Сомерсет Моэм. Ижод алангаси (ҳикоя)

Миссис Форестернинг “Ахиллес ҳайкали” номли илк детектив асари чоп этилганда у 57 ёшни қоралаган, бир қатор асарлари билан кўзга кўриниб қолганди. Авваллари унинг ўзига хос истеъдоди ўқувчилар назарига тушмаган, бу эса унинг китоблари сотилмаслиги сабабли эди. Лекин танқидчилар Форестернинг янги асарини мақтаб кўкларга кўтаришди.
Ижод билан бирга бу аёл сиёсатда ҳам кучини синаш ва ҳатто парламентга чиқиш фикридан ҳам ҳоли эмасди. У ҳар шанба кунги зиёфатида кўпчилик қатнашишини истарди. Базмларга фақат бир киши, яъни эри Алберт Форестернинг хуши бўлмасди, холос. Кўпчилик уни зиқналиги боис зиёфатларга иштиёқи йўқ деб ҳисобларди. Форестер хонимнинг унга қандай турмушга чиққани ҳам жумбоқ эди. Албертнинг марка йиғишга мойиллишни сезган таниш-билишлар унга “Филателист” деб лақаб қўйишганди. Алберт каттагина бойликка эга бизнесмен эди. Ўзи ғамгин, маъюс юрса-да, гоҳо ҳуда-беҳуда сўзлаб қолар, эгнидан оҳори тўкилган кийимлар тушмасди. Бироқ хотини бунга мутлақо эътибор бермас, аксинча унга меҳрибон, ўрни келганда эрини менсимаганларни изза қиларди. Миссис Форестернинг ҳаётини тубдан ўзгаргирган воқеа йил охиридаги зиёфатда содир бўлди. Ўша куни стол атрофида бу аёл барчани оғзига қаратган эди, бутун вужуди билан тинглаётган меҳмонлар фақатгана савол бериш мавруди келгандагана нотиқнинг сўзини бўлишарди. Зиёфат қизигандан қизиб борарди. Кутилмаганда шовқин-сурон кўтарилди.
—    Нима бўлди, Картер? — деб сўради миссис Форестер оқсоч аёлдан. — Уй қулаб тушмадими мабодо?
—    Кечирасиз, хоним, янги ошпаз жомадони билан кираётиб қоқилиб кетди.
—    Янга ошпаз деганинг нимаси?
—    Миссис Булфинч бугун ишга чиққани йўқ.
—    Жаноб Форестернинг хабари борми? — сўради хоним гўёки бу ишга эри масъулият билан қараши лозимдек.
—    Жаноб Форестер чиқиб кетганлар. Мана бу хатни етказишимни айтди, — дея букланган қоғозни узатди оқсоч.
Хат мазмуни миссис Форестер кайфиятини аста-секинлик билан ўзгартира бошлади. Унинг юз ифодасидан Албертдан бутунлай ажралганлигани уқиб олиш мушкул эмасди.
Форестер хоним ўқиб бўлгач, хатни ғижимлаганча йиғлаб юборди:
—    Қандай ноҳақлик! Қандай даҳшат!
—    Нима бўлди? Тинчликми? — сўради ҳамкасби жаноб Симмонс.
—    Олиб ўқинг, — деди хоним ғижимланган қоғозни узатаркан.
Жаноб Симмонс кўзойнагани тақиб ўқишга киришди: “Азизим, миссис Булфинч ишини ўзгартирганлиги ва усиз ёлғиз қололмаслигим боис бирга кетишга қарор қилдим. Бундай ҳаётдан сабр-косам тўлган. Миссис Булфинчни никоҳ қизиқтирмайди, ажрашишни истасанг, қайтадан оила қилишга қарши эмас. Унинг жойига янги ошпаз ёлладим. У билан тил топишасан деган умиддаман. Биз Кенингтон-роуддаги 41-уйдамиз.
Алберт”
Узоқ давом этган сукунатни жавоб Симмонс бузди:
—    Бу нима қилиқ?
—    Бу қандай хўрлик! Чидаёлмайман, — бақирди Форестер хоним қўллари билан юзини яширганча. Вазиятни тушуниб турган жаноб Симмонс вазминлик билан насиҳат қилди:
—    Агар осуда ҳаётни маъқул кўрсангиз, унинг олдига боришдан ўзга чорангиз йўқ.
