Сомерсет Моэм. Киртоғора (ҳикоя)

Поситано — тепаликда жойлашган хушманзара шаҳар. Қишда бу ердаги уч-тўртта одмигина меҳмонхона аёлу эркак рассомларга тўлиб кетади, лекин шаҳарга ёз пайтида келсангиз ҳамма жойлар сизники. Тинч ва ораста меҳмонхона айвонида ўтириб туни билан денгизни томоша қилиш мумкин. Пастда, қирғоқ яқинида макарон, яхна гўшт, янги тутилган балиқ ва муздек мусаллас сотиладиган кичкина ошхона бор.
Август кунларининг бирида ўтиравериб кўнглимга урган Капридан кетиб, уч-тўрт кунни Поситанода ўтказишга қарор қилдим. Ижарага қайиқ олиб, шаҳарга қараб сузиб кетдим. Поситанога кеч тушганда етиб бордим. Бир-бир қадам ташлаб тепаликдаги меҳмонхонага чиқа бошладим. Чемоданларим икки бақувват италян аёл бошида. Бинога етиб боргач, у ерда бошқа меҳмон ҳам борлигини эшитиб ҳайрон бўлдим. Офитсиант (исми Жузеппе эди) менинг эски танишларимдан эди. Хоналарга қаровчи ходим, ҳаммол, оқсоч ва ошпаз вазифасини ҳам ўзи бажарарди. Уч ойдан бери меҳмонхонада бир америкалик сенёр турганини айтди.
“У рассомми ёки ёзувчи?”, деб сўрадим.
“Йўқ, сенёр, у жентелмен.”
Қизиқ-ку. Бу пайтда Поситанога чет элликлар келишмасди. Уч ой шу ерда қолишни хоҳлаган одамни кўз олдимга келтиролмасдим. Балки кимдандир беркиниш учун келгандир. Ўша йилнинг бошларида жиноятга қўл урган машҳур бир банкирнинг қочиши бутун Лондонда гап бўлганди. Бу сирли кимса ўша банкир бўлса-чи, деган фикр ўтди хаёлимдан. Мен у одам билан оз-моз таниш эдим, шунинг учун ҳам кўришганимизда безовта бўлмаса керак, деб ўйладим.
“Сенёрни ошхонадан топасиз”, деди Жузеппе кўчага чиқаётганимда. “У доим ўша ерда овқатланади.”
Албатта, мен борганимда у ошхонада йўқ эди. Лекин бир неча дақиқадан сўнг меҳмонхонадаги нотаниш қўшним кириб келди ва унинг мен кутган қочоқ банкир эмаслигини кўриб озгина ўнғайсизланиб қолдим. Ёши анчага бориб қолган, новча, денгиз ёқасида дам олиб қорайган, хушбичим, чўзинчоқ юзли киши экан. Эгнида очсариқ рангли ипакдан тикилган озодагина костюм, шляпаси йўқ эди. Калта олинган оппоқ сочлари ҳали ҳам анча қалин эди. Очиқкўнгиллиги мана-ман деб турган бу одамнинг ўзини тутишида қандайдир жозиба бор эди. У олтитача столда қарта ва домино ўйнаб ўтирган шу ерликларга бир-бир қараб чиқди-да, кейин мени кўрди. Кўзларида қувонч порлади. Менга яқинлашди.
“Сизни меҳмонхонага ҳозиргина келди, деб эшитдим. Жузеппенинг вақти йўқ экан. Демак, ўзимни ўзим таништиришим керак. Бегона одам билан овқатланишга қаршимасмисиз?”
“Йўқ, албатта. Ўтиринг.”
У стол тузаётган хизматчи аёлга италянчасига жуда чиройли қилиб менинг ўзи билан овқатланмоқчи эканлигимни айтди.
У ажойиб коктейл тайёрлади ва иштаҳамиз очилиб, овқатлана бошладик. Мезбоним ҳазилга уста экан. Тилни бузмай, равон гапириши менга ёқди.
