Май ойининг авжи гуллаган палласи. Қоқ туш. Ёлғиз ўзим Оқсув тарафдан келаяпман.
Эгри-бугри, пасту баланд йўлда бир мақомда хотиржам юриб, ора-сира отим пишқириб овул сари энаётирман. Довонга тирмашиб чиқаётганда қарасам, уловимнинг бўйни терлаб, ориқ бўлишига қарамай, қуюшқоннинг атрофи кўпиклабди.
Пастга тушганим сари ялпиз ҳиди димоғимга урилди. Қарағай ял-ял товланади. Ёввойи узум занги қари тутга салладек ўралиб қолибди. Ана шу тут остидан оқаётган анҳорда чўмилиб сергиб олмоқчи ҳам бўлдим. Лекин шу пайт сўл ёғимда ит ҳуриб қолди. Қарасам, оппоқ ўтов ёнида эчкилар ўтлаб юрибди. Офтобрўя жойга қурут тизилиб, дорга ювилган кирлар осиб қўйилибди.
Ўтов сари тўғри йўл олдим. Қирғизларнинг одатига кўра, қумрон ичиб, чанқоқ босиш ниятим бор эди. Қора ит эгасига садоқатини кўрсатиш учун зўр бериб вовиллар, отимнинг думидан тишлаб қочарди. Агар унинг ўрнида қайсарроқ айғир бўлганида масалдаги каби “туёғидаги хат”ни кўппакка боплаб ўқитган бўларди.
Ичкаридан бир кампир чиқиб, “бу ким бўлди?” дегандай бир оз қараб турди ва яна изига қайтди. Ўтовга етганим сари ит айюҳаннос соларди. Мен удумга кўра йўталдим…
— Кет, маҳрум бўлгур, — деган хирқироқ овоздан кейин ҳалиги кампир пешвоз чиқди.
— Ассалому алайкум!
— Ваалайкум! Кел, болам. Кимнинг ўғлисан?
— Менман…
Кампир итни қарғаб юборгач, яна сўради. — Кимнинг ўғлисан?
Мен дарҳол танидим. У қишлоғимиздаги Мамирбой оқсоқолнинг жуфти ҳалоли эди.
— Сейде хола, мени танимаяпсизми? — дедим кулиб. — Мен Тўлаганман.
— Вой ўлмасам, қарилик қурсин. Сенмидинг? Отдан туш, болам.
Отдан тушиб Сейде хола билан гаплашиб турсам, ўтовдан тарашадек ориқ бир кампир чиқиб, бош ирғаб сўрашди. Бу кампир Сейде холанинг онаси эди.
Шу маҳал ўн бир ёшлар чамасидаги бир бола чопиб келди ва қулочини ёзиб, — Тўлаган ака-а-а, — деб бағримга отилди. Мен уни эркалатиб, қўлтиғидан даст кўтариб, пешонасидан ўпиб:
— Соттиқул, катта йигит бўлиб қолибсан-ку, — дедим.
— Нима қилса ҳам қариндошда-а?! Қаранг, худди отаси тирилиб келгандай хурсанд бўлганини, — деди момо.
Сейде хола боланинг бу ишига унча эътибор бермаган бўлса ҳам, кўзларида ёш қалқди. Эски пўстакни судраб бориб, тутнинг остига солди ва мени ўша ерга ўтқазди. Кейин билсам, ипак қурти тутишгани учун ўтов, уйлар банд экан.
Соттиқул мени саволга тута бошлади:
— Тўлаган ака, қаёқдан келаяпсиз?
— Қоракунгайдан.
— У ерда нима қилдингиз?
— Ўша ердаги мактабда ишлайман.
— Ҳа-а. Энди қаерга кетаяпсиз?
— Ўзимизнинг қишлоққа. Ундан нариги туманга ўтаман.
Соттиқул ердан бир дона кўкат ўзагини синдириб олиб тишлаган кўйи хаёлга чўмди. Сейде хола косага айрон қуйиб келди. Пишиқчиликнинг олди деб дастурхонга тут қўйди. Муздай айрондан ичиб Соттиқулга узатдим.
— Сатиш, айрондан ич.
У айронга қарамади. Кийилавериб офтобда ранги унниқиб кетган, тутнинг ширасидан қотиб қолган кўйлагининг этагини ушлаб:
— Мен ҳам бораман, — деб минғирлади.
— Қаёққа борасан? — деди момоси. — Бу нимага довдираяпти…
— Овулга — Оқйўлга.
