис Феннел рози бўлиб, чақирилмаган меҳмон учун жой ажратиб берди, мусофир каминнинг соябони тагидаги бир бурчакка қўйилган курсига чўкди-да, ўзини худди ўз уйидагидек ҳис этиб, қўл-оёғини оловга тутди.
– Ҳа, этигимнинг ҳам оғзи очилиб қолибди, – деди мусофир уялиб ўтирмай, чўпоннинг хотини унинг этигига қараб қўйганини пайқаб, – уст-бошим ҳам унчалик эмас. Сўнгги пайтлар танг аҳволда қолганимдан эгнимга нима тўғри келса илиб кетавераяпман. Уйим-га эсон-омон етиб олсам бўлгани, ўзим боп биронта иш кийими топиб киярман.
– Сиз шу ерликмисиз? – сўради уй бекаси.
– Унчалик эмас… мен денгиздан сал нарида, шимолроқданман.
– Тўғри топибман. Мен ҳам ўша ерданман. Шевангиздан ҳамюрт эканимизни билгандим.
– Мен ҳақимда эшитмаган бўлсангиз керак, – шошиб деди у. – Ахир, мен сиздан анча каттаман-ку, хоним.
Унинг тилёғламалиги уй бекасига ёқиб тушди ва у ўша заҳоти сўроқни тўхтатди-қўйди.
– Бундан ҳам маза қилишим учун яна бир нима етишмай турибди-да, –деди мусофир. – Тамаки етишмаяпти, тамаки; афсус, барини чекиб бўпман.
– Трубкангни ол бу ёққа, тўлдириб берай, – деди чўпон.
– Бир йўла трубкангизни ҳам бериб турасиз-да, унда.
– Чекадиган одамда ҳам трубка бўлмайдими?
– Қаердадир тушириб қўйибман, шекилли.
Чўпон янги сопол трубкани тўлдирди-да, унга узатди.
–Тамакидонингни бу ёққа бер-чи; аҳволинг шунчалик танг экан, уни ҳам бир йўла тўлдириб берақолай.
Мусофир чўнтакларини кавлай кетди.
– Нима, у ҳам тушиб қолибдими? – деб сўради чўпон ҳайрон бўлиб.
– Шунақага ўхшаяпти, – деди мусофир хижолат тортиб.– Мана бу қоғозга озроқ солиб берақолинг.
У трубкани шамдан тутата туриб, ҳавони шундай куч билан ичига тортдики, ҳатто ёнаётган олов ҳам трубканинг ичига кириб, кўринмай қолди, сўнг қайтиб келиб яна бурчакка ўтирди-да, ҳеч ким билан гаплашишга ҳуши йўқлигини намойиш этиб, иссиққа тутиб турган нам оёқларидан кўтарилаётган енгил буғга тикилиб ўтираверди.
Бу вақт ичида меҳмонлар мусофирга деярли эътибор ҳам беришмади; улар мусиқачилар билан кейинги рақс учун бўладиган куйнинг муҳокамаси билан банд эдилар. Бу масалани ҳал қилиб бўлиб, энди ўринларидан туришаётган ҳам эдики, эшик тақиллаб қолди.
Олов ёнида ўтирган одам эшик тақиллагани ҳамон, шу тобдаги ҳаракатлари худди ҳаёти мазмунига айланиб қолгандек, косовни олди-да, жон-жаҳди билан чўғни титкилай кетди, чўпон эса ҳар доимгидек: “Кираверинг!”деди хотиржам тусда. Орадан бир дақиқа ўтгач, бошқа бир мусофир остонага тўшалган юмшоқ похолга оёғини қўйди. Бу одамни ҳам ҳеч ким танимади.
Буниси ановидан бутунлай бошқача эди – у кўринишдан оддий, кўп дунё кезган, қувноқ, дилкаш одамга ўхшарди. У биринчи мусофирдан чамаси бир неча ёш катта бўлиб – сочларига оқ оралаган, қошлари диккайган, чакка соқоллари калта қилиб кузалганди. Тўла, лўппи юзли бўлса-да, барибир, иродали экани билиниб турарди. Юзининг бурни атрофидаги қизил доғлар унинг ароққа ружу қўйганини билдирарди. У тўқ жигарранг рўдапо пальтосининг олдини кенг очиб олганди, ичидан кулранг костюм кийган бўлиб, унинг соат чўнтаги устидаги занжирда ягона безак – аллақандай унниққан маъдандан ясалган катта-катта тўғалар осилиб турарди. Қаттиққина клёнкали шляпасининг камбар соябонидан ёмғир томчиларини силкита туриб:
– Азизларим, ёмғир тингунча мени паноҳингизга олсангиз, бўлмаса, Кестербрижга етиб олгунимча ивиб қоламан, – деди.
– Бемалол, тортинмай кираверинг, жаноб, – биринчи мусофирга нисбатан юзакироқ илтифот кўрсатиб деди чўпон.
Чўпон Феннел ўзи зиқна одам эмасди, лекин уйининг хоналари кичикроқ бўлиб, бўш курсилар етишмасди, ясан-тусан қилиб олган аёллар ва қизлар олдида, ивиб, шалаббоси чиқиб кетган меҳмоннинг ташрифи мезбонга унча ёқмади.
Иккинчи мусофир пальтосини кибр билан ечди-да, ҳеч бир такаллуфсиз, шляпасини шифтнинг тўсинига қоқилган михга илди ва бир-икки қадам ташлаб, столга келиб ўтирди. Стол бундан аввалроқ рақсга жой ажратиш мақсадида четга суриб қўйилганидан каминга шунчалик яқин келиб қолгандики, олов ёнига жойлашиб олган мусофир бемалол тирсагини унга тираб ўтирарди; шу тахлит икки мусофир ёнма-ён ўтириб қолди. Улар танишиш мақсадида бош ирғаб қўйишди, биринчи мусофир уй эгасининг мерос қолган финжонини – четлари эшик остонаси каби едирилиб кетган (бари жойи ростонга равона бўлган қанчадан-қанча аждодларнинг ташналигини қондирган) бўртма деворларига зарҳал ҳарфлар билан “Менсиз дунё ҳам ёқимсиз” деб ёзилган катта сопол идишни янги меҳмонга узатди.
Иккинчи мусофир жон-жон деб финжонни лабига теккизди-да, бир қултум ичди, кейин яна бир қултум ва яна ва яна… биринчи мусофир худди ўз уйидагидек хўжайинлик қилиб, бошқасини меҳмон қилаётганидан энсаси қотиб турган уй бекасининг ранги оқариб кетди.