“Агар кўп гапириб юборсам, хафа бўлмайсиз”, деди бир оздан кейин. “Уч ойдан бери, мана, биринчи марта менда инглизча гапириш имкони пайдо бўлди. Бу ерда узоқ қолмасангиз керак. Шунинг учун ҳам ичимдаги ҳамма гапларни сизга айтиб оламан энди.”
“Поситанода дам олиш учун уч ой, менингча, кўплик қилади.”
“Менинг ижара қайиғим бор, чўмиламан, балиқ овлайман. Эҳ-ҳе, қанчадан-қанча китобни ўқиб чиқдим. Бу ерда китобларим жуда кўп. Хоҳласангиз, сизга ҳам бериб туришим мумкин.”
“Ўқишга ўзимдаям нарсалар кўп. Лекин қандай китобларни ўқишингизни бир кўриб қўйсам ёмон бўлмасди. Бошқаларнинг нима ўқиётганини кўриш жуда қизиқ.”
“Тўғри, бундан ташқари, қўлидаги китобига қараб одам ҳақида анча нарса билиб олса бўлади”, деди у.
Овқатдан кейин суҳбатимиз яна давом этди. Ҳамроҳим кўп китоб ўқиган экан. У билан хоҳлаган мавзуда гаплашиш мумкин эди. Рассомлик тўғрисида шу қадар билимдонлик билан гапирдики, танқидчи бўлса керак, деб ўйлаб қолдим. Лекин бироздан сўнг у ўқиган китоблари ҳақида сўзлай бошлади, мен уни университет профессори экан, деган хулосага келдим. Исмини сўрадим.
“Барнаби”, деди у.
“Бу ном жуда машҳур бўлиб кетди”, дедим.
“Йўғ-е, нега энди?”
“Барнаби хоним ҳақида эшитмаганмисиз? Сизга ҳамюрт бўлади.”
“Газеталарда исмига кўзим тушган бўлиши мумкин. У аёлни танийсизми?”
“Ҳа, албатта. Барнаби хоним бутун ўтган мавсум давомида бир-биридан дабдабали ўтиришлар ташкил қилди. Таклиф қилганда бирортасидан қолмадим. Ҳамма борди. Биласизми, у жуда ажойиб аёл. Лондонга дам олиш учун келган экан. Лекин уюштирган ўтиришлари, қасам ичиб айтаманки, Лондондаги энг эсда қоларли ўтиришлардан бўлди.”
“Жуда бой бўлса керак-да?”
“Ҳа, жуда. Лекин муваффақиятларига сабаб пул эмас. Америкалик аёлларнинг аксарияти пулдор. Барнаби хонимнинг давраларда ўз ўрни борлигига сабаб бўлган асосий хусусият унинг феъл-атворидаги барқарорлик. У ҳеч қачон ўзини катта одам қилиб кўрсатишга уринмайди. Унда табиийлик бор. Ҳа, бебаҳо аёл. Барнаби хоним бошидан ўтказган воқеалар ҳақида эшитгандирсиз?”
Дўстим жилмайди.
“Барнаби хонимнинг Лондонда донғи кетган бўлиши мумкин. Лекин Америкада уни кўпчилик деярли танимайди.”
Мен ҳам жилмайдим.
“Майли, унда хоним ҳақида ўзим гапириб бераман. Барнаби хонимнинг эри маънавий томондан анча етук бўлса ҳам, кўриниши қўполроқ экан. Хонимнинг айтишича, эри баланд бўйли, девкелбат киши, хоҳласа, бир уриб ҳўкизни қулата оларкан. Уни Аризонада “Бехато урадиган Майк”, деб чақиришаркан.”
“Ё Худо! Нега?”
“Биласизми, кўп йиллар аввал ёшлигида у бир ўқ отиб иккита одамни ўлдирибди. Барнаби хонимнинг айтишича, у ҳатто ҳозир ҳам Серқоятоғларнинг ғарбида яшайдиган ҳар қандай эркакдан яхшироқ отаркан. Хонимнинг эри асли кончи бўлса-да, ўз вақтида чўпонлик қилган, ноқонуний қурол савдоси билан ҳам шуғулланган экан.”