—    Уни деб мен ошпаз билан уриша олмайман, ахир, — жаҳл билан гапирди Форестер хоним.
—    Аслзода аёллари сизга зиён етказмайди. Бироқ бундай аёллар адойи тамом қшиди сизни, — тушунтиришга ҳаракат қилди Симмонс.
—    Бугунги ишни эртага қўймасдан боришингиз керак, — қўллаб қувватлади меҳмонлардан бири.
—    Хўш, бир қарорга келдингизми?
Миссис Форестер бироз ўйланиб турди, қўллари мушт бўлиб тугилди, сўнгра жавоб берди:
—    Хону монимдан кечаманми, обрўсиз бўламанми, барибир, унинг олдига бормасдан қўймайман.
Миссис Форестер эртасига йўлга чиққанида кун чошгоҳдан ошганди. Жаноб Симмонснинг саъй-ҳаракати зое кетмади, у тез фурсатда манзилни топиб берди. Қўнғироқ чалингандан сўнг пешвоз чиққан аёлни у таниган эди.
—    Салом, Булфинч. Аҳволларингиз тузукми? — ҳол-аҳвол сўради ўзини бардам ва мардона тутган миссис Форестер. — Хўжайинингиз уйдами?
Бекасини кўриб, гаранг аҳволда туриб қолган Булфинч саломлашгандан кейингина ўзига келиб, меҳмонни ичкарига таклиф қилди:
—    Келинг, хоним, кираверинг… Алберт, миссис Форестер келдилар, — хабар берди у кенг хонага бош суқиб Форестер хоним уйга кирганда Алберт камин олдида, курсида газета ўқиш билан банд эди.
—    Аҳволлар қандай, азизим, — сўрашди у эски қадрдонларча газетани четта ирғитиб.
—    Афт-ангорингдан чакки эмас, — кўзини узмай хулоса чиқарди жаноб Форестер жавобни ҳам кутмасдан.
—    Марҳамат ўтиринг, хоним. — жой кўрсатди Булфинч.
—    Мен холи гаплашсак дегандим, Алберт, — дея мақсадини баён қилди меҳмон.
—    Бунинг иложи йўқ, — деди Алберт бош чайқаб.
—    Начора, унда шундай гаплашаверамиз,. — розилик билдирди миссис Форестер.
—    Хўш, азизим, қулоғим сенда.
Форестер хоним вазминлик билан гап бошлади:
—    Алберт, бу одатдаги ҳазилларингдан бири бўлса керак. Уйга қайтсанг дегандим.
—    Вақтни бекорга сарфлаяпсан. Мени энди ҳеч нарса сен билан яшашга мажбур қила олмайди.
—    Мен билан бахтли эмасмидинг? — сўради миссис Форестер юраги қалқиб.
—    33 йил дурустгина яшадик. Маълум маънода сен ўзингга хос эдинг, аммо менга эмас, Сен ижодкорсан, мен эса йўқ.
—    Лекин мен ҳар доим иш билан овунмаганман, сени ҳам қизиқтиришга ҳаракат қилганман. Бир зум ҳам эътиборимдан четда қолмагансан.
—    Тўғри. Ҳаётимнинг бир текислигига балки ўзим айбдорман. Бироқ бундай ҳаёт, умуман барчаси жонимга теккан. Мени бир нарса қизиқтиради. Шу меҳмонларингнинг еб-ичишдан бўлак қўлларидан бирор иш келармикан?
—    Бу нима деганинг, Алберт? — суҳбатга аралашди Булфинч.
—    Булфинч ишдан бўшашимни илтимос қилаяпти, давом этди Алберт авзойини бузмай. — Ҳамкасбларим билан маслаҳатлашдим. Ҳал қиламиз дейишди. Даромадим 900 паунд бўлса, учаламизга йилига 300 паунддан тушади, — дея ҳисоб-китоб қилди у.
—    Бу пулга қанда яшаб бўлади? — сўради лаблари титраган миссис Форестер.
