М.га бағишланади.
Ёзувчилик ҳунарининг энг гўзал жиҳати – уни ўрганиб бўлмаслигида.
Қўлинг ургулсин қилиб балиқ тозалашни, ойнадек ялтиратиб ёғоч рандалашни ўрганиш мумкин. Лекин ҳали бирор ёзувчи дунёга келмаганки, иш столидан турар экан, қўлларини бир-бирига мамнун ишқалаб, хотинидан суюнчи олса: “Ишларимиз жойида, Мари, ҳозиргина махсус қўлланмани қўлга киритдим, энди мен бемалол ёза оламан”.
Мабодо шундай адиб туғилган бўлса, мен унинг асарларини варақлаб кўришга ҳам журъат этмаган бўлардим.
Ҳа, ёзувчиликни ўрганиб бўлмайди. Асло.
Бу иш – қаламни мангу синаш азоби: балки бугун бирор маънили нарса чиқиб қолар? Омадни мангу кутиб яшаш азоби. Ва шу азобнинг замирида, оғушида қанчалар лаззат, бахт-саодат, ҳузур-ҳаловат бор. Тасаввур қилингки, худо ярлақаган бир куни тусатдан сиз ошпаз иштаҳа билан балиқ тозалаб, дурадгор ўз маромида ёғоч рандалагандай оппа-осон, кўнглингиз тусагандай ёза бошлайсиз. Ў, бундан ортиқ фожеа борми! Демак, сиз дилни вайрон, барча умидларни пучга чиқарадиган йўлга кирибсиз. Демак, сиз ёзувчи фаолиятига хос буюк ҳатар – гўзал ва уқубатли, уқубатли ва гўзал турмуш тарзи билан умрбод хайрлашибсиз. Ушбу ҳунарни бекаму кўст эгалладим, дедингизми, демак, сизнинг қисматингизга ижод ва яратиш саодати эмас, бир амаллаб қоғоз қоралаш фожиаси битилган экан.
Менга бундай қисмат даркор эмас. Минбаъд!
Зеро, ёзувчилик ҳунарининг муъжизаси уни мукаммал эгаллаб бўлмаслигида. Шундагина сиз фақат ажал чек қўядиган ёруғ ва рутубатли, шодон ва маъюс кунларни бошингиздан кечириш бахтига муяссар бўласиз.
Ёзувчилик – қалам ва қалб синовидан бошқа нарса эмас: балки бугун бирор маънили нарса чиқиб қолар?
Баъзан, барча уринишларингиз бирор самара бергандек туйилса, ўзингизни еттинчи осмонда кўрасиз. Бироқ, кўпинча эртароқ қувонганингизни, ёзганларингиз бир пулга қиммат эканлигини англаб қоласиз. Демак, сиз не-не умидлар билан отган дақиқ найза нишонга тегмабди, чеккан қанча заҳматларингиз беҳуда кетибди.
Аммо ҳамма гап шунда. Масаланинг моҳиятида.
Моҳятки, ўзининг иштибоҳ деб аталмиш ширин азобида сизни бир умр ёқиб исинади.
Ёши улуғроқ ҳамкасбларимдан бири ёзғиргани ёдимда:
-Баъзан ярим тунда ўйғониб кетиб, даҳшатга тушаман: эрталабгача ўйлаганларим ёдимдан чиқиб кетса, эслай олмасам нима қиламан? Хаёлимга шу фикр келиши билан бутун вужудимдан совуқ тер чиқиб кетади.
Бу – умидсизлик азоби, бахт деб аталмиш юксак тахтнинг уқубатли йўли.
Ҳар не бўлса-да, яна бир бор уриниб кўрган маъқул.
Шундай кунлар бўладики, қўлингиздаги қалам жойидан жилишни ҳаргиз истамайди. Бошингизни тошга урасизми, чўққа тиқасизми – билганингизни қилинг, лекин жойидан асло қимирлай демайди. Вассалом! Аммо, таваккал билан уринишларингизни давом эттирасиз ва кутилмаганда қаламингизга жон кириб, сўзлардан мунчоқ тиза бошлаганини кўрасиз. Сўзларки, ошиқ йигитнинг хаёлини ўғрилаган жононадек, сизни ўзига тамоман ром қилиб қўяди.
Кўрдингизми? Ишлар яна юришиб кетди.
Бироқ бунда ҳам балиқ тозалаганда ёки ёғочни рандалаганда бўлгани каби қатъий ишонч йўқ. Мутлақо! Агар шундай хаёлга борган бўлсангиз, уни миянгиздан дарҳол чиқариб ташланг! Бу йўлнинг гулидан кўра тикани кўп.
Унинг гўзаллиги шунда.
Ана шунинг ўзи умрингизни ҳадигу қувонч, умиду ожизлик, заҳмату илҳом билан безайди.
Хотиржамликда катта хатар бор.
Исталган лаҳзда портлаш юз бериши, бироқ у шунчаки олатасирдан иборат бўлиши ҳам мумкин. Ҳа, шундай ҳавф ҳам йўқ эмас. Ёзиш асносида сиздан ягона талаб – бошқа ўй-хаёлларни четга суриб қўйиб, бутун вужудингиз билан ҳаракат қилинг. Иштибоҳдан ҳаллолик гулханини ёқиб, қаламга зўр беринг. Ақлбовар қилмас даражада мукаммал ва гўзал асарларни ўқиганингизда эса ўзингизни умидсизлик гирдобига ташламанг: “Хўп денг, бир пас оёғимни чўзай. Ўлмоқдан бошқа чорам қолмади”.
Хотирам панд бермаётган бўлса, мусаввирлардан бири шундай деган экан: “Рубенснинг чизганларини кўрсам, қўлим мўйқалам томон югиради. Рембрандт асарларини томоша қилганимда эса рассомликдан бутунлай воз кечгим келади”.
Шу боис Рембрандт асарларидан завқланишни ихтиёр этган кунингиз қаламингизга дам беринг. Қаламга дам беришни ҳам билиш керак. Бунга таътил кунлари кўпроқ мос келади. Бундай кезларда, тўғриси, тўртинчи куни хотиним менга қараб жоврай бошлайди: “Худо ҳаққи, қаламингизни қўлингизга олинг. Бу эзилишда ақлдан озиб қоласиз”.
Ва мен қаламимнинг инон-ихтиёрини синаб кўрмоқ илинжида яна ёзув столига ўтираман. Ишинг қандай жилишини эса билиб бўлмайди.
Ҳунаримизнинг муъжизаси шунда. Ҳар тонг қаламимни қўлга олар эканман, бир саволга жавоб излайман: “Бугун ҳаво очиқми?” –0—
Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Китоб дунёси” газетаси, 2015 йил 28 октябрь.