Онаси билан видолашиш Муродга насиб этмади. Кампир жон таслим қилганида у Швецияда хизмат сафарида эди.
Сафар олдидан Ўшга келиб, бемор онаси билан узоқ суҳбатлашиб ўтирди. Ярим йилдан бери кўрпа-тўшак қилиб ётган онанинг аҳволи кундан-кунга оғирлашиб борар, овози деярли чиқмай қолган, юзидан гўшт қочиб, жағ суякларигина қолган эди. Беморга тикилиб қараган киши унинг юзида тириклик аломатлари сўниб бораётганини сезарди. Ичини илондай ўраб олган оғриқ азобига чидамай, ўқтин-ўқтин ўқчиб, беҳаловат бўлади. Умри, ризқ-насибаси тугаётгани аниқ, кўзини юмиши билан, кўрган-кечирганлари қора булутдай эриб, кўз ёшларига айланар, юзидан пастга оқар, ички бир сезим бу дунёнинг ҳамма ҳою ҳаваслари ўткинчи эканлигини ўқтираётгандай эди. Дори-дармон, баданга тинимсиз нина уришлар фойда бермаётгани кўриниб турарди.
Мурод онасининг қўлини, ориқлаб кетган панжаларини маҳкам қисди. Она ярим йилдан бери ажал ва тириклик ўртасида эди. Каравотга ёпишган танасида мадор йўқ, ҳар куни уч маҳал оладиган уколлари оғриқни бироз бўлса-да енгиллатар, аммо кўп ўтмай, яна азобга қолар, тун бўйи титраб-қақшаб чиқарди. Эрталаб келадиган доктор касал оналарини қараб ўтирган қизларга, ўғли Муродга бор гапни очиқ айтиб, “Беморнинг нари борса икки ҳафталик умри қолди”, деди. Бу гапни эшитган кенжа қиз изиллаб йиғлади. У оиласи билан Россияда яшарди, онасининг касаллигини эшитиб, ҳамма ишини ташлаб келиб, мана, бир ҳафтаки, шу ерда. Олисда ўтаётган хазон умрига ачиниб, “Қани энди, онамнинг ёнидан узоқлашмасам”, деган фикрда кўзига ёш оларди.
Қиз онага меҳрибон бўлади, буни кўриб, сезиб турган Мурод янада эзилди. Эркак кишининг юраги бошқача бўладими, онасининг оғир аҳволидан ўзини йўқотиб қўяёзди. Она фарзандлари ичида Муродга бошқача меҳр қўйганди. Балким оналар ўғил болага шундай муносабатда бўлишар. Мурод бирор жойга бориб қайтса, уйга келиши билан: “Вой садағанг кетай, болам, омон-эсон келдингми?” дейишни канда қилмасди. Ўғлининг ёши элликдан ошса ҳам, у она учун бола эди.
Онаси қадди-қомати келишган, бинойидек чиройли аёл эди. Бирор марта жони оғриб, тўшакка ўралиб ётиб қолганини эслай олмайди. Аксинча, тирикчилик деб, тиним билмади, ўзини аямади. Охири куч-қувватдан қолди. Унинг ёшида аёллар кўримлилигини йўқотмайди. Онасининг бўлса тим қора сочлари оқариб, кўзларидан нур қочган эди. Бундан аввалги келганида соғлиғи ёмон эмас, ўзини ўзини эплайдиган ҳолатда бўлиб, ўғлидан ҳол-аҳвол сўрар экан, “Садағанг кетай, болам, омон-эсонмисан? Болаларинг яхшими, келиним тузукми?” деганди. Энди эса ёнидан жилмай турган қизларига қараб: “Сизлар ташқарига чиқиб туринглар, акангизга айтадиган гапим бор”, демоқчидай ишора қилиб турибди.
Қизлар бир-бирларига сирли қараб олишгач, жимгина ташқарига чиқишди.
