Обжи хоним Моҳрухнинг опаси эди. Аммо, бир кўришда танимаган-билмаган одам бунга асти ишонмасди. Улар умуман бир-бирига ўхшамасди. Обжи хоним озғин, узун бўйли, буғдойранг, қорасоч қиз бўлса-да, кўримсизлиги боис унчалик эътиборни тортмасди. Моҳрух паст бўйли, оқ юзли, қўнғирсоч, кулганида лаблари ёнида кулгичлар ўйнар, истараси иссиқ қиз эди. Уларнинг феъли атвори ҳам фарқли эди. Масалан Обжи хоним одамови, урушқоқ, аразчи бўлиб, баъзида ҳатто онаси билан ҳам ғижиллашиб қолар, ҳафталаб гаплашмай юрарди. Моҳруҳ эса, ўта хушмуомала, одамохун, киришимли эди. Қўшни хотин — Ҳасаннинг бувиси ҳам уни бежиз “ширин қиз” деб атамасди-да!
Ота-онаси ҳам Моҳрухни опасидан ортиқроқ кўришар, суйиб эркалашар, Обжи хоним эса, ўзининг терс феъли, бадхулқлиги туфайли нуқул дакки эшитавериб дийдаси қотиб кетганди. Онаси гарчи Обжи хонимни сиртдан ёмон кўргандек туюлса-да, аслида унинг келажак толеи онаизорни тез-тез ташвишга солар, яқинлари, ҳақ-ҳамсоялари олдида дард-ҳасрат ҳам қилиб қоларди:
— Шу қизимнинг ҳам бахти очилиб кетармикин? Отасининг мол-давлати бўлмаганига яраша, ўзиям очиқчеҳра, ақлли-ҳушли, чиройли бўлса майли эди. Эрга тегмасдан қоп кетмасмикин деб қўрқаман!
Бундай гап-гузарон кўпинча Обжи хонимнинг ёнида айтилгани учун у болалигидан турмуш қуриш ҳақида ўйламай қолган, эрга тегишдан умидини узганди. Балоғат ёшига етгач, бутун вақтини намоз-ниёз билан ўтказадиган бўлди.
Чиндан ҳам қиз аллақачон бўйига етиб қолган эса-да, биров уларнинг эшигини қоқиб келмади. Бир гал уни қўшнилари, дурадгор кал Ҳусайнга бермоқчи бўлишганди. Аммо Ҳусайн “бошим калу, кўнглим нозик” дейдиганлардан эди — Обжи хонимга уйланишни истамади.
Обжи хоним эса қаэрга бормасин шу ҳақда гап очилгудек бўлса:
— Ўзи орқамдан ялиниб, совчи қўйганди, тегмадим, келиб келиб ўша калга тегаманми? Худо кўтарсин эр зотини! Ҳозирги эрларнинг турган битгани ғалва! Ароқхўр, жанжалкаш… Минг марта эрсиз ўтганим афзал, — деб жар соладиган бўлди.
Аммо дилида бошқа гап: Ҳусайнни болалигидан ёқтирар, агар оламан деса, жон-жон деб теккан бўларди. Аммо у ўзининг ташқи кўриниши билан эр зотининг диққатини торта олмаслигига ич-ичидан амин бўлгани учун дунё лаззатларидан ўзини бенасиб билар, фақатгига охират неъматларидан бебаҳра қолмаслик учун ибодатга ружу қўйганди. Бу дунё ўткинчи, унинг ҳою ҳаваслари ҳам беҳуда. Умрни ўйин-кулги, орзу ҳавас билан ўтказганлар янглишадилар. Ҳали шундай вақт келадики, барча чиройли одамлар, жумладан, синглиси Моҳрух ҳам унга чин дилдан ҳавас қилиб қолади.
Муҳаррам ва сафар ойлари келса, Обжи хоним ўзини қўярга жой тополмай қоларди. Бу ойларда қўни-қўшнилар, қавм-қариндошлар турли диний маросимлар, қиссахонлик кечалари ўтказишар, унда албатта Обжи хоним фаол иштирок этар, гўяндалик, йиғи-сиғи бобида ҳам унга тенг келадигани топилмасди. Айрим қиссаларни ровийлардан ҳам яхшироқ билар, мабодо улар адашиб қолишса, ўзи тузатиш киритарди. Диний масалаларда таниш-билишлар ҳар доим Обжи хонимнинг ёнига келиб, ундан маслаҳат сўрашарди.
