Ушбу қисса халқ томонидан саховатпешаларнинг тўрт хил номи билан аталган, бироқ на ҳукмдорлар ёзишмалари, на донишмандлар китобларида қайд этилган ва хотираси унут бўлган Вирата ҳақида.
Донишманд Будда ҳали ер бўйлаб юрмаган ва ўз маҳрамларига илм нурини сочмаган бир замонлар бирваглар юртида, шоҳ Ражпутан ҳузурида Шамшир Яшини дея улуғланувчи – зеро, у жангчи эди – Вирата исмли машҳур инсон яшарди. У ботирларнинг ботири эди, ўқи сира нишондан адашмасди, найзаси ҳеч қачон бекордан-бекорга кўтарилмас ва қўли қилични силтар пайти яшиндек зарба урар овчи ҳам эди. Пешонаси ёруғ, нигоҳи инсонлар кўз қарашини очиқлик билан қарши оларди: қўллари жаҳл билан муштга тугилганини ҳеч ким кўрмаганди, товуши ҳеч қачон қаҳрли қичқириқ даражасига кўтарилмасди. У ҳукмдорига садоқат ила хизмат қилар, ўз қуллари эса ҳурматини жойига қўярди, зотан, дарёнинг ҳар бешта бурилишида ҳам ундан ўтар одил кимса йўқ эди. Тақводор кимсалар унинг уйи ёнидан ўтаётиб бош эгардилар, гўдаклар эса нигоҳини кўриб жилмайишарди.
Кунлардан бир куни шоҳнинг бошига кулфат тушди. Салтанатининг ярмини идора қилиш учун қўйилган қайноғаси, яъни хотинининг укаси салтанатнинг қолган ярмини ҳам эгаллашни истаб қолди, шоҳнинг энг яхши аскарларини ўзига хизмат қилдириш учун хуфия совғалар кўмагида ўзига оғдириб олди. Бирваглар мамлакатида неча минг йиллардан буён ҳокимият рамзи ҳисобланиб келган табаррук кўл қарқараларини тунда унга келтириб беришларига коҳинларни кўндирди. Исёнкор бу кимса жанговар филларни шайлади, ҳокимиятдан норози тоғликлардан аскар тўплади ва табаррук қарқараларни ўзи билан олиб, пойтахт томон дағдағали юришини бошлади.
Шоҳ эртадан кечгача ноғоралар чалиб бонг уришга ва фил суягидан қилинган карнайларни чалишга фармон этди; тунлари минораларда гулхан ёқдилар ва оловга балиқларнинг кукунга айлантирилган тангачаларини сочдиларки, токи улар чорлов белгиси сифатидан тилла рангда учқунланиб, юлдузлар сари кўтарилсин. Бироқ кўпчилик келмади: табаррук қарқараларнинг ўғирланиши ҳақидаги хабар саркардалар юрагига оғир юк бўлиб тушган ва қўрқув билан тўлдирганди. Жангчилар бошлиғи ва филларни сақловчи киши – саркардалар ичида энг ишончлилари – аллақачон душман қароргоҳига ўтиб олганди ва тарк этилган шоҳ (зеро, у қаҳри қаттиқ ҳукмдор, талабчан қози ва ўлпон йиғишда бир сўзли кимса эди) ўз биродарларини ён-атрофидан бекорга изларди. У сарой рўпарасида шавкатли саркардаларидан биронтасини ҳам топа олмай, эсанкираб қолган қуллар ва мулозимлар тўдасини кўрди, холос.
Шундай оғир паллада шоҳ Виратани – бурғуларнинг биринчи садосидаёқ ўз садоқатини изҳор этган кимсани эслади. У ўзини қора оғочдан ясалган тахтиравонда Виратанинг уйига элтишларига амр этди. Шоҳ тахтиравондан тушганида Вирата ўзини ерга юзтубан ташлади, бироқ шоҳ уни кўтариб бағрига босди ва жангчиларни душманга қарши бошлаб боришни сўради. Вирата бош эгиб, деди:
– Мен буни бажараман, жанобим ва токи исён ўти маҳрамларинг оёқлари тагида топталиб ўчмагунча бу уйга қайтмайман.
Вирата ўғиллари, қариндош-уруғлари ҳамда қулларини бир жойга йиғди, шоҳга содиқ жангчиларни уларнинг тўдасига қўшди ва барчасини бир сафга тизди. Улар кун бўйи қалин ўрмон ичра дарё тарафга юрдилар: ўз куч-қудратини мақтаётган ва кўприк учун дарахтларни кесиб, эртаси куни тонгдаёқ у орқали мамлакатга селдек ёпирилиб, қонга ботиришни мўлжаллаётган сон-саноқсиз душман қўшини дарёнинг нариги қирғоғини макон тутганди. Бироқ, авваллари йўлбарсларни ов қилган Вирата оқим бўйлаб тепароқда кечув борлигини биларди ва қоронғилик қуюқлашганда ўз одамларини бирин-кетин дарёдан олиб ўтди ҳамда ухлаб ётган душманга тун ярмида тўсатдан ҳужум қилди. Улар фил ва қўтосларни чўчитиш учун қатрон шимдирилган машъалаларни силкитишар ва жониворлар қочаётиб, аланганинг чодирлар ичига тушаётган оппоқ ёруғида ухлаб ётганларни босиб-янчардилар. Вирата биринчи бўлиб хоинлар чодирига бостириб кирди ва ухлаётганлар ўзига келишга улгурмай, аллақачон икки нафарини ўлдириб бўлди, учинчисини эса қиличини қўлига олмоқчи бўлаётган пайти чопиб ташлади. Тўртинчи ва бешинчиси билан Вирата нимқоронғида бирга-бир олишди ва дастлабкисини пешонасига, наригисининг эса яланғоч кўксига зарба берди. Улар – соялар ичра соялар – унсиз йиқилганда эса Вирата ҳеч ким ичкарига йўламаслиги учун танаси билан чодир эшигини тўсди, зеро, Тангрининг муқаддас рамзи ҳисобланмиш оқ қарқараларни қутқаришни истаганди. Аммо ғаним бошқа кўриниш бермади, ўлим ваҳимасида жанг майдонидан ура қочди, ортидан эса тантанавор қийқириқлар билан шоҳ маҳрамлари қувиб кетдилар. Қувлаш чодирдан нарироқда давом этди ва аста-секинлик билан йироқ-йироқларда уни ўчди. Шундан сўнг Вирата оёқларини чалкаштириб, остонага бамайлихотир чўкди: у қонга беланган шамширини қўлида тутганча, жангчиларининг қирғинбарот олишувдан сўнг қайтишларини кутиб турарди.
Бироз вақт ўтиб Тангрининг яна бир куни ўрмон ортида ўз жамолини кўрсатди, палмалар тонгнинг қизғиш олтин рангида товландилар ва машъала янглиғ дарё тепасида жилва қилдилар. Қонталаш офтоб ўтли яра изини қолдирганча шарқни сирмаб ўтди. Шунда Вирата ўрнидан турди, либосларини эгнидан ечди ва қўлини боши тепасига кўтарганча сувга яқинлашди: у Яратганнинг чароғон нигоҳи қаршисида ибодат учун қад букди. Сўнг, табаррук таҳорат олиш учун сувга кирди ва қон унинг қўлларидан ювилиб тушди. Оқ тўлқин сингари манглайида тонг акс этганда эса яна қирғоққа чиқди, либосларини кийди ва тунда кўрсатилган жасоратларга тонг ёруғида кўз ташлаш учун чодирга қайтди. Мурдалар юзларида қотиб қолган даҳшат ичра кўзлари катта очилиб, қўлларини ёйганча ётардилар: пешонаси ўйилгани – исён бошлиғи ва кўкси чопилгани – бир пайтлар бирваглар мамлакати қўшини саркардаси бўлмиш хоин. Вирата уларнинг кўзларини ёпиб қўйди ва ўз қиличидан уйқуда мавҳ этилганларга кўз ташлаш учун олға қадам ташлади. Улар кўрпачалар билан чала ёпилган ҳолда ётишар ва икки нафарининг чеҳраси нотаниш эди: жанубий мамлакатлик исёнкорнинг қуллари, сочлари жингалак, танлари қора. Бироқ сўнггисининг юзини ўзи томон ўгирганда кўз ўнги қоронғилашиб кетди, зеро, у акаси Белангур эди: хоин тоғлик кенас Белангурни мададига суяниш учун ҳузурига чорлаб олган ва Вирата тунда уни ўз қўллари билан ўлдирганди. У тиришиб ётган майит устига танида титроқ билан энгашди: унинг юраги аввалгидек урмас, очиқ кўзлари ҳаракатсиз қотиб қолганди. Тимсиёҳ қорачиғи Виратанинг нақ юрагига бориб қадалди. Буюк жангчининг нафас олиши қийинлашди: у онаси ўзидан аввал дунёга келтирган жигарининг қотиб қолган, уни айбловчи кўзларини кўрмаслик учун гўё жонсиздек нигоҳини четга олганча майитлар ўртасида ўтирарди.
Бироқ тез орада баланд овоздаги қичқириқлар эшитила бошлади. Жангчилар катта бойликни қўлга киритиб ва дилда шодлик билан ёввойи қушлар тўдаси янглиғ шовқин-сурон солиб қайтмоқда эдилар. Ўз гўшасида мавҳ этилган кенас ва табаррук қарқараларнинг соғ-саломат эканлигини кўриб хурсанд бўлиб, жойларида сакраб ўйинга тушдилар ва ораларида бефарқ ўтирган Виратанинг ерга тегиб турган либоси этакларини ўпдилар ва уни янги ном билан алқай бошладилар – Шамшир Яшини. Янгидан-янги жангчилар оқиб кела бошлади; улар ўлжаларни араваларга ортишди, бироқ юк оғирлигидан уларнинг ғилдираги ерга шунчалик чуқур ботиб кетгандики, жойидан жилдириш учун буқаларни олхўри новдалари билан савалашга тўғри келди. Чопар шоҳга хушхабарни етказиш учун дарёга ўзини ташлаб олға шошилди, жангчилар эса ўлжа ёнида қолиб ғалабани тантана қилдилар. Бироқ Вирата сукутда, чуқур ўйга толганди. Фақат бир гал – жангчилар ўлганларнинг либосини ўғирламоқчи бўлишганда – товушини кўтарди. У ўрнидан қўзғалди ва ўлганларнинг танасини куйдириш учун гулхан ёқиб ўтин тахлашни буюрдики, токи руҳлари эврилиш йўлига покиза кўринишда кирсинлар. Таналарини бурдалаш учун шоқолларга ташлаш, сўнгакларини эса қуритиб юбориш учун ерда қолдириш лозим бўлган фитнакорларга нисбатан унинг бу каби йўл тутаётгани маҳрамларни ажаблантирди; бироқ унинг амрини бажо келтирдилар. Гулхан тайёр бўлганида Виратанинг ўзи уни ёқди ва хушбўй гиёҳларни унинг устига ташлади. Сўнгра, то энг сўнгги ёғоч қулаб, сўниб бораётган аланга устини кул қоплагунча сукут ичра юзини четга буриб турди.
Бу пайтга келиб куни кеча рақиб тарафидан ўзларини кўрсатиш учун бошланган кўприк қурилишини якунладилар. Бошларига банан гулларидан чамбар кийган жангчилар олдда, ортларидан эса қуллар, от минган кенаслар борарди. Вирата уларни олдинга ўтказиб юборди, зеро, қийқириқ ва қўшиқлар юрагини ўртамоқда эди. Ниҳоят, у ҳам йўлга тушди ва унинг истагига кўра ўзи ва саф орасида бир қадар масофа сақланди. У кўприк ўртасида тўхтади ва пастга, ўнг ва сўлга, оқаётган дарёга узоқ тикилди, орти ва олдида эса ҳеч нарсани тушунмаётган жангчилар ўртада маълум масофа сақлаган ҳолда, тўхтаб қолдилар. Сўнгра Виратанинг гўё осмонга пўписа қилаётгандек қилич силтаганини, кейин қўлини тушириб, дастани секин қўйиб юборгани ва қиличнинг сувга тушиб кетганини кузатиб турдилар. Қирғоқнинг ҳар икки тарафидаги қип-яланғоч навқирон йигитчалар қилич тасодифан қўлдан сирғалиб тушиб кетди дея эҳтимол қилиб, сувдан чиқариб олиш учун ўзларини дарёга отдилар, бироқ Вирата уларни қатъийлик билан чақириб олди ва пешонаси қайғудан тиришган ҳолда ҳайратланаётган қуллар орасидан оҳиста ўтиб кетди. Саф тортганлар сарғиш йўл бўйлаб соат сайин она шаҳар томон кетиб бораркан, оғзидан бирон сўз чиқмади.