— Момоси унинг мақсадини тушунди.
— Сен қишлоққа кетсанг, бу ерда онангнинг ҳоли нима кечади? Ундан кўра аканг узатган айронни ич.
Соттиқул бурнини “шилқ” эттириб тортиб, онасига қаради.
— Ичмайман.
— Акаси ич деса ичмайдими… Ича қол, бўтам!
У ғашлик қилаётган бўлишига қарамай айронни базўр шимирди.
Сейде хола бўшаган косани олиб, бармоғи билан айроннинг юқини сидириб ҳўплагач:
— Онанг тинчми? — сўради мендан.
— Ҳа, шукур. Уч ойдан бери кўролганим йўқ.
— Ҳа, айтгандай, сен Қоракунгайда ишлаяпсан-а?..
Юган ва қуюшқони чиқарилган отим ёнғоқ остида салқинлаб турибди. Биз ҳол-аҳвол сўрашиб, кўпга ўтирдик. Сейде холанинг Оқйўл овулидан бу ерга кўчиб келганига уч йилча бўлди. Сабаби, Мамирбой аканинг вафотидан сўнг, бу оила Оқсувдаги қариндоши Тўқтаналини қора тортиб келишганди.
Мен йўлга тушмоқчи бўлиб, ўрнимдан қўзғалганимда Соттиқул этагимга осилди.
— Мен ҳам кетаман!..
— Вой шўрим, сен қаерга кетасан, — дея бақирди момоси. — Бориб у ердаги тош қўрага қоровуллик қиласанми?..
— Қўй, қароғим, — деди онаси.
Мен пешонасидан силаб овутдим.
— Сотиш, эслик йигит бўлиб қолибсан. Оқйўлга кейинроқ борарсан. Ойингни гапига қулоқ сол, койитма. — Бироқ Соттиқул ҳиқиллаб юборди.
— Бо-ра-ман…
— Жинни-пинни бўлганми, — деб момоси унинг қўлидан тутди.
Мен отни ечдим. Соттиқул ёпишиб олди. Онаси негадир чурқ этмади.
Соттиқул тушмагур момосининг гапига кўнмай, ҳадеб ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, силтаниб қўярди. Шу аснода у момосининг ориқ қўлларини тишлаб олди, шекилли. — Вой шўрим, деб кампир чинқириб юборди.
Онаси ушламоқчи бўлувди, бир силтаб қочди ва мен кетадиган тарафга юра бошлади.
— Ке-та-ман!.. У мен томонга юзланиб қақшаб йиғларди.
— Ҳой, буёққа кел. Дилозор бўлмай кўпайиб кетгур, — момоси қўлини сийпалаб набирасининг ортидан эргашди.
— Бу худо безори кўнмайди, шекилли… Яланг оёқ, яланг бош…
Сейде хола ҳам юра бошлади.
— Бери кел, бўтам! Бери кел, қароғим! — деди у. — Иккаламиз эртага борамиз.
Шартта отга миниб кетишимга ҳайронман. Соттиқулни ё қолдиришим ёки онасидан рухсат олишим керак эди… Индамай жўнасам, ортимдан эргашиши табиий. Соттиқулни ушлаб, ойисига топшириб осонгина қутулмоқчи бўлдим:
— Сотиш, бу ёққа кел! Отга мингаш! — деб алдадим. Лекин у жаҳли чиқиб нари кетди. Иложимиз қолмади.
— Овулни уч йилдан буён кўргани йўқ, — деб шивирлади момо. — Бечора бола, Оқйўл деса юраги эзилади. Ҳамқишлоқларини кўрса дадаси тирилиб келгандай ўзини қўйгани жой тополмайди.
— Қоқиндиғинг кетай, бўталоғим-ей, — деб йиғлаб юборди Сейде хола. — Туғилган қишлоғини соғиниб… Майли, борақол. Кел, уст-бошингни кийиб ол.
— О-о! Алдаб ушлаб оласиз-да…
— Алдамайман. Майли, акангни отига учқашиб бориб кел.
— Шундоқ кетавераман… Камзулимни олиб келақолинг…
— Ростдан бориб келсинми? — сўрадим Сейде холадан. — Яхши қиласиз. Соғинчи босилади.
— Иложим қанча? Кўриб турибсан-ку…
Мен Соттиқулни чақирдим,
— Кел, тезроқ кийин.