– Шундай бўлишини билгандим! – нафсини қондириб бўлган иккинчи мусофир мамнун бўлиб чўпонга мурожаат қилиб деди. – Сизнинг боғингиздан ўтаётганимда асалари уяларига кўзим тушди, ўзимга-ўзим: “Қаерда асалари бўлса, ўша ерда асал бўлади, асал бор жойда эса албатта асал шароб бўлади”, дедим. Лекин бу ёшимда бундай асл асалдан тотаман деб ҳеч ўйламовдим.
У яна финжонни оғзига олиб борди-да, шунчалик узоқ симирдики, финжон унинг оғзи устида тўнкарилиб қолди.
– Сизга манзур бўлганидан хурсандман, – деди чўпон хушмуомалалик билан.
– Бу асал шаробимиз жуда сиз мақтаганчалик эмас, – ертўласини мақтагани унга қимматга тушишини сезган миссис Феннел совуққонлик билан жавоб берди. – Уни тайёрлаш ҳам осон иш эмас… балки бу иш билан энди бошқа шуғулланмасмиз. Асалнинг ўзи ҳам қиммат туради, уни шундай сотса ҳам бўлаверади, биз эса асалли сув ёки қайнатилган мумдан тайёрланган оддий шароб билан ҳам кун кўраверамиз.
– Йўғ-ей, бўлмаган гап! Бунга журъатингиз етмайди! – ўпкалагандек хитоб қилди кулранг костюмли ва учинчи марта финжонни олиб, охиригача симирди-да, бўшатиб столга қўйди. – Мен асални ўлгудек яхши кўраман, айниқса, узоқ сақланиб етилган асал бўлса; очликка чидайман, якшанба кунлари черковдан, бегим кунлари эса садақадан воз кечишга ҳам тайёрман, фақат ўша шаробдан ичсам бўлгани.
– Хо-хо-хо! – камин олдида ҳалидан бери мум тишлаб, ҳузур қилиб чекиб ўтирган мусофир ёнидаги қўшнисининг ҳозиржавоблигига қойил қолгандек бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
Шуни айтиш жоизки, у даврдаги узоқ сақланиб етилган асал шароби асл ёш асалари тўдасидан – ўзи оқиб тушадиган асалдан тайёрланган бўлиб, тўрт фунт асалга тенг қилиб сув қуйилади ва ичига тухум оқи, долчин, занжабил, қалампирмунчоқ, мускат ёнғоғи, размарин мойи солиб аралаштирилади, хамиртуруш билан оширилиб, ачитилади, идишларга солиниб, ертўлага сақлаш учун қўйилади, – бундай асал шаробни ичганингда кучли туюлади, лекин аслида у бундан ҳам кучли бўлади. Орадан бир неча дақиқа ўтар-ўтмай шаробнинг кайфидан кул ранг костюмли мусофир нимчаси тугмаларини ечди, оёқларини чўзиб, курсига шундай ялпайиб ўтириб олдики, ҳатто ўтирганларнинг ҳам эътиборини тортмай қўймади.
– Гап бундай, – яна сўзида давом этиб деди у, – аввал айтганимдек, мен Кестербрижга кетаяпман; нима бўлмасин у ерга етиб олишим керак. Агар ёмғирнинг дастидан бу ерга кирмаганимда, аллақачон манзилимга етиб олган бўлардим, лекин, барибир, сизлар билан танишганимдан афсусда эмасман.
– Сиз Кестербрижда яшайсизми? – сўради чўпон.
– Ҳозирча йўқ; лекин кўчиб бориб яшаш ниятим бор.
– У ерда нима иш қилмоқчисиз?
– Ҳе-йўқ, – гапга аралашди чўпоннинг хотини. –Наҳотки кўрмаётган бўлсанг, бу жентльмен бой одамга ўхшайди, ишнинг унга нима кераги бор?
Кулранг кийимли мусофир нима деб жавоб беришини билмай ўйланиб қолди, бироқ кўп ўтмаёқ, эътироз билдириб деди:
– Хоним, мени бой одамга чиқариб қўйишингиз унчалик тўғри бўлмас. Мен ишлайман ва ишлашга мажбурман. Башарти Кестербрижга тун ярмида етиб борганимда ҳам истасам-истамасам тонгги соат саккизда иш жойимда бўлишим шарт. Жазирама бўладими, дўл ёғадими, довул турадими, очарчилик бостириб келадими, уруш бошланиб қоладими, осмон узилиб ерга тушадими – нима бўлмасин, барибир, мен эртага бўладиган ишимни бажаришим зарур.
– Вой, шўринг қурғур-эй! Демак, ташқаридан қараганда бой одамга ўхшаб кўринсангиз ҳам аслида биздан ҳам камбағалроқ экансиз-да? – деди чўпоннинг хотини.
– Ризқим шунинг орқасидан келса, мен нима ҳам қила олардим, дўстларим. Ҳа, ишим шунақа, камбағалликнинг бунга сира алоқаси йўқ… Хуллас, жўнайдиган вақтим бўлди, иззатим борида туёғимни шиқиллатиб қолай, йўқса яна кўчада қолиб кетаман. – Лекин, шундай деб ҳам мусофир жойидан қўзғалмай гапида давом этаверди: – Кетар жафосига, танишганимиз учун қиттак-қиттак олсак бўларди-ю, финжон ҳам бўшаб қолибди-да.
– Мана, сизга кучсизроқ асал шаробли финжон, – манзират қилди миссис Феннел. – Биз уни назаримизга илмаймиз, аслида у ҳам асалари мўмининг биринчи қуйқасидан эритилиб тайёрланади.
– Керак эмас, – беписанд оҳангда жавоб берди мусофир. –Агар мен сиз айтаётган иккинчи нав шаробдан ичадиган бўлсам, аввалги шаробни ҳақоратлаган бўламан.
– Албатта, бўлмасам-чи, – деб гапга қўшилди Феннел. – Ахир биз ҳар кун туғилиб, ҳар куни кўпайишмаймиз-ку, шундай бўлгач, мен ҳозироқ бориб, сирқитиб-сирқитиб бўлса-да, финжонни шаробга тўлдириб олиб келаман.
У зинапоя тагидаги бочкача турган қазноққа йўл олди. Хотини унга эргашди.
