Бу мўъжазгина қаҳвахона Амстердамнинг янги қасабаларидан биридаги гавжум кўча чорраҳасида жойлашган.
Унда бор-йўғе ёлғизгина мижоз – олдидаги қадаҳи бўш турган нуроний чолдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Мен ўзим учун буюртма бериб, изидан қўшиб қўйдим:
-Отахонга ҳам бир қултум қуйиб юборинг.
-Эрталаб ичгани ҳам етади, – деди майхоначи. Чол жилмайди. Қўлининг учини кексалик нуқси уриб, ҳийла мўртлашиб қолган чаккасига текизганча, ҳарбийчасига салом берди. Сўнг ўрнидан туриб ёнимга келди ва сўради:
-Икки фунтли дудланган ажойиб колбасага тобингиз қалай?
-Зўр-да, – жавоб бердим мен.
-Бутун ҳузур-ҳаловати бор-йўғи йигирма беш цент бўлади, ўйин эса шанба кунлари ўтказилади, – деди у.
Пештахта устига йигирма беш цент қўйдим, чол менга сиёҳда 79 рақами ёзилган бир бўлак картон қоғоз берди.
-Сизнинг ўйин рақамингиз, – деб тушунтирди у.
Сўнг чақани кийимлари орасига яшириб, анча уриниб қолган шляпасини чаккасига чапанича қўндирди ва емакхонани кутилмаган лутф билан тарк этди:
-Омон бўлгайсиз, жаноблар!
Деразадан у эски велоспедининг қулфини ечаётганига кўзим тушди. Кейин қадрдон уловини етаклаганча кўздан ғойиб бўлди.
-Нечига кирган? –жеб сўрадим майхоначидан.
-Саксон олтига.
-Ҳалиям велоспед минадими?
Майхоначи бошини чайқади:
-Йўқ. Лекин йўли жуда гавжум жойдан ўтади. Чолнинг назарияси бўйича, велоспедли одамни кўриш, ёлғиз йўловчини кўришдан осонроқ. Шунақа. Кўчанинг нариги томонида у велоспедини тағин қантариб қўяди ва эртаси куни эрталаб шу улови билан кўчани яна ортига кесиб ўтади.
Ўйланиб турдим-да, чолнинг фикрига қўшилдим:
-Ростан ҳам, калласи ишларкан.
-Чолнинг калласига гап йўқ, – деди майхоначи. – Мисол учун, мана бу лотереяни олайлик. Ҳаммасини ўзи ташкил қилган. Фикримча, бир ҳафтада шу ернинг ўзида у камида юздан ортиқ лотерея сотади. Шунинг ўзи йигирма беш гульден дегани. Шанба куни кечқурин эса бор-йўғи биттагина колбаса олиши керак. Ўзингиз ҳисоблаб кўринг.
Мен хаёлимда тезда ҳисоблаб ташладим.
Ҳар неки, жуда фойдали колбаса экан.
-Лотерея ўйинини ҳам чолнинг ўзи, бунинг устига жуда усталик билан ўтказади, – деб сўзамоллик қилди майхоначи. – Мабодо, мижозларидан бирортаси: “Ҳар куни лотереянгизни сотиб оламану ютуғига ҳеч нарса чиқмайди”, деб ёзғириб қолгудек бўлса, навбатдаги шанба куни колбаса албатта ўша мижозга насиб қилади. Ишонмасангиз, қасам ичишим мумкин. Ютуқ кимга чиқишини ҳам қариянинг ўзи белгилайди. Кўрибсизки, мижози яна икки-уч ой унинг қўлида.
Мен маъқул маъносида бошимни силкитдим ва тахминимни айтдим:
-Нима, чол тушмагир илгари савдо соҳасида ишлаганми?
-Қайда. Ҳарбий флотда хизмат қилган. Минг йиллар бўлгандир-ов, пенсияни ҳам ўша ердан олади. Бечоралар чол учун қилаётган харажатнинг чеки йўқ.
Бирдан кўчанинг нариги томонида куймаланаётган чолга кўзим тушиб қолди. У велоспедини стоянкада қолдириб, йўлига кетди.
-Энди у уйига етгунча гавжум кўчани кесиб ўтмайди, – деди майхоначи.
Мен қадаҳимга ишора қилар эканман, яна чол эсимга тушди:
-Бобога менинг ҳисобимдан қадаҳ кўтаришни таклиф қилгандим, лекин негадир ичганини кўрмадим.
-Чол бу борада ҳам устамонлик билан иш тутади, – деб тасдиқ маъносида бошини ирғади майхоначи. – Биласизми, нима қилади? Тўқсонни қоралаб қолган бўлсаям ҳали анча тетик. Уни ҳамма сийлайди. Лекин қария ҳеч қачон бир кунда икки қадаҳдан кўп ичмайди. Қолган сийловларни мен унинг ҳисобига ёзиб қўявераман.
Майхоначи касса аппарати ортидаги дафтарчасига қаради:
-Шундай қилиб, сизнинг сийловингиз билан қўшиб ҳисоблаганда жами бир юз олтмиш етти қадаҳга етибди.
Рус тилидан Қулман Очилов таржамаси.