Ногаҳон олисдан оппоқ булут кўтарилганда улар Бирваганинг феруза қадалган дарвозаси ва кунгурадор мезаналаридан ҳали олисда эдилар. Ушбу булут улар тараф юрмоқда эди ва чангни ортда қолдириб унинг орасидан бодпой ва чавандозлар ажралиб чиқди. Улар қўшинни кўриб тўхтадилар ва туғилган кунидан бошлаб то ўлимига қадар, токи муборак танаси аланга ичида қолмагунча оёғи ер ғуборига тегмаслиги лозим бўлган шоҳ ортларидан келаётганини билдириш учун йўлга пояндоз тўшадилар. Ва ёш жангчилар қуршовидаги шоҳ кекса филда яқинлашиб қолди. Йўлбошчига тобе фил тиззасини букди ва шоҳ пояндозга оёғини қўйди. Вирата ҳукмдор қаршисида таъзим қилмоқчи эди, бироқ шоҳ унга яқинлашиб, бағрига босди – бундай шарафга вақт бошлангандан буён ҳеч ким сазовор бўлмаган ва ҳеч бир қўлёзмада қайд этилмаганди. Вирата қарқараларни келтиришни буюрди ва улар оқ қанотларини силкишганида шодлик тўла шундай бир шовқин кўтарилдики, отлар осмонга сакраб орқа оёқларида туриб олдилар, сарбонларга эса филларни тинчитишга тўғри келди. Ғалабанинг бундай нишонланишини кўриб шоҳ яна бир бор Виратани бағрига олди ва маҳрамлардан бирига имо қилди. У ражпутларнинг шавкатли бобокалонига тегишли, шоҳ хазинасида етти марта етти юз йил турган қилични келтирди ва узатди; унинг дастасида олмослар жилва қилар, тиғига эса ота-боболарнинг – ғалабанинг кўпдан буён на донишмандлар, на бош ибодатхона руҳонийлари билувчи қадимий тилида – олтиндан битилган сирли сўзлари туширилганди. Ҳамда миннатдор шоҳ Вирата бундан буён барча ҳарбий қўмондонлар раҳбари ва барча қўшинлар саркардаси эканлигининг рамзи сифатида бу қилични унга узатди.
Бироқ Вирата ерга қадар таъзим қилди ва деди:
– Марҳаматли шоҳдан илтифот қилишини сўрасам мумкинми ва барча шоҳлар орасида энг марҳаматлисига илтимос билан мурожаат қилсам бўладими?
Шоҳ кўзини Виратага қадади ва жавоб берди:
– Нигоҳинг мен томон кўтарилишга улгурмай илтимосинг бажо келтирилади. Ва мабодо салтанатимнинг ярмини талаб қилсанг, лабларинг жуфтлашмай туриб у – сеники.
Ва Вирата деди:
– Шундай экан, эй шоҳим, бу қилич хазинада аввалгидек сақланаверсин, зеро, мен сал аввал якка-ю ёлғиз, бир онанинг қурсоғидан талашиб чиққан, онам мени қўлида кўтариб турганда у билан ўйнаганим акамни ўлдиргач, бундан сўнг қўлимга қилич олмасликка онт ичдим.
Шоҳ унга ҳайрон бўлиб қаради ва деди:
– Салтанатим душман учун олиб бўлмас қўрғон бўлмоғи учун саркардаларим ичида бошлиғи бўл. Зеро, ҳеч бир баҳодир қўшинларни куч жиҳатдан устун бўлмиш ғаним устига сендан тузукроқ бошлаб бормаган. Ҳокимият рамзи сифатида камаримни ол, шунингдек, барча-барча жангчиларим ичида биринчи эканлигингни билишлари учун отимни ҳам.
Бироқ Вирата яна бир бор ерга қадар таъзим қилди ва деди:
– Кўзга кўринмас менга ишора берди ва қалбим уни англади. Ҳар бир қотил бу иши билан ўз акаси жонини олишини билмоғим учун акамни ўлдиришимга тўғри келди аслида. Мен урушда саркарда бўла олмайман, чунки қилич ўзида зўравонликни акс эттиради, зўравонликнинг эса ҳуқуқ билан ғанимлиги бор. Кимки ўлим гуноҳига дахлдор бўлса, унинг ўзи мурда. Каминадан қўрқув ёғилишини истамасдим ва ўзимга берилган ушбу ишорадан кейин гуноҳга ботишдан кўра садақага нон сўраб ейишни афзал биламан. Абадий эврилишлар ичра умр қисқа, шундай экан ҳаётимни тақводорликда ўтказишга ижозат бер.
Шоҳнинг чеҳраси тундлашди ва шод-хуррамлик садолари ўрнини мудҳиш сукунат эгаллади, зеро, ота-боболар давридан буён эркин одамнинг урушдан воз кечиши ҳамда кенаснинг ўз ҳукмдоридан ҳадяни қабул қилмаслигини ҳали ҳеч ким эшитмаганди. Бироқ шоҳ табаррук қарқараларга, Вирата томонидан қўлга киритилган ғалаба рамзларига нигоҳ ташлади, унинг чеҳраси яна ёришди ва у деди:
– Вирата, душман қаршисида баҳодирлигинг ва салтанатимдагилар орасида энг адолатли эканлигингни билардим. Урушда сендан фойдаланмаган тақдиримда ҳам хизматингдан воз кечишни истамайман. Зеро, сен гуноҳ салмоғини биласан ҳамда уни одилона ўлчай олишинг боис бош ҳакам бўлиб саройим зиналарида ҳукм чиқар, токи деворларим ичра ҳақиқат бошпана топсин ва салтанатда ҳуқуқ сақлаб қолинсин.
Вирата шоҳ қаршида юзтубан йиқилди ҳамда миннатдорлик нишони сифатида унинг тиззасини ушлади. Шоҳ унга ўзи билан ёнма-ён фил устида ўтиришни буюрди ва фуқаро шодлиги ҳайқираётган денгиз каби ҳар тарафдан ўраган олтмиш минорали шаҳарга кириб келдилар.
Пуштиранг зина устида, қаср кўланкаси паноҳида, кун чиқишидан қуёш ботишига қадар Вирата шоҳ номидан ҳукм чиқарарди. Ва унинг сўзи юкни ўлчашдан аввал тарози узоқ вақт тебраниб тургани каби эди: нигоҳи гуноҳкор қалбини аниқ-тиниқ ўқир, саволлари бўрсиқлар ернинг қоронғи қаърига кириб боргани каби жиноят сирларига сабр-матонат билан кириб борарди. Ҳукми қаттиқ эди, аммо сўроқ ва ҳукм чиқариш ўртасида туннинг салқин сокинлигини қолдирган ўлароқ, ҳеч қачон ўша куннинг ўзида қарор қабул қилмасди. Оила аъзолари унинг офтоб чиқишидан аввалги узоқ соатларда чарчаш нима билмай, ҳақиқат ва ноҳақ иш борасида ўй суриб том устида у ёқ, бу ёққа тинмай қадам босишини тез-тез эшитиб туришарди. Сўзи эҳтиросдан холи бўлиши учун ҳукм чиқаришдан аввал қўли ва манглайини сувга ботирарди. Ва доимо, ҳукм чиқараётиб, жиноятчидан ушбу қарорни адолатсиз деб ҳисобламайдими, дея сўрарди. Бироқ камдан-кам ҳоллардагина кимдир у билан баҳсга кирарди: ҳукм қилинган шахс унинг оёғи тагидаги зинани унсиз ўпар ва жазони гўёки Яратганнинг ҳукмидек бош эгиб қабул қиларди.
Бироқ Виратанинг лаби ҳеч қачон, ҳатто энг оғир ёвузлик учун ҳам ўлим ҳукмини ўқимас ва бунинг учун уни койиганларга қулоқ солмасди. Зеро, уни қон қўрқувга соларди. Ва ўша йиллари ёмғир ражпутлар ота-боболарининг қондан қорайиб кетган, жаллод ажал келтирувчи зарбани бериш учун четига бошни энгаштирадиган юмалоқ қудуқ тошларини то оқариб кетгунча ювиб-тозалаганди. Шундай бўлса-да, салтанатда кўп жиноят содир этилмасди. Вирата жиноятчиларни тош зиндонларга ташлар, ё бўлмаса, у ерда филлар билан бир сафда ғилдиракларни айлантиришлари, боғ деворлари ҳамда гуруч тегирмонлар учун тош кесишлари учун тоққа сургун қиларди. Аммо у ҳаётни эъзозларди, одамлар эса уни, боиси унинг ҳукмларида хатони, сўровларида бепарволик ёки сўзларида қаҳрни ҳеч бир маҳал сезмасдилар. Орадаги баҳсни ечиши учун буқа қўшилган араваларда ҳузурига олис маконлардан деҳқонлар келишар, коҳинлар унинг сўзларига қулоқ тутишар, шоҳ унинг маслаҳатларига амал қиларди. Унинг шуҳрати ёш бамбук сингари тик ва тиниқ ўсиб борар ва одамлар қачонлардир унга берилган Шамшир Яшини номини унутиб, ражпутлар салтанатида уни Адолат Манбаи деб атай бошладилар.
Шундай қилиб, Вирата олтинчи йили сарой зиналарида туриб ҳукм чиқараётганида, бир куни унинг ҳузурига қоялар орасида умргузаронлик қилувчи, ўзга худоларга сиғинувчи хозар қабиласидан бўлмиш бўзболани келтирдилар. Унинг оёқлари кўп кунлик йўлда яра бўлиб кетганди ва – чимирилган қоши тагидаги ғазабнок кўзлари ваҳшат-ла айтиб тургандек – ҳеч кимга ташлана олмаслиги учун чайир қўлларига тўрт қатор кишан солинганди. Шикоятчилар уни зина пойига келтиришди ва боғланган бу йигитчани ҳакам қаршисида куч билан тиз чўктиришди. Сўнгра ўзлари таъзим қилдилар ва айблов белгиси сифатида қўлларини тепага кўтаришди.
Вирата келганларга ҳайрон бўлиб қаради.
– Кимсиз, эй олисдан келган оғайнилар ва сиз кишанда менинг ҳузуримга келтирган бу одам ким?
Уларнинг орасидаги кексароғи таъзим қилиб гап бошлади:
– Биз чўпонлармиз, жаноб, шарқ томонда тинч-тотувликда истиқомат қиламиз, бу эса – ёвуз қабиланинг энг ёвузи – қўлидаги бармоқлардан ҳам кўра кўпроқ одам ўлдирган. Қишлоғимиз фуқароларидан бири унга қизини хотинликка беришни рад этди, чунки унинг қабиласи мункир: улар эчкиларни еб, сигирларни ўлдирадилар. Ҳамқишлоғимиз қизини водийлик бир савдогарга узатди. Бу эса ғазабга миниб, қароқчи сингари устимизга бостириб борди, тунда қизнинг отаси ва уч нафар акасини ўлдирди. Кейин эса ўлдирилганнинг хизматкорлари мол-ҳолни тоққа ҳайдашаётганда, уларнинг ҳам изидан бориб, барчасини қирди. Биз бирлашиб йиртқични овлаган каби бу қароқчининг пайига тушгунимизча ўн бир нафар ҳамқишлоғимизни мавҳ этди ва мамлакатни зўравондан қутқаришинг учун уни сенинг – энг одил ҳакамнинг ҳузурига келтирдик.
Вирата юзини кишанланган бўзбола томон бурди.
– Уларнинг айтгани тўғрими?
– Ўзинг кимсан? Шоҳми?
– Мен Вирата, гуноҳ учун айбловчи ва ҳақиқатни ёлғондан ажратиш учун қўйилган унинг ва ҳуқуқнинг хизматкори.
Боғланган бўзбола анча вақт сукут сақлаб турди. Кейин қовоғини солиб Виратага кўз ташлади.
– Билиминг фақатгина одамларнинг сўзидан озиқланаётган бир пайтда ҳақиқат қайда-ю, ёлғон қайдалигини қандай биласан?
– Ҳақиқатни билмоғим учун, майли, уларнинг сўзларига қарши сенинг сўзинг янграсин.
Кишанланган бўзбола нафрат ила қошларини чимирди.
– Мен улар билан баҳслашиб ўтирмайман. Ғазабим қайнаб турган пайт қўлларим нималар қилиб қўйганини ўзим билмаганим ҳолда, сен қандай била оласан? Мен қизини пулга сотган ўша кимсага нисбатан тўғри йўл тутдим, унинг ўғиллари ва хизматкорларига нисбатан ҳам тўғри йўл тутдим. Майли, мени айблай қолсинлар. Улардан нафратланаман ва сенинг маҳкамангдан ҳам нафратланаман.
Ашаддий жиноятчи адолатли ҳакамни балчиққа қандай булғаётганини эшитган у ердаги кимсаларни қаҳр-ғазаб қақшатди ва маҳкама соқчиси зарба бериш учун серкўз таёқни тепага кўтарди. Бироқ Вирата қўл ҳаракати билан уларни тинчлантирди ва сўроқни қайтадан бошлади. Ва ҳар сафар шикоятчиларнинг жавобидан сўнг айбдорни сўроққа тутди. Аммо у тишини тишига босиб турар, фақат бир мартагина ғазабнок тиржайиш билан деди:
– Ўзгаларнинг тилидан қандай қилиб ҳақиқатни билмоқни исташинг мумкин?