—    Сенинг қаламинг бор, — эслатди Форестер мулойимлик билан.
—    Китобларим даромад келтирмаётгани аён-ку сенга, — қошларини чимирди аёл.
—    Детектив ҳикоялар яратиб кўринг-чи, — таклиф киритди ошпаз аёл тўсатдан. Форестер хоним бехосдан айтилган гапни кулгига олди ва хитоб билан деди:
—    Менми? Бу ақлга сиғмайди. Бундай ҳикоялар билан одамлар талабини қондириб бўларканми? Ўзи детективга қарамаган инсонман.
—    Ёмон фикрмас, — тасдиқлади Алберт.
—    Детективлар жону-дилим. Кутубхонада тунги кўйлакда ҳушдан кетган аёл ҳақидаги сюжетни ўқисам ҳикояни қандай тугатганимни сезмай қоламан, — энтикиб гапирди Булфинч хоним вужудида ажиб бир енгиллик ҳис этиб.
—    Мен эса Хайд-паркда тилло соатли жентельманнинг ўлик ётишини афзал кўраман. Бундай воқеа жиддий эътибор уйғотади, — деди Алберт қизишиб.
—    У муҳим сирни билган. Қотиллар унга оғзидан гулламаслик шарти билан омон қолдиришни ваъда берганлар.
—    У душманларидан қочишга улгурмаган, — лўнда қилиб якун ясади Форестер хоним.
—    Сен яхшигина детективлар яратишинг мумкин, далда берди Алберт уни ижодга чорлаб. — Қўлимдан ўтмаган детективлар бўлмаса керак.
—    Сенинг-а? — кўзлари чақнаб, ҳайратда сўради Форестер хоним.
—    Мана шу нарса миссис Булфинч билан иккимизни боғлади. Ўқиб бўлган китобларни унга бермадим. Бир-бирига ўхшашларини тополмайсан. Солиштирсанг, ўзига хос бўлган фазилатни топасан, — паст, осуда товушда гапирди жаноб Форестер.
—    Орамиздаги тафовутни энди англадим, — деди миссис Форестер овози қалтираб ва изтироб билан бош чайқаб. — 30 йилдан буён адабиётдан паноҳ излаган экансан-да.
—    Тўғри англабсан. Детектив ҳақида ўйлаб кўр.
Булфинч хоним меҳмонни кузатаркан, ундан таксида кетиш-кетмаслигини сўради.
—    Трамвайга чиқаман, — жавоб берди хоним.
—    Миссис Форестер, сиз жанобдан ҳавотирланманг. Рўзғорни бинойидай эплайман. Ўзингиз биласиз, ойдай ошпазман…
Миссис Форестер оғиз очишга чоғланганда, бекатга трамвай келиб тўхтади ва у чиқиб олди.
Вақтни сўраш учун у ёнига ўгирилди-ю, тилло соатли, салобатли кишига кўзи тушди. Бу Хайд-паркда ўлиб ётган, Алберт тасвирлаган киши эди. У кондуктордан тўхташни илтимос қилди ва тушиб, кичик, қоронғу кўчага кириб кетди. Нима учун? Хайд-паркда тушиш фикри Форестер хонимнинг миясига яшиндек бир куч билан урилди. У Ахиллес ҳайкалидан бироз ўтгач, тўхтади, ҳайкалга разм солди.
Юраги ҳаддан зиёд тез урарди.
Эдгар Аллан По детективлари мана шу тариқа дунёга келгандир.
Уйга келгач, залдаги бир неча шляпаларга кўзи тушди. Ҳамма жамулжам эди. Хоним кўксини тўлдириб нафас олди ва меҳмонхонага аста кирди.
—    Анча куттирганим учун узр. Чой ичдиларингизми?
—    Биздан ташвишланманг.
—    Мен муҳим бир янгилик айтмоқчиман. Энди детектив ҳикоялар ёзишга киришмоқчиман.
Меҳмонлар бу гапдан ҳангу-манг бўлиб қолишди.
—    Детективни адабиёт чўққисига кўтараман. Илк ҳикоямни “Ахиллес ҳайкали” деб номлайман.
—    Алберт нима бўлди?
—    Уми? У бутунлай ёдимдан кўтарилибди.
