Париж, 3 май, 1931 йил
Азизим Жамшид
Ҳозир қанчалик ёлғиз эканлигимни билсанг эди. Бу ёлғизлик қалбимни туб-тубигача кемириб ташлади. Сен билан бир-икки оғиз гаплашиш илинжида қўлимга қалам олдим. Рўпарамдаги очиқ деразадан димоғимга каштан гулининг иси аралаш сенинг бўйинг урилди. Ташқарида денгиз ниманидир айтолмагандай бетиним шовуллайди. Юрагимда хавотир-тузукмисан.
Назаримда кунлар умуман ўтмаётгандай, ҳамма нарса ўз жойида муаллақ тўхтаб қолгандай. Билсанг сени жуда соғинганман.
Ҳар куни эрталаб эшигим олдидаги почта қутисига шошиламан. Сендан бирор хат хабар бормикан деб. Ҳатто кечалари ҳовли эшигини очиқ қолдираман. Сендан дарак келтирганлар кириб ўтсин деб. Аммо сендан на ном бор, на нишон. Кутса кўзи қораяди деб ўйларсан балки. Бўлди-да энди кела қолсанг-чи.
Ҳар икки гапингда эслайдиганинг, болаларча қувнаб ўтлоқда ўйнашганларинг итимиз Чарлининг ўлганига ҳам икки ой бўлди. Уни орқа чорбоғдаги қуёшнинг тўлиб ботишини томоша қилиб ўтирадиган тошли скамейкамиз олдига эъзозлаб кўмдим. Эсингдами ўшанда қуёш биздан уялганиданми ё суҳбатимизга қулоқ солганидан ҳижолат чекканиданми роса қизариб кетарди. Ҳар сафар шу скамейкада ўтирганимда ўша ширин хотиралар ёдимга қуюлиб келаваради. Йўқ мен йиғламайман. Хурсанд ҳам бўлмайман. Фақат сенинг қайтиб келишингни кутаман холос.
Иккинчи қаватдаги «сариқ» хона борку, сен яхши кўрадиганчи-ўшани ҳозир хитойлик талаба ижарага олган. Кўз ўнгимда намоён бўлиб турган бу таҳқирланган хонадан рости қўрқаман.
Мен доим сени эслаб «Гаргури» валсига тушаман. Кулгули туюлаётгандир. Ҳа, топдинг шеригим йўқ, аммо мен ҳаёлан қўлларим билан сени тутгандай бўламан.
Кеча Хелен билан Люксембург боғини айландик. Эсингдами, узун сўқмоқ бўйлаб тизилган қатор қайинлар иккимизни қуёш тафтидан асрагандек бошимиз узра қўлларини қовуштириб турарди. Ҳозир ҳам худди ўшандай. Сен боғ ўртасидаги етти-саккиз ёшлар орасидаги болакайнинг жилмайиб турган ҳайкалини, унинг атрофидаги гала-гала кабутарларни, қуёшдан ранг олиб камалакдек товланган фаввораларни яхши кўрардинг. Ўшанда мендан: «Нимага бу кабутарлар айни шу ерда тўпланади биласанми? Улар узоқ-узоқ ерлардан учиб келиб, бир-бирлари билан шу ерда танишади, севишиб, бахт лаззатидан бутун борлиқни унутади»,-дегандинг. Агар билсанг мен ҳам сени биринчи марта айни шу ерда кўргандим…
Биз Вилс ўрмонида тушган расм деворимда осиғлиқ туради. Сенинг расмингга нигоҳ ташлаган пайтим дилим таскин топади. Ўзимга ўзим: «Йўқ бу расм мени алдамайди»,-дейман. Лекин афсус билмайман. Сен ҳам шу фикрдамисан ёки йўқ…
Сен туғилган кунимга совға қилган кўз ойнагим синган ўша кечадан бери қалбим кутилмаган ҳодисадан дарак бераяпти. Бир-биримизни охирги марта кўрган, менга Англияга кетаётганлигингни айтган ўша куни қалбим сени жуда узоқларга кетаётганлигингни, ҳеч қачон бир-биримизни қайта кўролмаслигимизни, сени нима қилиб бўлса ҳам тўхтатиб қолишим кераклигини айтган эди. Нега шундай қилмадим-а? Бу қийноқлар ич-этимни еб қўйди-ку.
Қўй энди. Ўтган нарса ўтиб кетди. Агар сенга қўпол хат ёзган бўлсам, буни соғинчим инжиқлигига йўйиб қўя қол. Сени оғир аҳволга солган бўлсам мени манзур тут. Айб менда.
Хатимни ўқиб улгурмай, парча-парча қилиб ташлайсан шундайми, Жимми?
Тўғри қиласан. Балки Лондонда бадавлат бир хурлиқони учратгандирсан. Энди менинг сенга керагим йўқ. Оҳ! Бу дунёларга сиғмай кетаётганлигимни билсанг эди. Бечора вужудим аллақачон адойи тамом бўлган. Сувратим бут бўлсада, сийратим вайрон…
Мен Париждан якшанба куни соат 8.35 да поэздга миниб Колега, сен ўтган жойга бораман. Бекатдан мовий ранг денгизнинг майин шамоли юзларимни оҳиста силаб кутиб олади. Ахийри келдингми дейди. Ўша пайт олис уммонлар бағридан соҳилни кўриш илинжида ошиққан тўлқинлар бор кучи билан баҳайбат тошларга урилиб чил-чил бўлиб тушади. Умидлари саробга айланганидан афсус чекади. Зорланиб оёқларим остига тиз чўкади. Cўнгги бор эврилиб ортга қарайман… Алвидо дейман. Алвидо соғинчнинг унмаган чечаклари. Алвидо.
Ходим таржима қилди.