Вирата сўроқни якунлаганида офтоб чошгоҳ пайти тиккага кўтарилганди. У эртаси куни ҳукмни эшиттириш учун ўз одатига кўра ҳозир уйига кетиш истагида ўрнидан турди. Бироқ шикоятчилар у томон қўлларини чўзишди:
– Жаноб, – деди улар, – сенга юзма-юз келиш учун етти кун юрдик ва қайтиш йўли ҳам етти кунга чўзилади. Биз эртагача кута олмаймиз, чунки молларимиз чанқоқдан нобуд бўлажак, ер ҳам омочимизни кутиб турибди. Жаноб, сендан ўтиниб сўраймиз, ҳукм чиқар!
Шунда Вирата яна зинага чўкди ва ўйга толди. Унинг чеҳраси бошида оғир юкни кўтариб тургандек тундлашди. Авваллари ҳукм ўқилаётганида раҳм-шафқат тилаб ўзини ҳимоя қилмаган жиноятчига бирор марта дуч келмовди. У узоқ ўйлади ва соялар вақт ўтишига қараб ўсиб борди. Сўнгра у қудуққа яқинлашиб, сўзи эҳтиросдан холи бўлиши учун юз-қўлини совуқ сувга ювди ва деди:
– Ишқилиб, ўқиётган ҳукмим адолатли бўлсин! Мана бу бўзбола ўз гарданига қотиллик гуноҳини олди, у ўн бир нафар тирик жонни танадан ҳайдаб чиқарди ва ўзга дунёга равона қилди. Инсон ҳаёти деярли бир йил она қорнида ҳеч кимга кўринмай пишиб етилади. Демак, ҳар битта ўлдирилган одам учун у бир йил ер ости қоронғилигига ташлансин. Ва у ўн бир марта инсон қонини тўккани сабабли, уларнинг миқдорига қараб ҳар битта қурбони учун бадал сифатида то қони танасидан сачраб кетмагунча ҳар йили ҳаммаси бўлиб ўн бир мартадан қамчилансин. Бироқ унинг ҳаёти сақлаб қолинади, зеро, ҳаётни худолар инъом этадилар ва инсон худолар истагига дахл қила олмайди. Мен кимнингдир манфаатини кўзлаб эмас, балки буюк ажрим номидан чиқарган ҳукм ишқилиб адолатли бўлсин.
Кейин Вирата зинага қайтиб ўтирди, арзчилар эса ҳурмат юзасидан шу зиналарни ўпдилар. Бироқ боғлаб ташланган бўзбола ҳакамнинг унга қаратилган саволли нигоҳини нохуш қабул қилди. Шунда Вирата деди:
– Раҳм-шафқат қилишим учун илтимосингни ва сени айблаётганларга қарши менга кўмак беришингни кутган эдим, бироқ лабларинг юмуқлигича қолди. Мабодо ҳукм чиқаришда адашган бўлсам, унда Яратган олдида мени эмас, ўз сукутингни айбла. Мен сенга шафқат қилишни истаган эдим.
Кишанланган бўзбола титраб кетди:
– Менга шафқатинг даркор эмас. Биргина сўзинг билан мосуво қилганинг ҳаётим билан таққослаганда у нима деган гап?
– Мен ҳаётингдан жудо қилмаётирман.
– Ёввойи деб аталмиш менинг қабилам пешволаридан ҳам кўра шафқатсизроқ тарзда сен мени ундан жудо қилаётирсан. Нега мени ўлдирмаяпсан? Мен юзма-юз ҳолда ўлдирдим, сен эса йиллаб чириб ётишим учун мени ўлаксадек ер қаърига кўмиб ташлашни буюрмоқдасан, чунки юрагинг қондан ҳайиқади ва сенда жасорат йўқ. Қонунингда ўзбилармонлик, ҳукмингда қийноқ. Мени ўлдир, зеро, мен ҳам ўлдирганман.
– Мен жазоингни адолатли ўлчадим…
– Адолатли ўлчадинг? Ҳакам, сен ўлчайдиган ўша ўлчов қаерда ўзи? Қамчи нелигини билишинг учун ўзинг жазоланганмисан? Гўёки ёруғ олам вақти ва ер қаърига кўмилган вақт баравардек эпчил бармоқларинг ила қандай қилиб йилларни санай оласан? Неча-неча баҳордан мени мосуво қилаётганингни англашинг учун қилдан ҳам тор жойда ўтириб кўрганмисан? Сен ҳеч нимани тушунмайсан ва сенда адолат йўқ, чунки калтак зарби кучини савалаётган одам эмас, зарбни қабул қилаётган ҳис этади; қийноқни бошидан кечиргангина уни ўлчай олади. Сен димоғдорлигинг билан гуноҳкорларни жазолашга жазм қилаётирсан, ўзинг эса барча гуноҳкорлардан кўра гуноҳкорроқдирсан. Зеро, мен жаҳл устида, эҳтироснинг енгиб бўлмас забти остида одамларнинг жонини олдим, сен бўлса совуққонлик билан мени ҳаётимдан жудо қилмоқдасан ва ўзинг билмайдиган, билишинг ҳам мумкин бўлмаган ўлчов билан менинг гуноҳимни ўлчамоқдасан. Ҳакам, тубанлашиб кетмаслигинг учун зинадан пастга туш! Зўравонлик ўлчови билан ўлчайдиган кимсага лаънатлар бўлсин, мен ҳақиқатни биламан деб ўйловчи нодонга лаънатлар бўлсин! Адолатсиз ҳакам, зинадан пастга туш ва муртад сўзларинг билан тирикларга ҳукм ўқима!
Бўзболанинг лаблари ғазабдан кўпикланди ва ҳамма қаҳр билан яна унга ташланди. Бироқ Вирата яна уларни тўхтатди, юзини бўзболадан четга буриб оҳиста деди:
– Мен мана шу зиналарда туриб чиқарилган ҳукмни бекор қила олмайман. Майли, у Яратганнинг ҳузурида адолатли бўла қолсин.
Ва Вирата кетди, соқчилар эса кишанланган бўзболани олиб кета бошладилар. Бироқ ҳакам яна бир бор ортига ўгрилди: куч билан олиб кетилаётган жиноятчининг кўзлари унга қаҳр билан қараб турарди. Виратанинг юраги титраб кетди: бу нигоҳ унинг қўли билан ўлдирилиб, исёнкор кенаснинг чодирида ётган акасининг кўзларига шу қадар ўхшаб кетарди…
Ўша кеч Вирата бошқа бирон сўз демади. Ҳукм этилганнинг нигоҳи камоннинг чўғланган ўқи янглиғ қалбига қадалганди. Ва тонг пальмалар учини оқартмагунча оила аъзолари унинг том бўйлаб тиним билмай юриб чиққанини эшитиб ётдилар.
Вирата уйига қайтиб, сариқ рангдаги байрамона либосини кийди, унинг тантанавор тайёрланишига сукут ичида, бироқ ҳайрона қараб турган оила аъзоларига табассумсиз салом берди ва ўзи учун куннинг ҳам, туннинг ҳам истаган вақтида очиқ сарой томон йўл олди. Вирата шоҳ қаршисида таъзим қилди ва илтимос белгиси сифатида либоси этагига қўл теккизди.
Шоҳ унга меҳр ила қараб деди:
– Сенинг истагинг либосимга тегди. Айтишга улгурмасингдан аввал у амалга ошади, Вирата.
Вирата юзини кўтармай гап бошлади:
– Мени бош ҳакам қилиб қўйдинг. Мана еттинчи йилки номингдан ҳукм чиқармоқдаман ва билмайман – ҳукмларим адолатлимикан. Ҳақиқатга йўл топишим учун менга бир ойлик осойишталик бағишла ва сендан ҳамда бошқалардан йўлимни яширишга ижозат эт. Мен тақволи ишлар қилишни истайман, гуноҳларсиз яшашни истайман.
Шоҳ ҳайратда қолди.
– Ўша ойда салтанатимда адолат камайиши аниқ. Бироқ мен йўлинг ҳақида сўрамайман. Майли, у сени ҳақиқатга етаклай қолсин.
Вирата миннатдорлик белгиси сифатида тахт пойини ўпди, яна бир бор чуқур таъзим қилди ва чиқди.
Вирата нурга чўмган кўчадан ўз уйига кирди ва аёлини, болаларини ёнига чорлади.
– Роппа-роса бир ой мени кўрмайсизлар. Мен билан видолашинглар ва ҳеч нима ҳақида сўраманглар.
Аёли унга ҳадик ила қаради, ўғиллари итоаткорлик билан унга кўз тикдилар. У ҳар бирига таъзим қилиб пешонасидан ўпди.
– Энди эса ётоқларингга киринглар ва мана шу эшикдан чиқаётганим маҳали ҳеч ким ортимдан қараб қолмаслиги учун эшикларни ёпиб олинглар. Ва, токи янги ой туғмагунча мен ҳақимдан суриштирманг.
Ва улар жимгина чиқиб кетишди.
Вирата бўлса байрам либосини ечди ва қорасини кийди. Мингюзли худо қаршисида дуо қилди ҳамда пальма баргларига кўпгина сатрларни тушириб, ушбу баргларни мактуб кўринишида ўраб қўйди. Қоронғи тушиши билан ўзининг осуда уйидан чиқиб шаҳар четига, бағрида чуқур конлар ва зиндонларни яширган қоя тарафга йўл олди. Ухлаб ётган дарбон тўшакдан туриб то ким келганини сўрамагунча эшигини тақиллатаверди.
– Мен Вирата, олий ҳакамман. Кеча олиб келинган кишини бир кўриб қўйиш учун келдим.
– Жаноб, у энг чуқур зиндонга ташланган. Ҳузурингга олиб келайми, жанобим?
– Ўзим йўлни биламан. Менга калитни бер ва жойингга бориб ёт. Эрталаб калитни эшигинг тагидан топасан. Бугун мени кўрганингни ҳеч кимга айтма.
Дарбон Виратага таъзим қилиб, калит ва машъала келтирди; кейин, Виратанинг ишорасига кўра жимгина нари кетди ва яна ўрнига ётди. Вирата бўлса зиндон йўлини беркитган мис дарвозани очди ва зиндоннинг энг чуқур жойига тушди. Мана юз йилдирки ражпут шоҳлари ўз бандиларини ушбу қоялар ичига қамаб қўярдилар ва ҳар бир банди қамоқнинг янги қурбонлари учун қояни янада чуқурроқ кавлаб янги зиндонлар очиб бораверарди.
Вирата юлдузлар чарақлаб турган осмоннинг тўғри тўртбурчагига яна бир нигоҳ ташлади, сўнг ортидан дарвозани беркитди. Қоронғилик унинг юзига нам нафасини урди ва қўлидаги машъаланинг олови қўрқиб кетган жонивордек титради. Унга дарахтларнинг шамолда енгил шовуллаши ва маймунларнинг қичқириғи эшитилди. Зиндоннинг тепа қисмида ушбу товушлар бўғиқ ғувиллашга айланарди, бироқ иккинчи қисмида денгиз тубида бўлгани каби тўлиқ ва муздек сукунат ҳукмрон эди. Тошлардан серҳосил заминнинг жонбахш ифори эмас, фақатгина намлик уфурар ва Вирата қанча чуқурга тушиб борса, сукунат мозори ичра қадамларидан шунча акс-садо янграрди.
Ер остининг бешинчи қатида, энг баланд пальмалар баландлигидан ҳам чуқурроқ жойда ўша бандининг зиндони жойлашганди. Вирата кирди ва машъалани ғужум бўлиб ётган, фақат ёруғлик тушгандагина қимирлаган тана томон йўналтирди. Занжир ғижирлади.
Вирата бўзболанинг тепасига энгашди.
– Мени танияпсанми?
– Танидим. Сен ўша – менинг тақдиримга хўжайин қилиб қўйилган ва уни товони билан мажақлаб ташлаган кимса.
– Мен ҳеч кимга хўжайин эмасман. Мен – шоҳ ва адолатнинг маҳрами. Мен унга хизмат қилиш учун келдим.
Банди ҳакамнинг юзига тунд назар ташлади.
– Мендан нима истайсан ўзи?
Вирата анча пайт сукут сақлади, сўнг деди:
– Мен сўзларим билан сенга азоб бердим, бироқ сен ҳам сўзларинг билан мени азобладинг. Билмадим, ҳукмим тўғри бўлганми, бироқ сўзларингда бир ҳақиқат бор: ўзи билмайдиган ўлчов билан ўлчашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мен сўқир эдим ва энди кўзларим очилишини истайман. Юзлаб одамларни мана шу зимистонга жўнатдим, кўпларни кўп нарсага мубтало этдим ва нималар қилиб қўйганимни билмайман. Энди эса одил бўлмоқ ва эврилиш йўлига бегуноҳ тушмоқ учун аввал билмаганларимни билишни истайман.