—    Уни кўрдингизми?
—    Келинглар, Албертни ўз ҳолига қуяйлик. Ҳозир уни ўйлайдиган вақт эмас. Мен детектив ҳикоя ёзмоқчиман, — такрорлади баланд руҳда яна Форестер хоним.
—    Сиз жудаям ажойиб аёлсиз! — мақташди меҳмонлар унинг соз кайфиятидан мамнун бўлиб.

Инглиз тилидан Ҳулкар Муҳаммедова таржимаси.
«Ёшлик» журнали, 2001 йил, 5-6-сон

* * *

ИЖОДИЙ ПАРВОЗ

Форестер хонимнинг илк детектив қиссаси “Ахиллес ҳайкали” чоп этилганда у эллик етти ёшни қоралаб қўйган, бир неча асар муаллифи эди. Бироқ шунга қарамай унинг истеъдоди маҳсуллари оддий ўқувчиларгача етиб бормаган, китобларини танқидчилар нуқул мақташса-да, улар сотилмай туриб қолаётганди.
Форестер хоним сиёсатга жуда қизиқар, ҳатто парламент аъзоси бўлиш ҳақида ҳам ўйларди. Фақат номзодини кўрсатадиган партияни танлашда муаммога дуч келарди.
Хонимнинг ҳар шанбада уюштириб турадиган ўтиришларига талабгорлар кўплигига қарамай, фақат саноқли кишиларгина унинг меҳмонлари қаторидан жой олишга мушарраф бўларди.
Бу меҳмондорчиликни бузадиган якка-ю ягона шахс Форестер хонимнинг эри жаноб Алберт Форестер эди. Хонимнинг даврадошлари унга зерикарли одам, деб қарашар, Форестер хоним нима жин уриб бу кимсага турмушга чиққан ўзи, деб бир-бирларидан сўраб туришарди. Алберт Форестерга улар филателист, деб лақаб қўйишган. Сабаби бир сафар қайсидир ёш ёзувчи унинг марка йиҚишга қизиқишини айтганди.
Сизга очиҚини айтсам, Алберт оддийгина, ўртамиёна тадбиркор эди. Эгнига кийган камзуллари доим оҳори тўкилиб, эскирганга ўхшаб кўринар, ўзи ҳам бошини солиб, маъюс тортиб ўтирар ва ҳеч қачон эшитишга арзигули бирор оҚиз гап айтмасди. Лекин Форестер хоним эрига меҳрибон эди. Алберт ёнида ўтирганда унинг устидан кулмоқчи бўлганларни уялтириб қўйишни хоним яхши уддаларди.
Форестер хонимнинг адабий фаолиятида жиддий бурилиш ясаган воқеа у уюштирган энг жонли ўтиришлардан бири якунлай деб қолганда содир бўлди. Меҳмонлар давра қуриб ўтиришар, Форестер хоним эса ўртада. Хоним мароқ билан гапирар, бошқалар ора-сира савол ташлаб унинг маърузасини жон қулоқлари билан тинглаётганди. Бир маҳал кутилмаганда қарсиллаган товуш чиқиб оҚир нарса қулагандай бўлди, кейин ташвишли овозлар эшитилди.
— Нима бўлди, Картер? — сўради Форестер хоним хизматкоридан. — Уй қулаяптими?
— Бу янги ошпазнинг қутиси, мем, — деди хизматкор. — Юк ташувчи қутини олиб кираётиб тушириб юборди. Шунга ошпазнинг жаҳли чиқаяпти.
— Янги ошпаз деганингиз нимаси?
— Миссис Булфинч бугун кундуз кетиб қолди, мем, — деди хизматкор.
— Жаноб Форестернинг бундан хабари борми? — сўради хоним. Дарвоқе, хўжалик ишларини хонимнинг эри назорат қиларди. — Жаноб Форестер келганда унга гапим борлигини айтинг.
— Жаноб Форестер кетган, мем, — жавоб қилди хизматкор. — Уни сўраганингизда мана бу хатни бериб қўйишимни буюрганди.