– Нега унинг ноғорасига ўйнаяпсан? – таъна қилди хотини улар иккови қолишганида. – У, ўнта одамни тўйдирадиган финжонни охиригача ичиб бўлди, энди, кучсизроқ асал шаробига қиё ҳам боқмайди, яна кучлироғини талаб қилаверади! Устига-устак, ҳали унинг қанақа одамлигини ҳеч ким билмайди. Бошқаларни билмадим-у, лекин у менга сира ёқмаяпти.
– Хотинжон, ахир у бизнинг меҳмонимиз; боз устига ҳаво ҳам чатоқ бўлса, бу ёқда чўқинтириш маросими… Уни қўявер! Асал шаробнинг бир пиёласи билан бойиб ҳам, камбағал ҳам бўлиб қолмаймиз… Қайғурма, вақти-соати келиб, яна тутатиб асалариларни ҳайдаймиз-да, бундан ҳам кўпроқ асал оламиз.
– Ҳа, майли… фақат шундай яхши кунларимиз ҳаққи-ҳурмати, розиман, – деди чўпоннинг хотини маъюс асал идишга боқаркан. – Бу одам ким, нима иш қилади, осмондан тушдими, ердан чиқдими, қаердан пайдо бўлиб қолди? Уйимизга бостириб кириб, ўзича меҳмон бўлиб олишга уни нима ҳаққи бор ўзи…
– Билмадим, ўзидан яна бир сўраб кўрай-чи.
Бу сафар миссис Феннел кулранг костюмли мусофирга финжонни охиригача бўшатишга қўймай, бало-қазонинг олдини олди. Уй бекаси унга шаробни кичикроқ пиёлага қуйди-да, финжонни ҳар эҳтимолга қарши узоқроққа суриб қўйди. Мусофир бир кўтаришда, пиёладагини паққос урди, сўнг чўпон ундан нима иш билан шуғулланишини яна сўради.
У жавобдан ўзини олиб қочганди, олов ёнидаги мусофир бирдан, кутилмаган самимийлик билан:
– Мен эса ҳунаримни одамлардан сир тутмайман… мен чархсозман, – деди.
– Бизнинг томонларда бу жуда сердаромад иш, – луқма солди чўпон.
– Қандай ҳунарим борлигини одамларнинг ўзи фаҳмлай олганда эди, мен ҳам уни сир тутмаган бўлардим, – деди кулранг кийимдаги мусофир.
– Ким қандай ҳунар эгаси эканини унинг қўллари айтиб туради, – деди бута девор устаси Чарли Жейк ўз қўлларига ишора қилиб. – Мана, масалан, менинг қўлларим бамисоли игна тўғнайдиган ёстиққа ўхшаб қолган.
Камин олдида ўтирган мусофир беихтиёр ўзини панага олди-да, яна трубкасини тутатиб, оловдан кўзини узмай ўтираверди. Анавиниси эса бута девор устасининг сўзини илиб кетди:
– Гапингиз тўғри; ҳунаримнинг ғаройиблиги ҳам шундаки, у ўз муҳрини менда эмас, аксинча, мижозларимда қолдиради!
Биронта одам бу сўзларнинг мағзини чақишга уриниб ҳам кўрмади, чўпоннинг хотини меҳмонларга яна қўшиқ айтишни таклиф этди. Бироқ яна ўша важ-корсонлару баҳоналар: меҳмонлардан бири овозим бўғилган деса, иккинчиси қўшиқ сўзларини унутганман деб туриб олди. Стол ёнидаги мусофир азбаройи завқи жўшганидан, майли, биринчи бўлиб ўзим бошлаб бера қолай деб, уй бекасини ноқулай аҳволдан қутқарди. Сўнг бошмалдоғини нимчасининг ўмизига тиқди-да, ялтиллаб турган чўпон таёқларининг тутқичларига бир кўз ташлаб олиб тайёргарликсиз, айтиладиган қўшиққа шу тутқичлар илҳом бергандек, ашуласини бошлаб юборди:

Камёб ҳунар соҳибиман,
Эҳ чўпонлар-хокисорлар!
Ишлаган сари ишлагинг келар!
Мижозларни боғлайману, осмону фалакка кўтараман.
Ўша, етиб бўлмас томонларга!

У қўшиқ бандини тугатганида, хонага сукунат чўкканди; одамлар жим ўтиришарди… Ижрочи қайрилиб, ҳаммага: “Жўр!”— деб хитоб қилганида, фақат олов ёнида ўтирган киши унга жавобан охирги сатрларга йўғон, аммо ёқимли оҳангда жўр бўлди:

Ўша, етиб бўлмас томонларга!

Сут фермасининг хўжайини Оливер Жайлз, черков қўшиқчиси Жон Питчер, эллик ёшли куёв, девор тагида ўтирган ҳали она сути оғзидан кетмаган қизлар ва бошқа меҳмонлар қовоқларини уйиб ўйга чўмгандилар. Чўпон хаёлчан ерга боқди, хотини эса шубҳадан холи бўлмаган қўшиқчига синовчан нигоҳ билан тикилди: мусофир қайсидир қадимги қўшиқни эслаб қолдими ёки бошини ҳам қотириб ўтирмай, айнан шу фурсатга бағишлаб янгисини тўқиб қўя қолдими, бу ёғини Худо билади. Худди Валтасарлар зиёфатида* бўлиб ўтган воқеани эслатувчи бу иқрор тўла сўзларнинг ноаниқ ва тушунарсиз ишораларидан, биринчи мусофирдан ташқари, чўпоннинг барча меҳмонлари хижолатдан ҳанг-манг бўлиб қолишди. Мусофирнинг ўзи бамайлихотир: “Иккинчи бандини ҳам бошлаб юборавер, ошна!”—деди-ю, трубкасини яна тутатишга тушди.
Қўшиқчи асал шаробдан оғзини тўлдириб бир ҳўплади-да, томоғини ҳўллаб олиб, қўшнисининг илтимосига кўра, қўшиқнинг иккинчи бандини куйлай кетди:

Меникидек оддий қурол топилмас,
Эҳ, чўпонлар-хокисорлар!
Қуролимга қараманг, зарурат йўқ:
Устуну харига арқонни мосладим мен,
Бўлди, тамом; осилишнинг ғамини ема.