Банди аввалгидек Виратага қимир этмай боқиб турарди. Занжир секин шиқирлади.
– Сени нималарга ҳукм қилганимни билмоқни истайман, ўз танимда қамчининг оташини, қалбимда эса кишанланган вақтни татиб кўришни истайман. Гуноҳингни ювиш учун қандай жазо тайинлаганимни билмоқ учун бир ой жойингда ўтирмоқчиман. Кейин, унинг кучи ва залворини англагач, сарой зиналари устида турганча янги хукм чиқараман. Сен эса бу вақт ичида озодликда бўласан. Сени бу ердан олиб чиқувчи калитни бераман ва агар қайтиб келиш ваъдасини берсанг, сенга бир ойлик озод ҳаёт ҳадя этаман. Ўшанда ушбу зиндоннинг қоронғилигидан менинг қалбимда билим чироғи ёнади.
Банди тош қотди. Занжир бошқа шитирламасди.
– Ҳар бир бандага йўлиқувчи бешафқат қасос худоси номи билан қасам ич, менга қасам ички, мана шу бир ой ичида барчага баробар оғзингга қулф урасан ва мен сенга калит ҳамда либосимни бераман. Калитни дарбоннинг эшиги тагига қўясан ва озодликка чиқасан. Бироқ мен озод бўлишим ва бундан буён одилона ҳукм чиқаришим учун бир ойлик муддат ниҳоялаганда мана шу номани шоҳга элтиш мажбурияти билан Мингюзли худо қаршисида қасам ичасан. Мана шуларни бажаришга Мингюзли худо қаршисида қасам ичасанми?
– Қасам ичаман, – бўғиқ товуш чиқди бандининг бўғзидан.
Вирата кишан қулфини очди ва эгнидан либосини ечди.
– Менинг кийимларимни кий, ўзингникини менга бер ва соқчи таниб қолмаслиги учун юзингни беркит. Энди эса мана бу устарани ол ва мени ҳам таниб қолмасликлари учун соч-соқолимни қириб ташла.
Банди устарани қўлига олди, бироқ қалтираётган қўли пастга тушди. Аммо Виратанинг амирона нигоҳи остида буйруғини бажарди. У анча вақт жим турди, сўнг чинқирганча ўзини ерга ташлади.
– Ҳазрат, мен туфайли жабр чекишингга йўл қўя олмайман. Мен қизиққон қўлим билан хунхўрлик қилдим. Ҳукминг адолатли эди.
– Буни на сен, на мен ўлчай оламиз. Аммо тез орада менга нозил юборилади. Боравер ва шоҳ ҳузурида қасамёд қилганинг каби ой ўз йўлини бир марта айланиб тугатган кун у мени озод қилиши учун ёнига бор. Ўшанда мен қилмишларим баҳосини билиб оламан ва сўзларим бир умрга ёлғондан холи бўлади. Боравер!
Банди юзтубан йиқилди ва ерни ўпди… Эшик тим қоронғиликда оғир ёпилди, машъаланинг ёруғи яна бир марта девор бўйлаб сирғалиб ўтди ва тун вақт соати ҳисобига ўтди.
Ҳеч ким танимаётган Виратани эрталаб шаҳар четидаги далага олиб чиқишди ва қамчи билан саваладилар. Биринчи зарба титраётган яланғоч курагига тушганда Вирата қичқириб юборди. Сўнгра тишларини бир-бирига маҳкам босди. Етмишинчи зарбада кўз олди қоронғилашди ва уни чалажон аҳволда олиб кетдилар.
У ўз зиндонида ерпарчин ётган ҳолда уйғонди ва чўғланаётган кўмирда орқаси билан ётгандек туюлди. Аммо пешонаси атрофида салқинлик бор эди ва ёввойи ўтларнинг ифори ҳавони тўлдирганди. У сочлари орасида кимнингдир қўли ҳамда ҳузурбахш намлик томчиларини ҳис қилди. Қовоқларини оҳиста кўтарди ва меҳрибонлик билан унинг пешонасини юваётган дарбоннинг аёлини кўрди. Ва кўзини катта очганда аёл нигоҳидаги ҳамдардлик унинг кўзида юлдуз янглиғ порлади. Ва ўз танаси азоби ичра меҳрибонлик ёғдусини, ҳар қанақанги меҳрнинг маъносини англади. У аёлга аста табассум қилди ва оғриқни бошқа сезмади.
Эртаси куни ўрнидан туришга ва қўли билан деворнинг муздек тошини ушлашга мадори етди. У қадам сайин ўзига янги дунё очилаётганини ҳис этди, учинчи кун эса яралари бита бошлади, кучи ҳамда фикр тиниқлиги қайтди. У қимирламай ўтирар ҳамда вақт ўтаётганини деворлардан томаётган ва буюк сукунатни жуда кўп зарраларга ажратаётган томчилар орқали биларди. У билан ҳеч ким сўзлашмас, қоронғилик қонида қотиб қолган, бироқ онг пучмоқларидан ўтмишнинг ранг-баранг кўринишлари чашма сингари оқиб, бутун ҳаёти акс этаётган мушоҳаданинг сокин ҳавзаси бўлиб қалқиб чиқарди. Алоҳида-алоҳида кўринишда бошдан ўтган барча нарсалар энди бир жойга тўпланган ҳамда Виратанинг ойдинлашган қалби қаршисида очилганди. Унинг руҳи бу ерда қотиб қолган мушоҳада оламининг акси сингари ҳеч қачон бунчалик пок бўлмаганди.
Виратанинг нигоҳи кун сайин нурланиб борар, қоронғилик ичидан аста-секинлик билан шакл-шамойил чиқар ва онгида ўз шаклини яратарди. Ва унинг қалби сокин хилватда ёруғлашмоқда эди: хотиранинг, соянинг ушбу сояси билан тўйинаётган бу ройишли хаёл кишанланган бандининг қўли сингари эврилишлар қиёфалари билан – ер остини тўлдираётган тошчалар билан ўйнашарди. Ўзидан ҳам юз ўгирган, жодуланган, қоронғиликда ўз кўринишини билмайдиган Вирата Мингюзли худо ҳукмронлигини янада кучлироқ ҳис этар ва ўзини соялар орасидан ўтиб бораётгандек, бироқ қалбан уларга боғланмагандек, ироданинг қуллигидан озоддек, ҳаётда ўлик ва ўлимда ҳаётдек кўрарди. Йўқ бўлиб кетишнинг ҳар қандай ваҳми танадан жудо бўлиш шодлигига қоришиб кетарди. У ҳар соатда тошлар ва ернинг қора томирларидан иборат бўлса-да, ўзида янги ҳаёт нишоналарини жо қилган зимистонга чўкиб борарди гўё. Вирата ўзига чувалчанг каби ер кавлаётгандек ёки новдаси билан тепага интилувчи гиёҳдек туюларди, ёки балки у – борлиқнинг оромбахш ғафлатида дам олаётган қоя, холос.
Вирата ўн саккиз кун ўз иродасига суяниб, ҳаётга ташналикдан холи бўлиб, ўз-ўзини унутишнинг илоҳий сиридан лаззат олди. Тавба қилиш учун бажараётган иши унга роҳат-фароғатдек туюлар ва гуноҳга ботиш ҳамда шафқатсиз қисмат ҳақидаги ўйлар бор-йўғи ноаниқ, мудроқ тушлар каби онгнинг мангу бедорлигини хиралаштирарди. Ўн тўққизинчи куни эса уйқудан бехос уйғониб кетди: ер ҳақидаги ўй уни йўқлаганди. У Виратанинг миясига қиздирилган игнадек қадалди. Даҳшат чулғади ва қўлидаги бармоқлар новда барглари янглиғ титради. Мабодо ўша банди қасамини бузиб уни унутса нима бўлади? Тириклайин чириб, тили чурқ этмасликдан қотиб қолмагунча бу ерда минглаб кунлар қолиб кетади. Ҳаётга интилиш жисмида қоплон сингари кўкка сапчиди ва тинчлиги қобиғини тилка-пора қилди: вақт унинг қалбига ёприлиб кирди ва у билан бирга қолди – ҳам ваҳима, ҳам умид, ҳам тирик инсоннинг бор ташвиши. У мангу ҳаётнинг Мингюзли худоси ҳақида бошқа ўйлай олмасди – фақат ва фақат ўзи ҳақида ўй сурар, кўзлари ёруғликни соғинганди. Қаттиқ тошга ишқаланаётган оёқлари кенглик талаб қилар, сакраш ва югуришни соғинганди. У ҳам аёли, ҳам болалари, ҳам уйи, ҳам биз туйғуларимиз ила симирувчи ва юрагимизнинг жўшқин қони ила ҳис этувчи дунёнинг қайноқ ҳою ҳаваслари ҳақида ўйламай тура олмасди.
Шу дақиқадан бошлаб, шу даврга қадар қора кўзгу сирти каби унсиз ётган вақт уйғониб кетган онгини кўмиб юборди. У жўшқин сел янглиғ югуриб ўтди, бироқ ўз оқими билан онгни домига торта олмади. Оқим уни тутиб олишини ва халоскорликнинг у кутган вақтига томон юмалоқ хода сингари думалатиб кетишини истаганди. Бироқ вақт унга қарши эди: Вирата ҳолдан тойган сузувчи сингари ютоқиб соат кетидан соатни тортиб олмоқда эди ундан. Девордаги томчилар томишда секинлашгандек туюларди унга – бир томчидан иккинчисини ажратиб турган вақт узоқ чўзилмоқда эди. Энди у ўз ўрнида қола олмасди. Бўзбола уни унутиб қўйиши мумкинлиги ва пешонасига ушбу ер ости сукунатида чириб кетиш ёзилганлиги ҳақидаги ўйдан азобланиб телба сингари ўзини у ёқдан, бу ёққа отарди. Сукунат уни бўғаётганди: ғазаби ва чорасизлигини аянчли қичқириқ билан тошларга тўкиб солар, ўзига, худоларга ҳамда шоҳга лаънатлар ўқирди. Устидан кулаётган қоя деворларини қонталаш бўлиб кетган тирноқлари билан тирнар ва ўзига келгач яна сакраб туриш, қутурган каламуш сингари тош қоп ичра зир югуриш учун то ҳушсиз йиқилмагунча эшикка калла қўяверарди. Ўша кунлари, хаёлот ичра оламдан ажралган ўн саккизинчи кундан бошлаб янги ой чиқишига қадар Вирата даҳшат қозонида қайнади. Овқат ва сув уни жиркантирар, зеро, бутун вужудини ваҳима забт этганди. Биронта фикрни онгида сақлаб қола олмасди, фақат лабларигина томаётган, ҳеч туганмас вақтни соат ва кунларга майдалаётган томчиларни санарди. Ва ўзи билмаган ҳолда, чакка сочлари оқариб кетганди.
Ўттизинчи куни тепада шовқин эшитилди ва ўз ўрнини яна сукунатга топширди. Сўнг қадам товушлари келди, эшик шарақлаб очилиб ёруғлик ёпирилиб кирди ва қоронғиликка дафн этилган одам қаршисида шоҳ бўй кўрсатди. У Виратани меҳр билан қучди ва деди:
– Оталаримизнинг китобларида қачонлардир битик этилмиш буюк жасоратинг ҳақида эшитдим. У бизнинг тубан ҳаётимиз узра қанчалар баланд. Фалак ўти юзингни ёритиши ва бахтиёр эл адолатли зотга термилиши учун бу ёққа чиқ.
Вирата кафти билан кўзларини беркитди, чунки ёруғлик оғриқ бермоқда эди. Қон қайноқ тўлқин бўлиб юраги сари оқди. Сархуш кимса сингари чайқалиб ўрнидан турди ва маҳрамлар уни тутиб туришларига тўғри келди. Бироқ дарвозадан чиқишдан аввал у деди:
– Эй шоҳим, сен мени адолатли деб атадинг, мен эса кимдир бировга ҳукм чиқарса қонунга зид иш қилиши ва ўзини гуноҳга ботиришини биламан. Менинг сўзимга биноан мана шу зиндонларда одамлар ҳали азоб тортмоқда ва эндигина уларнинг азобини англамоқдаман ва биламан: бизнинг ҳеч қандай ҳукм чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Эй шоҳим, уларни ҳам қўйиб юбор ва одамларни четга олдир, зеро мен мақтовлардан уяламан.
Шоҳ имо қилди ва маҳрамлар одамларни четга олди. Улар атрофида яна сукунат чўкди. Ва шоҳ деди:
– Сен саройимнинг юқори зинасида ўтирардинг ва ҳукм чиқарардинг. Энди эса жафо чекиб ердаги барча ҳакамлар ичида энг донишманди бўлгач, сўзларингни қулоғимга қуйишим ва ўзим ҳам билимларингга ошно бўлишим учун мен билан ёнма-ён ўтирасан.