“Ҳа, ҳақиқий ғарблик экан”, деди профессорим кесатгандек алфозда.
“Барнаби хонимнинг эри ҳақида гапириб берган ҳикоялари жуда қизиқ. Барча ўша ғаройиб одам билан бир марта бўлса ҳам гаплашишни истаган эди, бироқ Барнаби хонимнинг гапига қараганда, у ҳеч қачон ўзининг бепоён даштларини ташлаб, Лондонга келмас эмиш. Бир-икки йил аввал нефт конини топибди, ҳозир пулга кўмилиб ётган эмиш. Барнаби хоним эри билан бирга бошларидан кечирган саргузаштларини сўзлаганда, барча меҳмонлар гапларига маҳлиё бўлиб қолишади. Сочига оқ тушган, ўзи унча чиройли бўлмаса ҳам гўзал либосларни кийиб, қимматбаҳо марваридлар таққан бу аёлнинг бир вақтлар кончилар кийимини ювиб, уларга овқат тайёрлагани ҳақидаги ҳикоясини эшитганингизда завқланиб кетасиз. Барнаби хонимнинг шаҳзодалар, элчилар, ҳукумат аъзолари-ю, гертсоглар билан бир столда қариндошлардек бемалол гурунглашиб ўтирганини кўриб, уч-тўрт йил аввал шу аёл етмишта кончига овқат пишириб юрганига одамнинг ишонгиси келмайди.”
“Хоним ўқиш ёки ёзишни биларканми?”
“Таклифномаларни, менингча, котибаси ёзган бўлса керак. Лекин ўзи саводсиз эмаслиги аниқ. Бир сафар менга ҳар куни кечқурун кончилар ухлашга кетганда ўзини бир соатдан китоб ўқишга мажбур қилганини гапириб берганди.”
“Ажойиб!”
“Лекин Бехато урадиган Майк бойиб, чекларга имзо чекишга тўғри келгандагина исмини ёзишни ўрганган.”
Тепаликдаги меҳмонхонамизга чиқдик ва хайрлашишдан аввал эртанги кунни бирга ўтказишга келишиб олдик. Кейинги кунни ҳам чўмилиш, китоб ўқиш, овқатланиш, ухлаш билан маза қилиб ўтказиб, кечки овқатни ҳам бирга қилдик. Эртаси куни эрталаб, айвондаги нонуштадан сўнг, Барнабига китобларини кўрсатиш ҳақидаги ваъдасини эслатдим.
“Қани, юринг-чи.”
У билан бирга ётоқхонасига кирдик. Хизматчи Жузеппе Барнабининг ўрнини тартибга келтираётган экан. Хонада кўзим тушган биринчи нарса — донғи кетган ўша Барнаби хонимнинг бежирим рамкага солиб қўйилган сурати бўлди. Дўстим ҳам суратга қаради ва бирдан ранги оқарди.
“Eсинг жойидами, Жузеппе? Нега бу суратни жавонимдан олдинг? Жин урсин, нимага расмни жавонга солиб қўйганимни биласанми ўзи?”
“Билмабман, сенёр. Сенёраларини столда кўриш сенёрга ёқади деб ўйлабман.”
Донг қотиб қолдим.
“Барнаби хоним сизнинг хотинингизми?”, деб бақириб юборибман.
“Ҳа.”
“Eй Худо, сиз Бехато урадиган Майкмисиз?”
“Ўхшамайманми?”
Кулиб юбордим.
“Тўғрисини айтсам, ўхшамайсиз.”
Қўлига қараган эдим, Барнаби синиққина жилмайиб уларни яширди.
“Йўқ, сер, мен ҳеч қачон бир мушт уриб ҳўкизни ўлдирмаганман.”
Уч-тўрт сония бир-биримизга тикилганча туриб қолдик.