Соттиқул эса қайсарлиги тутиб келиш ўрнига яна олдга юра бошлади.
Ноилож қолган Сейде хола унинг уст-бошини, чориғини менга тутқазиб, омонат гапларини тайинлаб:
— Садағанг бўлай, сенга ишондим. Қариндош-уруғларининг меҳрига қониб қайтар. Тоғаларига топшир, қорни очиб қолмасин, Тўлаган. Қайтишингда сен билан бирга келсин. Соттиқул, қароғим, омон бўл!..
* * *
Соттиқулни отга учқаштириб олдим. От бир оз дам олгани учун илкис йўртиб борарди. Оқсувнинг “қил кўпригига” етганда от ҳуркиб кетса Сотиш йиқилиб кетмасин деган ўй билан орқамга бурилиб:
— Ухлаб қолмадингми? — деб сўрадим.
— Йўқ, ухламадим.
“Қил кўприк”дан ўтиб, сўл томонга бурилиб, Қорасувни бўйлаб юқорига қараб кетдик. Вақт пешиндан ошганда яна бир довондан ўтиб, серўт жойда отдан тушиб ўжар ҳамроҳим билан ҳордиқ олмоқчи бўлдик. Соттиқул уловни ўтга қўйди. Биз ўтирган ердан Учқурт, Молқолди, Оқйўл воҳалари кафтдагидай яққол кўриниб турибди.
— Вой-вуй… Оқйўл… Тўлаган ака, Оқйўлни қаранг, Оқйўлни… Ана, бизнинг уйимиз… Анави, Мингбой тоғамнинг уйи… Нурқулларники… Биз-чи, Нурқул билан бирга думбул пишириб ердик…
— Нурқул уйларида бўлса керак, — дедим. — Маккажўхори энди чопиққа кирди. Думбулга анча бор.
— Биламан. Нурқул билан балиқ ҳам тутганмиз. Кейин ўзимиз балиқларга ўхшаб чўмилардик… Роса мазза қилардик-да…
Соттиқул ҳаддан ташқари хурсанд. Имкони бўлса, она қишлоғи Оқйўлнинг устидан қушдек парвоз қилиб ўтгиси бор. У овулнинг ҳар бир кўчасига, тол ва теракларига суқланиб, соғинч билан боқарди.
— Соттиқул, қишлоқни соғиндингми? — деб сўрадим. У Оқйўл тарафдан кўзини узолмай:
— Ҳа, жуда соғиндим, — деди.
— Сотиш, тирикчилигинглар яхшими?..
— Дуруст. Онамга овулимизга кетайлик деб айтсам, кузда, куз келгач, баҳорда дея икки-уч йилдан бери алдаб келади. Қишлоқни соғиниб, ўзимча бир қўшиқни хиргойи қилиб юраман. Тўлаган ака, ўша ашулани Сизга айтиб берайми?
— Қани айт-чи, Соттиқул!
— Адирга чиққан жеканман,
Арғимоқ минар эканман.
Арғимчоқни елдириб,
Овулга қачон етарман?..
Қирга чиққан жеканман,
Қора от минар эканман.
Қора тулпорни йўртдириб,
Элимга қачон етарман?..
Баданларим зирқираб кетди. Соттиқулни даст кўтариб пешонасидан ўпдим. Тоғаларини, қариндош-уруғларини, тенг-тўшларини ўта соғинган боланинг она қишлоғини, киндик қони томган юртни бу қадар ардоқлаши мени ҳаяжонга солди. Қанийди барчамиз Соттиқулдек ўз овулимизни севолсак.
Бир оздан кейин қора байирга эгар-жабдуқни уриб, туғилиб ўсган қишлоғимиз — Оқйўлга кириб бордик.
Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 7-сон
* * *
ТУҒИЛГАН ЕР
Жавзо. Қоқ туш маҳали. Ёлғиз ўзим Оқсув тарафдан келаётибман. Атрофга боқиб, кўз яйрайди. Гир айлана ўркач-ўркач адирлар. Минг хил гиёҳларнинг анвойи гуллари, ўт-ўлан шунақа қалин ўсганки, орасига сичқон ҳам сиғмайди. Ҳар жойда бир улкан ёнғоқ, оқтол, қайин кўзга ташланади, ҳув олисда ўткир учи паҳлавонларнинг найзасидай бўлиб қарағай, арча дарахтлари кўкка санчилиб туради. Мевали дарахтлар-ку, тўлиб ётибди. Йўл иланг-биланг, бирда пастликка қараб энкайса, бирда ўрлаб кетади. Отим ҳам хийла ҳориди, орқа оёқларини судраб силтаганида бир хилда шитир-шитир овоз чиқариб, мени алахситади. Онда-сонда думини силкитади, бош ирғайди, пишқиради. Бўйни терлаб кетди, қарчиғайига қарасам, эти қуруқ бўлса-да, қуюшқон олди оқ кўпикланиб қолибди.