Чўпон Феннел атрофга аланглади. Мусофирнинг қўшиғи унинг саволига жавоб эди, энди бунга чўпоннинг шубҳаси қолмаганди. Меҳмонлар ич-ичларидан отилиб чиқаётган ҳайқириқни жиловлашга уриниб, сапчиб тушдилар. Эллик ёшлик одамга унаштирилган аёл ҳушидан кетиб, йиқилишига оз қолганида, бирдан қаллиғининг уддабуронлик қилиб, уни кўтариб олишига қурби етмаслигини вақтида англади-да, ўзини қўлга олиб, қаддини ростлади ва титраб-қақшаб жойида қимирламай ўтираверди.
“Вой, демак, бу ўша… – хона тўридан туриб пичирлашишди одамлар ваҳимали вазифани эгаллаб турган аллаким ҳақида. – Демак, у шу ниятда шаҳарга отланган экан-да!.. Кестербриж турмасида эртага… анави қўй ўғирлаган одамни осмоқчилар, биз у ҳақда эшитгандик… камбағал бир соатсоз, Шотсфордда яшаган… ишсиз… Унинг исми Тимоти Самерс… Оиласи очликдан силласи қуриб, ўлар ҳолатга келиб қолганди, шунинг учун ҳам Шотсфордни тарк этиб, ўзини қароқчиликка урган, қўйни ҳам куппа-кундузи, фермернинг, хотинининг, уларнинг ишчиларининг, умуман, ҳамманинг кўз ўнгида ўғирлаб кетганди. Бу эса ( одамлар ажал қуроли ҳунарининг устаси томонга ишора қилдилар)… у шу боис ҳам узоқлардан бу ерга келган; улар яшаётган графликдан иш топиш амри маҳол, бу ердан дарров иш ҳам топила қолган – жаллодимиз ўлган-ку; у энди ўша турма девори олдидаги уйда яшайди”.
Кулранг кийимдаги киши элас-элас эшитилаётган пичир-пичирларга эътибор қилмай, томоғини яна бир ҳўллаб олди. Даврадаги одамлардан кўра кўпроқ унинг барча дилкашликларига олов ёнида ўтирган қўшнисигина илтифот кўрсатаётганини пайқади-да, улфатижон бўлмаган бу одамга ўз қадаҳини узатди, у эса ўзиникини – унга. Улар қадаҳларни чўқиштиришди, қолганлар қўшиқчининг ҳар бир ҳаракатини кўз узмай кузатиб туришарди. Қўшиқчи учинчи бандни айтиш учун энди оғиз жуфтлаган ҳам эдики, эшик тақиллаб қолди. Эшик бу гал кучсизроқ ва журъатсизроқ тақиллади.
Ҳамманинг эсхонаси чиқиб кетди; чўпон ҳадиксираб эшикка қаради ва қўрқиб кетган хотинининг таънали нигоҳидан ўзини олиб қочди-да, учинчи марта ҳам мулойимлик билан: “Кираверинг!” деди.
Эшик аста очилиб, остонада янги меҳмон пайдо бўлди. Унгача келган мусофирдек, уни ҳам ҳеч ким танимади. Бўй-басти ихчамгина, нимжон, рангпар юзли бу одам эгнига қорамтир газламадан бинойидек костюм кийиб олганди.
– Айтолмайсизми, шаҳарга қандай борсам бўлади… – гап бошлади у, қаерга келиб қолганини билиш мақсадида хонага кўз югуртираркан ва нигоҳи кулранг костюмли одамда тўхтади.
Бу, завқи жўшиб кетган қўшиқчининг қўшиқни энди охирига етказмоқчи бўлиб турган бир пайтда ва мусофирнинг борлигини ҳам пайқамай, барча шивир-шивир, савол-жавоблар овозини ўчириб, учинчи бандни бор кучи билан:

Эртага мен ишлайман,
Эҳ, чўпонлар-хокисорлар.
Куйлолмайман эртага:
Қўй сўйилди ахир, азаматни ушлашди охир,
Дўзахда ёндирма, худойим!

дея куйлаб тугатганида рўй берди.
Олов ёнида ўтирган мусофир қойил қолди-да, шиддат билан қўшиқчи шарафига қадаҳ кўтарди, жавобан у ҳам қадаҳ кўтарганди, асал шароб чайқалиб, оловга тўкилди.

 Дўзахда ёндирма, худойим!

яна йўғон овозда жўр бўлди.
Учинчи мусофир қоққан қозиқдек ҳамон эшик тагида турарди. Мусофирнинг безрайиб туриб қолганини пайқаб қолган меҳмонлар энди унга диққат билан разм сола бошладилар. Унинг ваҳимадан талвасага тушганини кўриб, меҳмонлар ҳайратдан ёқа ушлашди: учинчи мусофирнинг тиззалари дағ-дағ титрарди, қўллари эса шундай қаттиқ қалтирардики, ҳатто у тутиб турган лўкидоннинг зириллагани ҳам аниқ эшитилиб турарди, лаблари оппоқ оқариб, ланг очилиб қолганди, хона ўртасига қараб қолган кўзларини эса қутурган жаллоддан узмасди. Яна бир лаҳза ўтар-ўтмас, у эшикни тарс ёпди-да, орқасига қарамай ура қочиб қолди.
– Бу энди ким бўлди экан? – деди чўпон.
Одамлар кутилмаган ҳолдан ҳали ўзларига келмай туриб, учинчи мусофирнинг мана бу қилиғи ўлганнинг устига тепкан бўлганидан ҳеч нарсани тушунолмай жим қолдилар. Улар ўз давраларига қўшилиб қолган бу касофат жентльмендан беихтиёр узоқлаша бошладилар, баъзи меҳмонлар уни ҳатто иблис деб тан олишга ҳам тайёр эдилар; мана, полдаги бўш қолган жой уни меҳмонлардан ажратди-қўйди ва у хонанинг ўртасида бир ўзи қўққайиб туриб қолди…
 
 “Circulus cujus centrum diabolus”*

Хонада йигирма кишидан кўпроқ одам бўлса-да, сув қуйгандек жим-жит эди, ҳатто дераза эшигига урилган ёмғир ҳам, дудбурон орқали тасодифан оловга келиб тушаётган ёмғир томчилари овози ҳам, бир бурчакда ўтириб олган биринчи мусофирнинг узун сопол трубкани бир маромда тортиб, пуфлаб чиқараётган товуши ҳам шундоқ эшитилиб турарди.
Бу сукунат қўққисдан бузилди. Графликнинг марказий шаҳри жойлашган томондан тўпнинг отилган овози эшитилди.