Хонада ўзлари қолишди. Она ориқ, қуруқшаган қўллари билан ўғлининг қўлини ушлаб, нафас олиши сусаяётганига қарамай, оғзига яқин олиб келиб ҳидлади. Ўғли онасининг сўник юзини, тўзғиб, бир-бирига ёпишиб кетган сочларини силади, ўпди. Она Муроднинг қўлини ҳолсизгина қисар экан, кўзларида симобга ўхшаш икки томчи ёш пайдо бўлди. Кўзларининг ёш қудуғи аллақачон қуриб бўлганди, бу икки томчи унинг жон томирларидан сирғалиб чиққандай бўлди. Симобдай икки томчи ёш. Уларда оналик меҳри товланиб турарди. Она йиғламасликка нечоғли ҳаракат қилмасин, ичидан келаётган унсиз йиғи олдида чорасиз эди.
Бир зум жим қолишди. Бир-бирларига айтмоқчи бўлган сўзлари йиғилиб томчиларга айланди. Ўғлининг тили айланмай қолди. Она, барибир, она-да, сўз айтишга ўзида куч топа олди.
– Худойимдан ўргилай, ўлмас овқат, чиқмас жон бўлса ҳам, ҳарқалай яшадим. Ҳаммасига розиман. Яратган эгам мени даргоҳига чақирмоқда. Мана бу омонатим сенга. – Онанинг овози ҳирқираб қолди. Бошини қийинчилик билан бироз кўтариб, ёстиқ тагидан кичикроқ халтачани олди ва ўғлига: “Ичини оч”, деди. Мурод халтачанинг ипини тортиб, очди. Ичида бир сиқим тупроқ бор экан.
– Бу тупроқни бир ой олдин Олойга бориб, отангнинг қабридан олиб келдим,− деди кампир ҳансираган ҳолда. – Ёмон гапда ҳам бир яхшилик бўлади, дейдилар. Ризқим тугаб, сўнгги қултум сув томоғимдан ўтиб, жонимни топширгудек бўлсам, шу тупроқни қабримга сепиб қўй, болам…
Мурод онасининг қўлидан халтачани олиб, уни беихтиёр ҳидлади, димоғига тупроқ ҳиди урилди, аммо онаси нега бундай қилганини тушунмади. Кўзи очиқлигидаёқ у дунё ҳақида ўйлай бошлаганига ақли етмади.
Онасининг ёнида унга узоқ тикилиб ўтирди. Кейин халтачани плашининг ён чўнтагига солди-да, кўнгилини кўтариш, бироз чалғитиш учун: “Эна, мен қайтиб келгунча ўлмай туринг, хўпми?”, деди.
Кампир билинар-билинмас бош ирғади ва “Буёғи энди Яратган эгамнинг иродаси. Умр ўтди – олов сўнди. Ўзинг омон бўл, соғ-саломат бориб кел. Омин”, деди озғин қўлларини бироз кўтариб дуо қилар экан.
Мурод онаси билан хайрлашаётиб, унинг ҳаёт шаъми сўниб бораётган юзига яна бир бор унсиз тикилиб қаради. Бир-бирларини сўнгги бор кўриб турганларини иккалалари ҳам сезиб туришар, аммо буни бир-бирларига билдирмасликка ҳаракат қилишди. Она ўғлига қараб, “Маъқул” дегандай қоқ суяк жағини қимирлатди.
* * *
Мурод халтадаги тупроқни Бишкекка олиб кетди. Хорижга учди. Орадан кўп ўтмай, эрта тонгда онаси оламдан ўтганини эшитди. Бу хабарни унга турмуш ўртоғи етказди. Телефонда қисқача гаплашиб олишгач, хотинига ҳозироқ йўл тадоригини кўриб, Стокгольмдан Москвага, сўнг Ўшга учишини айтди. Хотини ҳам Бишкекдан Ўшга қараб йўл олди.
* * *
Ўғли узоқдан етиб келишини ҳисоб қилиб, майитни бир кун ушлаб туришди.