Теваракка кўз югуртираман, булбул сайрайди, ноласига қулоқ тутаман. Қанотлари тинимсиз пириллаган капалаклар, тинимсиз ғинғиллаган асаларилар гуллар узра чарх уришади, қайси бирлари ҳавога кўтарилиб, зув этганча, жуда шошилинч иши бордай кўздан ғойиб бўлиб кетади. Мен ҳам зерикканимдан димоғимда ғинғиллаб хониш қилган бўламан, энгашиб, отнинг ёлини силайман, ҳар хил ўйларга ботаман.
Юра-юра, Бурчука яйловининг кунга терскай сойи ўзанига тушиб олдим. Шарқираб оққан тиниқ суви, сув бўйида ўсиб, осмонга қучоқ очган толлар, қайрағочлар, ёнғоғу қайинлар оралаб ўтиб бораман. Уларнинг таги ҳам бўлиқ ўсган ўт-ўлан билан тўла. Бироқ ялпиз ҳиди барчасидан бошқача анқийди. Ёввойи узум қоплаб турган бир чуқур ҳовузи бор экан, яхшилаб чўмилиб, ҳордиқ чиқаришни ўйлаб турган эдим ҳамки, чап томонда итнинг ҳургани эшитилиб қолди. Сал юриб қарасам, бир бўз ўтов тикилган экан, ёнида тол новдасини эгиб ясалган бир капа ҳам бор. Ўтов теварагида бир тўда улоқ ирғишлаб юрибди. Икки қулочча чўзилган дорга кир ёйилган. Ўтов билан капа ўртасидаги чоғроқ хонтахта устига қурут ёйиб терилган.
Ўша томонга қараб юрган эдим, мени кўра солиб, “Э тавба, бу одамни ўтказиб бўпман!” дегандай бир қора бароқ ит ҳуриб кела бошлади. Ўзиям эшакдай келар экан, важоҳатидан, мени от-потим билан ағдариб ташлагудай. Мен кулдим-да, ўтовни кўзлаб юра бердим. Бирон коса айрон ичиб, бирпас дам олиб йўлга чиқсам ҳам бўлади.
Ўтов томондан бир аёлнинг шарпаси келди. “Ким бўлса экан бу?” дегандай серрайиб бирпас қараб тургач, менинг юриб келаётганимни кўриб, ичкаридаги кимгадир хабар бермоқчи бўлиб, ўтовга кириб кетди.
Мен йўталиб-чучкурган киши бўлиб, овоз чиқариб отимга қамчи шилтаб, тепиниб, капага яқинлашиб қолдим. Ит унга сари авжига чиқиб, отни тумшуғидан тишлаб олгудай бўлиб сапчир, бўғиқ ҳурар эи.
– Кет, қуриб кеткур! – дея бўз ўтов ичидан бир овоз чиқди, бирпасдан кейин ранги захилгина бир қора хотин бўсағада кўринди.
– Ҳорманглар! – дедим мен.
– Бор бўл!.. Кимнинг боласисан?
– Мен эдим… – дедим хижолат бўлиб, бироқ кампирдан кўзимни узмадим. Аёл ташқарига чиқди.
– Ҳой, кет! Ҳу, товушинг ўчсин! – деб, итига пўписа қилиб, уни нарига қувиб юборди. Сўнг ичига ботган кўзларини яна менга тикди:
– Кимнинг боласиман дединг?
Мен танидим. Бизнинг овулда Маъмурбой деган бир киши бўлар эди. Ўша одамнинг кампири.
– Сейди эна, мени танимаяпсизми? – дедим кулган бўлиб. – Мен Тилаганман-ку?
Кампир уёқ-буёққа аланглади, шунда мен унинг буришган юзлари, чуқур ботган кўзларига қандайдир бир илиқлик инганини пайқадим.
– Вой тавба, қарилик-да, – деб койинди-да, отнинг жиловидан тутди: – Сенмидинг, болам?
