Симон Кармиггелт. Сигара (ҳикоя)

Қария Блеекманс пенсияга чиққанидан буён юришнинг пойафзал товони камроқ ейиладиган ажойиб усулини ўйлаб топган ва буни бинойидек ўрганиб олган. Негаки, қирқ йил нон ташишдан бошқа ишга ярамаган одам, ўзингиздан қолар гап йўқ, мўмай пенсияга умид қилмаса ҳам бўлади. Нонвойхона хўжайини унга қиморхонада бор–бутуни бой берган мижозга кўрсатиладиган муомалани қилди: одатда бундай одамнинг қўлига уйига етиб олиши учун поезднинг учинчи класс вагони чиптаси тутқазилади. Мана энди Блеекманс катта кўчадаги тошдай ўриндиқда ўтган–кетганни кузатиб ўтирадиган, ҳаётидан мамнун, авом сафидан жой олган. Ўз вақтида Бальзак бундай одамлар ҳақида «қиёматда улар сўроқ–саволга чорланганида Яратган ўзича ҳазил қилиб, жойида бўлмаса, бундай одамларнинг юзлари не бир аҳволга тушишини тасаввур қилиш қийин эмас», деб айтган экан.
Блеекманс ҳар куни эрталаб соат саккиз яримда пансион – ижарада яшайдиган уйидан чиқиб, ниманики текин томоша қилиш мумкин бўлса, ҳаммасига суқланиб–суқланиб қараганича шаҳар кезади. Бундай пайтда унинг йўли албатта маҳаллий банк биноси олдидан ўтади. Кеча бир белийўғон, лекин жуда эпчил ва серғайрат – шу даражада серғайратки, машинасига ўтираётиб Блеекмансни туртиб юборди – бойвачча ана шу банкдан отилиб чиқди.
–    Бирор жойингиз лат емадими? – деб сўради у чол бир амаллаб ўрнидан тургач.
–    Йўқ, тақсир, – деб хижолатомуз жавоб берди собиқ нон ташувчи. – Шукр, ҳаммаси жойида. Худо ўзи асради.
Белийўғон мамнун бош ирғади.
–    Мана, бир чекиб, маза қилинг, – деди портсигарасини чўнтагидан чиқарар экан.
Блеекманс шитоб билан жойидан жилган машинанинг ортидан қўлида сигара ушлаганча анграйиб қолди. Олтинранг тасма боғланган сигара жуда чиройли ва юғонгина эди. Майдалаб ёғаётган ёмғир жунжиктирган чол шоша–пиша ёқасини кўтариб, дурустроқ ўранган бўлди ва сигарани авайлабгина димоғига олиб борди.
«Камида бир гульден турса керак», – деб ҳаяжон билан хаёлидан ўтказди Блеекманс. Пальтосининг тугмасини бўшатиб, сигарани кўкрак чўнтагига авайлаб жойлади ва қўлига фавқулодда тушган ушбу сурур манбаидан небир йўл билан кўпроқ лаззат олиш режасини туза бошлади.
Буни ҳеч ким халақит бермайдиган ва ҳайдаб чиқармайдиган иссиққина жойда, қулай курсида бемалол ўтирганча маза қилиб чекишим керак, деб ўйлади у.
У пансионга қайтмоқчи бўлди, лекин бу фикридан дарҳол воз кечди. Илгарироқ, Блеекманс пенсияга чиқишидан аввал, баъзан якшанба кунлари сигара чекишни ихтиёр этганида, уй бекаси, тутундан дераза пардаси хира тортади, деб унинг ғоят лаззатли онларини заҳарга айлантирар эди. Шу боис, уйга қайтмагани дуруст. Қаҳвахонага кира олмайди – чўнтаги бўм–бўш. Майдондаги автобус бекати айвончаси эса тўғри келмайди – тўрт томони очиқ, елвизак.
У ана шундай иккиланишлар домида эзилиб турганида хаёлига бирдан қироатхона келди. Таниш чоллар шаҳарчада яқинда очилган қироатхонада текинга кириб ўтириш мумкин экан, деб айтган бўлса–да, Блеекманснинг унга қадам босишга журъати етмаган эди. Қимматбаҳо сигара унга шу топда қувват бағишлагандай бўлди.
«Ана ўша ерда баҳузур чекаман», – деган қарорга келди у ва дадил йўлга тушди. Бора–боргунча кўксини қўли билан тўсиб, сигарани қаерларгадир беҳад шошиб кетаётган ўзига ўхшаш пиёдалар билан тўқнашувлардан ҳимоя қилиб борди. Қироатхона мулозими қишлик кийимда ичкарига кириш мумкин эмаслигини айтганида, у оҳори кетиб қолган пальтосини минг бир авайлаб ечди.
Қироатхонанинг курсилари ростан ҳам юмшоқ, ҳавоси эса ёқимли эди. Блеекманс жавондан бир қалин китобни олиб, курсига бемалол жойлашиб ўтирди. Китобни очди. Энциклопедиянинг «Г» ҳарфи билан бошланувчи сўзлар жамланган жилди экан. Жанубий Америка марказидаги Гран–Чако текислигига бағишланган мақолани бўғинлаб, жуда қийналиб ўқиди. Дарёнинг икки соҳилида яшовчи қирқ минг ҳиндунинг ҳаётидан ҳайратга туша–туша кайфияти секин–аста кўтарилиб, сигарани чекмоққа киришди.
Сигаранинг олтин тасмасини ечиб ўтирмади. Унинг учини ғоят эҳтиёткорлик билан тишлаб очди ва ичига баҳузур пуфлади. Сўнг бу сурурли дамларни чўзиш иштиёқида секин гугуртни олди.
–    Тақсир, – деган овоз эштилди бирдан, – бу ерда чекиш мумкин эмас.
Блеекманс қизариб кетди ва тартиб–интизом бекасидан узр сўради. Сигарани яна кўкрак чўнтагига аввайлаб жойлади. Гугуртни ҳам яширди. Энди қаёққа борсин? Орзу–ўйларига эрк бериб, яна бирпаст ўтирди. Паровознинг узоқдан чўзиб чиқиргани элас–элас қулоғига чалинди. Вокзалдаги кутиш зали ёдига тушди. Ҳа, айни муддао! Кутиш залига ҳам текинга кириш мумкин.
Қироатхона деганлари димоғдор киборларнинг макони бўлгани учун ҳам Блеекманс бу ерда баргдай титраб–қақшаб ўтирар, шахт туриб кетишга ҳам журъати етмаётган эди. Гран–Чако ҳақидаги мақолани охиригача ўқиб, кардинал Гранвеланинг таржимаи ҳолига оид маълумотларни ҳижжалай бошлади, аммо герцог Альба қўзғолончиларга қарши жорий этган фавқулодда суд – Қонли кенгашга етганида таъби хира тортиб, китобни ёпди.
–    Марҳамат, пальтонгизни кийинг, – деди мулозим.
–    Беҳад миннатдорман, – қуллуқ қилди чол.
Блеекманс сигарага бирор зиён–заҳмат етмасин, деб уни стол устига қўйди ва қўлини пальтонинг енгига тиқди.
–    Уҳ–ҳу! Сизга катта раҳмат! – деди мулозим. – Ғоят ноёб сигара. Ишдан кейин баҳузур чекканим бўлсин.
Мулозим сигарани авайлабгина ички чўнтагига солди.

Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил 6-сон.