Бироқ Вирата илтимос тариқасида унинг тиззасига қўл теккизди.
– Мени мансабимдан озод қил. Мен энди одил ҳакам бўла олмайман, чунки бир кишининг бошқа бировга ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқлигини биламан. Жазолаш одамларнинг эмас, Яратганнинг иши ва кимки тақдир эркига дахл этса, гуноҳга ботади. Мен эса ҳаётимни гуноҳсиз яшаб ўтишни истайман.
– Унда ҳакам эмас, маслаҳатчим бўлгин, – жавоб қилди шоҳ, – ва ўз қарорларимда адашмаслигим учун уруш ва тинчлик, солиқ ва тўловлар борасида одилона маслаҳатлар бергин.
Вирата яна бир бор шоҳнинг тиззасига қўл теккизди.
– Менга мансаб юкини ағдарма, эй шоҳим, зеро, мансаб хатти-ҳаракатлар қилишга ундайди ва қайси мансаб адолатлики, у кимнингдир тақдири йўлига тўғаноқ бўлмасин? Мабодо уруш очишни маслаҳат берсам, бу билан ўлим уруғини эккан бўламан ва мен томонимдан айтилган ҳар бир сўз қилмишга айланади, ҳар битта қилмиш эса мен билмайдиган маъно яширади ўзида. Ҳеч бир кимсанинг тақдирига ва ҳеч кимнинг ишларига дахл қилмайдиган, бир ўзи яшайдиган кишигина адолатли бўлиши мумкин. Ёлғиз қолиб инсон нутқидан мосуво бўлганимдагина ҳақиқатни англашга яқинлашдим, гуноҳдан фориғ бўлдим. Ҳар қанақанги гуноҳдан тоза бўлишим учун худоларга хизмат қилишдан бошқа барча мажбуриятларни билмай ўз уйимда тинчгина яшашимга ижозат бер.
– Сени қўйиб юбориш менга анча малол келади, – деди шоҳ, – бироқ ким ҳам донишманд ва адолатли шахснинг истакларига қарши боришга журъат қила оларди? Майли, ўзинг билганча яшайвер ва менинг ҳудудимда гуноҳлардан фориғ инсон умргузаронлик қилаётгани салтанатим учун шон-шараф бўлиб қолсин.
Улар зиндон дарвозасидан чиқишди ва шоҳ унга ижозат берди. Вирата якка ўзи борар ва тотли, офтоб нурини эмган ҳаводан нафас оларди. Енгил тортиб, ҳар қанақанги мажбуриятлардан эркин ҳолда ўз уйига қайтмоқда эди. Ортидан ялангоёқларнинг қадам товуши эшитилди ва Вирата ўгирилиб, айбини ўз бўйнига олган ўша бўзболани кўрди. Бўзбола унинг чангдаги изларини ўпди, журъатсизлик билан таъзим қилди ва кўздан йўқолди. Вирата акасининг жонсиз кўзларини кўрган ўша дамдан буён илк бор табассум қилди ва шод-хуррам ҳолда уйига кирди.
Виратанинг уйида кунлар чароғон эди. У кўзи қоронғиликни эмас, очиқ осмонни кўраётганидан, ён-атрофида марҳаматли заминнинг бўёқлари, ифорлари ҳамда тонгнинг жарангдор мусиқаси янграётганидан шукроналар айтиб уйғонарди. У ҳар кун яна бир бор мириқиб нафас олиш мўъжизаси ва эркин ҳаракат қувончини буюк туҳфа сингари қабул қилар, ўз тани, аёлининг нозик бадани ва ўғилларининг бақувват жуссалари унда шукроналик уйғотарди. Вирата барча нарсада Мингюзли худонинг мавжудлигини ҳис этар ва ҳеч маҳал бировнинг тақдирига суқилмагани ва кўринмас худонинг минглаб юзларидан биронтасига дахл қилмагани боис қалби сокин ғурурдан қанот қоқарди. У эртадан кечгача донишлар китобини ўқир ва кунларини тақводорликка – унсиз мушоҳадага, ўзини-ўзи меҳр билан ўрганишга, раҳм-шафқат ишларига ва фидойиларча ибодатга бағишларди. Унинг руҳи қувончга тўла эди, хизматкорларнинг ҳатто энг тубанига ҳам қаратилган сўзи мулойим эди, уй ичидагилар уни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ севишарди. У ғариблар дўсти ва бахтиқаролар овутувчиси эди. Кўпларнинг дуолари уйқусига посбон эди ва одамлар уни энди Шамшир Яшини ёки Адолат Манбаи эмас, балки Маслаҳат Майдони деб атардилар. Зеро, у катта ҳакам бўлмаса-да, баҳсларини ечиб бериши учун нафақат энг яқин қўшнилари, балки бегона одамлар ҳам олис-олислардан ҳузурига келишарди. Ва унинг сўзига барча бўйсунарди. Маслаҳат бериш буюришдан кўра яхшироқлигини, ҳукм қилишдан кўра яраштириш тўғрилигини ҳис қилаётган Вирата бахтиёр эди. Ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбур қилмай, кўпларнинг тақдирини йўлга сола бошлагач, ҳаёти ўзига беайбдек кўрина бошлади. Энди ҳаёт қиёмини руҳий шодлик ва роҳат-фароғатда ўтказмоқда эди.
Уч йил, кейин яна уч йил ёруғ бир кундек ўтди-кетди. Виратанинг қалби кун сайин мулойимлашиб борар ва жанжалкашлар ўз ҳузурига келганида ер юзида бунчалик жонсаракликка сабаб нималигини ва бутун ҳаёт ҳамда борлиқнинг тотли ифори ўзларига тегишли бўлган ҳолда қандай қилиб одамлар арзимас мулкни бир-биридан ғазаб ичра тортиб юлқиб олишлари мумкинлигини тушуна олмасди. У ҳеч кимга ҳасад қилмас, унга ҳам ҳеч ким ҳасад қилмасди. Унинг хонадони оромбахш ҳаётдан мадад олиб, инсон эҳиросларининг тубанлиги ва нафснинг ҳайқирган оқимини ўзига яқинлаштирмай тинчлик ороли сингари юксакликда турарди.
Бир оқшом, тинч ҳаётининг олтинчи йили сўнгида, Вирата аллақачон уйқуга кетган маҳал кутилмаганда қаттиқ нола ва зарба товушини эшитди. У ўрнидан ирғиб турди ва ўғиллари битта қулни тиззалатиб, елкасига бегемот терисидан ўрилган қамчи билан қулочкашлаб ураётгани, қон сачраётганини кўрди. Жазоланувчининг азобдан чақчайган кўзлари унинг нигоҳи билан тўқнашди. Ва у қачонлардир юрагида ўтириб қолган ўлдирилган акасининг нигоҳини яна бир бор таниди. Вирата шошилганча ўғилларини тўхтатди ва нима бўлганини сўради.
Улар жавоб қилдиларки, қояда ўйилган қудуқдан ёғоч челакларда сув келтириш мажбурияти юкланган бу қул чошгоҳ тафти боис ҳолдан тойганини баҳона қилиб кечикмоқда экан ва ниҳоят кечаги ўта қаттиқ жазодан сўнг қочиб кетмасидан аввал бир неча марта жазоланган экан. Виратанинг ўғиллари унинг ортидан от чоптириб, дарёнинг нариги томонидаги овуллардан бирида етиб олибдилар. Қулни арқон билан отнинг эгарига боғлаб, гоҳ югуришга мажбурлаб, гоҳ ерда судраб, дабдала қилинган ва яраланган ҳолда уйга келтирибдилар. Вирата келиб жазони тўхтатиб қўймагунча ўзига дарс ҳамда бошқа (ағанаб ётган қулга титраб-қақшаб, тиззалари қалтираганча қараб турган) қулларга ўрнак бўлиши учун бу ерда уни янада қаттиқроқ жазога мубтало қилишибди.
Вирата қулга кўз ташлади. Унинг оёғи остидаги қум қонга беланганди. Бахтиқаронинг кенгайган ҳаракатсиз қорачиқларида боши узра пичоқ кўтарилган жониворларда бўладигандек даҳшат қотиб қолувди. Вирата қачонлардир ўзини ҳам мавҳ этган азоб ва зулматни ҳис этди.
– Уни қўйиб юборинглар, – деди у ўғилларига, – унинг гуноҳи ювилди.
Қул Виратанинг оёқлари остидаги чангни ўпди. Ўғиллари илк марта падарларидан норози бўлиб нари кетдилар. Вирата ётоғига қайтди. Ўзи пайқамаган ҳолда манглайи ва қўлларини ювди, сўнг ўзига нима борасида ҳисобот бермаганини ваҳима билан тўсатдан англади: олти йил ичида биринчи марта яна ҳакам бўлиб олган ва ўзганинг тақдирини ҳал қилганди. Ва олти йил ичида илк марта уйқуси яна қочди.
Ва у зулмат ичра бедор ётаркан, қаршисида қулнинг (ёки улар ўлдирилган акасиникими?) даҳшат тўла кўзлари ва ўғилларининг дарғазаб нигоҳлари пайдо бўлди, у ўз-ўзидан яна бир бор сўрадики, ўғиллари ўша маҳрамга нисбатан одилона иш қилдиларми? Арзимаган гуноҳни деб қон унинг хонадони қумини алвонга бўяди, қамчи жиндеккина камчиликни деб тирик танни тилкалаб ташлади ва ушбу гуноҳ унинг курагини қачонлардир куйдирган қамчи зарбларидан кўра кучлироқ куйдирди. Рост, ушбу жазо эркин одамнинг эмас, шоҳларнинг амрига биноан туғилганидан буён танаси унга – Виратага тегишли қулнинг бошига тушди. Бироқ, Мингюзли худо ҳузурида ушбу қонун адолатлими? Инсоннинг танаси тўлалигича бировнинг хоҳиши, бировнинг зўравонлигига қарам бўлиши адолатданми ва наҳотки қулни ҳаётдан мосуво қилувчи ёки уни мавҳ этувчи ўша шахс гуноҳдан фориғ бўлса?
Вирата ўрнидан турди ва жавобни донишлар китобидан топиш учун шамни ёқди. Ва ҳеч қаерда инсонларни табақа ҳамда тоифаларга бўлишдан ўзга одамнинг одамдан фарқини топа олмади, ҳаётнинг неча юз минг йиллигида инсонга муҳаббат мажбуриятидан озод этувчи қонунни топа олмади. У ютоқиб билимини оширар, зеро, шубҳа унинг қалбини ҳеч қачон бунчалик тирнамаганди. Бироқ шам яна бир бор ёрқин нур сочди ва ўчди.
Қоронғилик тушганда уни ғалати туйғу чулғаб олди: гўёки озодлик инсоннинг энг теран ҳуқуқи эканлиги ва ҳеч кимнинг бошқа бировни бир умрга ҳам, бир йилга ҳам қамаб қўйишга ҳаққи йўқлигини даҳшат ичра ангалаганча зиндон деворларини сўқир нигоҳи билан пайпаслаб кўраётгандек туюлди. Вирата тушундики, ушбу қулни у ўз истагининг кўзга кўринмас ҳалқаси ичра қамаб қўйган ва ҳаётидаги бирон қадамида эркин қолдирмай танти қарорлари ила кишанлаб ташлаган. Токи сўз билан ифодалаб бўлмас баландликдан жисмига ёруғлик кириб бормагунча Вирата қимирламай ўтирди ва унинг кўзи очилди, тафаккури кенгайди. Бу ерда ҳам гуноҳдан фориғ эмаслигини англади, зеро, у одамларни ўз майлига солган ва Мингюзли худонинг мангу қонунига эмас, инсонларнинг ўткинчи қонунига асосан уларни қуллар деб атаганди. Ва у ибодат учун юзтубан йиқилди.
– Камина ёлғонга ботиб кетмаслигим ва иродангнинг кўзга кўринмас йўли бўйлаб сенга пешвоз чиқишим учун кўплаб кўринишдаги хабарчиларни юбораётганинг боис сенга миннатдорлик билдираман, Мингюзли! Азалий, ҳамма жойда мени кўриб турувчи, ҳатто ўзимнинг ҳам кўзимдан қараб турувчи Худо, нигоҳи ҳамон мени қийнаётган акамнинг фош этувчи қарашларини унутиб гуноҳимни англашим, ҳаёт бўйлаб пок ўтишим ва нафасим гуноҳдан фориғ бўлиши учун менга кўмак бер!
Виратанинг пешонаси яна ойдинлашди. Юлдузларнинг оппоқ олқишини қабул қилган ва тонгги сабонинг эпкинидан нафас олган ҳолда, кўзида нур билан тунги осмон остига чиқди, боғ орқали дарёга тушди ва шарқда офтоб кўтарилганда табаррук сувга кириб, эрталабки ибодатга йиғилган оила аъзолари ёнига қайтди.
