Ўттиз йилдан бери яқинларимни ўрганаман. Мен уларни яхши биламан, деб айтолмайман. Ўйлашимча, биз учратган, танишган одамларга кўпинча юзига қараб баҳо берамиз. Жағининг тузлиши, оғзининг бичими, кўз қарашларидан хулоса чиқарамиз. Одамлар ўзларининг инсон тўғрисидаги илк таассуротлари ҳар доим тўғри чиқишини айтишган пайтга елкамни қисаман. Ўзимга келганда, кўраманки, узоқ вақтдан бери билган одамларим ҳар гал: «Eнг қалин дўстларим фақат шулар бироқ улар тўғрисида ҳеч нарса билмайман десам тўғри бўлади», деб мени ҳайрон қолдиришади.
Бугун эрталабки газетадан Эдвард Ҳаид Бартоннинг Кобеда вафот этганини ўқиб, миямга шу фикрлар келди. У савдогар эди, Кўп йиллар Японияда яшади. Уни яхши билмасдим, бироқ кутилмаганда қизиқиб қолдим, чунки бир сафар у менга ғаройиб бир улги улащди. Агар бу ҳикояни ўз оғзидан эшитмаганимда, унинг қўлидан шунуқа иш келищига ҳеч ҳам ишонмаган бўлардим. Ҳикоянинг фавқулодда таъсирли чиқишига афт-ангорининг, феъл-атворининг қандайдир бошқачалиги сабаб бўлди. У жиккаккина одам: жуда озғин, сочлари оқ, қизил юзини ажин босган, кўзлари кўк эди. Менингча, танишган пайтларимда тахминан олтмиш ёшларда эди. Бартон ҳамиша тоза, одми, ёши ва мартабасига мос кийинарди.
Идораси Кобеда бўлса-да, Бартон тез-тез Ёкогамага келиб турарди. Бир гал кема кутиб бир неча кунни Ёкогамада ўтказишимга тўғри келган, шунда инглиз клубида уни менга таништиришди. Биз қимор ўйнадик. У ақлни ишлатиб, қурумсоқлик қилмай ўйнади. Ичимлик ичаётганимизда бир-икки марта гап қўшганини айтмаганда, ўша куни уни гапирмади деса ҳам бўлади. Гаплари хийла баъмани эди. Ўзи эса хотиржам, кайфияти яхши эди. Чамаси, Бартоннинг клубда обрўси баланд эди. Чунки кетганидан сўнг қартабозлар уни зўр ўйинчилардан бири, дейишади. Бу воқеалар икаламиз ҳам Гранд Отелда турганимизда рўй берди ва эртаси куни у мени тушликка таклиф қилди. Мен унинг тўладан келган, ёши ўтиб қолган , доим кулиб турадиган хотини, икки қизи билан танишдим. Албатта, аҳил ва бир-бирига меҳрибон оила эди бу. Бартоннинг феъл-атворидаги мени ўзига тортган хислат хайрихоҳлик эди. Унинг беозор мовий кўзларида кишига хуш ёқадиган нимадир бор эди. Овози ипакдай майин, жаҳли чиқиб, овозини кўтарган ҳолатини тасаввурингизга сиғдира олмасдингиз. Кулгуси ҳам жуда самимий, гўё меҳригиёси бор эди. Чунки сиз унинг муомаласидан ўзингизга хайрихоҳлик сезардингиз. Истараси иссиқ эди. Бироқ нозик табиатли деб бўлмасди: у қарта ўйини-ю, коктейлини яхши кўрар, ичак узар латифаларни қиёмига етказиб айтишни ҳам ўринлатар, ёшлигида спорт билан ҳам оз-моз шуғулланган экан чоғи, ўзига тўқ бу одам кўп пул топарди. У шундай кичкина ва беозор эди-ки, беихтиёр ёқтириб қолардингиз. Уни нимадандир ҳимоя қилгингиз келарди. У ҳақда «қўй оғзидан чўп олмайдиган, ювош одам», деб ўйлардингиз.
Бир куни тушдан кейин мен Гранд Отелнинг оромхонасида ўтирардим. Деразалардан кемага тўла бандаргоҳнинг ажойиб манзарасини томоша қилса бўларди. Йўловчи ташувчи улкан пароходлар, турли мамлакатларнинг савдо кемалари, хитойча елканли кемалару бири у ёққа, бири бу ёққа сузиб юрган қайиқларгача кўриниб турарди. Бу жой жуда сершовқин эди, бироқ нимасидир кўнгилга таскин берарди.
Орадан кўп ўтмай оромхонага Бартон кириб келди. Мени кўриб, ёнимдаги курсига чўкди.
«Қиттак ичмаймизми? Нима дейсиз?»
У чапак чалиб югурдак болани чақирди ва икки стакан ароқ буюрди. Бола ароқни олиб келаётганда, кўчадан ўтиб кетаётган таниш мени кўриб қўлини силкитди.
«Тёрнерни танийсизми?» мен ҳам унга бош сермаб салом берганимдан сўнг сўради Бартон.
«У билан клубда танишдим. Тёрнерни менга ватанидан келадиган пул ҳисобига яшайдиган муҳожирлардан деб айтишди».
«Тўғри. Бу ерда шунақа муҳожирлардан бир талайи яшайди».
«У қартани зўр ўйнаркан».
«Уларнинг ҳаммаси яхши ўйнайди. Ўтган йили бу ерга бир йигит келганди, менинг фамилиядошим, мен билган одамлар орасида қартани энг яхши ўйнайдигани шу йигит эди. Сиз бунақасини Лондонда учратмагансиз. Исми Ленни Бартон эди».
«Йўқ. Бунақа фамилияни эслай олмаяпман».