Мен отдан тушиб, Сейди эна билан сўрашиб турсам, ичкаридан тарашадай ориқ бир кампир чиқиб келди. Менга тикилиб қараб, саломимга лабларини қимирлатган бўлиб алик олиб, бош ирғади. Ёши хийлага бориб қолган бўлса-да, ҳали тетик. Белига қўзи терисидан бўлган пўстакни танғиб олган. Бу кампир – Сейди холанинг онаси.
Шу орада бўз уйнинг ортида ўйнаб юрган ўн-ўн бир ёшлар чамали бир бола ирғишлаб етиб келди.
– И-и! – деди у менга кўзи тушган заҳоти ва қулочини кенг очиб келиб мени қучоқлаб олди. – И-и, Тилаган акам!..
Мен уни қўлтиғидан кўтарган бўлиб юзидан ўпиб эркалатдим:
– Соттибек!.. Катта йигит бўлиб юрибсанми? – деб, пешонасини силадим.
– Уни қаранглар, жигари-да! – деди тарашадай ориқ кампир бош чайқаб. – Отаси тирилиб келгандай суюнади-я!
Сейди кампир неварасининг қувонганини кўриб, нимагадир тўмсариб тикилиб қолди, чуқур ботган кўзларида ёш йилтирагандай бўлди. Иккита пўстакни судраб келиб, тутнинг соясига жой тўшади.
– Ўтир, айланайин, – деди мени сийлаб.
Қарасам, капанинг ичи ҳам, бўз уйнинг ичи ҳам бўш эмас, ичкаридан худди бир қўра улоқ ўт киртиллатаётгандай шитирлаган овоз чиқяпти. Ипак қурти экан. Тут баргини кемираётган қуртлар тўлишиб-тўлишиб қопти, баъзилари барг ҳам емай, бошини осмонга кўтарганича чайқалтиради – пилла ўрашга келиб қолгандай. Қандайдир бир оғир ҳид ўрнашиб қолгандай.
Соттиқул бир тиззамга тиралиб ўтирди-да, мунчоқдай кўзларини менга тикиб, ҳали уни, ҳали буни сўраб бижирлашга тушди:
– Тилаган ака, қаердан келяпсиз?
– Қорақўнгайдан. Мен ўша ерда муаллимлик қиламан.
– Ҳа-а, – деди Соттиқул ажабланиб. – Энди қаёққа борасиз?
– Ўзимизнинг овулга, Соттибек. Оқйўлга бораман. Ундан кейин, районда ҳам ишларим бор.
Соттиқул ердан бир чивиқни олиб, икки қўллаб тутганича, бир учини тишлаб, ерга қараб термулиб қолди. Ўйчан ўтирарди. Шу маҳал Сейди она катта коса тўла қатиқ олиб келди. Пишиқчиликнинг аввали, деб ясси бир лаганга оппоқ марварид тутлардан солиб дастурхонга қўйди. Мен муздеккина қатиқни хўплаб-хўплаб симириб, Соттиқулга узатдим:
– Ма, Соттибек, қатиқ ич!
Бола қатиққа қараб ҳам қўймади. Ямалган, офтобда кўп кийилганидан ранги униқиб кетган, тут шираси юққан кўйлаги этагини тутамлаб:
– Менам бораман!.. – деб бидирлади.
– Қаёққа борасан, сен? – дея бувиси уни жеркиди. – Гапни уқмай, нималар деб довдирайди бу?
– Оқйўлга… – деди Соттиқул. Кекса бувиси унинг дилидагиларни уқиб:
– Э, қўй! – деди овозини кўтариб. – Йўловчига эргашиб кета берадиган юрумсак бўлма! Сен кетиб қолсанг, бу ерда онанг нима қилади. Ундан кўра, бидирламай, амакинг берган қатиқни олиб ич!
Соттиқул бўйнини бир томонга қийшайтириб, қулт этиб ютинди;
– Ичмайман…
– Амакинг ич, деб узатди-ку, ол, ўғлим, ичиб қўй!..
Соттиқул хоҳламаса ҳам, алланечук ботирсиниб, қатиқни хўриллатиб ичиб қўйди.
– Ана, баракалла, ўғлим…
Бўшаган косанинг четларини бармоғи билан сидириб, ялаб қўйди-да, Сейди эна:
– Онанг яхши юрибдими? – деб сўраб қўйди мендан. – Ҳм… тутдан олиб ўтир.
– Онам Оқйўлда. Яхши. Уч ойдан бери ўзим ҳам боролганим йўқ.