“Хотиним мени кечирмайди энди”, уҳ тортди Барнаби. “У исмимни ўзгартиришим лозимлигини айтганди, унамаганимдан кейин роса жаҳли чиқувди. Охири вой бўлади, деганди. Мен бўлса уч ой Поситанода беркинишнинг ўзи кифоя, деб гапига қулоқ солмагандим.” У негадир жимиб қолди. “Мана энди тасодифан воқиф бўлганингиз бу сирни ҳеч кимга айтманг, деб сизга илтимос қилишдан бошқа иложим йўқ.”
“Қўрқманг, керак бўлса, нариги дунёда ҳам сирингизни ошкор этмайман. Лекин, тўғрисини айтсам, ҳеч тушунмаяпман.”
“Аслида, касбим ўқитувчилик, ўттиз йилдан бери хотиним билан бирга Пенсилванияда яшардик. Билмадим, балки мен сизда бетартиб одамга ўхшаб таассурот қолдиргандирман, аммо шуни айтишим керакки, Барнаби хоним мен билган аёллар орасида энг маданиятлиси. Хуллас, амакиваччасининг вафотидан сўнг хотинимга жуда катта бойлик мерос тегди. Хотиним жуда-жуда бой аёл. У доим инглиз адабиётини ўқийди. Шунинг учун унинг энг катта орзуси — Лондондаги юқори табақа вакиллари даврасига қўшилиш, Лондон мавсуми давомида базмлар ташкил қилиш ва китоблардан бу ҳақда ўқиганларини рўёбга чиқариш бўлди. Албатта, пул уники эди. Хотинимнинг бундай истаклари менга унча ёқмаса ҳам орзуларига етиши учун имконияти борлигидан хурсанд бўлдим. Шундай қилиб, ўтган йили апрелда Англияга қараб йўлга тушдик. Буни қарангки, Ҳерефорд гертсоги ва гертсогиняси ҳам биз билан бир кемада кетишаётган экан. Йўлга чиққан вақтимизда мен касал эдим, шу сабабли каютамдан чиқа олмадим. Барнаби хоним эса хоҳлаган ишини қилиш имкониятига эга бўлди. Унинг шезлонги гертсогиняники билан ёнма-ён жойлашган экан. Хотиним ҳазил-мутойибага жуда уста. У ўша гертсогиня билан суҳбатлашган ва унга битта воқеани айтиб берган. Ҳикоя янада қизиқарли чиқиши учун бу нарса ўзимнинг бошимдан ўтган, деб айтган. Бу дарров натижа бериб, гертсогиня яна бирор нарса гапириб беришини илтимос қилган. Шунда хотиним яна бир уйдирмани ўйлаб топган. Хуллас, йигирма тўрт соатдан сўнг хотиним гертсог ва гертсогиня билан ака-укалардек апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Ора-орада каютамга келиб эришган муваффақиятларини айтиб берарди. Ўзим ҳам бу ишга қизиқиб қолдим. Қиладиган юмушим йўқ эди. Кутубхонадан Брет-Гарт асарларини келтиртириб, хотинимга ҳар хил саргузаштларни ўргатиб турдим”.
Беихтиёр пешонамга урдим: “Биз бўлсак, Барнаби хонимни Брет-Гартга қиёслаб мақтардик.”