Мурод кечки ғира-ширада дунёнинг узоқ бир бурчагидан Қорасувга етиб келди. Россияда яшайдиган қариндошлари ундан олдин келишибди. Муродни кўриб, ҳаммалари “Энам-мо, энажоним-о”, деб уввос солишди. Аза йиғиси армон йиғисига қўшилиб кетди. Ёш бир қариндоши онасининг исмини айтиб йиғларди. Унинг овози тош кўнгилларни ҳам титратиб юборгудек таъсирчан эди.
Мурод онаси ётган бўз уйга кирди, майит атрофида ўтирган қариндошларининг йиғиси янада кучайди. Тиззалаб чўкди. Онасининг жонсиз қўлларини ушлади. Йиғлади, аммо йиғиси қуруқ чиқди. Кўзига ёш келмади.
Аёллардан бири марҳуманинг юзини очди. Ажал кўзлари юмуқ, тириклик нишоналари юзини аллақачон тарк этган онани мангу уйқу дунёсига олиб кетаётган, ўлим шарпаси шундоққина кўриниб турган эди.
Эркаклар овозсиз, ич-ичидан йиғлашди. Мурод ўкраб йиғлай олмади. Овози эшитгулик даражада чиқмади, кўзига ёш, томоғига ўкирик келмади, вужудини титратиб турган қайғу-армон овозли йиғига айланмади.
Эртаси куни тонгда Муроднинг ёдига онаси берган халтачадаги бир сиқим тупроқ тушди. Онасининг омонати. Совуқ хабарни эшитиб, шошилинч йўлга тушганида эсламабди. Хотинига айтиб қўйганида, олиб келарди.
Пешинда жаноза ўқиладиган бўлди.
* * *
Бишкекда қолган ўн яшар қизига қўнғироқ қилди. Халтачани иш столининг ғаладонига солиб қўйган эди. Шаҳарда ўсиб, шаҳарлик бўлиб кетган қизига ижикилаб, аранг тушунтирди. Қизи қидира-қидира топди.Телефонда: “Дада, тупроқ-ку, уни нима қилиш керак?”, деди. Шу куни шофёри ҳам Қорасувга келиши керак эди. Унга қўнғироқ қилиб, уйимга борсанг, қизим бир нарса беради, шуни олиб кел, ёдингдан чиқмасин, деб қаттиқ тайинлади.
Шофёр вақтида етиб келди.
Майитни сувга олишди. Жаноза ўқилди. Эркаклар тобутни елкаларига олишлари билан сингиллари уввос солиб, йиғини кучайтиришди. Мурод овул қабристонига етгунларича тобутни елкасида кўтариб борди.
Майит қабрга қўйилди. Қуръон тиловат қилинди. Мурод халтачадаги тупроқни қўлига олди. Димоғига тупроқ ҳиди урилди. Тупроқнинг эмас, онасининг ҳиди. Умрида биринчи марта бу ҳидни сезди. Онаси халтачани ҳеч кимга кўрсатмай, кўп вақт бағрига босиб ётган эди.
Тупроқни гўр ичига сочди.
* * *
Орадан бир йил ўтди. Ҳаёт ўз ўзанида давом этарди.
Мурод бир сафар хизмат сафари билан Японияга борди. Бир ҳафта кунчиқар мамлакатда бўлди. Вақт жуда тез ўтди. Япония, тасаввур қилганидек, ажойиб юрт экан, аммо кўз билан кўришга нима етсин.
Сафарининг сўнгги куни Токиодан икки юз чақирим жойдаги Фудзияма тоғини бориб кўришга қарор қилди. Бу тоғ ҳақида жуда кўп эшитган, ўқиган. Таниқли япон суратчиси Кацусика Хокусайнинг “Фудзининг 36 кўриниши” тўпламини қайта-қайта томоша қилган, унинг Фудзиямага муҳаббатидан таъсирланган эди. Олисроқдан қараганда, Фудзи Олой тоғларига ўхшаб кетди. Японлар Фудзини муқаддас тоғ сифатида улуғлашади. Бу ерга келган ҳар бир киши ичида йиғилиб қолган сир-асрорлари, армону ниятларини айтиб, кўнглини бўшатиб кетади. Хокусай тоғни қайси тарафдан суратга олмасин, у ўзининг бетакрор улуғворлигини намойиш этади. Ҳар тонг муқаддас қуёш Фудзидан бош кўтариб, ғарбга томон йўл олади. Йўл-йўлакай олисдаги оқ қор, кўк музли ўлкалар осмонидан ўтиб, манзилига ошиқади.