Вирата уларнинг даврасига қўшилди, барчаларига табассум билан салом берди, кетишлари учун аёлларга ишора қилди ва ўғилларига мурожаат этди:
– Сизга маълумки, мана, неча йиллардан буён кўнглимдаги бирдан-бир ният – ердаги бутун ҳаётимни адолатли, гуноҳсиз яшаб ўтиш. Кеча қон – тирик инсон қони уйим остонасини алвонга бўяди ва мен ушбу қонни устимдан ювиб ташлаш ва уйим паноҳида содир этилган гуноҳ ҳиссасини чиқармоқни истайман. Жимитдеккина айбни деб ниҳоятда қаттиқ жазоланган қул бундан сўнг эркиндир ва истаган томонига кетаверсин, зеро, у азалий ҳакам қаршисида на сиз, на мени айблади.
Ўғиллари сукут сақлаб турардилар ва Вирата уларнинг сукутида душманликни ҳис этди.
– Сўзларимни унсиз кутиб олмоқдасиз. Бироқ мен сизни эшитмай туриб, ҳеч нимани ҳал қила олмайман.
– Айбдорга озодлик ҳадя қилишни, жазо ўрнида мукофот беришни истайсан, – гап бошлади катта ўғил. – Уйимизда маҳрамлар кўп ва биргина қул ҳисобга кирмайди. Бироқ ҳар битта қилмиш ўзи билан умумий занжир ҳосил этиб, бошқаларини эргаштиради. Ушбу қулни қўйиб юборгач, мабодо кетишни истаб қолишса ўзингга тегишли бошқаларини қандай ушлаб тура оласан?
– Мабодо улар уйимдан кетишни исташса, ҳаммасини қўйиб юборишга мажбурман. Қўлимда ҳеч кимнинг тақдирини ушлаб турмоқчи эмасман, зеро, кимки бировнинг тақдирига дахл этса, гуноҳга ботади.
– Аммо сен қонуний ҳуқуқни бузмоқдасан, – гап бошлади иккинчи ўғил, – ер, бу ернинг дарахти ва бу дарахт мевалари бизники бўлгани каби ушбу қуллар ҳам бизга тегишлидир. Сенга хизмат қилиб, улар сен ила боғланиб қолишган ва сен ҳам уларга боғлангансан. Сен минг йиллардан буён мавжуд тартибга дахл қилмоқдасан. Қул ўз ҳаётининг хўжаси эмас, ўз хўжасининг маҳрами.
– Худодан биргина ҳуқуқ бор ва бу ҳуқуқ – ҳаёт; у ҳар бир инсонга биринчи нафасдаёқ берилади. Ўзини гуноҳлардан фориғ деб ўйлаётган мендек сўқир кимсани яхшиликка чорладинг. Мен йиллар бўйи ўзгалар ҳаётининг эгаси эдим, энди эса кўзим очилди ва биламан: адолатли шахс инсонларни ҳайвонга айлантирмаслиги лозим. Мен барчаларини озодликка чиқаришни ва замин узра улар қаршисида гуноҳлардан фориғ бўлишни истайман.
Ўғилларнинг чеҳрасида қатъият зоҳир эди ва уларнинг тўнғичи қаҳр ила жавоб қилди:
– Шоли қувраб қолмаслиги учун далани ким суғоради, буқаларни ким далага ҳайдайди? Сенинг инжиқлигингни деб ўзимиз хизматкор бўлиб қоламизми? Ўзингнинг қўлларинг ҳеч қачон меҳнат кўрмаганини, ҳаётинг ўзганинг меҳнати орқасидан кечаётганини сира ўйламагансан. Зеро, сен ётган тўшакка ҳам бировнинг пешона тери тўкилган ва уйқунгни ҳам маҳрамлар елпиғичи ҳимоя қилган. Ва энди ўз пуштикамаринг ва қонингдан бунёд бўлмиш биздан бошқа ҳеч ким ишламаслиги учун барчани ҳайдаб юбормоқчимисан? Жониворларни қамчидан халос қилиш учун буқаларни ўзимиз омочлардан бўшатишимиз ва қайишларни ўзимиз тортишимизни буюрарсан эҳтимол? Ахир, Мингюзли ҳатто жониворга ҳам нафас берган-ку! Ота, ўрнатилган қонунларга дахл қилма, зеро, улар Худодан! Ер ўз-ўзидан ҳайдалиб қолмайди, у ҳосил бермоғи учун куч ишлатмоқ лозим. Зўрлик ишлатиш – юлдузости оламининг қонунидир ва биз уни бекор қила олмаймиз.
– Бироқ мен уни бекор қилмоқчиман, зеро, куч камдан-кам ҳолда ҳақ бўлади, мен эса ердаги ҳаётимни адолатли яшаб ўтмоқчиман.
– Кучсиз бўлсанг, ҳеч нимага эгалик қила олмайсан, на одам, на жониворлар, на беун ерга. Қайда соҳиб бўлсанг, ўша ерда хўжайин ҳам бўлишинг даркор; кимки эгалик қилса, ўша кимса ўзга одамлар тақдирига ҳам боғланган.
– Бироқ неки мени гуноҳга ботирса, ўшандан юз ўгирмоқчиман. Ва мен сизларга қулларни қўйиб юборишни ва уйимиз учун ўзингиз меҳнат қилишингизни буюраман.
Ўғилларнинг нигоҳида ғазаб йилтиради, улар шовқин солишдан ўзларини аранг тиярдилар. Сўнг тўнғичи деди:
– Сен ҳеч кимнинг эркини бўғмоқчи эмасман, дединг. Гуноҳга ботмаслик мақсадида қулларга амр қилишни истамайсан. Бизга бўлса буюрмоқдасан ва ҳаётимизга дахл қилмоқдасан. Сендан сўраётирман, қани бунда Худо ва одамлар қаршисидаги адолатинг?
Вирата узоқ вақт сукут сақлади. У нигоҳини кўтариб ўғиллари кўзида очкўзлик оловини кўрганда юраги титраб кетди. Сўнгра оҳиста деди:
– Сиз ҳақсиз. Мен эркингизни бўғмоқчи эмасман. Уйимни олинг ва уни ўз истакларингизга кўра бўлишиб олинг. Мен бундан буён эгалик қилишни ва гуноҳкор бўлишни истамайман. Сен рост гапирдинг: кимки эгалик қилса, у ўзгаларни эркдан мосуво қилади, аммо энг аввало – ўзини. Кимки гуноҳсиз яшашни истаса, на ўз уйи, на ўзганинг тақдири устидан ҳукмронлик қилмоғи лозим, ўзганинг қони ҳамда меҳнати билан озиқланмаслиги, аёлга нисбатан эҳтиросни ҳамда тўқликдан келиб чиқувчи дангасаликни қадрламаслиги керак. Фақат бир ўзи, ўз худосини деб яшовчи ғайратли шахсгина уни билади, фақат фақир одамгина уни тўлалигича қўлга киритади. Мен эса ўз еримдан кўра Кўзга кўринмасга яқин бўлишни ҳамда гуноҳсиз яшашни истайман. Уйимни тинч-тотув ўзаро бўлиб олинглар.
Вирата ортига бурилди-ю, кетди. Ўғиллари ҳайрону лол туриб қолдилар; қорни тўйган очкўзлик жисмларида ширин ўт бўлиб ёнар, бироқ шунга қарамай изза қилингандилар.
Вирата эса ётоқхонасига қамалиб олди ва оила аъзоларининг чақириқларига кар бўлиб турди. Фақат тунги соялар тушгандагина у йўлга отланди: асо, хайр учун косача, ишлаш учун болта, очликни енгиш учун бир ҳовуч мева ҳамда тоат-ибодат учун донишмандлар ёзуви битилган пальма баргларини олди. Либоси этагини тиззасидан юқори қантариб қўйди, ортига бурилиб на аёли, на болалари, на ўзининг бор бойлигига бирон марта ҳам назар ташламай жимгина уйини тарк этди. Бир сафар ўзи ғафлатдан уйғонишнинг аччиқ бир онида қиличини ташлаб юборган дарёга етиш учун тун бўйи юрди, саёз кечув жойидан нариги қирғоққа ўтди ва оқим бўйлаб пастга – уйлардан ном-нишон йўқ, ер ҳали омоч нелигини билмаган жойга етиб борди.
Дарёнинг бурилган еридаги яшин урган кекса манго дарахтига тонг маҳали етди. Дарё сокин оқиб ётар ва қушлар галаси саёз сув узра парвоз қиларкан, қўрқмай чанқоғини қондирарди. Бунда – очиқ қирғоқда ёруғ эди, орқада эса серсоя дарахтлар кўкка бўй чўзган. Яшин уриб парчаланиб кетган дарахт бутоқлари ҳамда шох-шаббалари теварак-атрофда сочилиб ётарди. Вирата ўрмон ичида яширинган ялангликни кўздан кечирди ва бу ерда кулба қуриш ҳамда ўзининг қолган кунларини одамлардан олисда ва гуноҳлардан холи тарзда мушоҳадага бағишламоққа қарор қилди.
У кулбасини нақ беш кун қурди, чунки қўли меҳнатга одатланмаганди. Аммо шундан сўнг ҳам кунлари меҳнат қилиш билан ўтди: озуқа учун мева ахтариб топиши, ҳар тарафдан кулбасини қалин ўраб олган буталарни чопиб ташлаши, ўкиришлари билан тун зулматини бузувчи оч йўлбарслар кулбасига бостириб кирмаслиги учун ўткир қозиқлар билан атрофини ўраб олиши керак эди. Бироқ биронта ҳам инсон товуши Виратанинг ҳаётига дахл қилмас ва дилини хуфтон этмасди; унинг битмас-туганмас манба билан озуқланувчи кунлари дарёдаги сув каби сокин оқарди.
Қушлар бўлса ҳамон учиб келишар, юввошгина зоҳид уларни чўчитмас ва тез орада улар инларини унинг кулбаси томи тагига қура бошладилар. Вирата улар учун улкан гуллар уруғини сепар ва мева-чевалар ташларди. Улар дадиллик билан жуда яқин учиб келишар ва энди унинг қўлидан қўрқмай қўйишганди. Ўзига чорлаганда пальмалардан учиб тушишар, Вирата улар билан ўйнар ва қушлар қўрқмай унинг қўл теккизишига қўйиб беришарди. Бир гал у ўрмонда ёшгина маймунчани топиб олди: унинг қўли синганди ва ерга ётган кўйи ёш бола каби ҳиқилларди. Вирата уни кулбасига олиб кетди, катта қилди ва жонивор унга тақлид қилган ўлароқ хизмат қилишни ўрганиб олди. Шундай қилиб Вирата тинчликсевар тирик мавжудотлар орасида эди, бироқ уларда ҳам инсонларда бўлгани каби зўравонлик ҳамда ёмонлик яширинганини биларди. У тимсоҳлар қандай қилиб бир-бирларини жон аччиғида тишлаши ва таъқиб қилишини, қушлар ўткир тумшуқлари билан сув ичидан балиқларни тутиб олишини, илонлар қандай қилиб айнан ўша қушларни кутилмаганда ўз ҳалқаларига ўраб олишини кўрарди. Шафқатсиз илоҳалар бутун оламни чирмаб ташлаган ёвузлик занжири унинг қаршисида ўзгармас қонун бўлиб бўй кўрсатар ва ақл-заковат уни рад қила олмасди. Бироқ Виратага бу олишувларнинг бор-йўғи кузатувчиси бўлиб қолиш, гуноҳдан фориғ бўлиб, ғалаба ҳамда мағлубиятлар ўпқонига дахлдор бўлмаслик қувонч бағишларди.
Вирата бир ярим йил биронта одамни кўрмади. Аммо кунларнинг бирида бир овчи нариги қирғоқда филни сув ичиш жойигача таъқиб қилаётиб, ноодатий манзарани кўриб қолди. Кичик бир кулба рўпарасида оқшомнинг сарғиш шуъласи билан ёритилаётган соқоллари оқ қария ўтирар, қушлар унинг сочлари орасида хотиржамгина жойлашган, маймун оёқлари тагида жарангдор зарб билан ёнғоқ чақарди. Унинг ўзи эса пальманинг кўк ва ранг-баранг тўтилар ҳалинчак учаётган тепасига қараб турар ва қўлини кўтарганда тўтилар яшин тезлигида учиб келиб, тиззаларига қўнарди. Овчи шунда “жониворлар у билан инсон товуши билан сўзлашади, гуллар унинг оёқлари изида ўсиб чиқади; сўзи билан юлдузларни териб олади ва биргина нафаси билан оймомони кўк бўйлаб юрғизади”, дея номи чиққан авлиёни кўрмоқдаман, деб ўйлади. Шундай қилиб овчи овини унутди ва кўрганлари ҳақида айтиб бериш учун уйига шошилди.