“Саёҳат охирида каютамдан чиқаман-у хотинимнинг дўстларига аёлим билан уларни шунча вақтдан бери қандай қилиб алдаб келаётганимизни айтиб бераман, уларнинг донг қотиб қолишганини кўриб роса куламан, деб ўйлардим. Лекин рафиқамни билмас эканман. Эртаси куни, Саутгемптонга етиб қолганимизда, Барнаби хоним Ҳерефорд гертсоги унинг шарафига зиёфат бераётганини айтди. Гертсогиня хотинимни казо-казоларга таништираман, деб интиқ экан. Албатта, бундай имконият мингтадан битта одамга насиб этади. Мен эса ҳаммасини расво қилишим мумкин эди. Хотиним гапириб берган воқеаларида мени умуман бошқача тасвирлаганини айтди. У пайтда ҳали Барнаби хоним мени аллақачон Бехато урувчи Майкка айлантириб қўйганини билмасдим. Лекин кемада эканлигим эсидан чиқиб, кўп нарсалар тўқиганини кўнглим сеза бошлаганди. Қисқаси, у мавқеини мустаҳкамлаб олгунича бир-икки ҳафта Парижда яшаб туришимни илтимос қилди. Рози бўлдим. Лондондаги зиёфатларга боришдан кўра Сорбоннада озгина бўлса ҳам ишлаш мен учун минг марта яхши эди. Шундай қилиб уни Саутгемптонда қолдириб Парижга кетдим. Ўн кун ўтгач, Барнаби хоним орқамдан етиб келди. Орзу қилганидан ҳам катта муваффақиятларга эришганини, бошидан кечираётганлари ўқиган романларидаги воқеалардан минг марта яхшилигини, лекин танишлари мени кўриб қолишса ҳаммаси тугаши мумкинлигини айтди.
Жуда яхши, дедим мен, ундай бўлса Парижда яшайвераман. Унга бу фикр ёқмади, менинг шунчалик яқин жойдалигим ва номимни билган биронтасини учратиб қолишимдан қўрқиб тинч юролмаслигини айтди. Вена ёки Римга кетсам-чи, дедим. Бу ҳам ёқмагач, мана шу жойга келдим ва шу ерда жиноятчига ўхшаб узундан-узоқ уч ойдан бери беркиниб ётибман.”
“Чап ва ўнг қўлингизда револверлардан бирваракайига отиб иккита қиморвозни ўлдирганингиз ҳам ёлғон экан-да!”
“Оғайни, мен ҳеч қачон қўлимга қурол олмаганман.”
“Мексикалик қароқчиларнинг чайлангизга ҳужуми-чи? Ўшанда хотинингиз милтиқларни ўқлаб турган экан, сиз бўлса то ҳукумат қўшини ёрдамги етиб келгунча уч кун ҳужумни қайтариб тургансиз. Бу ҳам ёлғонми?”
Барнаби жилмайган бўлди.
“Бунисини ўзим ҳам эшитмаган эканман. Ҳаддан ошириб юборган-а.”
“Нималар деяпсиз? Булар худди Ёввойи Ғарб ҳақидаги саргузашт филмлардек бизларга ёққан.”
“Хотиним ғояни ҳам ўша ердан олган бўлса керак.”
“Лекин киртоғора-чи? Кончилар кийимини ювиши, яна алламбалолар. Хотинингиз бу воқеани гапириб, бизларни қанчалик кулдирганини сиз билмайсиз. Ахир, Барнаби хоним Лондонга киртоғорада сузиб келган эди-ку!”
Кулиб юборди.
“Ҳа, Барнаби хоним ҳаммамизни боплаб лақиллатибди.”
“Мени ҳам роса алдаган”, деди Барнаби.
“Рафиқангиз ажойиб аёл. Ундан қанча фахрлансангиз шунча оз. Доим уни бебаҳо аёл, дердим. У ҳар бир инглиздаги саргузашт-у уйдирмаларга бўлган эҳтиёжни ўз вақтида пайқай олди ва бизга айнан ўзимиз хоҳлаган нарсани берди. Ёлғонларини бутун дунёни беришса ҳам ошкор қилмасдим.”
“Сўзларингиз учун раҳмат, сер. Ҳақиқатан ҳам Лондон ажойиб мезбонга эга бўлди. Мен эса бебаҳо хонимдан айрилдим, шекилли.”
“Бехато урадиган Майк учун бирдан-бир макон, бу — Ёввойи Ғарб. Азизим Барнаби, сизнинг йўлингиз битта: беркинишни давом эттиринг.”
“Маслаҳатингиз учун катта раҳмат”, кесатди Барнаби.

Инглиз тилидан Алишер Отабоев таржимаси