Мурод тоғ этагига етганида, ерга энгашиб, қўлига бир сиқим тупроқ олди. Ҳидини сезди. Вужудини ҳаяжон қоплади, япон ёзувчиси Сайгё асарлари таржимасини эслади. Бу моҳир адиб уч қатор шеър ёзиш, Фудзининг қалбини англаш, тушуниш учун унинг пойида яшаб, ёлғизоёқ йўлларда бир ўзи кезиб, шу ерда жон таслим қилгани, Яратган эгамга хос ёлғизликда Фудзи ўрмонларида парвоз қилаётган қушлар, шилдираб оқаётган сувлар, шамолда ўйноқлаётган япроқлар билан, тунда тўлин ой, кундузи Қуёш билан диллашиб умр ўтказгани ёдига тушди. Адибнинг бор-йўғи уч сатрдан иборат шеъри қандай туғилганини тушунди. Тириклигида чор-ночорлигидан юзага чиқа олмаган, эл орасидан бир четга сурилган, вафотидан кейин эса оламшумул машҳурликка эришган Сайгёнинг қалбини ҳис этди. Одамлар сени тушунишлари, эътироф этишлари учун наҳотки ўлишинг зарур бўлса?!
Мурод Сайгёни устоз деб билган Басёнинг уч қатор шеърини эслади.
Фудзининг қалбидан эсаётган ел,
Сени елпиғичда, муқаддас туйғу
шаҳарга олиб кетаман.
Мурод шеърдан ғоят чуқур таъсирланди. Бу ерга келмаганида, унинг маъносини англамаган бўларди. У Фудзини жуда-жуда орзу қилганди. Мана, Хокусай ўттиз олти тарафидан суратга туширган муқаддас тоғ билан юзма-юз турибди. Қўлидаги тупроққа умрида ўзи йўқотган бир нималарни излаётгандай тикилди. Онаси отасининг қабридан олган бир сиқим тупроқни бағрига босиб неча вақт ётганидан бехабар бўлганида, Фудзи тупроғининг ҳидини сезмаган, бу ерда туриб, олисдаги ота маконини соғинмаган бўларди. Ҳаёлида муштипар онаси билан бирга бу улуғ тоғни бирга кезишди. Чўққидан бош кўтараётган Қуёшни ҳаммадан олдин кутиб олишди. Онаси Қуёш нурига юзини ювди. Тоғнинг булутларга етган чўққисига тикилиб, Ясунари Кавабата тасвирлаган минг қанот турналардай учиб юришди. Онаси ўша турналарнинг бирига айланди. Булутларни оралаб уча бошлади, пастлаб, мовий денгиз тўлқинларига тўш урди…
Мурод ҳаммага эшиттириб, “Она, онажон” дея ҳайқиргиси келди. Хаёли уни гоҳ тоғ чўққисига, гоҳ олисда қолган Олой бағрига етаклади, бу ернинг ҳануз ҳеч кимга маълум бўлмаган куч-қудратини англади.
Эртага юртига қайтади. Фудзининг улуғворлиги, ҳарорати-ю салобати, беадоқ сир-синоати, куч-қудратини ўзи билан бирга олиб кетади. Қўлидаги тупроқни дастрўмолига тугиб, чўнтагига солиб қўйди. Онасининг қабрига олиб боришни ният қилди. Бу муқаддас тоғ тупроғининг хосиятини онаси билан баҳам кўрмоқчи бўлди.
Кечки маҳал Фудзидан Токиога қайтди. Эрта тонгда юртига учади.
* * *
Нарита аэропорти.
