Қаҳвахона гавжум эди. Мен дераза тагидаги столдан жой олдим. Хорғин юзларини ажин босган, чакка сочларига аллақачон қиров қўнган, дид билан тикилган костюми ўзига ярашиб турган новча бир киши баланд пештахта олдида тик турганча шароб ичмоқда эди. У чайқалиброқ қадам ташлаганча қўлидаги қадаҳи билан ёнимга келди. Ўтирди. Маъносиз нигоҳини менга тикканча:
–Э, ҳайрон бўлманг, сал кайфим ошиб қолди, – деди. – Биринчи марта шундай аҳволга тушишим. Винога унча тобим йўқ. Ичсам, тилимнинг тушови ечилиб кетади. Аслида, гап винода ҳам эмас.
У бир қултим ҳўплаб, истеҳзоли куламсираганча гапини давом эттирди:
– Бошимга бир савдо тушган… Нима десам экан? Қисқаси, биттасини яхши кўриб қолдим.
У шапалоқ тортиб юборишимни кутгандай менга ҳадиксираб қаради.
– Жуда улуғ иш бўлибди, – дедим мен. – Бундай бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Суҳбатдошим ўйланиб қолди.
– Тўғри, – деди бир лаҳзалик жимликдан сўнг. – Гапингиз тўғри. Бошимга бундай савдо тушмаганида, балки билмасдим. Озгинадан оласак–чи?
У қадаҳга имо қилди.
– Бажонидил.
Суҳбатдошим чақирган официант қадаҳларимизни тўлдириб кетди.
– Унинг исми Хелентье, – деди паришонлик билан ҳамроҳим. – Уни яхши кўриб қолганимга анча бўлди. Лекин Хелентьенинг ўзи бундан буткул бехабар эди. Энди эса ҳеч қачон билмайди ҳам. Ўзингиз ўйланг: мен аллақачон элликни уриб қўйганман. Сўққабошман. Хелентье эса бор-йўғи ўн тўққизда. Ёшимиздаги фарқ жуда катта. Тўғрими?.. Саломат бўлинг!
У қадаҳ кўтарди. Кулгисида истеҳзо, кўзларида оғир маъюслик зоҳир эди.
– Ишқ достонимнинг бошланганига саккиз ойдан ошди, –деди у.– Тушлик маҳали одатда ишхонамиз ёнидаги қаҳвахонага кириб, бир қултим қаҳва ичардим. Хелентьени ўша ерда хўрандаларга хизмат қилиб юрган пайтда учратдим ва бир қарашдаёқ яхши кўриб қолдим. Ғирт бемаънилик. Тўғрими?
Индамадим.
– Биласизми, – деди у яна паришон алфозда, – Хелентьенинг бўйи пастроқ, лекин оч малла сочлари узун. Назаримда, жуда чиройли, дилбар қиз. Табассумида масуъмлик, овозида ибо ва тортинчоқлик бор. Қачон қаҳвахонага кирсам, дарҳол ёнимга келиб, хизматимга мунтазир туради. Мен эса ҳар гал бир хил гапни айтаман: қаҳва олиб келинг, дейман. Шу асно об-ҳаводан сўз очаман. Сезиб турганингиздек, аслида бу бир баҳона. Хелентье нималардир деб жавоб беради. Овози жуда-жуда майин, ёқимли. Қуймучларидан эса кўз узолмайсан, киши. Бу гапларимни эшитиб, мендан ижирғанмаяпсизми, ишқилиб?
–Нега энди, кўзи бор одам кўради–да!
У яна аламли жилмайди.
– Кулинг, устимдан кулаверинг. Ҳеч бир ножўя иш қилмаган бўлсам ҳам, кулишга ҳаққингиз бор. Мен уни, қаҳвахона ишламайдиган якшанбадан ташқари, ҳар куни бир соатча кўрсам, икки маҳал овозини эшитсам бас. Назокат билан юришларини айтмайсизми унинг! Хуллас, Хелентьени ўйламасдан туролмайдиган бўлиб қолдим. Қиз эса ҳеч нарсани сезмас, англамас эди. Оқшомлари, хонамда ўтирганимда ҳам у ёнимда бўлади. Хаёлимда, албатта. Учига чиққан хаёлпарастман-да, ўзи. Мен унга: «Хелентье, кел, телевизор томоша қилайлик», дейман. У: «Бажонидил», деб жавоб беради. Хелентье ҳеч қачон, ҳеч бир таклифимга йўқ демайди. Шундай қилиб, уйқу маҳали бўлгунича бирга телевизор кўрамиз. Кейин мен уни бағримга маҳкам босиб: «Ширин тушлар кўриб ухла, Хелентье», дейман. У қотиб ухлаб қолади.
Суҳбатдошим қадаҳини сипқарди.
– Бугун нега босиб ичдим, биласизми? Ўзим айтаман. Тушликка яқин яна ўша қаҳвахонага кирсам, бошқа қиз ишлаб юрибди. Ёқимсиздан ёқимсиз. Қўполроқми-ей… Қаҳвахона хўжайинидан: «Хелентье қани?» деб сўрсам, «Ишдан бўшаб кетди», дейди. Янги иш жойини сўрадим. «Мен қайдан билай?» деди.
Суҳбатдошим ожиз нигоҳини менга тикди.
– Эшитаяпсизми? – деб ҳайқирди.– Энди мен уни бу каттакон шаҳардан, девона шаҳардан ҳеч қачон тополмайман! Тополмайма-ан!..
–Яна биттадан олайлик, –дедим мен қадаҳларга ишора қилиб. – Энди мен сизни меҳмон қиламан.
Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил 6-сон.