Хизматкор хонадан чиқди ва Форестер хоним хатни очди. Хонимнинг дугоналаридан бири менга: хатни ўқиётган миссис Форестернинг авзойига қараб, ошпазнинг кетиб қолишига йўл қўйгани учун жазоланишдан қўрққан шўрлик Алберт энди ўзини Темза дарёсига ташласа керак, деган хаёлга бордим, деб айтди.
Хатни ўқиб Форестер хоним:
— Оҳ, бу қандай хиёнат!? Қандай даҳшат! — деб чинқириб юборди.
— Нима гап Форестер хоним? — сўради унинг ходими жаноб Симмонс.
— Ўқинг, — деди хоним. — Бир ўқиб кўринг.
Кўзи хиралашиб қолган жаноб Симмонс кўзойнагини тақди ва хатни юзига яқин келтириб ўқиди:
“Азизам,
Булфинч хоним вазиятни ўзгартириш илинжида бу ердан кетишга қарор қилди. Усиз қолишни хоҳламаганим учун мен ҳам кетаяпман. Адабиётдан тўйдим, санъатдан ҳам чарчадим. Булфинч хонимни никоҳ масаласи қизиқтирмайди. Бироқ ажрашмоқчи бўлсанг, у менга турмушга чиқишга рози.
Булфинч хонимнинг ўрнига янги ошпаз ёлладим ва у сенга маъқул бўлади, деб умид қиламан. Булфинч хоним икковимиз Кенингтон Роуд, 411-уй яшаяпмиз.
Алберт”
Оғир сукунатни жаноб Симмонснинг: “Эрингизни ортга қайтаришингиз керак”, деган гапи бузди.
— Унинг башарасига қарашни ҳам истамайман! — деди Форестер хоним ҳаммага эшиттириб. Лекин жаноб Симмонс пинагини ҳам бузмай гапини давом эттирди:
— Йигирма йилдан бери сизнинг ходимингизман. Мени қадрдон дўстингиздай кўрасиз. Сизга очиғини айтишим керак, ёзаётган китобларим билан тирикчилик қиламан, деб ўйласангиз янглишасиз.
— Эримни деб ошпаз билан ёқалашмайман-ку, ахир! — деди миссис Форестер фиҚони фалакка чиқиб.
— Шуни айтмоқчи бўлиб турувдим ўзи, — деди Симмонс зарда билан. — Машҳур раққосами ёки бирор зодагон аёлнинг сизга тиши ўтмайди-ю, лекин ошпаз дабдалангизни чиқаради.
— Ходимингиз тўҚри айтаяпти, — деди меҳмонлардан бири. — Филателистни ортга қайтаришингиз керак.
— Эртага бориб, эрингиз билан учрашинг, хўпми? — деди жаноб Симмонс. Форестер хоним бир оз жим турди-да, ниҳоят деди:
— Хўп, лекин ўзим учун эмас, ижодим учун!
Эртасига Форестер хоним Кеннингтон Роудга йўл олганида кун яримлаганди. Жаноб Симмонс телефонда манзилни миридан сиригача тушунтиргани боис хоним Алберт яшаётган уйни қийналмай топди. ҚўнҚироқни босган эди эшикни собиқ ошпази очди.
— Хайрли кун, Булфинч, — деди Форестер хоним. — Хўжайинингни кўрмоқчи эдим.
Миссис Булфинч бир сония анграйиб турди-да, кейин хонимни ичкарига бошлади.
— Кираверинг, мем, Алберт, сени кўргани Форестер хоним келибди.
Хоним тез-тез юриб ичкарига кирди. Алберт камин ёнидаги эскирган оромкурсига ястаниб кечки газета ўқиётганди.
— Қалайсан, азизам? — деди у газетани бир четга қўяркан, хуш кайфиятда. — Яхши юрибсанми?
— Ўтиринг, мем, — таклиф қилди стул келтирган Булфинч хоним.
— Алберт, сен билан ёлғиз гаплашсам майлими? — сўради хоним ўтиргач.
— Афсуски бунинг иложи йўқ, — деди Алберт. — Чунки менинг Булфинч хонимдан яширадиган сирим йўқ.
— Ўзинг биласан.
— Хўш, азизам, менда нима гапинг бор эди? — сўради Алберт.