Уйда ҳам субҳи содиқда ҳаммадан аввал уйғонар, таҳорат олиб, синглисини туртиб уйғотар, у бечора ҳам азбарои опасидан қўрққанидан мудроқ кўзларини ишқалаганча таҳоратхонага югурарди. Обжи хоним ҳамиша иймон ҳаловатини ҳис этар, Яратганнинг марҳаматига ноил бўлишига заррача шубҳа қилмас, шу тақводорлиги ва художўйлиги боис, албатта, жаннатга киражагига ишонарди.
Кейин уй ишларини битириб, яна ибодатга шўнғир, қўлидан эски, узун қора тасбиҳ тушмас, тинимсиз тили дуо ва салавотдан бўшамас, унинг бирдан-бир истаги Карбало (Ироқдаги дашт номи – тарж) зиёратига бориш, Ҳазрати Имоми Ҳусайннинг шаҳид қони тўкилган жойларни тавоф қилиш эди.
Синглиси Моҳрух бироз ўйинқароқ эди. Булар ҳақида у қадар кўп ўйлаб ҳам ўтирмас, қачон қараса, хандон-хушхон аллақандай қўшиқларни хиргойи қилиб юрар, ўз навбатида уй юмушларини сидқидилдан адо этарди. Ёши 15 га етганида, шаҳарга ўзига тўқ бир хонадонга хизматчи бўлиб ёлланди. Опаси Обжи хоним 23 га қадам қўйган бўлса-да, уйдан ташқари чиқмас, синглиси кетганига бир ярим йил бўлган эса-да, бирор марта унинг ортидан йўқлаб бормаган эди.
Моҳрухнинг ўзи ҳар ойда бир марта ота-онаси, яқинларини кўриш учун уйга келар, бундай пайтда Обжи хоним негадир синглиси билан кўришишни истамас, ибодат баҳона соатлаб ўз хонасига биқиниб олар, бордию бир даврада ўтириб қолишса, ҳар хил кинояли гаплар билан синглисини нишонга олар, ҳар хил гаплар билан уни қўрқитишга тушарди:
— Ҳар хил очиқ-сочиқ аёллар туфайли хайр-барака ҳам йўқолиб боряпти. Юзини очиб юрган аёлларни у дунёда дўзахда куйдиришади, сочларидан осиб қўйишади. Жаҳаннамда гуноҳкорлар учун тоғдек-тоғдек келадиган оловлар ёниб туради. Шунақа илонлар борки, ҳар бири аждаҳога ўхшайди. Шунинг учун дунёвий ҳаваслардан кечиш керак!..
Моҳрух опасининг унга нисбатан ғайирлигини сезса-да, ҳеч нарса демас, дамини ичига ютиб юраверарди.
Кунларнинг бирида Моҳрух кечки пайтга уйга келди, онаси билан анча гаплашиб ўтирди-да, яна шаҳарга қайтиб кетди. Обжи хоним эшик ортидан туриб уларнинг суҳбатига қулоқ тутди. Аммо улар шу қадар паст овозда гапиришардики, ҳеч нарсани эшитишнинг иложи бўлмади.
Эртаси куни эрталаб, уларнинг уйига бир аёл келди. Маълум бўлишича, Моҳрух оқсочлик қиладиган хонадоннинг Аббос исмли яна бир хизматчиси бор экан. Қиз билан йигит бир-бирига кўнгил қўйишибди. Ҳалиги аёл – Аббоснинг бувиси совчи бўлиб келган экан. Ўзи билан бир йўла 20 туман сут пули, ўттиз туман маҳр пули, қанд-қурс, латта-путта, совға-салом ҳам кўтариб келибди.
Қизнинг онаси ҳам, ота ҳам узоқ ўйлаб ўтирмасдан, совчига оқ ўраб жўнатишди. Тенги чиқибдими, текин бериш керак. Тақдири қўшилган бўлса бас, қўша қаришсин! Отанинг ҳам онанинг ҳам нияти шу! Хуллас, кейинги ҳафтада тўй куни белгиланди.
Ҳамма хурсанд эди. Фақат Обжи хонимнинг ранги бўзариб, дами ичига тушиб кетди. Намозини баҳона қилиб яна ўзининг чорхари, беш эшикли хонасига қамалиб олди. Кичкина ойнасини олиб, ўз аксига боқди. Назарида бугун ҳар кунгидан-да қартайиб қолгандек кўринди. Рост, чиндан ҳам анча ўзини олдириб қўйибди. Юзларидаги ажинлар ҳам кўпайибди. Ҳатто, зулфлари орасида бир тола оқ соч топди. Икки бармоғи билан чирт узиб, оппоқ толани хира чироқ ёруғида томоша қилди. Юлинган тола ўрни симиллаб ачишаётганини ҳам сезмади.
