Зиёфатда мени тароватидан бахт нури ёғилиб турган ва “ғоят ажойиб” обрўйимга обрў қўшадиган бир хонимга таништиришди. Кинояга у заррача эътибор қилгани йўқ, албатта. Зеро, тақдир уни ҳазил-ҳузулни тушунишдек улуғ неъмат билан сийламаган. Хоним шу заҳоти бутун бошли бир кутубхона мулкини оғримаган бошимга гўё ағдариб юборди. Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас биз Бальзак ва Камю ижодига пайдар-пай таҳсинлар ўқишга тушдикки, кўрганларнинг кўзи, эшитганларнинг димоғи куйди. Мендек бир омийнинг нафис адабиёт борасидаги бундай сермазмун, ўта жиддий ва ғоят узундан-узоқ суҳбатга қўшилмасдан иложи қолмаган эди, тўрга тушган чумчуқнинг ҳолига вой. Ҳар не бўлса-да, дўппим беҳад тор келганда дангалини айтишга журъат топа олдим:
– Ким? Клод Мерайон? Йўқ, унақасини эшитмаганман. Билмайман.
Хоним, ҳай атта-анг, деб қаттиқ таассуф билдирдилар. Ахир Мерайон – шоири замон, қандай олийжаноб шеърлар муаллифи. Унинг қаламига мансуб сатрлар шундай улуғвор, шундай улкан маъно-мазмун билан йўғрилганки, хоним ҳар куни оладиган олам-олам маънавий озуқанинг, қувватнинг кучини ушбу шоир асарларидан бошқа, фақат Гастон Куртокленинг сўнгги романидангина топиш мумкин.
– Бу роман ўзига хос ноёб дурдона, тўғрими? – деб сўради суҳбатдошим дабдурустдан.
Ўша Гастон ва унинг муридларини жингина урсин, илоё! Романи тушимга кирибдими. Бироқ нуқул инкор маъносида бош ирғайверишнинг ҳам чеки-чегараси бор. Мен шусиз ҳам бу масалада аллақачон ҳаддимдан ошиб кетган эдим. Хоним бирдан: “Оқшомлари қандай юмушлар билан банд бўласиз ўзи?” деб сўраб қолсалар, қандай одам бўламан. Тўғрисини айтишга журъати етадиган кас борми? Йўқ. Суҳбатдошимнинг олдида бутунлай паст кетмаслик учун минғирладим:
– Албатта. Тўғри-да. Энг муҳими, ўз вақтида ёзилган асар.
– Худди шундай! – деб хитоб қилдилар хоним. – Мен ҳаммага шундай деб таъкидлайман. Ҳаммага! Услуби янада ёрқинроқ, тағин ҳам жозибалироқ бўлиши мумкин эди, албатта. Айни пайтда, асарда шундай бир нур борки…
У зарур сўзни тополмай чайналиб қолди.
Мен ёрдамга шошилдим:
– … кўнгилларни чароғон қилиб юборади.
Нима бўпти? Қарийб ҳар бир китоб ҳақида шундай деса бўлади.
– Баракалла! Тилингизга асал! – деб ҳаяжон билан гапни илиб кетдилар хоним. – Жуда топиб айтдингиз. Шахсан менга асарнинг энг ёққан томони – ундаги умумга нисбатан бағрикенглик муҳити, après tous (энг муҳими – французча) – самимий кўтаринкилик…
– кўтаринкиликки, қуппа-қуруқ ақл ўргатишу қулоққа танбур чертишдан холи, ҳаётга жуда ҳамоҳанг, – чекиниш асло мумкин эмаслигини англаб, отимни қамчиладим мен.
Хонимнинг бинафша ранг кўйлаги қат-қат бурмаю йўрмадўзи билан безатилган эди…
– Ана бу бошқа гап! Балли! – ҳаяжон билан ҳитоб қилди у қўлларимни қисиб. – Фикримиз бир жойдан чиққани нақадар гўзал. Айниқса… Узр…
У атрофига бирров кўз югуртирдию қўлимдан судраб, бир тўда эркак – қимматбаҳо костюмлар кийиб, тишларини вақти-соатида пломбалатган, бир-биридан йўғон жанобларнинг олдига бошлаб борди. Жанобларки, ўз ишини тинчитиш чоғида шеригининг кўзига чўп суқиб қўйишни ҳам унутмайди.
– Менга қарасанг-чи, Вим!
Аёл елкалари тоғдай бир давангирнинг эгнига туртди. Давангир бўйнини бурди.
– Менинг эрим, – деди хоним бепарво. – Сен Куртокленинг романини эзмаликдан бошқа нарса эмас, деб ўйлайсан. Тўғрими, Вим? Энди мана бу жанобнинг гапларига қулоқ сол. Бу киши ҳам мендай романни ғоят нурли, ибратли асар деб ҳисоблайдилар. Худди мен сенга айтганимдай…
– Анн, бирров ёрдам бериб юборолмайсанми? – деб чақириб қолди шу пайт эшик олдида пайдо бўлган зиёфат соҳибаси.
Шундай қилиб янги танишим – хоним эшик сари шошилди. Мен эса тўртта буғма илоннинг домига тушган қўёндек серрайиб қолдим. Аммо ҳозир бу нусхалар илондан кўра, севимли ўйинидан чалғитилган болакайларга ўхшаб кетарди.
– Биласизми… – деб гап бошладим мен ўртадаги ноқулайликка чек қўйиш учун, – асар унчалик ҳам зўр эмас. Шунчаки, жўн бир китоб. Сиз нима дейсиз, билмайману, лекин…
Хоним боя Вим деб атаган жаноб менга синовчан кўз югуртириб чиқди ва сўнг махфий бир сирдан воқиф этмоқчи бўлгандек тирсагимдан олди. Атрофига бир аланглаб олгач, гапнинг ўғил боласини айтди:
– Қўйинг, бошни қотирманг, оғайни. Мен ҳам ўша китобни ўқиганим йўқ.
Русчадан Қулман Очилов таржимаси.