Мўъжизага нариги қирғоқдан кўз ташлаш учун эртаси куниёқ қизиқувчилар оқиб кела бошлади. Ниҳоят, буюк адолатни деб ватанини, уйи ҳамда мол-мулкини ташлаб чиққан Виратани улардан бири таниб қолмагунча одамлар сони тинмай ошиб бораверди. Хабар борган сари қулоч ёйди ва ниҳоят йўқолиб қолган содиқ маҳрам ҳақида қайғураётган шоҳ қулоғига етиб келди ва у елканли кемани йигирма саккиз эшкакчи билан шайлашни амр этди. Токи кема оқимга қарши сузиб Виратанинг кулбаси жойлашган ерга етиб бормагунча тинмай эшкак эшдилар. Шунда шоҳ оёғи тагига поёндоз ташладилар ва у донишманд ҳузурига йўл олди. Бироқ Вирата бир йилу, олти ой инсон овозини эшитмаганди; у иккиланиб меҳмонларга журъатсизгина пешвоз чиқди, маҳрамнинг ҳукмдор қаршисида таъзим қилиши кераклигини унутди ва фақатгина деди:
– О шоҳим, ташрифинг қутлуғ бўлсин!
Шоҳ уни бағрига босди.
– Комиллик йўлидан бораётганингни кўпдан буён кузатмоқдаман. Сендан ўрганиш учун адолатли шахс қандай яшашини кўрмоқчиман.
Вирата таъзим қилди.
– Ҳар қандай гуноҳдан фориғ бўлиш истагида одамлар билан мулоқот қилишни ёддан чиқарганимдан бошқа ҳеч нарса менга маълум эмас. Ёлғиз одам фақат ўзинигина ўқитиши мумкин. Қилаётган ишим ақлданми – билмайман, ҳис қилаётганим бахтми – билмайман, ҳеч нима деб насиҳат қила олмайман, ҳеч нимани ўргата олмайман. Ёлғиз кишининг донолиги олам донишмандлигидан фарқ қилади ва мушоҳада қонунияти қилмиш қонуниятидан фарқлидир.
– Бироқ адолатли киши қандай яшаётганини кўришнинг ўзи таълим олиш деганидир, – жавоб қилди шоҳ. – Сенинг нигоҳингни учратганимдан буён нурли қувончга тўлдим. Ундан зиёдини талаб қилмайман.
Вирата яна шоҳ қаршисида таъзим қилди. Ва шоҳ уни яна бағрига босди.
– Сен учун бирон нима қила оламанми ёки оилангга бирон нима етказайми?
– О шоҳим, ерда энди менинг ҳеч нарсам йўқ ёки барчаси меники. Бошқа уйлар қатори бир пайтлар менинг ҳам уйим бўлгани ва бошқа болалар орасида болаларим ҳам бўлганини унутганман. Ёлғиз кишига бутун борлиқ, зоҳидга – ҳаётнинг бор-буди, гуноҳсизга – тинчлик ва осойишталик тегишлидир. Менинг ер юзида гуноҳсиз яшамоқдан ўзга истагим йўқ.
– Унда, алвидо, мени ўз ибодатларингда ёд эт.
– Худони ёдга оламан ва шу билан сени ҳам, ер юзидаги барча-барчани ёдга оламан, зеро, улар Худонинг бир қисмидир, нафасининг бир қисмидир.
Вирата юзтубан йиқилди. Шоҳ кемаси дарё бўйлаб қуйига йўналди ва кўп ойлар мобайнида зоҳид инсон товушини эшитмади.
* * *
Виратанинг шуҳрати яна бир бор қанот қоқди ва салтанатни оқ лочин каби айланиб ўтди. Унинг тақволи ҳаётни деб ўз уйи ва мулкини ташлаб кетгани ҳақидаги хабар денгиз бўйидаги энг олис қишлоқ ва кулбаларга етиб борди ва кишилар адолатпарварни саховатбардорнинг тўртинчи номи билан – Танҳолик Юлдузи деб атай бошладилар. Руҳонийлар унинг тарки дунё қилганини ибодатхоналарда, шоҳ эса маҳрамлари ҳузурида олқишлардилар. Ва ҳакам ҳукм ўқиётганда доимо қўшиб қўярди: “Сўзларим энди фақат Худони деб яшаётган ва олий донишмандликка сазовор бўлмиш Виратанинг сўзлари каби адолатли бўлсин”.
Ва шундай ҳам бўлиб турардики, кимдир қилмишидан пушаймон бўлиб, ҳаёти алғов-далғовлигини англаб, ўша адолатли кимса каби ўзига кулба қуриш ва фақат Худони деб яшаш учун уйи ҳамда ватанини тарк этар, мулкини тарқатиб, ўрмонга кетарди. Зеро, ўрнак олинганда ер юзидаги инсонлар орасида қудратли алоқа ўрнатилади, ҳар бир яхши амал ўзгалар истагини уйғотади ва инсон мудроқни юзидан сидириб ташлайди-да, ўз ҳаёти соатларини ибрат олиш билан тўлдиради. Ва ўша кўзи очилганлар ҳаётларининг бўм-бўшлигини англадилар, қўллари қонда, қалблари гуноҳда эканлигини кўрдилар; уй-жойларини тарк этишиб, Вирата сингари ўрмонда ўзларига кулба қуриб олдилар ва бундан кейин фақат ва фақат таналари учун энг зарур нарсалар ҳақида қайғуриб, ниҳоясиз ибодатга берилдилар. Мева тераётган пайтлари ўрмон сўқмоқларида учрашиб қолганларида ўзларини янги танишлар билан боғламаслик учун миқ этишмас, бироқ кўзларида табассум ўйнар ва қалбан бир-бирларига тинчлик улашардилар. Халқ эса ўша ўрмонни Тақводорлар Ўрмони деб атарди ва ушбу ерларнинг муқаддаслигини булғашдан чўчиб биронта ҳам овчи унинг ичкарисига кирмасди.
Бир куни эрталаб Вирата ўрмон ичра санқиб юраркан, ерда қилт этмай ётган зоҳидни кўриб қолди ва уни кўтариб олиш учун энгашиб, ҳаёт зоҳидни тарк этганини пайқади. Вирата марҳумнинг кўзларини юмди, дуо ўқиди ва унинг жонсиз танини ўрмондан олиб чиқишга уринди. У ушбу биродарининг танаси эврилиш йўлига пок кетиши учун гулхан қалашни истарди. Бироқ юк мевалардан иборат қувватсиз егуликлар боис ҳолсизланиб қолган унинг қўли учун ўта оғир эди ва у кўмак сўраш учун кечувдан ўтиб, нариги қирғоқдаги яқин қишлоққа йўл олди.
Ўзлари Танҳолик Юлдузи деб ном берган одил одамни кўрган аҳоли унинг ҳузурига келди ва ҳурмат ила сўзларини эшитгач, марҳумни дафн этиш учун шу заҳотиёқ дарахт кесишга жўнадилар. Ҳамда Вирата ўтган жойларда аёллар юзтубан ерга йиқилдилар, болалар жимгина бораётган бу одам ортидан ҳайрат ила қараганча тўхтаб қолдилар ва кўпчилик эркаклар баланд бўйли меҳмоннинг либоси четини ўпиш ҳамда табаррук зотнинг дуосини олиш учун уйларидан чиқдилар. Вирата инсонлар марҳаматининг мана шу тўлқини аро табассум ила ўтиб борди ва одамлар билан алоқада бўлмаганидан бери шунчалик пок эҳтирос билан уларни сева олишини англади.
Қишлоқнинг бир четидаги пастаккина кулба ёнидан ўтаётганида эса рўпарасидан чиққанларнинг олқишларига ўшандек хуш жавоб қайтараётиб бехосдан аёл кишининг нафрат тўла нигоҳи ўзига қаратилганини пайқади. Вирата титраб кетди – қачонлардир ўзи ўлдирган акасининг аллақачон унут бўлган кўзини яна бир бор кўраётгандек туюлганди унга. У даҳшат ичра ортига тисарилди – танҳолик йилларида қалби душманлик ва ғазабдан шунчалик бегона бўлиб қолганди. Бу бор-йўғи нигоҳ алдови, сароб эканлигига ўзини ишонтиришга уринди. Бироқ ҳаракатсиз, тим қора кўзлар ҳамон унга қаҳр билан қадалиб турарди. Ва шунда Вирата ўзига келиб, эшикка яқин бориш мақсадида олға юрди, аёл уй ичига чекинди, шернинг ҳаракатсиз қорачиғи янглиғ унга қаратилган ўтли нигоҳ ҳамон йилтираб турарди.
Вирата ўзини тутиб олишга уринди. “Қандай қилиб ўзим ҳеч қачон кўрмаган бу аёл қаршисида шунчалик гуноҳкор бўлишим мумкин, менга шу қадар нафрат билан қарашининг сабаби нима? – дерди у ўз-ўзига. – Балки бу хатодир, буни аниқлаш керак”. У бамайлихотир уйга яқинлашди ва эшикни тақиллатди. Бўғиқ товуш эшитилди холос ва шунга қарамай бегона аёлнинг душманларча яқинлигини ҳис этди. У сабр ила тақиллатишда давом этди, гадо сингари кутди ва яна тақиллатди. Ниҳоят, аёл унга хомуш ва нафратли нигоҳини тикиб, истар-истамай ташқарига чиқди.
– Мендан яна нима керак сенга? – дея аёл унга ўшқирди. Ғазабдан у шу даражада қалтираётган эдики, эшик кесакисини ушлаб туришга мажбур эканлигини Вирата кўрди.
У аёлнинг чеҳрасига тик боқди ва юраги ўрнига тушди, зеро, бунга қадар уни ҳеч қачон кўрмаганига ишонч ҳосил қилганди. Аёл ёш эди, Вирата эса мана неча йилки одамлар юрган йўлдан юрмай қўйган; уларнинг йўллари бирон марта ҳам кесишмаганди ва у аёлга ҳеч қачон зиён-заҳмат етказа олмасди.
– Эй аёл, мен тинчлик-тотувлик тилаб сенга салом бермоқчиман, – жавоб берди Вирата, – ва сўрамоқчиманки, нега бунчалик нафрат билан менга боқмоқдасан? Сенга нима қилдим? Наҳотки зиён етказган бўлсам?
– Нима қилдим дейсанми? – ғазабнок киноя аёлнинг лабларини қийшайтирди. – Менга нима қилдинг? Арзимаган иш қилдинг, сира арзимаган: уйим сув тўла коса каби эди, сен уни қуритдинг. Менинг энг қимматли нарсамни ўғирладинг ва ҳаётимни барбод этдинг. Афтингни бошқа кўрмаслигим учун жўна, акс ҳолда, ғазабимни боса олмай қолишим мумкин.
Вирата унга ажабланганча қараб турарди. Аёлнинг кўзлари шу қадар ёввойиларча ўйнардики, рўпарамдаги аёл ақлдан озмаганмикин, деб ўйлаб қолди Вирата. У кетишга тайёрланиб бурилди ва шундай деди: – Сен ўйлаётган одам эмасман. Мен олисларда яшайман ва ҳеч кимнинг тақдирига бурун суқмайман. Кўзларинг алдамоқда сени.
Бироқ аёл нафрат билан унинг ортидан қичқирди:
– Йўқ, ҳамма билгувчи, сени танидим. Сен Вирата, сени Танҳолик Юлдузи деб атайдилар, ҳимматли кишиларнинг тўрт номи билан шарафлашади. Бироқ мен шарафлай олмайман, то барча жонзотларнинг олий ҳаками мени эшитмагунча тилим сени фош этишдан чарчамайди. Агарда нима қилиб қўйганингни кўришни истасанг, кирақол.
У ҳайратда қолган Виратани ўз ортидан уй ичига бошлаб кетди ва бурчагидаги тўшак устида қимирламай ётган нимадир бор пастак, қоронғи хона эшигини ланг очди. Вирата тўшак устига энгашди ва даҳшат ичида ортига чекинди: қаршисида ўлган ўғил бола ётар, унинг жонсиз кўзлари ўлдирилган акасининг кўзи каби у томон маломат ила тикиларди. Аёл Виратанинг ёнида тураркан, ҳўнграшдан титраган овозда қичқирди:
– Бу менинг учинчи, юрак-бағримдан пайдо бўлган сўнгги болам. Уни сен ўлдирдинг, кишилар авлиё ва Худоларнинг маҳрами деб атайдиган одам ўлдирди!
Ўзидан гуноҳни фориғ қилиш мақсадида Вирата савол бермоқчи бўлди, бироқ аёл уни қайгадир бошлади.
– Мана бу ишсиз ётган тўқув дастгоҳига қара! Бу ерда Паратика, менинг завжам турар ва уззукун бўз тўқирди. Салтанатда ундан-да моҳир тўқувчи йўқ эди. Унга олислардан иш олиб келишар ва меҳнат бизга ҳаёт бағишларди. Кунларимиз чароғон ўтарди, зеро, Паратика оқкўнгил ва жуда меҳнаткаш эди. У мунофиқлар билан муносабатда бўлмас, кўчанинг бекорчи ғала-ғовуридан ўзини олиб қочарди. Мен унга уч нафар ўғлон ҳадя этдим, отаси сингари оқкўнгил, ростгўй бўлишлари учун уларни ўстираётгандик.