– Менга лаънатлар бўлсин! – бақирди қўшиқчи жойидан сакраб тураркан.
– Бу нима?.. Нима бўлди ўзи? – ҳар томондан саволлар ёғила бошлади.
– Маҳбус турмадан қочибди… мана нима бўлди!
Ҳамма бирдан сергак тортди. Яна ўқ отилди, лекин бу сафар ҳеч ким ғинг демади, фақат олов ёнидаги киши тилга кирди:
– Менга бир неча бор бу графликда отишма бўлиб туриши ҳақида айтишганди, лекин ўзим бирон марта ҳам эшитмагандим.
– Наҳотки мен ўз ўлжамни қўлдан чиқарган бўлсам? – минғирлади кулранг костюмдагиси.
– Ундан бошқа яна ким бўларди! – оғзидан чиқиб кетди чўпоннинг.—Биз уни кўрдик. Боя ўз оёғи билан кириб, сизни кўриб, қўшиғингизни эшитди-да, дағ-дағ титраб қолди.
– Унинг тишлари такирлаб, нафаси ҳам бўғилди, – деди сут фермасининг хўжайини.
– Юраги ҳам қинидан чиқиб кетай деди-ёв, – гап қотди Оливер Жайлз.
– Худди уни ўққа тутгандек тирақайлаб қочди, –деди Чарли Жейк.
– Ҳа, ҳа, худди шундай бўлди… тишлари такирлади, юраги қинидан чиқаёзди, уни худди ўққа тутгандек орқасига қарамай қочди, – шошилмай хулоса қилди олов ёнидаги киши.
– Мен ҳеч нимани сезганим йўқ, – деди бир вақт жаллод.
– У нимадан бунчалик қўрқиб кетди экан, ура қочиб қолди деб биз бошимизни қотириб ўтирибмиз, – деди хириллаган овозда девор ёнида ўтирган аёллардан бири! – Мана энди ҳаммаси тушунарли!
Тўпларнинг бир маромда кетма-кет отилаётган бўғиқ ва ваҳимали овози ҳамон тинмаётганди, одамлар энди унинг чин эканига ишонишди. Кулранг кийимдаги ёвуз жентльмен қаддини ростлади.
– Орангизда констебль борми? – деди чайналганнамо тусда у. – Агар бўлса, қани, бу ёққа чиқсин.
Эллик ёшлик куёв титраб-қақшаб, девордан нари кетди, унинг қаллиғи эса юзини стул суянчиғига қўйганча уввос солиб йиғлади.
– Қасамёд қилган констебль сенмисан?
– Ҳа, сэр.
– Зудлик билан ўзингга ёрдамчи топ-да, жиноятчининг кетидан туш ва уни топиб бу ерга олиб кел. У ҳали узоққа кетиб улгурмаган бўлиши керак.
– Хўп бўлади, сэр, хўп бўлади… фақат асоимни олиб келсам бўлгани. Уйга ҳозироқ ғизиллаб бораман-да, тезда уни олиб келаман, сўнг ҳаммамиз бирга жўнаймиз.
– Шу тобда асога бало борми! Унгача қочоқ жуфтакни ростлаб қолади-ку!
– Асосиз бўларканми? Асосиз ҳеч нима қилолмайман… ҳеч бўлмаса сен гапир, Уильям, ёки сен, Жон, ё сен бирон нима дегин, Чарли Жейк, бунга ҳаққим борми, йўқми ўзи? Бу мумкин эмас; ахир асода қирол тожи, бир томонида шер, иккинчи томонида яккашохнинг сариқ рангдаги олтин суви югуртирилган расмлари бор-ку, ахир; кимни қўлга олиб, кимга таёқ ўқталадиган, гумбурлатиб тушириб қоладиган бўлсам, ана ўшанда бари қонуний бўлади. Асосиз одамларни тутишни хаёлимга ҳам келтиролмайман… ким қилса қилаверсин, мен бундай қилолмайман! Қонун одамга куч бағишлайди, усиз бундай ишларга журъатим етмайди, баъзан шундай ҳам бўладики, мен эмас, менга қўл кўтаришлари мумкин.
– Етар! Менинг ўзим қиролнинг хизматидаги одамман, сенга буйруқ беришга ҳаққим бор, – унинг сўзини бўлиб деди кулранг ки-йимли мустабид. – Энди эса ҳаммангиз тайёр туринглар… Фонусларингиз борми?
– Ҳа… айтганча, фонусларингиз борми?.. Борми деяпман? – уни маъқуллади констебль.
– Ҳамма ишга яроқлими ўзи…
– Ҳамма эркаклар ишга яроқлими… ҳа… ҳаммангизми! – такрорлади констебль:
– … ўзингиз билан қорувли, йўғон таёқ ва паншахаларни олволинглар…
– Қонун номи билан буюраман!.. Таёқ ва паншахаларни қўлингизга олинг-да, олға! Ҳокимият буйруғига итоат этиб, уларнинг кетидан қувинг!
Одамларни шу йўл билан унинг кетидан қувишга мажбур этишди. Далиллар ноаниқ бўлса ҳам, лекин анча ишонарли эди, шу боис чўпоннинг меҳмонларига буни исбот қилиб беришга ҳожат қолмаганди, улар гувоҳ бўлдиларми, тамом, учинчи мусофирнинг кетидан қувишдан бош тортсалар, иштирокчи сифатида айблашлари турган гап, – бундай баланд-паст адирликдан ҳали бир неча юз ярддан кўп йўл босиб улгурмаган бўлиши керак.
Чўпонда фонус ҳар доимгидек доим сероб бўларди, уларни шоша-пиша ёндирдилар; сўнг девор учун суқиб қўйилган таёқларни суғуриб олдилар-да, эшикка қараб ёпирилдилар ва анча босилиб қолган ёмғир остида тепаликнинг чўққиси бўйлаб шаҳардан тескари томонга кета бошладилар.