«Ленни жуда зўр ўйинчи эди. У картани худди олдиндан нима бўлишини сезаётганга ўхшаб ўйнарди. Ўйинини кўриб қойил қолганингиздан ёқа ушлардингиз. У билан кўп ўйнаб кўрганман. Ленни Кобеда ҳам анча вақт яшади».
Бартон ароғидан ҳўплади.
«Бу анча кулгили воқеа. Ленни ўзи ёмон йигит эмасди. У менга ёқарди. Доим бинойидай кийиниб юрар, жингалаксоч, қизил юзли келишган йигит эди. Аёлларга жуда ёқарди. Бировга зиёни тегмасди. Лекин ўзини тийишни билмасди, бўкканча ичарди. Ўзи бу унга ўхшаган йигитлар учун одат бўлиб қолган. Уч ойда деганда уйидан озгина пул келарди. Бундан ташқари, Леннининг ўзи ҳам қартадан оз-моз пул ютиб турарди. Мен унга яхши муомала қилардим.»
Бартон кулиб қўйди.
«Менингча, ўзимга яқин олганим учун ҳам Ленни пулсиз қолганида олдимга келди. Албатта, бир куни у идорамга келиб, иш топиб беришимни илтимос қилди. Ҳайрон қолдим. Ленни уйидан пул юбормай қўйишганини, энди ишламоқчи эканини айтди. Ундан ёшини сўрадим.»
«Ўттиз бешдаман», деди.
«Авваллари нима иш қилгансан?» деб сўрадим.
«Айтарли ҳеч иш қилмаганман», деди.
Бу гапини эшитиб кулиб юбордим.
«Мен сенга ҳозир ҳеч қандай ёрдам беролмайман,- дедим унга. – Яна ўттиз беш йиллардан кейин олдимга келсанг, сенга қандай иш топиб бериш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўраман.»
Ленни жойида қотди. Ранги оқарди. Бир оз гарангсиб турди-да, кейин анчадан бери қартада омади келмаётганини айтди. Чўнтагида бир тийини йўқ, эди. Бор нарсасини гаровга қўйган. Яшаб турган меҳмонхона ҳақини ҳам тўлай олмасди. Меҳмонхонадагилар эса унга яна қарзга жой беришга рози бўлишмаган. У жуда ёмон аҳволда қолган эди. Агар бирор иш тополмаса, ўзини ўзи ўлдириши ҳам ҳеч гап эмасди.
Унга диққат билан қарадим. Ленни дармонсиз бир аҳволда турарди. Кўп ароқ ичганидан кўриниши ҳам қартайиб қолган одамга ўхшарди.
«Қарта ўйнашдан бошқа яна бирор иш қўлингдан келадими?» деб сўрадим ундан.
«Сузишни биламан», деди.
«Сузишни!»
Анграйиб қолдим. Бу шунуқанги аҳмоқона жавоб бўлдики…
«Университетимнинг спорт жамоасида сузганман».
«Ёшлигимдан мен ҳам сузишни қойиллатганман», дедим мен.
Шу пайт хаёлимга бир фикр келди…
Бартон ҳикоясини тўхтатиб, менга юзланди.
«Кобеда бўлганмисиз?», деб сўради у.
«йўқ, – дедим мен. – Тўғри, бир марта Кобедан ўтганману, лекин у ерда фақат бир оқшом тунаганман.»
«Ундай бўлса сиз Шиоя клубидаям бўлганмисиз.Мен йигитлик пайтимда шу жойдан сузишни бошлаб, маёқ ёнидан ўтганман ва Таруми қўлтиғигача сузиб борганман. Бу, уч милдан зиёдроқ масофани, маёқ атрофидаги кучли оқимга бас келиб, сузиб ўтиш анча қийин.»
Хуллас, мен ёш дўстимга бу ҳақда сўзлаб бердим ва «агар шу масофани сузиб ўтсанг, сенга иш топиб бераман», дедим.
Таклифим Леннини эсанкиратиб қўйди.
«Сузишни биламан деб айтаяпсан-ку», дедим мен.
«Лекин ҳозир яхши аҳволда эмасман-да», деди у.
Мен ҳеч нарса демадим. Елкамни қисдим. Ленни менга бироз қараб турди-да, кейин бошини сермади.
«Бўпти, – деди у. – Қачон сузишимни хоҳлайсиз?»
Соатимга қарадим. Эндигина ўндан ўтганди.
«Сузишга бир ярим соат вақтинг кетади. Мен ўн икки яримда қўлтиққа бориб, сени кутиб оламан. Кийиниб олишинг учун клубга қайтамиз. Кейин бирга тушлик қиламиз.»
«Келишдик», деди у.
Биз қўл олишдик. Унга омад тиладим, у кетди. Ўша куни эрталаб ишларим қайнади, ўн икки яримда қўлтиққа базур етиб бордим. Леннини кута бошладим. Лекин бекорга кутган эканман».
«Сузишга юраги дов бермабдими?», деб сўрадим мен.
«Йўқ. У сузишни бошлаган. Аммо ароқни кўп ичиб соғлиғини ишдан чиқарган эди. Маёқ атрофидаги оқимни енгиб ўтолмаган. Леннининг жасадини уч кундан кейин топдик».
Қанча вақт жим турганимни билмайман. Гангиб қолган эдим. Кейин Бартонга савол бердим:
«Унга иш таклиф қилган пайтингизда, чўкиб кетиши мумкинлигини билармидингиз?»
Бартон секин кулди-да, менга ўзининг меҳрибон мовий кўзлари билан қаради. Қўли билан иягини ишқалади.
«Ўзи ўша пайтда идорамда бўш жой йўқ эди».
Инглиз тилидан Алишер Отабоев таржимаси