Мурод чиптасини рўйхатдан ўтказиб, юкини топширди. Япония аэропортларида йўловчилар учун ҳамма қулайликлар мавжуд, ҳеч бир муаммо йўқ. Навбатда туриш ҳам.
Самолёт салонига кўтарилиб, жойига ўтирди. Ёнига кекса япон аёли жойлашди. Раҳматли онаси билан тенгдай кўринди. Бош эгиб сўрашишди.
Стюардесса қизнинг овози эшитилди. Мурод аввалига эътибор бермади. Бироздан кейин қизнинг овози қайта эшитилди. Стюардесса Муроднинг исмини айтаётгандай бўлди. Мурод аниқ эшитди, аммо нима деяётганига тушунмади. Стюардесса полиция кийимидаги киши билан унинг ёнига келиб, паспортини сўради. Мурод костюмининг ички чўнтагидан паспортини олиб уларга узатди. Иккови япон тилида бир нималарни гапира бошлашди. Сўнг Муродга “Биз билан юринг” деган ишора қилишди. Мурод инглиз тилида: “Қаёққа?”, деб сўради. Улар “Биз билан юринг” ишорасини такрорлашди.
Мурод ҳайрон. Полициячи адашиб, бошқа самолётга чиққани учун уни туширмоқчи бўлдими? Ундай деса, адашгани йўқ. Чиптаси шу самолётга. Ҳар хил гумон-шубҳалар ичида қолди. Уни қаёққа олиб боришмоқчи? Нега? Юмшоқ, самимий муомалаларига қараганда, ташвиш тортадиган жойи йўқ.
Полициячининг чоққина хонасига киришди. Хона ўртасидаги стол устида чамадон турибди. Мурод чамадонини таниди.
– Сизникими? – деб сўрашди.
– Ҳа, меники, – деди.
– Очинг.
Мурод чамадонини очди. Кийим-бошлари, сотиб олган у-бу нарсалари. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Полициячи кийимларнинг ичидан Мурод кеча Фудзиямадан рўмолчасига тугиб олган тупроқни кўрсатиб, “Бу нима?”, деб сўради.
– Тупроқ, Фудзияманинг тупроғи, – деди Мурод ўйламай-нетмай.
– Мумкин эмас, – деди полициячи тупроқни селлофан пакетга солар экан. Кейин ёнидаги ходимларига “Самолётни ушламай, йўловчини тезроқ салонга олиб боринглар”, деди.
Тупроқни олиб қолишганини айтмаса, Муродга ҳеч ким бошқа бир сўз ҳам демади, нега мумкин эмаслигини тушунтиришмади ҳам. Стюардесса ҳамроҳлигида самолётга қайтиб келиб, ўрнига ўтирди. Нима гаплигини билмаган йўловчилар унга олазарак нигоҳ билан қарашди.
Самолёт ҳавога кўтарилди.
Иллюминатордан орол кўринди. Улуғ баҳри уммон ўртасидаги япон ороли. Ёнидаги аёл оролга ифтихор билан қараётгани унинг юз-кўзидан кўриниб турарди. Мурод ҳам кўздан тобора узоқлашиб бораётган оролга тикилди, чуқур хаёлга чўмди. Ёнидаги аёлга ўгирилиб, “Мен Фудзияма тупроғидан бир сиқим олиб кетаётган эдим, шуни олиб қолишди”, деди. Аёл аввалига ҳеч нима демади, сўнг унга маъноли нигоҳ ташлаб, “Япон тупроғи муқаддас бойлигимиз, биз унинг бир чимдимини ҳам четга чиқармаймиз”, деди.
* * *
Самолёт баландлаб борарди. Муроднинг ёдига Басёнинг уч қатор шеъри тушди:
Гуллаган олчага тенг келолмай
Ўчди булутнинг овози.
Ой уялиб кетди…
Самолёт янада баландлаб уча бошлади. Улуғ баҳри уммоннинг ўртасида онасининг бир томчи кўз ёшидай япон ороли ястаниб ётар эди…
Қирғиз тилидан Аҳмаджон Мелибоев таржимаси
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 12-сон