Форестер хоним унга қараб жилмайди.
— Алберт, мен сени бирор нарсада айбламайман. Биламан, бўлиб ўтган воқеада сенинг айбинг йўқ, сендан хафа эмасман. Лекин ҳар қандай ҳазилнинг ҳам чегараси бўлади. Сени уйга олиб кетгани келдим.
— Вақтингни бекорга ўтказаяпсан-да, азизам, — деди Алберт. — Энди мени ҳеч нарса сен билан яшашга мажбур қилолмайди.
— Мен билан бахтли эмасмидинг? — сўради Форестер хоним кўнгли озор чекканини сездирмаслик учун паст овозда.
— Азизам, турмуш қурганимизга ўттиз етти йил бўлди. Бу жуда узоқ муддат, тўғрими? Сен, аслида, яхши аёлсан, лекин биз бир-биримизга тўғри келмаймиз. Сен адабиёт деб яшаяпсан, мен эса йўқ. Сен санъатни яхши кўрасан, мен эса унга қизиқмайман.
— Лекин сени санъатга, адабиётга қизиқтириш учун шунча йил қўлимдан келгунча уриндим, — деди миссис Форестер.
— Гапинг тўғри, эътиборсизлигим учун фақат ўзимни айблашим мумкин, холос. Лекин очиғи, сен ёзаёттган китоблар менга ёқмайди. Атрофингдаги одамлар ҳам ёқмайди. Сенга битта сирни айтайми, азизам? Сен уюштираётган меҳмондорчиликларингда уст-бошимни ечиб ташлаб, томоша қилгим келади — қани, кейин нима бўларкан, шуни билишни хоҳлайман.
— Уялмайсанми, Алберт? — деди Булфинч хоним. — Бунинг учун келишган қадду қомат бўлиши керак одамда!
— Булфинч хоним ишдан бўшашимни хоҳлаяпти, — гапини давом эттирди Алберт. — Бугун шерикларим билан иш масаласини муҳокама қилдик, ҳамма икир-чикирларни ҳал қилишга рози бўлишди. Улар менинг улушимни сотиб олишади, шунда тўққиз юз фунтга яқин фойда оламан. Уччовимизга йилига уч юз фунтдан тегади.
— Бу пулга мен қандай яшайман? — деди миссис Форестер миясига келган сўнгги баҳонани ишга солиб.
— Ахир, сенинг ўткир қаламинг бор-ку, азизам.
— Китобларимдан бир тийин фойда келмаётганини сен яхши биласан. Ноширлар уларни чиқариб, нуқул зарар кўришаётган экан.
Шу пайт кутилмаганда Булфинч хоним савол берди:
— Детектив асар ёзсангиз бўлмайдими?
Форестер хоним хохолаб кулиб юборди.
— Мен-а?! — хитоб қилди у. — Қандай бемаъни таклиф! Оломоннинг кўнглини олиш ҳақида ҳечам ўйламаганман. Шу ёшга кириб бирор марта детектив китоб ўқимаганман ҳатто.
— Яхши таклиф, — деди Алберт.
— Детектив асарлар менинг жону дилим, — деди миссис Булфинч. — Кутубхонада тунги кўйлакда ўлиб ётган аёл ҳақида ёзинг, мазза қилиб ўқийман.
— Шахсан менга Гайд паркда, қўлида тилла соати бор, ўлдириб кетилган обрўли жентлмен ҳақидаги асар ёқади, — деди Алберт. — Обрўли жентлмен, албатта, китобхонни қизиқтириб қўядиган бирор-бир сабаб туфайли ўлдирилади-да.
— Нима демоқчилигингни тушуниб турибман, — деди Булфинч хоним. — Ўша жентлмен қандайдир муҳим сирни билган. Қотиллар унга шу сирни айтмасанг ўлдирамиз, дейишган. Жентлмен улардан қочиб қутулолмаган.
— Биз сенга шунга ўхшаш жуда кўп воқеаларни гапириб беришимиз мумкин, азизам, — деди Алберт Форестер хонимга меҳрибонлик билан жилмайиб. — Мен юздан ортиқ детектив китобни ўқиганман.
— Сен-а?