– Э, ҳа-а, боя Қоракўнгдай ёқдан келяпман дединг-а!..
– Айили бўшатилиб, қуюшқони чиқарилиб катта ёнғоқнинг соясида боғлиқ турган отим хийла тери қотди. Биз уёқ-буёқдан гаплашиб, анча ўтирдик. Сейди эна Оқйўл овулидан чиқиб бу ёқларга келиб қолганига уч йиллар бўлиб қолди. Бунинг сабаби, Маъмурбой ота ўлганидан кейин мана шу Оқсувдаги қариндоши Тўқоналини қора тортиб келиб қолганди. Ҳозир мана шу тутзор ёқасидаги уйда қурт боқиб ўтиришган маҳали.
Мен отланмоқчи бўлдим. Соттиқул этагимга ёпишиб олди:
– Мен ҳам кетаман!..
– Вой, қаёққа кетасан сен! – деб қичқирди ориқ бувиси. – Уйинг шу ерда бўлса… Бориб, юртингдаги тош ўчоқни қўриб ўтирасанми?
– Қўй, жоним болам!.. – деди онаси ҳам.
Мен боланинг пешонасини силаб, алахситишга уриндим:
– Соттиқул, кап-катта йигит бўлиб қолибсан. Оқйўлга кейиноқ ўзинг борарсан. Онанг бормагин деса-ю,сен кета берсанг, хафа бўлади! – дедим. Бироқ Соттиқулнинг кўнадиган авзойи йўқ, ҳўнграб юборди:
– Боргим келяпти-и-и… Ии-й…
– Э қўй, қўй деган гапни қулоғингга ол! – дея бувиси унга ўдағайлаб, қўлини ушлади. – Ҳой, эси йўқ!..
Мен отни ечдим, Соттиқул эса менга маҳкам ёпишиб олди. Онаси негадир товуш чиқармай қараб турарди.
Бувиси ҳеч кўнмай, болани у ёққа тортади, Соттиқул эса юлқиниб, бўш қўлининг муштуми билан кўзининг ёшини ишқалаб, жон-жаҳди билан менга интилади. Нима қилишни билмай, ўртада қолдим. “Қўй, менга илашма, мен сени олиб кетмайман!” деб, бир амаллаб ундан қутулсамми, ёки “жиян эл бўлмайди, камзул тўн бўлмайди, сиз боланинг шаштини қайтарманг!” деб кекса аёлнинг ҳафсаласини пир қилсамми?.. Бир қарорга кела олмадим. Шундай қилиб, қўлдан чиқишга уриниб типирчилаётган Соттиқул бир маҳал бувисининг қўлини тишлаб олди.
– Вой-вой, ҳаҳ, қуриб кеткур!.. – Кампир қўлини қўйиб юбориб, боланинг бошига тарсаки урди. – Тиш ҳам шунақа ўткир бўладими?!
Онаси келиб этагидан тутай деганда Соттиқул шилт этиб қўлдан чиқди-да, ҳўнграб йиғлаган кўйи пилдираб югуриб тўппа-тўғри мен кетадиган йўл устига чиқиб борди.
– Мен бораман… бора-а-ман!.. – Нарироққа яна қочиб бориб, “энди юрмайсизми” дегандай, мени кўзлаб тўхтаб турди. Иҳ-ҳи… иҳ-ҳи-и…
– Ҳой бола, буёққа кел! Ҳаҳ шумтака, тил уқмас-а! – дея бувиси тишланган қўлига бир қараб қўйиб, Соттиқул томон қадам босди. – Бўлмайди шекилли, бу қуриб кеткур… Ялангоёқ, ялангбош аҳволда…
Сейди эна ҳам ўша томонга юрди:
– Бери кел, болам, буёққа кел, – деб овоз берди у. – Эртага икковимиз борамиз!..
Отга шартта миниб йўлга чиқишга кўнглим бўлмади. Ё бу ўжар болани қолдириш керак, ё бўлмаса, онасини кўндириб, уни олиб кетиш керак эди. Индамай жўнаворсам, бола олдимга тушиб югургилаб кета бериши тайин. Бир амаллаб болани онасининг қўлига тутқазиб, бўйнимдаги бу юкдан қутулмоқчи бўлдим:
– Соттибек, кел, укажон! Отга мингаш, бу ёққа кел! – деб алдадим. Аммо Соттиқул ўчакишиб, яна нарироққа юрди. Нима қилсак экан?