Яқинда чўқинтирилган, уйнинг иккинчи қаватида ётган чақалоқ йиғлай бошлади; уни ёки шовқин-сурон безовта қилди, ёки бўлмаса, яқинда бўлиб ўтган чўқинтириш маросими тушига кирганидан йиғлай бошлаганди. Боланинг аччиқ йиғиси полнинг тешигидан ўтиб, биринчи қаватга эшитилди, пастдаги аёллар уни тинчлантириш учун юқорига чиқишга баҳона топилганидан хурсанд, бирин-сирин тезда ўринларидан тура бошладилар, – охирги ярим соат ичида бўлиб ўтган воқеалар уларни бутунлай гангитиб қўйганди. Шундай қилиб, орадан икки-уч дақиқа ўтар-ўтмас биринчи қават бўшади-қолди. Лекин бу узоққа чўзилмади. Оёқ товушлари тинмаёқ, уйнинг улар кетган томондаги муюлишидан кимдир пайдо бўлди. У эшикдан мўралаб қаради-да, уйда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, шошмай хонага кирди. Бу одам, ўша, бутун оқшом уйнинг бир бурчагида ўтириб, ҳамма билан бирга чиқиб кетган мусофир эди. Мусофирнинг уйга қайтиб келиш сабаби ҳам дарҳол маълум бўлди: у аввал ўтирган жойига яқинлашди, афтидан камин устидаги унутиб қолдирган бир тўғрам нонни олди. Ичилмай қолиб кетган финжондаги шаробдан ўзига ярим пиёла қуйди ва тик турган жойида очофатлик билан нон еб, шароб ича бошлади. У ҳали еб-ичиб улгурмасиданоқ тўсатдан, худди шундай оҳисталик билан бошқа бир киши – кулранг кийимдаги унинг ҳамтовоғи кириб келди.
– Ў, сиз ҳам шу ердамисиз? – деди у табассум билан. – Мен бўлсам, сиз ҳам қочоқни қидириб кетган бўлсангиз керак деб ўйловдим.
Унинг нимага қайтиб келгани ҳам дарровоқ маълум бўлди: у оч кўзлари билан асл шаробга тўла, ўзи зориқиб кутган ўша финжонни излай кетди.
– Мен сизни бутунлай кетган бўлсангиз керак деб ўйловдим, – деди биринчи мусофир тиқилиб қолиб, нон чайнашда давом этаркан.
– Мен фикримдан қайтдим; менсиз ҳам эплашади деб ўйлайман, – ишонч оҳангида суҳбатдошига тушунтира кетди, – тунни айтмайсизми, тунни, бундан баттари бўлмайди. Жиноятчининг кетидан қувиб юриш менинг ишим эмас, бунга ҳукумат бош қотирсин.
– Ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди! Мен ҳам фикримдан қайтдим, менсиз ҳам бир амаллашар.
– Мен овлоқ ерларда тоғма-тоғ, жарма-жар изғиб юриб, суякларини синдириб оладиган аҳмоқ эмасман.
– Гап ўртамизда қолсин-у, менинг ҳам кўзим учиб тургани йўқ.
– Чўпонлар ўрганиб қолишган… – Лақмалик ҳам шунчалик бўладими! Уларни бир пасда чув тушириш мумкин. Мана кўрасиз, мен жонимни койитиб ҳам ўтирмайман, уни шундоқ ҳам тонг отмасданоқ ҳузуримга бошлаб келишади.
– Уни бусиз ҳам қўлга олишади; ғам ейишнинг ҳожати йўқ.
– Тўғри, рост айтасиз. Менинг Кестербрижга жўнайдиган вақтим бўлди; бундай узоқ йўл босиб, манзилга етиб олишимга кўзим етмай турибди. Сиз ҳам ўша томонларгами?
– Афсуски, йўқ! Мен уйга боришим керак, анави ёққа (у боши билан қандайдир ўнг томонни ишора қилди); мен ҳам сизга ўхшаб борадиган жойимгача қандай етиб оларкинман деб хавотирдаман.
Кулранг кийимли финжонни охиригача ичиб бўлди-да, йўлакда бир-бирлари билан дўстона қўл сиқишиб хайрлашишди ва икковлари икки томонга ажралишди.
Бу вақт ичида қидирув гуруҳи тоғнинг айнан шу қисмидаги тик тепалик чўққисидан ҳамон йўл босиб борар эдилар, мана, охири, баландликнинг чеккасига ҳам етиб келишди. Одамлар йўлга чиқишдан аввал иш режаси тузиб олишни хаёлларига ҳам келтирмагандилар, энди ёнларида ажал қуролининг устаси йўқлигида ўзларича бирон-бир тадбир ўйлаб топишга ожизлик қилардилар. Улар ҳар тарафдан тапур-тупур тирмашиб туша бошлагандилар, шунда, бир неча одамлар тўсатдан, бу бўр тепаликларда изғиб, йўлдан адашган барча тункезарларни тутиш учун табиатнинг ўзи қўйган тузоққа тушиб қолдилар. Улар оёқлари остида “найза” борлигини, бошқача айтганда қияликни қуршаб олиб, у ер-бу ердан чўққайиб чиқиб турган бўр чақмоқтошларини сезмадилар ва эҳтиётсизликлари туфайли шағал уюмларига қоқилдилар-да, мункиб пастга қуладилар, қўлларидаги фонус отилиб кетиб, водийнинг энг чуқур ерига бориб тушди-да, тўнкарилиб ўша ерда ёниб қолаверди.
Ҳамманинг яна бир ерга тўпланганидан фойдаланган чўпон, у жойларни бошқалардан кўра яхшироқ биладиган йўлбошчи сифатида уларни айланма йўллар орқали бошлаб кетди. Фонус кўзларни қамаштириб, фойдадан кўра зиёни кўпроқ тегарди, устига-устак, бундай қулай фурсатдан қочоқ ҳам фойдаланиб қолиши мумкин эди, энг яхшиси чироқни ўчириб, жим бўлиш эди. Ўт босиб ётган, тиконли бутазордан иборат бундай зах чуқурлик ҳар қандай қочоқ учун ҳам ажабтовур пана бўла оларди. Гуруҳ ҳамма ерни ағдар-тўнтар қилиб, ҳеч бир иш чиқаролмагач, рўпарадаги тепаликка кўтарилди. Шу ернинг ўзида тарқалиб, ва яна маслаҳатлашиб олиш учун вақти-вақти билан тағин шу ерда учрашиб туришга келишиб олишди. Иккинчи марта улар, бундан эллик йиллар бурун осмондан учиб ўтган қандайдир қуш ташлаб кетган уруғдан униб чиққан ва ҳозирда бу тепаликда бир ўзи қаққайиб турган шумтол дарахти тагида учрашдилар. Шу вақт дарахтдан сал нарида, кўм-кўк осмон остида айнан улар қидирган ўша одам худди шу дарахтнинг бир шохидек сўппайиб турарди. Гуруҳ оҳиста унга яқинлашди.
