Салжуқий турклар кимлар эди?

Аллоҳ томонидан кишиларни яхши ҳаётга даъват қилиш учун юборилган Муҳаммад пайғамбар 632 йилда вафот этди. У вафот этгандан кейинги 150 йил давомида Испаниядан то Хитой чегараларигача бўлган ҳудудда мусулмон халифалари ҳукмронлик қилдилар. Улар давлатни бошқаришнинг янги, Қуръони карим ақидаларига асосланган шаклини яратдилар ва такомилига етказдилар (зеро, мусулмонларнинг нуқтаи назарига кўра Қуръонда Муҳаммад с.а.в. бевосита Аллоҳнинг каломини баён этгандир).

Исломнинг янги мамлакатларида маҳаллий урф-одатлар, кўникмалар, масалан қишлоқ хўжалигини юритиш усуллари, турли касбу ҳунарлар, меъморчилик шакллари ва кийиниш маданияти асосан аввалгидек, ўзгармасдан қолди, албатта. Бироқ уларнинг халқлари кўпмиллатли ягона ислом ҳамжамиятига бирикдилар ва ягона диннинг хайрли таъсири остида ўзаро яқин муносабатга киришдилар, зеро ислом ақидалари ҳамда ягона араб тилининг ҳам бунда беқиёс хизмати бор эди. (Зеро, барча диний маросимлар, тоат-ибодатлар, ҳатто расмий давлат ҳужжатлари ҳам араб тилида юритилар эди).

Шунингдек, кишилар орасида дўстона ва ҳамкорлик алоқаларининг вужудга келишида, мусулмонлар бажариши лозим бўлган шарафли амал — Маккага (зиёрат) ҳаж қилишнинг ҳам жуда катта аҳамияти бор эди. Бироқ 12 асрнинг бошларига келиб то Ўрта ер денгизининг соҳилларигача бўлган ғарбий мусулмонларнинг ерлари тобора кўпроқ босқинчилик талонларига учрай бошлади. Мусулмон лашкарлари ва Византия қўшинлари ўртасида ҳам тўқнашувлар бўлиб ва можаролари рўй бермасин, бари бир «мусулмон оламининг юраги» бўлган мамлакатлар — Арабистон, Яқин Шарқ, Форс давлати, Месопотамия ҳамда Шимолий Ҳиндистон ва Ўрта Осиёда уларнинг ҳукмдорлиги қатъий ва барқарорлигича қолаверди.

10—11 асрларда салжуқий туркларнинг майдонга чиқиши туфайли мусулмонларнинг ҳукмронлиги янада мустаҳкамланди. Бир гуруҳ Ўрта Осиё кўчманчи халқларидан бўлган Салжуқийлар мусулмонлар заминига бориб ўрнашиб қолдилар, кўплаб мамлакатларни ўзларига бўйсиндирдилар ва тез орада мусулмон динини қабул қилдилар. Улар ўзларининг янги динларини ҳимоя қилишга шай қудратли, яхши тайёргарликка эга ҳарбий кучга айландилар.