– Уч йилдан бери бир қайрилиб кўриб кетмайди-я… – деб ғудранди кампир. – Бояқиш бола, Оқйўл деса ўпкаси кўринади. Оқйўлликлардан биров-ярим дуч келиб қолса, ўзида йўқ қувониб кетади. Отаси тирилиб келгандай бўлади-қолади.
– Вой, садағанг бўлайин, болам-а! – деб Сейди эна пиқиллаб йиғлаб юборди. – Ота қўшнилари, қариндош-уруғларини соғиниб… Майли энди, борсанг бор. Кел, кийимларингни кий!..
– Ҳо-о, алдаб ушлаб оласизлар!..
– Алдамайман, садағанг бўлайин, алдамайман. Борсанг бориб келарсан, амакингнинг отига мингаш!..
– Яёв кетавераман!.. – деди Соттиқул ўжарлик билан. Камзулимни бериб юбор!
– Ростан ҳам жўнатаверасизларми? – деб сўрадим мен. – Қайтага, шундай қилганингиз маъқул. Соғинчини босиб келади-да.
– Нимаям қилардик? Тўпалонини кўриб турибсан-ку…
Мен Соттиқулга қараб қўл силкитдим:
– Соттибек, кел энди. Тезроқ кийин, кетамиз!
Бироқ Соттиқул олайиб қараб қўйди-да, яқинлашиш тугул, яна нарироққа кетди:
– Бор-май-ман!..
Чораси қолмаган Сейди эна унинг камзулини, қалпоғини, кўпдан бери кийилмаганлигидан ғижимланиб қолган чармдан қилинган пошнали этигини менга тутқазди. Ўзи ҳам бир сўзини иккинчисига улаб бидирлаб гапирадиган аёл эди, бу ёруғ дунёда топган нуридийдасини менга омонат тайинлади:
– Садағанг бўлайин, иним, – деди менга. – Обориб қўй… Қариндош-уруғларининг дийдорига тўйсин, соғинчи босилсин. Садағанг бўлайин, боланинг яқинларидан бирига ўзинг тайинлаб айтиб қўй, боланинг қорни оч қолмасин, иссиқ ўтиб кетмасин!.. Кейин… садағанг бўлайин, Тилаганбой, ўзинг бу ёққа қайтар маҳалинг мингаштириб олиб келиб ташлаб кет!.. Соттижон, жон болам, бўптими, амакинг билан қайтиб кел!.. Соттижо-он!..
* * *
Эринчоқ тўриқ отим бирпас дам олгани учун хийла тетикланиб, ўз-ўзидан йўрғалаб, чаққон юра бошлади. Онда-сонда шип этиб қамчи уриб қўйганимни демаса, мен ҳам унинг юришини жадаллатмай, ўз ҳолига қўйдим. Отқулоқ юлиб, сағриси устига ёйдим-да, кўрпачамнинг бир учини унинг устига тўшаб, Соттиқулни мингаштириб олдим. У белбоғимни қўшқўллаб ушлаб келяпти. Индамайди. Ана Қорасувнинг лиқиллаб турган кўпригига ҳам етдик. “Мудраб қолмадимикин бола…” деб ўйлайман. Ахир, отим қўққисдан чўчиб сакраса, ёки тошга қоқилса, бола тап этиб ерга йиқилиши мумкин-да. Шунинг учун, ортимга бурилиб қараб:
– Соттибек, ухлаб қолганинг йўқми? – деб сўрадим.
– Йўқ… – деди у. – Ухлаганим йўқ, Тилаган ака!..
Лопиллаб турган кўприкдан ўтиб ўнгга бурилдик-да сой ёқалаб кетдик. Қорасув пишқириб оқиб ётибди. Дарёнинг жанубий томони қалин тўқай, шимол ёғи эса шиға тошлоқ. Салқин, негаки, ҳаммаёқ дарахтлар кўланкаси, қолаверса, сувнинг шабадаси бор.
Дарё қайрилган жойда кичкина ҳамроҳим билан отдан тушдик. Кун пешинга яқинлашиб, ола кўланка камайиб қолган. От айилини бўшатиб, сувлуғини чиқариб, қулф уриб ўсган ўтга қўйдик. Чилвирини ҳар эҳтимолга қарши Соттиқул ушлаб олган.
Бу жой тоғ деб айтилмагани билан, хийла баланд довон. Бошқа ерларга қараганда сирти ёйиқроқ. Тепасига чиқсангиз, Учқурт, Молқолди, Оқйўл овуллари яққол кўриниб туради.