– Ҳаётми ёки мамот?! – серрайиб турган одамга дўқ қилиб деди констебль.
– Сиз ҳам жуда олдингиз-да! – шивирлади унга Жон Питчер. – Бундай гаплар бизга ярашмайди. Бунақа сўзлар анавинга ўхшаган такасалтангларга ярашади, биз фақат қонунга бўйсунамиз.
– Ҳа, яхши, бўпти! – алам қилгандек деди констебль. – Мен ҳам бирон нима дейишим керак-ку, ахир! Керакми, йўқми? Шундай топшириқни сенга ҳам юклаб қўйиб, елкангни тоғ босгандек босиб ётса, кўрардим, ўшанда сенинг оғзингдан қандай сўзлар чиқиб кетаркин!.. Жиноятчи, худо ҳаққи… қирол ҳокимияти ҳаққи таслим бўл, демоқчи эдим!
Дарахт тагидаги кимса уни таъқиб этиб келганларни кўрди-да, зўравонликка ўтмасларидан бурун ўзи оҳиста юриб, уларга пешвоз чиқди. Бу, ҳақиқатан ҳам ўша, чўпоннинг уйига кириб, титраб-қақшаб турган ушоққина “учинчи мусофир” эди. Ҳозир у анча ўзига келиб қолганди.
– Оббо, сайёҳатчилар-ей, – деди у бамайлихотир, – сизлар кимга гапиряпсизлар ўзи? Менгами?
– Кимга бўларди, сенга-да! Сен дарҳол таслим бўлишинг керак! – амрона деди констебль. – Биз сени Кестербриж турмасида ўтиришдан бош тортганликда айблаб, ҳибсга оламиз, энди у ерда ўзингни яхши тутиб, эртага дорга осишларини кутишинг керак… Ҳамсоялар, ўз бурчингизни бажаринг-да, жиноятчини ушланг!
Айбловни эшитиб бўлган бу одам, афтидан, ниманидир англаб етди-да, таёқлар билан уни ҳар тарафдан ўраб олиб, яна чўпоннинг уйига қайтариб олиб кетишга шай турган таъқибчиларга ҳаммани ҳайрон қолдириб ғалати бир розилик билан чурқ этмай ўзини топширди.
Улар уйга етиб келишганида соат ўн бир бўлганди. Очиқ эшикдан тушган чироқ шуъласи ташқарини ёритиб турарди. Уйдан эркаклар овози эшитилганидан тушундиларки, улар дайдиб юрганларида бу ерда қандайдир янги воқеа содир бўлган. Уйга кириб, улар Кестер-бриж турмасининг икки назоратчисини ва ҳамма танийдиган, қўшни ер эгаси бўлган суд раисини кўрдилар; афтидан, қочиш ҳақидаги хабар бутун атрофга тарқаб бўлганди.
– Жентльменлар, – уларга мурожаат қилди констебль, – мен қочоғингизни тутдим – албатта таваккал қилиб, хатарни зиммамга олмасдан иложим йўқ эди, аммо барчамиз ўз бурчимизни бажаришга мажбурмиз! Жиноятчи, давлат ишларида тажрибалари бўлмаса-да, лекин менга ёрдамлари теккан меҳнатга лаёқатли кишилар даврасида турибди. Йигитлар, маҳбусни уларнинг ёнларига яқинроқ олиб боринглар.
Учинчи мусофирни шам ёниб турган стол ёнига олиб келишди.
– Бу ким ўзи? – сўради назоратчилардан бири.
– Бу ўша, – жавоб берди констебль.
– Ҳеч ҳам у эмас-да, – эътироз билдирди иккинчи турма назоратчиси, биринчиси эса унинг сўзини тасдиқлади.
– Қанақасига у эмас? – баҳслаша кетди констебль.—Хўп, у эмас экан, нега бўлмаса қонун вакилининг қўшиғини эшитиб, бунчалик эсхонаси чиқиб кетди?
Констебль жаллод қўшиқ айтиб турган пайтда уйга кириб келган учинчи мусофир ўзини жуда ғалати тутгани ҳақида гапириб берди.
– Ҳеч нимани тушунолмаяпман, – деди совуққонлик билан турма назоратчиси. – Мен бир нарсани аниқ айтишим мумкинки, ўлимга маҳкум этилган бу эмас. Униси эса бу одамга мутлақо ўхшамайди; у баланд бўйли, қотмадан келган, кўзи ва сочлари қоп-қора, келишган, овози шундай майин, мулойим эдики, уни бир эшитган одам умрбод эсидан чиқармасди.
– Йигитлар… ахир бу ўша олов ёнида ўтирган одам-ку!
– Қанақасига?.. Нима деяпсан ўзи?.. – бу вақтда четроқда туриб чўпон билан суҳбатлашиб турган судья уларнинг олдига келди-да, суриштира кетди. – Хўш, бундан чиқди, қочоқни шу чоққача тутолмабсизлар-да, а?
– Биласизми, сэр, – тушунтирди констебль. – Бу, ўша одамнинг айнан ўзи, – бунга имоним комил, бу ўша; бироқ, бу, биз қидираётган одам эмас. Чунки, бизга керак бўлган одам, у биз қидирган ўша одам эмас экан, агар сиз менинг оддий гапларимга тушунаётган бўлсангиз, сэр; бизга керак бўлган одам эса бу, анави, олов ёнида ўтирган киши экан.
– Бунча чалкаш-чулкаш бўлмаса! Боши-кетини билиб бўлмайди-я! – деди судья. – Зудлик билан ўша, бизга керагини қидиришга тушинг.
Шу пайт асирнинг ўзи биринчи марта тилга кирди. Шу пайтгача у пинагини ҳам бузмай ўтирди, фақат анави олов ёнида ўтирган киши ҳақида гап очилгандагина унинг тинчи бузилди.