Шу тариқа кунлар ўтиб борарди. Бу орада бу хонадон аҳли тўй учун зарур нарсалар, зеб-зийнатлар, уй анжомлари, янги кийим-кечаклару упа-элик харид қилиш учун неча бор бозорга қатнади. Онаси уйида қўлга илингулик нима бўлса, ҳаммасини Моҳрухнинг сепига солди. Ҳатто, бир пайтлар катта қизига беришга кўзи қиймаган шоҳи жойнамозни ҳам Моҳрухнинг сепига атади.
Обжи хонимнинг ичига чироқ ёқса ёримас, тамомила узлатга чекинган, чорхари хонасидан ташқари чиқмай ўтирар, уйда нималар рўй бераётгани билан тамомила иши йўқдек кўринар, аммо, ҳар бир ишни зимдан кузатиб борарди. Икки кундан бери эса, бош оғриғи баҳона ўрин-кўрпа қилиб ётиб олди. Онаси бу муддат ичида неча марта Обжи хонимнинг ёнига кириб, гинаю гузар қилиб чиқди:
— Бу нима ётиш? Уйда тўй бўляпти-ю, бу кишининг ётишларини? Биламан, синглингга ҳасад қиляпсан! Лекин, унутма, бахилнинг боғи кўкармайди. Ҳаммаси пешонадан. Худо кимни чиройли кимни хунук қилиб яратади, бировга бахтни раво кўради, бировга йўқ. Энди шунга мотам тутиб ўтириш керакми? Уй тўла иш. Лоақал сув ташиб келсанг бўларди ғирвайиб ётмасдан! Касалманд ҳолимда мен нимага ҳам улгурардим?
Обжи хоним бир неча кундан бери ичида тўпланиб келаётган заққумни онасига тўкиб сочди:
— Мени тинч қўйинг, ойи! Ана, тўй бўладиган қизингиз, ишни ҳам ўша қилсин! Куёвни ҳам ўзи кўчадан топган. Ҳамманинг оғзида дув-дув гап. Куёвингиз Моҳрухни бузиб қўйганмиш. Қизингизнинг қорнида икки ойлик боласи бор. Қорни дўппайибгина қолганини кўрмадингизми? Менинг бунақа шарманда синглим йўқ!
Онаси Обжи хонимнинг юзига бир тарсаки туширди:
— Оғзингни юм, беҳаё! Биров эшитса нима дейди? Уялмайсанми, туғишган синглингга туҳмат қилишга? Ўзинг айтардинг-ку бировга туҳмат қилиш оғир гуноҳ, қиёматда жавоби қаттиқ бўлади деб? Ҳали ичинг шунчалик қорами? Яхшиям чиройлликкина эмассан, бўлмаса билмадим, ваъз-насиҳат, маърака маросим баҳона, ўзинг ҳам нима номаъқулчиликлар қилиб юрган бўларинг. Тилинг бошқаю, дилинг бошқа сен ғалчанинг!
Шу-шу она-бола орасидан яна гап қочди. Бечора Моҳрух бунинг боисини билолмай ҳайрон.
Ниҳоят тўй куни ҳам етиб келди. Ҳовли узоқ-яқин қариндошларга, қўни-қўшнию таниш билишларга тўлиб кетди. Ҳамма ясан-тусан қилиб, бўяниб безаниб олган. Қўшни аёл, Ҳасаннинг бувиси эса, эски чилдирмасини ҳам кўтариб чиқиб, ўртада муқом қилаётибди.
Бизар келдик, яна келдик, куёвнинг уйидан келдик,
Ҳама ою, ҳама кундек шаҳу султон бўлиб келдик.
Муборак, тўй муборак, икки ёшга бахт ёр ўлғай.
Бизар келдик, яна келдик келиннинг уйидан келдик.
Ҳама кўру, ҳама шалдек, яқовайрон бўлиб келдик.