– Во-ой… Оқйўл… Қаранг, Тилаган ака, Оқйўл!.. – Соттиқул қувониб, мен у жойларни энди кўриб турганимдек, қўли билан узоқларни кўрсатиб бидирлай бошлади – Ҳў ана, во-ой, бизнинг уй!.. Мингбой оғамнинг уйи… Нурқулларнинг уйи… Ия, ҳали ҳам бор экан-ку!.. Тилаган ака, биз-чи… Нурқул икковимиз ҳу анов ерда ўйнаб юрар эдик, думбул пишириб ердик!..
– Нурқул… ҳозир ҳам юргандир, – деб қўйдим мен. – Аммо макка чопиққа энди кирди-ку. Думбул йўқ.
– Биламан, – деди Соттиқул. – Биз Нурқул икковимиз ёзда сойга қармоқ солардик. Ву-уй, ўшанда-чи, Тилаган ака, роса катта, каттако-он балиқ тутганмиз. Кейин туш маҳали ўзимиз ҳам балиқдай сузиб ўйнаганмиз, во-ой, ўшанда жуда мазза бўлган эди-да!..
Қатор қилиб экилган мевали дарахтлар, бўйида оқ тол билан мирзатераклар қулф уриб ўсган, қирғоғида қамишлар дириллаб турган ариқ, оралари ўқариқ билан чегараланган чорбоғлар, ундан нарига иланг-биланг бўлиб кетган йўллар, томига қамиш босилган оппоқ уйлар юрагида соғинчи тошган боланинг кўзларига ўз онасининг бағридай меҳрибон туйилар эди.
Соттиқулнинг юзи булут ўтиб, қуёш чиққан дала каби ёришиб кетди, юзлари яшнаб, пирпираган кўзларида қувонч балқир эди. Бўйнини чўзиб, Оқйўл овулидаги ҳар бир дарахту тошга тўймай тикилар, агар тақдир бўлиб, унга қанот битса туғилган овули устида юз марта, минг марта чарх уриб учгудай, ўшанда ҳам соғинчи босилмагудай эди!..
Дилим алланечук бўлиб, секин сўраб қўйдим:
– Ҳа, Соттибек, овулингни соғиндингми?
Бола ҳали ҳам Оқйўл тарафдан кўзини узмай, бош ирғади:
– Ҳа-а…
– Соттибек, бояги уйингларда қийинчиликмиди, озиқ-овқат озмиди?
– Йў-ўқ, яхшийди. Кейин-чи, онамни Оқйўлимизга кетайлик, десам унамайди. Кузроқда, дейди… юраверади… Мен роса йиғлардим. Ўшанда-чи… Тилаган ака… ўшанда мен мана бундай деб қўшиқ айтардим. Айтиб берайми?
– Қани, айт-чи, Соттибек!..
Адирда ўсган тиканман,
Арғумоқ минармиканман,
Арғумоқни эгарлаб, о-о,
Овулимга кетармиканман?
Тепада ўсган тиканман,
Тўриқ минармиканман.
Тўриқ отни эгарлаб, о-о,
Туққан еримга етармиканман.
Юрагим титраб кетди. Болани даст кўтариб, пешонасидан ўпиб-ўпиб юбордим!.. Бу норасида боланинг юрагида шунча ғам-ғусса! Бирга ўйнаб ўсган ўртоқларини, қариндош-уруғ, яқинларини соғиниб-ўртаниб эслайди, киндик қони томган, биринчи марта оёқ чиқариб юрган ота уйини учиб-қўниб қўмсайди… Ҳозирча бижирлабгина турган бу гўдак, вақти келиб, бир овули эмас, жами эл-юрти учун жонини фидо қиладиган, ажалга ҳам қўрқмай тик боқадиган бир азамат ўғлон бўлиб вояга етса – не ажаб!
Бирпасдан кейин чарчаган тўриғимизни ниқтай-ниқтай, одамларигина эмас, ҳар бир дов-дарахт, оққан сувлар бўйидаги катта-кичик тошларию қамишлар бошини дириллатиб эсаётган шабадасидан тортиб, кечки маҳал томлар устида ёқимли бўлиб тараладиган тутунларига қадар дардимизга даво бўлган ўзимизнинг Оқйўл овулимизга кириб бордик.
Қирғиз тилидан Зуҳриддин Исомиддинов таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 10-сон