– Сэр, – деди у судья томон бир қадам ташлаб, – мени деб овора бўлишингиз шарт эмас. Энди ўзим сизга барини айтиб бераман. Мен ҳеч бир ёмон иш қилганим йўқ: менинг айбим шундаки, ўлимга маҳкум этилган одам акам бўлади… Бугун тонгда ўзим яшаб турган Шотсфорддан чиқдим-да, Кестербрижга яёв акам билан видолашиш учун йўл олдим. Йўлда қоронғига қолиб кетиб, бир оз нафасимни ростлаш ва йўлни сўраб-суриштириш учун бу ерга киргандим. Эшикни очиб, кимни кўрдим денг?.. Ўз акамни! Энди у билан Кестербрижнинг ўлимга маҳкум этилганлар камерасида учрашсам керак деб ўйлаб, умидимни узиб қўйгандим. У бир бурчакка тиқилиб олганди, ёнида эса унга суқилиб, йўлини тўсиб олиб жонини олувчи жаллод ўтирарди ва ўзини сездирмаслик учун унга жўр бўлаётган қурбонидан гумон қилмай, бу ҳақда қўшиқ куйларди. Акам: “Ишқилиб айтиб қўйма; менинг ҳаётим шунга боғлиқ” дея илтижоли нигоҳ билан боққанини дарров тушундим. Мени шундай ваҳима босдики, оёғимда аранг турардим, нима қилаётганимни ўзим ҳам билмай, шартта чиқиб кетдим-да, ура қочдим.
Бу одам шундай бир оҳангда гапирди, унинг юз ифодаси ҳам аллақандай ўзгача эдики, унинг сўзларига ишонмай бўлмасди, бу эса атрофдагиларда бошқача таассурот қолдирди
– Акангизнинг ҳозир қаерда эканини биласизми? – сўради судья.
– Йўқ. Мен, мана шу эшикни ёпиб чиқиб кетганимдан бери уни кўрмадим.
– Бунга мен гувоҳлик беришим мумкин, – тасдиқлади констебль, – ахир, бу одам ўша пайтлардан бери дунёнинг бу чеккасида бўлган бўлса, униси у чеккасида эди.
– Қизиқ, қаерга кетган бўлиши мумкин?..
– У соатсоз, сэр.
– Чархсозман деганди-ку… вой фирибгар-ей! – деди констебль.
– Ўшанда ўзим ҳам бу қўллар чархсоз учун жуда оппоқлик қилмасмикан деб ўйловдим-а!
– Гап бундай, менимча, боёқишни ушлаб туришдан наф йўқ; бу билан ҳеч нимага эришолмаймиз, – деди судья. – Тушунарлими, яхшиси акасини қидириб топинглар.
Бу кичкина мусофирни тезда озод этишди; бироқ бундан унинг кўнгли таскин топмади, ўзидан кўра кўпроқ яхши кўрадиган ўша одам ҳақидаги хавотирларига на судя, на констебль барҳам беришолди. У озод этилиб, йўлга чиққанида, анча қоронғи тушиб қолганди, қидирувни давом эттириш эса бефойда эди, шу боис уни эртага қолдиришганди.
Эртаси куни бу тадбиркор соатсозни қидирув ишлари яна бошланиб кетди, бунга бутун аҳоли ҳам жалб этилиб, ишлар жадал суръатларда олиб борилди – ҳеч бўлмаганда шундай туюларди. Чиқарилган шафқатсиз ҳукм содир этилган ноўрин хатти-ҳаракатга муносиб эмаслиги боис қочоққа раҳми келган қишлоқ аҳлининг кўпчилиги бутунлай у томонда эди. Ундаги ўзгача вазминлик, жасорат, чўпоннинг зиёфатида жаллод билан юзма-юз туриб қилган дадил суҳбати, – бунга барча одамлар қойил қолгандилар. Улар ўрмону далаю йўлларни изғиб, ҳамма ерни остин-устун қилганлари, ўз пичанхоналарида ва саройларида астойдил тинтув ўтказганлари ростми ўзи, буниси бизга қоронғилигича қолаяпти. Катта савдо йўлидан узоқдаги у ёки бу ташландиқ, ўт босиб кетган йўлда кимдир қандайдир сирли нотанишни кўргани ҳақида бот-бот миш-мишлар тарқалиб турарди; ўша шубҳали ёқларга қидирувчилар етиб борганларида ҳеч бир зоғ топилмасди. Кунлар, ҳафталар шу тахлит бирон-бир янгиликсиз ўтиб бораверди.
Шундай қилиб, олов ёнида ўтириб олиб, йўғон овозда гапираётган ўша одамни яна турмага тиқишнинг иложи бўлмади. Баъзилар уни океаннинг нари ёғига ўтиб кетган дейишса, бошқалар, йўқ, у шаҳарнинг одамлар денгизига ғарқ бўлган дея оғизга уришарди. Ҳар ҳолда кулранг костюмли жентльменга ўзининг Кестербриждаги вазифасини бажариш насиб этмади; яна унга тепаликдаги ёлғизоёқ уйда улфатчилик қилишга бир соатгина вақт ажратадиган дилкаш улфат ҳам бошқа топилмади.
Чўпон Феннел ва унинг тежамкор хотинининг дўппайган қабри аллақачонлар кўм-кўк майсалар билан қопланганди; чўқинтириш муносабати билан уларнинг уйларида хурсандчилик қилган меҳмонларнинг деярли бари бирин-сирин мезбоннинг кетидан у дунёга равона бўлишганди; ўшанда, барча меҳмонлар муборакбод қилгани тўпланган, қиз чақалоқ эса ҳозирда аёллик баҳорини босиб ўтиб, мўътабар момо ёшида… Лекин, Ҳайер Кроустейрс атрофларида кунлардан-бир кун чўпоннинг уйига тунда кетма-кет кириб келган учта мусофир ҳақида ҳали ҳануз икир-чикиригача ҳикоя қилишни хуш кўришарди.

Рус тилидан Дилдора Алиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 3-сон.
_______________
* Тимон Афиналик – Шекспирнинг шу номдаги фожиаси қаҳрамони – ҳаётининг сўнгги кунларини узлатда ўтказган. Новуходоносор – Ассурия ва Бобил шоҳи (604-501 йй. Эски эра), ривоят қилинишича, у жониворга айланиб, бир неча йил ўрмонда яшаган эмиш.
* Сўзма-сўз: “Юқори қарға ўрмончаси” дегани (ингл.).
* С е н л а к – жануби-шарқий Англия тепалиги, 1060 й. унинг ёнгинасида фотиҳ Вильгельм инглизлар устидан ғалаба қозонган.
* К р е с – Шимолий Франциядаги қишлоқ, 1346 йил инглизлар французлар устидан ғалаба қозонган жой.
* Тавротда айтилишича, Бобил шоҳи Валтасар бир куни меҳмонларни зиёфатга чақирган ва зиёфат пайтида залнинг деворида Бобилнинг ҳалокатини башорат қилувчи оташин сўзлари пайдо бўлган.
* “Қоқ ўртасида иблис турган айлана” (лот.).