— Миссис Булфинч билан иноқлигимизга ҳам шу китоблар сабаб бўлган. Ўқиб тугатгач, уларни хонимга берардим. Биласанми, бир-бирига ўхшаш иккита детектив китобни тополмайсан. Қиёсласанг бири биридан фарқ қилади.
Форестер хоним ўрнидан турди.
— Орамизда қандай жарлик борлигини энди тушундим, — деди у хиёл титраган овозда. — Ўттиз йилдан бери инглиз адабиётининг энг олди вакиллари даврасида бўлиб, шунча вақт фақат детектив роман ўқигансиз! Кетиб қолганинг сабабини ўзимча ўйлаб, сени уйга қайтариш учун келгандим бу ерга. Энди ниятимдан қайтдим.
— Тўғри қиласан, азизам, — деди Алберт. — Лекин детектив ёзиш ҳақида, албатта, ўйлаб кўргин.
Форестер хоним зинадан пастга тушди. Булфинч эшикни очиб, таксида кетасизми, деб сўраганда, у бош чайқади:
— Трамвайда кетаман.
— Жаноб Форестерга ўзим кўз-қулоқ бўламан, хоним, хавотир олманг, — деди Булфинч Форестер хонимни трамвай бекатига кузатиб бораркан. — Уйга қараш, овқат пишириш қўлимдан келади. Алберт ўзига бирор-бир машҚулот топади, албатта. Почта маркаларини йиҚиш ҳақида ўйлаётганди.
Форестер хоним нимадир демоқчи бўлди-ю, трамвай келганини кўриб, унга чиқди.
Хоним соат неча бўлганини сўрамоқчи бўлиб қаршисида ўтирган одамга қаради ва сесканиб кетди. Чунки рўпарасида тилла соат таққан обрўли жентелмен ўтирарди. Бу Алберт Гайд паркда ўлиб ётганини гапирган жентелменнинг ўзгинаси эди. Жентелмен ҳайдовчидан трамвайни тўхтатишни сўради ва тушиб тор, қоронғи кўчага кириб кетди. Нега? Нима учун? Гайд парк бекатида хоним кутилмаганда трамвайдан тушишга қарор қилди. У энди бир жойда ўтира олмасди. Яёв юргиси келаётганини ҳис қилаётганди. Ахиллес ҳайкали ёнидан ўтаётганида бир дақиқа тўхтаб уни томоша қилди. Форестер хонимнинг юраги тез ураётганди. Эдгар Алан Подек ёзувчи ҳам детектив романлар ёзган-ку, ахир…
Форестер хоним ниҳоят уйига келиб, эшикни очганида даҳлиздаги бир талай шляпаларга кўзи тушди. Улфатлари жамулжам эди. Хоним меҳмонхонага кирди.
— Оҳ, бечорагиналар, мен сизларни шунча вақт куттириб қўйдимми? — деди у. — Чой ҳам ичмадингларми?
— Хўш? — дейишди меҳмонлар. — Эрингизни олиб келдингизми?
— Азизларим, сизларга ажойиб бир янгилик айтмоқчиман. Мен детектив китоб ёзмоқчиман.
Меҳмонлар оҚизларини очганча анқайиб хонимга қараб қолишди.
— Детективни ҳақиқий санъат даражасига кўтармоқчиман. Бу фикр Гайд паркда миямга келиб қолди. Қисса қотиллик ҳақида бўлади. “Ахиллес ҳайкали” деб ном қўяман!
— Алберт нима бўлди? — сўради ёш ёзувчи.
— Алберт? — ҳайрон бўлди миссис Форестер. — Қандайдир иш билан Албертнинг ёнига борганим ёдимда. Лекин нима учун борганимни ҳеч эслолмаяпман.
— Уни кўрдингизми ўзи?
— Айтяпман-ку, азизим. У эсимдан чиқиб кетди.
Форестер хоним кулиб юборди.
— Алберт ошпази билан яшайверсин. Алберт ҳақида бош қотиришга энди вақтим йўқ. Детектив асар ёзмоқчиман.
— Ажойиб аёлсиз-да! — дейишди меҳмонлар.

Инглиз тилидан Алишер ОТАБОЕВ таржимаси.