Кунларнинг бирида бир овчи келди – о, қани эди у ҳеч қачон бу ерга келмаганида! – ва тириклигидаёқ Худога яқинлашиш учун ўз уйи, ўз мулкини қолдирган, ўзига кулба қуриб олган бир одам мамлакатимизда яшаши ҳақида сўйлади. Ўша кундан бошлаб Паратиканинг ороми бузилди, оқшомлари узоқ ўйга толиб, сукут сақлайдиган одат чиқарди. Кунларнинг бирида, ярим тунда уйғониб, уни ёнимда кўрмадим. У Худони ёддан чиқармаслик мақсадида Тақводорлар Ўрмони дея аталмиш сен макон этган ўрмонга кетиб қолганди. Бироқ Паратика Худони ёдга олди-ю, унинг меҳнати эвазига яшаб келаётган бизни унутди. Қашшоқлик уйимизга кириб олди, болаларга егулик етишмасди, улар бирин-кетин очдан ўла бошладилар, бугун эса мана буниси, сўнггиси ҳам сен туфайли ўлди. Зеро, Паратикани сен васвасага солгандинг. Сен ҳақиқатга ва Худога яқинлашмоғинг учун мен туққан уч нафар бола ҳаётдан кўз юмди. Агар сени барча жонзотларнинг ҳаками қаршисида жавобгарликка тортсам, гуноҳингни қандай ювасан? Сен қушларга ушоқ ташлаганча ҳар қанақанги ташвишдан олисда бўлган пайтинг оғриқдан тиришган митти жуссаларнинг ўлимолди қийноқларини не билан қоплайсан? Инсон тириклар даврасидаги ҳаётдан кўра танҳоликда Худога яқинроқ бўлади, деган телбанамо фикрга уни ишонтириб, ҳалол меҳнати билан ўзи ҳамда бегуноҳ фарзандларини боқиб келаётган заҳматкашни васвасага солганингни не билан оқлайсан?
Вирата ранги оқариб, лаблари титраб, уни тинглади.
– Ўзгаларни васвасага солаётганимни билмас эдим. Ўз ҳаётим ўзим билангина чегараланиб қолади, деб ўйлаган эканман.
– Ҳатто ўспирин ҳам биладиган нарсани билмасанг, донишмандлигинг қайда қолди, дониш? Барча қилмишимиз Худодан ва ҳеч ким ундан ва гуноҳдан қоча олмайди, шундай эмасми? Такаббурлик сени кўр қилди, сен ўзингни хожа, ўз қилмишларинг хожаси ва одамларнинг мураббийи, деб ўйладинг. Сен учун лаззатли бўлган нарса мен учун заҳарга айланди, ҳаётинг эса мана бу боланинг ўлимига олиб келди.
Вирата ўйланиб қолди, сўнг бошини эгиб деди:
– Рост гапираяпсан ва кўраяпманки, ҳар қандай мусибат донишманд учун узлатдаги мушоҳадалардан кўра ҳақиқатга кўпроқ йўл очади. Барча билган ҳикматларимни мен бахтсизлардан билиб олдим, барча кўрганларимни жабрдийдалар нигоҳида, ўлган азалий акам нигоҳида кўрдим. Мен Тангри қаршисида ройиш эмас, такаббур эдим. Буни ҳозир, ўзимни қийнаётган сенинг ғуссанг орқали англадим. Мени афв эт, зеро, қаршингда виждоним қийналмоқда: сенга зиён етказдим ва ҳали ўзим билмаган яна кўпчиликка зиён етказаман. Ҳаракатсиз кимса ҳам қилмишлари учун заминимизда жавоб беради, танҳо одам-да ўзининг барча биродарларида умр кечиради. Мени кечиргин, аёл! Паратика ҳам қайтиши ва маҳв этилганлар ўрнига қурчоғингда янги ҳаёт пайдо қилиши учун мен ҳам ўрмондан қайтаман.
У чуқур таъзим қилиб, лабларини аёлнинг либоси четига теккизди. Шунда аёлни ғазаб тарк этди, у кетиб бораётган Виратанинг ортидан лолу ҳайрон қараб қолди.
Вирата осмон қаърига оқ жилва билан санчилганча тонгга яқин ўчиб қолган юлдузларга термилиб яна бир тунни ўз ҳужрасида ўтказди. Қушлар яна бир бор сайраб уни чорлади, Вирата уларга дон бериб эркалади. Сўнгра кўп йиллар бурун бу ерга келгани айнан ўша кундагидек асо ва косачани олиб шаҳарга қайтди.
Авлиё ўзининг узлатдаги маконини тарк этиб, яна шаҳарга қайтгани ҳақидаги хабар ёйилгани заҳоти, бундайин камнамо меҳмон келганидан хурсанд бўлганча ҳар томондан халойиқ оқиб кела бошлади. Бироқ унинг Худодан қайтгани ҳалокатнинг бошланиши эмасмикин деган яширин ваҳимани бошидан ўтказаётган кимсалар ҳам бор эди. Вирата оммавий сажда қилувчилар орасида кетиб бораркан, одамларга ўзининг одатий табассуми билан боқишга уринди-ю, бироқ илк марта жилмая олмади, нигоҳи қаҳрли бўлиб қолди, лабларига қулф солинди.
Мана шу аҳволда у шоҳ саройига етиб келди. Маслаҳат соати тугаб, шоҳнинг якка ўзи эди. Вирата унга яқин келди, у эса меҳмонни бағрига босиш учун ўрнидан турди. Бироқ Вирата унинг қаршисида юзтубан йиқилди ва илтижо маъносида либоси этагига тегди.
– Илтимосинг лабингда сўз бўлиб янграгунга қадар инобатга олинади, – деди шоҳ. – Мен тақводор бир зотга хизмат қилиш шарафига, донишмандга кўмак бериш бахтига муяссар бўлдим.
– Мени донишманд деб атама, – жавоб берди Вирата, – зеро, мен нотўғри йўлдан бордим. Ҳалқа ёпилди ва мен яна остонангда – бир пайтлар каминани ҳакамлик лавозимидан озод қилишни сўраган жойимда илтимос билан турибман. Мен гуноҳдан холи бўлишни истаб, ҳар қанақанги хатти-ҳаракатдан қочмоқчи бўлгандим, бироқ каминани худолар бандалари учун қўйиб ташлаган тўрлар чирмаб олди.
– Сўзларингга ишонмайман, – деди шоҳ. – Улардан қоча туриб, қанақасига одамларга зиён келтиришинг мумкин? Худо қалбида яшовчи сендек кимса қандай қилиб гуноҳга ботади?
– Атайин ёмонлик қилмадим. Мен гуноҳдан қочган эдим, бироқ оёқларимиз ерга занжирбанд қилинган, қилмишларимиз эса, азалий худоларнинг қонунларига боғланган. Ҳеч нарса қилмаслик ҳам қилмишдир ва мен азалий акамнинг кўзларидан яширина олмадим, биз доимо ихтиёримизга қарши ўлароқ унга нисбатан яхшилик ёки ёмонлик қиламиз. Бироқ Худодан қочган ва ҳаётимни унга хизмат қилишни бағишламаган камина етти карра гуноҳкордирман. Мен фойдаси йўқ одам эдим, зеро, фақат ўз ҳаётимни озиқлантирдим ва ҳеч кимга хизмат қилмадим. Энди яна хизмат қилишни истайман.
– Сўзинг мен учун ғаройиб, Вирата, сени тушунмаяпман. Мен амалга оширишим учун истагингни айт.
– Мен бундан буён ўз ихтиёримда эркин яшамоқчи эмасман. Зеро, эркин одам эркин эмас ва ҳеч нарса қилмаётган киши гуноҳсиз эмас. Бирон ишга ўзини бағишлаган, ўз ихтиёри ва кучини ҳеч нарса сўрамай бировга тақдим этувчи кимсагина эркиндир. Қилмишларимизни фақат ўртасигина бизга тааллуқли, уларнинг муқаддимаси ва интиҳоси, уларнинг сабаби ва оқибати – худолар қўлида. Мени эркимдан озод эт, чунки ҳар қанақанги истак руҳнинг гангиб қолишидир, ҳар қандайин хизмат эса – донишмандлик. Ва мен сенга ташаккур билдираман, шоҳим.
– Сени тушунмаяпман. Ўзингни озод қилишни истамоқдасан, шу билан бирга, иш бер деб тирғаласан. Бу қанақаси – бировга буйруқ берувчи эмас, бошқаларга хизмат қилувчи одамгина эркинми? Мен буни тушунмайман.
– Эй шоҳим, буни қалбан тушунмаганинг яхшиликкадир. Буни тушунганингда қанақасига шоҳ бўлардинг ва амр эта олардинг?
Шоҳнинг юзи ғазабдан бўзарди.
– Сенинг фикрингча, Худо қаршисида фармонбардор хизматкордан кўра пастроқми?
– Худо қаршисида паст ва юқорилар бўлмайди. Бироқ кимки эвазига ҳеч нима сўрамай хизмат қилса ва эркини берса, гуноҳдан фориғ бўлади, уни Худога қайтаради. Ўз ихтиёрига кўра нимадир қилган кимса ўзини ёмонлик қилишдан қоча олувчи донишмандман, дея такаббурликка берилса, йўлдан озиб гуноҳга ботади.
Шоҳнинг чеҳраси тундлигича қолди.
– Демак, барча хизматлар баробар экан-да? Демак, Худо ва инсонлар ҳузурида буюклар ва қуйилар йўқ?
– Эй шоҳим, эҳтимол, кимлардир одамларга бошқалардан кўра буюкроқ кўринар, аммо ҳар қанақанги хизматлар Худо қаршисида тенг.
Шоҳ Виратага узоқ вақт ғазабнок қараб турди. Ранжитилган иззат дилини оғритмоқда эди. Бироқ Виратанинг озиб-тўзиган юзи ҳамда ажиндор пешонасига тушган оппоқ сочини кўргач, қария муддатидан аввал болаликка қайтибди, дея ўйлади. Ва уни синаб кўриш учун масхараомуз сўради:
– Саройимда итбоқар бўлишни истармидинг?
Вирата юзтубан йиқилди ва миннатдорлик белгиси сифатида тахт пойини ўпди.
Бир пайтлар бутун салтанат саховатдорнинг тўрт номи билан шарафлаган қария ўша кундан бошлаб итбоқарга айланди ва бошқа хизматкорлар билан саройнинг ертўласида яшайдиган бўлди. Ўғиллари ундан уялишар, уни кўрмаслик, у билан қондош эканликларини одамлар қаршида мажбуран тан олмаслик учун саройни қўрқоқларча четлаб ўтардилар, руҳонийлар ноқобил бу кимсадан юз ўгиргандилар. Фақат оми халққина қачонлардир салтанатда биринчи шахс бўлган, энди эса ҳовлида итларни судраб юрган қарияни кўриб ажабланиш учун келиб турарди. Бироқ у ҳеч кимни пайқамасди. Тез орада одамлар келишни бас қилдилар ва у ҳақда бошқа ўйламай қўйдилар.
Вирата ўз мажбуриятини эрта тонгдан кечгача жонкуярлик ила бажарарди. Итларнинг тумшуғини ювар ва қорақўтир жунларини қиртишлар, уларга озуқа келтирар, тагликларини алмаштирар ва кетларини тозалар, нажасларини йиғиштирарди. Итлар саройда истиқомат қилувчи барча-барчадан кўра уни кўпроқ севишар, бу нарса Виратани қувонтирарди. Унинг сўз ила одамларга камдан-кам ҳоллардагина мурожаат қилувчи бужмайган, ажиндор лаблари доимо табассумда эди. Ташвишсиз кексалиги сокин ўтарди.
Шоҳ ундан аввал вафот этди, Виратани пайқамайдиган янги шоҳ келди ва бир гал ўтиб бораётганида кўппак ҳургани учун Виратани калтак билан урди. Хуллас, Виратанинг мавжудлигини ҳамма унутди.
Унга ажратилган умр ўлчови ниҳоясига етиб вафот этганда эса ҳамма хизматкорлар дафн этиладиган чиқитхонага кўмиб ташланди, халқ орасида энди ҳеч ким салтанат қачонлардир саховатдорнинг тўрт номи билан шарафлаган кимсани эслай олмасди. Ўғиллари беркиниб олишди, биронта руҳоний унинг хоки устида видо қўшиғини айтмади. Фақат итларгина икки куну, икки кеча увлаб чиқдилар. Кейин улар ҳам номи ҳукмдорлар ёзишмаларида қайд этилмаган, донишмандлар китобларида ёзилмаган Виратани унутишди.
Рус тилидан Иброҳим Чориев таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 11-сон