Муборак, тўй муборак, ҳар икови бахтиёр ўлғай…
Болалар ҳам оёқ остида ўралашгани ўралашган. Ошпаз-у кайвонилар пишир-куйдир билан овора. Қассоб ҳовли ўртасида бўғизланган қўйнинг терисини шилишга киришган. Кимдир ўтин ёрган, кимдир самовар қайнатган, кимдир ўчоққа ўт қалаган… Моҳрух хоним дугоналари даврасида куёвнинг йўлига интизор бўлиб ўтирибди. Отаси бўлса, бир чеккада тўй харажатларини ҳисоблаб хуноби чиқади. Ёш-яланглар югуриб-элиб тўй дастурхонини безашга тушган. Келиннинг онаси шанғиллаганча, у ёқдан-бу ёққа ҳалпиллаб югуради. Фақат, бу шовқин-сурон ичида Обжи хонимнинг овози эшитилмайди. Эрталабдан бери кўринмайди, қаэрда эканлигини ҳеч ким билмайди ҳам. Баъзилар яна ваъзхонликка кетгандир, деган тахминда.
Кеч тушиб никоҳ ўқилгач, ҳамма уй-уйига тарқалди. Ҳовлида қўшни Ҳасаннинг бувиси, яна бир-икки хотин-халаж қолди. Обжи хонимнинг беш эшикли ҳужраси бугунча янги келин-куёв учун гўшанга вазифасини ўтамоқда эди. Обжи хоним сассиз қадамлар билан даҳлизга кириб, дераза пардаси оша ичкарига разм солди. Синглиси келинлик либосида ял-ял ёнар, бир ҳуснига ўн ҳусн қўшилган эди. Унинг ёнида эса йигирма яшар куёвбола қип-қизариб ўтирар, бир қўли билан келиннинг бўйнидан қучиб олганди. Шу чоқ Моҳрух ўгирилиб, дераза ортида турган турган опасини кўрди. Худди атайин қилгандек, эрининг қулоғига нимадир деб пичирлади. Икковининг жарангдор кулгиси Обжи хонимнинг қулоғига қўрғошиндек қуйилди. Мана, улар бир-бирига бўсалар тақдим этаётир.
Ҳовли тарафдан эса, Ҳасаннинг бувиси ҳадеб битта қўшиқни куйлаяпти:
“Муборак тўй, муборак…”
Обжи хоним ичидан нимадир узилганини ҳис қилди. Алланималарни ғўлдираб ташқари чиқди. Хонасининг деворига илинган гиламда нақш этилган ранг-баранг гулларни санаётгандек уларга ҳиссиз термилиб қолди. Ўтган қайтган ўз иши билан бўлиб унга эътибор ҳам қилмади. Бир пайт Обжи хоним онасининг таънали овозини эшитди.
— Овқат-повқат едингми? Бугуни билан кўринмадинг? Қанақа опасан? Одам синглисининг тўйида ҳам шунақа юрадими? Ўралиб олган чодрангни ечсангчи? Ақалли бориб синглингни пешонасидан ўпиб табрикламадинг! Эртага эрталаб кетади, кейин ойда йилда бир кўришасизларми, йўқми худо билади. Хайр-хўшлашиб қол! Ҳамма сўраяпти, келиннинг опаси қани деб! Кел, сенам бирор оғиз бир нима десанг-чи?
— Ойи, мен овқатланиб олдим, — Обжи хонимнинг айтган гапи шу бўлди.
Ярим тун, ҳамма ширин уйқуда. Шу пайт нимадир тарақлаб кетди, сувга ниманингдир шалоплаб тушгани эшитилди. Уйдагилар саросима ичида уйғонишди. Бола-бақра кечаси шамоллагани чиққани ҳовлига тушган бўлса, ҳовузга тушиб кетдимикин, деган ўйда, апил-тапил чироқни ёқишди. Бирор ғайриоддий нарсани кўришмади. Ҳамма яна ухлагани кетаётганида, Ҳасаннинг бувиси дарича ёнида Обжи хонимнинг бир пой ковушини кўриб қолди. Яна чироқни ёқиб, ҳовузга қарашди. Сув юзида қалқиб турган Обжи хонимнинг жасадини кўриб ҳамма даҳшатдан донг қотди. Қизнинг қоп-қора сочлари худди саноқсиз илонлар сингари сув юзида тўлғаниб ётар, яшил куйлаги эгнига чиппа ёпишиб қолган, юзларида эса, шу чоққа қадар кўрилмаган нуроний бир табассум порлаб турарди.
У хунуклик ва гўзаллик, тўй ва аза, йиғи ва кулгу, ғам ва қувонч тўла бу оламни тарк этганди… Ким билсин, балки ўзи орзу қилган жаннатга кетгандир?…
Форс тилидан Рустам Жабборов таржимаси